Mirzohid Muzaffar. She’rlar & Xurshid Davron. Muzaffar tuyg’ular

Ashampoo_Snap_2017.12.12_17h04m38s_001_a.png   Икки кун аввал 17 ёшли шоирдан мактуб олдим. Мактубга шеърлари илова қилинган экан. Шеърларини ўқий бошладиму кўнглим бирдан юксалгандай бўлди.  Ўқиганим сайин ёш шоирнинг истеъдодига ишончим кучайиб борди; ва ниҳоят унинг кимларгадир эргашган «соя» эмас, ўз йўлини кўра бошлаган тозанафас шоир эканини англадим.

МУЗАФФАР ТУЙҒУЛАР
Хуршид ДАВРОН
Ўзбекистон халқ шоири

07

  Икки кун аввал 17 ёшли шоирдан мактуб олдим. Мактубга шеърлари илова қилинган экан. Шеърларини ўқий бошладиму кўнглим бирдан юксалгандай бўлди. Ўқиганим сайин ёш шоирнинг истеъдодига ишончим кучайиб борди; ва ниҳоят унинг кимларгадир эргашган «соя» эмас, ўз йўлини кўра бошлаган тозанафас шоир эканини англадим. Мана ўша хат:

«Ассалому алайкум, устоз.

Менинг исмим Мирзоҳид. Чинозданман. Биласизми, сайтингизга кўп кираман. Айнан ўша ердаги шеърларни ўқиб ўзимда анча ўсишни сездим. Фейсбукдаги саҳифангизга ҳам аъзоман. Мана бугун сизга шеърларимни жўнатар эканман, бироз ҳайиқаяпман. Ахир Хуршид Даврон… мени ўзининг «Қадрдон қуёш»и билан даҳшатли касаллик асорати қамраб олган ҳаётимга нур бағишлаган шоир-ку. Ахир у одамнинг китоблари касалхонада — ўлим талвасасида «Эҳтимол бугун менинг сўнги кунимдир» деб ўлим кафтларида титраб турган кўнглимга иштиёқ, руҳ берган-ку. Ахир менинг кўп шеърларим унинг шеърлари ва таржималари таъсирида ёзилган ва айнан шу инсон менда турк ва инглиз тилини ўрганиб, дунёнинг энг илғор адабиётларини тўғридан-тўғри ўқишга, таржима ва таҳлил қилишга ундаган-ку.

Устоз, бундай «ахирларим» жуда-жуда кўп. Нима бўлганда ҳам менинг шеърларимни — ўз таъбирим билан айтганда «сўнги нафасини олаётган инсоннинг умид синиқлари»ни ўқиб кўришингизни истардим.

Мирзоҳид Музаффар (Абдуллаев)».

Мирзоҳиднинг хатини  сизларгаям очиқлаётганимнинг сабаби бор. Ягона сабаб —  бу мактубнинг  икки-уч  жойида қайд этилган ва  мени ниҳоятда безовта қилган  қайғули сўзлар бўлди. Кейин Мирзоҳиднинг телефон рақамини топиб, у билан икки-уч марта  суҳбатлашдим. Айни шу суҳбатлар давомида ёш шоир дўстим нега бу изтиробли сўзларни ёзгани сабабини  билдим. Билдиму Яратган Аллоҳдан уни ёлғиз қўймасликни сўрадим.

Мирзоҳид билан  суҳбатларимизда унинг шеърият, таржима ва шоирлик қисмати ҳақидаги тушунчаларидан маълум маънода хабардор  бўлдим. Тасввуримда тинмай изланаётган, ҳаёт ва ижодга оид саволларга жавоб излаётган, аммо жавобсиз саволлари кўп навқирон шахс гавдаланди.  Юқорида қайд этганимдек, бу навқирон  ўз йўлини кўра бошлаган, шаклланиш палласида турган шоир. Унинг шеърларидаги айрим сатрларнинг таҳрирталаблигини кўрсам-да, вақту соатида Мирзоҳиднинг ўзи уларни тузата  олишига ишонганим учун  уларга қўл урмадим.

Мирзоҳид олдида равон ижод йўли эмас, ҳар соату ҳар паллада  машаққатли меҳнат ва маънавий жасоратни талаб қиладиган қисмат турибди.  Яна бир гап: шу пайтгача  жуда кўп  ёш шоир(а)лар шеърида  учрайдиган оҳу нолалардан ғашим келишини яширмайман. «Шу ёшингда қандайдир душманларинг ҳақида ёзасан,  ҳаётдан бетиним равишда нолийсан; ана ташқарига қара, ҳаёт қандай рангин, қанчалар чиройли, дилингдан муҳаббатга, меҳрга жой берсангчи ва ҳ.к» деб ўйлардим. Аммо, бугун  Мирзоҳиднинг ҳар бир изтиробли сатрига иккиланмай ишондим. Чунки, бу шеърлардаги  изтироб дард олдида ёлғиз қолган одамнинг дийдиёси эмас, енгилмаган  руҳнинг ҳаётга ташналиги,  муҳаббатга   талпинган дил изтироби эканини билдим. 

Мирзоҳид, шеърларингиз туфайли юрагимда Ҳаётга ва Сўзга бўлган муносабатимнинг липиллаб турган   пилиги озгина бўлса-да баландлагани учун  Сиздан миннатдорман.

Сизга, қисмат йўлидан чекинмай, алданмай, адашмай  боришингизни чин юракдан истаб,  Аллоҳдан мададу рағбат тилайман.

12. 12. 2017

Мирзоҳид МУЗАФФАР
ШЕЪРЛАР
07

***

Жимгина жон берар боғда дарахтлар,0_165a11_19b1c6eb_orig.png
жимгина кузатмоқ —
дунёга доир.
Жимгина ичида турган бўронни
бостириб кўчадан ўтади Шоир.

Оддий фожеалар
ҳайрат бермайди,
бундай ҳодисотга тўла ҳар қадам.
О, бунча бефарқсиз! —
демоқ истайди,
жимгина…
яшашдан чарчаган ОДАМ…

***

Эшик тақиллади…
тўхтаб қолди вақт,
қўрқувдан оқариб кетди тун юзи.
Йўлакчадан юриб бораман бежаҳд —
қайгадир йўқолар айтмоқчи сўзим.

«Ким?» дейман
мажолсиз,руҳсиз сас ила,
менман,деган таниш овоз келади.
Кўнглимни шодликка оламан белаб,
Келибди — демак У мени севади.

…Эшик тақилласа қўрқгум негадир,
унутгум дунёда не бўлса барин.
Эшик тақиллади,
бу сафар аниқ —
умрим сўраб келган Ўзининг қадрин…

***

Мен тил ютиб турганим билан
Сўзлар сукут сақлолармиди?!

Марцилиус МАРТИНАЙТИС*

Бир сўз излаяпман —
бир сўзки,
дунёни титратиб, тўзғитмаса ҳам
борлигин сездириб туролсин ўзин,
уни ҳис қилолсин ҳар лаҳза олам.

Вужудимда оқсин
рангсиз,
оҳангсиз,
(ахир улар бари фақат ўткинчи.)
У англатсин
эрк — олинмас жангсиз,
илдизида ёнсин Инсон ўкинчи.

Қуёшдек қизитиб қайноқ тафтида,
туфроғдек бағрида Ишқни ундирсин.
Бу сўз поклик тиғин олиб кафтига,
ёвузлик кўксига санчсин — ўлдирсин.

Мен уни изларман токи танда жон,
майли,
қувватларим бу йўлда толсин.
Мен ҳатто тилимни ютиб турган он,
у сукут қафасин парчалай олсин.

* Хуршид Даврон таржимасини мана бу саҳифада ўқинг

***

Тасаввурга кўмдим ўзимни
ва ўйладим чексизликларни.
Оҳиста…
оҳиста юмдим кўзимни,
сездимки, титрарди илиқ илкларим.

Сездимки,
тасаввур тирик ҳали ҳам,
ҳали ҳам яшашга бор экан ҳаққим.
Денгизга айланса бир куни олам,
демак мен бўлолгум унда бир оқим.

О,балки денгизнинг ўзи бўлурман,
нурлар мавжларимда айлар рахшон рақс.
Тасаввур бор экан —
англаб борурман —
заминда яшаб ҳам учмоқ қийинмас.

***

Гўё бу тоғлардан дарёлар эмас,
виқор
оқаётир
кўзларим
томон.
Юксак чўққидаман —
айни бу нафас
менга ўзимдан ҳам яқинсан, Осмон.

Ҳайрат ундиради ўздан дилтуфроқ,
ойдин ўйлар
чулғар чексиз ботинни.
Тобора бу дунё покланар — оппоқ,
илоҳий шавқ ёқар зуҳуротимни.

Нафосат гуркираб гуллар қаршимда,
бу тошлар тош эмас —
ердаги сабот.
Мени қулатсанг ҳам ҳар гал аршимдан,
барибир,
мен сени севаман, ҳаёт!

***

Туннинг томирлари чирт-чирт узулди,
қароғимга қўнди қувғинди афсун.
Каҳкашон баҳрида дурлар тўзиди,
мен сени эсладим,
билмам, не учун.

Хазондек учади кузнинг кунлари,
кўзимда сузади
кулранг булутлар.
Овозинг ёдимга тушган тунлари
ёмғирлар ёлворар: уни унутма…

Сенли хаёлларни,
ҳисларни тутар,
дарахтларнинг қора, қуруқ қўллари.
Юрак-юрагимдан оғриблар ўтар,
сени олиб кетган кузнинг кунлари…

***

Мана одамлар бор — ҳар бири дунё,
кўзлар бор меҳрли — сочади зиё,
булғанмоқ истасанг тайёрдир риё,
покланмоқ истасанг поклик — муҳайё,
лекин…
лекин кимнидир соғинсанг,
хеч нарса қолмайди.
Айниқса,
қаттиқ соғинсанг,
айниқса,
соғинсанг вақтни тан олмай,
айниқса…
билмасанг кимни соғинаётганингни…

Қўшиқ куйлай, десанг оҳанглар — бекор,
Нени изласанг гар шу нарса гизли.
Дунё,
зиё,
риё,
поклик йўқ.
Сен бор
ва бир юрак ёлғизлик…

***

Кифтимга ўрнашган залворли осмон,
бир кафтимда қуёш,
бирида қамар.
Чарчамайди асло бундан сабил жон,
на-да қоним томар,
на-да тер томар.

Зил-эамбил юкини белимга ташлаб,
жисмимга
осилди
бепоён
замин.
Тунлар кундузларни келибон бошлаб,
тиззамга тирмашар — шудир бир ками.

Кўтаравераман —
бумас муаммо,
нолишни билмайди хеч бир бўлагим.
Барига бардошим етади, аммо…
баъзида оғирлик қилар юрагим.

***

Исён иси келар сукунатимдан,
руҳимга сингиблар кетмишдир бўшлиқ.
Учқун сочилади бу сийратимдан,
оловда янграган қўшиқман, қўшиқ…

Қақнуснинг қонидан тўралган қайғу
менинг лойим эрур.
Нафратим — рафиқ.
Олти томонимни чулғамиш бугун
ҳақдан келган номсиз, муқаддас оғриқ.

Ибтидосиз, интиҳосиз изтиробдирман,
йўлсизлик йўлиман —
охирим йўқдир.
Дунё,
жоминг ичра мен шаробдирман —
Ҳалложга санчилган ханжардан ўткир.

Исён иси келар сукунатимдан…

***

Кетгим келаверар Сенли тушларга,
ўнгларим ўнгидан келмаган пайтда.
Сенлиликнинг илиқ оғушларига
ёмғирлардай ёғсам қайта ва қайта.

Кетгим келаверар…
шомлар шафақнинг
шўрини ювганда юлдуз нури-ла
ва тийра туйғулар издиҳомидан
бехос йиқилганда ўзга урилиб.

…аллақачон тушлар
тошга эврилган,
улардан бунёддир сароблар тоғи.
Дилим тубидаги вулқон — севгидан
эшитилар энди Сенсизлик оҳи.
Кетгим келаверар…

***

Тупроқ иси келар…
Денгиздай чайқалиб гувранар дала.
Кўчадан ўтади югуриб
шамолруҳ,
фариштасийрат бир бола.

Қишлоққа туташган дарёда
чўмилар ҳар оқшом олтин Ой.
Баҳор…
адирларнинг кўкси алвонтус —
биллур косаларда чайқалар Чирой.

Қирларнинг руҳида чопар арғумоқ,
Осмон — заминдаги манзарга вола.
Бир куни..
бир куни шулар барини
шеърга солар ўша соддадил бола…

***

Ёмғирлар ёғади…
очилар Юракнинг деразалари,
бетил боғлар ичра жимлик жаранглар.
Кўрк сочар муҳаббат манзаралари,
томчи товушида
товланур ранглар.

Ранглар…
Қораяди само сийнаси,
булутлар оқади оғирдан-оғир.
Ўқиб самовотдан Севги сурасин,
руҳимнинг ичига кўчади ёмғир…

Ўҳ, руҳим ёмғири:
чақмоқ, гулдурак,
аксланар мангулик манзаралари.
(Бунга дунё чидай олмаса керак)—
аста ёпгум Юрак деразаларин…

Ёмғирлар ёғади бедор боғларга,
ёмғирлар ёғади руҳга исёнкор.
Сокин шивирлайман
олти ёқларга:
Кел,
сенга аталган ёмғирларим бор..

***

Тўкилиб
кетасан
эшикни ёпиб,
ташқарида изғир мезон нафаси.
Қайдандир…
бир суврат оласан топиб –
ғалаён кўтарар кўксинг қафаси.

Ҳозир ,,бахт” сўзини эшитгинг йўқдир,
Шунчаки…
бир ўзинг йиғламоқчисан.
Ташқарида Ишқни
шивирлар ёмғир,
ўз-ўзингни шеърга чоғламоқчисан…

Қўлга қалам олдинг,
тўлдинг ғуссага,
хонангга ийманиб киради Афсус.
Камига
дардларин
ортиб жуссангга
юрагинга кириб келаётир Куз…

***

Бу кузни баҳор деб айла тасаввур,
сўнги яшил ўтни илк ялпиз, дегин.
Қора совуқ сенга
раҳна солса гар,
мана шу хаёлнинг ортига беркин.

Барибир фош этар сени хазонлар,
барибир хаёлга сиғмайди лошинг.
Энди ўйла —
тунлар —
аслида тонглар,
уларни қорайтмиш ёзнинг қуёши.

Барибир фош этар сени ой, юлдуз,
барибир кузга сен бўласан таслим.
Барибир йўлингда хазонлар сўзсиз
чиройли
ўлмоқдан берарлар таълим.

Тан олмоқ истамай севмайман!!! — дегин,
дегин хотирамдан ўчиб кетган У.
Шамолларга ҳайқир,
севмам де, лекин
барибир фош этар сени Дилкўзгу…

***

Одам кетиб борар…
Жим кетиб борар…
Атрофга абгор руҳ ҳиди анқийди.
Ўксиган дилини ўзига ёрар,
Шу йўл тугамаса…
Қанийди…

Осмондан бир томчи ёғади ёмғир.
Одам кетиб борар…
Ҳамма ёқ соя…
Дарду ҳасратини судрайди оғир,
Унинг қадри лойга булғанган боя…

Одам кетиб борар…
Жим кетиб борар…

***

Яфроғларда ўйнаган нурнинг,
сув остидан тикилган ҳурнинг,
юзларимга…
юрагимга ёғган ёғмурнинг
сийратида сен борсан, Раббим.

Сен борсан
борлиқнинг ҳар ҳилқатида,
Сени ўйлаш — Сени этмоқлик тавоф.
Бордирсан ҳужайрамнинг ҳар қатида,
Сенга яқинлатар ҳар бир изтироб.

Манзилинг олисдир —
еттинчи тараф,
ўтган
дақиқалар
синар
сабримни.
Кетяпман йўлингда, қара, ортмоқлаб,
ўзимдан минг карра катта қалбимни.

Муқаддас хаёлинг йўлдошим эрур,
чақмоқлар чақади шуур-онгимда.
Мен сенга етаман, албат, қачонки,
мен Сени ўзимда сезган онимда.

***

Гуноҳлар тўкилар бармоқларимдан,
қадамлар тўкилар оёқларимдан,
жавоблар тўкилар сўроқларимдан,
айт, ўзим қайлардан тўкилдим?

Томчиман —
кўксимда минг денгиз пинҳон.
Шуъламан —
минг қуёш менда сақлар жон.
Лаҳзаман —
бағримда аср саргардон,
айт, ўзим қайлардан тўкилдим ?

Ҳақ руҳни Одамга жойлаганида
чалинган оҳангдан қолган сасманми?
Дўзахдан сачраган чўғманми?
Билмам.
Ёки бу дайр ичра дайр эмасманми?

Жавоб берсангчи,
эй тушунтиргувчи,
қайси сукунатдан келгансан — жимсан?
Фақат кетиб қолма Йўқликка учиб,
балки бари бекор…
балки сен — менсан…

***

овозимнинг денгизида сузган соялар
бағрига олади нигоҳларингни
хаёлга айланар умрим
менинг сен ҳақингда ўйлаганларим
сингиб кетар юрак мавжудлигига
ҳомуза тортади пардалар
ҳўрсинар деразадан мени
пойлаган
томчи-
томчи
нур
энди ўзининг қабртошини
қучиб йиғлаётган кишининг
кўз ёшлари денгизига
дўнган овозимга
шўнғир дунёсиз кунларнинг кўланкалари
шуурсиз ҳислар аро
шамоллар эсади мендек бемақсад
мен эса чўкаман сенсизлигимга

***

1
ғира-шира чексизликнинг номаълум исми
уйғотиб юборар капалакларни
ва улар қанотидаги залворли дунёлар ила
киришарлар сажда қилмоққа
сим-сим оғриқ
(бу оғриқ ила очиш мумкин ҳатто хазина ғорин)
энди хазинанинг исмига айланади чексизлик

2
рангнинг соясига тўшалган овоз
ҳуркиб кетар мудҳиш жимликдан
кўзлардаги иккита денгиз дўнар кўзгуга
ва уларда кўринади бир пайтлар дунёни иситган
энди эса эртакларга сингиб кетган қуёшнинг
икки дона қоп-қора нури
бу қоп қора нурлар ўз соялари остига
тўшаб қўярлар машъум жимликни

3
Ёронгулларнинг ним сарғайган яфроғи
жойланади хотирага
гултувак сарҳадидаги ўзга олам
чайқалиб кетар гурсиллаб йиқилган
гуляфроғ залворидан

***

атиргулнинг атиргуллиги ёлғон
дарёларнинг дарёлиги сохта
борлиқнинг борлиги ҳам чўпчак
фақат
сенинг сенлигинг ростдир
фақат
менинг менлигим ҳақиқат
шамоллар-ку тўхтайдилар лек
биз тўки
ли-
иб кетаверамиз
тушларимизнинг тош қотган
қисмларидан уй қурамиз ўзимизга
сенинг сенлигинг ҳақидаги
ҳақиқатлар билан қорин тўйдирамиз
оппоқ кўланка
ва
ойдин шивирга ёнбошлаб уйқу
га кетамиз
туш кўрамиз
тушимизга кирар рост дунё

Икки вилланелла*

1
Ёмғирнинг кўксида чарх уриб,
Бузиб нигоҳимнинг сарҳадларини,
Қушлар учаётир.

Самода сирларга кўмилиб,
Тушиб келиб, руҳим ичида
Қушлар учаётир.

Сўзларимнинг биллур жомидан
Сув ичибон айни бу лаҳза,
Қушлар учаётир.

2
Лабларингни куйдирганда сўз,
Бир соғинчдан роҳатланганда,
Этмоғинг мумкиндир ишқингни изҳор.

Титраб жоннинг жунбушларида
Ва кетолсанг исёнсизликдан,
Этмоғинг мумкиндир ишқингни изҳор.

Саволга жавоб деб ном қўйганингда,
Ўзингни берганда қайғу қўлига,
Этмоғинг мумкиндир ишқингни изҳор.

*Вилланелла — асосан француз ва италян шеъриятида, чўпонлар қўшиғи ўлароқ юзага келган жанр. У учта учликдан иборат бўлиб, ҳар бир учлик оҳхирида бир сўз такролнади ва буни эклогик аллитератсия дейишади.

***

1
мен
бир парча сукунат
кезиб юрар
шовқинот аро

2
сен
бир томчи зулмат
дайдиб юрар
шуълазор ичра

3
у
бир зарра қайғу
тентираб йиғлайди
бир юрак севинчлар ичра

4
дунёсиз дунёда
дунёлигин билмай
қайгадир кетмоқда
дунёла-а-ар

***

кўзгуга қарама
у мени алдайди барибир
лек қиёфамни кўришим керак-ку ахир
синиқ кўзгу олдига келиб
томоша қиласан
(балки кўзгудаги одам
мени томоша қилар)
хуллас ҳафсаланг пир бўлади
суюқ бўшлиқ тўлган кўзимни юмиб
уйқуга кета бошлайди ва
туш кўраяпман деб ўйлайсан
ҳолбуки ухламаётгандинг
вале ўзимни алдашдан ўзга илож йўқ
яна кўзгу ўзига тортар
кетаман
сен эса сезмай қоласан
унга айланиб қолганингни

Шаҳар хоккулари

1
Кўп қаватли бино остида,
Тушини сувга айтар
Тўкилмаган япроқ.

2
Машина ғилдирагидаги лой
Бўса олар асфальтдан.
Автобус деразасига урилди шамол.

3
Хиёбон.
Ўриндиқдаги қизнинг ёнига
Ўтиради тилларанг соя.

4
Чироқлардан илма-тешик тун.
Ичкарига қўрқиб қарайди
Ташқарида қунишган дарахт.

5
Шаҳар.
Ёмғир ёғаяпти.
Югурар соябонли соялар.

Қишлоқ хоккулари

1
Тонгни уйғотиб юборар
Сутнинг челакка
Визиллаб урилган товуши.

2
Майса япроғида
Жон берди капалак.
Ой чўмила бошлади сойда.

3
Аёл рўмолини учирар
Дарёдан эсган шамол.
Йўл ҳали олис эди.

4
Боғ
Санчиб олади илдизларини,
Туннинг қора кўксига.

5
Пода қайтар карвондек.
Уфққа бош қўяр
Деҳқонларни кузатиб ҳориган қуёш.

***

хонамнинг деворлари йўқ
эшиги бордир унинг фақат
бўшлиқнинг дард тўла қўллари
кира олмасин учун ўрнатилган у
деразаси бор
балки дераза ҳам эмасдир
кузги боғларга қараган
………………………………………………..
эшикнинг тақиллаган овози
суюлиб томчилайди кўзларимга
деразанинг зириллаган овози музлаб
санчилади йўқлигимнинг кўксига
хоссалардан чиқиб кетаман ва очаман
эшикни
унинг ортида
…………………………………………………………….
мен турган хонанинг деразалари очиқ
…………………………………………………………….

***

Кунлар кечди,
Маҳзуна кунлар,
Сархушланиб сочилади нур.
Ёмғирларнинг кафтидан тутиб
Оҳанг янграр маҳфил ва маҳжур.

Юрагимнинг теран қаъридан
Мўралайди эски асрлар,
Тахайюлим соврилар
Сирот
Кўпригидан йиқилар сирлар.

Узгун ёбонлардан ўтади карвон-
Бўғзимга тиқилар уфқтус кадар,
Эртаклар тугади…
Безиб баридан
Ўз-ўзимга кетаман бадар..

Кунлар кечди…
Маҳзуна кунлар…

***

умуман
одам бўлмоқ шартми шунчалик
шу хаёл билан
майсани тинглайман
тошни тинглайман
дарахтдан бир садо бермоғин тилаб
шомда шуълалар-ла бирга сўнгайман
ва яна қандайдир исёнли фикр
тўлиб қолар кўзим кенгликларига
англайман
шамоллар тушмоқда зикр
ботинимнинг чексиз менликларида
майсани тинглайман
тошни тинглайман
мавҳумот ёғилар мисоли найсон
одам эмаслигим бехос англайман
энди мен дарахтман
ва ёки майса

***

кетаётган ҳар одам ҳам йўловчи эмас

***

видолашдик қонли қўлларни силкиб

***

сен
дунё
чексизлик

***

шакл
шамол
зулмат

***

нурёмғир

***

қоп-қора тумандан ўзга нарса йўқ
оқиб-оқиб борар онгим ичра тун.
сукунат мулкида овоз йўқ қарс йўқ
барчаси номаълум
барчаси мавҳум.
бир нафас…
қоришди дўзах ва жаннат.
бир нафас…
соврилди жами тушунча.
менга нажот берманг
айламанг шафқат
ёндиринг дўзахга дўнмагунимча.
фақат…
тезроқ кетинг менинг ёнимдан
фикрларим бирла бўлай ҳамнафас.
сиз билан кетардим…
кетардим…
аммо
ёлғизликни ёлғиз қолдиргим келмас.
қоп қора тумандан ўзга нарса йўқ…

***

ҳавонинг хусусийлашуви
бундай кечади —
аввал севаман деган сўзга айланар
ва қуйилар қулоқларинга
жисмлашган ҳавода онг пайдо бўлиб
олдиндан сезар бир кун
алвидо деган сўзга айланиб
яна эгасига қайтмоқлигини
………
………

***

Қўлимда қаламмас, ханжардир,
жангоҳдир шу оппоқ саҳифа.
Сўзлар тиғин кўнглимга санчадир,
зиммамда энг оғир вазифа.

Сиёҳнинг рангидан ранг олар осмон,
қайноқ тафт сезаман бармоқларимда.
Дунё ўлиб бўлган —
бу дунё бежон,
у таслим бўлгандир сўроқларимга.

Чиройли, мафтункор хаёл сурасиз,
сўз сизга санчолмас ҳанжарларини.
Қаро қоғозлардан териб юрасиз,
мискин юрагимнинг парчаларини…

***

Олмалар тўкилар туннинг кўксига,
олмалар тўкилар: оқ, зарҳалу ол.
Лабларини тутиб боғ нафасига,
осмонни ҳис қилар тунда бу аёл.

Осмонни ҳис қилар…
энтикар,
жўшар,
шабнамлар титрайди киприкларида.
Шамоллар йўлига поёндоз тўшар,
у ишонмас Дунё ўтрикларига…

Туннинг олмалари тўкилар тўп-тўп,
ҳавога сингийди нигоҳ излари.
Унинг руҳи ичра оқарди шароб,
юзлари ёнарди…
сокин сўзларди…

Сўнг қайгадир кетди
шамоллар билан,
қайгадир йўл олди кўзлари марол.
Ё осмонга сингиб кетдими, билмам,
осмонни ҳис қилган хаёлчан Аёл…

***

Ҳавво нигоҳидай
ҳафиф ҳавода
сузади нур исли шивир-шивирлар,
Руҳ сўқмоғи элитган
ушбу маъвога
ёғади раҳматга тўлган ёмғирлар.

Эгасиз соғинчлар
тўлар оламга,
ҳаяжон чулғайди Замин куррасин.
Бир Зот
коинотни олиб кафтига,
ўқий бошлар Боқий Севги сурасин.

…Ботинимни
чулғар
мажнунхаёллар,
адашиб кетаман ўзимдан беун.
Хокистар Юракни яланғочлайман,
Аллоҳ нафасини ҳис қилмоқ учун.

***

Ёмғир шевасида шеър ўқир осмон,
ҳар битта сатридан зиё томади.
Кўнглимдан узилган шамоллар билан
кетган Ишқ қайтишдан қаттиқ тонади.

Мен ҳали йўқдирман,
топилмаганман,
сочилиб ётибман ёмғирлар аро.
Сўзлар шуъласидан кўзим қамашиб,
кетарман Йўқликнинг даргоҳи томон.

Тонгларни
ичади чанқаган руҳим,
гарчи мен қайгадир йўқолдим ахир.
Изимни излаган Очунга айтинг —
мени олиб кетди шоирқалб Ёмғир…

***

Офтобни силади куйдириб қўлин,
юлдузга тегмоққа тополди журъат.
У ўпгач Ой тўлди —
ярим Ой тўлин,
осмон мовийлашди шу зайл,
шу суврат.
…Йўқ,
аслида ҳеч не бўлмади содир,
ҳеч қачон бўлмайди,
умид йўқ энди.
Шунчаки…
тепага боқди хўрсиниб,
офтобни,
юлдузни,
ойни ҳис қилди.
Даввор ўз йўлига,
ҳали замин бор,
ҳис қилинмоқ истар дарахт,тош,гиёҳ…
У боқди кўнглидан Ерга бир лаҳза —
Минг бир осмондан ҳам юксакдир туфроқ.

***

Бугун яна йўлдан чиқдингиз,
шодлигингиз тутди оламни.
Қучоғимда сойдек оқдингиз,
йўловчилар жим қараб ўтди.

О, етмади яна журъатим,
,,Сизни севмам” дея олмадим.
Деёлмадим… лаънати кўнгил
аллақачон сиздан қолганди…

Журъатсизман. Мана шу айбим
умрингизга бағишлар қувонч.
Ишқингиз изҳорин эшитган сайин,
севмаслигимга ортиб боради ишонч.

Бағримда шод кулар экансиз,
шивирлайди кўксимда юрак:
,,Кимдир бахтли бўлмоғи учун
кимдир бахтсиз бўлмоғи керак.”

***

Онажон…
билмадим, нима ҳам дейин,
айтиб бўлинган-ку бор гўзал гаплар?
Мен эса…
ким бўпман…
о, бундан кейин
изҳорлар турибди бўғзимда бўзлаб.
Нетай…
меҳрибоним, жаннатим десам,
айблашмайдими мени ҳом дея?
Сизни буюкмас,
оддий меҳр-ла севсам,
айтинг, кўнглингиз не ҳисларни туяр?
Йўқ, ҳеч бир қолипга сиға олмассиз,
сизни ўхшатмоқлик…
ахир беимкон.
Сиймонгизни чиза олмасман, эссиз,
сиз фақат…
чин ИНСОНдирсиз, онажон!

Насрий шеърлар

1

Уфқдан чиқиб кетган эгасиз товуш хоссалардан айрилар-у одамга дўнар. Ана, у келмоқда — олис-олисдан кўринди унинг қораси. Балки бу қора туннинг парчасидир? Кўчадан хонамга югуриб кирган сукунат чанг почаларини қоққанча гапирар олисдан келаётган одам ҳақида. Ва унинг тилидан тўкилар менинг қачонлардир менинг шамолларга бериб юборган исмим.

2

Тун эди. Қишнинг изғиринли бўронлари ўқирди Бодлернинг қорамтир шеърин. Деразадан боқарканман, сезаман: дарахтлар титраб куйлардилар Салим Ашурнинг титроқ қўшиғини. Ўйлаб қоламан — балки Борлиқ бир бутун шеърдир? Балки анов усиз, дайди итнинг кўзида янграётгандир менинг шеърларим?сачраб кетгум деворларга қон каби…қон каби…қон каби… шоир асли буюк ўғридир.ҳақиқат ўғриси. Йўқ, янглишдим, у ,,Алкимёгар”даги Сантягодек териб юрар маъноларни коинотдан, юраклардан ҳамда йўқликдан. Шоирлар-теримчилар. Шеърлар эса хирмонлардир — само сийнасин тешган.

Шу фикрлар-ла хонамга тикиламан. Эшитаман радиода бир шоир туфроғ  тилида шеър ўқиётганини. Балки у сиздирсиз?..

3

…жимлик оқимига ўзингни ташла.
Рафаель Альберти

Маҳалламизнинг этагидан оқиб ўтади Чирчиқ. Кўп бораман унинг ёнига. Қирғоғида ,,Жанги Лой”да Темур содирган тепалик-истеҳком Қиршовултепага чиқиб, кузатаман мавжлар ўйини. Бир куни тонгни кутиб олмоқликка чиққан эдик унга синфдошларим билан.

Бу ерда жимлик бор. Фақатки жимлик. Дарахтлар хаёлида учган қушчанинг нигоҳидек маъсум эрур у. Мен баргга айландим. Шамолларга бердим эркимни. Олиб борди улар мени дарёнинг илиқ илкларига. Мен — капалакнинг қанотидек кичик бир япроқ сузар эдим исёнларсиз Альбертининг айтганин қилиб. Баргмиканман, дедим. Бормиканман, дедим. Саволимга жавоб топа олмадим.

Хаёл суриб дўстларимнинг кетганини, тонг эса ўқларин отиб мени ярадор қилганини сезмай қолибман.

mirzohid muzaffar abdullaev.jpgBugun 17 yoshli shoirdan maktub oldim. Maktubga she’rlari ilova qilingan ekan. She’rlarini o‘qiy boshladimu ko‘nglim birdan yuksalganday bo‘ldi. O‘qiganim sayin yosh shoirning iste’dodiga ishonchim kuchayib bordi; va nihoyat uning kimlargadir ergashgan «soya» emas, o‘z yo‘lini ko‘ra boshlagan tozanafas shoir ekanini angladim…

MUZAFFAR TUYG‘ULAR
Xurshid DAVRON
O‘zbekiston xalq shoiri
07

Ikki kun avval 17 yoshli shoirdan maktub oldim. Maktubga she’rlari ilova qilingan ekan. She’rlarini o‘qiy boshladimu ko‘nglim birdan yuksalganday bo‘ldi. O‘qiganim sayin yosh shoirning iste’dodiga ishonchim kuchayib bordi; va nihoyat uning kimlargadir ergashgan “soya” emas, o‘z yo‘lini ko‘ra boshlagan tozanafas shoir ekanini angladim. Mana o‘sha xat:

«Assalomu alaykum, ustoz.

Mening ismim Mirzohid. Chinozdanman. Bilasizmi, saytingizga ko‘p kiraman. Aynan o‘sha yerdagi she’rlarni o‘qib o‘zimda ancha o‘sishni sezdim. Feysbukdagi sahifangizga ham a’zoman. Mana bugun sizga she’rlarimni jo‘natar ekanman, biroz hayiqayapman. Axir Xurshid Davron… meni o‘zining “Qadrdon quyosh”i bilan dahshatli kasallik asorati qamrab olgan hayotimga nur bag‘ishlagan shoir-ku. Axir u odamning kitoblari kasalxonada — o‘lim talvasasida “Ehtimol bugun mening so‘ngi kunimdir” deb o‘lim kaftlarida titrab turgan ko‘nglimga ishtiyoq, ruh bergan-ku. Axir mening ko‘p she’rlarim uning she’rlari va tarjimalari ta’sirida yozilgan va aynan shu inson menda turk va ingliz tilini o‘rganib, dunyoning eng ilg‘or adabiyotlarini to‘g‘ridan-to‘g‘ri o‘qishga, tarjima va tahlil qilishga undagan-ku.

Ustoz, bunday “axirlarim” juda-juda ko‘p. Nima bo‘lganda ham mening she’rlarimni — o‘z ta’birim bilan aytganda “so‘ngi nafasini olayotgan insonning umid siniqlari”ni o‘qib ko‘rishingizni istardim.

Mirzohid Muzaffar (Abdullayev)».

Mirzohidning xatini sizlargayam ochiqlayotganimning sababi bor. Yagona sabab — bu maktubning ikki-uch joyida qayd etilgan va meni nihoyatda bezovta qilgan qayg‘uli so‘zlar bo‘ldi. Keyin Mirzohidning telefon raqamini topib, u bilan ikki-uch marta suhbatlashdim. Ayni shu suhbatlar davomida yosh shoir do‘stim nega bu iztirobli so‘zlarni yozgani sababini bildim. Bildimu Yaratgan Allohdan uni yolg‘iz qo‘ymaslikni  so‘radim.

Mirzohid bilan suhbatlarimizda uning she’riyat, tarjima va shoirlik qismati haqidagi tushunchalaridan ma’lum ma’noda xabardor bo‘ldim. Tasvvurimda tinmay izlanayotgan, hayot va ijodga oid savollarga javob izlayotgan, ammo javobsiz savollari ko‘p navqiron shaxs gavdalandi. Yuqorida qayd etganimdek, bu navqiron o‘z yo‘lini ko‘ra boshlagan, shakllanish pallasida turgan shoir. Uning she’rlaridagi ayrim satrlarning tahrirtalabligini ko‘rsam-da, vaqtu soatida Mirzohidning o‘zi ularni tuzata olishiga ishonganim uchun ularga qo‘l urmadim.

Mirzohid oldida ravon ijod yo‘li emas, har soatu har pallada mashaqqatli mehnat va ma’naviy jasoratni talab qiladigan qismat turibdi. Yana bir gap: shu paytgacha juda ko‘p yosh shoir(a)lar she’rida uchraydigan ohu nolalardan g‘ashim kelishini yashirmayman. “Shu yoshingda qandaydir dushmanlaring haqida yozasan, hayotdan betinim ravishda noliysan; ana tashqariga qara, hayot qanday rangin, qanchalar chiroyli, dilingdan muhabbatga, mehrga joy bersangchi va h.k” deb o‘ylardim. Ammo, bugun Mirzohidning har bir iztirobli satriga ikkilanmay ishondim. Chunki, bu she’rlardagi iztirob dard oldida yolg‘iz qolgan odamning diydiyosi emas, yengilmagan ruhning hayotga tashnaligi, muhabbatga talpingan dil iztirobi ekanini bildim.

Mirzohid, she’rlaringiz tufayli yuragimda Hayotga va So‘zga bo‘lgan munosabatimning lipillab turgan piligi ozgina bo‘lsa-da balandlagani uchun Sizdan minnatdorman.

Sizga, qismat yo‘lidan chekinmay, aldanmay, adashmay borishingizni chin yurakdan istab, Allohdan madadu rag‘bat tilayman.

12. 12. 2017

 

 

Mirzohid MUZAFFAR
SHE’RLAR
07

Mirzohid Muzaffar (Abdullayev) 1999 yil 12 sentyabrda Toshkent viloyatining Chinoz tumanida tug‘ilgan.She’rlari tuman va respublika nashrlarida e’lon qilingan. O‘zbek shoirlarining she’rlarini turk va ingliz tillariga tarjima qilgan. Ayni paytda Chinoz Sanoat kasb-hunar kollejining 3 bosqichida tahsil oladi.

07

***

Jimgina jon berar bog‘da daraxtlar,
jimgina kuzatmoq —
dunyoga doir.
Jimgina ichida turgan bo‘ronni
bostirib ko‘chadan o‘tadi Shoir.

Oddiy fojealar
hayrat bermaydi,
bunday hodisotga to‘la har qadam.
O, buncha befarqsiz! —
demoq istaydi,
jimgina…
yashashdan charchagan ODAM…

***

Eshik taqilladi…
to‘xtab qoldi vaqt,
qo‘rquvdan oqarib ketdi tun yuzi.
Yo‘lakchadan yurib boraman bejahd —
qaygadir yo‘qolar aytmoqchi so‘zim.

“Kim?” deyman
majolsiz,ruhsiz sas ila,
menman,degan tanish ovoz keladi.
Ko‘nglimni shodlikka olaman belab,
Kelibdi — demak U meni sevadi.

…Eshik taqillasa qo‘rqgum negadir,
unutgum dunyoda ne bo‘lsa barin.
Eshik taqilladi,
bu safar aniq —
umrim so‘rab kelgan O‘zining qadrin…

***

Men til yutib turganim bilan
So‘zlar sukut saqlolarmidi?!

Marsilius MARTINAYTIS*

Bir so‘z izlayapman —
bir so‘zki,
dunyoni titratib, to‘zg‘itmasa ham
borligin sezdirib turolsin o‘zin,
uni his qilolsin har lahza olam.

Vujudimda oqsin
rangsiz,
ohangsiz,
(axir ular bari faqat o‘tkinchi.)
U anglatsin
erk — olinmas jangsiz,
ildizida yonsin Inson o‘kinchi.

Quyoshdek qizitib qaynoq taftida,
tufrog‘dek bag‘rida Ishqni undirsin.
Bu so‘z poklik tig‘in olib kaftiga,
yovuzlik ko‘ksiga sanchsin — o‘ldirsin.

Men uni izlarman toki tanda jon,
mayli,
quvvatlarim bu yo‘lda tolsin.
Men hatto tilimni yutib turgan on,
u sukut qafasin parchalay olsin.

* Xurshid Davron tarjimasini mana bu sahifada o‘qing

***

Tasavvurga ko‘mdim o‘zimni
va o‘yladim cheksizliklarni.
Ohista…
ohista yumdim ko‘zimni,
sezdimki, titrardi iliq ilklarim.

Sezdimki,
tasavvur tirik hali ham,
hali ham yashashga bor ekan haqqim.
Dengizga aylansa bir kuni olam,
demak men bo‘lolgum unda bir oqim.

O,balki dengizning o‘zi bo‘lurman,
nurlar mavjlarimda aylar raxshon raqs.
Tasavvur bor ekan —
anglab borurman —
zaminda yashab ham uchmoq qiyinmas.

***

Go‘yo bu tog‘lardan daryolar emas,
viqor
oqayotir
ko‘zlarim
tomon.
Yuksak cho‘qqidaman —
ayni bu nafas
menga o‘zimdan ham yaqinsan, Osmon.

Hayrat undiradi o‘zdan diltufroq,
oydin o‘ylar
chulg‘ar cheksiz botinni.
Tobora bu dunyo poklanar — oppoq,
ilohiy shavq yoqar zuhurotimni.

Nafosat gurkirab gullar qarshimda,
bu toshlar tosh emas —
yerdagi sabot.
Meni qulatsang ham har gal arshimdan,
baribir,
men seni sevaman, hayot!

***

Tunning tomirlari chirt-chirt uzuldi,
qarog‘imga qo‘ndi quvg‘indi afsun.
Kahkashon bahrida durlar to‘zidi,
men seni esladim,
bilmam, ne uchun.

Xazondek uchadi kuzning kunlari,
ko‘zimda suzadi
kulrang bulutlar.
Ovozing yodimga tushgan tunlari
yomg‘irlar yolvorar: uni unutma…

Senli xayollarni,
hislarni tutar,
daraxtlarning qora, quruq qo‘llari.
Yurak-yuragimdan og‘riblar o‘tar,
seni olib ketgan kuzning kunlari…

***

Mana odamlar bor — har biri dunyo,
ko‘zlar bor mehrli — sochadi ziyo,
bulg‘anmoq istasang tayyordir riyo,
poklanmoq istasang poklik — muhayyo,
lekin…
lekin kimnidir sog‘insang,
xech narsa qolmaydi.
Ayniqsa,
qattiq sog‘insang,
ayniqsa,
sog‘insang vaqtni tan olmay,
ayniqsa…
bilmasang kimni sog‘inayotganingni…

Qo‘shiq kuylay, desang ohanglar — bekor,
Neni izlasang gar shu narsa gizli.
Dunyo,
ziyo,
riyo,
poklik yo‘q.
Sen bor
va bir yurak yolg‘izlik…

***

Kiftimga o‘rnashgan zalvorli osmon,
bir kaftimda quyosh,
birida qamar.
Charchamaydi aslo bundan sabil jon,
na-da qonim tomar,
na-da ter tomar.

Zil-eambil yukini belimga tashlab,
jismimga
osildi
bepoyon
zamin.
Tunlar kunduzlarni kelibon boshlab,
tizzamga tirmashar — shudir bir kami.

Ko‘taraveraman —
bumas muammo,
nolishni bilmaydi xech bir bo‘lagim.
Bariga bardoshim yetadi, ammo…
ba’zida og‘irlik qilar yuragim.

***

Isyon isi kelar sukunatimdan,
ruhimga singiblar ketmishdir bo‘shliq.
Uchqun sochiladi bu siyratimdan,
olovda yangragan qo‘shiqman, qo‘shiq…

Qaqnusning qonidan to‘ralgan qayg‘u
mening loyim erur.
Nafratim — rafiq.
Olti tomonimni chulg‘amish bugun
haqdan kelgan nomsiz, muqaddas og‘riq.

Ibtidosiz, intihosiz iztirobdirman,
yo‘lsizlik yo‘liman —
oxirim yo‘qdir.
Dunyo,
joming ichra men sharobdirman —
Hallojga sanchilgan xanjardan o‘tkir.

Isyon isi kelar sukunatimdan…

***

Ketgim kelaverar Senli tushlarga,
o‘nglarim o‘ngidan kelmagan paytda.
Senlilikning iliq og‘ushlariga
yomg‘irlarday yog‘sam qayta va qayta.

Ketgim kelaverar…
shomlar shafaqning
sho‘rini yuvganda yulduz nuri-la
va tiyra tuyg‘ular izdihomidan
bexos yiqilganda o‘zga urilib.

…allaqachon tushlar
toshga evrilgan,
ulardan bunyoddir saroblar tog‘i.
Dilim tubidagi vulqon — sevgidan
eshitilar endi Sensizlik ohi.
Ketgim kelaverar…

***

Tuproq isi kelar…
Dengizday chayqalib guvranar dala.
Ko‘chadan o‘tadi yugurib
shamolruh,
farishtasiyrat bir bola.

Qishloqqa tutashgan daryoda
cho‘milar har oqshom oltin Oy.
Bahor…
adirlarning ko‘ksi alvontus —
billur kosalarda chayqalar Chiroy.

Qirlarning ruhida chopar arg‘umoq,
Osmon — zamindagi manzarga vola.
Bir kuni..
bir kuni shular barini
she’rga solar o‘sha soddadil bola…

***

Yomg‘irlar yog‘adi…
ochilar Yurakning derazalari,
betil bog‘lar ichra jimlik jaranglar.
Ko‘rk sochar muhabbat manzaralari,
tomchi tovushida
tovlanur ranglar.

Ranglar…
Qorayadi samo siynasi,
bulutlar oqadi og‘irdan-og‘ir.
O‘qib samovotdan Sevgi surasin,
ruhimning ichiga ko‘chadi yomg‘ir…

O‘h,
ruhim yomg‘iri:
chaqmoq, guldurak,
akslanar mangulik manzaralari.
(Bunga dunyo chiday olmasa kerak)—
asta yopgum Yurak derazalarin…

Yomg‘irlar yog‘adi bedor bog‘larga,
yomg‘irlar yog‘adi ruhga isyonkor.
Sokin shivirlayman
olti yoqlarga:
Kel,
senga atalgan yomg‘irlarim bor..

***

To‘kilib
ketasan
eshikni yopib,
tashqarida izg‘ir mezon nafasi.
Qaydandir…
bir suvrat olasan topib –
g‘alayon ko‘tarar ko‘ksing qafasi.

Hozir ,,baxt” so‘zini eshitging yo‘qdir,
Shunchaki…
bir o‘zing yig‘lamoqchisan.
Tashqarida Ishqni
shivirlar yomg‘ir,
o‘z-o‘zingni she’rga chog‘lamoqchisan…

Qo‘lga qalam olding,
to‘lding g‘ussaga,
xonangga iymanib kiradi Afsus.
Kamiga
dardlarin
ortib jussanga
yuraginga kirib kelayotir Kuz…

***

Bu kuzni bahor deb ayla tasavvur,
so‘ngi yashil o‘tni ilk yalpiz, degin.
Qora sovuq senga
rahna solsa gar,
mana shu xayolning ortiga berkin.

Baribir fosh etar seni xazonlar,
baribir xayolga sig‘maydi loshing.
Endi o‘yla —
tunlar —
aslida tonglar,
ularni qoraytmish yozning quyoshi.

Baribir fosh etar seni oy, yulduz,
baribir kuzga sen bo‘lasan taslim.
Baribir yo‘lingda xazonlar so‘zsiz
chiroyli
o‘lmoqdan berarlar ta’lim.

Tan olmoq istamay sevmayman!!! — degin,
degin xotiramdan o‘chib ketgan U.
Shamollarga hayqir,
sevmam de, lekin
baribir fosh etar seni Dilko‘zgu…

***

Odam ketib borar…
Jim ketib borar…
Atrofga abgor ruh hidi anqiydi.
O‘ksigan dilini o‘ziga yorar,
Shu yo‘l tugamasa…
Qaniydi…

Osmondan bir tomchi yog‘adi yomg‘ir.
Odam ketib borar…
Hamma yoq soya…
Dardu hasratini sudraydi og‘ir,
Uning qadri loyga bulg‘angan boya…

Odam ketib borar…
Jim ketib borar…

***

Yafrog‘larda o‘ynagan nurning,
suv ostidan tikilgan hurning,
yuzlarimga…
yuragimga yog‘gan yog‘murning
siyratida sen borsan, Rabbim.

Sen borsan
borliqning har hilqatida,
Seni o‘ylash — Seni etmoqlik tavof.
Bordirsan hujayramning har qatida,
Senga yaqinlatar har bir iztirob.

Manziling olisdir —
yettinchi taraf,
o‘tgan
daqiqalar
sinar
sabrimni.
Ketyapman yo‘lingda, qara, ortmoqlab,
o‘zimdan ming karra katta qalbimni.

Muqaddas xayoling yo‘ldoshim erur,
chaqmoqlar chaqadi shuur-ongimda.
Men senga yetaman, albat, qachonki,
men Seni o‘zimda sezgan onimda.

***

Gunohlar to‘kilar barmoqlarimdan,
qadamlar to‘kilar oyoqlarimdan,
javoblar to‘kilar so‘roqlarimdan,
ayt, o‘zim qaylardan to‘kildim?

Tomchiman —
ko‘ksimda ming dengiz pinhon.
Shu’laman —
ming quyosh menda saqlar jon.
Lahzaman —
bag‘rimda asr sargardon,
ayt, o‘zim qaylardan to‘kildim ?

Haq ruhni Odamga joylaganida
chalingan ohangdan qolgan sasmanmi?
Do‘zaxdan sachragan cho‘g‘manmi?
Bilmam.
Yoki bu dayr ichra dayr emasmanmi?

Javob bersangchi,
ey tushuntirguvchi,
qaysi sukunatdan kelgansan — jimsan?
Faqat ketib qolma Yo‘qlikka uchib,
balki bari bekor…
balki sen — mensan…

***

ovozimning dengizida suzgan soyalar
bag‘riga oladi nigohlaringni
xayolga aylanar umrim
mening sen haqingda o‘ylaganlarim
singib ketar yurak mavjudligiga
homuza tortadi pardalar
ho‘rsinar derazadan meni
poylagan
tomchi-
tomchi
nur
endi o‘zining qabrtoshini
quchib yig‘layotgan kishining
ko‘z yoshlari dengiziga
do‘ngan ovozimga
sho‘ng‘ir dunyosiz kunlarning ko‘lankalari
shuursiz hislar aro
shamollar esadi mendek bemaqsad
men esa cho‘kaman sensizligimga

***

1
g‘ira-shira cheksizlikning noma’lum ismi
uyg‘otib yuborar kapalaklarni
va ular qanotidagi zalvorli dunyolar ila
kirisharlar sajda qilmoqqa
sim-sim og‘riq
(bu og‘riq ila ochish mumkin hatto xazina g‘orin)
endi xazinaning ismiga aylanadi cheksizlik

2
rangning soyasiga to‘shalgan ovoz
hurkib ketar mudhish jimlikdan
ko‘zlardagi ikkita dengiz do‘nar ko‘zguga
va ularda ko‘rinadi bir paytlar dunyoni isitgan
endi esa ertaklarga singib ketgan quyoshning
ikki dona qop-qora nuri
bu qop qora nurlar o‘z soyalari ostiga
to‘shab qo‘yarlar mash’um jimlikni

3
Yorongullarning nim sarg‘aygan yafrog‘i
joylanadi xotiraga
gultuvak sarhadidagi o‘zga olam
chayqalib ketar gursillab yiqilgan
gulyafrog‘ zalvoridan

***

atirgulning atirgulligi yolg‘on
daryolarning daryoligi soxta
borliqning borligi ham cho‘pchak
faqat
sening senliging rostdir
faqat
mening menligim haqiqat
shamollar-ku to‘xtaydilar lek
biz to‘ki
li-
ib ketaveramiz
tushlarimizning tosh qotgan
qismlaridan uy quramiz o‘zimizga
sening senliging haqidagi
haqiqatlar bilan qorin to‘ydiramiz
oppoq ko‘lanka
va
oydin shivirga yonboshlab uyqu
ga ketamiz
tush ko‘ramiz
tushimizga kirar rost dunyo

mirzohid muzaffar.jpg

Ikki villanella*

1
Yomg‘irning ko‘ksida charx urib,
Buzib nigohimning sarhadlarini,
Qushlar uchayotir.

Samoda sirlarga ko‘milib,
Tushib kelib, ruhim ichida
Qushlar uchayotir.

So‘zlarimning billur jomidan
Suv ichibon ayni bu lahza,
Qushlar uchayotir.

2
Lablaringni kuydirganda so‘z,
Bir sog‘inchdan rohatlanganda,
Etmog‘ing mumkindir ishqingni izhor.

Titrab jonning junbushlarida
Va ketolsang isyonsizlikdan,
Etmog‘ing mumkindir ishqingni izhor.

Savolga javob deb nom qo‘yganingda,
O‘zingni berganda qayg‘u qo‘liga,
Etmog‘ing mumkindir ishqingni izhor.

*Villanella — asosan fransuz va italyan she’riyatida, cho‘ponlar qo‘shig‘i o‘laroq yuzaga kelgan janr. U uchta uchlikdan iborat bo‘lib, har bir uchlik ohxirida bir so‘z takrolnadi va buni eklogik alliteratsiya deyishadi.

***

1
men
bir parcha sukunat
kezib yurar
shovqinot aro

2
sen
bir tomchi zulmat
daydib yurar
shu’lazor ichra

3
u
bir zarra qayg‘u
tentirab yig‘laydi
bir yurak sevinchlar ichra

4
dunyosiz dunyoda
dunyoligin bilmay
qaygadir ketmoqda
dunyola-a-ar

***

ko‘zguga qarama
u meni aldaydi baribir
lek qiyofamni ko‘rishim kerak-ku axir
siniq ko‘zgu oldiga kelib
tomosha qilasan
(balki ko‘zgudagi odam
meni tomosha qilar)
xullas hafsalang pir bo‘ladi
suyuq bo‘shliq to‘lgan ko‘zimni yumib
uyquga keta boshlaydi va
tush ko‘rayapman deb o‘ylaysan
holbuki uxlamayotganding
vale o‘zimni aldashdan o‘zga iloj yo‘q
yana ko‘zgu o‘ziga tortar
ketaman
sen esa sezmay qolasan
unga aylanib qolganingni

Shahar xokkulari

1
Ko‘p qavatli bino ostida,
Tushini suvga aytar
To‘kilmagan yaproq.

2
Mashina g‘ildiragidagi loy
Bo‘sa olar asfaltdan.
Avtobus derazasiga urildi shamol.

3
Xiyobon.
O‘rindiqdagi qizning yoniga
O‘tiradi tillarang soya.

4
Chiroqlardan ilma-teshik tun.
Ichkariga qo‘rqib qaraydi
Tashqarida qunishgan daraxt.

5
Shahar.
Yomg‘ir yog‘ayapti.
Yugurar soyabonli soyalar.

Qishloq xokkulari

1
Tongni uyg‘otib yuborar
Sutning chelakka
Vizillab urilgan tovushi.

2
Maysa yaprog‘ida
Jon berdi kapalak.
Oy cho‘mila boshladi soyda.

3
Ayol ro‘molini uchirar
Daryodan esgan shamol.
Yo‘l hali olis edi.

4
Bog‘
Sanchib oladi ildizlarini,
Tunning qora ko‘ksiga.

5
Poda qaytar karvondek.
Ufqqa bosh qo‘yar
Dehqonlarni kuzatib horigan quyosh.

***

xonamning devorlari yo‘q
eshigi bordir uning faqat
bo‘shliqning dard to‘la qo‘llari
kira olmasin uchun o‘rnatilgan u
derazasi bor
balki deraza ham emasdir
kuzgi bog‘larga qaragan
………………………………………………..
eshikning taqillagan ovozi
suyulib tomchilaydi ko‘zlarimga
derazaning zirillagan ovozi muzlab
sanchiladi yo‘qligimning ko‘ksiga
xossalardan chiqib ketaman va ochaman
eshikni
uning ortida
…………………………………………………………….
men turgan xonaning derazalari ochiq
…………………………………………………………….

***

Kunlar kechdi,
Mahzuna kunlar,
Sarxushlanib sochiladi nur.
Yomg‘irlarning kaftidan tutib
Ohang yangrar mahfil va mahjur.

Yuragimning teran qa’ridan
Mo‘ralaydi eski asrlar,
Tahayyulim sovrilar
Sirot
Ko‘prigidan yiqilar sirlar.

Uzgun yobonlardan o‘tadi karvon-
Bo‘g‘zimga tiqilar ufqtus kadar,
Ertaklar tugadi…
Bezib baridan
O‘z-o‘zimga ketaman badar..

Kunlar kechdi…
Mahzuna kunlar…

***

umuman
odam bo‘lmoq shartmi shunchalik
shu xayol bilan
maysani tinglayman
toshni tinglayman
daraxtdan bir sado bermog‘in tilab
shomda shu’lalar-la birga so‘ngayman
va yana qandaydir isyonli fikr
to‘lib qolar ko‘zim kengliklariga
anglayman
shamollar tushmoqda zikr
botinimning cheksiz menliklarida
maysani tinglayman
toshni tinglayman
mavhumot yog‘ilar misoli nayson
odam emasligim bexos anglayman
endi men daraxtman
va yoki maysa

***

ketayotgan har odam ham yo‘lovchi emas

***

vidolashdik qonli qo‘llarni silkib

***

sen
dunyo
cheksizlik

***

shakl
shamol
zulmat

***

nuryomg‘ir

***

qop-qora tumandan o‘zga narsa yo‘q
oqib-oqib borar ongim ichra tun.
sukunat mulkida ovoz yo‘q qars yo‘q
barchasi noma’lum
barchasi mavhum.
bir nafas…
qorishdi do‘zax va jannat.
bir nafas…
sovrildi jami tushuncha.
menga najot bermang
aylamang shafqat
yondiring do‘zaxga do‘nmagunimcha.
faqat…
tezroq keting mening yonimdan
fikrlarim birla bo‘lay hamnafas.
siz bilan ketardim…
ketardim…
ammo
yolg‘izlikni yolg‘iz qoldirgim kelmas.
qop qora tumandan o‘zga narsa yo‘q…

***

havoning xususiylashuvi
bunday kechadi —
avval sevaman degan so‘zga aylanar
va quyilar quloqlaringa
jismlashgan havoda ong paydo bo‘lib
oldindan sezar bir kun
alvido degan so‘zga aylanib
yana egasiga qaytmoqligini
………
………

***

Qo‘limda qalammas, xanjardir,
jangohdir shu oppoq sahifa.
So‘zlar tig‘in ko‘nglimga sanchadir,
zimmamda eng og‘ir vazifa.

Siyohning rangidan rang olar osmon,
qaynoq taft sezaman barmoqlarimda.
Dunyo o‘lib bo‘lgan —
bu dunyo bejon,
u taslim bo‘lgandir so‘roqlarimga.

Chiroyli, maftunkor xayol surasiz,
so‘z sizga sancholmas hanjarlarini.
Qaro qog‘ozlardan terib yurasiz,
miskin yuragimning parchalarini…

***

Olmalar to‘kilar tunning ko‘ksiga,
olmalar to‘kilar: oq, zarhalu ol.
Lablarini tutib bog‘ nafasiga,
osmonni his qilar tunda bu ayol.

Osmonni his qilar…
entikar,
jo‘shar,
shabnamlar titraydi kipriklarida.
Shamollar yo‘liga poyondoz to‘shar,
u ishonmas Dunyo o‘triklariga…

Tunning olmalari to‘kilar to‘p-to‘p,
havoga singiydi nigoh izlari.
Uning ruhi ichra oqardi sharob,
yuzlari yonardi…
sokin so‘zlardi…

So‘ng qaygadir ketdi
shamollar bilan,
qaygadir yo‘l oldi ko‘zlari marol.
Yo osmonga singib ketdimi, bilmam,
osmonni his qilgan xayolchan Ayol…

***

Havvo nigohiday
hafif havoda
suzadi nur isli shivir-shivirlar,
Ruh so‘qmog‘i elitgan
ushbu ma’voga
yog‘adi rahmatga to‘lgan yomg‘irlar.

Egasiz sog‘inchlar
to‘lar olamga,
hayajon chulg‘aydi Zamin kurrasin.
Bir Zot
koinotni olib kaftiga,
o‘qiy boshlar Boqiy Sevgi surasin.

…Botinimni
chulg‘ar
majnunxayollar,
adashib ketaman o‘zimdan beun.
Xokistar Yurakni yalang‘ochlayman,
Alloh nafasini his qilmoq uchun.

***

Yomg‘ir shevasida she’r o‘qir osmon,
har bitta satridan ziyo tomadi.
Ko‘nglimdan uzilgan shamollar bilan
ketgan Ishq qaytishdan qattiq tonadi.

Men hali yo‘qdirman,
topilmaganman,
sochilib yotibman yomg‘irlar aro.
So‘zlar shu’lasidan ko‘zim qamashib,
ketarman Yo‘qlikning dargohi tomon.

Tonglarni
ichadi chanqagan ruhim,
garchi men qaygadir yo‘qoldim axir.
Izimni izlagan Ochunga ayting —
meni olib ketdi shoirqalb Yomg‘ir…

***

Oftobni siladi kuydirib qo‘lin,
yulduzga tegmoqqa topoldi jur’at.
U o‘pgach Oy to‘ldi —
yarim Oy to‘lin,
osmon moviylashdi shu zayl,
shu suvrat.
…Yo‘q,
aslida hech ne bo‘lmadi sodir,
hech qachon bo‘lmaydi,
umid yo‘q endi.
Shunchaki…
tepaga boqdi xo‘rsinib,
oftobni,
yulduzni,
oyni his qildi.
Davvor o‘z yo‘liga,
hali zamin bor,
his qilinmoq istar daraxt,tosh,giyoh…
U boqdi ko‘nglidan Yerga bir lahza —
Ming bir osmondan ham yuksakdir tufroq.

***

Bugun yana yo‘ldan chiqdingiz,
shodligingiz tutdi olamni.
Quchog‘imda soydek oqdingiz,
yo‘lovchilar jim qarab o‘tdi.

O, yetmadi yana jur’atim,
,,Sizni sevmam” deya olmadim.
Deyolmadim… la’nati ko‘ngil
allaqachon sizdan qolgandi…

Jur’atsizman. Mana shu aybim
umringizga bag‘ishlar quvonch.
Ishqingiz izhorin eshitgan sayin,
sevmasligimga ortib boradi ishonch.

Bag‘rimda shod kular ekansiz,
shivirlaydi ko‘ksimda yurak:
,,Kimdir baxtli bo‘lmog‘i uchun
kimdir baxtsiz bo‘lmog‘i kerak.”

***

Onajon…
bilmadim, nima ham deyin,
aytib bo‘lingan-ku bor go‘zal gaplar?
Men esa…
kim bo‘pman…
o, bundan keyin
izhorlar turibdi bo‘g‘zimda bo‘zlab.
Netay…
mehribonim, jannatim desam,
ayblashmaydimi meni hom deya?
Sizni buyukmas,
oddiy mehr-la sevsam,
ayting, ko‘nglingiz ne hislarni tuyar?
Yo‘q, hech bir qolipga sig‘a olmassiz,
sizni o‘xshatmoqlik…
axir beimkon.
Siymongizni chiza olmasman, essiz,
siz faqat…
chin INSONdirsiz, onajon!

Nasriy she’rlar

1

Ufqdan chiqib ketgan egasiz tovush xossalardan ayrilar-u odamga do‘nar. Ana, u kelmoqda — olis-olisdan ko‘rindi uning qorasi. Balki bu qora tunning parchasidir? Ko‘chadan xonamga yugurib kirgan sukunat chang pochalarini qoqqancha gapirar olisdan kelayotgan odam haqida. Va uning tilidan to‘kilar mening qachonlardir mening shamollarga berib yuborgan ismim.

2

Tun edi. Qishning izg‘irinli bo‘ronlari o‘qirdi Bodlerning qoramtir she’rin. Derazadan boqarkanman, sezaman: daraxtlar titrab kuylardilar Salim Ashurning titroq qo‘shig‘ini. O‘ylab qolaman — balki Borliq bir butun she’rdir? Balki anov usiz, daydi itning ko‘zida yangrayotgandir mening she’rlarim?sachrab ketgum devorlarga qon kabi…qon kabi…qon kabi… shoir asli buyuk o‘g‘ridir.haqiqat o‘g‘risi. Yo‘q, yanglishdim, u ,,Alkimyogar”dagi Santyagodek terib yurar ma’nolarni koinotdan, yuraklardan hamda yo‘qlikdan. Shoirlar-terimchilar. She’rlar esa хirmonlardir — samo siynasin teshgan.

Shu fikrlar-la xonamga tikilaman. Eshitaman radioda bir shoir tufrog‘ tilida she’r o‘qiyotganini. Balki u sizdirsiz?..

3

…jimlik oqimiga o‘zingni tashla.
Rafayel Alberti

Mahallamizning etagidan oqib o‘tadi Chirchiq. Ko‘p boraman uning yoniga. Qirg‘og‘ida ,,Jangi Loy”da Temur sodirgan tepalik-istehkom Qirshovultepaga chiqib, kuzataman mavjlar o‘yini. Bir kuni tongni kutib olmoqlikka chiqqan edik unga sinfdoshlarim bilan.

Bu yerda jimlik bor. Faqatki jimlik. Daraxtlar xayolida uchgan qushchaning nigohidek ma’sum erur u. Men bargga aylandim. Shamollarga berdim erkimni. Olib bordi ular meni daryoning iliq ilklariga. Men — kapalakning qanotidek kichik bir yaproq suzar edim isyonlarsiz Albertining aytganin qilib. Bargmikanman, dedim. Bormikanman, dedim. Savolimga javob topa olmadim.

Xayol surib do‘stlarimning ketganini, tong esa o‘qlarin otib meni yarador qilganini sezmay qolibman.

09

(Tashriflar: umumiy 2 524, bugungi 1)

6 izoh

  1. Ассалому алайкум. Яхши шоир шеърларидан баҳраманд қилганингиз учун катта раҳмат, Хуршид ака. Агар малол келмаса, Мирзоҳиднинг телефон рақамини каминага ёзиб юборсангиз. Ёки каминани телефон рақамини унга берсангиз + 94.632-94-40. Саломат бўлинг, Устоз!

  2. Shunday dilbar she’rlarni o’qigach ruhing yengil tortadi.Shoirning xazin sassizligi ,bo’ronlari ,yomg’irlari bilan hayolan birga qolasan.Bugun biz sog’ingan tuyg’ularimmizni so’z bilan ifodalab berayotgan shunday shoirlar bor bo’lsin .

  3. Анчадан буён дарди тирик шеърлар ўқимагандим, дуч келмагандим бундай шеърларга… Чеҳранг ҳам шоир экан укажон! Агар хаста бўлсанг, Худо дардингни ўзига олиб сени гўзал шеърларинг ва дуоларимиз ҳаққи бизга қолдирсин!Илоҳим…
    Мени қулатсанг ҳам ҳар гал аршимдан,
    барибир,
    мен сени севаман, ҳаёт! дебсан. «Ҳар бир дард мени Худога яқинлаштиради» дебсан… Жонинг омон бўлсин укажон.
    Мен шу кунларда «Севмайман деб айтсам ҳам нега. Талоғимни бермайсан ҳаёт» деб ёзибман. Сен эса ҳаёт сўрабсан Худодан! Хуршид ака айтганларидек ҳеч кимнинг сояси эмаслигинг шу сатрларингдан ҳам маълум. Сени яхши кўрдим, дуойингдаман….

  4. Haqiqatdan qo’lida qalam bilan tug’ilgan ijodkorlardan ekansiz, Muzaffar. O’qiganimda xuddi Usmon Nosir she’rlarini o’qiganimda his qilgan ajib hissiyotlarni tuydim. She’rdagi soddalik, qandaydir dard samimiy. Men xursandman shunday inson bilan zamondosh bo’lganimdan. Hech qachon ijodingizni to’xtatmang. Sizning she’rlaringizni o’qishimga sababchi bo’lgan qadrli shoirimiz Xurshid Davrondan minnatdorman

Izoh qoldiring