Jubron Xalil Jubron. Bir kishi so’radi…

Ashampoo_Snap_2016.11.13_17h31m35s_007_.png    6 январ – Таниқли араб файласуфи ва адиби Жуброн Халил Жуброн таваллуд топган куннинг 140 йиллиги

Орангизда роҳат-фароғатда яшашни истайдиган ёшлар бор, сиз уларга таъна, дашном берманг, роҳат-фароғатни излайверишсин. Аммо уни топиш учун бошқа яхши ишларни қиладилар. Илдиз қидираётган одам хазина топиб олганини эшитганмисиз?

Жуброн Халил Жуброн
БИР КИШИ СЎРАДИ…
Маҳкам Маҳмуд таржимаси
034

06Жуброн Халил Жуброн (1883.6.1, Ливан, Бширро қишлоғи — 1931) —таниқли араб ёзувчиси, файласуф, рассом. Араб ва инглиз тилларида ижод қилган. Илк ижоди романтик руҳда («Халил-Кофир», «Исёнкор руҳлар» ҳикоялар тўпламлари). «Синган қанотлар» (1912) қиссаси машҳур. «Кўз ёшлари ва табассум» (1914) тўплами 60 га яқин саж (қофияланган наср) б-н ёзилган кичик шеърий парчалардан иборат бўлиб, унга «Менинг туғилган куним», «Шоир авлоди» каби романтик асарлари киритилган. «Намойишкорона юриш» (1918) фалсафий-шеърий асари ёзувчи дунёқарашини акс эттирса, «Бўрон» (1920) тўпламида ҳаётда учрайдиган лоқайдлик, боқимандалик, иккиюзламачилик (мунофиқлик) каби иллатлар танқид қилинади. «Ақлдан озган» (1918), «Олдинда юрувчи» (1920), «Пайғамбар» (1923), «Қум ва кўпик» (1926), «Исо — инсон ўғли» (1928), «Ер худолари» ва б. асарлари Ғарб китобхонларига мўлжалланган. Жуброн ижодида ўз фалсафий қарашларини тарғиб қилишга ҳаракат қилган. Унингча, фақат маънавият энг юксак қадрият намунаси бўла олади ва руҳнинг буюклигини акс эттиради. ЮНЕСКО қарори б-н 1983 й.да бутун жаҳонда Жуброн Халил Жуброн таваллудининг 100 йиллиги нишонланган.

034

ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ

Бир киши сўради:
— Инсон ўзини қандай англайди?
Донишманд жавоб берди:
— Кундузлар ва кечаларнинг сирларини қалбингиз ёлғизликда, осудаликда англайди.
Қулоқларингиз эса, қалбингиз билиб олган нарсани эшитишни хоҳлайди.
Чунки сиз хаёлан билган нарсаларингизни сўзлар воситасида ҳам билишни истайсиз.
Тушда кўрган чашмаларингизга қўл теккизиб кўришни хоҳлайсиз.
Бу тилагингиз яхши.
Дилингиз чашмаси қайнаб-тошиб, ташқарига чиқишни, ҳаёт денгизига жилдираб, куйлаб оқишни хоҳлайди.
Ана шунда нигоҳингизга қалбингизнинг тубсиз теранликлари, улардаги хазиналар очилади.
Аммо сиз у ноёб билим хазиналарини ақл тарозуси билан тортиб, қанчалар бойлигини ўлчаб кўришга уринманг.
Чунки у хазиналар ниҳоясиз, тубсиз денгиздир.
Ана шунда “Бор ҳақи­қатни билдим”, деб ўйламанг. Айтингки: “Менга ҳақиқат пардаси очилди”.
“Қалбим йўлини, қаёққа бораётганини кўрдим”, деманг. Яхшиси: “Руҳимга кўзим тушди”, денг.
Негаки, руҳингиз турли йўллардан бориши мумкин.
Руҳ фақат бир йўлдан юрмайди, у қамишга ўхшаб ўсмайди.
Руҳ нилуфарга ўхшаб очилади, гулбарглари ҳар томон сочилади.

ДЎСТЛИК ҲАҚИДА

Ёш йигит сўради:
— Ё, устоз, дўстлик нимадур?
Донишманд жавоб берди:
— Сизнинг дўстингиз орзуларингиз ушалишидир.
Чин дўст — экинзор дала. Сиз бу далага меҳр билан уруғ сепасиз ва ҳосил етишганда мамнунлик билан йиғиб оласиз.
Дўстингиз — дастурхонингиз ва ўчоғингиздир.
Чунки сиз ташналигингизда дўст олдига келасиз ва унинг ҳузурида ором топасиз.

СЎЗЛАР

Бир адабиётчи олим сўради:
— Ё, устоз, сўз нимадур?
Донишманд жавоб берди:
— Фикр-ўйларингиз ичингизга сиғмай кетганида сўзга айланади.
Қалбингиз ёлғизликдан зерикканида унинг ҳаёти тилга кўчади ва овоз уни ёлғизликдан қутқаради.
Аммо сўзлар кўплиги фикрни чалажон қилади.
Фикрни учқур қуш, дейдилар. Ҳа, у сўзларнинг қафасида яхши қанот ёзиб учолмайди.
Баъзиларингиз ёлғиз қолишдан қўрқиб, сўзамол, сергап дўстларни излайсиз.
Шундайлар борки, суҳбат чоғида ўзлари билмаган ҳолда ҳақиқатни очиб қўядилар.
Баъзилар эса ҳақиқатни дилида яшириб, тилига чиқармайдилар.
Бундайларнинг қалбида руҳ сукунатда яшайди.
Дўстлар йўл ёқасида, бозормайдонда учрашдими, бари бир, тилингиз дилингиз билан ҳамоҳанг бўлсин.
Дўстликда қалблар ҳақиқатни топадилар.

ВАҚТ НИМА?

Фалакиётчи олим сўради:
— Вақт нимадир, аё устоз?
Донишманд жавоб берди:
— Сиз ниҳоясиз ва ўлчаб бўлмас вақтни ўлчашга уринасиз.
Сиз соатларга ва йил фаслларига қараб яшашни хоҳлайсиз ва ҳатто кўнглингизни ҳам вақтга бўйсундиришни хоҳлайсиз.
Сиз вақтдан жилға, сой ясаб, қирғоғида ўтириб уни кузатишни хоҳлайсиз.

* * *

Аммо сиздаги бевақтлик ҳаётнинг бевақтлигини англайди ва биладики:
— Кечаги кун бугуннинг хотираси, эртанги кун эса — бугуннинг орзусидир.
Дилингиз куйлаётган ва фикрлаётган экан, демак, сиз илк бор юдузлар осмонга сочилган илк лаҳзаларда яшаётган бўласиз.
Орангизда меҳр-муҳаббат ўлчовсизлигини тушунмайдиганлар борми?
Меҳр-муҳаббат ўлчовсиз бўлса ҳам у вужудингизнинг ҳамма тарафида эмас, балки меҳварида, қалбингизда яшайди.
Вақт ҳам севги каби, бўлинмайди ва ўлчанмайди.

РОҲАТ-ФАРОҒАТ НИМА?

Шаҳарга йилда бир марта келадиган, узлатда — хилватда яшайдиган дарвеш сўради:
— Роҳат-фароғат нима?
Донишманд жавоб берди:
— Роҳат-фароғат — ҳуррият қўшиғидир, аммо ҳурриятнинг ўзи эмас.
Бу — тилакларингиз гулидир. Аммо меваси эмас.
Бу — Арши аълога чорловчи теранликдир.
Бу — қафасдаги асира қуш, у энди қанот қоқиб учмоққа интилади.
Ҳа, бу ҳуррият қўшиғидир, уни сиз чин дилдан куйлайсиз, аммо куйлаш лаззатига берилиб, дилингизни йўқотманг.
Орангизда роҳат-фароғатда яшашни истайдиган ёшлар бор, сиз уларга таъна, дашном берманг, роҳат-фароғатни излайверишсин. Аммо уни топиш учун бошқа яхши ишларни қиладилар. Илдиз қидираётган одам хазина топиб олганини эшитганмисиз?

* * *

Орангизда баъзи қария­лар борки, улар ёшлигида роҳат-фароғат топганларини эсласалар, хижолат бўладилар.
Хижолат чекиш ҳам яхши фазилат.
Гар хижолат чекишдан юпанч олсалар — бу ҳам яхши.

* * *

Орангизда шундайлар ҳам борки, роҳат излаш учун ёшлари ўтиб қолган. Эслаш учун эса ҳали кексаймаган. Бу одамлар роҳат изламайдилар ҳам, роҳатни эсламайдилар ҳам, руҳлари озор топмаслиги учун барча роҳатлардан ўзларини тиядилар.
Аммо уларнинг ана шу парҳезкорлиги ҳам роҳат-фароғат келтиради.
Шу одамлар илдиз топиш учун қўллари титраб, ерни кавлаганида хазина топиб олган кишилардир.
Аммо айтинг-чи, руҳга ким озор беради?
Булбул — кеча сукунатига, ялтироқ капалак юлдузларга озор бера оладими?
Сиздаги аланга ва тутун шамолга озор бера оладими?
Ёки сизнингча, руҳ бир кўлмакми эди, уни таёқ билан туртиб, чайқалтирсангиз?

* * *

Роҳат-фароғатдан ўзингизни тияр экансиз, унга эҳтиёжингизни вужудингиз ичига яширасиз.
Ким билади, бугун топмасангиз, эрта бир куни ҳузур-ҳаловат топарсиз?
Ҳатто сизнинг вужудингиз ўзига нима ваъда қилинганини, нимага ҳақли эканини яхши билади. Уни алдай олмайсиз.
Вужудингиз эса — руҳингиз сеторидур.
Бу сеторни нозик ма­йин куйлатиш ҳам, қўпол товушлар чиқариш ҳам сизнинг қўлингиздадир.

* * *

Дилингизда ҳайрон бўляпсиз: “Ҳузур-ҳаловатнинг яхши жиҳати қайси, ёмон жиҳати қайси?” деб.
Боғингизга бориб, қаранг. Болари учун гуллардан бол йиғиш — ҳузур-ҳаловатдир.
Гул учун ҳам асаларига бол бериш — ҳузур-ҳаловатдир.
Зеро, асалари учун лаззат олиш ва лаззат бериш — ҳаётий эҳтиёждур. Важд ва ҳол — шудир.
Аҳли жамоа — роҳат, фароғат топиш учун гулга ва боларига ўхшаб яшанг­лар.

 

9-44.jpg  6 yanvar – Taniqli arab faylasufi va adibi Jubron Xalil Jubron tavallud topgan kunning 140 yilligi

Jubron Xalil Jubron
ASARLARIDAN NAMUNALAR
Mahkam Mahmud tarjimasi
034

Jubron Xalil Jubron (1883.6.1, Livan, Bshirro qishlog’i — 1931) —taniqli arab yozuvchisi, faylasuf, rassom. Arab va ingliz tillarida ijod qilgan. Ilk ijodi romantik ruhda («Xalil-Kofir», «Isyonkor ruhlar» hikoyalar to’plamlari). «Singan qanotlar» (1912) qissasi mashhur. «Ko’z yoshlari va tabassum» (1914) to’plami 60 ga yaqin saj (qofiyalangan nasr) b-n yozilgan kichik she’riy parchalardan iborat bo’lib, unga «Mening tug’ilgan kunim», «Shoir avlodi» kabi romantik asarlari kiritilgan. «Namoyishkorona yurish» (1918) falsafiy-she’riy asari yozuvchi dunyoqarashini aks ettirsa, «Bo’ron» (1920) to’plamida hayotda uchraydigan loqaydlik, boqimandalik, ikkiyuzlamachilik (munofiqlik) kabi illatlar tanqid qilinadi. «Aqldan ozgan» (1918), «Oldinda yuruvchi» (1920), «Payg’ambar» (1923), «Qum va ko’pik» (1926), «Iso — inson o’g’li» (1928), «Yer xudolari» va b. asarlari G’arb kitobxonlariga mo’ljallangan. Jubron ijodida o’z falsafiy qarashlarini targ’ib qilishga harakat qilgan. Uningcha, faqat ma’naviyat eng yuksak qadriyat namunasi bo’la oladi va ruhning buyukligini aks ettiradi. YUNESKO qarori b-n 1983 y.da butun jahonda Jubron Xalil Jubron tavalludining 100 yilligi nishonlangan.

034

O’ZLIKNI ANGLASH

Bir kishi so’radi:
— Inson o’zini qanday anglaydi?
Donishmand javob berdi:
— Kunduzlar va kechalarning sirlarini qalbingiz yolg’izlikda, osudalikda anglaydi.
Quloqlaringiz esa, qalbingiz bilib olgan narsani eshitishni xohlaydi.
Chunki siz xayolan bilgan narsalaringizni so’zlar vositasida ham bilishni istaysiz.
Tushda ko’rgan chashmalaringizga qo’l tekkizib ko’rishni xohlaysiz.
Bu tilagingiz yaxshi.
Dilingiz chashmasi qaynab-toshib, tashqariga chiqishni, hayot dengiziga jildirab, kuylab oqishni xohlaydi.
Ana shunda nigohingizga qalbingizning tubsiz teranliklari, ulardagi xazinalar ochiladi.
Ammo siz u noyob bilim xazinalarini aql tarozusi bilan tortib, qanchalar boyligini o’lchab ko’rishga urinmang.
Chunki u xazinalar nihoyasiz, tubsiz dengizdir.
Ana shunda “Bor haqi­qatni bildim”, deb o’ylamang. Aytingki: “Menga haqiqat pardasi ochildi”.
“Qalbim yo’lini, qayoqqa borayotganini ko’rdim”, demang. Yaxshisi: “Ruhimga ko’zim tushdi”, deng.
Negaki, ruhingiz turli yo’llardan borishi mumkin.
Ruh faqat bir yo’ldan yurmaydi, u qamishga o’xshab o’smaydi.
Ruh nilufarga o’xshab ochiladi, gulbarglari har tomon sochiladi.

DO’STLIK HAQIDA

Yosh yigit so’radi:
— Yo, ustoz, do’stlik nimadur?
Donishmand javob berdi:
— Sizning do’stingiz orzularingiz ushalishidir.
Chin do’st — ekinzor dala. Siz bu dalaga mehr bilan urug’ sepasiz va hosil yetishganda mamnunlik bilan yig’ib olasiz.
Do’stingiz — dasturxoningiz va o’chog’ingizdir.
Chunki siz tashnaligingizda do’st oldiga kelasiz va uning huzurida orom topasiz.

SO’ZLAR

Bir adabiyotchi olim so’radi:
— YO, ustoz, so’z nimadur?
Donishmand javob berdi:
— Fikr-o’ylaringiz ichingizga sig’may ketganida so’zga aylanadi.
Qalbingiz yolg’izlikdan zerikkanida uning hayoti tilga ko’chadi va ovoz uni yolg’izlikdan qutqaradi.
Ammo so’zlar ko’pligi fikrni chalajon qiladi.
Fikrni uchqur qush, deydilar. Ha, u so’zlarning qafasida yaxshi qanot yozib ucholmaydi.
Ba’zilaringiz yolg’iz qolishdan qo’rqib, so’zamol, sergap do’stlarni izlaysiz.
Shundaylar borki, suhbat chog’ida o’zlari bilmagan holda haqiqatni ochib qo’yadilar.
Ba’zilar esa haqiqatni dilida yashirib, tiliga chiqarmaydilar.
Bundaylarning qalbida ruh sukunatda yashaydi.
Do’stlar yo’l yoqasida, bozormaydonda uchrashdimi, bari bir, tilingiz dilingiz bilan hamohang bo’lsin.
Do’stlikda qalblar haqiqatni topadilar.

VAQT NIMA?

Falakiyotchi olim so’radi:
— Vaqt nimadir, ayo ustoz?
Donishmand javob berdi:
— Siz nihoyasiz va o’lchab bo’lmas vaqtni o’lchashga urinasiz.
Siz soatlarga va yil fasllariga qarab yashashni xohlaysiz va hatto ko’nglingizni ham vaqtga bo’ysundirishni xohlaysiz.
Siz vaqtdan jilg’a, soy yasab, qirg’og’ida o’tirib uni kuzatishni xohlaysiz.

* * *

Ammo sizdagi bevaqtlik hayotning bevaqtligini anglaydi va biladiki:
— Kechagi kun bugunning xotirasi, ertangi kun esa — bugunning orzusidir.
Dilingiz kuylayotgan va fikrlayotgan ekan, demak, siz ilk bor yuduzlar osmonga sochilgan ilk lahzalarda yashayotgan bo’lasiz.
Orangizda mehr-muhabbat o’lchovsizligini tushunmaydiganlar bormi?
Mehr-muhabbat o’lchovsiz bo’lsa ham u vujudingizning hamma tarafida emas, balki mehvarida, qalbingizda yashaydi.
Vaqt ham sevgi kabi, bo’linmaydi va o’lchanmaydi.

ROHAT-FAROG’AT NIMA?

Shaharga yilda bir marta keladigan, uzlatda — xilvatda yashaydigan darvesh so’radi:
— Rohat-farog’at nima?
Donishmand javob berdi:
— Rohat-farog’at — hurriyat qo’shig’idir, ammo hurriyatning o’zi emas.
Bu — tilaklaringiz gulidir. Ammo mevasi emas.
Bu — Arshi a’loga chorlovchi teranlikdir.
Bu — qafasdagi asira qush, u endi qanot qoqib uchmoqqa intiladi.
Ha, bu hurriyat qo’shig’idir, uni siz chin dildan kuylaysiz, ammo kuylash lazzatiga berilib, dilingizni yo’qotmang.
Orangizda rohat-farog’atda yashashni istaydigan yoshlar bor, siz ularga ta’na, dashnom bermang, rohat-farog’atni izlayverishsin. Ammo uni topish uchun boshqa yaxshi ishlarni qiladilar. Ildiz qidirayotgan odam xazina topib olganini eshitganmisiz?

* * *

Orangizda ba’zi qariya­lar borki, ular yoshligida rohat-farog’at topganlarini eslasalar, xijolat bo’ladilar.
Xijolat chekish ham yaxshi fazilat.
Gar xijolat chekishdan yupanch olsalar — bu ham yaxshi.

* * *

Orangizda shundaylar ham borki, rohat izlash uchun yoshlari o’tib qolgan. Eslash uchun esa hali keksaymagan. Bu odamlar rohat izlamaydilar ham, rohatni eslamaydilar ham, ruhlari ozor topmasligi uchun barcha rohatlardan o’zlarini tiyadilar.
Ammo ularning ana shu parhezkorligi ham rohat-farog’at keltiradi.
Shu odamlar ildiz topish uchun qo’llari titrab, yerni kavlaganida xazina topib olgan kishilardir.
Ammo ayting-chi, ruhga kim ozor beradi?
Bulbul — kecha sukunatiga, yaltiroq kapalak yulduzlarga ozor bera oladimi?
Sizdagi alanga va tutun shamolga ozor bera oladimi?
Yoki sizningcha, ruh bir ko’lmakmi edi, uni tayoq bilan turtib, chayqaltirsangiz?

* * *

Rohat-farog’atdan o’zingizni tiyar ekansiz, unga ehtiyojingizni vujudingiz ichiga yashirasiz.
Kim biladi, bugun topmasangiz, erta bir kuni huzur-halovat toparsiz?
Hatto sizning vujudingiz o’ziga nima va’da qilinganini, nimaga haqli ekanini yaxshi biladi. Uni alday olmaysiz.
Vujudingiz esa — ruhingiz setoridur.
Bu setorni nozik ma­yin kuylatish ham, qo’pol tovushlar chiqarish ham sizning qo’lingizdadir.

* * *

Dilingizda hayron bo’lyapsiz: “Huzur-halovatning yaxshi jihati qaysi, yomon jihati qaysi?” deb.
Bog’ingizga borib, qarang. Bolari uchun gullardan bol yig’ish — huzur-halovatdir.
Gul uchun ham asalariga bol berish — huzur-halovatdir.
Zero, asalari uchun lazzat olish va lazzat berish — hayotiy ehtiyojdur. Vajd va hol — shudir.
Ahli jamoa — rohat, farog’at topish uchun gulga va bolariga o’xshab yashang­lar.

05

(Tashriflar: umumiy 4 460, bugungi 1)

1 izoh

  1. Насрий шеърлар бўйича изланиш олиб бораяпман.
    ўзим Имант Зиедонис (Латвия) эпифанияларидан таржима қилиб қўрдим. Жуброн Халил насий шеърлари ҳам ишнинг назарий қисмини қиёслар билан ўрганиш учун муҳим. Таржималар учун бўлса таржимонга раҳмат айтаман

Izoh qoldiring