Sohibqiron Amir Temur hikmatlari & Xurshid Davron. Sohibqiron volidasi Takinamohimbegim allasi

0_14b916_e631e00a_orig.png9 АПРЕЛ — СОҲИБҚИРОН АМИР ТЕМУР ТУҒИЛГАН КУН

Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Уларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини ўтиндим. Дарвеш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва ҳеч бир талабларини рад этмадим. Бузуқи ва оғзи шалоқ ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага туҳмату ғийбат қилсалар қулоқ солмадим.

СОҲИБҚИРОН ҲИКОЯТЛАРИ
ВА ҲИКМАТЛАРИ
08

Бир куни падари бузрукворимиз — Амир Тарағой баҳодир кўп қўйларни менга бериб, Самарқанд бозорига савдога йўлладилар. Қўйларнинг ҳаммасини минг олтинга сотиб, пулларни белга боғлаб сайр қилиб юрур эдим. Бир ерда хушовоз қаландар одамларга сўзлаб турғон экан: қўлида қоғоз — шеър битилган, у дер эди:
— Шул ёзувнинг қадрига етиб, ким минг олтунга олса, дунёнинг охирига етади…

Ҳимматим жўшиб, минг олтунни қаландарга тутқаздим. У менга тикилиб турди-да, сўнг насл-насабимни сўради. Айтдим. Сўнг тайин қилди:
— Отанг олдига боргил, буни отанг олдида ўқи, борғунча очма…

Қоғозни келтириб, падари бузрукворга бердим. Очиб ўқидилар. Форсча рубоий экан — маъноси қуйидагича: зулм билан дунёда ном қолдириб бўлмайди. Жамшид, Сулаймон, Искандарлар ўлиб кетди, навбат сенга ҳам етиши тайин. Дунёга келдингми яхшилик билан ном қолдир…

Рубоийнинг муаллифи — ўшал қаландар-аллома шоир Қамол Хўжандий эркан. Ул зотни падари бузрукворимиз кўп ҳурмат қилар эрканлар.
— Баракалло, ўғлим, кўп доно ишга олтунларни сарф этибсан. Энди, минг олтунға олгон ушбу ҳикматга қатъий риоя қилмоқ лозимдур…

Падари бузрукворнинг айтқонларини бош устида тутдим.

* * *

Қарши қалъасин забт этолмай, дилга кадар тугиб қайтмоқда эдим. Қизилдарёдан кечиб, бир қишлоққа қўндик. Мен бир кулбани ихтиёр этдим. Унда ушоққина кампир яшар, тирикчилиги ёлғиз эчкидан эркан. Мен момодан бирор овқат қилиб бермоқни ўтиндим.

Момо олдимга атала тўла товоқ келтириб қўйди. Оч эрдим. Оғоч кошиқни товокдаги аталага мўлдириб, ютоқиб еган эдим, оғзи-тилим куйгандан-куйди. Шунда момо деди:
— Сен-да Амир Темурга ўхшаш шошқолоқлардан экансан.
— Темурбекнинг шошқолоқлигини кайдин билдингиз, момо,— сўрадим.
— Эшитишимча, Амир Темур Қарши қалъасига тик бориб, уни ололмабди. Магарки, аввал калъа атрофидаги кичик-кичик қишлоқ ва маҳаллаларни эгаллаб, куч тўплаб, сўнг қалъага хужум қилмоқ лозим эди. У эса бир йўла бекликни олмоқчи бўлдию, шашти синди…

Шунга ўхшаш сен ҳам шошдинг ва оғзингни куйдирдинг. Аталани аввал товоқнинг гирдидан олиб, секин-секин ялаб кўради, совуганини билгач, сўнгра қошиқни тўлдириб ейди-да…

Шунда хатойимни англагандай бўлдим. Ва дедим:
— Дархон момо, ўшал шошгич Амир Темур мендирман. Танбеҳингизни бош устига олдим. Тиланг тилагингизни…

Дархон момо одамлар учун ариқ казиб, сув чиқариб беришни сўради. Орадан кўп ўтмай Танқос дарёсидан ариқ қазиб, сув чиқариб бердим.

* * *

Қарши қалъасин забт этиб, музаффарлик туғи бирла қайтар эдим. Кечда Қўкбулоққа етиб, шу ерда тунамоқни ихтиёр этдик. Навкарларни хонадонларга тақсимлаб, ўзимиз сой бўйида яшил чодир тикдик.

Субҳидам атрофга разм солмоқда эдим. Иттифоқо, бир аёл кишининг от етаклаб, сой томон кетмоғига назаримиз тушди. Шунда бизни ўй чўлғади. Мулозим йўллаб, ул ожизанинг эркагини топдириб келтирдик.
Савол айладик:
— Нечук, завжангизни от суғорғали йўллайсиз? От суғормоқ эркак кишининг хизмати-ку?!
— Соҳибқирон,— жавоб айлади ул киши,— от боқиш ҳам, от суғориш ҳам, эркакнинг юмуши эконини биламан. Аммо уйимга қоплонсифат тўрт навкаринг тушибдир. Уларнинг ниятин билмасман. Шул боисдан аёлимни от суғормоққа йўллаб, уйда қолган икки бўйдор қизимни қўриқламоқ истадим…

Биз мулоҳазага берилдик. Ва ўз хатойимизни англаб, ҳамишалиққа қарор бердик: бундан буёғинда навкарлар конадонларга жойлаштирилмасин. Навкарларим яланг ўтлоқ ва сувлоқ жойларда чодирларда умргузаронлик қилишсин.

Кўкбулоқ қишлогига қуёш мўраламасданоқ навкарларни хонадонлардан чиқарилиб, чодирларга жойладим ва шу тариқа эл осойишталигини таъмин этдим.

* * *

Самарқанд тахтини эгаллаб, азим Мовароуннаҳр бизнинг ҳукмимизга киргач, юртда адолат ўрнатмоққа аҳд этдик. Аркону давлат атрофинда кўп нобакор мардумлар ин қўймоқчи эрди. Инчунин, уларнинг замзамасидан хуноб бўлиб, бир тадбир буюрдим: «Мусаввир келган арзигўйнинг суратин чизиб, менга киритсин. Арзигўйнинг қиёфатига боқиб, қабулимни айтармен…»

Мусаввирлар саройга келганларнинг сувратин чизиб, менга киритишар, арзигўйнинг пешона, бурун, даҳан, кўз ва бошқа сифатларига қараб, унинг мақсад ва феълини олдиндан билиб турардим. Бадфеъл ва хиёнаткорларни қабулимга йўлатмаслик ҳаракатида бўлдим. Бунда пирим — шайх Шамсиддин Паррандадан «Илми қиёфа» — қиёфага қараб баҳо бериш ва олдиндан тақдирни башорат этиш илмини мукаммал эгаллаганлигим ғоят қўл келди.

Иттифоқ, бир арзигўйнинг сувратин келтиришди. Сувратга тикилиб, анинг ғийбат ва бўҳтонга ружу қўйганин англадим. Қабул буюрмадим. Аммо ул киши мулозимларга зўрлик билан ҳузуримга ғавғо солиб кирди.

— Соҳибқирон,— дерди у киши,— сиз ҳақсиз. Қейинги умримда мен-да кўп қатори ғийбат ва бўҳтонга ружу қўйдим. Аммо илгари чин кўнгил киши эрдим. Найлайки, замон зайли мени шу куйга солди… Ортиқ чидашим мушкул… Арзим ҳам замона зайлидандур. Файз берувчи суҳбатингдан маҳрум этма!..

Шундан сўнг қабулга изн бердим. Мулозимлар бу кишини хос хонага бошлашди.

* * *

Қўл остимизга ўн тўрт мамлакат раийяти жам бўлғонда, Самарқанд келиб катта тўю томошалар бердик. Зиёфатларга яқин-йироқдин барчани чорладик. Одамлар кўп кунлар тўкин дастурхон атрофида бўлишиб, тўйғунча еб-ичишди.

Зиёфатга келғонларнинг бариси шодумон эрди. Зиёфатлар тугади. Қелғонларни янада хурсанд этмоқ ниятида (рўзғорига, бола-бақрасига яратар деган умидда) ҳар бир меҳмонга бир бошдан ҳисори қўй туҳфа этмоқни буюрдим. Баковуллар ҳар кишиға биттадан қўй тутқазиб, жўнатаверишди…

Бехос, хаёл олди: меҳмонларим ростдан-да мамнунмикан? Усти-бошимни ўзгартириб, зиёфатдан қайтаётган одамлар тўдасига кирдим.

Чаҳор йўлда одамлар куйманишар, дала-даштда ўсган қўйларни судраб, уддасидан чиқолмас эрди. Айниқса, беш-олти пудли ҳисори қўчқорни етаклаб олган киши қўйни ҳарчанд тортмасин ўрнидан кўзғатолмас эрди. Шунда ул киши тутоқиб деди:
— Қўйнику беришга бердинг, бир қулоч арқонни қизғаниб нима қилардинг. Бир қулоч арқон билан бойиб қолармидинг, эй подгцоҳи зиқна…

Бу киши фикрига қўшилғонлар бўлди. Шунда эл кўнглини, одамлар кўнглини олмоқ накадар мушкул эканини англадим. Қейин ушбу сабоқдин хулоса олиб, нуқсонларга асло йўл қўймаслик тадорикини кўрдим.

* * *

Шом сари юриш олдидан Қорабоғда чодир тикиб узоқ туриб қолдик. Ҳарбу зарб машқларини пухталамоқ учун қўшин ичинда бўлиб очиқ ҳавода тунадик. Кўп вақт ўтказиб, сафар олдидан чодирга қайтсам, ажиб манзаранинг гувоҳи бўлдик. Бизнинг йўғимизда чодир туйнугидан икки кабутар тушиб, жуфту ҳалоллик қилмишлар. Улар бизнинг хос ўриндиққа хас-хашак-ла ин қуриб, бир тухум босиб ётур эди.

Тангри таолонинг бу беозор жониворларига халал етказмаслик учун чодирни ўзга қилдик. Эртаси куни, сафарга жўнар аввалида, тўрт нафар навкарни мулозим бирла қолдирдик. Уларга тайин этдикким:
— Тангри таолонинг беозор қушлари тухум очиб, палопонлари учурма бўлғунча, шу ёнда бўлурсиз. Палопонлар учиб чиққоч, чодирни йиғиб, ортимиздан етиб борғайсиз…

Шом сафарига отландик. Жониворлар борасида тузган тадбиримиз тангри таолога хуш ёқиб, зафар туғимизни ҳилпиратди…

* * *

Азиз авлиёлар, саҳобалар мақбараларини, қутлуғ қадамжоларни зиёрат этмоқни ҳам фарз, ҳам қарз билур эдим. Қайда бўлмай, зиёратгоҳлар олдида отдан тушиб, таҳорат олгач, яланг оёқ билан бориб, зиёратни ўринлатдим. Аркону давлат, барча мулозимларим ҳам зиёратгоҳларни ана шундай тавоф этмоқни одат билишди.

* * *

Чақалоқларни йиғлатмангиз, болаларга озор бермангиз — бу гуноҳи азим эрур. Бундай гуноҳни Оллоҳ хуш кўрмагай…

* * *

Ҳамишалиғ таъкид этур эдим: хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат — бир кунмас-бир кун мевасини татирсан…

* * *

Малоҳидларга айтур эдим: ёлғон сўзлар бирлан ғазаб ўтини алангалатмангиз…

* * *

Черик тузиб, навкар олмоқда уч қоидага амал қилдим: биринчидан — йигитнинг куч-қувватига, иккинчидан — қилични ўйната олишига, учинчидан — ақл-заковатию камолотига эътибор қилдим. Шу уч фазилат жамулжам бўлса, навкарлик хизматига олдим. Негаким, куч-қувватли йигит ҳар қандай қийинчиликларга, азобу уқубатларга чидамли бўлади, қилич ўйната оладиган киши рақибни маглуб эта олади, оқил навкар ҳар жойда ақл-идрокини ишга солиб, мушкулотни бартараф этмоғи мумкин.

* * *

Пиру комил шайх Баҳовуддин Нақшбандийнинг: «Қам егин, кам ухла, кам гапир» деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча мулозимларга ҳам айтар сўзим шу бўлди: «Кам енглар — очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар — мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар — доно бўласизлар».

* * *

Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Қелин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмонан камолатини аниқладим. Келин бўлмиш насли-насибаси, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан холи бўлсагина эл-юртга катта тўй-томоша бериб, келин туширдим.

* * *

Ўғилларим, набираларим ва яқинларимга бирон томчи шароб ичиб, хотинларига яқинлашишни маън этдим. Зеро, шаробнинг таъсирида бунёдга келган фарзанд насл-насибанинг бузилишига таъсир этгай, дебон шу покиза йўлни тутдим.

* * *

Ҳар кимдан кенгаш олдим, ҳар кимдан фикр ўргандим: қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, ишлата билдим.

* * *

Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Уларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини ўтиндим. Дарвеш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва ҳеч бир талабларини рад этмадим. Бузуқи ва оғзи шалоқ ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага туҳмату ғийбат қилсалар қулоқ солмадим.

* * *

Қиличим ўткир бўлса-да ўйлаб қинидан чиқардим, ширин сўз айтиб, ғанимнинг имон топмоғига йўл очдим.

* * *

Мен ҳаётим мобайнида беш нарсага қатъий эътиқод қўйдим ва ҳамишалиғ уларга амал қилдим. Улар ушбулардир:

ОЛЛОҲ — ул ҳар нарсага қодир куч, сидқидилдан сиғинсанг истаган муроду мақсудингга етказади.

ТАФАККУР — фикрлаш ва мушоҳада қобилияти, қувваи ҳофизаси кучли инсон ҳар қандай мушкулу мушкулодни осон қилиш йўлини топа олади.

ҚИЛИЧ — ул йигитнинг йўлдоши, эл-юрт осойишталигининг посбони, ҳар қандай душманни маҳв этиш қуроли, анинг қудрати ила динсизларни динга солмоқ мумкин.

ИМОН — ул инсонни барча жонлилардан фарқлантириб тургувчи хусусиятдир. Имонли одам хиёнат қилмайди, қариндош-уруғлари, элу халқнинг ор-номусини ҳимоя қилади, ҳалоллик ва покликни фазилат билади.

КИТОБ (битик) — барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.

Aziz avliyolar, sahobalar maqbaralarini, qutlug’ qadamjolarni ziyorat etmoqni ham farz, ham qarz bilur edim. Qayda bo’lmay, ziyoratgohlar oldida otdan tushib, tahorat olgach, yalang oyoq bilan borib, ziyoratni o’rinlatdim. Arkonu davlat, barcha mulozimlarim ham ziyoratgohlarni ana shunday tavof etmoqni odat bilishdi.

SOHIBQIRON HIKOYATLARI
VA HIKMATLARI
08

Bir kuni padari buzrukvorimiz — Amir Tarag’oy bahodir ko’p qo’ylarni menga berib, Samarqand bozoriga savdoga yo’lladilar. Qo’ylarning hammasini ming oltinga sotib, pullarni belga bog’lab sayr qilib yurur edim. Bir yerda xushovoz qalandar odamlarga so’zlab turg’on ekan: qo’lida qog’oz — she’r bitilgan, u der edi:
— Shul yozuvning qadriga yetib, kim ming oltunga olsa, dunyoning oxiriga yetadi…

Himmatim jo’shib, ming oltunni qalandarga tutqazdim. U menga tikilib turdi-da, so’ng nasl-nasabimni so’radi. Aytdim. So’ng tayin qildi:
— Otang oldiga borgil, buni otang oldida o’qi, borg’uncha ochma…

Qog’ozni keltirib, padari buzrukvorga berdim. Ochib o’qidilar. Forscha ruboiy ekan — ma’nosi quyidagicha: zulm bilan dunyoda nom qoldirib bo’lmaydi. Jamshid, Sulaymon, Iskandarlar o’lib ketdi, navbat senga ham yetishi tayin. Dunyoga keldingmi yaxshilik bilan nom qoldir…

Ruboiyning muallifi — o’shal qalandar-alloma shoir Qamol Xo’jandiy erkan. Ul zotni padari buzrukvorimiz ko’p hurmat qilar erkanlar.
— Barakallo, o’g’lim, ko’p dono ishga oltunlarni sarf etibsan. Endi, ming oltung’a olgon ushbu hikmatga qat’iy rioya qilmoq lozimdur…

Padari buzrukvorning aytqonlarini bosh ustida tutdim.

* * *

Qarshi qal’asin zabt etolmay, dilga kadar tugib qaytmoqda edim. Qizildaryodan kechib, bir qishloqqa qo’ndik. Men bir kulbani ixtiyor etdim. Unda ushoqqina kampir yashar, tirikchiligi yolg’iz echkidan erkan. Men momodan biror ovqat qilib bermoqni o’tindim.

Momo oldimga atala to’la tovoq keltirib qo’ydi. Och erdim. Og’och koshiqni tovokdagi atalaga mo’ldirib, yutoqib yegan edim, og’zi-tilim kuygandan-kuydi. Shunda momo dedi:
— Sen-da Amir Temurga o’xshash shoshqoloqlardan ekansan.
— Temurbekning shoshqoloqligini kaydin bildingiz, momo,— so’radim.
— Eshitishimcha, Amir Temur Qarshi qal’asiga tik borib, uni ololmabdi. Magarki, avval kal’a atrofidagi kichik-kichik qishloq va mahallalarni egallab, kuch to’plab, so’ng qal’aga xujum qilmoq lozim edi. U esa bir yo’la beklikni olmoqchi bo’ldiyu, shashti sindi…

Shunga o’xshash sen ham shoshding va og’zingni kuydirding. Atalani avval tovoqning girdidan olib, sekin-sekin yalab ko’radi, sovuganini bilgach, so’ngra qoshiqni to’ldirib yeydi-da…

Shunda xatoyimni anglaganday bo’ldim. Va dedim:
— Darxon momo, o’shal shoshgich Amir Temur mendirman. Tanbehingizni bosh ustiga oldim. Tilang tilagingizni…

Darxon momo odamlar uchun ariq kazib, suv chiqarib berishni so’radi. Oradan ko’p o’tmay Tanqos daryosidan ariq qazib, suv chiqarib berdim.

* * *

Qarshi qal’asin zabt etib, muzaffarlik tug’i birla qaytar edim. Kechda Qo’kbuloqqa yetib, shu yerda tunamoqni ixtiyor etdik. Navkarlarni xonadonlarga taqsimlab, o’zimiz soy bo’yida yashil chodir tikdik.

Subhidam atrofga razm solmoqda edim. Ittifoqo, bir ayol kishining ot yetaklab, soy tomon ketmog’iga nazarimiz tushdi. Shunda bizni o’y cho’lg’adi. Mulozim yo’llab, ul ojizaning erkagini topdirib keltirdik.
Savol ayladik:
— Nechuk, zavjangizni ot sug’org’ali yo’llaysiz? Ot sug’ormoq erkak kishining xizmati-ku?!
— Sohibqiron,— javob ayladi ul kishi,— ot boqish ham, ot sug’orish ham, erkakning yumushi ekonini bilaman. Ammo uyimga qoplonsifat to’rt navkaring tushibdir. Ularning niyatin bilmasman. Shul boisdan ayolimni ot sug’ormoqqa yo’llab, uyda qolgan ikki bo’ydor qizimni qo’riqlamoq istadim…

Biz mulohazaga berildik. Va o’z xatoyimizni anglab, hamishaliqqa qaror berdik: bundan buyog’inda navkarlar konadonlarga joylashtirilmasin. Navkarlarim yalang o’tloq va suvloq joylarda chodirlarda umrguzaronlik qilishsin.

Ko’kbuloq qishlogiga quyosh mo’ralamasdanoq navkarlarni xonadonlardan chiqarilib, chodirlarga joyladim va shu tariqa el osoyishtaligini ta’min etdim.

* * *

Samarqand taxtini egallab, azim Movarounnahr bizning hukmimizga kirgach, yurtda adolat o’rnatmoqqa ahd etdik. Arkonu davlat atrofinda ko’p nobakor mardumlar in qo’ymoqchi erdi. Inchunin, ularning zamzamasidan xunob bo’lib, bir tadbir buyurdim: «Musavvir kelgan arzigo’yning suratin chizib, menga kiritsin. Arzigo’yning qiyofatiga boqib, qabulimni aytarmen…»

Musavvirlar saroyga kelganlarning suvratin chizib, menga kiritishar, arzigo’yning peshona, burun, dahan, ko’z va boshqa sifatlariga qarab, uning maqsad va fe’lini oldindan bilib turardim. Badfe’l va xiyonatkorlarni qabulimga yo’latmaslik harakatida bo’ldim. Bunda pirim — shayx Shamsiddin Parrandadan «Ilmi qiyofa» — qiyofaga qarab baho berish va oldindan taqdirni bashorat etish ilmini mukammal egallaganligim g’oyat qo’l keldi.

Ittifoq, bir arzigo’yning suvratin keltirishdi. Suvratga tikilib, aning g’iybat va bo’htonga ruju qo’yganin angladim. Qabul buyurmadim. Ammo ul kishi mulozimlarga zo’rlik bilan huzurimga g’avg’o solib kirdi.

— Sohibqiron,— derdi u kishi,— siz haqsiz. Qeyingi umrimda men-da ko’p qatori g’iybat va bo’htonga ruju qo’ydim. Ammo ilgari chin ko’ngil kishi erdim. Naylayki, zamon zayli meni shu kuyga soldi… Ortiq chidashim mushkul… Arzim ham zamona zaylidandur. Fayz beruvchi suhbatingdan mahrum etma!..

Shundan so’ng qabulga izn berdim. Mulozimlar bu kishini xos xonaga boshlashdi.

* * *

Qo’l ostimizga o’n to’rt mamlakat raiyyati jam bo’lg’onda, Samarqand kelib katta to’yu tomoshalar berdik. Ziyofatlarga yaqin-yiroqdin barchani chorladik. Odamlar ko’p kunlar to’kin dasturxon atrofida bo’lishib, to’yg’uncha yeb-ichishdi.

Ziyofatga kelg’onlarning barisi shodumon erdi. Ziyofatlar tugadi. Qelg’onlarni yanada xursand etmoq niyatida (ro’zg’origa, bola-baqrasiga yaratar degan umidda) har bir mehmonga bir boshdan hisori qo’y tuhfa etmoqni buyurdim. Bakovullar har kishig’a bittadan qo’y tutqazib, jo’nataverishdi…

Bexos, xayol oldi: mehmonlarim rostdan-da mamnunmikan? Usti-boshimni o’zgartirib, ziyofatdan qaytayotgan odamlar to’dasiga kirdim.

Chahor yo’lda odamlar kuymanishar, dala-dashtda o’sgan qo’ylarni sudrab, uddasidan chiqolmas erdi. Ayniqsa, besh-olti pudli hisori qo’chqorni yetaklab olgan kishi qo’yni harchand tortmasin o’rnidan ko’zg’atolmas erdi. Shunda ul kishi tutoqib dedi:
— Qo’yniku berishga berding, bir quloch arqonni qizg’anib nima qilarding. Bir quloch arqon bilan boyib qolarmiding, ey podgtsohi ziqna…

Bu kishi fikriga qo’shilg’onlar bo’ldi. Shunda el ko’nglini, odamlar ko’nglini olmoq nakadar mushkul ekanini angladim. Qeyin ushbu saboqdin xulosa olib, nuqsonlarga aslo yo’l qo’ymaslik tadorikini ko’rdim.

* * *

Shom sari yurish oldidan Qorabog’da chodir tikib uzoq turib qoldik. Harbu zarb mashqlarini puxtalamoq uchun qo’shin ichinda bo’lib ochiq havoda tunadik. Ko’p vaqt o’tkazib, safar oldidan chodirga qaytsam, ajib manzaraning guvohi bo’ldik. Bizning yo’g’imizda chodir tuynugidan ikki kabutar tushib, juftu halollik qilmishlar. Ular bizning xos o’rindiqqa xas-xashak-la in qurib, bir tuxum bosib yotur edi.

Tangri taoloning bu beozor jonivorlariga xalal yetkazmaslik uchun chodirni o’zga qildik. Ertasi kuni, safarga jo’nar avvalida, to’rt nafar navkarni mulozim birla qoldirdik. Ularga tayin etdikkim:
— Tangri taoloning beozor qushlari tuxum ochib, paloponlari uchurma bo’lg’uncha, shu yonda bo’lursiz. Paloponlar uchib chiqqoch, chodirni yig’ib, ortimizdan yetib borg’aysiz…

Shom safariga otlandik. Jonivorlar borasida tuzgan tadbirimiz tangri taologa xush yoqib, zafar tug’imizni hilpiratdi…

* * *

Aziz avliyolar, sahobalar maqbaralarini, qutlug’ qadamjolarni ziyorat etmoqni ham farz, ham qarz bilur edim. Qayda bo’lmay, ziyoratgohlar oldida otdan tushib, tahorat olgach, yalang oyoq bilan borib, ziyoratni o’rinlatdim. Arkonu davlat, barcha mulozimlarim ham ziyoratgohlarni ana shunday tavof etmoqni odat bilishdi.

* * *

Chaqaloqlarni yig’latmangiz, bolalarga ozor bermangiz — bu gunohi azim erur. Bunday gunohni Olloh xush ko’rmagay…

* * *

Hamishalig’ ta’kid etur edim: xon bo’lsang-da bog’ yarat, gadoy bo’lsang-da bog’ yarat — bir kunmas-bir kun mevasini tatirsan…

* * *

Malohidlarga aytur edim: yolg’on so’zlar birlan g’azab o’tini alangalatmangiz…

* * *

Cherik tuzib, navkar olmoqda uch qoidaga amal qildim: birinchidan — yigitning kuch-quvvatiga, ikkinchidan — qilichni o’ynata olishiga, uchinchidan — aql-zakovatiyu kamolotiga e’tibor qildim. Shu uch fazilat jamuljam bo’lsa, navkarlik xizmatiga oldim. Negakim, kuch-quvvatli yigit har qanday qiyinchiliklarga, azobu uqubatlarga chidamli bo’ladi, qilich o’ynata oladigan kishi raqibni maglub eta oladi, oqil navkar har joyda aql-idrokini ishga solib, mushkulotni bartaraf etmog’i mumkin.

* * *

Piru komil shayx Bahovuddin Naqshbandiyning: «Qam yegin, kam uxla, kam gapir» degan pandu nasihatlariga amal qildim. Arkonu davlatga, barcha mulozimlarga ham aytar so’zim shu bo’ldi: «Kam yenglar — ocharchilik ko’rmasdan boy-badavlat yashaysizlar, kam uxlanglar — mukammallikka erishasizlar, kam gapiringlar — dono bo’lasizlar».

* * *

O’g’illarim, nabiralarim va yaqinlarimni uylantirmoq tashvishida kelin izlamoqqa e’tibor berdim. Bu ishni davlat yumushlari bilan teng ko’rdim. Qelin bo’lmishning nasl-nasabini, yetti pushtini surishtirdim. Xos odamlar orqali sog’liq-salomatligini, jismonan kamolatini aniqladim. Kelin bo’lmish nasli-nasibasi, odob-axloqi, sog’lom va baquvvatligi bilan barcha qusurlardan xoli bo’lsagina el-yurtga katta to’y-tomosha berib, kelin tushirdim.

* * *

O’g’illarim, nabiralarim va yaqinlarimga biron tomchi sharob ichib, xotinlariga yaqinlashishni ma’n etdim. Zero, sharobning ta’sirida bunyodga kelgan farzand nasl-nasibaning buzilishiga ta’sir etgay, debon shu pokiza yo’lni tutdim.

* * *

Har kimdan kengash oldim, har kimdan fikr o’rgandim: qaysi biri foydaliroq bo’lsa, uni ko’ngil xazinasida saqlab, ishlata bildim.

* * *

Ulamo bilan suhbatda bo’ldim va pok niyatli, toza qalbli kishilarga talpindim. Ularning himmatlaridan ulush tilanib, muborak nafaslari bilan duo-fotiha berishlarini o’tindim. Darvesh, faqir va miskinlarni o’zimga yaqin tutdim, ularning ko’ngillarini og’ritmadim va hech bir talablarini rad etmadim. Buzuqi va og’zi shaloq g’iybatchi odamlarni majlisimga yo’latmadim, so’zlariga amal qilmadim. Biror kimsaga tuhmatu g’iybat qilsalar quloq solmadim.

* * *

Qilichim o’tkir bo’lsa-da o’ylab qinidan chiqardim, shirin so’z aytib, g’animning imon topmog’iga yo’l ochdim.

* * *

Men hayotim mobaynida besh narsaga qat’iy e’tiqod qo’ydim va hamishalig’ ularga amal qildim. Ular ushbulardir:

OLLOH — ul har narsaga qodir kuch, sidqidildan sig’insang istagan murodu maqsudingga yetkazadi.

TAFAKKUR — fikrlash va mushohada qobiliyati, quvvai hofizasi kuchli inson har qanday mushkulu mushkulodni oson qilish yo’lini topa oladi.

QILICH — ul yigitning yo’ldoshi, el-yurt osoyishtaligining posboni, har qanday dushmanni mahv etish quroli, aning qudrati ila dinsizlarni dinga solmoq mumkin.

IMON — ul insonni barcha jonlilardan farqlantirib turguvchi xususiyatdir. Imonli odam xiyonat qilmaydi, qarindosh-urug’lari, elu xalqning or-nomusini himoya qiladi, halollik va poklikni fazilat biladi.

KITOB (bitik) — barcha bunyodkorlik, yaratuvchilik va aql-idrokning, ilmu donishning asosidir, hayotni o’rgatuvchi murabbiydir.

064

(Tashriflar: umumiy 22 323, bugungi 1)

3 izoh

  1. РАХмат сизларга мен уша нарса жуда керак булиб турганди.КАттакон раааааххмааааат

Izoh qoldiring