Zebo Rahimova. Sen shunday ko’p bo’lsang… She’rlar

07

  Бугунги ўзбек шеъриятида Зебо Раҳимова каби дунёнинг ёлғон ташвишларига, шеърнинг қадри тушиб бораётгандек таассурот ҳоким бўлган муҳитга басма-бас  қалби ортидан бораётган, ўқувчи юрагига гоҳ қувонч, гоҳ маъюслик улашаётган ижодкорлар бор экан, кўнгилда умид чироғи милдираб ёнаверади.

07
Зебо РАҲИМОВА
СЕН ШУНДАЙ КЎП БЎЛСАНГ…
Шеърлар
06

033Зебо Раҳимова 1958 йили Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Ўрис қишлоғида таваллуд топган. 1981 йил ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетини тугатган. Туман газетасида, китобсеварлар жамиятида, туман радиосида, Қайнарбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинида, бир муддат республика хотин-қизлар журнали “Саодат”да ишлаган.
Сайтимизда Зебо Раҳимованинг мақоласи ва шеърларини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

08

* * *

Ташқарида ёмғир,
ташқарида март,
куртаклар шалаббо,
булутлар оғир,
иссиқ уқубатга қоришиқ бир бахт,
орзуманд тирилар яна бу бағир.

Кўк тоқидан абри найсонлар сели
заминга ошиқар, интилар елиб,
“чўлп, чўп, чилип”,
“чўлп, чўп, чилип”,
тупроқ ўпичлардан бормоқда илиб.

Илдиздан шохларга келар номалар,
тупроқни қитиқлар фурсат мазмуни,
юракка суқулар,
виждонни тилар,
қишда қолган юмуш ва фасл хуни.

Эрта офтоб чиқар,
тозаради кўк,
мовий либос кияр бу борлиқ яна,
иш ҳам… якун топар,
тугармиди, йўқ,
жаннатга ҳам баҳор келдими, она?

Мен ҳам ёшингизга етай деб қолдим,
кўнгил тўла орзу,
кўнгил тўла дард,
не қилдим,
барини худога солдим,
ташқарида ёмғир,
ташқарида март…

* * *

Уч кун бўлди, эзилади март,
шўриш туриб, ёғади ёмғир,
туриб кетгим келади гоҳ шарт,
кетиш мумкин,
кетмаслик оғир.

Тарновларнинг тили ҳам бошқа,
чўлпилламас, қотади энсам,
кетсам бари бўлади ёмон,
бари яхши бўлади келсам.

Бор бисотим – битта дилим бор,
ямаб бўлмас бу кўнгил синса,
нетай, қурғур, узун тилим бор,
зора бугун шу ёмғир тинса…

* * *
Тиш ёради кўнглимда бир дард,
далаларда март шоми кезар,
юрагимни сенинг соғинчинг,
азобларнинг тўлғоғи эзар.

Боғчаларни бағримга босиб,
далаларни келади ичгим,
юлдуз – фонусларини осиб
қош қораяр,
сезмайди ҳеч ким.

Узайгандан узаяди йўл,
икки кўзим ўйнайди чопиб,
бизникидан бошқа ҳамма уй
эшикларин қўяди ёпиб.

Шом. Пардалар мудрайди,
шамол
юрагимни шивирлар очиб,
сатрлардан сачраган хаёл
шеърларимни кетар опқочиб.

Тонг отади, шомлар кечикар,
кун ботади, тонглар ичикар…

Тонг оқарар, келади ичгим,
қош қораяр, сезмайди ҳеч ким…

* * *

Куннинг узун қанотларида
турна кифтидаги чуғурчуқ мисол,
муждалар қатида қувончлар келар,
ҳайратлар барида абадий висол.

Зангор, нилий, мовийланар март,
қадар ва бахт, ҳаёт излари,
қорачиқдан жилмаяр бегард
муҳаббатнинг ғамгин кўзлари.

Маст қилади кўнглингни бу дард,
юрагингда тўлқинланар май,
шом олдидай азоб беради
шом олдидай гуллаган манглай.

Ачинасиз. Қазо-қисматнинг
мевасини қийин ютади,
жиндек менга ўхшайди бу қиз,
жиндек сизга ўхшаб кетади.

* * *
1.

Қўлларингдан қалампирмунчоқ,
суманларнинг келади иси,
кўзларингда ёзади япроқ,
энг шойиста умидлар ўсиб.

Бир ғазалнинг икки бандимиз,
икки юрак, икки дил ёна,
Парвардигор, ахир, атайин
иккимизни қилди ҳамхона.

Аммо, бугун юрак куймоқда,
кўнгилдан ғам чиқмоқда юзиб,
тутиб қолгин мени ёнингда,
тутиб қолгин дунёдан узиб…

Эй, сайроқи юрак, яхши бор…
эй, суманбар бўйли осмоним,
қонларимда уйғонди баҳор,
сиғмаяпти дунёга жоним.

Эй, хушхабар келтиргувчи Cўз!
Эй, хушхабар айтгувчи дарахт!
Биз, албатта, кўришамиз юз,
биз, албатта, бахтли ё бебахт!..

2.

Ҳеч ким билмас, қайда тугар ишқ,
кимни урар шайтон бу йўлдан,
cен ҳужжатли важларинг билан
қўлларингни оласан қўлдан.

07

Эй, сен, сокин ҳаёт тимсоли,
эй, сен, бахтни куйловчи бағир,
ишқ минг йиллик ажриқ мисоли
юрагимга ёймоқда томир.

Янграмоқда қадимий қўшиқ,
сен қайдасан, мен қайда тўзиб,
бу тақдирдан кетиб бўлмайди,
Ҳақ домини бўлмайди узиб.

Не кўйларда айланмоқда ер,
ишқ – ғамзали қиз бели толма,
мен Аёлман, сен – бахтиёр Эр,
қўлларингни қўлимдан олма…

* * *

Кунларнинг этаги кўнгил каби кенг,
март ҳиди келади яланғоч боғдан.
Напормон, им-илиқ шом чоғлари денг,
сирғалиб ой тушиб келади тоғдан.

Содиқ маҳрам каби софдиллик билан
оқшом остонада ётар узалиб,
куй каби шамоллар эсади дилдан,
юрагим кун сайин борар тузалиб.

Дилда элас-элас хотира изи,
манглайда улуғвор икки эгиз йўл,
юрак тупроқ каби бормоқда қизиб,
икки кўз қуп-қуруқ, нигоҳларим ҳўл.

Шудгорлар бошида ҳовур ҳилпитиб
деҳқон шамол юрар барини судраб,
асло кимлигини қўймас унутиб,
фасллар ҳеч қачон ётмайди мудраб…

ЁЗ ЭДИ, ЯРИМ КЕЧА…
Машрабона

Гулёр гулбўйингни истарам,
азобу ўйингни истарам,
юракдан келгувчи ҳар лаҳза
зардиоб суйингни истарам.

Аҳли дил ишқини туш кўрар,
қонда ёр кўз очиб ушкурар,
бу жоним жанонни хуш кўрар,
ёр сени, бир сени истарам.

Дўсту ағёрга бир хонимиз,
жоми Жам ичида жонимиз,
ким билар недир имонимиз,
ёр сени, бир сени истарам.

Нафси сак азмойиш дастида,
гоҳ равза, гоҳи нор қасдида,
кезиб дуннинг баланд-пастида,
ёр сени, бир сени истарам.

Асли “қолу бало” аҳдимиз,
шўру шон, иззу жоҳ, бахтимиз,
синди ишқ ўқидан шаҳдимиз,
ёр сени, бир сени истарам.

Балойи ишқ тиғи парпарон,
дил зарду чеҳрамиз заъфарон,
бевақту, бесоат, ногаҳон,
ёр сени, бир сени истарам.

На яхши, на ёмон, тўпини,
на каму, на кўсту, кўпини,
на гиёҳ, на гулу, чўпини,
ёр сени, бир сени истарам.

Ким эдим, не эдим, дудимни
ўн саккиз минг олам таратдинг,
не учун, не учун яратдинг…
ёр сени, бир сени истарам…

САЙР

Мени тун чақирди,
уйғониб кетдим,
илиқ бир шаббода тутди қўлимдан,
ҳур нурлар мавжида безовта бир сир,
ҳуркак кирпичалар чиқди йўлимдан.

Ой тўлган.
Кечага ҳайрона боқдим,
сингидим елларнинг кулранг таъмига,
барглар шитри билан ер томон оқдим,
қўшилиб кетдим мен ўтлар намига.

Тинчини буздимми,
сокин узайиб
ойдинда ярқирар нимадир кулча,
уйқусираб мени бағрига босди
гулбаргида денгиз мавж урган гулча.

Атрига айланиб таралиб кетдим,
“мен келдим”,
“бу менман”,
“кўзларингни оч!”
Осмонга бош қўйиб ухларди кимдир,
балки у дарахтдир,
балки сим оғоч…

Гапдон япроқлардан юксак, нарида,
ҳарир кулранг этак силкитарди тўр,
“кенг бўлинг”,
“кенг бўлинг”,
тинмай чақирар,
ястанган,
нур билан тўлган дара, ўр.

Майсаларга қўндим,
шабнамлар ичдим,
қўнғизлар тушига кирдим эмаклаб,
шуълага осилиб арғумчоқ учдим,
сўнг қаҳ-қаҳа отдим тунни эрмаклаб…

Этим жимирлади,
сесканиб тушдим,
уйғондим,
“К — е — е — нг бўлинг!”…
ким у чақирган?!
“Сенмисан?!” –
канизак юлдузлар аро
хомуш соч тараган ойга бақирдим.

“Сен кимсан?!” –
таҳдидли тўзғир ойдинлик,
боғларга ин қурган маҳзун шамоллар,
“Сен кимсан?!” –
тобора узоқлайди ун,
тун,
қадим ойдинлик,
тебранар толлар…

* * *

Ёз эди. Ярим кеча,
уйғоқмидим ё беҳуш,
кўройдин, салқин пича,
“қаҳ-қаҳ” урарди бир қуш…

Юлдуз билан қўшниман,
ой билан опа-сингил.
ўшшайган Оққояда,
нурдан устимда энгил.

Қанотларим ёйилган,
тўшимда тилак билан
ҳей! – кўкларга учаман
ейилган юрак билан.

Онангман деб имлайди
сойлардан сув париси,
Рус қишлоқда оёғи,
Баширда бошсариси.

Ой оҳиста тебранар
тонгнинг нил куртагида,
тўпланади туманлар
оқ қоялар тагида.

Шабнам тушар сирпаниб
чўққиларнинг бетидан,
мен кенгликка сакрайман
какликларнинг кетидан…

Уйғоқмидим ё беҳуш –
кўройдин, салқин пича,
“қаҳ-қаҳ” урарди бир қуш,
ёз эди, ярим кеча…

* * *

Сиздан узоқладим, минг йиллаб,
балки,
минг аср, эҳтимол, иккимиз йўқмиз,
қанча сўзлар айтдим сизга нораво,
бу ғариб кеча йўқ,
йўқдир уйқумиз.

Ҳовлида қаҳратон изиллайди,
бас,
мағрур бир ёлғизлик ҳавода қотган,
жимжит йиғлаётган кўнгил,
сенмисан?
юрак, бу сенмисан – совқотаётган?

Бунчалар узайиб оқарар бу тонг,
кенгайиб бормоқда бизсиз истонлар,
дарахтлар сас берар:
так-так, тик-тик, ток!
қанчалар бахтли бу қизилиштонлар.

Кичрайиб кетяпман тонгнинг нурида,
бир оғиз сўз учун шайланиб тилим –
мен сизни кўрай деб,
бир ҳол сўрай деб
асрлар оралаб келдим, севгилим…

* * *

Сен шундай куй бўлсанг, кўзимни юмиб
тингласам, кўнглимни гулларга кўмиб,
аммо сен куй эмас, энг улуғ дардим –
қайғум ва қувончим,
қарғишим, ҳамдим…

Гоҳ худ, гоҳ бехуд дунёда ҳолим,
вайрона кўнгилу, кемтик дил – молим,
шу аччиқ жисмимга жойлаган қандим –
жон Сенга кўзмунчоқ,
борим сипандим…

Бу умр беҳикмат, бежиз тузилмас,
бир киприк беизн, хоҳлаб узилмас,
омонат руҳимда асраган ганжим –
Сен покиза Ишқим,
покиза ранжим.

Қаршингда эгик бош, рўйи зард билан,
ишқингдан жонимга етган дард билан,
гоҳ йиғлаб, гоҳ кулиб айтилган бандим –
ҳукмингга жон баста,
зулфи камандим…
Илоҳим, карамли биззот, афандим,
беҳиштий чаманда ҳусни дилбандим,
дунёда мен чеккан энг гўзал дардим –
азалдан то абад
ё Худовандим!..

Манба: “Kитоб дунёси” газетаси, 2015, март

022

Zebo RAHIMOVA
SEN SHUNDAY KO’P BO’LSANG…
She’rlar
06

Zebo Rahimova 1958 yili Qashqadaryo viloyatining Kitob tumanidagi O’ris qishlog’ida tavallud topgan. 1981 yil ToshDU (hozirgi O’zMU) ning jurnalistika fakul`tetini tugatgan. Tuman gazetasida, kitobsevarlar jamiyatida, tuman radiosida, Qaynarbuloq qishloq fuqarolar yig’inida, bir muddat respublika xotin-qizlar jurnali “Saodat”da ishlagan.
Saytimizda Zebo Rahimovaning maqolasi va she’rlarini mana bu sahifada o’qishingiz mumkin.

08

* * *

Tashqarida yomg’ir,
tashqarida mart,
kurtaklar shalabbo,
bulutlar og’ir,
issiq uqubatga qorishiq bir baxt,
orzumand tirilar yana bu bag’ir.

Ko’k toqidan abri naysonlar seli
zaminga oshiqar, intilar yelib,
“cho’lp, cho’p, chilip”,
“cho’lp, cho’p, chilip”,
tuproq o’pichlardan bormoqda ilib.

Ildizdan shoxlarga kelar nomalar,
tuproqni qitiqlar fursat mazmuni,
yurakka suqular,
vijdonni tilar,
qishda qolgan yumush va fasl xuni.

Erta oftob chiqar,
tozaradi ko’k,
moviy libos kiyar bu borliq yana,
ish ham… yakun topar,
tugarmidi, yo’q,
jannatga ham bahor keldimi, ona?

Men ham yoshingizga yetay deb qoldim,
ko’ngil to’la orzu,
ko’ngil to’la dard,
ne qildim,
barini xudoga soldim,
tashqarida yomg’ir,
tashqarida mart…

075

* * *

Uch kun bo’ldi, eziladi mart,
sho’rish turib, yog’adi yomg’ir,
turib ketgim keladi goh shart,
ketish mumkin,
ketmaslik og’ir.

Tarnovlarning tili ham boshqa,
cho’lpillamas, qotadi ensam,
ketsam bari bo’ladi yomon,
bari yaxshi bo’ladi kelsam.

Bor bisotim – bitta dilim bor,
yamab bo’lmas bu ko’ngil sinsa,
netay, qurg’ur, uzun tilim bor,
zora bugun shu yomg’ir tinsa…

* * *
Tish yoradi ko’nglimda bir dard,
dalalarda mart shomi kezar,
yuragimni sening sog’inching,
azoblarning to’lg’og’i ezar.

Bog’chalarni bag’rimga bosib,
dalalarni keladi ichgim,
yulduz – fonuslarini osib
qosh qorayar,
sezmaydi hech kim.

Uzaygandan uzayadi yo’l,
ikki ko’zim o’ynaydi chopib,
biznikidan boshqa hamma uy
eshiklarin qo’yadi yopib.

Shom. Pardalar mudraydi,
shamol
yuragimni shivirlar ochib,
satrlardan sachragan xayol
she’rlarimni ketar opqochib.

Tong otadi, shomlar kechikar,
kun botadi, tonglar ichikar…

Tong oqarar, keladi ichgim,
qosh qorayar, sezmaydi hech kim…

* * *

Kunning uzun qanotlarida
turna kiftidagi chug’urchuq misol,
mujdalar qatida quvonchlar kelar,
hayratlar barida abadiy visol.

Zangor, niliy, moviylanar mart,
qadar va baxt, hayot izlari,
qorachiqdan jilmayar begard
muhabbatning g’amgin ko’zlari.

Mast qiladi ko’nglingni bu dard,
yuragingda to’lqinlanar may,
shom oldiday azob beradi
shom oldiday gullagan manglay.

Achinasiz. Qazo-qismatning
mevasini qiyin yutadi,
jindek menga o’xshaydi bu qiz,
jindek sizga o’xshab ketadi.

* * *
1.

Qo’llaringdan qalampirmunchoq,
sumanlarning keladi isi,
ko’zlaringda yozadi yaproq,
eng shoyista umidlar o’sib.

Bir g’azalning ikki bandimiz,
ikki yurak, ikki dil yona,
Parvardigor, axir, atayin
ikkimizni qildi hamxona.

Ammo, bugun yurak kuymoqda,
ko’ngildan g’am chiqmoqda yuzib,
tutib qolgin meni yoningda,
tutib qolgin dunyodan uzib…

Ey, sayroqi yurak, yaxshi bor…
ey, sumanbar bo’yli osmonim,
qonlarimda uyg’ondi bahor,
sig’mayapti dunyoga jonim.

Ey, xushxabar keltirguvchi Co’z!
Ey, xushxabar aytguvchi daraxt!
Biz, albatta, ko’rishamiz yuz,
biz, albatta, baxtli yo bebaxt!..

2.

Hech kim bilmas, qayda tugar ishq,
kimni urar shayton bu yo’ldan,
cen hujjatli vajlaring bilan
qo’llaringni olasan qo’ldan.

Ey, sen, sokin hayot timsoli,
ey, sen, baxtni kuylovchi bag’ir,
ishq ming yillik ajriq misoli
yuragimga yoymoqda tomir.

Yangramoqda qadimiy qo’shiq,
sen qaydasan, men qayda to’zib,
bu taqdirdan ketib bo’lmaydi,
Haq domini bo’lmaydi uzib.

Ne ko’ylarda aylanmoqda yer,
ishq – g’amzali qiz beli tolma,
men Ayolman, sen – baxtiyor Er,
qo’llaringni qo’limdan olma…

* * *

Kunlarning etagi ko’ngil kabi keng,
mart hidi keladi yalang’och bog’dan.
Napormon, im-iliq shom chog’lari deng,
sirg’alib oy tushib keladi tog’dan.

Sodiq mahram kabi sofdillik bilan
oqshom ostonada yotar uzalib,
kuy kabi shamollar esadi dildan,
yuragim kun sayin borar tuzalib.

Dilda elas-elas xotira izi,
manglayda ulug’vor ikki egiz yo’l,
yurak tuproq kabi bormoqda qizib,
ikki ko’z qup-quruq, nigohlarim ho’l.

Shudgorlar boshida hovur hilpitib
dehqon shamol yurar barini sudrab,
aslo kimligini qo’ymas unutib,
fasllar hech qachon yotmaydi mudrab…

YOZ EDI, YARIM KECHA…
Mashrabona

Gulyor gulbo’yingni istaram,
azobu o’yingni istaram,
yurakdan kelguvchi har lahza
zardiob suyingni istaram.

Ahli dil ishqini tush ko’rar,
qonda yor ko’z ochib ushkurar,
bu jonim janonni xush ko’rar,
yor seni, bir seni istaram.

Do’stu ag’yorga bir xonimiz,
jomi Jam ichida jonimiz,
kim bilar nedir imonimiz,
yor seni, bir seni istaram.

Nafsi sak azmoyish dastida,
goh ravza, gohi nor qasdida,
kezib dunning baland-pastida,
yor seni, bir seni istaram.

Asli “qolu balo” ahdimiz,
sho’ru shon, izzu joh, baxtimiz,
sindi ishq o’qidan shahdimiz,
yor seni, bir seni istaram.

Baloyi ishq tig’i parparon,
dil zardu chehramiz za’faron,
bevaqtu, besoat, nogahon,
yor seni, bir seni istaram.

Na yaxshi, na yomon, to’pini,
na kamu, na ko’stu, ko’pini,
na giyoh, na gulu, cho’pini,
yor seni, bir seni istaram.

Kim edim, ne edim, dudimni
o’n sakkiz ming olam taratding,
ne uchun, ne uchun yaratding…
yor seni, bir seni istaram…

SAYR

Meni tun chaqirdi,
uyg’onib ketdim,
iliq bir shabboda tutdi qo’limdan,
hur nurlar mavjida bezovta bir sir,
hurkak kirpichalar chiqdi yo’limdan.

Oy to’lgan.
Kechaga hayrona boqdim,
singidim yellarning kulrang ta’miga,
barglar shitri bilan yer tomon oqdim,
qo’shilib ketdim men o’tlar namiga.

Tinchini buzdimmi,
sokin uzayib
oydinda yarqirar nimadir kulcha,
uyqusirab meni bag’riga bosdi
gulbargida dengiz mavj urgan gulcha.

Atriga aylanib taralib ketdim,
“men keldim”,
“bu menman”,
“ko’zlaringni och!”
Osmonga bosh qo’yib uxlardi kimdir,
balki u daraxtdir,
balki sim og’och…

Gapdon yaproqlardan yuksak, narida,
harir kulrang etak silkitardi to’r,
“keng bo’ling”,
“keng bo’ling”,
tinmay chaqirar,
yastangan,
nur bilan to’lgan dara, o’r.

Maysalarga qo’ndim,
shabnamlar ichdim,
qo’ng’izlar tushiga kirdim emaklab,
shu’laga osilib arg’umchoq uchdim,
so’ng qah-qaha otdim tunni ermaklab…

Etim jimirladi,
seskanib tushdim,
uyg’ondim,
“K — ye — ye — ng bo’ling!”…
kim u chaqirgan?!
“Senmisan?!” –
kanizak yulduzlar aro
xomush soch taragan oyga baqirdim.

“Sen kimsan?!” –
tahdidli to’zg’ir oydinlik,
bog’larga in qurgan mahzun shamollar,
“Sen kimsan?!” –
tobora uzoqlaydi un,
tun,
qadim oydinlik,
tebranar tollar…

* * *

Yoz edi. Yarim kecha,
uyg’oqmidim yo behush,
ko’roydin, salqin picha,
“qah-qah” urardi bir qush…

Yulduz bilan qo’shniman,
oy bilan opa-singil.
o’shshaygan Oqqoyada,
nurdan ustimda engil.

Qanotlarim yoyilgan,
to’shimda tilak bilan
hey! – ko’klarga uchaman
yeyilgan yurak bilan.

Onangman deb imlaydi
soylardan suv parisi,
Rus qishloqda oyog’i,
Bashirda boshsarisi.

Oy ohista tebranar
tongning nil kurtagida,
to’planadi tumanlar
oq qoyalar tagida.

Shabnam tushar sirpanib
cho’qqilarning betidan,
men kenglikka sakrayman
kakliklarning ketidan…

Uyg’oqmidim yo behush –
ko’roydin, salqin picha,
“qah-qah” urardi bir qush,
yoz edi, yarim kecha…

* * *

Sizdan uzoqladim, ming yillab,
balki,
ming asr, ehtimol, ikkimiz yo’qmiz,
qancha so’zlar aytdim sizga noravo,
bu g’arib kecha yo’q,
yo’qdir uyqumiz.

Hovlida qahraton izillaydi,
bas,
mag’rur bir yolg’izlik havoda qotgan,
jimjit yig’layotgan ko’ngil,
senmisan?
yurak, bu senmisan – sovqotayotgan?

Bunchalar uzayib oqarar bu tong,
kengayib bormoqda bizsiz istonlar,
daraxtlar sas berar:
tak-tak, tik-tik, tok!
qanchalar baxtli bu qizilishtonlar.

Kichrayib ketyapman tongning nurida,
bir og’iz so’z uchun shaylanib tilim –
men sizni ko’ray deb,
bir hol so’ray deb
asrlar oralab keldim, sevgilim…

* * *

Sen shunday kuy bo’lsang, ko’zimni yumib
tinglasam, ko’nglimni gullarga ko’mib,
ammo sen kuy emas, eng ulug’ dardim –
qayg’um va quvonchim,
qarg’ishim, hamdim…

Goh xud, goh bexud dunyoda holim,
vayrona ko’ngilu, kemtik dil – molim,
shu achchiq jismimga joylagan qandim –
jon Senga ko’zmunchoq,
borim sipandim…

Bu umr behikmat, bejiz tuzilmas,
bir kiprik beizn, xohlab uzilmas,
omonat ruhimda asragan ganjim –
Sen pokiza Ishqim,
pokiza ranjim.

Qarshingda egik bosh, ro’yi zard bilan,
ishqingdan jonimga yetgan dard bilan,
goh yig’lab, goh kulib aytilgan bandim –
hukmingga jon basta,
zulfi kamandim…
Ilohim, karamli bizzot, afandim,
behishtiy chamanda husni dilbandim,
dunyoda men chekkan eng go’zal dardim –
azaldan to abad
yo Xudovandim!..

Manba: “Kitob dunyosi” gazetasi, 2015, mart

022

(Tashriflar: umumiy 606, bugungi 1)

Izoh qoldiring