Abu Ali ibn Sino. Qush hikoyati (Tayr qissasi)

0916 август — улуғ ватандошимиз Абу Али Ибн Сино таваллуд топган кун

   Шарқ мумтоз адабиётида ўзлари учун адолатли ва комил Подшоҳни излаб машаққатли йўлга чиққан қушлар мотиви мавжуд. Абу Али ибн Синонинг “Тайр қиссаси”, Ғаззолийнинг “Рисолат ут-тайр”, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” ва Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонлари бунинг ёрқин мисолидир.   Ибн Синонинг “Тайр қиссаси”да қушлар саккизинчи тоғдан ошиб ўтиб “Буюк Подшоҳ” ҳузурига етиб борадилар: “Парда кўтарилиб, подшоҳ жамолига кўзимиз тушгач, унга кўнглимиз тушиб, ҳаммамиз ҳушимиздан кетиб, шикоят қилишга ҳам қодир бўлмай қолдик”, – дея ҳикоя қилади қушларнинг бири.

АБУ АЛИ ИБН СИНО
ТАЙР ҚИССАСИ  (ҚУШ ҲИКОЯТИ)
Араб тилидан Абдусодиқ Ирисов таржимаси
066

04Абу Али ибн Сино (980–1037) Бухоро вилоятининг Афшона қишлоғида туғилган. Исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ эди. Ҳусайннинг ёшлиги ва йигитлик даври сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги даврига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний ҳукмронлиги даври (976–997)га тўғри келади. Абу Абдуллоҳ Нотилийдан фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийдан табииёт илмини таҳсил олди. 16–17 ёшларида Ибн Сино машҳур табиб бўлиб танилди. Бухорони қорахонийлар забт этгач, 1000 йилда Бухородан чиқиб Хоразмга борди ва Маъмун академиясида фаолият юритди. Кейинчалик Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Эрондаги турли шаҳарларда яшади. Журжонга келгач, Ибн Сино ҳоким Қобус ибн Вашмгир саройида табиб сифатида шуҳрат қозонди. 1019–21 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қилди. Баъзи сабабларга кўра бу ердан қочиб, Исфаҳонга боради ва бутун умрини илм-фанга бағишлади.
Абу Али ибн Сино буюк табобат олими, файласуф, тилшунос бўлиш билан бирга, тасаввуф олими ва забардаст адиб ҳам эди. Унинг “Тайр қиссаси (Қуш ҳикояти)”, “Саломон ва Ибсол”, «Ҳайй ибн Яқзон», “Юсуф” каби насрий асарлари Х–ХII асрларда Ўрта Осиёдаги бадиий насрнинг юксак намуналаридир. Ибн Сино бу асарларида тасаввуф таълимотида ирфоний ишқ фалсафасини илгари сурган.

ғ8

067Дилимдаги қайғуларимнинг бир озини эшитадиган биродар топилармикан?! У меҳрибонлик қилиб, ҳасратимни тингласа, оғиримни енгиллаштирган, дардимга малҳам топган бўларди…

Агар дўстлик савдо-сотиққа ўхшаб, эҳтиёжга қараб ахтарилса, зарурат туғилмаган чоғда дўстни назарга илмай, ташлаб кетилса, бу қандай дўстлик бўлди энди!

Дўстинг бошингга мушкул тушгандагина ҳолингдан хабар олгани келиб, бошқа вақтда бегонадай юрса, зарурат туғилгандагина эслаб, бошқа маҳалда сира эсламаса, ўйлаб кўр, шу ҳам дўстлик бўладими, ахир!

Ахир, Худонинг Ўзи яқинлаштирган меҳр-шафқатли дўстлар ҳам бор-ку! Улар ҳақиқатга мулоҳаза билан қарайдилар; дилларида шак-шубҳа ғубори бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси бир-бирига холисанлиллоҳ дўст, аҳил, уларни шундай олийжаноб дўстлик бирлаштирган.

Эй, биродарлар! Ҳақиқатни очинглар, тўғри йўлдан юринглар. Бир-бирингиздан билим ўрганиб, камол топишингиз учун дил пардасини очиб ташланглар.

Эй, биродарлар! Кирпилар бошини ичига тортгани каби сиз ҳам бошингизни ичингизга тортинг. Ботинингизни юзага чиқаринг, зоҳирингизни эса, ичингизга олинг. Худо ҳаққи, ботинингиз равшан кўриниб турибдию, лекин зоҳирингиз яширин (1).

Эй, биродарлар! Илонга ўхшаб пўст ташлаб, қуртлар сингари судралиб юринглар. Қуроли думида бўлган чаёндек ҳушёр бўлиб туринглар, чунки шайтон одамни орқадан келиб алдай олмаса, ҳеч бир (кимса) алдай олмайди.

Ажал заҳрини ютинглар, яшаяжаксиз, ўлимни севинглар, тирик бўлажаксиз (2). Қўнадиган уя тутмай учиб юринглар, чунки қушларнинг овланадиган жойлари уялардир. Агар қанот йўқлиги учишингизга монеълик қилса, қанотли бўлинглар, мақсадга етасиз. Энг катта фазилат учишга моҳир бўлишдир.

Қизитилган тошларни ютадиган туяқуш бўлинглар, катта-кичик суякларни ютиб юборадиган илондек, олов ичида  дадил юрадиган самандардек, кундузи ёруғликка чиқмайдиган кўршапалакдек бўлинглар. Паррандаларнинг энг яхшиси кўршапалаклардир.

Эй, биродарлар! Одамларнинг ботири мушкулотдан қўрқмайди. Камолот ҳосил қилишдан бош тортган киши одамларнинг энг қўрқоғидир.

Биродарлар! Фаришта ёмонлик билан машғул бўлса ёки ҳайвонлар хунук иш қилса, бунга ажабланиш керак эмас. Балки инсон вужуди ақл билан мунаввар бўла туриб, шаҳватга берилсаю, инсонлигини йўқотиб, виждондан кечса, бунга ажабланиш керак бўлади. Қасамёд қилиб айтаманки, одамнинг фариштаси шаҳватни даф қилишда шак-шубҳасиз собит қадамдир. Унинг оёқлари жимо(3)га юрмайди. Агар кишидаги инсонийлик, ёмонлик оҳанрабоси бўлмиш шаҳватни қайтаришга ожизлик қилса, ундай одам ҳайвондан ҳам паст туради.

Энди сўз бошига қайтаман. (Буни) мен айтяпман:

08Бир гуруҳ овчилар тузоқлар қўйиб, тўрлар ёйдилар. Кейин дон сепиб, ўзлари кўкатлар орасига яшириндилар. Бу вақтда мен паррандалар галаси орасида эдим. Шунда овчилар бизни кўриб, қушларга ўхшаб сайраб чақирдилар. Бундай қарасак, у ерда жуда кўп дон ва ўзимизга ўхшаш қушлар бор экан. Буни кўрганда кўнглимизда ҳеч қандай шубҳа туғилмади.

Апил-тапил шу қушлар томонга боришга шошилдик ва боришимиз билан ҳаммамиз тузоққа илиндик. Шу пайтда бўйнимизни ҳалқа бўғди, қанотларимизни тўрлар ўради, оёқларимизга эса тузоқ тушди. Қутилишга қанча уринмайлик, ҳаракатимиз зое кетди, қайтага тўрга баттарроқ ўралиб, ҳалок бўлишимизга кўзимиз етди.

Ҳаммамиз ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб, биродарларимизга мадад беришгина эмас, уларга қайрилиб қарашни ҳам унутибмиз. Кейин ҳаммамиз қутулиш чорасини топиш ҳақида бош қотирдик. Шу қадар ўйга чўмиб кетибмизки, ҳатто тузоққа илинганимиз ҳам ёдимиздан кўтарилибди. Шу алфозда бир оз кўникиб, тўр қафас ичида қолиб кетдик.

Бир маҳал қарасам, бир гала қушлар кўринди. Улар бошу қанотларини тўрдан халос қилиб, учиб келишар, аммо оёқларида эса ҳамон тузоқ осилиб турар эди. Бу тузоқ учиб қочишга халал бермас, шунга қарамай, учиб қутулиш осон ҳам эмасди, осуда ҳаёт кечириш ҳам мушкул эди. Ана шу ҳол унутган нарсамни ёдимга туширди. Шу билан бирга, кўникиб қолган нарсанинг ёмонлигини ҳам кўз олдимда намоён қилдим. Тузоқдан бўшайман, деб уринавериб тавбамга таяндим, ҳатто ҳасрат-надоматдан куйиб ўлаёздим.

Кейин, зора, ўша қушлар менга яқинроқ келиб, бу фалокатдан халос бўлиш йўлини кўрсатсалар, деган умидда тўрқафас ичида туриб, уларни чақирдим.

Улар овчиларнинг ҳийлаларини билишиб, яқин келишга ботинмай қочдилар. Кейин мен уларга қадимги дўстлигимиз ва ҳаммамиз бир гуруҳданлигимизни айтиб ёлвордим; бир маҳалги аҳду паймонимизни эслатдим. Шундан кейингина улар менинг олдимга келишди.

Улардан ҳол-аҳвол сўрадим. Улар ҳам мен дучор бўлган фалокатга гирифтор бўлганликларини, кейин қутилишдан умид узиб, шу азоб-уқубатга кўникиб қолганликларини гапириб беришди. Кейин улар менга ёрдам кўрсатдилар; бўйнимдан тузоқ, қанотларимдан тўр олиниб, қафас эшиги ланг очилди.

Шунда улар менга:

– Қани, қочиб қол, – дейишди.

Мен бошу қанотимни қутқариб, сўнг улардан оёқларимдан тузоқни олиб ташлашларини илтимос қилдим. Улар: ”Агар биз шундай ишга қодир бўлганимизда, аввал, ўз оёғимиздаги тузоқни олиб ташлаган бўлардик, касал табиб касални даволай олармиди!“ – дейишди.

Мен оёғимдаги тузоқ билан учмоқчи бўлдим. Улар менга шунда дейишди:

– Олдингда жуда кўп буқъалар (4) бор. Агар биз улардан тез-тез учиб ўтмасак, балойи азимдан қутулолмаймиз. Бизнинг кетимиздан уч, сени қутқарамиз ва сенга тўғри йўлни кўрсатиб юборамиз.

Серўт, серҳосил водий, йўғе, аксинча, қурғоқ, хароб водийдаги юксак тоғ оралиғидан учдик. Водий орқамизда қолиб, ҳалиги тоғ чўққисига етдик. Бирдан олдинга қарасак, яна саккизта баланд тоғ намоён бўлди, уларнинг чўққиларини кўз илғамас эди…

Шунда орамиздагилардан бири: ”Бу тоғлардан жадал ўтиб олмасак балога гирифтор бўламиз“, – деди.

Шундан кейин биз тез учиб, олти чўққидан ўтиб, еттинчисига етдик. Бу тоғ чегарасидан ўткач, баъзи қушлар: ”Эвоҳ, ҳеч тоқат қилиб бўлмаяпти, дам оласизларми, йўқми?! Учавериб тинка-мадоримиз қуриди. Душман олисда қолиб кетди: бир оз дам олсак, яхши бўларди. Ахир тўхтовсиз учгандан кўра дам олиб учсак, тезроқ нажот топамиз-ку“, – дейишди.

Шундай қилиб, ўша тоғ чўққисига бориб қўндик. Бундай қарасак, кўз олдимизда ям-яшил мевазор, сувга сероб, обод боғлар турибди. Қулоқларимизга ашула, мунгли нағмалар эшитилди; мушку анбардан кўра хушбўйроқ ислар димоғимизга урилди.

Биз боғнинг меваларидан едик, сувларидан ичдик ва то дармонга киргунимизча шу ерда қолдик. Шунда бир қуш деди: ”Жадаллаб қолайлик, чунки хотиржамлик ғафлатда қолдирса, эҳтиёткорлик халос этади. Ундан сўнг, мен сизларга айтсам, шубҳадек мустаҳкам қўрғон йўқ. Ғафлат босиб, бу жойда узоқ туриб қолдик.

Душманимиз орқамиздан ахтариб келяпти. Гарчи бу жойда туриш биз учун қулай бўлса-да, лекин саломат қолишимиз мушкул. Шунинг учун, келинглар, бу буқъани ташлаб, тезроқ кетайлик“.

Шундай қилиб, ҳаммамиз учишга чоғландик. У ердан учиб, саккизинчи тоққа етиб бордик. Бундай қарасам, чўққиси осмон бағрини ёриб кирган баланд тоғ, унинг теварагида қушлар учиб юрибди. Мен умримда бундай хушнаво, гўзал, дилкаш қушларни учратмаган эдим.

Уларнинг ёнига қўнганимиздан кейин биз илгари ҳечқаерда кўрмаган ва ҳатто эшитмаган лутф-эҳсон ва меҳрибончиликни кўрдик, улар бизга самимий ёрдам кўрсатишди. Биз умр бўйи уринсак ҳам, борингки, умримизга неча бор қўшиб берилган тақдирда ҳам, улар бизга қилган ёрдамининг кичик бир улушини эплай олмасдик. Улар билан танишгач, бошимизга тушган фалокатларни сўзлаб бердик. Улардан бири деди:

– Мана шу тоғнинг орқасида бир шаҳар бор. Ўша ерда  буюк подшоҳ истиқомат қилади. Ҳар бир зулмдийда Унга сиғинса, муножот қилса, Унинг қудрат ва мадади билан мушкули осон бўлади, дарду фалокатлардан қутулади.

Биз буюк подшоҳ шаҳрига йўл олдик. Ниҳоят, қаср олдига етиб, ижозатига мунтазир бўлиб турдик. Киришга рухсат берилди. Бизни саройга олиб кирдилар.

Биз кирган саройнинг кенглигию гўзаллигини тавсифлаб бериш қийин. У саройдан ўтганимиздан кейин кенг ва ярақлаган бир сарой дарвозаси очилди. Бунга кўзимиз тушганида олдинги кўрган саройимиз анча тор, кичкина туюлди. Ниҳоят, подшоҳ ҳузурига етдик. Парда кўтарилиб, подшоҳ жамолини кўриб, ҳаммамиз беҳуш бўлиб қолдик. Ҳайтовур, Унинг Ўзи дардимиздан огоҳ бўлиб, Ўз лутфи билан ҳушимизга келтирди. Ниҳоят, У билан гаплашишга журъат этдик, ўз саргузаштимизни гапириб бердик. Саргузаштимизни тинглагач, У деди:

– Оёқларингиздаги тузоқни уни қўйган кишидан бўлак ҳеч ким еча олмайди. Мен унга бир элчи юбораман. Элчи сизларни тузоқдан қутқаришни овчидан илтимос қилади. Гап тамом, хотиржам бўлиб қайтаверинглар.

Ана шундан сўнг биз элчи билан бирга йўлга тушдик. Биродарларимиз подшоҳнинг ҳусну жамоли ва Унинг даргоҳи ҳақида ҳикоя қилиб беришимни талаб қилдилар. Мен унинг жамолини қисқача таърифлаб бераман: У шундай бир подшоҳки, қачон сен кўнглингга заволсиз жамолни, нуқсонсиз камолни келтирсанг, Унинг жамолу камолини кўрган бўласан. Ҳақиқатан ҳам ҳар бир камолот Унда зоҳир, ҳар бир нуқсон, ҳатто мажозий маънода бўлса ҳам, Ундан йироқ. Кимки Унга хизмат қилса, у энг олий бахтга эга бўлади. Кимки Ундан узоқлашса, дунё ва охиратда зиён кўради.

Ҳикоямни эшитиб биродарларим менга шундай дедилар:

– Сен ақлдан озиб қолибсан. Худо ҳаққи, сен эмас, балки ақлинг ҳам учган экан, сен овланмаган, ақлу ҳушинг овланган экан. Кишилар қачон учгану қай қачон гапирган! Худди мижозингда сафро ғалаба қилганга ўхшайди (5). Энди девпечакни қайнатиб ич, тез-тез сучук сувли ҳаммомга тушиб тур, нилуфар ёғини ҳидла. Кейин лазиз таомлар егин, жинсий алоқа ҳамда уйқусизликдан сақлан, камроқ фикр юрит. Илгари оқиллигингни кўрганмиз, ақл-идрок ва заковатингга қойил бўлганмиз. Энди бу аҳволингни кўриб, биз сендан ранжидик. Сенинг аҳволингга нуқсон етганини кўриб, кўнглимиз паришон бўлди.

Уларнинг гаплари қанча кўп бўлса, фойдаси шунча оз эди. Сўзнинг энг ёмони амалга ошмай, зое кетганидир. Тангридан мадад, одамлардан узр сўрайман. Золимлар келгусида қандай жазога учрашлари маълум.

ИЗОҲЛАР

Рамзий-тасаввуфий услубда ёзилган Ибн Синонинг «Тайр қиссаси»ни араб тилидан А. Ирисов таржима қилган. “Ўзбек адабиёти» (Бешинчи том, иккинчи китоб. — Т.: Ғафур Ғулом номидаги бадиий адабиёт нашриёти, 1968. — Б.322 —327) мажмуасидан олинди.

1. Бу ўринда зоҳир ва ботиннинг, шакл ва мазмуннинг, ташқи қиёфанинг кўнгил билан бирлиги назарда тутилади.
2. Ажал заҳрини ютинглар, яшаяжаксиз, ўлимни севинглар, тирик бўлажаксиз — Бу ўринда Ибн Сино нафсни синдириш, фано босқичида «ўлмасдан бурун ўлиш»ни кўрсатмоқда. Инсоннинг моддий жиҳатдан ўлмай туриб, нафсини назорат остига олиши назарда тутилган.
3. Жимо — ҳаром, зино.
4. Букр,а — жой, манзил; хонақоҳ.
5. Мижозда сафронинг ғалаба ҳилиши — ақлдан озиш.

Sharq mumtoz adabiyotida o’zlari uchun adolatli va komil Podshohni izlab mashaqqatli yo’lga chiqqan qushlar motivi mavjud. Abu Ali ibn Sinoning “Tayr qissasi”, G’azzoliyning “Risolat ut-tayr”, Fariduddin Attorning “Mantiq ut-tayr” va Alisher Navoiyning “Lison ut-tayr” dostonlari buning yorqin misolidir. Ibn Sinoning “Tayr qissasi”da qushlar sakkizinchi tog’dan oshib o’tib “Buyuk Podshoh” huzuriga yetib boradilar: “Parda ko’tarilib, podshoh jamoliga ko’zimiz tushgach, unga ko’nglimiz tushib, hammamiz hushimizdan ketib, shikoyat qilishga ham qodir bo’lmay qoldik”, – deya hikoya qiladi qushlarning biri.

ABU ALI IBN SINO
TAYR QISSASI (QUSH HIKOYATI)
Arab tilidan Abdusodiq Irisov tarjimasi
066

04Abu Ali ibn Sino (980–1037) Buxoro viloyatining Afshona qishlog’ida tug’ilgan. Ismi Husayn, otasining ismi Abdulloh edi. Husaynning yoshligi va yigitlik davri somoniylar hukmronligining so’nggi davriga, xususan, Nuh II ibn Mansur Somoniy hukmronligi davri (976–997)ga to’g’ri keladi. Abu Abdulloh Notiliydan falsafani, Hasan ibn Nuh al-Qumriydan tabiiyot ilmini tahsil oldi. 16–17 yoshlarida Ibn Sino mashhur tabib bo’lib tanildi. Buxoroni qoraxoniylar zabt etgach, 1000 yilda Buxorodan chiqib Xorazmga bordi va Ma’mun akademiyasida faoliyat yuritdi. Keyinchalik Mahmud G’aznaviyning ta’qibidan qochib, Erondagi turli shaharlarda yashadi. Jurjonga kelgach, Ibn Sino hokim Qobus ibn Vashmgir saroyida tabib sifatida shuhrat qozondi. 1019–21 yillarda Hamadonda vazir lavozimida xizmat qildi. Ba’zi sabablarga ko’ra bu yerdan qochib, Isfahonga boradi va butun umrini ilm-fanga bag’ishladi.
Abu Ali ibn Sino buyuk tabobat olimi, faylasuf, tilshunos bo’lish bilan birga, tasavvuf olimi va zabardast adib ham edi. Uning “Tayr qissasi (Qush hikoyati)”, “Salomon va Ibsol”, «Hayy ibn Yaqzon», “Yusuf” kabi nasriy asarlari X–XII asrlarda O’rta Osiyodagi badiiy nasrning yuksak namunalaridir. Ibn Sino bu asarlarida tasavvuf ta’limotida irfoniy ishq falsafasini ilgari surgan.

g'8

Dilimdagi qayg’ularimning bir ozini eshitadigan birodar topilarmikan?! U mehribonlik qilib, hasratimni tinglasa, og’irimni yengillashtirgan, dardimga malham topgan bo’lardi…

Agar do’stlik savdo-sotiqqa o’xshab, ehtiyojga qarab axtarilsa, zarurat tug’ilmagan chog’da do’stni nazarga ilmay, tashlab ketilsa, bu qanday do’stlik bo’ldi endi!

Do’sting boshingga mushkul tushgandagina holingdan xabar olgani kelib, boshqa vaqtda begonaday yursa, zarurat tug’ilgandagina eslab, boshqa mahalda sira eslamasa, o’ylab ko’r, shu ham do’stlik bo’ladimi, axir!

Axir, Xudoning O’zi yaqinlashtirgan mehr-shafqatli do’stlar ham bor-ku! Ular haqiqatga mulohaza bilan qaraydilar; dillarida shak-shubha g’ubori bo’lmaydi. Ularning hammasi bir-biriga xolisanlilloh do’st, ahil, ularni shunday oliyjanob do’stlik birlashtirgan.

Ey, birodarlar! Haqiqatni ochinglar, to’g’ri yo’ldan yuringlar. Bir-biringizdan bilim o’rganib, kamol topishingiz uchun dil pardasini ochib tashlanglar.

Ey, birodarlar! Kirpilar boshini ichiga tortgani kabi siz ham boshingizni ichingizga torting. Botiningizni yuzaga chiqaring, zohiringizni esa, ichingizga oling. Xudo haqqi, botiningiz ravshan ko’rinib turibdiyu, lekin zohiringiz yashirin (1).

Ey, birodarlar! Ilonga o’xshab po’st tashlab, qurtlar singari sudralib yuringlar. Quroli dumida bo’lgan chayondek hushyor bo’lib turinglar, chunki shayton odamni orqadan kelib alday olmasa, hech bir (kimsa) alday olmaydi.

Ajal zahrini yutinglar, yashayajaksiz, o’limni sevinglar, tirik bo’lajaksiz (2). Qo’nadigan uya tutmay uchib yuringlar, chunki qushlarning ovlanadigan joylari uyalardir. Agar qanot yo’qligi uchishingizga mone’lik qilsa, qanotli bo’linglar, maqsadga yetasiz. Eng katta fazilat uchishga mohir bo’lishdir.

Qizitilgan toshlarni yutadigan tuyaqush bo’linglar, katta-kichik suyaklarni yutib yuboradigan ilondek, olov ichida dadil yuradigan samandardek, kunduzi yorug’likka chiqmaydigan ko’rshapalakdek bo’linglar. Parrandalarning eng yaxshisi ko’rshapalaklardir.

Ey, birodarlar! Odamlarning botiri mushkulotdan qo’rqmaydi. Kamolot hosil qilishdan bosh tortgan kishi odamlarning eng qo’rqog’idir.

Birodarlar! Farishta yomonlik bilan mashg’ul bo’lsa yoki hayvonlar xunuk ish qilsa, bunga ajablanish kerak emas. Balki inson vujudi aql bilan munavvar bo’la turib, shahvatga berilsayu, insonligini yo’qotib, vijdondan kechsa, bunga ajablanish kerak bo’ladi. Qasamyod qilib aytamanki, odamning farishtasi shahvatni daf qilishda shak-shubhasiz sobit qadamdir. Uning oyoqlari jimo(3)ga yurmaydi. Agar kishidagi insoniylik, yomonlik ohanrabosi bo’lmish shahvatni qaytarishga ojizlik qilsa, unday odam hayvondan ham past turadi.

Endi so’z boshiga qaytaman. (Buni) men aytyapman:

08Bir guruh ovchilar tuzoqlar qo’yib, to’rlar yoydilar. Keyin don sepib, o’zlari ko’katlar orasiga yashirindilar. Bu vaqtda men parrandalar galasi orasida edim. Shunda ovchilar bizni ko’rib, qushlarga o’xshab sayrab chaqirdilar. Bunday qarasak, u yerda juda ko’p don va o’zimizga o’xshash qushlar bor ekan. Buni ko’rganda ko’nglimizda hech qanday shubha tug’ilmadi.

Apil-tapil shu qushlar tomonga borishga shoshildik va borishimiz bilan hammamiz tuzoqqa ilindik. Shu paytda bo’ynimizni halqa bo’g’di, qanotlarimizni to’rlar o’radi, oyoqlarimizga esa tuzoq tushdi. Qutilishga qancha urinmaylik, harakatimiz zoe ketdi, qaytaga to’rga battarroq o’ralib, halok bo’lishimizga ko’zimiz yetdi.

Hammamiz o’zimiz bilan o’zimiz ovora bo’lib, birodarlarimizga madad berishgina emas, ularga qayrilib qarashni ham unutibmiz. Keyin hammamiz qutulish chorasini topish haqida bosh qotirdik. Shu qadar o’yga cho’mib ketibmizki, hatto tuzoqqa ilinganimiz ham yodimizdan ko’tarilibdi. Shu alfozda bir oz ko’nikib, to’r qafas ichida qolib ketdik.

Bir mahal qarasam, bir gala qushlar ko’rindi. Ular boshu qanotlarini to’rdan xalos qilib, uchib kelishar, ammo oyoqlarida esa hamon tuzoq osilib turar edi. Bu tuzoq uchib qochishga xalal bermas, shunga qaramay, uchib qutulish oson ham emasdi, osuda hayot kechirish ham mushkul edi. Ana shu hol unutgan narsamni yodimga tushirdi. Shu bilan birga, ko’nikib qolgan narsaning yomonligini ham ko’z oldimda namoyon qildim. Tuzoqdan bo’shayman, deb urinaverib tavbamga tayandim, hatto hasrat-nadomatdan kuyib o’layozdim.

Keyin, zora, o’sha qushlar menga yaqinroq kelib, bu falokatdan xalos bo’lish yo’lini ko’rsatsalar, degan umidda to’rqafas ichida turib, ularni chaqirdim.

Ular ovchilarning hiylalarini bilishib, yaqin kelishga botinmay qochdilar. Keyin men ularga qadimgi do’stligimiz va hammamiz bir guruhdanligimizni aytib yolvordim; bir mahalgi ahdu paymonimizni eslatdim. Shundan keyingina ular mening oldimga kelishdi.

Ulardan hol-ahvol so’radim. Ular ham men duchor bo’lgan falokatga giriftor bo’lganliklarini, keyin qutilishdan umid uzib, shu azob-uqubatga ko’nikib qolganliklarini gapirib berishdi. Keyin ular menga yordam ko’rsatdilar; bo’ynimdan tuzoq, qanotlarimdan to’r olinib, qafas eshigi lang ochildi.

Shunda ular menga:

– Qani, qochib qol, – deyishdi.

Men boshu qanotimni qutqarib, so’ng ulardan oyoqlarimdan tuzoqni olib tashlashlarini iltimos qildim. Ular: ”Agar biz shunday ishga qodir bo’lganimizda, avval, o’z oyog’imizdagi tuzoqni olib tashlagan bo’lardik, kasal tabib kasalni davolay olarmidi!“ – deyishdi.

Men oyog’imdagi tuzoq bilan uchmoqchi bo’ldim. Ular menga shunda deyishdi:

– Oldingda juda ko’p buq’alar (4) bor. Agar biz ulardan tez-tez uchib o’tmasak, baloyi azimdan qutulolmaymiz. Bizning ketimizdan uch, seni qutqaramiz va senga to’g’ri yo’lni ko’rsatib yuboramiz.

Sero’t, serhosil vodiy, yo’g’e, aksincha, qurg’oq, xarob vodiydagi yuksak tog’ oralig’idan uchdik. Vodiy orqamizda qolib, haligi tog’ cho’qqisiga yetdik. Birdan oldinga qarasak, yana sakkizta baland tog’ namoyon bo’ldi, ularning cho’qqilarini ko’z ilg’amas edi…

Shunda oramizdagilardan biri: ”Bu tog’lardan jadal o’tib olmasak baloga giriftor bo’lamiz“, – dedi.

Shundan keyin biz tez uchib, olti cho’qqidan o’tib, yettinchisiga yetdik. Bu tog’ chegarasidan o’tkach, ba’zi qushlar: ”Evoh, hech toqat qilib bo’lmayapti, dam olasizlarmi, yo’qmi?! Uchaverib tinka-madorimiz quridi. Dushman olisda qolib ketdi: bir oz dam olsak, yaxshi bo’lardi. Axir to’xtovsiz uchgandan ko’ra dam olib uchsak, tezroq najot topamiz-ku“, – deyishdi.

Shunday qilib, o’sha tog’ cho’qqisiga borib qo’ndik. Bunday qarasak, ko’z oldimizda yam-yashil mevazor, suvga serob, obod bog’lar turibdi. Quloqlarimizga ashula, mungli nag’malar eshitildi; mushku anbardan ko’ra xushbo’yroq islar dimog’imizga urildi.

Biz bog’ning mevalaridan yedik, suvlaridan ichdik va to darmonga kirgunimizcha shu yerda qoldik. Shunda bir qush dedi: ”Jadallab qolaylik, chunki xotirjamlik g’aflatda qoldirsa, ehtiyotkorlik xalos etadi. Undan so’ng, men sizlarga aytsam, shubhadek mustahkam qo’rg’on yo’q. G’aflat bosib, bu joyda uzoq turib qoldik.

Dushmanimiz orqamizdan axtarib kelyapti. Garchi bu joyda turish biz uchun qulay bo’lsa-da, lekin salomat qolishimiz mushkul. Shuning uchun, kelinglar, bu buq’ani tashlab, tezroq ketaylik“.

Shunday qilib, hammamiz uchishga chog’landik. U yerdan uchib, sakkizinchi toqqa yetib bordik. Bunday qarasam, cho’qqisi osmon bag’rini yorib kirgan baland tog’, uning tevaragida qushlar uchib
yuribdi. Men umrimda bunday xushnavo, go’zal, dilkash qushlarni uchratmagan edim.

Ularning yoniga qo’nganimizdan keyin biz ilgari hechqaerda ko’rmagan va hatto eshitmagan lutf-ehson va mehribonchilikni ko’rdik, ular bizga samimiy yordam ko’rsatishdi. Biz umr bo’yi urinsak ham, boringki, umrimizga necha bor qo’shib berilgan taqdirda ham, ular bizga qilgan yordamining kichik bir ulushini eplay olmasdik. Ular bilan tanishgach, boshimizga tushgan falokatlarni so’zlab berdik. Ulardan biri dedi:

– Mana shu tog’ning orqasida bir shahar bor. O’sha yerda buyuk podshoh istiqomat qiladi. Har bir zulmdiyda Unga sig’insa, munojot qilsa, Uning qudrat va madadi bilan mushkuli oson bo’ladi, dardu falokatlardan qutuladi.

Biz buyuk podshoh shahriga yo’l oldik. Nihoyat, qasr oldiga yetib, ijozatiga muntazir bo’lib turdik. Kirishga ruxsat berildi. Bizni saroyga olib kirdilar.

Biz kirgan saroyning kengligiyu go’zalligini tavsiflab berish qiyin. U saroydan o’tganimizdan keyin keng va yaraqlagan bir saroy darvozasi ochildi. Bunga ko’zimiz tushganida oldingi ko’rgan saroyimiz ancha tor, kichkina tuyuldi. Nihoyat, podshoh huzuriga yetdik. Parda ko’tarilib, podshoh jamolini ko’rib, hammamiz behush bo’lib qoldik. Haytovur, Uning O’zi dardimizdan ogoh bo’lib, O’z lutfi bilan hushimizga keltirdi. Nihoyat, U bilan gaplashishga jur’at etdik, o’z sarguzashtimizni gapirib berdik. Sarguzashtimizni tinglagach, U dedi:

– Oyoqlaringizdagi tuzoqni uni qo’ygan kishidan bo’lak hech kim yecha olmaydi. Men unga bir elchi yuboraman. Elchi sizlarni tuzoqdan qutqarishni ovchidan iltimos qiladi. Gap tamom, xotirjam bo’lib qaytaveringlar.

Ana shundan so’ng biz elchi bilan birga yo’lga tushdik. Birodarlarimiz podshohning husnu jamoli va Uning dargohi haqida hikoya qilib berishimni talab qildilar. Men uning jamolini qisqacha ta’riflab beraman: U shunday bir podshohki, qachon sen ko’nglingga zavolsiz jamolni, nuqsonsiz kamolni keltirsang, Uning jamolu kamolini ko’rgan bo’lasan. Haqiqatan ham har bir kamolot Unda zohir, har bir nuqson, hatto majoziy ma’noda bo’lsa ham, Undan yiroq. Kimki Unga xizmat qilsa, u eng oliy baxtga ega bo’ladi. Kimki Undan uzoqlashsa, dunyo va oxiratda ziyon ko’radi.

Hikoyamni eshitib birodarlarim menga shunday dedilar:

– Sen aqldan ozib qolibsan. Xudo haqqi, sen emas, balki aqling ham uchgan ekan, sen ovlanmagan, aqlu hushing ovlangan ekan. Kishilar qachon uchganu qay qachon gapirgan! Xuddi mijozingda safro g’alaba qilganga o’xshaydi (5). Endi devpechakni qaynatib ich, tez-tez suchuk suvli hammomga tushib tur, nilufar yog’ini hidla. Keyin laziz taomlar yegin, jinsiy aloqa hamda uyqusizlikdan saqlan, kamroq fikr yurit. Ilgari oqilligingni ko’rganmiz, aql-idrok va zakovatingga qoyil bo’lganmiz. Endi bu ahvolingni ko’rib, biz sendan ranjidik. Sening ahvolingga nuqson yetganini ko’rib, ko’nglimiz parishon bo’ldi.

Ularning gaplari qancha ko’p bo’lsa, foydasi shuncha oz edi. So’zning eng yomoni amalga oshmay, zoe ketganidir. Tangridan madad, odamlardan uzr so’rayman. Zolimlar kelgusida qanday jazoga uchrashlari ma’lum.

IZOHLAR

Ramziy-tasavvufiy uslubda yozilgan Ibn Sinoning «Tayr qissasi»ni arab tilidan A. Irisov tarjima qilgan. “O’zbek adabiyoti» (Beshinchi tom, ikkinchi kitob. — T.: G’afur G’ulom nomidagi badiiy adabiyot nashriyoti, 1968. — B.322 —327) majmuasidan olindi.

1. Bu o’rinda zohir va botinning, shakl va mazmunning, tashqi qiyofaning ko’ngil bilan birligi nazarda tutiladi.
2. Ajal zahrini yutinglar, yashayajaksiz, o’limni sevinglar, tirik bo’lajaksiz — Bu o’rinda Ibn Sino nafsni sindirish, fano bosqichida «o’lmasdan burun o’lish»ni ko’rsatmoqda. Insonning moddiy jihatdan o’lmay turib, nafsini nazorat ostiga olishi nazarda tutilgan.
3. Jimo — harom, zino.
4. Bukr,a — joy, manzil; xonaqoh.
5. Mijozda safroning g’alaba hilishi — aqldan ozish.

088

(Tashriflar: umumiy 4 604, bugungi 14)

1 izoh

Izoh qoldiring