Baxtiyor Nuriddinov. Minginchi himoya

Ashampoo_Snap_2017.08.19_18h44m45s_002_.png   Яйдоқ эли ўтган кузги босқинни ҳисобга олмаганда тўрт–беш кўклам тинч яшади. Ҳеч ким таҳдид қилмай қўйганди. Одамлар Яйдоқ атрофидаги етти мудофаа қирдан бирон марта ҳам тутун ўрлаганини кўришмади. Қўрғон чегаралари мустаҳкам қўриқланарди. Яқин кунлардан бери атроф қишлоқларга яна душманлар ҳужум қилиша бошлашгани хабари тарқалди…

Бахтиёр НУРИДДИНОВ
МИНГИНЧИ ҲИМОЯ
09

 e27f1fcb0a08db48249df3e07d423f34.jpg  Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.

09

Отасига қарорини билдириш осон кечмади. Минг ўйлаб бир сўзни айтиш шунчалик оғирлигини қаёқданам ўйлабди. Ундан кўра курашда куч синашгани дуруст эди.

Отаси унинг сўзларини эшитиб, анчагача индамай қолди. Йиллар залвори кекса Бўри полвонни ўз измига солган эди. Умри жангу жадалда ўтган қариянинг ҳайбатининг ўзиёқ ҳамон анча мунча душманни ҳуркита оларди. У туғма жангчи эди. Кексайибгина дала-даштларда йилқи боқиб умргузаронлик қиларди. Ўтган йили икки тоғни толқон қиладиган ўғли бир неча ўн душманни ер тишлатиб жангда мардларча вафот этганини эл яхши билади. Охирги вақтларда ўзи билан ўзи овора бўлиб кенжасининг ҳам кучга тўлганини, басавлат жангчилар қаторига қўшилиб улғайганини сезмабдиям. Ҳозир эса унинг қароридан ўйга толди. Ниҳоят:

— Бу ерлар бизга аждодларимиздан мерос. Уни ҳимоя қилиш ҳар бир эр кишининг иши. Маъқул ўйлабсан, — деб қўя қолди. Бироздан сўнг. — Фақат энангга айтмай қўяқол! – деб қўшиб қўйди секин.

Отасини-ку амаллаб розилиги билан бирга дуосини ҳам олди. Энди рафиқасини кўндириш, унинг йиғи-сиғисини эшитишни ўйлаб тоқати ошди. Ниҳоят кечки пайт уйга қайтиб унга ҳам ниятини айтди. У ҳам лом-мим демасдан анчагача тимирскиланиб, ўз юмушларини давом эттирди. Хотинининг ич-ичидан нималардир демоқчи бўлаётганини уқиб турибди. Фақат унга билдирмасликка ҳаракат қилиб, чўккалаб олиб, ўчоғдаги чўғни у ёқдан бу ёққа титкилаб, оловни янаям аланга олишга ундарди.

“Кетма”, деб айтолмаяпти, холос унга. Бирга яшаётганларига ҳеч қанча бўлмаганди ҳам. Катта ўғли эндигина беш ёшга чиққанди. Ҳозир у қатори жувонларнинг неча-нечаси бевага айланишяпти-ку!.. Ана, қайноғаларининг болалари ҳам етим бўлиб қолишди. Гапирмаса ичи ёниб кетади. Ўйлаб-ўйлаб охири ёрилди.

— Кетмасанг бўлмайдими? – сўради қип-қизил чўғни пуфлаб.

— Ватанни ҳимоя қилиш эр кишининг иши, — отасининг ўзига айтганини такрорлаб қўя қолди калласига бошқа гап келмай.

— Нима, ватанни ёв босдими!? – ҳайрон бўлиб сўз қотди гўлларча хотини.

— Ёв босиб келиши шартми?..
— Йўқ. Унда ёмон бўлади…

— Ана кўрдингми, шунинг-чун юртни ҳимоя қилишимиз керак! – деди эркалаб мулойимроқ оҳангда.

— Қачон қайтасан? – тақдирга тан бергандай сўради. Энди унга барибир эди. Эрини шаштидан қайтариб бўлмаслигига ишончи комил. У бир сўзли: айтдими қилади. Бўрон билан болалагидан катта бўлишган. Иккови деярли тенгқур. Ёшлари тахминан икки мучал. У илон йили кўклам чиқарда, ўзи эса саратоннинг бошланишида туғилган.

— Буни Тангрининг ўзи билади. Тинчлик бўлиб турса тез орада. Агар…
— У ёғини гапирма! Керакмас, — деди эшитишни истамай кўзи намланиб.

— Сенга ўзинг ёқтирган суғур мўйналарини олиб келгандим, — деб олдига бир нечта кулранг ва узун думли қизил суғур териларини улоқтирди. Ҳозир айни уларнинг урчиган пайти эди. Суғурлар куз олди емиш ғамлаш илинжида тунлари тўп-тўп бўлиб у ёқдан – бу ёққа изғишарди. Жайрон буларни кўрса бироз овунар, деб ўйлаганди. – Ўзим овладим. Осон бўлмади буларни тутиш…

— Қачон кетасан, — сўради мўйналарга парво ҳам қилмай. Чунки у бундай алдовларга кўнадиган ёш бола эмас эди. Уни ҳам яхши тушунади. Ўзини бироз чалғитиб, кўнглига таскин излаётгани шундоқ кўриниб турарди.

— Тонг саҳар, — деди кўзлаган тадбири иш бермаганидан ҳафсаласи пир бўлиб унинг.

— Қаердан?..

— Ҳамма норғуллар каппонга йиғилишадиган бўлишди.
— Кузатсам майлими?- секин сўради ҳиққиллаб.

— Яна йиғлайсан. Яхшиси қолақол. Шу ерда хайрлашамиз. Лочинни ҳам юборма. Доим энамнинг ёнида бўлсин. Ҳали ғўр. Унга ҳушёр бўл, — деди ўғлини биринчи бор отга тирмашган пайтидаги қиёфасини кўз олдига келтираркан.

— Энам биладими?..
— Ҳали айтганимча йўқ.
— Унда индама!

— Кейин сени қистовга олади. Қийланасан. Ундан кўра ҳаммасини ўзим тушунтириб кетаман.

— Отанг-чи?..
— Қароримни қўллади.

— Энангни хотиридан оғаларинг ёди ҳамон кетмаган чоғи. Яна сенгаям койиниб дардга чалинмаса гўргайди. Яхшиси унингни чиқармай жўнай қол!..

— Отамнинг фикри ҳам шундай.

— Мендан хавотир олмай қўяқол. Тонг ёришмай туриб қорангни ўчир. Энамни ўзим йўлга солволаман.

У ҳақ эди. Энаси акалари ўтган кузак жангда ҳалок бўлганидан бери эндигина ўзига келиб, уларнинг доғини аранг унутаётганди. Бу йил қиш сувуқ келиб, отаси ҳам бироз дардга чалинди. Чоли билан овора бўлиб, болаларини анча ёдидан чиқарди. Барибир бирданига икки зурриёдидан ҳам ажраш учун одамзотга катта куч, чидам керак. Энаси тоғдек метин аёл экан. Чидади. Кетма-кет йўқотишларга салкам етмиш баҳорни қаршилаган энаси дош беролмаса керак, деб ўйловди. Шунинг учун ўз аҳдини айтишга иккиланаётганди.

— Доим мени тушунганинг ёқади-да Жайрон…

— Ялтоқланма. Барибир уддасидан чиқолмайсан. Қолаверса мақтовингга зор эмасман. Яна ўзингни қолишга ундаб, ялиниб ёлворишимни ҳам кутма. Ўлиб кетсанг ҳам йиғламайман. Тирик қолишга ҳаракат қил шунинг-чун.

У индамади. Ювиниб бориб дастурхон ёнига тиззалади. Мойга ботирилган кийик гўштидан тановул қилиб, қорнини тўқлади. Уни уйқу элитарди. Куни билан қир-адирда яёв ов қилиб, чарчаган шекилли. Ўрнидан туриб борибоқ, узала тушиб ўринга ётди. Мизғиган чоқ пинжида бир нима ғимирлагандек бўлиб безовталанди. Ғира-шира аранг кўзларини очиб қараса – хотини. Бу унинг ризолиги эди. Мийиғида кулиб беихтиёр белидан ушлаб, ўзига тортди. Шу кўйи на дам олганини-ю, на тонг отганини-да билмади. Бир маҳал ташқаридаги ғала-ғовурдан уйғонди. Энасининг овози келарди. Яна эркак товуши эшитилгандек эди. Шошиб чиқса мингбоши саман қашқа устида ғоз ўтирибди. Кечагина не кўйда энасидан яширган сир синоати билан ошкор бўлиб бўлганди.

— Ҳали ётибсанми, — деди мингбоши овози борича.

У ерга қаради. Энасининг гапиришини кутди. Шу топда жанжалга тоқати йўқ эди. Ҳозир энаси йиғлаб, дийдиёсини бошласа керак, деб ўйлаганди. Аммо ундай қилмади. Секин аста ёнига келиб:

— Ўнта ўғлим бўлса юрт ҳимоясига ўналовини берардим. Оғаларинг отанг каби мард ва паҳлавон эди. Улар шу юрт учун жонини фидо қилишди. Берган оқ сутим ҳаққи қасам ичиб айтаман-ки, оғаларингдан мингдан минг розиман. Отанг иккимизнинг ишончимизни оқлашди. Эл-улус олдида юзимизни ерга қаратишмади. Оналар бардошини билмас экансан болам. Мен ҳаммасига чидайман. Сен акаларинг хунини ол. Улар каби жасур бўл! Душманга ҳеч қачон бош эгма. Доим мардонавор жанг қил! Душманни енг ва у газандаларни додини бер! Сенга айтар сўзим шу, – деди ва мағрур туриб икки кафтлари билан бошини ушлаб, пешонасидан ўпиб қўйди.

Унга бошқа гапнинг кераги йўқ эди. Хотини бўлса ўзининг доимий ҳамроҳи – жийронни етаклаб, унинг ёнига олиб келди. Жонивор гижинглаб худди учишга шай турарди. Яроқ-аслаҳаларни тақиб, сакраб эгарга минди. Жийрон ўрнидан қўзғалди. Энаси дуо қилди. Ортидан беш ёшлар чамасидаги мурғаккина ўғли югургилаб эргашди. Унга аҳамият ҳам бермаган экан. Тунов куни тунда “Ота! Ёвни иши нима? Унинг тили борми?” деб савол беравериб безиллатганди. “Ёвнинг иши ёвузлик. Унинг тили йўқ. Гапирганда ҳеч ким тушунмайди!” деганини билади, тонггача жавобсиз сўровларга кўмиб ташловди. Мана энди Жийроннинг олдига тушиб, чопиб борарди. Гоҳ-гоҳ орқасига ўгирилиб, унга худди ўша кундагидек гап қотарди.

— Ота, ватан дегани — нима ўзи?
— Ватанми? Ватан бу — сен.

— Мен! – ҳайрон бўлди ўғли атрофга аланг-жаланг қараб.
— Ҳа-а… Ватан бу — энам. Сенинг бобонг.
— Яна-чи?..

— Яна сенинг аянг! — Хотиним дейишга тили бормади. Тўғриси уялди. — Ватан бу – менинг Жийроним. Шу ер, мана бу яйловлар. Ҳув анов Бўр тоғ. Унинг устидаги булутлар. Атрофидаги боғу роғлар. Ям-яшил майсазорлар. Ўзимизнинг Қорадарё, рўпарамиздаги Олатоғ. Ҳамма-ҳаммаси!..

— Улар жойида турибди-ку! Нимага уларни ҳимоя қилиш керак!?
— Чунки уларга душман кўз олайтирган. Биздан тортиб олишмоқчи.

Бу гапларга ақли етмай қийналдими ўғли бироз ўйланиб туриб қолди. Сўнг муҳим гап ёдига тушгандек:

— Уларни ҳеч кимга берманг, ота. Ўзимизга керак барчаси. Катта бўлсам мен ҳам уларни ҳимоя қиламан, — деди қичқириб ва худди қаршисидаги душманга хезлангандек шартта тўхтади.

— Ниятингга ет, ўғлим! – овозини баралла қўйиб бақирди у. Ҳаммаёқ – оёқлари остидаги ер-да титраб кетганди гўё. Шундай деб у отининг биқинига ниқтаб, чоптириб кетди. Хотини ўғлининг олдига бориб, бағрига босди. Каппонга боришни истамади. Ўғлини ҳам маҳкам қучоқлаб олди. Лочин энасининг қўлларидан чиқишга ҳаракат қилиб, отаси томон бир-икки талпинди. Жайрон уни қўйиб юбормади.

Яйдоқ эли ўтган кузги босқинни ҳисобга олмаганда тўрт – беш кўклам тинч яшади. Ҳеч ким таҳдид қилмай қўйганди. Одамлар Яйдоқ атрофидаги етти мудофаа қирдан бирон марта ҳам тутун ўрлаганини кўришмади. Қўрғон чегаралари мустаҳкам қўриқланарди. Яқин кунлардан бери атроф қишлоқларга яна душманлар ҳужум қилиша бошлашгани хабари тарқалди. Пойтахт Эршидан хабарчи-чопар буюк Паркан ҳукмдоридан фармони олий олиб келибди. Оқсоқоллар кенгаши томонидан “Қўлига қурол тута оладиган жон борки, Ватанни ҳимоя қилсин!”, деб амр берилибди. Душман ҳув Олатоғ ортида эмиш. Уни Чин юрти дермиш. Улар икки довон орасидаги олтин водийнинг учқур ва самовий отлари боис ёвлашибди. Саноқсиз лашкар билан йўлга чиққанмиш. Ёв чегарага яқин келиб қолибди. Олатоғ довонидан ошса ўзларининг мана шу Яйдоқ кенгликларига бостириб кирармиш. Юрт чегаралари худди шу жойдан бошланади ахир. Асосий қўшин етиб келгунига қадар ҳимояга минг аскар керак экан. Оғалари изидан бориб кўнгиллилар қатори аскарликка кирди. Ҳозир қишлоқнинг бари норғул йигитлари Қорадарё яқинидаги кўҳна каппонга йиғилишганди. Лекин минг аскарга яна бир жангчи кам экан. Яйдоқ қўрғонининг ҳимояга яроқли бутун кишиси борки, шу ерда шай турарди. Мингбоши ҳар юз бўғинга разм солиб, чамалаб чиқди. Ҳаммаси тўғри. Бир одам етишмаяпти. Излаш керак. Бир ҳимоянинг йўқлиги ҳам жангда душманнинг қўли баланд келишини таъминлаш эҳтимоли бор. Била туриб бунга йўл қўйиб бўлмайди. Жарчилар қўрғон оралаб хабар тарқатиб чиқишди. Унгача жангчиларни юзбош-юзбош қилиб манзил томон қўзғатиша бошлашди. Улар қўшиннинг энг охирги – орқа ҳимоясида эди. Кутиш ва ҳаракатланиш қуёш тиккага келгунга қадар давом этди. Бир пайт узоқдан қиличини ялонғочлаб, от суриб келаётган чавандоз қораси кўринди. Ҳамма ўша ёққа қаради. Қилич қуёш шуъласида ярақлаб ўйнарди. Навкарлар орасида ғала-ғовур бошланди. Ҳамма хурсандчилигини яширолмай турли сўзлар айтишиб чавандозни олқишлашарди. Бу ҳақиқатан ҳам мингинчи аскар – ғалабага ишонч тимсоли эди. У келиб сафга қўшилган заҳоти орқа қўшин ҳам қўзғалди. Отларнинг туёқлари дупур-дупури дунёни ларзага солди гўё. Қўшин олдинга илдамлаган сари Бўроннинг кўнглига тушган ғулу тинчлик бермай, ўзини ортга тортишга ундарди. Қадамини секинлатиб, қўшиннинг орқа томонига яқинлаша борди. У шубҳаси хато чиқишини хоҳларди. Аммо мингинчи аскарга яқинлашиш асносида учар тулпорни таний бошлади. Фақат ўзининг самовий, қадрдон бўз оти қандай қилиб бу чавандоз қўлига тушиб қолгани таажжубини янада оширганди. Вақт ўтган сайин шубҳалари ҳақиқатни юзага чиқара бошлади. Барчаси худди ўзи ўйлаганидек эди. Рўпарасида аскар кийимларини кийган, чуқур кўзли ва калин соколли, яроқ-аслаҳаларни саранжом тақиб, узун чўққи қалпоғини пешонасигача бостириб олган кўйи Бўри полвон борарди.

— Ота-а! – деб бақириб юборди беихтиёр у.

Отаси зимдан унга қаради. Ўзининг қўшинга келиб қўшилганидан ўғлининг норози эканлиги юзларидан шундай кўриниб турарди.

— Нима, — деди эринибгина кекса чўпон ўғлига қараб бамайлихотир.

— Сиз қаёққа!? – таажжубланиб сўради яна ўғил.

— Кийик овигамас, ҳарҳолда! – жавоб қилди отаси кулиб. Сўнг бирданига жиддийлашди. – Бу ерлар бизнинг ота юртимиз. Уни ҳимоя қилиш на-да аскарнинг, балки ёшу қарининг бирдек иши. То танамизда жон, томирларимизда қон бор эканки, биз шу ватан биланмиз. Усиз ҳеч киммиз. Юртни ёвга берсак, бизни тарих кечирмайди… Яшасин Ватан!.. Яшасин жон Ватан!!

Бўри полвоннинг овози мағрур ва шундай баланд жарангладики, охирги айтган сўзларидан гўё тоғлар зириллаб кетгандек бўлди. Унинг сўзларини бирин-кетин бутун қўшин такрорлай бошлашди.

— Яшасин Ватан!
— Яшасин жон Ватан!!

— Яшасин жон… ва-а.а…тан!!!..

Жангчиларнинг овозлари тоғларда акс бериб яна ҳам жаранглаб, дунёни ларзага соларди. Бўрон секин пичирлаб уларга қўшилди: яшасин жон… ва-а..а…тан!

2017 йил июль-август

kfdQG5Opv9g.jpgYaydoq eli o‘tgan kuzgi bosqinni hisobga olmaganda to‘rt – besh ko‘klam tinch  yashashdi. Hech kim tahdid qilmay qo‘ygandi. Odamlar Yaydoq atrofidagi yetti  mudofaa qirdan biron marta ham tutun o‘rlaganini ko‘rishmadi. Qo‘rg‘on  chegaralari mustahkam qo‘riqlanardi. Yaqin kunlardan beri atrof qishloqlarga  yana dushmanlar hujum qilisha boshlashgani xabari tarqaldi…

Baxtiyor NURIDDINOV
MINGINCHI HIMOYA
09

 Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakultetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va ssenariylari asosida televizion badiiy filmlar suratga olingan.

09

Otasiga qarorini bildirish oson kechmadi. Ming o‘ylab bir so‘zni aytish shunchalik og‘irligini qayoqdanam o‘ylabdi. Undan ko‘ra kurashda kuch sinashgani durust edi.

1325967173_1-86.jpgOtasi uning so‘zlarini eshitib, anchagacha indamay qoldi. Yillar zalvori keksa Bo‘ri polvonni o‘z izmiga solgan edi. Umri jangu jadalda o‘tgan qariyaning haybatining o‘ziyoq hamon ancha muncha dushmanni hurkita olardi. U tug‘ma jangchi edi. Keksayibgina dala-dashtlarda yilqi boqib umrguzaronlik qilardi. O‘tgan yili ikki tog‘ni tolqon qiladigan o‘g‘li bir necha o‘n dushmanni yer tishlatib jangda mardlarcha vafot etganini el yaxshi biladi. Oxirgi vaqtlarda o‘zi bilan o‘zi ovora bo‘lib kenjasining ham kuchga to‘lganini, basavlat jangchilar qatoriga qo‘shilib ulg‘ayganini sezmabdiyam. Hozir esa uning qaroridan o‘yga toldi. Nihoyat:

— Bu yerlar bizga ajdodlarimizdan meros. Uni himoya qilish har bir er kishining ishi. Ma’qul o‘ylabsan, — deb qo‘ya qoldi. Birozdan so‘ng. — Faqat enangga aytmay qo‘yaqol! – deb qo‘shib qo‘ydi sekin.

Otasini-ku amallab roziligi bilan birga duosini ham oldi. Endi rafiqasini ko‘ndirish, uning yig‘i-sig‘isini eshitishni o‘ylab toqati oshdi. Nihoyat kechki payt uyga qaytib unga ham niyatini aytdi. U ham lom-mim demasdan anchagacha timirskilanib, o‘z yumushlarini davom ettirdi. Xotinining ich-ichidan nimalardir demoqchi bo‘layotganini uqib turibdi. Faqat unga bildirmaslikka harakat qilib, cho‘kkalab olib, o‘chog‘dagi cho‘g‘ni u yoqdan bu yoqqa titkilab, olovni yanayam alanga olishga undardi.

“Ketma”, deb aytolmayapti, xolos unga. Birga yashayotganlariga hech qancha bo‘lmagandi ham. Katta o‘g‘li endigina besh yoshga chiqqandi. Hozir u qatori juvonlarning necha-nechasi bevaga aylanishyapti-ku!.. Ana, qaynog‘alarining bolalari ham yetim bo‘lib qolishdi. Gapirmasa ichi yonib ketadi. O‘ylab-o‘ylab oxiri yorildi.

— Ketmasang bo‘lmaydimi? – so‘radi qip-qizil cho‘g‘ni puflab.

— Vatanni himoya qilish er kishining ishi, — otasining o‘ziga aytganini takrorlab qo‘ya qoldi kallasiga boshqa gap kelmay.

— Nima, vatanni yov bosdimi!? – hayron bo‘lib so‘z qotdi go‘llarcha xotini.

— Yov bosib kelishi shartmi?..
— Yo‘q. Unda yomon bo‘ladi…

— Ana ko‘rdingmi, shuning-chun yurtni himoya qilishimiz kerak! – dedi erkalab muloyimroq ohangda.

— Qachon qaytasan? – taqdirga tan berganday so‘radi. Endi unga baribir edi. Erini shashtidan qaytarib bo‘lmasligiga ishonchi komil. U bir so‘zli: aytdimi qiladi. Bo‘ron bilan bolalagidan katta bo‘lishgan. Ikkovi deyarli tengqur. Yoshlari taxminan ikki muchal. U ilon yili ko‘klam chiqarda, o‘zi esa saratonning boshlanishida tug‘ilgan.

— Buni Tangrining o‘zi biladi. Tinchlik bo‘lib tursa tez orada. Agar…
— U yog‘ini gapirma! Kerakmas, — dedi eshitishni istamay ko‘zi namlanib.

— Senga o‘zing yoqtirgan sug‘ur mo‘ynalarini olib kelgandim, — deb oldiga bir nechta kulrang va uzun dumli qizil sug‘ur terilarini uloqtirdi. Hozir ayni ularning urchigan payti edi. Sug‘urlar kuz oldi yemish g‘amlash ilinjida tunlari to‘p-to‘p bo‘lib u yoqdan – bu yoqqa izg‘ishardi. Jayron bularni ko‘rsa biroz ovunar, deb o‘ylagandi. – O‘zim ovladim. Oson bo‘lmadi bularni tutish…

— Qachon ketasan, — so‘radi mo‘ynalarga parvo ham qilmay. Chunki u bunday aldovlarga ko‘nadigan yosh bola emas edi. Uni ham yaxshi tushunadi. O‘zini biroz chalg‘itib, ko‘ngliga taskin izlayotgani shundoq ko‘rinib turardi.

— Tong sahar, — dedi ko‘zlagan tadbiri ish bermaganidan hafsalasi pir bo‘lib uning.

— Qayerdan?..

— Hamma norg‘ullar kapponga yig‘ilishadigan bo‘lishdi.
— Kuzatsam maylimi?- sekin so‘radi hiqqillab.

— Yana yig‘laysan. Yaxshisi qolaqol. Shu yerda xayrlashamiz. Lochinni ham yuborma. Doim enamning yonida bo‘lsin. Hali g‘o‘r. Unga hushyor bo‘l, — dedi o‘g‘lini birinchi bor otga tirmashgan paytidagi qiyofasini ko‘z oldiga keltirarkan.

— Enam biladimi?..
— Hali aytganimcha yo‘q.
— Unda indama!

— Keyin seni qistovga oladi. Qiylanasan. Undan ko‘ra hammasini o‘zim tushuntirib ketaman.

— Otang-chi?..
— Qarorimni qo‘lladi.

— Enangni xotiridan og‘alaring yodi hamon ketmagan chog‘i. Yana sengayam koyinib dardga chalinmasa go‘rgaydi. Yaxshisi uningni chiqarmay jo‘nay qol!..

— Otamning fikri ham shunday.

— Mendan xavotir olmay qo‘yaqol. Tong yorishmay turib qorangni o‘chir. Enamni o‘zim yo‘lga solvolaman.

U haq edi. Enasi akalari o‘tgan kuzak jangda halok bo‘lganidan beri endigina o‘ziga kelib, ularning dog‘ini arang unutayotgandi. Bu yil qish suvuq kelib, otasi ham biroz dardga chalindi. Choli bilan ovora bo‘lib, bolalarini ancha yodidan chiqardi. Baribir birdaniga ikki zurriyodidan ham ajrash uchun odamzotga katta kuch, chidam kerak. Enasi tog‘dek metin ayol ekan. Chidadi. Ketma-ket yo‘qotishlarga salkam yetmish bahorni qarshilagan enasi dosh berolmasa kerak, deb o‘ylovdi. Shuning uchun o‘z ahdini aytishga ikkilanayotgandi.

— Doim meni tushunganing yoqadi-da Jayron…

— Yaltoqlanma. Baribir uddasidan chiqolmaysan. Qolaversa maqtovingga zor emasman. Yana o‘zingni qolishga undab, yalinib yolvorishimni ham kutma. O‘lib ketsang ham yig‘lamayman. Tirik qolishga harakat qil shuning-chun.

U indamadi. Yuvinib borib dasturxon yoniga tizzaladi. Moyga botirilgan kiyik go‘shtidan tanovul qilib, qornini to‘qladi. Uni uyqu elitardi. Kuni bilan qir-adirda yayov ov qilib, charchagan shekilli. O‘rnidan turib boriboq, uzala tushib o‘ringa yotdi. Mizg‘igan choq pinjida bir nima g‘imirlagandek bo‘lib bezovtalandi. G‘ira-shira arang ko‘zlarini ochib qarasa – xotini. Bu uning rizoligi edi. Miyig‘ida kulib beixtiyor belidan ushlab, o‘ziga tortdi. Shu ko‘yi na dam olganini-yu, na tong otganini-da bilmadi. Bir mahal tashqaridagi g‘ala-g‘ovurdan uyg‘ondi. Enasining ovozi kelardi. Yana erkak tovushi eshitilgandek edi. Shoshib chiqsa mingboshi saman qashqa ustida g‘oz o‘tiribdi. Kechagina ne ko‘yda enasidan yashirgan sir sinoati bilan oshkor bo‘lib bo‘lgandi.

— Hali yotibsanmi, — dedi mingboshi ovozi boricha.

U yerga qaradi. Enasining gapirishini kutdi. Shu topda janjalga toqati yo‘q edi. Hozir enasi yig‘lab, diydiyosini boshlasa kerak, deb o‘ylagandi. Ammo unday qilmadi. Sekin asta yoniga kelib:

— O‘nta o‘g‘lim bo‘lsa yurt himoyasiga o‘nalovini berardim. Og‘alaring otang kabi mard va pahlavon edi. Ular shu yurt uchun jonini fido qilishdi. Bergan oq sutim haqqi qasam ichib aytaman-ki, og‘alaringdan mingdan ming roziman. Otang ikkimizning ishonchimizni oqlashdi. El-ulus oldida yuzimizni yerga qaratishmadi. Onalar bardoshini bilmas ekansan bolam. Men hammasiga chidayman. Sen akalaring xunini ol. Ular kabi jasur bo‘l! Dushmanga hech qachon bosh egma. Doim mardonavor jang qil! Dushmanni yeng va u gazandalarni dodini ber! Senga aytar so‘zim shu, – dedi va mag‘rur turib ikki kaftlari bilan boshini ushlab, peshonasidan o‘pib qo‘ydi.

Unga boshqa gapning keragi yo‘q edi. Xotini bo‘lsa o‘zining doimiy hamrohi – jiyronni yetaklab, uning yoniga olib keldi. Jonivor gijinglab xuddi uchishga shay turardi. Yaroq-aslahalarni taqib, sakrab egarga mindi. Jiyron o‘rnidan qo‘zg‘aldi. Enasi duo qildi. Ortidan besh yoshlar chamasidagi murg‘akkina o‘g‘li yugurgilab ergashdi. Unga ahamiyat ham bermagan ekan. Tunov kuni tunda “Ota! Yovni ishi nima? Uning tili bormi?” deb savol beraverib bezillatgandi. “Yovning ishi yovuzlik. Uning tili yo‘q. Gapirganda hech kim tushunmaydi!” deganini biladi, tonggacha javobsiz so‘rovlarga ko‘mib tashlovdi. Mana endi Jiyronning oldiga tushib, chopib borardi. Goh-goh orqasiga o‘girilib, unga xuddi o‘sha kundagidek gap qotardi.

— Ota, vatan degani — nima o‘zi?
— Vatanmi? Vatan bu — sen.

— Men! – hayron bo‘ldi o‘g‘li atrofga alang-jalang qarab.
— Ha-a… Vatan bu — enam. Sening bobong.
— Yana-chi?..

— Yana sening ayang! — Xotinim deyishga tili bormadi. To‘g‘risi uyaldi. — Vatan bu – mening Jiyronim. Shu yer, mana bu yaylovlar. Huv anov Bo‘r tog‘. Uning ustidagi bulutlar. Atrofidagi bog‘u rog‘lar. Yam-yashil maysazorlar. O‘zimizning Qoradaryo, ro‘paramizdagi Olatog‘. Hamma-hammasi!..

— Ular joyida turibdi-ku! Nimaga ularni himoya qilish kerak!?
— Chunki ularga dushman ko‘z olaytirgan. Bizdan tortib olishmoqchi.

Bu gaplarga aqli yetmay qiynaldimi o‘g‘li biroz o‘ylanib turib qoldi. So‘ng muhim gap yodiga tushgandek:

— Ularni hech kimga bermang, ota. O‘zimizga kerak barchasi. Katta bo‘lsam men ham ularni himoya qilaman, — dedi qichqirib va xuddi qarshisidagi dushmanga xezlangandek shartta to‘xtadi.

— Niyatingga yet, o‘g‘lim! – ovozini baralla qo‘yib baqirdi u. Hammayoq – oyoqlari ostidagi yer-da titrab ketgandi go‘yo. Shunday deb u otining biqiniga niqtab, choptirib ketdi. Xotini o‘g‘lining oldiga borib, bag‘riga bosdi. Kapponga borishni istamadi. O‘g‘lini ham mahkam quchoqlab oldi. Lochin enasining qo‘llaridan chiqishga harakat qilib, otasi tomon bir-ikki talpindi. Jayron uni qo‘yib yubormadi.

Yaydoq eli o‘tgan kuzgi bosqinni hisobga olmaganda to‘rt – besh ko‘klam tinch yashashdi. Hech kim tahdid qilmay qo‘ygandi. Odamlar Yaydoq atrofidagi yetti mudofaa qirdan biron marta ham tutun o‘rlaganini ko‘rishmadi. Qo‘rg‘on chegaralari mustahkam qo‘riqlanardi. Yaqin kunlardan beri atrof qishloqlarga yana dushmanlar hujum qilisha boshlashgani xabari tarqaldi. Poytaxt Ershidan xabarchi-chopar buyuk Parkan hukmdoridan farmoni oliy olib kelibdi. Oqsoqollar kengashi tomonidan “Qo‘liga qurol tuta oladigan jon borki, Vatanni himoya qilsin!”, deb amr berilibdi. Dushman huv Olatog‘ ortida emish. Uni Chin yurti dermish. Ular ikki dovon orasidagi oltin vodiyning uchqur va samoviy otlari bois yovlashibdi. Sanoqsiz lashkar bilan yo‘lga chiqqanmish. Yov chegaraga yaqin kelib qolibdi. Olatog‘ dovonidan oshsa o‘zlarining mana shu Yaydoq kengliklariga bostirib kirarmish. Yurt chegaralari xuddi shu joydan boshlanadi axir. Asosiy qo‘shin yetib kelguniga qadar himoyaga ming askar kerak ekan. Og‘alari izidan borib ko‘ngillilar qatori askarlikka kirdi. Hozir qishloqning bari norg‘ul yigitlari Qoradaryo yaqinidagi ko‘hna kapponga yig‘ilishgandi. Lekin ming askarga yana bir jangchi kam ekan. Yaydoq qo‘rg‘onining himoyaga yaroqli butun kishisi borki, shu yerda shay turardi. Mingboshi har yuz bo‘g‘inga razm solib, chamalab chiqdi. Hammasi to‘g‘ri. Bir odam yetishmayapti. Izlash kerak. Bir himoyaning yo‘qligi ham jangda dushmanning qo‘li baland kelishini ta’minlash ehtimoli bor. Bila turib bunga yo‘l qo‘yib bo‘lmaydi. Jarchilar qo‘rg‘on oralab xabar tarqatib chiqishdi. Ungacha jangchilarni yuzbosh-yuzbosh qilib manzil tomon qo‘zg‘atisha boshlashdi. Ular qo‘shinning eng oxirgi – orqa himoyasida edi. Kutish va harakatlanish quyosh tikkaga kelgunga qadar davom etdi. Bir payt uzoqdan qilichini yalong‘ochlab, ot surib kelayotgan chavandoz qorasi ko‘rindi. Hamma o‘sha yoqqa qaradi. Qilich quyosh shu’lasida yaraqlab o‘ynardi. Navkarlar orasida g‘ala-g‘ovur boshlandi. Hamma xursandchiligini yashirolmay turli so‘zlar aytishib chavandozni olqishlashardi. Bu haqiqatan ham minginchi askar – g‘alabaga ishonch timsoli edi. U kelib safga qo‘shilgan zahoti orqa qo‘shin ham qo‘zg‘aldi. Otlarning tuyoqlari dupur-dupuri dunyoni larzaga soldi go‘yo. Qo‘shin oldinga ildamlagan sari Bo‘ronning ko‘ngliga tushgan g‘ulu tinchlik bermay, o‘zini ortga tortishga undardi. Qadamini sekinlatib, qo‘shinning orqa tomoniga yaqinlasha bordi. U shubhasi xato chiqishini xohlardi. Ammo minginchi askarga yaqinlashish asnosida uchar tulporni taniy boshladi. Faqat o‘zining samoviy, qadrdon bo‘z oti qanday qilib bu chavandoz qo‘liga tushib qolgani taajjubini yanada oshirgandi. Vaqt o‘tgan sayin shubhalari haqiqatni yuzaga chiqara boshladi. Barchasi xuddi o‘zi o‘ylaganidek edi. Ro‘parasida askar kiyimlarini kiygan, chuqur ko‘zli va kalin sokolli, yaroq-aslahalarni saranjom taqib, uzun cho‘qqi qalpog‘ini peshonasigacha bostirib olgan ko‘yi Bo‘ri polvon borardi.

— Ota-a! – deb baqirib yubordi beixtiyor u.

Otasi zimdan unga qaradi. O‘zining qo‘shinga kelib qo‘shilganidan o‘g‘lining norozi ekanligi yuzlaridan shunday ko‘rinib turardi.

— Nima, — dedi erinibgina keksa cho‘pon o‘g‘liga qarab bamaylixotir.

— Siz qayoqqa!? – taajjublanib so‘radi yana o‘g‘il.

— Kiyik ovigamas, harholda! – javob qildi otasi kulib. So‘ng birdaniga jiddiylashdi. – Bu yerlar bizning ota yurtimiz. Uni himoya qilish na-da askarning, balki yoshu qarining birdek ishi. To tanamizda jon, tomirlarimizda qon bor ekanki, biz shu vatan bilanmiz. Usiz hech kimmiz. Yurtni yovga bersak, bizni tarix kechirmaydi… Yashasin Vatan!.. Yashasin jon Vatan!!

Bo‘ri polvonning ovozi mag‘rur va shunday baland jarangladiki, oxirgi aytgan so‘zlaridan go‘yo tog‘lar zirillab ketgandek bo‘ldi. Uning so‘zlarini birin-ketin butun qo‘shin takrorlay boshlashdi.

— Yashasin Vatan!
— Yashasin jon Vatan!!

— Yashasin jon… va-a.a…tan!!!..

Jangchilarning ovozlari tog‘larda aks berib yana ham jaranglab, dunyoni larzaga solardi. Bo‘ron sekin pichirlab ularga qo‘shildi: yashasin jon… va-a..a…tan!

2017 yil iyul-avgust

001

(Tashriflar: umumiy 246, bugungi 1)

Izoh qoldiring