Nuriddin Egamov. Yonayotgan gazeta yoxud «majburiy obuna»ga barham berish — bu majburiy ziyosizlikka yo’l ochish degani emas-ku

055  Жамиятимиздаги хайрли ўзгаришлар шарофати билан “мажбурий обуна” кампаниясига барҳам берилди. Кўриб турибмиз, бу жараён осон кечмади. У кўпгина таҳририятларни бирмунча мушкул вазиятга солиб қўйди, баъзи газеталар чиқмай қолди, айримлар даврийлигини қисқартирди, бошқалари эса маош ва ходимларини…

Нуриддин ЭГАМОВ
ЁНАЁТГАН ГАЗЕТА
Ёхуд “Мажбурий обуна”га барҳам бериш  –
бу мажбурий зиёсизликка йўл очиш дегани эмас-ку…

09

Нуриддин Эгамов 1975 йилда Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида туғилган. 1997 йилда Қарши Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган. 1997 йилда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Қашқадарё” ва “Кашкадарья” газеталари таҳририятида мухбирликдан иш бошлаган. Бугунги кунда «Қашқадарё» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишламоқда.

Жамиятимиздаги хайрли ўзгаришлар шарофати билан “мажбурий обуна” кампаниясига барҳам берилди. Кўриб турибмиз, бу жараён осон кечмади. У кўпгина таҳририятларни бирмунча мушкул вазиятга солиб қўйди, баъзи газеталар чиқмай қолди, айримлар даврийлигини қисқартирди, бошқалари эса маош ва ходимларини…

Ҳа, ҳамкасбларим ёзишганидай шу кунларда босма ОАВ вакиллари бир-бирлари билан одатдагидай “соғлиғингиз яхшими?” тарзида эмас, “обунангиз қандай?” деб сўрашаётгани бежиз эмас.

Афсуски, бу жараён бутунлай нотўғри ва асоссиз қарашларни ҳамда бир талай англашилмовчиликларни ҳам келтириб чиқарди (бу хусусда қуйироқда тўхталамиз). Бу борадаги баҳслар ўзаро давралардан тортиб, ОАВ эфири ва саҳифаларига ҳам тошиб чиқди. Нималар деб аташмади босма нашрларни: “динозавр”, “ўлиб бораётган” ва ҳоказо. Аҳвол шу даражага етдики, ўтган йил мавсум давомида худди бу жиноятдай бирон кишига “газетага обуна бўлинг”, дея олмай қолдик. Дарров оғзимизга урадиганлар топилди. Яна ҳамкасбларим айтмоқчи: “Ҳўлу қуруқ баравар ёнди”, “Бургага аччиқ қилиб, кўрпа куйдирилди”. “Обунасизлик” “тегирмон”ига эса қатор интернет сайтлари тинмай “сув қуйиб” туришди.

Хўш, бундан ким ютдию ким ютқазди? Газетчими? Газетхонми? Ташкилотчими? Тарғиботчими? Мухбиру муҳаррирми? Муассисми? Чоп этувчими? Тарқатувчими? “Чат”дагиларми, “сайт”дагиларми?! Мавзуимиз мана шу хусусда.

“Бола”ларига мағлуб бўлган “ота”лар

Аввало айтиб қўяй, ўзимнинг ҳам ҳар куни кузатиб борадиганим бир қатор севимли интернет-нашрларим бор. Босма нашр вакили сифатида “интернетдагилар ё блоггерлар бизга анчагина “тош” отибди, мен ҳам ҳеч бўлмаса “кесак” қайтарай” деган фикрдан йироқман. Эътирозларим шунга ўхшаб қолмасмикан, деган истиҳолада узоқ вақт ушбу қораламаларни қоғозга тушира олмасдан юрдим. Бироқ… Буёғи ошиб кетаяпти-да. Ҳатто нафсониятингга, ғурурингга тегишдан ҳам тап тортишмаяпти “интернетчи” ҳамкасбларимиз. Мана, биргина мисол…

Оддий арифметика: агар х=5 экани аниқ бўлса, тенгламадаги барча х лар ўрнига бешни қўйиб ҳисоблашга тушамиз. Шу оддийгина қоидадан келиб чиқадиган бўлсак, нуфузли сайтларнинг бирида эълон қилинган мавзуга доир мақоладаги “даврий нашрлар”, “босма нашрлар”, “газета” сингари сўзлар ўрнига “оталар”, “интернет нашрлар” сўзи ўрнига “болалар” сўзини қўйиб, ўқиб кўрдим. (Нега дейсизми? Кинонинг “ота”си театр, ТВнинг “ота”си радио бўлгани каби интернет журналистикаси ҳам осмондан осилиб тушгани йўқ. У даврий (ёки босма) нашрларнинг “фарзанд”и).

Хуллас, мақолани “х=…” услубида ўқиб кўришга ҳаракат қиламиз:

“Ўлиб бораётган оталар

Тўғрисини тан олиш керак, бугунги кунда оталар жамики позицияларда болаларга мағлуб бўлиб улгурди. Оталарнинг “паймонаси тўлгани”га ишонгиси келмаётганларгина бу фикрга қарши чиқишади, албатта. Мен буни чўкаётган инсоннинг хасга ёпишишига менгзайман. Аслида оталарнинг ҳаётда тутган ўрни тугаб бораётгани бутун дунёда кузатилаётган ҳолат. … фаол оталар ҳам мажбурликдан болалашмоқда. Биздаги оталарни энди қўяверинг…”

Агар публицистикадаги бу “инновацион услуб”ни номлаш керак бўлганида, менимча, номи “бетгачопарлик” ёки “андишасизлик” бўларди…
Агар отасини “Қариялар уйи”га оббориб қўйганлар уйига бориб, қарсак чалиб, ўйин тушишгача борсалар, муаллифга ҳам бошқа эътирозимиз йўқ…

“Курашади икки тўлқин…”

Бир пайтлар рэпперлар ва эстраданинг янги “юлдузча”лари мақомчиларга қараб уларни ким танийдию ким эшитаяпти, қабилида тош отиб қолишувди… Ваҳоланки, эшитадиганлару тушунадиганлар кам бўлгани – бу бугун дунё тан олаётган ва интилаётган мақом санъати ва мақомчининг айби эмаслиги ҳаммага аён ҳақиқат. Биздаги вазият ҳам шунга ўхшаб кетаяпти.

Ўзи бу икки “тўлқин” қаердан пайдо бўлди? Этни тирноқдан айириб бўладими? Газеталар интернет нашрларининг арпасини хом ўрувмидики, бунчалик маломат, бунчалик кину адоват?!

Боринг, ана, газета йўқ бўлди, дейлик. Интернет нашрларининг кўчасида байрам бўп қоладими? Ё шунча газетхон гуррр этиб сайтларга ёпириладими? Ёхуд реклама берувчи компаниялар “илтимос, шартнома тузайлик”, деб уларнинг эшигини қоқадими? Ё газеталардаги профессионал кадрларга қармоқ ташлашаяптими улар?

Ахир ҳали-ҳануз кўпгина интернет сайтлари газеталардаги материалларни инсоф қилса, манбасини қўйиб, бўлмаса, сўраб ҳам ўтирмасдан кўчириб босиб ётибди-ку. “Тузини еб…” бўлаяпти-ку бу ёғи…

Қолаверса, “янги соҳа”да ишлаётганларнинг аксариятини суриштирсангиз, илгари газетанинг қаттиқ нонини еб юрган бўлиб чиқади…

Бугун “Ҳуррият”ни ёқишар… эртага “Маърифат”ни…

Машҳур фантаст ёзувчи Рэй Брэдбери қаламига мансуб “Фаренгейт бўйича 451 даража” асарининг бош қаҳрамони Гай Монтэг – оддий ўт ўчирувчи. Аслини олганда унга ўт ўчирувчи деган эмас, аксинча ўт ёқувчи деган таъриф тўғри келади. Чунки унинг вазифаси хавф-хатар сигнали олинганидан сўнг дарҳол “самандар” машинасида тегишли манзилдаги уйга етиб бориш, уйнинг эшик ромларини синдириб бўлса-да ичкарига кириб, … “ўз вазифасини бажариш”. Фақат резина шланглардан сув ўрнига керосин отилади. Ўтсочарлар у ва у яшаётган жамият учун ўта хавфли бўлган бир буюмга йўналтирилади. “Бу ёмон иш эмас, – дейди унинг ўзи бу хусусда бамайлихотир. – Душанба куни Эдна Миллей китобларини ёқамиз, чоршанба куни Уитманни, жума куни Фолкнерни куйдирамиз”. Ҳа, унинг кундалик иши – китобларни ёқиш!

Газетчиларни маломат қилаётган ҳамкасбларимиз Монтэгга ўхшаб кетмаяптиларми? Бугун “Ҳуррият”ни ёқишар, эртага “Маърифат”, индинга “Жамият”ни… Ваҳоланки, босма ОАВ вакиллари ҳурриятимизнинг мустаҳкамлиги, маърифатимизнинг камоли, жамиятимизнинг равнақи йўлида хизмат қилаётганларнинг олд сафларида…

Ёнаётган газеталар тафтига қанча вақт исиниш мумкин? Бу аланга атрофида қанча пайтгача байрам қилиб бўлади ўзи?

Ирмоқлар қўшилса, дарё бўлади

— Интернет журналистикасининг устунлик жиҳатларини ҳам тан олишимиз зарур, — дейди “Олтин қалам” мукофоти совриндори Абдунаби Абдиев. – Масалан, тезкорликда унга етадигани йўқ. Бироқ кўп ҳолларда таҳлилнинг йўқлиги, борининг ҳам ўта саёз ва хомлиги, ахборотнинг ишончлилик даражасининг камлиги ва тез ўзгарувчанлиги, янгилик етказишдаги шошма-шошарлик, моҳиятга эмас, шаклга боғланиб қолиш уни вазмин қария олдидаги ҳовлиқма ўсмирга ўхшатиб қўйиши ҳам бор гап. Бугун айтайлик, ўтган асрнинг йигирманчи-ўттизинчи йилларидаги воқеаларни тарихчиларимиз қаердан тиклашаяпти? Ҳеч шубҳасиз, газета саҳифаларидан! Мисол учун, “Олтин қалам” халқаро танловининг Бош Миллий мукофотига энг биринчи бўлиб сазовор бўлган “Қашқадарё” газетасининг салкам тўқсон беш йиллик тарихи бор. Унинг турган-битгани – солнома. Юз йилдан сўнг интернет нашрдаги ахборотлар сақланиб туришига ким кафолат беради?

Мана, айрим босма нашрларимизда “Ижтимоий тармоқларда” деган рукнлар пайдо бўлди. ЎзА вилоят нашрларидаги зўр мақолаларни кўчириб бера бошлади. Демоқчиманки, дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка нима етсин!

Шу ўринда машҳур мультфильмдаги “Болалар, келинглар, дўст-иноқ бўлиб яшайлик”, деган ибора ёдимизга тушади.

Ҳа, тўлқинлар бирлашса — ирмоқ, ирмоқлар туташса — дарё бўлади!

Томоққа тиқилган нон

Афсуски, айримлар ўзларини мажбурий обуна жабрдийдаларининг жасур ҳимоячиси сифатида намоён этишга ўрганиб қолдилар. Гўё мамлакатдаги юзлаб газета-журналларда ризқини териб юрганларнинг ҳаммаси юлғич, каззобу, ёлғиз ўзлари “авлиё”…

Тўғрисини айтсам, бугун пешона теримнинг маҳсули – газетчиликдан топган ноним томоғимга тиқилиб қолаяпти (ўзи шундоқ ҳам бу соҳанинг “нони қаттиқ” дейдилар). Гўё тепамда минглаб одамлар бармоғини бигиз қилиб “Сен муттаҳам, газетчи, бечора ўқитувчининг нонини яримта қилиб, бола-чақа боқаяпсанми?”, деяётгандай…

Ваҳоланки… Баралла айта оламиз: Нонимиз ҳалол! Бировдан муттаҳамчилигимиз йўқ. Ўз ишимизни виждонан бажараяпмиз. Ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида айнан бизнинг газетамизда бундан беш йил илгари анча шов-шувли мақолалар берилган эди…

Яқинда газетамизда ўтган йил давомида эълон қилинган танқидий-таҳлилий мақолаларнинг 40 таси (аслида улар бундан уч баравар кўп эди) яна бир бор эслатилиб, таҳлил қилинди. Ҳамкасбларим ҳали ун ва йўлкира нархининг асоссиз оширилиши, ҳали бозордаги нарх-навою тарози, ҳали исимаётган мактаблару қабулдаги “навбат”и бузилаётган боғчалар, ҳали ер ололмаётган фермеру сарсон бўлган тадбиркор… сингари одамларни қийнаётган ташвиш ва муаммоларни холисона тарзда, ўзига хос маҳорат билан, дадил кўтариб чиқишди. Ва… бу орқали профессионал бурчларини бажаришди. Бунинг тагида қанчалик машаққатли меҳнат борлигини бошидан ўтказган билади. Бошқа бир қатор нашрларда ҳам ана шундай заҳматкаш ҳамкасбларимиз зиммаларига элнинг юкини ортмоқлаб меҳнат қилишаяпти. Ҳеч шубҳасиз, бу заҳматкашларнинг ЎЗ ОБУНАЧИЛАРИ ОЛДИДА ЮЗЛАРИ ЁРУҒ!!!

Аслида…

Ҳўлу қуруқ баравар ёнмаслиги керак. Кимлардир кимларгадир орқа қилиб, қандайдир “ричаг”лардан фойдаланган бўлса бордир. Бироқ бир нарса аниқ. Аслида “мажбурий обуна схемаси”да аксарият ҳолларда таҳририятлар кимлардир қўлларини бигиз қилиб кўрсатишганидай “айбдор” эмас, ЖАБРЛАНУВЧИдир. Бу гапларнинг обуна тарғиботи ва газетани тарқатиш борасидаги фидойи ҳамкор дўстларимизга асло алоқаси йўқ, аммо…

Кўплаб корхона, ташкилот ва муассасаларда обуна учун масъул бўлган айрим нопок шахслар ялтироқ шиорлар билан маърифат ва зиё ҳақида оғиз кўпиртириб, назоратсиз оқиб ётган обуна “ариғи”га челак солишарди. Ундан кейин мавсум пайтида ўртада даллол бўлиб, кейин на таҳририятга пул, на обуначига газета берадиган тарқатувчилар… Оқибатда таҳририятгача етиб келадиган “ариқ”даги жилдираган “сув” “эгатни лойлаш”га ҳам етмасди. Мухбирнинг улуши эртакдаги тулки “тақсимлаган” пишлоққа ўхшаб қоларди. Янаям жайдарироқ айтганда бундай пайтларда газетчи йил бўйи меҳнат қилиб, бозорда устамон олибсотарга маҳсулотини ярим нархига олдириб қўйган деҳқоннинг аҳволига тушарди.

Бир пайтлар газета тарқатиш бизнесини бошлаган танишимга “шу ҳам иш бўптию”, деганим рост. Бироқ бугун биргина вилоятимизда матбуот нашрларини тарқатиш билан шуғулланадиган, таҳририят билан шартнома тузмасдан туриб ҳам унинг номидан обуна пулини қабул қилаверадиган ташкилотларнинг сони қисқа вақтда йигирмадан ошиб кетгани газета чиқарадиганлардан кўра тарқатадиганларнинг “капгири мой устида” эканидан далолат бермайдими?

Бизга китобхонлар керакми ё …

Ажойиб ташаббус билан ёшларимизни китобхонликка ундамоқчи бўлдик. Мукофотига машина қўйилди. Жорий йилда воҳамизда бу танловга мамлакат бўйича энг кўп ариза топширилгани қайд этилди. Ҳеч шубҳасиз, танлов иқтидорли ёш китобхонларни кашф этди. Аммо, ўзингиз ТВ орқали кўрдингиз, афсуски, манфаат учунгина китоб варақлайдиган “спаркхон”ларни ҳам…

Бунинг мавзуга қандай алоқаси бор дерсиз? Ахир газетхонлик ҳам мутолаанинг бир шакли-ку. “Ёшларимизга китоб ўқи” деб туриб, “газета ўқима, интернет ўқи”, деймизми? Бунақада “осон”ига, “тезкор”ига, “тайёр”ига ўрганган эринчоқ авлодга Навоий ёки Толстойни ҳам интернет-газета сингари “ўттиз йўл” қилиб қисқартириб ўқитишимизга тўғри келмайдими?

Масаланинг яна бир томони, электрон китоблар интернетда “қалашиб ётган” бир пайтда нашриётлар ва китоб дўконлари ёпилиб кетмаяпти-ку… Унда нега сайтлар бор-ку, деб газетага “ўт қўйиш” керак?!

Тузланган бодринг “этикетка”си фойдалироқ…ми?

Воҳамиздаги туман газеталаридан айримларининг адади мажбурий нусхага ҳам етмайдиган бўлса, бошқасини босадиган бўлсангиз, қоғоз рулонидан чоп этиш ускунасигача бўлган масофада “тугаб қолади”… Ишонмайсизми? Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси маълумотларига кўра “Чироқчи” газетаси 44, “Насаф” газетаси 50 нусхада обуна тўплаган, холос…

– Бу асло газеталар ёмон чиқаётганини англатмайди, – дейди “Қамаши” газетаси бош муҳаррири Темирпўлат Тиллаев. – Кўпга келган “тўй”, бу йил тўплаган обунамиз 400 тага ҳам етмади. Бироқ баралла газетхон истаган нарсаларни бера олаяпмиз, дея оламан. “Мажбурий обуна”га барҳам бериш дегани бу мажбурий зиёсизликка йўл очиш эмас-ку. Бироқ кўпчиликка мана шу оддийгина ҳақиқатни тушунтириб бўлмаяпти.

– Балки энди “мажбурий обуна” эмас, зиёли инсон учун “обуна мажбурияти” ҳақида фикр юритиш керакдир? – дейди “Инсон манфаати” газетаси директори Ўктам Садин. (Дарвоқе, бу ижодкорнинг мавзуга доир ажойиб ташбеҳи бор экан – “газетхонлик – бу паловни қўлда ейишга ўхшайди, гашти ўзингизга маълум…”).

– Яқинда олий ўқув юрти домлаларидан бири қизиқ гап айтиб қолди, – дейди “Қашқадарё спорти” газетаси бош муҳаррири Акбар Раҳмонов. – “Янги йилдан бери деканатга кираман-чиқаман, бир нарса етишмайди денг. Нималигини билолмайман. Қарасам, бирортаям газета-журнал йўқ. Обуна бўл, деб биров айтмабдиям…”

4000дан ортиқ ададда чиқишни кўзлаётган “Хазина”, 2020 та обуна тўплаган “Ғузор ҳаёти” сингари нашрларнинг аҳволи бугун вилоятдаги бошқа таҳририят вакилларининг “кўзини ўйнатадиган даражада”…

Шунингдек, “Ҳуррият” чиқмай қолган, “Маърифат” ўтган йилгига нисбатан 4 баробар, “Ёшлар овози” 5 баробар камайган, “Жамият” бор-йўғи 1500, “Оила даврасида” 900 та адад йиққан бу йилги шароитда ҳам вилоятлар газеталаридан “Зарафшон” (Самарқанд) 19 минг 780, “Дўстлик байроғи” (Навоий) 11 минг (ўз босмахонасига эга бўлган бу таҳририятдагилар яна хафаям бўлиб ўтиришибди, айтишларича, ўтган йили обуна 20 000дан зиёд бўлган), “Андижоннома” 7 минг нусха чиқаётгани биз “қашқадарё”чилар кўнглида озгина бўлса ҳам ҳавас ва умид чироғини ёқади…(Дарвоқе, янги йилдан даврийлигини қисқартирган “Қашқадарё” 2172 нусхада босилаяпти, Ҳафтада бир марта чоп этилиб турган “Новости Кашкадарьи” эса чиқмай қолди. Қиёслаш учун: Самарқанд, Навоий, Андижон, Хоразм сингари бир қатор вилоятларда рус тилидаги вилоят газеталари ҳафтасига икки мартадан чиқиб турибди).

Босмахонадагиларларнинг ҳам кайфиятлари шунга яраша. Беш юз ё мингта газета пластинасини фалон минг доллар турадиган ҳайҳотдай чоп этиш машинасига илгандан кўра тузланган бодрингга “этикетка” чиқариш фойдалироқ бўлганидан кейин…

Хусусий нашрлар-ку, ўз кунларини ўзлари кўришга ўрганиб қолишган. Аммо таҳририятларни ДУКка айлантирган давлат нашрлари муассислари гўё ўз нашрлари билан тузган шартномаларида фақат газетанинг эмас, ўзларининг ҳам бир талай мажбуриятлари белгилаб қўйилганлигидан бехабардай…

— Вазият анча мушкул, — дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Ботир Мусулмонов. – Бир қатор газеталар чиқмай турибди (агар бу ҳолат 6 ой давом этса, уларнинг гувоҳномаси қонуний асосда бекор қилинади), айримлари иложсизликдан ўн беш кунда бир сон чиқариш тараддудида… Балки ўн бир ойлик обуна якунларидан бир ёруғлик чиқиб қолар?!

Энг қизиғи, соҳада шунча муаммо ёниб ётибдию Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими деган дабдабали ном остидаги идорадагиларнинг парвойи фалак, гўё “Бағдодда ҳаммаёқ тинч…”дай “птичка” учун ўтказиладиган тадбирлари ёхуд ўзлари (!) ташкил этган газеталарни ва газета тарқатиш тузилмаларини “тирилтириш” ва ривожлантириш йўлларини излаш билан овора…

Оқибат…

Юқорида қўйган саволимизнинг жавоби аниқ. Ҳаммамиз ҳам ютқазаяпмиз. Бепарвогина бўлиб бебаҳо бойлигимизни бой бераяпмиз.
Оқибат қаерга қараб етаклаяпти? Буни тасаввур этиш қийин эмас. Одамларни — маърифатсизликка. Босма ОАВни — боши берк кўчага (кўпгина таҳририятлар аллақачон бу кўчага кириб бўлди).

Шунча гапни фақат таҳририятлардаги “бир ҳовуч” одамнинггина эртанги тирикчилигини ўйлаб айтаётганимиз йўқ. Масалан, бизнинг мухбирларимиз ўз фаолиятларини таълим, тадбиркорлик соҳаларида ёхуд ташкилотларнинг матбуот хизматларида давом эттириб, бундан яхшироқ даромад топишлари мумкин. Аммо… улар ўз тақдирларини газета билан боғлаганлар. Босмахона бўёғининг ҳиди анқиб турган мана шу тўрт варақ қоғозни ҳаётларининг мазмуни деб биладилар. Асл ҳузур-ҳаловатни мана шу касбларидан топадилар.

Энг муҳими… Газеталар инқирози жамиятда маърифатдан ташқари бошқа қатор соҳаларда ҳам бир талай муаммоларни келтириб чиқариши тайин.

Мана улардан айримлари:

– иқтисодиётда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши кескин пасаяди;

– матбаачилик соҳасида катта йўқотишлар юз беради (босмахона фаолияти билан шуғулланадиган ишбилармонлар хориждан жуда катта миқдордаги валюта эвазига келтирган замонавий чоп этиш ускунасининг ҳали харажатини ҳам қоплаб улгуришгани йўқ);

– шундоқ ҳам мушкул вазиятда қолган почта тизими, шунингдек, газета-журнал тарқатиш билан шуғулланадиган хусусий тадбиркорлик субъектлари янги муаммолар гирдобига ғарқ бўлади;

– шундоқ ҳам табриклару майда эълонлар, кимошди савдоларидан нарига ўта олмаётган реклама бозори яна “оқсайди”;

– сиёсий партиялар сайловолди тарғиботларида муҳим таянчларидан маҳрум бўладилар;

– зиёли қатлам ўртасида ишсизлик даражаси кескин ошиб кетади…

Мана булар эса бизда кечаётган ва кечиши кутилаётган асосий “бошоғриқ”лар:

– молиявий беқарорлик (бу аҳволда ҳали-бери иқтисодий мустақиллик ва сўз эркинлиги ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча);

– интернет журналистикасининг “ютворгудай” ноинсоф ва нохолис рақобати (аллақачон бошлаб юборишди азаматлар);

– профессионал кадрларни йўқотиш (“тирикчиликнинг айби йўқ”, энди “гастарбайтер”ларимиз сафида қаламини белкуракка алмаштирган журналистлар ҳам кўпайса ажабмас);

– холислик ва ҳаққонийликни йўқотиш… (энг ёмон ютқизиқ – мана шу бўлса керак…)

Дарвоқе, Брэдберининг яна бир ҳикмати бор: “Китобни оловда ёқишдан ҳам ёмонроқ жиноятлар бор. Мисол учун уни ўқимаслик”.

Ҳеч шубҳасиз, ГАЗЕТАни ҳам…

07  Jamiyatimizdagi xayrli oʻzgarishlar sharofati bilan “majburiy obuna” kampaniyasiga barham berildi. Koʻrib turibmiz, bu jarayon oson kechmadi. U koʻpgina tahririyatlarni birmuncha mushkul vaziyatga solib qoʻydi, baʼzi gazetalar chiqmay qoldi, ayrimlar davriyligini qisqartirdi, boshqalari esa maosh va xodimlarini…

Nuriddin EGAMOV
YONAYOTGAN GAZЕTA
Yoxud “Majburiy obuna”ga barham berish –
bu majburiy ziyosizlikka yoʻl ochish degani emas-ku…

09

099Nuriddin Egamov 1975 yilda Qarshi tumanidagi Qovchin qishlogʻida tugʻilgan. 1997 yilda Qarshi Davlat universitetining oʻzbek filologiyasi fakultetini bitirgan. 1997 yilda Qashqadaryo viloyat hokimligi muassisligidagi “Qashqadaryo” va “Kashkadarya” gazetalari tahririyatida muxbirlikdan ish boshlagan. Bugungi kunda “Qashqadaryo” gazetasida boʻlim muharriri boʻlib ishlamoqda.

Jamiyatimizdagi xayrli oʻzgarishlar sharofati bilan “majburiy obuna” kampaniyasiga barham berildi. Koʻrib turibmiz, bu jarayon oson kechmadi. U koʻpgina tahririyatlarni birmuncha mushkul vaziyatga solib qoʻydi, baʼzi gazetalar chiqmay qoldi, ayrimlar davriyligini qisqartirdi, boshqalari esa maosh va xodimlarini…

Ha, hamkasblarim yozishganiday shu kunlarda bosma OAV vakillari bir-birlari bilan odatdagiday “sogʻligʻingiz yaxshimi?” tarzida emas, “obunangiz qanday?” deb soʻrashayotgani bejiz emas.

Afsuski, bu jarayon butunlay notoʻgʻri va asossiz qarashlarni hamda bir talay anglashilmovchiliklarni ham keltirib chiqardi (bu xususda quyiroqda toʻxtalamiz). Bu boradagi bahslar oʻzaro davralardan tortib, OAV efiri va sahifalariga ham toshib chiqdi. Nimalar deb atashmadi bosma nashrlarni: “dinozavr”, “oʻlib borayotgan” va hokazo. Ahvol shu darajaga yetdiki, oʻtgan yil mavsum davomida xuddi bu jinoyatday biron kishiga “gazetaga obuna boʻling”, deya olmay qoldik. Darrov ogʻzimizga uradiganlar topildi. Yana hamkasblarim aytmoqchi: “Hoʻlu quruq baravar yondi”, “Burgaga achchiq qilib, koʻrpa kuydirildi”. “Obunasizlik” “tegirmon”iga esa qator internet saytlari tinmay “suv quyib” turishdi.

Xoʻsh, bundan kim yutdiyu kim yutqazdi? Gazetchimi? Gazetxonmi? Tashkilotchimi? Targʻibotchimi? Muxbiru muharrirmi? Muassismi? Chop etuvchimi? Tarqatuvchimi? “Chat”dagilarmi, “sayt”dagilarmi?! Mavzuimiz mana shu xususda.

“Bola”lariga magʻlub boʻlgan “ota”lar

Avvalo aytib qoʻyay, oʻzimning ham har kuni kuzatib boradiganim bir qator sevimli internet-nashrlarim bor. Bosma nashr vakili sifatida “internetdagilar yo bloggerlar bizga anchagina “tosh” otibdi, men ham hech boʻlmasa “kesak” qaytaray” degan fikrdan yiroqman. Eʼtirozlarim shunga oʻxshab qolmasmikan, degan istiholada uzoq vaqt ushbu qoralamalarni qogʻozga tushira olmasdan yurdim. Biroq… Buyogʻi oshib ketayapti-da. Hatto nafsoniyatingga, gʻururingga tegishdan ham tap tortishmayapti “internetchi” hamkasblarimiz. Mana, birgina misol…

Oddiy arifmetika: agar x=5 ekani aniq boʻlsa, tenglamadagi barcha x lar oʻrniga beshni qoʻyib hisoblashga tushamiz. Shu oddiygina qoidadan kelib chiqadigan boʻlsak, nufuzli saytlarning birida eʼlon qilingan mavzuga doir maqoladagi “davriy nashrlar”, “bosma nashrlar”, “gazeta” singari soʻzlar oʻrniga “otalar”, “internet nashrlar” soʻzi oʻrniga “bolalar” soʻzini qoʻyib, oʻqib koʻrdim. (Nega deysizmi? Kinoning “ota”si teatr, TVning “ota”si radio boʻlgani kabi internet jurnalistikasi ham osmondan osilib tushgani yoʻq. U davriy (yoki bosma) nashrlarning “farzand”i).

Xullas, maqolani “x=…” uslubida oʻqib koʻrishga harakat qilamiz:

“Oʻlib borayotgan otalar

Toʻgʻrisini tan olish kerak, bugungi kunda otalar jamiki pozitsiyalarda bolalarga magʻlub boʻlib ulgurdi. Otalarning “paymonasi toʻlgani”ga ishongisi kelmayotganlargina bu fikrga qarshi chiqishadi, albatta. Men buni choʻkayotgan insonning xasga yopishishiga mengzayman. Aslida otalarning hayotda tutgan oʻrni tugab borayotgani butun dunyoda kuzatilayotgan holat. … faol otalar ham majburlikdan bolalashmoqda. Bizdagi otalarni endi qoʻyavering…”

Agar publitsistikadagi bu “innovatsion uslub”ni nomlash kerak boʻlganida, menimcha, nomi “betgachoparlik” yoki “andishasizlik” boʻlardi…
Agar otasini “Qariyalar uyi”ga obborib qoʻyganlar uyiga borib, qarsak chalib, oʻyin tushishgacha borsalar, muallifga ham boshqa eʼtirozimiz yoʻq…

“Kurashadi ikki toʻlqin…”

Bir paytlar repperlar va estradaning yangi “yulduzcha”lari maqomchilarga qarab ularni kim taniydiyu kim eshitayapti, qabilida tosh otib qolishuvdi… Vaholanki, eshitadiganlaru tushunadiganlar kam boʻlgani – bu bugun dunyo tan olayotgan va intilayotgan maqom sanʼati va maqomchining aybi emasligi hammaga ayon haqiqat. Bizdagi vaziyat ham shunga oʻxshab ketayapti.

Oʻzi bu ikki “toʻlqin” qayerdan paydo boʻldi? Etni tirnoqdan ayirib boʻladimi? Gazetalar internet nashrlarining arpasini xom oʻruvmidiki, bunchalik malomat, bunchalik kinu adovat?!

Boring, ana, gazeta yoʻq boʻldi, deylik. Internet nashrlarining koʻchasida bayram boʻp qoladimi? Yo shuncha gazetxon gurrr etib saytlarga yopiriladimi? Yoxud reklama beruvchi kompaniyalar “iltimos, shartnoma tuzaylik”, deb ularning eshigini qoqadimi? Yo gazetalardagi professional kadrlarga qarmoq tashlashayaptimi ular?

Axir hali-hanuz koʻpgina internet saytlari gazetalardagi materiallarni insof qilsa, manbasini qoʻyib, boʻlmasa, soʻrab ham oʻtirmasdan koʻchirib bosib yotibdi-ku. “Tuzini yeb…” boʻlayapti-ku bu yogʻi…

Qolaversa, “yangi soha”da ishlayotganlarning aksariyatini surishtirsangiz, ilgari gazetaning qattiq nonini yeb yurgan boʻlib chiqadi…

Bugun “Hurriyat”ni yoqishar… ertaga “Maʼrifat”ni…

Mashhur fantast yozuvchi Rey Bredberi qalamiga mansub “Farengeyt boʻyicha 451 daraja” asarining bosh qahramoni Gay Monteg – oddiy oʻt oʻchiruvchi. Aslini olganda unga oʻt oʻchiruvchi degan emas, aksincha oʻt yoquvchi degan taʼrif toʻgʻri keladi. Chunki uning vazifasi xavf-xatar signali olinganidan soʻng darhol “samandar” mashinasida tegishli manzildagi uyga yetib borish, uyning eshik romlarini sindirib boʻlsa-da ichkariga kirib, … “oʻz vazifasini bajarish”. Faqat rezina shlanglardan suv oʻrniga kerosin otiladi. Oʻtsocharlar u va u yashayotgan jamiyat uchun oʻta xavfli boʻlgan bir buyumga yoʻnaltiriladi. “Bu yomon ish emas, – deydi uning oʻzi bu xususda bamaylixotir. – Dushanba kuni Edna Milley kitoblarini yoqamiz, chorshanba kuni Uitmanni, juma kuni Folknerni kuydiramiz”. Ha, uning kundalik ishi – kitoblarni yoqish!

Gazetchilarni malomat qilayotgan hamkasblarimiz Montegga oʻxshab ketmayaptilarmi? Bugun “Hurriyat”ni yoqishar, ertaga “Maʼrifat”, indinga “Jamiyat”ni… Vaholanki, bosma OAV vakillari hurriyatimizning mustahkamligi, maʼrifatimizning kamoli, jamiyatimizning ravnaqi yoʻlida xizmat qilayotganlarning old saflarida…

Yonayotgan gazetalar taftiga qancha vaqt isinish mumkin? Bu alanga atrofida qancha paytgacha bayram qilib boʻladi oʻzi?

Irmoqlar qoʻshilsa, daryo boʻladi

— Internet jurnalistikasining ustunlik jihatlarini ham tan olishimiz zarur, — deydi “Oltin qalam” mukofoti sovrindori Abdunabi Abdiyev. – Masalan, tezkorlikda unga yetadigani yoʻq. Biroq koʻp hollarda tahlilning yoʻqligi, borining ham oʻta sayoz va xomligi, axborotning ishonchlilik darajasining kamligi va tez oʻzgaruvchanligi, yangilik yetkazishdagi shoshma-shosharlik, mohiyatga emas, shaklga bogʻlanib qolish uni vazmin qariya oldidagi hovliqma oʻsmirga oʻxshatib qoʻyishi ham bor gap. Bugun aytaylik, oʻtgan asrning yigirmanchi-oʻttizinchi yillaridagi voqealarni tarixchilarimiz qayerdan tiklashayapti? Hech shubhasiz, gazeta sahifalaridan! Misol uchun, “Oltin qalam” xalqaro tanlovining Bosh Milliy mukofotiga eng birinchi boʻlib sazovor boʻlgan “Qashqadaryo” gazetasining salkam toʻqson besh yillik tarixi bor. Uning turgan-bitgani – solnoma. Yuz yildan soʻng internet nashrdagi axborotlar saqlanib turishiga kim kafolat beradi?

Mana, ayrim bosma nashrlarimizda “Ijtimoiy tarmoqlarda” degan ruknlar paydo boʻldi. OʻzA viloyat nashrlaridagi zoʻr maqolalarni koʻchirib bera boshladi. Demoqchimanki, doʻstona va oʻzaro manfaatli hamkorlikka nima yetsin!

Shu oʻrinda mashhur multfilmdagi “Bolalar, kelinglar, doʻst-inoq boʻlib yashaylik”, degan ibora yodimizga tushadi.

Ha, toʻlqinlar birlashsa — irmoq, irmoqlar tutashsa — daryo boʻladi!

Tomoqqa tiqilgan non

Afsuski, ayrimlar oʻzlarini majburiy obuna jabrdiydalarining jasur himoyachisi sifatida namoyon etishga oʻrganib qoldilar. Goʻyo mamlakatdagi yuzlab gazeta-jurnallarda rizqini terib yurganlarning hammasi yulgʻich, kazzobu, yolgʻiz oʻzlari “avliyo”…

Toʻgʻrisini aytsam, bugun peshona terimning mahsuli – gazetchilikdan topgan nonim tomogʻimga tiqilib qolayapti (oʻzi shundoq ham bu sohaning “noni qattiq” deydilar). Goʻyo tepamda minglab odamlar barmogʻini bigiz qilib “Sen muttaham, gazetchi, bechora oʻqituvchining nonini yarimta qilib, bola-chaqa boqayapsanmi?”, deyayotganday…

Vaholanki… Baralla ayta olamiz: Nonimiz halol! Birovdan muttahamchiligimiz yoʻq. Oʻz ishimizni vijdonan bajarayapmiz. Oʻqituvchilarning majburiy mehnatga jalb etilayotgani haqida aynan bizning gazetamizda bundan besh yil ilgari ancha shov-shuvli maqolalar berilgan edi…

Yaqinda gazetamizda oʻtgan yil davomida eʼlon qilingan tanqidiy-tahliliy maqolalarning 40 tasi (aslida ular bundan uch baravar koʻp edi) yana bir bor eslatilib, tahlil qilindi. Hamkasblarim hali un va yoʻlkira narxining asossiz oshirilishi, hali bozordagi narx-navoyu tarozi, hali isimayotgan maktablaru qabuldagi “navbat”i buzilayotgan bogʻchalar, hali yer ololmayotgan fermeru sarson boʻlgan tadbirkor… singari odamlarni qiynayotgan tashvish va muammolarni xolisona tarzda, oʻziga xos mahorat bilan, dadil koʻtarib chiqishdi. Va… bu orqali professional burchlarini bajarishdi. Buning tagida qanchalik mashaqqatli mehnat borligini boshidan oʻtkazgan biladi. Boshqa bir qator nashrlarda ham ana shunday zahmatkash hamkasblarimiz zimmalariga elning yukini ortmoqlab mehnat qilishayapti. Hech shubhasiz, bu zahmatkashlarning OʻZ OBUNACHILARI OLDIDA YUZLARI YORUGʻ!!!

Aslida…

Hoʻlu quruq baravar yonmasligi kerak. Kimlardir kimlargadir orqa qilib, qandaydir “richag”lardan foydalangan boʻlsa bordir. Biroq bir narsa aniq. Aslida “majburiy obuna sxemasi”da aksariyat hollarda tahririyatlar kimlardir qoʻllarini bigiz qilib koʻrsatishganiday “aybdor” emas, JABRLANUVCHIdir. Bu gaplarning obuna targʻiboti va gazetani tarqatish borasidagi fidoyi hamkor doʻstlarimizga aslo aloqasi yoʻq, ammo…

Koʻplab korxona, tashkilot va muassasalarda obuna uchun masʼul boʻlgan ayrim nopok shaxslar yaltiroq shiorlar bilan maʼrifat va ziyo haqida ogʻiz koʻpirtirib, nazoratsiz oqib yotgan obuna “arigʻi”ga chelak solishardi. Undan keyin mavsum paytida oʻrtada dallol boʻlib, keyin na tahririyatga pul, na obunachiga gazeta beradigan tarqatuvchilar… Oqibatda tahririyatgacha yetib keladigan “ariq”dagi jildiragan “suv” “egatni loylash”ga ham yetmasdi. Muxbirning ulushi ertakdagi tulki “taqsimlagan” pishloqqa oʻxshab qolardi. Yanayam jaydariroq aytganda bunday paytlarda gazetchi yil boʻyi mehnat qilib, bozorda ustamon olibsotarga mahsulotini yarim narxiga oldirib qoʻygan dehqonning ahvoliga tushardi.

Bir paytlar gazeta tarqatish biznesini boshlagan tanishimga “shu ham ish boʻptiyu”, deganim rost. Biroq bugun birgina viloyatimizda matbuot nashrlarini tarqatish bilan shugʻullanadigan, tahririyat bilan shartnoma tuzmasdan turib ham uning nomidan obuna pulini qabul qilaveradigan tashkilotlarning soni qisqa vaqtda yigirmadan oshib ketgani gazeta chiqaradiganlardan koʻra tarqatadiganlarning “kapgiri moy ustida” ekanidan dalolat bermaydimi?

Bizga kitobxonlar kerakmi yo …

Ajoyib tashabbus bilan yoshlarimizni kitobxonlikka undamoqchi boʻldik. Mukofotiga mashina qoʻyildi. Joriy yilda vohamizda bu tanlovga mamlakat boʻyicha eng koʻp ariza topshirilgani qayd etildi. Hech shubhasiz, tanlov iqtidorli yosh kitobxonlarni kashf etdi. Ammo, oʻzingiz TV orqali koʻrdingiz, afsuski, manfaat uchungina kitob varaqlaydigan “sparkxon”larni ham…

Buning mavzuga qanday aloqasi bor dersiz? Axir gazetxonlik ham mutolaaning bir shakli-ku. “Yoshlarimizga kitob oʻqi” deb turib, “gazeta oʻqima, internet oʻqi”, deymizmi? Bunaqada “oson”iga, “tezkor”iga, “tayyor”iga oʻrgangan erinchoq avlodga Navoiy yoki Tolstoyni ham internet-gazeta singari “oʻttiz yoʻl” qilib qisqartirib oʻqitishimizga toʻgʻri kelmaydimi?

Masalaning yana bir tomoni, elektron kitoblar internetda “qalashib yotgan” bir paytda nashriyotlar va kitob doʻkonlari yopilib ketmayapti-ku… Unda nega saytlar bor-ku, deb gazetaga “oʻt qoʻyish” kerak?!

Tuzlangan bodring “etiketka”si foydaliroq…mi?

Vohamizdagi tuman gazetalaridan ayrimlarining adadi majburiy nusxaga ham yetmaydigan boʻlsa, boshqasini bosadigan boʻlsangiz, qogʻoz rulonidan chop etish uskunasigacha boʻlgan masofada “tugab qoladi”… Ishonmaysizmi? Viloyat matbuot va axborot boshqarmasi maʼlumotlariga koʻra “Chiroqchi” gazetasi 44, “Nasaf” gazetasi 50 nusxada obuna toʻplagan, xolos…

– Bu aslo gazetalar yomon chiqayotganini anglatmaydi, – deydi “Qamashi” gazetasi bosh muharriri Temirpoʻlat Tillayev. – Koʻpga kelgan “toʻy”, bu yil toʻplagan obunamiz 400 taga ham yetmadi. Biroq baralla gazetxon istagan narsalarni bera olayapmiz, deya olaman. “Majburiy obuna”ga barham berish degani bu majburiy ziyosizlikka yoʻl ochish emas-ku. Biroq koʻpchilikka mana shu oddiygina haqiqatni tushuntirib boʻlmayapti.

– Balki endi “majburiy obuna” emas, ziyoli inson uchun “obuna majburiyati” haqida fikr yuritish kerakdir? – deydi “Inson manfaati” gazetasi direktori Oʻktam Sadin. (Darvoqe, bu ijodkorning mavzuga doir ajoyib tashbehi bor ekan – “gazetxonlik – bu palovni qoʻlda yeyishga oʻxshaydi, gashti oʻzingizga maʼlum…”).

– Yaqinda oliy oʻquv yurti domlalaridan biri qiziq gap aytib qoldi, – deydi “Qashqadaryo sporti” gazetasi bosh muharriri Akbar Rahmonov. – “Yangi yildan beri dekanatga kiraman-chiqaman, bir narsa yetishmaydi deng. Nimaligini bilolmayman. Qarasam, birortayam gazeta-jurnal yoʻq. Obuna boʻl, deb birov aytmabdiyam…”

4000dan ortiq adadda chiqishni koʻzlayotgan “Xazina”, 2020 ta obuna toʻplagan “Gʻuzor hayoti” singari nashrlarning ahvoli bugun viloyatdagi boshqa tahririyat vakillarining “koʻzini oʻynatadigan darajada”…

Shuningdek, “Hurriyat” chiqmay qolgan, “Maʼrifat” oʻtgan yilgiga nisbatan 4 barobar, “Yoshlar ovozi” 5 barobar kamaygan, “Jamiyat” bor-yoʻgʻi 1500, “Oila davrasida” 900 ta adad yiqqan bu yilgi sharoitda ham viloyatlar gazetalaridan “Zarafshon” (Samarqand) 19 ming 780, “Doʻstlik bayrogʻi” (Navoiy) 11 ming (oʻz bosmaxonasiga ega boʻlgan bu tahririyatdagilar yana xafayam boʻlib oʻtirishibdi, aytishlaricha, oʻtgan yili obuna 20 000dan ziyod boʻlgan), “Andijonnoma” 7 ming nusxa chiqayotgani biz “qashqadaryo”chilar koʻnglida ozgina boʻlsa ham havas va umid chirogʻini yoqadi…(Darvoqe, yangi yildan davriyligini qisqartirgan “Qashqadaryo” 2172 nusxada bosilayapti, Haftada bir marta chop etilib turgan “Novosti Kashkadari” esa chiqmay qoldi. Qiyoslash uchun: Samarqand, Navoiy, Andijon, Xorazm singari bir qator viloyatlarda rus tilidagi viloyat gazetalari haftasiga ikki martadan chiqib turibdi).

Bosmaxonadagilarlarning ham kayfiyatlari shunga yarasha. Besh yuz yo mingta gazeta plastinasini falon ming dollar turadigan hayhotday chop etish mashinasiga ilgandan koʻra tuzlangan bodringga “etiketka” chiqarish foydaliroq boʻlganidan keyin…

Xususiy nashrlar-ku, oʻz kunlarini oʻzlari koʻrishga oʻrganib qolishgan. Ammo tahririyatlarni DUKka aylantirgan davlat nashrlari muassislari goʻyo oʻz nashrlari bilan tuzgan shartnomalarida faqat gazetaning emas, oʻzlarining ham bir talay majburiyatlari belgilab qoʻyilganligidan bexabarday…

— Vaziyat ancha mushkul, — deydi viloyat matbuot va axborot boshqarmasi boshligʻi Botir Musulmonov. – Bir qator gazetalar chiqmay turibdi (agar bu holat 6 oy davom etsa, ularning guvohnomasi qonuniy asosda bekor qilinadi), ayrimlari ilojsizlikdan oʻn besh kunda bir son chiqarish taraddudida… Balki oʻn bir oylik obuna yakunlaridan bir yorugʻlik chiqib qolar?!

Eng qizigʻi, sohada shuncha muammo yonib yotibdiyu Oʻzbekiston Jurnalistlari ijodiy uyushmasi viloyat boʻlimi degan dabdabali nom ostidagi idoradagilarning parvoyi falak, goʻyo “Bagʻdodda hammayoq tinch…”day “ptichka” uchun oʻtkaziladigan tadbirlari yoxud oʻzlari (!) tashkil etgan gazetalarni va gazeta tarqatish tuzilmalarini “tiriltirish” va rivojlantirish yoʻllarini izlash bilan ovora…

Oqibat…

Yuqorida qoʻygan savolimizning javobi aniq. Hammamiz ham yutqazayapmiz. Beparvogina boʻlib bebaho boyligimizni boy berayapmiz.
Oqibat qayerga qarab yetaklayapti? Buni tasavvur etish qiyin emas. Odamlarni — maʼrifatsizlikka. Bosma OAVni — boshi berk koʻchaga (koʻpgina tahririyatlar allaqachon bu koʻchaga kirib boʻldi).

Shuncha gapni faqat tahririyatlardagi “bir hovuch” odamninggina ertangi tirikchiligini oʻylab aytayotganimiz yoʻq. Masalan, bizning muxbirlarimiz oʻz faoliyatlarini taʼlim, tadbirkorlik sohalarida yoxud tashkilotlarning matbuot xizmatlarida davom ettirib, bundan yaxshiroq daromad topishlari mumkin. Ammo… ular oʻz taqdirlarini gazeta bilan bogʻlaganlar. Bosmaxona boʻyogʻining hidi anqib turgan mana shu toʻrt varaq qogʻozni hayotlarining mazmuni deb biladilar. Asl huzur-halovatni mana shu kasblaridan topadilar.

Eng muhimi… Gazetalar inqirozi jamiyatda maʼrifatdan tashqari boshqa qator sohalarda ham bir talay muammolarni keltirib chiqarishi tayin.

Mana ulardan ayrimlari:

– iqtisodiyotda xizmat koʻrsatish sohasining ulushi keskin pasayadi;

– matbaachilik sohasida katta yoʻqotishlar yuz beradi (bosmaxona faoliyati bilan shugʻullanadigan ishbilarmonlar xorijdan juda katta miqdordagi valyuta evaziga keltirgan zamonaviy chop etish uskunasining hali xarajatini ham qoplab ulgurishgani yoʻq);

– shundoq ham mushkul vaziyatda qolgan pochta tizimi, shuningdek, gazeta-jurnal tarqatish bilan shugʻullanadigan xususiy tadbirkorlik subyektlari yangi muammolar girdobiga gʻarq boʻladi;

– shundoq ham tabriklaru mayda eʼlonlar, kimoshdi savdolaridan nariga oʻta olmayotgan reklama bozori yana “oqsaydi”;

– siyosiy partiyalar saylovoldi targʻibotlarida muhim tayanchlaridan mahrum boʻladilar;

– ziyoli qatlam oʻrtasida ishsizlik darajasi keskin oshib ketadi…

Mana bular esa bizda kechayotgan va kechishi kutilayotgan asosiy “boshogʻriq”lar:

– moliyaviy beqarorlik (bu ahvolda hali-beri iqtisodiy mustaqillik va soʻz erkinligi haqida gapirishning oʻzi ortiqcha);

– internet jurnalistikasining “yutvorguday” noinsof va noxolis raqobati (allaqachon boshlab yuborishdi azamatlar);

– professional kadrlarni yoʻqotish (“tirikchilikning aybi yoʻq”, endi “gastarbayter”larimiz safida qalamini belkurakka almashtirgan jurnalistlar ham koʻpaysa ajabmas);

– xolislik va haqqoniylikni yoʻqotish… (eng yomon yutqiziq – mana shu boʻlsa kerak…)

Darvoqe, Bredberining yana bir hikmati bor: “Kitobni olovda yoqishdan ham yomonroq jinoyatlar bor. Misol uchun uni oʻqimaslik”.

Hech shubhasiz, GAZЕTAni ham…

033

(Tashriflar: umumiy 299, bugungi 1)

Izoh qoldiring