Zebo Rahimova. Shu’laga osilib arg’imchoq uchdim

Ashampoo_Snap_2016.10.09_23h33m00s_005_.png   Мени ўраб турган борлиқ шу қадар бетакрор ва улуғвор, шу қадар дахлсиз ва дахлдор, шу қадар мафтункор ва …ситамкор эдики, мен уни англашга уриниб сўз айтиш касалини орттириб олдим. Бу эҳтиёж ўсиб-улғайиб юрагимга азоб берадиган бўлди. Балки, шоирлик шудир (Зебо Раҳимованинг  «Сўз айтмоқ изтироби» эссесидан. Уни мана бу саҳифада ўқинг).

Зебо РАҲИМОВА
ШУЪЛАГА ОСИЛИБ АРҒИМЧОҚ УЧДИМ
Шеърлар
06

033  Зебо Раҳимова 1958 йили Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида таваллуд топган. 1981 йил Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) нинг журналистика факультетини тугатган. Туман газетасида, китобсеварлар жамиятида, туман радиосида, Қайнарбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинида, бир муддат республика хотин-қизлар журнали “Саодат”да ишлаган. Шеърлари республика матбуотида мунтазам чоп этиб борилади.

08

* * *

jurnal_vistavki_alim3.jpg

Майсани сийпалаб уйғотди еллар,
Гулларнинг қошида лол қотди еллар,
Шу дилбар лаҳзанинг қурбони бўлдим,
Тонгларга умримни нақд сотди еллар.
Мен энди Сизники эмасман…

Пешвоз тонгларга умрим ёйилди,
Кун туғди чоштгоҳ исмли қизни,
Кўнглимнинг гавҳари — шеърим туғилди,
Йиғланг-а, шеъримга алишдим Сизни,
Мен энди Сизники эмасман…

Кўнглимдан силқиган куйларим ёнди,
Сиз билан айирди девона кунлар,
Бу кунлар Сиздан-да, мендан-да тонди,
Эй-й-й… ҳаёт шаъмига парвона кунлар,
Мен энди Сизники эмасман…

* * *

Салқин оқшомларнинг сокин буржида,
ёрқин шом юлдузига тикиб кўзини,
сени соғинади бу ёвқур юрак
кумуш кенгликларга тутиб юзини.

Юлдузлар қўрига бағрини белаб,
боғларнинг шивири аврайди дилин,
кумуш капалаклар сочар изидан
ой — сийм либосда сузилган келин.

Сиймин ҳаволарда не мужда эди,
не илтифот дилга — ёришиб кетди.
Жисми ҳам, жони ҳам
бори ҳам йўғи,
қисмат тўзонига қоришиб кетди…

* * *

Ложувард сойларда каклик навоси,
тобора қиздирар кўкламги қуёш,
хабаринг бўлдими, тутлар гуллади,
даштларда напормон гуллади мингбош.

Гулханлар ёнмоқда тонгдан шомгача,
қизғалдоқ сепилган адирлар оша,
қирдан қирга ўтиб шошмайди қуёш,
ажиб яшаришни қилар томоша.

Кўнгил сув ичади кўкка бўй чўзиб,
юрак гуллайверар, гуллайверар тан.
қип-қизил ғунчалар чиқади ўсиб
жонингга урилган йиллар зарбидан.

Табассум қилади боғлар ям-яшил,
жаннатга айланар дунё, кўкси нам,
юзларингни ювар ёшми, найсонми,
оби ҳаётми бу, ё оби зам-зам…

* * *

Ҳали узоқламай чоштгоҳи ҳур-ҳур,
пешиннинг қўйнида жазиллайди нур,
олис уфқларда оқ шомлар мағрур,
кўргали чин дил керак,
туйгали кўнгил.

Чаппар урар мовий ҳаволар, қучиб
тўрт фасл алмашар жонингдан кўчиб,
ўтар юрагингдан қалдирғоч учиб —
туйгали чин дил керак,
куйгали кўнгил.

Эзар юрагимни хотира, афсус,
аччиқ бир армонга дил бўлди маҳбус,
ичингда қон йиғлаб, сиртингда махсус
кулгали чин дил керак,
куйгали кўнгил.

Рост ва хос яшашга топгил ирода,
дўсту ғаним билан бўлгил биродар,
у дунё, бу дунё билан баробар
бўлгали чин дил керак,
туйгали кўнгил,
кўнгил…

* * *

Тонг отди,
нурафшон ёриди осмон,
борлиқ оқ гуллади бодомлар билан,
боғлар қор каби шўх гулбаргга тўлди,
кўчалар алданган одамлар билан.

Безанган дарахтлар менгзайди қизга,
сукунат — жарангдор, замон — беадоғ,
келинчак гулларнинг қорачиғида
ялтираб кўринар шабнамдаги доғ.

“Кечгача!” —
кимники гуллаган бу кеч,
умид ул, барчамиз кўришгаймиз бот,
боғлар гуллайверар тугамасдан ҳеч,
фақат, кўришганлар бир-бирига ёт.

Сени кечирганман, аммо кечикдинг,
Узрсиз, изнсиз кечиб бўлган вақт,
изларсан, топмассан, қайтарсан, бироқ,
боғлар гуллаганин кўриш ҳам бир бахт.

Кўксим сим-сим оғрир… эрта ё индин
бу гўзал чоғларда биз ҳам бўлмасмиз,
ёки унутилган, бегона ҳаёт —
дунё тургунича, балки, ўлмасмиз.

Бодомга айланиб гуллаган одам,
майлими, кўлингни кўзимга суртсам? —
алданган, алдоқчи, афтода дунда
қанча авайласам шунчалар мўртсан.

Сизларни тиладим, кўнглим бир тавр,
изтироб турланиб бағримни еди,
сизлардан давр ўтди, жонимдан сабр,
соғинчларда эса тупроқнинг ҳиди.

Тепамда қисирлар қариётган тол,
ё Раббим, кўнглимда бунча эҳтиёж,
мен қайси гуллаган бир баҳор учун
шунча баҳорларни тўлаяпман бож?!

Шохлардан ёғилган гулбарг каби дил,
чокидан сўкилган, жисмидан кўчган,
бодомлари оппоқ гуллаб келар йил,
тонг сутдек оқарган, шафақлар ўчган…

* * *

Бу сойларда изларим қолган,
бу ўнгирда ҳассос хаёлим,
андизларнинг кўнглини олган
изларимдан кўчган шамолим.

Ҳув харсангни суриб кўргандим,
барқ урганди остида равоч,
чашмаларнинг кўзида яшар
мавжларида мен отган қулоч.

Хушбахт бўлдим сенинг бағрингда
далаларни бошимга ортиб,
яшадим мен, яшаяпман мен
тупроғингни кўзимга суртиб.

* * *

Келинг,
бахтли бўлсин бугун бу кўча,
қатор тутчаларнинг кўнгли ёришсин,
кўй-қўзи ўтлаган ям-яшил дала,
йўллар қўл ушлашиб шаҳар боришсин.

юракка ин қурган ёлғизлик ёмон,
қаҳрнинг, ғазабнинг дийдори қурсин,
менинг кўзларимдан алданмаган бахт
нур сочиб йўлингни ёритиб турсин.

Увв..в…
тортар шамоллар йўлнинг танобин,
балки хушхабардир ё кетар бадар,
бекам, бахтли бўлсин биз билган дунё,
бугун то —
бир умр —
эртага қадар.

ОТАМГА

Қанча шодлик,
қанча хушбахтлик,
шохларида ҳамон излари,
қор остида адл, ям-яшил,
келинчакдек турган кезлари.

Кўркам бугун, у бўйга етган,
айрисига уя қурган қуш,
шамолларни шохида тараб,
байрамларни кўради у туш.

Гоҳ қуш урган мустар қушчалар
қучоғидан топар бошпана,
виқорли у, дахл этмас сукут —
кимсасизлик қилган тантана.

Кутиб сизни, бизними баттар
яшилланар ям-яшил арча,
ҳувиллайди аммо тўрт девор,
кетиб бўлган ҳар тараф барча.

* * *

Сиздан хотира йўқ,
юрагим бўм-бўш,
умид қийналади ноаниқликдан,
тақдир — қарғишларнинг тоши теккан қуш,
дил — дала,
худойим ўртаниш эккан.

Хотирим фаромуш…
ўйларим толғин,
боғларда тийрамоҳ кўзлари тийрак,
бу йўлдан тобора ўйчан ва ҳорғин,
беадад бахт излаб келади юрак.

…Шамол занжирдаги итдай ғиншийди,
дарахтлар сукутга кетган бир диндор,
қанисан, изини чалғитиб кетган,
олчалар тинимсиз гуллаган баҳор…

* * *

Хуш қолинг, эй, дўстларим,
кетдим, дилимни тўкаман,
йиғлаган бир қушчанинг
дардманд кўзига чўкаман.

Кифтиоб кўчасидан
чашма сувидек кетаман,
ҳам бобом уйчасидан
эски кувидек кетаман.

Сарфароз ёқлардаги
сойлар билан қирлашаман,
ё заранг туғдонанинг
шохи билан бирлашаман.

Марварид косасида
бир заррадек ерлашаман,
Карбало саҳросида
қумлар билан сирлашаман.

Барқ уриб, тоғдай кўчиб
баҳр-ул ҳаётнинг чўлида,
бир балиққа айланиб
кутсам Юнуснинг йўлида.

Мен ғор аҳлининг изи,
ёр итининг боғиман,
бир кўнгилнинг жаннати,
бир кўнгилнинг доғиман.

Тўрт унсурлар ичимда,
олти ён ёнимдадир,
ё Худо, ишқинг билан
минг азоб жонимдадир.

Не замон, не бир заминда
топмади руҳим қўним,
ул жамолнинг ҳасрати —
“қолу бало ”дан бу куним.

Жон кабутар қуш каби
бу ҳаётнинг боғида,
маҳв ўлди, тирилди
ишқ чоғида, ишқ чоғида…

Манба: «Ёшлик» журнали,2015/03

03   Meni o’rab turgan borliq shu qadar betakror va ulug’vor, shu qadar daxlsiz va daxldor, shu qadar maftunkor va …sitamkor ediki, men uni anglashga urinib so’z aytish kasalini orttirib oldim. Bu ehtiyoj o’sib-ulg’ayib yuragimga azob beradigan bo’ldi. Balki, shoirlik shudir (Zebo Rahimovaning «So’z aytmoq iztirobi» essesidan. Uni mana bu sahifada o’qing).


Zebo RAHIMOVA

SHU’LAGA OSILIB ARG’IMCHOQ UCHDIM…
She’rlar
06

    Zebo Rahimova 1958 yili Qashqadaryo viloyatining Kitob tumanida tavallud topgan. 1981 yil Toshkent davlat universiteti (hozirgi O’zbekiston Milliy universiteti) ning jurnalistika fakul`tetini tugatgan. Tuman gazetasida, kitobsevarlar jamiyatida, tuman radiosida, Qaynarbuloq qishloq fuqarolar yig’inida, bir muddat respublika xotin-qizlar jurnali “Saodat”da ishlagan. She’rlari respublika matbuotida muntazam chop etib boriladi.

08

* * *

Maysani siypalab uyg’otdi yellar,
Gullarning qoshida lol qotdi yellar,
Shu dilbar lahzaning qurboni bo’ldim,
Tonglarga umrimni naqd sotdi yellar.
Men endi Sizniki emasman…

Peshvoz tonglarga umrim yoyildi,
Kun tug’di choshtgoh ismli qizni,
Ko’nglimning gavhari — she’rim tug’ildi,
Yig’lang-a, she’rimga alishdim Sizni,
Men endi Sizniki emasman…

Ko’nglimdan silqigan kuylarim yondi,
Siz bilan ayirdi devona kunlar,
Bu kunlar Sizdan-da, mendan-da tondi,
Ey-y-y… hayot sha’miga parvona kunlar,
Men endi Sizniki emasman…

* * *

Salqin oqshomlarning sokin burjida,
yorqin shom yulduziga tikib ko’zini,
seni sog’inadi bu yovqur yurak
kumush kengliklarga tutib yuzini.

Yulduzlar qo’riga bag’rini belab,
bog’larning shiviri avraydi dilin,
kumush kapalaklar sochar izidan
oy — siym libosda suzilgan kelin.

Siymin havolarda ne mujda edi,
ne iltifot dilga — yorishib ketdi.
Jismi ham, joni ham
bori ham yo’g’i,
qismat to’zoniga qorishib ketdi…

* * *

Lojuvard soylarda kaklik navosi,
tobora qizdirar ko’klamgi quyosh,
xabaring bo’ldimi, tutlar gulladi,
dashtlarda napormon gulladi mingbosh.

Gulxanlar yonmoqda tongdan shomgacha,
qizg’aldoq sepilgan adirlar osha,
qirdan qirga o’tib shoshmaydi quyosh,
ajib yasharishni qilar tomosha.

Ko’ngil suv ichadi ko’kka bo’y cho’zib,
yurak gullayverar, gullayverar tan.
qip-qizil g’unchalar chiqadi o’sib
joningga urilgan yillar zarbidan.

Tabassum qiladi bog’lar yam-yashil,
jannatga aylanar dunyo, ko’ksi nam,
yuzlaringni yuvar yoshmi, naysonmi,
obi hayotmi bu, yo obi zam-zam…

* * *

Hali uzoqlamay choshtgohi hur-hur,
peshinning qo’ynida jazillaydi nur,
olis ufqlarda oq shomlar mag’rur,
ko’rgali chin dil kerak,
tuygali ko’ngil.

Chappar urar moviy havolar, quchib
to’rt fasl almashar joningdan ko’chib,
o’tar yuragingdan qaldirg’och uchib —
tuygali chin dil kerak,
kuygali ko’ngil.

Ezar yuragimni xotira, afsus,
achchiq bir armonga dil bo’ldi mahbus,
ichingda qon yig’lab, sirtingda maxsus
kulgali chin dil kerak,
kuygali ko’ngil.

Rost va xos yashashga topgil iroda,
do’stu g’anim bilan bo’lgil birodar,
u dunyo, bu dunyo bilan barobar
bo’lgali chin dil kerak,
tuygali ko’ngil,
ko’ngil…

* * *

Tong otdi,
nurafshon yoridi osmon,
borliq oq gulladi bodomlar bilan,
bog’lar qor kabi sho’x gulbargga to’ldi,
ko’chalar aldangan odamlar bilan.

Bezangan daraxtlar mengzaydi qizga,
sukunat — jarangdor, zamon — beadog’,
kelinchak gullarning qorachig’ida
yaltirab ko’rinar shabnamdagi dog’.

“Kechgacha!” —
kimniki gullagan bu kech,
umid ul, barchamiz ko’rishgaymiz bot,
bog’lar gullayverar tugamasdan hech,
faqat, ko’rishganlar bir-biriga yot.

Seni kechirganman, ammo kechikding,
Uzrsiz, iznsiz kechib bo’lgan vaqt,
izlarsan, topmassan, qaytarsan, biroq,
bog’lar gullaganin ko’rish ham bir baxt.

Ko’ksim sim-sim og’rir… erta yo indin
bu go’zal chog’larda biz ham bo’lmasmiz,
yoki unutilgan, begona hayot —
dunyo turgunicha, balki, o’lmasmiz.

Bodomga aylanib gullagan odam,
maylimi, ko’lingni ko’zimga surtsam? —
aldangan, aldoqchi, aftoda dunda
qancha avaylasam shunchalar mo’rtsan.

Sizlarni tiladim, ko’nglim bir tavr,
iztirob turlanib bag’rimni yedi,
sizlardan davr o’tdi, jonimdan sabr,
sog’inchlarda esa tuproqning hidi.

Tepamda qisirlar qariyotgan tol,
yo Rabbim, ko’nglimda buncha ehtiyoj,
men qaysi gullagan bir bahor uchun
shuncha bahorlarni to’layapman boj?!

Shoxlardan yog’ilgan gulbarg kabi dil,
chokidan so’kilgan, jismidan ko’chgan,
bodomlari oppoq gullab kelar yil,
tong sutdek oqargan, shafaqlar o’chgan…

* * *

Bu soylarda izlarim qolgan,
bu o’ngirda hassos xayolim,
andizlarning ko’nglini olgan
izlarimdan ko’chgan shamolim.

Huv xarsangni surib ko’rgandim,
barq urgandi ostida ravoch,
chashmalarning ko’zida yashar
mavjlarida men otgan quloch.

Xushbaxt bo’ldim sening bag’ringda
dalalarni boshimga ortib,
yashadim men, yashayapman men
tuprog’ingni ko’zimga surtib.

* * *

Keling,
baxtli bo’lsin bugun bu ko’cha,
qator tutchalarning ko’ngli yorishsin,
ko’y-qo’zi o’tlagan yam-yashil dala,
yo’llar qo’l ushlashib shahar borishsin.

yurakka in qurgan yolg’izlik yomon,
qahrning, g’azabning diydori qursin,
mening ko’zlarimdan aldanmagan baxt
nur sochib yo’lingni yoritib tursin.

Uvv..v…
tortar shamollar yo’lning tanobin,
balki xushxabardir yo ketar badar,
bekam, baxtli bo’lsin biz bilgan dunyo,
bugun to —
bir umr —
ertaga qadar.

OTAMGA

Qancha shodlik,
qancha xushbaxtlik,
shoxlarida hamon izlari,
qor ostida adl, yam-yashil,
kelinchakdek turgan kezlari.

Ko’rkam bugun, u bo’yga yetgan,
ayrisiga uya qurgan qush,
shamollarni shoxida tarab,
bayramlarni ko’radi u tush.

Goh qush urgan mustar qushchalar
quchog’idan topar boshpana,
viqorli u, daxl etmas sukut —
kimsasizlik qilgan tantana.

Kutib sizni, biznimi battar
yashillanar yam-yashil archa,
huvillaydi ammo to’rt devor,
ketib bo’lgan har taraf barcha.

* * *

Sizdan xotira yo’q,
yuragim bo’m-bo’sh,
umid qiynaladi noaniqlikdan,
taqdir — qarg’ishlarning toshi tekkan qush,
dil — dala,
xudoyim o’rtanish ekkan.

Xotirim faromush…
o’ylarim tolg’in,
bog’larda tiyramoh ko’zlari tiyrak,
bu yo’ldan tobora o’ychan va horg’in,
beadad baxt izlab keladi yurak.

…Shamol zanjirdagi itday g’inshiydi,
daraxtlar sukutga ketgan bir dindor,
qanisan, izini chalg’itib ketgan,
olchalar tinimsiz gullagan bahor…

* * *

Xush qoling, ey, do’stlarim,
ketdim, dilimni to’kaman,
yig’lagan bir qushchaning
dardmand ko’ziga cho’kaman.

Kiftiob ko’chasidan
chashma suvidek ketaman,
ham bobom uychasidan
eski kuvidek ketaman.

Sarfaroz yoqlardagi
soylar bilan qirlashaman,
yo zarang tug’donaning
shoxi bilan birlashaman.

Marvarid kosasida
bir zarradek yerlashaman,
Karbalo sahrosida
qumlar bilan sirlashaman.

Barq urib, tog’day ko’chib
bahr-ul hayotning cho’lida,
bir baliqqa aylanib
kutsam Yunusning yo’lida.

Men g’or ahlining izi,
yor itining bog’iman,
bir ko’ngilning jannati,
bir ko’ngilning dog’iman.

To’rt unsurlar ichimda,
olti yon yonimdadir,
yo Xudo, ishqing bilan
ming azob jonimdadir.

Ne zamon, ne bir zaminda
topmadi ruhim qo’nim,
ul jamolning hasrati —
“qolu balo ”dan bu kunim.

Jon kabutar qush kabi
bu hayotning bog’ida,
mahv o’ldi, tirildi
ishq chog’ida, ishq chog’ida…

Manba: «Yoshlik» jurnali,2015/03

07

(Tashriflar: umumiy 223, bugungi 1)

Izoh qoldiring