Akutagava Ryunoske. To’qayda

022    Рюноскэ Акутагава ХХ аср япон адабиётини жаҳонга танитган адиблардан бири. У япон ҳикоячилик санъатини янги поғонага кўтарди, хоҳ тарихий, хоҳ замонавий мавзудаги асарларини олиб қаранг, барчасида япон миллатига хос анъаналар, характерлар яққол кўриниб туради. Адиб ижодидаги кўплаб намуналар дунёдаги барча тилларга таржима қилинган, талай ҳикоялари экранлаштирилган.
Сизга тақдим этилаётган ҳикоя аввалроқ Аҳмад Аъзам таржимасида сайтимизда эълон қилинган эди. Уни мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

044
Акутагава Рюноскэ
ТЎҚАЙДА
Рус тилидан Набижон Боқий таржимаси
09

043   Акутагава Рюноскэ (1892.1.3 — Токио — 1927.24.7) — ўз асарлари билан япон адабиётини жаҳон миқёсига чиқишини бошлаб берган адиб сифатида тан олинади. У ижодида ғарб ва япон адабиети анъаналарини ўзаро уйғунлаштириб, япон анъанавий тасвир ва ифода усулини янги йўналишга бурган. Инсон онгининг «жумбоқ»лиги, олдиндан айтиб бўлмаслик хусусияти ифодаланган ҳикоялари — «Расёмон дарвозаси» (1915), «Бурун» (1916) унга шуҳрат келтиради. «Куз» (1920), «Совуқ» (1924) каби психологик ҳикояларида эса ижтимоий ёвузлик дунёсида эзгуликнинг фожиавий қисмати акс этган. «Сув алвастилари мамлакатида» (1927) ижтимоий-фантастик мажозий асардир. Инсоннинг ёлғизлиги, унинг вакт, тарих олдида ожизлиги панд-насиҳатдан иборат «Телбанинг ҳаёти» (1927) номли сўнгги асарининг мавзуидир. Япон маданиятида беқиёс ўрин эгаллагани учун «Акутагава» миллий мукофоти таъсис этилган.

09

Тергов чоғида ўтинчининг айтган гаплари

Худди шундай, жасадни мен топиб олдим. Одатдагидек, бугун эрталаб ҳам тоғнинг овлоқ ўнгирларидан ўтин кесиб келгани жўнадим ва тоғ этакларидаги чакалакзорда жонсиз жасадга кўзим тушиб қолди. Айнан қаерда, дейсизми? Ямасинага бориладиган йўлдан тўрт-беш тё ичкарида, бамбук билан арчалар аралаш-қуралаш бўлиб, чирмашиб ўсиб ётган хилватгоҳда.

Жасаднинг эгнида енглари кенг, оқиш-зангори тусдаги суйкан, бошида эса пойтахтликлар киядиган, ранги ўнгиброқ қолган эбоси қалпоғи бор эди. У чалқанчасига ётарди. Ажабки, марҳум танаси фақат бир жойидан жароҳатланган эди, холос. Лекин тиғ нақ юракка санчилгани туфайли атрофдаги бамбукдан тўкилган япроқлар атайлаб қип-қизил сувга бўктирилганга ўхшарди. Бироқ қон кетиши тўхтаган эди – жароҳат ўрни ёпишиб қолган, шекилли. Ҳа, дарвоқе, битта сўна менинг қадам товушларимга парво қилмай жароҳатдан қон сўриб ўтираверди.

Яқин атрофда шамшир ёки шунга ўхшаш совуқ қурол кўринмадими, демоқчимисиз? Йўқ, у ерда ҳеч нарсани учратмадим. Фақат жасад ёнидаги арча новдасида қандайдир арқон чувалашиб ётарди. Ҳа, яна… арқондан ташқари, ўша жойда битта тароқ ҳам бор эди. Вассалом, жасад теварагида ана шу икки ашёдан бўлак ҳеч нарса кўринмади. Ён-атрофдаги майсалару хазонлар эса обдан теппа-теп қилинган эди – марҳумнинг осонликча жон таслим этмагани яққол билиниб турарди. Нима, от-пот йўқмиди, дейсизми? Бе, у ёққа ҳеч қандай от боролмайди-ку! От юрадиган сўқмоқ анча нарида – чакалакзор ортида.

Зиёрат қилиб юрган роҳибнинг терговчига айтганлари

Дорилбақога равона бўлмиш банда билан камина кеча учрашган эдим. Янглишмасам, кеча тушлик маҳалида. Қаерда, дейсизми? Сэкиямадан Ямасинага бориладиган йўлда. У отда ўтирган битта аёл билан Сэкияма томон кетаётган эди. Аёл кенг соябонли қалпоқ кийиб, юзини ёпинчиқ билан тўсиб олган экан, унинг афт-ангорига назарим тушмади. Лекин мошранг гулли шойи кўйлаги кўриниб турарди. От қизғиш, қирқилган ёлли эди. Бўй-бастими? Назаримда, одатдаги отлардан тўрт сун чамаси баландроқ эди… Қайдам, ахир камина роҳибдир, алалхусус, ўткинчи дунё ишларига унчалик тишим ўтмайди. Эркакнинг… Ҳа, унинг белида шамшири, елкасида ўқланган камони бор эди. Ҳозир яна бир нарса аниқ эсимга тушди: унинг қоп-қора, лакланган ўқдонида йигирматача ўқ бор эди.

Воажаб, унинг шу тахлитда қайтиш қилишини хаёлимга келтирмаган эдим. Дарҳақиқат, одамзоднинг беш кунлик умри киприкни бир марта қоққунингча ўтади-кетади – кўз очсанг, на шабнамдан, на чақмоқдан ном-нишон қолади. Эҳ-ҳе, ғам-кулфатни сўз билан баён этиб бўлармикан, қавмларим!

Ўрмон қоровулининг терговчига айтган гаплари

Мен қўлга туширган кимсами? У – донғи кетган қароқчи Тадзёмару. Уни Авадагутидаги тош кўприк устида отдан йиқилиб, инграб ётган пайтида ушлаб олдим. Қачон, дейсизми? Ўтган куни кечаси, тунги қоровулликни эндигина бошлаган чоғимда. Аввалги, мен уни қўлга туширишимга бир баҳя қолган галда ҳам эгнида кўк суйкан, белида қиличи бор эди. Кўриб турибсизки, бу сафар у ўқ-ёй билан ҳам қуролланган экан. Шунақами ҳали? Ушбу қурол-аслаҳа асфаласофилинга жўнатилган кишиникими? Ундай бўлса, шубҳасизки, Тадзёмару қотилдир. Чарм торли камон, лакланган қоп-қора ўқдон, қирғий патли ўн етти дона ўқ – демак, буларнинг ҳаммаси марҳумга тегишли экан-да. Марҳаматингиздан фойдаланиб айтадиган бўлсам, от қизғиш тусда, ёли эса қирқилган эди. Ўз-ўзидан равшанки, қароқчининг пешонасига ёзилгани шу экан – от уни устидан итқитиб ташлапти. Жонивор кўприкдан унча узоқ бўлмаган жойда, йўл ёқасида ўтламоқда эди, узун тизгини эса орқасидан судралиб юрарди.

Шаҳарма-шаҳар изғиб юрадиган бошқа қароқчилардан фарқли ўлароқ, бу Тадзёмару дегани хотин зотига жуда ҳирс қўйган. Эсингиздами, бултур тоғда – Акиторибэда, Биндзуру шарафига қурилган ибодатхона орқасида зиёратга келган хотин билан унинг қизалоғини ўлдириб кетишган эди? Айтишларича, ўша қотилликда ҳам мана шу газанданинг қўли бор эмиш. Мана энди саман от миниб йўлга чиққан аёлни олиб кўрайлик, хўп, у эркакни гумдон қилибди, лекин хотини қаёқда қолди, унга нима бўлдийкин? Номаълум. Сизнинг ишингизга аралашаётганим учун кечирасиз-у, лекин буни яхшилаб текшириш лозим.

Кампирнинг терговчига айтган гаплари

Ҳа, бу менинг қизим турмушга чиққан кишининг жасади. Лекин у пойтахтлик эмас, у Вакасадаги Кокуфу қишлоғилик самурай. Унинг исми Канадзава Такэхиро, ёши йигирма олтида. Йўқ, кимдир у билан қасдлашиб қолганига ишонмайман, чунки у жуда ҳам беозор йигит эди.

Менинг қизимми? Унинг исми Масаго, ўн тўққиз яшар. У табиатан худди эркаклардек довюрак эди. Такэхирогача унинг бирорта ҳам жазмани бўлмаган. Қизимнинг ташқи кўриниши бундай: қорачадан келган, чап кўзининг бурчагида холи бор, юзи кичкина, чўзинчоқ.

Кеча Такэхиро билан қизим Вакасага кетишган эди. Қайси гуноҳимиз эвазига бошимизга бундай кўргулик тушди экан-а? Қизимга нима бўлди? Начора, куёвимнинг пешонасига ёзилгани шу экан, лекин қизимнинг тақдири менга тинчлик бермаяпти. Мен, қари бир кампир, сизларни дуо қиламан – бутун ўрмонни, ўтлоқни қидиринглар, қизимни топиб беринглар! Оти нимайди… Тадзёмаруми… мунча ёвуз бу дийдоринг қурғур қароқчи! На фақат куёвимни, ҳатто қизимни ҳам… (Хун-хун бўлиб йиғлайди, ортиқ бир оғиз гапиришга ҳам мажоли етмайди.)

Тадзёмарунинг иқрори

Бу одамни мен ўлдирдим. Лекин жувонни ўлдирганим йўқ. Қаёққа гум бўлди? Бу ёғини энди ўзим ҳам билмайман… Шошманглар! Мени қанчалик қийноққа солсаларинг-да, ўзим билмаган нарсани барибир айтолмайман-ку, ахир. Қолаверса, бўлар иш бўлди, энди бирор нарсани яшириб ўтиришдан наф йўқ – мен қўрқоқ эмасман.

Бу йигит билан унинг хотинини кеча тушдан кейин учратдим. Шамол кучайдию унинг юзидаги шойи ёпинчиқ кўтарилди ва аёлнинг чеҳраси лип этиб кўз олдимдан ўтди. Лип этиб ўтдию яна ёпинчиқ орқасига яширинди, балки шунинг учундир, у менга фариштадек кўринди. Мен шу заҳотиёқ бу аёлнинг висолига эрини ўлдириб бўлса ҳам етишишга аҳд қилдим.

Гапларим сизларга ғалати эшитиляптими? Туф-э, шу ҳам иш бўлди-ю, эркак кишини ўлдириш оддий юмуш-ку! Кимки хотин зотига талабгор бўлса, доимо унинг эрини нариги дунёга жўнатади. Фақат мен белимда осиғлик юрадиган манави қилич билан ўлдираман, сизларнинг ҳаммангиз эса қиличга қўл югуртирмайсизлар: сизлар ҳокимият билан, пул билан, баъзан эса ширин сўзлар билан ўлдирасизлар. Тўғри, кейинги ҳолларда қон тўкилмайди – эркакнинг жони омон қолади. Лекин аслида, унинг жони эмас, қуруқ жасадигина қолади, холос. Хўш, қани, бир тарозига солиб кўрмайлик-чи, кимнинг гуноҳи оғирроқ экан – сизларникими ёки меникими, ким билсин!

Аммо бу деганим, отасини ўлдириб, онасининг бошини уқаламасам кўнглим жойига тушмайди, деган гап эмас. Бу сафар ҳатто қон тўкмасдан, яхшиликча ўша жувонни хотин қилмоқчи бўлдим. Маълумки, бундай нарсалар билан серқатнов йўлнинг устида шуғулланмайдилар. Шунинг учун мен уларни алдаб-сулдаб чакалакзор ичкарисига олиб кириб кетишни лозим топдим.

Ғишт қолипдан осон кўчди: уларга ёлғондакам йўловчи сифатида қўшилиб олдим-да, “тоғ этакларида қадимий бир қўрғон бор экан, мен уни қазиб кўрганман, эҳ-ҳе, кўзгу , қилич деганлари тиқилиб ётибди, топилдиқларнинг ҳаммасини ёт кишиларнинг кўзи тушмасин деб чакалакзорга кўмиб қўйдим, агар харидор топилса, ҳар қандай буюмни арзон-гаров пуллашим мумкин”, дедим. Йигит гапларимга лаққа ишона бошлади. Мана бунга нима дейсизлар энди: очкўзлик бедаво дард экан-да! Орадан ярим соатча вақт ўтар-ўтмас улар отларини сўқмоққа буришдию мен билан биргаликда тоғ этаклари томон йўналишди.

Биз чакалакзорга етганимиздан сўнг, буюмларни энг қалин тўқайзорга кўмиб қўйганман, дедим ва уларга ўша ерга бориб кўришни таклиф этдим. Йигит жунбишга келган эди – дарров рози бўлди. Лекин жувон, отдан тушмайман, шу ерда кутиб тураман, деди. Бу, қалин тўқайзорда амалга оширилиши мумкин бўлган энг оқилона тадбир эди. Зеро, жувоннинг ўзи-да оқила эди.

Қолган ишлар хамирдан қил суғургандек енгил кўчди: аёл ёлғиз қолди, мен эркакни тўқайга пиёда бошлаб бордим. Теварак-атроф бамбукзор эди. Лекин ярим тёча йўл юрганимиздан кейин бир-бирига чирмашиб ўсган арчазорга дуч келдик. Кўнглимдаги ниятимни рўёбга чиқаришим учун бундан қулайроқ жой топишим душвор эди. Шох-шаббаларни нари-бери суриб олға юрганимча, хазина шу атрофдаги бир арча остига кўмилган, дея тўқиб-бичиб ҳикоя қилавердим. Йигит гапимни эшитиб, ҳув нарида кўзга ташланаётган арчалар томон шоша-пиша кетаверди. Бамбуклар ҳар-ҳар замонда бир учрарди, холос. Ниҳоят, қалингина арчазорга етдик ва мен кутилмаганда унга ташландиму тагимга босиб олдим. Қарабсизки, бир зумдан кейин у қўли қайрилган кўйи дарахтга боғлиқ ҳолда ўтирарди. Арқонми? Қай бир қароқчи арқонсиз юради ўзи? Арқонни белимга боғлаб олган эдим, ахир тасодифан бирорта ғовга дуч келиб қолсам, у ҳар дақиқада менга асқотиши мумкин-да. Ўз-ўзидан равшанки, у бақириб-чақирмаслиги учун оғзига бамбук япроқларидан тиқиб қўйдим – энди унга заррача ҳам эътибор бермаслик мумкин.

Йигитни бир ёқлик қилганимдан сўнг, жувоннинг олдига бордим-да, шундай-шундай, бирдан йўлдошингизнинг тоби қочиб қолди, бориб унинг ҳолидан хабар олсангиз бўларди, дедим. Бу сафар ҳам ўз мақсадимга эришганимни гапириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Аёл бошидаги кенг соябонли қалпоғини ечди, қўлимдан маҳкам тутганча ортимдан тўқай томон эргашди. Бироқ эри дарахтга чирмаб қўйилган майдонга келишимиз билан, эрига кўзи тушиши баробарида шартта қўйнидан ханжарини суғуриб олди. Мен илгари бирор марта ҳам бундай тийиқсиз, довюрак хотинга дуч келмаганман. Ўша пайтда сал-пал ғафлатда қолганимда борми, нақ қорнимга тиғ санчиларди. Лекин мен кутилмаган қалтис зарбага чап бердим. У эса ҳамон уялмасдан ўнг келган жойимга ханжарини тиқиб олмоқчи бўларди. Бироқ мени бекорга Тадзёмару дейишмайди ахир – охир-оқибатда қиличимни қинидан суғирмасдан унинг қўлидаги ханжарни уриб туширишга муваффақ бўлдим. Қурол-яроқсиз эса энг жасур аёл ҳам ҳеч нарса қилолмайди. Ниҳоят, мен эрини нариги дунёга жўнатмасдан ҳам хотиннинг висолига етишдим.

Ҳа, эрини нариги дунёга жўнатмадим. Муродим ҳосил бўлгандан кейин ҳам уни гумдон қилиш ниятим йўқ эди. Аммо ерда ётганча юм-юм йиғлаётган аёлдан юз ўгириб, энди тўқай ичкарисига равона бўлишга шайланган чоғимда, у бирдан енгимга осилиб олдию: “Ёки сиз ўлишингиз лозим, ёки эрим… икковингиздан бирингиз ўлишингиз керак. Иккита эркакнинг кўз ўнгида шармисор бўлиш – ўлимдан ҳам оғир… Иккингиздан бирингиз ўлишингиз шарт… мен эсам, тирик қолган эркак билан бирга кетаман”, деб қичқирди бўғилиб-бўғилиб. Шундан кейин бу эркакни ўлдириш истаги туғилди.

Юқорида айтган гапларимдан кейин мен сизларда жуда ҳам бераҳм кишидек ёмон таассурот қолдиришим мумкин. Дафъатан шундай туюлади, чунки сизлар ўша аёлнинг ойдек жамолини, ёниб турган, ёлқин сочаётган кўзларини кўрмадингиз. Бу аёл билан нигоҳларимиз тўқнашгач, осмон узилиб бошимга тушса ҳам мен уни ўзимга хотин қилиб олишни шунчалар истадимки, асти қўяверасиз. Кўнглимда фақат битта ниятим бор эди холос – қандай бўлмасин уни хотин қилиб олсам, бас, вассалом. Йўқ, бу нарса сизлар ўйлаганчалик одатдаги шаҳвоний нафс эмас эди. Агар мен фақат кўзимга қон тўлганидан шундай қилган бўлсам, ҳовурим пасайгач, аёлни бир тепиб ташлардим-да, индамай ўз йўлимга кетаверардим. Ундай ҳолатда эр ҳам менинг қиличимни ўз қонига беламаган бўларди. Лекин мен ғира-шира оқшом чулғай бошлаган тўқайда аёлнинг юзларига кўзим тушдию токи унинг эрини ўлдирмагунимча ҳеч қаёққа кета олмаслигимни англадим.

Ичимда уни ўлдиришга аҳд қилган бўлсам ҳам, лекин разилона суиқасд йўлини тутишни истамадим. Унинг қўлларини бўшатдим-да, қиличбозлик қиламиз, дедим. Бояги дарахт танасида чувалашиб ётган арқонни мен ечиб отганман. Йигит афт-ангорини буриштирганча зил-замбилдай шамширини қинидан суғурдию лом-мим демай устимга ташланди. Бу олишувнинг қандай натижа билан якунланганини айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Йигирма учинчи зарбам бехато бўлди – қиличим унинг кўксига санчилди. Сиздан илтимос қиламан, эсингиздан чиқмасин – йигирма учинчи зарба! Ҳанузгача ёқамни ушлайман: у менинг қиличим билан ўз қиличини йигирма марта кесиштирган ягона инсондир!

У ерга йиқилган заҳотиёқ мен қонга бўялган шамширимни қўлимда маҳкам тутган кўйим аёл томонга ўгирилдим. Лекин, тасаввур қила оласизми, у ҳеч қаерда кўринмасди! Чакалакзорни тит-пит қилиб чиқдим. Аммо ерга тўкилиб ётган бамбук хазонларида унинг изи ҳам қолмаган эди. Бир жойда таққа тўхтаб, атрофга жимгина қулоқ тутган маҳалим эса, жон таслим қилаётган рақибимнинг ҳирқирашини эшитдим, холос.

Эҳтимол, биз олиша бошлаган пайтдаёқ аёл тўқайзорга чиқиб, кимнидир ёрдамга чорлагани кетгандир? Хаёлимга шундай фикр келиши биланоқ менинг ҳаётим ҳам қил устида турганини тушундим. Дарҳол марҳумнинг шамширини, ўқ-ёйини олдиму сўқмоққа ўзимни урдим. Аёлнинг оти ҳамон ўша жойда бамайлихотир ўтлаб юрган эди. Кейин нима бўлгани ҳақида валақлаб ўтириш – қоронғига кесак отиш билан баробардир. Фақат бир нарсани таъкидламоқчиман: пойтахтга йўл олишимдан аввал шамширимни қаёққадир ирғитиб юбордим. Мен шу айтганларимга иқрорман. Майли, каминани қийнаб-қийнаб қатл этингиз. Зотан, мен вақти келиб энг баланд симёғочга осиб ўлдирилишимни билар эдим (Кишининг қонини кўпиртириб юборадиган қиёфага киради).

Хотиннинг Киёмидзу ибодатхонасида қилган тавба-тазарруси

Кўк кийимли нотаниш киши мен билан бўлгач, дарахтга чирмаб ташланган эримга қаради-да, пичинг аралаш хахолаб юборди. Афтидан, эрим жонини қўйгани жой тополмай қолди! Лекин у қанчалик эшилиб-тўлғонмасин, ҳамма томонидан ўраб ташланган арқон баданига яна қаттиқроқ ботарди, холос. Мен беихтиёр у томонга интилдим – йўқ, интилишга уриниб кўрдим холос. Шу пайт нотаниш эркак оёғи билан бир тепиб мени ерга ағдариб олдию кейин бўлар иш бўлди. Худди ўша оний дамларда эримнинг кўзларидан қандайдир таърифга сиғмайдиган чақмоқ чақнаб кетганини кўриб қолдим. Таърифга сиғмайдиган чақмоқ… Мана ҳозир ҳам эримнинг кўзларини эсласам, вужудимга титроқ киряпти. Бир оғизгина гапириш имкониятидан маҳрум этилган эрим ўзининг бутун дарду аламини нигоҳи билан ифодалади. Лекин унинг кўзлари нафратни, изтиробни эмас, балки мендан жирканаётганини, ҳазар қилаётганини яққол ифодаларди! Мен нотаниш эркак етказаётган азобданмас, эримнинг нигоҳидан даҳшатга тушиб қичқириб юбордиму ҳушимдан кетдим.

Ҳушимга келганимда кўк кийимли нотаниш киши ғойиб бўлган эди. Эрим эса ҳамон дарахтга чирмаб ташланган кўйи ўтирарди. Бамбук хазонлари тўшамасидан зўр-базўр қаддимни тикладим-да, эримнинг юзларига синчиклаб тикилдим. Лекин унинг нигоҳида ҳеч нарса ўзгармаган эди; кўзларида жирканиш аломатлари балқиб турарди, аламини эса ичига ютган. Нима дейишга ҳайронман: ўша пайтда вужудимни ҳам уят, ҳам қайғу, ҳам ғазаб чулғаб олган эди. Мен довдираб ўрнимдан турдим-да, эримнинг ёнига келдим.

“Қулоқ солинг! Бундай шармисорликдан кейин мен сиз билан бирга яшолмайман. Жонимдан тўйдим – ўзимни ўлдираман. Лекин… лекин сиз ҳам ўлишингиз керак. Ахир сиз менинг номусим топталганини кўрдингиз. Энди сизни ҳам тирик қолдиролмайман”.

Мен қийнала-қийнала унга шу гапларни айтдим. Эрим эса ҳамон менга жирканиб қараб турарди. Мен ўзимни аранг қўлга олиб, юрагим қинидан чиққудай бўлиб ҳаприқмоқда эдим, эримнинг шамширини излай бошладим. Лекин ҳамма нарсани қароқчи ўмариб кетганга ўхшайди – нафақат шамшир, чакалакзорда ҳатто ўқ-ёй кўринмасди. Бахтимга ханжар оёқ остида ётган экан. Мен ханжарни топиб келдим-да, эримга яна бир бора: “Ҳозир мен сизнинг жонингизни оламану ортингиздан ўзим ҳам нариги дунёга равона бўламан”, дедим.

Эрим сўзларимни эшитган заҳоти зўр бериб лабларини қимирлатишга уриниб кўрди. Ўз-ўзидан равшанки, унинг товуши чиқмади, чунки унинг оғзига ниқтаб-ниқтаб бамбук япроқлари тиқилган эди. Унинг лабларига термилиб туриб, нима демоқчи эканини дарров тушундим: у ҳамон мендан ҳазар қилган кўйи фақат бир сўз айтди холос – “Ўлдир”. Мен деярли ақлу ҳушимдан айрилиб, унинг оқиш ҳаворанг кўйлаги тўсиб турган кўкрагига ханжаримни сопигача бир санчиб олдим.

Назаримда, шундан кейин мен яна ҳушимдан кетдим. Ўзимга келиб, мундай атрофимга қарасам, эрим худди аввалгидек, чирмаб боғланган ҳолда ўтирарди, фақат энди унинг нафас олиши эшитилмасди. Ҳар хил ниҳоллар билан бамбуклар аралаш-қуралаш бўлиб кетган қалин чакалакзорнинг шох-шаббалари орасидан эримнинг юзига уфққа энаётган қуёшнинг заррин нури тушди. Мен кўзёшларимни аранг тийиб жасадни чирмаб турган арқонни ечдим. Кейин… кейин менга нима бўлди? Бу ҳақда гапиришга мажолим етмайди. Нималар қилмадим-у, лекин бари бир ўзимни ўлдиришга куч тополмадим. Ханжарни ҳиқилдоғимга қадаб кўрдим, тоғ этагидаги кўлга ўзимни чўктирмоқчи бўлдим, яна… Хуллас, ўлмадим – тирик қолдим, афсуски, бу билан мен ҳечам мақтанолмайман (Жувон маъюс жилмайди). Балким раҳмдил, шафқатли санам Каннон мендайин ҳеч нарсага арзимайдиган бир махлуқдан юз ўгиргандир. Лекин мен муштипар – ўз эрининг бошини еган қотил, қароқчи номусига теккан бахтиқаро – нима қилайин! Мен… мен… нима… (У кутилмаганда қон-қора қақшаб йиғлай бошлайди.)

Марҳумнинг арвоҳи айтган гаплар

Қароқчи хотинимнинг висолига етишгач, унинг ёнига ўтирди-да, ҳар хил усуллар билан кўнглини овлай бошлади. Оғзимга бамбук япроқлари тиқилган эди, албатта. Ўзим эса дарахтга чандиб ташланганман. Шунга қарамай, тинмай кўзларим билан хотинимга имо-ишоралар қилардим. “Унинг гапларига ишонма, жоним! Ҳамма гаплари ёлғон!” демоқчи бўлардим. Аммо ғамбода хотиним тиззаларидан сира кўз узмасди. Афтидан, у қароқчининг гапларини жон қулоғи билан тинглаётганга ўхшарди. Мен эсам, рашкдан ёрилиб кетай дердим. Қароқчи бўлса, устомонлик билан тобора ўз мақсади сари яқинлашарди: бир марта номуси топталган аёл эри билан муроса қилиб яшолмайди. Шундоқ экан, энди у қароқчига, яъни унга тега қолса яхши бўлмасмикан? Ахир у бу аёлни севиб қолгани учунгина бебошлик қилди-ку!.. Қароқчи уялмай-нетмай қўрсайиб ана шунақа гапларни айтиб юборди.

Ниҳоят, қароқчининг сўзларини тинглаётган хотиним ўйга толганча бошини кўтарди. Мен авваллари ҳеч қачон унинг бу қадар дилбар эканини сезмаган эдим! Хўш, менинг жонон хотиним қароқчига нима деб жавоб қайтарди? Ҳозир мен бу дунёда сарсон-саргардон бўлиб юрибман-у, лекин хотинимнинг ўша гапини эсласам, бутун вужудим қаҳр-ғазабдан титрай бошлайди. Мана, хотинимнинг қароқчига берган жавоби: “Қани, мени бошингиз оққан томонга бошланг бўлмасам” (Сукунат узоқ давом этади).

Лекин хотинимнинг гуноҳи фақат шундангина иборат эмас. Агар унинг биттаю битта айби бўлганида эди, мен зулмат қўйнида бу даражада азобланиб, тентираб юрмасдим. Кейин тубандаги воқеа рўй берди: хотиним қароқчининг қўлидан ушлаганча унга эргашиб кета бошлади, мана, чакалакзорни тарк этишларига озгина қолди, шу пайт у кутилмаганда мурдадек оппоқ-оқариб жойида таққа тўхтадию джарахтга боғланган эрига қўлини бигиз қилиб: “Уни ўлдиринг! Токи у тирик экан, мен сиз билан битта тўшакда ётолмайман…” деди такрор-такрор, жазаваси тутиб. “Уни ўлдиринг!” – бу сўзлар мени ҳозир ҳам довул мисоли чексиз-чегарасиз зулмат комига итқитиб ташлаяпти. Наҳотки инсон фарзанди оғзидан қачонлардир бундан ҳам баттарроқ разилона сўзлар чиққан бўлса. Наҳотки, қачонлардир инсон фарзанди ана шундай аблаҳона сўзларни эшитган бўлса? Наҳотки қачонлардир, жилла қурса… (Кутилмаганда заҳарханда қаҳқаҳа янграйди.) Хотинимнинг оғзидан чиқаётган сўзларни эшитиб, ҳатто қароқчининг ранги ҳам бўзариб кетди. “Уни ўлдиринг!” деб қичқирмоқда эди хотиним, унинг енгидан тортқилаган кўйи. Қароқчи унга синчков назар солди-да, “ҳа” ҳам, “йўқ” ҳам демай, уни бир тепиб хазон устига ағдариб юборди. (Яна қўққисдан заҳарханда қаҳқаҳа янграйди). У қўлларини кўксига чалиштирганча мен томонга ўгирилди. “Бу аёлни нима қилсам экан-а? Ўлдирайми ё шафқат қилайми? Қайси гапимга рози бўлсангиз, бошингизни қимирлатинг. Ўлдирайми?..” Мен ана шу сўзлар учунгина қароқчининг ҳамма гуноҳларини кечиришга тайёр эдим (Яна узоққа чўзилган сукунат чўкади).

Мен қандай жавоб қайтаришни ўйлаётган пайтимда хотиним сапчиб ўрнидан турди-да, дод-фарёд кўтариб ўзини чакалакзорга урди. Қароқчи унинг орқасидан югурди, лекин унга етолмади шекилли, ёлғиз ўзи қайтиб келди. Менга буларнинг ҳаммаси гўё тушимда рўй бераётгандек туюларди.

Хотиним қочиб кетгандан сўнг, қароқчи менинг шамширимни, ўқ-ёйимни тортиб олди-да, арқоннинг бир жойини кесиб қўйди. Эсимда, у чакалакзор қўйнига яширинаётиб бундай деган эди: “Энди ўзимнинг жоним ҳақида қайғуришим керак”.

У кўздан ғойиб бўлиши биланоқ атрофга оғир сукунат чўкди. Йўқ, атрофга бутунлай сукунат чўкмаган эди – шундоқ ёнгинамда кимдир ҳўнг-ҳўнг йиғларди. Мен аъзойи баданимни чирмаб турган арқондан аста-секин халос бўлар эканман, диққатимни бир нуқтага жалб қилиб, теваракка қулоқ тутдим. Нима ўзи?.. Англадимки, менинг ўзим ўксиб-ўксиб йиғлаётган эканман. (Учинчи бора узоқ давом этган сукунат чўкади).

Ниҳоят, ҳолдан тойган гавдамни дарахтдан зўрға ажратдим. Рўпарамда хотинимнинг тушиб қолган ханжари ялтилларди. Мен уни қўлимга олдиму бир зарб билан кўксимга санчдим. Шу заҳотиёқ аллақандай қонга бўялган муштдек тош томоғимга тиқилганини ҳис этдим. Лекин бундан мен заррача ҳам азобланганим йўқ. Кўкрагим совигач, атроф яна жимжит бўлиб қолди. Оҳ, мозор сукунати эди бу! Тоғ этакларидаги тўқайзорда бирорта қуш ҳам сайрамасди. Фақат арчаю бамбук шохларида уфққа энаётган қуёшнинг заррин нурлари ўйноқларди, холос. Уфққа энаётган қуёш… Лекин унинг нурлари аста-секин сўнмоқда эди. Мана энди дарахтлар ҳам, бамбук ҳам кўринмай қолди. Кейин ерда чўзилиб ётган менинг вужудимни-да оғир сукунат чулғаб олди.

Шундан сўнг кимдир писиб-писиб менга яқинлаша бошлади. Мен бу шарпанинг ким эканини билмоқчи бўлдим. Лекин атроф зим-зиё тун эди. Кимдир… ўша кимса кўринмас қўллари билан кўксимдаги ханжарни астагина суғуриб олдию ўша заҳоти оғзимдан шариллаб қон келди. Охири мен абадулабад фано қаърига ғарқ бўлдим.

1922

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1986, №10, 154-160 бетлар

011

    Ryunoske Akutagava XX asr yapon adabiyotini jahonga tanitgan adiblardan biri. U yapon hikoyachilik san’atini yangi pog’onaga ko’tardi, xoh tarixiy, xoh zamonaviy mavzudagi asarlarini olib qarang, barchasida yapon millatiga xos an’analar, xarakterlar yaqqol ko’rinib turadi. Adib ijodidagi ko’plab namunalar dunyodagi barcha tillarga tarjima qilingan, talay hikoyalari ekranlashtirilgan.
Sizga taqdim etilayotgan hikoya avvalroq Ahmad A’zam tarjimasida saytimizda e’lon qilingan edi. Uni mana bu sahifada o’qishingiz mumkin.

044
Akutagava Ryunoske
TO’QAYDA
Rus tilidan Nabijon Boqiy tarjimasi
09

 Akutagava Ryunoske (1892.1.3 — Tokio — 1927.24.7) — o’z asarlari bilan yapon adabiyotini jahon miqyosiga chiqishini boshlab bergan adib sifatida tan olinadi. U ijodida g’arb va yapon adabieti an’analarini o’zaro uyg’unlashtirib, yapon an’anaviy tasvir va ifoda usulini yangi yo’nalishga burgan. Inson ongining «jumboq»ligi, oldindan aytib bo’lmaslik xususiyati ifodalangan hikoyalari — «Rasyomon darvozasi» (1915), «Burun» (1916) unga shuhrat keltiradi. «Kuz» (1920), «Sovuq» (1924) kabi psixologik hikoyalarida esa ijtimoiy yovuzlik dunyosida ezgulikning fojiaviy qismati aks etgan. «Suv alvastilari mamlakatida» (1927) ijtimoiy-fantastik majoziy asardir. Insonning yolg’izligi, uning vakt, tarix oldida ojizligi pand-nasihatdan iborat «Telbaning hayoti» (1927) nomli so’nggi asarining mavzuidir. Yapon madaniyatida beqiyos o’rin egallagani uchun «Akutagava» milliy mukofoti ta’sis etilgan.

09

Tergov chog’ida o’tinchining aytgan gaplari

Xuddi shunday, jasadni men topib oldim. Odatdagidek, bugun ertalab ham tog’ning ovloq o’ngirlaridan o’tin kesib kelgani jo’nadim va tog’ etaklaridagi chakalakzorda jonsiz jasadga ko’zim tushib qoldi. Aynan qaerda, deysizmi? Yamasinaga boriladigan yo’ldan to’rt-besh tyo ichkarida, bambuk bilan archalar aralash-quralash bo’lib, chirmashib o’sib yotgan xilvatgohda.

Jasadning egnida yenglari keng, oqish-zangori tusdagi suykan, boshida esa poytaxtliklar kiyadigan, rangi o’ngibroq qolgan ebosi qalpog’i bor edi. U chalqanchasiga yotardi. Ajabki, marhum tanasi faqat bir joyidan jarohatlangan edi, xolos. Lekin tig’ naq yurakka sanchilgani tufayli atrofdagi bambukdan to’kilgan yaproqlar ataylab qip-qizil suvga bo’ktirilganga o’xshardi. Biroq qon ketishi to’xtagan edi – jarohat o’rni yopishib qolgan, shekilli. Ha, darvoqe, bitta so’na mening qadam tovushlarimga parvo qilmay jarohatdan qon so’rib o’tiraverdi.

Yaqin atrofda shamshir yoki shunga o’xshash sovuq qurol ko’rinmadimi, demoqchimisiz? Yo’q, u yerda hech narsani uchratmadim. Faqat jasad yonidagi archa novdasida qandaydir arqon chuvalashib yotardi. Ha, yana… arqondan tashqari, o’sha joyda bitta taroq ham bor edi. Vassalom, jasad tevaragida ana shu ikki ashyodan bo’lak hech narsa ko’rinmadi. Yon-atrofdagi maysalaru xazonlar esa obdan teppa-tep qilingan edi – marhumning osonlikcha jon taslim etmagani yaqqol bilinib turardi. Nima, ot-pot yo’qmidi, deysizmi? Be, u yoqqa hech qanday ot borolmaydi-ku! Ot yuradigan so’qmoq ancha narida – chakalakzor ortida.

Ziyorat qilib yurgan rohibning tergovchiga aytganlari

Dorilbaqoga ravona bo’lmish banda bilan kamina kecha uchrashgan edim. Yanglishmasam, kecha tushlik mahalida. Qaerda, deysizmi? Sekiyamadan Yamasinaga boriladigan yo’lda. U otda o’tirgan bitta ayol bilan Sekiyama tomon ketayotgan edi. Ayol keng soyabonli qalpoq kiyib, yuzini yopinchiq bilan to’sib olgan ekan, uning aft-angoriga nazarim tushmadi. Lekin moshrang gulli shoyi ko’ylagi ko’rinib turardi. Ot qizg’ish, qirqilgan yolli edi. Bo’y-bastimi? Nazarimda, odatdagi otlardan to’rt sun chamasi balandroq edi… Qaydam, axir kamina rohibdir, alalxusus, o’tkinchi dunyo ishlariga unchalik tishim o’tmaydi. Erkakning… Ha, uning belida shamshiri, yelkasida o’qlangan kamoni bor edi. Hozir yana bir narsa aniq esimga tushdi: uning qop-qora, laklangan o’qdonida yigirmatacha o’q bor edi.

Voajab, uning shu taxlitda qaytish qilishini xayolimga keltirmagan edim. Darhaqiqat, odamzodning besh kunlik umri kiprikni bir marta qoqquningcha o’tadi-ketadi – ko’z ochsang, na shabnamdan, na chaqmoqdan nom-nishon qoladi. Eh-he, g’am-kulfatni so’z bilan bayon etib bo’larmikan, qavmlarim!

O’rmon qorovulining tergovchiga aytgan gaplari

Men qo’lga tushirgan kimsami? U – dong’i ketgan qaroqchi Tadzyomaru. Uni Avadagutidagi tosh ko’prik ustida otdan yiqilib, ingrab yotgan paytida ushlab oldim. Qachon, deysizmi? O’tgan kuni kechasi, tungi qorovullikni endigina boshlagan chog’imda. Avvalgi, men uni qo’lga tushirishimga bir bahya qolgan galda ham egnida ko’k suykan, belida qilichi bor edi. Ko’rib turibsizki, bu safar u o’q-yoy bilan ham qurollangan ekan. Shunaqami hali? Ushbu qurol-aslaha asfalasofilinga jo’natilgan kishinikimi? Unday bo’lsa, shubhasizki, Tadzyomaru qotildir. Charm torli kamon, laklangan qop-qora o’qdon, qirg’iy patli o’n yetti dona o’q – demak, bularning hammasi marhumga tegishli ekan-da. Marhamatingizdan foydalanib aytadigan bo’lsam, ot qizg’ish tusda, yoli esa qirqilgan edi. O’z-o’zidan ravshanki, qaroqchining peshonasiga yozilgani shu ekan – ot uni ustidan itqitib tashlapti. Jonivor ko’prikdan uncha uzoq bo’lmagan joyda, yo’l yoqasida o’tlamoqda edi, uzun tizgini esa orqasidan sudralib yurardi.

Shaharma-shahar izg’ib yuradigan boshqa qaroqchilardan farqli o’laroq, bu Tadzyomaru degani xotin zotiga juda hirs qo’ygan. Esingizdami, bultur tog’da – Akitoribeda, Bindzuru sharafiga qurilgan ibodatxona orqasida ziyoratga kelgan xotin bilan uning qizalog’ini o’ldirib ketishgan edi? Aytishlaricha, o’sha qotillikda ham mana shu gazandaning qo’li bor emish. Mana endi saman ot minib yo’lga chiqqan ayolni olib ko’raylik, xo’p, u erkakni gumdon qilibdi, lekin xotini qayoqda qoldi, unga nima bo’ldiykin? Noma’lum. Sizning ishingizga aralashayotganim uchun kechirasiz-u, lekin buni yaxshilab tekshirish lozim.

Kampirning tergovchiga aytgan gaplari

Ha, bu mening qizim turmushga chiqqan kishining jasadi. Lekin u poytaxtlik emas, u Vakasadagi Kokufu
qishlog’ilik samuray. Uning ismi Kanadzava Takexiro, yoshi yigirma oltida. Yo’q, kimdir u bilan qasdlashib qolganiga ishonmayman, chunki u juda ham beozor yigit edi.

Mening qizimmi? Uning ismi Masago, o’n to’qqiz yashar. U tabiatan xuddi erkaklardek dovyurak edi. Takexirogacha uning birorta ham jazmani bo’lmagan. Qizimning tashqi ko’rinishi bunday: qorachadan kelgan, chap ko’zining burchagida xoli bor, yuzi kichkina, cho’zinchoq.

Kecha Takexiro bilan qizim Vakasaga ketishgan edi. Qaysi gunohimiz evaziga boshimizga bunday ko’rgulik tushdi ekan-a? Qizimga nima bo’ldi? Nachora, kuyovimning peshonasiga yozilgani shu ekan, lekin qizimning taqdiri menga tinchlik bermayapti. Men, qari bir kampir, sizlarni duo qilaman – butun o’rmonni, o’tloqni qidiringlar, qizimni topib beringlar! Oti nimaydi… Tadzyomarumi… muncha yovuz bu diydoring qurg’ur qaroqchi! Na faqat kuyovimni, hatto qizimni ham… (Xun-xun bo’lib yig’laydi, ortiq bir og’iz gapirishga ham majoli yetmaydi.)

Tadzyomaruning iqrori

Bu odamni men o’ldirdim. Lekin juvonni o’ldirganim yo’q. Qayoqqa gum bo’ldi? Bu yog’ini endi o’zim ham bilmayman… Shoshmanglar! Meni qanchalik qiynoqqa solsalaring-da, o’zim bilmagan narsani baribir aytolmayman-ku, axir. Qolaversa, bo’lar ish bo’ldi, endi biror narsani yashirib o’tirishdan naf yo’q – men qo’rqoq emasman.

Bu yigit bilan uning xotinini kecha tushdan keyin uchratdim. Shamol kuchaydiyu uning yuzidagi shoyi yopinchiq ko’tarildi va ayolning chehrasi lip etib ko’z oldimdan o’tdi. Lip etib o’tdiyu yana yopinchiq orqasiga yashirindi, balki shuning uchundir, u menga farishtadek ko’rindi. Men shu zahotiyoq bu ayolning visoliga erini o’ldirib bo’lsa ham yetishishga ahd qildim.

Gaplarim sizlarga g’alati eshitilyaptimi? Tuf-e, shu ham ish bo’ldi-yu, erkak kishini o’ldirish oddiy yumush-ku! Kimki xotin zotiga talabgor bo’lsa, doimo uning erini narigi dunyoga jo’natadi. Faqat men belimda osig’lik yuradigan manavi qilich bilan o’ldiraman, sizlarning hammangiz esa qilichga qo’l yugurtirmaysizlar: sizlar hokimiyat bilan, pul bilan, ba’zan esa shirin so’zlar bilan o’ldirasizlar. To’g’ri, keyingi hollarda qon to’kilmaydi – erkakning joni omon qoladi. Lekin aslida, uning joni emas, quruq jasadigina qoladi, xolos. Xo’sh, qani, bir taroziga solib ko’rmaylik-chi, kimning gunohi og’irroq ekan – sizlarnikimi yoki menikimi, kim bilsin!

Ammo bu deganim, otasini o’ldirib, onasining boshini uqalamasam ko’nglim joyiga tushmaydi, degan gap emas. Bu safar hatto qon to’kmasdan, yaxshilikcha o’sha juvonni xotin qilmoqchi bo’ldim. Ma’lumki, bunday narsalar bilan serqatnov yo’lning ustida shug’ullanmaydilar. Shuning uchun men ularni aldab-suldab chakalakzor ichkarisiga olib kirib ketishni lozim topdim.

G’isht qolipdan oson ko’chdi: ularga yolg’ondakam yo’lovchi sifatida qo’shilib oldim-da, “tog’ etaklarida qadimiy bir qo’rg’on bor ekan, men uni qazib ko’rganman, eh-he, ko’zgu , qilich deganlari tiqilib yotibdi, topildiqlarning hammasini yot kishilarning ko’zi tushmasin deb chakalakzorga ko’mib qo’ydim, agar xaridor topilsa, har qanday buyumni arzon-garov pullashim mumkin”, dedim. Yigit gaplarimga laqqa ishona boshladi. Mana bunga nima deysizlar endi: ochko’zlik bedavo dard ekan-da! Oradan yarim soatcha vaqt o’tar-o’tmas ular otlarini so’qmoqqa burishdiyu men bilan birgalikda tog’ etaklari tomon yo’nalishdi.

Biz chakalakzorga yetganimizdan so’ng, buyumlarni eng qalin to’qayzorga ko’mib qo’yganman, dedim va ularga o’sha yerga borib ko’rishni taklif etdim. Yigit junbishga kelgan edi – darrov rozi bo’ldi. Lekin juvon, otdan tushmayman, shu yerda kutib turaman, dedi. Bu, qalin to’qayzorda amalga oshirilishi mumkin bo’lgan eng oqilona tadbir edi. Zero, juvonning o’zi-da oqila edi.

Qolgan ishlar xamirdan qil sug’urgandek yengil ko’chdi: ayol yolg’iz qoldi, men erkakni to’qayga piyoda boshlab bordim. Tevarak-atrof bambukzor edi. Lekin yarim tyocha yo’l yurganimizdan keyin bir-biriga chirmashib o’sgan archazorga duch keldik. Ko’nglimdagi niyatimni ro’yobga chiqarishim uchun bundan qulayroq joy topishim dushvor edi. Shox-shabbalarni nari-beri surib olg’a yurganimcha, xazina shu atrofdagi bir archa ostiga ko’milgan, deya to’qib-bichib hikoya qilaverdim. Yigit gapimni eshitib, huv narida ko’zga tashlanayotgan archalar tomon shosha-pisha ketaverdi. Bambuklar har-har zamonda bir uchrardi, xolos. Nihoyat, qalingina archazorga yetdik va men kutilmaganda unga tashlandimu tagimga bosib oldim. Qarabsizki, bir zumdan keyin u qo’li qayrilgan ko’yi daraxtga bog’liq holda o’tirardi. Arqonmi? Qay bir qaroqchi arqonsiz yuradi o’zi? Arqonni belimga bog’lab olgan edim, axir tasodifan birorta g’ovga duch kelib qolsam, u har daqiqada menga asqotishi mumkin-da. O’z-o’zidan ravshanki, u baqirib-chaqirmasligi uchun og’ziga bambuk yaproqlaridan tiqib qo’ydim – endi unga zarracha ham e’tibor bermaslik mumkin.

Yigitni bir yoqlik qilganimdan so’ng, juvonning oldiga bordim-da, shunday-shunday, birdan yo’ldoshingizning tobi qochib qoldi, borib uning holidan xabar olsangiz bo’lardi, dedim. Bu safar ham o’z maqsadimga erishganimni gapirib o’tirishga hojat bo’lmasa kerak. Ayol boshidagi keng soyabonli qalpog’ini yechdi, qo’limdan mahkam tutgancha ortimdan to’qay tomon ergashdi. Biroq eri daraxtga chirmab qo’yilgan maydonga kelishimiz bilan, eriga ko’zi tushishi barobarida shartta qo’ynidan xanjarini sug’urib oldi. Men ilgari biror marta ham bunday tiyiqsiz, dovyurak xotinga duch kelmaganman. O’sha paytda sal-pal g’aflatda qolganimda bormi, naq qornimga tig’ sanchilardi. Lekin men kutilmagan qaltis zarbaga chap berdim. U esa hamon uyalmasdan o’ng kelgan joyimga xanjarini tiqib olmoqchi bo’lardi. Biroq meni bekorga Tadzyomaru deyishmaydi axir – oxir-oqibatda qilichimni qinidan sug’irmasdan uning qo’lidagi xanjarni urib tushirishga muvaffaq bo’ldim. Qurol-yaroqsiz esa eng jasur ayol ham hech narsa qilolmaydi. Nihoyat, men erini narigi dunyoga jo’natmasdan ham xotinning visoliga yetishdim.

Ha, erini narigi dunyoga jo’natmadim. Murodim hosil bo’lgandan keyin ham uni gumdon qilish niyatim yo’q edi. Ammo yerda yotgancha yum-yum yig’layotgan ayoldan yuz o’girib, endi to’qay ichkarisiga ravona bo’lishga shaylangan chog’imda, u birdan yengimga osilib oldiyu: “Yoki  siz o’lishingiz lozim, yoki erim… ikkovingizdan biringiz o’lishingiz kerak. Ikkita erkakning ko’z o’ngida sharmisor bo’lish – o’limdan ham og’ir… Ikkingizdan biringiz o’lishingiz shart… men esam, tirik qolgan erkak bilan birga ketaman”, deb qichqirdi bo’g’ilib-bo’g’ilib. Shundan keyin bu erkakni o’ldirish istagi tug’ildi.

Yuqorida aytgan gaplarimdan keyin men sizlarda juda ham berahm kishidek yomon taassurot qoldirishim mumkin. Daf’atan shunday tuyuladi, chunki sizlar o’sha ayolning oydek jamolini, yonib turgan, yolqin sochayotgan ko’zlarini ko’rmadingiz. Bu ayol bilan nigohlarimiz to’qnashgach, osmon uzilib boshimga tushsa ham men uni o’zimga xotin qilib olishni shunchalar istadimki, asti qo’yaverasiz. Ko’nglimda faqat bitta niyatim bor edi xolos – qanday bo’lmasin uni xotin qilib olsam, bas, vassalom. Yo’q, bu narsa sizlar o’ylaganchalik odatdagi shahvoniy nafs emas edi. Agar men faqat ko’zimga qon to’lganidan shunday qilgan bo’lsam, hovurim pasaygach, ayolni bir tepib tashlardim-da, indamay o’z yo’limga ketaverardim. Unday holatda er ham mening qilichimni o’z qoniga belamagan bo’lardi. Lekin men g’ira-shira oqshom chulg’ay boshlagan to’qayda ayolning yuzlariga ko’zim tushdiyu toki uning erini o’ldirmagunimcha hech qayoqqa keta olmasligimni angladim.

Ichimda uni o’ldirishga ahd qilgan bo’lsam ham, lekin razilona suiqasd yo’lini tutishni istamadim. Uning qo’llarini bo’shatdim-da, qilichbozlik qilamiz, dedim. Boyagi daraxt tanasida chuvalashib yotgan arqonni men yechib otganman. Yigit aft-angorini burishtirgancha zil-zambilday shamshirini qinidan sug’urdiyu lom-mim demay ustimga tashlandi. Bu olishuvning qanday natija bilan yakunlanganini aytib o’tirishga hojat bo’lmasa kerak. Yigirma uchinchi zarbam bexato bo’ldi – qilichim uning ko’ksiga sanchildi. Sizdan iltimos qilaman, esingizdan chiqmasin – yigirma uchinchi zarba! Hanuzgacha yoqamni ushlayman: u mening qilichim bilan o’z qilichini yigirma marta kesishtirgan yagona insondir!

U yerga yiqilgan zahotiyoq men qonga bo’yalgan shamshirimni qo’limda mahkam tutgan ko’yim ayol tomonga o’girildim. Lekin, tasavvur qila olasizmi, u hech qaerda ko’rinmasdi! Chakalakzorni tit-pit qilib chiqdim. Ammo yerga to’kilib yotgan bambuk xazonlarida uning izi ham qolmagan edi. Bir joyda taqqa to’xtab, atrofga jimgina quloq tutgan mahalim esa, jon taslim qilayotgan raqibimning hirqirashini eshitdim, xolos.

Ehtimol, biz olisha boshlagan paytdayoq ayol to’qayzorga chiqib, kimnidir yordamga chorlagani ketgandir? Xayolimga shunday fikr kelishi bilanoq mening hayotim ham qil ustida turganini tushundim. Darhol marhumning shamshirini, o’q-yoyini oldimu so’qmoqqa o’zimni urdim. Ayolning oti hamon o’sha joyda bamaylixotir o’tlab yurgan edi. Keyin nima bo’lgani haqida valaqlab o’tirish – qorong’iga kesak otish bilan barobardir. Faqat bir narsani ta’kidlamoqchiman: poytaxtga yo’l olishimdan avval shamshirimni qayoqqadir irg’itib yubordim. Men shu aytganlarimga iqrorman. Mayli, kaminani qiynab-qiynab qatl etingiz. Zotan, men vaqti kelib eng baland simyog’ochga osib o’ldirilishimni bilar edim (Kishining qonini ko’pirtirib yuboradigan qiyofaga kiradi).

Xotinning Kiyomidzu ibodatxonasida qilgan tavba-tazarrusi

Ko’k kiyimli notanish kishi men bilan bo’lgach, daraxtga chirmab tashlangan erimga qaradi-da, piching aralash xaxolab yubordi. Aftidan, erim jonini qo’ygani joy topolmay qoldi! Lekin u qanchalik eshilib-to’lg’onmasin, hamma tomonidan o’rab tashlangan arqon badaniga yana qattiqroq botardi, xolos. Men beixtiyor u tomonga intildim – yo’q, intilishga urinib ko’rdim xolos. Shu payt notanish erkak oyog’i bilan bir tepib meni yerga ag’darib oldiyu keyin bo’lar ish bo’ldi. Xuddi o’sha oniy damlarda erimning ko’zlaridan qandaydir ta’rifga sig’maydigan chaqmoq chaqnab ketganini ko’rib qoldim. Ta’rifga sig’maydigan chaqmoq… Mana hozir ham erimning ko’zlarini eslasam, vujudimga titroq kiryapti. Bir og’izgina gapirish imkoniyatidan mahrum etilgan erim o’zining butun dardu alamini nigohi bilan ifodaladi. Lekin uning ko’zlari nafratni, iztirobni emas, balki mendan jirkanayotganini, hazar qilayotganini yaqqol ifodalardi! Men notanish erkak yetkazayotgan azobdanmas, erimning nigohidan dahshatga tushib qichqirib yubordimu hushimdan ketdim.

Hushimga kelganimda ko’k kiyimli notanish kishi g’oyib bo’lgan edi. Erim esa hamon daraxtga chirmab tashlangan ko’yi o’tirardi. Bambuk xazonlari to’shamasidan zo’r-bazo’r qaddimni tikladim-da, erimning yuzlariga sinchiklab tikildim. Lekin uning nigohida hech narsa o’zgarmagan edi; ko’zlarida jirkanish alomatlari balqib turardi, alamini esa ichiga yutgan. Nima deyishga hayronman: o’sha paytda vujudimni ham uyat, ham qayg’u, ham g’azab chulg’ab olgan edi. Men dovdirab o’rnimdan turdim-da, erimning yoniga keldim.

“Quloq soling! Bunday sharmisorlikdan keyin men siz bilan birga yasholmayman. Jonimdan to’ydim – o’zimni o’ldiraman. Lekin… lekin siz ham o’lishingiz kerak. Axir siz mening nomusim toptalganini ko’rdingiz. Endi sizni ham tirik qoldirolmayman”.

Men qiynala-qiynala unga shu gaplarni aytdim. Erim esa hamon menga jirkanib qarab turardi. Men o’zimni arang qo’lga olib, yuragim qinidan chiqquday bo’lib hapriqmoqda edim, erimning shamshirini izlay boshladim. Lekin hamma narsani qaroqchi o’marib ketganga o’xshaydi – nafaqat shamshir, chakalakzorda hatto o’q-yoy ko’rinmasdi. Baxtimga xanjar oyoq ostida yotgan ekan. Men xanjarni topib keldim-da, erimga yana bir bora: “Hozir men sizning joningizni olamanu ortingizdan o’zim ham narigi dunyoga ravona bo’laman”, dedim.

Erim so’zlarimni eshitgan zahoti zo’r berib lablarini qimirlatishga urinib ko’rdi. O’z-o’zidan ravshanki, uning tovushi chiqmadi, chunki uning og’ziga niqtab-niqtab bambuk yaproqlari tiqilgan edi. Uning lablariga termilib turib, nima demoqchi ekanini darrov tushundim: u hamon mendan hazar qilgan ko’yi faqat bir so’z aytdi xolos – “O’ldir”. Men deyarli aqlu hushimdan ayrilib, uning oqish havorang ko’ylagi to’sib turgan ko’kragiga xanjarimni sopigacha bir sanchib oldim.

Nazarimda, shundan keyin men yana hushimdan ketdim. O’zimga kelib, munday atrofimga qarasam, erim xuddi avvalgidek, chirmab bog’langan holda o’tirardi, faqat endi uning nafas olishi eshitilmasdi. Har xil nihollar bilan bambuklar aralash-quralash bo’lib ketgan qalin chakalakzorning shox-shabbalari orasidan erimning yuziga ufqqa enayotgan quyoshning zarrin nuri tushdi. Men ko’zyoshlarimni arang tiyib jasadni chirmab turgan arqonni yechdim. Keyin… keyin menga nima bo’ldi? Bu haqda gapirishga majolim yetmaydi. Nimalar qilmadim-u, lekin bari bir o’zimni o’ldirishga kuch topolmadim. Xanjarni hiqildog’imga qadab ko’rdim, tog’ etagidagi ko’lga o’zimni cho’ktirmoqchi bo’ldim, yana… Xullas, o’lmadim – tirik qoldim, afsuski, bu bilan men hecham maqtanolmayman (Juvon ma’yus jilmaydi). Balkim rahmdil, shafqatli sanam Kannon mendayin hech narsaga arzimaydigan bir maxluqdan yuz o’girgandir. Lekin men mushtipar – o’z erining boshini yegan qotil, qaroqchi nomusiga tekkan baxtiqaro – nima qilayin! Men… men… nima… (U kutilmaganda qon-qora qaqshab yig’lay boshlaydi.)

Marhumning arvohi aytgan gaplar

Qaroqchi xotinimning visoliga yetishgach, uning yoniga o’tirdi-da, har xil usullar bilan ko’nglini ovlay boshladi. Og’zimga bambuk yaproqlari tiqilgan edi, albatta. O’zim esa daraxtga chandib tashlanganman. Shunga qaramay, tinmay ko’zlarim bilan xotinimga imo-ishoralar qilardim. “Uning gaplariga ishonma, jonim! Hamma gaplari yolg’on!” demoqchi bo’lardim. Ammo g’amboda xotinim tizzalaridan sira ko’z uzmasdi. Aftidan, u qaroqchining gaplarini jon qulog’i bilan tinglayotganga o’xshardi. Men esam, rashkdan yorilib ketay derdim. Qaroqchi bo’lsa, ustomonlik bilan tobora o’z maqsadi sari yaqinlashardi: bir marta nomusi toptalgan ayol eri bilan murosa qilib yasholmaydi. Shundoq ekan, endi u qaroqchiga, ya’ni unga tega qolsa yaxshi bo’lmasmikan? Axir u bu ayolni sevib qolgani uchungina beboshlik qildi-ku!.. Qaroqchi uyalmay-netmay qo’rsayib ana shunaqa gaplarni aytib yubordi.

Nihoyat, qaroqchining so’zlarini tinglayotgan xotinim o’yga tolgancha boshini ko’tardi. Men avvallari hech qachon uning bu qadar dilbar ekanini sezmagan edim! Xo’sh, mening jonon xotinim qaroqchiga nima deb javob qaytardi? Hozir men bu dunyoda sarson-sargardon bo’lib yuribman-u, lekin xotinimning o’sha gapini eslasam, butun vujudim qahr-g’azabdan titray boshlaydi. Mana, xotinimning qaroqchiga bergan javobi: “Qani, meni boshingiz oqqan tomonga boshlang bo’lmasam” (Sukunat uzoq davom etadi).

Lekin xotinimning gunohi faqat shundangina iborat emas. Agar uning bittayu bitta aybi bo’lganida edi, men zulmat qo’ynida bu darajada azoblanib, tentirab yurmasdim. Keyin tubandagi voqea ro’y berdi: xotinim qaroqchining qo’lidan ushlagancha unga ergashib keta boshladi, mana, chakalakzorni tark etishlariga ozgina qoldi, shu payt u kutilmaganda murdadek oppoq-oqarib joyida taqqa to’xtadiyu djaraxtga bog’langan eriga qo’lini bigiz qilib: “Uni o’ldiring! Toki u tirik ekan, men siz bilan bitta to’shakda yotolmayman…” dedi takror-takror, jazavasi tutib. “Uni o’ldiring!” – bu so’zlar meni hozir ham dovul misoli cheksiz-chegarasiz zulmat komiga itqitib tashlayapti. Nahotki inson farzandi og’zidan qachonlardir bundan ham battarroq razilona so’zlar chiqqan bo’lsa. Nahotki, qachonlardir inson farzandi ana shunday ablahona so’zlarni eshitgan bo’lsa? Nahotki qachonlardir, jilla qursa… (Kutilmaganda zaharxanda qahqaha yangraydi.) Xotinimning og’zidan chiqayotgan so’zlarni eshitib, hatto qaroqchining rangi ham bo’zarib ketdi. “Uni o’ldiring!” deb qichqirmoqda edi xotinim, uning yengidan tortqilagan ko’yi. Qaroqchi unga sinchkov nazar soldi-da, “ha” ham, “yo’q” ham demay, uni bir tepib xazon ustiga ag’darib yubordi. (Yana qo’qqisdan zaharxanda qahqaha yangraydi). U qo’llarini ko’ksiga chalishtirgancha men tomonga o’girildi. “Bu ayolni nima qilsam ekan-a? O’ldiraymi yo shafqat qilaymi? Qaysi gapimga rozi bo’lsangiz, boshingizni qimirlating. O’ldiraymi?..” Men ana shu so’zlar uchungina qaroqchining hamma gunohlarini kechirishga tayyor edim (Yana uzoqqa cho’zilgan sukunat cho’kadi).

Men qanday javob qaytarishni o’ylayotgan paytimda xotinim sapchib o’rnidan turdi-da, dod-faryod ko’tarib o’zini chakalakzorga urdi. Qaroqchi uning orqasidan yugurdi, lekin unga yetolmadi shekilli, yolg’iz o’zi qaytib keldi. Menga bularning hammasi go’yo tushimda ro’y berayotgandek tuyulardi.

Xotinim qochib ketgandan so’ng, qaroqchi mening shamshirimni, o’q-yoyimni tortib oldi-da, arqonning bir joyini kesib qo’ydi. Esimda, u chakalakzor qo’yniga yashirinayotib bunday degan edi: “Endi o’zimning jonim haqida qayg’urishim kerak”.

U ko’zdan g’oyib bo’lishi bilanoq atrofga og’ir sukunat cho’kdi. Yo’q, atrofga butunlay sukunat cho’kmagan edi – shundoq yonginamda kimdir ho’ng-ho’ng yig’lardi. Men a’zoyi badanimni chirmab turgan arqondan asta-sekin xalos bo’lar ekanman, diqqatimni bir nuqtaga jalb qilib, tevarakka quloq tutdim. Nima o’zi?.. Angladimki, mening o’zim o’ksib-o’ksib yig’layotgan ekanman. (Uchinchi bora uzoq davom etgan sukunat cho’kadi).

Nihoyat, holdan toygan gavdamni daraxtdan zo’rg’a ajratdim. Ro’paramda xotinimning tushib qolgan xanjari yaltillardi. Men uni qo’limga oldimu bir zarb bilan ko’ksimga sanchdim. Shu zahotiyoq allaqanday qonga bo’yalgan mushtdek tosh tomog’imga tiqilganini his etdim. Lekin bundan men zarracha ham azoblanganim yo’q. Ko’kragim sovigach, atrof yana jimjit bo’lib qoldi. Oh, mozor sukunati edi bu! Tog’ etaklaridagi to’qayzorda birorta qush ham sayramasdi. Faqat archayu bambuk shoxlarida ufqqa enayotgan quyoshning zarrin nurlari o’ynoqlardi, xolos. Ufqqa enayotgan quyosh… Lekin uning nurlari asta-sekin so’nmoqda edi. Mana endi daraxtlar ham, bambuk ham ko’rinmay qoldi. Keyin yerda cho’zilib yotgan mening vujudimni-da og’ir sukunat chulg’ab oldi.

Shundan so’ng kimdir pisib-pisib menga yaqinlasha boshladi. Men bu sharpaning kim ekanini bilmoqchi
bo’ldim. Lekin atrof zim-ziyo tun edi. Kimdir… o’sha kimsa ko’rinmas qo’llari bilan ko’ksimdagi xanjarni astagina sug’urib oldiyu o’sha zahoti og’zimdan sharillab qon keldi. Oxiri men abadulabad fano qa’riga g’arq bo’ldim.

1922

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 1986, №10, 154-160 betlar

011

(Tashriflar: umumiy 479, bugungi 1)

Izoh qoldiring