Baxtiyor Nuriddinov. Havola

0087    Қачонлардир Чечакни яхши кўриб қолишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ўзини оқламоқчи эмас-ку, сингилдек яхши кўрарди уни. Битирув оқшоми – сўнгги қўнғироқда эсдалик учун берган миттигина совғаси ҳамон мактаб хотираларини эслатар, шундан юраги қинидан чиққудек бўлиб ҳаприқиб-ҳаприқиб қўярди. Буни доим шууридаги синфдошларига нисбатан соғинч, уларнинг дийдорини қўмсаш, деб тушунарди, холос…

Бахтиёр Нуриддинов
ҲАВОЛА*
04

034Бахтиёр Нуриддинов 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.
04

   Қачонлардир Чечакни яхши кўриб қолишини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ўзини оқламоқчи эмас-ку, сингилдек яхши кўрарди уни. Битирув оқшоми – сўнгги қўнғироқда эсдалик учун берган миттигина совғаси ҳамон мактаб хотираларини эслатар, шундан юраги қинидан чиққудек бўлиб ҳаприқиб-ҳаприқиб қўярди. Буни доим шууридаги синфдошларига нисбатан соғинч, уларнинг дийдорини қўмсаш, деб тушунарди, холос. Аслида ҳам шундаймиди, билолмайди. Юрагининг туб-тубида жимгина ғужанак бўлиб ётган туйғу бугун нечук безовта қилганига ўзи ҳам ҳайрон. Мана ўша – ундан қолган хотира: ўз қўллари билан тўқиган, анор гуллари тасвири туширилган рўмолча. Ҳар гал кўрганда бошқача бўлиб кетади… Бу унга гўё болалик шўхликлари каби қувончли ҳиссиётлардек туюларди.

Ҳаммаси оиласи билан қишлоқдан кўчиб кетишганидан сўнг бошланганди. Улар девор-дармиён қўшни яшашарди. Онасининг айтишича Чечакнинг ота-онаси маҳалла-кўйдаги ҳар хил майда-чуйда гаплар боис кўчиб кетишган. Айнан нима учунлигига ҳозиргача ақли етмайди. Айримлар отасининг ишини пешлашарди. Балки Чечакни ўйлаб шундай қилишгандир. Тўғриси, буларнинг бариси унга аҳамиятсиз ва бу ҳақда билишни ҳам истамайди. Муҳими, Чечакка ўрганиб қолгани. Уни ҳар доим кўрарди, бирга ўйнарди-да, ахир. Ҳатто бир синфда ўқишарди. Улғайиб, катта бўлганида бўлса, Чечак доим унга тушликка иссиқ овқат таширди. Узоқдан қорасини кўриши билан қорни очганиданми ё бошқа бирор сабабми, ўзини бахтиёр ҳис қила бошларди. Энди ўйласа иккисининг ҳам энг бахтли онлари сойдай ўтиб кетган экан. У куннинг иссиғида сув кечиб, шолипояда шоли ўтарди. Ўтоқчилик осон ишмас, буни билган билади, билмаган билмайди. Шолини ўташ учун ўтоқчи кучли бўлиши керак. Қорни таталаганда дунёни ютишга шай бўлади одам. Шунда Чечакни кутарди. У жуда шўх ва қувноқ қиз эди. Озгина шаддодлиги ҳам бор эди-ю, аммо бу ўзига жуда-жуда ярашарди. Кулгулари ҳамон қулоқлари остида жаранглайди. Ҳамиша шамоллар билан қувлашиб, рақсга тушиб келарди ёнига. Чечак ўйнаганда олам шодликка тўлиб кетгандай бўларди гўё. Унга шундай туюларди-да. Олисдан ҳаракатларини томоша қилиб завқланарди. Узун-узун қўллари билан ҳавода турли шаклллар чизиб, олисдан нималардир деяётгандек кўринарди. Етиб келганида ишоралари ҳақида сўраса, уялиб қизариб кетарди. Уни чалғитиб, кўзини олиб қочарди. Ёшлик ғўрликлари туфайли рақс бечоранинг ҳаётига айланишини тушунмаган экан.

* * *

Шу-шу уни ўтган куз – ҳосил байрамида кўрди. Чиройли кийиниб олган, нозик ҳарир кўйлаклари шамолда ҳилпирарди. Майдон ўртасида кўпчилик қизлар қатори булут мисол сузиб, рақс тушарди. Уни таниди-ю, одамлар панасига беркинди. Ўзини кўришини хоҳламади. Байрам ҳам татимади. Яна кўзи тушиб, кайфияти бузилмасин, деб уйга қайтворди. Кийимларини алмаштириб, тўғри сойга тушиб кетди. Бориб бироз Қорадарёнинг шовваларини томоша қилиб ёзилди. Сўнг шолипояга ўтди. Шоли ўриб, боғ-боғ қилиб боғлади. Иш билан овуниб, уни унутишга ҳаракат қилди. Аммо ўлгудек очқаганди. Боғламларни йиғиб, ғарам қилаётганида узоқдан Чечак кўринди. Кўзларига ишонмади. Очликнинг найранги бу, деб ўйлади. Йўқ. Худди ўзи. Бу атрофда унга ўхшаш қиз йўқ эди. Қўлларида тугунча ҳам бор. Ҳойнаҳой, тушлик опкелаётганга ўхшайди. Одатдагидек полдан-полга сакраб, гир-гир айланарди. Уни кутмаганди, тўғриси. Пол бошига келиб, бирдан таққа тўхтади. Оёғига тикан киргандек ҳаккалаб, ерга ўтириб олди. Эътибор тортмоқчи бўлди, шекилли. Югуриб бориб ёрдам бермоқчийди, ғурури йўл қўймади. Рўпарасига келиб қаққайиб тураверди. У тугунчани ечаётганда, секин аста ёнига чўккалади. Чечак индамай олдига ноз-неъматлар қўйди. Чинни идишдан ҳовур чиқиб турарди. Устидаги тақсимчани очиб, битта мантини олиб оғзига солди.

— Уйларингизга борсам холам ёлғиз ўтирибди. Сизга овқат жўнатишга дастёр тополмай турган экан, — деди Чечак жилмайиб. Унинг сўзлари самимий эди. Овози беғубор жаранг таратарди. У бўлса:
— Сендан бошқа одам қуриб кетибдими? – деб тўнғиллади. Чечак аҳамият бермади. Сўрамаса ҳам чуғурлаб қишлоққа қачон, кимлар билан келганини, катта майдонда ҳаммалари бирга рақс тушишганини гапириб, мақтана кетди. Уни эшитгиси келмай шоша-пиша овқатланиб, ўз юмуши билан шуғуллана бошлади. Жаҳл билан шоли боғларини кўтариб, полнинг четига ирғитарди. Чечак чўчиб тушди. Паноҳ излагандек атрофга қараб, кўзларини жовдиратди. Бироздан сўнг:
— Томоша бўлиб рақс тушма, — деди бақириб у.

Чечак қаттиқ хафа бўлди. Қовоғини солиб олди. Тарақа-туруқ қилиб, идишларни йиғиштириб тугунга жойлади-ю, индамай ўрнидан туриб, кетиб қолди. Уни кузатиб ҳам қўймади, ортидан ҳам қарамади. Ана шундай қўполлик қилгани учун ҳалигача ўзини койийди. У ярим тунгача тер тўкди. Ой ёруғида шоли боғларини тўп-тўп қилиб, ўнталарча учамак ясади. Чарчаб толиқди. Ойдинда дарё бўйидаги ёлғиз дўлана тагига бориб дам ола бошлади. Бир зум атрофга разм солди. Айғирдек сапчиб – сакраб-сачраб; атрофга шовқин солиб – ўкириб-бўкириб, шоввалар ҳосил қилиб оқадиган дарё бугун қанақадир сокинлашиб қолгандек эди назарида. Ё уни ўйлаб диққати қочганми, ҳарқалай шундай туюлаётганди. Ҳаммаёқ зимистон. Шуурига бари нарса қоп-қорайиб ўрнашиб олгандай гўё: қорадарё, қораосмон, қорашамол, қоратоғ, қоратун, қорадўлана… Энг ачинарлиси қорақиз – Чечак. Ўзи севган ўша тимқора сочли, очиққкўнгилли малак… Қанийди у яна келса-ю, қалбига олам-олам қувонч бахш этса… Шундай бўлишини жуда-жуда хоҳларди. Аммо ҳаммаси тугаганди. Бир оғиз сўз билан бутун хотираларга нуқта қўйилганди. Бунга унчалик ишонмаса-да, аччиқ ҳақиқат эди.

* * *

Уни бошқа кўрмаса керак, деб ўйлаганди. Ўтган баҳор шаҳарга тушганида Наврўзда учратди. Яна рақс тушарди. Узоқдан унинг ҳаракатларини томоша қилиб турди. Одам жуда кўп эди. Юзлаб томошабин ичидан айнан ўзини илғаб олишини кутмаганди. Қойил ҳам қолди. Нима учундир кўзларидан ёш сизди. Ўзидан қаттиқ хафа бўлганлигини яхши билади. Охирги учрашувдан кейин кунларни ҳижрон азобида ўтказганини билмайди-да у. Кузги дилсиёҳлик учун Чечакни кўрганда кўнглини овлашни дилига тугиб қўювди. Мана энди қаршисида унинг ўзи турибди. Бир неча ўн қадам нарида, холос. Тили ёпишиб қолганми, калимага келмайди. Қани гапиролса. Унга бефарқ бўлмаганлигини, фақат қалбини очишга журъати етишмаганлигини айтолса. У чиройли ўйнарди. Чечакнинг санъат учун яралганини тушуна бошлагандек эди. Нима бўлса бўлар, деб унинг рақсини томоша қилди. Чечак “Келганингиздан хурсандман, сизни жонимдан ҳам ортиқ яхши кўраман”, деяётгандек эди. Ҳа-ҳа. Худди шундай гапиряпти. Чунки Чечакни яхши билади. Унинг ҳаракатларини, имо-ишораларини ҳаммасини ўқий олади. Тағин кетиб қолмаслигини уқтирарди. Яна қишлоқни, қишлоқдагиларни, болалагини, болалиги ўтган қадрдон уйини, қўшниларни, энг яқин дўстларини, далаларни, сойни, шамолни, Қорадарёни – барча-барчасини соғинганлигини айтарди. Бир пайт қараса, Чечак росмона йиғлаяпти. Кўзларидан дув-дув ёш оқяпти. Кўнгли бузилиб кетди. “Нима, биз сени соғинмабмизми, Чечак?”, деб бақирворишига сал қолди. У кўнглидан ўтган гапларни тушунгандек “ярқ” этиб қаради. Энди ўзи Чечакка хаёлан гапирарди. Чечак қандайдир қотиб қолган ҳаракат билан уни тинглаётгандек кўринди. Ўзини кетиб қолишидан хавотир олдими, ҳарқалай вужуди қулоққа айланганини ҳис қилди. “Сен менинг хаёлимдасан, Чечак. Доим ўйларимни, тушларимни бузасан. Баъзан соғинчдан ёрилиб кетай дейман. Энг ёмони, мен ҳам сенинг хаёлингга айланганим. Кўз ёшларингда қотиб қолганим… Чечак, бир кун келиб менинг гапларимни англаганингда, ўкинма. Ўзингни айблама. Бу сен билан менинг хоҳишимиз эмас эди. Ҳатто ота-оналаримизнинг ҳам тадбиримасди. Бариси баттол ҳаёт, аччиқ қисматнинг иши бу. Қанийди иккимизни ажратган ўша кўринмас малъун, ичи қораларни тутиб олсам-у, хуморимдан чиқиб-чиқиб калтакласам. Эзғин ўйларим учун кечир, Чечак!.. Мен сенга неча йиллардан буён ич-ичимга чўккан сўзларни, юлиб олиб айтяпман”, деб кўнглидаги гапларни ипга тизиб хаёлидан ўтказди. Чечак ҳамон қотиб турарди. Ўйламай қўйганда ниҳоят қимирлади. Рақс тушишдан тўхтаб, кўзёшларини енгларига артди. Уни кузатиб турганди. Чопиб бораётган қизлар орасида кўздан қочирди. Бирдан йўқ бўлиб қолди. У бир неча вақт давомида кечган воқеаларнинг барчаси хаёлида юз берганини тушуниб, кетишга чоғланди. Ҳамма нарса акси бўлади ўзи. Ҳаётнинг қонуни шундайми ё? Ортига қайрилганда, не кўз билан кўрсинки, рўпарасида Чечак турарди. Кичкинагина тугунчани ушлаб олган. Пастга қараб ер чизяпти. Хаёллари ҳаётга айландими, тушунмай қолди. Уни беихтиёр қучоқлаб олгиси келди. Энди нима қилсин?.. Урф-одатларни бузсинми!? Ҳеч кимдан сўрамай қадриятларни пачоқлаб, у билан боши оққан томонга кетворсинми?! Қиз боши билан Чечак журъат қилибди-ку, ахир! Нима дейсан шамол, нима дейсан осмон? Нима дейсизлар?.. Бир ишора бўлса бас, ҳаммасини тушуниб олади. Сизлардан жавоб бўлмагунча жойидан жилмайди. Хаёлни, ҳаётни тўхтатиб туради. Ҳамма-ҳаммаси сизга омонат, йўл кўрсатинглар!..

* Ҳикоя “Хаёлимдасан” номи билан “Ўзбекистoн адабиёти ва санъати” газетасининг 2015 йил 29 май 22-сонида эълон қилинган.

09

Baxtiyor Nuriddinov
HAVOLA*
04

Baxtiyor Nuriddinov 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakul`tetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va stsenariylari asosida televizion badiiy fil`mlar suratga olingan.
04

Qachonlardir Chechakni yaxshi ko’rib qolishini xayoliga ham keltirmagandi. O’zini oqlamoqchi emas-ku, singildek yaxshi ko’rardi uni. Bitiruv oqshomi – so’nggi qo’ng’iroqda esdalik uchun bergan mittigina sovg’asi hamon maktab xotiralarini eslatar, shundan yuragi qinidan chiqqudek bo’lib hapriqib-hapriqib qo’yardi. Buni doim shuuridagi sinfdoshlariga nisbatan sog’inch, ularning diydorini qo’msash, deb tushunardi, xolos. Aslida ham shundaymidi, bilolmaydi. Yuragining tub-tubida jimgina g’ujanak bo’lib yotgan tuyg’u bugun nechuk bezovta qilganiga o’zi ham hayron. Mana o’sha – undan qolgan xotira: o’z qo’llari bilan to’qigan, anor gullari tasviri tushirilgan ro’molcha. Har gal ko’rganda boshqacha bo’lib ketadi… Bu unga go’yo bolalik sho’xliklari kabi quvonchli hissiyotlardek tuyulardi.

Hammasi oilasi bilan qishloqdan ko’chib ketishganidan so’ng boshlangandi. Ular devor-darmiyon qo’shni yashashardi. Onasining aytishicha Chechakning ota-onasi mahalla-ko’ydagi har xil mayda-chuyda gaplar bois ko’chib ketishgan. Aynan nima uchunligiga hozirgacha aqli yetmaydi. Ayrimlar otasining ishini peshlashardi. Balki Chechakni o’ylab shunday qilishgandir. To’g’risi, bularning barisi unga ahamiyatsiz va bu haqda bilishni ham  istamaydi. Muhimi, Chechakka o’rganib qolgani. Uni har doim ko’rardi, birga o’ynardi-da, axir. Hatto bir sinfda o’qishardi. Ulg’ayib, katta bo’lganida bo’lsa, Chechak doim unga tushlikka issiq ovqat tashirdi. Uzoqdan qorasini ko’rishi bilan qorni ochganidanmi yo boshqa biror sababmi, o’zini baxtiyor his qila boshlardi. Endi o’ylasa ikkisining ham eng baxtli onlari soyday o’tib ketgan ekan. U kunning issig’ida suv kechib, sholipoyada sholi o’tardi. O’toqchilik oson ishmas, buni bilgan biladi, bilmagan bilmaydi. Sholini o’tash uchun o’toqchi kuchli bo’lishi kerak. Qorni tatalaganda dunyoni yutishga shay bo’ladi odam. Shunda Chechakni kutardi. U juda sho’x va quvnoq qiz edi. Ozgina shaddodligi ham bor edi-yu, ammo bu o’ziga juda-juda yarashardi. Kulgulari hamon quloqlari ostida jaranglaydi. Hamisha shamollar bilan quvlashib, raqsga tushib kelardi yoniga. Chechak o’ynaganda olam shodlikka to’lib ketganday bo’lardi go’yo. Unga shunday tuyulardi-da. Olisdan harakatlarini tomosha qilib zavqlanardi. Uzun-uzun qo’llari bilan havoda turli shaklllar chizib, olisdan nimalardir deyayotgandek ko’rinardi. Yetib kelganida ishoralari haqida so’rasa, uyalib qizarib ketardi. Uni chalg’itib, ko’zini olib qochardi. Yoshlik g’o’rliklari tufayli raqs bechoraning hayotiga aylanishini tushunmagan ekan.

* * *

Shu-shu uni o’tgan kuz – hosil bayramida ko’rdi. Chiroyli kiyinib olgan, nozik harir ko’ylaklari shamolda hilpirardi. Maydon o’rtasida ko’pchilik qizlar qatori bulut misol suzib, raqs tushardi. Uni tanidi-yu, odamlar panasiga berkindi. O’zini ko’rishini xohlamadi. Bayram ham tatimadi. Yana ko’zi tushib, kayfiyati buzilmasin, deb uyga qaytvordi. Kiyimlarini almashtirib, to’g’ri soyga tushib ketdi. Borib biroz Qoradaryoning shovvalarini tomosha qilib yozildi. So’ng sholipoyaga o’tdi. Sholi o’rib, bog’-bog’ qilib bog’ladi. Ish bilan ovunib, uni unutishga harakat qildi. Ammo o’lgudek ochqagandi. Bog’lamlarni yig’ib, g’aram qilayotganida uzoqdan Chechak ko’rindi. Ko’zlariga ishonmadi. Ochlikning nayrangi bu, deb o’yladi. Yo’q. Xuddi o’zi. Bu atrofda unga o’xshash qiz yo’q edi. Qo’llarida tuguncha ham bor. Hoynahoy, tushlik opkelayotganga o’xshaydi. Odatdagidek poldan-polga sakrab, gir-gir aylanardi. Uni kutmagandi, to’g’risi. Pol boshiga kelib, birdan taqqa to’xtadi. Oyog’iga tikan kirgandek hakkalab, yerga o’tirib oldi. E’tibor tortmoqchi bo’ldi, shekilli. Yugurib borib yordam bermoqchiydi, g’ururi yo’l qo’ymadi. Ro’parasiga kelib qaqqayib turaverdi. U tugunchani yechayotganda, sekin asta yoniga cho’kkaladi. Chechak indamay oldiga noz-ne’matlar qo’ydi. Chinni idishdan hovur chiqib turardi. Ustidagi taqsimchani ochib, bitta mantini olib og’ziga soldi.

— Uylaringizga borsam xolam yolg’iz o’tiribdi. Sizga ovqat jo’natishga dastyor topolmay turgan ekan, — dedi Chechak jilmayib. Uning so’zlari samimiy edi. Ovozi beg’ubor jarang taratardi. U bo’lsa:
— Sendan boshqa odam qurib ketibdimi? – deb to’ng’illadi. Chechak ahamiyat bermadi. So’ramasa ham chug’urlab qishloqqa qachon, kimlar bilan kelganini, katta maydonda hammalari birga raqs tushishganini gapirib, maqtana ketdi. Uni eshitgisi kelmay shosha-pisha ovqatlanib, o’z yumushi bilan shug’ullana boshladi. Jahl bilan sholi bog’larini ko’tarib, polning chetiga irg’itardi. Chechak cho’chib tushdi. Panoh izlagandek atrofga qarab, ko’zlarini jovdiratdi. Birozdan so’ng:
— Tomosha bo’lib raqs tushma, — dedi baqirib u.

Chechak qattiq xafa bo’ldi. Qovog’ini solib oldi. Taraqa-turuq qilib, idishlarni yig’ishtirib tugunga joyladi-yu, indamay o’rnidan turib, ketib qoldi. Uni kuzatib ham qo’ymadi, ortidan ham qaramadi. Ana shunday qo’pollik qilgani uchun haligacha o’zini koyiydi. U yarim tungacha ter to’kdi. Oy yorug’ida sholi bog’larini to’p-to’p qilib, o’ntalarcha uchamak yasadi. Charchab toliqdi. Oydinda daryo bo’yidagi yolg’iz do’lana tagiga borib dam ola boshladi. Bir zum atrofga razm soldi. Ayg’irdek sapchib – sakrab-sachrab; atrofga shovqin solib – o’kirib-bo’kirib, shovvalar hosil qilib oqadigan daryo bugun qanaqadir sokinlashib qolgandek edi nazarida. YO uni o’ylab diqqati qochganmi, harqalay shunday tuyulayotgandi. Hammayoq zimiston. Shuuriga bari narsa qop-qorayib o’rnashib olganday go’yo: qoradaryo, qoraosmon, qorashamol, qoratog’, qoratun, qorado’lana… Eng achinarlisi qoraqiz – Chechak. O’zi sevgan o’sha timqora sochli, ochiqqko’ngilli malak… Qaniydi u yana kelsa-yu, qalbiga olam-olam quvonch baxsh etsa… Shunday bo’lishini juda-juda xohlardi. Ammo hammasi tugagandi. Bir og’iz so’z bilan butun xotiralarga nuqta qo’yilgandi. Bunga unchalik ishonmasa-da, achchiq haqiqat edi.

* * *

Uni boshqa ko’rmasa kerak, deb o’ylagandi. O’tgan bahor shaharga tushganida Navro’zda uchratdi. Yana raqs  tushardi. Uzoqdan uning harakatlarini tomosha qilib turdi. Odam juda ko’p edi. Yuzlab tomoshabin ichidan aynan o’zini ilg’ab olishini kutmagandi. Qoyil ham qoldi. Nima uchundir ko’zlaridan yosh sizdi. O’zidan qattiq xafa bo’lganligini yaxshi biladi. Oxirgi uchrashuvdan keyin kunlarni hijron azobida o’tkazganini bilmaydi-da u. Kuzgi dilsiyohlik uchun Chechakni ko’rganda ko’nglini ovlashni diliga tugib qo’yuvdi. Mana endi qarshisida uning o’zi turibdi. Bir necha o’n qadam narida, xolos. Tili yopishib qolganmi, kalimaga kelmaydi. Qani gapirolsa. Unga befarq bo’lmaganligini, faqat qalbini ochishga jur’ati yetishmaganligini aytolsa. U chiroyli o’ynardi. Chechakning san’at uchun yaralganini tushuna boshlagandek edi. Nima bo’lsa bo’lar, deb uning raqsini tomosha qildi. Chechak “Kelganingizdan xursandman, sizni jonimdan ham ortiq yaxshi ko’raman”, deyayotgandek edi. Ha-ha. Xuddi shunday gapiryapti. Chunki Chechakni yaxshi biladi. Uning harakatlarini, imo-ishoralarini hammasini o’qiy oladi. Tag’in ketib qolmasligini uqtirardi. Yana qishloqni, qishloqdagilarni, bolalagini, bolaligi o’tgan qadrdon uyini, qo’shnilarni, eng yaqin do’stlarini, dalalarni, soyni, shamolni, Qoradaryoni – barcha-barchasini sog’inganligini aytardi. Bir payt qarasa, Chechak rosmona yig’layapti. Ko’zlaridan duv-duv yosh oqyapti. Ko’ngli buzilib ketdi. “Nima, biz seni sog’inmabmizmi, Chechak?”, deb baqirvorishiga sal qoldi. U ko’nglidan o’tgan gaplarni tushungandek “yarq” etib qaradi. Endi o’zi Chechakka xayolan gapirardi. Chechak qandaydir qotib qolgan harakat bilan uni tinglayotgandek ko’rindi. O’zini ketib qolishidan xavotir oldimi, harqalay vujudi quloqqa aylanganini his qildi. “Sen mening xayolimdasan, Chechak. Doim o’ylarimni, tushlarimni buzasan. Ba’zan sog’inchdan yorilib ketay deyman. Eng yomoni, men ham sening xayolingga aylanganim. Ko’z yoshlaringda qotib qolganim… Chechak, bir kun kelib mening gaplarimni anglaganingda, o’kinma. O’zingni ayblama. Bu sen bilan mening xohishimiz emas edi. Hatto ota-onalarimizning ham tadbirimasdi. Barisi battol hayot, achchiq qismatning ishi bu. Qaniydi ikkimizni ajratgan o’sha ko’rinmas mal’un, ichi qoralarni tutib olsam-u, xumorimdan chiqib-chiqib kaltaklasam. Ezg’in o’ylarim uchun kechir, Chechak!.. Men senga necha yillardan buyon ich-ichimga cho’kkan so’zlarni, yulib olib aytyapman”, deb ko’nglidagi gaplarni ipga tizib xayolidan o’tkazdi. Chechak hamon qotib turardi. O’ylamay qo’yganda nihoyat qimirladi. Raqs tushishdan to’xtab, ko’zyoshlarini yenglariga artdi. Uni kuzatib turgandi. Chopib borayotgan qizlar orasida ko’zdan qochirdi. Birdan yo’q bo’lib qoldi. U bir necha vaqt davomida kechgan voqealarning barchasi xayolida yuz berganini tushunib, ketishga chog’landi. Hamma narsa aksi bo’ladi o’zi. Hayotning qonuni shundaymi yo? Ortiga qayrilganda, ne ko’z bilan ko’rsinki, ro’parasida Chechak turardi. Kichkinagina tugunchani ushlab olgan. Pastga qarab yer chizyapti. Xayollari hayotga aylandimi, tushunmay qoldi. Uni beixtiyor quchoqlab olgisi keldi. Endi nima qilsin?.. Urf-odatlarni buzsinmi!? Hech kimdan so’ramay qadriyatlarni pachoqlab, u bilan boshi oqqan tomonga ketvorsinmi?! Qiz boshi bilan Chechak jur’at qilibdi-ku, axir! Nima deysan shamol, nima deysan osmon? Nima deysizlar?.. Bir ishora bo’lsa bas, hammasini tushunib oladi. Sizlardan javob bo’lmaguncha joyidan jilmaydi. Xayolni, hayotni to’xtatib turadi. Hamma-hammasi sizga omonat, yo’l ko’rsatinglar!..

* Hikoya “Xayolimdasan” nomi bilan “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasining 2015 yil 29 may 22-sonida e’lon qilingan.

09

(Tashriflar: umumiy 277, bugungi 1)

Izoh qoldiring