Avaz O’tar. G’azallar, muxammaslar, ruboiylar & Avaz Oʻtar. Saylanma

  02Авазнинг замондоши Матфанобобо Худойберганов шундай ҳикоя қилади: «Бир куни шаҳарда жуда катта тўй бўлди. Ўнта сурнай ва кишиларнинг шовқинидан қулоқлар кар бўлиш даражасига келган эди. Аваз шеър ёзишга тутинди. Мен ундан: «Шу қадар нотинч вазиятда сизга қандай шеърий идрок келади?» деганимда, у: «Менинг бошимда шу қадар ғалвалар тўфони мавж урмоқдаки, уларнинг олдида бу шовқин ҳеч нарса эмас. Юрак қон, дард биган тўлган… Дилимдаги сўз дурлари шу қадар бешуморки, лабимни сўзга очсам, юз мисрани хат қилганимни билмай қоламан», деб менга ўқиш учун етти ғазал узатди.  Бу характерли хотира Авазнинг нақадар сермаҳсул ижод эгаси бўлганлигидан далолат беради.

АВАЗ ЎТАР
ИЖОДИДАН НАМУНАЛАР
003

  Аваз Ўтар — Аваз Полвонниёз (Ўтар) ўғли (1884.15.8- Хива-1919) — ўзбек маърифатпарвар шоири. Дастлаб мактабда, сўнг Хивадаги Иноқий мадрасасида ўқиди. 18 ёшларида шоир сифатида халқ ўртасида танилди. Муҳаммад Раҳим Соний (Феруз) Аваз Ўтар истеъдодига катта эътибор берган, уни саройга таклиф қилиб Табибийни унга устоз тайин этган. Аммо, Аваз Ўтар сарой ҳаёти билан чиқишолмай, уни тарк этади.
07 20-аср бошларида кўзга ташланаётган миллий уйғониш, истиқлол ғоялари Аваз Ўтар ижодига кучли таъсир кўрсатади. Аваз Ўтар ижодида эркпарварлик, озодлик, маърифатпарварлик ғоялари, турмуш иллатларига қарши қаратилган ҳажвлар пайдо бўла бошлайди, бу даврда шоир юксак инсоний фазилатларни, чинакам инсоний муҳаббатни тараннум этувчи лирик шеърлар, қиталар, рубоийлар ёзди. Аваз Ўтар ижодида алоҳида ўрин тутган ҳажвий шеърлар туркуми — «Фалоний» ҳам шу давр маҳсули. Аваз Ўтар «Миллат», «Ҳуррият»; «Топар эркан, қачон», «Халқ», «Замон» ва бошқа шеърларида миллат тақдири ва келажагини янгича талқин этади. Айрим шеърлари ўша давр вақтли матбуоти («Ойина», «Вақт», «Мулла Насриддин» ва бошқа)да босилган. 2 девони («Саодат ул-иқбол», «Девони Аваз») ва қатор баёзларга киритилган ғазаллари етиб келган. Девонларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида (инв. ? 942, 7102, 3451) сақланади. Республикада мактаблар, кўча ва хиёбонларга Аваз Ўтар номи берилган. Хивада уй-музейи ташкил этилган, ҳайкали ўрнатилган. У ҳақда бадиий асарлар яратилган (Э. Самандар «Эрк садоси» достони, А. Бобожон «Ғазал фожиаси» драмаси, С. Сиёев «Бир чора замон истаб» қиссаси ва бошқа).

ҒАЗАЛЛАР

Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур.

Ғайри тилини саъй қилинг билгали, ёшлар,
Ким илму ҳунарлар билонки ондин аёндур.

Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат этинг, фоида кондур.

Илму фан уйиға юборинглар болангизни,
Онда ўқуғонлар бори яктойи замондур.

Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидин они бағри тўла қондур.

Фидоий халқим ўлсун танда жоним,
Бўлиб қурбон анга руҳи равоним.

Гар ўлсам дарбадар мазлумлар учун,
Будур мақсуди қалби нотавоним.

Мани солса фано йўлига даврон,
Юрур устимдин авлоди замоним.

Умидим: яшасин мактаб боласи,
Алар ҳар бири бир шери жаҳоним.

На яхши ўйлаким, маъқулу манзур,
Аваз, халқим учун тўкулса қоним.

Нигорим кетгали айлар баҳона,
Ғам ўқиға мани айлар нишона.

Дедим: «Қилғил ҳадаф ман нотавонни
Отарда новак ул абру камона».

Нузул этгуси ҳар дам чархи дундин
Бошимға фитна хайли бекарона.

Нетонгким, бандаси гар бўлса Зуҳра,
Рубобу чанг ила қилғач тарона.

Очиб ҳуснидин олам ранг-баранг гул,
Фиғоним қилғусидур булбулона.

Агарчи ҳусн аро маъшуқи олам,
Вале мажлис тузарда ошиқона.

Қетарман деб рақиби шум сори
Кўзимнинг қилди қон ёшин равона.

Пари эрдиму билмон ул дилором,
Ки кўздин лаҳзада бўлди ниҳона.

Савор ўлғон чоғи ноз ашҳабиға,
Кўзимдин ашк тўкдим дона-дона.

Нечук зор ўлмайин ман бенавоким,
Ул ўлса хўблар ичра ягона.

Аваз, гар дод қилсам, не ажабким
Бўлубдур мунқалиб аҳли замона.

Тараҳҳум қил мани маҳзуни зора,
Аё кўнгли қотиғ монанди хора.

Фироқинг тиғи бирла, зй жафожў,
Бўлубдур сарбасар кўнглум чу ёра.

Бери келким, аё маҳ, сандин ўзга
Кўнгулнинг майли йўҳ ҳеч бир нигора.

Жудолиғ ханжаридин, эй ситамгар,
Ғами ҳажрингда сийнам пора-пора.

Мани дарёи меҳнат ғарқа айлаб,
Нечун, жоно, ўзинг чекдинг канора!

Қилиб лутфу карам бу лаҳза, соқий,
Қадаҳ сун ман ҳазину бадхумора.

Топиб комин, Аваз, оламда аҳбоб,
Осилсун душманимнинг хайли дора.

Ушшоҳ эли қошларининг ёсидадур, а?
Эҳёлиғи ҳам лаълини анфосидадур, а?

Не олам ичин мушки муаттар қачон айлар,
Бу хислат онинг зулфи мутарросидадур, а?

Не кун қиладур тийра куним равшану пурнур,
Ёрутмоқ они ҳусни мусоффосададур, а?

Даҳр аҳли дилин қумри киби вола қилурға,
Ҳар ёнға равонлиғ қади зебосидадур, а?

Ошиқ биладур ҳар сори ёри қарағон чоғ
Нега қарайинким они савдосидадур, а?

Жонимни бериб етсам анго ман не ажабким,
Борча анго етмакни таманносидадур, а?

Билгилки, Аваз, ушбу жаҳон шўхларини,
Минг сирри ниҳон кўзларин имосидадур, а?

МУХАММАСЛАР

Висоли ичра бермакка муродим комёб айлаб,
Рақибнн рашк ўтиға бағрини яксар кабоб айлаб,
Манга лутфу иноёту карамлар беҳисоб айлаб,
Тун оқшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб,
Хироми суръатидин гул юза хайдин гудоб айлаб.

Паридек жилва бирла кўргузуб чобуклик ул дилбар,
Етушди айлабон беҳадду сон нозу тағофиллар,
Олурға хаста ушшоқ аҳлининг жонини сар-тосар,
Чекиб мужгони шабравлар каби жон қасдиға ханжар
Белига зулфи анбарборидан мушкин таноб айлаб.

Бори сўзини аҳли назм назми силкига терди,
Тутиб ул маҳ вафо таврини бу тун базмима кирди,
Ҳамадин они муштоқи мани зору ҳазин эрди,
Келиб ўлтурдию илгим тутуб ёнида ер берди,
Такаллум бошлади ҳар лафзидин дурри хушоб айлаб.

Кўруб бошимда олому балият тошини хирман,
Қилиб меҳру вафову марҳамат расмини ул дам фан,
Деди лаъли лабин хандон этиб ул шўхи сиймин тан,
Ки, эй зору балокаш ошиқим, мансиз нечукдурсан,
Ман ўлдим лол, айта олмайин майли жавоб айлаб.

Агарчи ман била май ичгали ул беибо қуйди,
Валеа ағёр элин жомиға беинтиҳо қуйди,
Маишат косасиға гўиё оби бақо қуйди,
Чиқарди шишаи май доғи, бир соғар тўло қуйди,
Ичиб тутди манга юз навъ нозосо итоб айлаб.

Қилиб комича даврон кимсани бу чархи ахзар тоқ,
Аваз янглиғ бўлур сармаст ҳам беҳушу бехудроқ.
Эса ёру аниси борҳо бир шўхи сиймин соқ,
Ониким элтгай васл уйқуси ишрат туни мундоқ,
Навоийдек ётар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.

Дил ишқинга мубтало бўлубдур,
Ҳам расми вафо онго бўлубдур,
Оини жафо санго бўлубдур,
Кўзинг не бало қаро бўлубдур,
Ким жонға қаро бало бўлубдур.

Келса қилай ул санам лиқодин,
Кўнглин узуб аҳли бевафодин,
Ишқи аро зору мубталодин,
Бегона бўлубдур ошнодин,
Бегонаға ошно бўлубдур.

Бўлса, не тонг, аҳли даҳр қурбон,
Ким лаб анго мисли ғунча хандон,
Ораз доғи ҳамчу моҳи тобон,
Ишқ ичра онинг фидоси юз жон,
Ҳар жонки онго фидо бўлубдур.

Ҳижрон аро чекса кўб жафони,
Демайки жафо, туман балони,
Фош айлабон оини вафони,
Баҳо топар улки бўлди фони,
Раҳравга фано бақо бўлубдур

Дилдуз, басе, ривояти ишқ,
Жонсўз, Аваз, ҳикояти ишқ,
Бу навъ дурур ниҳояти ишқ,
То тузди Навоий ояти ишқ,
Ишқ аҳли анго наво бўлубдур.

Бўлғали кўнглим санга токим асиру мубтало,
Шавқу завқингдин ишим чекмак фиғон субҳу масо,
Тоқату ҳушу қарору сабр ўлур мандин жудо,
Оразу холингни бирдам кўрмасам, эй дилрабо,
Ўйладурманким, кўрунмас кўзима оқу қаро.

Фикри зулфидин санга юзланса минг савдо, кўнгул,
Раҳм қилмас ҳолинга найлай дили хоро, кўнгул,
Қилмайин ўзни бори олам аро расво кўнгул,
Бошинг ол, кет, ўз пайи вақтингға эй, шайдо кўнгул —
Ким, эмассан хаста жоннинг ҳеч дардига даво.

Кўнглум ўлса доғким, аҳбоб, эрмас бесабаб,
Васл аро ул ёр ағёри била айшу тараб,
Рашкдин жонимға ҳар дам юзланур юз минг тааб,
Гар фироқ айёмининг билман ҳисобин не ажаб,
Ким юзинг ҳажрида кундуз кеча янглиғдур манго.

Бир йўли раҳм айлабон ҳолимға, эй маҳ, қил назар,
Ғам ҳужуми кун-бакундин айлар аҳволим батар,
Тушганидин ҳажр аро бошимға минг ошубу шар,
Барқ эмас оламға юз қўймишдур оҳимдин шарар,
Раъд эмас гардунға чирмонмиш фиғонимдин садо.

Ҳодисоти даҳрдин топмоқ учун токим амон,
Сарв ила гул соясида айлабон ўзга макон,
Нўш этарсан айшу ишрат бодасини ҳар замон,
Умр елдек ўтмасун дебсан магар, эй боғбон,
Ким яқоси чоксиз гул бутмамиш бу боғ аро.

Айб қилмай ман ҳазин афғону зорин, эй насим,
Арз эт ул гулга бориб ҳолимни борин, эй насим,
Кўрмагунча токи онинг гул узорин, эй насим,
Неча оқғай кўз ёшим еткур ғуборин, эй насим,
Фарзи айн эрур ёшорғон кўзга солмоқ тўтиё.

Эй Аваз, ул шўхнинг сунъи самаддур новаки,
Ҳар сори отилса рад қилмоқ не ҳаддур новаки,
Бергучи жонингға ҳаззи беададдур новаки,
Эй Навоий, хаста кўнглунгға мададдур новаки,
Рост андоқким, заиф элга берур қувват асо.

Қўяр ҳайратда мани, лутф ила ҳолим сўрушинг,
Тани ‘беморим аро шавқ ўтини ёндурушинг,
Турфароқ нозу адолар била бўйнинг бурушинг,
Жонға ором берур жонда алифдек турушинг,
Кўнглум оромин олур руҳи равондек юрушинг.

Чун келибсан бу кеча зоҳир этиб расми вафо,
Не бўлур соати ором гар этсанг, жоно,
Ки эрур муғт(д)анам ичмак қадаҳи руҳ физо,
Берадур базмима фирдавс каби файзу сафо,
Юз латофат била гул хирманидек ўлтурушинг.

Айтгил ҳижронинг аро дардима недур чора,
Раҳм этиб ҳолима, эй қош ила кўзи қора,
Ки таманнойи висолинг била кўксум ёра,
Қийибон пардаи жоннм қиладур юз пора,
Лаҳза-лаҳза боқибон кўз учидин қиймурушинг.

Не ажаб васл аро ул сандин ўкуш ўргуладур,
Ки фироқинда анга, ваҳ, не бало ғам келадур,
Ҳар қачон лаъли лабинг нукта сори очиладур,
Танима жон берадур, балки таним жон қиладур,
Лаъли жонбахшинг очиб лутф ила нукта сурушинг.

Лабларинг лаззат аро шаҳд ила шаккар бу эса,
Қоматинг боғи назокатда чу аръар бу эса,
Зулфи шабранггинг ила хатти муанбар бу эса,
Сунмайин сабрға қолғайму бўюн гар бу эса,
Кулаҳинг нозу адо гўшасини синдурушинг.

Қўюнг ушбу йўл аро гомингиз, эй жон кўнгул,
Аваз осо гум этиб номингиз, эй жон кўнгул,
Кетмагай беҳуда оломингиз, эй жон кўнгул,
Неъмати мақсад эса комингиз, эй жон кўнгул,
Хони ҳуснига боқиб Огаҳийдек телмурушинг.

Ёр бир йўл кўзларим ёшини силмайдур ҳануз,
Рашк ила шум муддаий бағрини тилмайдур ҳануз,
Шаҳди лаълидин ўлук жисмим тирилмайдур ҳануз,
Ғунчалар очилди, ваҳ, кўнглим очилмайдур ҳануз,
Булбул осо хотирим гул майли қилмайдур ҳануз.

Қадди ёдидин чекарман нолаи жонкоҳким,
Тортиб анвои ситам ҳажр ичра солу моҳким,
Йўқ менга бир ғамгусору мунису ҳамроҳким,
Заъф аро ушшоқға ибрат бўлубман, оҳким,
Кўзга аҳволи низорий ёр илмайдур ҳануз,

Олса жоним не ажаб онинг фироқининг ғами,
Ким эрур ул маҳ ҳамиша муддаийлар ҳамдами,
Бовар этгил бу сўзимни гар эсанг хуш одами,
Пеша айлаб чарх золи тинмайин тун-кун дами,
Дилбаримча жавр ойининг билмайдур ҳануз.

Бўлғали то оразинг мафтуну зору музтари,
Бўлмади бир дам балову дард бошимдин бари,
Қон қилиб ёш ўрнига икки кўзимдин, эй пари,
Ерни ашким ғарқ этиб зўр этди оҳим сарсари,
Недин эркандур фалак тоқи йиқилмайдур ҳануз.

Гарчи бордур олам ичра қошлари шамшир кўп,
Лек алар қилмас ул ойдек кўнглума таъсир кўп,
Интизоридин бўлубман ҳажр аро дилгир кўп.
Ваъдаи васл айлаб эрди — айлади таъхир кўп,
Ё ибо қилди ва ё ёдига келмайдур ҳануз.

Излаб они, фикр рахшин ҳар сори сурсам нетонг,
Оҳу, фарёдим ети гардундин ошурсам нетонг,
Ханжари ҳасратни ҳар дам кўксима урсам нетонг,
Юз надомат бирла эмди ўзни ўлтурсам нетонг,
Сажда қилмоққа бошим бир бор эгилмайдур ҳануз.

Васл аро юзланмасун сол ила маҳ саргашталик,
Не ажаб юзланса фурқат ичра гаҳ саргашталик,
Ким Аваз ишқ ичра тортар фақру шаҳ саргашталик,
Ихтиёр этса агар Мунис яна саргашталик,
Панд қилмаким жунунидин ойилмайдур ҳануз.

Рухсори гулинг узра хайдин чу гулоб этдинг,
Ғайри сори бормоқға шаб-рўз шитоб этдинг,
Пайдо тани зоримда турлук табу тобу тоб этдинг,
Ишқингда мани, дилбар, ҳолимни хароб этдинг,
Бир сўрмадинг аҳволим, бағримни кабоб этдинг.

Сармастии саҳбои гулгун қилибои ўзни,
Гаҳ они хуморидин қад нун килибон ўзни,
Ҳижронинг аро тун-кун вожун қилибон ўзни,
Ишқинг тушали бошға Мажнун қилибон ўзни,
Саҳрои фироқ ичра жисмимни туроб этдинг.

Ҳуснингга жаҳон ичра то бўлголи ман шайдо,
Дарду аламу зулминг чекмакда эдим танҳо,
Олому ситам тортиб фурқат аро, эй барно,
Васлинг майиға ташна эрдим туну кун аммо,
Лаб хушк қилиб охири, чашмимни пуроб этдинг.

Ҳажринг бошима тушгач, эй лаъли лаби гулгун,
Бори алам остида қаддим доғи бўлмиш нун,
Не айбки, бор асру иқбол манга вожун,
Арзимни десам ҳар гаҳ оллингда мани маҳзун,
Қаҳр ила боқиб ул дам ноз ила итоб этдинг.

Сансиз бўлубон яксар ҳасрат била бағрим хун,
Бўлғуси кўзум ёши андоқки равон Жайҳун.
Ҳар лаҳза ғаму андуҳ бошимда бўлуб афзун,
Ҳажр ўтиға кул бўлдум раҳм айламадинг бир кун,
Ағёр элини лекин ошиқдин ҳисоб этдинг.

Бир сан киби сийминбар олам ародур ноёб,
Муштоқинг эрур асру гар бўлса кўзум пур об,
Ҳажрингда бўлуб доим жон ила дилим бетоб,
Кўнглум бўлур ошуфта, жисмим бўлубон пуртоб,
Ул вақти очиб зулфинг, бу вақтга тоб этдинг.

Ёринг, Авазо, бу дам ё айлагуси бози,
Қалбини магар онинг оздурғуси ғаммози,
Қилгуси тағофил кўб чашмини фусунсози,
Лутф ила назар солмай назмингға ул ой Ғозий,
Ишқида ғазал айтиб бир неча китоб этдинг.

РУБОИЙЛАР


Соқий, беракўр ушбу нафас бода манга,
Ким олам этар минг алам омода манга.
Ичмай не сифат соғари гулранг сенингдек,
Ҳамдам эса бир гулрухи озода манга.


Қош ила кўзи олғусидур жон иккилаб ,
Жон бермак ишин қилса намоён икки лаб.
Юз мурда ёнғидин бўлур эҳё шаксиз,
Минг ишва била гар очса жонон икки лаб.


Ул маҳваши чолок суруб ман сори от
Қилди мани бир нигоҳи ноз ила мамот.
Ҳайҳотки, қилмайин вафо нақди ҳаёт,
Бўлдум мани бесабру хирад мурда сифот.


Ой ҳуснингга, эй ёри дилоро, муҳтож,
Мушкин сочингга анбари соро муҳтож.
Муҳтож сани кўргали бўлсам, не ажабким,
Васлингга жаҳон эли саропо муҳтож.


Фарёдки, ҳушим олди бир моҳ талъат,
Қаттол кўзу ғамзалари жон офат.
Аввалда етурди васлиға жаҳд била,
Сўнгра мани қилғоли асири фурқат^


Ишқ урди басе хотири вайронима ўт,
Андин тутошиб тушгусидур жонима ўт.
Эмди, не ажаб, бўлса вужудим куюбон кул,
Ким етти саросар тани урёнима ўт.


Фарёдима ушбу чархи гардон боис,
Не чархки, бал фироқи жонон боис.
Жононни фироқиға рақибон боис,
Топгунгдур они рашқига ҳам кон боис.


Гарчи манго жон берди сўзинг, эй кўзи қиймоч
Лекин оладур они кўзинг, эй кўзи қиймоч.
Бошимға солурсан неча савдо билан ғавғо,
Не офат эдинг, билмон, ўзинг, эй кўзи қиймоч?


Оқил эсанг, эй биродар, ичгил қадоҳ,
Ким бергуси ул жонингга кўб роҳати роҳ.
Ғам дафъини қилмоқ тиласанг шому саҳарда
Кир дайр ичига олиб бир илкинга суроҳ.


Беҳуда қилиб турфа алоло, эй шайх,
Даҳр ичра ўзингни қилма расво, эй шайх.
Қатл айла ўзингни сидқ шамшири била,
Қилғунча риёу ҳийла барпо, эй шайх.


Қилмушму бу лаҳза майли ағёр, ул шўх,
Бағримни қилурға яксар афгор, ул шўх?
Ғайриға қилиб ҳамиша шафқат, лекин —
Бергуси ман ҳазинға озор, ул шўх.


Эй қоши қаро сиймбару ҳам кўзлари жаллод,
В-эй ишқ элиға субҳу масо қилғучи бедод.
Қилғуси манго жавру жафо хайли рақибинг,
Онлар қўлидин ушбу нафас кимга қилай дод?!


Гулрухлар аро меҳру вафо нодиру шоз,
Жуз меҳнату озору жафо нодиру шоз.
Васл айшини айёмини дер аҳли хирад,
Андоқки гул умрига бақо нодиру шоз.


То шароби ишқ келди бисёр алаз,
Фаҳм айламагуси они ҳушёр алаз.
Ҳар талх доруки рафъи ранж ўлса,
Билгайму они мизожи бемор алаз?


Масжидға кириб субҳу масо, эй зоҳид,
Ҳосил санго эрмас эрса ком, эй зоҳид.
Дайр ичра ҳамиша киргил ихлос била,
Ринд аҳли била ичгали жом, эй зоҳид.


Еримға рақиб маҳфили манзил эрур,
Онлар била ҳаззу беҳжати комил эрур.
Ман хаста фироқи аро ноком, вале —
Ондин борини коми дили ҳосил эрур.


Ағёр элига вафо қилурсан, эй ёр,
Юз онча манго жафо қилурсан, эй ёр.
Қаҳр ила ситамни ханжарини тортиб,
Яксар юрагим яро қилурсан, эй ёр.


Жонимни олурға кўзу қош, эй дилбар,
Бир-бири била қилур талош, эй дилбар.
Меҳр ила муҳаббатни кўруб мандин кўб,
Ойини жафони қилма фош, эй дилбар.


Ҳар кимса агар рақибдек шумдурур,
Осори тараҳҳум анда маъдумдурур.
Ошиқ ким эса рақиби кўб дилбарға,
Албатта, ҳамиша нўши заққумдурур.


Ким эрса агар жаҳон аро ҳимматлиғ,
Бил они ҳамиша бахтлиғу давлатлиғ.
Ҳимматли киши топиб мурод ўлса доғи,
Ҳотам киби доим ўлғуси шуҳратлиғ.


Жоно, бошима тушгали то фурқатингиз,
Ўлтургусидур орзуи вуслатингиз.
Ғайрини кўзига бергуси нуру сафо,
Шом ила саҳар нури  маҳ талъатингиз.


Ёраб, мани ишқ бандидин айла халос.
Ҳам ёр сочин камандидин айла халос.
Зоҳид манго бергусидур озор басе,
Бу лаҳза они пандидин айла халос.


Эй юзлари ҳусн авжи аро ою қуёш,
Андин қиладур касби зиё ою қуёш.
Рухсоринг ила шому куним равшан эса,
Не ҳожат эрур, баски, манго ою қуёш.


Эй шўх, мужанг ўқиғадур кўксум ҳадаф,
Қасдимға алар хайли тузалар икки саф.
Ғамзанг ўқиға маскан ўлур, жоно, мудом,
Кимнинг эса ушшоқ аро иқболу шараф.


Мажлис аро нағмасаро, эй ҳофиз,
То қилғоли оҳанги наво, эй ҳофиз.
Кўнглумни хуш айладинг басе соз айлаб,
Бўлғай бори мақсудинг раво, эй ҳофиз.


Ҳар неки берур табиати ёрима ҳаз,
Ул бергусидур жону дили зорима ҳаз.
Эл кўнгли паришон эса зулфидин они,
Улдур мани бас хотири афгорима ҳаз.


Эй маҳваши лабшакару шаҳд дудоқ,
В-эй сийм зақан  сийм бадан, сийм сақоқ.
Кўрган киши гар ошиқинг ўлса, не ажаб?
Овозаи ҳуснунг била тўлмиш офоқ.


Эй шўх, мани асири ҳижрон этдинг,
Зулфинг киби хотирим паришон этдинг.
Гарчи қилибон рақибға лутф, вале
Жавр ила ситам манго фаровон этдинг.


То бўлди бир ойни ишқиға зор кўнгул,
Андин бери субҳу шом бемор кўнгул.
Ул навъ этиб ўзни гирифтори фироқ,
Минг ҳасрат ила аламға дучор кўнгул.


Эй кимса, ҳамиша қилма изҳор тамаъ,
То қилмасун оқибат сани хор тамаъ.
Каж англаб анинг коми дилин, гардундин —
Ҳеч айламагай оқилу ҳушёр тамаъ.


Қилғум букун ул ғунча даҳон бирла зидоъ,
Ул навъки тан қилғуси жон бирла видоъ.
Тонг йўқки кетарда йиғласам кўйидин,
Ким қилғаман ул шўхи жаҳон бирла видоъ.


Кўрмаклик они дийдаи ҳайронға тамаъ,
Сўрмоқ лаби шаҳдини жонға тамаъ.
Нозик белини қучмоқ ўлуб шому сабаҳ,
Афгор басе қалби паришонға тамаъ.


Эй маҳ, нега бўйла майли ағёр этдинг?
Фурқат ғамиға мани сазовор этдинг?
Ғайриға бўлуб муниси жон, лек мани —
Юз меҳнату дарду ранж ила ёр этдинг?


Гар айласа бир ситам изҳор лабинг,
Жон бергусидур ўлукка бисёр лабинг,
Қолғойму ўлук жаҳон аро жон топмай;
Исосифат айлаганда гуфтор лабинг?


Ул ёр манго гар айласа жононлиғ,
— Топғой эди мушкилим бари осонлиғ.
Носеҳ дегусидур, они ишқин тарк эт,
Доно эли ҳам этар экан нодонлиғ!

003 Avazning zamondoshi Matfanobobo Xudoyberganov shunday hikoya qiladi: “Bir kuni shaharda juda katta toʻy boʻldi. Oʻnta surnay va kishilarning shovqinidan quloqlar kar boʻlish darajasiga kelgan edi. Avaz sheʼr yozishga tutindi. Men undan: «Shu qadar notinch vaziyatda sizga qanday sheʼriy idrok keladi?” deganimda, u: “Mening boshimda shu qadar gʻalvalar toʻfoni mavj urmoqdaki, ularning oldida bu shovqin hech narsa emas. Yurak qon, dard bigan toʻlgan… Dilimdagi soʻz durlari shu qadar beshumorki, labimni soʻzga ochsam, yuz misrani xat qilganimni bilmay qolaman”, deb menga oʻqish uchun yetti gʻazal uzatdi.. Bu xarakterli xotira Avazning naqadar sermahsul ijod egasi boʻlganligidan dalyulat beradi.

AVAZ O’TAR
IJODIDAN NAMUNALAR
003

09Avaz Oʻtar — Avaz Polvonniyoz (O‘tar) o‘g‘li (1884.15.8- Xiva-1919) — o‘zbek ma’rifatparvar shoiri. Dastlab maktabda, so‘ng Xivadagi Inoqiy madrasasida o‘qidi. 18 yoshlarida shoir sifa-tida xalq o‘rtasida tanildi. Muhammad Rahim Soniy (Feruz) Avaz Oʻtar iste’dodiga katta e’tibor bergan, uni saroyga taklif qilib Tabibiyni unga ustoz tayin etgan. Ammo, Avaz Oʻtar saroy hayoti b-n chiqisholmay, uni tark etadi. 20-a. boshlarida ko‘zga tashlanayotgan milliy uyg‘onish, istiqlol g‘oyalari Avaz  ijodiga kuchli ta’sir ko‘rsatadi. Shoir ijodida erkparvarlik, ozodlik, ma’rifatparvarlik g‘oyalari, turmush illatlariga qarshi qaratilgan hajvlar paydo bo‘la boshlaydi, bu davrda shoir yuksak insoniy fazilatlarni, chinakam insoniy muhabbatni taran-num etuvchi lirik she’rlar, qitalar, ruboiylar yezdi. Avaz Oʻtar ijodida alohida o‘rin tutgan hajviy she’rlar turkumi — «Faloniy» ham shu davr mahsuli. Avaz Oʻtar «Millat», «Hurriyat»; «Topar erkan, qachon», «Xalq», «Zamon» va b. she’-rlarida millat taqdiri va kelajagini yangicha talqin etadi. Ayrim she’rlari o‘sha davr vaqtli matbuoti («Oyina», «Vaqt», «Mulla Nasriddin» va b.)da bosilgan. 2 devoni («Saodat ul-iqbol», «Devoni Avaz») va qator bayozlarga kiritilgan g‘azallari yetib kelgan. Devonlarining qo‘lyozma nusxalari O‘zbekiston FA Sharqshunoslik institutida (inv. № 942, 7102, 3451) saqlanadi. Respublikada maktablar, ko‘cha va xiyobonlarga Avaz Oʻtar nomi berilgan. Xivada uy-muzeyi tashkil etilgan, haykali o‘rnatilgan. U haqda badiiy asarlar yaratilgan (E. Samandar «Erk sadosi» dostoni, A. Bobojon «Fazal fojiasi» dramasi, S. Siyoev «Bir chora zamon istab» qissasi va b.).As: Tanlangan asarlar, T., 1956; Devon, T., 1976; Saylanma, T., 1984.

G’AZALLAR


Har tilni biluv emdi bani odama jondur,
Til vositai robitai olamiyondur.

G’ayri tilini sa’y qiling bilgali, yoshlar,
Kim ilmu hunarlar bilonki ondin ayondur.

Lozim siza har tilni biluv ona tilidek,
Bilmakka oni g’ayrat eting, foida kondur.

Ilmu fan uyig’a yuboringlar bolangizni,
Onda o’qug’onlar bori yaktoyi zamondur.

Zor o’lmasun onlar dog’i til bilmay Avazdek,
Til bilmaganidin oni bag’ri to’la qondur.

Fidoiy xalqim o’lsun tanda jonim,
Bo’lib qurbon anga ruhi ravonim.

Gar o’lsam darbadar mazlumlar uchun,
Budur maqsudi qalbi notavonim.

Mani solsa fano yo’liga davron,
Yurur ustimdin avlodi zamonim.

Umidim: yashasin maktab bolasi,
Alar har biri bir sheri jahonim.

Na yaxshi o’ylakim, ma’qulu manzur,
Avaz, xalqim uchun to’kulsa qonim.

Nigorim ketgali aylar bahona,
G’am o’qig’a mani aylar nishona.

Dedim: «Qilg’il hadaf man notavonni
Otarda novak ul abru kamona».

Nuzul etgusi har dam charxi dundin
Boshimg’a fitna xayli bekarona.

Netongkim, bandasi gar bo’lsa Zuhra,
Rubobu chang ila qilg’ach tarona.

Ochib husnidin olam rang-barang gul,
Fig’onim qilg’usidur bulbulona.

Agarchi husn aro ma’shuqi olam,
Vale majlis tuzarda oshiqona.

Qetarman deb raqibi shum sori
Ko’zimning qildi qon yoshin ravona.

Pari erdimu bilmon ul dilorom,
Ki ko’zdin lahzada bo’ldi nihona.

Savor o’lg’on chog’i noz ashhabig’a,
Ko’zimdin ashk to’kdim dona-dona.

Nechuk zor o’lmayin man benavokim,
Ul o’lsa xo’blar ichra yagona.

Avaz, gar dod qilsam, ne ajabkim
Bo’lubdur munqalib ahli zamona.

Tarahhum qil mani mahzuni zora,
Ayo ko’ngli qotig’ monandi xora.

Firoqing tig’i birla, zy jafojo’,
Bo’lubdur sarbasar ko’nglum chu yora.

Beri kelkim, ayo mah, sandin o’zga
Ko’ngulning mayli yo’h hech bir nigora.

Judolig’ xanjaridin, ey sitamgar,
G’ami hajringda siynam pora-pora.

Mani daryoi mehnat g’arqa aylab,
Nechun, jono, o’zing chekding kanora!

Qilib lutfu karam bu lahza, soqiy,
Qadah sun man hazinu badxumora.

Topib komin, Avaz, olamda ahbob,
Osilsun dushmanimning xayli dora.

Ushshoh eli qoshlarining yosidadur, a?
Ehyolig’i ham la’lini anfosidadur, a?

Ne olam ichin mushki muattar qachon aylar,
Bu xislat oning zulfi mutarrosidadur, a?

Ne kun qiladur tiyra kunim ravshanu purnur,
Yorutmoq oni husni musoffosadadur, a?

Dahr ahli dilin qumri kibi vola qilurg’a,
Har yong’a ravonlig’ qadi zebosidadur, a?

Oshiq biladur har sori yori qarag’on chog’
Nega qarayinkim oni savdosidadur, a?

Jonimni berib yetsam ango man ne ajabkim,
Borcha ango yetmakni tamannosidadur, a?

Bilgilki, Avaz, ushbu jahon sho’xlarini,
Ming sirri nihon ko’zlarin imosidadur, a?

MUXAMMASLAR

Visoli ichra bermakka murodim komyob aylab,
Raqibnn rashk o’tig’a bag’rini yaksar kabob aylab,
Manga lutfu inoyotu karamlar behisob aylab,
Tun oqshom keldi kulbam sori ul gulrux shitob aylab,
Xiromi sur’atidin gul yuza xaydin gudob aylab.

Paridek jilva birla ko’rguzub chobuklik ul dilbar,
Yetushdi aylabon behaddu son nozu tag’ofillar,
Olurg’a xasta ushshoq ahlining jonini sar-tosar,
Chekib mujgoni shabravlar kabi jon qasdig’a xanjar
Beliga zulfi anbarboridan mushkin tanob aylab.

Bori so’zini ahli nazm nazmi silkiga terdi,
Tutib ul mah vafo tavrini bu tun bazmima kirdi,
Hamadin oni mushtoqi mani zoru hazin erdi,
Kelib o’lturdiyu ilgim tutub yonida yer berdi,
Takallum boshladi har lafzidin durri xushob aylab.

Ko’rub boshimda olomu baliyat toshini xirman,
Qilib mehru vafovu marhamat rasmini ul dam fan,
Dedi la’li labin xandon etib ul sho’xi siymin tan,
Ki, ey zoru balokash oshiqim, mansiz nechukdursan,
Man o’ldim lol, ayta olmayin mayli javob aylab.

Agarchi man bila may ichgali ul beibo quydi,
Valea ag’yor elin jomig’a beintiho quydi,
Maishat kosasig’a go’iyo obi baqo quydi,
Chiqardi shishai may dog’i, bir sog’ar to’lo quydi,
Ichib tutdi manga yuz nav’ nozoso itob aylab.

Qilib komicha davron kimsani bu charxi axzar toq,
Avaz yanglig’ bo’lur sarmast ham behushu bexudroq.
Esa yoru anisi borho bir sho’xi siymin soq,
Onikim eltgay vasl uyqusi ishrat tuni mundoq,
Navoiydek yotar to subhi mahshar tarki xob aylab.

Dil ishqinga mubtalo bo’lubdur,
Ham rasmi vafo ongo bo’lubdur,
Oini jafo sango bo’lubdur,
Ko’zing ne balo qaro bo’lubdur,
Kim jong’a qaro balo bo’lubdur.

Kelsa qilay ul sanam liqodin,
Ko’nglin uzub ahli bevafodin,
Ishqi aro zoru mubtalodin,
Begona bo’lubdur oshnodin,
Begonag’a oshno bo’lubdur.

Bo’lsa, ne tong, ahli dahr qurbon,
Kim lab ango misli g’uncha xandon,
Oraz dog’i hamchu mohi tobon,
Ishq ichra oning fidosi yuz jon,
Har jonki ongo fido bo’lubdur.

Hijron aro cheksa ko’b jafoni,
Demayki jafo, tuman baloni,
Fosh aylabon oini vafoni,
Baho topar ulki bo’ldi foni,
Rahravga fano baqo bo’lubdur

Dilduz, base, rivoyati ishq,
Jonso’z, Avaz, hikoyati ishq,
Bu nav’ durur nihoyati ishq,
To tuzdi Navoiy oyati ishq,
Ishq ahli ango navo bo’lubdur.

Bo’lg’ali ko’nglim sanga tokim asiru mubtalo,
Shavqu zavqingdin ishim chekmak fig’on subhu maso,
Toqatu hushu qaroru sabr o’lur mandin judo,
Orazu xolingni birdam ko’rmasam, ey dilrabo,
O’yladurmankim, ko’runmas ko’zima oqu qaro.

Fikri zulfidin sanga yuzlansa ming savdo, ko’ngul,
Rahm qilmas holinga naylay dili xoro, ko’ngul,
Qilmayin o’zni bori olam aro rasvo ko’ngul,
Boshing ol, ket, o’z payi vaqtingg’a ey, shaydo ko’ngul —
Kim, emassan xasta jonning hech dardiga davo.

Ko’nglum o’lsa dog’kim, ahbob, ermas besabab,
Vasl aro ul yor ag’yori bila ayshu tarab,
Rashkdin jonimg’a har dam yuzlanur yuz ming taab,
Gar firoq ayyomining bilman hisobin ne ajab,
Kim yuzing hajrida kunduz kecha yanglig’dur mango.

Bir yo’li rahm aylabon holimg’a, ey mah, qil nazar,
G’am hujumi kun-bakundin aylar ahvolim batar,
Tushganidin hajr aro boshimg’a ming oshubu shar,
Barq emas olamg’a yuz qo’ymishdur ohimdin sharar,
Ra’d emas gardung’a chirmonmish fig’onimdin sado.

Hodisoti dahrdin topmoq uchun tokim amon,
Sarv ila gul soyasida aylabon o’zga makon,
No’sh etarsan ayshu ishrat bodasini har zamon,
Umr yeldek o’tmasun debsan magar, ey bog’bon,
Kim yaqosi choksiz gul butmamish bu bog’ aro.

Ayb qilmay man hazin afg’onu zorin, ey nasim,
Arz et ul gulga borib holimni borin, ey nasim,
Ko’rmaguncha toki oning gul uzorin, ey nasim,
Necha oqg’ay ko’z yoshim yetkur g’uborin, ey nasim,
Farzi ayn erur yoshorg’on ko’zga solmoq to’tiyo.

Ey Avaz, ul sho’xning sun’i samaddur novaki,
Har sori otilsa rad qilmoq ne haddur novaki,
Berguchi joningg’a hazzi beadaddur novaki,
Ey Navoiy, xasta ko’nglungg’a madaddur novaki,
Rost andoqkim, zaif elga berur quvvat aso.

Qo’yar hayratda mani, lutf ila holim so’rushing,
Tani ‘bemorim aro shavq o’tini yondurushing,
Turfaroq nozu adolar bila bo’yning burushing,
Jong’a orom berur jonda alifdek turushing,
Ko’nglum oromin olur ruhi ravondek yurushing.

Chun kelibsan bu kecha zohir etib rasmi vafo,
Ne bo’lur soati orom gar etsang, jono,
Ki erur mug’t(d)anam ichmak qadahi ruh fizo,
Beradur bazmima firdavs kabi fayzu safo,
Yuz latofat bila gul xirmanidek o’lturushing.

Aytgil hijroning aro dardima nedur chora,
Rahm etib holima, ey qosh ila ko’zi qora,
Ki tamannoyi visoling bila ko’ksum yora,
Qiyibon pardai jonnm qiladur yuz pora,
Lahza-lahza boqibon ko’z uchidin qiymurushing.

Ne ajab vasl aro ul sandin o’kush o’rguladur,
Ki firoqinda anga, vah, ne balo g’am keladur,
Har qachon la’li labing nukta sori ochiladur,
Tanima jon beradur, balki tanim jon qiladur,
La’li jonbaxshing ochib lutf ila nukta surushing.

Lablaring lazzat aro shahd ila shakkar bu esa,
Qomating bog’i nazokatda chu ar’ar bu esa,
Zulfi shabrangging ila xatti muanbar bu esa,
Sunmayin sabrg’a qolg’aymu bo’yun gar bu esa,
Kulahing nozu ado go’shasini sindurushing.

Qo’yung ushbu yo’l aro gomingiz, ey jon ko’ngul,
Avaz oso gum etib nomingiz, ey jon ko’ngul,
Ketmagay behuda olomingiz, ey jon ko’ngul,
Ne’mati maqsad esa komingiz, ey jon ko’ngul,
Xoni husniga boqib Ogahiydek telmurushing.

Yor bir yo’l ko’zlarim yoshini silmaydur hanuz,
Rashk ila shum muddaiy bag’rini tilmaydur hanuz,
Shahdi la’lidin o’luk jismim tirilmaydur hanuz,
G’unchalar ochildi, vah, ko’nglim ochilmaydur hanuz,
Bulbul oso xotirim gul mayli qilmaydur hanuz.

Qaddi yodidin chekarman nolai jonkohkim,
Tortib anvoi sitam hajr ichra solu mohkim,
Yo’q menga bir g’amgusoru munisu hamrohkim,
Za’f aro ushshoqg’a ibrat bo’lubman, ohkim,
Ko’zga ahvoli nizoriy yor ilmaydur hanuz,

Olsa jonim ne ajab oning firoqining g’ami,
Kim erur ul mah hamisha muddaiylar hamdami,
Bovar etgil bu so’zimni gar esang xush odami,
Pesha aylab charx zoli tinmayin tun-kun dami,
Dilbarimcha javr oyining bilmaydur hanuz.

Bo’lg’ali to orazing maftunu zoru muztari,
Bo’lmadi bir dam balovu dard boshimdin bari,
Qon qilib yosh o’rniga ikki ko’zimdin, ey pari,
Yerni ashkim g’arq etib zo’r etdi ohim sarsari,
Nedin erkandur falak toqi yiqilmaydur hanuz.

Garchi bordur olam ichra qoshlari shamshir ko’p,
Lek alar qilmas ul oydek ko’ngluma ta’sir ko’p,
Intizoridin bo’lubman hajr aro dilgir ko’p.
Va’dai vasl aylab erdi — ayladi ta’xir ko’p,
YO ibo qildi va yo yodiga kelmaydur hanuz.

Izlab oni, fikr raxshin har sori sursam netong,
Ohu, faryodim yeti gardundin oshursam netong,
Xanjari hasratni har dam ko’ksima ursam netong,
Yuz nadomat birla emdi o’zni o’ltursam netong,
Sajda qilmoqqa boshim bir bor egilmaydur hanuz.

Vasl aro yuzlanmasun sol ila mah sargashtalik,
Ne ajab yuzlansa furqat ichra gah sargashtalik,
Kim Avaz ishq ichra tortar faqru shah sargashtalik,
Ixtiyor etsa agar Munis yana sargashtalik,
Pand qilmakim jununidin oyilmaydur hanuz.

Ruxsori guling uzra xaydin chu gulob etding,
G’ayri sori bormoqg’a shab-ro’z shitob etding,
Paydo tani zorimda turluk tabu tobu tob etding,
Ishqingda mani, dilbar, holimni xarob etding,
Bir so’rmading ahvolim, bag’rimni kabob etding.

Sarmastii sahboi gulgun qiliboi o’zni,
Gah oni xumoridin qad nun kilibon o’zni,
Hijroning aro tun-kun vojun qilibon o’zni,
Ishqing tushali boshg’a Majnun qilibon o’zni,
Sahroi firoq ichra jismimni turob etding.

Husningga jahon ichra to bo’lgoli man shaydo,
Dardu alamu zulming chekmakda edim tanho,
Olomu sitam tortib furqat aro, ey barno,
Vasling mayig’a tashna erdim tunu kun ammo,
Lab xushk qilib oxiri, chashmimni purob etding.

Hajring boshima tushgach, ey la’li labi gulgun,
Bori alam ostida qaddim dog’i bo’lmish nun,
Ne aybki, bor asru iqbol manga vojun,
Arzimni desam har gah ollingda mani mahzun,
Qahr ila boqib ul dam noz ila itob etding.

Sansiz bo’lubon yaksar hasrat bila bag’rim xun,
Bo’lg’usi ko’zum yoshi andoqki ravon Jayhun.
Har lahza g’amu anduh boshimda bo’lub afzun,
Hajr o’tig’a kul bo’ldum rahm aylamading bir kun,
Ag’yor elini lekin oshiqdin hisob etding.

Bir san kibi siyminbar olam arodur noyob,
Mushtoqing erur asru gar bo’lsa ko’zum pur ob,
Hajringda bo’lub doim jon ila dilim betob,
Ko’nglum bo’lur oshufta, jismim bo’lubon purtob,
Ul vaqti ochib zulfing, bu vaqtga tob etding.

Yoring, Avazo, bu dam yo aylagusi bozi,
Qalbini magar oning ozdurg’usi g’ammozi,
Qilgusi tag’ofil ko’b chashmini fusunsozi,
Lutf ila nazar solmay nazmingg’a ul oy G’oziy,
Ishqida g’azal aytib bir necha kitob etding.

RUBOIYLAR


Soqiy, berako’r ushbu nafas boda manga,
Kim olam etar ming alam omoda manga.
Ichmay ne sifat sog’ari gulrang seningdek,
Hamdam esa bir gulruxi ozoda manga.


Qosh ila ko’zi olg’usidur jon ikkilab ,
Jon bermak ishin qilsa namoyon ikki lab.
Yuz murda yong’idin bo’lur ehyo shaksiz,
Ming ishva bila gar ochsa jonon ikki lab.


Ul mahvashi cholok surub man sori ot
Qildi mani bir nigohi noz ila mamot.
Hayhotki, qilmayin vafo naqdi hayot,
Bo’ldum mani besabru xirad murda sifot.


Oy husningga, ey yori diloro, muhtoj,
Mushkin sochingga anbari soro muhtoj.
Muhtoj sani ko’rgali bo’lsam, ne ajabkim,
Vaslingga jahon eli saropo muhtoj.


Faryodki, hushim oldi bir moh tal’at,
Qattol ko’zu g’amzalari jon ofat.
Avvalda yeturdi vaslig’a jahd bila,
So’ngra mani qilg’oli asiri furqat^


Ishq urdi base xotiri vayronima o’t,
Andin tutoshib tushgusidur jonima o’t.
Emdi, ne ajab, bo’lsa vujudim kuyubon kul,
Kim yetti sarosar tani uryonima o’t.


Faryodima ushbu charxi gardon bois,
Ne charxki, bal firoqi jonon bois.
Jononni firoqig’a raqibon bois,
Topgungdur oni rashqiga ham kon bois.


Garchi mango jon berdi so’zing, ey ko’zi qiymoch
Lekin oladur oni ko’zing, ey ko’zi qiymoch.
Boshimg’a solursan necha savdo bilan g’avg’o,
Ne ofat eding, bilmon, o’zing, ey ko’zi qiymoch?


Oqil esang, ey birodar, ichgil qadoh,
Kim bergusi ul joningga ko’b rohati roh.
G’am daf’ini qilmoq tilasang shomu saharda
Kir dayr ichiga olib bir ilkinga suroh.


Behuda qilib turfa alolo, ey shayx,
Dahr ichra o’zingni qilma rasvo, ey shayx.
Qatl ayla o’zingni sidq shamshiri bila,
Qilg’uncha riyou hiyla barpo, ey shayx.


Qilmushmu bu lahza mayli ag’yor, ul sho’x,
Bag’rimni qilurg’a yaksar afgor, ul sho’x?
G’ayrig’a qilib hamisha shafqat, lekin —
Bergusi man hazing’a ozor, ul sho’x.


Ey qoshi qaro siymbaru ham ko’zlari jallod,
V-ey ishq elig’a subhu maso qilg’uchi bedod.
Qilg’usi mango javru jafo xayli raqibing,
Onlar qo’lidin ushbu nafas kimga qilay dod?!


Gulruxlar aro mehru vafo nodiru shoz,
Juz mehnatu ozoru jafo nodiru shoz.
Vasl ayshini ayyomini der ahli xirad,
Andoqki gul umriga baqo nodiru shoz.


To sharobi ishq keldi bisyor alaz,
Fahm aylamagusi oni hushyor alaz.
Har talx doruki raf’i ranj o’lsa,
Bilgaymu oni mizoji bemor alaz?


Masjidg’a kirib subhu maso, ey zohid,
Hosil sango ermas ersa kom, ey zohid.
Dayr ichra hamisha kirgil ixlos bila,
Rind ahli bila ichgali jom, ey zohid.


Yerimg’a raqib mahfili manzil erur,
Onlar bila hazzu behjati komil erur.
Man xasta firoqi aro nokom, vale —
Ondin borini komi dili hosil erur.


Ag’yor eliga vafo qilursan, ey yor,
Yuz oncha mango jafo qilursan, ey yor.
Qahr ila sitamni xanjarini tortib,
Yaksar yuragim yaro qilursan, ey yor.


Jonimni olurg’a ko’zu qosh, ey dilbar,
Bir-biri bila qilur talosh, ey dilbar.
Mehr ila muhabbatni ko’rub mandin ko’b,
Oyini jafoni qilma fosh, ey dilbar.


Har kimsa agar raqibdek shumdurur,
Osori tarahhum anda ma’dumdurur.
Oshiq kim esa raqibi ko’b dilbarg’a,
Albatta, hamisha no’shi zaqqumdurur.


Kim ersa agar jahon aro himmatlig’,
Bil oni hamisha baxtlig’u davlatlig’.
Himmatli kishi topib murod o’lsa dog’i,
Hotam kibi doim o’lg’usi shuhratlig’.


Jono, boshima tushgali to furqatingiz,
O’lturgusidur orzui vuslatingiz.
G’ayrini ko’ziga bergusi nuru safo,
Shom ila sahar nuri  mah tal’atingiz.


Yorab, mani ishq bandidin ayla xalos.
Ham yor sochin kamandidin ayla xalos.
Zohid mango bergusidur ozor base,
Bu lahza oni pandidin ayla xalos.


Ey yuzlari husn avji aro oyu quyosh,
Andin qiladur kasbi ziyo oyu quyosh.
Ruxsoring ila shomu kunim ravshan esa,
Ne hojat erur, baski, mango oyu quyosh.


Ey sho’x, mujang o’qig’adur ko’ksum hadaf,
Qasdimg’a alar xayli tuzalar ikki saf.
G’amzang o’qig’a maskan o’lur, jono, mudom,
Kimning esa ushshoq aro iqbolu sharaf.


Majlis aro nag’masaro, ey hofiz,
To qilg’oli ohangi navo, ey hofiz.
Ko’nglumni xush aylading base soz aylab,
Bo’lg’ay bori maqsuding ravo, ey hofiz.


Har neki berur tabiati yorima haz,
Ul bergusidur jonu dili zorima haz.
El ko’ngli parishon esa zulfidin oni,
Uldur mani bas xotiri afgorima haz.


Ey mahvashi labshakaru shahd dudoq,
V-ey siym zaqan  siym badan, siym saqoq.
Ko’rgan kishi gar oshiqing o’lsa, ne ajab?
Ovozai husnung bila to’lmish ofoq.


Ey sho’x, mani asiri hijron etding,
Zulfing kibi xotirim parishon etding.
Garchi qilibon raqibg’a lutf, vale
Javr ila sitam mango farovon etding.


To bo’ldi bir oyni ishqig’a zor ko’ngul,
Andin beri subhu shom bemor ko’ngul.
Ul nav’ etib o’zni giriftori firoq,
Ming hasrat ila alamg’a duchor ko’ngul.


Ey kimsa, hamisha qilma izhor tama’,
To qilmasun oqibat sani xor tama’.
Kaj anglab aning komi dilin, gardundin —
Hech aylamagay oqilu hushyor tama’.


Qilg’um bukun ul g’uncha dahon birla zido’,
Ul nav’ki tan qilg’usi jon birla vido’.
Tong yo’qki ketarda yig’lasam ko’yidin,
Kim qilg’aman ul sho’xi jahon birla vido’.


Ko’rmaklik oni diydai hayrong’a tama’,
So’rmoq labi shahdini jong’a tama’.
Nozik belini quchmoq o’lub shomu sabah,
Afgor base qalbi parishong’a tama’.


Ey mah, nega bo’yla mayli ag’yor etding?
Furqat g’amig’a mani sazovor etding?
G’ayrig’a bo’lub munisi jon, lek mani —
Yuz mehnatu dardu ranj ila yor etding?


Gar aylasa bir sitam izhor labing,
Jon bergusidur o’lukka bisyor labing,
Qolg’oymu o’luk jahon aro jon topmay;
Isosifat aylaganda guftor labing?


Ul yor mango gar aylasa jononlig’,
— Topg’oy edi mushkilim bari osonlig’.
Noseh degusidur, oni ishqin tark et,
Dono eli ham etar ekan nodonlig’!

0055

(Tashriflar: umumiy 20 133, bugungi 112)

1 izoh

  1. Men Avaz o’tar bobomizning avlodlaridanman! Bjx tog’am bilan Avaz o’tar bobomizning yuz yilligiga bag’ishlap kitob chiqarmoqchi edik kim kim qiziqsa +998919960949

Izoh qoldiring