Erkin A’zam. Ko’k eshik & Qirq yillik gurunglar. Hikoyalar

Ashampoo_Snap_2017.11.24_13h01m38s_001_.png     Ҳамиднинг туши ўнгидан келди: у эртаси куни дарсдан хушхабар билан қайтди. Курсдошлари орқали суриштириб, университетнинг ёнгинасидан уй топибди. Кечқурун кўргани бордик. Уй биз кутгандан зиёда, ўша танишимизникидан ўтса-ўтардики, қолишмасди. Эртага кўчиб келадиган бўлиб бекаси билан аҳдлашдик. У негадир сал жонсарак, аммо жуда мулойим аёл экан.

Эркин Аъзам
КЎК ЭШИК
03

Erkin Agzam.JPGЭркин Аъзам 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (хозир Ўзбекистон Миллий Университети)нинг журналистика факултетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва Санат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” филмлари суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат-инсоний эрк, хар қандай зўравонликка мунсабат масаласидир.

03

images (1).jpgТанишимизнинг ижара уйига айланма зинадан чиқилар экан… Ойнабанд равонча, кейин деворларига расм солинган серҳашам хона. Унгурда сакраб юрган ҳуркак оҳу болалари тасвири Ҳамидга айниқса маъқул тушди: қишлоғимизни, уни қуршаган тоғларни эслатган бўлса керак.

Дарвоқе, гап девордаги безакдами? У ҳолда биз яшайдиган хона деворларини тоғ унгурида ўйнаб юрган оҳулар эмас, серёмғир келган бултурги баҳорнинг томдан сизиб ўтган чакка доғлари «безаган». Ягона деразаси тирқишларида чилла шамоли бемалол дайдиган, илитувсиз бу уйда Ҳамид иккимиз галма-гал тумовлаб турамиз. Мана, гап нимада!

Борган жойимиз дардимизни янгилади. Мезбон тинмай дам шароити: электр, газ, сувини айтиб ғурурланса, дам уй эгасининг одамохунлигини мақтарди. Биз унинг омадига — хўжайин, электр, газ, сувига таҳсин ўқиб, Ҳамиднинг таъбирича, «саройимиз»га қайтарканмиз, ўйга толдик.
Бошқа жой топиш керак!

* * *

Дарвозадан кирганда томига қора қоғоз ёпилган кўримсизгина икки уй, бир даҳлизга кўз тушади. Зах босган, қоронғи даҳлиздан чапдаги хонада кампир, ўнгдагисида биз турамиз. (Начора, айб ўзимизда — ётоқхона шовқини малол келди.) Шифти Ҳамиднинг пакана бўйига мослангандек пастак бу хона икки киши учун чинакамига «сарой»: буклама каравотларимиз ва устига китоб қаланган синиқ столни ҳисобламаса, унда ҳеч вақо йўқ.

Торгина бу ҳовлида кампир ёлғиз, фақирона кун кечиради. Қўшнисига тушган қизи оиласи билан андармон, қўли теккан маҳалдагина кириб туради. Биздан ташқари, ҳовли тўрида, тут тагидаги бостирмасимон ҳужрада истиқомат қиладиган Бўрибой аканинг деразага қарай-қарай негадир хавотирланиб гапиришича, кампирнинг қизидан кейинги ягона ўғли дайди чиққан, онасига қарашмай, хабар ҳам олмай қўйган; ҳарбийдан қайтгач, бир бева аёлга уйланиб аллақаерда яшармиш.
— Баъзан ичиб келиб қолади. Ана кейин кўрасиз томошани, — дейди Бўрибой ака пичирлаб.

* * *

Тушдан кейин ўқийман. Кечқурун совуқда жунжикиб қайтаман. Ҳамид ё кампирнинг уйни зўрға илитувчи чўян печи олдида гап сотиб ўтирган, ёхуд Бўрибой аканикида халқаро аҳволдан масала талашаётган бўлади. Каравотга чўзилиб оёғимни кўрпага ўрайман-да, китоб ўқишга тутинаман. Сўнг совуқдан ҳушим келмай китобни қўйиб, кампирнинг хонасига бош суқаман.

— Вой болам-эй, кўкариб кетибсан-а! Кир-кир… Қачон келдинг? Ман хавотир олиб ўтирибманки, бу изғиринда болафақир қай аҳволда келаркан, деб. Ўлгур совуқ ҳам… Майли, ҳадемай иссиқ кунлар кепқолар. Бўрибой айтаётувди. Газетада ёзганмиш. Ўқишингларни битириб, ҳали бир одам бўласанларки, ҳаммаси унутилиб кетади. Сани, Ҳамид боламни уйларига бориб бир даврон суришим бор. Умидим катта санлардан, ҳа-ҳа!..

Чиндан ҳам кампирнинг бизга ишонч-ихлоси зўр, келажагимиздан кўп нарса кутади. У айниқса Ҳамид билан соз. Унинг шўх-шўх ҳазилларидан бошини орқага ташлаганча мириқиб-мириқиб кулади.
— Ойи, шу-у, бўйга етган қизингиз бўлмагани чатоқда, — дейди Ҳамид менга кўз қисиб.
— Ўзим ҳам шунга ачинаман. Бўлганида сандан бошқага бермасдим-а, аттанг! — деб астойдил куюнади кампир. — Ҳай, парво қилма, болам, сани ўзим уйлантираман, кўрасан. Кўз остига олиб юрганим бор. Қўшнилардан. Бир нозанинки, сочи тақимига тушади.
— Ўшани тезроқ олиб бермасангиз, сочини қирқтириб қўяди, ойи. Ҳозир шунақа.
— Шўх бўлмай кет-а, болам…

Бўрибой аканинг ҳужрасига ўтаман. Ўттизларни қоралаган бу одам қўшни кампирнинг ўғли; акаси билан муроса қилолмай уйидан аразлаб, шу ерда сўққабош яшайди. У биринчи кун бизни совуққина қаршилаб:
— Мусофир экансизлар, — деди негадир паришон бир қиёфада.— Майли энди. Лекин кампирни ранжитиш йўқ—шарт шу. Ўғли туфайли кўнгли ярим ўзи. Аммо-лекин тилла кампир-да. Мана, ўзимиз ҳам…

Узоқ кириш сўзидан кейин у «Вокруг света» журналини ўқиш-ўқимаслигимизни сўради. Ҳамиднинг мужмалроқ жавобини эшитгач:
— Ўқиб туриш керак, — деди.— Аммо-лекин шу журналда гап кўп. Мана, ўзимиз ҳам…

Унинг каталакдек ҳужраси газета-журналга тўла. Зах тахмоннинг тепасигача сонма-сон «Вокруг света» тахланган. Баъзан тонгга қадар ҳужрада чироқ милтиллаб туради: Бўрибой ака ўнинчи лампа ёруғида бошини қашлаб, қўлида қизил қалам, газета титади. Юрганда ҳам унинг қўлидан газета тушмайди, қўлтиғида албатта журнал бўлади. Ўзи қурилишда оддий ишчи-ю, ҳамиша оқ кўйлак, бўйинбоғ, шляпада юриши, муомаласи зиёли кишиларни эслатади.

У гоҳо ичиб келиб, ҳовлини бошига кўтаргудек ўкириб йиғлайди; акасининг сирларини билишини, бир кунмас-бир кун уни фош қилажагини айтади, бўралаб сўкади. Кейин ишком тагидаги чорпояга ўтирганча ҳасратга тушади.
— Мен бахтимни йўқотганман, укалар, — дейди бизга. — Мусофирсизлар. Аммо-лекин мусофирчилик ёмон нарса. Мана, ўзим ҳам… Бахтимни тортиб олди. Номардлар! Мен ҳали уларга кўрсатиб қўяман! Ҳа! Илмий ишларим қолиб кетди…

Уни кампир онасидан ўзга ҳеч ким тинчитолмайди ҳам, овутолмайди ҳам.
— Ҳи, Бўривой, тағин нима бўлди санга?—дея дарвозадан мункиллаб киради кампир.
Бўрибой ака гоҳ онасининг бўйнига ёш боладек осилиб олади, гоҳ уни ердан даст кўтаради.
— Ойижон, ойижонимсиз!— дейди у қайта ҳиқиллашга тушиб.— Илмий ишларим битсин ҳали, мен сизни бошларимга кўтараман, ҳа, худди осмонга! Номардлар-р! Тортиб олди-я, ойижон…

Эшитишимизча, бу девонатабиат одамни толе қисган, суйгани куйдириб кетган экан. «Илмий иш» дегани эса бир пайтлардаги орзуси бўлса керак. У мудом нимадандир хуноб, нимадандир шикаста. Нимаданлигини биз ҳам билмаймиз, ўзи ҳам.

Газетага ишқибозлигим учунми, Бўрибой ака менга бошқача қарайди. У мени эҳтиром билан қарши оларкан, Ҳамид ўрнидан туради.
— Ҳа, мулла? — дейди Ҳамидга. — Ўтиринг энди. Мана, бу ёқ келдилар, бояги масалани ҳал қиламиз.
— Раҳмат, — деб ҳафсаласиз жилмаяди Ҳамид. — Илмий ишни тугатиш керак. Эртага кенгашда муҳокамаси…

У чиқиб кетгач, Бўрибой ака махфий сирни очаётгандек, деразага қараб пичирлайди:
— Шеригингиз тупой экан-ку? Даниянинг қироличаси кимлигини билмайди-я! Олий мактабда ўқий туриб… Ҳа-а, бу, Камбоджа масаласини эшитдингизми?,
Косада овқат кўтарган онаси кирадию сиёсат четда қолади.

Келсам, «тупой» илмий иши — семинарга тайёргарлик кўриб, аллақачон тўшакка кирибди.
— Сени, тупой экан, деди. — Кулгим қистайди.
— Ким? Мусофирми? (Ҳамид Бўрибой акага шундай деб лақаб қўйган.) — У қизиқсинганча ёстиққа ёнбошлаб олади.— Ҳи! Ўзиям мендан қолишмайди. Илмий иш эмиш! Уйланиш тараддудида юрибди. Топганмиш биттасини. Квартира беришибди. Яқинда кўчмоқчи бу ердан — мана, сенга илмий иш! Қарасам, аллақайдаги саволлар билан бошимни қотиряпти, «Бор-э», дедим. Э, буям ўзимизга ўхшаган бир афанди-да. Шўрлик мусофир!

Кампирнинг «Уй совуқлик қилаётган бўлса, мани ёнимга, бу ёққа ўта қолинглар, ҳарна иссиқроқ», деган гапини Ҳамидга айтаман.
— Қўйсанг-чи, — дейди у кўрпани юзига тортиб. — Ҳеч бири ўзимизнинг мана шу саройга тенг келмайди: муздеккина, маза!
— Тезроқ бошқасини топмасак…
— Бу кеча тушимизга кириб чиқсин, эртага топамиз.

* * *

Ҳамиднинг туши ўнгидан келди: у эртаси куни дарсдан хушхабар билан қайтди. Курсдошлари орқали суриштириб, университетнинг ёнгинасидан уй топибди. Кечқурун кўргани бордик. Уй биз кутгандан зиёда, ўша танишимизникидан ўтса-ўтардики, қолишмасди. Эртага кўчиб келадиган бўлиб бекаси билан аҳдлашдик. У негадир сал жонсарак, аммо жуда мулойим аёл экан.

— Майли, келаверинглар, — деди. — Қечқурун адасининг ўзлари гаплашадилар. Феъллари бир оз анақароқ, «Хўп», деяверасизлар.

Галдаги мушкулот кўчиш, яъни бу гапни кампирга айтиш эди. Нима дейиш, ким айтиши хусусида Ҳамид билан хийла бош қотирдик.

— Ётоқхонада яшамоқчимиз, десак-чи?
— Каллангга балли!

Узоқ тортишув, иккиланишлардан сўнг, «Кампир сени яхши кўради, у-бу», деб гаплашишга унинг ўзини кўндирдим.
Ҳамиднинг орқасидан кампир уйга йиғлаб кирди.

— Санларни ўз болам дегандим, ўрганиб қолувдим,— дея ҳиқилларди у.— Бир ҳовлида ёлғиз ўзим… Бўривой ҳам яқинда уйланиб кетиб қолармиш. Мана, бу ёғи баҳор эди. Биламан, совуқда хийла қийналдинглар, шўрлик болаларим. Аҳволларингни кўриб ич-этимни ейман. Иложим етганда-ку… Ёнимга ўта қолинглар, дедим… Ё бирор нимадан хафа бўлдингларми, а, болаларим? Тунов кунги…

Тунов куни, кампир қизиникида эди, ўғли келди. Кўринишдан беозорга ўхшаган бу одам анча нағма кўрсатди: у ғирт маст, оёғида туролмас эди.

— Ким қўйди санларни бу ерга? Кимсанлар ўзи? Бу мани уйим, ҳа! Ҳеч кимнинг ҳақи йўқ, ҳа!— деб бақирди у бизга. Кейин ерга боққанча чайқалиб сўкинишга ўтди… — Ойим қани? Ойимни топиб берларинг! Тез бўл, ҳозир!

Ҳамид кампирни чақириб чиқди. Ўғли тағин дағдағага тушди.

— Бас қил, жинни, қўшнилар эшитади, — дея кампир уни судраб уйга олиб кирди.

— Ман-н қўшниларингизни… — Унинг ҳуш-беҳуш бақириғи эшитиларди. — Булар ким? Ким қўйди буларни? Сизга пул керакми, а, айтинг, пул керакми? Мана, мана!..

— Пулинг ўзингга буюрсин, — деди кампир титроқ товушда. — Нима десанг де, лекин ман бу болаларни ёнимдан жилдирмайман, улар ўзимники…

Амаллаб ўғлини жўнатгач, кампир йиғлаб ҳасрат қилди, узр сўраган бўлди.

У ҳозир ўша гапни эсларди. Кўнглимиз бузилиб кетди. Бироқ энди қолиш ҳам ўнғайсиз эди.
— Хабар олиб турамиз, ойи,— дея юпата бошлади Ҳамид.

Кампир баттар тўлиқди. Сўнгра ётоқхона шароитини обдон суриштирди, кўнгли тўлди шекилли:
— Майли, болаларим, нимаям дердим, — деди паст, дардчил овозда. — Ниятларим кўп эди…

Ниҳоят, кампирнинг дуосини олиб, биринчи бор кўраётгандек қадрдон ҳовлига сўнгги марта ғамгин назар ташлаганча, кўнгилда бир орзиқиш… кўк дарвозадан чиқиб кетдик.

Янги жойга ўрнашиб, кечқурун бека айтган кишининг келишини кутдик. Келди. Танитишича, аллақаерда буфетда ишларкан, бурнининг учи ҳам худди винога тиқиб олингандек эди.

Беканинг «қулоқ қоқди»сига кўра, «бир оз анақароқ» бу одамнинг гапларига «Хўп», деяверишимиз керак эди. Вазифамизга киришдик.

— Ётоқ ёқмабди-да, хилват қидириб қолибсизлар? — деб бошлади у сўзини.
— Хў-ўп, — деди Ҳамид. Хўжайин унга бир ўқрайиб қўйди.

— Пулини хотиндан эшитгандирсизлар? Айтиб қўяй, ҳар ойнинг бошида тўлашингларга тўғри келади. Қалай?

— Хўп.
— Соат тўққиздан кейин дарвоза берк бўлади. Буниям ҳисобга олларинг, хўпми?

— Хў-ўп…
— Ичиш-пичишга қалайсизлар?

Ҳамидга қийин бўлди: Мастурани, олис қишлоқдаги Мастурасини эслаб гоҳида жиндак-жиндак отиш одати бор.

— Рубобинглар ҳам бор экан. Буниям вақти-вақти билан, а?

Менга-ку бари бир, семинарга тайёрланиш ўрнига Ҳамид баъзан эрмакка тинғирлатиб ўтиради.

— Хўпми, во-от… Тағин ҳар қанақа ошна-оғайнини бошлаб келиш ҳам йўқ. Кейин сиз, ука, мўйловниям, а?.. Тўғри келмайди, маҳаллачилик.

Шу ерга етганда Ҳамид тамом бўлди, лекин сир бермади.
— Хўпми, во-от, чироқ масаласи… соат ўн иккигача.

Бу гап иккимизга бирдек таъсир қилди: қишлоқни, мактаб даврини эслайдиган гурунгларимиз қисқаради энди.
Кейин газ, сув, кран масалалари муҳокамасига кўчдик. Биз ўз вазифамизни оғишмай адо этардик. Ҳамид «хўп, яхши, бўпти», деб ўтирар, дам-бадам чап кўзини қисганча кўрсаткич бармоғи билан бурнининг ёнини қашиб қўяр эди: энсаси қотгани, «қўявер», дегани.

Ниҳоят, хўжайин шартларини тамомлаб, «Шундоқ бўлсин», дея ўрнидан турди. У кетгач, Ҳамид иккаламиз бир-биримизга тикилганча хийла фурсат хона ўртасида қаққайиб қолдик. Сўнгра ўтириб кампирни эслашдик.
Шу кеча алла-паллага қадар уйқумиз келмади.

* * *

Эртаси куни дарсдан кейин уй қидиришга тушдик. Бир хиллар уйига ўзи сиғмаётганидан шикоят қиларди; бир хилларини шум ижарагирлар доғда қолдириб кетишганмиш; баъзиларининг эса бўйга етган қизлари бор экан…

— Бўйга етган бўлса, бервормайсанми бизга ўхшаган битта-яримтага! — дерди Ҳамид ҳазил аралаш хуноби ошиб.

Ижарага қўймасликларига кўпинча Ҳамид, унинғ муштдай-ю, лекин маҳмадоналиги ва аллакимларникига ўхшаш ингичка мўйлови сабаб бўларди. Уй эгалари менга ишонч билдиришар, сўнгра Ҳамидга ўгирилиб… хавфсираб бош чайқашар, афсус айтиб, узрларини илова қилишар эди.

Охири… эски уйимизга яқинроқ жойдаги нақшиндор дарвозадан хизматчига ўхшаш бир аёл чиқди. Ҳафсаламиз совиб турган бўлса-да, Ҳамид саломни қуюқ қилиб, бидиллашга тушиб кетди.

Албатта, бу ширинсухан хола ижарага қўймайди: уйн ўзига танглик қилади, бўйга етган қизи ҳам бор, бунинг устига ижарагирлардан куйган денг… Аммо, айтишича, бизга разм солиб қараса, анча бамаъни болаларга ўхшарканмиз, раҳми келибди.

— Муюлишдан шундоқ ўтсанглар… — дея у ўзимиз кўз юмиб ҳам топа оладиган йўлни тушунтира бошлади, — «Зуҳра кампирнинг уйи», десанглар, кўрсатишади. Кўк эшик. Ўзиям бир кампиржонда лекин. Бир-иккита бола турган экан. Кечами, олдинги кунми, ётоқхонага кўчиб кетишибди. Кампир шўрлик йиғлаб ўтирганмиш ўшаларнинг орқасидан. «Ҳалима опа айтди», десанглар, йўқ демас…

Аёлга раҳмат айтиб, йўлга тушарканмиз:
— Нима қилдик, хўжайин?— деди Ҳамид.
— Қайтиб боришдан ўзга чора йўқ шекилли?

— Инсоф билан ўйлаб қаралса,— дея хўрсинди Ҳамид, — ўзимиздан ўтган, жўра. Уйнинг у ёқ-бу ёғини тузатиб, печка-мечка қўйсак…

Кўк дарвоза олдига келиб таққа тўхтадик. Унга қўл чўзишга на Ҳамидда, на менда журъат бор эди. Ниҳоят, одатдагидек узоқ тортишув, иккиланишлардан сўнг Ҳамидни ичкарига киритиб юбордим.

Бир оздан кейин ҳовлидан йиғи эшитилди. Дарвоза тирқишидан мўраладим. Кампир Ҳамиднинг бўйнига осилганча ўтирарди… остонада…

7738639_both-soov.jpgHamidning tushi o‘ngidan keldi: u ertasi kuni darsdan xushxabar bilan qaytdi. Kursdoshlari orqali surishtirib, universitetning yonginasidan uy topibdi. Kechqurun ko‘rgani bordik. Uy biz kutgandan ziyoda, o‘sha tanishimiznikidan o‘tsa-o‘tardiki, qolishmasdi. Ertaga ko‘chib keladigan bo‘lib bekasi bilan ahdlashdik. U negadir sal jonsarak, ammo juda muloyim ayol ekan.

Erkin A’zam
KO‘K ESHIK
03

Без названия.jpgErkin A’zam 1950 yil 10 avgustda tog‘li Boysunda tug‘ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (xozir O‘zbekiston Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, «Guliston» va «Yoshlik» jurnallarida bo‘lim muharriri, G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va Sanat nashriyotida tahririyat mudiri bo‘ldi. 1992—1994 yillarda O‘zbekiston milliy axborot agentligida bosh direktori o‘rinbosari. 1995 yildan «Tafakkur» jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O‘zbekiston Oliy Majlisi deputati.
«Chiroqlar o‘chmagan kecha» (1977), «Otoyining tutilgan yili» (1981), «Olam yam-yashil» (1984), «Javob» (1986), «Bayramdan boshqa kunlar» (1988), «Mir v svetax» (1999), «Pakananing oshiq ko‘ngli» (2001), «Kechikayotgan odam» (2002) to‘plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida «Chantrimore», «Piyoda», «Dilxiroj», “Suv yoqalab”, «Zabarjad», «Jannat qaydadir»“Parizod” filmlari suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat-insoniy erk, xar qanday zo‘ravonlikka munsabat masalasidir.

03

images.jpgTanishimizning ijara uyiga aylanma zinadan chiqilar ekan… Oynaband ravoncha, keyin devorlariga rasm solingan serhasham xona. Ungurda sakrab yurgan hurkak ohu bolalari tasviri Hamidga ayniqsa ma’qul tushdi: qishlog‘imizni, uni qurshagan tog‘larni eslatgan bo‘lsa kerak.

Darvoqe, gap devordagi bezakdami? U holda biz yashaydigan xona devorlarini tog‘ ungurida o‘ynab yurgan ohular emas, seryomg‘ir kelgan bulturgi bahorning tomdan sizib o‘tgan chakka dog‘lari «bezagan». Yagona derazasi tirqishlarida chilla shamoli bemalol daydigan, ilituvsiz bu uyda Hamid ikkimiz galma-gal tumovlab turamiz. Mana, gap nimada!

Borgan joyimiz dardimizni yangiladi. Mezbon tinmay dam sharoiti: elektr, gaz, suvini aytib g‘ururlansa, dam uy egasining odamoxunligini maqtardi. Biz uning omadiga — xo‘jayin, elektr, gaz, suviga tahsin o‘qib, Hamidning ta’biricha, «saroyimiz»ga qaytarkanmiz, o‘yga toldik.
Boshqa joy topish kerak!

* * *

Darvozadan kirganda tomiga qora qog‘oz yopilgan ko‘rimsizgina ikki uy, bir dahlizga ko‘z tushadi. Zax bosgan, qorong‘i dahlizdan chapdagi xonada kampir, o‘ngdagisida biz turamiz. (Nachora, ayb o‘zimizda — yotoqxona shovqini malol keldi.) Shifti Hamidning pakana bo‘yiga moslangandek pastak bu xona ikki kishi uchun chinakamiga «saroy»: buklama karavotlarimiz va ustiga kitob qalangan siniq stolni hisoblamasa, unda hech vaqo yo‘q.

Torgina bu hovlida kampir yolg‘iz, faqirona kun kechiradi. Qo‘shnisiga tushgan qizi oilasi bilan andarmon, qo‘li tekkan mahaldagina kirib turadi. Bizdan tashqari, hovli to‘rida, tut tagidagi bostirmasimon hujrada istiqomat qiladigan Bo‘riboy akaning derazaga qaray-qaray negadir xavotirlanib gapirishicha, kampirning qizidan keyingi yagona o‘g‘li daydi chiqqan, onasiga qarashmay, xabar ham olmay qo‘ygan; harbiydan qaytgach, bir beva ayolga uylanib allaqayerda yasharmish.
— Ba’zan ichib kelib qoladi. Ana keyin ko‘rasiz tomoshani, — deydi Bo‘riboy aka pichirlab.

* * *

Tushdan keyin o‘qiyman. Kechqurun sovuqda junjikib qaytaman. Hamid yo kampirning uyni zo‘rg‘a ilituvchi cho‘yan pechi oldida gap sotib o‘tirgan, yoxud Bo‘riboy akanikida xalqaro ahvoldan masala talashayotgan bo‘ladi. Karavotga cho‘zilib oyog‘imni ko‘rpaga o‘rayman-da, kitob o‘qishga tutinaman. So‘ng sovuqdan hushim kelmay kitobni qo‘yib, kampirning xonasiga bosh suqaman.

— Voy bolam-ey, ko‘karib ketibsan-a! Kir-kir… Qachon kelding? Man xavotir olib o‘tiribmanki, bu izg‘irinda bolafaqir qay ahvolda kelarkan, deb. O‘lgur sovuq ham… Mayli, hademay issiq kunlar kepqolar. Bo‘riboy aytayotuvdi. Gazetada yozganmish. O‘qishinglarni bitirib, hali bir odam bo‘lasanlarki, hammasi unutilib ketadi. Sani, Hamid bolamni uylariga borib bir davron surishim bor. Umidim katta sanlardan, ha-ha!..

Chindan ham kampirning bizga ishonch-ixlosi zo‘r, kelajagimizdan ko‘p narsa kutadi. U ayniqsa Hamid bilan soz. Uning sho‘x-sho‘x hazillaridan boshini orqaga tashlagancha miriqib-miriqib kuladi.
— Oyi, shu-u, bo‘yga yetgan qizingiz bo‘lmagani chatoqda, — deydi Hamid menga ko‘z qisib.
— O‘zim ham shunga achinaman. Bo‘lganida sandan boshqaga bermasdim-a, attang! — deb astoydil kuyunadi kampir. — Hay, parvo qilma, bolam, sani o‘zim uylantiraman, ko‘rasan. Ko‘z ostiga olib yurganim bor. Qo‘shnilardan. Bir nozaninki, sochi taqimiga tushadi.
— O‘shani tezroq olib bermasangiz, sochini qirqtirib qo‘yadi, oyi. Hozir shunaqa.
— Sho‘x bo‘lmay ket-a, bolam…

Bo‘riboy akaning hujrasiga o‘taman. O‘ttizlarni qoralagan bu odam qo‘shni kampirning o‘g‘li; akasi bilan murosa qilolmay uyidan arazlab, shu yerda so‘qqabosh yashaydi. U birinchi kun bizni sovuqqina qarshilab:
— Musofir ekansizlar, — dedi negadir parishon bir qiyofada.— Mayli endi. Lekin kampirni ranjitish yo‘q—shart shu. O‘g‘li tufayli ko‘ngli yarim o‘zi. Ammo-lekin tilla kampir-da. Mana, o‘zimiz ham…

Uzoq kirish so‘zidan keyin u «Vokrug sveta» jurnalini o‘qish-o‘qimasligimizni so‘radi. Hamidning mujmalroq javobini eshitgach:
— O‘qib turish kerak, — dedi.— Ammo-lekin shu jurnalda gap ko‘p. Mana, o‘zimiz ham…

Uning katalakdek hujrasi gazeta-jurnalga to‘la. Zax taxmonning tepasigacha sonma-son «Vokrug sveta» taxlangan. Ba’zan tongga qadar hujrada chiroq miltillab turadi: Bo‘riboy aka o‘ninchi lampa yorug‘ida boshini qashlab, qo‘lida qizil qalam, gazeta titadi. Yurganda ham uning qo‘lidan gazeta tushmaydi, qo‘ltig‘ida albatta jurnal bo‘ladi. O‘zi qurilishda oddiy ishchi-yu, hamisha oq ko‘ylak, bo‘yinbog‘, shlyapada yurishi, muomalasi ziyoli kishilarni eslatadi.

U goho ichib kelib, hovlini boshiga ko‘targudek o‘kirib yig‘laydi; akasining sirlarini bilishini, bir kunmas-bir kun uni fosh qilajagini aytadi, bo‘ralab so‘kadi. Keyin ishkom tagidagi chorpoyaga o‘tirgancha hasratga tushadi.
— Men baxtimni yo‘qotganman, ukalar, — deydi bizga. — Musofirsizlar. Ammo-lekin musofirchilik yomon narsa. Mana, o‘zim ham… Baxtimni tortib oldi. Nomardlar! Men hali ularga ko‘rsatib qo‘yaman! Ha! Ilmiy ishlarim qolib ketdi…

Uni kampir onasidan o‘zga hech kim tinchitolmaydi ham, ovutolmaydi ham.
— Hi, Bo‘rivoy, tag‘in nima bo‘ldi sanga?—deya darvozadan munkillab kiradi kampir.
Bo‘riboy aka goh onasining bo‘yniga yosh boladek osilib oladi, goh uni yerdan dast ko‘taradi.
— Oyijon, oyijonimsiz!— deydi u qayta hiqillashga tushib.— Ilmiy ishlarim bitsin hali, men sizni boshlarimga ko‘taraman, ha, xuddi osmonga! Nomardlar-r! Tortib oldi-ya, oyijon…

Eshitishimizcha, bu devonatabiat odamni tole qisgan, suygani kuydirib ketgan ekan. «Ilmiy ish» degani esa bir paytlardagi orzusi bo‘lsa kerak. U mudom nimadandir xunob, nimadandir shikasta. Nimadanligini biz ham bilmaymiz, o‘zi ham.

Gazetaga ishqibozligim uchunmi, Bo‘riboy aka menga boshqacha qaraydi. U meni ehtirom bilan qarshi olarkan, Hamid o‘rnidan turadi.
— Ha, mulla? — deydi Hamidga. — O‘tiring endi. Mana, bu yoq keldilar, boyagi masalani hal qilamiz.
— Rahmat, — deb hafsalasiz jilmayadi Hamid. — Ilmiy ishni tugatish kerak. Ertaga kengashda muhokamasi…

U chiqib ketgach, Bo‘riboy aka maxfiy sirni ochayotgandek, derazaga qarab pichirlaydi:
— Sherigingiz tupoy ekan-ku? Daniyaning qirolichasi kimligini bilmaydi-ya! Oliy maktabda o‘qiy turib… Ha-a, bu, Kambodja masalasini eshitdingizmi?,
Kosada ovqat ko‘targan onasi kiradiyu siyosat chetda qoladi.

Kelsam, «tupoy» ilmiy ishi — seminarga tayyorgarlik ko‘rib, allaqachon to‘shakka kiribdi.
— Seni, tupoy ekan, dedi. — Kulgim qistaydi.
— Kim? Musofirmi? (Hamid Bo‘riboy akaga shunday deb laqab qo‘ygan.) — U qiziqsingancha yostiqqa yonboshlab oladi.— Hi! O‘ziyam mendan qolishmaydi. Ilmiy ish emish! Uylanish taraddudida yuribdi. Topganmish bittasini. Kvartira berishibdi. Yaqinda ko‘chmoqchi bu yerdan — mana, senga ilmiy ish! Qarasam, allaqaydagi savollar bilan boshimni qotiryapti, «Bor-e», dedim. E, buyam o‘zimizga o‘xshagan bir afandi-da. Sho‘rlik musofir!

Kampirning «Uy sovuqlik qilayotgan bo‘lsa, mani yonimga, bu yoqqa o‘ta qolinglar, harna issiqroq», degan gapini Hamidga aytaman.
— Qo‘ysang-chi, — deydi u ko‘rpani yuziga tortib. — Hech biri o‘zimizning mana shu saroyga teng kelmaydi: muzdekkina, maza!
— Tezroq boshqasini topmasak…
— Bu kecha tushimizga kirib chiqsin, ertaga topamiz.

* * *

Hamidning tushi o‘ngidan keldi: u ertasi kuni darsdan xushxabar bilan qaytdi. Kursdoshlari orqali surishtirib, universitetning yonginasidan uy topibdi. Kechqurun ko‘rgani bordik. Uy biz kutgandan ziyoda, o‘sha tanishimiznikidan o‘tsa-o‘tardiki, qolishmasdi. Ertaga ko‘chib keladigan bo‘lib bekasi bilan ahdlashdik. U negadir sal jonsarak, ammo juda muloyim ayol ekan.

— Mayli, kelaveringlar, — dedi. — Qechqurun adasining o‘zlari gaplashadilar. Fe’llari bir oz anaqaroq, «Xo‘p», deyaverasizlar.

Galdagi mushkulot ko‘chish, ya’ni bu gapni kampirga aytish edi. Nima deyish, kim aytishi xususida Hamid bilan xiyla bosh qotirdik.

— Yotoqxonada yashamoqchimiz, desak-chi?
— Kallangga balli!

Uzoq tortishuv, ikkilanishlardan so‘ng, «Kampir seni yaxshi ko‘radi, u-bu», deb gaplashishga uning o‘zini ko‘ndirdim.
Hamidning orqasidan kampir uyga yig‘lab kirdi.

— Sanlarni o‘z bolam degandim, o‘rganib qoluvdim,— deya hiqillardi u.— Bir hovlida yolg‘iz o‘zim… Bo‘rivoy ham yaqinda uylanib ketib qolarmish. Mana, bu yog‘i bahor edi. Bilaman, sovuqda xiyla qiynaldinglar, sho‘rlik bolalarim. Ahvollaringni ko‘rib ich-etimni yeyman. Ilojim yetganda-ku… Yonimga o‘ta qolinglar, dedim… Yo biror nimadan xafa bo‘ldinglarmi, a, bolalarim? Tunov kungi…

Tunov kuni, kampir qizinikida edi, o‘g‘li keldi. Ko‘rinishdan beozorga o‘xshagan bu odam ancha nag‘ma ko‘rsatdi: u g‘irt mast, oyog‘ida turolmas edi.

— Kim qo‘ydi sanlarni bu yerga? Kimsanlar o‘zi? Bu mani uyim, ha! Hech kimning haqi yo‘q, ha!— deb baqirdi u bizga. Keyin yerga boqqancha chayqalib so‘kinishga o‘tdi… — Oyim qani? Oyimni topib berlaring! Tez bo‘l, hozir!

Hamid kampirni chaqirib chiqdi. O‘g‘li tag‘in dag‘dag‘aga tushdi.

— Bas qil, jinni, qo‘shnilar eshitadi, — deya kampir uni sudrab uyga olib kirdi.

— Man-n qo‘shnilaringizni… — Uning hush-behush baqirig‘i eshitilardi. — Bular kim? Kim qo‘ydi bularni? Sizga pul kerakmi, a, ayting, pul kerakmi? Mana, mana!..

— Puling o‘zingga buyursin, — dedi kampir titroq tovushda. — Nima desang de, lekin man bu bolalarni yonimdan jildirmayman, ular o‘zimniki…

Amallab o‘g‘lini jo‘natgach, kampir yig‘lab hasrat qildi, uzr so‘ragan bo‘ldi.

U hozir o‘sha gapni eslardi. Ko‘nglimiz buzilib ketdi. Biroq endi qolish ham o‘ng‘aysiz edi.
— Xabar olib turamiz, oyi,— deya yupata boshladi Hamid.

Kampir battar to‘liqdi. So‘ngra yotoqxona sharoitini obdon surishtirdi, ko‘ngli to‘ldi shekilli:
— Mayli, bolalarim, nimayam derdim, — dedi past, dardchil ovozda. — Niyatlarim ko‘p edi…

Nihoyat, kampirning duosini olib, birinchi bor ko‘rayotgandek qadrdon hovliga so‘nggi marta g‘amgin nazar tashlagancha, ko‘ngilda bir orziqish… ko‘k darvozadan chiqib ketdik.

Yangi joyga o‘rnashib, kechqurun beka aytgan kishining kelishini kutdik. Keldi. Tanitishicha, allaqayerda bufetda ishlarkan, burnining uchi ham xuddi vinoga tiqib olingandek edi.

Bekaning «quloq qoqdi»siga ko‘ra, «bir oz anaqaroq» bu odamning gaplariga «Xo‘p», deyaverishimiz kerak edi. Vazifamizga kirishdik.

— Yotoq yoqmabdi-da, xilvat qidirib qolibsizlar? — deb boshladi u so‘zini.
— Xo‘-o‘p, — dedi Hamid. Xo‘jayin unga bir o‘qrayib qo‘ydi.

— Pulini xotindan eshitgandirsizlar? Aytib qo‘yay, har oyning boshida to‘lashinglarga to‘g‘ri keladi. Qalay?

— Xo‘p.
— Soat to‘qqizdan keyin darvoza berk bo‘ladi. Buniyam hisobga ollaring, xo‘pmi?

— Xo‘-o‘p…
— Ichish-pichishga qalaysizlar?

Hamidga qiyin bo‘ldi: Masturani, olis qishloqdagi Masturasini eslab gohida jindak-jindak otish odati bor.

— Rubobinglar ham bor ekan. Buniyam vaqti-vaqti bilan, a?

Menga-ku bari bir, seminarga tayyorlanish o‘rniga Hamid ba’zan ermakka ting‘irlatib o‘tiradi.

— Xo‘pmi, vo-ot… Tag‘in har qanaqa oshna-og‘aynini boshlab kelish ham yo‘q. Keyin siz, uka, mo‘ylovniyam, a?.. To‘g‘ri kelmaydi, mahallachilik.

Shu yerga yetganda Hamid tamom bo‘ldi, lekin sir bermadi.
— Xo‘pmi, vo-ot, chiroq masalasi… soat o‘n ikkigacha.

Bu gap ikkimizga birdek ta’sir qildi: qishloqni, maktab davrini eslaydigan gurunglarimiz qisqaradi endi.
Keyin gaz, suv, kran masalalari muhokamasiga ko‘chdik. Biz o‘z vazifamizni og‘ishmay ado etardik. Hamid «xo‘p, yaxshi, bo‘pti», deb o‘tirar, dam-badam chap ko‘zini qisgancha ko‘rsatkich barmog‘i bilan burnining yonini qashib qo‘yar edi: ensasi qotgani, «qo‘yaver», degani.

Nihoyat, xo‘jayin shartlarini tamomlab, «Shundoq bo‘lsin», deya o‘rnidan turdi. U ketgach, Hamid ikkalamiz bir-birimizga tikilgancha xiyla fursat xona o‘rtasida qaqqayib qoldik. So‘ngra o‘tirib kampirni eslashdik.
Shu kecha alla-pallaga qadar uyqumiz kelmadi.

* * *

Ertasi kuni darsdan keyin uy qidirishga tushdik. Bir xillar uyiga o‘zi sig‘mayotganidan shikoyat qilardi; bir xillarini shum ijaragirlar dog‘da qoldirib ketishganmish; ba’zilarining esa bo‘yga yetgan qizlari bor ekan…

— Bo‘yga yetgan bo‘lsa, bervormaysanmi bizga o‘xshagan bitta-yarimtaga! — derdi Hamid hazil aralash xunobi oshib.

Ijaraga qo‘ymasliklariga ko‘pincha Hamid, uning‘ mushtday-yu, lekin mahmadonaligi va allakimlarnikiga o‘xshash ingichka mo‘ylovi sabab bo‘lardi. Uy egalari menga ishonch bildirishar, so‘ngra Hamidga o‘girilib… xavfsirab bosh chayqashar, afsus aytib, uzrlarini ilova qilishar edi.

Oxiri… eski uyimizga yaqinroq joydagi naqshindor darvozadan xizmatchiga o‘xshash bir ayol chiqdi. Hafsalamiz sovib turgan bo‘lsa-da, Hamid salomni quyuq qilib, bidillashga tushib ketdi.

Albatta, bu shirinsuxan xola ijaraga qo‘ymaydi: uyn o‘ziga tanglik qiladi, bo‘yga yetgan qizi ham bor, buning ustiga ijaragirlardan kuygan deng… Ammo, aytishicha, bizga razm solib qarasa, ancha bama’ni bolalarga o‘xsharkanmiz, rahmi kelibdi.

— Muyulishdan shundoq o‘tsanglar… — deya u o‘zimiz ko‘z yumib ham topa oladigan yo‘lni tushuntira boshladi, — «Zuhra kampirning uyi», desanglar, ko‘rsatishadi. Ko‘k eshik. O‘ziyam bir kampirjonda lekin. Bir-ikkita bola turgan ekan. Kechami, oldingi kunmi, yotoqxonaga ko‘chib ketishibdi. Kampir sho‘rlik yig‘lab o‘tirganmish o‘shalarning orqasidan. «Halima opa aytdi», desanglar, yo‘q demas…

Ayolga rahmat aytib, yo‘lga tusharkanmiz:
— Nima qildik, xo‘jayin?— dedi Hamid.
— Qaytib borishdan o‘zga chora yo‘q shekilli?

— Insof bilan o‘ylab qaralsa,— deya xo‘rsindi Hamid, — o‘zimizdan o‘tgan, jo‘ra. Uyning u yoq-bu yog‘ini tuzatib, pechka-mechka qo‘ysak…

Ko‘k darvoza oldiga kelib taqqa to‘xtadik. Unga qo‘l cho‘zishga na Hamidda, na menda jur’at bor edi. Nihoyat, odatdagidek uzoq tortishuv, ikkilanishlardan so‘ng Hamidni ichkariga kiritib yubordim.

Bir ozdan keyin hovlidan yig‘i eshitildi. Darvoza tirqishidan mo‘raladim. Kampir Hamidning bo‘yniga osilgancha o‘tirardi… ostonada…

Erkin A’zam. Qirq yillik gurunglar. Hikoyalar by Khurshid Davron on Scribd

07

(Tashriflar: umumiy 7 387, bugungi 34)

Izoh qoldiring