Mirzohid Muzaffar. Yangi she’rlar

02    …Бугун сизга янги шеърларим ва икки ҳикоямни жўнатаяпман. Аввалгидек “сўнги нафасини олаётган одамнинг умид синиқлари” каби тиғиз бўлмаса-да, улар ҳам менинг тобора торайиб бораётган ботинимдан тўкилган сўзлардир.

  …Аввалги мактубимда сизга ёзиш ёдимдан кўтарилибди, мен 2-3 йилдан бери ҳеч нарса ёзмасдим. Шу танаффус орасида бу йилдан ёза бошладим. Сайтингизда чиққан машқларим эса мактаб дафтарида қолиб кетган шеърлар эди ҳолос. Худо менга асосан 10-14 ёшим орасидагина ёзишни раво кўрган. Кейинчалик, 16 ёшимнинг кундалигида ёзганим фикр бўлмиш “Шеър ёзиш аслида ҳудкушликдан бошқа нарса эмас” га астойдил қўшилиб кетганман шекилли, асосан жаҳон назмини ўрганишга бағишладим ўзимни. (Мирзоҳид Музаффарнинг мактубидан).

Мирзоҳид Музаффар
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
07

Мирзоҳид Музаффар (Абдуллаев) 1999 йил 12 сентябрда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган.Шеърлари туман ва республика нашрларида эълон қилинган. Ўзбек шоирларининг шеърларини турк ва инглиз тилларига таржима қилган. Айни пайтда Чиноз Саноат касб-ҳунар коллежининг 3 босқичида таҳсил олган. Бугунги кунда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» телеканалида ишламоқда.

***

Кўзингдаги ёшда шеър эриётир —07
мисра томар руҳим ҳилватларига.
Дард тажассум этар кўзингдан оққан
ёшнинг бир лаҳзалик жилваларида.
Сен…
бир лаҳзага тўхтаб қолар вақт.
Роҳила ишқ чулғар қалбимнинг туйғу
қадами етмаган еригача…
ва
сийратимга сингий бошлар шаффоф бир қайғу.
Шу пайт…
мен саҳро,
сен ёмғир бўласан, гулим,
ҳар битта қатрангдан яшнай бошлайман.
Сочимдан то тирноққача жунунга тўлиб,
сени севган ондан яшай бошлайман…

***

Сен кечикиб келдинг,
мен эрта кетдим…
кетдим ҳисларимни бўшлиққа бошлаб.
Ва нур кенглигида чайқалган дилни
юбордим мангу дард дайрига ташлаб.
Ва бир Ишқ туғилди зулмоний дилда —
бир ишқки, дардимдек кўҳнадан кўҳна
ва менинг ўзимдек кеча яралган
бир ишқ кўзин очди кўкдаги Руҳда…
Сирларнинг пардаси сидирилган он
арғанун товуши бўғзимни тилди.
Дунёга мен ишқмас, десам ҳам минг бор,
барибир у менга — ишққа интилди.
…сен эса кеч келдинг,
жудаям кеч…
кеч…
кеч дедим,
кеч дедим мендек осийдан.
Кўзингда бир дунё ёғдуни кўрдим —
у ёнарди ишқнинг инъикосидан…
кеч дедим,
кеч дедим гуноҳларимдан,
дедингки, ягона гуноҳинг — ўзим.
Жонимда жон берди чалажон умид
ва бўғзим даштида адашди сўзим.

2

Нетай, севмасаму, ошиқ бўлсам ман,
тизларим лабларин босади гилга.
Кўтаролмам, дейман, қуйилаверар
муҳаббатнинг чексиз баҳри кўнгилга.
Кимга берай,
ўзинг ҳал айла буни,
ёпилмаса нетай,
сийрат қопқаси?
Ё Раб,
шунча Ишқни, шунча жунунни
кўтара олмайди сендан бошқаси…

***

Биламан,
сен сўздан тўралган ҳилқат,
мен эса…
бўрондан тўкилган сукут.
Сен сўзлар мулкида яшайсан фақат.
Воҳ,
ахир мен жимман!
Руҳимда сужуд
гулламоқлик учун урунаётир
ва ёнаётган қарочўғимда
бир ҳаёт ҳаллослаб югураётир.
Бир ҳаёт югурар…
югурар тинмай —
манзили ноаён,
манзили мавҳум.
Томиримда оқар арғувоний май —
мен уни ичибон сассиз ҳайқиргум…
Биллур кенгликларга сачрайди сукут,
сачрайди нигоҳлар —
сочмиш қайси кўз?
Англайман —
сен сўздан яралган вужуд,
Мен-чи…
овозларга сиғолмаган сўз…

***

Cенга яқин қолди —
мана, етаман.
Ҳозирдан туйяпман ифорларингни,
пойимга бир саҳро ташлади каманд —
унга нисор этгум анҳорларингни…
ҳис этяпман
нигоҳларинг
шивирларини,
сенли хаёл Ҳаётимга айламиш сафар.
Йўллар мени
йўллар сенинг Сенлигинг томон…
аслида-ку…
мендан ўтиб борар масофа…
сенга яқин қолди…
бир…
ё минг қадам,
эшитилаётир олганинг нафас.
Манзилинга етгум — Номинга қасам,
ўзлигимдан кечиб
ўта олсам бас…
cенга яқин қолди…

***

Руҳим,
туфроғ билан эгизлигинг рост,
ростдир осмон билан биродарлигинг.
Шамол,
сув ва
олов сенгадир ҳамроз,
чиндир бўшлиқларда саросарлигинг.
Ва сенинг манзилинг — уфқнинг остида,
Нурлаҳзада ўтган
тирик асрсан.
Баъзан ўйлаб қолгум:
эҳтимол дунё
аслида йўқ!
Дунё сен эмасмисан?
Осийлик қилдимми,
Ўзи этар авф,
шундоғам гуноҳлар гуллар кўнглимда.
Руҳим,
сен — ишққа эргашган салаф,
таъсир этолмайди сенга ўлимлар.
Кетяпман оғриқлар даштида дайдиб,
қайноқ қайғуларнинг бўлиб ошнаси.
Ростини айтайми,
бари сафсата —
Худодан бошқаси,
сендан бошқаси…

***

шаклсиз сукунат қаърида
тўлғонади менсиз маънолар
ва рўёнинг рўйидан қўрқиб
титраб кетар сирсиз дунёлар

нигоҳимдан тўқилган арқон
ўраб олар чексиз қобиқни
оғриқ каби оғир бир йиғи
чўзилади дилга толиқиб

унутади кимлардир мени
унутаман кимнидир бесўз
кўзгуларнинг кенгликларида
қолиб кетгум сархуш ва ёлғиз

сен эса… менга дўнасан тайин
мендан воз кечасан ўтирмай ўйлаб
бехушлик аталмиш хушёрлик оним
руҳимни қўяман зулматга жойлаб

шундай кечар ишқий онларим
синиб кетар нимжон ҳақиқат
хаёл сургум бефараҳ ва жим
сеники бўлмаган вужуд ҳақида

***

Эй дил,
хабарим бор забун ҳолингдан,
сени қийнаётир оғриқсиз оғриқ.
Мен кетиб бораман Ҳақ хаёли-ла
мангулик йўлида…
қўлларим боғлиқ —
саждалар қиламан Аршга юкуниб.
Сен эса дардсизсан,
нега —
не учун?
Кетаман осмонга бесас тўкилиб —
руҳимда унади ифорий жунун.
Ё Ҳақ,
шаккок тутма сендан Дард сўрсам,
қизғонма Изтироб тўла зиёни.
Кўнглимга ёдинг-ла тушган бир қатра
қайғуга алмашгум икки дунёмни.
Дардсираб дайдийман ўзимда ўзим,
сийратим соғинчдан киймишдир ридо.
Очиқ эканида бу ташна кўзим
жаннатий бир ғусса нисор эт, Худо!
Манглайим туфроғ-ла айлайди суҳбат,
сукунат сиримни очади — ҳадсиз.
Яшамоқ мумкинми ахир, Ўзинг айт —
бу улкан кўнгилда илоҳий дардсиз…

***

(ҳолатдан ташқаридаги лаҳза тасвирлари)

1
кимдир мени изламоқда
аммо ким
юзимга урилди совуқ шамоллар

2
рўй беришга бўй бермас ҳодис
шаклсизланар кундуз
томиримда музлайди зардоб

3
сукунат узоққа чўзилиб кетди
тушдим овоз изламоқликка
топдим уни юмуқ кўзимдан

4
чексизликка чиқиб олдим
энди
қолипга айланар чексизлик

5
балки кечдир севмоққа бу он
лек вақт бордир нафратланмоққа
одам ҳали яшамоқда-ку

6
кўзларимга қараш мумкинмас
ёнаётир қорачиқларим
тингланг фақат унинг фарёдин

***

Сен ва мен.
Ўртада ягона фонус.
Нур аро тентийди
нигун нигоҳлар.
Бўғзимизда титраб турар миллён сўз,
Титрайди
миллиардлаб
қоп-қора оҳлар.
Хона ним қоронғу.
Фонус ўчмоқда,
зулматга қоришар иккита вужуд.
Гўё яқинлашсанг
кетгум йироққа,
жимлигимиз сўйлар:
жимликдан не суд?
Йилтираб кўринар кўзингдаги ёш,
сўзлашайлик десак —
қалблар ҳорғиндир.
Журъат қилиб оҳир сўзладим аста,
мен сени…
мен сени жуда соғиндим…

***

соврилиб кетаман ўткинчи елга
ва сени ўйлайман…
сен эса йўқдирсан дунёда ҳали
ё бор бўлсанг ҳам сезмагандирман.
балки менинг ўзим йўқдирман…
аслида бу муҳим ҳам эмас!
замҳарир совуқдан роҳатланганча
симирганча кўзинг рангли қаҳвани
ўйлайвераман.
севги ҳам эмасдир эҳтимол бу?
билмадим,
севиб кўрмаганман олдин.
қўлларингни,
совуқдан кўкариб кетган қўлларингни
ушлайман ҳаёлан.
уялиб кетаман ўзимдан…
рўёлар дунёсин
деразасидан мўралайман басорат ила.
унда кўринади ким ҳақидадир
берилиб хаёл сураётган қиз…

***

Тугаб бораяпман…
қолмадим ҳисоб…
cовуриб юбордим ўзни тонг пайти.
Ана, бир парчамдан яралди офтоб,
бошқа бир парчамда қушлар ҳамд айтди…
Шамоллар қайтмайди,
буни биламан
ва яна биламан ҳечлигимни мен.
Ўзимни ўзимга душман қиламан,
ўзимни ҳайдаб сўнг ялинаман — кел…
О, нималар қолди маним ичимда,
ахир Вақт турибди руҳга кўз тикиб.
Мана,
меникидир муқаддас нафрат
ва ишққа айланган вужуд меники.
Қолгани саробдир,
қолгани шовқин,
қолгани ўткинчи — бу дунё каби.
Меники бўлгани фақат дард шавқи
ва осмон лойидан қорилган қалбим.
Тугаб бораяпман…
қолмадим ҳисоб…

***

Рафиқ Сайдуллога

мен лаҳзани шароб деб ўйлаганим йўқ
мен ичиб қўймадим уни
қасамни ичгандек осон ичмадим
сўз деб ҳам ўйламадим
сўзламадим ушбу лаҳзани
фикр эмасди у
овоз ҳаммасди
ваҳоланки сукутга ҳам ўхшамасди у
унда яшаш кераклигин кейин сездим мен
кейин билдим ундан ўтиб кетмоқлигимни
лаҳза мени ичиб қўйди
у мени сўзлади
ўйлаб
куйлади
сукут дея ўйлади-ю жим қолди менда
фақат яшамади менда бу лаҳза
фақат яшамади…

***

Майли,
не қилсанг қил,
розидирман мен,
розиман, оловга ташла лошимни.
Жазола,
айблиман қошингда албат,
сочинг каби қора кун сол бошимга.
Розиман,
азоблаб роҳатлан мени,
жоним оғриқларнинг ватани бўлсин.
Қийнагин жимгина,
кўзимга қараб,
илтижо қилмирам шафқат деб, шафқат…
Айлагил умримни бебурд ва ҳароб,
қайғулар бағишла кўнгилга…
фақат
мени қийнаётган вақтингда эй ёр —
кўзим теграсини айлабон бенур,
дардларга мубтало этганда минг бор,
мени севиб тургин,
мени севиб тур…

***

Тунларни
тунларга уладим бетин,
тунларни
тутамлаб титради таним.
Айни дам…
ҳаётга оғир ботади
менинг
ер устида
яшаётганим.
Гарчи бу умримнинг лаҳзаларидан
дилдаги орзулар сероброқ эрур
ва яхши кунларнинг умиди ила
кўксимдаги шамлар таратади нур.
Турасан жонимга кўзингни тикиб,
ёдинг ёдим ичра изғир беқўним.
Эй
руҳимга қўрқув ниҳолин экиб
ўзи қуритётган телбаваш ўлим.
Қачонгача йўлим тўсмоқчисан, айт,
келяпман, деб алдаб қўясан токай?
Сен билан эркакча ҳисоблашаман,
фақат…
шу шеъримни тугатиб олай…

фақат шу шеъримни тугатиб олай…

***

Ойдинлик онгингни келади босиб —
оқлик!
Ва яна алланарсалар…
иложсиз ўзингни озод этмоқлик —
руҳда
оғриқ кезар беруҳ, сарсари…
Ва саккизинчи осмон кенгликларида
уйингни ўйлайсан —
ерни ўйлайсан.
Ёмғир бўлиб ёғиб,
сингиб туфроғга
майсадек унасан —
кўкни куйлайсан.
Мувозанат номин олар аросат,
ботинингда ҳодис содирдир минг бир.
Ҳаёт оҳирида…
сўнгсўзинг бўлар:
“менинг умрим буткул қораламадир…”

***

Мени чорла…
шивирлаб чорла…
бора олай Ўзимдан ўтиб
ва қароғларингни
миллард бора
нигоҳим-ла
қўяйин ўпиб.
Соғинмадим дема,
барини билгум —
кўнглинг
дийдорларга
ўзини чоғлар.
Руҳинг ичра
ларзон уради бугун
мени
кутиб
сарғайган
боғлар…
мени чорла,
Исо ҳаётни нафаси-ла чорлаганидек,
мени чорла,
қайтайин токи
минг йиллик маҳбусга қайтган каби эрк.
Овозингнинг изларин кўрдим
шамолларнинг елкаларида.
Балки сен ҳам нафасим сездинг
умидсизлик кўлкаларида…
Чақирақол,
борайин учиб,
пайғамбарга келгандек ваҳий
ва бузилсин кўнглимиздаги
ташналикнинг қадимий таҳи.
Мени чорла…
шивирлаб чорла…

***

Сенга борсам дардим олиб,
кетмасманми йўлда қолиб,
дайрнинг
бул урҳосида
кимлар мағлуб,
кимлар ғолиб…
Ҳар бир қайғу — Юсуфрухсор,
хаёлларим — чобуксувор,
дилим оғир,
дилим оғрир,
аё Раббим,
қўллаб юбор —
аё Раббим қўллаб юбор!

Жанг қиламан:
рақиб — ўзим,
бардошимга тилаб тўзим
тирикликнинг майдонида —
кўр,
кетдим-ку ахир тўзиб.
Сочилмишман,
бир-бир терган
банданг қани — бўлар бекам…
Аллоҳ,
нетай, йўлинг маним
Бул умримдан узун экан…

***

Йўқ,
юрагимнинг дук-дуки эмас,
сен айтётган кучли уриши —
Улар — сенли туйғуларимнинг
Югурётган қадам товуши.
Сен ўйлама,
ҳис ҳам қилмагин,
фақат яшаб тургин бул лаҳза
ва соғинчим гуллаган сайин
уни ҳидла…
бунда ҳеч нарса
сен ўйлаганчалик эмасдир,
Ер — аслида ёнаётган шеър,
Осмон — менинг кўзимда асир.
Ҳис қилганинг муҳаббат ҳаммас,
нафратдир у,
қайдан биласан?
Ном ҳеч нени билдирмас асло,
бари нисбий,
бари қиёсан…
…шундай қилиб,
англагил буни,
хушёрлик бу —ишқнинг мастлиги.
Балки энди англагандирсан,
кўксимдаги юракмаслигин…

…Bugun sizga yangi she’rlarim va ikki hikoyamni jo‘natayapman. Avvalgidek “so‘ngi nafasini olayotgan odamning umid siniqlari” kabi tig‘iz bo‘lmasa-da, ular ham mening tobora torayib borayotgan botinimdan to‘kilgan so‘zlardir.

…Avvalgi maktubimda sizga yozish yodimdan ko‘tarilibdi, men 2-3 yildan beri hech narsa yozmasdim. Shu tanaffus orasida bu yildan yoza boshladim. Saytingizda chiqqan mashqlarim esa maktab daftarida qolib ketgan she’rlar edi holos. Xudo menga asosan 10-14 yoshim orasidagina yozishni ravo ko‘rgan. Keyinchalik, 16 yoshimning kundaligida yozganim fikr bo‘lmish “She’r yozish aslida hudkushlikdan boshqa narsa emas” ga astoydil qo‘shilib ketganman shekilli, asosan jahon nazmini o‘rganishga bag‘ishladim o‘zimni. (Mirzohid Muzaffarning maktubidan).

Mirzohid Muzaffar
YANGI SHE’RLAR
07

Mirzohid Muzaffar (Abdullayev) 1999 yil 12 sentyabrda Toshkent viloyatining Chinoz tumanida tug‘ilgan.She’rlari tuman va respublika nashrlarida e’lon qilingan. O‘zbek shoirlarining she’rlarini turk va ingliz tillariga tarjima qilgan. Ayni paytda Chinoz Sanoat kasb-hunar kollejining 3 bosqichida tahsil olgan. Bugungi kunda O‘zbekiston milliy teleradiokompaniyasi “Madaniyat va ma’rifat” telekanalida ishlamoqda.

***

Ko‘zingdagi yoshda she’r eriyotir —08
misra tomar ruhim hilvatlariga.
Dard tajassum etar ko‘zingdan oqqan
yoshning bir lahzalik jilvalarida.
Sen…
bir lahzaga to‘xtab qolar vaqt.
Rohila ishq chulg‘ar qalbimning tuyg‘u
qadami yetmagan yerigacha…
va
siyratimga singiy boshlar shaffof bir qayg‘u.
Shu payt…
men sahro,
sen yomg‘ir bo‘lasan, gulim,
har bitta qatrangdan yashnay boshlayman.
Sochimdan to tirnoqqacha jununga to‘lib,
seni sevgan ondan yashay boshlayman…

***

Sen kechikib kelding,
men erta ketdim…
ketdim hislarimni bo‘shliqqa boshlab.
Va nur kengligida chayqalgan dilni
yubordim mangu dard dayriga tashlab.
Va bir Ishq tug‘ildi zulmoniy dilda —
bir ishqki, dardimdek ko‘hnadan ko‘hna
va mening o‘zimdek kecha yaralgan
bir ishq ko‘zin ochdi ko‘kdagi Ruhda…
Sirlarning pardasi sidirilgan on
arg‘anun tovushi bo‘g‘zimni tildi.
Dunyoga men ishqmas, desam ham ming bor,
baribir u menga — ishqqa intildi.
…sen esa kech kelding,
judayam kech…
kech…
kech dedim,
kech dedim mendek osiydan.
Ko‘zingda bir dunyo yog‘duni ko‘rdim —
u yonardi ishqning in’ikosidan…
kech dedim,
kech dedim gunohlarimdan,
dedingki, yagona gunohing — o‘zim.
Jonimda jon berdi chalajon umid
va bo‘g‘zim dashtida adashdi so‘zim.

2

Netay, sevmasamu, oshiq bo‘lsam man,
tizlarim lablarin bosadi gilga.
Ko‘tarolmam, deyman, quyilaverar
muhabbatning cheksiz bahri ko‘ngilga.
Kimga beray,
o‘zing hal ayla buni,
yopilmasa netay,
siyrat qopqasi?
Yo Rab,
shuncha Ishqni, shuncha jununni
ko‘tara olmaydi sendan boshqasi…

***

Bilaman,
sen so‘zdan to‘ralgan hilqat,
men esa…
bo‘rondan to‘kilgan sukut.
Sen so‘zlar mulkida yashaysan faqat.
Voh,
axir men jimman!
Ruhimda sujud
gullamoqlik uchun urunayotir
va yonayotgan qarocho‘g‘imda
bir hayot halloslab yugurayotir.
Bir hayot yugurar…
yugurar tinmay —
manzili noayon,
manzili mavhum.
Tomirimda oqar arg‘uvoniy may —
men uni ichibon sassiz hayqirgum…
Billur kengliklarga sachraydi sukut,
sachraydi nigohlar —
sochmish qaysi ko‘z?
Anglayman —
sen so‘zdan yaralgan vujud,
Men-chi…
ovozlarga sig‘olmagan so‘z…

***

Cenga yaqin qoldi —
mana, yetaman.
Hozirdan tuyyapman iforlaringni,
poyimga bir sahro tashladi kamand —
unga nisor etgum anhorlaringni…
his etyapman
nigohlaring
shivirlarini,
senli xayol Hayotimga aylamish safar.
Yo‘llar meni
yo‘llar sening Senliging tomon…
aslida-ku…
mendan o‘tib borar masofa…
senga yaqin qoldi…
bir…
yo ming qadam,
eshitilayotir olganing nafas.
Manzilinga yetgum — Nominga qasam,
o‘zligimdan kechib
o‘ta olsam bas…
cenga yaqin qoldi…

***

Ruhim,
tufrog‘ bilan egizliging rost,
rostdir osmon bilan birodarliging.
Shamol,
suv va
olov sengadir hamroz,
chindir bo‘shliqlarda sarosarliging.
Va sening manziling — ufqning ostida,
Nurlahzada o‘tgan
tirik asrsan.
Ba’zan o‘ylab qolgum:
ehtimol dunyo
aslida yo‘q!
Dunyo sen emasmisan?
Osiylik qildimmi,
O‘zi etar avf,
shundog‘am gunohlar gullar ko‘nglimda.
Ruhim,
sen — ishqqa ergashgan salaf,
ta’sir etolmaydi senga o‘limlar.
Ketyapman og‘riqlar dashtida daydib,
qaynoq qayg‘ularning bo‘lib oshnasi.
Rostini aytaymi,
bari safsata —
Xudodan boshqasi,
sendan boshqasi…

***

shaklsiz sukunat qa’rida
to‘lg‘onadi mensiz ma’nolar
va ro‘yoning ro‘yidan qo‘rqib
titrab ketar sirsiz dunyolar

nigohimdan to‘qilgan arqon
o‘rab olar cheksiz qobiqni
og‘riq kabi og‘ir bir yig‘i
cho‘ziladi dilga toliqib

unutadi kimlardir meni
unutaman kimnidir beso‘z
ko‘zgularning kengliklarida
qolib ketgum sarxush va yolg‘iz

sen esa… menga do‘nasan tayin
mendan voz kechasan o‘tirmay o‘ylab
bexushlik atalmish xushyorlik onim
ruhimni qo‘yaman zulmatga joylab

shunday kechar ishqiy onlarim
sinib ketar nimjon haqiqat
xayol surgum befarah va jim
seniki bo‘lmagan vujud haqida

***

Ey dil,
xabarim bor zabun holingdan,
seni qiynayotir og‘riqsiz og‘riq.
Men ketib boraman Haq xayoli-la
mangulik yo‘lida…
qo‘llarim bog‘liq —
sajdalar qilaman Arshga yukunib.
Sen esa dardsizsan,
nega —
ne uchun?
Ketaman osmonga besas to‘kilib —
ruhimda unadi iforiy junun.
Yo Haq,
shakkok tutma sendan Dard so‘rsam,
qizg‘onma Iztirob to‘la ziyoni.
Ko‘nglimga yoding-la tushgan bir qatra
qayg‘uga almashgum ikki dunyomni.
Dardsirab daydiyman o‘zimda o‘zim,
siyratim sog‘inchdan kiymishdir rido.
Ochiq ekanida bu tashna ko‘zim
jannatiy bir g‘ussa nisor et, Xudo!
Manglayim tufrog‘-la aylaydi suhbat,
sukunat sirimni ochadi — hadsiz.
Yashamoq mumkinmi axir, O‘zing ayt —
bu ulkan ko‘ngilda ilohiy dardsiz…

***

(holatdan tashqaridagi lahza tasvirlari)

1
kimdir meni izlamoqda
ammo kim
yuzimga urildi sovuq shamollar

2
ro‘y berishga bo‘y bermas hodis
shaklsizlanar kunduz
tomirimda muzlaydi zardob

3
sukunat uzoqqa cho‘zilib ketdi
tushdim ovoz izlamoqlikka
topdim uni yumuq ko‘zimdan

4
cheksizlikka chiqib oldim
endi
qolipga aylanar cheksizlik

5
balki kechdir sevmoqqa bu on
lek vaqt bordir nafratlanmoqqa
odam hali yashamoqda-ku

6
ko‘zlarimga qarash mumkinmas
yonayotir qorachiqlarim
tinglang faqat uning faryodin

***

Sen va men.
O‘rtada yagona fonus.
Nur aro tentiydi
nigun nigohlar.
Bo‘g‘zimizda titrab turar millyon so‘z,
Titraydi
milliardlab
qop-qora ohlar.
Xona nim qorong‘u.
Fonus o‘chmoqda,
zulmatga qorishar ikkita vujud.
Go‘yo yaqinlashsang
ketgum yiroqqa,
jimligimiz so‘ylar:
jimlikdan ne sud?
Yiltirab ko‘rinar ko‘zingdagi yosh,
so‘zlashaylik desak —
qalblar horg‘indir.
Jur’at qilib ohir so‘zladim asta,
men seni…
men seni juda sog‘indim…

***

sovrilib ketaman o‘tkinchi yelga
va seni o‘ylayman…
sen esa yo‘qdirsan dunyoda hali
yo bor bo‘lsang ham sezmagandirman.
balki mening o‘zim yo‘qdirman…
aslida bu muhim ham emas!
zamharir sovuqdan rohatlangancha
simirgancha ko‘zing rangli qahvani
o‘ylayveraman.
sevgi ham emasdir ehtimol bu?
bilmadim,
sevib ko‘rmaganman oldin.
qo‘llaringni,
sovuqdan ko‘karib ketgan qo‘llaringni
ushlayman hayolan.
uyalib ketaman o‘zimdan…
ro‘yolar dunyosin
derazasidan mo‘ralayman basorat ila.
unda ko‘rinadi kim haqidadir
berilib xayol surayotgan qiz…

***

Tugab borayapman…
qolmadim hisob…
covurib yubordim o‘zni tong payti.
Ana, bir parchamdan yaraldi oftob,
boshqa bir parchamda qushlar hamd aytdi…
Shamollar qaytmaydi,
buni bilaman
va yana bilaman hechligimni men.
O‘zimni o‘zimga dushman qilaman,
o‘zimni haydab so‘ng yalinaman — kel…
O, nimalar qoldi manim ichimda,
axir Vaqt turibdi ruhga ko‘z tikib.
Mana,
menikidir muqaddas nafrat
va ishqqa aylangan vujud meniki.
Qolgani sarobdir,
qolgani shovqin,
qolgani o‘tkinchi — bu dunyo kabi.
Meniki bo‘lgani faqat dard shavqi
va osmon loyidan qorilgan qalbim.
Tugab borayapman…
qolmadim hisob…

***

Rafiq Saydulloga

men lahzani sharob deb o‘ylaganim yo‘q
men ichib qo‘ymadim uni
qasamni ichgandek oson ichmadim
so‘z deb ham o‘ylamadim
so‘zlamadim ushbu lahzani
fikr emasdi u
ovoz hammasdi
vaholanki sukutga ham o‘xshamasdi u
unda yashash kerakligin keyin sezdim men
keyin bildim undan o‘tib ketmoqligimni
lahza meni ichib qo‘ydi
u meni so‘zladi
o‘ylab
kuyladi
sukut deya o‘yladi-yu jim qoldi menda
faqat yashamadi menda bu lahza
faqat yashamadi…

***

Mayli,
ne qilsang qil,
rozidirman men,
roziman, olovga tashla loshimni.
Jazola,
aybliman qoshingda albat,
soching kabi qora kun sol boshimga.
Roziman,
azoblab rohatlan meni,
jonim og‘riqlarning vatani bo‘lsin.
Qiynagin jimgina,
ko‘zimga qarab,
iltijo qilmiram shafqat deb, shafqat…
Aylagil umrimni beburd va harob,
qayg‘ular bag‘ishla ko‘ngilga…
faqat
meni qiynayotgan vaqtingda ey yor —
ko‘zim tegrasini aylabon benur,
dardlarga mubtalo etganda ming bor,
meni sevib turgin,
meni sevib tur…

***

Tunlarni
tunlarga uladim betin,
tunlarni
tutamlab titradi tanim.
Ayni dam…
hayotga og‘ir botadi
mening
yer ustida
yashayotganim.
Garchi bu umrimning lahzalaridan
dildagi orzular serobroq erur
va yaxshi kunlarning umidi ila
ko‘ksimdagi shamlar taratadi nur.
Turasan jonimga ko‘zingni tikib,
yoding yodim ichra izg‘ir beqo‘nim.
Ey
ruhimga qo‘rquv niholin ekib
o‘zi qurityotgan telbavash o‘lim.
Qachongacha yo‘lim to‘smoqchisan, ayt,
kelyapman, deb aldab qo‘yasan tokay?
Sen bilan erkakcha hisoblashaman,
faqat…
shu she’rimni tugatib olay…

faqat shu she’rimni tugatib olay…

***

Oydinlik ongingni keladi bosib —
oqlik!
Va yana allanarsalar…
ilojsiz o‘zingni ozod etmoqlik —
ruhda
og‘riq kezar beruh, sarsari…
Va sakkizinchi osmon kengliklarida
uyingni o‘ylaysan —
yerni o‘ylaysan.
Yomg‘ir bo‘lib yog‘ib,
singib tufrog‘ga
maysadek unasan —
ko‘kni kuylaysan.
Muvozanat nomin olar arosat,
botiningda hodis sodirdir ming bir.
Hayot ohirida…
so‘ngso‘zing bo‘lar:
“mening umrim butkul qoralamadir…”

***

Meni chorla…
shivirlab chorla…
bora olay O‘zimdan o‘tib
va qarog‘laringni
millard bora
nigohim-la
qo‘yayin o‘pib.
Sog‘inmadim dema,
barini bilgum —
ko‘ngling
diydorlarga
o‘zini chog‘lar.
Ruhing ichra
larzon uradi bugun
meni
kutib
sarg‘aygan
bog‘lar…
meni chorla,
Iso hayotni nafasi-la chorlaganidek,
meni chorla,
qaytayin toki
ming yillik mahbusga qaytgan kabi erk.
Ovozingning izlarin ko‘rdim
shamollarning yelkalarida.
Balki sen ham nafasim sezding
umidsizlik ko‘lkalarida…
Chaqiraqol,
borayin uchib,
payg‘ambarga kelgandek vahiy
va buzilsin ko‘nglimizdagi
tashnalikning qadimiy tahi.
Meni chorla…
shivirlab chorla…

***

Senga borsam dardim olib,
ketmasmanmi yo‘lda qolib,
dayrning
bul urhosida
kimlar mag‘lub,
kimlar g‘olib…
Har bir qayg‘u — Yusufruxsor,
xayollarim — chobuksuvor,
dilim og‘ir,
dilim og‘rir,
ayo Rabbim,
qo‘llab yubor —
ayo Rabbim qo‘llab yubor!

Jang qilaman:
raqib — o‘zim,
bardoshimga tilab to‘zim
tiriklikning maydonida —
ko‘r,
ketdim-ku axir to‘zib.
Sochilmishman,
bir-bir tergan
bandang qani — bo‘lar bekam…
Alloh,
netay, yo‘ling manim
Bul umrimdan uzun ekan…

***

Yo‘q,
yuragimning duk-duki emas,
sen aytyotgan kuchli urishi —
Ular — senli tuyg‘ularimning
Yuguryotgan qadam tovushi.
Sen o‘ylama,
his ham qilmagin,
faqat yashab turgin bul lahza
va sog‘inchim gullagan sayin
uni hidla…
bunda hech narsa
sen o‘ylaganchalik emasdir,
Yer — aslida yonayotgan she’r,
Osmon — mening ko‘zimda asir.
His qilganing muhabbat hammas,
nafratdir u,
qaydan bilasan?
Nom hech neni bildirmas aslo,
bari nisbiy,
bari qiyosan…
…shunday qilib,
anglagil buni,
xushyorlik bu —ishqning mastligi.
Balki endi anglagandirsan,
ko‘ksimdagi yurakmasligin…

05

(Tashriflar: umumiy 753, bugungi 1)

Izoh qoldiring