Marsel Brion. Manam, Temur jahongirman

tamerlan   Бундан роппа-роса 3 йил аввал сайтимизда Марсель Брионнинг Амир Темур ҳақида ёзилган ва ўзбек тилида » Менким, Соҳибқирон жаҳонгир Темур» номи билан нашр этилган (русчадан Фарҳод Рўзиев ва Фозил Тиловатов таржимаси) асардан икки бобни эълон қилган эдик. Бугун эса 2010 йили Зокиржон Ғойипов томонидан асарнинг форсча таржимасидан (Marcel Brion, Z̲abīḥ Allāh Manṣūrī. «Manam Tīmūr-i Jahāngushā». Intishārāt-i Bihzād, 2006)   ўзбекчага ўгирилган ва «Термиз оқшоми» газетасида босилган айрим парчаларини сизга тақдим этамиз.

Жуда кўп тарихий солномалар ва асарларни ўрганиб ёзилишига қарамай ушбу асарда тарихий ҳақиқатга тўғри келмайдиган жуда кўп ўринларга дуч келасиз. Бундай хатоликлар кўплаб Ғарб ва Россия адиб ва олимларига хос нарса. Шу сабабдан уни асосан тўқима бадиий асар  сифатида қабул қилишингизни сўраймиз.

07

088 Профессор, тарихнавис адиб, Франция Академияси аъзоси Марсель Брион 1895 йили адвокат Брайон оиласида таваллуд топган. Швецариянинг “Champittet” шаҳрида ўрта мактабни тугатиб, Париждаги “d’Aix-en Provence” университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олган. Аммо бу соҳадан воз кечиб, адабиёт билан машғул бўлган. У дастлаб француз ва итальян тасвирий санъати тарихи билан қизиқиб, бир неча китоблар ёзади. Кейинчалик биографик асарлар ёзишга қизиқади. Унинг  Микеланжело Буонарроти, Рихард Вагнер, Альбрехт Дюрер, Гёте, Леонардо да Винчи, Клее, Шагал, Кандинский, Савонарола, Вермеер, Шуман, Шуберт, Брейгель, Жотто, Грюневальд, Макиавелли ва бошқа тарихий сиймолар ҳаёти ҳақида ёзилган китоблари нашр этилган.   Амир Темур ҳақида асарни ёзишдан олдин Марсель Брион Темур шахси ва темурийлар даври бўйича Америка ва Европанинг илмий доиралари экспедиция маълумотлари асосида “Тамерлан” асарининг биринчи таҳририни у 1942 йили, Забуиллоҳ Мансурийнинг форс тилига ўгирган “Темур тузуклари” асосида тўлдирилган ва қайта ишланган “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” романни 1963 йили чоп этган.  Қисман Забуиллоҳ Мансурий билан ҳамкорликда ёзилган  китобда Брион, энг аввало, Амир Темур тузукларидан ва Соҳибқиронга замондош бўлган Ибн Арабшоҳ, Ибн Халдун, Шарафиддин Али  Яздий, Султония шаҳри епископи Иоанн де Галонифонтибус , Кастилия қироли элчиси Руи Гонзалес де Клавихо, француз маршали Жан II ле Менгр (Бусико )  асарларидан кенг фойдаланган. Мазкур китоб Соҳибқироннинг дунёга келишидан то вафотига қадар бўлган даврни қамраб олиб, воқеалар Амир Темур номидан ҳикоя қилинади.Сизга мазкур китобдан айрим парчаларни ҳавола этмоқдамиз.

Жуда кўп тарихий солномалар ва асарларни ўрганиб ёзилишига қарамай ушбу асарда тарихий ҳақиқатга тўғри келмайдиган жуда кўп ўринларга дуч келасиз. Бундай хатоликлар кўплаб Ғарб ва Россия адиб ва олимларига хос нарса. Шу сабабдан уни асосан тўқима бадиий асарлар сифатида қабул қилишингизни сўраймиз.

09
Марсель Брион
МАНАМ, ТЕМУР ЖАҲОНГИРМАН
Форсчадан Зокиржон Ғойипов таржимаси
06

Бухоро шаҳрининг баланд деворлар билан ўралганини мен билардим. Агар Бухоро амири менинг қўшиним билан Бухорога яқинлашганимдан хабардор бўлиб қолса, шаҳар дарвозаларини беркитиши аниқ. Бу ҳолда биз уларни қамал қилган бўламиз. Бу менинг Бухоро амири устидан ғалаба қилишимга анча-мунча қийинчиликлар туғдириши турган гап.

Шунинг учун мен Бухорога кундузи етиб боришга шошилмаслигимни англадим. Шаҳар деворларидан олис-олисларни кузатиб турган назоратчилар ҳам менинг шаҳарга яқинлашаётганлигим ҳақидаги хабарни амирга етказишлари мумкинлигини билардим.

Мен Бухоро шаҳрига бориш режасини шундай ташкиллаштирдимки, яъни биз Бухорога кечаси етиб бориб, шабихун (тун қоронғусида душман билан қиличбозлик қилиш З.Ғ. изоҳи) қилишимиз зарур эди. Самарқанддан чиқишдан аввал, отлиқ аскарларимга фармон бердим: «Уларнинг ҳар бирига сунбули тайб (шифобахш тоза сунбула)дан тарқатиб чиқилсин. Бухоро шаҳрига яқинлашганларида ҳар бир отлиқ мазкур қуриган ўсимликдан отининг тумшуғига суртсин. Чунки отлар узоқ масофани босиб ўтишгач, борар манзили яқинлигини сезишиб, бир мунча тезлигини камайтиради ва ҳордиқларини чиқариш учун пишқира бошлайди. Шу мақсадда сунбули тайб суртилади. Хуллас, бизнинг Бухоро шаҳрига яқинлашганимиздан ҳеч ким хабар топмади. Отларимиз эса пишқирмади. Аммо шаҳар дарвозалари аллақачон ёпилган экан. Мен дарвозаларни калайи қуч, яъни узун ва йўғон дарахт танасидан ясалган махсус қурол билан бузишни буюрдим. Бир гуруҳ йигитларим дарвозаларни мазкур мослама билан синдира бошлашди, яна бир гуруҳи эса шаҳарнинг қалин ва баланд деворларига нарвонларни қўйиб, девор устига чиқишди. Бир зумда шаҳар ичкарисига кириб олдик. Бухороликлар учун бу кутилмаган ҳол эди.

Умуман, бизнинг қўшинимиз арзимаган қаршиликка ҳам учрамади. Аммо шаҳар ичида ҳаю-ҳу ва ғавғо кўтарилди. Бу ҳолат амирнинг тинчини бузди. Шу боис бўлса керак, Бухоро амири Арк дарвозасини маҳкамлашларига буйруқ берди. Мен дарҳол Аркни қамал қилиш зарурлигини тушуниб етдим. Ва қўшинимга буйруқ бердим. Шундай қилиб, менинг қўшиним ҳам Бухоро шаҳрини, ҳам амирнинг Аркини қамал қилишди. Мен кўп йиллик жангларда орттирган тажрибаларим эвазига шу нарсани яхши биламанки, Аркдан ташқарига чиқадиган ер ости йўли, албатта, бўлиши керак. Қўшинларимга ер ости йўлини топишга ва уни қаттиқ назорат қилишга буйруқ бердим. Амир ҳеч жойга қоча олмагач, Арк минораси устидан туриб менга хитоб билан мурожаат эта бошлади:
«Бу ерга нима учун келдинг ва мендан нима истайсан?»

Мен унга: «Мен сенга мактуб ёздим. Аскарларимнинг хун ҳақини сендан сўрадим. Аммо сен хун ҳақини тўлашни хаёлингга ҳам келтирмадинг. Шу боис мени устингга қўшин тортишимга мажбур этдинг. Агар шаҳрингни қамалдан чиқаришимни ва орқага қайтиб кетишимни хоҳласанг, менга 500 минг мисқол олтин бер. Ва агар олтининг бўлмаса, унинг баробарида 500 минг мисқол тилло буюмлар, зеб-зийнатлар ёки шунга ўхшаш нарсаларни менга бер», дедим.

Бухоро амири менга: «Агар мен сенга 500 минг мисқол тилло бермасам нима қиласан?», деди.
Мен унга: «Сенинг гуноҳинг учун, яъни сен аскарларимнинг қотилидирсан ва шунинг учун, сени қатл этаман», дедим.
У менга: «Сенинг аскарларингни мен ўлдирмаганман», деди.
Мен унга: «Сенинг аскарларинг қотил эмасми? Сен уларнинг қотиллигини яширдинг, сен ҳам улар каби қотилсан. Улар ҳам, сен ҳам қатл бўлишларинг шарт. Мен, албатта, сени қатл этганимдан сўнг, молу мулкингни қўлга киритишим турган гап ва Бухоро шаҳрингни фармон этувчиси бўламан, иншоллоҳ!»- дедим.
Бухоро амири мени менсимай: «Агар қўлингдан келса, майли, мени қатл эта қол! Майли, молу мулкимни ҳам иложинг етса ола қол», деди.

Шуларни айтиб бўлгач, бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлди, яъни минорадан пастга тушиб кетди чоғи.
Шундан сўнг, бироз вақт ўтгач, ғала-ғовур эшитила бошлади. Шаҳар четида турган қўшинимнинг бир гуруҳи бир неча кишини ушлаб келишди. Уларга яқинроқ бориб қарасам, ораларида Бухоро амирини ҳам кўриб қолдим ва дарҳол танидим. Бизнинг одамлар ер ости йўлини пойлаб туришганидан амирнинг одамлари бехабар бўлса керак, у ўз яқинлари билан қочиб кетишга уринибди.

Чучварани хом санаган Бухоро амири ва унинг яқин одамлари асирга тушганини сезмай қолишди. Шунда Бухоро амири менга: «Сенга мен 500 минг мисқол беришга тайёрман. Фақат мени қўйиб юбор. Шаҳарни қамалдан озод эт ва орқангга қайт», деди.

Мен амирга: «Бугун эрталаб мен сенга ноҳақдан қатл этилган аскарларимнинг хуни ҳаққини- 500 минг мисқол тилло ва бу ерларга қўшин тортиб келишимга кетган барча харажатларни тўлашинг зарурлигини айтгандим. Афсуски, сен ўшанда қўлга тушмаган эдинг. Таклифимни эшитганингда ҳали сенинг жонинг ва молинг менинг ихтиёримда ҳам эмас эди. Аммо энди кўриб турганингдай, ҳам ўзинг, ҳам жонинг ва мол-мулкинг билан менинг ихтиёримда», дедим.

Шу ондаёқ асирларни ҳузуримга олиб келишган зобит ва аскарларимга қараб: «Асирларнинг ҳаммасини ерга ўтирғизинглар», деб амир этдим. Асирлар тиззалаб, тизилишиб ўтиришди. Менга яқинроқ жойда Бухоро амири ўтирарди. Қиличимни ғилофидан суғириб, бир зарба билан амирнинг бошини танасидан сапчадай узиб ташладим. Амирнинг қирқилган боши анча ерга бориб тушиб, бир неча бор юмалади. Унинг танасидан қон фаввора бўлиб отиларди. Бу ҳолатдан ҳам шод эдим, ҳам қалбимда ғазаб ўти қайнар эди.

Бухоро амирига нисбатан қўллаган бу жазоимни мен шаҳар аҳлига намойишкорона ижро этдим. Бу ишимни Бухоро аҳлини келгусида менга итоат этишлари учун қилган деб ўйлашлари турган гап эди. Аммо бу тарздаги амирга қўллаган жазони шунинг учун адо этдимки, ўзи амир бўла туриб, қотилликка рухсат берган. Боз устига, ноҳақдан қатл этилганларнинг оила аъзоларига хун ҳаққи бермасликка ҳаракат қилган. Шунингдек, қотилларни жазоламасдан, уларни ҳимоя этгани ва шу боис уларга шерик бўлиб, бу гуноҳларга мункир бўлгани, яъни қотил, ёлғончи ва ўғри Оллоҳнинг душмани эканлигини шаръан билиб туриб, амал қилмагани учун, ушбу қатл Оллоҳнинг инояти ила мен томондан адо этилди.

Бухоро амирининг қатлидан сўнг, унинг барча мол-мулкини эгаллаб олдим. Улардан баъзиларини уловлар ва аробалар билан Самарқандга ҳам жўнатдим. Ўзимнинг зобитларимга, Бухоро шаҳри аҳолисидан ва амирнинг аскарларидан йиғиб, шаҳарнинг баланд деворларини бузиб, вайрон этишларига буйруқ бердим. Ҳозир ҳам ўша усулимни қўллашда давом этмоқдаман. Чунки ҳаётим давомида неча бор ҳарбий юришлар қилган бўлсам, шаҳар деворларини мазкур усулда текислаттирдим. Борди-ю, келгусида яна ушбу шаҳарларга қилган юришларимда мушкулликларни вужудга келтирмаслиги учун шундай қилдим.

Бухоро шаҳрига ҳокимлик этишни ўз қўшинимдаги зобитларнинг бирининг зиммасига юкладим. Мен унга: «Бу шаҳарнинг увол ва савобини сенинг ихтиёрингга қолдирмоқдаман. Шаҳарни идора этишда Ислом динимиз қонунларига риоя қилган ҳолда идора эт. Ҳокимлигинг даврида ҳар қандай мушкул ҳолат вужудга келса ва уни еча олмаслигингни тушуниб етсанг, менга мурожаат эт, уқдингми?»- дедим.

Самарқандга қайтиб келганимиздан кейин бир оз муддат ўтгач, мен ҳайратланарли бир туш кўрдим. Ўзим уйқуда бўлсам-да, барча бўлаётган ҳодисаларни аниқ мушоҳада этдим. Тушимда худди ўнгимдагидек тик ҳолда узун нарвон намоён бўлди. Унинг пастки қисмидаги икки оёғи-пояси ерда турар, аммо юқори қисмининг охири ҳеч бир нарсага тегиб ёки таяниб турмаса-да, лекин тик туришда давом этарди. Бу ҳолда тик турган ушбу нарвонни кўриб, янаям кўпроқ ҳайратга тушдим. Ўзимча. Жуда ҳайронман, нега нарвоннинг пастки қисми ерда-ю, аммо юқори учи ҳеч бир нарсага тиралмаган ёки таянмаган. Нега нарвон йиқилмай тик турибди?»-деб таажжубландим. Шу лаҳза юқоридан бир овозни эшитдим. У овоз менга: «Эй, Темур, бу нарвон орқали юқорига чиқ», деди.
Мен у овозга жавобан: «Ахир, бу нарвон ҳеч нарсага таянмаган-ку, у билан юқорига чиқиб бўлмайди, агар унга оёқ қўяр-қўймасимдан йиқилиб тушсам нима бўлади?»- дедим.

У овоз менга: «Кўрмаяпсанми, нарвон юқорида ҳеч бир нарсага тегиб ёки таяниб турмагани билан, у йиқилмаяпти-ку? Сен агар унга чиқиб юқорига кўтарила борсанг, у шу ҳолича қимирламай тураверади, йиқилмайди ҳам», деди. Мен эса у орқали юқорига чиқишимга шубҳаланардим.
Мазкур овоз соҳиби: «Эй, Темур, сен қўрқаяпсанми?»-деди. Мен унинг саволига жавобан: «Инсон бундай ҳолларда ақлини ишлатса, ҳеч нарсадан қўрқмайди. Ақл қўрқувни енгади», дедим.

Ва шу лаҳзада менда гўё ёниб турган оловга ташлашга тайёр бўлган қандайдир журъат пайдо бўлди. Мен аниқ биламан, оловда ёнишим турган гап.
Мазкур овоз соҳиби яна менга: «Мен сенга айтаяпман, ахир, бу нарвон умуман йиқилмайди. Унинг зиналарига оёқларингни бир-бир қўйиб юқорила», деди.
Мен оёғимни унинг биринчи зинасига қўйдим, кўрдимки, нарвон йиқилмаяпти. Бу ҳолатдан хулоса қилиб, бирма-бир нарвон зиналаридан юқорига чиқа бошладим… Унинг бир неча зиналаридан юқорига чиқаётганимда, чап оёғим менга итоат этмаётганини сезиб қолдим. Чап оёғимда оғриқ йўқ эди, шундай бўлса-да, у менинг юқорилашимга халақит эта бошлади.

Шу пайт мазкур овоз менга: «Темур, нега тўхтаб қолдинг, нима учун юқориламаяпсан?»-деб савол берди.
Мен: «Юқорига чиқа олмаяпман, чунки чап оёғим менга бўйсинмаяпти», дедим.
У менга: «Юқорила… Итоат этмаётган чап оёғинг сенинг юқорилашингга халақит бермасин», деди.
Мен мазкур овоз соҳибининг, айтганларига амал қилдим. Чап оёғим менга итоат этмаётган бўлса-да, мен ўзимни юқорилаб бораётганимни сездим. Анча юқорилаган пайтимда, тўсатдан энди ўнг қўлим менга итоат этмай қўйди. Лекин нарвонга зинама-зина чиқишимда ўнг қўлимнинг билаги очилиб қолса-да, юқорилай бошладим. Ўнг қўлимнинг бармоқлари нарвонни ушлашга, негадир, мажоллари йўқ эди… Шу алфозда аслида ўнгимда мажруҳ бўлмасам-да, тушумда ишламай қолган чап оёғим ва ўнг қўлим билан тирмашиб, минг бир азоб билан нарвоннинг энг охирги зинасини ҳам босиб, осмону фалакка чиқиб олдим.

Шу пайт овоз соҳиби менга: «Темур, сен биласанми, нечта зинани босиб ўтганингни?»-деди.
Мен унга жавобан: «Йўқ!»- дедим.

У: «Унинг қанча эканлигини билмаганинг яхшироқ. Чунки бу зиналар сенинг самовий умрингдир. Билиб қўй, сен ҳаёт экансан, сен доим юқорилажаксан! Ҳеч қачон сен пастга тушмаяжаксан! Сен билан уламолар, меъморлар, шоирлар, қўшиқчилар мухолиф бўлишади. Уларнинг кўнгилларига озор берма ва уларни авайла. Лўлилар, албатта, сен эътиқод этган динга эътиқод этишмайди…»-деди. Хуллас, шу гаплардан сўнг, мен уйғониб кетдим. Бугун эса, ўша тушни кўрганимдан буён орадан 48 йил ўтди. Ва энди, ўша тушимни таъбир эта олишим мумкин. Мана, ўша 48 йил оралиғида ҳар жиҳатдан тараққий этдим, бойлигим, қудратим ниҳоятда зиёда бўлиб борди. Менга итоат этишдан бўйин товлаганларнинг бошлари узра тупроқ тўкилди ёки ширин жонларидан маҳрум бўлдилар. Ана шу ўтган 48 йилда, ақалли, бирор марта ҳам мағлуб бўлмадим, муваффақиятсизликка учрамадим. Ҳатто бойлигимдан ҳам ҳеч нарса камаймади. Қудратим туфайли, кўп мамлакатлар ўз хоҳишлари билан менга итоат қилишадиган бўлишди.

… Нарвонга тушимда оёғимнинг чапи ҳаракатдан холи бўлган ҳолатининг таъбири жангларнинг бирида чап оёғим қаттиқ жароҳат олди ва мен чўлоқ бўлиб қолдим. Ўша тушимда ўнг қўлимнинг бармоқлари ишламай қолганлигининг таъбири Тўхтамиш билан бўлган жангда ўнг қўлим ҳам жароҳат олганлиги билан изоҳланади.

Ўша жангдан буён ўнг қўлим бармоқлари менинг ихтиёрим ва измимга буйсунмайдиган бўлиб қолди. Шундай қилиб, ўнг қўлим билан қалам ушлай олмаган бармоқларим илгариги ёзиш қобилиятидан маҳрум эдилар. Бугун мана шу хотиротларимни эса чап қўлим билан ёзмоқдаман
Ўша ғаройиб башорат тушни кўрганимдан буён орадан 48 йил ўтди. Бу муддат оралиғида қилган жангларимда жами бир юз етмиш икки марта вужудим яраланди. Ярадор бўлган пайтларимда бирор маротаба ҳам инграганим йўқ. Танамга етказилган жароҳатлар қанчалик азобли бўлмасин, тишимни тишимга қўйиб, оғриқнинг таъсирларини юзимда намоён этмасдан, оғриқларга, изтиробларга бардош берган ҳолда аскарлар, зобитлар ва қўмондонларга жангда жасорат кўрсатдим. Энг муҳими, ўша тушда менга айтилган тавсияларга ҳам тўла амал қилдим. Уламолар, меъморлар, ҳунармандлар ва шоирларни эъзозладим.

Шероз шаҳрига киришимдан олдин уламолар билан мажлис ўтказмоқчи бўлдим. Одамларимга Шамсиддин Муҳаммадни олдимга олиб келишларига буйруқ бердим, яъни ул зотни кўрмоқчи бўлдим.

Орадан бироз вақт ўтгач, қошимга бир қари чолни етаклаб келишди. Назаримда, унинг бироз қадди букилгандай эди. Негадир, бир кўзидан шовиллаб ёш оқаётганди. Мен унга юзланиб: «Сиз, Шамсиддин Муҳаммад Шерозиймисиз?»-дея сўрадим.
У менинг саволимга: «Ҳа, эй, Жаҳонгир амир, ҳазратлари», дея жавоб берди.

Мен унга: «Сиз ёзган ғазалларингизнинг бирида «Худоё биз билан ҳисоблашсанг, доира ва най овози остида амалга ошир. Бу усулдаги ҳисоб шариъат усули бу афсонадан қонунсиз бўлмас», дебсиз дедим.
Шунда Шерозлик шоир менга: «Ҳа, эй, Жаҳонгир Амир, шундай шеър битганман», деди.
Мен унга: «Сиз ушбу шеърингиз билан динимизга нисбатан улуғ таҳқир бўлаётганлигини билмайсизми?»-дедим.

У: «Мен бу шеърим билан динни таҳқирламоқчи эмасман. Мен ўзимнинг тасаввуримдан келиб чиқиб ёзганман. Аслида шеърда афсона сўзи бу ўша чилдирма ва найнинг овозидир. Унинг унчалик аҳамияти йўқ», деди.
Мен унга: «Бу шеърнинг мазмуни сиз айтганчалик эмас, лекин динимизга нисбатан сизнинг қасддан қилган таҳқирингиз аниқ», дедим.

Шоир менинг гапларимни бор вужуди билан тинглар, бераётган саволларимга жавоб топа олмай қоларди. Мен суҳбат мавзуини бирдан ўзгартирдим. «Қайсидир шеърларингизнинг бирида сиз таърифлаган Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини кўришни истайсизми?»-дея сўрадим.
Шунда шоир: «Эй, Жаҳонгир Амир! Агар ёш бўлганимда албатта, Самарқанд ва Бухорони бориб кўрардим. Ҳозир мен кекса бир чолман. Бу дунёда дард ёмони-қариликдир. Агар сиз айтган сафарга чиқишга бел боғласам, мақсадимга эриша олмаслигим мумкин. Балки, йўлда жон таслим этиб қолсам, она шаҳрим Шерозимга қайтиб кела олмасман», дея жавоб берди.

Мен улуғ шоирга: «Эй, Шамсиддин Муҳаммад! Шероздан бошқа жойларни ҳам кўрганмисиз?»- дея савол билан юзландим. Ва яна: «Балки, бу дунёда Шероздан ҳам чиройлироқ шаҳар йўқ деб ўйлаётган бўлсангиз, хато қиласиз. Сизнинг, Шероз шаҳрингиз Самарқанд шаҳри қаршисида кичкинагина бир аҳамиятсиз шаҳарчага ўхшайди»,-дедим.

Салтанатга эга бўлгунимга қадар ҳам Самарқанд дунёнинг энг чиройли шаҳарларидан бири эди. Ва мен бу шаҳарни жаҳоннинг энг гўзал, энг чиройли, энг обод масканига айлантирдим. Сизнинг, Шероз шаҳрингизда атиги еттита масжид бор экан. Уларнинг биттасигина бошқаларига нисбатан катта. Аммо менинг Самарқандимда катта масжидларнинг сони 200 дан ошади. Уларнинг ҳар бирида икки ёки тўрт гулдаста шаклидай гумбазлари мавжуд. Ҳар масжиднинг бош гумбази устида янги ой шакли тиллодан қуйиб ўрнатилган. Сиз, агар Самарқанд шаҳрининг чеккасидаги тепаликлардан биридан туриб менинг Самарқандимни кузатсангиз, уни боғу-роғлар қўйнида кўрасиз, тасаввурингизда уни жаннатга қиёслайсиз», дедим.

На чора, Шамсиддин Муҳаммад Шерозни тарк этишни хоҳламади. Қолган умрини Самарқандда эмас, ўз она шаҳри Шерозда ўтказишни унинг жуда-жуда хоҳлаётганлигини англаб етдим. Унинг бояги мисраларда берган фикрлари муртадлик эканлигини билсам-да, унга минг динор зар беришларига амир этдим. Яъни шоир қолган умрини роҳатда ўтказсин дедим. Чунки тушимда меъмор, ҳунарманд, олим ва шоирга озор бермаслигим ҳақида ғойибдан фармон олган эдим. Мен бу фармонга кўп бор амал қилдим.

Хуллас, орадан анча вақт ўтгач, менга хабар беришдики, яъни Моварауннаҳрнинг бош амири Бухоро амирининг яқин дўстлари унинг қатл этилганидан хабар топгач, кучларини бирлаштириб менга қарши курашга отланишибди. Уларнинг бирлашган қўшинлари юз минг кишилик лашкардан иборат бўлишини мен тушуниб етдим. Катта қўшин Самарқандга ҳамла этиб, сўнгра мени қатл қилишмоқчи эканликларини ҳам менга етказишди. Мен ақл билан иш кўришга отландим. Уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида жанг қилишга киришдим. Фурсатни ғанимат билиб ўз ихтиёримдаги қўшинимни ҳарбий юришга сафарбар этиб, Самарқандда беклик вазифасини Шер Баҳодир исмли зобитга топширдим. Сўнгра қўшин билан йўлга тушдик. Йўлимиз Чиғатой улиси таркибида бўлган Балх (ҳозирги Афғонистоннинг қадимги шаҳри. Ана шу ном билан аталувчи вилоятнинг маркази Мозори Шариф. Амударёнинг Жанубий-Ғарбида жойлашган. З.Ғ. изоҳи.) амири билан жанг қилиш эди. Йирик Жайҳун дарёси қаршисида бироз муддат тўхтадик. Биз тўхтаган минтақа дарё соҳилида жойлашган қадимий Термиз шаҳри эди. Қўшинимни дарёдан кечиришим учун чора-тадбирлар ўйлашимга тўғри келди. Қирғоқларни кузатиб қарасам, дарёнинг на бу, на у томонида бирорта ҳам кема ёки қайиқ кўринмади.

Лашкарларимнинг отлиқларини дарёдан кечирмоқчи бўлдим. Аммо Жайҳун дарёсининг тўлиб-тошиб оқаётганлиги боис суворийларим дарёдан ўтолмаслиги аниқ бўлди.
Мен шунда англаб етдимки, мамлакатнинг қўшинини йирик дарёлардан кечивуни амалга ошириш учун заврақ (паром) лозим экан. Уни ҳар бир йирик қўшин ўзи билан олиб юрса, ҳеч қандай қийинчиликларга учрамайди. Мен шу жой (Термиз)нинг ўзида Самарқанд ҳокими Шер Баҳодирга мактуб ёздим. Унда: «Тезда одамларни, энг зўр усталарни йиғиб заврақлар тайёрлашни ва уни такомиллаштиришни, шунингдек, заврақларнинг ўта мустаҳкам бўлишига эътибор қаратишни, чунки уларнинг устидан отлар аравалар, одамлар ҳеч бир қийинчиликларсиз ўтиши зарурлигини тайинладим.»

Мен яна бошқа бир фикрга ҳам келдим. Агар заврақларнинг тайёр бўлишини кутсам, вақт чўзилиб кетар экан. Тез фурсатда одамларим Термиз шаҳри яқинидаги дарё соҳилларида бир нечта қайиқларни йиғишга улгурди. Мен отлиқ қўшинларимни ўша қайиқлар ёрдамида дарёдан ўтказа бошладим. Бу иш менинг бир кунлик вақтимни олди, холос.

Дарёдан кечиб ўтишимиз биланоқ Амир Ғазанфар ихтиёридаги ерларга от қўя кетдик. У менга қарши бирлашиб жанг қилмоқчи бўлган беш амирнинг бири эди. Амир Ғазанфар менинг бу ерга кириб келганлигимни эшитган заҳотиёқ жуфтакни ростлаб қолган экан. Мен унинг мулкидаги барча отларини, қўй-қўзиларини ва ўтовларини қўлга киритдим. Энг муҳими, мен унга тобе бўлганларнинг бирортасининг ҳам бир қатра қонини тўкмадим. Чунки улар менга қарши турмадилар. Амир Ғазанфарга қарашли ҳудудни тўлиқ эгаллагач, Амир Тутун ихтиёридаги минтақага йўл солдим. Бу амир ҳам ўша бешликлардан бири эди. Аммо у Ислом динига эътиқод қилмас экан.

Амир Тутуннинг қўшини 4 минг кишидан иборат экан. Ўшанда мен ҳам 4 минг отлиққа ва 4 минг бош эргашма отларга эга эдим.
Ҳар бир отлиғим ўзининг изидан эргашма от етакласа, ҳар қандай манзилнинг йироғи яқин бўлиб, чарчоқ нималигини билмай, отларни алмашиб миниб кетаверишади. Бу усул билан баъзи жангларда душманимни ниҳоятда ғофил қолдирганман.

759-ҳижрий қамарий йилнинг 20-Зулҳижжасида менинг отлиқларим билан Амир Тутуннинг отлиқлари ўртасида жанг бошланди. Мен жанг бошланмасдан олдин 200 кишилик аскарларимга ўзлари минган отларнинг изидан эргашма отлари билан жангга киришларини амир қилдим. Ўзим эса 3800 нафар одамларим ва отлиқларим билан Амир Тутунга қарши ҳужум бошладим. Биз ўзимизга кенг сатҳли майдонни танладик ва у ерда жанг қилдик. Бу ерда жанг қилишга халақит берадиган бирор нарса йўқ эди. Мен бу шароитдан келиб чиқиб, аскарларим ва отлиқларимга ҳар қандай хоҳиш ва иродамни бажартира олишим мумкинлигини тушундим. Синглимнинг эри-куёвим Ҳусайинга беш кишилик отлиқларимни олиб, гўёки Амир Тутун қўшинидан қочаётгандек манзарани яратишга амир қилдим. Бу ҳолатдан воқиф бўлган Амир Тутун қочаётган отлиқларнинг изидан таъқиб этишга буйруқ бериши мумкинлигини ва айни шу ҳолат юз берганда қочишдан тўхтаб, орқадан таъқиб қилаётганларга тўсатдан қийғоч билан ҳамла қилишларини, уларни ўққа тутишларини, сўнгра душман билан жанг қилиб, уларни тор-мор келтиришгач, мен турган жойга етиб келиб, яна қўшиним таркибига қўшилишларини буюрдим. Куёвим Ҳусайин мен тайинлаган ҳийлани қўллаб, гўё душмандан қочаётгандай манзарани яратди.Не кўз билан кўрайки, минг кишилик душман қўшини Ҳусайннинг изидан таъқиб эта бошлади. Ҳусайн эса Амир Тутуннинг отлиқларига қарши шиддатли ҳамла қилди.

Агар сен ҳақиқий жангчи бўлсанг, жанг майдонида душман отлиқларига ҳамла қилишда қўлланган ҳийлангни номардлик деб ҳисоблаш керак эмас. Чунки Корзон саҳнаси (изоҳ: жанг майдони)да ҳар қандай тарзда бўлмасин, душманни зобин этишга ҳаракат қилиш керак ва уни оёғидан йиқитиб енгиш зарур. Бир кишини оёқда қолдириш осон, яъни пиёдани. Лекин отлиқни уловидан туширганингдан сўнг, у энди ҳеч жойга қоча олмайдиган ҳолатга тушади. Бизнинг шиддатли ҳамламиз туфайли, жуда кўплаб душман отлиқлари пиёда бўлиб қолишди. Бу манзарани мен кузатиб туриб, ўзимнинг зобитларимдан бири Нусратли исмли жангчимга 500 отлиқларимиз билан пиёда бўлиб қолишган душман устига от чоптиришни буюрдим. Хуллас, бироздан сўнг, Нусратли ўзининг отлиқлари билан Амир Тутун пиёда бўлиб қолган аскарларни ер тишлата бошлади.

Мен ўша куни ўзимнинг қудратимга ва бошқаларнинг лаёқатсизликларига умидвор бўлганимни тушундим, яъни инсоннинг ҳаётдаги муваффақияти унинг қай даражада ўз ишига нисбатан лаёқатлилигига боғлиқдир. Борди-ю, ўзи лаёқатсиз бўлса, бу лаёқатсизлик ўз таъсирини бошқаларга ҳам ўтказади.

…Эй, менинг саргузаштларимни ўқиётган инсон, бу ёзганларимнинг ҳаммаси ҳақиқатдир. Билиб қўй: жанг майдонида турган ёки жангга кирган жангчилар қўрқоқ ва ожиз бўлишдими, уларнинг қўмондони қўрқоқ ва ожиздир. Жангга лаёқатсиздир. Унутма, қўмондон қандай бўлса, аскарлари ҳам шундай бўлишади. Қўмондон ойна кабидир, кўзгудаги акс эса аскарлардир. Қўмондон ҳар жиҳатан журъатли, қўрқмас жангга лаёқатли, тобланган бўлса, ҳеч вақт унинг измидаги аскарлар асло қўрқоқ ва ожиз бўлишмас. Ўша кунги бўлиб ўтган жанг майдонидаги манзара менга бир умр дарс бўлиб қолди. Тушуниб етдимки, ҳеч вақт жанг пайтида жим ўтирмаслигим керак экан. Амир Тутун ва унинг аскарлари каби қўрқоқ ва ожиз бўлганимда, бу жангда албатта мағлуб бўлишим муқаррар эди. Мен яна тушундимки, Амир Тутун лашкаридай дангаса, нолойиқ қўшиннинг қўмондони ҳам ўз лавозимига нолойиқлигини жангда кўрсатди.

Агар Амир Тутун ўз вақтини фақат еб-ичиш ва ухлаш билан ўтказмаганида эди, ўз қўшинининг аҳволини бу даражагача олиб келмаган бўларди. Ўша жангдан сўнг, мен Нусратлини 500 кишилик аскарлар қисмига Амир этиб тайинладим. Ҳар бомдод намозидан сўнг Нусратли менга қуйидаги шеърни баланд овозда ўқиш зарурлигини айтди:

Набинад ду чашм ба  жўзе герде разм,
Ҳаром аст бар жоне  ман жоне базм.

(Таржимаси: «Бу икки кўз жанг майдонидан ўзгани кўрмас, Ана шу дамда жонга базм мен учун ҳаромдир.» З.Ғ.)

Куёвим Ҳусайн бу жангда душман лашкарларини чалғитишда катта жасорат кўрсатди ва унга буюрилган вазифани бекаму кўст бажариб, жангнинг ҳал бўлиш лаҳзаларида ҳалок бўлди. Мен унинг жасадини дарҳол олиб чиқишларига, кийгизга ўраб Самарқандга жўнатишларига ва у ерда уни иззат билан дафн этишларига буйруқ бердим.
Мен ўзим билан бирга зобитларимни Амир Тутун ёнига олиб бордим. У мени кўргач, туркчалаб: «Эй, йигит, мен билан жанг қилишга аҳд қилган сенмисан, ҳали?»-деди.
Мен унга менинг қулоғимга имом азон айтганида сенинг ўлиминг, яъни Амир Тутуннинг ажалисан деб от қўйган», деб форс тилида айтдим.
У яна туркчалаб: «Сен ўзи нималар деяпсан, мен тушунмадим»,-деди.

Мен унга туркчалаб форсча айтганларимни қайта айтдим. Сўнгра отимнинг жиловини қўйиб юбориб иккала қўлимга икки қиличимни олиб Амир Тутунга ҳамлага ўтдим. Унинг атрофини ўраб туришган отлиқлари бу вазиятни кўришиб, отларидан йиқилиб тушишди. Вазиятдан фойдаланиб, мен Амир Тутуннинг ёнига яқин бордим. Амир Тутун ҳам ўзининг аскарлари каби, бир қўллаб қиличлаша олар экан. Мен чап қўлимдаги қиличим билан унинг қўлидаги тиғини ўйната бошладим. Ўнг қўлимдаги қилич билан бир зарба қилган эдим, унинг оёғини қирқиб юбордим. Қорачадан келган Амир бир лаҳзада от узра эгилиб қолди. Иккинчи зарбадан унинг қўли ҳам қирқилди. Энди Амир Тутун от устида ўзини бошқара олмай, мувозанатини йўқотиб, ер узра юз тубан гурсиллаб йиқилди. Мен ўзимнинг уч нафар отлиқларимга унинг бошини танасидан жудо қилинглар, қирқилган бошини найза учига сангчинглар. Лашкарларига унинг қирқилган бошини кўрсатинглар, уларга маълум бўлсинким, шу лаҳзадан бошлаб энди Амир Тутун йўқ. Бу билан жангни тезроқ тугатамиз, иншооллоҳ, деб буйруқ бердим.

Амир Тутуннинг қирқилган бошини найза учида санчилган ҳолда кўрган аскарлари энди саркардамиз йўқ, у ўлибди, деб тушуниб, ваҳшат остида ҳар томонга қоча бошлашибди. Ҳали пешин намози бўлмай туриб жанг тугади. Мен бир гуруҳ жангчиларимни қочаётган душман аскарларини таъқиб этиш, қабилаларнинг бисотидаги энг яхши нарсаларни, барча хотин-қизларни тортиб олишга, урушдан сўнг эса асираларни зобитларим ва аскарларимга тортиқ қилишга буйруқ бердим.
Жанг майдонидаги ишлардан фориғ бўлганимдан сўнг, отимдан тушиб бошимдаги жиғали қалпоғимни, устимдаги хафтономни, оёқларимдаги этикларимни ечиб: «Менга сув олиб келинглар, таҳорат олмоқчиман ва сўнгра пешин намозимни, иншооллоҳ, адо этмоқчиман», дедим.

Ўша пайтлари менинг кўчма масжидим йўқ эди. Таҳорат этганимдан сўнг, пешин намозимни ўқиб олдим. Оллоҳу таъоло таборак менга шунчалик ғолибликни осонгина насиб қилгани учун, унинг қудратига ҳамду санолар айтдим. Орадан икки кун ўтгач, аскарларим Амир Тутуннинг энг ноёб мулкларини, 5 минг 100 нафар ёш хотин-қизларини олиб келишди. Мен асираларни зобитларим ва аскарларимга тақсимлаб бердим. Шундан сўнг уларга яна қўшимча тарзда биттадан канизак ҳам ажратдим. Қолган аёлларни Мовароуннаҳрнинг бозорларида сотиш учун юбордим.

Амир Тутун қўшини билан бўлган ўша жангда менинг 525 нафар зобит ва аскарларим ҳалок бўлишди. Жумладан, куёвим Ҳусайн ҳам душман қўлида жон берди.
Бу жангдан сўнг бошқа амирликлар менга қарши ғов бўлишдан ўзларини тийдилар. Энди улар менга қарши бирлашмайдилар ҳам ва мени гумдон қилишга уринмайдилар ҳам. Хуллас, Амир Тутун билан бўлган жангдан сўнг, мен Самарқандга қайтиб келдим.

Менга хабар беришларига қараганда, ўша куни Самарқандга икки мусофир келибди. Уларнинг бири Ҳалаб ва иккинчиси Дамашқ шаҳридан экан. Орадан йиллар ўтиб, бу икки мусофирнинг фарзандлари улғайиб, мен ҳақимда китоблар ёзишини асло тасаввур этмаганман. Бугун ёшим 70 га борди.

Мен сизларга айтсам, ўша мусофир йигитнинг бирининг исми Камолиддин эди. Ундан бир ўғил бола туғилди ва унга Низомиддин деб исм қўйишди. Ул бир китоб битдики, ул битикнинг номи «Зафарнома» деб аталади.
Иккинчи мусофирнинг исми Арабшоҳ бўлиб, ундан ҳам бир ўғил фарзанд дунёга келди. Унинг номини Ибн Арабшоҳ деб аташди. Ибн Арабшоҳ ҳам мен ҳақимда бир китобни ёзишни бошлабди. Лекин у китоб ҳали ниҳоясига етмабди. Муаллифнинг айтишига қараганда, китобнинг номини «Ажойибул мақдурфи навоиби Таймур» деб атамоқчи экан.

Мен ҳар иккала олимни алоҳида-алоҳида меҳмондорчиликка таклиф этдим. Дастлаб Камолиддинни бирга овқатланишга чақирдим. У мен айтган жойга-хонага кириб келиши биланоқ унинг ҳурматини бажо келтириб, ўрнимдан туриб истиқболига чиқиб давранинг тўридан ўтирғиздим. Таомлардан танаввул этиб бўлганимиздан сўнг, ҳурматли меҳмон билан музокара қилдим. Бу билан мен унинг илм-маърифатдаги савияси нечоғлиқ даражада эканлигини билмоқчи эдим.

Унга мен: «Нуҳ алайҳиссалом пайғамбарга нисбатан тўфон қачон бошланиб ва қачон тўхтаган?»- деган савол бердим.
Камолиддин саволимга: «Нуҳ аълайҳиссалом пайғамбарга юборилган тўфоннинг қайси тарих санада бошланиб, қачон хотима топганлиги маълум эмас. Аммо унинг давом этган муддати ўн курур йилдан иборат бўлган», деб жавоб берди. (Изоҳ: курур-бир миллион ҳисобида ишлатилган З.Ғ.)
Камолиддинга: «Ўн курур йил оралиғида Нуҳ Пайғамбар ўзи билан кемага олиб чиққан ҳайвонлар орасида яшадиларми?»- деган кейинги саволни бердим.

У ўз жавобида:- «Нуҳ аълайҳиссаломнинг кемалари масаласи ва ҳайвонларнинг улзот билан кемада бирга яшаганликлари бу илмий масаладир. Шунингдек, Нуҳ пайғамбар тўхтовсиз ўн курур йил давомида узлуксиз ёғиб турган ёмғир остида яшашлари амримаҳол эди. Шу нуқтаи назардан Нуҳ а.с. ва улзот билан бўлишган ҳайвонлар кемада сув устида ўша муддатда яшадилар. Бу билан Оллоҳу таъоло одамни ва ҳайвонларни сув ва тупроқдан бўлганликлари учун уларни яратди», деди.
Мен Камолиддинга офаринлар айтдим. Дарҳақиқат, у рост айтди. Ушбу берилган жавобни устозим Абдуллоҳ Қутбдан ҳам эшитган эдим. Устозим: -» Нуҳ а.с.нинг тўфони айтишларича, тўхтамаган, балки у узоқ муддатга чўзилган. Ҳамма жойни сув босган», деган эдилар.

Бир неча кун Камолиддин менинг меҳмоним бўлганидан сўнг, Арабшоҳни ҳам меҳмондорчиликка таклиф этдим. Арабшоҳ, аввал айтганимдек, Дамашқ шаҳридан меҳмон бўлиб келган эди. Одатдагидек, таом еб бўлганимиздан сўнг, Арабшоҳга ҳам савол билан мурожаат этдим.
«Ружжолил Ғайб»-улар кимлардир? Улар қаерда макон қуришган? Сизнинг-ча, уларнинг сони 350 кишидан иборатми? Улар на камайишади ва на кўпайишади, шу ростми? Дунё улар борлигидан бор бўлиб турибди. Агар улар ўртадан кетиб қолишса, дунё тамом бўлади, дейишади. Шу ҳақда нималарни айта оласиз?- деб сўрадим.

Арабшоҳ менинг саволларимни диққат билан тинглаб: «Эй, Самарқанд ва Бухоронинг амири. «Ружжолил Ғайб» истилоҳининг ўзини шунинг учун қўллашганки, авом халқ уларни билишлиги учун ва улар тасаввур этишлари зарурки, парда орқасида ҳам одамлар бордир. Ана шулар дунёни идора қилишади. «Ружжолил Ғайб» бу дунёни идора этувчи кучлардан иборатдир. Агар ана шу кучлар бўлмаса, бу дунё нобуд бўлиши муқаррардир. У кучлар на кам бўлишади ва на кўпаяди. Негаки, жаҳонда ҳеч бир нарса на камаяди ва на кўпаяди. Шунингдек, ташқарида дунёдан тўладиган нарса йўқ, яъни дунёдан ортиқча нарсани ташқарига қўйса ва, шунингдек, ташқаридан дунёни тўлдириб бўлмас. Ашъёни у ердан дунё ичига киргизиш ёки дунёнинг камини бошқа нарсалар билан тўлдириб бўлмайди. Негаки, ҳамма жой дунё бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам «Ружжолил Ғайб», яъни дунёни идора этувчи кучлар на камайишади ва на кўпайишади» деди.
Унинг жавобидан мамнун бўлиб:- Яшавор, офарин, дедим.

Бу билан мен шомлик олимлар ҳам Мовароуннаҳр олимлари каби, билимдон эканликларини англаб етдим. Орадан бир оз вақт ўтгач, Камолиддин ва Арабшоҳлар Самарқанддан ўз юртларига қайтишга ният қилишди. Менинг уларга нисбатан кўрсатган эҳтиромим кемтик бўлиб қолмасин деб, олимларнинг ҳар бирига бир бош туя ва беш юз динордан маблағ улашдим.

Олтинчи фасл
ТОШКЕНТ ЖАНГИ

Мен 760-770 ҳижрий- қамарий йиллар давомида тўхтовсиз жанг қилдим. Бу даврда Хоразм ва Мовароуннаҳрни бошдан охиригача тўлиқ ўз ихтиёримга кирита олдим. Ҳукуматимнинг ҳудуди бир тарафдан Сардсир ваҳшиён (Сибир — Забиҳуллоҳ Мансури изоҳи) даштларига туташса, бошқа тарафдан Обсегун дарёсига (Каспий денгизи соҳилларига)ча етган эди.

Ўша зикр этилган йилларда қилган жангларимдан энг йириги Тошкент жанги бўлган эди. Ана шу жангда менинг чап оёғим мажруҳ бўлиб қолди. Ўшандан буён оқсаб юрадиган бўлдим. Шундай бўлса-да, мен Тошкентни ўзимнинг мамлакатим ҳудудига киритганман. Тошкент ҳокимлигини Ўлжатой Муҳаммад Қулуқ зиммасига юклаган эдим. Ҳеч ҳам тасаввур этмаган эканман, Тошкент шаҳрини қайтариб олишга мажбур бўлишимни. Лекин Ўлжатой Муҳаммад Қулуқ Тошкентга ҳоким бўлганлигига икки йил тўлгач, у жуда катта бойликка эга бўлди. Унинг эвазига у катта қўшин тўплаб, яъни ёллаб, менга ёғий (душман) бўлди-ю-қўйди. Бу ҳаракатлари билан мени яна Тошкентга қўшин тортишимга мажбур этди.

Мен 768 ҳижрий-қамарийнинг Шаввол ойида ўзимнинг 70 минглик отлиқларим билан Тошкентни қамал қилдим. Шаҳар аҳолисига огоҳлантириш юбордим, яъни Ўлжатой Муҳаммад Қулуқга қарши-Тошкент ҳокимига қарши исён кўтаришларига, яъни уни ўлдиришларига даъват этдим. Аммо, негадир, шаҳар аҳолиси на исёнга, на ҳокимни ўлдиришга хайрихоҳлик билдиришмади.

Аскарларим менинг айтганларимни ижро этишиб, шаҳар дарвозаларини янчиб, ичкарига киришди. Мен отлиқларимга ҳокимни ва унинг зобитларини дарҳол қўлга олишга буйруқ бердим. Агар шундай қарорга бормасам, Ўлжатой бир гуруҳ отлиқлари билан шаҳардан қочиб қолиши мумкин эди. Тошкент ҳокими, яъни Ўлжатой Муҳаммад Қулуқ агар менинг қўлимга тушса, хоин сифатида қанақа тарзда жазоланишини яхши биларди. Ҳар доим, ҳар вақт менинг ишончимга сазовор бўлиб, сўнгра менга нисбатан хиёнат йўлини тутган хоинга ҳеч қачон раҳм-шафқат қилмаганман.

Мен, одатдагидек, икки қўлим билан қиличлашардим, бошимга мағфар, танамга эса тўрт кўзгу деб ном берилган махсус ҳимоя воситасини кийиб олардим. Менинг хавфсизлигим икки ёним ва орқамдан доимо таъминланган. Мен эса фақат қаршимдан келган хавфни бартараф қилардим. Ушбу жангда ҳам мазкур ҳолат содир бўлди. Аммо чап тарафимдаги аскар жангда халок бўлганлиги учун, унинг жойига бошқа аскар туриб мени ҳимоя қилишга ҳали улгурмаган бир пайтда чап оёғим, яъни тиззадан юқори қисмига шиддат билан қаттиқ оғир бир зарба урилдики, шу лаҳзада гўёки чап оёғим танамдан узилгандай бўлди. Чап оёғим шалвираб қолди… На чора, жанг жанг-да. Ҳар бир жангчининг қисматида битилгани каби, менинг ҳам ўз битигим бор экан.
Жанг қизигандан қизиб, ўшанда мажруҳ бўлганимни ҳеч ким сезмабди. Чап оёғимдан оқаётган қонни душман билан жанг қилаётган аскарларимдан бири кўриб ва менга яқинлашиб: «Амирим, чап оёғингиз жароҳат олибди-ку?!»-деди.

Мен эса ўзимнинг жароҳатланганимга парво ҳам қилмадим. Чунки жанг шаштини синдирмаслик учун курашни давом эттирдим. Менинг бу журъатимни кўриб, жанг қилишаётган аскарларим ҳам мен каби жанг қилишларига ушбу ҳолатим даъват этди. Лашкарларим ва қўмондонларим менинг жасорат бобида ҳар жиҳатдан ибрат бўла оладиган фазилатларимни ўз кўзлари билан кўриб, мушоҳада этишиб журъатларига журъат қўшилди. Мен ўзимнинг қўмондонларим ва аскарларимга ҳали Тошкент шаҳрига кирмасдан бурун, Ўлжатой Муҳаммад Қулуқни тириклайин қўлга олишларини тайинлаган эдим. У шу даражада қаттиқ оёқда туриб биз билан жанг қилдики, аскарларим уни тириклайин қўлга туширишга мушарраф бўлишмади. Шиддатли жанг пайтида уни қатл этишибди. Аммо унинг энг яқин мулозимларидан уч нафарини тириклайин қўлга олишга улгуришибди. Бу учаласи ҳам ўз ҳокимлари каби, менинг ишончимни қозониб, сўнгра Тошкент шаҳри ҳокими тутган йўлни, яъни хиёнат йўлини тутган нобакор хоинлар эди. Асир олинганларга нисбатан берилган жазо азобидан уларнинг учаласи ҳам жон таслим қилишди.

Хуллас, Тошкент шаҳрининг жанги ўша йилнинг 19-Шавволида кечга яқин хотима топди. Шаҳарда қатли оъм эълон қилдим. Жанг майдонидан бироз четга чиқиб, оёғимнинг жароҳати қай даражада эканлигини билмоқчи бўлдим. Отим устидан тушишимнинг имкони бўлмади. Аскарларимдан бир неча киши мен минган отни шаҳар чеккасига етаклаб чиқишди ва мени отдан туширишди. Жанг либосларимни ечишгач, жарроҳ-табибни хузуримга олиб келишди. У диққат билан мен олган жароҳатни кўздан кечиргач, шундай деди:
-Оёғингизнинг тиззадан юқори қисмидаги суяклари қаттиқ зарба туфайли, оғир жароҳат олган.Ҳозирча умуман юрмаслигингизга тўғри келар, амирим!

Мен ундан:
-«Агар оёғимни узатиб ётмасам ёки оёқда юрсам, у ҳолда нима бўлади?- деб сўрадим.
Жарроҳ саволимга жавобан: «Борди-ю, узала тушиб оёғингизни узатиб ётмасангиз, жароҳатингизга эътибор бермай оёқда юрсангиз, охири ҳаётдан кўз юмишингиз хавфи ҳам йўқ эмас. Ёки бўлмаса, бир оёғингиз қолган умрингиз давомида оқсоқ бўлиб қолишингиз ҳам мумкин», деди.

Ўша куни ва туни вақтимни ўтовимда ўтказдим. Эртасига эрталаб тонг саҳарданоқ мени текис тахта устига ўтирғизишларини буюрдим. Тахтага жойлашгач, мени шаҳарга олиб боришларига амр этдим. Чунки қаттиқ жангдан сўнгги ҳолатни ўз кўзим билан кўрмоқчи эдим.
Шаҳарга кириб келганимда қатли оъм тугаган экан. Эй, менинг ушбу саргузаштларимни ўқувчи, тағин айтмагилки, мендай бир фиқиҳ илмини яхши эгаллаган одам, нега Тошкент шаҳри аҳолисини қатли оъм этишга фармон берибди деб.

Билгилки, ҳар бир ҳокимият ўзининг қонунларига эга. Инсоният дунёсининг ибтидосидан ва интиҳосигача ҳокимликнинг қонунлари бўлган, бўлди ва яна бўлажак. Ҳокимликнинг ана шу қонунларидан бири фуқаролар ўз ҳокимидан қўрқиши ва уни ҳурмат қилиши зарур. Агар улар ўз ҳокимларидан қўрқмас эканлар ва ҳокимларининг топшириқларини ўз вақтида ижро этмас ёки бажармас эканлар, у ҳолда фуқаролар йўлдан озиб, бебошлик эта бошлайдилар. Шаҳар, юрт аҳолисининг жони, моли ва номусига тажовуз этувчилар топилади. Мен ана шулар туфайли ҳам қатли оъм учун фармон бердим. Бу жазо келгусида шаҳар ҳокими ва аҳолисига ибрат бўлсин деб шундай фармон содир этдим.

Мен биламан, агар шаҳар доруғаси ўғри билан ҳамтовоқ бўлмаса ёки ўзининг ишларига ўғрини аралаш этмаса, асло ўша жойда ўғирлик юз бермайди. Мен ўзимнинг кенг иқлимим ҳудудида йўлларда содир этиладиган қароқчилик, шаҳарларда юз берадиган ўғирлик ва мамлакатда учраб турадиган гадойчиликка барҳам берганман. Сен, мана, бир неча йилдан буён мамлакатимнинг ақалли бирор жойида бирорта ҳам гадойни шу бугунга қадар кўрдингми, кўрганмисан, асло кўрмайсан ҳам.

Мен салтанатимда гадойчиликка қуйидаги тарзда чек қўйдим. Барча гадойларга нисбатан бажарилиши зарур бўлган қарор чиқарганман. Унга биноан, гадой бўлиш ва бўлмаслик шартлари, яъни инсон танасининг айрим аъзоларида бўлган ва пайдо бўлган жисмоний камчиликлари туфайли, ундайлар, албатта, меҳнат қилишдан ожиз ҳисобланишади. Мен биламан, кимки гадойлик билан топилган маблағга умргузаронлик этмоқчи бўлса, бу жуда қийиндир. Бунинг учун, имкони борича, менинг чиқарган қароримга таянса, гадойликдан қўлини йиғса, ҳаёти давом этаверади. Ушбу қароримга кўплаб гадойлар тўлиқ риоя этишмоқда. Мазкур қароримда таъкидлаганман, яъни кимки менинг мамлакатимда гадойликка қўлини узатса, у, сўзсиз, қатл этилади. Аксарият гадойликка юз тутганлар мазкур қарорга риоя қилишиб, гадойликни тарк этишди. Тани-жони соғ бўлган гадойларнинг ишлашларини, яъни меҳнат қилишларини ушбу қароримда қатъий белгилаб қўйганман. Чунки меҳнатга лаёқатли инсон гадойликка ўтса, худонинг қаҳри келади, қашшоқлик кўпаяди. Меҳнат қилишдан бош тортган гадойларни ҳам қатл эттирдим ва эттиражакман.

Сен, (Аснаф Султония) билгинки, бугун менинг мамлакатим бўйлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. авлодларидан бирортаси ҳам меҳнат қилмасдан умргузаронлик этишмайди. Менинг салтанат тахтига келгунимга қадар Пайғамбаримиз с.а.в.нинг минглаб авлодлари (сайидлар-содот) қувватал ла йамут ҳосил этиш учун гадойлик қилишган. Мен Пайғамбаримиз с.а.в.га ва унинг авлодларига нисбатан ўта эҳтиромим баланд, чунки жаноб Пайғамбар он ҳазрат с.а.в.дан буён улар сайидлар ҳисобланишади. Бу борада ҳам, яъни сайидлар тўғрисида ҳам қарор чиқардим.

Сен менинг мамлакатимдан ободроқ мамлакатни кўрганмисан? Ҳеч бир мамлакатда ва ҳеч бир даврда фуқаролар менинг салтанатим давридагидай осуда, тинч ҳаёт кечиришмаган, чунки менинг салтанатимда фуқароларга нисбатан зулм қилинмайди.

Агар бир аскар бир қора сурон билан ва бир казма биргаликда бир фуқаронинг уйига киришиб, илгаригидай унинг овқатига тажовуз қилишса ва унинг уйида тунаб қолишса, бу айблари учун уйга киритганнинг ҳам ва тажовуз қилганларнинг ҳам бошлари таналаридан жудо этилган ва этилажак.
Агар бир аскар ёки қора сурон ва ё бир казма фуқародан бир нима сотиб олиб, олган нарсасига тўлаган қиймати бозор нархидан кам бўлса, фуқаро мулкига тажовуз қилинган ҳисобланиб, сотиб олганнинг боши танасидан жудо қилинади.

Эй, ўғилларим, менинг сизларга насиҳатим шуки, яъни мендан сўнг, салтанат тахтига етишар экансиз, қароқчиларга, доруғаларга, казмаларга эътибор беринг, агар улар ўғрилар билан шериклик қилишса, менинг чиқарган қонунимга хилоф равишда гадойлар ҳам йўл тутишса, уларга раҳм этмасдан, буларни нобуд этинг. Мен айтгандай этмасангиз, ўз мулкингиздан, салтанатингиздан маҳрум бўлиб қоласиз.

Ўз навбатида, Пайғамбаримиз с.а.в. авлодларига, яъни сайидларга эҳтиромда бўлинг. Уламоларни, шоирларни ва меъморларни доим ўз ҳимоянгизга олингиз. Зинҳор бод-бод таъкидлайман, шаробдан ниҳоятда парҳезда бўлингиз, зеро, шароб уммул фосиб (барча бузуқчиликларнинг онасидир. З.Ғ. изоҳи) ҳисобланади. Агар салтанат тахтида ўтириб, шароб ичишни одат этсангиз, ўзингизнинг мамлакатингиз салтанатини идора этишингиз қўлдан чиқади.

Тошкент шаҳрини яна ўз ихтиёримга олганимдан сўнг, энди Мовароуннаҳр ҳудудида менга тобе бўлмаган жой қолмаган эди. Ана шу даврдан бошлаб етти йил ичида мен Мовароуннаҳрни обод этишга куч сарфладим. Самарқандда олий даражадаги масжидларни қурдирдим. Самарқанд, Бухоро, Тошкент шаҳарларининг янада чирой очишига эътиборимни қаратдим, кўплаб кенг ва равон ариқ-каналларни азим дарёлар-Жайхун ва Сайхунларнинг сувлари билан таъминлаб турдим. Минг йиллардан буён қақшаб ётган дашт ерлари қурилган каналлар орқали суғорилишига эришдим. Буғдой экиб, дондан юқори ҳосил олдим. Мовароуннаҳр ўз деҳқончиликларидан, яъни мўл ҳосил олишлари натижасида фаровон ҳаёт кечира бошлашди. Уларнинг кўплари бойиб кетишди. 775 йили ҳижрий-қамарий ҳисобда Мовароуннаҳрда буғдой ҳосили мисли кўрилмаган даражада бўлди. Фуқароларнинг омборлари, уйлари, ҳатто оғилхонлари ҳам буғдойдан тўлиб-тошиб кетди. Ҳосилнинг кўплигидан сақлашга жой бўлмаганлиги сабабли, унинг бир қисми саҳроларда, қор ва ёмғирлар остида қолиб чириб кетди. Аҳолининг бой бўлиши, ризқининг фаровон бўлиши менга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Бу муҳит менинг аёлларга нисбатан майлимни бир мунча ошира бошлади. Ўша йиллари менинг икки хотиним бор эди. Ўша етти йилда мен хотинимнинг сонини яна иккитага кўпайтирдим, аммо кейинчалик тушуниб етдимки, яна ҳам хотинларга нисбатан қалбимда рағбат ортиши турган гап деб ўзимни жиловладим. Мен мусулмонман, тўртдан зиёд хотин ола олмайман. Аммо ислом шариати эркакларга рухсат берган, яъни эркак тўрт хотинни никоҳига олиши, агар эркакнинг шаҳвати-майли хотинларга нисбатан яна ҳам зиёд бўлган тақдирда жория (изоҳ: хизматкор қиз ёки аёл) сайлашга ва танлашга ҳаққи бор. Мен ҳам ўзимга бир нечта жорияларни сайладим ва танладим.

Мен бақувват бўлганлигимни рост айтмоқдаман ва эътироф ҳам этаман, яъни ўша етти йилда гўзал ва чиройли аёллар билан бўлиб, роҳат ва лаззатлардан баҳраманд бўлдим. Лазиз таомлардан ҳам тановул этдим. Аммо бунақа роҳат ва фароғат ва лаззатли ҳаёт мени ўта дангаса этиб қўйган экан. Бу етти йиллик дангасалик менга бирор иш қилишга йўл бермади. Йирик жангларга чиқмаган бўлсамда, унинг ўрнига Мовароуннаҳр ва Хоразмнинг ободончилиги учун анча-мунча ҳаракатлар этдим.

Мана, энди бугун 70 ёшга бориб қолдим. Ўша етти йиллик дангасалик даврим, беҳуда ўтган умрим учун ўз-ўзимдан шарм этаман. Ўша етти йиллик дангасалик умрим 34 ёшлигимдан 41 ёшлигимга қадар бўлган. Бу қувватим, жисмим, руҳимнинг энг азиз даври десам, хато бўлмас.

Эй, менинг ҳаёт йўлимни мутолаа этаётган мухлисим, билгинки, яъни ўша етти йилда кўп нарсаларни йўқотибман. Яратганга шукурлар бўлсинки, ўша йилларда ҳам вужудимни парвариш этиб, дин ва исломни ёдимдан чиқармай, ўз вақтида намозларимни адо этганман. Рамазонул-муборак ойларида рўза ойини тўлиқ сиём ҳолда (оғзи ёпиқлик) адо этганман.

Аммо бугун ўша етти йил ҳақида ўйлар эканман, ўз-ўзимдан уялиб ва пушаймон бўламан. Чунки ўша етти йиллик умримнинг энг азиз лаҳзаларини айш ва ишратга сарф этибман. Минг афсус, ҳаётимнинг энг аъло онларини шамолга совурибман…

Агар ўша етти йиллик муддатда, яъни дангасалик менда тўлиқ ғолиб бўлган дамларда, бир кучли душман Мовароуннаҳрга ҳамла қилганда борми, салтанат тахтимни ва мамлакатимни мендан тортиб олган бўларди. Ўзимни эса қатл этарди, албатта.

Мен, шукурлар бўлсинки, ўқимишлиман, кўплаб китобларни ўқиганман. Дунёнинг ҳамма амирлари ва султонлари душман қўлида нобуд бўлишган, яъни айш ва ишратнинг қурбонига айланишган. Бу ҳолатга тушишларига эса, айнан уларнинг ўзлари сабабчи бўлишган. Ҳар бир султон дангаса бўлмасдан, ўз жонини койиб, азоб чекиб кўп вақтини от устида ўтказиб, кундузлари қилич билан машқ қилиб, ўқлар отиб, зовбин улоқтириб, ўз лашкарларини тарбияласа, ҳеч қачон душманнинг қаҳри-ғазабига учрамагай.

Эй, менинг фарзандларим ва набираларим! Зинҳор ба зинҳор огоҳ бўлингиз! Султонларнинг офати гўзал аёллар билан айшу ишратидир. Ҳеч қачон ўзларингизни чиройли ва гўзал аёлларнинг айш-ишрати тузоғига илинтирмангиз. Эркак ҳафтада бир бор хотинга яқинлик қилиши кифоядир. Ундан ортиқ яқинликка ҳавас пайдо бўлиши оқибатида, эркак ўз танасини парвариш қилишни хоҳлаб қолади. Ана шундай эркак ўзини ҳимоя қила олмайдиган бўлади.

Умримнинг «яхши ўтган» етти йилидан сўнг, кунлардан бир куни жанговар қиличимни қўлимга олдим. Қиличимни ғилофидан чиқариб, уни бироз ҳавода айлантирдим. Бир минг икки юз мисқол вазнлик шамширим қўлимга оғирлик қила бошлади. Уни чап қўлимга олдим. Шамширим янада оғирроқ туюлди. Ваҳоланки, етти йил илгари шу қиличим қўлимда бир сиқим чўп янглиқ бўлиб, у шунчалик енгил туюлар эдики, мен уни эртадан кечгача жанг майдонларида ҳали ўнг, ҳали чап қўлим билан ўйноқлатар эдим. Бирор маротаба ҳам чарчоқ нима эканлигини сезмаганман.

…Тошкент жангидан сўнг, чап оёғимдан олган жароҳатим соғайди-ю, лекин оқсайдиган бўлиб қолдим. Энди илгаригидай сакраш, эпчиллик қилиш, югуриш мени тарк этган эди. Бу ҳолатларнинг кўпайишига айнан дангасалигим сабабчи деб биламан.

Ўша куни қиличим иккала қўлимга ҳам оғирлик этган эди. Ўзимни ички изтироб гирдобига ғарқ бўлаётганлигимни сезиб, қаттиқ койидим. Ва ўзимга дедим: «Эй, танпарвар инсон! Агар сенинг бир оёғинг оқсоқ бўлибди, энди илгаригидай чаққон ва енгил югура олмайман деб ўтираверасанми? Тур ўрнингдан, қўлларингни кўтар, билакларинг соппа-соғ-ку?! Нега қиличбозлик, ўқ отиш ва бошқа жанговар машқларни тарк этдинг. Эй, барча нарсаларни унутадиган инсон! Эсингдан чиқдими, ўз қўлинг билан ўлдирган одамларинг. Уларнинг амирликлари ва салтанатлари сенинг қўлингга кириб келди-ку. Улар ҳам амир ва султон бўлдик дейишиб, қиличлашиш, ўқ отиш, қўшинларида интизом, жанговар сафарбарликни тарк этганлари учун, ўз лашкарларини жанг майдонларига ташлаб қочиб қолишгани учун, сен уларнинг устидан ғалабалар қозонгансанку. Сенинг ҳаётингдаги ҳимматинг шуми, энди?! …Ёшлигингда қилган орзуларинг қаёққа кетди… Ўзингга ўзинг қилган аҳду паймонларинг, бутун жаҳонни оламан дейишларинг, жаҳонда фақат мен зарб қилдирган пуллар муомалада бўлади, деб айтганларинг, дунёда илм-маърифат ва диёнатга ривож беришни ният этганинг, дунёда ягона Ёсой (изоҳ:Қонун) жорий этилиб, бу Ёсой сенинг ёсойинг бўлиб, дунёни идора қилишда қўлланилажак деб умид этганларинг қаёқда қолди?!.»

Ана шундай изтиробли фикрлар, надоматлар гирдобидан пушаймон бўлиб, нажот топишга ҳаракат қилдим. Ўша ондаёқ биринчи галда роҳат-фароғатда кечаётган лаззатли ҳаётдан ўзимни тийишим зарур деб билдим. Самарқанддан, яъни гўзал аёллар даврасидан ўзимни йироқлаштирадиган бўлдим. Пойтахтдан чеккага чиқиб, даштда яшайман, дедим. Отимни олиб келишларини буюрдим.
Ўз одамларимга Самарқанддан чеккага, яъни олти фарсах масофада Урдугоҳ (лагерь) қуришларини тайинладим. Урдугоҳ қурилаётган жойга бордим. Ҳали у жойда ишлар ниҳоясига етмаган экан. Бир чеккага чиқиб, қибла томонга қараб, икки қўлимни баланд кўтариб: «Худоё, гувоҳ бўл! Мен аҳд ва байъат этмоқдамен! Бугундан эътиборан аёл зоти билан муъошерат этмасмен! Зарурат пайдо бўлганида, жангдан қайтгач, ҳафтада бир бор ўз жуфти ҳалолимга яқинлик қилурмен. Аҳду паймон этурменки, бугундан ибтидоъан токи бу дунёда тирикмен, ишёқмаслик ва дангасаликдан мудом парҳезда бўлурмен. Ва ҳеч бир кунни жанг машқларисиз ўтказмасмен. Икки жанг оралиғида ҳам, кам муддатли истироҳатларни тарк айлаюрмен. Онт ичурмен, яъни менинг асл масканим Урдугоҳда бўлур. Шаҳарга ҳам бормасман, магарам зарурат ижоб қилган тақдирда, боришимга тўғри келса, мени афв этгайсан, иншооллоҳ»,- деб ёлвордим.

Яратганга байъат этганимдан буён, орадан 30 йил ўтибди. Бу муддатда мен тўлиқ шаҳарга бормасдан, саҳрода, яъни Урдугоҳда умр ўтказдим. Ана шу 30 йилда зарурат бўлганида ҳам, аёллар оғушида бўлишдан ўзимни жиловладим. Мен баъзи фаслларни, ҳатто изғирин қишларни ҳам ўтовимда ўтказдим. Шундай ҳоллар ҳам бўлдики, қиш пайтлари туннинг узун бўлган ойларида эрта уйқудан уйғониб, даштга қалин қор ёққан кезларда ҳам таҳорат олиб, сўнгра, бомдод намозини ўқидим. Бир бўлган воқеа ёдимга тушди. Қишнинг қаҳратон кунларидан бирида ўтовдан ташқарига чиқдим. Қарасам, ҳамма ёқни оппоқ қор қоплаган. Таҳорат олиб, бомдод намозини адо этдим. Анчадан сўнг, кун ёришди. Зобитларимдан бир-икки киши келиб ўтовимга киришга рухсат сўрашди. Ҳол-аҳвол сўрашилгач, мен уларга чўнтагимдан бир сиқим олтин тангаларни чиқариб кўрсатиб: «Кимки Қуръонил Каримдан қор ҳақида айтилган оят ёки қор сўзини англатадиган калимани топа билса, мана шу олтин тангалар ўшанга насиб этади»,-деб шарт қўйдим. Ўша куни саҳро ўзгача бир тароват билан менинг диққатимни тортди. Суҳбатларимиз ҳам асосан қор ҳақида бўлди. Менинг жумбоқли берган саволимга жавоб топиш ва қўлимдаги бир сиқим олтин тангаларга эгалик қилиш учун зобитларим роса уринишди. Уларнинг ҳар бирида Оллоҳнинг Каломи бор эди. Мен Қуръонил Каримни ёддан билардим. Муқаддас китобда 114 сура, 6666 оят бўлиб, уларнинг бирортасида қор ҳақида зикр этилмаганини билиб, мен бу топишмоқ орқали зобитларимнинг Қуръонни қай даражада билишлигини имтиҳон этдим. Аслида Арабистонда умуман, қор ёғмайди. Шунинг учун ҳам, бу муқаддас китобга қор сўзи киритилмаган.

Куннинг ярмида зобитларимни ҳузуримга таклиф этдим ва уларга: «Агар Қуръонил Каримни ўқиганларингизда эди, унда қор ҳақида бирор сўз йўқлигини билар эдиларингиз»,-дедим. Бу суҳбатда тўнғич ўғлим ҳам қатнашиб, менга савол билан мурожаат этди: «Эй, Амир жаноблари, айтинг-чи, нега Парвардигор Қуръонил Каримда: «Ла роъаба ва ла ябаса илла фикитабим мубийн», яъни: «Ҳеч бир қуриқлик ва ҳўллик ҳақида равшан китобда баҳс юритилмасдан четда қолмасин дейилган» деди.

Мен унга: «Эй, фарзандим, муқаддас китобни ҳам ўқиш, ҳам уқиш зарур. Ўшандагина, Қуръонил Карим ояти шарифаларининг маъноларини тушуна олиш мумкин бўлади. Муқаддас китоб таркибидаги барча сўзлар Оллоҳнинг сўзларидир. Худонинг ўзи Қуръонил Каримда айтадики, яъни унинг баъзи айтганларини англаш ва тушиниб етиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Улар ўзларини англаш ва фаҳмлашга тайёр деб билишсагина, шундан сўнг уларга бу хислат насиб этади.
Орадан анча вақт ўтиб Дамашқда Ибн Халдун менинг ҳузуримга ташриф буюрганида суҳбатимиз давомида мазкур жумбоқни яна бир бор ўзидай қилиб айтиб бердим. У шунчалик хурсанд ва рози бўлдики, қўлимни ўпиб: «Эй, Амир ҳазратлари! Мен бугунга қадар ҳеч кимни учратмадим ҳам, кўрмадим ҳам, яъни сиз, таърифлай олганингиз ва шарҳлаб бера олганингиз каби Қуръонил Карим оятларининг маъноларини англашни яхшилаб тушунтириб бера олган бўлса…

Деди: Совутли, эй, Жаҳонгир,
Энди, олдингда иш кўп, маҳкам бўл.
Бир жангдан сўнг осуда бўлдинг,
Ҳар ишни этишда бахт фикрида бўл.

Фирдавсий ҳазратларининг ушбу назмий сатрлари қулоғим остида жарангларди ва ўзимни – тинчлантира олмас эдим. Етти йил ичибман, ебман, ухлабман, аммо қилич ва совутни чеккага ташлаб қўйибман…

Мана, фурсат келдики, совутимни танамга, миғфарилни бошимга, қиличимни қўлимга олишимга, 350 йил муқаддам мазкур шеърларни битган Фирдавсий ҳазратларининг мамлакатига боришимга тўғри келиб қолди. Ана шу фурсатнинг етишгани қилган орзуларимнинг, яъни дунёда Жаҳонгир бўлишим учун Хуросонни қўлга киритишдан бошлаш учун қадам ташлаш зарур бўлиб қолганлигини тасаввур этдим.

Эшитган эдимки, яъни Хуросон тупроғидан хушбўй аътр ҳиди келаркан. Ҳар бир хуросонлик буюк шоир экан. Менинг фикримча, буюкликда ва донишманликда бирор жой Самарқандчалик эмасдир. Самарқанд тупроғида дунёда машҳур энг ширин қовунлар етиштирилади. Ҳеч бир мамлакат ва юртда Самарқанд қовунидан яхшироқ ҳамда ширинроқ қовун бўлмаган. Хуросон юрти ҳам илм ва адабпарвардир. Лекин унинг шоирлари ва донишмандлари Жаҳонгирлар ҳисобланишади. Ана шундай Жаҳонгирларнинг бири-Фирдавий ҳазратлари бўлади. Устознинг ижод этган асарлари Жаҳонгирларни тарбиялаш учун ёзилгандир.

Хуросонликлар билан бир куч синашайин қани деб, кўнглимдан ўтказдим. Мен билмоқчи бўлдим, яъни менинг қиличлашишдаги маҳоратим уларникидан камми ёки зиёдми?
Мен ўзим истироҳат қилаётган шаҳар четидаги қароргоҳимни жанг майдони қилиб олдим. Ҳар куни эрта тонгдан шомга қадар зобитларим ва аскарларим билан ушбу қароргоҳим жойлашган ҳудудда жанговор машқлар қила бошладик. Ушбу машқлар давомида бизнинг танамиздан сусткашликни тарк эттириб, келгуси жангларга сабот билан тайёргарлик кўра бошладик. Ана шу машқларда тонгдан оқшомгача мен қилич чопдим, от чоптирдим. Қўлимдаги оғир гурзи билан зарбалар қилдим, камондан ўқлар отдим, оғир тошларни улоқтирдим. Ўз зобитларим ва аскарларим билан курашларга ҳам тушдим.

Умримдан 40 йил ўтибди, қаранг-а, ана шунга эътибор қилмабман. Айтишларича, инсон 40 ёшида ҳам жисман, ҳам ақлан комилликка етишар экан. Ана шунинг учун ҳам Мусо Пайғамбар а.с.га Тур тоғида Пайғамбарлик мақоми Оллоҳ томонидан берилган эканки, худди шу 40 ёшларида бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. га ҳам Пайғамбарлик рутбаси Макка шаҳрининг яқинидаги Хиро ғорида оллоҳ томонидан инъом этилган экан.

Балки, шу туфайли мен ҳам 40 ёшли бўлганим учун бўлса керак, сусткашликдан ва дангасалигимдан ўзим воқиф бўлиб, келгусида аъйшу иъшратдан ўзимни тийишга ва ундан йироқлашишга азму қарор қилдим. Мен агар 40 ёшга етмаганимда мазкур ҳолатларимдан огоҳ бўлармидим.

…Нима бўлганда ҳам, бу ҳолат 777 йил ҳижрий қамарийда, яъни йил бўйи менинг асосий ишим фақат жанговор машқлар билан машғул бўлишдан иборат бўлди. Ҳар куни ўзимнинг қўшиним таркибидаги норғул ва бақувват зобит ҳамда аскарларим билан курашга тушардим. Чунки жанг жараёнида душман ёқасидан ушлашга ҳам тўғри келади.

Мен билдимки, зобитларим ва аскарларим мен каби бақувват экан. Уларда ҳам сусткашлик, ишёқмаслик ва дангасалик батамом узоқлашибди. Энди улар бўлғуси жангларга тайёр эдилар.
Ҳижрий қамарийнинг 778 йили баҳорида мен қўшинларимнинг ҳаракатга келиши учун фармон бердим. Бундан мақсад Хуросон ўлкаси чегараларигача оддий тарзда йўл босиш эди. Мен жанговор сафарга чиқиш ҳамда йўл босиб ўтишнинг тезкор усулини қўлладим. Яъни аскарларимга-отлиқ йигитларга қўшимча отлар бериб, куну-тун йўл босишни ўргатдим.

Мен дастлаб Хуросон ўлкасининг Нишопур шаҳрини қўлга киритишни ният қилган эдим. Маълумотларга қараганда, Нишопур шаҳри Хуросоннинг пойтахти бўлиб, бу мамлакатнинг энг бош шаҳри эди. Ҳар куни бу шаҳарга ўрта ҳисобда 200 та йирик карвонлар кириб келар ва шунча карвонлар шаҳардан чиқар эди. Нишопурнинг шарқидан Чинга жўнаса, Ғарбидан Румга қараб йўлга тушишади.

(Шу ўринда соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари усмонийлар мамлакатини Рум деб зикр қилмоқдаларки, бу мамлакат ҳозирги кунда Туркия, деб аталади. XIV асрда усмонийлар эгаллаган ҳудудни Рум деб аташган Марсел Брион изоҳи.)

Нишопур тижоратчилари ва савдогарлари олди-сотдиларни амалга ошириш жараёнларида фақат олтин ҳисобда ҳисоб-китоб этишган. Кумуш тангаларни эса муомалада қўллашмаган. Олтинларни санаб эмас, балки тарози билан ўлчаб пул тўловларини ўзаро адо этишган. Бу билан маълум бўладики, олтинлар, пулнинг кўплигидан кумуш пуллар ишлатилишига ҳафсала бўлмаганлигини менга етказилган махсус хабар ва маълумотлардан билардим. Шунингдек, Нишопур шаҳрининг тижоратхоналарининг омборларида шойи матолар кўп бўлиб, агар мазкур матоларни Нишопурдан Самарқандга қадар тўшалса ҳам етар экан. Бу билан маълум бўладики, Нишопур дунёда шойи ипак тижорат марказларининг энг йириги ҳисобланган.

Хуросон ўлкасида Нишопур шаҳри каби бошқа йирик шаҳарлар мавжуд бўлиб, улар Сабзавор ва Бешруя шаҳарларидир. Биринчи зикр этилган шаҳар, яъни Сабзавор Хуросоннинг шимолида жойлашган, иккинчи эса, яъни Бешруя Нимрўзда (изоҳ: Нимрўз Покистон ва Афғонистон давлат чегараларининг кесишган жойида жойлашган. З.Ғ).

Менга етказилган айрим аниқ ва махфий хабарларга кўра, яъни Сабзавор шаҳрида 300 минг ишчи гилам тўқиш корхонасида ишлайди. Бу шаҳарни дунёдаги гилам тўқиш марказларининг энг йириги десам хато бўлмас. Савдо аҳли буни тўлиқ эътироф этган. Мен бу маълумотларга ишонгим келмади. «Наҳотки, биргина Сабзавор шаҳрининг ўзида 300 минг киши гилам тўқиса-я?»-дея ҳайратга тушдим. Шуни аниқ билар эдимки, дунёда Сабзавор шаҳрида тўқилган гиламларнинг баҳоси ва сифати бошқа жойларда тўқилган гиламлардан кескин фарқ қилар эди.

Нимрўзда жойлашган Бешруя шаҳрига унчалик диққатимни жалб этмадим. Негаки, бу шаҳарда кўплаб донишмандлар истиқомат этишар экан. Бу шаҳар аҳолисининг ҳар бири қайсидир илмдан хабардор бўлиб, ўз меҳнатларини илм билан уйғунлаштириб ҳаёт кечиришар эканлар.

Эшитишимча, яъни Бешруя аҳолиси шаҳар атрофидаги саҳродан янтоқ чопишиб шаҳарга олиб келишар эканлар, дасталанган янтоқларни сотишар эканлар. Янтоқ чопувчилар каби шаҳар муфтиси ҳам янтоқ чопиб, тўплаб эшакка юклаб шаҳарга олиб келиб сотар экан. Шаҳар аҳолисининг аксарияти янтоқ чопувчилар бўлишсада илмлардан воқиф эканлар, шунинг учун ҳам бушаҳарнинг аҳолисини донишмандлар деб аташар экан. Шунингдек, бу шаҳарнинг донишмандлари араб тиллардаги китобларни ўқишар ва унинг маъноларини ҳам шарҳлаб бера олишар эканлар. Мен ана шу шаҳарнинг донишманд ва ажойиб фозил аҳолисини кўриб улар билан суҳбат қуришни жуда хоҳладим. Менга етказилган мазкур маълумотлар нечоғлик ҳақиқатми ёки ундан йироқми, шуни билмоқчи бўлдим.

Хуросонни зудлик билан қўлга киритишим учун ўлка аҳолисини ғафлатда қолдирмоғим зарур эди. Ўлка аҳолисини ғофил қилиш учун Хуросонни забт этишлигим ҳақида ўлка аҳолиси билмаслигини шароит тақозо этарди. Чунки мен Хуросон томон қўшин тортаётганимни ҳатто бир киши ҳам билмас эди. Мен ўзимнинг яқинларимга лашкарни Хуросон томон ҳаракатга келтирганимда уларга Аршакобод шаҳрига юриш қиламиз деб зобитларимга айтган эдим ва уларнинг тасаввурларида, дарҳақиқат, биз Аршакободни ихтиёримизга оламиз деган тушунчани пайдо этган эдим. (Изоҳ Аршакобод бугунги Туркманистон Республикаси пойтахти Ашхобод. Айрим адабиётларда, яъни эронлик муаллифлар бу шаҳарни Эшқобод деб ҳам аташди, баъзиларида ҳатто Ашкобод деб ҳам фикр қилинади. Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг мазкур, яъни Аршак обод деб шаҳарни ўз хотиротларида зикр этишлари бу қадимги тарихий атамаларга, яъни Паҳлавийлар Эронида аталган подшоҳлар номи билан боғлиқ бўлса ажаб эмас З.Қ.М изоҳи) Милоддан аввалги 250 й ва милоднинг 225 йиллар Аршакийлар Паҳлавий Эрони сулоласи.

Биз Аршак Ободга кирмадик. Негаки, мен билардим, агар Аршак Ободга кирсак унинг ичидан Нишопур томонга йўл тутишга тўғри келар эди, яъни йўл тоғу тошлардан ўтади. Мен эса Нишопурга тоғ эмас, водий орқали боришни хоҳлардим. Ана шунда менинг отлиқларимнинг йўл босишлари яна ҳам тезлашарди. Марвга қўшиним билан етиб келгач, марвлик тўрт нафар янтоқ йиғувчиларни йўл кўрсатарликка ёлладим.

Улар бизга водий орқали Нишопурга олиб борадиган йўлни кўрсатишлари зарур эди. Чунки ҳеч ким янтоқ чопувчилар каби саҳро ичидан ўтган яширин йўлларни билмайди.
Улар бизни водий йўли орқали Нишопурга олиб боришга рози бўлишди. «Нишопурга етишдан олдин рўпарамиздан бир тоққа дуч келамиз. Ана шу тоғдан ўтишимизда фақат битта дара мавжуддир ва фақат ана шу дарадан ўтишга тўғри келади»,-дейишди.

Мен янтоқ чопувчилардан дара атрофи ҳолати ҳақида сўрадим. Улар: «Бу дарадан ўтадиган йўл хавфли ва тордир. Йўлнинг бир томони тоғлик бўлиб, бошқа томони дарадан, яъни пастликдан, жарликдан иборат. Йўл эса илон йўли, яъни пастдан юқорига буралиб чиқишни талаб қилади»,-дейишди.
Мен улардан: «Бу дарада қишлоқ ёки овул борми, умуман аҳоли яшайдими ёки йўқми?»-деб сўрадим. Улар: «Ҳа, бу дарада бир неча обод қишлоқлар бор»-дейишди. Мен яна улардан: «Қишлоқларнинг ободончилиги қай аҳволда?»-деб сўрадим. Улар менинг бунчалик синчиклаб сўраб-суриштираётганимдан мақсад нима эканлигини билишмасди, албатта.

Хуллас, мен тоғ орқали Нишопурга олиб борадиган йўл гарчи яқин бўлса-да, водий орқали борадиган узоқ йўлни танладим. Куннинг ярмида бир водийга кириб келдим. Нишопур шаҳри ана шу водийнинг шарқида жойлашган экан. Энди қўшинларимни пинҳон тута олмаслигим ўзимга маълум бўлди. Бу водийда жуда кўп экин экилган далалар, боғу бўстонлар ўта фаровон экан.

Ҳайвонларга тиркалган аравалар у ёқдан бу ёққа ҳаракатда, бир неча карвонлар ҳам ўз йўлларида давом этишиб боришарди. Карвондагилар туя, от, эшакларга минишган эди. Менинг қўшинларимга нигоҳлари тушиши биланоқ, уловларига қамчи босишиб қоча бошлашди, яъни уларнинг Нишопур томонга қочишаётганлигини аскарларим тушунишиб, уларнинг қочишларига хотима беришди. Улардан бир неча киши ҳалок ҳам бўлди, ҳар ҳолда кўпчилик карвонлар мол-мулклари ва уловлари билан Нишопурга кириб олишга улгуришди. Энди шиддат билан Нишопур шаҳри томонга, унинг дарвозаларини бекитиб олишга улгурмасликларига қадар суръатга-суръат қўшишимизга тўғри келди. Ўта узоқ йўлдан ҳориган бўлсак-да, буни қилишимиз, яъни Нишопурни эгаллашимизни шароит тақозо этарди… Не кўз билан кўрайки, Нишопур атрофидаги қишлоқлар, воҳалар шунчалик обод эдики, боғлар, экин майдонлари, водийнинг гўзаллиги Нишопур шаҳрининг атрофида ястаниб ётарди. Водийдан Нишопурга борадиган йўлларнинг барчасининг икки томони экинзор ва боғ-роғлардан иборат эди. Бундай ҳолат қўшинларимнинг яшин тезлигидаги ҳаракатига халақит этиши менга маълум бўлди. Умуман, Нишопур шаҳрининг атрофида бирор қарич ҳам қўриқ, дашт ер майдонлари йўқ эди. Ҳамма жой обод эди…

Мен Мовароуннаҳрнинг даштларини, хусусан, Самарқанд ва Бухоро ер майдонларини обод этишга кўп саъй-ҳаракатлар қилдим, лекин ҳозир Нишопур атрофидаги даштлардан ушбу водийга кириб келишим билан тамоман бошқа манзаранинг гувоҳи бўлдим. Бу ерларда қўриқ ерлар бошқача усулда ўзлаштирилар экан. Бу ерлар бизнинг ерларимиздан ўта обод экан. Ажабланарлиси шундаки, бу водийда ҳам, Нишопур атрофида ҳам бирорта дарё, жилға, сойга кўзим тушмади. Шундай қилиб, Нишопур шаҳрини қамал қилдим.

Менга етган маълумотлардан билдимки, Нишопур водийсида тўрт минг икки юз обод воҳалар бор экан ва уларнинг ҳар бирида биттадан кориз суғориш иншооти фаол экан. (Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг бу кориз ҳақида айтганлари лоф бўлса керак деб китобхон ўйлаши мумкин. Ўша вақтлардаги тарихнависларнинг ёзиб қолдирган маълумотларига биноан, Нишопур водийсида ўн икки мингта коризлар орқали аҳоли ва майдонлар, экинлар, боғлар сув билан таъминланган. Марсел Брион изоҳи).

Аммо биз Самарқанд, Бухоро ва Мовароуннаҳрнинг бошқа жойларига кориз тизими билан суғориш ишларини адо эта олмаймиз. Коризни қазиш учун тоғли жой лозим.
Коризларни тоғ этакларидан кавлаш маъқул. Бизнинг Мовароуннаҳр шаҳарларимизнинг бирортаси ҳам тоғ ён бағрига ёндош бўлиб жойлашишмаган.

Мен қўшинларим билан Нишопурга кун ботарда етиб келдим. Шаҳар дарвозаларини аллақачон дарвозабонлар бекитиб олишга улгуришган экан. Бир неча гуруҳ аскарларимга шаҳар дарвозаларининг ҳолати ва нимадан ясалгани ҳақида билишларини тайинладим. Бу билан биз шаҳар дарвозаларини осон ёки қийинчилик билан очилиш йўллари қай усулда амалга ошишига ёрдам беришини аниқлаймиз. Уларни тахтадан бўлса синдириб ёки ёндириб, ёки бўлмаса портлатиб очиш йўллари ҳақида бош қотирардик. Маълум бўлишича, Нишопур шаҳрининг дарвозалари бекитилгач, шаҳарга ёв келаяпти деб хабар тарқалиши боис, дарвозаларни яна ҳам душманга қарши мудофаада мустаҳкамроқ хизмат қилиши учун дарвоза ичкарисидан катта-катта тошлар билан истеҳком қилишга улгуришибди. Дарвозаларни шошилиб ёпишга улгуришганидан шаҳар аҳолиси энди озуқаларини ғамлашга фурсатлари қолмаган ва тезда аҳоли очлик туфайли қамалдан ҳоли тойиб мудофаага ярамай таслим бўлади, деб хаёлимдан ўтказдим. Шаҳар атрофидаги аҳоли нишопурликларга ёрдам беришлари мумкин эди. Шунинг учун ҳам мен қўшинларимни гуруҳларга бўлиб, Нишопур шаҳрига яқин бўлган қишлоқларни дарҳол ишғол этишларига буйруқ бердим. Бунинг оқибатида, ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганларнинг қўллари қирқилди. Шаҳарликлар четдан кутган ёрдамларининг йўли тўсилди.

Мен шаҳар четидаги қишлоқлардан бирининг деҳқонларидан Нишопур шаҳрини ўраб турган девор ҳақида суриштирдим. Уларнинг айтишича: «Ушбу деворнинг пойдевори тошдан иборат экан».
Шаҳар атрофида хандаклар бўлмай, бу вазият шаҳарга ҳамла этишни енгиллаштирарди. Мен Нишопур шаҳрини дастлаб қамал этган кундан ўз диққатимни шаҳар деворларига қаратдим ва бу деворларни оддий мосламалар билан вайрон этиб бўлмаслигига кўзим етди. Бу шаҳарни забт этишнинг икки йўли бор: Биринчиси, нарвонлар ёрдамида девор устига чиқиб олиб, унинг устидаги шаҳарни мудофаа этувчиларга ҳамла қилиш. Иккинчиси, шаҳар аҳолисини очлик билан тинкасини қуритиб, мудофаага қувват ва мадор қолмагач, таслим этиш.

Айрим шаҳар Қалъаларида махсус ер ости йўллари мавжуд бўлиб, шаҳар чеккасида чиқиш жойлари бўлишини мен билардим. Нишопур шаҳрининг атрофини синчиклаб, қаричма-қарич ўрганиб, кузатиб кўриб чиқдим, яъни шаҳар аҳолиси балки ер ости йўллари билан қамалдан нажот топишса керак, деб ўйлардим. Қамалнинг иккинчи ва учинчи кунлари Нишопур шаҳрини сув билан таъминлаб турган суғориш иншоотлари-коризларнинг фаолиятининг издан чиқарилишига амр этдим. Бу йўл билан шаҳар аҳолисини сувсизликка дучор қилдим. Қамалнинг тўртинчи кунидан кўплаб қишлоқ аҳлини, Нишопур шаҳри атрофидагиларни мардикорликка олдим. Уларга шаҳар атрофидаги чинор ва теракларни қанча бўлса, шунчасини арралаб, йиқитишлари лозимлигини айтдим. Қирқилган дарахтлар кўчма ва йиғма миноралар учун ишлатилди. Мардикорлар чинор ва теракларни ағдаришар экан, бу орада мен Нишопур шаҳри атрофидаги қишлоқлардан нажжор дурадгорларни, ҳатто Тус (Эрондаги шаҳар ҳозир Фирдавсий деб аталади) дан ҳам тахта ёғоч билан ишлайдиган усталарни ўз ҳузуримга йиғдирдим. Уларга мазкур вазифани қаттиқ тайинладим. Нишопур атрофидан мен ёллаган мардикорлар тезда мени таниб тушуниб қолишди. Борди-ю, иш жараёнида сусткашлик ёки дангасаликка йўл қўйилса ва яна ишдан бўйин товлаш ёки ишдан қочишга кимда-ким ҳаракат қилса, ундайлар қатл этилажакликларини англаб олишди. Лашкаримнинг еб-ичишлари учун озиқ-овқат, уловлар учун ем-хашак, шунингдек, қишлоқлардан ёлланган мардикорларга озиқ-овқатни атрофдаги қишлоқлар ҳисобидан тўплатдим. Ҳар кимки бу ишларнинг амалга оширилишига қаршилик кўрсатса, эътироз билдирса ёки бўйин товласа, қатл этилишини айтдим.

Нишопур шаҳри атрофидаги биринчи чинорни ағдарилган кундан эътиборан бир ҳафта ўтгач, шаҳар деворига ҳамлалар қилишимиз учун бир неча миноралар дарахтдан ясалиб тайёрланди. Шундай қилиб, дарахтдан деворга чиқишга мўлжалланган минораларни ишлаб чиқариш суръати жадаллашди.

Менинг лашкарим таркибида бир гуруҳ аскарларим Четанлар юртидан эди. Четан ўлкаси Сард Сири Машрини даштларида жойлашган.
Биз мовароуннаҳрликлар қўй ва мол (сигир, ҳўкиз) боқамиз. Қўй ҳамда мол гўштларидан таомлар пиширамиз.

Четанлар эса, итни парвариш этишарди ва унинг гўштидан таомлар тайёрлашади, улар яна хом гўшт танаввул этишади. Мен уларнинг ит гўштини истеъмол этишларига барҳам бердим. Аммо хом гўшт ейиш одатларини улардан тарк эттира олмадим. Улар қўй гўштини табиатан истеъмол эта олишмас, қўй думбаси ва ёғи, гўшти уларнинг тинчини қочирар эди. Аммо хом от гўштини ҳавас билан ейишарди. Лашкаримдаги юришга ярамай қолган, мажруҳ бўлган барча отларни четанлар ихтиёрига топширардим. От гўштидан тўйиб ейишлари учун шароит яратардим.

Мен уларни ислом динимизга эътиқод қилишларига даъват этдим. Аммо уларни араб тилида намоз ўқишга ўргата олмадим. Бунинг сабаби уларнинг тиллари араб тилида калималарни талаффуз эта олмас эди. Мен муфти бўлганлигим учун, уларнинг ўз тилларида намозни ўқишларига фатво бердим.

Четанлик аскарларим ҳеч бир нарсадан қўрқишмасди. Улар фақат очликдан қўрқишарди, холос. Ана шу сабаб, мен уларни ҳеч ҳам оч қолдирмасдим. Четанлик сарбозларимнинг журъат ва шижоатлари меники каби эди. Аммо кўп нарсаларни эс-ҳушлари англаб етмасди, гўдаклар каби содда эдилар. Уларга токи буйруқ бермас экансиз, улар бирорта ишни ҳам ниҳоясига етказиша олмас эдилар.

Мен четанлик аскарларимга сайёр миноралар билан шаҳар девори томон боришларига буйруқ бердим. Мазкур минорлардан шаҳар деворларига чиқишда фойдаланишларини ва девор устига чиққанларидан сўнг, девор устидаги шаҳарни мудофаа этувчилардан тозалаб, девордан пастга тушиб, шаҳар дарвозаларини бизга очишлари зарурлигини таъкидладим. Четанлик аскарларимга мазкур ҳарбий топшириқни берганимдан сўнг, яна бир гуруҳ шижоатли аскарларимга шаҳар девори устидаги мудофаачилар устига пастдан туриб камондан ўқлар отишни, хусусан, палахмон билан, улар устига тошларни ирғитишларига буйруқ бердим. Палахмон тошларини ирғитишда бақувват, билаклари кучга тўла бўлган аскарлардан фойдаланишни тайинладим. Камон ўқига нисбатан палахмон тоши ҳар қандай алп қоматли жангчини ҳам ўз зарби билан қулатиб ҳалок ҳам эта олади.

Менинг ўзим отимга миниб шаҳар атрофини айлана бошладим. Сайёр миноралардан биридан туриб аскарларимнинг шаҳар мудофаачилари билан қай тарзда жанг этишаётганларини кузата бошладим. Ана шу жангда мен порохдан фойдаланиш ҳақида ўйлаган эдим, яъни порохнинг портлаши оқибатида шаҳар мудофаачиларини маҳв этиб, мустаҳкам қалъаси бўлган шаҳарни эгаллаш фикрида эдим. Порох тўлдирилган кўзалар оғзига махсус пилта ўрнатиб, уни ирғитишдан олдин пилта учига олов ёқилиб, манжанақлар билан шаҳар мудофаачилари устига ирғитилиб, девор устига тушган порохли кўзалар портлаб, девор устидагиларга барҳам бериши зарур эди. Айнан шу режамни Нишопур шаҳрини эгаллаш жангида қўллашим ўта зарур бўлса-да, уни амалда татбиқ эта олмадим.

Аммо мазкур тарздаги жанг таҳликамни Ангурия (Анқара) жангида Боязид Елдиримга қарши порох тўлатилган кўзаларни портлатиб, усмонлилар устидан ғалабага мушарраф бўлганман.
Нишопур жангида эса мазкур режам эсимдан чиқибди. Борут (порох) билан тўлдирилган кўзалар ва хумлар Боязид Елдирим лашкари узра жуда кўп портлатилиб, унинг қўшинидагиларнинг жуда кўпчилиги ҳалок ва мажруҳ бўлди.
Хуросон ўлкасининг бошқа шаҳарларининг аҳолиси, яъни Тус, исфарёнликлар менинг Нишопур шаҳрини қамал этганлигим ҳақида хабардор бўлишган бўлсалар-да, қамалдагиларга ёрдам беришга юраги дов бермади.

Нишопур шаҳри учун жанг бошланганида мен ўзимнинг эътиборимни шаҳар ҳокимининг ҳаракатларига қаратдим. Шаҳар ҳокими шунчалик даражада ақлсиз ва лаёқатсиз одам эканки, ҳатто у бир оддий қалъани ҳам қўмондонлик қилиб, мудофаа эта олмади. У менинг қўшинимга қарши шаҳар ичидан туриб манжанақни ўрнатиб, аскарларим узра тош борон ҳам қилмади. Агар у аскарларим устига тошларни ёғдирганида борми, менга анчагина талофат етказар эди.

Нишопурликлар яна бир бошқа усул билан ҳам ўзларини мудофаа этишлари мумкин эди. Шаҳар аҳолиси ўзларининг эскирган, йиртиқ кийим-кечакларини мойга қориб, тугунча шаклида алоҳида-алоҳида ҳар бирини ёқиб, мазкур миноралар орқали девор устига чиқиш ҳаракатида бўлган аскарларим устига девордан туриб ташлашлари мумкин эди. Уст-бошига олов тегиб ёна бошлаган ҳар жангчи ёки одам ҳамма нарсани унутиб, ўзи билан жон овораси бўлади-қўяди. Миноралар эса ёниб, олов чангалида кулга айланади. Нишопур шаҳрининг қўмондони ушбу усулдан ҳам ғафлатда қолган эди.

Мен Нишопур шаҳри девори устига чиқиб олган четанлик аскарларимни девордан пастга-шаҳар ичига тушишларида шаҳар мудофаачиларининг шиддатли қаршилигига учрашларини билардим. Шунинг учун ҳам уларга жанг бошланишидан олдин хафтанларини ечиб, устларига совутли чакмон, бошларига мағфар, билакларига ва оёқнинг сон ва болдир қисмига кийиладиган зирҳлар билан ҳимояланишларини тайинлаган эдим. Мен уларга: «Сизнинг бажаришингиз лозим бўлган вазифаларингиз ниҳоятда муҳимдир. Шаҳар девори устига чиқишларингиз билан шаҳар дарвозаларига бориш пайида ҳушёр бўлингиз. Ҳар қанча қийинчилик бўлса ҳам шаҳарнинг ақалли бирор дарвозасининг очилишига эришишни таъминлашингиз лозим бўлади. Ўшандагина биз очилган дарвозалар орқали шаҳар ичкарисига киришимизга шароит яратилади.

«Мен четанлик жасур аскарларимга ўзлари билан метин ҳам олишларини айтдим. Метин тошларни майдалашда меҳнат қуроли бўлгани билан, жанг пайтида ундан қурол сифатида ҳам фойдаланиш мумкин бўлади», дедим.

Уларга: «Бир гуруҳларингиз ёпиқ дарвозадаги тўсиқларни бузиш ва тозалаш билан банд бўлсаларингиз, қолганларингиз шерикларингизнинг қилаётган ишларига халақит бермоқчи бўлган шаҳарлик мудофаачилар билан жанг қилишингизни шароит тақозо этади», дедим.

Эй, менинг ҳаёт дафтаримни ўқиётган ўғлон! Агар сен, ҳарбий қўмондон экансан ёки бир куни ҳарбий қўмондон бўлиб етишсанг, ушбу айтган ва айтмоқчи бўлганларимга огоҳ бўл!

Қачонки, сен, ўзингнинг аскарларингни шаҳар девори узра ёки шаҳар ер ости йўли орқали қамал этилган қалъани эгаллаш учун юборар экансан, бораётганлар таркибидан журъатли ва шижоатлироқлардан бирини танлашинг зарур бўлади. Қамал бўлган қалъага ҳеч қачон осонгина кириб бўлмайди. Унга киришни ҳар ким ҳам уддалай олмайди. Хавф хатар ҳар лаҳзада сен билан юзма-юз бўлади. Танлаганинг қамал этилган қалъани бирор марта ҳам кўрмаган ва унинг ичида қандай вазият уни кутиб турганлиги ҳақида бирорта ҳам хабар ёки маълумот йўқ. У қадам қўйиши лозим бўлган минтақанинг ҳамма томонида унга душман бўлганлар дуч келишади. Улар битта ёки иккита бўлиб, унинг йўлида туришмайди, балки юзлаб ёки минглаб одамлар найза, қилич ва ўқланган камонлари билан қалъа ичида ёки қаршисида пайдо бўлган бегонани бир лаҳзадаёқ қатл этиш пайида бўлишади. Ҳатто ожиза аёллар ҳам бегонанинг боши узра уйларининг томидан оғир тошларни ташлашга, яъни бегонани қатл этишга шай бўлиб туришади.

Эй, ушбу менинг ҳаётим ҳақидаги хотираларимни келажакда ўқиши мумкин бўлган, йигит! Сен ҳар қанча қўрқмас ва қайтмас бўлсанг-да, қамалга олинган қалъага кириши лозим бўлган биринчи гуруҳ аскарларинг билан қалъага зинҳор киришга ошиқма! Мен сени қўрқоқ демоқчи эмасман. Ушбу маслаҳатимни айтишдан мақсад шундаки, биринчи кирувчилар билан кирмаслигинг зарур. Биринчи бўлиб кирсанг, қалъада сени қатл этиб қўйишлари мумкин. Агар сени ўлдиришса, сенинг қўшининг қалъани забт эта олмаслиги муқаррар бўлади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, сен қанчалик аскарларингга нисбатан жасурроқ ва журъатлироқ ҳарбий қўмондон бўлишинг оқибатида ўлдирилишинг аскарларигни бир зумда жанговарлик шижоатидан совутиб қўяди. Бундай ҳолда ғолиблик сендан ва сенинг аскарларингдан юз ўгиради. Худо кўрсатмасин!

Ана шундай воқеалардан бири четанлик аскарларга Нишопур девори устига чиқиб, ундан пастга тушиб шаҳар ичидан ўтиб, шаҳар дарвозаларини бизга очиб бериш вазифаси юклатилган эди. Мен эса ўзим улар билан девор устига чиқишга бормасдан, тўнғич ўғлим Жаҳонгирни четанларга қўшиб жўнатдим. Ушбудан икки нарсани эътиборга олгандим. Биринчиси: Жаҳонгир ўғлим четанлар билан деворга чиқиб, ундан шаҳарга киргунига қадар ўлим лаҳзаларини ўз кўзи билан кўриб, ўлимнинг ҳақлигини ҳис этиши зарур эди. Ана ўшанда одам атрофида одамларнинг ўлимларини кўриб, ўзидаги қўрқувни ва даҳшатни енгиб, ўлим билан юзма-юз турганини теран англайди. Албатта, у агар душманини дафъ этмаса ёки қатл этмаса, душман уни қатл этиши муқаррарлигини тушуниб етади ва душман билан шиддатли ва матонатли жанг қила бошлайди…

Жаҳонгир ўғлим ҳали бирорта ҳам қамалга олинган қалъа ёки шаҳарга аскарларим билан кирмаган эди. У ҳали қамалдаги қалъа қай тарзда уни «кутиб олишини» ҳам билмас эди. Одам агар нотаниш бўлган томонга илк бор қадам қўяр экан, уни нималар кутаётганини билмайди, албатта. Бир ҳолат қуёшдай равшанки, у ер душманлар макони эканлиги маълумдир.

Иккинчиси: барча зобитларим ва аскарларим менинг ўз фарзандимни, ёш ўғлимни жангда аяб-авайлаб ўтирмаслигимни, керак бўлса, жигаргўшамни ҳам душман устидан ғолиб бўлишим йўлида фидо қилишга ҳозир эканлигимни билишларини хоҳлардим. Жаҳонгир ўғлим ҳам четанлик аскарларим каби, қалъага қадам қўйишдан илгари билинар-билинмас ҳаяжонда эканлиги сезилиб турарди. Мен унга: «Қалъага қадам қўяр экансан, ўзингдан бошқа ҳеч кимга суянма. Фараз қилгинки, сен душман ихтиёрида бўлган денгиз ўртасидасан. Яккаю ягона ўзинг ўзингни мудофаа қилишинг зарур бўлади. Аммо мен сени ва сенинг билан бирга бўлган бошқаларни ёлғизлатиб қўймасмен, изини узмасдан сизларга ёрдамни етказиб турармен». Бу гапларни айтишим шунинг учунки, жанговар қўмондон агар ўз қўшини таркибидан бир гуруҳ аскарларини қамалга олинган қалъага юборса-ю, лекин уларга мадад кучларини юбормаса, қўмондон гўё уларни азроилга топширибди. Мадад ола олмаган қалъага кирганларни қалъа мудофаа этувчилари тезда тор-мор келтиришлари турган гап ва, албатта, шаҳар дарвозалари очилмай қолади.

Пешин намозидан сўнг, биз шаҳар қалъасига кириш учун ҳамламизни кучайтирдик. Барча ҳаракатдаги сайёр минорлардан туриб аскарларим шаҳар ҳимоячиларига камон ўқлари ва палахмон тошларини ёғдира бошлашди. Шаҳар мудофаачиларининг ҳимоя этиш қудратларини пароканда қилиб заифлаштирдик, деярли ҳимоя тизими издан чиқди. Ана шу пайтда четанлик аскарлар ўғлим Жаҳонгир билан Нишопур девори устига илк қадам қўя бошладилар. Нишопур шаҳри девори устида менинг аскарларим ва шаҳар мудофаачилари ўртасида бирам даҳшатли жанг бошланиб кетдики, шиддат билан бошланган бу жангда аскарларим шаҳар мудофаачиларига шафқатсиз ҳамла этишиб, уларни эсанкиратиб қўйишди. Жангчиларим ташаббуснинг бизлар томонга кулиб боққанлигини ҳис этишиб, ҳамлаларни сусайтирмасдан бир зумда Нишопур шаҳри мудофаачиларини эгаллаб туришган манзилларидан хазонни шамол супургандай шаҳарнинг ички қисмига чекинишларига мажбур этиб, пастга қараб илгарилаб боришга эришишди. Албатта, ўз шаҳрини ҳимоя этишда жасорат кўрсатган мудофаачиларнинг айримлари девордан пастга-шаҳар ичига аскарларимнинг тушишларига тўсқинлик қилганлар ҳам бўлди. Жангнинг илк дақиқаларида деворга чиқиб улгурган бир неча четанлик аскарларимни мудофаачилар девор устидан ерга қулаб ҳалок бўлишига сабабчи ҳам бўлишди.

Ташаббус биз томондалигини кузатиб турсам-да, арқайин бўлмай, девор устидан пастга тушиб бораётган жангчиларимга яна бир гуруҳ жангчиларимдан ёрдам кучини юбордим. Бир оздан сўнг, учинчи мадад гуруҳни ҳам юбордим.

Нишопур шаҳрининг шарқий дарвозасининг икки томонидан шаҳар деворига чиқишга мослаштирилган омон қолган йигирмата кўчма миноралар орқали аскарларим девор устига қадам қўйиб, деворни мудофаачилардан тозалай бошлашди ва шаҳар ичига девор устидан туша бошлашди. Бир оздан сўнг Нишопур шаҳри деворининг устини мукаммал қўшиним аскарлари эгаллашиб, ҳамлани энди шаҳар ичкарисига йўналтиришга улгурдилар.
Хуллас, Нишопур шаҳрининг шарқий дарвозаси пешинга бориб қўшинимнинг саъй-ҳаракатлари билан очилди.

Шаҳарни қамал этиб турган қўшиним ёппасига шаҳар ичига юриш қилди.
Шаҳарнинг шарқий дарвозаси очилмагунча шаҳар аҳолиси шиддат билан жанг қилишди. Лекин у очилгач, қўшинимни у орқали шаҳарга киритганимдан сўнг шиддат билан юриш авжига чиқиб, шаҳар мудофаачиларини қўрқув ва умидсизлик даҳшатга сола бошлади. Шаҳарнинг ҳимоячиларидан айрим гуруҳлар шаҳарга кириб келган қўшинларим ҳамласига дош бериша олмай, шаҳарнинг очилган шарқий дарвозасидан чиқиб қочиб жон сақлашга уринмоқчи бўлдилар. Аммо қўшиним қаршисида ҳалок бўлдилар. Қолганлари шаҳар ичида қатл этилишди. Таслим бўлганларга эса раҳм этилди. Кун қораймасданоқ ғарбий дарвозанинг очилишига эришилди. Шундан сўнг мен машъалаларни ёқишларини зобитларимга амр этдим, бу деганим кечаси билан шаҳар ичида жанг давом этажаги, яъни шу туннинг ўзида жангни тугатишга қарор қилганимни билдирарди. Шунингдек, шаҳар мудофаачиларининг қолган-қутганларига ўзларини ўнглаб олишларига фурсат бермаслик эди.

Нишопур учун жанг эрталабгача давом этди. Тунда менга хабар беришларича, ўғлим Жаҳонгир тирик экан, аммо жароҳатланибди. Жароҳати хавфли бўлмасада, у жангда иштирок этолмайдиган даражада экан. Хабар етказганларга мен: «Йигит жангда токи жон синовидан ўтмас экан, унинг жангга лаёқатлилиги намоён бўлмайди», дедим.

Мен эркакларнинг энг улуғ ва шарафли касбларидан бири жангчилик деб ҳисоблайман ва биламан. Ваҳоланки, ҳар қанча илм санъат (меъморчилик З.Ғ. изоҳи) ва адабиётга хос иштиёқим бўлса, ўзимга мос ақидага эгаманки, субҳониҳу оллоҳу таъло эркакни жангчи бўлиши учун яратган. Ҳар бир эркак жанг қила олмас экан, у ўлимдан қўрқар экан. У оллоҳнинг бандаси эмасдур! Чунки у Оллоҳнинг иноятини қалбан, руҳан эътироф этмай, ўзидаги жанговарлик истеъдодини кашф этолмай, ўзидаги илоҳий куч-қувватга тарбия бераолмайди. Шунинг учун ҳам, ўз ўғилларимга ўзим каби бўлишларига ҳаракат этдим. Ана шундай эътибор этганлигим туфайли, уларнинг қўл ва билаклари бақувват бўлиб тарбия топишди. Уларнинг бақувват бўлишлари учун қўлларида қилич дастасини қай тарзда ушлаб жанг қилишни ўрганишлари учун моҳир қиличбоз устозлар ихтиёрларига топширдим. Шу билан бирга, уларнинг ҳар бир устозлари жанг қонун-қоидалари (изоҳ: жангнинг стратегик ва тактик қоидалари)ни ҳарбий машқлар жараёнида ўргатишди.

Эрта тонгда Нишопур шаҳри учун бўлган жанг хотима топди. Ва бир оздан сўнг, Нишопур шаҳрининг ҳокими-Амир Ҳусайн исмли шахсни қўлларини боғлашиб ҳузуримга олиб келишди.
У менга:-«Эй, Темур, Сиз, ғолиб бўлдингиз! Энди, Нишопур сизнинг ихтиёрингизда: Аммо Оллоҳнинг бандаларига, раҳм этинг. Уларни қатл этманг»,-деди.

Мен: «Оллоҳнинг бандалари қачонки ўзларини гуноҳларга ғарқ этган бўлишса, албатта, жазога мустаҳақдирлар. Бу шаҳар аҳолисининг гуноҳи шундан иборатки, мен бу шаҳарга яқинлашганимда шаҳар дарвозаларини бекитиб олишди. Бу қилмишлари учун мени шаҳарни қамал этишимга мажбур этишди.Шаҳарни забт этишим учун кўчма минораларни шаҳар атрофидаги дарахтлардан ясашимга тўғри келди. Шаҳарга дарвозадан эмас, унинг деворлари устидан киришимга ундашди»,-дедим.

Нишопур шаҳрининг ҳокими менга:-«Эй, Жаҳонгир Амир! Бу шаҳар аҳолисининг гуноҳлари йўқдир. Агар мен уларга буйруқ бермаганимда, улар шаҳар дарвозаларини бекитишмасди ва Сизга қаршилик ҳам кўрсатишмасди. Ўшанда, сиз ҳеч қандай ғов ва тўсиқларсиз, қийналмасдан шаҳарга тўғри кириб келардингиз. Бу ишларнинг ҳаммасига мен гуноҳкорман, шу сабаб, мени қатл этинг. Аммо, шаҳар аҳолисининг жонини сақлаб қолинг, хотин-қизлар ва гўдакларни асирликка олиб кетманг»,-деб ёлвора бошлади.

Мен ундан:-«Умрингдан неча йил ўтмоқда?»-деб сўрадим.
У:-«Ёшим олтмишда»,-деди.
Мен ундан:-«Ўғлинг борми?»-деб сўрадим.
У:-«Икки нафар ўғилларим бўлиб, бирининг исми Шер Баҳром ва иккинчисининг исми Шерзод, икковлари ҳам сизнинг аскарларингиз томонидан ҳалок бўлишди»,-деб жавоб берди.
Мен унга:-«Мен сенинг ўрнингда бўлганимда эди, ўғлимнинг исмини Шер Баҳром деб эмас, чунки Баҳромнинг ўзи шер бўлмай ва ҳеч ким Баҳромни шерга ҳам ўхшатмаган, ўғлингнинг исмини Қизил Баҳром қўйишинг, жоиз эди, яъни Баҳром сўзи-«қизил ранг», демакдир».
(Забиҳуллоҳ Мансурий изоҳи. Баҳром, яъни Миррих сайёрасининг ориёликлар тилида айтилган сўз бўлиб, бу сайёрани улар Уруш жанг асоси деб билишган. Европаликлар ориёликларга тақлид этишиб, Миррих сайёрасини Уруш жанг рамзи деб билишади.)

Нишопур шаҳри ҳокими Амир Ҳусайн менга: «Ўғлимнинг номи Шер Баҳром бўлиши керакми ёки Қизил Баҳромми энди у йўқ!»-деди.
Мен амир Ҳусайнга қарата:-«Амир Ҳусайн сен энди менга икки ўғлингнинг ўлимини тасаввур этиб, қалбимда сенга нисбатан раҳм-шафқат пайдо қилмоқчи бўлаяпсан шекилли?»-деб савол бердим.
Амир Ҳусайн:-«Эй, Жаҳонгир Амир! Мен ўзим учун сиздан раҳм-шафқат сўрамаяпман, мен шаҳар халқи учун раҳм-шафқат сўрамоқдаман. Шаҳар аҳолиси, жумладан, ҳозиргача ҳалок бўлганларнинг ўлими кифоят қилса, яхши бўларди. Қолганлари тирик қолишсин, демоқчиман»,-деб менга мурожаат қилди.

Мен амир Ҳусайнга: «Фараз қилайлик, ушбу жангда мен ғолиб бўлмай, сен ғолиб бўлганингда, сен менинг аскарларимнинг қилмишларини кечирармидинг?»- деб сўрадим.
Амир Ҳусайн менга жавобан: «Оталаримиз айтишган, яъни жангда журъатли бўлиш лозимлиги учун бераҳм бўлиш зарур».

Ва ғалабадан сўнг эса, мардликни намойиш этиш зарур. Сиз менинг қўшиним ва салтанатим устидан, албатта ғолиб бўлдингиз, «энди мардликни ўзингиз намойиш этишга ҳақлисиз»-деди.
Мен: «Жангнинг азалий қонун-қоидаларидан ва унинг талабларидан чиқа олмайман. Жанг қоидаларига асосан, шаҳар аҳолиси ҳар қандай қўшин лашкарига қаршилик кўрсатдими, бу аҳоли қатлиоъм этилган ва этилажак. Агар мен бу каби жанг йўриғини ўзгартирсам, мен сўнгра, келгусида жанг эта олмайман. Жаҳондагилар (яъни бошим атрофидаги ҳукмдорлар) шуни яхши билсинларким, ҳар қандай қудратли салтанат менинг қаршимда тик турар экан, албатта, у маҳв этилажак. Нишопур шаҳрида бўлиб ўтадиган қатлиоъмдан сўнг, Хуросон ўлкасининг бошқа шаҳарлари ўзларига керакли сабоқлар олишиб, тушуниб етишади, албатта. Қачонки, менинг лашкарим Хуросоннинг ўзга шаҳарларига яқин борганида ўз дарвозаларини ёпиб олишмайдиган бўлишади»,-дедим.

Сўнгра жаллодни ҳузуримга чорладим ва унга: «Амир Ҳусайннинг бошини танасидан жудо этилишини буюрдим. Шундай қилиб, Нишопур шаҳрининг ҳокими қатл этилди. Нишопур шаҳри аҳолисининг қатлиоъми пешингача давом этди.»

Хуросоннинг пойтахти – Нишопур шаҳридаги мавжуд савдо тижорат омборхоналари шунчалик даражада моллардан тўлдирилган эканки, уларни кўриб ҳайратда қолдик. Уларни Мовароуннаҳрга ташиш учун Нишопурдаги ва унинг чеккаларидаги ҳудудлардан уловларни ижарага олишимизга тўғри келди. Одатдагидек, Нишопурда ҳам қатлиоъмидан уламо, шоир ва меъморларни омон сақланишларини буюрдим.

Нишопур шаҳридан ўлжа қилиб олинган савдо-тижорат молларини Мовароуннаҳрга уловлар билан ташиш, бошқа Нишопур шаҳрига оид ишлар, шунингдек, Нишопур шаҳри атрофини ўраб турган баланд деворни бузиш ишлари менинг бир ойлик вақтимни эгаллади. Шаҳарнинг атрофидаги деворни бузиш ва жойини текислашни ўғлим Жаҳонгир ихтиёрига топширдим. Ўзим эса, қўшинларим билан Тус шаҳри томон юриш бошладим.

Тусда ҳеч бир инсон бизга қаршилик кўрсатмади ва биз бу шаҳарга ҳудди ўз шаҳримизга кирган каби, кириб келдик. Мен бу шаҳар аҳолисининг бирортасига ҳам озор етказмасликни ўз лашкарларимга тайинладим.

Тус шаҳрига мен билан Умар Шайх ўғлим бирга кириб келди. Шаҳар ичкарисида бир оз айлангач-шаҳарликлар араб тилида сўзлашар эканлар. Аммо олиму донишмандлар форс тилида сўзлашади,-деди.

Бир гуруҳ Тус шаҳрининг донишманд зиёлилари ва олимлари менинг ҳузуримга ташриф буюришди. Улар аллақачон менинг форс ва араб тилларида сўзлашим ҳақида хабардор бўлишга улгуришибди.
Уларнинг ўта донишманроғи, яъни Имом Аъзам тахаллусли фозил инсон мен билан суҳбатга ошиқди. Мен бу ҳолатни сезиб, у билан баҳслашишга киришдим.

Мен унга: «Балки, сиз намоз ўқирсиз, шундайми?-дея савол бердим.
У:- «Ҳа,-деди
Мен унга:-«Агар билсангиз, намозда сурайи Алҳамду доим ўқилиши зарур»-дедим.
Имом Аъзам:-«Бу намознинг энг зарур бўлган талабларидандир»-деди.
Мен:-«Сурайи Алҳамдуда оллоҳнинг муборак сифатларидан бири, яъни Молики явмуд Дийн зикр қилинган. Сиз шу Молик явмуд Дийннинг маъносини биласизми? Бу сифат билан нимани англаса бўлади?-деб ундан сўрадим.
У:-«Яъни, Дин кунининг Подшоҳи деганидир»,-деди.

Мен унга:-«Сиз, мени бир билимсиз авом деб тасаввур этинг ва менга Дин кунининг Подшоҳи деган сўзни тушунтириб беринг?»-деб савол бердим.
Имом Аъзам: «Бу ояти Кариманинг маъноси Алҳамду сурасида аниқ равшан, уни шарҳлашга ёки тафсил қилишга зарурат йўқдир»,-деди.
Мен унга: «Аммо мен унинг маъносини тушунмайман, шу сабабдан менга унинг маъносини тафсир қилиб беришингиз керак?» дедим.
Имом Аъзам ҳеч нарса айтолмай жим қолди.

Мен шунда унга: «Бу оятдаги «дин» сўзининг маъноси жазони англатади, яъни оллоҳу таъоло жазо кунининг эгасидир. Жазо кунида ҳар бир одам ўзининг қилган амаллари ва қилмишлари учун мукофот ёки жазо олади. У жазо куни қачон бошланиб, қачон тугаши, балки у тугамаслиги ҳақида бу оятнинг сўзи кун, яъни замон маъносини беради. Бир кун, яъни қуёш чиқиб ботгунга қадар фурсат эмас. Жазо кунининг интиҳоси йўқ бўлиб, балки офтоб ўша замонда чиқмас ҳам, ботмас ҳам, балки офтобнинг ўзи бўлмас. Ҳеч ким унинг қачон бўлишини айта олмайди.

Диннинг куни ёки Жазо куни қачон бўлиши ҳеч кимга маълум эмасдир. Бу ҳақда ҳар қанча гаплар айтилса-да, уларнинг барчаси афсонадир. Қуръонил Каримда Оллоҳу Таъоло айтгани ҳақдир»,-дедим.
Имом аъзам менинг айтганларимни хайрат билан тинглаб: «Эй, Амир Темур ҳазратлари: сиз, бундай доноликни қаердан қўлга киритдингиз? Сизнинг, устозларингиз кимлар? Сизни, бу даражада ақл ҳазинангизни тўлдиришга ҳисса қўшган ким бўлади?»- деб сўради.

Мен унга: «Менинг анча устозларим Мовароуннаҳрда. Аммо менинг энг улуғлардан улуғ устозим Қуръонил Карим бўлган, бўлади ва бўлажак Иншо оллоҳ! Мен Қуръонил Каримни ўқидим, ёд олдим. Аммо бошқалар каби шунчаки ўқимадим ва ёдламадим. Мен Қуръонил Каримни ўқиган ва ёдлаган пайтимда ниҳоятда сайъ-ҳаракатлар қилдим, яъни ҳеч бир ояти шарифани тушунмасдан ўтиб кетмадим. Унинг маъносини, яъни оятларнинг Қуръонил Каримдаги маъноларини ўз ақлим билан теран англашга ва идрок этишга жидду жаҳд қилдим,қиламан ва этажакман Иншооллоҳ»,-дедим.

Имом Аъзам менга: «Эй, Улуғ Амирим! Сиздай, улуғ амирга шогирд бўлсам майлими, ўзингизга мени шогирдликка олинг, сиздан илтимос, менга таълим берсангиз?»-деди.
Мен унга: «Менинг таълим беришга фурсатим йўқ! Менинг ҳаётим то умримнинг ниҳоясига қадар бир жангчининг ҳаёти кабидир. Умримнинг кўплаб вақтлари жангда ўтди, ўтаяпти ва ўтажак»-дедим.

Шунда Имом аъзам: «Афсус, мен Сизга шогирд бўлишни ният қилган эдим. Жон-жон деб шогирдлик бурчимни шу лаҳзадан адо этишга шай эдим. Аммо вақтингиз йўқ экан. На чора, зоримиз бору зўримиз йўқ, Улуғ Амирим!-деб қолди.

Хуросонга киришимдан учта мақсадни кўзлаган эдим.
1.Нишопурни эгаллаш. 2.Сабзаворни қўлга киритиш. 3.Бешруя шаҳрини кўриш. Айтишларига кўра, бу шаҳарда яшовчи аҳолининг ҳаммаси олим экан. Ҳатто, авомуннос таркибида ҳам донишмандларнинг бўлиши мени ҳайратга солган эди. Бу шаҳарчанинг аҳолиси-олимлари меҳнат қилишар, деҳқончилик этишар, қўй-қўзи, қора молларни парваришлашар экан.

Ҳайвонларнинг терисидан эса пойафзал тикишар экан. Шунингдек, Бешруя шаҳри атрофига туташ саҳрога чиқишиб, янтоқ чопишиб, дасталашар, уни шаҳарга уловларда олиб келишиб, у билан нон пиширишар, хуллас, озиқ-овқатни тайёрлашда ёқишиб ҳаёт кечиришар экан.

Тус шаҳрида икки ҳафта бўлганимдан сўнг, Сабзавор шаҳрини эгаллаш мақсадида у ердан қўшинимни чиқармоқни ният қилдим. Тўсатдан ёдимга машҳур шоир Фирдавсий ҳазратлари келди, яъни у зотнинг шеърларини ёшлигимда завқ билан ўқирдим. У зотнинг айнан Тус шаҳрида дафн қилинганликларини ҳам биламан. Фирдавсий ҳазратларининг қабрларини кўришни ният қилдим. Эшитишимча, улуғ шоирнинг қабри мусулмонлар қабристонида эмас, дейишган эди. Чунки Фирдавсий маълум бўлишича, Рофизия оқимига кирган, бу оқимга мансуб бўлганларни мусулмонлар қабристонига қўйишга одамлар рухсат беришмаган.
(Китобда Забиҳуллоҳ Мансурий берган изоҳ қуйидагича: рофизия, яъни шиъа оқимига мансуб, аммо баъзи ривоятларга асосан, Фирдавсийни куфрда айблашади. Айтишга тўғри келди. Фирдавсийнинг мусулмонлар, умумий қабристонида дафн этилмаслиги ривоятларга таяниб талқин этилади. Балки уларнинг бирортаси ҳам тўғри ҳам, рост ҳам эмасдур. Эҳтимол, Фирдавсийнинг ўзи одамларга васият қилган. Ўз боғига дафн этишларини, чунки қадимда ўзини бошқалардан айри бўлишини хоҳлаганлар ўз уйига дафн этишни ҳам васият этишган.

Фирдавсий ҳазратларини одамлар мусулмонлар қабристонига дафн этилишига рухсат беришмаган бўлсалар-да, у зотнинг жасадини ўз боғига дафн этишибди.
Сабзаворга жўнашимдан олдин Фирдавсий ҳазратларининг боғини кўрмоқчи бўлдим. Кўзим тушган боғ боғга ўхшамас эди. Боғ ўрнида менга ташландиқ ўт-ўланлар ўсиб, қуриб ётган бир ер саҳни намоён бўлди. Ўтлар орасидан дўппайиб турган бир тупроқ уюмига кўзим тушди. Ана шу тупроқ уюмини Фирдавсийнинг қабри бўлади, деб менга тушунтиришди.

Мен бу зотнинг қабри ёнида тик турдим ва бир лаҳза тафаккур денгизига ғарқ бўлдим. Шу ондаёқ ақлимни ҳайрат, вужудимни ваҳшат эгаллади. Нега энди шоир буюк Фирдавсий (у рофизий бўлса ҳам) шунчалик даражада одамларни тарк этиб, ўта аянчли ҳолатга тушган инсон бўлган? Ҳатто Тус аҳолисидан бирор киши ҳам унинг қабри узра биргина ҳам тош қўйишни хоҳлашмаган бўлса? Улуғ шоирнинг қабри йўқолиб кетмаслиги учун, унинг қабри ёнидан кетмасимдан одамларимга: Ҳозирнинг ўзида бугундан қолдирмасдан Фирдавсий қабри узра мўъжазгина қабр тоши ўрнатилсин. Улуғ шоирнинг қабри йўқолмасин, деб буюрдим.

Фирдавсий боғидан ҳали чиқмасимдан бурун тупроқ ва чанг босган от устида бир чопар олдимда пайдо бўлди. Отдан тушибоқ менга таъзим бажо айлаб, қўлини ички ёнасига солиб бир ўрамни, яъни хатни чиқарди-ю, шу онда менга узатди.

Мен бу чопарни яхши биламан ва танийман. У менинг салтанатимнинг ишончли ва доимий чопарларидан бири ҳисобланади. Ундан: «Қаердан келаяпсиз?»-деб сўрадим. У: «Самарқанддан»-деб жавоб берди. Мен ундан: «Тўхтамасдан келаяпсанми?»-деб сўрадим. Чопар: «Самарқанддан чиққанимдан буён от устидан тушмай, мана, ҳозир етиб келдим, Улуғ Амирим!»-деб жавоб берди.
Унга яна мен: «Бу номани менга кимнинг номидан олиб келдинг?»-деб савол бердим.
Чопар: «Хат Шер Баҳодирдан йўллангандир, Олампаноҳ!»-деди.

Мен Шер Баҳодирни Мовароуннаҳр ҳокимлигига ўзим тайинлаганман. Мовароуннаҳр давлатимнинг пойтахти эса Самарқандда жойлашган.
Хатни очдим. Хатда менга қуйидаги тартибда хабар баён этилган экан: «Шер Баҳодир Амирларнинг Буюги Амир Темур ҳазратларига: Тўхтамиш Обигун (Каспий) дарёсининг нариги томонидаги мамлакатнинг подшоҳи катта қўшини билан йўлга чиқмиш ва Мовароуннаҳрни қўлга киритиш ниятидадир. Мен, Шер Баҳодир, ўзим унга қарши курашишга тўғри келур, аммо ўзингиз ҳам бу ёғийга қарши биз билан бўлсангиз, келаётган душманни мамлакатимиз тупроғидан тезроқ ҳайдаймиз, иншооллоҳ. Улуғ Амирим, тезда сафарга отланинг ва Мовароуннаҳрга етиб келинг».

Мен бу пайтгача Тўхтамиш исмини эшитмаган эдим. Ва, албатта, билмайман, унинг мамлакати қаерда жойлашган экан? Обигун дарёсининг (Каспий денгизи) нариги тарафида экан, албатта. Инсон зоти билмайдиган мамлакатлар ва уларнинг подшоҳлари қанчалиги маълум эмас. Гўёки хабар келтирган чопар Тўхтамишни кўриб келгандай, ундан: «Тўхтамиш ўзи ким?»-деб сўрадим.
Шубҳасиз, чопар бирор маълумотга эга эмаслиги туфайли: «Унинг ким эканлигини билмасман, Улуғ Амирим!»-деб қўя қолди. Ва бир оздан сўнг: «Аммо биламан. У сизнинг давлатингиз ҳудудига ҳамла этмоқчи, ҳарбий юриш билан мамлакатни олишга қасд қилибди»-деб қўшимча қилди.

Мен унга: «Сен унинг лашкарини кўрганмисан? Унинг лашкарида неча нафар жангчи бор?»-дея савол бердим.
Чопар: «Йўқ. Мен Самарқанддан сиз томонга мактуб билан йўлга чиққанимда Тўхтамиш ҳали у ерга етиб келмаган эди»-деб жавоб берди.

Шер Баҳодир томонидан менга юборилган мактуб мазмунининг оқибатида Бешруяга юришни бекор этдим. Шу куннинг ўзидаёқ Мовароуннаҳрга томон йўлга тушишга аҳд этдим.
Мен барча лашкаримни катта тезлик билан Хуросондан Мовароуннаҳрга еткиза олмас эдим. Шунинг учун ҳам уч минг нафар жангда тобланган, жасоратли жангчиларни сайлаб олдим ва ҳар бирига биттадан қўшимча эргашма от улашдим. Сўнгра йўлга тушдик. Қўшинимнинг қолган қисми бизнинг изимиздан эргашишларини тайинладим. Мен яна шуни билардимки, биз Мовароуннаҳрга боргач, у ерда уйларида дам олиб, истироҳат этишаётган собиқ жангчиларимдан мукаммал бир Урду (армия)ни тузишимга кўзим етар эди. Бу билан Хуросондан олиб кетаётган лашкаримга йиғмоқчи бўлган мазкур армиям анча Улкан лашкар бўлиши аниқдир.

Биз туну кун тўхтамасдан йўл босдик. Отларнинг чарчашганини сезишим билан тўхташларига буйруқ берардим, токи аскарлар миниб келаётган отларини эргашма отлари билан алмашишларига фурсат берардим. Чарчаган отлар ҳам яна йўлда эргашма от бўлиб йўл босишарди.
Тусдан чиқиб йўлга тушганимизга бир ҳафта бўлгач, биз Марвга етиб келдик. Бу ерга келганимизда менга хабар етиб келдики, «Тўхтамиш орқага қайтибди!»
(Изоҳ. Форс тилида битилган тарихий манбаларда бу шахснинг исми Тўқтамиш деб ёзилган Забиҳуллоҳ Мансурий).

Марвда Тўқтамиш Қрим мамлакатининг сардори бўлиб, унинг жойлашган жойи Русиянинг жанубида экан.
У сон-саноқсиз лашкари билан Мовароуннаҳрни эгаллаш мақсадида чегараларимиз яқинига келибди. Тўхтамишнинг хавфини бар тараф этиш учун Шер Баҳодир аҳоли ўртасидан жангчиларни тўплай бошлаганидан хабардор бўлгач, у қўрқиб, изига қайтиб кетибди. Мен уни таъқиб этмоқчи. Унинг мамлакатини ва унинг ўзининг кимлигини ўз кўзим билан кўрмоқчи бўлдим. Бу ўзи қандай инсонки, менинг мамлакатимга тажовуз қилмоқни ихтиёр қилибди?
Аммо Қрим томон равона бўлишимизга мавжуд йил фасли шароит йўқлигини бизга билдирди.
Мен Русиянинг Сард Сир (Сибирь)да жойлашганини билардим. Қримга етиб бориш учун, албатта, совуқ ўлкалари бўлган Русиядан ўтишга тўғри келади. Қримга қўшиним билан боргунимча қиш фасли тушиб қолади. Хуросонга орқага ҳам қайтмайман. Тўқтамишнинг таъзирини бериш, қулоғини чўзиб қўйишни орқага ташлаб қўйдим.

Саккизинчи фасл
ХУРОСОНГА ИККИНЧИ САФАРИМ ВА САБЗАВОР ЖАНГИ

Хуросонда қолдириб келган қўшинимнинг бир қисми мендан сўнг, Мовароуннаҳрга кириб келди. Мен ўша йилни мамлакатни ободонлаштириш, қўшинларим таркибини қайтадан тўлдириш ва жиҳозлаш билан ўтказдим. Яна вақтимнинг айрим қисмини шиа уламолари билан баҳслар олиб бориш учун сарф этдим. Жаҳонгир ўғлим Хуросонда қолдирилган қўшинимни ҳам ўзи билан Мовароуннаҳрга олиб келар экан, яна тўрт нафар шиа уламоларини ҳам Мовароуннаҳрга олиб келибди. Шиа уламолари Самарқандда менинг меҳмоним бўлишди. Мен ўз одамларимга уларга нисбатан эҳтиромли бўлишларини тайинлаб қўйдим. Мен ўзимнинг ҳамишаги одатимга асосан, яъни уламо, шоирлар, меъморлар, усталар, ҳунармандларнинг ҳурматини қилиб келганман. Кундузлари уламоларни ўзимнинг қасримга (саройимга) таклиф қилардим. Нонуштадан олдин ва таом танаввул этиб бўлингач, мен шиа уламолари билан баҳслар олиб бордим.

Ўшанда мен шиа уламоларидан сўрадим: «Нақл ва ривоят билан келтирган далилларингизга ақлий далил келтирингларки, шиа мазҳабининг суннийларга нисбатан афзаллигини ҳеч қачон исбот эта олмайди»,-дедим. Улар икки ой Самарқандда менинг меҳмонларим бўлишди. Мамлакатларига қайтишларига етарли даражада пул ва биттадан отни уларга инъом этдим.

Келгуси йил баҳор фаслида менга хабар келди, яъни Сабзавор амири қўшин тўплаб Мовароуннаҳрга у билан ҳамла қилишни ният этибди. Мен эса ўша йили Русияга томон юриш этмоқчи эдим, яъни Русия орқали ўтиб Тўқтамиш билан жанг қилмоқчи эдим. Аммо Сабзавор амирининг қўшин тўплаши ҳақидаги хабарни эшитишим билан, Хуросонга қўшин тортишимга мажбур бўлдим. Яна Хуросон боришим зарур. Бир йил илгари Хуросон томон қўшин тортганимда унинг аҳолисини ғафлатда қолдираман деган эдим, лекин уларни ғафлатда қолдира олмадим. Ўтган йили Хуросоннинг бирорта ҳам интизомли ҳарбий қўшини йўқ эди. Энди Сабзавор амири ҳарбий интизомли қўшин йиғибди. Мен ҳали ўша қўшин ҳақида аниқ бир маълумотга эга эмасман.

Аммо мен биламан, ҳеч вақт душман қўшинини кичик, заиф, ожиз, забун деб ҳисоблаш ва тасаввур этиш мумкин эмас. Агар одам ўз рақиби-душманини кичик, заиф деб фараз қилса, у катта хатога йўл қўйиб, ўша кичик душман томонидан енгилиб, нобуд бўлажак.

Мазкур мулоҳазаларни ўз фикримдан ўтказиб, Хуросонга иккинчи бор ҳарбий юриш этишимдан олдин, йирик, мустаҳкам 120 минг кишилик қўшинимни жанговор сафарга тайёрладим.
Ушбу қўшинимни уч қисмга ажратдим. Ҳар қирқ минглик отлиқ аскарларга биттадан қўмондон-сафарда тайинладим. Биринчи қирқ мингликка ўзим, иккинчисига Жаҳонгир ўғлим, учинчисига Жаҳонгир ўғлимнинг иниси Умар Шайх ўғлим масъул бўлдик.

Мен ўғилларимга бирор қарорга келишдан олдин, жангларда тобланган кекса зобитлар билан маслаҳат этишни ор билмасдан, ўзларининг ёшликларига мағрурланмасликларини тайинладим. Биз ҳар қандай бир мамлакатга кирар эканмиз, у ердагилар бизни дўст эмас, душман ҳисоблаб, ҳар бир қўйган қадамимизда бизга нисбатан ҳар бир хуросонлик қўлида шамшири ёки найзаси билан бизни ўлдиришга пистирмада тургандай шай туришади.

Агар сизнинг лашкарингиз бир бегона душман мамлакатида пароканда бўлса, бу ҳолатда сизнинг ҳалок бўлишингиз аниқ бўлади. Сизлар ҳамжиҳат бўлиб, ҳаракат этингизларким, ана ўшанда, сизлар душман устидан ғолиб бўла оласиз. Менга етиб келган хабарларга кўра, Хуросон ўлкасининг шимолида бир неча қабила мавжуд экан. Бу қабилаларнинг эркаклари жангари эканлар. Бу қабилаларнинг баъзилари кўчманчилар минтақасида яшашар ва бошқалари туркманлар даштида истиқомат этишар эканлар. Кейинги менга етиб келган маълумотларга кўра, Сабзавор шаҳрининг амири худди шу мазкур қабилалардан мадад олишни режалаштирган экан. Шунинг учун ҳам Хуросонга киришимни режалаштирдимки, яъни кўчманчилар минтақаси орқали Тусга ўтиб, сўнгра Сабзаворга бормоқ ниятим эди. Ўғлим Жаҳонгир Асфариён йўлидан ўтиб, Жуйин орқали Сабзаворга, иккинчи ўғлим Умар Шайх эса туркманлар даштидан тўғри Сабзаворга ўтишида Мазинон орқали сабзаворга бориши лозим эди. Ушбу режа амалга оширилган тақдирда биз Хуросон шимолида истиқомат этишаётган ўнлаб қабилаларни ўзимизга бўйсиндира олган бўлардик. Агар мазкур режани амалга ошириш жараёнида ҳар қанақа душманлик сезилиб қолган тақдирда уни бартараф қилишимиз зарур эди.

Мен қўшиним билан Қучон мавзеъига етиб келганимда бақувват, баланд, алп келбатли мардларни кўрдим. Устларида кигиз кийим бўлиб, қўлларида узун йўғон таёқларни ушлашган, баҳор фасли бўлгани билан ҳали қиш совуғи бу ерлардан кетмаган эди.
Уларнинг қўлларидаги узун таёқлари гарчи қуроллари ҳисобланса-да, менинг қўшинимни ўтиб бораётганини кўриб турсаларда, биз бегоналарга ҳамла қилишмади. Уларнинг бизни кузатиб туришларидан ва нигоҳларидан менга шу ҳолат маълум бўлдики, бизнинг улкан қўшинимиздан ҳайиқишмаётганликларини, пинакларини ҳам бузишмасдан кузатишаётганликларини кўрдим. Бу одамларнинг баъзилари кўзлари қора бўлса-да, сочлари қизғиш, малла рангда эди. Улар бир ғаройиб тилда на форсча ва на арабча сўзлашишар экан. Маълум бўлишича бу халқни курдлар деб аташар экан. Улар аслида Курдистондан (ҳозирги Эроннинг Ироқ, Сурия, Туркия чегараларида жойлашган минтақа) ҳижрат қилишиб, Қучон (ҳозирги Эроннинг Хуросон остони Машҳад, Туркманистоннинг Эрон чегаралари ҳудудида) да истиқомат этишаётган экан.
Курдларнинг бақувватликларини кўриб, мен уларнинг бир нечтасини ҳузуримга чақиртирдим. Таржимон ёрдамида улар билан суҳбат қурдим. Уларга савол бериб: «Хоҳлайсизларми, менинг қўшинимда хизмат қилишни?»-дедим.
Улар ҳам мендан: «Ўзингиз ким бўласиз?»-деб сўрашди.
Мен: «Менинг исмим Темур, Мовароуннаҳр давлатининг султониман, яқин кунларда Хуросоннинг Султони ҳам бўламан»,-дедим.
Курдлар: «Биз ўз оиламиз, фарзандларимиз ва туғилган юртимиздан узоқлашишни хоҳламаймиз, аскарликни ҳам ихтиёр қилолмаймиз, ҳарбийликка эҳтиёжимиз ҳам йўқ. Бу дамларда биз чорвачилик билан бандмиз, унинг изидан биз оиламизни боқамиз»,-дейишди. Курдлар гарчи бақувват, қоматли бўлишса-да, беозор бўлишганликлари туфайли, менга улар хавф-хатар пайдо қилмадилар ва мен қўшиним билан Тус шаҳри (ҳозирги Эрондаги Фирдавс шаҳри) томон йўл олдим. Бу шаҳарда Фирдавсийнинг қабрини бориб зиёрат этмоқчи бўлдим. Зиёратга борганимда Фирдавсийнинг қабри эканлиги хақида бирорта ҳам ном нишон: тош, тахта ҳам йўқ экан. Зиёратдан сўнг, бу буюк зотнинг қабри узра тошда исми Фирдавсий тахаллусини араб ёзувида ҳамда унинг шеърларидан форс тилида ёздириб қабрни обод этишларини буюрдим.

Фирдавсий ҳазрат-
ларининг қабрларини зийнатлаганимдан сўнг, у зоти бо барокотнинг руҳи поклари шод бўлгач, шиддат билан Тус шаҳридан Ғарбга-Нишопурга томон қўшиним билан етиб келдим.
Нишопур шаҳри вайрон ҳолатда бўлиб, атрофидаги овуллар ва қишлоқлар обод эди. Нишопур шаҳри ёнида қўшинимни ҳарбий сафарбарликка даъват этдим. Ҳа демай, Сабзавор шаҳри амирининг лашкари билан тўқнаш келишимиз мумкинлиги ҳақида огоҳ этдим. Ўзимнинг жангчиларимдан бир неча кишини душман қўшини биздан қанча масофада турганини билиш учун юбордим.

Хуросон ҳудудига қадам қўйганимиздан буён ўғилларим ҳақида бирорта ҳам хабар йўқ эди. Жаҳонгир ва Умар Шайхларнинг қаердаликларини ҳам билмасдим. На улар менга бир хабар беришарди ва на мен улар қай вазиятда эканликларидан воқиф бўлсам. Ва на мен ўзим ҳақимда уларга бирор хабар етказа олсам. Душман мамлакатида бўлгач, бир жойдан бошқа жойга чопар юборишнинг имконияти йўқ эди. Жангнинг бошланиши лаҳзалари тобора яқинлашаётган эди. Лашкаримни шошмасдан ҳаракат этишларини тайинладим. Бу билан сарбозларимнинг ўзлари ҳам, отлари ҳам нафасларини ростлаб, бўлажак жангда шиддат билан жанг қилишларига имконият яратдим. Бир лаҳзада атрофимиздаги жойлар жанг майдонига айланиши ҳаммамизга маълум эди. Албатта, Сабзавор амири менинг Хуросонга қўшиним билан кириб келганлигим ҳақида хабари бор. Шу яқин ора фурсатда Сабзавор амири ўз қўшини билан рўпарамдан чиқиб қолса керак, деган фикр мени тарк этмай ҳушёрликка борган сари жиддий тарзда ундарди.

Аҳволни билиш учун юборган жангчиларим узоқдан бир қўшин кўринмоқда деган маълумотни беришди. Бу хабарни эшитибоқ, Сабзавор амири ўз лашкари билан истиқболимга келаётганлигини тушуниб етдим. Бу душман қўшини қанча ва қандай эканлигини билиш мақсадида баланд бир тепаликка от чоптириб чиқиб бордим.

Бир қарашдаёқ Сабзавор амирининг қўшини пиёда аскарлардан таркиб топганини кўрдим. Бу вазиятни кузатиб, гарчи душман қўшини пиёдалардан тузилган бўлса-да, ҳарбий интизомли эканлигини тушуниб етдим. Шунақанги кенг, бепоён водийда шимол томондан биз тарафга, жанубга келаётган эди. Душман қўшинининг шимолий қаноти, марказ ва жанубий қанотлари орасида деярлик фосила йўқ эди. Сабзавор амирининг пиёдалари жонли девор янглиғ бир-бирлари билан жипслашган ҳолда тобора биз томон яқинлаша борди. Мен Сабзавор амирининг интизомли лашкарига ўта ҳавасим келди. Лашкарнинг ҳарбий интизомли бўлиши шундан далолат берадики, Сабзавор амири дарҳақиқат, жангларда тобланганлиги боис жанг майдонини идора қила олишига ишонч ҳосил қилдим.

Тахминимча, унинг қўшини етмиш минг киши бўлса керак, деб ўйладим. Айни лаҳзада менинг қўшиним қирқ минг кишидан зиёд эмас эди. Аммо менинг қўшиним аскарлари от устида эдилар, Сабзавор амирининг қўшини эса пиёдалардан иборат эди…

Бунақа ҳарбий интизомга эга бўлган душманнинг лашкари билан юзма-юз бўламан деб ўйламаган эдим.  Ўзимнинг ўнг қанотим (жуноҳе шимолий)нинг қўмондони зобитларидан бири Қулур Бек-бўйи пастроқ, аждоди мўғуллардан, журчал соҳиби, чап қанотим (жуноҳе жанубий)нинг қўмондони Ургун Читин бўлиб, аждоди читинлардан, муқаддам таърифлаганимдек, бу қавм аҳли ит гўштини танаввул этишади. Мен уларнинг бу одатларини улардан тарк эттирганман. Ургун Читин ҳам ўзининг қабиладошлари каби қўрқув нималигини билмас эди. Аждодлари каби жуда кўп овқат ер эди. Ўзим эса қўшинимнинг марказига қўмондонликни масъулиятимга олган эдим.

Душман қўшинини мазкур тепадан кузатиб туриб, душманга отлиқларим билан ҳамла қилишга азму қарор қилдим. Душманнинг қуролли жонли мустаҳкам ҳаракатдаги деворини ёриб ўтишга аҳд қилдим. Икки қанотларимнинг қўмондонлари эса, нима қилишлари зарурлигини билишарди. Улар огоҳ эдиларки, жанг майдонидаги Сабзавор амири қўшини пиёдаларини пароканда этишлари зарурлигини, ҳар томонга сочилганларни ўртага олиб, барчаларини тиғдан ўтказишлари, таслим бўлганларга эса, раҳм-шафқат этиш тайинланган эди.

Ҳали икки қўшин орасидаги масофа анча узоқ эди. Мен ўз отлиқларимга ҳамла этишлари учун фармон эта олмас эдим. Борди-ю, шу лаҳза Сабзавор амири қўшинига ҳамла этишга фармон берилган тақдирда, душман қўшинига ҳамлага отлиқлар от чоптиришса, узоқ масофани босиб ўтган отлар ҳансираб чарчаб қолишлари турган гап эди.

Жанг майдонида мен ўзимга нисбатан ҳам қаттиққўлман. Мен ўзимга раҳм қилмасмен ва, шунингдек, жанг пайтида бошқаларга ҳам раҳм қилолмайман. Жангчиларим мени ҳеч қачон чарчаган ёки хавфдан қўрққан ҳолатимни кўришмаган. Энг хавфли вазифаларни фақат мен ҳал эта олганлигимни ҳам улар ўз кўзлари билан кўришган.

Биз Али Сайфиддин қўшинига етиб тўқнаш келганимизда шиддатли қаршиликка дуч келдик. Ҳаттоки, Али Сайфиддиннинг аскарлари камончиларимиз томонидан берилган зарба туфайли аралаш-қуралаш бўлишига қарамай, душман аскарлари яна ҳам жипслашишиб, ўзларининг узун найзалари билан бизнинг шиддатли ҳаракатимизга ғов бўлмоқчи бўлишди… Ҳар бир найза бир от ва бир жангчимни пиёдага айлантириб, ўзини ўнглаб олишга улгурмай нобуд бўла бошлашди… Пиёда бўлиб отидан маҳрум бўлган айрим жангчиларим ёнидаги жангчимнинг отига миниб, опичиб олиб душман қўшини билан кураша бошлашди.

Али Сайфиддиннинг аскарлари бизнинг отлиқларни ва отларимизни нобуд этишаётган бўлишса, баъзилари устимизга палахмонлар билан тошлар ёғдира бошлашда давом этишди. Ана шундай ҳалокатли тош зарбалари бақувват-норғул йигитларимни от устидан қулатиб нобуд қиларди…
Жанг майдонида менинг ихтиёримдаги Марказ ҳарбий қисмимнинг аҳволи танг бўла бошлади… гарчи шундай вазият бўлишига қарамай, мен ҳамлани тўхтатмадим. Борди-ю, мен агар ҳамлани тўхтатиш ҳақида фармон берсам, бизнинг мағлуб бўлишимиз аниқ эди.

Жанубий қанотимнинг саркардаси Ургун читин ўзининг ихтиёридаги йигитлар билан душман қўшинини саросимага тушиш ҳолатини бир мунча чўзиб туришга муваффақ бўлган эди. Бунинг оқибатида Али Сайфиддиннинг қўшини чекинишга мажбур бўла бошлади.

Шимолий қанотимнинг саркардаси Қулур Бек илгарилашга уринар эди-ю, аммо мен марказда жанг этаётганлигим боис, унга яқинлашишга, қўшилишимга имкониятим йўқ эди. Чунки, Али Сайфиддин ўзининг энг сараланган жангчиларини марказга менга қарши ташлаган эди.

Палахмондан отилган тошлар ёмғири остида жанг қилаётган эдик. Шундай тошлардан бири бошимдаги мағфарга келиб зарб билан урилди. Агар бошимда мағфарим бўлмаганида бошим тарса ёрилиб, от устидан ерга беҳуш бўлиб йиқилардим. Мен душманнинг сараланган жангчилари билан жанг қилаётганлигимдан рози эдим, яъни бу жангнинг энг оғир ҳал этувчи ҳолатлари менинг масъулиятимга юкланган эди. Мен на ташвишга тушардим ва на қўрқардим.

Кимки жанг майдонига киргандан сўнг, даҳшатга тушиб жангдан қўрқса, ундай жангчи жангнинг илк лаҳзаларидаёқ нобуд бўлиши муқаррар.

Лашкарларимнинг иккала қаноти ҳам душманни жанг майдонидан сиқиб чиқариб илгарилаб ҳаракат қиларди. Мен эса марказда анча талафот кўриб турибман. Лекин Али Сайфиддиннинг мен билан жанг этаётган аскарларини бартараф қила олмай курашмоқда эдим. Шундай ҳолат бўлишига қарамай, бир гуруҳ душманнинг қўшинидан жангчиларни одамларим асирга олишга аллақачон улгуришибди. Маълум бўлишича, асирлардан бири Сабзавор амирининг укаси Муҳаммад Сайфиддин экан.

Жанг аср намозининг охирги дақиқаларига қадар чўзилди. Бу вақт оралиғида иккала қанотларим анча илгарига қараб, душманнинг аҳволини тобора танг ҳолатга келтира бориб ҳаракат қилишаётган эди. Сабзавор амири бундоқ қараса, унинг ихтиёридаги марказ қўшинлари қамалга, сиқувга тушишлигини тушиниб етди, шекилли, мен эса ҳамла устига ҳамла қила туриб, душманнинг сараланган, тобланган марказдаги жангчиларини ўзларининг қанотлар қўшинлари билан бирлашишларига йўл қўймай, уларнинг тинкаларини қуритиш пайида бўлдим.

Али Сайфиддин вазиятни кузатар экан, жанг шу зайлда давом этса, унинг Марказ қўшини ҳадемай қамалга, яъни ниҳоявий сиқувга тушажагини тушиниб етди. Худди шу жасоратли аскарлари марказда шиддат билан фидокорона жанг этишаётган бўлишса-да, уларни орқага чекинишлари ҳақида фармон содир этди. Ана шу тартиб билан бу жанг ҳам менинг муваффақиятим билан якун топди.

Мен чекинаётган душман қўшинининг изидан таъқиб этишим зарур эди, яъни таъқиб этиш билан қолган душман қўшинини охирига қадар тор-мор қилишим мушкул эди. Аммо мен икки сабаб билан уни таъқиб этмадим, яъни бири қуёш уфққа бош қўяётган пайт эди. Тезда қош қорайгач, қоронғуда, мен агар Али Сайфиддинни таъқиб этар эканман, душман ўз мамлакати жойларини яхши билгани туфайли, мени йўлдан адаштириши мумкин эди ва мен, албатта, хатарли вазиятга дучор бўлардим.
Иккинчи сабаби: менинг кўпчилик жангчиларим ярадор ва ҳалок бўлишиб, жанг майдонида ётишарди. Мен қолган қўшинимни таъқибни адо этишда заиф деб билдим.

Мен ўғилларимнинг келишларини ва менга келиб қўшилишларини сабр қилиб кута бошладим…
Жанг хотима топгач, мен ўзимнинг зобитларимни жанг жараёни ҳақидаги фикримни шарҳлашим учун ўз қароргоҳимга ҳозир бўлишлари ҳақида фармон бердим.

Али Сайфиддин қўшини билан менинг қирқ минглик қўшиним ўртасида бўлиб ўтган жангдан сўнг, менинг ўн беш минг аскарим ҳалок ва мажруҳ бўлишибди. Биз қирқ минг кишидан иборат лашкар бўлсак-да, душманнинг етмиш минг кишилик қўшини билан жанг қилган эканмиз. Сабзавор амирининг жангчилари ҳам жуда яхши жанг этишди.

Али Сайфиддиннинг иниси Муҳаммад Сайфиддинни асирга олишгани туфайли, уни менинг қароргоҳим ёнида сақлашларини ва доим назорат этиб туришларини тайинладим.
У билан суҳбат этиш баҳонасида, акасининг қўшини вакили ҳақида айрим маълумотларга эга бўлиш мўлжалим бор эди.

Хуфтон намози вақти бўлиб қолган эди. Муҳаммад Сайфиддин жойлашган чайласида намоз ўқий бошлади. Қулурбек саркардаларимнинг шижоатлиларидан бири менга ишора қилиб: «Амирим, қаранг, қаранг, унинг намоз ўқиши бир қизиқча-ку?»-деб таажжуб билан гоҳ унга ва гоҳ менга қараб савол берди. Мен дарров тушуниб етиб, нега Қулур Бек ажабланаётганини билдим. Қулур Бекка жаҳл билан: «Намоз ўқишининг нимаси сени бунчалик ажаблантирмоқда?»-деб ундан ғазаб билан сўрадим.

Қулур Бек: «Бу одам намозини ўқиш жараёнида қўлларини бизлар каби тутмай, қўлларини икки ёнига туширган ҳолда ўқир экан?»-деб узр оҳангида гапирди.
Мен асир олинган Сабзавор амирининг иниси Муҳаммад Сайфиддин билан акасининг қудрати ва қўшини ҳақида билиш учун суҳбат қилдим.

Ўша куни шомга яқин менга хушхабар келди, яъни Жаҳонгир ўғлим ихтиёридаги қўшин Хуросоннинг Эсвариён ва Жавин йўлидан келаётганлигини одамларим кўришибди. Тун ярмидан ўтгач, ўғлим ўз қўшини билан келиб менга қўшилди. Мен Жаҳонгир ўғлимдан укаси Умар Шайх ҳақида бирор хабари борми ёки йўқлигини сўрадим. Жаҳонгир ўғлим менга укаси ҳақида, умуман, бирорта ҳам маълумотга эга эмаслигини айтди. Аммо келишувга биноан, Умар Шайх билан Мазиқоқ деган жойдан ўтиб, жануб тарафга Сабзаворга ҳаракат этишлари зарур эканлигини айтди.

Жаҳонгир ўғлимнинг соғ-саломат ўз қўшини билан келиб, менга қўшилиши бизнинг жангчиларимизга руҳий мадад бўлди ва биз яна бир бор Али Сайфиддинга ҳамла этишга шай бўлдик.

…Умар Шайх ўғлим негадир келмаётганлиги учун, ички изтиробга туша бошладим. Унинг ихтиёрида ҳам қирқ минг отлиқ аскарларим бўлиб, у ўз қўшини билан Мазиқоқ йўли билан Сабзаворга яқинлашиши ушбу дамларда зарур эди. Аммо ундан ҳанузгача бирорта ҳам хабар менга етиб келмаган эди. Мен Жаҳонгир ўғлимга уч минг отлиқ аскарларни бериб, Мазиқоқ йўли билан шимол тарафга қараб ҳаракат қилишини, Умар Шайхнинг қўшини қаерга етиб келганлигини таҳқиқ-аниқлашини ва унинг аҳволи қай тарзда эканлигини билишни тайинладим.

Жаҳонгир ўғлим мен унга ажратиб берган мазкур отлиқларни олиб, укаси Умар Шайхни излаб йўлга тушди. Биз эса шаҳарни қамал қилишда давом этдик. Биз ҳар куни камон ўқи учига таслим бўлишлари ҳақида қамалдагиларга хат йўллай бошладик. Мен у хатларга қуйидаги мазмунда: «Эй, Али Сайфиддиннинг аскарлари, қамалдагилар, бизга қаршилик кўрсатишни тўхтатингизлар. Бизга шаҳарни берсаларингиз, ўзларингиз, оилаларингиз, уй жойларингизга зарар етказмаймиз. Тирик қолишни хоҳласаларингиз, таслим бўлингизлар!

Акс ҳолда, шаҳарнинг охирги тирик жонигача қириб ташлаймиз! Хотинларингиз, фарзандларингизни асирга олурмен ва қул қилурмен!»
Менинг мазкур тарздаги таҳдид ва огоҳларим шаҳар мудофаъчиларига заррача ҳам таъсир этмаётганлигини тушундим.

Бир куни мен шаҳар амири номига камон ўқи билан хат жўнатдим, яъни аср намози вақтида шаҳар девори устига келиб шаҳарни қай тарзда қамал қилиб турилганини ва бу манзарадан хулоса чиқариши лозимлигини хатда баён қилган эдим.
Аср вақтига яқин, илгари зикр этиб ўтганимдек, Сабзавор амири менинг тенгдошим эди, унинг эътиқоди шиа эди. У девор устида пайдо бўлди.

Мен укаси Муҳаммад Сайфиддинни менинг ёнимга асир ҳолда олиб келишларини буюрдим. Биз анча шаҳар деворларига яқинлашиб келдик. Бизнинг ҳам камончиларимиз ҳушёр бўлиб, ҳар бир девор устида бўлаётган ҳаракатларни назардан қочиришмай, ҳушёр ва диққат билан кузатишларини тайинладим. Борди-ю, шаҳар мудофаачилари бизга камондан ўқлар ёғдиришса, булар ҳам жавобан камонларидан душманни ўққа тутишлари зарур эди.

Лекин шаҳар девори устида турган Али Сайфиддиннинг атрофидаги камончилар қуролларини елкадан тушириб бизга ўқ отмасликлари ишорасини билдиришди.
Менинг жарчим шаҳар деворидагиларга эшитиладиган даражада овоз билан менинг номимдан Сабзавор амирига қарата мурожаат эта бошлади: «Эй, Али Сайфиддин, агар шаҳрингнинг дарвозаларини очмас экансан, шаҳарни топширмас экансан, гапнинг қисқаси, кўз ўнгингда уканг-жигаринг ҳалок бўлғай, яъни боши танасидан жудо бўлғай».

Али Сайфиддин томондан ҳам хитоб келди: «Эй Темур Бек! Сизнинг асирингизга ижозат борми, у ўзи гапирса?»-деди.
Мен томондан жарчим жавобимни унга эшиттирди: «Ҳа, жавоб бера олади»-дедим.

Шунда Али Сайфиддин укасига қарата хитоб билан: «Сенинг тирик қолишинг учун, биз шаҳарни душманга таслим (топширишимизга) этишимизга розимисан. Ўзинг яхши биласан, биз қаршилик кўрсатамиз десак, бу сенинг ўлимингга сабаб бўлади», деб мурожаат қилди. Акасининг айтганларидан Муҳаммад Сайфиддин ўзига ўлимни афзал билиб: «Қаршилик кўрсатинглар!»-деб менга: «Эй, Темур, жаллодингизга амр қилинг, бошимни шу онда танамдан жудо этсин»,-деди.

Мен ўзимнинг хитобчимга Муҳаммад Сайфиддинга нимани айтсам, ана шу айтганларимни баланд овозда такрорлаб, Сабзавор амири эшитадиган даражада эшиттириб айтишини тайинладим.
…На чора, укангни қатл эттираман, токи укангнинг ташвишидан мен халос бўлай, у ҳам биздан осонгина қутилсин»-дедим-у, жаллодга ишора этдим. Бир лаҳзада жаллод Муҳаммад Сайфиддиннинг муборак бошини танасидан жудо қилди. Бу манзарани кўриб турганлар, девор устидагилар оҳ-нола тортишиб йиғлашга тушдилар…

09

(Tashriflar: umumiy 701, bugungi 1)

1 izoh

  1. Asarni juda ajoyib va ibratli, ammo yuklab olishda turli qiyinchiliklar bisyor. Jumladan, hisobida mablag‘ bo‘la turib e-maili bo‘lmagan inson sotib ola olmaydi

Izoh qoldiring