Ибн Сино подшоҳлар таъқибидан қочиб юрган вақтларида ўзини танитмаслик учун, “Мен мусиқачи, бастакорман”, деб бир карвонга қўшилиб олди. У йўлда, от устида ҳам ёзадиган асарлари ҳақида ўйлаб борарди. Аммо, карвон аҳли, кўпчилиги савдогарлар гап талашиб, қий-чув қилиб, аллома ўйлашига ҳалақит берар эдилар. Ибн Сино бу мушкулнинг ҳам иложини топди.
АБУ АЛИ ИБН СИНО ҲАҚИДА НАҚЛЛАР
Муҳаммад Ибн Сулаймоннинг
“Қиссату-л-уламо” асаридан
Олам парчалари
Абу Али Ибн Сино мадрасада ўқиб юрган вақтида сабоқдош дўстларига:
— Мен туғилдиму оламни парча-парча ҳолда кўрдим, — дебди.
Ўртоқлари ажабланиб, Абу Алининг онасидан “Шу ростми?” деб сўрашибди. Ситора бону тўғрисини айтибди:
— Мен чақалоқни ҳовлига олиб чиққанимда боши узра ғалвир билан қуёшни тўсиб турган эдим.
Кимнинг кўзи ўткир?
Абу Али бир куни подшоҳ ҳузурига кирса, ҳазрати олийлари дурбинда узоқни кузатаётган экан. Ибн Сино сўрабди:
— Подшоҳимга нима учун дурбин керак бўлиб қолди?
Подшоҳ унга тушунтирди:
— Бу дурбин орқали икки фарсанг узоқликда кимлар келаётганини кўриш мумкин. (Икки фарсанг — 12 километр — М.М.)
Ибн Сино айтди:
— Тўрт фарсанг узоқликда ким келаётганини мен дурбинсиз ҳам кўра оламан.
Подшоҳ “Қани, айт-чи!” деб сўради. Ибн Сино айтди:
— Икки фарсанг нарида бир отлиқ келаётир. У киши ширин таом еган экан?
Подшоҳ ажабланиб сўради:
— У киши ширин таом еганини қаердан билдинг?
Ибн Сино жавоб берди:
— Бу отлиқнинг ширин таом еганини унинг оғзи атрофида ўралашган пашшалардан билдим.
У одам яқин келиб салом берганида подшоҳ ундан сўради:
— Яқинда қандай таом еган эдинг?
У киши жавоб берди:
— Холва еган эдим, жаноби олийлари.
Карвон йўлида
Ибн Сино подшоҳлар таъқибидан қочиб юрган вақтларида ўзини танитмаслик учун, “Мен мусиқачи, бастакорман”, деб бир карвонга қўшилиб олди. У йўлда, от устида ҳам ёзадиган асарлари ҳақида ўйлаб борарди. Аммо, карвон аҳли, кўпчилиги савдогарлар гап талашиб, қий-чув қилиб, аллома ўйлашига ҳалақит берар эдилар. Ибн Сино бу мушкулнинг ҳам иложини топди. У кечаси карвон аҳли ухлаб ётганида туяларнинг бўйнидаги зангула-қўнғироқларнинг ўринларини алмаштириб, ўзга бир садо чиқадиган қилиб қўйди. Эрта тонгда карвон йўлга тушганида қўнғироқ шундай бир маромда садо чиқардики, одамлар яна ухлаб қолдилар. Шу куни Ибн Сино анча ором топди. Яна кеч бўлди. Карвон бир жойда тўхтади. Одамлар озроқ таом еб яна уйқуга кетди.
Ибн Сино карвон туяларининг қўнғироқларини яна ўринларини алмаштириб, бошқача оҳангга солди. Эртасига карвон йўлга тушганида қўнғироқлар шундай садо чиқардиларки, одамлар кула бошладилар.
Учинчи кеча Абу Али карвон аҳли ухлаб ётганида қўнғироқларини яна ўзгача жойлаштирди. Тонгда карвон йўлга тушганида қўнғироқлар шундай қайғули садо чиқардиларки, одамлар йиғлай бошладилар.
Тўртинчи кеча Абу Али қўнғироқлар тартибини яна ўзгартираётганида карвон аҳли бу ишларни ким қилаётганини билиб қолдилар ва алломага иззат-ҳурмат кўрсатиб, биз энди йўлда жим юрамиз, ўйларингизга халақит бермаймиз, дедилар.
Абу Алининг ҳазили
Бир олим ўзи ёзган китобни Абу Али Ибн Синога (мақтаниш учун) кўрсатди. Абу Али китобни бошидан охиригача варақлаб кўриб чиқди ва эгасига қайтарди.
Ўша куни олим ўз китобини подшоҳга (Бухоро амри Нуҳ ибн Мансурга) совға қилди. Амир сўради:
— Бу китобни ким ёзган?
— Буни камина ёзганман, — деди ҳалиги олим.
Ибн Сино кулимсираб:
— Йўқ, бу китобни мен ёзганман, — деди.
Подшоҳ ажабланиб сўради:
— Буни қандай исботлайсан?
Ибн Сино китобнинг мазмунини бошдан охиригача ёддан айтиб берди.
Ҳалиги олим подшоҳ олдида хижолат бўлиб, нима дейишини билмай қолди.
Подшоҳ китоб муаллифини койиди:
— Нечун ёлғон гапирдинг?
Ҳалиги олим куйиниб, ўзини оқлай бошлади.
— Бу китобни, ахир, мен ёзганман.
Подшоҳ Ибн Синога савол назари билан қаради.
Ибн Сино жавоб берди:
— Олий ҳазрат, афв этинг. Бу китобни шу олим ёзган. Мен фақат унинг китобини бир варақлаб чиқиб ёдлаб олган эдим.
Подшоҳнинг чиройи очилиб, ҳар икки олимни мақтади.
Маҳкам Маҳмуд таржимаси
ABU ALI IBN SINO HAQIDA NAQLLAR
Muhammad Ibn Sulaymonning
“Qissatu-l-ulamo” asaridan
Olam parchalari
Abu Ali Ibn Sino madrasada o’qib yurgan vaqtida saboqdosh do’stlariga:
— Men tug’ildimu olamni parcha-parcha holda ko’rdim, — debdi.
O’rtoqlari ajablanib, Abu Alining onasidan “Shu rostmi?” deb so’rashibdi. Sitora bonu to’g’risini aytibdi:
— Men chaqaloqni hovliga olib chiqqanimda boshi uzra g’alvir bilan quyoshni to’sib turgan edim.
Kimning ko’zi o’tkir?
Abu Ali bir kuni podshoh huzuriga kirsa, hazrati oliylari durbinda uzoqni kuzatayotgan ekan. Ibn Sino so’rabdi:
— Podshohimga nima uchun durbin kerak bo’lib qoldi?
Podshoh unga tushuntirdi:
— Bu durbin orqali ikki farsang uzoqlikda kimlar kelayotganini ko’rish mumkin. (Ikki farsang — 12 kilometr — M.M.)
Ibn Sino aytdi:
— To’rt farsang uzoqlikda kim kelayotganini men durbinsiz ham ko’ra olaman.
Podshoh “Qani, ayt-chi!” deb so’radi. Ibn Sino aytdi:
— Ikki farsang narida bir otliq kelayotir. U kishi shirin taom yegan ekan?
Podshoh ajablanib so’radi:
— U kishi shirin taom yeganini qaerdan bilding?
Ibn Sino javob berdi:
— Bu otliqning shirin taom yeganini uning og’zi atrofida o’ralashgan pashshalardan bildim.
U odam yaqin kelib salom berganida podshoh undan so’radi:
— Yaqinda qanday taom yegan eding?
U kishi javob berdi:
— Xolva yegan edim, janobi oliylari.
Karvon yo’lida
Ibn Sino podshohlar ta’qibidan qochib yurgan vaqtlarida o’zini tanitmaslik uchun, “Men musiqachi, bastakorman”, deb bir karvonga qo’shilib oldi. U yo’lda, ot ustida ham yozadigan asarlari haqida o’ylab borardi. Ammo, karvon ahli, ko’pchiligi savdogarlar gap talashib, qiy-chuv qilib, alloma o’ylashiga halaqit berar edilar. Ibn Sino bu mushkulning ham ilojini topdi. U kechasi karvon ahli uxlab yotganida tuyalarning bo’ynidagi zangula-qo’ng’iroqlarning o’rinlarini almashtirib, o’zga bir sado chiqadigan qilib qo’ydi. Erta tongda karvon yo’lga tushganida qo’ng’iroq shunday bir maromda sado chiqardiki, odamlar yana uxlab qoldilar. Shu kuni Ibn Sino ancha orom topdi. Yana kech bo’ldi. Karvon bir joyda to’xtadi. Odamlar ozroq taom yeb yana uyquga ketdi.
Ibn Sino karvon tuyalarining qo’ng’iroqlarini yana o’rinlarini almashtirib, boshqacha ohangga soldi. Ertasiga karvon yo’lga tushganida qo’ng’iroqlar shunday sado chiqardilarki, odamlar kula boshladilar.
Uchinchi kecha Abu Ali karvon ahli uxlab yotganida qo’ng’iroqlarini yana o’zgacha joylashtirdi. Tongda karvon yo’lga tushganida qo’ng’iroqlar shunday qayg’uli sado chiqardilarki, odamlar yig’lay boshladilar.
To’rtinchi kecha Abu Ali qo’ng’iroqlar tartibini yana o’zgartirayotganida karvon ahli bu ishlarni kim qilayotganini bilib qoldilar va allomaga izzat-hurmat ko’rsatib, biz endi yo’lda jim yuramiz, o’ylaringizga xalaqit bermaymiz, dedilar.
Abu Alining hazili
Bir olim o’zi yozgan kitobni Abu Ali Ibn Sinoga (maqtanish uchun) ko’rsatdi. Abu Ali kitobni boshidan oxirigacha varaqlab ko’rib chiqdi va egasiga qaytardi.O’sha kuni olim o’z kitobini podshohga (Buxoro amri Nuh ibn Mansurga) sovg’a qildi. Amir so’radi:
— Bu kitobni kim yozgan?
— Buni kamina yozganman, — dedi haligi olim.
Ibn Sino kulimsirab:
— Yo’q, bu kitobni men yozganman, — dedi.
Podshoh ajablanib so’radi:
— Buni qanday isbotlaysan?
Ibn Sino kitobning mazmunini boshdan oxirigacha yoddan aytib berdi.
Haligi olim podshoh oldida xijolat bo’lib, nima deyishini bilmay qoldi.
Podshoh kitob muallifini koyidi:
— Nechun yolg’on gapirding?
Haligi olim kuyinib, o’zini oqlay boshladi.
— Bu kitobni, axir, men yozganman.
Podshoh Ibn Sinoga savol nazari bilan qaradi.
Ibn Sino javob berdi:
— Oliy hazrat, afv eting. Bu kitobni shu olim yozgan. Men faqat uning kitobini bir varaqlab chiqib yodlab olgan edim.
Podshohning chiroyi ochilib, har ikki olimni maqtadi.
Mahkam Mahmud tarjimasi