Zebo Rahimova. So’z aytmoq iztirobi & Yurak — hayotimning bayrog’i.

03   Қачонлардир ҳаммамиз Орзулар мамлакатида, болаликнинг сирли диёрида бўлганмиз. Бу сеҳрли диёрнинг тўрт фасли ҳам эртак: сураткаш қишлари тугамайдиган, баҳорлари сўрамасдан юрагингга кириб келадиган, сўлим ёзлари боғ-роғларда кечадиган узун таътиллардан, беқасам кузлари бир текис пахтазорлардан иборат эди. Шу чексиз-чегарасиз туюлган дунёнинг ранг-баранг қиёфалари ичида суюниб, куюниб улғайганман. Мени ўраб турган борлиқ шу қадар бетакрор ва улуғвор, шу қадар дахлсиз ва дахлдор, шу қадар мафтункор ва …ситамкор эдики, мен уни англашга уриниб сўз айтиш касалини орттириб олдим. Бу эҳтиёж ўсиб-улғайиб юрагимга азоб берадиган бўлди. Балки, шоирлик шудир.

Зебо Раҳимова
СЎЗ АЙТМОҚ ИЗТИРОБИ
011

    Даставвал бу таклиф менга қизиқ туюлди. Уй бекаси бўлсам, анча йиллардан буён рўзғор билан андармон бўлиб юрган аёл кўпчиликка нима янгилик ҳам айтарди деб ўйладим. Аммо, юрак-юрагимда товланиб, тинчлик бермаётган соғинчнинг ранги, турмушнинг ҳар қандай паст-баландида ҳам мени тарк этмаган, бўғзимга тиқилиб ташқарига чиққиси келган Сўз ва уни айтиш бахти мени фикримдан қайтарди. Мен бу иборадан “азоби” сўзини тушириб қолдирдим. Зотан, ҳар бир ижодкорнинг ҳаёти аслида ижодий изтироблар, Сўзнинг айтилиш азоблари ичида кечади. Энди, мавзуга қайтамиз.

Қачонлардир ҳаммамиз Орзулар мамлакатида, болаликнинг сирли диёрида бўлганмиз. Бу сеҳрли диёрнинг тўрт фасли ҳам эртак: сураткаш қишлари тугамайдиган, баҳорлари сўрамасдан юрагингга кириб келадиган, сўлим ёзлари боғ-роғларда кечадиган узун таътиллардан, беқасам кузлари бир текис пахтазорлардан иборат эди. Шу чексиз-чегарасиз туюлган дунёнинг ранг-баранг қиёфалари ичида суюниб, куюниб улғайганман. Мени ўраб турган борлиқ шу қадар бетакрор ва улуғвор, шу қадар дахлсиз ва дахлдор, шу қадар мафтункор ва …ситамкор эдики, мен уни англашга уриниб сўз айтиш касалини орттириб олдим. Бу эҳтиёж ўсиб-улғайиб юрагимга азоб берадиган бўлди. Балки, шоирлик шудир.

Бир куни тонгда нималардир ёздим. Ўчоқбошида, тутантириқ учун қўйилган қоғоз бўлакчасига, қуёшни олқишлаб. Қоғозни супада бобом билан суҳбатлашиб ўтирган отамга олиб бориб бердим. Отам қоғозни ажабланиб олдилар-да, бир муддат тикилиб қолдилар. Кейин бобомга юзланиб “Набирангиз шеър ёзибди” дедилар. Қоғозчага: “Эй, қуёш! Нурингни соч! Яшнасин боғлар, Гўзал боғда сайр этсин, Қари-ёш!”, деб ёзилганди.

Мен ўшанда бошланғич синфни тугатгандим. Ўша тонг сердарахт ҳовлимиздаги соялар қуюқ, қуёш нурлари тўқ зарғалдоқ рангда эди. Бу кун менинг тасаввуримда нурнинг ҳам, соянинг ҳам залвори, вазни борлигини илк туйган куним сифатида яшаб қолди. Адабиёт, шеър ҳақидаги тасаввурларим шундан бошланган.

Оилада кўпчилик ўсганмиз. Менга аксарият ижодкорлар каби бобо ёки бувидан эртак эшитиб катта бўлиш насиб қилмаган. Улардан бир кунлик йўл узоқлигидаги манзилда яшаганмиз. Аммо мен тирик эртаклар ичида ўсиб-улғайганман. Бобом ва бувимнинг ўзлари менинг энг азиз, энг қимматбаҳо эртакларим эдилар. Азиз онажоним ҳамиша эртакларимнинг асосий қаҳрамони бўлган. Отам ҳам, онам ҳам саводхон кишилар эди. Отам хўжаликда бош агроном бўлиб ишлардилар. Уйимизда китоблардан ташқари турли даврий нашрлар бўларди. Ўзим тушуниб-тушунмай шеър ёзган кунимдан бошлаб ҳаётимда янги бир босқич, мутолаа даври бошланган. Менинг мутолаага бўлган иштиёқим ҳаммани ажаблантирарди. Вақт топдим дегунча халқ достонларини, турли эртаклар, ўзбек халқ мақолларини ўқирдим. Улар ҳақли равишда менинг илк устозларимдир. 8-синфда Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”си, эрон ҳикоялари, Тагор, Тургенев, Пушкин, Лермонтов, Толстой асарлари билан танишдим. Ҳаётимнинг шу даврида ҳаёт аслида эртак бўлмаганини, меҳнат ва машаққатлар ўз навбатини кутиб турганини тушунганман. Чунки, китоб ўқишга ҳамиша ҳам вақт ва имкон бўлавермаган. Қишлоқда яшаганлар бунинг нима эканлигини яхши билишади.

Отам ҳар бир газета ва журнални диққат билан кузатиб борар, мақолаларга муносабат билдирар, айрим материалларни ўтирганларга шарҳлаб берардилар. Отамнинг бу қадар билимдонлигига ҳавасим келарди. Отам шоҳ Машраб ғазалларини яхши кўрар, гоҳо уйимизда машрабхонлик кечалари бўларди. Онам ажойиб уй бекаси, зукко, мулоҳазали, ҳунарманд аёл эдилар. Уй-рўзғор юмушларидан, томорқа ишларидан қўллари бўшади дегунча ўтириб кашта тикардилар. Ҳозир ҳам онамнинг кашта гулларига игна ургач, қулоч ёзиб узун-узун савоқ тортишлари, иш тика туриб чиройли хиргойи қилишлари кўз ўнгимдан кетмайди. Бугун ўйлаб қарасам, юрагимнинг туб-тубида шоир бўлишдан аввал уларга муносиб фарзанд бўлиш истаги бўлган экан.

Мактабда ўқийман. Туман газетасида қатнашиб тураман. Бир сафар таътилда акам Тошкентдан кичик бир шеърий тўплам кўтариб келди. “Шеър ёзаман дейсан, бу шоир кимлигини биласанми?”, деб савол-сўроққа тутди. Билсам, бу элимизнинг ардоқли шоири Абдулла Ориповнинг шеърлари экан. Шу куни уйимизда оилавий “абдуллахонлик” куни бўлган. Шу тариқа А. Орипов, Э. Воҳидов, кейинроқ эса Муҳаммаджон Раҳмон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Ҳалима Худойбердиевалар ижоди билан танишдим. Уларнинг асарларини излаб топиб, ўқийдиган бўлдим. Талабалик давримизда уларнинг жўшқин шеърияти яловбардор эди. Биз талабалар ана шу ҳуррият шабадалари эсиб турган шеърият гулхани тафтида тобланиб, тарбият топдик.

Талабалик давримизда “Гулистон” журнали таҳририятига кўп борардик. Бу маърифат масканида Асқад Мухтор бош муҳаррир эди. Биз ёшлар бу ерга Маҳмуд Саъдий, Мурод Хидир бошчилигидаги китоб ва унинг мутолаасига, жаҳон адабиёти янгиликларига оид қизиқарли суҳбатларни тинглагани келардик. Турмушга чиққанимда яхшигина кутубхонам бор эди. Мактаб давридан “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Фан ва турмуш” каби журналларни, айрим газеталарни йиққанман…

Ўқишни тугатиб, туман газетасида ишладим. Бир гал Тошкентга иш билан келиб устоз Муҳаммаджон Раҳмонни (Аллоҳ раҳмат қилсин) зиёрат қилиш учун нашриётга ўтдим. Салом-аликдан сўнг “Қани, шеърларни беринг-чи” дедилар. Мен жимгина ерга қарадим. Устозга шеърсиз келганимни айтиб, яхшигина дакки эшитиб олдим. “Одам ҳам шундан шунга шеърсиз, йўлакай келадими?”, дедилар. Бу танбеҳ шусиз ҳам оғриб юрган жонимдан ўтиб кетди. Кейинги сафар юрак ютиб бир папка шеър кўтариб келдим. Муҳаммаджон акага шеърлар жуда манзур бўлди. Бу шеърлар устоз Усмон Азим тавсияси билан “Саодат” ҳамда “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Ёш куч”, “Сирли олам” журналларида чоп этилди.

Матбуотда анчагина шеърларим эълон қилинганига, бу шеърлар мухлислар муҳаббатини қозониб улгурганига қарамай кўнглимдаги бир безовталик, беқарорлик, беҳудлик менга тинчлик бермади. Фақат, вақти келиб мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”и:

Тингла най андоқ ҳикоятлар қилур,
Ким, жудоликдин шикоятлар қилур…

ва ҳазрат Навоийнинг бетакрор ғазалларидан баҳраманд бўлиб, ҳақиқий ишқу ошиқлик тафсилотларидан хабардор бўлгачгина кўнглимдаги йиғининг асл сабабини англагандек бўлдим. Машҳур “Қаро кўзим”да шундай байт бор:

Таковарингга бағир қонидан ҳино боғла,
Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил…

Биргина шу фидоликни англаш учун мумтоз адабиётни билишимиз керак экан. Мумтоз адабиётимизни билмай туриб Сўз айтиш мумкин эмас. Ўзлигини англамаган ижодкор ўзгага нима янгилик ҳам айтарди. Дарахт илдизи билан тирик. Ҳар бир истеъдод ҳам дунёга келгач, аввало, тарбият топади, униб-ўсади, камолга етиш даврини бошдан кечиради. Бу жараёнда мумтоз адабиётимизни, менталитетимизга хос шарқ фалсафасини ўзлаштириш биринчи ўринда туриши керак. Асл нарса ҳамма даврларда ҳам ўз қийматига эга бўлади. Адабиётнинг ранг-баранглиги, янгича кўринишлари эса ижод табиати билан боғлиқ ҳодиса. Ўз илдизида мустаҳкам турган ижодкор кучли замонавий асар ёза олади. Фақат шундай асарлар Вақт тўзонига бардош беради ва келажак авлод учун яшаб қолади.

Ҳар бир одам елкасида инсон бўлиш мажбурияти бор. Ҳар бир инсон зиммасида бахтли бўлиш масъулияти бор. Биз минг йиллик эврилишлар арафасида ижод саҳнига кириб келгандик. Биз ана шу улкан тарихий эврилишни яшадик. Буюк Вақт довонининг бу бетида Истиқлол билан юзма-юз келдик. Бу тарихий жараёнлар ҳаётимизда кечди ва унда ўчмас из қолдирди. Буюк Вақт довонини ошиб ўтганлар билан Истиқлол йиллари туғилиб, вояга етганлар орасида ана шундай фарқ бор. Аммо, ҳамма даврларда ҳам адабиётнинг вазифаси битта бўлган: комил инсон тарбияси. Соғлом адабиёт соғлом авлодни тарбиялайди. Адабиёти оқсаган, майдалашган жамиятда маънавий таназзул бошланади. Бу хатарли жараённинг узоқ давом этадиган илк белгилари саводсизликнинг оддий воқеликка айланишидир.

Бир куни бир журналга шеърларимни бердим. Бунга анча бўлди. Маълум бир вақтдан кейин таҳририятга ўтдим. Шеърларингиз яхши-ю, шу, ижтимоий масалалар ёритилмаган-да, дейишди. Шунда жуда ҳайрон қолганман. Чунки, бу дунёда борлигимнинг ўзи мен учун ижтимоий ҳодиса эди. Дунёни ҳар ким ҳар хил тушунади. Буни қабул қилиш керак. Аммо бу авомлик даражасида бўлса, қўрқинчлидир.

Аслида ижод ҳам бир неъмат. Гарчи сўнгги йилларда матбуотда кўринмаган бўлсам ҳам соғлом ижодий муҳит ичида фойдали умр кечирдим, деб айта оламан. Гап сонда эмас-ку. Оиламиз ижодкорлар оиласи. Турмуш ўртоғим, ажойиб адабиётшунос олим, устоз Сайфиддин Рафиддинов шарофатлари билан хонадонимизда тез-тез ижодий суҳбатлар уюштирилади. Муҳаммадсодиқ Олий журналистика курси магистратурасининг биринчи босқич талабаси. Дилдораой кичкинтойлар тарбияси билан банд. Худога шукр, тўртта асал набирамиз бор. Одам ажратадиган феълим йўқ. Аммо, шу тупроқда туғилганим, борим билан ҳам, йўғим билан ҳам шу халққа тегишли эканим ҳамиша кўнглимни ифтихорга тўлдиради. Мен ўзбекман. Дунёга ўзбекона кўз билан қарайман. Бу менинг дунёқарашим. Шеър ёзиш эса мен учун ҳамиша маънавий ҳодиса бўлган. Савия – алоҳида мавзу.

Манба: “Ёшлик”, 2013 йил 1-сон

Зебо Раҳимова
ЮРАК — ҲАЁТИМНИНГ БАЙРОҒИ..
011

   Зебо Раҳимова 1958 йили Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Ўрис қишлоғида таваллуд топган. 1981 йил ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетини тугатган. Туман газетасида, китобсеварлар жамиятида, туман радиосида, Қайнарбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинида, бир муддат республика хотин-қизлар журнали “Саодат”да ишлаган.

011

ТАХАЙЮЛ

Салом!11
Юзларингдан баҳорлар эсар…
Салом! Кўзларингни табассум безар…
Салом! Дилни бахтми, бахтсизлик эзар…
Келдингми?! Сенмидинг?!
Рўёми, ростми?!

Товлангувчи кунлар оқдан қорага,
Минг йилларки тушар сенсиз орага,
Жон керакми жонон пора-порага,
Келдингми?! Сенмидинг?!
Рўёми, ростми?!

Келдингми шу увол жонимни ўйлаб,
манглайдаги икки эгиз йўл бўйлаб,
минг йил саёҳатлаб, минг йил тўй-тўйлаб
Келдингми?! Сенмидинг?!
Рўёми, ростми?!

Сен отган ўқ жонда ҳамон йўл босар,
Котиби Ишқ уни ризқимга ёзар,
Юрак бу туйғудан ақлидан озар,
Келдингми? Сенмидинг?!
Рўёми, ростми?!

Фалакка бўй чўзиб, синган пояман,
Айт, қачон барқ уриб, япроқ ёяман?!
Сен билан изма-из кетган сояман…,
Келдингми? Сенмидинг?!
Рўёми, ростми?!

Тонг – муҳташам, ҳар тонг мукаммал асар,
Замҳарир пардада отмоқда сахар,
Руҳим, қўлларингда бир қадаҳ заҳар,
Келдингми?! Сенмидинг?!
Рўёми, ростми?!

Гулгун юзларингда ҳаётнинг номи,
Безанган кўзларинг муҳаббат жоми,
Салом бахтсизлигим,
Бахтимнинг коми,
Келдингми?! Сенмидинг?!
Рўёми, ростми?!..

* * *

Дардларингни менга айт, шанба,
Қара, айёр режа тузади –
Бўсағада турган якшанба
Тинчимизни яна бузади.
Ҳеч нарсани кўрмаган каби
Узун кунни бошидан ютиб,
Ўтаверар якшанбалар ҳам
Душанбанинг қўлидан тутиб…

ЭТЮД

Қуёш ботар хунолуд,
Атиргул, юраколуд,
Ол шафақлар остида,
Бир кўнгил чертади уд:
Кўнгил, кўнгилдан жудо,
Ёлғизнинг ёри Худо…

Дунё ўтар, дам ўтар,
Туйғуми қайғу тутар,
Ҳаёт чорраҳасида
Борни бир тақдир кутар,
Чарх урар чархда нидо –
Ёлғизнинг ёри Худо…

Япроқ ёғар, ёғар шеър,
ўарбдан шарққа оғар ер,
Шомми шамдай сарғаяр
Икки хотин, битта эр…
Ҳар хазонда бир видо –
Ёлғизнинг ёри Худо….

Шафақлар юраколуд,
Юраклар шафақолуд,
Боғлар кунгурасида
Шамоллар чертади уд,
Ишқ ёлғиз дилга ридо –
Ёлғизнинг ёри Худо…

Безар умрин, ҳаётин,
Инсу жину шаётин,
бахт нима,
армон нима,
битта эр, икки хотин…
Жон бир жононга фидо,
Ёлғизнинг ёри Худо…

Қуёш ботар хунолуд…
дилолуд, юраколуд…
боғларда қип-қизил дуд…
торлари узилган уд…
Куз – маҳзун,
Куз – ғамзадо,
Ёлғизнинг ёри Худо…

* * *

Чошгоҳ, боғларда елпинади ел,
Саратон сояга олади ўзин.
Дилбандим, кел, сағир хотирамга кел,
Дил бериб тинглагил бу юрак сўзин.

Шаббода қўйнида бир эрка таскин,
Бўғриққан танингни юпатади жон,
Навбаҳор чоғингни эслатар, лекин
Қип-қизил тандирда қип-қизарган нон.

Эй, дўст, райҳон ҳидларини соғиндим,
Ёдимга тушади Шош кўчалари,
Феруза тонгларда нурдай ёғиндим,
Баҳорга айландим ёз кечалари.

Эсимда, кўнглимиз қушдай учган кун,
Олуча барглари қордай ёғарди,
Ҳар ғунча лабида қип-қизил учқун,
Бу менга ёқарди, сенга ёқарди…

Боғларда анвойи мевалар ҳиди,
Атиргул жилмайиб дилни ўртарди,
Кулимсиб қарайман ёнида тўхтаб,
У бироз сенга ҳам ўхшаб кетарди.

Саврми, саратон, айни гул чоғи,
Гулладик, гулларни назарга илмай,
Ўтмиди, сувмиди, бу юрак доғи,
Куйдириб олгандик кўнгилни билмай…

Боғларда дайдийди елвизак якка,
Райҳоний ҳидини таратади ер,
Юзимдан томчиллаб тушар юракка,
Кўнглимнинг селидан тепчилайди тер.

Чошгоҳ, боғларда елпинади ел,
Саратон сояга олади ўзин…

* * *

Кўнглим — ғарибасан, кўнглим – синган соз,
Умидсиз дунёдан умидли овоз,
Соқовдан бир нола, сўқирдан вола,
Шабнам умридаги чошгоҳи бир ноз.

Боримсан. Бағримда кўзимнинг нами,
Нурдай мусаффосан, тоғдай оғир юк.
Маконсиз маконсан, рангинсан, буюк
Ҳаётга талпинган ғайратнинг таъми.

Яна нима дейин, не десам шу — сан,
Бу умр ўткинчи босиринқи туш.
Мен билан тиллашгинг келади гоҳо
Кўксимда қийналиб яшаётган қуш.

Сўқир ҳайратининг рангини билдим,
Соқов ноласини ютдим қулоққа.
Шабнам жилвасида дунёга келдим,
Борини туширдим шу юрак-оққа.

Аммо, бу кечмишдан синиқар рангинг,
Бу алдов дунёга алданиб бўлмас,
Ўлиб ҳам бўлмайди энди шунчаки,
“Ўлган ҳайвон эмиш, ошиқлар ўлмас…”*

* Юнус Эмро сатри.

* * *

Шафоатли бир нафас туйдим,
Қўйдим қўлларимни юракка,
Наҳот ишқ кўйида шунча кўп куйдим,
Кўр кўзим билан зор бўлдим кўрмакка.

Қайдин эсиб етди бу сархуш еллар,
Фасли сурх, эриди дилда хавотир,
Мен билан сирлашинг ёввойи гуллар,
Қирларда уйғонди қип-қизил хотир.

Не фасл тинчиди бу ғамкаш дунё,
Тонг каби тиниққан туйғулар, кетманг,
Руҳимда саринлик бўлмоқда бунёд,
Раббим! Бунча қийин кўнгилга етмак…

Бу умр улғаяр, ғуссалар – имкон,
Қон – қўрқув, айт, нега қонлар ютамиз,
Азалдан то абад саргардон, сарсон
“Келдилар, кетдилар, келдик, кетамиз”…

* * *

Соғинч бу кунларнинг армони,
Эшик зулфинида ғуссалар жимдир.
Йўллар орқалаган бўм-бўш дунёни,
Йиғлаб йиғлолмайди кўнглимда кимдир.

Боғлар – юракларнинг ҳовури…
Шохларда куйлайди зангори муза,
Соялар ўқийди бешарпа юриб
Кимсасиз боғларга узун маъруза.

Йиллар барг ёзади,
Йиллар барг тўкар,
Тинмайди бу боғда қушлар сайроғи.
Ҳилпирар япроқлар, ҳилпирар умр,
Юрак — ҳаётимнинг байроғи…

* * *

Дунёнинг бир менга айтар сўзи бор,
Кўзи бор дунёнинг менга қадалган,
Кўксимда қайғунинг чуқур изи бор,
Тақдир омочида ҳайдалган.

Сабр косасида нам йўқ бир ютум,
Тубида илон бор, тубида янтоқ.
Кўзим – иноятдан томган бир қултум,
Жавоҳир излайди мардуми фироқ.

Ҳаёт урчуғига термиламан жим,
Чийратиб ўрайди кунларни фалак,
Фол очар толедан тонглар – мунажжим,
Сиздан ҳеч дарак йўқ, сиздан йўқ дарак.

Қуёшнинг эриган нурини элаб,
Ишкомлар нимсариқ ифорлар сочар,
Бағрини намозшом қўрига белаб
Яп-янги кечалар кўксини очар…

Дунё!
Фақат меники бўлган бу дунё!!!

* * *

Юрагимда бир дуркун туйғу,
Хаёлларим хушҳол паришон.
Сезгиларда нимадир суйгун
Бир кечмишдан бермоқда нишон.

Эй! Мен соғман, тирикман, борман,
Ёғаверинг сўз ёмғирлари,
Сизнинг жўшқин қўшиқдан доғда
Ёрилмоқда қон томирларим.

Бошимизда бунча кўп эсди
Кузнинг совуқ шамоллари, бас!
Япроқлардай сарғайиб учди
Кўнгил тўла орзу ва ҳавас.

Эй ҳисорий тоғларнинг ёли,
Сизни қутлаш яна қандай бахт!
Бу, мен – сокин кузнинг аёли,
Изғиринда гуллаган дарахт.

Жаранглайди тилларанг боғлар,
Илиқ офтоб кунларга уйғун,
Энди мени қўймайди соғлар
Юракдаги бу дуркун туйғум…

* * *

Сен яна келмадинг,
лабимни бурдим,
кўнглимдан сув ичди ғуссанинг шоми,
яна тун умримга қаро шарпадай
кирди айрилиқнинг узун оқшоми.

Бу шом ажаб сокин,
қайғуманд,
дардманд,
у куюк кўнглимни шамчироқ билиб,
қуюқ кўлкаларга ташлаганча банд,
даҳр боғларига кирмоқда елиб.

Сурмаранг осмонда арғимчоқ ташлаб
ой кумуш кокилин ўлтирар тараб,
хазон шитиридан ҳурккан чашмалар
жилдирар кимсасиз боғларга қараб…

Тириклик – безабон оқар бир дарё…
жимгина оқарар сочим толаси,
чанқовуз чалади лабларим аро
ҳаёт – тирикликнинг узун ноласи.

Фасллар алмашар ташрифинг кутиб,
юрак қулоқ осмас, не қилмай амр,
тун таъна-дашномин ичига ютиб
ғамзада кўнглимни этмоқда таъмир…

* * *

Мен сени аядим,
«хайр» дедим, ёз,
қировли кунларнинг баридан тутдим,
ёмғирли ойларнинг силсиласини
жимгина йиғладим, жимгина ютдим.

Фараҳсиз тонгларнинг исканжасида
энг содиқ бир дўстга мактублар битдим.
Ғуссалар битмади. Бегона каби
на сиз бор,
на мен бор кунлардан кетдим.

“Нега бу кунларнинг юзи йўқ, нега?!” –
шу билан тугади бошланган хатим,
манзилга етмаган мактуб сингари
унутилиб кетди менинг ҳам отим.

Вақт эса ўлчовли,
ўргимчак каби
ўтмишга ўради кунлар тизимин,
умримга бостириб кирган бу йиллар
супуриб ташлади ёзнинг изини…

* * *

Дарахтлар йил бўйи исмингни айтди,
кўчалар йил бўйи кетди сен томон.
Кун ҳам ўтиб борар, у келмас қайтиб,
биз бугун омонмиз,
бегумон омон.

Жилдираб оққан сув исмингни сўйлар,
майсалар жон берар исмингни айтиб.
Минг йил умр кўрсак кўрармиз, аммо,
омонат бу кунга келмаймиз қайтиб.

Зумрад баданида тилла ёпинчиқ,
зарҳали шабнамга юзини чаяр,
номингни йил бўйи бехато айтиб,
тонг тасбеҳ ўгириб Сенга жилмаяр.

Ғанимат жонимга ғанимат кўнглим
азалий муҳаббат ҳақида сўйлар,
дарахт баргларидек юксалар кўкка
Сен ва Ишқ ҳақдаги қадимий ўйлар.

Ҳар битта ҳужайрам ҳужраси гувоҳ,
оламлар аро ҳақ ёзган қисматинг,
бу куннинг борлиги энг кичик сабоқ,
бу ишқнинг поклиги Сенинг исматинг.

…Ёнган юрагимдек дард чекмоқда шом,
қизарган ҳавода минг ўй, минг мавзу,
эй, жоним таниган абад, бардавом,
Сенинг ризолигинг энг улуғ Орзу!

1.

Кўз ёши мисоли ёмғирлар ёғар,
ювар япроқларнинг юзини,
шамол булутларни эркалаб соғар,
йиғлатиб кўнглимнинг кўзини.

Мажнунтол ҳўнграниб тебратади бош,
сумбул сочларида шалола,
туйғу-юрагимни эзаётган тош,
юрак – кўксимдаги мажнуна лола.

Шамол селпинади,
ёмғир аралаш
адирлар ҳидини урар юзимга,
…мен ҳам шамол эдим,
сел эдим саркаш,
қайтиб келолмадим ўзимга…

2.

Кетдим,
энди қайтолмайман ҳеч,
айтолмайман буни юракка,
кулфат тортиб яшаб бўлмас тинч,
ғамни енгиб бўлмайди якка.
Тириклик комида ўлдим тиккалай,
йилларча сўз демай кўнглимни очиб,
йилларга улоқдим юрак тилкалай,
яна қайга борай ўзимдан қочиб…
Кўзимнинг ичига ёмғирлар ёғар,
ювар япроқларнинг юзини,
шамол қучоғида улғаяр боғлар
йиғлатиб кўнглимнинг кўзини…

* * *

Юпанч, қаердасан,
хушбахтлик, сендан дарак йўқ.
Ой йўқ сумбуланинг ойидай сулув
ва мендай севгучи бир жонсарак йўқ.

Рангига қора югурган райҳон
сим-сим сочларини тарайди,
ўзингга оро бер, деб аврайди тун,
ялинчоқ ит каби ойга қарайди.

Бу ҳижрон оқшомни қизғанар мендан,
туманлар тўлдирар тун қучоғини.
сумбула, қаерга беркитиб қўйдинг
соғинч кўзларимнинг кўзмунчоғини?!…

* * *

Сенга бир арзим бор,
айтсам ботиниб,
айтмасам кўнглимдан тошади селлар,
юрагим оғзимдан кетар отилиб,
кўзимнинг ёшида яйрайди еллар.

Сенга бир арзим бор,
айтсам ботиниб,
елкамни тегирмон тоши синдирар.
Суйганим кўнглимдан кетар ёт бўлиб,
бу аччиқ айрилиқ мени ўлдирар.

Сенга бир арзим бор,
айтмасам бўлмас,
айтсам-да бўлмагай, карами кенгим,
эн бўлиш орзусин васваса қилар
қўлларимни ёпмаган енгим.
Ё Раб!…
арз айтишга сиғарми ҳаддим,
дунёдан кечдиму
дунёдир дардим…

* * *

Бир қуюқ дарахтзор,
дарахтзор –
қадди тик шохларда охирги
япроқлар сайрайди азонлар,
беҳидай сарғайган боғларда
қизариб пишади хазонлар.

Бир қуюқ дарахтзор,
дарахтзор –
безовта учади қағиллаб
чорбоғдан чорбоққа қарғалар,
қиш келар йўлларни бўйлайди,
дарахтлар – елкансиз дарғалар.

Бир қуюқ дарахтзор,
дарахтзор-
пойида мудрайди шамоллар,
уйларидан термилади жим
тирамоҳга ўхшаш аёллар.

Эй-й! Сулувим! Ёйилиб кулади
офтобнинг илитмас нурлари,
ийийди боғларнинг фотиҳа тилаб
осмонга узатган қўллари.

Тирамоҳ.
Боғларнинг тушига
гуркираб киради мевалар,
Китобда қиш яқин,
отланар
қантарилган боғлар – кемалар…

* * *

Сиз йўқсиз. Юрагим ғаш.
майсалар ҳам синиқар,
соғиниб сарғайган дашт
изғиринда чиниқар.

Сунбула йиғар сепин,
ҳар иши фаслга мос,
ўргимчак қилиб эпин
мезондан тўқир либос.

Негадир юрагим ғаш,
хазондек дилгир дилим,
марварид тут қилиб рашк
менга узатар елим.

Гарчи куз, гарчи сокин
хазонрез, хазон сайли,
боғда қарғалар Мажнун,
боғда қарғалар Лайли.

Беҳудлик, бегоналик
эзар, эсмоқда буюғ,
қип-қизарар хазонлар
кўзларимга босиб чўғ.

Мезонлар имосида
қаттиқ қишдан башорат,
хас остида шошилар
минг жонзот, минг ҳашорат.

Онам йўқ, вафот этган,
куз ёлғиз, юрагим ғаш,
кенгликларга солиб кўз
соғиниб сарғаяр дашт.

Руҳу жон, жону руҳим,
бу қай кун, қайси кузак,
нега кўксимда сим-сим
юпанчсиз синграр юрак…

* * *

Дило,
дардим аритмас
ташқарида ёққан қор,
гарчи пинҳон хавотир,
гарчи пинҳон умид бор.

Дило, сени инжитдим,
яна сизди кўзга ёш,
ҳув… кўнгил деган ёққа
кетиб бўлмас олиб бош.

Куз ҳавоси келтирар
турналардан хайр-хўш,
юрагимни қиймалар
қалдирғочлар уриб тўш.
Суратларинг ивийди,
қалқийди қароғимда,
сувдан, ўтдан, самодан,
тупроғдан сўроғимда.

Байтул аҳзон ичинда
кўнглим бўлди басира,
най бўлдим навосига
икки дунё асира.

Кўнглим бузилар,
гоҳо
дийдам юмшар, тўлиқар,
қачон сендан бир жазба
мен бахтсизга йўлиқар…

* * *

Яна куз…
Кунлар соғинади сени жимгина,
йўллар соғинади беун, беўйлов,
кўзингнинг ёшини артгин, қизгина,
эшикда сеними йўқлайди биров…
Яна куз…

Боғлар сарғаяди офтобда ёна,
кўчалар хаёлчан ташлайди нигоҳ,
тупроққа айлангим келади, она,
япроққа айлангим келади гоҳ-гоҳ…
Яна куз…

Осмон безовтадир, қушлар бетиним
иссиқ ўлкаларга кетади учиб,
кунлар юраклардан топади қўним
қўллар елкаларни жимгина қучиб…
Яна куз…

* * *

Кўнгилда руҳ қушин отдим,
жисмимни тарк этди сарбоним.
Ки ишқнинг кўзига ботдим,
на армоним, на армоним…

Кўзим кўнглим била йиғлаб,
юриб, сабрим сари етди.
Мени япроқ киби ўйнаб,
бу ишқ кетди,
бу ишқ кетди.

Юрак танда хароб бир юрт,
бу тонг – орзу,
бу шом – тақдир.
Умидли кун – илинж дилда,
у ҳам Сендан,
муваққатдир.

Нимам борди,
нимам қолди,
қафасман, ичкарим бўм-бўш.
Кими йўқ кимсасизларнинг
кими…
хуш,
марҳабо, эй, Дўст…

ДУНЁ БИЗДАН ЎТАР…

Дунёлар мовийдир, насимлар мовий,
Биз билган, билмаган исмлар мовий,
Бу рангин дунёда қанча чалғима,
Такрорлар бир сўзни бешафқат ровий,
Дунё биздан ўтар, бизлар дунёдан…

Олам – улкан дарахт, турланади дил,
Узилган ҳар япроқ ҳаётнинг оти,
Ғанимат умрдан, ғанимат дилдан
Ҳали кетмай туриб тириклик тоти,
Дунё биздан ўтар, билар дунёдан…

Кумуш кўйлагида тўлғонгам маъво,
Эй, гул кечаларнинг вобаста тани,
Маҳбуб нафасидан эсган ҳур сабо.
Сени тилаб берса бир кўнгил Ғани,
Дунё биздан ўтар, билар дунёдан…

Мезонлар қуш каби учди ҳавода,
Кимсасиз, хазонрез боғларга бордим,
Баҳайбат чинорлар пойида кезиб,
Бир жажжи ниҳолга кўнглимни ёрдим.
Дунё биздан ўтар, билар дунёдан…

Тўрт фасл на гўзал, омонат, Раббим!
Ўчгайдир бир куни менинг ҳам номим,
Бу инжа умрдан не қолур унда,
Не билан ўлчанур менинг аъмолим,
Дунё биздан ўтар, билар дунёдан…

Орзулар мовийдир, туйғулар мовий,
Биз билган, билмаган қайғулар мовий,
Бу рангин дунёда қанча чалғима
Такрорлар бир сўзни бешафқат ровий,
Дунё биздан ўтар, билар дунёдан…

* * *

Дунёлар мовийдир, насимлар мовий,
биз билган, билмаган исмлар мовий.
Бу рангин дунёда минг йил чалғима,
такрорлар бир сўзни бешафқат ровий:
дунё биздан ўтар,
бизлар – дунёдан…

Олам – улкан дарахт, турланади Дил,
узилган ҳар япроқ ҳаётнинг оти.
Ғанимат умрдан, ғанимат дилдан
ҳали кетмай туриб тириклик тоти,
дунё биздан ўтар,
бизлар – дунёдан…

Кумуш кўйлагида тўлғонган маъво,
эй, гул кечаларнинг вобаста тани.
Маҳбуб нафасидан эсган ҳур сабо,
сени тилаб берса бир кўнгли ғани:
дунё биздан ўтар,
бизлар – дунёдан…

Мезонлар қуш каби учди ҳавода,
кимсасиз хазонрез боғларга бордим.
Баҳайбат чинорлар пойида кезиб,
бир жажжи ниҳолга кўнглимни ёрдим:
дунё биздан ўтар,
бизлар – дунёдан…

Тўрт фасл на гўзал, омонат, Раббим!
Ўчгайдир бир куни менинг ҳам номим.
Бу инжа умрдан не қолур унда,
не билан ўлчанур менинг аъмолим,
дунё биздан ўтар,
бизлар – дунёдан…
Орзулар мовийдир, туйғулар мовий,
биз туйган, туймаган қайғулар мовий.
Бу рангин дунёда қанча чалғима,
такрорлар бир сўзни бешафқат ровий:
дунё биздан ўтар,
бизлар – дунёдан…

* * *

Намозшомдай сокинлик қизғиш
гилосларнинг силлиқ шохида,
тун чўкмоқда,
дўстим, айт-чи ҳеч
эслайсанми мени гоҳида?

Гул япроқда узун ҳаёт бор,
ғарқ гуллайди боғлар ораста,
тун қўйнида уйғонар баҳор,
юрагимдай маҳзун ва хаста.

Хотиримжам кузатолмайман
ботаётган қуёшни ҳамон,
тақдир чалкаш, тузатолмайман,
унутмоқ – бахт,
унутмоқ – ёмон…

 ТАРИХ

Шовуллайди, ойдин сукунат тўзар,
тун қўйнида маъюс денгиз каби боғ,
бу фараҳ кенгликда юрагим сузар,
кўзларимда маҳзун кўнглимдаги доғ.
Бу бахт меникидир,
бу бахт сеники.

Ойнинг нурларига илашар хаёл,
тупроққа сингийди тўкилган ўйим.
қўлингни кўксингга маҳкамроқ қўйиб,
кулгингми, йиғлагинг келади тўйиб.
Бу бахт меникидир,
бу бахт сеники.

Ой кўпирар, кўкдан юлдузлар оқар,
япроқлардан томар оқшом шукуҳи,
қаршингда жилмайиб кўнглингга боқар,
ғам-ғуссадан фориғ ойдинлик руҳи.
Бу бахт меникидир,
бу бахт сеники.

Елларнинг таъмида юракнинг тоти,
шаббода қўлида умрингни ўйнар,
бу ой жон-жонингга кетмасдан ботиб,
ёғиб тугамасдан оқ ойдин ўйлар,
Бу бахт меникидир,
бу бахт сеники.

Балки бахтлидирман, балки бахтсиз, айт,
балки шу бир лаҳза умримнинг бори,
менким Ишқ ўқидан лат еган бир байт,
васлинг соғинчиман, ҳажрингнинг ёри…
Бу бахт меникидир,
бу бахт сеники.

Шовуллайди, ойдин сукунат тўзар,
тун қўйнида кумуш тўлқинли боғлар,
фараҳли бу оқшом тинчимни бузар,
кўзим мардумида дилдаги доғлар.
Бу бахт меникидир,
бу бахт сеники.

 ОҚ ЁМҒИР

Зумрад самоларда зумрад ҳаволар,
«қур, ҳо қур» турналар,
эй, нақшин қўшиқ,
сиз билан юбордим дарё-кўлларга
куйчи юрагимни –
бахшимни қўшиб.

Булут боқиб юрган қўйчивон шамол
кўк узра сурувин тинчитмас бир зум,
зарҳал ҳаволарга сингийди, гоҳо
қуёшга термилиб йиғлайди юм-юм.

Офтобнинг изидан йўлга чиққан кун,
болари тиллашар гулбарги билан,
ёмғирда ювилган қирларда орзу
уйғунлашиб кетар дил ранги билан.

Меҳнаткаш тупроқдан андоза олиб
яшаргинг келади,
ғайратинг ортар,
юрагинг кўксингни иккига ёриб
қуёшга интилиб тикка йўл тортар…

* * *

Тинимсиз чорлади мени бу эшик,
кирдим, шу эшикдан меҳр сўрадим.
Дунёнинг кўнгли тор, ҳамёни тешик –
гурсиллаб кўксимни тепди юрагим.

Тинимсиз чорлади мени бу эшик,
мени қийнайверди кунлар атайин.
Мени қийнайверди қизиқувчанлик,
кун сайин,
кун сайин,
кун сайин…

Тинимсиз чорлади мени бу эшик,
тириклик комига тош каби чўкдим.
Бу уйнинг ичида ҳамма орзумни
юракдан суғуриб, тупроққа тўкдим.

Тинимсиз чорлади мени бу эшик,
энди қандай чиқай, дов бермас юрак.
Ҳаққа ҳақиқатни сўйлаш учун тик
ё Раббий!
Ё Раббий!!
чиқишим керак!!!

* * *

Вужуд кемасида руҳ ҳорғин йўлчи,
шодумон тош отар хаёлимга тун,
юрак қопқасида аччиқ бир кулги
титкилаб ўтирар ҳаётим ўтин.

Кулранг сукунатга кўникди кўзим…,
мудроқ шууримни бу сиртмоқ қийди,
гарчи бир ифода англатмас юзим,
бағримни ғуссалар беармон ейди.

Гарчанд иддаосиз айтилди шеърим,
гарчанд бу ҳаётга мен бир талаба,
куймоқда юрагим, деҳқони ерим,
бешафқат эзгинлик қилар ғалаба.

Чорасиз ҳолимга келади раҳмим,
бу аччиқ туйғуни қайрайди кузак,
сенсиз яшамоққа етмади фаҳмим,
эй, Ишқ,
азалий, абадий эртак…

* * *

Беморман, нетай, соғлар ичинда,
хазон япроғи кўк боғлар ичинда,
бу умр надомат, доғлар ичинда,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Орзулар қилганман ошиқларга хос,
гоҳ йўлларга қараб қон бўлганим рост,
бир кўнгил топмадим шу кўнглимга мос,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Қизил қонга белаб оламни шомлар,
кетди бу дунёдан топмай нишонлар,
жон бу тирикликни тинмай нишонлар,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Неъматлар ичида неъматлар кутиб,
ишқ деб ишқсизларнинг қўлидан тутиб,
мен уни унутдим, уни унутиб
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Маҳшардан дам урдим дунёни қучиб,
ўздан эмас, ризқдан ноумид, чўчиб,
энди юрак бўм-бўш, жон чўғи ўчиб
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Дил ўлса тирилмас, бахту вола ҳам
татимас, қувончу қайғу нола ҳам,
бу дардни аритмас энди бола ҳам,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Толе бозорида шўришу ғавғо,
ким аҳли жаннат, ким дўзахга савғо,
бу жисм жон истар, нафс қилар иғво,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Тилимни тишладим, юракда қони,
ўтди ёшлик айём, умр имкони,
қош билан қобоқда ўлим пайкони,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Вақт бўҳронида биз чирпирак бир хас,
бу давр, давронлар туймаган бир сас,
кўнгил увол бўлди, сарф бўлди-ку, бас,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Не маъно, моҳият бу бору ҳечдан,
не мақсад, не умид эрта-ю кечдан,
бу ишқ емирди-ку мени ич-ичдан,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон.

Ўзимдан кечдим-у қошингга келдим,
Муддао васлинг деб бошингга келдим,
Китоб, Шавкан  кечиб Шошингга келдим,
севдим дема эй дил, севганинг ёлғон,
эй дил, бу дунёга келганинг ёлғон…

* * *

Икки дунё янгради созинг,
Етти иқлим тутди овозинг,
бўлдим сенинг бир ишқибозинг,
Булбулми бу, ё сени розинг,
Айт, нимага ўхшайди нозинг.

Гулга боқсам дардим зўраяр,
Хазон ўйнар баҳоримизда,
Не қилмайин кўнгил қораяр,
Не ҳикматинг гул, хоримизда,
Айт, нимага ўхшайди нозинг.

Куртакмидим қишда очилган,
Изғиринда сўлди япроғим,
Ўн саккиз минг оламдан ўзиб,
Тўзиб борар аччиқ тупроғим,
Айт, нимага ўхшайди нозинг.

Ишқ жаҳаннам дамидан бир ўт,
Куйиб ётар икки жаҳоним,
Гоҳ ўзимга келсам, ғам унут,
Яна сени истайди жоним,
Айт, нимага ўхшайди нозинг.

Бу ишқ менинг бўйнимда дорим,
Умр-сабрим, борим-қарорим,
Тилимдадир кўнглимда борим,
У дунё-ю, бу дунё ёрим,
Айт, нимага ўхшайди нозинг.

Не айб қилдим меҳрингни тўсдим-
қаҳринг билан қўрқитар дўстим,
девоналик феълимдан эмас,
муҳаббатим-бор каму кўстим,
Айт, нимага ўхшайди нозинг.

08   Qachonlardir hammamiz Orzular mamlakatida, bolalikning sirli diyorida bo’lganmiz. Bu sehrli diyorning to’rt fasli ham ertak: suratkash qishlari tugamaydigan, bahorlari so’ramasdan yuragingga kirib keladigan, so’lim yozlari bog’-rog’larda kechadigan uzun ta’tillardan, beqasam kuzlari bir tekis paxtazorlardan iborat edi. Shu cheksiz-chegarasiz tuyulgan dunyoning rang-barang qiyofalari ichida suyunib, kuyunib ulg’ayganman. Meni o’rab turgan borliq shu qadar betakror va ulug’vor, shu qadar daxlsiz va daxldor, shu qadar maftunkor va …sitamkor ediki, men uni anglashga urinib so’z aytish kasalini orttirib oldim. Bu ehtiyoj o’sib-ulg’ayib yuragimga azob beradigan bo’ldi. Balki, shoirlik shudir.

Zebo Rahimova
SO’Z AYTMOQ IZTIROBI
011

Dastavval bu taklif menga qiziq tuyuldi. Uy bekasi bo’lsam, ancha yillardan buyon ro’zg’or bilan andarmon bo’lib yurgan ayol ko’pchilikka nima yangilik ham aytardi deb o’yladim. Ammo, yurak-yuragimda tovlanib, tinchlik bermayotgan sog’inchning rangi, turmushning har qanday past-balandida ham meni tark etmagan, bo’g’zimga tiqilib tashqariga chiqqisi kelgan So’z va uni aytish baxti meni fikrimdan qaytardi. Men bu iboradan “azobi” so’zini tushirib qoldirdim. Zotan, har bir ijodkorning hayoti aslida ijodiy iztiroblar, So’zning aytilish azoblari ichida kechadi. Endi, mavzuga qaytamiz.

Qachonlardir hammamiz Orzular mamlakatida, bolalikning sirli diyorida bo’lganmiz. Bu sehrli diyorning to’rt fasli ham ertak: suratkash qishlari tugamaydigan, bahorlari so’ramasdan yuragingga kirib keladigan, so’lim yozlari bog’-rog’larda kechadigan uzun ta’tillardan, beqasam kuzlari bir tekis paxtazorlardan iborat edi. Shu cheksiz-chegarasiz tuyulgan dunyoning rang-barang qiyofalari ichida suyunib, kuyunib ulg’ayganman. Meni o’rab turgan borliq shu qadar betakror va ulug’vor, shu qadar daxlsiz va daxldor, shu qadar maftunkor va …sitamkor ediki, men uni anglashga urinib so’z aytish kasalini orttirib oldim. Bu ehtiyoj o’sib-ulg’ayib yuragimga azob beradigan bo’ldi. Balki, shoirlik shudir.

Bir kuni tongda nimalardir yozdim. O’choqboshida, tutantiriq uchun qo’yilgan qog’oz bo’lakchasiga, quyoshni olqishlab. Qog’ozni supada bobom bilan suhbatlashib o’tirgan otamga olib borib berdim. Otam qog’ozni ajablanib oldilar-da, bir muddat tikilib qoldilar. Keyin bobomga yuzlanib “Nabirangiz she’r yozibdi” dedilar. Qog’ozchaga: “Ey, quyosh! Nuringni soch! Yashnasin bog’lar, Go’zal bog’da sayr etsin, Qari-yosh!”, deb yozilgandi.

Men o’shanda boshlang’ich sinfni tugatgandim. O’sha tong serdaraxt hovlimizdagi soyalar quyuq, quyosh nurlari to’q zarg’aldoq rangda edi. Bu kun mening tasavvurimda nurning ham, soyaning ham zalvori, vazni borligini ilk tuygan kunim sifatida yashab qoldi. Adabiyot, she’r haqidagi tasavvurlarim shundan boshlangan.
Oilada ko’pchilik o’sganmiz. Menga aksariyat ijodkorlar kabi bobo yoki buvidan ertak eshitib katta bo’lish nasib qilmagan. Ulardan bir kunlik yo’l uzoqligidagi manzilda yashaganmiz. Ammo men tirik ertaklar ichida o’sib-ulg’ayganman. Bobom va buvimning o’zlari mening eng aziz, eng qimmatbaho ertaklarim edilar. Aziz onajonim hamisha ertaklarimning asosiy qahramoni bo’lgan. Otam ham, onam ham savodxon kishilar edi. Otam xo’jalikda bosh agronom bo’lib ishlardilar. Uyimizda kitoblardan tashqari turli davriy nashrlar bo’lardi. O’zim tushunib-tushunmay she’r yozgan kunimdan boshlab hayotimda yangi bir bosqich, mutolaa davri boshlangan. Mening mutolaaga bo’lgan ishtiyoqim hammani ajablantirardi. Vaqt topdim deguncha xalq dostonlarini, turli ertaklar, o’zbek xalq maqollarini o’qirdim. Ular haqli ravishda mening ilk ustozlarimdir. 8-sinfda Rashod Nuri Guntekinning “Choliqushi”si, eron hikoyalari, Tagor, Turgenev, Pushkin, Lermontov, Tolstoy asarlari bilan tanishdim. Hayotimning shu davrida hayot aslida ertak bo’lmaganini, mehnat va mashaqqatlar o’z navbatini kutib turganini tushunganman. Chunki, kitob o’qishga hamisha ham vaqt va imkon bo’lavermagan. Qishloqda yashaganlar buning nima ekanligini yaxshi bilishadi.

Otam har bir gazeta va jurnalni diqqat bilan kuzatib borar, maqolalarga munosabat bildirar, ayrim materiallarni o’tirganlarga sharhlab berardilar. Otamning bu qadar bilimdonligiga havasim kelardi. Otam shoh Mashrab g’azallarini yaxshi ko’rar, goho uyimizda mashrabxonlik kechalari bo’lardi. Onam ajoyib uy bekasi, zukko, mulohazali, hunarmand ayol edilar. Uy-ro’zg’or yumushlaridan, tomorqa ishlaridan qo’llari bo’shadi deguncha o’tirib kashta tikardilar. Hozir ham onamning kashta gullariga igna urgach, quloch yozib uzun-uzun savoq tortishlari, ish tika turib chiroyli xirgoyi qilishlari ko’z o’ngimdan ketmaydi. Bugun o’ylab qarasam, yuragimning tub-tubida shoir bo’lishdan avval ularga munosib farzand bo’lish istagi bo’lgan ekan.

Maktabda o’qiyman. Tuman gazetasida qatnashib turaman. Bir safar ta’tilda akam Toshkentdan kichik bir she’riy to’plam ko’tarib keldi. “She’r yozaman deysan, bu shoir kimligini bilasanmi?”, deb savol-so’roqqa tutdi. Bilsam, bu elimizning ardoqli shoiri Abdulla Oripovning she’rlari ekan. Shu kuni uyimizda oilaviy “abdullaxonlik” kuni bo’lgan. Shu tariqa A. Oripov, E. Vohidov, keyinroq esa Muhammadjon Rahmon, Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Halima Xudoyberdievalar ijodi bilan tanishdim. Ularning asarlarini izlab topib, o’qiydigan bo’ldim. Talabalik davrimizda ularning jo’shqin she’riyati yalovbardor edi. Biz talabalar ana shu hurriyat shabadalari esib turgan she’riyat gulxani taftida toblanib, tarbiyat topdik.

Talabalik davrimizda “Guliston” jurnali tahririyatiga ko’p borardik. Bu ma’rifat maskanida Asqad Muxtor bosh muharrir edi. Biz yoshlar bu yerga Mahmud Sa’diy, Murod Xidir boshchiligidagi kitob va uning mutolaasiga, jahon adabiyoti yangiliklariga oid qiziqarli suhbatlarni tinglagani kelardik. Turmushga chiqqanimda yaxshigina kutubxonam bor edi. Maktab davridan “Sharq yulduzi”, “Guliston”, “Fan va turmush” kabi jurnallarni, ayrim gazetalarni yiqqanman…

O’qishni tugatib, tuman gazetasida ishladim. Bir gal Toshkentga ish bilan kelib ustoz Muhammadjon Rahmonni (Alloh rahmat qilsin) ziyorat qilish uchun nashriyotga o’tdim. Salom-alikdan so’ng “Qani, she’rlarni bering-chi” dedilar. Men jimgina yerga qaradim. Ustozga she’rsiz kelganimni aytib, yaxshigina dakki eshitib oldim. “Odam ham shundan shunga she’rsiz, yo’lakay keladimi?”, dedilar. Bu tanbeh shusiz ham og’rib yurgan jonimdan o’tib ketdi. Keyingi safar yurak yutib bir papka she’r ko’tarib keldim. Muhammadjon akaga she’rlar juda manzur bo’ldi. Bu she’rlar ustoz Usmon Azim tavsiyasi bilan “Saodat” hamda “Yoshlik”, “Sharq yulduzi”, “Yosh kuch”, “Sirli olam” jurnallarida chop etildi.

Matbuotda anchagina she’rlarim e’lon qilinganiga, bu she’rlar muxlislar muhabbatini qozonib ulgurganiga qaramay ko’nglimdagi bir bezovtalik, beqarorlik, behudlik menga tinchlik  bermadi. Faqat, vaqti kelib mavlono Jaloliddin Rumiyning “Masnaviy”i:

Tingla nay andoq hikoyatlar qilur,
Kim, judolikdin shikoyatlar qilur…

va hazrat Navoiyning betakror g’azallaridan bahramand bo’lib, haqiqiy ishqu oshiqlik tafsilotlaridan xabardor bo’lgachgina ko’nglimdagi yig’ining asl sababini anglagandek bo’ldim. Mashhur “Qaro ko’zim”da shunday bayt bor:

Takovaringga bag’ir qonidan hino bog’la,
Itingga g’amzada jon rishtasin rasan qilg’il…

Birgina shu fidolikni anglash uchun mumtoz adabiyotni bilishimiz kerak ekan. Mumtoz adabiyotimizni bilmay turib So’z aytish mumkin emas. O’zligini anglamagan ijodkor o’zgaga nima yangilik ham aytardi. Daraxt ildizi bilan tirik. Har bir iste’dod ham dunyoga kelgach, avvalo, tarbiyat topadi, unib-o’sadi, kamolga yetish davrini boshdan kechiradi. Bu jarayonda mumtoz adabiyotimizni, mentalitetimizga xos sharq falsafasini o’zlashtirish birinchi o’rinda turishi kerak. Asl narsa hamma davrlarda ham o’z qiymatiga ega bo’ladi. Adabiyotning rang-barangligi, yangicha ko’rinishlari esa ijod tabiati bilan bog’liq hodisa. O’z ildizida mustahkam turgan ijodkor kuchli zamonaviy asar yoza oladi. Faqat shunday asarlar Vaqt to’zoniga bardosh beradi va kelajak avlod uchun yashab qoladi.

Har bir odam yelkasida inson bo’lish majburiyati bor. Har bir inson zimmasida baxtli bo’lish mas’uliyati bor. Biz ming yillik evrilishlar arafasida ijod sahniga kirib kelgandik. Biz ana shu ulkan tarixiy evrilishni yashadik. Buyuk Vaqt dovonining bu betida Istiqlol bilan yuzma-yuz keldik. Bu tarixiy jarayonlar hayotimizda kechdi va unda o’chmas iz qoldirdi. Buyuk Vaqt dovonini oshib o’tganlar bilan Istiqlol yillari tug’ilib, voyaga yetganlar orasida ana shunday farq bor. Ammo, hamma davrlarda ham adabiyotning vazifasi bitta bo’lgan: komil inson tarbiyasi. Sog’lom adabiyot sog’lom avlodni tarbiyalaydi. Adabiyoti oqsagan, maydalashgan jamiyatda ma’naviy tanazzul boshlanadi. Bu xatarli jarayonning uzoq davom etadigan ilk belgilari savodsizlikning oddiy voqelikka aylanishidir.

Bir kuni bir jurnalga she’rlarimni berdim. Bunga ancha bo’ldi. Ma’lum bir vaqtdan keyin tahririyatga o’tdim. She’rlaringiz yaxshi-yu, shu, ijtimoiy masalalar yoritilmagan-da, deyishdi. Shunda juda hayron qolganman. Chunki, bu dunyoda borligimning o’zi men uchun ijtimoiy hodisa edi. Dunyoni har kim har xil tushunadi. Buni qabul qilish kerak. Ammo bu avomlik darajasida bo’lsa, qo’rqinchlidir.

Aslida ijod ham bir ne’mat. Garchi so’nggi yillarda matbuotda ko’rinmagan bo’lsam ham sog’lom ijodiy muhit ichida foydali umr kechirdim, deb ayta olaman. Gap sonda emas-ku. Oilamiz ijodkorlar oilasi. Turmush o’rtog’im, ajoyib adabiyotshunos olim, ustoz Sayfiddin Rafiddinov sharofatlari bilan xonadonimizda tez-tez ijodiy suhbatlar uyushtiriladi. Muhammadsodiq Oliy jurnalistika kursi magistraturasining birinchi bosqich talabasi. Dildoraoy kichkintoylar tarbiyasi bilan band. Xudoga shukr, to’rtta asal nabiramiz bor. Odam ajratadigan fe’lim yo’q. Ammo, shu tuproqda tug’ilganim, borim bilan ham, yo’g’im bilan ham shu xalqqa tegishli ekanim hamisha ko’nglimni iftixorga to’ldiradi. Men o’zbekman. Dunyoga o’zbekona ko’z bilan qarayman. Bu mening dunyoqarashim. She’r yozish esa men uchun hamisha ma’naviy hodisa bo’lgan. Saviya – alohida mavzu.

Manba: “Yoshlik”, 2013 yil 1-son

Zebo Rahimova
YURAK — HAYOTIMNING BAYROG’I..
011

Zebo Rahimova 1958 yili Qashqadaryo viloyatining Kitob tumanidagi O’ris qishlog’ida tavallud topgan. 1981 yil ToshDU (hozirgi O’zMU) ning jurnalistika fakul`tetini tugatgan.Tuman gazetasida, kitobsevarlar jamiyatida, tuman radiosida, Qaynarbuloq qishloq fuqarolar yig’inida, bir muddat respublika xotin-qizlar jurnali “Saodat”da ishlagan.

011

TAXAYYUL

Salom!04
Yuzlaringdan bahorlar esar…
Salom! Ko’zlaringni tabassum bezar…
Salom! Dilni baxtmi, baxtsizlik ezar…
Keldingmi?! Senmiding?!
Ro’yomi, rostmi?!

Tovlanguvchi kunlar oqdan qoraga,
Ming yillarki tushar sensiz oraga,
Jon kerakmi jonon pora-poraga,
Keldingmi?! Senmiding?!
Ro’yomi, rostmi?!

Keldingmi shu uvol jonimni o’ylab,
manglaydagi ikki egiz yo’l bo’ylab,
ming yil sayohatlab, ming yil to’y-to’ylab
Keldingmi?! Senmiding?!
Ro’yomi, rostmi?!

Sen otgan o’q jonda hamon yo’l bosar,
Kotibi Ishq uni rizqimga yozar,
Yurak bu tuyg’udan aqlidan ozar,
Keldingmi? Senmiding?!
Ro’yomi, rostmi?!

Falakka bo’y cho’zib, singan poyaman,
Ayt, qachon barq urib, yaproq yoyaman?!
Sen bilan izma-iz ketgan soyaman…,
Keldingmi? Senmiding?!
Ro’yomi, rostmi?!

Tong – muhtasham, har tong mukammal asar,
Zamharir pardada otmoqda saxar,
Ruhim, qo’llaringda bir qadah zahar,
Keldingmi?! Senmiding?!
Ro’yomi, rostmi?!

Gulgun yuzlaringda hayotning nomi,
Bezangan ko’zlaring muhabbat jomi,
Salom baxtsizligim,
Baxtimning komi,
Keldingmi?! Senmiding?!
Ro’yomi, rostmi?!..

* * *

Dardlaringni menga ayt, shanba,
Qara, ayyor reja tuzadi –
Bo’sag’ada turgan yakshanba
Tinchimizni yana buzadi.
Hech narsani ko’rmagan kabi
Uzun kunni boshidan yutib,
O’taverar yakshanbalar ham
Dushanbaning qo’lidan tutib…

ETYUD

Quyosh botar xunolud,
Atirgul, yurakolud,
Ol shafaqlar ostida,
Bir ko’ngil chertadi ud:
Ko’ngil, ko’ngildan judo,
Yolg’izning yori Xudo…

Dunyo o’tar, dam o’tar,
Tuyg’umi qayg’u tutar,
Hayot chorrahasida
Borni bir taqdir kutar,
Charx urar charxda nido –
Yolg’izning yori Xudo…

Yaproq yog’ar, yog’ar she’r,
o’arbdan sharqqa og’ar yer,
Shommi shamday sarg’ayar
Ikki xotin, bitta er…
Har xazonda bir vido –
Yolg’izning yori Xudo….

Shafaqlar yurakolud,
Yuraklar shafaqolud,
Bog’lar kungurasida
Shamollar chertadi ud,
Ishq yolg’iz dilga rido –
Yolg’izning yori Xudo…

Bezar umrin, hayotin,
Insu jinu shayotin,
baxt nima,
armon nima,
bitta er, ikki xotin…
Jon bir jononga fido,
Yolg’izning yori Xudo…

Quyosh botar xunolud…
dilolud, yurakolud…
bog’larda qip-qizil dud…
torlari uzilgan ud…
Kuz – mahzun,
Kuz – g’amzado,
Yolg’izning yori Xudo…

* * *

Choshgoh, bog’larda yelpinadi yel,
Saraton soyaga oladi o’zin.
Dilbandim, kel, sag’ir xotiramga kel,
Dil berib tinglagil bu yurak so’zin.

Shabboda qo’ynida bir erka taskin,
Bo’g’riqqan taningni yupatadi jon,
Navbahor chog’ingni eslatar, lekin
Qip-qizil tandirda qip-qizargan non.

Ey, do’st, rayhon hidlarini sog’indim,
Yodimga tushadi Shosh ko’chalari,
Feruza tonglarda nurday yog’indim,
Bahorga aylandim yoz kechalari.

Esimda, ko’nglimiz qushday uchgan kun,
Olucha barglari qorday yog’ardi,
Har g’uncha labida qip-qizil uchqun,
Bu menga yoqardi, senga yoqardi…

Bog’larda anvoyi mevalar hidi,
Atirgul jilmayib dilni o’rtardi,
Kulimsib qarayman yonida to’xtab,
U biroz senga ham o’xshab ketardi.

Savrmi, saraton, ayni gul chog’i,
Gulladik, gullarni nazarga ilmay,
O’tmidi, suvmidi, bu yurak dog’i,
Kuydirib olgandik ko’ngilni bilmay…

Bog’larda daydiydi yelvizak yakka,
Rayhoniy hidini taratadi yer,
Yuzimdan tomchillab tushar yurakka,
Ko’nglimning selidan tepchilaydi ter.

Choshgoh, bog’larda yelpinadi yel,
Saraton soyaga oladi o’zin…

* * *

Ko’nglim — g’aribasan, ko’nglim – singan soz,
Umidsiz dunyodan umidli ovoz,
Soqovdan bir nola, so’qirdan vola,
Shabnam umridagi choshgohi bir noz.

Borimsan. Bag’rimda ko’zimning nami,
Nurday musaffosan, tog’day og’ir yuk.
Makonsiz makonsan, ranginsan, buyuk
Hayotga talpingan g’ayratning ta’mi.

Yana nima deyin, ne desam shu — san,
Bu umr o’tkinchi bosirinqi tush.
Men bilan tillashging keladi goho
Ko’ksimda qiynalib yashayotgan qush.

So’qir hayratining rangini bildim,
Soqov nolasini yutdim quloqqa.
Shabnam jilvasida dunyoga keldim,
Borini tushirdim shu yurak-oqqa.

Ammo, bu kechmishdan siniqar ranging,
Bu aldov dunyoga aldanib bo’lmas,
O’lib ham bo’lmaydi endi shunchaki,
“O’lgan hayvon emish, oshiqlar o’lmas…”*

* Yunus Emro satri.

* * *

Shafoatli bir nafas tuydim,
Qo’ydim qo’llarimni yurakka,
Nahot ishq ko’yida shuncha ko’p kuydim,
Ko’r ko’zim bilan zor bo’ldim ko’rmakka.

Qaydin esib yetdi bu sarxush yellar,
Fasli surx, eridi dilda xavotir,
Men bilan sirlashing yovvoyi gullar,
Qirlarda uyg’ondi qip-qizil xotir.

Ne fasl tinchidi bu g’amkash dunyo,
Tong kabi tiniqqan tuyg’ular, ketmang,
Ruhimda sarinlik bo’lmoqda bunyod,
Rabbim! Buncha qiyin ko’ngilga yetmak…

Bu umr ulg’ayar, g’ussalar – imkon,
Qon – qo’rquv, ayt, nega qonlar yutamiz,
Azaldan to abad sargardon, sarson
“Keldilar, ketdilar, keldik, ketamiz”…

* * *

Sog’inch bu kunlarning armoni,
Eshik zulfinida g’ussalar jimdir.
Yo’llar orqalagan bo’m-bo’sh dunyoni,
Yig’lab yig’lolmaydi ko’nglimda kimdir.

Bog’lar – yuraklarning hovuri…
Shoxlarda kuylaydi zangori muza,
Soyalar o’qiydi besharpa yurib
Kimsasiz bog’larga uzun ma’ruza.

Yillar barg yozadi,
Yillar barg to’kar,
Tinmaydi bu bog’da qushlar sayrog’i.
Hilpirar yaproqlar, hilpirar umr,
Yurak — hayotimning bayrog’i…

* * *

Dunyoning bir menga aytar so’zi bor,
Ko’zi bor dunyoning menga qadalgan,
Ko’ksimda qayg’uning chuqur izi bor,
Taqdir omochida haydalgan.

Sabr kosasida nam yo’q bir yutum,
Tubida ilon bor, tubida yantoq.
Ko’zim – inoyatdan tomgan bir qultum,
Javohir izlaydi mardumi firoq.

Hayot urchug’iga termilaman jim,
Chiyratib o’raydi kunlarni falak,
Fol ochar toledan tonglar – munajjim,
Sizdan hech darak yo’q, sizdan yo’q darak.

Quyoshning erigan nurini elab,
Ishkomlar nimsariq iforlar sochar,
Bag’rini namozshom qo’riga belab
Yap-yangi kechalar ko’ksini ochar…

Dunyo!
Faqat meniki bo’lgan bu dunyo!!!

* * *

Yuragimda bir durkun tuyg’u,
Xayollarim xushhol parishon.
Sezgilarda nimadir suygun
Bir kechmishdan bermoqda nishon.

Ey! Men sog’man, tirikman, borman,
Yog’avering so’z yomg’irlari,
Sizning jo’shqin qo’shiqdan dog’da
Yorilmoqda qon tomirlarim.

Boshimizda buncha ko’p esdi
Kuzning sovuq shamollari, bas!
Yaproqlarday sarg’ayib uchdi
Ko’ngil to’la orzu va havas.

Ey hisoriy tog’larning yoli,
Sizni qutlash yana qanday baxt!
Bu, men – sokin kuzning ayoli,
Izg’irinda gullagan daraxt.

Jaranglaydi tillarang bog’lar,
Iliq oftob kunlarga uyg’un,
Endi meni qo’ymaydi sog’lar
Yurakdagi bu durkun tuyg’um…

* * *

Sen yana kelmading,
labimni burdim,
ko’nglimdan suv ichdi g’ussaning shomi,
yana tun umrimga qaro sharpaday
kirdi ayriliqning uzun oqshomi.

Bu shom ajab sokin,
qayg’umand,
dardmand,
u kuyuk ko’nglimni shamchiroq bilib,
quyuq ko’lkalarga tashlagancha band,
dahr bog’lariga kirmoqda yelib.

Surmarang osmonda arg’imchoq tashlab
oy kumush kokilin o’ltirar tarab,
xazon shitiridan hurkkan chashmalar
jildirar kimsasiz bog’larga qarab…

Tiriklik – bezabon oqar bir daryo…
jimgina oqarar sochim tolasi,
chanqovuz chaladi lablarim aro
hayot – tiriklikning uzun nolasi.

Fasllar almashar tashrifing kutib,
yurak quloq osmas, ne qilmay amr,
tun ta’na-dashnomin ichiga yutib
g’amzada ko’nglimni etmoqda ta’mir…

* * *

Men seni ayadim,
«xayr» dedim, yoz,
qirovli kunlarning baridan tutdim,
yomg’irli oylarning silsilasini
jimgina yig’ladim, jimgina yutdim.

Farahsiz tonglarning iskanjasida
eng sodiq bir do’stga maktublar bitdim.
G’ussalar bitmadi. Begona kabi
na siz bor,
na men bor kunlardan ketdim.

“Nega bu kunlarning yuzi yo’q, nega?!” –
shu bilan tugadi boshlangan xatim,
manzilga yetmagan maktub singari
unutilib ketdi mening ham otim.

Vaqt esa o’lchovli,
o’rgimchak kabi
o’tmishga o’radi kunlar tizimin,
umrimga bostirib kirgan bu yillar
supurib tashladi yozning izini…

* * *

Daraxtlar yil bo’yi ismingni aytdi,
ko’chalar yil bo’yi ketdi sen tomon.
Kun ham o’tib borar, u kelmas qaytib,
biz bugun omonmiz,
begumon omon.

Jildirab oqqan suv ismingni so’ylar,
maysalar jon berar ismingni aytib.
Ming yil umr ko’rsak ko’rarmiz, ammo,
omonat bu kunga kelmaymiz qaytib.

Zumrad badanida tilla yopinchiq,
zarhali shabnamga yuzini chayar,
nomingni yil bo’yi bexato aytib,
tong tasbeh o’girib Senga jilmayar.

G’animat jonimga g’animat ko’nglim
azaliy muhabbat haqida so’ylar,
daraxt barglaridek yuksalar ko’kka
Sen va Ishq haqdagi qadimiy o’ylar.

Har bitta hujayram hujrasi guvoh,
olamlar aro haq yozgan qismating,
bu kunning borligi eng kichik saboq,
bu ishqning pokligi Sening ismating.

…Yongan yuragimdek dard chekmoqda shom,
qizargan havoda ming o’y, ming mavzu,
ey, jonim tanigan abad, bardavom,
Sening rizoliging eng ulug’ Orzu!

1.

Ko’z yoshi misoli yomg’irlar yog’ar,
yuvar yaproqlarning yuzini,
shamol bulutlarni erkalab sog’ar,
yig’latib ko’nglimning ko’zini.

Majnuntol ho’ngranib tebratadi bosh,
sumbul sochlarida shalola,
tuyg’u-yuragimni ezayotgan tosh,
yurak – ko’ksimdagi majnuna lola.

Shamol selpinadi,
yomg’ir aralash
adirlar hidini urar yuzimga,
…men ham shamol edim,
sel edim sarkash,
qaytib kelolmadim o’zimga…

2.

Ketdim,
endi qaytolmayman hech,
aytolmayman buni yurakka,
kulfat tortib yashab bo’lmas tinch,
g’amni yengib bo’lmaydi yakka.
Tiriklik komida o’ldim tikkalay,
yillarcha so’z demay ko’nglimni ochib,
yillarga uloqdim yurak tilkalay,
yana qayga boray o’zimdan qochib…
Ko’zimning ichiga yomg’irlar yog’ar,
yuvar yaproqlarning yuzini,
shamol quchog’ida ulg’ayar bog’lar
yig’latib ko’nglimning ko’zini…

* * *

Yupanch, qaerdasan,
xushbaxtlik, sendan darak yo’q.
Oy yo’q sumbulaning oyiday suluv
va menday sevguchi bir jonsarak yo’q.

Rangiga qora yugurgan rayhon
sim-sim sochlarini taraydi,
o’zingga oro ber, deb avraydi tun,
yalinchoq it kabi oyga qaraydi.

Bu hijron oqshomni qizg’anar mendan,
tumanlar to’ldirar tun quchog’ini.
sumbula, qaerga berkitib qo’yding
sog’inch ko’zlarimning ko’zmunchog’ini?!…

* * *

Senga bir arzim bor,
aytsam botinib,
aytmasam ko’nglimdan toshadi sellar,
yuragim og’zimdan ketar otilib,
ko’zimning yoshida yayraydi yellar.

Senga bir arzim bor,
aytsam botinib,
yelkamni tegirmon toshi sindirar.
Suyganim ko’nglimdan ketar yot bo’lib,
bu achchiq ayriliq meni o’ldirar.

Senga bir arzim bor,
aytmasam bo’lmas,
aytsam-da bo’lmagay, karami kengim,
en bo’lish orzusin vasvasa qilar
qo’llarimni yopmagan yengim.
YO Rab!…
arz aytishga sig’armi haddim,
dunyodan kechdimu
dunyodir dardim…

* * *

Bir quyuq daraxtzor,
daraxtzor –
qaddi tik shoxlarda oxirgi
yaproqlar sayraydi azonlar,
behiday sarg’aygan bog’larda
qizarib pishadi xazonlar.

Bir quyuq daraxtzor,
daraxtzor –
bezovta uchadi qag’illab
chorbog’dan chorboqqa qarg’alar,
qish kelar yo’llarni bo’ylaydi,
daraxtlar – yelkansiz darg’alar.

Bir quyuq daraxtzor,
daraxtzor-
poyida mudraydi shamollar,
uylaridan termiladi jim
tiramohga o’xshash ayollar.

Ey-y! Suluvim! Yoyilib kuladi
oftobning ilitmas nurlari,
iyiydi bog’larning fotiha tilab
osmonga uzatgan qo’llari.

Tiramoh.
Bog’larning tushiga
gurkirab kiradi mevalar,
Kitobda qish yaqin,
otlanar
qantarilgan bog’lar – kemalar…

* * *

Siz yo’qsiz. Yuragim g’ash.
maysalar ham siniqar,
sog’inib sarg’aygan dasht
izg’irinda chiniqar.

Sunbula yig’ar sepin,
har ishi faslga mos,
o’rgimchak qilib epin
mezondan to’qir libos.

Negadir yuragim g’ash,
xazondek dilgir dilim,
marvarid tut qilib rashk
menga uzatar yelim.

Garchi kuz, garchi sokin
xazonrez, xazon sayli,
bog’da qarg’alar Majnun,
bog’da qarg’alar Layli.

Behudlik, begonalik
ezar, esmoqda buyug’,
qip-qizarar xazonlar
ko’zlarimga bosib cho’g’.

Mezonlar imosida
qattiq qishdan bashorat,
xas ostida shoshilar
ming jonzot, ming hashorat.

Onam yo’q, vafot etgan,
kuz yolg’iz, yuragim g’ash,
kengliklarga solib ko’z
sog’inib sarg’ayar dasht.

Ruhu jon, jonu ruhim,
bu qay kun, qaysi kuzak,
nega ko’ksimda sim-sim
yupanchsiz singrar yurak…

* * *

Dilo,
dardim aritmas
tashqarida yoqqan qor,
garchi pinhon xavotir,
garchi pinhon umid bor.

Dilo, seni injitdim,
yana sizdi ko’zga yosh,
huv… ko’ngil degan yoqqa
ketib bo’lmas olib bosh.

Kuz havosi keltirar
turnalardan xayr-xo’sh,
yuragimni qiymalar
qaldirg’ochlar urib to’sh.
Suratlaring iviydi,
qalqiydi qarog’imda,
suvdan, o’tdan, samodan,
tuprog’dan so’rog’imda.

Baytul ahzon ichinda
ko’nglim bo’ldi basira,
nay bo’ldim navosiga
ikki dunyo asira.

Ko’nglim buzilar,
goho
diydam yumshar, to’liqar,
qachon sendan bir jazba
men baxtsizga yo’liqar…

* * *

Yana kuz…
Kunlar sog’inadi seni jimgina,
yo’llar sog’inadi beun, beo’ylov,
ko’zingning yoshini artgin, qizgina,
eshikda senimi yo’qlaydi birov…
Yana kuz…

Bog’lar sarg’ayadi oftobda yona,
ko’chalar xayolchan tashlaydi nigoh,
tuproqqa aylangim keladi, ona,
yaproqqa aylangim keladi goh-goh…
Yana kuz…

Osmon bezovtadir, qushlar betinim
issiq o’lkalarga ketadi uchib,
kunlar yuraklardan topadi qo’nim
qo’llar yelkalarni jimgina quchib…
Yana kuz…

* * *

Ko’ngilda ruh qushin otdim,
jismimni tark etdi sarbonim.
Ki ishqning ko’ziga botdim,
na armonim, na armonim…

Ko’zim ko’nglim bila yig’lab,
yurib, sabrim sari yetdi.
Meni yaproq kibi o’ynab,
bu ishq ketdi,
bu ishq ketdi.

Yurak tanda xarob bir yurt,
bu tong – orzu,
bu shom – taqdir.
Umidli kun – ilinj dilda,
u ham Sendan,
muvaqqatdir.

Nimam bordi,
nimam qoldi,
qafasman, ichkarim bo’m-bo’sh.
Kimi yo’q kimsasizlarning
kimi…
xush,
marhabo, ey, Do’st…

DUNYO BIZDAN O’TAR…

Dunyolar moviydir, nasimlar moviy,
Biz bilgan, bilmagan ismlar moviy,
Bu rangin dunyoda qancha chalg’ima,
Takrorlar bir so’zni beshafqat roviy,
Dunyo bizdan o’tar, bizlar dunyodan…

Olam – ulkan daraxt, turlanadi dil,
Uzilgan har yaproq hayotning oti,
G’animat umrdan, g’animat dildan
Hali ketmay turib tiriklik toti,
Dunyo bizdan o’tar, bilar dunyodan…

Kumush ko’ylagida to’lg’ongam ma’vo,
Ey, gul kechalarning vobasta tani,
Mahbub nafasidan esgan hur sabo.
Seni tilab bersa bir ko’ngil G’ani,
Dunyo bizdan o’tar, bilar dunyodan…

Mezonlar qush kabi uchdi havoda,
Kimsasiz, xazonrez bog’larga bordim,
Bahaybat chinorlar poyida kezib,
Bir jajji niholga ko’nglimni yordim.
Dunyo bizdan o’tar, bilar dunyodan…

To’rt fasl na go’zal, omonat, Rabbim!
O’chgaydir bir kuni mening ham nomim,
Bu inja umrdan ne qolur unda,
Ne bilan o’lchanur mening a’molim,
Dunyo bizdan o’tar, bilar dunyodan…

Orzular moviydir, tuyg’ular moviy,
Biz bilgan, bilmagan qayg’ular moviy,
Bu rangin dunyoda qancha chalg’ima
Takrorlar bir so’zni beshafqat roviy,
Dunyo bizdan o’tar, bilar dunyodan…

* * *

Dunyolar moviydir, nasimlar moviy,
biz bilgan, bilmagan ismlar moviy.
Bu rangin dunyoda ming yil chalg‘ima,
takrorlar bir so‘zni beshafqat roviy:
dunyo bizdan o‘tar,
bizlar – dunyodan…

Olam – ulkan daraxt, turlanadi Dil,
uzilgan har yaproq hayotning oti.
G‘animat umrdan, g‘animat dildan
hali ketmay turib tiriklik toti,
dunyo bizdan o‘tar,
bizlar – dunyodan…

Kumush ko‘ylagida to‘lg‘ongan ma’vo,
ey, gul kechalarning vobasta tani.
Mahbub nafasidan esgan hur sabo,
seni tilab bersa bir ko‘ngli g‘ani:
dunyo bizdan o‘tar,
bizlar – dunyodan…

Mezonlar qush kabi uchdi havoda,
kimsasiz xazonrez bog‘larga bordim.
Bahaybat chinorlar poyida kezib,
bir jajji niholga ko‘nglimni yordim:
dunyo bizdan o‘tar,
bizlar – dunyodan…

To‘rt fasl na go‘zal, omonat, Rabbim!
O‘chgaydir bir kuni mening ham nomim.
Bu inja umrdan ne qolur unda,
ne bilan o‘lchanur mening a’molim,
dunyo bizdan o‘tar,
bizlar – dunyodan…
Orzular moviydir, tuyg‘ular moviy,
biz tuygan, tuymagan qayg‘ular moviy.
Bu rangin dunyoda qancha chalg‘ima,
takrorlar bir so‘zni beshafqat roviy:
dunyo bizdan o‘tar,
bizlar – dunyodan…

* * *

Namozshomday sokinlik qizg‘ish
giloslarning silliq shoxida,
tun cho‘kmoqda,
do‘stim, ayt-chi hech
eslaysanmi meni gohida?

Gul yaproqda uzun hayot bor,
g‘arq gullaydi bog‘lar orasta,
tun qo‘ynida uyg‘onar bahor,
yuragimday mahzun va xasta.

Xotirimjam kuzatolmayman
botayotgan quyoshni hamon,
taqdir chalkash, tuzatolmayman,
unutmoq – baxt,
unutmoq – yomon…

TARIX

Shovullaydi, oydin sukunat to‘zar,
tun qo‘ynida ma’yus dengiz kabi bog‘,
bu farah kenglikda yuragim suzar,
ko‘zlarimda mahzun ko‘nglimdagi dog‘.
Bu baxt menikidir,
bu baxt seniki.

Oyning nurlariga ilashar xayol,
tuproqqa singiydi to‘kilgan o‘yim.
qo‘lingni ko‘ksingga mahkamroq qo‘yib,
kulgingmi, yig‘laging keladi to‘yib.
Bu baxt menikidir,
bu baxt seniki.

Oy ko‘pirar, ko‘kdan yulduzlar oqar,
yaproqlardan tomar oqshom shukuhi,
qarshingda jilmayib ko‘nglingga boqar,
g‘am-g‘ussadan forig‘ oydinlik ruhi.
Bu baxt menikidir,
bu baxt seniki.

Yellarning ta’mida yurakning toti,
shabboda qo‘lida umringni o‘ynar,
bu oy jon-joningga ketmasdan botib,
yog‘ib tugamasdan oq oydin o‘ylar,
Bu baxt menikidir,
bu baxt seniki.

Balki baxtlidirman, balki baxtsiz, ayt,
balki shu bir lahza umrimning bori,
menkim Ishq o‘qidan lat yegan bir bayt,
vasling sog‘inchiman, hajringning yori…
Bu baxt menikidir,
bu baxt seniki.

Shovullaydi, oydin sukunat to‘zar,
tun qo‘ynida kumush to‘lqinli bog‘lar,
farahli bu oqshom tinchimni buzar,
ko‘zim mardumida dildagi dog‘lar.
Bu baxt menikidir,
bu baxt seniki.

OQ YOMG‘IR

Zumrad samolarda zumrad havolar,
“qur, ho qur” turnalar,
ey, naqshin qo‘shiq,
siz bilan yubordim daryo-ko‘llarga
kuychi yuragimni –
baxshimni qo‘shib.

Bulut boqib yurgan qo‘ychivon shamol
ko‘k uzra suruvin tinchitmas bir zum,
zarhal havolarga singiydi, goho
quyoshga termilib yig‘laydi yum-yum.

Oftobning izidan yo‘lga chiqqan kun,
bolari tillashar gulbargi bilan,
yomg‘irda yuvilgan qirlarda orzu
uyg‘unlashib ketar dil rangi bilan.

Mehnatkash tuproqdan andoza olib
yasharging keladi,
g‘ayrating ortar,
yuraging ko‘ksingni ikkiga yorib
quyoshga intilib tikka yo‘l tortar…

* * *

Tinimsiz chorladi meni bu eshik,
kirdim, shu eshikdan mehr so‘radim.
Dunyoning ko‘ngli tor, hamyoni teshik –
gursillab ko‘ksimni tepdi yuragim.

Tinimsiz chorladi meni bu eshik,
meni qiynayverdi kunlar atayin.
Meni qiynayverdi qiziquvchanlik,
kun sayin,
kun sayin,
kun sayin…

Tinimsiz chorladi meni bu eshik,
tiriklik komiga tosh kabi cho‘kdim.
Bu uyning ichida hamma orzumni
yurakdan sug‘urib, tuproqqa to‘kdim.

Tinimsiz chorladi meni bu eshik,
endi qanday chiqay, dov bermas yurak.
Haqqa haqiqatni so‘ylash uchun tik
yo Rabbiy!
Yo Rabbiy!!
chiqishim kerak!!!

* * *

Vujud kemasida ruh horg‘in yo‘lchi,
shodumon tosh otar xayolimga tun,
yurak qopqasida achchiq bir kulgi
titkilab o‘tirar hayotim o‘tin.

Kulrang sukunatga ko‘nikdi ko‘zim…,
mudroq shuurimni bu sirtmoq qiydi,
garchi bir ifoda anglatmas yuzim,
bag‘rimni g‘ussalar bearmon yeydi.

Garchand iddaosiz aytildi she’rim,
garchand bu hayotga men bir talaba,
kuymoqda yuragim, dehqoni yerim,
beshafqat ezginlik qilar g‘alaba.

Chorasiz holimga keladi rahmim,
bu achchiq tuyg‘uni qayraydi kuzak,
sensiz yashamoqqa yetmadi fahmim,
ey, Ishq,
azaliy, abadiy ertak…

* * *

Bemorman, netay, sog‘lar ichinda,
xazon yaprog‘i ko‘k bog‘lar ichinda,
bu umr nadomat, dog‘lar ichinda,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Orzular qilganman oshiqlarga xos,
goh yo‘llarga qarab qon bo‘lganim rost,
bir ko‘ngil topmadim shu ko‘nglimga mos,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Qizil qonga belab olamni shomlar,
ketdi bu dunyodan topmay nishonlar,
jon bu tiriklikni tinmay nishonlar,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Ne’matlar ichida ne’matlar kutib,
ishq deb ishqsizlarning qo‘lidan tutib,
men uni unutdim, uni unutib
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Mahshardan dam urdim dunyoni quchib,
o‘zdan emas, rizqdan noumid, cho‘chib,
endi yurak bo‘m-bo‘sh, jon cho‘g‘i o‘chib
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Dil o‘lsa tirilmas, baxtu vola ham
tatimas, quvonchu qayg‘u nola ham,
bu dardni aritmas endi bola ham,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Tole bozorida sho‘rishu g‘avg‘o,
kim ahli jannat, kim do‘zaxga savg‘o,
bu jism jon istar, nafs qilar ig‘vo,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Tilimni tishladim, yurakda qoni,
o‘tdi yoshlik ayyom, umr imkoni,
qosh bilan qoboqda o‘lim paykoni,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Vaqt bo‘hronida biz chirpirak bir xas,
bu davr, davronlar tuymagan bir sas,
ko‘ngil uvol bo‘ldi, sarf bo‘ldi-ku, bas,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

Ne ma’no, mohiyat bu boru hechdan,
ne maqsad, ne umid erta-yu kechdan,
bu ishq yemirdi-ku meni ich-ichdan,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on.

O‘zimdan kechdim-u qoshingga keldim,
Muddao vasling deb boshingga keldim,
Kitob, Shavkan kechib Shoshingga keldim,
sevdim dema ey dil, sevganing yolg‘on,
ey dil, bu dunyoga kelganing yolg‘on…

* * *

Ikki dunyo yangradi sozing,
Yetti iqlim tutdi ovozing,
bo‘ldim sening bir ishqibozing,
Bulbulmi bu, yo seni rozing,
Ayt, nimaga o‘xshaydi nozing.

Gulga boqsam dardim zo‘rayar,
Xazon o‘ynar bahorimizda,
Ne qilmayin ko‘ngil qorayar,
Ne hikmating gul, xorimizda,
Ayt, nimaga o‘xshaydi nozing.

Kurtakmidim qishda ochilgan,
Izg‘irinda so‘ldi yaprog‘im,
O‘n sakkiz ming olamdan o‘zib,
To‘zib borar achchiq tuprog‘im,
Ayt, nimaga o‘xshaydi nozing.

Ishq jahannam damidan bir o‘t,
Kuyib yotar ikki jahonim,
Goh o‘zimga kelsam, g‘am unut,
Yana seni istaydi jonim,
Ayt, nimaga o‘xshaydi nozing.

Bu ishq mening bo‘ynimda dorim,
Umr-sabrim, borim-qarorim,
Tilimdadir ko‘nglimda borim,
U dunyo-yu, bu dunyo yorim,
Ayt, nimaga o‘xshaydi nozing.

Ne ayb qildim mehringni to‘sdim-
qahring bilan qo‘rqitar do‘stim,
devonalik fe’limdan emas,
muhabbatim-bor kamu ko‘stim,
Ayt, nimaga o‘xshaydi nozing.

02

(Tashriflar: umumiy 573, bugungi 1)

Izoh qoldiring