Nuriddin Egamov. Ikki maqola

08     Қадимий “Кул тигин” битигида шундай жумлалар бор: “Самимий, носамимийни ажратмайсан, ким қаттиқ гапирса, самимийни ҳам танимайсан…” ёки …“сен душман сўзларига дарҳол ишониб қўя қолма, унинг сўзлари ҳийла ва алдовдан иборат бўлиб, у ўз мақсадига эришиш учун ўзини ниҳоятда, мулойим қилиб кўрсатади. Ички оламини ташқи олами билан бўяб кўрсатади. Сени ғафлатда кўргач, тадбир ўқини мақсад нишонига уради. У пайтда сен учун чора-тадбир кўриш фурсати ўтган бўлиб, ҳасрат ва надомат ёрдам бермайди”, Бу ўгитлар нафақат реал, балки виртуал оламда ҳам бизни ҳушёрликка ундаб туради. Аммо…

Нуриддин ЭГАМОВ
ИККИ МАҚОЛА
04

012Нуриддин Эгамов 1975 йилда Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида туғилган. 1997 йилда Қарши Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган. 1997 йилда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Қашқадарё” ва “Кашкадарья” газеталари таҳририятида мухбирликдан иш бошлаган. Бугунги кунда «Қашқадарё» газетасида бўлим мудири  бўлиб ишламоқда.

“@”НИ “ЧУВАЛЧАНГ” ДЕЙДИГАНЛАР
ВА ДУНЁГА “WWW” “ПАНЖАРА”СИДАН ҚАРАЙДИГАНЛАР
Ёхуд интернетофобия ва интернетомания сарҳадидаги мулоҳазалар

“Негадир бувим кўринмади…”
Айтишларича, америкалик буюк фантаст ёзувчи Рэй Брэдбери машиналардан, компьютерлардан ва интернетдан нафратланишини яшириб ўтирмаган. “Улар бизнинг яшашимизга халақит беради, – деб ёзади адиб, – улар бизнинг вақтимизни олиб қўяди. Одамлар компьютерда жуда кўп ишлашади. Улар бир-бирларини тинглаш ўрнига жуда кўп вайсашади”.
“Қани энди фарзандинг Гарри Поттернинг навбатдаги саргузаштларига қизиқиб, давоми чиққан-чиқмаганини билиш учун интернетни ковлаш, ўртоғига тафсилот, сафсата сотиш ўрнига бирор мумтоз асарнинг фалон жиҳати ҳақида қизиқиш билан савол берса. Ота-она сифатида сиз хурсанд бўлиб кетмайсизми?”, деб ёзади ўзимизнинг адибимиз Собир Ўнар.
Ижтимоий тармоқларнинг бирида заҳарханда истеҳзога йўғрилган мана бу мазмундаги латифанамо битикка кўзим тушганди: “Бугун интернет ишламади. Оиламиздагилар билан бир дастурхон атрофида мазза қилиб гаплашдик. Яхши одамлар экан. Негадир бувим кўринмади…”
Ҳа, келтирган бу иқтибосларимиз замирида аччиқ ҳақиқат бор. Дунёга “www” “панжара”сидан қарайдиганлар виртуал оламга ўзинию ўзлигини-да унутиб шўнғиётгани бор гап.
Қадимий “Култигин” битигида шундай жумлалар бор: “Самимий, носамимийни ажратмайсан, ким қаттиқ гапирса, самимийни ҳам танимайсан…” ёки …“сен душман сўзларига дарҳол ишониб қўя қолма, унинг сўзлари ҳийла ва алдовдан иборат бўлиб, у ўз мақсадига эришиш учун ўзини ниҳоятда, мулойим қилиб кўрсатади. Ички оламини ташқи олами билан бўяб кўрсатади. Сени ғафлатда кўргач, тадбир ўқини мақсад нишонига уради. У пайтда сен учун чора-тадбир кўриш фурсати ўтган бўлиб, ҳасрат ва надомат ёрдам бермайди”, Бу ўгитлар нафақат реал, балки виртуал оламда ҳам бизни ҳушёрликка ундаб туради. Аммо…
“Қайтар”ни қайтарма…”
Бундан бир неча йил муқаддам нуфузли идора матбуот хизмати раҳбари бўлиб ишлайдиган киши қўнғироқ қилиб, таҳририятимизнинг электрон манзилини сўраб қолди. Маълумот ташламоқчи экан. Электрон манзил газетанинг ўзида аниқ-тиниқ берилганини айтдим. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, у яна қўнғироқ қилиб, маълумот “почта”га тушган-тушмаганини сўради. Мен қараб, ҳали тушмаганини билдирдим. Бу ҳол бир неча бор такрорлангач, ўзи манзилни қанақа қилиб ёзаётганини ҳижжалаб сўрадим.
– Мана, газетада қандай берилган бўлса, шундай ёздим, – деди у бамайлихотир. – “Э-майл”… кейин… хатлар… кейин “собачка”… Шундоғми?
Таажжубдан ёқа ушлаб қолдим. Қайтариб сўрадим. Афсуски, эшитганим ҳазил эмас экан. Шунча йилдан бери компьютер қаршисида ўтирадиган, интернетнинг зарари ҳақида соталаб ваъз айтиб юрадиган акахонимиз электрон почтага “e-mail” жумласини ҳам қўшиб ёзаётган экан. Шу пайт хаёлимдан машҳур фильмдаги “улуғ Руснинг шоҳи… қайтар… ва буюк князи…” деган машҳур ибора ўтди…
Ҳа, “касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”. Афсуски, хонадонлар тугул, ҳали-ҳамон кўплаб нуфузли идораларда ҳам АКТ саводхонлиги ўзига яраша. Ҳатто иш фаолияти ёзишмалардан иборат бўлган айрим ходимлар оддийгина Word, баъзи ҳисобчилар Exelни билмаслиги сабабли ҳамон “қалам йўрғалатиб”, чўт қоқиб юришибди. Табиийки, бундай киши учун компьютер ва интернет – балонинг уяси. Ўзи ҳам яқинлашмайди, боласини ҳам яқин йўлатмайди…
Ваҳоланки, интернету ижтимоий тармоқларнинг ёмонини айтган жойимизда яхшисидан ҳам гапиришимиз керак эмасми?! Ахир “тармоқлардаги қармоқлар” қабилидаги тарғиботлар сабаб интернет борасида “алиф”ни “калтак”, тўғрироғи “@”ни “чувалчанг” деб юрганлар баттар юрак олдириб қўйишмоқда. Уларнинг айримлари компьютерда тинчгина дарс тайёрлаб ўтирган боласининг тепасига булутдай бостириб боришаяпти: “Ана, уйи куйсин интернетни чиқарганнинг, йиғиштир компьютерингни…” Маҳалладаги ғийбатчи хотинлар ўқимишли ва тарбия кўрган қизни “интернетга кирармиш”, қабилида ғийбат қиладиган бўлишди. “Интернетда расми чиқиб кетибди” қабилидаги бемаъни гап-сўзлар оилаларнинг бузилишига, ҳатто айрим ёшларнинг ўз жонига қасд қилишига ҳам сабаб бўлаётганини эшитиб турибмиз.
“Тушунмадингми? – Обташла!”
Жаҳонда наркомания, токсикомания деган иллатлар қаторига бугун янги касалликлар – интернетомания (интернетга қарамлик) ва лудомания (виртуал ўйинларга қарамлик) сингари балои азимлар қўшилганидан хабарингиз бор.
Дунёда аквофобия (сузишдан қўрқиш), клаустрофобия (тор жойда қамалиб қолишдан қўрқиш), айхмофобия (ўткир тиғли жисмлардан қўрқиш) сингари минглаб “фобия” хасталиклар ҳам бор. АКТ тараққиёти билан уларнинг ёнига интернетофобия ҳам қўшилди. Бу касалликка чалинганлар интернетга киришдан, унинг чексиз имкониятларидан фойдаланишдан ўлгудай чўчишади. Агар қандайдир сабаб билан бунга мажбур бўлишса, хавотирдан юрак уриши тезлашиб, қон босими кескин кўтарилиб кетиши ҳеч гапмас.
Бир пайтлар таҳририятда узоқ йиллар ишлаган кекса муҳаррирлар “таҳрирнинг олтин қоидаси” сифатида, биласизми, нимани тавсия этишарди – “Тушунмадингми, обташла!” Афсуски, бугун кўплаб хонадонларда интернетдан фойдаланиш масаласида мана шу алмисоқдан қолган қоида ишлаяпти ва интернетофобияга чалинган ота-оналар ҳамда маърифатга ташна болаларнинг баҳсларига сабаб бўлаяпти…
“Тегма, куясан…”
Аммо бир нарса аниқ. Болалар, ўсмирлар ва ёшлар тақиқ қўйилган нарсага янада кўпроқ қизиқишлари айни ҳақиқат. Қолаверса, бу борада “тегма, куясан”, қабилида иш тутиш калтабинликдир.
Сизнингча, ёшлигимиздан эшитганимиз, ўзимиз ҳам бошқа дурустроғини билмаганимиз учун боламизга айтиб берадиганимиз – “Бўғирсоқ” эртагининг қандай тарбиявий аҳамияти бор?! Аҳамияти шуки, “момомдан қочиб кетдим, бобомдан қочиб кетдим, сендан қочиш ҳеч гапмас”, қабилида уйидагию кўчадаги катталарнинг гапига кирмаганларнинг ҳолига вой – улар тулкига ем бўлади.
“Суюнчи” фильмидаги бир лавҳа барчангизга яхши таниш. Анзират момо “профессор” невараси Абдуллани калтак билан қувлаганида, у дарахтга чиқиб олади. Бугун биз боламизни шўхлиги учун қаттиқроқ тергасак, у дарахтга қараб қочадими ё чордоққа беркиниб оладими? Йўқ, бундай пайтларда у дарахту нарвонга тирмашиб, овора бўлиб ўтирмайди – виртуал оламга кириб олиб, эшигини қарсиллатиб ёпади ва ичкаридан тамбалайди. Агар бу олам калитларини тополмасак, дарахтга чиқа олмаган Анзират момодан фарқимиз қолмайди…
– Ака, кап-катта одамсиз, “фейсбук”даям, “телеграм”даям, “инстаграм”даям борсиз-ей, – деб қолди ёш танишим ўрта ёшли ҳамкасбига. – Нима, қиладиган бошқа ишингиз йўқми?
– Сенингча, мен ҳамма ижтимоий тармоқлардаги профилларимни бекорчиликдан “лақиллашиш” учун очганманми? – деди унинг суҳбатдоши. – Болаларим – талаба, пойтахтда ўқишади. Адашиб, тармоқларнинг қармоқларига тушиб қолишмасин, дейман. Улардан ўша тармоқларнинг ўзида бохабар бўлиб туришга ҳаракат қиламан. “Ие, бу ерда ҳам дадам юрибдилар”, деган ўй уларни ҳушёрликка чақириб туради.
“Салом, группадагилар!”
Бундан бир неча йил муқаддам режиссёрлар Ҳилол Насимовнинг “Одноклассники.ру”, Дилшод Аҳмедовнинг “Салом, группадагилар!” номли фильмлари экранларга чиқарилганди. Уларда ижтимоий тармоқлар қармоғига илиниб, алданиб қолган ёшларнинг фожеавий қисмати ёритилган эди.
Фильмлар ижодкорлари ёшларни огоҳликка ундаш сингари хайрли мақсадларни кўзлашгани аниқ. Бугун ҳамма гаплашиш ўрнига “чатлашиш”ни, ёнидаги тирик одамдан кўра виртуал оламдаги мавҳум кўланка-суҳбатдошни афзал билаётган, “кўнглингни очиб-сочгани” бир қулоқ камёб (чунки қулоқчин билан банд) бўлган бир пайтда бундай фильмларнинг ҳам тарбиявий томонлари бордир… Лекин…
Тармоқ фақат қармоқ эмас…
“Салом, группадагилар!” – ижтимоий тармоқларда илгари ирония тарзида урф бўлган бу иборадан ҳеч қандай киноя-кесатиқсиз, оҳанжамаю жимжималарсиз, шунчаки кўпчилик ўтирган хонага кирган одамдай ишлатадиганлар кўпчилик. Бир пайтлар беданачилик ҳақида маълумот излаб, бир “группа”га дуч келгандим. Эҳ-ҳе, “бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак” деганларидай бу жимитдай қушнинг шайдолари бунча кўп бўлмаса. Яна бир-бирларига шундай меҳрибон, тавсияларини аяшмайди: қандай парвариш қилиш керак, қандай озиқлантириш, даволаш…
Бир танишим балиқчиларнинг “группа”сида экан. Бошда шунчаки қизиқиш билан бошланган суҳбатлар қўр олиб, у айни пайтда хонадонида кичиккина ҳавза ташкил этиш ҳаракатида юрибди. Ўзим кафтдай жойда иссиқхона қургандим, тажрибали томорқачиларнинг олтиндан қиммат маслаҳатларини ижтимоий тармоқлардан топдим.
Яна курсдошларим билан гуруҳимиз бор. Уларда адабий-бадиий, маънавий-маърифий гурунглар авжига чиқади. Яқинда янги алифбо мавзуидаги йирик анжуманда иштирок этган олима курсдошимиз таассуротларини ёзди. Курсдошларимизнинг кўпчилиги олим, ўқитувчи, журналист эмасми, бу мавзудаги мунозара роса қизиб кетди.
Қашқадарёлик ёш ижодкор дўстларим мени ўз гуруҳларига киритиб қўйишган эди. Кимдир янги ёзган шеърини, кимдир ўқиган шоҳ сатрларини гуруҳдагиларга илинади. Яқинда асосан шу гуруҳдагиларнинг куюнчаклиги, саъй-ҳаракати, ташаббуси билан оғир хаста бўлган шоира қизни хорижда операция қилдириш учун кўплаб хайрия акциялари, тарғибот тадбирлари ташкил этилиб, керакли маблағ жамғарилишига эришилди. Агар ижтимоий тармоқлар бўлмаганида беназир истеъдод соҳибаси бўлган, чекка қишлоқлик ўша шоира қиз мамлакат бўйлаб бу қадар шуҳрату эътибор топармиди?!
Ҳа, ижтимоий тармоқ деганлари айрим серхавотир олимлар қайд этишганидай фақат қармоққа туширадиган жой эмас. Кези келганда қўлингга фақат “балиқ” эмас, “қармоқ” ҳам тутқазадиган тарбия маскани ҳамдир. “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”, дейдилар-ку…
Чанг киради, деб дарича ёпамизми?
Биз “интернетомания”ни ҳам, “…фобия”ни ҳам ёқлаш ё қоралаш фикридан йироқмиз. Фақат, оддийгина қоида тарафдоримиз – ҳар нарсада ҳам меъёр бўлганига нима етсин?!
Дарвоқе, дунёда автоҳалокатлар авиаҳалокатлардан кўра бир неча ўн баробар кўпроқ талафот келтирар экан. Шундай бўлса-да, одамлар автомобилга бемалол ўтириб, самолётга чиқишга қўрқишади. Интернетдаги ҳалокат, жаҳолат нечоғлик кўп бўлмасин, шунинг баробарида у битмас-туганмас маърифат манбаи эканини ҳам унутишга асло ҳаққимиз йўқ.
Бугун юртимизда АЭСдек мураккаб технологияли иншоотлар қуришни мўлжаллаяпмиз. Оламшумул космик дастурлар ташвишидамиз. Энг нозик ва ноёб тиббий амалиётларни ўзимизда ташкил қилиш ҳаракатидамиз… “Чанг киради, пашша киради” деб, “дунё даричаси”ни болаларимизга ёпиб қўйсак, бундай улуғвор ниятларимизга қайси авлод билан эришамиз?!
Аслида бу “дарича”ни беркитишнинг ўзи жаҳолат эмасми?!
Абдулла Орипов салкам қирқ йил аввал ёзган “Бобо ва набира” шеърида шундай дейди:
У ҳали номингни кўксига жойлаб,
Самолар қўйнида ургусидир барқ.
Уни қадамингга ташлама бойлаб,
Қўйвор набирангни, отажоним, Шарқ…

“ЛОЛАЗОР”
Ёхуд “Диктант-челленж” ўтказамизми?

Бир пайтлар таҳририятимизда Эргаш ака деган кекса мусаҳҳиҳимиз бўларди. Раҳматлининг бир гаплари ҳеч ёдимдан чиқмайди: “Газетада хато кетган битта нуқта бошингга тош бўлиб ёғилади, битта ундов калтак бўлиб тушади…”
Афсус… Бугун кўпчилигимиз имло хатоларимиздан уялмайдиган даражага етиб қолдик. Таҳририятга шеър келтирган “шоираи даврон”га “бунча хато ёзгансиз?”, десангиз, айбни ношуд компьютерчига ағдаради-қўяди. Маърузасини мақола деб келтирган олимга “Ҳарфнинг “дум” билан “шапка”си қани?”, десангиз, “Шуям хатоми, ўзингиз қўйиб олаверинг”, дейишдан тортинмайди. Унисини қўятуринг, агар бундайроқ она тили ўқитувчиси қўлида қизил қалам билан ижтимоий тармоқларни ораласа борми, ҳатто машҳур-машҳур “аллома”ларимизнинг ҳам “пост”лари “лолазор”га айланиб кетиши турган гап…
– Бугун минг-минглаб сабоқхоналарда ёшларимиз тилларини бураб, минг бир машаққат билан инглиз, рус, немис, корейс, хитой, япон… тилларини ўрганиб ётишибди, – дейди ўзбек тили ва адабиёт ўқитувчиси Пирим Нуралиев. – Уларга ҳавасим келади. Аммо… Афсуски, уларнинг аксарияти ўзбек тилини (тўғрироғи, тилимизнинг оддийгина имло қоидаларини) билишмагани ёмон. Яна ҳам ёмони, бунинг учун аксарият ҳолларда уларни ҳеч ким айбситмаяпти.
Яқинда интернетда тарқалган хабар мени ўйлантириб қўйди. Қайд этилишича, Қозоғистонда маданият ва спорт вазирлиги ташаббуси билан лотин ёзувига асосланган қозоқ тилида илк умумреспублика диктанти ўтказилибди. “Маънавий модернизация” деган мавзудаги диктант Қозоғистоннинг барча шаҳарларида ўтказилган ва унда 1,5 миллион киши иштирок этган.
Диктант бир вақтда кутубхоналар ва таълим муассасаларининг махсус ажратилган аудиторияларида ўтказилган. Диктант матни 80 та сўздан иборат бўлган, унинг давомийлиги эса 30 дақиқани ташкил қилган. Диктант матни радио орқали узатиб турилган, шу сабабли махсус аудиторияларга кела олмаганлар ҳам диктант ёзиш имконига эга бўлганлар.
Шунингдек, диктантни Қозоғистондаги таниқли ёзувчилар, спортчилар ва арбоблар билан бир қаторда маданият ва спорт вазири Аристанбек Мухамадиўғли ҳам ёзган. Унинг айтишича, вазирлик аҳоли янги алифбога тезроқ кўникиши учун бундай тадбирларни ташкил этишни давом эттиради.
Бир тасаввур қилинг-а. Бизда ҳам шундай тартибда умуммамлакат диктанти тадбири ташкил этилса…
Қанчамиз “беш” оларканмиз?
Аввало клавиатура “шиқир-шиқир”ига ўрганган бармоқларимиз қўлёзмага қовушармикан-а?!
Қанчамизда “ҳуснихат” деган “осори атиқа” қолган бўлса?!
Қанчамиз мактабдаги ўғил-қизимиз (укамиз ё синглимиздан) кўчирар эканмиз?!
Қанчамиз “телефонда ёзиб, SMS қилиб ташласак бўлмайдими?”, деб сўрар эканмиз?
Қанчамиз “кирилл-лотин” деган “янги”, “инновацион” “алифбо”да ёзар эканмиз?
– Уялиб қолишимиз аниқ, – дейди филология фанлари доктори Хўжамурод Жабборов. – Нафақат ёшлар, ҳатто катта ёшдаги кўплаб давлат хизматчиларининг ўзлари ҳам ҳуснихату имловий саводхонликдан йироқлашиб бораётгани жуда ташвишланарли ҳол. Кўчаларимиздаги одам бўйи ҳарфларда ёзилган шиорлару ялтироқ пешлавҳалардан тортиб, мобиль телефонда ёзаётган SMSларимизгача – хатолардан истиҳола қилмай қўйдик. Устига-устак “икки алифбочилик” ҳам бу қусуримиз тегирмонига сув қуяяпти…
Сўнгсўз ўрнида бир таклиф. Жорий йилда ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган “Мақом-челленж” акциясининг етти ёшдан етмиш ёшгача ўзига тортганига барчамиз гувоҳмиз. Балки худди шу тарзда “Диктант-челленж” флешмоби ёхуд “#diktant yozamiz” хэштегини оммалаштириш керакдир?
Шунда имломиздаги “лолазор”лар салгина камаярмиди? Шунда “тош ва калтак”, “дум” ва “шапка” ташвишларидан халос бўлармидик?!
Қанийди бу ташаббусни дастлаб Ёшлар иттифоқидагилар бошлаб беришса…

042Qadimiy “Kul tigin” bitigida shunday jumlalar bor: “Samimiy, nosamimiyni ajratmaysan, kim qattiq gapirsa, samimiyni ham tanimaysan…” yoki …“sen dushman soʻzlariga darhol ishonib qoʻya qolma, uning soʻzlari hiyla va aldovdan iborat boʻlib, u oʻz maqsadiga erishish uchun oʻzini nihoyatda, muloyim qilib koʻrsatadi. Ichki olamini tashqi olami bilan boʻyab koʻrsatadi. Seni gʻaflatda koʻrgach, tadbir oʻqini maqsad nishoniga uradi. U paytda sen uchun chora-tadbir koʻrish fursati oʻtgan boʻlib, hasrat va nadomat yordam bermaydi”, Bu oʻgitlar nafaqat real, balki virtual olamda ham bizni hushyorlikka undab turadi. Ammo…

Nuriddin EGAMOV
IKKI MAQOLA
04

012Nuriddin Egamov 1975 yilda Qarshi tumanidagi Qovchin qishlogʻida tugʻilgan. 1997 yilda Qarshi Davlat universitetining oʻzbek filologiyasi fakultetini bitirgan. 1997 yilda Qashqadaryo viloyat hokimligi muassisligidagi “Qashqadaryo” va “Kashkadarya” gazetalari tahririyatida muxbirlikdan ish boshlagan. Bugungi kunda “Qashqadaryo” gazetasida boʻlim mudiri boʻlib ishlamoqda.

“@”NI “CHUVALCHANG” DЕYDIGANLAR
VA DUNYOGA “WWW” “PANJARA”SIDAN QARAYDIGANLAR
Yoxud internetofobiya va internetomaniya sarhadidagi mulohazalar

“Negadir buvim koʻrinmadi…”
Aytishlaricha, amerikalik buyuk fantast yozuvchi Rey Bredberi mashinalardan, kompyuterlardan va internetdan nafratlanishini yashirib oʻtirmagan. “Ular bizning yashashimizga xalaqit beradi, – deb yozadi adib, – ular bizning vaqtimizni olib qoʻyadi. Odamlar kompyuterda juda koʻp ishlashadi. Ular bir-birlarini tinglash oʻrniga juda koʻp vaysashadi”.
“Qani endi farzanding Garri Potterning navbatdagi sarguzashtlariga qiziqib, davomi chiqqan-chiqmaganini bilish uchun internetni kovlash, oʻrtogʻiga tafsilot, safsata sotish oʻrniga biror mumtoz asarning falon jihati haqida qiziqish bilan savol bersa. Ota-ona sifatida siz xursand boʻlib ketmaysizmi?”, deb yozadi oʻzimizning adibimiz Sobir Oʻnar.
Ijtimoiy tarmoqlarning birida zaharxanda istehzoga yoʻgʻrilgan mana bu mazmundagi latifanamo bitikka koʻzim tushgandi: “Bugun internet ishlamadi. Oilamizdagilar bilan bir dasturxon atrofida mazza qilib gaplashdik. Yaxshi odamlar ekan. Negadir buvim koʻrinmadi…”
Ha, keltirgan bu iqtiboslarimiz zamirida achchiq haqiqat bor. Dunyoga “www” “panjara”sidan qaraydiganlar virtual olamga oʻziniyu oʻzligini-da unutib shoʻngʻiyotgani bor gap.
Qadimiy “Kultigin” bitigida shunday jumlalar bor: “Samimiy, nosamimiyni ajratmaysan, kim qattiq gapirsa, samimiyni ham tanimaysan…” yoki …“sen dushman soʻzlariga darhol ishonib qoʻya qolma, uning soʻzlari hiyla va aldovdan iborat boʻlib, u oʻz maqsadiga erishish uchun oʻzini nihoyatda, muloyim qilib koʻrsatadi. Ichki olamini tashqi olami bilan boʻyab koʻrsatadi. Seni gʻaflatda koʻrgach, tadbir oʻqini maqsad nishoniga uradi. U paytda sen uchun chora-tadbir koʻrish fursati oʻtgan boʻlib, hasrat va nadomat yordam bermaydi”, Bu oʻgitlar nafaqat real, balki virtual olamda ham bizni hushyorlikka undab turadi. Ammo…
“Qaytar”ni qaytarma…”
Bundan bir necha yil muqaddam nufuzli idora matbuot xizmati rahbari boʻlib ishlaydigan kishi qoʻngʻiroq qilib, tahririyatimizning elektron manzilini soʻrab qoldi. Maʼlumot tashlamoqchi ekan. Elektron manzil gazetaning oʻzida aniq-tiniq berilganini aytdim. Oradan bir necha daqiqa oʻtib, u yana qoʻngʻiroq qilib, maʼlumot “pochta”ga tushgan-tushmaganini soʻradi. Men qarab, hali tushmaganini bildirdim. Bu hol bir necha bor takrorlangach, oʻzi manzilni qanaqa qilib yozayotganini hijjalab soʻradim.
– Mana, gazetada qanday berilgan boʻlsa, shunday yozdim, – dedi u bamaylixotir. – “E-mayl”… keyin… xatlar… keyin “sobachka”… Shundogʻmi?
Taajjubdan yoqa ushlab qoldim. Qaytarib soʻradim. Afsuski, eshitganim hazil emas ekan. Shuncha yildan beri kompyuter qarshisida oʻtiradigan, internetning zarari haqida sotalab vaʼz aytib yuradigan akaxonimiz elektron pochtaga “e-mail” jumlasini ham qoʻshib yozayotgan ekan. Shu payt xayolimdan mashhur filmdagi “ulugʻ Rusning shohi… qaytar… va buyuk knyazi…” degan mashhur ibora oʻtdi…
Ha, “kasalni yashirsang, isitmasi oshkor qiladi”. Afsuski, xonadonlar tugul, hali-hamon koʻplab nufuzli idoralarda ham AKT savodxonligi oʻziga yarasha. Hatto ish faoliyati yozishmalardan iborat boʻlgan ayrim xodimlar oddiygina Word, baʼzi hisobchilar Exelni bilmasligi sababli hamon “qalam yoʻrgʻalatib”, choʻt qoqib yurishibdi. Tabiiyki, bunday kishi uchun kompyuter va internet – baloning uyasi. Oʻzi ham yaqinlashmaydi, bolasini ham yaqin yoʻlatmaydi…
Vaholanki, internetu ijtimoiy tarmoqlarning yomonini aytgan joyimizda yaxshisidan ham gapirishimiz kerak emasmi?! Axir “tarmoqlardagi qarmoqlar” qabilidagi targʻibotlar sabab internet borasida “alif”ni “kaltak”, toʻgʻrirogʻi “@”ni “chuvalchang” deb yurganlar battar yurak oldirib qoʻyishmoqda. Ularning ayrimlari kompyuterda tinchgina dars tayyorlab oʻtirgan bolasining tepasiga bulutday bostirib borishayapti: “Ana, uyi kuysin internetni chiqarganning, yigʻishtir kompyuteringni…” Mahalladagi gʻiybatchi xotinlar oʻqimishli va tarbiya koʻrgan qizni “internetga kirarmish”, qabilida gʻiybat qiladigan boʻlishdi. “Internetda rasmi chiqib ketibdi” qabilidagi bemaʼni gap-soʻzlar oilalarning buzilishiga, hatto ayrim yoshlarning oʻz joniga qasd qilishiga ham sabab boʻlayotganini eshitib turibmiz.
“Tushunmadingmi? – Obtashla!”
Jahonda narkomaniya, toksikomaniya degan illatlar qatoriga bugun yangi kasalliklar – internetomaniya (internetga qaramlik) va ludomaniya (virtual oʻyinlarga qaramlik) singari baloi azimlar qoʻshilganidan xabaringiz bor.
Dunyoda akvofobiya (suzishdan qoʻrqish), klaustrofobiya (tor joyda qamalib qolishdan qoʻrqish), ayxmofobiya (oʻtkir tigʻli jismlardan qoʻrqish) singari minglab “fobiya” xastaliklar ham bor. AKT taraqqiyoti bilan ularning yoniga internetofobiya ham qoʻshildi. Bu kasallikka chalinganlar internetga kirishdan, uning cheksiz imkoniyatlaridan foydalanishdan oʻlguday choʻchishadi. Agar qandaydir sabab bilan bunga majbur boʻlishsa, xavotirdan yurak urishi tezlashib, qon bosimi keskin koʻtarilib ketishi hech gapmas.
Bir paytlar tahririyatda uzoq yillar ishlagan keksa muharrirlar “tahrirning oltin qoidasi” sifatida, bilasizmi, nimani tavsiya etishardi – “Tushunmadingmi, obtashla!” Afsuski, bugun koʻplab xonadonlarda internetdan foydalanish masalasida mana shu almisoqdan qolgan qoida ishlayapti va internetofobiyaga chalingan ota-onalar hamda maʼrifatga tashna bolalarning bahslariga sabab boʻlayapti…
“Tegma, kuyasan…”
Ammo bir narsa aniq. Bolalar, oʻsmirlar va yoshlar taqiq qoʻyilgan narsaga yanada koʻproq qiziqishlari ayni haqiqat. Qolaversa, bu borada “tegma, kuyasan”, qabilida ish tutish kaltabinlikdir.
Sizningcha, yoshligimizdan eshitganimiz, oʻzimiz ham boshqa durustrogʻini bilmaganimiz uchun bolamizga aytib beradiganimiz – “Boʻgʻirsoq” ertagining qanday tarbiyaviy ahamiyati bor?! Ahamiyati shuki, “momomdan qochib ketdim, bobomdan qochib ketdim, sendan qochish hech gapmas”, qabilida uyidagiyu koʻchadagi kattalarning gapiga kirmaganlarning holiga voy – ular tulkiga yem boʻladi.
“Suyunchi” filmidagi bir lavha barchangizga yaxshi tanish. Anzirat momo “professor” nevarasi Abdullani kaltak bilan quvlaganida, u daraxtga chiqib oladi. Bugun biz bolamizni shoʻxligi uchun qattiqroq tergasak, u daraxtga qarab qochadimi yo chordoqqa berkinib oladimi? Yoʻq, bunday paytlarda u daraxtu narvonga tirmashib, ovora boʻlib oʻtirmaydi – virtual olamga kirib olib, eshigini qarsillatib yopadi va ichkaridan tambalaydi. Agar bu olam kalitlarini topolmasak, daraxtga chiqa olmagan Anzirat momodan farqimiz qolmaydi…
– Aka, kap-katta odamsiz, “feysbuk”dayam, “telegram”dayam, “instagram”dayam borsiz-yey, – deb qoldi yosh tanishim oʻrta yoshli hamkasbiga. – Nima, qiladigan boshqa ishingiz yoʻqmi?
– Seningcha, men hamma ijtimoiy tarmoqlardagi profillarimni bekorchilikdan “laqillashish” uchun ochganmanmi? – dedi uning suhbatdoshi. – Bolalarim – talaba, poytaxtda oʻqishadi. Adashib, tarmoqlarning qarmoqlariga tushib qolishmasin, deyman. Ulardan oʻsha tarmoqlarning oʻzida boxabar boʻlib turishga harakat qilaman. “Ie, bu yerda ham dadam yuribdilar”, degan oʻy ularni hushyorlikka chaqirib turadi.
“Salom, gruppadagilar!”
Bundan bir necha yil muqaddam rejissyorlar Hilol Nasimovning “Odnoklassniki.ru”, Dilshod Ahmedovning “Salom, gruppadagilar!” nomli filmlari ekranlarga chiqarilgandi. Ularda ijtimoiy tarmoqlar qarmogʻiga ilinib, aldanib qolgan yoshlarning fojeaviy qismati yoritilgan edi.
Filmlar ijodkorlari yoshlarni ogohlikka undash singari xayrli maqsadlarni koʻzlashgani aniq. Bugun hamma gaplashish oʻrniga “chatlashish”ni, yonidagi tirik odamdan koʻra virtual olamdagi mavhum koʻlanka-suhbatdoshni afzal bilayotgan, “koʻnglingni ochib-sochgani” bir quloq kamyob (chunki quloqchin bilan band) boʻlgan bir paytda bunday filmlarning ham tarbiyaviy tomonlari bordir… Lekin…
Tarmoq faqat qarmoq emas…
“Salom, gruppadagilar!” – ijtimoiy tarmoqlarda ilgari ironiya tarzida urf boʻlgan bu iboradan hech qanday kinoya-kesatiqsiz, ohanjamayu jimjimalarsiz, shunchaki koʻpchilik oʻtirgan xonaga kirgan odamday ishlatadiganlar koʻpchilik. Bir paytlar bedanachilik haqida maʼlumot izlab, bir “gruppa”ga duch kelgandim. Eh-he, “bir tovuqqa ham don kerak, ham suv kerak” deganlariday bu jimitday qushning shaydolari buncha koʻp boʻlmasa. Yana bir-birlariga shunday mehribon, tavsiyalarini ayashmaydi: qanday parvarish qilish kerak, qanday oziqlantirish, davolash…
Bir tanishim baliqchilarning “gruppa”sida ekan. Boshda shunchaki qiziqish bilan boshlangan suhbatlar qoʻr olib, u ayni paytda xonadonida kichikkina havza tashkil etish harakatida yuribdi. Oʻzim kaftday joyda issiqxona qurgandim, tajribali tomorqachilarning oltindan qimmat maslahatlarini ijtimoiy tarmoqlardan topdim.
Yana kursdoshlarim bilan guruhimiz bor. Ularda adabiy-badiiy, maʼnaviy-maʼrifiy gurunglar avjiga chiqadi. Yaqinda yangi alifbo mavzuidagi yirik anjumanda ishtirok etgan olima kursdoshimiz taassurotlarini yozdi. Kursdoshlarimizning koʻpchiligi olim, oʻqituvchi, jurnalist emasmi, bu mavzudagi munozara rosa qizib ketdi.
Qashqadaryolik yosh ijodkor doʻstlarim meni oʻz guruhlariga kiritib qoʻyishgan edi. Kimdir yangi yozgan sheʼrini, kimdir oʻqigan shoh satrlarini guruhdagilarga ilinadi. Yaqinda asosan shu guruhdagilarning kuyunchakligi, saʼy-harakati, tashabbusi bilan ogʻir xasta boʻlgan shoira qizni xorijda operatsiya qildirish uchun koʻplab xayriya aksiyalari, targʻibot tadbirlari tashkil etilib, kerakli mablagʻ jamgʻarilishiga erishildi. Agar ijtimoiy tarmoqlar boʻlmaganida benazir isteʼdod sohibasi boʻlgan, chekka qishloqlik oʻsha shoira qiz mamlakat boʻylab bu qadar shuhratu eʼtibor toparmidi?!
Ha, ijtimoiy tarmoq deganlari ayrim serxavotir olimlar qayd etishganiday faqat qarmoqqa tushiradigan joy emas. Kezi kelganda qoʻlingga faqat “baliq” emas, “qarmoq” ham tutqazadigan tarbiya maskani hamdir. “Hikmat izlaganga hikmatdir dunyo”, deydilar-ku…
Chang kiradi, deb daricha yopamizmi?
Biz “internetomaniya”ni ham, “…fobiya”ni ham yoqlash yo qoralash fikridan yiroqmiz. Faqat, oddiygina qoida tarafdorimiz – har narsada ham meʼyor boʻlganiga nima yetsin?!
Darvoqe, dunyoda avtohalokatlar aviahalokatlardan koʻra bir necha oʻn barobar koʻproq talafot keltirar ekan. Shunday boʻlsa-da, odamlar avtomobilga bemalol oʻtirib, samolyotga chiqishga qoʻrqishadi. Internetdagi halokat, jaholat nechogʻlik koʻp boʻlmasin, shuning barobarida u bitmas-tuganmas maʼrifat manbai ekanini ham unutishga aslo haqqimiz yoʻq.
Bugun yurtimizda AESdek murakkab texnologiyali inshootlar qurishni moʻljallayapmiz. Olamshumul kosmik dasturlar tashvishidamiz. Eng nozik va noyob tibbiy amaliyotlarni oʻzimizda tashkil qilish harakatidamiz… “Chang kiradi, pashsha kiradi” deb, “dunyo darichasi”ni bolalarimizga yopib qoʻysak, bunday ulugʻvor niyatlarimizga qaysi avlod bilan erishamiz?!
Aslida bu “daricha”ni berkitishning oʻzi jaholat emasmi?!
Abdulla Oripov salkam qirq yil avval yozgan “Bobo va nabira” sheʼrida shunday deydi:
U hali nomingni koʻksiga joylab,
Samolar qoʻynida urgusidir barq.
Uni qadamingga tashlama boylab,
Qoʻyvor nabirangni, otajonim, Sharq…

“LOLAZOR”
Yoxud “Diktant-chellenj” oʻtkazamizmi?

Bir paytlar tahririyatimizda Ergash aka degan keksa musahhihimiz boʻlardi. Rahmatlining bir gaplari hech yodimdan chiqmaydi: “Gazetada xato ketgan bitta nuqta boshingga tosh boʻlib yogʻiladi, bitta undov kaltak boʻlib tushadi…”
Afsus… Bugun koʻpchiligimiz imlo xatolarimizdan uyalmaydigan darajaga yetib qoldik. Tahririyatga sheʼr keltirgan “shoirai davron”ga “buncha xato yozgansiz?”, desangiz, aybni noshud kompyuterchiga agʻdaradi-qoʻyadi. Maʼruzasini maqola deb keltirgan olimga “Harfning “dum” bilan “shapka”si qani?”, desangiz, “Shuyam xatomi, oʻzingiz qoʻyib olavering”, deyishdan tortinmaydi. Unisini qoʻyaturing, agar bundayroq ona tili oʻqituvchisi qoʻlida qizil qalam bilan ijtimoiy tarmoqlarni oralasa bormi, hatto mashhur-mashhur “alloma”larimizning ham “post”lari “lolazor”ga aylanib ketishi turgan gap…
– Bugun ming-minglab saboqxonalarda yoshlarimiz tillarini burab, ming bir mashaqqat bilan ingliz, rus, nemis, koreys, xitoy, yapon… tillarini oʻrganib yotishibdi, – deydi oʻzbek tili va adabiyot oʻqituvchisi Pirim Nuraliyev. – Ularga havasim keladi. Ammo… Afsuski, ularning aksariyati oʻzbek tilini (toʻgʻrirogʻi, tilimizning oddiygina imlo qoidalarini) bilishmagani yomon. Yana ham yomoni, buning uchun aksariyat hollarda ularni hech kim aybsitmayapti.
Yaqinda internetda tarqalgan xabar meni oʻylantirib qoʻydi. Qayd etilishicha, Qozogʻistonda madaniyat va sport vazirligi tashabbusi bilan lotin yozuviga asoslangan qozoq tilida ilk umumrespublika diktanti oʻtkazilibdi. “Maʼnaviy modernizatsiya” degan mavzudagi diktant Qozogʻistonning barcha shaharlarida oʻtkazilgan va unda 1,5 million kishi ishtirok etgan.
Diktant bir vaqtda kutubxonalar va taʼlim muassasalarining maxsus ajratilgan auditoriyalarida oʻtkazilgan. Diktant matni 80 ta soʻzdan iborat boʻlgan, uning davomiyligi esa 30 daqiqani tashkil qilgan. Diktant matni radio orqali uzatib turilgan, shu sababli maxsus auditoriyalarga kela olmaganlar ham diktant yozish imkoniga ega boʻlganlar.
Shuningdek, diktantni Qozogʻistondagi taniqli yozuvchilar, sportchilar va arboblar bilan bir qatorda madaniyat va sport vaziri Aristanbek Muxamadioʻgʻli ham yozgan. Uning aytishicha, vazirlik aholi yangi alifboga tezroq koʻnikishi uchun bunday tadbirlarni tashkil etishni davom ettiradi.
Bir tasavvur qiling-a. Bizda ham shunday tartibda umummamlakat diktanti tadbiri tashkil etilsa…
Qanchamiz “besh” olarkanmiz?
Avvalo klaviatura “shiqir-shiqir”iga oʻrgangan barmoqlarimiz qoʻlyozmaga qovusharmikan-a?!
Qanchamizda “husnixat” degan “osori atiqa” qolgan boʻlsa?!
Qanchamiz maktabdagi oʻgʻil-qizimiz (ukamiz yo singlimizdan) koʻchirar ekanmiz?!
Qanchamiz “telefonda yozib, SMS qilib tashlasak boʻlmaydimi?”, deb soʻrar ekanmiz?
Qanchamiz “kirill-lotin” degan “yangi”, “innovatsion” “alifbo”da yozar ekanmiz?
– Uyalib qolishimiz aniq, – deydi filologiya fanlari doktori Xoʻjamurod Jabborov. – Nafaqat yoshlar, hatto katta yoshdagi koʻplab davlat xizmatchilarining oʻzlari ham husnixatu imloviy savodxonlikdan yiroqlashib borayotgani juda tashvishlanarli hol. Koʻchalarimizdagi odam boʻyi harflarda yozilgan shiorlaru yaltiroq peshlavhalardan tortib, mobil telefonda yozayotgan SMSlarimizgacha – xatolardan istihola qilmay qoʻydik. Ustiga-ustak “ikki alifbochilik” ham bu qusurimiz tegirmoniga suv quyayapti…
Soʻngsoʻz oʻrnida bir taklif. Joriy yilda ijtimoiy tarmoqlar orqali oʻtkazilgan “Maqom-chellenj” aksiyasining yetti yoshdan yetmish yoshgacha oʻziga tortganiga barchamiz guvohmiz. Balki xuddi shu tarzda “Diktant-chellenj” fleshmobi yoxud “#diktant yozamiz” xeshtegini ommalashtirish kerakdir?
Shunda imlomizdagi “lolazor”lar salgina kamayarmidi? Shunda “tosh va kaltak”, “dum” va “shapka” tashvishlaridan xalos boʻlarmidik?!
Qaniydi bu tashabbusni dastlab Yoshlar ittifoqidagilar boshlab berishsa…

033

(Tashriflar: umumiy 362, bugungi 1)

Izoh qoldiring