Ҳар йили кеч куз қишлоқдаги эски ҳовлиларида барча оила аъзолари йиғилашади. Одатдагидек бу гал ҳам элдан бурун ўзи етиб келди. Кириб борганда уйда ҳеч ким йўқ эди. Бироз иккиланиб туриб қолди. Биринчи марта болалиги ўтган, ҳаётга бўлган илк муҳаббати уйғонган қадрдон жойда ўзини бегонасирагандек туйди. Атрофга аланг-жаланг назар ташлаб чиқди. Ҳаммаси ўша-ўша: саранжом-саришта. Фақат деворлар сал-пал нурай бошлабди, холос.
Бахтиёр Нуриддинов
ЭСКИ УДУМ
Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.
Ҳар йили кеч куз қишлоқдаги эски ҳовлиларида барча оила аъзолари йиғилашади. Одатдагидек бу гал ҳам элдан бурун ўзи етиб келди. Кириб борганда уйда ҳеч ким йўқ эди. Бироз иккиланиб туриб қолди. Биринчи марта болалиги ўтган, ҳаётга бўлган илк муҳаббати уйғонган қадрдон жойда ўзини бегонасирагандек туйди. Атрофга аланг-жаланг назар ташлаб чиқди. Ҳаммаси ўша-ўша: саранжом-саришта. Фақат деворлар сал-пал нурай бошлабди, холос. Ё кўзига шундай ётсираб кўриняптими, ҳархолда унчалик тушунмади.
— Келдингми? – деди онаси ҳовли этагидаги дарахтдан терилган сап-сариқ беҳиларга лиқ тўла саватни сўрига қўяр экан.
Хаёл билан бўлиб онасини пайқамай ҳам қолибди. У югургилаб бориб, қўлидагиларни олди.
— Оғир бўп кетибди-ку, — деди биихтиёр инқиллаб зил-замбил идишлардаги меваларни ёзилган дастурхонга тўкаркан.
— Кўникиб қолганман, — деди онаси вазмин ўғлини қуча туриб, нафасини ростларкан. У ўзини ноқулай сезди. Айбини яширмоқчи бўлгандек, маҳкам қучоқлаб олди. Онаси “Ҳечқиси йўқ!” дегандек елкасига қоқиб қўйди.
— Бардаммисиз, — деди секин пичирлаб.
Онаси индамади. Бироздан сўнг:
— Невараларим яхшими?.. Келинни олиб келмадингми? – сўради ўсмоқчилаб.
— Келишмоқчийди, йўлимиз қовушмади, — деди истар-истамас.
— Балки ҳамёнинг кўтармагандир?.. – дангалини гапириб қўя қолди она.
— Шунақароқ, — деди тан олиб у ҳам тушунарсиз оҳангда минғирлаб.
— Бекор қипсан. Уларниям соғинганман ахир. Ўзим боролмасам, -зорланди онаси. – Ҳартугул амалласанг бўларди-ку. Улар учун олмурутдан қоқи солиб қўйгандим.
Болалари туршакнинг ана шунақасини ёқтиришарди. Айниқса бувиларининг сутга солиб қайнатиб бергани жони дили эди. Унинг таъмини шаҳарга қайтганларида ҳам кўп эслаб юришарди.
— Ўқишлари қолиб кетмасин тағин. Таътилда олиб келарман, — деди базўр.
Онаси яна жимиб қолди. Индамай беҳиларни саралаб, иккига ажратарди. У бир пас қари онасининг юмушини кузатиб турди. Кейин кийимларини алмаштириб чиқиб, ёрдамлаша бошлади.
— Қўявер, ўзим уддалайман, — деди кампир истамайгина. Аммо у ўзини ишчан кўрсатиб, янаям чаққон ҳаракат қила кетди. Бу иши онасига ёқмади шекилли:
— Авайламасанг заҳо қиласан, — деди жеркиб. У гап оҳангидан ҳаммасини тушунди. Бояги гинахонлик ҳалиям тарқамаган эди. Энди кўнглини овлаш йўлини излай бошлади.
— Яна териб ўтайми?.. — сўради бўшаган саватларни қўлига оларкан.
— Шуниси ҳам етар, — деди онаси эринибгина. – Улар ўқиб нимани қойиллатишарди. Бариси урф-одатларни унутишяпти. Катталардан йироқлашишгани қоляпти.
Очиғи нима деярини билмай боши қотди. Онаси тўғри айтарди. Ўйлаб кўрса ўзи ҳам ўқимишли бўлиб худди шундай қилган. Мингни уқиб тузукроқ ҳол сўрашни билмаса одам, ундан не наф. Бу иддиоларнинг бариси ўзига қаратилган асли.
— Ҳаёт шунақа экан-да. Вақт бир жойда кутиб турмаса. Замон кундан кун ўзгариб бораяётган бўлса…
— …Ақлимни танибманки ҳаммаси ўша-ўша. Дунё ҳам жойида. Аввал қандай бўлса ҳозир ҳам шундай, – гапини чўрт кесди онаси. — Яна сенга айтсам, одамзотнинг ўзи ўзгарган!
У тортишишни хоҳламади. Буларнинг бари бор гап, ўзича ичида ўйлади. Лекин кечаги кун билан бугун бир-бирига ўхшамайди-да барибир… Хаёлидаги фикрлар тўқнашувида, яна бўш келгиси келмасди унинг.
— Сен тоғораларни ол! Анор узамиз, — деди онаси хаёлини бузиб. У беиихтиёр бўйсунди. Идишларни кўтариб, онасига эргашди.
Анорзорда ҳосил мўл эди.
— Бу йил ҳаво яхши келди. Ҳамма мевалар бошини еб солди. Ҳар йилгидан тузук-да ҳарҳолда. Бултур бари дарахтларни совуқ урганди. Авж олмасмикин, деб қўрққандим. Худога шукур! Ўзини раҳми келди. Бўлмасам биз ҳам ўтириб қолардик.
Онаси катта-катта пишиб етилган анорларни битта-битта узиб унга узатарди. У бўлса авайлаб идишларга жойларди. Ёрилганларини алоҳида-алоҳида қилар, сараларини бошқа ёққа терарди.
— Гулини пастга қаратма. Эзилса узоқ турмайди, — танбеҳ берди онаси. – Нима бало, ҳаммасини унутибсан-да!?
— Анча қўлим чиққанми дейман, — ўзини оқламоқчи бўлди у.
— Ҳа-аа… Отангни сендан умиди катта эди. Буни катта шаҳарда ўқитамиз, дерди раҳматли. Айтганини қиладиган одам эди-да. Шунинг учунам ҳамма ҳурмат қиларди.
Болалигида боғларида отасига кўп ёрдамлашган. Баҳорда дарахтларнинг тагларини юмшатиб, ўғитлашишар, кузда эса ҳосилни йиғиштиришарди. Отасининг қизиқ одати бор эди. Ҳар доим пишган меваларнинг олдини қўшниларга улашарди. Нима сабаб бундай қилганига ҳалигадовур ақли етмайди. Отасидан сўраганда:
— Келаси йил учун, — дерди жилмайиб. Тўғриси бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган экан.
— Қолганлар ҳаяллашдими?.. – гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди у ака-укаларига ишора қилиб. Йўқса онасини билади. Кўзёш қилиши аниқ. Ўпкаси тўлиб турипти. Бунинг устига бошидан йиғлаб олса, минг йиллик йиғин ҳам таътимайди.
— Ҳа демай келиб қолишади. Уйни тўзитишади ҳали, — фикрини бўлди онаси.
— Ҳаммалари катта бўлиб қолишгандир? – жиянларини сўради у.
— Нимасини айтасан. Ўҳ-ҳў… Ақл ўргатишади сенга. Келишса кўрасан.
Онаси невараларининг қайси бир қилиқлари эсига тушдими, мийиғида кулиб қўйди. Икки сават ҳам қип-қизил анорларга лиқ тўлди. Энди меваларни тоғораларга банди билан узиб, жойлаша бошлашди. Бу сафар, бир қатор қилиб териб чиқишди.
— Бўлди етарли, — деди онаси бироз ўтиб. – Қолганини кейинроқ йиғиб оламиз.
— Мен териб қўяқолай, — деди у онасининг чарчаганини билиб.
— Бутун бошли боғни сенга ишониб бўларканми?..
— Эпларман.
— Узоқ йўлдан келгансан. Юр энди, — деди онаси қатъий.
Улар идишларни олиб боғдан чиқишди. Ҳаммасини кўтармоқчи бўлганди онаси кўнмади. Қўярда-қўймай бир сават билан тоғорани ўзи олди.
— Унақада анорлар эзилади, — деди дакки бериб.
Шу пайт дарвозахонадан дупур-дупур оёқ товушлари эшитилди. Ким, дейишга улгурмасидан ака-укалари етиб келиб, зумда қўлларидаги идишларни олишди. Онаси айтгандай бир пасда қий-чув, тўс-тўполон бошланди. Кичкина жиянлари хархаша қилишар, катталари бўлса юпатишарди.
— Кўрдингми буларни қанақалигини, — деди онаси уларга қарата қош учириб.
— Бувиларига ўхшаган-да, — деди у ҳам мийиғида кулиб.
— Кошки шундоқ бўлса. Оталарининг ўзгинаси. Мана бунисини ширинлигини қара. Мени кўргани келибди-да жужуғим, — дея энг кичкина набирасини кўтариб бағрига босди онаси. Чўнтакларидаги ширинликлардан бериб, бироз эркалади.
— Э-ээ, бормисиз, ака! — сўрашди укаси шошиб келиб.
— Раҳмат.
— Бизсиз бутун ҳосилни йиғиштирибсанда ука, — деди акаси ҳам кўриша туриб.
— Яхшимисиз ака.
— Худога шукур. Ўзинг тузукмисан? Оиланг тинчми?.. Қани улар!? Нега олиб келмадинг? Бир ёзилиб кетишарди-да.
— Ҳадеб авайлайвермай қишлоқ офтобидан ҳам едиринг уларга, ака! – деди укаси ҳам қўшилиб.
У тузукроқ баҳона тополмай кулиб қўя қолди. Бирин-кетин жиянлари келиб кўриша кетишди. Катталари бўйи баробар чўзилишибди. Ҳаммасини кўриб ҳурсанд бўлди. Янгаси билан келини ҳам ҳоллаша туриб, оиласини сўрашди. Ростданам олиб келса бўларкан. Бир пасда айвонга дастурхон ёзилди. Синглиси келибоқ ош-овқатга уннади. Онаси келинлари билан нон зуваласини олишга тушди. Бу ғимир-ғимирларни кўриб калласи айланиб қолди. Ҳамма нарса тахт эди. Онаси ҳатто хамиргача қориб, тайёрлаб қўйган экан. У нима қиларини билмай, тандирга ўт қалади. Косов билан оловни кавлаб, сал қолди қошини куйдиришига. Ҳижолатдан ариқдаги сувга йиқилай ҳам деди. Тоза кулги бўларди-да ўзиям. Жиянлари амакиларининг ҳаракатларини бир-бирига кўрсатишиб, қиқирлашишарди. Ер ёрилмади-ю, кириб кетмадиям… Амаллаб тандирни қизитиб олди. Онаси келиб ўзи нон ёпди. Тандирнинг жағига митти кулчалардан ёпиштирган экан, бироздан кейин узиб унга узатди.
— Ма, еб ол! Эсингдами, бола пайтларинг доим кулча пишишини пойлардинг, — деди. У қўли куя-куя синдириб оғзига солди. Ҳақиқатан ҳам жуда мазали. Хотиралар қанақадир вужудида ажиб ҳис уйғотди чоғи алланечук бўлиб кетди.
Шу йўсин қош қорайди. Кечки овқатга барча жамул-жам бўлди. Ҳаммаёқни эндигина тандирдан узилган иссиқ нон-у, иштаҳани қитиқловчи қовурма таомларнинг иси тутди. Меваларнинг ҳидини айтмайсизми? Нақ димоғни ёради-я! Ҳаммалари бирга ўтиришиб тановвул қилишди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб, кўнгил ёзишди. Онаси неваралари билан анча овунди. У ҳам яқинлари қаторида ўзини енгил сезди. Барча ташвишларини унутгандек бўлди. Дастурхонни йиғиштирар вақти отасини эслашди. Онаси ўтганлар ҳаққига дуо қилди. Шу билан бу йилги йиғинга ҳам якун ясалди. Ҳамма тарқади. Бир зумда уй яна ҳувиллаб қолди. Ётар маҳал онаси гапга тутди.
— Қачон қайтасан?
— Эртага.
— Бироз қолмайсанми?
— Ишларим кўп. Кейин неваралариз…
— …Отанг ҳосилни бошидан шаҳарга жўнат деб тайинлаганди, — деди секин гапини бўлиб. – Шунинг учун эрталаб инжиқлик қила кўрма!..
Ҳар гал шу — кетар маҳал онаси бир дунё нарсаларни қўлига тутқазарди.
— Хўп, — деди бош қимирлатиб.
Аммо онасининг ичидаги гап бошқа эди. Уни айтолмай қийналаётгани яққол сезилиб турарди.
— Бояги сўзларимдан хафа бўлмагин яна. Болаларни ўқитинглар. Келинга ҳам тайинла. Кўп куюнавермасин. Дунё ўзи шундай. Бешафқат.
Онаси нимага шама қилаётганини тушунолмай бироз гарангсиди. Узоқ вақтдан бери хотинининг тоби йўқ эди. Бироқ онаси буни билмасди-ку! Ҳайрон бўлиб қараган эди:
— Ёз охирлаб қолганда келин тушимга кирувди. Оппоқ кийимда фаришта мисол учиб юрган экан. У осмонга қараб талпинар, сен бўлса ерга тортардинг. Тузукла бетобга ўхшайди. Ҳали соғайиб, отдай бўлиб кетади. Кўп сиқилаверманглар.
У нима деярини билмай, жим қотиб қолганди. Вужуди қулоққа айланиб, фақат тингларди.
— Яна бир гап, – деди онаси чуқур хўрсиниб. — Доим бир нарса ичимни эзади. Дийдор қиёматга қоладими, деб зириллайман. Гапимни бўлишга шошилма. Ўзимни ўзим яхши биламан. Отангдан кейин анча чўкдим. Ишларим ҳам аввалгидек унмаяпти. Ҳаракатда мадор йўқ. Қаридим шекилли. Бариси орқага қараб кетяпти. Буни ўйлаш қанчалик оғир бўлмасин, бу – ҳақиқат! Ҳақиқат эса, доимо аччиқ…
Минг ҳаракат қилиб, гапиришга чоғланса ҳам буни уддалай олмади. Ҳатто онасини юпатувчи бирон сўз айтолмади.
Тун ичи онасининг гапларини ўйлаб мижжа қоқмади. Қуёш бош кўтармай акаси билан укаси етиб келди. Тонг саҳар катта йўлгача кузатиб қўйишди.
Кетар чоғ онасини маҳкам қучоқлаб, хайрлашди.
— Умрингиз узоқ бўлсин! — деди секин.
Онаси дуо қилди.
— Яқинларингни йўқлаб тур, — деди ортидан.
Йўлда атрофдаги дов-дарахтлару, қадрдон йўллар ҳам онасининг гапини такрорлаётгандек туюларди. Бир томондан яқинлари билан бўлган кечаги ўтириш завқи-ю, бошқа тарафдан онасининг тундаги оҳи-зори ичида тортишарди. Улардан қочай деб қочолмасди. Осмон олис, ер қаттиқ. Манзилгача эса ҳали анча бор эди.
— Албатта, — деди беиихтиёр пичирлаб ўзига ўзи кетиб бораркан.
Келаси йил кеч куз қишлоқдаги эски ҳовлиларида барча оила аъзолари яна йиғилашади.
2015 йил, 4 декабрь
Baxtiyor Nuriddinov
ESKI UDUM
Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va stsenariylari asosida televizion badiiy fil`mlar suratga olingan.
Har yili kech kuz qishloqdagi eski hovlilarida barcha oila a’zolari yig’ilashadi. Odatdagidek bu gal ham eldan burun o’zi yetib keldi. Kirib borganda uyda hech kim yo’q edi. Biroz ikkilanib turib qoldi. Birinchi marta bolaligi o’tgan, hayotga bo’lgan ilk muhabbati uyg’ongan qadrdon joyda o’zini begonasiragandek tuydi. Atrofga alang-jalang nazar tashlab chiqdi. Hammasi o’sha-o’sha: saranjom-sarishta. Faqat devorlar sal-pal nuray boshlabdi, xolos. YO ko’ziga shunday yotsirab ko’rinyaptimi, harxolda unchalik tushunmadi.
— Keldingmi? – dedi onasi hovli etagidagi daraxtdan terilgan sap-sariq behilarga liq to’la savatni so’riga qo’yar ekan.
Xayol bilan bo’lib onasini payqamay ham qolibdi. U yugurgilab borib, qo’lidagilarni oldi.
— Og’ir bo’p ketibdi-ku, — dedi biixtiyor inqillab zil-zambil idishlardagi mevalarni yozilgan dasturxonga to’karkan.
— Ko’nikib qolganman, — dedi onasi vazmin o’g’lini qucha turib, nafasini rostlarkan. U o’zini noqulay sezdi. Aybini yashirmoqchi bo’lgandek, mahkam quchoqlab oldi. Onasi “Hechqisi yo’q!” degandek yelkasiga qoqib qo’ydi.
— Bardammisiz, — dedi sekin pichirlab.
Onasi indamadi. Birozdan so’ng:
— Nevaralarim yaxshimi?.. Kelinni olib kelmadingmi? – so’radi o’smoqchilab.
— Kelishmoqchiydi, yo’limiz qovushmadi, — dedi istar-istamas.
— Balki hamyoning ko’tarmagandir?.. – dangalini gapirib qo’ya qoldi ona.
— Shunaqaroq, — dedi tan olib u ham tushunarsiz ohangda ming’irlab.
— Bekor qipsan. Ularniyam sog’inganman axir. O’zim borolmasam, -zorlandi onasi. – Hartugul amallasang bo’lardi-ku. Ular uchun olmurutdan qoqi solib qo’ygandim.
Bolalari turshakning ana shunaqasini yoqtirishardi. Ayniqsa buvilarining sutga solib qaynatib bergani joni dili edi. Uning ta’mini shaharga qaytganlarida ham ko’p eslab yurishardi.
— O’qishlari qolib ketmasin tag’in. Ta’tilda olib kelarman, — dedi bazo’r.
Onasi yana jimib qoldi. Indamay behilarni saralab, ikkiga ajratardi. U bir pas qari onasining yumushini kuzatib turdi. Keyin kiyimlarini almashtirib chiqib, yordamlasha boshladi.
— Qo’yaver, o’zim uddalayman, — dedi kampir istamaygina. Ammo u o’zini ishchan ko’rsatib, yanayam chaqqon harakat qila ketdi. Bu ishi onasiga yoqmadi shekilli:
— Avaylamasang zaho qilasan, — dedi jerkib. U gap ohangidan hammasini tushundi. Boyagi ginaxonlik haliyam tarqamagan edi. Endi ko’nglini ovlash yo’lini izlay boshladi.
— Yana terib o’taymi?.. — so’radi bo’shagan savatlarni qo’liga olarkan.
— Shunisi ham yetar, — dedi onasi erinibgina. – Ular o’qib nimani qoyillatishardi. Barisi urf-odatlarni unutishyapti. Kattalardan yiroqlashishgani qolyapti.
Ochig’i nima deyarini bilmay boshi qotdi. Onasi to’g’ri aytardi. O’ylab ko’rsa o’zi ham o’qimishli bo’lib xuddi shunday qilgan. Mingni uqib tuzukroq hol so’rashni bilmasa odam, undan ne naf. Bu iddiolarning barisi o’ziga qaratilgan asli.
— Hayot shunaqa ekan-da. Vaqt bir joyda kutib turmasa. Zamon kundan kun o’zgarib borayayotgan bo’lsa…
— …Aqlimni tanibmanki hammasi o’sha-o’sha. Dunyo ham joyida. Avval qanday bo’lsa hozir ham shunday, – gapini cho’rt kesdi onasi. — Yana senga aytsam, odamzotning o’zi o’zgargan!
U tortishishni xohlamadi. Bularning bari bor gap, o’zicha ichida o’yladi. Lekin kechagi kun bilan bugun bir-biriga o’xshamaydi-da baribir… Xayolidagi fikrlar to’qnashuvida, yana bo’sh kelgisi kelmasdi uning.
— Sen tog’oralarni ol! Anor uzamiz, — dedi onasi xayolini buzib. U beiixtiyor bo’ysundi. Idishlarni ko’tarib, onasiga ergashdi.
Anorzorda hosil mo’l edi.
— Bu yil havo yaxshi keldi. Hamma mevalar boshini yeb soldi. Har yilgidan tuzuk-da harholda. Bultur bari daraxtlarni sovuq urgandi. Avj olmasmikin, deb qo’rqqandim. Xudoga shukur! O’zini rahmi keldi. Bo’lmasam biz ham o’tirib qolardik.
Onasi katta-katta pishib yetilgan anorlarni bitta-bitta uzib unga uzatardi. U bo’lsa avaylab idishlarga joylardi. Yorilganlarini alohida-alohida qilar, saralarini boshqa yoqqa terardi.
— Gulini pastga qaratma. Ezilsa uzoq turmaydi, — tanbeh berdi onasi. – Nima balo, hammasini unutibsan-da!?
— Ancha qo’lim chiqqanmi deyman, — o’zini oqlamoqchi bo’ldi u.
— Ha-aa… Otangni sendan umidi katta edi. Buni katta shaharda o’qitamiz, derdi rahmatli. Aytganini qiladigan odam edi-da. Shuning uchunam hamma hurmat qilardi.
Bolaligida bog’larida otasiga ko’p yordamlashgan. Bahorda daraxtlarning taglarini yumshatib, o’g’itlashishar, kuzda esa hosilni yig’ishtirishardi. Otasining qiziq odati bor edi. Har doim pishgan mevalarning oldini qo’shnilarga ulashardi. Nima sabab bunday qilganiga haligadovur aqli yetmaydi. Otasidan so’raganda:
— Kelasi yil uchun, — derdi jilmayib. To’g’risi bu haqda hech o’ylab ko’rmagan ekan.
— Qolganlar hayallashdimi?.. – gapni boshqa yoqqa burmoqchi bo’ldi u aka-ukalariga ishora qilib. Yo’qsa onasini biladi. Ko’zyosh qilishi aniq. O’pkasi to’lib turipti. Buning ustiga boshidan yig’lab olsa, ming yillik yig’in ham ta’timaydi.
— Ha demay kelib qolishadi. Uyni to’zitishadi hali, — fikrini bo’ldi onasi.
— Hammalari katta bo’lib qolishgandir? – jiyanlarini so’radi u.
— Nimasini aytasan. O’h-ho’… Aql o’rgatishadi senga. Kelishsa ko’rasan.
Onasi nevaralarining qaysi bir qiliqlari esiga tushdimi, miyig’ida kulib qo’ydi. Ikki savat ham qip-qizil anorlarga liq to’ldi. Endi mevalarni tog’oralarga bandi bilan uzib, joylasha boshlashdi. Bu safar, bir qator qilib terib chiqishdi.
— Bo’ldi yetarli, — dedi onasi biroz o’tib. – Qolganini keyinroq yig’ib olamiz.
— Men terib qo’yaqolay, — dedi u onasining charchaganini bilib.
— Butun boshli bog’ni senga ishonib bo’larkanmi?..
— Eplarman.
— Uzoq yo’ldan kelgansan. Yur endi, — dedi onasi qat’iy.
Ular idishlarni olib bog’dan chiqishdi. Hammasini ko’tarmoqchi bo’lgandi onasi ko’nmadi. Qo’yarda-qo’ymay bir savat bilan tog’orani o’zi oldi.
— Unaqada anorlar eziladi, — dedi dakki berib.
Shu payt darvozaxonadan dupur-dupur oyoq tovushlari eshitildi. Kim, deyishga ulgurmasidan aka-ukalari yetib kelib, zumda qo’llaridagi idishlarni olishdi. Onasi aytganday bir pasda qiy-chuv, to’s-to’polon boshlandi. Kichkina jiyanlari xarxasha qilishar, kattalari bo’lsa yupatishardi.
— Ko’rdingmi bularni qanaqaligini, — dedi onasi ularga qarata qosh uchirib.
— Buvilariga o’xshagan-da, — dedi u ham miyig’ida kulib.
— Koshki shundoq bo’lsa. Otalarining o’zginasi. Mana bunisini shirinligini qara. Meni ko’rgani kelibdi-da jujug’im, — deya eng kichkina nabirasini ko’tarib bag’riga bosdi onasi. Cho’ntaklaridagi shirinliklardan berib, biroz erkaladi.
— E-ee, bormisiz, aka! — so’rashdi ukasi shoshib kelib.
— Rahmat.
— Bizsiz butun hosilni yig’ishtiribsanda uka, — dedi akasi ham ko’risha turib.
— Yaxshimisiz aka.
— Xudoga shukur. O’zing tuzukmisan? Oilang tinchmi?.. Qani ular!? Nega olib kelmading? Bir yozilib ketishardi-da.
— Hadeb avaylayvermay qishloq oftobidan ham yediring ularga, aka! – dedi ukasi ham qo’shilib.
U tuzukroq bahona topolmay kulib qo’ya qoldi. Birin-ketin jiyanlari kelib ko’risha ketishdi. Kattalari bo’yi barobar cho’zilishibdi. Hammasini ko’rib hursand bo’ldi. Yangasi bilan kelini ham hollasha turib, oilasini so’rashdi. Rostdanam olib kelsa bo’larkan. Bir pasda ayvonga dasturxon yozildi. Singlisi keliboq osh-ovqatga unnadi. Onasi kelinlari bilan non zuvalasini olishga tushdi. Bu g’imir-g’imirlarni ko’rib kallasi aylanib qoldi. Hamma narsa taxt edi. Onasi hatto xamirgacha qorib, tayyorlab qo’ygan ekan. U nima qilarini bilmay, tandirga o’t qaladi. Kosov bilan olovni kavlab, sal qoldi qoshini kuydirishiga. Hijolatdan ariqdagi suvga yiqilay ham dedi. Toza kulgi bo’lardi-da o’ziyam. Jiyanlari amakilarining harakatlarini bir-biriga ko’rsatishib, qiqirlashishardi. Yer yorilmadi-yu, kirib ketmadiyam… Amallab tandirni qizitib oldi. Onasi kelib o’zi non yopdi. Tandirning jag’iga mitti kulchalardan yopishtirgan ekan, birozdan keyin uzib unga uzatdi.
— Ma, yeb ol! Esingdami, bola paytlaring doim kulcha pishishini poylarding, — dedi. U qo’li kuya-kuya sindirib og’ziga soldi. Haqiqatan ham juda mazali. Xotiralar qanaqadir vujudida ajib his uyg’otdi chog’i allanechuk bo’lib ketdi.
Shu yo’sin qosh qoraydi. Kechki ovqatga barcha jamul-jam bo’ldi. Hammayoqni endigina tandirdan uzilgan issiq non-u, ishtahani qitiqlovchi qovurma taomlarning isi tutdi. Mevalarning hidini aytmaysizmi? Naq dimog’ni yoradi-ya! Hammalari birga o’tirishib tanovvul qilishdi. U yoq-bu yoqdan gaplashib, ko’ngil yozishdi. Onasi nevaralari bilan ancha ovundi. U ham yaqinlari qatorida o’zini yengil sezdi. Barcha tashvishlarini unutgandek bo’ldi. Dasturxonni yig’ishtirar vaqti otasini eslashdi. Onasi o’tganlar haqqiga duo qildi. Shu bilan bu yilgi yig’inga ham yakun yasaldi. Hamma tarqadi. Bir zumda uy yana huvillab qoldi. Yotar mahal onasi gapga tutdi.
— Qachon qaytasan?
— Ertaga.
— Biroz qolmaysanmi?
— Ishlarim ko’p. Keyin nevaralariz…
— …Otang hosilni boshidan shaharga jo’nat deb tayinlagandi, — dedi sekin gapini bo’lib. – Shuning uchun ertalab injiqlik qila ko’rma!..
Har gal shu — ketar mahal onasi bir dunyo narsalarni qo’liga tutqazardi.
— Xo’p, — dedi bosh qimirlatib.
Ammo onasining ichidagi gap boshqa edi. Uni aytolmay qiynalayotgani yaqqol sezilib turardi.
— Boyagi so’zlarimdan xafa bo’lmagin yana. Bolalarni o’qitinglar. Kelinga ham tayinla. Ko’p kuyunavermasin. Dunyo o’zi shunday. Beshafqat.
Onasi nimaga shama qilayotganini tushunolmay biroz garangsidi. Uzoq vaqtdan beri xotinining tobi yo’q edi. Biroq onasi buni bilmasdi-ku! Hayron bo’lib qaragan edi:
— Yoz oxirlab qolganda kelin tushimga kiruvdi. Oppoq kiyimda farishta misol uchib yurgan ekan. U osmonga qarab talpinar, sen bo’lsa yerga tortarding. Tuzukla betobga o’xshaydi. Hali sog’ayib, otday bo’lib ketadi. Ko’p siqilavermanglar.
U nima deyarini bilmay, jim qotib qolgandi. Vujudi quloqqa aylanib, faqat tinglardi.
— Yana bir gap, – dedi onasi chuqur xo’rsinib. — Doim bir narsa ichimni ezadi. Diydor qiyomatga qoladimi, deb zirillayman. Gapimni bo’lishga shoshilma. O’zimni o’zim yaxshi bilaman. Otangdan keyin ancha cho’kdim.
Ishlarim ham avvalgidek unmayapti. Harakatda mador yo’q. Qaridim shekilli. Barisi orqaga qarab ketyapti. Buni o’ylash qanchalik og’ir bo’lmasin, bu – haqiqat! Haqiqat esa, doimo achchiq…
Ming harakat qilib, gapirishga chog’lansa ham buni uddalay olmadi. Hatto onasini yupatuvchi biron so’z aytolmadi.
Tun ichi onasining gaplarini o’ylab mijja qoqmadi. Quyosh bosh ko’tarmay akasi bilan ukasi yetib keldi. Tong sahar katta yo’lgacha kuzatib qo’yishdi.
Ketar chog’ onasini mahkam quchoqlab, xayrlashdi.
— Umringiz uzoq bo’lsin! — dedi sekin.
Onasi duo qildi.
— Yaqinlaringni yo’qlab tur, — dedi ortidan.
Yo’lda atrofdagi dov-daraxtlaru, qadrdon yo’llar ham onasining gapini takrorlayotgandek tuyulardi. Bir tomondan yaqinlari bilan bo’lgan kechagi o’tirish zavqi-yu, boshqa tarafdan onasining tundagi ohi-zori ichida tortishardi. Ulardan qochay deb qocholmasdi. Osmon olis, yer qattiq. Manzilgacha esa hali ancha bor edi.
— Albatta, — dedi beiixtiyor pichirlab o’ziga o’zi ketib borarkan.
Kelasi yil kech kuz qishloqdagi eski hovlilarida barcha oila a’zolari yana yig’ilashadi.
2015 yil, 4 dekabr