Erkin A’zam. Sovuq. «Bir hikoya tarixi» turkumidan

09 «Хуршид Даврон кутубхонаси»нинг янги «Бир ҳикоя тарихи» туркумида таниқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг «Совуқ» ҳикояси ва Анвар Намозовнинг ушбу асар хусусидаги  муаллиф билан суҳбати тақдим этилмоқда.

Эркин АЪЗАМ
С О В У Қ


Совуқдан кичрайиб қолган қуёшни
Иситгим келади бағримга босиб.

Қутлибека

– Эрта оқшом Ҳамидулланикига «уй муборак»ка борарканмиз-а, – деди Рихсиев тишида қарсиллатиб бодом чақаркан.
– Эртага эканми? – дея столдан бош кўтариб сўради Турғунбой. – Шанба куни дейишаётувди шекилли? Неча хонали экан уйи?
– Тўрт хонали! – Рихсиев кафтида бодомнинг мағзини ажрата бошлади. – Жуда кенг эмиш. Иннайкейин – иссиқ сув, ванна, газ… Роҳатижон-да. Балогина экан бу бола, ишга келганига икки йил тўлмай уй алмаштиришга ҳам улгурди. – Рихсиев олдида ёзиғлиқ газетадан титкилаб энди кишмиш теришга тушди. – Олинг-да бундан, Турғунбой, сояки. – У бурчакдаги столга ўмган ташлаб алланимани кўчираётган Ўрмоновни ҳам таклиф қилди: – Ҳов қўшни, ҳа, кейин бўлар иш дегани, кишмишга келинг, кишмишга – Самарқандники!
Ўрмонов иримига «Раҳмат», деб қўйди-да, қоғоздан кўз узиб деразага боқди. Дераза ортида игнанинг учидек қор урар, қор ёғдусидан ёришиб кетган хона иссиққина, ташқари нечоғли совуқ экани, ҳозир балки кимдир ана шу изғиринда дийдираб тургани бу ерда ўтирганларнинг хаёлига ҳам келмас эди. Баданига таниш, заҳарли бир титроқ кирган Ўрмонов жунжикиб кетди, бояги гапни эслаб, «Уйи иссиқ бўлса керак», деди ичида ва эртага «уй муборак»ка – зиёфатга боришини, албатта бориши кераклигини ўйладию ўзидан мамнун бўлиб қўйди.
Тўрт хонали экан. Меҳмонларни аввал хоналари бўйлаб айлантириб томоша қилдиради; гази («Табиий газ, кечаю кундуз гуриллаб ётади!»), суви («Қизилини бурасангиз – иссиқ сув, кўкини бурасангиз – совуқ сув!»), ваннасини («Деворлари ялтироқ плитадан! Зўр-а?») кўрсатади; айвончасига бошлаб чиқади («Кенглигини кўринг, ёзда буям бир хонадай гап-да, тўғрими?»); фақат ётоқ бўлмасини четлаб ўтади («Бу ер энди, биласизлар…») – бегона кўзга номаҳрам. Кейин чорси хонада тузалган зиёфат дастурхони атрофига ўтирадилар. Ҳамма бир-бир ўрнидан туриб, хонадонга қут-барака, тўй-шодиёна тилаб қадаҳ кўтаради. Иззат-икром билан тўрга ўтқазилган Ўрмонов ҳам сўз айтади. Пойгакда ўтирган уй эгаси Ҳамидулла унга қараб миннатдорона жилмайиб қўяди, келиб қадаҳ чўқиштиради. Ўрмонов ҳузур-қаноат қўйнида қўлидагини симиргач, даврадагиларга ўктам, виқорли назар ташлайди; барча ғурбатлари унутилгандек, аллақайга чекингандек бўлади; оёқ оғриғи ҳам андак босилса керак. Шундан қўрқиб икки ҳафтадан бери ҳаммомга тушган эмас: баданига сув тегса – кейин неча кун оёғи қақшаб юради. Фурсатдан фойдаланиб душда ювиниб олса-чи? Ие, кал¬ла борми ўзи? Зиёфатга борган одам, бировнинг уйида, бола-чақасининг олдида… Ҳа, хотини сочиқ тутиб, ўзи чой узатиб ҳам туради!

У негадир, шунга ҳам ҳаққим бор, деб ўйлаганига ажабланди. Гап шундаки, Ҳамидулланинг тўрт хонали уйга эга бўлишини Ўрмонов ўзи туфайли деб биларди.
Илк қор тушган кезлар эди. Бир куни местком раиси уни чақириб қолди.
– Суюнчини чўзинг! – деди илжайиб. – Уй ажратилди бизга. Навбат сизники экан. Хўжайинлар билан келишдик, анча йилдан бери ишлаётганингиз, пешқадам инженерларимиздан эканингизни назарда тутиб, сизга берадиган бўлдик. Ҳужжатларни тайёрлайверинг. Бизнинг давримизда яшаб қолсин, дедик-да. Келинг энди, ўтган ишга салавот, шунча вақт – анов гапга уч йил бўлдими, тўрт йил? – қийналдингиз, етар…
– Нима, бошқа талабгор йўқми? – Ҳаяжонда Ўрмоновнинг тилига келгани шу бўлди.
– Талабгорнинг-ку саноғи йўқ. Мана, биттаси иқтисод бўлимидаги бола – Ҳамидулла. Неча кундан бери изимдан қўймай, қулоқ-миямни қоқиб қўлимга беряпти. Учта боласи бормиш, отасининг уйига сиғмай қолганмиш.
Ўрмонов Ҳамидулла билан унчалик яқин эмасди. У хоналарига гоҳ гугурт, гоҳ сигарет сўрабгина кирар, бошқа пайт тузук сўзлашиб ҳам ўтирмас, йўлакда дуч келганида нотанишдек индамай ўтиб кетаверар эди. Кейинги кунларда ўзгариб қолди: кўп кирадиган, узоқ-узоқ ўтириб қоладиган, гапдан гап чиқариб, «Ҳовли торлик қиляпти, укалар уйланадиган, одам оила билан жуда қийналиб кетди», дея ҳасрат қиладиган бўлди. Буни у кўпинча Ўрмоновга қараб айтарди. Демак…
– Ўйланиб қолдингиз бунча? – деди местком раиси.
Ўрмоновнинг кўз олдига Ҳамидулланинг каталакдек хонада сиқилишиб ўтирган болалари келдию ўзини раҳм-шафқатдан йироқ ёвуз кимсага ўхшатиб, айбдор ҳис этди.
– Ўшанга берақолинглар, – деди пешонаси терчилаб. – Ҳамидуллага. Мен… ҳар ҳолда, яна бир оз кутишим мумкин.
– Шундай бўлсинми? – Раис унга таажжуб билан тикилди. – Ҳамидулланинг уйи бор, бир йил-ярим йил сабр қилар. Қолаверса, ҳали янги ходим – жа-а унча¬лик хизмат кўрсатиб қўйган жойи ҳам йўқ. Тағин ўзингиз биласиз, оғайни. Кейин орқамиздан гап чиқиб юрмаса бас. Бизга барибир, – деди совуққина.
Ўрмонов пушаймон бўлмади – ўзини жуда олижаноб, алланечук енгил сезди. Эшитганлар: «Бекор қилибсиз-да», дейишди, аммо бу гапларни у шунчаки, кўнгил учун, деб ўйлади.
Мана энди, Ҳамидулла янги уйга кўчиб кирибди, эртага зиёфат бериб, уни «ювади».
«Уйи иссиқ бўлса керак, – деб ўйлади Ўрмонов яна. – Тўрт хонали экан, тўрт хонаси ҳам иссиқ бўлса ке¬рак».
У чекиш учун туриб эшикка юрди; хонадаги ягона кашанда бўлганидан кўпинча йўлакда тутатарди: бу ерда чеккудек бўлса, инжиқ табиатли Рихсиев боши оғришини айтиб шикоят қилади.
Рихсиевнинг столи ёнидан ўтаркан, у:
– Мағиздан олинг, Туробжон, – деб мулозамат қилди. – Кишмишни қаранг, маржондек-а!
Ўрмонов мағизга ҳам, маржондек кишмишга ҳам қарамади, столда турган банкани айлантириб кўраркан:
– Ёғми бу? – деб сўради.
– Асал. – Рихсиев текис, соғлом тишлари қаторасини намойиш қилгандек илжайди. Сўнг доимо ялтираб турадиган сарғиш қошларини чимириб, ичига кумуш қошиқча солиб қўйилган пиёлага авайлаб чой қуя бошлади. – Фойдали-да бу.
– Ҳа, асал фойдали, – деб қўйди Ўрмонов хаёлчан.
Бу одам фойда-зарарни бунчалик кўп ўйлайди? Ҳамма нарсани шунга кўра баҳолайди: бу фойдали, бу зарарли. Эртадан оқшомгача столининг усти банд: турли-туман қанд-қурс, мева-чева. Ўтиш-қайтишда бунга кўзи тушган директор ўринбосари мажлисда неча мар¬та «Чойхонани бас қилайлик!» деб танбеҳ берган бўлди – Рихсиев парвосига келтирмади. Жон койитиб бир иш қилмайди, оқ-сариқ башараси доим тиниқ, ўзи соғлом эканига қарамай, нуқул келган-кетганга овқат танига тузук ҳазм бўлмаётганидан нолийди, нима иссиқлик қилишию нима совуқлик қилишини гапириб ўтиради. Унга сари, умрида бу нарсаларни ўйлаб ҳам кўрмаган Ўрмоновнинг ғаши келади. Айниқса, унинг олдига бирор жойи оғриётганидан шикоят қилиб кирувчиларни кўрса жони чиқади. Ўзининг айтишича, дераза ёнидан ўтса шамоллаб қоладиган, шундан қўрқиб хонада ҳам телпагини бошидан қўймайдиган одам, бошқаларга «фойда¬ли маслаҳатлар» беради.
Ўрмонов хонага қайтиб кираркан, Рихсиев:
– Оқсаяпсизми, Туробжон? – деб сўради.
– Ҳа, оёқ бир оз… – деди Ўрмонов истар-истамас. – Совуқда қақшаб қолади.
– Ие, ие, чатоқ-ку, олдини олиш керак. – Рихсиев яйраб маслаҳат беришга тушди: – Кечаси қўй ёғидан суртиб ётинг. Силатсангиз ҳам тузук. – Бу гапни айтди-ю, лабини тишлади.
– Ҳеч исимайди, – деди Ўрмонов эшитмагандек. – Асабдан, дейишяпти.
– Сиз спакўйнийсиз-ку, Туробжон? Ё совуқ устихонингизга ўтиб кетганмикан? Тузукроқ пойабзал кийсангиз бўлмайдими?

Рихсиев тўғри айтади: тузукроқ пойабзал кийса бўл¬майдими? Бироқ Ўрмонов кийим-бош ҳақида қайғуришни ортиқча ҳисоблайди, очиғи, бунга эринади. Ҳар гал қишда «Келаси йил қалинроқ кийим оламан», деб аҳд қилади-ю, ёзга чиққач, ҳали бир кун қиш – ўзи юрак олдирган, безиллайдиган фасл келишини унутиб қўяди, негадир «Бу йил унча совуқ бўлмаса керак», деб ўй¬лайди, шунга умид боғлайди. Оқибатда эса ҳар йили иссиқ кийимсиз қолиб, қишда дийдираб юради. Бу йил ҳам эгни ғариб – ўша неча йиллик пальтою пойабзал.
Тузукроғини шу пайтда қаердан топасиз? Эсли одам қиш ғамини ёзда ейди.
– Бундай қилинг: бир идишга иссиқ сув, биттасига совуқ сув олинг-да, оёғингизни бирпас унисига, бирпас бунисига солиб ўтиринг. Кейин яхшилаб артиб, вазелин суртинг. Менинг айтганимни қилиб кўринг-чи, раҳмат дейсиз.
– Ҳозирдан раҳмат, – деди Ўрмонов илжайиб.
Иссиқ сув, совуқ сув қайда? Ўзининг уйи иссиқ бўлса керак-да, бемалол ўтириб олиб маслаҳат бераверади. Бу гапларни Ўрмонов неча марта газетадан ҳам ўқиган, аммо ҳафсала қилмаган.
Рихсиев яна алланималарни тавсия эта бошлади – Ўрмонов қулоқ солмади, ўзи ва совуқ ҳақида ўйлаб кетди.
У азалдан совуқ деса безиллар, юрак олдириб қўйган эди. Болаликда ҳам кийимдан ёлчимаган, акасининг ғўлтиллаб қолган эски этигини кийиб юрар, пайтаваси ҳўл, оёғи музлаб, мактабдан доим йиғлаб қайтар эди. «Сени йўргакда буюқ урган, болам», деб куларди онаси. Айниқса, эрталаб туриб қор ёққанини кўрса, том курашни ўйлаб уни ғам босарди. Бундай вақтда кўпинча уйдан қочиб бувисиникига борарди. Бувиси майизу туршак билан меҳмон қилар, сўнг елкасини силаб, маталлар айтиб берар эди. У оёғини иссиққина сандалга тиқиб, пўстак устида мудраб қоларди. Тушига ёз кирарди, иссиқ-иссиқ ёз! Бошяланг, оёқяланг кўча чангитиб юрганмиш…
Ўрмонов, мана энди ёши ўттиздан ўтибдики, ҳануз қачон совқотса, бувисини, бувисининг сандалини эслайди, ўшандан бошқа жойда оёқ-қўли исимайдигандек туюлади.
Унинг совуқдан бу қадар қўрқишига яна бир сабаб бор эди. Мактабда уларни мавсум пайти икки-уч ойлаб қўшни пахтакор районларга ёрдамга олиб кетишарди. Саккизинчи синфда ўқирди шекилли, ўша йили совуқ эрта тушиб, терим чўзилди. Ҳаммага норма белгиланган, кимки бажармаса, кечқурун ўқитувчилар изза-муҳокама қилишади. Уст-боши юпунлигиданми, у дарров шамоллаб қолди. Эрталабки изғиринда далага чиқишаркан, биқини санчиб оғрир, эгатга эгилолмай қийналар, лекин ҳеч кимга сездирмас, ўзи нимжонроқ, бунинг устига касалманд эканига қарамай, номус кучли, теримда тенгдошларидан ортда қолмасликка тиришар – кечқурун барчанинг олдида шарманда бўлишдан қўрқар эди. «Барча» орасида бир қиз ҳам бор эди-да… Шуни ўйлаб у касалу оғриқни унутганча жонини жабборга бериб ишларди. Охири чидолмади. Дала шийпонига ҳафтада бир марта дўхтир келарди. Навбатдаги келганида унинг ҳузурига кирди, арзини айтди. «Шишага иссиқ сув солиб, кечаси биқинингизга қўйиб ётинг, – деб маслаҳат берди дўхтир. – Ҳечқиси йўқ, тузалиб кетади». Дўхтирнинг олдидан чиққач, у шийпон теварагини айланиб шиша қидирди – бир-икки бўлак синиғидан бошқа ҳеч нарса тополмади. Муаллимларнинг хуфиёна ичиб туришларини биларди. Ўқувчиларнинг тарбияси бузилмасин, деб шишасини ҳам ғойиб қилишибди. Болалар-чи, бундан огоҳ, лекин нечундир тарбиялари бузилмас, кечқурун изза бўлмаслик учун ўлиб-тирилиб пахта териш билан овора эди бари. Унинг ҳам тарбияси бузилмади-ю, аммо ўшандан белоғриқ орттириб олди. Шу-шу, сал шабадага букчайиб қолади, қиш деса, совуқ деса танида титроқ туради.
Қиш айниқса бу йил каромат кўрсатди. Бошда кунлар илиқ келди, ҳаво баҳорникига ўхшаб кетди. Ҳатто ариқлар лабида бултургига ёнма-ён тиниқ сабзалар ҳам кўкарди. Ёлчитувли қиш бўлмади-да, деб турилганида, айни чилла чиққан куни шундай қор уриб, шундай изғирин бошландики, айтгулиги йўқ. Қор, аёз кечаю кундуз кўз очирмайди. Мана, икки ҳафтадан буён Ўрмонов оёғи исиганини билмайди, гўё ичига бир парча муз кириб олгану ҳеч эримайдиганга ўхшайди – муттасил совқотади.
– Э, етар-э, кетсак бўлар энди, – деди аллақачон кийиниб улгурган Рихсиев шерикларига қараб. – Ҳукуматдан қарзимиз қолмагандир, жон ҳам керак.
Бугун нима иш қилди ўзи бу одам? Куни бўйи алланималарни кавшаб, алланималарни вайсаб, ҳукуматдан қарзини узганмиш! Ўрмонов ичида ғижиниб, стол устини йиғиштира бошлади.
Антиқа бир томошага йиғилган каби бекатда одам гавжум. Иссиққина хонада бамайлихотир ўтириб, деразадан ногоҳ бу ердагиларга кўзи тушган киши негадир ўзини айбдор сезади, уларга раҳми келади. Ҳаммаси ишдан қайтяпти, ҳаммасининг кўзи йўлда. Баъзи бир бесабрлар йўл ўртасига чиқиб олиб автобус пойлайди. Барчанинг хаёлида бир ўй: «Нима бало, ҳайдовчилар ҳам совуқдан қўрқиб уй-уйларига жўнаворишганми?» Юзлар қизарган, кўзлар ачишиб, ёш оқади. Йўловчиларнинг кўпчилиги аёллар. Эгниларида қалин-қалин пўстин, қўлларида қўша-қўша тўрхалта – бугун иш маҳали югуриб-елиб топган-тутган бозорликлари, ер тепиб туришибди. «Ҳар бирининг бошида биттадан тулки!» деб қўйди ичида Ўрмонов. Дарвоқе, шундай қиёматда буларга нима зарур, эрларининг топиб келганига қаноат қилиб, худо деб уйда ўтиришмайдими? Тавба, одамлар кўра-била ўзини чўққа урадиган бўлиб кетган, шундан завқ ҳам олишади. Мана, энди бориб қозон-товоққа уннашади, кейин – бола-чақа ташвиши. Тавба!
Ўрмонов суяклари ҳам музлагандек, таниш оғриқдан афтини буриштирганча бекатнинг бир чеккасида қунишиб турарди. У ҳозир ёнидаги одамлардан тортиб дарахтлар шохидаги қушларгача ачинарди. Қишда, бундай совуқда яшагингиз ҳам келмайди. Ким ўйлаб чиқарган экан ўзи совуқни? Нега шунча нарсага чора топган одамзод, бунга келганда «Ҳа энди, қиш қишлигини қилади-да», дея қўл қовуштириб туради? Шимолий Қутбдаги, Сибирдаги бечораларнинг ҳоли не кечаркан?
Ўрмоновнинг назарида ҳозир ҳамма – бутун дунё у каби совқотаётгандек туюларди. Совуқ унинг учун енгиб бўлмас бир офатга, душманга айланган эди. У айни чоқда қайлардадир, иссиқ ўлкаларда авжи саратон эканини, одамлар қиш қайғусидан фориғ, ҳатто терга пишиб юрганини биларди, албатта. Лекин ўшандек ёз бир кун бу ерга ҳам келишига негадир ишонмасди.
Нью-Йоркда қор босқини бўлганмиш. У ерда қанчадан-қанча одам бошпанасиз! Совуқ аёвсиз панжалари билан Ўрмоновнинг юрагини ғижимлагандек бўлди. У олис тоғ қишлоғидаги уйини, ёзин-қишин юпун юрадиган укаларини эслади. Бир хонадагина тафт – печка бор, тирик жон шу ерда ётади. Кечаси ҳар замонда кўмир ташлаб қўйиш керак. Тунда, ҳамма тарракдек қотиб қолганда ис чиқса… Унинг кўнглини ваҳима босди, ожизликдан бадани живиллаб кетди. Уларга доимо иссиқ: пайпоқ юбораман деб, ҳафсала қилмаслигини ўйладию ўзига нисбатан ғазабдан вужудини мадор тарк этгандек бўлди. Касалманд онаси кўз олдига келди: «Мени ўйлама, болам, ҳеч бало қилмайди, туриб-эмаклаб юравераман. Фақат қораоқсоқ қурғур пича…»
Демак, ҳамма, бутун дунё совқотмоқда! Совуққа қарши қўлидан ҳеч иш келмаслигини, ҳеч кимга нажот беролмаслигини ўйлаб, Ўрмонов барча учун баробар совқота бошлади…
У ўзи яшайдиган ҳовли дарвозасидан кираркан, бурчакда, семон устида кулала бўлиб ётган кучук – Эльзага кўзи тушди. Бегона ҳидни сезган заҳоти чав-чавлаб ёпишадиган ит, ҳозир тепиб ўтсангиз ҳам қимир этмасди. Кўзлари қизарган, илтижоли боқади, туклари дир-дир учади. «Буям совқотяпти», деб куйинди Ўрмонов, уй эгаларини тошюракликда айблади. Фақат ўзларини ўйлашади, ҳеч ким билан ишлари йўқ, ҳеч кимникига боришмайди, ҳеч кимни кутишмайди – иссиққина инларига биқиниб олиб ётишгани ётишган. Нима учун яшаяпти ўзи бу одамлар?
Ўрмонов истиқомат қиладиган хона хўжайиннинг уйига рўбарў, шинамгина эди. Шинамгина эди-ю, лекин қишда одам боласини боғлаб қўйсангиз турмасди – шундай совуқ!
Кўнглининг бир чеккаси эртага бўлажак зиёфат мароғидан ёришиб турган Ўрмонов уйга кирибоқ кишилик кийимларини ажратди-да, курси суянчиғига илиб қўйди. У эртага зиёфатга боради. «Уйи иссиқ бўлса ке¬рак» – шу фикр яна хаёлидан кечди. Аммо зиёфат тугагач, қайтиши кераклигини ўйлаб, уни ғам босди. «Сиз энди бир кеча ётиб кетинг», деб таклиф қилмасмикан? Йўқ, ноқулай – қайтади. Кечаси, қорда, совуқ, изғирин-да – қайтади! Таксида келар. Дарвоқе, пули ҳисобли-ку? Онасига юбориши керак, буёқда қизининг ҳам улуши бор. «Кўпроқ ичиб оламан, совуқ ўтмайди», деб мўлжал қилди.
Ўрмонов тезгина ечиниб тўшакка кирди – вужуди тарашадек қотган, ҳеч нарсага хуши йўқ эди. Йўлда олган газеталарини варақламоқчи бўлди-ю, тағин қаернидир қор босгани ҳақида хабар ўқиб қолишдан чўчиб, варақламади. Қўл радиосининг қулоғини буради, одамни баттар жунжитадиган бир оҳанг эшитилди – қўшиқ ҳам совқотяпти! – ўчириб қўйди.
Шу уйни куздаёқ иситиш чорасини кўрса бўларди: печка-мечка қўйиб, тешик-туйнугини беркитиб. «Ўзим лапашангман-да», деб ўйлади Ўрмонов.
«Лапашанг!» Бу сўз унга жуда таниш эди. Бу сўзни у жуда кўп эшитган. Ҳар куни!
Ҳозир биров Ўрмоновга «Уч йил бурун сенинг иссиққина уйинг, хотининг, қизчанг бор эди», деса, сира-сира ишонмас, бу гапни худди тушида эшитаётгандек бўлар эди. Ҳа, ҳаммаси кимдир айтиб берган олис тушга ўхшайди!
Хотини, қизчаси, иссиққина уйи бўлса, у бу ерда нима қилиб ётибди? Лапашанглиги учунми? Л а п а шанг – нима дегани?
Ўрмонов бир куни ана шу сўзни охирги марта эшитдию кийим-бошини чамадонга жойлаб, уйдан чиқди. Иссиққина уйдан! Иссиққина уйда хотини қолди, қизчаси қолди. «Лапашанг» деган сўз ҳам қолди!
Ўша кеча ишхонасидаги диванда тунади. Ширинсухан қоровул – Дўстмурод акага ич ёрган эди, у чой қуйиб узатаркан: «Бир-икки вақт бўлак туриб кўринг-чи», деб маслаҳат берди. Эртаси Ўрмоновни уйига бошлаб борди; ҳовлиси кенг, тўрт тарафи ҳам иморат экан – бир хонасини бўшатиб берди.
Дўстмурод ака яхши одам эди; унинг келин-кепчаги, бўйга етган қизлари бор эди. Ўрмонов эса ёш эди, лекин андишали эди. Тўртинчи куни у мана шу уйга кўчиб ўтди. Бу ерни ҳам унинг қистов-илтимоси билан Дўстмурод ака гаплашиб берди. Уй эгалари уни қўшни сифатида ҳурмат қилишаркан, дарров рози бўлақолди: Дўстмурод ака яхши одам эди-да.
«Бир-икки вақт бўлак туриш»ни ўйлаган Ўрмонов бу ерда муқим яшаб қолди: «лапашанг» деган сўз жонига теккан эди, «лапашанг»нинг ўзи эса бошқа бировнинг жонига теккан экан. Хуллас, шу тариқа икки томон ҳам муродига етди. Аммо икки томон ҳам ҳануз нимадандир умидвор, ниманидир кутмоқда. «Лапашанг… яна «лапашанг» сўзини эшитишни(ми?!), бошқа биров эса уни яна айтишни(ми?!). Ўртада биргина ип қолган, «лапашанг» сўзини билмайдиган, тушунмайдиган биргина ип…
Кўрпадан ғўриллаб совуқ кирарди, Ўрмонов ғужанак бўлиб олди. «Эльза музлаб қолгандир», деб ўйлади ва яна тошюрак уй эгаларини сўкди. Кейин… ўйлари йўлини йўқотди.
…Чет-чеккаларига хаёл етмайдиган бийдек дала. Ўртасида бир қора кўринади. Муштдеккина бир жон. Етти-саккиз ёшлардаги бола. Теварак-атрофда кўз илғайдиган бошқа нарса йўқ. Ҳаммаёқ оппоқ қор, ҳамма ёқ: осмон ҳам, замин ҳам оппоқ, оппоқ қор, қор… Ўртада муштдеккина бир жон. Уст-боши юпун, оёғи юпун. Юз-кўзи совуқдан кўкариб кетган, йиғлашга ҳам мадори қолмаган. Аъзойи бадани яхлаб, совуқ энди кор қилмай қўйган – гавдаси тараша, муз қотган тарашанинг ўзгинаси. Муштдеккина бир жон. Жон! У энди ҳеч нарсани ўйламайди, ҳеч нарсадан қўрқмайди: совуқдан ҳам, атрофда изғиб юрган оч бўрилардан ҳам – ихтиёрини номаълум бир кучга топширган. Бўлгани бўлар энди. Отаси тоққа – қўйлардан хабар олишга кетганда онаси, ўгай онаси уни уйдан ҳайдаб юборди. Нега, нима учун? Ким билсин! Ҳайдаб юборган, тамом! Ўгай она-да! Ота эса тоғда… Теварак-атроф оппоқ-оппоқ, қор, қор… Сову-уқ! Чиллада мастиққан бўрилар ўлжа қидириб изғишади. Улар ҳозир бу ерга ҳам келиб қолишади. Майли, келишса келаверишсин! Унга барибир. Ана, увиллашлари ҳам эшитилиб қолди. Энди нима бўлади? Уввв-в…
Ўрмонов танглайигача музлаб кетди: «Энди нима бў¬лади?» Бу хаёлдан чалғиш учун эртанги зиёфат ҳақида ўйлай бошлади – исимади. Бувисининг сандалини эслади… Оёғи, беллари сандалда. Хонада майиз, туршак, олмақоқи ҳиди. Бувиси матал айтиб бермоқда. Қизиқ-қизиқ маталлар. У илиқ сувга шўнғиб бораётгандек. Тушида ёз эмиш, иссиқ-иссиқ ёз! Бошяланг, оёқяланг кўча чангитиб юрганмиш…

* * *

Эртаси яна хонада бугун бўлажак зиёфат ҳақида гап кетди.
– Ҳамидулланинг ўзи кўринмаяпти? – деди Рихсиев ташвишланиб.
– Бозор қилгани кетгандир-да, – деди Турғунбой.
– Олма, анор дегандай, а? – Рихсиев мириқиб ҳиринглади. – Ҳозир қиммат, ҳамма нарса қиммат.
«Олма, анор егиси келяпти, – деб ғашланди Ўрмонов. – Фойдали-да».
Тушликка ёлғиз чиққан Ўрмонов ўз-ўзидан димоғи чоғ бўлиб қайтди. Эгнидаги кийим-бошни кўздан кечириб қаноатланиб қўйди. Зиёфатга башанг бўлиб бориш керак-да – ўзингиз ҳам яйраб ўтирасиз, сизга қараб атрофдагиларнинг ҳам баҳридили очилади.
Бугун бекатларда одам сийрак. Ҳайдовчилар уй-уйларидан чиқиб тирикчилик ташвишига тушиб қолишганми, автобус тез-тез келиб турибди. Ҳаммада аллақандай бир жонланиш, бугун зиёфатга отлангандек ҳамма хушнуд-хуррам.
Ишдан бирпасга рухсат сўраб, қизчасини кўриб келса бўларкан. Икки ҳафта ўтибди – совуқ бошлангандан бери борган эмас. Соғинганини ҳис қилди. Уни бундай башанг ҳолда кўриб севиниб кетса керак. Нима олиб борса экан? «Дада, менга у олиб келинг, бу oлиб келинг». «Ҳаммасини ўша ўргатган, бўлмаса, муштдек бола пианинонинг фаҳмига борармиди?» Хўш, нима олиб боргани маъқул? «Совқотмаяпсанми, қизим?» «Йўқ, бу ер иссиқ». «Уйларинг-чи?» «Уйимиз ҳам иссиқ». Уйларинг… У хотини, қизчаси билан ана шу иссиққина уйда яшамаётганига дафъатан ҳайрон бўлди. Нега қизини, ўз қизини боғчага бориб кўради, нега? Бошқа чораси йўқми? «Лапашанг!» Лапашангликни ташлаш иложи йўқми? Иложи-ку бор, лекин… Ўрмонов ўйланиб қолди. Кейинги уч йил мобайнида илк марта шундай жиддий ўйга толиши. Кўнглида нимадир милтиллагандек бўлди.
Ўрмонов хона эшигига қўл чўзаркан, лабидаги сигаретни икки қадам наридаги пақирга ташлаши кераклиги эсига тушиб тўхтади. Охирги марта ҳузур қилиб симирди. Шунда ногоҳ ичкаридан қулоғига чалинган гап уни турган жойига михлаб қўйди.
– Энди, ҳар ҳолда, аёллар бўлади. Соғлом коллектив. Орада битта сўққабош… тўғри келмас-ов, айтмаганимиз маъқулми, дейман-да? Ўтириш совуқроқ ўтадими…
Ўрмонов овоз эгасини таниди – Ҳамидулла! Овоз эшикка яқинлаша бошлади:
– Турғунбой, Азизахонни албатта, а! Сиз ҳам, Рихсиев ака, кеннойимни олиб, подручка қили-иб келинглар, хўпми? Янги уйда бир ўтиришайлик!
Ўрмонов шошиб гангиб эшикдан узоқлашди. Сигаретини чуқур бир тортиб, пақирга ташлади. Ичини муздек тиғ тилиб ўтган, сўнг ўша жароҳат алланечук лаззат бахш этиб бутун вужудига таралаётгандек эди.
Ўрмонов ғалати ҳадик ичида эшикни тортдию Ҳамидуллага рўбарў бўлди. Улар бир зум бир-бирларига тикилиб қолдилар. Ҳамидулла тошдек қотган эди. Ниҳоят, Ўрмонов шошиб ундан нигоҳини олиб қочди, ерга қаради. Уялди, уялиб кетди! Негадир. Нега? Кейин секин четланиб йўл берди. Бориб столига ўтирганида Рихсиев маъноли томоқ қириб қўйди. Бу ўзига тегишли эканини сезди. Тағин оҳиста жойидан турди, эшик томон қадам босди.
– Бодомдан олинг, Туробжон, – деди Рихсиев қандайдир ҳамдардона оҳангда.
– Бодом? – дея гарангсиб сўради Ўрмонов.
– Ҳа, – деди Рихсиев сарғиш қошларини учириб. – Фойдали жуда.
Ўрмонов оғир бош буриб эшикка юрди. Елкаси оша ҳамхоналарининг нигоҳини туйди. Йўлак адоғига бориб, чўнтагидан сигарет чиқарди. Деразага боқди. Қуёш! Қуёш чарақлаб кетибди. Дарахтлар шохидаги қор аста-аста юмшаб, ёш тўкяпти. Кечагина суякларни зирқиратган аёз энди тушга айланган, ошкора жон бераётган эди. Сира-сира эримайдигандек туюлган музларни эритиб, илиқ ва жонсарак шамоллари билан, тантана ва ажиб шовқинлари билан баҳор кириб келмоқда!
«Баҳор келди, энди маза», деб ўйлади Ўрмонов. «Баҳор келди, энди маза», деб ўйлади-ю, ичига эримайдиган бир парча муз кирган каби вужуди қалтирай бошлади.
Нью-Йоркда қорлар камайиб, бошпанасиз ғариблар чеҳрасига ҳам заиф табассум инган…
Олис тоғ қишлоғидаги, келбати Ўрмоновга жуда-жуда ўхшашиб кетадиган болакайлар, юзларида қувонч, адирма-адир чопқиллаб бойчечак излаб юришибди…
Бепоён даштдаги қорликда ёлғиз қолган болани тоғдан қайтган отаси чакмонига ўраб уйга олиб келган; у ҳозир иссиққина печка ёнида туршак шимганча онасининг койишларини эшитиб ётибди – онаси асло ўгай эмас, отаси той олиб бермагани учун ўзи аразлаб далага чиқиб кетган эди…
Хонада ҳам телпагини бостириб ўтирадиган Рихсиев деган одам ҳозир бу ортиқча юкдан безор, аллақачон ечиб қўйган…
Унинг ёнидаги Турғунбой исмли хомсемиз йигит рўмолчаси билан дам-бадам бағбақасининг терини артади…
Кечагина совуқдан ажалини кутиб ётган Эльза лақабли кучук бугунги офтобда жонланиб, эринчоқлик билан думини ликиллатиб юрибди…
Улкан бир шаҳардаги улкан бир бино деразаси олдида турган бир одамнинггина елкалари қалт-қалт титрайди.
У совқотаётибдими?
Б у й и л совуқ бўлмайди!

1978

«СОВУҚ»НИ ЎҚИБ СОВҚОТГАНДЕК БЎЛДИМ…
Ёзувчи Эркин АЪЗАМ билан мухтасар суҳбат


045Устоз Эркин Аъзамнинг ҳамма асарлари яхши. «Совуқ» ҳикояси ҳам. Ҳозирги изғиринли кунларда бу асарни яна бир эсга олдик. Унинг яратилиш тарихи ҳақида устоз билан жиндак суҳбат қурдик. Яхши бўлди. Баҳонада ўтган кунлардаги «кечмиш»ларни билиб олдик. Танга ва руҳга азоб бергувчи ҳар қандай совуқдан иложи борича қочган ва сақланган маъқул, дейди устоз. Марҳамат, «Совуқ» ва унинг ёзилиш тарихини бир ўқинг. Гўзал мутолаага марҳабо.
– «Совуқ» ҳикояcини ёзишингизга нима туртки бўлган?
– Ҳикоя айнан табиий ҳарорат эмас, инсоний муносабатлардаги совуқчилик ҳақида эди десам, уни ўқиган кишининг фаросатига шубҳа қилган бўлиб чиқаман. Шахсий манфаат жўнидан ўзгаларга нисбатан шафқатсизликни ҳам қўшсак, ҳикояда маъно кўлами янада ортиши кузатилади, тўғрими?
«Совуқ»нинг дунёга келишига ана шундай фикрлар туртки бўлган чиқар. Чунки унинг ёзилганига бир неча ўн йиллар бўлди, ёзилиш тарихини ҳам ҳозир аниқ эслаёлмасам керак, бирор чўпчак тўқимоққа эса ҳушим йўқ.
– Совуқ фаслда ёзган бўлсангиз керак?
– Ишонинг-ишонманг, буниси ҳам ёдда қолмаган. «Совуқ»ни ўқиб совқотгандек бўлдим, дегувчиларнинг гапини шунчаки лутфга йўйиб юраман, қайдам. Ҳарқалай, бу ҳикоя саратонда туғилмаган бўлса керак. Ёзилган нимарсанинг санасини қайд этиб қўйиш одатим бор эди, қараб шуни аниқлаштириб олай десам, кечаги «узлат» кунларидаги «катта тафтиш» чоғи «Совуқ»нинг қўлёзмасига ҳам шафқат қилинмаган кўринади.
– Совуқни ҳам мушукни ёқтирмагандек ёмон кўрасизми?
– Мушукни жиним суймаслиги рост. Буни ҳикоя ҳам қилиб ёзганман, биласиз. Суриштириб кўрсам, шу бобда каминага ўхшаганлар кам эмас экан. Масалан, Чехов жанобларининг ҳам бу махлуққа тоб-тоқати бўлмаган. Бироқ ажабки, олис Коломбодан мангуст аталмиш бир шилимшиқ таъвияни атайин елкасига миндириб келади. Таъб-да.
Ўзимни жуда унчалик бағритош деёлмайман, от миниб, эшак миниб катта бўлганмиз-у, кулли жониворларга қолганда бефарқроқман. Тўрт оёқлиларига, албатта. Лекин набототга ихлосим зўр, дарахтларга жон-дил билан талпинаман.
Совуқ деганларига келсак, ким уни яхши кўрибди? Тўнгимоқ, музламоқ кони азоб-ку! Совуққа чидамлилик энди бошқа масала. Бизга шунисидан бермаган, афсус. Болаликдан аёзу рутубатга тобим йўқроқ. «Сени йўргакда буйуқ (совуқ) урган, болам», деб куладилар энамиз. Ўша дийдироқлик ҳануз бор, кексаликка хос айрим эркаликлар ҳам қўшилган…
Хулосам: танга ва руҳга азоб бергувчи ҳар қандай совуқдан иложи борича қочган ва сақланган маъқул!
– Қайси энг совуқ ўлкага боргансиз?
– Эсимда, «Совуқ» ҳикоясининг Масковдаги муҳокамасида семинаримиз раҳбари Виктор Астафьев «Сизлар томонда совуқ неча даражагача чиқади ўзи?» дея таажжуб аралаш савол берган, мен довдираб таваккалига «Ўн даража!» деб жавоб қилганман, буни эшитиб ҳамма кулиб юборган. Чамаси, уларнинг назарида бу аёз ҳисобланмас экан.
Чинакам рус қаҳратонини ҳам кўрганмиз. Қиш палласи шимолдаги Новгород ўлкасига сафар қилдик, самолётдан тушганимизда ҳаво 37 даража совуқ экан. Лекин негадир унчалик сезилмаган. Аввало – нам иқлим, энгил-бошимиз қалин, қолаверса, ичи қизиб турган навқиронлик чоғларимиз эди-да.
– Фасллардан баҳорни яхши кўрсангиз керак ёки…
– Баҳорни, кўкламни суймайдиган ҳам одам бормикан денг? Аммо болаликда баҳор менга ёқмасди. Бойсунни биласиз, тоғли жой, ҳар дамда шир-шир ёмғир, ҳаммаёқ лой-луй… Ўзим туғилган ёз ойлари мазза эди менга.
Бугун энди ҳар тўрт фасл ғанимат, бари баравар завқ беради. Ҳатто қаҳратон қиш ҳам. Уй иссиққина бўлса, ёп-ёруғ дераза олдида лопиллаб ёғаётган қор пағаларига термилиб ўтириш қандоқ ҳузурбахш!..
Мана, биргина «Совуқ» ҳикояси баҳона шунча гап! Лекин совуқнинг ўзидан сўз очакўрманг, биродар, ҳозир аллақайларда газсиз, чироқсиз дилдираб ўтирганлар ёдга тушиб, эзилиб кетади одам…
Энди сиз ҳам ростини айтинг, ҳув бир замонлар ёзилган ҳикояни нега келиб-келиб айнан бугун сўроқлаб қолдингиз? Иссиққина уйдамисиз ёки совқотяпсизми?..

Анвар Намозов суҳбатлашди

«Xurshid Davron kutubxonasi»ning yangi «Bir hikoya tarixi» turkumida taniqli adib, O’zbekiston xalq yozuvchisi Erkin A’zamning «Sovuq» hikoyasi va Anvar Namozovning ushbu asar xususidagi suhbati taqdim etilmoqda.

Erkin A’ZAM
S O V U Q


Sovuqdan kichrayib qolgan quyoshni
Isitgim keladi bag’rimga bosib.

Qutlibeka

– Erta oqshom Hamidullanikiga «uy muborak»ka borarkanmiz-a, – dedi Rixsiyev tishida qarsillatib bodom chaqarkan.
– Ertaga ekanmi? – deya stoldan bosh ko’tarib so’radi Turg’unboy. – Shanba kuni deyishayotuvdi shekilli? Necha xonali ekan uyi?
– To’rt xonali! – Rixsiyev kaftida bodomning mag’zini ajrata boshladi. – Juda keng emish. Innaykeyin – issiq suv, vanna, gaz… Rohatijon-da. Balogina ekan bu bola, ishga kelganiga ikki yil to’lmay uy almashtirishga ham ulgurdi. – Rixsiyev oldida yozig’liq gazetadan titkilab endi kishmish terishga tushdi. – Oling-da bundan, Turg’unboy, soyaki. – U burchakdagi stolga o’mgan tashlab allanimani ko’chirayotgan O’rmonovni ham taklif qildi: – Hov qo’shni, ha, keyin bo’lar ish degani, kishmishga keling, kishmishga – Samarqandniki!
O’rmonov irimiga «Rahmat», deb qo’ydi-da, qog’ozdan ko’z uzib derazaga boqdi. Deraza ortida ignaning uchidek qor urar, qor yog’dusidan yorishib ketgan xona issiqqina, tashqari nechog’li sovuq ekani, hozir balki kimdir ana shu izg’irinda diydirab turgani bu yerda o’tirganlarning xayoliga ham kelmas edi. Badaniga tanish, zaharli bir titroq kirgan O’rmonov junjikib ketdi, boyagi gapni eslab, «Uyi issiq bo’lsa kerak», dedi ichida va ertaga «uy muborak»ka – ziyofatga borishini, albatta borishi kerakligini o’yladiyu o’zidan mamnun bo’lib qo’ydi.
To’rt xonali ekan. Mehmonlarni avval xonalari bo’ylab aylantirib tomosha qildiradi; gazi («Tabiiy gaz, kechayu kunduz gurillab yotadi!»), suvi («Qizilini burasangiz – issiq suv, ko’kini burasangiz – sovuq suv!»), vannasini («Devorlari yaltiroq plitadan! Zo’r-a?») ko’rsatadi; ayvonchasiga boshlab chiqadi («Kengligini ko’ring, yozda buyam bir xonaday gap-da, to’g’rimi?»); faqat yotoq bo’lmasini chetlab o’tadi («Bu yer endi, bilasizlar…») – begona ko’zga nomahram. Keyin chorsi xonada tuzalgan ziyofat dasturxoni atrofiga o’tiradilar. Hamma bir-bir o’rnidan turib, xonadonga qut-baraka, to’y-shodiyona tilab qadah ko’taradi. Izzat-ikrom bilan to’rga o’tqazilgan O’rmonov ham so’z aytadi. Poygakda o’tirgan uy egasi Hamidulla unga qarab minnatdorona jilmayib qo’yadi, kelib qadah cho’qishtiradi. O’rmonov huzur-qanoat qo’ynida qo’lidagini simirgach, davradagilarga o’ktam, viqorli nazar tashlaydi; barcha g’urbatlari unutilgandek, allaqayga chekingandek bo’ladi; oyoq og’rig’i ham andak bosilsa kerak. Shundan qo’rqib ikki haftadan beri hammomga tushgan emas: badaniga suv tegsa – keyin necha kun oyog’i qaqshab yuradi. Fursatdan foydalanib dushda yuvinib olsa-chi? Ie, kal¬la bormi o’zi? Ziyofatga borgan odam, birovning uyida, bola-chaqasining oldida… Ha, xotini sochiq tutib, o’zi choy uzatib ham turadi!

U negadir, shunga ham haqqim bor, deb o’ylaganiga ajablandi. Gap shundaki, Hamidullaning to’rt xonali uyga ega bo’lishini O’rmonov o’zi tufayli deb bilardi.
Ilk qor tushgan kezlar edi. Bir kuni mestkom raisi uni chaqirib qoldi.
– Suyunchini cho’zing! – dedi iljayib. – Uy ajratildi bizga. Navbat sizniki ekan. Xo’jayinlar bilan kelishdik, ancha yildan beri ishlayotganingiz, peshqadam injenerlarimizdan ekaningizni nazarda tutib, sizga beradigan bo’ldik. Hujjatlarni tayyorlayvering. Bizning davrimizda yashab qolsin, dedik-da. Keling endi, o’tgan ishga salavot, shuncha vaqt – anov gapga uch yil bo’ldimi, to’rt yil? – qiynaldingiz, yetar…
– Nima, boshqa talabgor yo’qmi? – Hayajonda O’rmonovning tiliga kelgani shu bo’ldi.
– Talabgorning-ku sanog’i yo’q. Mana, bittasi iqtisod bo’limidagi bola – Hamidulla. Necha kundan beri izimdan qo’ymay, quloq-miyamni qoqib qo’limga beryapti. Uchta bolasi bormish, otasining uyiga sig’may qolganmish.
O’rmonov Hamidulla bilan unchalik yaqin emasdi. U xonalariga goh gugurt, goh sigaret so’rabgina kirar, boshqa payt tuzuk so’zlashib ham o’tirmas, yo’lakda duch kelganida notanishdek indamay o’tib ketaverar edi. Keyingi kunlarda o’zgarib qoldi: ko’p kiradigan, uzoq-uzoq o’tirib qoladigan, gapdan gap chiqarib, «Hovli torlik qilyapti, ukalar uylanadigan, odam oila bilan juda qiynalib ketdi», deya hasrat qiladigan bo’ldi. Buni u ko’pincha O’rmonovga qarab aytardi. Demak…
– O’ylanib qoldingiz buncha? – dedi mestkom raisi.
O’rmonovning ko’z oldiga Hamidullaning katalakdek xonada siqilishib o’tirgan bolalari keldiyu o’zini rahm-shafqatdan yiroq yovuz kimsaga o’xshatib, aybdor his etdi.
– O’shanga beraqolinglar, – dedi peshonasi terchilab. – Hamidullaga. Men… har holda, yana bir oz kutishim mumkin.
– Shunday bo’lsinmi? – Rais unga taajjub bilan tikildi. – Hamidullaning uyi bor, bir yil-yarim yil sabr qilar. Qolaversa, hali yangi xodim – ja-a uncha¬lik xizmat ko’rsatib qo’ygan joyi ham yo’q. Tag’in o’zingiz bilasiz, og’ayni. Keyin orqamizdan gap chiqib yurmasa bas. Bizga baribir, – dedi sovuqqina.
O’rmonov pushaymon bo’lmadi – o’zini juda olijanob, allanechuk yengil sezdi. Eshitganlar: «Bekor qilibsiz-da», deyishdi, ammo bu gaplarni u shunchaki, ko’ngil uchun, deb o’yladi.
Mana endi, Hamidulla yangi uyga ko’chib kiribdi, ertaga ziyofat berib, uni «yuvadi».
«Uyi issiq bo’lsa kerak, – deb o’yladi O’rmonov yana. – To’rt xonali ekan, to’rt xonasi ham issiq bo’lsa ke¬rak».
U chekish uchun turib eshikka yurdi; xonadagi yagona kashanda bo’lganidan ko’pincha yo’lakda tutatardi: bu yerda chekkudek bo’lsa, injiq tabiatli Rixsiyev boshi og’rishini aytib shikoyat qiladi.
Rixsiyevning stoli yonidan o’tarkan, u:
– Mag’izdan oling, Turobjon, – deb mulozamat qildi. – Kishmishni qarang, marjondek-a!
O’rmonov mag’izga ham, marjondek kishmishga ham qaramadi, stolda turgan bankani aylantirib ko’rarkan:
– Yog’mi bu? – deb so’radi.
– Asal. – Rixsiyev tekis, sog’lom tishlari qatorasini namoyish qilgandek iljaydi. So’ng doimo yaltirab turadigan sarg’ish qoshlarini chimirib, ichiga kumush qoshiqcha solib qo’yilgan piyolaga avaylab choy quya boshladi. – Foydali-da bu.
– Ha, asal foydali, – deb qo’ydi O’rmonov xayolchan.
Bu odam foyda-zararni bunchalik ko’p o’ylaydi? Hamma narsani shunga ko’ra baholaydi: bu foydali, bu zararli. Ertadan oqshomgacha stolining usti band: turli-tuman qand-qurs, meva-cheva. O’tish-qaytishda bunga ko’zi tushgan direktor o’rinbosari majlisda necha mar¬ta «Choyxonani bas qilaylik!» deb tanbeh bergan bo’ldi – Rixsiyev parvosiga keltirmadi. Jon koyitib bir ish qilmaydi, oq-sariq basharasi doim tiniq, o’zi sog’lom ekaniga qaramay, nuqul kelgan-ketganga ovqat taniga tuzuk hazm bo’lmayotganidan noliydi, nima issiqlik qilishiyu nima sovuqlik qilishini gapirib o’tiradi. Unga sari, umrida bu narsalarni o’ylab ham ko’rmagan O’rmonovning g’ashi keladi. Ayniqsa, uning oldiga biror joyi og’riyotganidan shikoyat qilib kiruvchilarni ko’rsa joni chiqadi. O’zining aytishicha, deraza yonidan o’tsa shamollab qoladigan, shundan qo’rqib xonada ham telpagini boshidan qo’ymaydigan odam, boshqalarga «foyda¬li maslahatlar» beradi.
O’rmonov xonaga qaytib kirarkan, Rixsiyev:
– Oqsayapsizmi, Turobjon? – deb so’radi.
– Ha, oyoq bir oz… – dedi O’rmonov istar-istamas. – Sovuqda qaqshab qoladi.
– Ie, iye, chatoq-ku, oldini olish kerak. – Rixsiyev yayrab maslahat berishga tushdi: – Kechasi qo’y yog’idan surtib yoting. Silatsangiz ham tuzuk. – Bu gapni aytdi-yu, labini tishladi.
– Hech isimaydi, – dedi O’rmonov eshitmagandek. – Asabdan, deyishyapti.
– Siz spako’yniysiz-ku, Turobjon? Yo sovuq ustixoningizga o’tib ketganmikan? Tuzukroq poyabzal kiysangiz bo’lmaydimi?

Rixsiyev to’g’ri aytadi: tuzukroq poyabzal kiysa bo’l¬maydimi? Biroq O’rmonov kiyim-bosh haqida qayg’urishni ortiqcha hisoblaydi, ochig’i, bunga erinadi. Har gal qishda «Kelasi yil qalinroq kiyim olaman», deb ahd qiladi-yu, yozga chiqqach, hali bir kun qish – o’zi yurak oldirgan, bezillaydigan fasl kelishini unutib qo’yadi, negadir «Bu yil uncha sovuq bo’lmasa kerak», deb o’y¬laydi, shunga umid bog’laydi. Oqibatda esa har yili issiq kiyimsiz qolib, qishda diydirab yuradi. Bu yil ham egni g’arib – o’sha necha yillik palьtoyu poyabzal.
Tuzukrog’ini shu paytda qayerdan topasiz? Esli odam qish g’amini yozda yeydi.
– Bunday qiling: bir idishga issiq suv, bittasiga sovuq suv oling-da, oyog’ingizni birpas unisiga, birpas bunisiga solib o’tiring. Keyin yaxshilab artib, vazelin surting. Mening aytganimni qilib ko’ring-chi, rahmat deysiz.
– Hozirdan rahmat, – dedi O’rmonov iljayib.
Issiq suv, sovuq suv qayda? O’zining uyi issiq bo’lsa kerak-da, bemalol o’tirib olib maslahat beraveradi. Bu gaplarni O’rmonov necha marta gazetadan ham o’qigan, ammo hafsala qilmagan.
Rixsiyev yana allanimalarni tavsiya eta boshladi – O’rmonov quloq solmadi, o’zi va sovuq haqida o’ylab ketdi.
U azaldan sovuq desa bezillar, yurak oldirib qo’ygan edi. Bolalikda ham kiyimdan yolchimagan, akasining g’o’ltillab qolgan eski etigini kiyib yurar, paytavasi ho’l, oyog’i muzlab, maktabdan doim yig’lab qaytar edi. «Seni yo’rgakda buyuq urgan, bolam», deb kulardi onasi. Ayniqsa, ertalab turib qor yoqqanini ko’rsa, tom kurashni o’ylab uni g’am bosardi. Bunday vaqtda ko’pincha uydan qochib buvisinikiga borardi. Buvisi mayizu turshak bilan mehmon qilar, so’ng yelkasini silab, matallar aytib berar edi. U oyog’ini issiqqina sandalga tiqib, po’stak ustida mudrab qolardi. Tushiga yoz kirardi, issiq-issiq yoz! Boshyalang, oyoqyalang ko’cha changitib yurganmish…
O’rmonov, mana endi yoshi o’ttizdan o’tibdiki, hanuz qachon sovqotsa, buvisini, buvisining sandalini eslaydi, o’shandan boshqa joyda oyoq-qo’li isimaydigandek tuyuladi.
Uning sovuqdan bu qadar qo’rqishiga yana bir sabab bor edi. Maktabda ularni mavsum payti ikki-uch oylab qo’shni paxtakor rayonlarga yordamga olib ketishardi. Sakkizinchi sinfda o’qirdi shekilli, o’sha yili sovuq erta tushib, terim cho’zildi. Hammaga norma belgilangan, kimki bajarmasa, kechqurun o’qituvchilar izza-muhokama qilishadi. Ust-boshi yupunligidanmi, u darrov shamollab qoldi. Ertalabki izg’irinda dalaga chiqisharkan, biqini sanchib og’rir, egatga egilolmay qiynalar, lekin hech kimga sezdirmas, o’zi nimjonroq, buning ustiga kasalmand ekaniga qaramay, nomus kuchli, terimda tengdoshlaridan ortda qolmaslikka tirishar – kechqurun barchaning oldida sharmanda bo’lishdan qo’rqar edi. «Barcha» orasida bir qiz ham bor edi-da… Shuni o’ylab u kasalu og’riqni unutgancha jonini jabborga berib ishlardi. Oxiri chidolmadi. Dala shiyponiga haftada bir marta do’xtir kelardi. Navbatdagi kelganida uning huzuriga kirdi, arzini aytdi. «Shishaga issiq suv solib, kechasi biqiningizga qo’yib yoting, – deb maslahat berdi do’xtir. – Hechqisi yo’q, tuzalib ketadi». Do’xtirning oldidan chiqqach, u shiypon tevaragini aylanib shisha qidirdi – bir-ikki bo’lak sinig’idan boshqa hech narsa topolmadi. Muallimlarning xufiyona ichib turishlarini bilardi. O’quvchilarning tarbiyasi buzilmasin, deb shishasini ham g’oyib qilishibdi. Bolalar-chi, bundan ogoh, lekin nechundir tarbiyalari buzilmas, kechqurun izza bo’lmaslik uchun o’lib-tirilib paxta terish bilan ovora edi bari. Uning ham tarbiyasi buzilmadi-yu, ammo o’shandan belog’riq orttirib oldi. Shu-shu, sal shabadaga bukchayib qoladi, qish desa, sovuq desa tanida titroq turadi.
Qish ayniqsa bu yil karomat ko’rsatdi. Boshda kunlar iliq keldi, havo bahornikiga o’xshab ketdi. Hatto ariqlar labida bulturgiga yonma-yon tiniq sabzalar ham ko’kardi. Yolchituvli qish bo’lmadi-da, deb turilganida, ayni chilla chiqqan kuni shunday qor urib, shunday izg’irin boshlandiki, aytguligi yo’q. Qor, ayoz kechayu kunduz ko’z ochirmaydi. Mana, ikki haftadan buyon O’rmonov oyog’i isiganini bilmaydi, go’yo ichiga bir parcha muz kirib olganu hech erimaydiganga o’xshaydi – muttasil sovqotadi.
– E, yetar-e, ketsak bo’lar endi, – dedi allaqachon kiyinib ulgurgan Rixsiyev sheriklariga qarab. – Hukumatdan qarzimiz qolmagandir, jon ham kerak.
Bugun nima ish qildi o’zi bu odam? Kuni bo’yi allanimalarni kavshab, allanimalarni vaysab, hukumatdan qarzini uzganmish! O’rmonov ichida g’ijinib, stol ustini yig’ishtira boshladi.
Antiqa bir tomoshaga yig’ilgan kabi bekatda odam gavjum. Issiqqina xonada bamaylixotir o’tirib, derazadan nogoh bu yerdagilarga ko’zi tushgan kishi negadir o’zini aybdor sezadi, ularga rahmi keladi. Hammasi ishdan qaytyapti, hammasining ko’zi yo’lda. Ba’zi bir besabrlar yo’l o’rtasiga chiqib olib avtobus poylaydi. Barchaning xayolida bir o’y: «Nima balo, haydovchilar ham sovuqdan qo’rqib uy-uylariga jo’navorishganmi?» Yuzlar qizargan, ko’zlar achishib, yosh oqadi. Yo’lovchilarning ko’pchiligi ayollar. Egnilarida qalin-qalin po’stin, qo’llarida qo’sha-qo’sha to’rxalta – bugun ish mahali yugurib-elib topgan-tutgan bozorliklari, yer tepib turishibdi. «Har birining boshida bittadan tulki!» deb qo’ydi ichida O’rmonov. Darvoqe, shunday qiyomatda bularga nima zarur, erlarining topib kelganiga qanoat qilib, xudo deb uyda o’tirishmaydimi? Tavba, odamlar ko’ra-bila o’zini cho’qqa uradigan bo’lib ketgan, shundan zavq ham olishadi. Mana, endi borib qozon-tovoqqa unnashadi, keyin – bola-chaqa tashvishi. Tavba!
O’rmonov suyaklari ham muzlagandek, tanish og’riqdan aftini burishtirgancha bekatning bir chekkasida qunishib turardi. U hozir yonidagi odamlardan tortib daraxtlar shoxidagi qushlargacha achinardi. Qishda, bunday sovuqda yashagingiz ham kelmaydi. Kim o’ylab chiqargan ekan o’zi sovuqni? Nega shuncha narsaga chora topgan odamzod, bunga kelganda «Ha endi, qish qishligini qiladi-da», deya qo’l qovushtirib turadi? Shimoliy Qutbdagi, Sibirdagi bechoralarning holi ne kecharkan?
O’rmonovning nazarida hozir hamma – butun dunyo u kabi sovqotayotgandek tuyulardi. Sovuq uning uchun yengib bo’lmas bir ofatga, dushmanga aylangan edi. U ayni choqda qaylardadir, issiq o’lkalarda avji saraton ekanini, odamlar qish qayg’usidan forig’, hatto terga pishib yurganini bilardi, albatta. Lekin o’shandek yoz bir kun bu yerga ham kelishiga negadir ishonmasdi.
Nьyu-Yorkda qor bosqini bo’lganmish. U yerda qanchadan-qancha odam boshpanasiz! Sovuq ayovsiz panjalari bilan O’rmonovning yuragini g’ijimlagandek bo’ldi. U olis tog’ qishlog’idagi uyini, yozin-qishin yupun yuradigan ukalarini esladi. Bir xonadagina taft – pechka bor, tirik jon shu yerda yotadi. Kechasi har zamonda ko’mir tashlab qo’yish kerak. Tunda, hamma tarrakdek qotib qolganda is chiqsa… Uning ko’nglini vahima bosdi, ojizlikdan badani jivillab ketdi. Ularga doimo issiq: paypoq yuboraman deb, hafsala qilmasligini o’yladiyu o’ziga nisbatan g’azabdan vujudini mador tark etgandek bo’ldi. Kasalmand onasi ko’z oldiga keldi: «Meni o’ylama, bolam, hech balo qilmaydi, turib-emaklab yuraveraman. Faqat qoraoqsoq qurg’ur picha…»
Demak, hamma, butun dunyo sovqotmoqda! Sovuqqa qarshi qo’lidan hech ish kelmasligini, hech kimga najot berolmasligini o’ylab, O’rmonov barcha uchun barobar sovqota boshladi…
U o’zi yashaydigan hovli darvozasidan kirarkan, burchakda, semon ustida kulala bo’lib yotgan kuchuk – Elьzaga ko’zi tushdi. Begona hidni sezgan zahoti chav-chavlab yopishadigan it, hozir tepib o’tsangiz ham qimir etmasdi. Ko’zlari qizargan, iltijoli boqadi, tuklari dir-dir uchadi. «Buyam sovqotyapti», deb kuyindi O’rmonov, uy egalarini toshyuraklikda aybladi. Faqat o’zlarini o’ylashadi, hech kim bilan ishlari yo’q, hech kimnikiga borishmaydi, hech kimni kutishmaydi – issiqqina inlariga biqinib olib yotishgani yotishgan. Nima uchun yashayapti o’zi bu odamlar?
O’rmonov istiqomat qiladigan xona xo’jayinning uyiga ro’baro’, shinamgina edi. Shinamgina edi-yu, lekin qishda odam bolasini bog’lab qo’ysangiz turmasdi – shunday sovuq!
Ko’nglining bir chekkasi ertaga bo’lajak ziyofat marog’idan yorishib turgan O’rmonov uyga kiriboq kishilik kiyimlarini ajratdi-da, kursi suyanchig’iga ilib qo’ydi. U ertaga ziyofatga boradi. «Uyi issiq bo’lsa ke¬rak» – shu fikr yana xayolidan kechdi. Ammo ziyofat tugagach, qaytishi kerakligini o’ylab, uni g’am bosdi. «Siz endi bir kecha yotib keting», deb taklif qilmasmikan? Yo’q, noqulay – qaytadi. Kechasi, qorda, sovuq, izg’irin-da – qaytadi! Taksida kelar. Darvoqe, puli hisobli-ku? Onasiga yuborishi kerak, buyoqda qizining ham ulushi bor. «Ko’proq ichib olaman, sovuq o’tmaydi», deb mo’ljal qildi.
O’rmonov tezgina yechinib to’shakka kirdi – vujudi tarashadek qotgan, hech narsaga xushi yo’q edi. Yo’lda olgan gazetalarini varaqlamoqchi bo’ldi-yu, tag’in qayernidir qor bosgani haqida xabar o’qib qolishdan cho’chib, varaqlamadi. Qo’l radiosining qulog’ini buradi, odamni battar junjitadigan bir ohang eshitildi – qo’shiq ham sovqotyapti! – o’chirib qo’ydi.
Shu uyni kuzdayoq isitish chorasini ko’rsa bo’lardi: pechka-mechka qo’yib, teshik-tuynugini berkitib. «O’zim lapashangman-da», deb o’yladi O’rmonov.
«Lapashang!» Bu so’z unga juda tanish edi. Bu so’zni u juda ko’p eshitgan. Har kuni!
Hozir birov O’rmonovga «Uch yil burun sening issiqqina uying, xotining, qizchang bor edi», desa, sira-sira ishonmas, bu gapni xuddi tushida eshitayotgandek bo’lar edi. Ha, hammasi kimdir aytib bergan olis tushga o’xshaydi!
Xotini, qizchasi, issiqqina uyi bo’lsa, u bu yerda nima qilib yotibdi? Lapashangligi uchunmi? L a p a shang – nima degani?
O’rmonov bir kuni ana shu so’zni oxirgi marta eshitdiyu kiyim-boshini chamadonga joylab, uydan chiqdi. Issiqqina uydan! Issiqqina uyda xotini qoldi, qizchasi qoldi. «Lapashang» degan so’z ham qoldi!
O’sha kecha ishxonasidagi divanda tunadi. Shirinsuxan qorovul – Do’stmurod akaga ich yorgan edi, u choy quyib uzatarkan: «Bir-ikki vaqt bo’lak turib ko’ring-chi», deb maslahat berdi. Ertasi O’rmonovni uyiga boshlab bordi; hovlisi keng, to’rt tarafi ham imorat ekan – bir xonasini bo’shatib berdi.
Do’stmurod aka yaxshi odam edi; uning kelin-kepchagi, bo’yga yetgan qizlari bor edi. O’rmonov esa yosh edi, lekin andishali edi. To’rtinchi kuni u mana shu uyga ko’chib o’tdi. Bu yerni ham uning qistov-iltimosi bilan Do’stmurod aka gaplashib berdi. Uy egalari uni qo’shni sifatida hurmat qilisharkan, darrov rozi bo’laqoldi: Do’stmurod aka yaxshi odam edi-da.
«Bir-ikki vaqt bo’lak turish»ni o’ylagan O’rmonov bu yerda muqim yashab qoldi: «lapashang» degan so’z joniga tekkan edi, «lapashang»ning o’zi esa boshqa birovning joniga tekkan ekan. Xullas, shu tariqa ikki tomon ham murodiga yetdi. Ammo ikki tomon ham hanuz nimadandir umidvor, nimanidir kutmoqda. «Lapashang… yana «lapashang» so’zini eshitishni(mi?!), boshqa birov esa uni yana aytishni(mi?!). O’rtada birgina ip qolgan, «lapashang» so’zini bilmaydigan, tushunmaydigan birgina ip…
Ko’rpadan g’o’rillab sovuq kirardi, O’rmonov g’ujanak bo’lib oldi. «Elьza muzlab qolgandir», deb o’yladi va yana toshyurak uy egalarini so’kdi. Keyin… o’ylari yo’lini yo’qotdi.
…Chet-chekkalariga xayol yetmaydigan biydek dala. O’rtasida bir qora ko’rinadi. Mushtdekkina bir jon. Yetti-sakkiz yoshlardagi bola. Tevarak-atrofda ko’z ilg’aydigan boshqa narsa yo’q. Hammayoq oppoq qor, hamma yoq: osmon ham, zamin ham oppoq, oppoq qor, qor… O’rtada mushtdekkina bir jon. Ust-boshi yupun, oyog’i yupun. Yuz-ko’zi sovuqdan ko’karib ketgan, yig’lashga ham madori qolmagan. A’zoyi badani yaxlab, sovuq endi kor qilmay qo’ygan – gavdasi tarasha, muz qotgan tarashaning o’zginasi. Mushtdekkina bir jon. Jon! U endi hech narsani o’ylamaydi, hech narsadan qo’rqmaydi: sovuqdan ham, atrofda izg’ib yurgan och bo’rilardan ham – ixtiyorini noma’lum bir kuchga topshirgan. Bo’lgani bo’lar endi. Otasi toqqa – qo’ylardan xabar olishga ketganda onasi, o’gay onasi uni uydan haydab yubordi. Nega, nima uchun? Kim bilsin! Haydab yuborgan, tamom! O’gay ona-da! Ota esa tog’da… Tevarak-atrof oppoq-oppoq, qor, qor… Sovu-uq! Chillada mastiqqan bo’rilar o’lja qidirib izg’ishadi. Ular hozir bu yerga ham kelib qolishadi. Mayli, kelishsa kelaverishsin! Unga baribir. Ana, uvillashlari ham eshitilib qoldi. Endi nima bo’ladi? Uvvv-v…
O’rmonov tanglayigacha muzlab ketdi: «Endi nima bo’¬ladi?» Bu xayoldan chalg’ish uchun ertangi ziyofat haqida o’ylay boshladi – isimadi. Buvisining sandalini esladi… Oyog’i, bellari sandalda. Xonada mayiz, turshak, olmaqoqi hidi. Buvisi matal aytib bermoqda. Qiziq-qiziq matallar. U iliq suvga sho’ng’ib borayotgandek. Tushida yoz emish, issiq-issiq yoz! Boshyalang, oyoqyalang ko’cha changitib yurganmish…

* * *

Ertasi yana xonada bugun bo’lajak ziyofat haqida gap ketdi.
– Hamidullaning o’zi ko’rinmayapti? – dedi Rixsiyev tashvishlanib.
– Bozor qilgani ketgandir-da, – dedi Turg’unboy.
– Olma, anor deganday, a? – Rixsiyev miriqib hiringladi. – Hozir qimmat, hamma narsa qimmat.
«Olma, anor yegisi kelyapti, – deb g’ashlandi O’rmonov. – Foydali-da».
Tushlikka yolg’iz chiqqan O’rmonov o’z-o’zidan dimog’i chog’ bo’lib qaytdi. Egnidagi kiyim-boshni ko’zdan kechirib qanoatlanib qo’ydi. Ziyofatga bashang bo’lib borish kerak-da – o’zingiz ham yayrab o’tirasiz, sizga qarab atrofdagilarning ham bahridili ochiladi.
Bugun bekatlarda odam siyrak. Haydovchilar uy-uylaridan chiqib tirikchilik tashvishiga tushib qolishganmi, avtobus tez-tez kelib turibdi. Hammada allaqanday bir jonlanish, bugun ziyofatga otlangandek hamma xushnud-xurram.
Ishdan birpasga ruxsat so’rab, qizchasini ko’rib kelsa bo’larkan. Ikki hafta o’tibdi – sovuq boshlangandan beri borgan emas. Sog’inganini his qildi. Uni bunday bashang holda ko’rib sevinib ketsa kerak. Nima olib borsa ekan? «Dada, menga u olib keling, bu olib keling». «Hammasini o’sha o’rgatgan, bo’lmasa, mushtdek bola pianinoning fahmiga borarmidi?» Xo’sh, nima olib borgani ma’qul? «Sovqotmayapsanmi, qizim?» «Yo’q, bu yer issiq». «Uylaring-chi?» «Uyimiz ham issiq». Uylaring… U xotini, qizchasi bilan ana shu issiqqina uyda yashamayotganiga daf’atan hayron bo’ldi. Nega qizini, o’z qizini bog’chaga borib ko’radi, nega? Boshqa chorasi yo’qmi? «Lapashang!» Lapashanglikni tashlash iloji yo’qmi? Iloji-ku bor, lekin… O’rmonov o’ylanib qoldi. Keyingi uch yil mobaynida ilk marta shunday jiddiy o’yga tolishi. Ko’nglida nimadir miltillagandek bo’ldi.
O’rmonov xona eshigiga qo’l cho’zarkan, labidagi sigaretni ikki qadam naridagi paqirga tashlashi kerakligi esiga tushib to’xtadi. Oxirgi marta huzur qilib simirdi. Shunda nogoh ichkaridan qulog’iga chalingan gap uni turgan joyiga mixlab qo’ydi.
– Endi, har holda, ayollar bo’ladi. Sog’lom kollektiv. Orada bitta so’qqabosh… to’g’ri kelmas-ov, aytmaganimiz ma’qulmi, deyman-da? O’tirish sovuqroq o’tadimi…
O’rmonov ovoz egasini tanidi – Hamidulla! Ovoz eshikka yaqinlasha boshladi:
– Turg’unboy, Azizaxonni albatta, a! Siz ham, Rixsiyev aka, kennoyimni olib, podruchka qili-ib kelinglar, xo’pmi? Yangi uyda bir o’tirishaylik!
O’rmonov shoshib gangib eshikdan uzoqlashdi. Sigaretini chuqur bir tortib, paqirga tashladi. Ichini muzdek tig’ tilib o’tgan, so’ng o’sha jarohat allanechuk lazzat baxsh etib butun vujudiga taralayotgandek edi.
O’rmonov g’alati hadik ichida eshikni tortdiyu Hamidullaga ro’baro’ bo’ldi. Ular bir zum bir-birlariga tikilib qoldilar. Hamidulla toshdek qotgan edi. Nihoyat, O’rmonov shoshib undan nigohini olib qochdi, yerga qaradi. Uyaldi, uyalib ketdi! Negadir. Nega? Keyin sekin chetlanib yo’l berdi. Borib stoliga o’tirganida Rixsiyev ma’noli tomoq qirib qo’ydi. Bu o’ziga tegishli ekanini sezdi. Tag’in ohista joyidan turdi, eshik tomon qadam bosdi.
– Bodomdan oling, Turobjon, – dedi Rixsiyev qandaydir hamdardona ohangda.
– Bodom? – deya garangsib so’radi O’rmonov.
– Ha, – dedi Rixsiyev sarg’ish qoshlarini uchirib. – Foydali juda.
O’rmonov og’ir bosh burib eshikka yurdi. Yelkasi osha hamxonalarining nigohini tuydi. Yo’lak adog’iga borib, cho’ntagidan sigaret chiqardi. Derazaga boqdi. Quyosh! Quyosh charaqlab ketibdi. Daraxtlar shoxidagi qor asta-asta yumshab, yosh to’kyapti. Kechagina suyaklarni zirqiratgan ayoz endi tushga aylangan, oshkora jon berayotgan edi. Sira-sira erimaydigandek tuyulgan muzlarni eritib, iliq va jonsarak shamollari bilan, tantana va ajib shovqinlari bilan bahor kirib kelmoqda!
«Bahor keldi, endi maza», deb o’yladi O’rmonov. «Bahor keldi, endi maza», deb o’yladi-yu, ichiga erimaydigan bir parcha muz kirgan kabi vujudi qaltiray boshladi.
Nьyu-Yorkda qorlar kamayib, boshpanasiz g’ariblar chehrasiga ham zaif tabassum ingan…
Olis tog’ qishlog’idagi, kelbati O’rmonovga juda-juda o’xshashib ketadigan bolakaylar, yuzlarida quvonch, adirma-adir chopqillab boychechak izlab yurishibdi…
Bepoyon dashtdagi qorlikda yolg’iz qolgan bolani tog’dan qaytgan otasi chakmoniga o’rab uyga olib kelgan; u hozir issiqqina pechka yonida turshak shimgancha onasining koyishlarini eshitib yotibdi – onasi aslo o’gay emas, otasi toy olib bermagani uchun o’zi arazlab dalaga chiqib ketgan edi…
Xonada ham telpagini bostirib o’tiradigan Rixsiyev degan odam hozir bu ortiqcha yukdan bezor, allaqachon yechib qo’ygan…
Uning yonidagi Turg’unboy ismli xomsemiz yigit ro’molchasi bilan dam-badam bag’baqasining terini artadi…
Kechagina sovuqdan ajalini kutib yotgan Elьza laqabli kuchuk bugungi oftobda jonlanib, erinchoqlik bilan dumini likillatib yuribdi…
Ulkan bir shahardagi ulkan bir bino derazasi oldida turgan bir odamninggina yelkalari qalt-qalt titraydi.
U sovqotayotibdimi?
B u y i l sovuq bo’lmaydi!

1978

«SOVUQ»NI O’QIB SOVQOTGANDEK BO’LDIM…
Yozuvchi Erkin AЪZAM bilan muxtasar suhbat

44Ustoz Erkin A’zamning hamma asarlari yaxshi. «Sovuq» hikoyasi ham. Hozirgi izg’irinli kunlarda bu asarni yana bir esga oldik. Uning yaratilish tarixi haqida ustoz bilan jindak suhbat qurdik. Yaxshi bo’ldi. Bahonada o’tgan kunlardagi «kechmish»larni bilib oldik. Tanga va ruhga azob berguvchi har qanday sovuqdan iloji boricha qochgan va saqlangan ma’qul, deydi ustoz. Marhamat, «Sovuq» va uning yozilish tarixini bir o’qing. Go’zal mutolaaga marhabo.
– «Sovuq» hikoyacini yozishingizga nima turtki bo’lgan?
– Hikoya aynan tabiiy harorat emas, insoniy munosabatlardagi sovuqchilik haqida edi desam, uni o’qigan kishining farosatiga shubha qilgan bo’lib chiqaman. Shaxsiy manfaat jo’nidan o’zgalarga nisbatan shafqatsizlikni ham qo’shsak, hikoyada ma’no ko’lami yanada ortishi kuzatiladi, to’g’rimi?
«Sovuq»ning dunyoga kelishiga ana shunday fikrlar turtki bo’lgan chiqar. Chunki uning yozilganiga bir necha o’n yillar bo’ldi, yozilish tarixini ham hozir aniq eslayolmasam kerak, biror cho’pchak to’qimoqqa esa hushim yo’q.
– Sovuq faslda yozgan bo’lsangiz kerak?
– Ishoning-ishonmang, bunisi ham yodda qolmagan. «Sovuq»ni o’qib sovqotgandek bo’ldim, deguvchilarning gapini shunchaki lutfga yo’yib yuraman, qaydam. Harqalay, bu hikoya saratonda tug’ilmagan bo’lsa kerak. Yozilgan nimarsaning sanasini qayd etib qo’yish odatim bor edi, qarab shuni aniqlashtirib olay desam, kechagi «uzlat» kunlaridagi «katta taftish» chog’i «Sovuq»ning qo’lyozmasiga ham shafqat qilinmagan ko’rinadi.
– Sovuqni ham mushukni yoqtirmagandek yomon ko’rasizmi?
– Mushukni jinim suymasligi rost. Buni hikoya ham qilib yozganman, bilasiz. Surishtirib ko’rsam, shu bobda kaminaga o’xshaganlar kam emas ekan. Masalan, Chexov janoblarining ham bu maxluqqa tob-toqati bo’lmagan. Biroq ajabki, olis Kolombodan mangust atalmish bir shilimshiq ta’viyani atayin yelkasiga mindirib keladi. Ta’b-da.
O’zimni juda unchalik bag’ritosh deyolmayman, ot minib, eshak minib katta bo’lganmiz-u, kulli jonivorlarga qolganda befarqroqman. To’rt oyoqlilariga, albatta. Lekin nabototga ixlosim zo’r, daraxtlarga jon-dil bilan talpinaman.
Sovuq deganlariga kelsak, kim uni yaxshi ko’ribdi? To’ngimoq, muzlamoq koni azob-ku! Sovuqqa chidamlilik endi boshqa masala. Bizga shunisidan bermagan, afsus. Bolalikdan ayozu rutubatga tobim yo’qroq. «Seni yo’rgakda buyuq (sovuq) urgan, bolam», deb kuladilar enamiz. O’sha diydiroqlik hanuz bor, keksalikka xos ayrim erkaliklar ham qo’shilgan…
Xulosam: tanga va ruhga azob berguvchi har qanday sovuqdan iloji boricha qochgan va saqlangan ma’qul!
– Qaysi eng sovuq o’lkaga borgansiz?
– Esimda, «Sovuq» hikoyasining Maskovdagi muhokamasida seminarimiz rahbari Viktor Astafьev «Sizlar tomonda sovuq necha darajagacha chiqadi o’zi?» deya taajjub aralash savol bergan, men dovdirab tavakkaliga «O’n daraja!» deb javob qilganman, buni eshitib hamma kulib yuborgan. Chamasi, ularning nazarida bu ayoz hisoblanmas ekan.
Chinakam rus qahratonini ham ko’rganmiz. Qish pallasi shimoldagi Novgorod o’lkasiga safar qildik, samolyotdan tushganimizda havo 37 daraja sovuq ekan. Lekin negadir unchalik sezilmagan. Avvalo – nam iqlim, engil-boshimiz qalin, qolaversa, ichi qizib turgan navqironlik chog’larimiz edi-da.
– Fasllardan bahorni yaxshi ko’rsangiz kerak yoki…
– Bahorni, ko’klamni suymaydigan ham odam bormikan deng? Ammo bolalikda bahor menga yoqmasdi. Boysunni bilasiz, tog’li joy, har damda shir-shir yomg’ir, hammayoq loy-luy… O’zim tug’ilgan yoz oylari mazza edi menga.
Bugun endi har to’rt fasl g’animat, bari baravar zavq beradi. Hatto qahraton qish ham. Uy issiqqina bo’lsa, yop-yorug’ deraza oldida lopillab yog’ayotgan qor pag’alariga termilib o’tirish qandoq huzurbaxsh!..
Mana, birgina «Sovuq» hikoyasi bahona shuncha gap! Lekin sovuqning o’zidan so’z ochako’rmang, birodar, hozir allaqaylarda gazsiz, chiroqsiz dildirab o’tirganlar yodga tushib, ezilib ketadi odam…
Endi siz ham rostini ayting, huv bir zamonlar yozilgan hikoyani nega kelib-kelib aynan bugun so’roqlab qoldingiz? Issiqqina uydamisiz yoki sovqotyapsizmi?..

Anvar Namozov suhbatlashdi

05

(Tashriflar: umumiy 251, bugungi 1)

2 izoh

  1. Assalomu alaykum Anvar aka, yahshimisiz?
    Men Darakchida 2000 va 2001 yillar orasida Samarqandda keyin Toshkantda ham ishlaganman. Ismim Lobar, Ozbekistondan ketganimga 21 yil boldi. ohirgi martda Toshkentga borganimda Sharq nashriyoti binosi bombosh va remont qilinayotgan ekan. Darakchida birgalikda ishlagan Samarqanddagi filialida va Toshkentdagi filialda hamkasblarim bilan telegram, facebook yoki boshqa ijtimoiy vositalar orqali yozishib turmoqchiman. Men hozir Kanadada yashayman, oilam bor, bir qizim bor. Ozbekistonga nasib kelasi yoki 2 yildan keyin boramiz. Men bu erda hamshira bolib ishlayapman. Tarjimon bolib ham ishladim.
    Hatimga javob keladi degan umiddaman.

  2. Assalomu alaykum Anvar aka Namozov,
    yahshimisiz? Juda qiziqarli kitoblar nashr qilibsiz, hikoyalaringiz ham qiziqarliga ohshayapti. Hammasini nasib oqib chiqish niyatim bor. Mustaqillik bayrami bilan tabriklayman.
    Men biroz avvalroq sizga kommentariyda yozgandim. Birgalikda ishlaganlarning bazilarining hotiramda ismlaridan tashqari faqat yuzlari esimda qolgan. Internetda esa ismi va familiyasi kerak tanishlarni topish uchun. Sizni ham bazor topdim. :). Shunga iltimos bitta yordam bervoring, osha jarayonda Samarqandda va Toshkentda bitta kabinetda men bilan birga ishlaganlarning ism va familiyalarini topishga. Ismlari esimda qolganlar: Siz, Nigora opa, Yashin aka, Ozod aka, Dima, Dima va Sergey ili Sacha. Toshkentda bir kabinetda birga ishlagan qizlardan birortasining ismini hotirla olmadim lekin yuzlari hali ham esimda. Ulardan biri Maksim Gorkiyda yashar edi va 4-5 qizlar birga bolib unikiga borib turar edik. Juda ham yahshi insonlar hammalaringiz. Sinifdoshlar va kursdoshlarimni topdim, chunki ismlari albomlarda saqlangan, endi Darakchida birgalikda ishlagan hamkasblarimni ham topgim keleyapti. Mening vazifam pechat qilish edi. Tez pavchat qilishni ham osha erda organib oldim. Uzr o’zbekchada hato bilan yozayapman. Bu erda asosan ingliz va fransizchada gaplashamiz. Ozbek tilida oilam va dostlarim bilan ogzaki gaplashib turaman shunga yozmada kop hato qilaman.
    Sog va omon boling
    Lobar Qurbonova
    Hatimga javob kutib qolish umidida

Izoh qoldiring