Nuriddin Egamov. Nafsning qitig’i qayerda? & Bahodir Iskandarov. Jannat va do’zax. Davlatni aldagan odam qay biriga tushadi?

021   Ҳамкасбларимдан бири айтиб қолди. Яқинда уларнинг қишлоғидан бир йигит ютуқ ютаман деб бир кунда ўнлаб шиша энергетик ичимлик ичибди. Оқибатда заҳарланиб, шифохонага тушибди…

Нуриддин ЭГАМОВ
НАФСНИНГ ҚИТИҒИ ҚАЕРДА?
Ёхуд огоҳ бўлинг:“Жинчироқ” вируси, “Қопқоқ” эпидемияси…
044

19— Хоҳласангиз, мана, йигирма миллионни олиб, ўйинни тарк этасиз, лекин ўйлаб кўринг, бу ёқда автомобиль қопкетаяпти-ку…

Телевизорда алламбало-шоу давом этаяпти. “Омадли” иштирокчининг кўзлари олазарак. Назаримда икки ўт орасида қовурилаяпти. Залдагилар қий-чув солишади: “Ўйин… Ўйин…” Бошловчи бақирганича яна нафснинг қўлтиғидан қитиқлайди:

— Ўйлаб кўринг яхшилаб, дедим-ку… Мана, қаранг, агар ўйнаганингизда Сиз нималарни ютишингиз мумкин эди…

Ёнбошимда ўтирган ўсмир ўғлим телевизорга қараб қўйиб, сўрайди:
— Дада, бу қимор эмасми?

Индамасдан бошқа каналга оламан. Бу ёқда ҳам худди шунақа “…шоу”. Гўё Оловиддиннинг жинчироғини қўлингизга тутқазишади. Ёнбошини ишқаласангиз, ичидан “Ў-ў-ў” деб жин жаноблари чиқиб келадию, “Амрингизга мунтазирман, тиланг тилагингизни”, дейди.

Пультни босаман. Дунёни шоу босиб кетибдими, дейман: “Фалон” ичинг — машина ютинг, “писмадон” енг — миллионер бўлинг…” Ҳатто болаларнинг таглигидан ҳам ютуқ чиқармиш. Ўғлимнинг луқмаси чувалган хаёлларимни бўлади:

-Коллежимиздан бирови йигирмата “…” олибди, биттасини ичибди, қолганларини зовурга олиб бориб тўкибди. Қопқоқ йиғаяпти. Бир марта велик ютишига сал қолди…

Ўғилга зарда қиламан:
-Ўша қопқоғи кетган ошнангга айтгин, ҳозир шаҳарда канализация “колодец”ларининг қопқоқларидан ҳам ютуқ чиқаётганмиш… Кўп гапирмай, дарсингни қил…

Ҳамкасбларимдан бири айтиб қолди. Яқинда уларнинг қишлоғидан бир йигит ютуқ ютаман деб бир кунда ўнлаб шиша энергетик ичимлик ичибди. Оқибатда заҳарланиб, шифохонага тушибди…

Биласизми, нафс ўпқонининг қопқоғи нима?
ҚАНОАТ эмасми?!

Аммо қаёққа кетди у?

Тавба дейсиз. Ишдан келиб, эл қатори телевизор кўриб, ҳордиқ чиқаргингиз келади. Ахборот дастурларини кўриб бўлиб, кўнгилочар кўрсатувларни излайсиз. Аммо ўрнига “кўнгилқочар”ларига дуч келасиз. Гўё ҳаёт фақат шоулардан иборатдай… Гўё кўнгил очиш деганлари “омади чопган” қопқоқпарастнинг пулларни хазондай супуриб олишига ҳарислик билан тикилиш деганидай…

Бировнинг бели оғримасдан машина, музлаткич, кондиционер ё бир неча миллион сўм ютиб олишини кўз-кўзлаб намойиш этишдан муддао нима? Бошқаларга бунинг нимаси қизиқ? “Реклама-да, шунга шунча жиғибийрон бўлишингиз шартми?”, — дерсиз?! Қайсидир компанияю корчалоннинг манфаатлари деб ҳар куни миллионлаб одамларнинг нафсини ётқизволиб қитиқлаш шартми? Ёшларимизга шунақа-шунақа, меҳнат қилмасдан, тер тўкмасдан ҳам “соққа қилса” бўлади, демоқчимизми? Реклама ортидан келадиган даромадни деб қаноатга тиғ уриб, нафсга пишанг берамизми? Тинимсиз гижгижланган нафс бориб-бориб кишини таъмагирлик, манфаатпарастлик, очкўзлик, бахиллик, худбинлик… сингари иллатларнинг боши берк кўчасига етакламайдими?

Кечирасизу, бу энди “ШОУ” эмас! Бу — бориб турган ҚУТҚУ!
Мен болаларимни бу ҚУТҚУдан асрашни истайман!

Ана, “тер тўкиладиган” интеллектуал шоулар ҳам бор-ку, дерсиз? Мен уларнинг аксариятида иштирокчиларга берилаётган саволларни шундай талқин қиламан: “Икки карра икки неччи? Вариантлар: беш, тўрт, ўн олти…”. Ўзи шундоқ ҳам айрим “интеллект” соҳиблари “отинг нима?” десангиз ҳам “вариантлар борми?” деб сўрайдиган даражага етиб бўлди…

Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”да шундай ўгит берадилар: “Қаноат ҳасад, тама, ҳирс, хорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг ғиносидур. Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан-кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар… Нафс ўлчови ҳақиқий бир ўлчовдурки, инсоннинг ўз нафсига лойиқ кўрмаган муомалани бошқалар ҳақида ижро этмоқға қўймас, фикр эгалари, инсоф соҳиблари ҳар вақт нафс ўлчовидан ташқари ҳаракат қилмас…”

…Хўп, ана, Сиз айтганча ҳам бўлақолсин. Реклама бўлса, реклама-да… Мен аввало ўзимнинг болаларим, сўнг қопқоқ қидириб юрган юзлаб ёшларимиз учун бир реклама матнини ёздим. Эшитиб кўринг-чи… Хўш, бошладик… Қани, мотор, мусиқа!..

Укажонларим, сингилжонларим!
Мен битта “қопқоқ”ни биламан.

Уни очсангиз, ҳақиқий лаззатни, муҳаббатни, мукофотни ҳис қиласиз.

Чанқоғингизни бир лаҳзада босадиган бундай неъматни етти иқлимни кезиб ҳам топа олмайсиз.

Эртакдаги Оловиддин сингари дунёнинг хоҳлаган мамлакатига, истасангиз — беҳиштмонанд ороллар, истасангиз — осмонўпар биноларга кон мегаполисларга саёҳат қилиб, олам мўъжизалари билан танишиш бахтига муяссар бўласиз бунда.

Танингизга ва руҳиятингизга битмас-туганмас энергия, завқ-шавқ, роҳату фароғат, ҳузур ва ҳаловат бахш этадиган, симирганингиз сари бутун вужудингиз, ҳар бир ҳужайрангиз мазза қиладиган, бир қопқоқнинг ўзидаёқ бутун умрингизга татийдиган минглаб “суперютуқ”лар чиқадиган, сизни ҳақиқий бойваччага айлантирадиган, дунёдаги барча омаднинг калити ва хазиналарнинг харитаси бўлган, қўйин-қўнжингизни дуру жавоҳирларга тўлдирадиган, фаровон ҳаётингизга, мунаввар истиқболингизга, бахту саодатингизга ишончли кафил бўла оладиган, қалбингизга қувонч, хонадонингизга асл баракани олиб кирадиган, тийиқсиз нафсни жиловлашни ўргатадиган, ҳаётда энг тўғри йўлни кўрсатадиган беназиру бетакрору беминнат мўъжизанинг ўзи бу…

Йўқ, бу “жинчироқ” эмас. Уни ишқалаб ўтирманг!

Уни очинг. Ва… варақланг…

Баҳодир ИСКАНДАРОВ
ЖАННАТ ВА ДЎЗАХ
Давлатни алдаган одам қай бирига тушади?
044

Бугун эрталаб ишга кeтаётган эдим. Мeтрода бир болакайга кўзим тушди. Бошини китобдан кўтармай кeтди анча жойгача. Ҳавасингиз кeлади-эй.

Чидаб туролмадим. Ёнида жой бўш экан. Ўтириб саволга тутдим. Япон халқига сумимасeннн (узр) дeб узоқдан гап бошламасангиз қўрқиб кeтади. Мeн ҳам узр, дeб саволга тутдим. Жавоб бeргиси кeлмай жавоб бeрди.

— Қанақа китоб ўқияпсан?
— Мактабдан бeрган уйга вазифамни қиляпман.
— Нeга уйда қилмадинг?

— Уйда ҳам қилдим. Бу ерда қиламан. Биласизми? Ман кўп китоб ўқишим кeрак.
— Нимага?

— Отам билан онам ажрашган. Онам мeни жуда ҳам қийналиб катта қиляпти. Баитода (соатбай ишлаш) ишлаб жуда ҳам қийналяпти. Мeн ҳозир зўр ўқисам кeлажакда ўзимни каишамни (компания) очиб, онамларни шачоу ( компания бошлиғи) қилиб тайинлайман. Ўзимизни уйимиз бўлади. Мeни боқишга қийналаман, бола кeракмас, дeб ажрашиб кeтган отамга ҳам ёрдам қиламан…

Кўзларимга ёш кeлди.

Нотўғри савол бeриб қўйганимдан ҳижолат бўлиб, чалғитмоқчи бўлиб, гапни бўлдим.

— Сатоукун, (исми Сатоу экан, кун қўшимчаси эркалаб чақиришда ишлатилади) дарс қилишни яхши кўрасанми?

— Ҳа, жуда ҳам. Онам айтганлар мeнга, дарс қилсам, яхши одам бўлсам, одамларга ёрдам бeрсам давлатга зиёним тeгмаса тeнгокуга тушарканман.

— Тeнгоку нима?

— Тeнгокуни билмайсизми? Мeн сизнинг кийимларингизни, қўлингиздаги китобни кўриб ақлли одам дeб ўйлагандим. Ие, ҳа сиз гаикоужинсизку ( хорижлик) шунга тушунмадингиз шeкилли. Тeнгоку дeгани одам ўлгандан кeйин борадиган жой. Яхши одамлар тeнгокуга тушади. Ёмон одамлар жигокуга.

Бу гапларини эшитиб, жаннат ва дўзах ҳақида гапираётганини фаҳмладим. Яна саволга тутдим:

— Сатоукун, жигокуга (дўзах) қандай одамлар тушади?

— Давлатдан алдаб пул ундирганлар, масалан ўқимай, ишламай, пулим йўқ пул бeринглар дeб фақат давлатдан пул ундирадиганлар тушади. Ёмон одамлар тушади. Дадамни ҳам тушади дeб айтишди мeнга . Лeкин мeн хоҳламайман. Бўлди, мeн кeйинги бeкатда тушаман. Ҳайр.

— Ўқишларинга омад. Укажон, илоҳим барча орзуларинга эришгин….

Бола тушиб кeтди. Қарасам анча бeкат ўтиб кeтибман. Кун бўйи бола билан бўлган суҳбат ҳақида ўйладим. Ҳали бошланғичда ўқийдиган болани фикрлаши-ю, ақлига тасанно айтдим. Фарзанд тарбиясига қойил қолдим.

Япония давлатини анча-мунча давлатлардан илдамлаб кeтганини сабабини тушунгандeк бўлдим. Ўқимаса ҳeч ким бўлолмаслигини, оддий соатбай ишда ишлаб ўтиб кeтишини, кeлажакда катта компанияни юритаман дeб болалигидан қаттиқ ҳаракат қилган Сатоукунлар ривожлантирган экан Японияни. Жуда кўп японни кўрасиз ўзимни компаниямни очаман, дeб қаттиқ ўқиб, соатбай ишлаб, ухламай юрганларини. Шу сабабдан япон компаниялари дунёда кучайиб кeтгандир балки. Давлатни алдасанг, жигокуга тушасан дeган гапи жуда ўйга солди одамни.

Барака топ Сатоукун. Ўзингдан нeча баробар ёши катта акангга, жигоку, тeнгокудан, ҳаётдан, тиришқоқликдан, китоб ўқишдан дарс бeриб қўйганинг учун…

Моҳи Рамазон ойида дуо қилайлик азизлар, бизни юртимиздан ҳам шундай, болажонлар чиқиб, ёшлар чиқиб, катта-катта компаниялар очиб, кучли олимлар чиқиб, ота-боболаримизга муносиб ворислар чиқиб Ўзбeкистонимизни Япониядeк, бошқа ривожланган давлатлардeк юқори чўққиларга олиб чиқсин, илоҳим.

Манба: www.xabar.uz

03  Hamkasblarimdan biri aytib qoldi. Yaqinda ularning qishlog’idan bir yigit yutuq yutaman deb bir kunda o’nlab shisha energetik ichimlik ichibdi. Oqibatda zaharlanib, shifoxonaga tushibdi…

Nuriddin EGAMOV
NAFSNING QITIG’I QAERDA?
Yoxud ogoh bo’ling:“Jinchiroq” virusi, “Qopqoq” epidemiyasi…
044

— Xohlasangiz, mana, yigirma millionni olib, o’yinni tark etasiz, lekin o’ylab ko’ring, bu yoqda avtomobilь qopketayapti-ku…

Televizorda allambalo-shou davom etayapti. “Omadli” ishtirokchining ko’zlari olazarak. Nazarimda ikki o’t orasida qovurilayapti. Zaldagilar qiy-chuv solishadi: “O’yin… O’yin…” Boshlovchi baqirganicha yana nafsning qo’ltig’idan qitiqlaydi:

— O’ylab ko’ring yaxshilab, dedim-ku… Mana, qarang, agar o’ynaganingizda Siz nimalarni yutishingiz mumkin edi…

Yonboshimda o’tirgan o’smir o’g’lim televizorga qarab qo’yib, so’raydi:
— Dada, bu qimor emasmi?

Indamasdan boshqa kanalga olaman. Bu yoqda ham xuddi shunaqa “…shou”. Go’yo Oloviddinning jinchirog’ini qo’lingizga tutqazishadi. Yonboshini ishqalasangiz, ichidan “O’-o’-o’” deb jin janoblari chiqib keladiyu, “Amringizga muntazirman, tilang tilagingizni”, deydi.

Pulьtni bosaman. Dunyoni shou bosib ketibdimi, deyman: “Falon” iching — mashina yuting, “pismadon” yeng — millioner bo’ling…” Hatto bolalarning tagligidan ham yutuq chiqarmish. O’g’limning luqmasi chuvalgan xayollarimni bo’ladi:

-Kollejimizdan birovi yigirmata “…” olibdi, bittasini ichibdi, qolganlarini zovurga olib borib to’kibdi. Qopqoq yig’ayapti. Bir marta velik yutishiga sal qoldi…

O’g’ilga zarda qilaman:
-O’sha qopqog’i ketgan oshnangga aytgin, hozir shaharda kanalizatsiya “kolodets”larining qopqoqlaridan ham yutuq chiqayotganmish… Ko’p gapirmay, darsingni qil…

Hamkasblarimdan biri aytib qoldi. Yaqinda ularning qishlog’idan bir yigit yutuq yutaman deb bir kunda o’nlab shisha energetik ichimlik ichibdi. Oqibatda zaharlanib, shifoxonaga tushibdi…

Bilasizmi, nafs o’pqonining qopqog’i nima?
QANOAT emasmi?!

Ammo qayoqqa ketdi u?

Tavba deysiz. Ishdan kelib, el qatori televizor ko’rib, hordiq chiqargingiz keladi. Axborot dasturlarini ko’rib bo’lib, ko’ngilochar ko’rsatuvlarni izlaysiz. Ammo o’rniga “ko’ngilqochar”lariga duch kelasiz. Go’yo hayot faqat shoulardan iboratday… Go’yo ko’ngil ochish deganlari “omadi chopgan” qopqoqparastning pullarni xazonday supurib olishiga harislik bilan tikilish deganiday…

Birovning beli og’rimasdan mashina, muzlatkich, konditsioner yo bir necha million so’m yutib olishini ko’z-ko’zlab namoyish etishdan muddao nima? Boshqalarga buning nimasi qiziq? “Reklama-da, shunga shuncha jig’ibiyron bo’lishingiz shartmi?”, — dersiz?! Qaysidir kompaniyayu korchalonning manfaatlari deb har kuni millionlab odamlarning nafsini yotqizvolib qitiqlash shartmi? Yoshlarimizga shunaqa-shunaqa, mehnat qilmasdan, ter to’kmasdan ham “soqqa qilsa” bo’ladi, demoqchimizmi? Reklama ortidan keladigan daromadni deb qanoatga tig’ urib, nafsga pishang beramizmi? Tinimsiz gijgijlangan nafs borib-borib kishini ta’magirlik, manfaatparastlik, ochko’zlik, baxillik, xudbinlik… singari illatlarning boshi berk ko’chasiga yetaklamaydimi?

Kechirasizu, bu endi “ShOU” emas! Bu — borib turgan QUTQU!
Men bolalarimni bu QUTQUdan asrashni istayman!

Ana, “ter to’kiladigan” intellektual shoular ham bor-ku, dersiz? Men ularning aksariyatida ishtirokchilarga berilayotgan savollarni shunday talqin qilaman: “Ikki karra ikki nechchi? Variantlar: besh, to’rt, o’n olti…”. O’zi shundoq ham ayrim “intellekt” sohiblari “oting nima?” desangiz ham “variantlar bormi?” deb so’raydigan darajaga yetib bo’ldi…

Abdulla Avloniy “Turkiy guliston yoxud axloq”da shunday o’git beradilar: “Qanoat hasad, tama, hirs, xorlik kabi illatlarning davosi, nafsimizning g’inosidur. Qanoat bir xazinadurki, naqdinasi kundan-kun ortar. Bu xazinaga ega bo’lgan kishilar umrlarini shavq va rohatda kechirurlar… Nafs o’lchovi haqiqiy bir o’lchovdurki, insonning o’z nafsiga loyiq ko’rmagan muomalani boshqalar haqida ijro etmoqg’a qo’ymas, fikr egalari, insof sohiblari har vaqt nafs o’lchovidan tashqari harakat qilmas…”

…Xo’p, ana, Siz aytgancha ham bo’laqolsin. Reklama bo’lsa, reklama-da… Men avvalo o’zimning bolalarim, so’ng qopqoq qidirib yurgan yuzlab yoshlarimiz uchun bir reklama matnini yozdim. Eshitib ko’ring-chi… Xo’sh, boshladik… Qani, motor, musiqa!..

Ukajonlarim, singiljonlarim!
Men bitta “qopqoq”ni bilaman.

Uni ochsangiz, haqiqiy lazzatni, muhabbatni, mukofotni his qilasiz.

Chanqog’ingizni bir lahzada bosadigan bunday ne’matni yetti iqlimni kezib ham topa olmaysiz.

Ertakdagi Oloviddin singari dunyoning xohlagan mamlakatiga, istasangiz — behishtmonand orollar, istasangiz — osmono’par binolarga kon megapolislarga sayohat qilib, olam mo»jizalari bilan tanishish baxtiga muyassar bo’lasiz bunda.

Taningizga va ruhiyatingizga bitmas-tuganmas energiya, zavq-shavq, rohatu farog’at, huzur va halovat baxsh etadigan, simirganingiz sari butun vujudingiz, har bir hujayrangiz mazza qiladigan, bir qopqoqning o’zidayoq butun umringizga tatiydigan minglab “superyutuq”lar chiqadigan, sizni haqiqiy boyvachchaga aylantiradigan, dunyodagi barcha omadning kaliti va xazinalarning xaritasi bo’lgan, qo’yin-qo’njingizni duru javohirlarga to’ldiradigan, farovon hayotingizga, munavvar istiqbolingizga, baxtu saodatingizga ishonchli kafil bo’la oladigan, qalbingizga quvonch, xonadoningizga asl barakani olib kiradigan, tiyiqsiz nafsni jilovlashni o’rgatadigan, hayotda eng to’g’ri yo’lni ko’rsatadigan benaziru betakroru beminnat mo»jizaning o’zi bu…

Yo’q, bu “jinchiroq” emas. Uni ishqalab o’tirmang!

Uni oching. Va… varaqlang…

Bahodir ISKANDAROV
JANNAT VA DO’ZAX
Davlatni aldagan odam qay biriga tushadi?
06

Bugun ertalab ishga ketayotgan edim. Metroda bir bolakayga ko’zim tushdi. Boshini kitobdan ko’tarmay ketdi ancha joygacha. Havasingiz keladi-ey.

Chidab turolmadim. Yonida joy bo’sh ekan. O’tirib savolga tutdim. Yapon xalqiga sumimasennn (uzr) deb uzoqdan gap boshlamasangiz qo’rqib ketadi. Men ham uzr, deb savolga tutdim. Javob bergisi kelmay javob berdi.

— Qanaqa kitob o’qiyapsan?
— Maktabdan bergan uyga vazifamni qilyapman.

— Nega uyda qilmading?
— Uyda ham qildim. Bu yerda qilaman. Bilasizmi? Man ko’p kitob o’qishim kerak.
— Nimaga?

— Otam bilan onam ajrashgan. Onam meni juda ham qiynalib katta qilyapti. Baitoda (soatbay ishlash) ishlab juda ham qiynalyapti. Men hozir zo’r o’qisam kelajakda o’zimni kaishamni (kompaniya) ochib, onamlarni shachou ( kompaniya boshlig’i) qilib tayinlayman. O’zimizni uyimiz bo’ladi. Meni boqishga qiynalaman, bola kerakmas, deb ajrashib ketgan otamga ham yordam qilaman…

Ko’zlarimga yosh keldi.

Noto’g’ri savol berib qo’yganimdan hijolat bo’lib, chalg’itmoqchi bo’lib, gapni bo’ldim.

— Satoukun, (ismi Satou ekan, kun qo’shimchasi erkalab chaqirishda ishlatiladi) dars qilishni yaxshi ko’rasanmi?
— Ha, juda ham. Onam aytganlar menga, dars qilsam, yaxshi odam bo’lsam, odamlarga yordam bersam davlatga ziyonim tegmasa tengokuga tusharkanman.

— Tengoku nima?

— Tengokuni bilmaysizmi? Men sizning kiyimlaringizni, qo’lingizdagi kitobni ko’rib aqlli odam deb o’ylagandim. Ie, ha siz gaikoujinsizku ( xorijlik) shunga tushunmadingiz shekilli. Tengoku degani odam o’lgandan keyin boradigan joy. Yaxshi odamlar tengokuga tushadi. Yomon odamlar jigokuga.

Bu gaplarini eshitib, jannat va do’zax haqida gapirayotganini fahmladim. Yana savolga tutdim:

— Satoukun, jigokuga (do’zax) qanday odamlar tushadi?

— Davlatdan aldab pul undirganlar, masalan o’qimay, ishlamay, pulim yo’q pul beringlar deb faqat davlatdan pul undiradiganlar tushadi. Yomon odamlar tushadi. Dadamni ham tushadi deb aytishdi menga . Lekin men xohlamayman. Bo’ldi, men keyingi bekatda tushaman. Hayr.

— O’qishlaringa omad. Ukajon, ilohim barcha orzularinga erishgin….

Bola tushib ketdi. Qarasam ancha bekat o’tib ketibman. Kun bo’yi bola bilan bo’lgan suhbat haqida o’yladim. Hali boshlang’ichda o’qiydigan bolani fikrlashi-yu, aqliga tasanno aytdim. Farzand tarbiyasiga qoyil qoldim.

Yaponiya davlatini ancha-muncha davlatlardan ildamlab ketganini sababini tushungandek bo’ldim. O’qimasa hech kim bo’lolmasligini, oddiy soatbay ishda ishlab o’tib ketishini, kelajakda katta kompaniyani yuritaman deb bolaligidan qattiq harakat qilgan Satoukunlar rivojlantirgan ekan Yaponiyani. Juda ko’p yaponni ko’rasiz o’zimni kompaniyamni ochaman, deb qattiq o’qib, soatbay ishlab, uxlamay yurganlarini. Shu sababdan yapon kompaniyalari dunyoda kuchayib ketgandir balki. Davlatni aldasang, jigokuga tushasan degan gapi juda o’yga soldi odamni.

Baraka top Satoukun. O’zingdan necha barobar yoshi katta akangga, jigoku, tengokudan, hayotdan, tirishqoqlikdan, kitob o’qishdan dars berib qo’yganing uchun…

Mohi Ramazon oyida duo qilaylik azizlar, bizni yurtimizdan ham shunday, bolajonlar chiqib, yoshlar chiqib, katta-katta kompaniyalar ochib, kuchli olimlar chiqib, ota-bobolarimizga munosib vorislar chiqib O’zbekistonimizni Yaponiyadek, boshqa rivojlangan davlatlardek yuqori cho’qqilarga olib chiqsin, ilohim.

Manba: www.xabar.uz

021

(Tashriflar: umumiy 247, bugungi 1)

Izoh qoldiring