Rey Bredberi. Farengeyt bo‘yicha 451 daraja & Nuriddin Egamov. Kitob ko’targan odam

Ashampoo_Snap_2017.03.27_18h44m47s_004_.png    Яқинда “Жаҳон адабиёти” журналининг эски сонларидан бирида бетакрор  америкалик фантаст ёзувчи  Рэй Брэдберининг “Фаренгейт бўйича 451 даража” асарини такроран ўқидим. Ва… таассуротларимни Сизга ҳам илиндим…

КИТОБ КЎТАРГАН ОДАМ
Нуриддин Эгамов
008

Бир тасаввур қилиб кўринг. Хонадонингизда битта ҳам китоб йўқ. Мактабда ҳам, кутубхонада ҳам, идораю офисларда ҳам, компьютер сайтларию дўкон ва бозордан ҳам бу зормандани излаб ҳам тополмайсиз. Китоб ўқиган у ёқда турсин, сақлаган одамни бешафқат таъқиб кутади…

Шунда нима бўлади?

Яқинда “Жаҳон адабиёти” журналининг эски сонларидан бирида Рэй Брэдберининг “Фаренгейт бўйича 451 даража” асарини такроран ўқидим. Ва… таассуротларимни Сизга ҳам илиндим…

“Улар бизнинг яшашимизга халақит беришади”

Ray_Bradbury_drawn_for_the_NY_Times_Book_Review_sometime_in_the_'80s.jpgМашҳур америка фантаст ёзувчиси Рэй Брэдбери 1920 йилнинг 22 августида Уокиган (Иллинойс штати) шаҳрида дунёга келган. Илк ҳикояси 1941 йилда босилган адиб 92 йил яшади ва улкан адабий мерос қолдирди. Унинг китоблари бутун дунёдаги фантаст адабиёти ихлосмандларига таниш ва севимли эди. Айниқса, унинг “Момақаймоқ шароби”, “Марс хроникалари”, “Фаренгейт бўйича 451 даража”, “Боқий баҳор кунлари китоблари”, “Инсоният хотираси”, “Денгиз, соҳил ва дарё қушлари”, “Совуқ шамол, илиқ шамол”, “Одамларга яхшилик қил” сингари ўнлаб китоблари барча қитъаларда севиб ўқилади. Ақалли олий маълумотга ҳам эга бўлмагаан Рей Брэдбери адабиётдаги хизматлари ва асарлари учун кўплаб мукофотларга сазовор бўлган ёзувчи эди.

Брэдбери ўта кучли шахс эди: кейинги йилларда у ногиронлик курсисига михланиб қолган, битта қўли умуман ишламасди, аммо кўзларида ҳаёт порлар эди. У тўқсон ёшида, касал ҳолида ҳам дунёдаги воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиб турар ва тинимсиз ишлар эди! Уни илмий фантастика даҳоси, коинот асри шоири деб ҳисоблашарди, аммо ўзи бу таърифларни ёқтирмас ва одамлар ҳақида ёзяпман, дея таъкидларди. Гарчи ярим аср муқаддам плазмали телевизорлар, банкоматлар ва кузатув камералари ҳақида ўз асарларида башорат қилган бўлса-да, адибнинг уйидаги бор-йўқ техника телевизор ва оддий телефондангина иборат эди. Рэй Брэдбери машиналардан, компьютерлардан ва интернетдан нафратланишини яшириб ўтирмаган: «Улар бизнинг яшашимизга халақит беришади, улар бизнинг вақтимизни олиб қўйишади. Одамлар компьютерда жуда кўп ишлашади. Улар бир-бирларини тинглаш ўрнига, жуда кўп вайсашади».

“Ёниб кул бўлгунча ёндир, кейин кулини ҳам ёқиб юбор”

mugnaini_451-1b7ieui.gif“Фаренгейт бўйича 451 даража”нинг бош қаҳрамони Гай Монтэг – оддий ўт ўчирувчи. Аслини олганда унга ўт ўчирувчи деган эмас, аксинча ўт ёқувчи деган таъриф тўғри келади. Чунки унинг вазифаси хавф-хатар сигнали олинганидан сўнг дарҳол “самандар” машинасида тегишли манзилдаги уйга етиб бориш, уйнинг эшик ромларини синдириб бўлса-да ичкарига кириб, … “ўз вазифасини бажариш”. Фақат резина шланглардан сув ўрнига керосин отилади. Ўтсочарлар у ва у яшаётган жамият учун ўта хавфли бўлган бир буюмга йўналтирилади. “Бу ёмон иш эмас, – дейди унинг ўзи асар бошида бу хусусда бамайлихотир. – Душанба куни Эдна Миллей китобларини ёқамиз, чоршанба куни Уитманни, жума куни Фолкнерни куйдирамиз. “Ёниб кул бўлгунча ёндир, кейин кулини ҳам ёқиб юбор”. Профессионал шиорларимиз ана шундай”.

Ҳа, унинг кундалик иши – китобларни ёқиш! Барча ҳамкасблари сингари у мана шундай ҳаёт тарзига кўникиб кетган. Хабар келса, боради, ёқади, қайтади…
Тўрт девор орасидаги “девор”лар

Монтэг тунда навбатчиликни тугатиб, атрофга танасининг ич-ичигача сингиб кетган керосин ҳидини анқитиб уйига қайтади. Уйида эса унинг келаётганини ҳам, кетаётганини ҳам сезмайдиган, меҳмонхонасининг уч деворига ҳам улкан плазмали телевизор ўрнатиб олиб, куну тун экрандаги дастурлар, аллақандай шоулару сериалларга шўнғиб кетган, боқибеғам хотини Милли бор. Бу хотин экрандаги “қариндош”лари ҳаётига шу қадар кириб кетганки, ҳатто қанча уйқу дори ичганини, сўнг ўлар даражада ҳушидан кетганини, кечаси “Тез ёрдам”да келган санитарлар қонини бутунлай сўриб олиб, янгидан қон қуйишганини… ўн йил бирга яшаган турмуш ўртоғи билан биринчи марта қаерда учрашганини ҳам эслай олмайди. Бутун фикри-хаёли эрига ғингшиб, меҳмонхонанинг тўртинчи деворига ҳам улкан экран ўрнаттириш ташвиши билан банд. Атрофидаги ҳам ўзи сингари дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган, бирови фарзандларни ортиқча ташвиш деб ҳисоблайдиган (“Бизнинг давримизда эсли-ҳушли одам болани нима қилади?”), бошқаси эса ойида уч кунгина уйида бўладиган болаларини меҳмонхонага “девор”ларни томоша қилишга ҳайдайдиган (“Худди кир ювгандек. Кирни машинага соласизу, шақ этиб, қопқоғини ёпасиз”) вайсақи дугоналари билан тўрт девор орасида умрини ўтказиб юраверади.

Кўчада эса реактив тезликдаги машиналарда шунчаки ҳордиқ учун сайр қилаётган, бир-бирига бефарқ, ҳис-туйғулардан мосуво оломон… Шунчалик лоқайдки, бошларида учаётган бомбардимончи самолётлар, эрта-индин бошланиши муқаррар бўлган уруш хавфига ҳам парвойифалак, ўзларининг бемаъни кундалик ташвишларига, кайф-сафоларига, эрмакларига бошлари билан шўнғиб кетишган…

Нажот фариштаси ёхуд “ётиб-ётиб портлайдиган бомба”

Шундай кунлардан бирида Монтэг тунда ишдан қайтаётиб, Кларисса исмли қизга дуч келади. Дастлаб Монтэгга телбадек туюлган масъума қиз унга ўрмонда кезиш, қушларни томоша қилиш, капалаклар тутиш, ёмғирда сайр қилиш, япроқларнинг долчинмонанд ҳидини туйиш, момақаймоқ қидириш ҳақида гапириб беради. Ва ҳиссиз темиртанга айланаёзган ўт ўчирувчининг онгу шуурида ғалати ўзгаришлар бошланади. Алалоқибат ўзининг бахтсиз. ўн карра бахтсиз эканлигини англаб қолади. Уни ҳайрат дунёсига етаклаган Клариссанинг сирли ўлимидан сўнг бу туйғуси янада алангаланиб кетади. “Истайсанми, йўқми, боши берк кўчага кириб қолганимиз аниқ, – дейди у хотинига. – … Сену мана бу ҳапдориларинг, тунлари автомобилда бемаъни сайр қилишларинг, мен ва менинг ишим қаердан пайдо бўлди, ниҳоят буларнинг тагига етиб тушуниб олишимиз керак. Биз тубсиз жарликка қараб кетаяпмиз, Милли…”.

Ashampoo_Snap_2017.03.27_18h46m39s_005_.pngҲа, у нажотни ўзи ҳар куни ёқаётган КИТОБлардан излайди. Шундан сўнг у китоблардан айримларини аввал ўқиб кўришга ҳаракат қилади. Аммо етти ухлаб, тушига ҳам кирмаган, муқаррар даражада ўлимга олиб борадиган бениҳоя кучли таъқибга дуч келади. Ҳа, Монтэг яшаётган жамиятда ўзининг кимлигини, атрофида нималар бўлаётганини, ҳаётнинг моҳиятини англашга интилиб, китобларга талпинган одамни телбага чиқазишарди. Бундай киши масъума Кларисса сингари жамият учун хавфли деб ҳисобланар, алалоқибат гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора йўқ қилиб юбориларди (“Қиз эса ётиб-ётиб портлайдиган бомбанинг нақ ўзи экан, – дейди бу хусусда ўт ўчирувчилар бошлиғи Битти. –… Уни бирон нарса қилиниши эмас, нимага ва нима учун қилиниши қизиқтирар эди. Бундай қизиқувчанлик хавфлидир. Нима учун, нега деб қизиқа бошладингми, тамом, вақтида эсингни йиғиб олмасанг, охири вой бўлади. Бечора ўлиб тинчиди…”).

“Ўзлари тушунишлари, ўзлари ўйлаб кўришлари лозим…”

Асарни мутолаа қилар экансиз, кўз ўнгингизда беихтиёр КИТОБСИЗЛАНИШ фожеаси, аниқроғи китобсиз жамият таназзули намоён бўлади.

“Ҳаммаси қуриб кетсин, – дея жазава билан ўшқиради бу жамиятнинг зомбига айланган вакилларидан бири. – Бизга ўйин-кулги кечалар, акробатлар ва фокусчилар, хатарли машқлар, реактив автомобиллар, мотоцикл-ҳеликоптерлар, порнография ва наркотиклар беришса бас. Кўпроқ оддий автоматик рефлекслар уйғотадиган нарсалардан бўлсин! Агар драма мазмунсиз, фильм саёз, комедия бўш, қизиқарсиз бўлса, мени жунбушга келтирадиган нарса беринг – қулоқни қоматга келтирадиган мусиқа билан асабларимга зарба беринг… Менга барибир эмасми? Чангимни қоққандек силкитишларини жудаям яхши кўраман…”

Шафқатсиз таъқибдан қочган Гай Монтэг тасодифан бир гуруҳ кишиларга дуч келади. Маълум бўлишича, улар худди шундай таъқибдан қочиб, ёқилган китобларни ёдлаб, хотираларида сақлайдиган алломалар экан. Уларнинг бири Афлотун, иккинчиси Шекспир, учинчиси Конфуций, тўртинчиси Ганди… “Биз китобларни оғиздан-оғизга фарзандларимизга етказамиз, улар эса ўз навбатида бошқаларга етказишади, – дейди алломалар етакчиси Грэнжер. – Талай қисми йўқотилган бўлади, шубҳасиз. Бироқ одамларни куч билан тинглашга мажбур қилиш мумкин эмас. Уларнинг ўзлари тушунишлари, нега шундай бўлгани, нега уларнинг кўз ўнгида дунё портлаб кетганини ўзлари ўйлаб кўришлари лозим”.

Дунёнинг асл халоскорлари

Асарни қайта ўқиб, кўп мулоҳазалар хаёлимда чарх урди. Телевидение, радио, мобиль алоқа, интернет, 5D ўлчамдаги кинотеатрлар ва бошқа технологиялар тараққий этган даврда одамларнинг китобдан, мутолаадан узоқлашиб кетаётгани ҳақида кўп гапираяпмиз. Кўчада. бекатда ё бозорда қўлида бир “блок” ароқ кўтарган кишини кўрсак бепарво ўтамизу бир даста китоб кўтарган одам кўзимизга алланечук ғалати кўринади (эсимда, ўзаро суҳбатларимиздан бирида бир ўсмир “китоб кўтариб юришдан уяламан”, деб айтганди).

Ҳамкасбим Акбар Раҳмонов надомат билан айтиб қолди: “Зиёли деб ўйлаганимиз бир хонадонда газета учун оилавий сурат олишга тўғри келди. Сурат яхши чиқсин, деб уй соҳибидан қўлингизда битта китоб ушлаб туринг, десак, ишонасизми, катта хонадондан битта ҳам китоб топилмаса, денг…”

…Таниқли адиб Темирпўлат Тиллаев бир мақоласида китобпарастлик, китобхўрлик ва китобхонлик ўртасидаги тафовутни таҳлил этган эди. Унинг фикрича, китобпарастлар ўзларини маърифатли, зиёли инсон қилиб кўрсатиш учунгина китоб йиғадилар. Йиққанлари хашаки нарсами, дурдона асарми – уларга фарқи йўқ, жавонларида қалин-қалин жилдли китоблар терилиб турса бас. Китобхўрлар қўлларига нима тушса, ўқийверадилар. Китобхонлар эса излаб, саралаб, моҳиятини англашга астойдил интилиб ўқийдилар. Ва дунёни жаҳолатдан, таназзулдан ва бошқа турли офатлардан асраб қоладилар.

Барчамизга китобхонлик саодати ва мутолаа завқи ҳамроҳ бўлсин, азизлар!

P. S. Рэй Брэдбери янги романига “Фаренгейт бўйича 451 даража” деган ном қўяди. Асар мазмун-мундарижасидан келиб чиқиб шундай ном танланганди. Чунки шу ҳароратда қоғоз ўз-ўзидан ёниб кетади. Бироқ қоғоз фаренгейт эмас, цельсий бўйича 450 даражадан сал ошиқроқ ҳароратда оловланади. Адиб ном қўйишда ўт ўчириш хизмати ходими билан маслаҳатлашган ва у ҳарорат кўрсаткичларини чалкаштиргани учун ёзувчи ҳам хатога йўл қўйган.

РЭЙ БРЭДБЕРИДАН  7  ҲИКМАТ
008

● Китобни оловда ёқишдан ҳам ёмонроқ жиноятлар бор. Мисол учун уни ўқимаслик.

● Инсон 17 ёш бўлганида у ҳамма нарсани билади. Агар у 27 ёшга тўлсаю, ҳали ҳам ҳамма нарсани билса, демак у ҳали ҳам 17 ёшда.

● Кулиб юр. Кулфатнинг хурсанд бўлишига йўл қўйма.

● Кўзларингни каттароқ оч, ҳаётга шундай ташналик билан яшаки, гўёки 10 сониядан кейин ўлиб қоласан. Дунёни кўришга ҳаракат қил. У ҳар қандай фабрикада яратилган ёки пулга сотиб олинган орзудан ҳам гўзалроқ.

● Ким ҳайратланишдан тўхтаса, у севишдан тўхтаган бўлади, севишдан тўхтадингми, билгинки, сенинг ҳаётинг йўқ, кимнинг ҳаёти бўлмаса, уни тириклайин қабрга кирган деб ҳисоблайвер.

● Нима қилишинг аҳамиятсиз, бироқ нимага қўл урсанг ҳам у ўз шаклини ўзгартирсин, аввалгидан бошқачароқ кўриниш олсин, унда сенинг бир парчанг бўлса ҳам қолсин. Ана шу аҳамиятлидир. Уй олдидаги ўтни ўраётган одам билан ҳақиқий боғбон орасидаги фарқ ҳам айнан ана шундадир.

● Оламни сақлаб қоладиган бирор нарса ярат, йўлда чўкиб кетсанг ҳам, жиллақурса қирғоққа қараб сузганлигингни биласан

Мақола муаллифи:

Нуриддин Эгамов 1975 йилда Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида туғилган. 1997 йилда Қарши Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини битирган.  1997 йилда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Қашқадарё” ва “Кашкадарья” газеталари таҳририятида мухбирликдан иш бошлаган. 2000-2015 йилларгача “Қашқадарё” газетаси масъул котиб лавозимида ишлаган бўлса, 2015 йил сентябрдан “Баркамол авлод” газетаси бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда. “Ўзбекистон мустақиллигига 10 йил”, “Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” эсталик нишонлари билан тақдирланган.

hamm123.jpgKITOB KO‘TARGAN ODAM
Nuriddin Egamov
008

Bir tasavvur qilib ko‘ring. Xonadoningizda bitta ham kitob yo‘q. Maktabda ham, kutubxonada ham, idorayu ofislarda ham, kompyuter saytlariyu do‘kon va bozordan ham bu zormandani izlab ham topolmaysiz. Kitob o‘qigan u yoqda tursin, saqlagan odamni beshafqat ta’qib kutadi…

Shunda nima bo‘ladi?

Yaqinda “Jahon adabiyoti” jurnalining eski sonlaridan birida Rey Bredberining “Farengeyt bo‘yicha 451 daraja” asarini takroran o‘qidim. Va… taassurotlarimni Sizga ham ilindim…

“Ular bizning yashashimizga xalaqit berishadi”

ap820201044-b4e462b53f9a67ada0d57f74ea48d2ac303887b5-s300-c85.jpgMashhur amerika fantast yozuvchisi Rey Bredberi 1920 yilning 22 avgustida Uokigan (Illinoys shtati) shahrida dunyoga kelgan. Ilk hikoyasi 1941 yilda bosilgan adib 92 yil yashadi va ulkan adabiy meros qoldirdi. Uning kitoblari butun dunyodagi fantast adabiyoti ixlosmandlariga tanish va sevimli edi. Ayniqsa, uning “Momaqaymoq sharobi”, “Mars xronikalari”, “Farengeyt bo‘yicha 451 daraja”, “Boqiy bahor kunlari kitoblari”, “Insoniyat xotirasi”, “Dengiz, sohil va daryo qushlari”, “Sovuq shamol, iliq shamol”, “Odamlarga yaxshilik qil” singari o‘nlab kitoblari barcha qit’alarda sevib o‘qiladi. Aqalli oliy ma’lumotga ham ega bo‘lmagaan Rey Bredberi adabiyotdagi xizmatlari va asarlari uchun ko‘plab mukofotlarga sazovor bo‘lgan yozuvchi edi.

Bredberi o‘ta kuchli shaxs edi: keyingi yillarda u nogironlik kursisiga mixlanib qolgan, bitta qo‘li umuman ishlamasdi, ammo ko‘zlarida hayot porlar edi. U to‘qson yoshida, kasal holida ham dunyodagi voqea-hodisalardan xabardor bo‘lib turar va tinimsiz ishlar edi! Uni ilmiy fantastika dahosi, koinot asri shoiri deb hisoblashardi, ammo o‘zi bu ta’riflarni yoqtirmas va odamlar haqida yozyapman, deya ta’kidlardi. Garchi yarim asr muqaddam plazmali televizorlar, bankomatlar va kuzatuv kameralari haqida o‘z asarlarida bashorat qilgan bo‘lsa-da, adibning uyidagi bor-yo‘q texnika televizor va oddiy telefondangina iborat edi. Rey Bredberi mashinalardan, kompyuterlardan va internetdan nafratlanishini yashirib o‘tirmagan: «Ular bizning yashashimizga xalaqit berishadi, ular bizning vaqtimizni olib qo‘yishadi. Odamlar kompyuterda juda ko‘p ishlashadi. Ular bir-birlarini tinglash o‘rniga, juda ko‘p vaysashadi».

“Yonib kul bo‘lguncha yondir, keyin kulini ham yoqib yubor”

Ashampoo_Snap_2017.03.27_18h42m30s_003_.png“Farengeyt bo‘yicha 451 daraja”ning bosh qahramoni Gay Monteg – oddiy o‘t o‘chiruvchi. Aslini olganda unga o‘t o‘chiruvchi degan emas, aksincha o‘t yoquvchi degan ta’rif to‘g‘ri keladi. Chunki uning vazifasi xavf-xatar signali olinganidan so‘ng darhol “samandar” mashinasida tegishli manzildagi uyga yetib borish, uyning eshik romlarini sindirib bo‘lsa-da ichkariga kirib, … “o‘z vazifasini bajarish”. Faqat rezina shlanglardan suv o‘rniga kerosin otiladi. O‘tsocharlar u va u yashayotgan jamiyat uchun o‘ta xavfli bo‘lgan bir buyumga yo‘naltiriladi. “Bu yomon ish emas, – deydi uning o‘zi asar boshida bu xususda bamaylixotir. – Dushanba kuni Edna Milley kitoblarini yoqamiz, chorshanba kuni Uitmanni, juma kuni Folknerni kuydiramiz. “Yonib kul bo‘lguncha yondir, keyin kulini ham yoqib yubor”. Professional shiorlarimiz ana shunday”.

Ha, uning kundalik ishi – kitoblarni yoqish! Barcha hamkasblari singari u mana shunday hayot tarziga ko‘nikib ketgan. Xabar kelsa, boradi, yoqadi, qaytadi…
To‘rt devor orasidagi “devor”lar

Monteg tunda navbatchilikni tugatib, atrofga tanasining ich-ichigacha singib ketgan kerosin hidini anqitib uyiga qaytadi. Uyida esa uning kelayotganini ham, ketayotganini ham sezmaydigan, mehmonxonasining uch devoriga ham ulkan plazmali televizor o‘rnatib olib, kunu tun ekrandagi dasturlar, allaqanday shoularu seriallarga sho‘ng‘ib ketgan, boqibeg‘am xotini Milli bor. Bu xotin ekrandagi “qarindosh”lari hayotiga shu qadar kirib ketganki, hatto qancha uyqu dori ichganini, so‘ng o‘lar darajada hushidan ketganini, kechasi “Tez yordam”da kelgan sanitarlar qonini butunlay so‘rib olib, yangidan qon quyishganini… o‘n yil birga yashagan turmush o‘rtog‘i bilan birinchi marta qayerda uchrashganini ham eslay olmaydi. Butun fikri-xayoli eriga g‘ingshib, mehmonxonaning to‘rtinchi devoriga ham ulkan ekran o‘rnattirish tashvishi bilan band. Atrofidagi ham o‘zi singari dunyoni suv bossa to‘pig‘iga chiqmaydigan, birovi farzandlarni ortiqcha tashvish deb hisoblaydigan (“Bizning davrimizda esli-hushli odam bolani nima qiladi?”), boshqasi esa oyida uch kungina uyida bo‘ladigan bolalarini mehmonxonaga “devor”larni tomosha qilishga haydaydigan (“Xuddi kir yuvgandek. Kirni mashinaga solasizu, shaq etib, qopqog‘ini yopasiz”) vaysaqi dugonalari bilan to‘rt devor orasida umrini o‘tkazib yuraveradi.

Ko‘chada esa reaktiv tezlikdagi mashinalarda shunchaki hordiq uchun sayr qilayotgan, bir-biriga befarq, his-tuyg‘ulardan mosuvo olomon… Shunchalik loqaydki, boshlarida uchayotgan bombardimonchi samolyotlar, erta-indin boshlanishi muqarrar bo‘lgan urush xavfiga ham parvoyifalak, o‘zlarining bema’ni kundalik tashvishlariga, kayf-safolariga, ermaklariga boshlari bilan sho‘ng‘ib ketishgan…

Najot farishtasi yoxud “yotib-yotib portlaydigan bomba”

24x36-ralph-steadman-farenheit-451-art-print-poster_6417962.jpegShunday kunlardan birida Monteg tunda ishdan qaytayotib, Klarissa ismli qizga duch keladi. Dastlab Montegga telbadek tuyulgan mas’uma qiz unga o‘rmonda kezish, qushlarni tomosha qilish, kapalaklar tutish, yomg‘irda sayr qilish, yaproqlarning dolchinmonand hidini tuyish, momaqaymoq qidirish haqida gapirib beradi. Va hissiz temirtanga aylanayozgan o‘t o‘chiruvchining ongu shuurida g‘alati o‘zgarishlar boshlanadi. Alaloqibat o‘zining baxtsiz. o‘n karra baxtsiz ekanligini anglab qoladi. Uni hayrat dunyosiga yetaklagan Klarissaning sirli o‘limidan so‘ng bu tuyg‘usi yanada alangalanib ketadi. “Istaysanmi, yo‘qmi, boshi berk ko‘chaga kirib qolganimiz aniq, – deydi u xotiniga. – … Senu mana bu hapdorilaring, tunlari avtomobilda bema’ni sayr qilishlaring, men va mening ishim qayerdan paydo bo‘ldi, nihoyat bularning tagiga yetib tushunib olishimiz kerak. Biz tubsiz jarlikka qarab ketayapmiz, Milli…”.

Ha, u najotni o‘zi har kuni yoqayotgan KITOBlardan izlaydi. Shundan so‘ng u kitoblardan ayrimlarini avval o‘qib ko‘rishga harakat qiladi. Ammo yetti uxlab, tushiga ham kirmagan, muqarrar darajada o‘limga olib boradigan benihoya kuchli ta’qibga duch keladi. Ha, Monteg yashayotgan jamiyatda o‘zining kimligini, atrofida nimalar bo‘layotganini, hayotning mohiyatini anglashga intilib, kitoblarga talpingan odamni telbaga chiqazishardi. Bunday kishi mas’uma Klarissa singari jamiyat uchun xavfli deb hisoblanar, alaloqibat goh pinhona, goh oshkora yo‘q qilib yuborilardi (“Qiz esa yotib-yotib portlaydigan bombaning naq o‘zi ekan, – deydi bu xususda o‘t o‘chiruvchilar boshlig‘i Bitti. –… Uni biron narsa qilinishi emas, nimaga va nima uchun qilinishi qiziqtirar edi. Bunday qiziquvchanlik xavflidir. Nima uchun, nega deb qiziqa boshladingmi, tamom, vaqtida esingni yig‘ib olmasang, oxiri voy bo‘ladi. Bechora o‘lib tinchidi…”).

“O‘zlari tushunishlari, o‘zlari o‘ylab ko‘rishlari lozim…”

Asarni mutolaa qilar ekansiz, ko‘z o‘ngingizda beixtiyor KITOBSIZLANISH fojeasi, aniqrog‘i kitobsiz jamiyat tanazzuli namoyon bo‘ladi.

“Hammasi qurib ketsin, – deya jazava bilan o‘shqiradi bu jamiyatning zombiga aylangan vakillaridan biri. – Bizga o‘yin-kulgi kechalar, akrobatlar va fokuschilar, xatarli mashqlar, reaktiv avtomobillar, mototsikl-helikopterlar, pornografiya va narkotiklar berishsa bas. Ko‘proq oddiy avtomatik reflekslar uyg‘otadigan narsalardan bo‘lsin! Agar drama mazmunsiz, film sayoz, komediya bo‘sh, qiziqarsiz bo‘lsa, meni junbushga keltiradigan narsa bering – quloqni qomatga keltiradigan musiqa bilan asablarimga zarba bering… Menga baribir emasmi? Changimni qoqqandek silkitishlarini judayam yaxshi ko‘raman…”

Shafqatsiz ta’qibdan qochgan Gay Monteg tasodifan bir guruh kishilarga duch keladi. Ma’lum bo‘lishicha, ular xuddi shunday ta’qibdan qochib, yoqilgan kitoblarni yodlab, xotiralarida saqlaydigan allomalar ekan. Ularning biri Aflotun, ikkinchisi Shekspir, uchinchisi Konfutsiy, to‘rtinchisi Gandi… “Biz kitoblarni og‘izdan-og‘izga farzandlarimizga yetkazamiz, ular esa o‘z navbatida boshqalarga yetkazishadi, – deydi allomalar yetakchisi Grenjer. – Talay qismi yo‘qotilgan bo‘ladi, shubhasiz. Biroq odamlarni kuch bilan tinglashga majbur qilish mumkin emas. Ularning o‘zlari tushunishlari, nega shunday bo‘lgani, nega ularning ko‘z o‘ngida dunyo portlab ketganini o‘zlari o‘ylab ko‘rishlari lozim”.

Dunyoning asl xaloskorlari

Asarni qayta o‘qib, ko‘p mulohazalar xayolimda charx urdi. Televideniye, radio, mobil aloqa, internet, 5D o‘lchamdagi kinoteatrlar va boshqa texnologiyalar taraqqiy etgan davrda odamlarning kitobdan, mutolaadan uzoqlashib ketayotgani haqida ko‘p gapirayapmiz. Ko‘chada. bekatda yo bozorda qo‘lida bir “blok” aroq ko‘targan kishini ko‘rsak beparvo o‘tamizu bir dasta kitob ko‘targan odam ko‘zimizga allanechuk g‘alati ko‘rinadi (esimda, o‘zaro suhbatlarimizdan birida bir o‘smir “kitob ko‘tarib yurishdan uyalaman”, deb aytgandi).

Hamkasbim Akbar Rahmonov nadomat bilan aytib qoldi: “Ziyoli deb o‘ylaganimiz bir xonadonda gazeta uchun oilaviy surat olishga to‘g‘ri keldi. Surat yaxshi chiqsin, deb uy sohibidan qo‘lingizda bitta kitob ushlab turing, desak, ishonasizmi, katta xonadondan bitta ham kitob topilmasa, deng…”

…Taniqli adib Temirpo‘lat Tillayev bir maqolasida kitobparastlik, kitobxo‘rlik va kitobxonlik o‘rtasidagi tafovutni tahlil etgan edi. Uning fikricha, kitobparastlar o‘zlarini ma’rifatli, ziyoli inson qilib ko‘rsatish uchungina kitob yig‘adilar. Yiqqanlari xashaki narsami, durdona asarmi – ularga farqi yo‘q, javonlarida qalin-qalin jildli kitoblar terilib tursa bas. Kitobxo‘rlar qo‘llariga nima tushsa, o‘qiyveradilar. Kitobxonlar esa izlab, saralab, mohiyatini anglashga astoydil intilib o‘qiydilar. Va dunyoni jaholatdan, tanazzuldan va boshqa turli ofatlardan asrab qoladilar.

Barchamizga kitobxonlik saodati va mutolaa zavqi hamroh bo‘lsin, azizlar!

P. S. Rey Bredberi yangi romaniga “Farengeyt bo’yicha 451 daraja” degan nom qo’yadi. Asar mazmun-mundarijasidan kelib chiqib shunday nom tanlangandi. Chunki shu haroratda qog’oz o’z-o’zidan yonib ketadi. Biroq qog’oz farengeyt emas, sel`siy bo’yicha  450 darajadan sal oshiqroq haroratda olovlanadi. Adib nom qo’yishda o’t o’chirish xizmati xodimi bilan maslahatlashgan va u harorat ko’rsatkichlarini chalkashtirgani uchun yozuvchi ham xatoga yo’l qo’ygan.

REY BREDBЕRIDAN 7 HIKMAT
008

● Kitobni olovda yoqishdan ham yomonroq jinoyatlar bor. Misol uchun uni o‘qimaslik.

● Inson 17 yosh bo‘lganida u hamma narsani biladi. Agar u 27 yoshga to‘lsayu, hali ham hamma narsani bilsa, demak u hali ham 17 yoshda.

● Kulib yur. Kulfatning xursand bo‘lishiga yo‘l qo‘yma.

● Ko‘zlaringni kattaroq och, hayotga shunday tashnalik bilan yashaki, go‘yoki 10 soniyadan keyin o‘lib qolasan. Dunyoni ko‘rishga harakat qil. U har qanday fabrikada yaratilgan yoki pulga sotib olingan orzudan ham go‘zalroq.

● Kim hayratlanishdan to‘xtasa, u sevishdan to‘xtagan bo‘ladi, sevishdan to‘xtadingmi, bilginki, sening hayoting yo‘q, kimning hayoti bo‘lmasa, uni tiriklayin qabrga kirgan deb hisoblayver.

● Nima qilishing ahamiyatsiz, biroq nimaga qo‘l ursang ham u o‘z shaklini o‘zgartirsin, avvalgidan boshqacharoq ko‘rinish olsin, unda sening bir parchang bo‘lsa ham qolsin. Ana shu ahamiyatlidir. Uy oldidagi o‘tni o‘rayotgan odam bilan haqiqiy bog‘bon orasidagi farq ham aynan ana shundadir.

● Olamni saqlab qoladigan biror narsa yarat, yo‘lda cho‘kib ketsang ham, jillaqursa qirg‘oqqa qarab suzganligingni bilasan

Maqola muallifi:

Ashampoo_Snap_2017.03.27_17h39m26s_001_.png Nuriddin Egamov 1975 yilda Qarshi tumanidagi Qovchin qishlog‘ida tug‘ilgan. 1997 yilda Qarshi Davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini bitirgan. 1997 yilda Qashqadaryo viloyat hokimligi muassisligidagi “Qashqadaryo” va “Kashkadarya” gazetalari tahririyatida muxbirlikdan ish boshlagan. 2000-2015 yillargacha “Qashqadaryo” gazetasi mas’ul kotib lavozimida ishlagan bo‘lsa, 2015 yil sentyabrdan “Barkamol avlod” gazetasi bosh muharriri lav

Rey Bredberi. Farengeyt bo‘yicha 451 daraja — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

005

(Tashriflar: umumiy 5 566, bugungi 2)

5 izoh

  1. Рахмат устоз яхши материал учун. Факат мана шунака яхши материалларни фейсбук ва телеграмдаги дустларга хам улашиш имкони булганда янада яхши буларди.

  2. Shu kitobni o’qib xulosalarim bilan bo’lishmoqchi edim agarda topishni iloji bo’lganda… Raxmat

  3. Bu asar yaxshi asarni oqish davomida yangi avlodning ahvoli aynan shu holga tishayotganini korganimda ich ichimdan galati bolib ketdim togrisi bizdan yarim asr oldinroq bizning yarim asrdan keyingi ahvolimizni bashorat qilgan Rey bredberi.ijodkorlar yarim bashoratchilardir degan gap togridir.

Izoh qoldiring