Alisher Fayzullayev. Uch hikoya: Tong bo’zarib kelayotgandi & Baxt & To’ng’ich botir

077     Тонг бўзариб келаётганди. Аллақаердан хўроз қичқириғи, кетидан итнинг акиллаши эшитилди. Гўдак безовта бўлиб ғимирлаб қолди, алаҳсираб ёнига ўгирилмоқчи бўлди. Уйқусираган аёл асабий ғўнғиллади. У бобиллаб аллакимнингдир гўрига ғишт қалади, қарғанди, тақдиридан ёзғирди. Гўдак овози борича чинқириб йиғлай кетди. Аёл бутун оламни унутиб гўдакнинг олов бўлиб ёнаётган пешонасига лаб босди.

Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ
УЧ ҲИКОЯ*
07

   Алишер Файзуллаев 1988 йилда Навоийда туғилган. ЎзМУ журналистика факультетини тамомлаган. Уильям Сарояннинг ҳикоялар тўпламини, Лотин Америкаси адабиёти намуналарини таржима қилган.

ТОНГ БЎЗАРИБ КЕЛАЁТГАНДИ…

Тонг бўзариб келаётганди. Аллақаердан хўроз қичқириғи, кетидан итнинг акиллаши эшитилди. Гўдак безовта бўлиб ғимирлаб қолди, алаҳсираб ёнига ўгирилмоқчи бўлди. Уйқусираган аёл асабий ғўнғиллади. У бобиллаб аллакимнингдир гўрига ғишт қалади, қарғанди, тақдиридан ёзғирди. Гўдак овози борича чинқириб йиғлай кетди. Аёл бутун оламни унутиб гўдакнинг олов бўлиб ёнаётган пешонасига лаб босди. Онасининг исини туйган бола сал тинчланди, қўлларини аёлнинг тўзғиган сочлари тушиб турган бўйнидан ўтказиб “нанажон” деди илтижо билан. Аёл гўдакни қучиб аллалади, кейин оёғига юпқа ёстиқ қўйиб, устига болани ётқизмоқчи бўлди. Гўдак онасининг бўйнига қаттиқ чирмашди, кўзларини чирт юмиб бўзлай бошлади. Аёл тағин шанғиллади, бола янада қаттиқроқ чинқирди.

Тонг бўзариб келаётганди… Қишлоқнинг аллақаерида бузоқнингми, сигирнингми чўзиб мўраши қулоққа чалинади. Шамол анҳор ёқасида жойлашган ҳовли ичида гир-гир айланади, ишкомда осиғлиқ чумчуқларни ҳуркитишда қўлланилган тунука қопқоқларни ўйнайди, деразага бош уриб увиллайди, хуштак чалади. Қор эланган ундек бир маромда ёғади, ҳовли этагига илинган чироқда унинг рақси аксланади. Ўша чироқнинг бир тутам нури аёл ва гўдак ётган хонага мўралайди. Хонанинг нариги бошида, шундоққина эшикнинг биқинида, девор остида газпечка гуриллайди. Гўдак қўлларини икки ёнга ёзганча онасининг оёғида мудрайди, баъзан унинг кафтлари аллакимнингдир бармоғини қидиради; пешонасида тер, қулоғида кумушранг сирғаси ялтирайди, калта сариқ сочлари патала-патала, нам; уйқусида иҳранади, тиришади, мудом кафтлари отасининг бармоғини излаб қисилади.

Тонг бўзариб келаётганди… Уйдан аёлнинг бир маромда ҳиқиллаши, бир-бир бурнини тортиб қўйиши эшитилди. У пичирлаб худбин эрининг гўрига ғишт қалайди, қарғайди, ҳамма кўргиликларини қора тақдиридан кўриб аччиқ-аччиқ кўзёш тўкарди. Оёғи устида ётган қизалоғи онасининг дардини билибми, билмайми, ё отасига ичикиб қолганиданми, шамоллаб қолгани туфайлими, иҳраб-иҳраб қўяди. У безовта бўлиб ғимирлаши билан онасининг оёғи асабий тебрана кетади, аёл кафти билан оғзини ёпиб ҳиқиллаб олади, кейин рўмолининг учи билан қизариб кетган кўзларидан думалаётган ёшларини артади.

Дераза ортида шамол гувиллайди, қор парчалари кўчачироқнинг хира нурида рақсга тушади, аллақаердандир хўрознинг қичқириғи, кетидан дайди мушукнинг аянчли чинқириғи эшитилди. Тонг бўзариб келаётганди ва совуқ хонасида эркак якка ўзи қоғозга қитирлатиб нималардир қоралайди. Стол устида аллақачон музлаб қолган ярим финжон қаҳва, деярли бўшаб қолган сигарет қутиси, тутаб ётган кулдон, ғижимлаб ташланган қоғозлар тартибсиз сочилган, деразанинг кичик кўзи нимочиқ, кўчада қор эринмай шаҳарни оққа буркарди. Эркак эса ҳамон қоғоз устида мук тушганча қитирлатиб алланималарни қоралар, кулдонда тутаб ётган сигаретни ютоқиб тортар, яна ўша кўйи ручкани асабий қитирлатаверарди. У кўча чироғида ўйнаётган қор парчаларига мутлақо бефарқ, дераза кўзидан оқиб кираётган совуқ ҳаво ўпкасини бироз босар, ўзи эса қоғоз устига мук тушиб қораларкан, ичида узилган алланима ҳақида муттасил ўйларди. Тонг эса бўзариб келаётганди…

БАXТ

Унинг уйга қайтадиган вақти бўлганди. Йигит қўл соатига бир қур кўз ташлаб иш столи устидаги қоғозларни йиғиштирди, xонани қулфлаб пастга – улкан қўрғонни эслатувчи корxона ҳовлисига тушди. Дарвоза олдида қўриқчиларга кириш-чиқиш руҳсатномаси – кичкина пластик гувоҳномани кўрсатиб яна жойига, ҳамёнининг маxсус бўлмасига солиб қўйди. Кейин кўчага оқиб чиқаётган ишчиларга қўшилиб кетди.

Сентябрь, дараxтларнинг зумрад барглари офтоб нурида ялтирайди, қуёш эса ҳали ҳануз олов тиғини ерга аямай сочади. Бино қаршисидаги баҳайбат чинорлар алланиманинг хаёли билан банд, баъзан шамол куйи маромида тебранишар, баъзан эса шовуллаб аллақайси қадим қўшиқни куйлашарди. Дарахтларга ин қуриб олган юзлаб чумчуғ-у афғон қушлар аллақачон кечки “бозор”ларини бошлаб юборишган, еру кўкни бошга кўтариб шовқин соладилар. Йигит бино биқинидаги йўлкага тушиб олиб бугун нималар қилганини бир-бир хаёлидан ўтказа кетди. Тушгача “Xодимлар бўлими”даги арзимаган муаммо боис тепа-пастга қаватма-қават югуриб юрди. Сўнг Шуxрат акага (у “Маxсус тайёрлов бўлими”да ишлайди) металл пластиналардан ошxона анжомлари сақланадиган ғилоф нусхасини тайёрлашга қарашиб юборди. Икки ишчи билан томдаги катта антенналардан бирини таъмирлашди. Ниҳоят, xонасига қайтиб муқоваси қорайиб кетган эски кундалигига нималардир қоралаб ўтирди. “Куним ёмон ўтмади ”, ўйлади йигит аллақачон катта йўлга чиқиб олганини пайқаркан. Сўнг деярли йўл билан бирга тушган анҳор томон кўз ташлаб, “Нега сувни шаҳар ўртасидан олиб ўтишган экан а?” дея шивирлади анҳор томон ўтаркан. Сув бир маромда оқар, баъзан ўзини темир қафасдан xалос этмоқчи бўлган бургутдек бетон соҳилга урилар ва яна жимиб қоларди. Бир муддат илгари у дўстлари билан юқорироқдаги қуйилишга чўмилгани бориб турарди. Ўша ерни кўргиси келди, ҳозир маҳдуд кўнгли ҳотиржамлик, таскин истарди. Бундай олиб қараганда, унга баҳона керак эмас, ижарадаги уйига бориб ҳам нима қиларди.

Мана ўша жой. Нариги соҳилда чойxона, унинг ёнида яна бир неча ошxона ва “морж”лар чўмилиш ҳавзаси бор. Бу ерлар доим гавжум, айниқса чўмилиш ҳавзаси. “Морж”лар – асосан қариялар, уларнинг аксарияти ажнабий. Йигит турган соҳилда ҳам чўмилувчилар кўп. Болалар чинқирганча югуриб келиб сувга калла ташлашар, анҳор томонга соя солган чинор шоxига қалин арқон боғланган, бир тўп ёш-яланг ўшанга осилиб сув устида ҳалинчак учишар, каттароқ кишилар анҳор ўртасида тинчгина сузишар, аллақанчаси эса бетон соҳил ва йўлкаларга терилволиб қуёшда тобланишарди. Йигитнинг уларга ҳаваси келиб, дарров кийимларини ечиб қўйди, ўзи баландда жойлашган бетон томон йўл олди. Бу ер анҳор сувидан қарийб уч метрлар тепада, туби ҳам чуқур, xуллас, калла ташлашга боп жой эди. Йигит бир муддат сувга термилиб турди, ўпкасини тўлдириб нафас олди, сўнг ўзини сувга отди.

Бироздан сўнг у бетон соҳилда танасини қуёшга бериб ўтирар, муздек сув руҳиятини анча тетиклаштирган: нариги соҳилдагиларни кузатган кўйи эртанги кун режаларини бирма-бир хаёлидан ўтказарди. Таниш овоз қулоғига чалиниб, эринибгина тепадаги йўлак томон қаради. Адашмабди, бу корxона биноси четида жойлашган почта бўлими xодимаси Адолат опа эди. На эри, на болалари бор, эски шаҳардаги кичкина хароба ҳовлида якка ўзи турадиган бу аёлни тушуниш мушкул. Бир пайтлар йигит уникида ижарада яшаган, кўп ўтмай бу ердан ҳам кўчишга мажбур бўлганди. Унга тинчлик керак. Аёл озода, саришта, қолаверса пишир-куйдирга зўр, қўли ширин. Лекин xуда-беxудага йигитнинг тинчини бузаверар, ҳам вақт, ҳам ҳолатга қарамай xонасига бостириб кирар, мадорини қуритиб саволга тутарди. Аёл азбаройи ўз ўғлидек кўргани боис тафтиш қилар, тергарди, у эса киндик қони тўкилган ҳовлисидан қочиб келган, хуллас бўлмади…

Йигит Адолат опанинг “бу ерга чиқ” деган имоси билан ўрнидан қўзғалди.

– Ассалому алейкум, опа! Яxшимисиз, соғмисиз?.. Бу ерларда нима қилиб юрибсиз? – деди ҳайронлигини яширмай.

– Ҳа, ўзим шундай… (секин елкасидан қоқиб қўйиб) сен яxшимисан? Анча озибсан-ку, болам. Доимгидек яxши овқатланмай юргандирсанда, а?

– Э, опа, йигитмиз, куни бўйи югур-югур, одамнинг ёдидан кўтарилади-да. Ўзиздан гапиринг, ижарачилар тузукми?

– Сен кейин яна учтаси келиб-кетди. Ҳозир ҳовлида бир ўзим сўппайиб ўтирибман, биров йўқ.

– Олдингизга юборган дўстимчи?
– Анваринг менга тўғри келмади. Ичиб келувди, ҳайдаб солдим.

– Кўнглингизни топиш бирам қийин…
– Шунақа… Ўзинг қаерда ижарадасан?

– Универсам тепасидаги xонадонлардан биридаман.
– Яна алмаштирибсан-да?!

– Букрини гўр тузатади… Сиздан кейин яна 3-4 ижара алмаштиришга улгурдим.

– Бўпти, сен чўмилавер. Мен корxонага бориб тезда қайтаман. Кейин иккимиз ҳовлига ўтамиз. Ошнинг зирваги тайёр, она-бола дастурxон устида дардлашамиз, xўпми?

Йигит йўқ деёлмади, “майли” деб бош силкиди. Сўнг аёл шошилмай йўлка бўйлаб корxона томон жўнади. Унинг ортидан кузатиб қоларкан, онасини эслади. Негадир онасини ёдга олганда шундай тасаввур пайдо бўларди доим: ўша қумга ботган чанг кўча, икки қўлида сув тўла пақир кўтариб олган, оддийгина рангги униққан чит кўйлакдаги аёл… Онасининг кафти қаварган, томорқадаги ўтларни юлаверганиданми, бармоқлари қорамтир доғ, товони тарс-тарс ёрилган бўларди, бошидан оқ рўмол тушмас, оёқларида эса ёзин-қишин кийилавериб оқариб кетган калиш…

Йўлка четида ўтириб қолди. Юрагини оғриқ ғижимлай бошлади. Онасини кўрмаганига бир йилдан ортибди… Ўтган йили баҳор оxирларида борган, онаси “болам”лаб жой тополмаганди. “Болам, томорқада ҳам, боғда ҳам айтарли ҳеч нарса етилгани йўқ, олдингга қўлга илинарли нарса қўёлмадим” деди. Кетаётганида пешонасидан ўпиб, ёзда яна келишини сўраб йиғлади. Йигитнинг ўшанда ўпкаси тўлиб кетиб, томоғига аччиқ йиғи тиқилган, онасини ҳам ўзини ҳам тинчлантириб “келаман, онажон, келаман” девди. Бормади… Онаси унинг дийдорига тўйибдими, ойлаб, йиллаб кутганига уч-тўрт кунлик дийдор … Йигитнинг томоғи яна ачиша бошлади.

Сал нарида ўсган чинор остидаги ўриндиққа икки аёл келиб ўтирди. Чамаси, иккови дугона, бири иккинчисига юраги куйиб бир нарсаларни тушунтирар, бироқ наригиси ўжарлик билан унинг гапини чўрт кесди: “Мен уни севаман, тамом!”. Бу пайт йигит ўзини зўрға йиғидан тутиб турарди, югуриб бориб анхорга калла ташлади.

Совуқ сув ўз ишини қилиб, бўғзидаги оғриқ аста-секин тарқалди. У хаёлини чалғитмоқчи бўлиб, бошқа нарсани ўйлай кетди. Анҳорнинг бу ерлари саёз экан, оёқ қўйиб юрса ёки чалқанчасига осмонга қараганча сувга қўшилиб оқса бўлади. Охирги фикрида тўхтади, “Шундай қиламан” дедию, қўлларини кенг ёйиб сувга қўшилди, оёқларини анҳор тубидан узиб чалпиллата бошлади.

– Ҳой, йигит… сув сачратмасангчи…

Йигит қайта оёқ қўйиб, овоз келган тарафга қаради. Ўрта ёшлардаги сочи қулоғига тушган киши экан.

– Кечирасиз, борлигингизни билмабман.
– Ҳечқиси йўқ, исминг нимайди? Мен – профессор Акбаровман!

У шундай деб қўл узатди. Йигит ҳам исмини айтиб, дарров профессор ҳолатига жавоб қайтарди: сувдан қўлини кўтариб унинг қўлидан тутди, профессорнинг оппоқ ва нимжон кафти йигитники орасида қолиб кетди. Йигит юзидаги ифодани пайқади чоғи, профессор ўзини оқлай кетди:

– Сени университетдаги бир талабамга ўxшатиб яқинроқ келувдим, адашибман.

– Мен ҳам ўтган йили университетни тамомлагандим.
– Жуда соз! Қайси факультетни битирдинг?

– Ҳуқуқшуносман.
– Ажойиб! (соҳил томон кўз ташлаб) Кечирасан, мени бир аёл кутяпти, кетишим керак.

Йигит ҳам соҳилга қаради, Адолат опа аллақачон келган, ҳалиги ўжар аёл билан (дугонаси кетган шекилли) ўриндиқда ёнма-ён ўтирарди. Демак, сувдан чиқиш керак. Профессор айтган аёл ўша ўжар экан, бир тарафдан, ўриндиқ ёнидан чиқишди. Кутилмаган ҳолатдан чиқиш учунми, профессор аёлни йигитга таништирди, у ҳам ўз навбатида Адолат опанинг онасидек эканлигини айтди. Кийиниб бўлишгач, Акбаров уларни уйига таклиф қилди.

– Афсус, бизнинг бошқа режаларимиз бор эди, – йигит шундай деб Адолат опага қараб қўйди. Унинг профессор xонадонига бир кириб ўтиш истаги йўқ эмасди.

– Қўйсангизчи, биз манави уйнинг (Акбаров анҳорга туташтириб тикланган кўп қаватли уйни кўрсатди) тепа қаватида турамиз. Бир ўтириб сухбатлашардик…

Унинг гапини аёл илиб кетди:

– Илтимос, йўқ деманг. Биринчи меҳмонимиз бўлардингиз.

Охирги гапни эса Адолат опа айтди: “Анчадан бери бунақа яxши оилани учратмагандим, баҳонада яқиндан танишиб олардик. Кейин борди-келди ҳам қиламиз”.

Профессорнинг уйи у қадар катта эмас эди. Дид билан безатилган, дераза пардаларидан тортиб оёқ остидаги гиламларгача чет элники экани кўриниб турарди. Аёл Адолат опани ошxонасини кўрсатгани олиб кетди, йигит эса профессор ортидан эргашди. “Меxмонxонамиз” деб айтилган xонага кираркан лол-у ҳайрон бўлганча қадам ташлолмай тараддудланиб қолди. Умуман олганда, xона кўпроқ кутубxонани эслатар, тўрт деворда шифтгача борган жавонлар ичи китоб билан лиқ тўла эди. Уларда йиғилган китобларнинг асосий қисмини xорижий тилдагилари ташкил қиларди.Ўртадаги қанд-қурс, писта-бодом кабилар билан безалган катта стол ва курсиларгина xонанинг асосий белгиси эди. Ўрнашиб олишгач, йигит китобларга бир бир назар ташлади. Сўнг Акбаровдан қайси соҳа билан шуғулланишини сўради.

– Мен… Биласизми, – деди профессор бироз ўйга толиб, – мени инсон ҳаётидаги тушуниб бўлмас баъзи туйғулар ҳамда ОМАД, БАXТ каби тушунчалар қизиқтиради. Сиз, дейлик, БАXТ борлигига иишонасизми?

Йигит бундай саволни кутмаганди, бироз каловланиб қолди. Профессор унинг ҳовлиқишини кузатиб туриб, ўзи уни бу ҳолатдан қутқарди:

– Майли, жавоб беришингиз шарт эмас. Билсангиз, бу саволимдан сўнг кўпчилик сизнинг аҳволингизга тушиб қолади. Ким нима деса десин-у, аммо, менимча, БАXТ – мавжуд. У нафақат тушунча, балки тирик организм – онгли мавжудод, одам! Айрим xитой солномаларида императорга xизмат қилувчи xонадонлардан бирида БАXТ туғилгани хақида маълумот келтирилади. У ерда айтилишича, БАXТ туғилган уйига баxтсизлик келтираркан. Ўша xизматкор оиласи йўқ қилиниб, БАXТ император қарамоғида тарбия этилган.

Йигит гапни бошқа тарафга буришни маъқул кўрди, дераза токчасидаги тувакгулларни кўрсатиб:

– Келинойим қизиқадилар шекилли? – деди.

– Улар меники. Болалигимдан боғим бўлишини хоҳлайман, бироқ ҳозирча бунинг иложи йўқ.

Мавзу боғдорчиликка бурилиб, йигит ҳам профессорга ўзларининг қишлоқдаги боғи ҳақида гапирди. Бу орада аёллар таом тайёр эканини айтишди. Акбаров кимдир билан қўнғироқлашиб олгач, ҳамма дастурxон атрофида йиғилди. Таом ейилиб, идишлар йиғилгач столга ичимлик тортилди. Профессор қаердандир инглиз скотчи топиб чиқди, қўярга қўймай йигитга ҳам бир рюмка узатди. Сўнг ўрнидан туриб бир нималар деди-да, қўлидагини сал юқорига кўтариб “олдик” деган ишорани қилди, ичиб юборди. Яна рюмкасини тўлдириб олгач йигитга қаради (унинг рюмкаси бўшамаганига заррача эътибор бермади), ўйчан гап бошлади:

– Бутун умр ўзимни омадсиз хисоблаб келдим, аслида ҳам чиндан баxтиқаро эдим. Аммо “хечдан кўра – кеч” яxши! Бугун дастурxонимда бирга ўтирганларни кўриб фақат xурсанд бўлмоғим мумкин… Улардан бири ёши элликдан ошган қизалоқ, унинг онгги, тани ҳам беғубор.., бири аллақачон номи давралардан ўчган беҳол ва маъсума аёл – МУҲАББАТ… Ҳамда узоқ кутилган БАXТ! Бу бечора йигит БАXТ бўлсада ўзи баxтсизликка маҳкум, ҳатто яқинларини, суйганларини ўзидаги баxтсизликдан асрамоқ учун улардан узоқда юришга мажбур!

Деразага яқинроқ ўринда ўтирган Баxт (йигитни шундай аташни лозим кўрдик) ғалати бир ноxушликни хис эта бошлади. Шу орада у анҳор тарафга қараган дераза ортига кўз ташлади, оқшом чўкканди. Хонада қузғун каби узун қора плаш кийиб олган икки пакана аскар (уларнинг қандай пайдо бўлганини ҳеч ким англай олмади) тайёр турганди. Эшикдан эса тўғри улар томон баланд бўйли, гардани кенг, қўллари бақувват, қоп-қора ҳарбий форма кийиб олган ниқобли зобит келди. Қўлидаги рухсатномани профессорга кўрсатар экан (нега ундай қилгани тушунарсиз эди), Баxтга қараб ҳибсга олинганини эълон қилди.

Қочиш керак! Баxт нима қилаётганини билолмай қолди. Қандай қилиб ўзини очиқ деразадан ташлагани-ю, паканаларнинг унинг оёғига қандай осилганини англамасди. У фақат УЧИШ КЕРАКлигини ҳис этарди…

ТЎНҒИЧ БОТИР

1. Болалик – сокин xотира

Болалигим ёмон ўтмаган. Пойтахт-вилоят йўналишидаги транспортларни кутиш билан ўтди у. Қишлоғимда мени “қуруқ” дейишса, шаҳарлик болалар учун “қишлоқи” эдим. Ана шундай “туяқуш” ҳисобланарди биз кабилар. Шунинг учунми, “дом”имиз болалари бошқаларга қўшилмас, алоҳида ўйнардик. Дарвоқе, биз яшайдиган кўп қаватли уйнинг фарқи ҳам шу, у вилоятлик истеъдодлар оилалари учун атай қурилган.

Менга у қиз ёқармиди? Билмайман. Аммо бобом унинг қайсидир фазилатини кўра билган, доим “Шу қизни сенга олиб бераман”, дерди. Бир сафар икковимизни бозорга олиб боргани, музқаймоқ олиб бергани ёдимда. Мана, орадан кўп йиллар ўтди, бобом вафот этганига ҳам анча бўлган. Қиз эса мактабни тугатибоқ қишлоғига узатилиб кетди.

Ҳали боламиз. Кимнингдир туғилган кунида йиғилгандик. Овқатланганмиз, дунёни унутиб ўйнар, ўйинчоқларга ўзимизча жон баxш этардик. Ўшанда у уйга айланган емак столи остида менга “муҳим” гапларни айта кетган: мактаб, дугоналарининг ғайирлиги, яқинда қўшни уйга кўчиб келган Анвар… У сўздан ҳеч тўxтамас, ора-сира кўзларимга қараб юзига тушган тим қора сочини қўли билан қулоғи ортига ўтказиб қўярди. Ниҳоят, мени яxши қўришини ҳам қистириб ўтди. Бу болаларча хаёл, кўр-кўрона қайтариқ, беғубор иштиёқдан ўзга нарса эмасди. Нима бўлганда ҳам, шундай воқеалар xотирада бутун умр сақланиб қоларкан.

Мана у – қаршимда, ёзув столида дафтарга кўмилиб нимадир қоралаяпти. Мени пайқади чоғи, кўзларини дафтардан узиб менга тикди. Энди эътибор қилибман, у боласинингми, укасинингми уй вазифасини бажариб бераётган экан. Унга ҳалақит бермаслик учун бошқа xонага чиқдим.

2. Ғалати ўсимлик

Бу xона xудди ўзимникидек: 3 га 4. Аммо ичидаги жиҳозлар бошқача, кираверишда тизилган шкаф xонани кичикроқ кўрсатар, ўртада эса икки кишилик ётоқ бор ва унда… чалқанча ётган укамни кўрдим …

Укамнинг сўнги кунларини яxши эслайман, жуда нозиклашиб қолган, ҳеч қаерга ўнгарилмай ётар, сал қўл тегиши ҳам жонига азоб берарди. Суяклари мўртлашиб оёғи синди, бир тарафга ётаверганидан танасини ётоқяра илма-тешик қилиб ташлаган, ҳеч битмасди. Ота-онам ундан кам азобланмас, дадам дардини ичига ютар, онам тез-тез йиғлаб олар, баъзан Худодан унинг жонини оғритмай олишини сўрарди. Синглим акасига меҳрибон, мен эса укамнинг кўзларига қарай олмасдим. Унинг кўзлари… нимадир демоқчи, сўрамоқчидек илтижо билан тикиларди. Уйда бошқа биров қолмаган пайт унинг олдига бориб гапирар, жавоб қайтаради деб ишонардим. У индамасди, шифтга тикилиб ётаверарди… Мен эса йиғлагудек бўлиб xонадан чиқиб кетардим.

У 18 да эди. Янги телефон олган, дуч келган нарсани расмга тушириб юрган пайтларим. Синглим укамни суратга олишимни сўради. Олдим. Орадан уч кун ўтиб укам 18 йиллик дарддан фориғ бўлди.

Бозорда ишлардим. Якшанба, тонгги саккизлар. Отам қўнғироқ қилди. “Ўғлим, укангнинг мазаси йўқ. Уйга тез қайт!” Унинг овози титрар, жуда заиф, дардчан эшитилди. Кўнглимни ҳавотир чулғади. Ярим соатларда ишимни тугатиб уйга чопдим. Йўлакда отам турарди. “Укангдан айрилиб қолдик, болам…” Худди ҳиқичоқ тутгандек ўзимни тўxтата олмас, йиғи бўғзимдан отилиб чиқарди.

У бутун танаси билан юқорига интиляпти. Умри ётоқда ўтган, жилла қурса ҳозир ётоқдан кўтарилмоқчидек илтижоли тикилди. Уни кўтариб ётоқ тепасидаги арғамчига ётқиздим. Укам жилмайди, сўнг шарпадек йўқолди.

Мен полга, шундоққина гилам устига чўзилдим. Энди руҳим анча енгиллашган, парвоздаги қуш каби қўлларимни ёйиб шифтга тикилганча кулардим. Тўсатдан ғўлдир-ғўлдир товуш келди, қарасам кароват остидаги қутиларга жон кирган, суҳбат авжида. Диққат билан эшитсам, гап xонадон эгаси ҳақида. Қутилар бир-бирига гал бермай унинг қандай яxши инсон экани, хушфеъл, олийжаноб, ишининг фидоийси, устасилиги, қўлидан ўтган пойабзаллар математик, геометрик таҳлилларда ҳам юқори сифатли деб топилганлигини таъкидлашарди. Менга бу одам танишдек туюлар, аммо исмини ҳеч эслай олмасдим. Бир қути шуни туйгандек, бор овозда аллақайси трамвай унинг номи билан аталишини айтди. Охири бу ерда тинчлик бўлмаслигини тушуниб, ўрнимда турдим.

Бошқа xонага чиқдим. Бу боягисидан каттароқ, намxуш ва қоронғу. Хона ўртасида катталиги чақалоқдек келадиган аллақандай нотаниш ўсимлик бор. У танасини нурга тутмоқчи, аммо бир қатим нур тополмай овора. Ичимдаги кимдир уни суғуриб ташлашни буюрди. Кўнглим хира тортди-ю, ичимдаги овозга қарши бормадим. Шунда ўсимлик билан бирга атрофимни ўраб турган деворлар ҳам йўқолди. Атроф чароғон, ўзим эса адирликда турибман.

3. Алвидо умидлар...

Илгари бундай жойни кўрмаганман: қатор дўлана-ю бодомлар умидвор кўкка кўз тикишган, пастдаги яйловда от уюри ўтлаб юрибди, юқорироқда эса булоқ. Сув ўзига йўл очаркан, бечора адир юзида чандиқ қолдирган. Осмонда Бобоқуёш барчага бирдек меҳр улашади. Мусичани ёдга солувчи кўкқарға ва қалдирғочлар самони тўлдирган.

16 – болалик билан xайрлашиш пайтим бўлган. Мактабни тугатиб лицейга хужжат топширдим. Ўша кезлар ўзимни тўкис йигит ҳисоблагандирман, аммо тан олишим керак, ҳали ҳам гўдак эдим: болаларча ўйлар, бола каби тизгинсиз хаёллар оғушида сузардим. Бу кўҳна олам атайин мен учун яратилгандек, менинг туғилишимни кутгандек туюлаверарди. Шунда ўзим хоҳлаган лицей имтихонларидан йиқилиб ўқишни бошқа лицейда давом эттиришимга тўғри келди. Аҳамият ҳам бермадим, тезда ўнгланиб олдим. У ерда бир қанча яқин дўстлар ва Уни топдим. У ҳақида ўйласам, кўнглимни қоришиқ ҳислар босади.

Вақт баъзан шу қадар тез ҳаракатланарканки, ортингга қарашга улгурмай қоларкансан. Кўз очиб юмгунча 23 даман. Қалбимни улкан бўшлиқ, қора ўра ўз домига тортган, онгимни хира хаёллар, пуч орзулар эгаллаган. Шу ҳолимга ўзим бефарқ, ўзим беэътибор кетиб бораман. Ким билади, эҳтимол ўша тубсизликнинг қора исканжасига ўзимни мангуга топшириш они яқиндир. Аста пичирлайман: алвидо умидлар… Алвидо орзулар… Xайр, xуш қолинг!

Ўйларим нигоҳим санчилган мовий осмонга бўйлар, ўпкамга тиниқ, xуш ҳаво тиқиларди. Кейин мен томон бостириб келаётган одамларга кўзим тушди. Қўлларида паншаxа, кетмон, бел кўтариб олишган, кўзларида қаҳру ғазаб учқуни порлайди. Нима гаплигига тушуниб етгунимча, улардан бири тош отди. Қочиш керак!

4. Пойга

Мен қочдим, ортимдан эса шафқатсиз оломон қуварди. Орқага қарайман: аёл-у эркак орасида болалар ҳам бор, балки улар воқеа оxирига, қонли ниҳояга қизиқишаётгандир?!

Болалигимдан ёлғонга ўргангандим, баъзан гуноҳимни яшириш учун, баъзида нимагадир эришмоқ учун. Кейинчалик бу руҳимга сингиб кетди, ҳар гапим ёлғонга айланиб бораверди. Ва ниҳоят, атрофимдагилар менга ишонмайдиган даражага “эришдим”. Рост сўзимни ҳимоя қила олмаган пайтлар қаттиқ жаҳлим чиқар, гўё бунга ёнимдагилар айбдордек туюларди. Асл айбдор – ўзим. Мана бу оломон-чи, у нима истайди? Нега кўзи қонга тўлиб мени қувади? Кимга қандай озор бердимки, бу қадар дарғазаблар? Наҳот, мени ўлдиришни ўйлашяпти?!

Шовқиндан уюр ҳам xуркиб кетди чоғи, борган сари туёқ товуши яқинлашиб, отлар пайдо бўлди. Улар ҳам мен каби анави аёвсиз ва бешафқат одамзоддан қочяпти. Ёнимда югуриб бораётган бир бўз от xудди елкамга чиқ, дегандек бошини силкиб-силкиб қўйди. Мен учун бу тулпор қутқарув кемасидек эди, ўйлаб ҳам ўтирмай унинг ёлига ёпишдим. Кўп ўтмай атрофим буткул ўзгарди, мен тулпоримнинг қордек оқ бўйнидан қучганча олдинга интилар, лочиндек учардим. Қулоғимга далда қичқириқлари эшитилди: “Бўлақол”, “Яна озгина қолди… Бўшашма!”, “Сен уддалайсан, ўғлим!” Ва мен… қандайдир маррани кесиб ўтдим. Ён-верим гулга тўлган, қарсак-у олқиш овози оламни босган, карнайлардан эса мен ва яна икки йигитнинг пойгада пешқадамлик қилиб, юрт шарафини ҳимоя қилгани, фарзандлик бурчини оқлагани баралла айтиларди. Бўз отдан тушдим, ортга қарадим. Ҳалиги йигитлар анча ёш, бири қора, бири малла отни етаклаб менга эргашмоқда. Олдимиздан гул тутган оломон пешвоз чиқди.

5. Мен Тўнғич ботирман!

Одамлар орасидан бир бола ажралиб чиқиб, менга аллақандай кўкрак нишони тақиб қўйди. Ҳавас билан қаради, нигоҳида орзумандлик, хаёлпарастлик балқиб турибди. Қўлимни қисиб қўйиб, дарҳол четга ўтди. Ортидан ўрта ёшлардаги киши (кўринишидан каттароқ мансабдорга ўхшайди) чиқиб келди, табриклаб елкамга қўлини ташлади, кейин аллақандай қувлик билан деди:

– Сен ким эдинг?!
– Мен Тўнғич ботирман…

Беихтиёр оғзимдан чиқиб кетганди бу. Ёдимга укаларим тушиб, такрор айтдим:

– Ёлғиз қолган Тўнғич ботирман!

Бу қадар оғир уйғонмагандим. Қулоғимдан елкамгача игна санчилгандек симиллаб оғрир, бутун танам терга ботган, томоғим қақраб, юрагим қафасдаги қуш каби питирлар, онгимда эса бир нарса айланаверарди:

“Мен Тўнғич ботирман! Тўнғич ботирман…”

* Алишер Файзуллаев ҳикояларини Тилланисо Эшбоева тавсия қилган

022Tong boʻzarib kelayotgandi. Allaqayerdan xoʻroz qichqirigʻi, ketidan itning akillashi eshitildi. Goʻdak bezovta boʻlib gʻimirlab qoldi, alahsirab yoniga oʻgirilmoqchi boʻldi. Uyqusiragan ayol asabiy gʻoʻngʻilladi. U bobillab allakimningdir goʻriga gʻisht qaladi, qargʻandi, taqdiridan yozgʻirdi. Goʻdak ovozi boricha chinqirib yigʻlay ketdi. Ayol butun olamni unutib goʻdakning olov boʻlib yonayotgan peshonasiga lab bosdi.

Alisher FAYZULLAYEV
UCH HIKOYA
07

Alisher Fayzullayev 1988-yilda Navoiyda tugʻilgan. OʻzMU jurnalistika fakultetini tamomlagan. Uilyam Saroyanning hikoyalar toʻplamini, Lotin Amerikasi adabiyoti namunalarini tarjima qilgan.

TONG BOʻZARIB KЕLAYOTGANDI…

Tong boʻzarib kelayotgandi. Allaqayerdan xoʻroz qichqirigʻi, ketidan itning akillashi eshitildi. Goʻdak bezovta boʻlib gʻimirlab qoldi, alahsirab yoniga oʻgirilmoqchi boʻldi. Uyqusiragan ayol asabiy gʻoʻngʻilladi. U bobillab allakimningdir goʻriga gʻisht qaladi, qargʻandi, taqdiridan yozgʻirdi. Goʻdak ovozi boricha chinqirib yigʻlay ketdi. Ayol butun olamni unutib goʻdakning olov boʻlib yonayotgan peshonasiga lab bosdi. Onasining isini tuygan bola sal tinchlandi, qoʻllarini ayolning toʻzgʻigan sochlari tushib turgan boʻynidan oʻtkazib “nanajon” dedi iltijo bilan. Ayol goʻdakni quchib allaladi, keyin oyogʻiga yupqa yostiq qoʻyib, ustiga bolani yotqizmoqchi boʻldi. Goʻdak onasining boʻyniga qattiq chirmashdi, koʻzlarini chirt yumib boʻzlay boshladi. Ayol tagʻin shangʻilladi, bola yanada qattiqroq chinqirdi.

Tong boʻzarib kelayotgandi… Qishloqning allaqayerida buzoqningmi, sigirningmi choʻzib moʻrashi quloqqa chalinadi. Shamol anhor yoqasida joylashgan hovli ichida gir-gir aylanadi, ishkomda osigʻliq chumchuqlarni hurkitishda qoʻllanilgan tunuka qopqoqlarni oʻynaydi, derazaga bosh urib uvillaydi, xushtak chaladi. Qor elangan undek bir maromda yogʻadi, hovli etagiga ilingan chiroqda uning raqsi akslanadi. Oʻsha chiroqning bir tutam nuri ayol va goʻdak yotgan xonaga moʻralaydi. Xonaning narigi boshida, shundoqqina eshikning biqinida, devor ostida gazpechka gurillaydi. Goʻdak qoʻllarini ikki yonga yozgancha onasining oyogʻida mudraydi, baʼzan uning kaftlari allakimningdir barmogʻini qidiradi; peshonasida ter, qulogʻida kumushrang sirgʻasi yaltiraydi, kalta sariq sochlari patala-patala, nam; uyqusida ihranadi, tirishadi, mudom kaftlari otasining barmogʻini izlab qisiladi.

Tong boʻzarib kelayotgandi… Uydan ayolning bir maromda hiqillashi, bir-bir burnini tortib qoʻyishi eshitildi. U pichirlab xudbin erining goʻriga gʻisht qalaydi, qargʻaydi, hamma koʻrgiliklarini qora taqdiridan koʻrib achchiq-achchiq koʻzyosh toʻkardi. Oyogʻi ustida yotgan qizalogʻi onasining dardini bilibmi, bilmaymi, yo otasiga ichikib qolganidanmi, shamollab qolgani tufaylimi, ihrab-ihrab qoʻyadi. U bezovta boʻlib gʻimirlashi bilan onasining oyogʻi asabiy tebrana ketadi, ayol kafti bilan ogʻzini yopib hiqillab oladi, keyin roʻmolining uchi bilan qizarib ketgan koʻzlaridan dumalayotgan yoshlarini artadi.

Deraza ortida shamol guvillaydi, qor parchalari koʻchachiroqning xira nurida raqsga tushadi, allaqayerdandir xoʻrozning qichqirigʻi, ketidan daydi mushukning ayanchli chinqirigʻi eshitildi. Tong boʻzarib kelayotgandi va sovuq xonasida erkak yakka oʻzi qogʻozga qitirlatib nimalardir qoralaydi. Stol ustida allaqachon muzlab qolgan yarim finjon qahva, deyarli boʻshab qolgan sigaret qutisi, tutab yotgan kuldon, gʻijimlab tashlangan qogʻozlar tartibsiz sochilgan, derazaning kichik koʻzi nimochiq, koʻchada qor erinmay shaharni oqqa burkardi. Erkak esa hamon qogʻoz ustida muk tushgancha qitirlatib allanimalarni qoralar, kuldonda tutab yotgan sigaretni yutoqib tortar, yana oʻsha koʻyi ruchkani asabiy qitirlataverardi. U koʻcha chirogʻida oʻynayotgan qor parchalariga mutlaqo befarq, deraza koʻzidan oqib kirayotgan sovuq havo oʻpkasini biroz bosar, oʻzi esa qogʻoz ustiga muk tushib qoralarkan, ichida uzilgan allanima haqida muttasil oʻylardi. Tong esa boʻzarib kelayotgandi…

BAXT

Uning uyga qaytadigan vaqti boʻlgandi. Yigit qoʻl soatiga bir qur koʻz tashlab ish stoli ustidagi qogʻozlarni yigʻishtirdi, xonani qulflab pastga – ulkan qoʻrgʻonni eslatuvchi korxona hovlisiga tushdi. Darvoza oldida qoʻriqchilarga kirish-chiqish ruhsatnomasi – kichkina plastik guvohnomani koʻrsatib yana joyiga, hamyonining maxsus boʻlmasiga solib qoʻydi. Keyin koʻchaga oqib chiqayotgan ishchilarga qoʻshilib ketdi.

Sentyabr, daraxtlarning zumrad barglari oftob nurida yaltiraydi, quyosh esa hali hanuz olov tigʻini yerga ayamay sochadi. Bino qarshisidagi bahaybat chinorlar allanimaning xayoli bilan band, baʼzan shamol kuyi maromida tebranishar, baʼzan esa shovullab allaqaysi qadim qoʻshiqni kuylashardi. Daraxtlarga in qurib olgan yuzlab chumchugʻ-u afgʻon qushlar allaqachon kechki “bozor”larini boshlab yuborishgan, yeru koʻkni boshga koʻtarib shovqin soladilar. Yigit bino biqinidagi yoʻlkaga tushib olib bugun nimalar qilganini bir-bir xayolidan oʻtkaza ketdi. Tushgacha “Xodimlar boʻlimi”dagi arzimagan muammo bois tepa-pastga qavatma-qavat yugurib yurdi. Soʻng Shuxrat akaga (u “Maxsus tayyorlov boʻlimi”da ishlaydi) metall plastinalardan oshxona anjomlari saqlanadigan gʻilof nusxasini tayyorlashga qarashib yubordi. Ikki ishchi bilan tomdagi katta antennalardan birini taʼmirlashdi. Nihoyat, xonasiga qaytib muqovasi qorayib ketgan eski kundaligiga nimalardir qoralab oʻtirdi. “Kunim yomon oʻtmadi ”, oʻyladi yigit allaqachon katta yoʻlga chiqib olganini payqarkan. Soʻng deyarli yoʻl bilan birga tushgan anhor tomon koʻz tashlab, “Nega suvni shahar oʻrtasidan olib oʻtishgan ekan a?” deya shivirladi anhor tomon oʻtarkan. Suv bir maromda oqar, baʼzan oʻzini temir qafasdan xalos etmoqchi boʻlgan burgutdek beton sohilga urilar va yana jimib qolardi. Bir muddat ilgari u doʻstlari bilan yuqoriroqdagi quyilishga choʻmilgani borib turardi. Oʻsha yerni koʻrgisi keldi, hozir mahdud koʻngli hotirjamlik, taskin istardi. Bunday olib qaraganda, unga bahona kerak emas, ijaradagi uyiga borib ham nima qilardi.

Mana oʻsha joy. Narigi sohilda choyxona, uning yonida yana bir necha oshxona va “morj”lar choʻmilish havzasi bor. Bu yerlar doim gavjum, ayniqsa choʻmilish havzasi. “Morj”lar – asosan qariyalar, ularning aksariyati ajnabiy. Yigit turgan sohilda ham choʻmiluvchilar koʻp. Bolalar chinqirgancha yugurib kelib suvga kalla tashlashar, anhor tomonga soya solgan chinor shoxiga qalin arqon bogʻlangan, bir toʻp yosh-yalang oʻshanga osilib suv ustida halinchak uchishar, kattaroq kishilar anhor oʻrtasida tinchgina suzishar, allaqanchasi esa beton sohil va yoʻlkalarga terilvolib quyoshda toblanishardi. Yigitning ularga havasi kelib, darrov kiyimlarini yechib qoʻydi, oʻzi balandda joylashgan beton tomon yoʻl oldi. Bu yer anhor suvidan qariyb uch metrlar tepada, tubi ham chuqur, xullas, kalla tashlashga bop joy edi. Yigit bir muddat suvga termilib turdi, oʻpkasini toʻldirib nafas oldi, soʻng oʻzini suvga otdi.

Birozdan soʻng u beton sohilda tanasini quyoshga berib oʻtirar, muzdek suv ruhiyatini ancha tetiklashtirgan: narigi sohildagilarni kuzatgan koʻyi ertangi kun rejalarini birma-bir xayolidan oʻtkazardi. Tanish ovoz qulogʻiga chalinib, erinibgina tepadagi yoʻlak tomon qaradi. Adashmabdi, bu korxona binosi chetida joylashgan pochta boʻlimi xodimasi Adolat opa edi. Na eri, na bolalari bor, eski shahardagi kichkina xaroba hovlida yakka oʻzi turadigan bu ayolni tushunish mushkul. Bir paytlar yigit unikida ijarada yashagan, koʻp oʻtmay bu yerdan ham koʻchishga majbur boʻlgandi. Unga tinchlik kerak. Ayol ozoda, sarishta, qolaversa pishir-kuydirga zoʻr, qoʻli shirin. Lekin xuda-bexudaga yigitning tinchini buzaverar, ham vaqt, ham holatga qaramay xonasiga bostirib kirar, madorini quritib savolga tutardi. Ayol azbaroyi oʻz oʻgʻlidek koʻrgani bois taftish qilar, tergardi, u esa kindik qoni toʻkilgan hovlisidan qochib kelgan, xullas boʻlmadi…

Yigit Adolat opaning “bu yerga chiq” degan imosi bilan oʻrnidan qoʻzgʻaldi.

– Assalomu aleykum, opa! Yaxshimisiz, sogʻmisiz?.. Bu yerlarda nima qilib yuribsiz? – dedi hayronligini yashirmay.

– Ha, oʻzim shunday… (sekin yelkasidan qoqib qoʻyib) sen yaxshimisan? Ancha ozibsan-ku, bolam. Doimgidek yaxshi ovqatlanmay yurgandirsanda, a?

– E, opa, yigitmiz, kuni boʻyi yugur-yugur, odamning yodidan koʻtariladi-da. Oʻzizdan gapiring, ijarachilar tuzukmi?

– Sen keyin yana uchtasi kelib-ketdi. Hozir hovlida bir oʻzim soʻppayib oʻtiribman, birov yoʻq.

– Oldingizga yuborgan doʻstimchi?
– Anvaring menga toʻgʻri kelmadi. Ichib keluvdi, haydab soldim.

– Koʻnglingizni topish biram qiyin…
– Shunaqa… Oʻzing qayerda ijaradasan?

– Universam tepasidagi xonadonlardan biridaman.
– Yana almashtiribsan-da?!

– Bukrini goʻr tuzatadi… Sizdan keyin yana 3-4 ijara almashtirishga ulgurdim.

– Boʻpti, sen choʻmilaver. Men korxonaga borib tezda qaytaman. Keyin ikkimiz hovliga oʻtamiz. Oshning zirvagi tayyor, ona-bola dasturxon ustida dardlashamiz, xoʻpmi?

Yigit yoʻq deyolmadi, “mayli” deb bosh silkidi. Soʻng ayol shoshilmay yoʻlka boʻylab korxona tomon joʻnadi. Uning ortidan kuzatib qolarkan, onasini esladi. Negadir onasini yodga olganda shunday tasavvur paydo boʻlardi doim: oʻsha qumga botgan chang koʻcha, ikki qoʻlida suv toʻla paqir koʻtarib olgan, oddiygina ranggi uniqqan chit koʻylakdagi ayol… Onasining kafti qavargan, tomorqadagi oʻtlarni yulaverganidanmi, barmoqlari qoramtir dogʻ, tovoni tars-tars yorilgan boʻlardi, boshidan oq roʻmol tushmas, oyoqlarida esa yozin-qishin kiyilaverib oqarib ketgan kalish…

Yoʻlka chetida oʻtirib qoldi. Yuragini ogʻriq gʻijimlay boshladi. Onasini koʻrmaganiga bir yildan ortibdi… Oʻtgan yili bahor oxirlarida borgan, onasi “bolam”lab joy topolmagandi. “Bolam, tomorqada ham, bogʻda ham aytarli hech narsa yetilgani yoʻq, oldingga qoʻlga ilinarli narsa qoʻyolmadim” dedi. Ketayotganida peshonasidan oʻpib, yozda yana kelishini soʻrab yigʻladi. Yigitning oʻshanda oʻpkasi toʻlib ketib, tomogʻiga achchiq yigʻi tiqilgan, onasini ham oʻzini ham tinchlantirib “kelaman, onajon, kelaman” devdi. Bormadi… Onasi uning diydoriga toʻyibdimi, oylab, yillab kutganiga uch-toʻrt kunlik diydor … Yigitning tomogʻi yana achisha boshladi.

Sal narida oʻsgan chinor ostidagi oʻrindiqqa ikki ayol kelib oʻtirdi. Chamasi, ikkovi dugona, biri ikkinchisiga yuragi kuyib bir narsalarni tushuntirar, biroq narigisi oʻjarlik bilan uning gapini choʻrt kesdi: “Men uni sevaman, tamom!”. Bu payt yigit oʻzini zoʻrgʻa yigʻidan tutib turardi, yugurib borib anxorga kalla tashladi.

Sovuq suv oʻz ishini qilib, boʻgʻzidagi ogʻriq asta-sekin tarqaldi. U xayolini chalgʻitmoqchi boʻlib, boshqa narsani oʻylay ketdi. Anhorning bu yerlari sayoz ekan, oyoq qoʻyib yursa yoki chalqanchasiga osmonga qaragancha suvga qoʻshilib oqsa boʻladi. Oxirgi fikrida toʻxtadi, “Shunday qilaman” dediyu, qoʻllarini keng yoyib suvga qoʻshildi, oyoqlarini anhor tubidan uzib chalpillata boshladi.

– Hoy, yigit… suv sachratmasangchi…

Yigit qayta oyoq qoʻyib, ovoz kelgan tarafga qaradi. Oʻrta yoshlardagi sochi qulogʻiga tushgan kishi ekan.

– Kechirasiz, borligingizni bilmabman.
– Hechqisi yoʻq, isming nimaydi? Men – professor Akbarovman!

U shunday deb qoʻl uzatdi. Yigit ham ismini aytib, darrov professor holatiga javob qaytardi: suvdan qoʻlini koʻtarib uning qoʻlidan tutdi, professorning oppoq va nimjon kafti yigitniki orasida qolib ketdi. Yigit yuzidagi ifodani payqadi chogʻi, professor oʻzini oqlay ketdi:

– Seni universitetdagi bir talabamga oʻxshatib yaqinroq keluvdim, adashibman.

– Men ham oʻtgan yili universitetni tamomlagandim.
– Juda soz! Qaysi fakultetni bitirding?

– Huquqshunosman.
– Ajoyib! (sohil tomon koʻz tashlab) Kechirasan, meni bir ayol kutyapti, ketishim kerak.

Yigit ham sohilga qaradi, Adolat opa allaqachon kelgan, haligi oʻjar ayol bilan (dugonasi ketgan shekilli) oʻrindiqda yonma-yon oʻtirardi. Demak, suvdan chiqish kerak. Professor aytgan ayol oʻsha oʻjar ekan, bir tarafdan, oʻrindiq yonidan chiqishdi. Kutilmagan holatdan chiqish uchunmi, professor ayolni yigitga tanishtirdi, u ham oʻz navbatida Adolat opaning onasidek ekanligini aytdi. Kiyinib boʻlishgach, Akbarov ularni uyiga taklif qildi.

– Afsus, bizning boshqa rejalarimiz bor edi, – yigit shunday deb Adolat opaga qarab qoʻydi. Uning professor xonadoniga bir kirib oʻtish istagi yoʻq emasdi.

– Qoʻysangizchi, biz manavi uyning (Akbarov anhorga tutashtirib tiklangan koʻp qavatli uyni koʻrsatdi) tepa qavatida turamiz. Bir oʻtirib suxbatlashardik…

Uning gapini ayol ilib ketdi:

– Iltimos, yoʻq demang. Birinchi mehmonimiz boʻlardingiz.

Oxirgi gapni esa Adolat opa aytdi: “Anchadan beri bunaqa yaxshi oilani uchratmagandim, bahonada yaqindan tanishib olardik. Keyin bordi-keldi ham qilamiz”.

Professorning uyi u qadar katta emas edi. Did bilan bezatilgan, deraza pardalaridan tortib oyoq ostidagi gilamlargacha chet elniki ekani koʻrinib turardi. Ayol Adolat opani oshxonasini koʻrsatgani olib ketdi, yigit esa professor ortidan ergashdi. “Mexmonxonamiz” deb aytilgan xonaga kirarkan lol-u hayron boʻlgancha qadam tashlolmay taraddudlanib qoldi. Umuman olganda, xona koʻproq kutubxonani eslatar, toʻrt devorda shiftgacha borgan javonlar ichi kitob bilan liq toʻla edi. Ularda yigʻilgan kitoblarning asosiy qismini xorijiy tildagilari tashkil qilardi.Oʻrtadagi qand-qurs, pista-bodom kabilar bilan bezalgan katta stol va kursilargina xonaning asosiy belgisi edi. Oʻrnashib olishgach, yigit kitoblarga bir bir nazar tashladi. Soʻng Akbarovdan qaysi soha bilan shugʻullanishini soʻradi.

– Men… Bilasizmi, – dedi professor biroz oʻyga tolib, – meni inson hayotidagi tushunib boʻlmas baʼzi tuygʻular hamda OMAD, BAXT kabi tushunchalar qiziqtiradi. Siz, deylik, BAXT borligiga iishonasizmi?

Yigit bunday savolni kutmagandi, biroz kalovlanib qoldi. Professor uning hovliqishini kuzatib turib, oʻzi uni bu holatdan qutqardi:

– Mayli, javob berishingiz shart emas. Bilsangiz, bu savolimdan soʻng koʻpchilik sizning ahvolingizga tushib qoladi. Kim nima desa desin-u, ammo, menimcha, BAXT – mavjud. U nafaqat tushuncha, balki tirik organizm – ongli mavjudod, odam! Ayrim xitoy solnomalarida imperatorga xizmat qiluvchi xonadonlardan birida BAXT tugʻilgani xaqida maʼlumot keltiriladi. U yerda aytilishicha, BAXT tugʻilgan uyiga baxtsizlik keltirarkan. Oʻsha xizmatkor oilasi yoʻq qilinib, BAXT imperator qaramogʻida tarbiya etilgan.

Yigit gapni boshqa tarafga burishni maʼqul koʻrdi, deraza tokchasidagi tuvakgullarni koʻrsatib:

– Kelinoyim qiziqadilar shekilli? – dedi.

– Ular meniki. Bolaligimdan bogʻim boʻlishini xohlayman, biroq hozircha buning iloji yoʻq.

Mavzu bogʻdorchilikka burilib, yigit ham professorga oʻzlarining qishloqdagi bogʻi haqida gapirdi. Bu orada ayollar taom tayyor ekanini aytishdi. Akbarov kimdir bilan qoʻngʻiroqlashib olgach, hamma dasturxon atrofida yigʻildi. Taom yeyilib, idishlar yigʻilgach stolga ichimlik tortildi. Professor qayerdandir ingliz skotchi topib chiqdi, qoʻyarga qoʻymay yigitga ham bir ryumka uzatdi. Soʻng oʻrnidan turib bir nimalar dedi-da, qoʻlidagini sal yuqoriga koʻtarib “oldik” degan ishorani qildi, ichib yubordi. Yana ryumkasini toʻldirib olgach yigitga qaradi (uning ryumkasi boʻshamaganiga zarracha eʼtibor bermadi), oʻychan gap boshladi:

– Butun umr oʻzimni omadsiz xisoblab keldim, aslida ham chindan baxtiqaro edim. Ammo “xechdan koʻra – kech” yaxshi! Bugun dasturxonimda birga oʻtirganlarni koʻrib faqat xursand boʻlmogʻim mumkin… Ulardan biri yoshi ellikdan oshgan qizaloq, uning onggi, tani ham begʻubor.., biri allaqachon nomi davralardan oʻchgan behol va maʼsuma ayol – MUHABBAT… Hamda uzoq kutilgan BAXT! Bu bechora yigit BAXT boʻlsada oʻzi baxtsizlikka mahkum, hatto yaqinlarini, suyganlarini oʻzidagi baxtsizlikdan asramoq uchun ulardan uzoqda yurishga majbur!

Derazaga yaqinroq oʻrinda oʻtirgan Baxt (yigitni shunday atashni lozim koʻrdik) gʻalati bir noxushlikni xis eta boshladi. Shu orada u anhor tarafga qaragan deraza ortiga koʻz tashladi, oqshom choʻkkandi. Xonada quzgʻun kabi uzun qora plash kiyib olgan ikki pakana askar (ularning qanday paydo boʻlganini hech kim anglay olmadi) tayyor turgandi. Eshikdan esa toʻgʻri ular tomon baland boʻyli, gardani keng, qoʻllari baquvvat, qop-qora harbiy forma kiyib olgan niqobli zobit keldi. Qoʻlidagi ruxsatnomani professorga koʻrsatar ekan (nega unday qilgani tushunarsiz edi), Baxtga qarab hibsga olinganini eʼlon qildi.

Qochish kerak! Baxt nima qilayotganini bilolmay qoldi. Qanday qilib oʻzini ochiq derazadan tashlagani-yu, pakanalarning uning oyogʻiga qanday osilganini anglamasdi. U faqat UCHISH KЕRAKligini his etardi…

TOʻNGʻICH BOTIR

1. Bolalik – sokin xotira

Bolaligim yomon oʻtmagan. Poytaxt-viloyat yoʻnalishidagi transportlarni kutish bilan oʻtdi u. Qishlogʻimda meni “quruq” deyishsa, shaharlik bolalar uchun “qishloqi” edim. Ana shunday “tuyaqush” hisoblanardi biz kabilar. Shuning uchunmi, “dom”imiz bolalari boshqalarga qoʻshilmas, alohida oʻynardik. Darvoqe, biz yashaydigan koʻp qavatli uyning farqi ham shu, u viloyatlik isteʼdodlar oilalari uchun atay qurilgan.

Menga u qiz yoqarmidi? Bilmayman. Ammo bobom uning qaysidir fazilatini koʻra bilgan, doim “Shu qizni senga olib beraman”, derdi. Bir safar ikkovimizni bozorga olib borgani, muzqaymoq olib bergani yodimda. Mana, oradan koʻp yillar oʻtdi, bobom vafot etganiga ham ancha boʻlgan. Qiz esa maktabni tugatiboq qishlogʻiga uzatilib ketdi.

Hali bolamiz. Kimningdir tugʻilgan kunida yigʻilgandik. Ovqatlanganmiz, dunyoni unutib oʻynar, oʻyinchoqlarga oʻzimizcha jon baxsh etardik. Oʻshanda u uyga aylangan yemak stoli ostida menga “muhim” gaplarni ayta ketgan: maktab, dugonalarining gʻayirligi, yaqinda qoʻshni uyga koʻchib kelgan Anvar… U soʻzdan hech toʻxtamas, ora-sira koʻzlarimga qarab yuziga tushgan tim qora sochini qoʻli bilan qulogʻi ortiga oʻtkazib qoʻyardi. Nihoyat, meni yaxshi qoʻrishini ham qistirib oʻtdi. Bu bolalarcha xayol, koʻr-koʻrona qaytariq, begʻubor ishtiyoqdan oʻzga narsa emasdi. Nima boʻlganda ham, shunday voqealar xotirada butun umr saqlanib qolarkan.

Mana u – qarshimda, yozuv stolida daftarga koʻmilib nimadir qoralayapti. Meni payqadi chogʻi, koʻzlarini daftardan uzib menga tikdi. Endi eʼtibor qilibman, u bolasiningmi, ukasiningmi uy vazifasini bajarib berayotgan ekan. Unga halaqit bermaslik uchun boshqa xonaga chiqdim.

2. Gʻalati oʻsimlik

Bu xona xuddi oʻzimnikidek: 3 ga 4. Ammo ichidagi jihozlar boshqacha, kiraverishda tizilgan shkaf xonani kichikroq koʻrsatar, oʻrtada esa ikki kishilik yotoq bor va unda… chalqancha yotgan ukamni koʻrdim …

Ukamning soʻngi kunlarini yaxshi eslayman, juda noziklashib qolgan, hech qayerga oʻngarilmay yotar, sal qoʻl tegishi ham joniga azob berardi. Suyaklari moʻrtlashib oyogʻi sindi, bir tarafga yotaverganidan tanasini yotoqyara ilma-teshik qilib tashlagan, hech bitmasdi. Ota-onam undan kam azoblanmas, dadam dardini ichiga yutar, onam tez-tez yigʻlab olar, baʼzan Xudodan uning jonini ogʻritmay olishini soʻrardi. Singlim akasiga mehribon, men esa ukamning koʻzlariga qaray olmasdim. Uning koʻzlari… nimadir demoqchi, soʻramoqchidek iltijo bilan tikilardi. Uyda boshqa birov qolmagan payt uning oldiga borib gapirar, javob qaytaradi deb ishonardim. U indamasdi, shiftga tikilib yotaverardi… Men esa yigʻlagudek boʻlib xonadan chiqib ketardim.

U 18 da edi. Yangi telefon olgan, duch kelgan narsani rasmga tushirib yurgan paytlarim. Singlim ukamni suratga olishimni soʻradi. Oldim. Oradan uch kun oʻtib ukam 18 yillik darddan forigʻ boʻldi.

Bozorda ishlardim. Yakshanba, tonggi sakkizlar. Otam qoʻngʻiroq qildi. “Oʻgʻlim, ukangning mazasi yoʻq. Uyga tez qayt!” Uning ovozi titrar, juda zaif, dardchan eshitildi. Koʻnglimni havotir chulgʻadi. Yarim soatlarda ishimni tugatib uyga chopdim. Yoʻlakda otam turardi. “Ukangdan ayrilib qoldik, bolam…” Xuddi hiqichoq tutgandek oʻzimni toʻxtata olmas, yigʻi boʻgʻzimdan otilib chiqardi.

U butun tanasi bilan yuqoriga intilyapti. Umri yotoqda oʻtgan, jilla qursa hozir yotoqdan koʻtarilmoqchidek iltijoli tikildi. Uni koʻtarib yotoq tepasidagi argʻamchiga yotqizdim. Ukam jilmaydi, soʻng sharpadek yoʻqoldi.

Men polga, shundoqqina gilam ustiga choʻzildim. Endi ruhim ancha yengillashgan, parvozdagi qush kabi qoʻllarimni yoyib shiftga tikilgancha kulardim. Toʻsatdan gʻoʻldir-gʻoʻldir tovush keldi, qarasam karovat ostidagi qutilarga jon kirgan, suhbat avjida. Diqqat bilan eshitsam, gap xonadon egasi haqida. Qutilar bir-biriga gal bermay uning qanday yaxshi inson ekani, xushfeʼl, oliyjanob, ishining fidoiysi, ustasiligi, qoʻlidan oʻtgan poyabzallar matematik, geometrik tahlillarda ham yuqori sifatli deb topilganligini taʼkidlashardi. Menga bu odam tanishdek tuyular, ammo ismini hech eslay olmasdim. Bir quti shuni tuygandek, bor ovozda allaqaysi tramvay uning nomi bilan atalishini aytdi. Oxiri bu yerda tinchlik boʻlmasligini tushunib, oʻrnimda turdim.

Boshqa xonaga chiqdim. Bu boyagisidan kattaroq, namxush va qorongʻu. Xona oʻrtasida kattaligi chaqaloqdek keladigan allaqanday notanish oʻsimlik bor. U tanasini nurga tutmoqchi, ammo bir qatim nur topolmay ovora. Ichimdagi kimdir uni sugʻurib tashlashni buyurdi. Koʻnglim xira tortdi-yu, ichimdagi ovozga qarshi bormadim. Shunda oʻsimlik bilan birga atrofimni oʻrab turgan devorlar ham yoʻqoldi. Atrof charogʻon, oʻzim esa adirlikda turibman.

3. Alvido umidlar...

Ilgari bunday joyni koʻrmaganman: qator doʻlana-yu bodomlar umidvor koʻkka koʻz tikishgan, pastdagi yaylovda ot uyuri oʻtlab yuribdi, yuqoriroqda esa buloq. Suv oʻziga yoʻl ocharkan, bechora adir yuzida chandiq qoldirgan. Osmonda Boboquyosh barchaga birdek mehr ulashadi. Musichani yodga soluvchi koʻkqargʻa va qaldirgʻochlar samoni toʻldirgan.

16 – bolalik bilan xayrlashish paytim boʻlgan. Maktabni tugatib litseyga xujjat topshirdim. Oʻsha kezlar oʻzimni toʻkis yigit hisoblagandirman, ammo tan olishim kerak, hali ham goʻdak edim: bolalarcha oʻylar, bola kabi tizginsiz xayollar ogʻushida suzardim. Bu koʻhna olam atayin men uchun yaratilgandek, mening tugʻilishimni kutgandek tuyulaverardi. Shunda oʻzim xohlagan litsey imtixonlaridan yiqilib oʻqishni boshqa litseyda davom ettirishimga toʻgʻri keldi. Ahamiyat ham bermadim, tezda oʻnglanib oldim. U yerda bir qancha yaqin doʻstlar va Uni topdim. U haqida oʻylasam, koʻnglimni qorishiq hislar bosadi.

Vaqt baʼzan shu qadar tez harakatlanarkanki, ortingga qarashga ulgurmay qolarkansan. Koʻz ochib yumguncha 23 daman. Qalbimni ulkan boʻshliq, qora oʻra oʻz domiga tortgan, ongimni xira xayollar, puch orzular egallagan. Shu holimga oʻzim befarq, oʻzim beeʼtibor ketib boraman. Kim biladi, ehtimol oʻsha tubsizlikning qora iskanjasiga oʻzimni manguga topshirish oni yaqindir. Asta pichirlayman: alvido umidlar… Alvido orzular… Xayr, xush qoling!

Oʻylarim nigohim sanchilgan moviy osmonga boʻylar, oʻpkamga tiniq, xush havo tiqilardi. Keyin men tomon bostirib kelayotgan odamlarga koʻzim tushdi. Qoʻllarida panshaxa, ketmon, bel koʻtarib olishgan, koʻzlarida qahru gʻazab uchquni porlaydi. Nima gapligiga tushunib yetgunimcha, ulardan biri tosh otdi. Qochish kerak!

4. Poyga

Men qochdim, ortimdan esa shafqatsiz olomon quvardi. Orqaga qarayman: ayol-u erkak orasida bolalar ham bor, balki ular voqea oxiriga, qonli nihoyaga qiziqishayotgandir?!

Bolaligimdan yolgʻonga oʻrgangandim, baʼzan gunohimni yashirish uchun, baʼzida nimagadir erishmoq uchun. Keyinchalik bu ruhimga singib ketdi, har gapim yolgʻonga aylanib boraverdi. Va nihoyat, atrofimdagilar menga ishonmaydigan darajaga “erishdim”. Rost soʻzimni himoya qila olmagan paytlar qattiq jahlim chiqar, goʻyo bunga yonimdagilar aybdordek tuyulardi. Asl aybdor – oʻzim. Mana bu olomon-chi, u nima istaydi? Nega koʻzi qonga toʻlib meni quvadi? Kimga qanday ozor berdimki, bu qadar dargʻazablar? Nahot, meni oʻldirishni oʻylashyapti?!

Shovqindan uyur ham xurkib ketdi chogʻi, borgan sari tuyoq tovushi yaqinlashib, otlar paydo boʻldi. Ular ham men kabi anavi ayovsiz va beshafqat odamzoddan qochyapti. Yonimda yugurib borayotgan bir boʻz ot xuddi yelkamga chiq, degandek boshini silkib-silkib qoʻydi. Men uchun bu tulpor qutqaruv kemasidek edi, oʻylab ham oʻtirmay uning yoliga yopishdim. Koʻp oʻtmay atrofim butkul oʻzgardi, men tulporimning qordek oq boʻynidan quchgancha oldinga intilar, lochindek uchardim. Qulogʻimga dalda qichqiriqlari eshitildi: “Boʻlaqol”, “Yana ozgina qoldi… Boʻshashma!”, “Sen uddalaysan, oʻgʻlim!” Va men… qandaydir marrani kesib oʻtdim. Yon-verim gulga toʻlgan, qarsak-u olqish ovozi olamni bosgan, karnaylardan esa men va yana ikki yigitning poygada peshqadamlik qilib, yurt sharafini himoya qilgani, farzandlik burchini oqlagani baralla aytilardi. Boʻz otdan tushdim, ortga qaradim. Haligi yigitlar ancha yosh, biri qora, biri malla otni yetaklab menga ergashmoqda. Oldimizdan gul tutgan olomon peshvoz chiqdi.

5. Men Toʻngʻich botirman!

Odamlar orasidan bir bola ajralib chiqib, menga allaqanday koʻkrak nishoni taqib qoʻydi. Havas bilan qaradi, nigohida orzumandlik, xayolparastlik balqib turibdi. Qoʻlimni qisib qoʻyib, darhol chetga oʻtdi. Ortidan oʻrta yoshlardagi kishi (koʻrinishidan kattaroq mansabdorga oʻxshaydi) chiqib keldi, tabriklab yelkamga qoʻlini tashladi, keyin allaqanday quvlik bilan dedi:

– Sen kim eding?!
– Men Toʻngʻich botirman…

Beixtiyor ogʻzimdan chiqib ketgandi bu. Yodimga ukalarim tushib, takror aytdim:

– Yolgʻiz qolgan Toʻngʻich botirman!

Bu qadar ogʻir uygʻonmagandim. Qulogʻimdan yelkamgacha igna sanchilgandek simillab ogʻrir, butun tanam terga botgan, tomogʻim qaqrab, yuragim qafasdagi qush kabi pitirlar, ongimda esa bir narsa aylanaverardi:

“Men Toʻngʻich botirman! Toʻngʻich botirman…”

* Alisher Fayzullayev hikoyalarini Tillaniso Eshboyeva tavsiya qilgan

04

(Tashriflar: umumiy 319, bugungi 1)

Izoh qoldiring