Zebo Rahimova. Seni sog’indim. «Jo’natilmagan maktublar» turkumidan.

Ashampoo_Snap_2016.10.15_01h26m26s_004_.png    Сени ҳаммадан қизғанардим. Сен буни сезмасдинг ҳам. Кўчадан кириб биринчи қиладиган ишим сени излаш эди. Бу уйда сендан бошқа ҳамма сени ахтарарди. Сен деярли ҳеч қаерга чиқмас, аҳён-аҳёнда тўй-маъракаларга борардинг. Сен йўғингда илгакдаги кўйлагингни ҳидлаб, йўлингга чиқиб кутиб ўтирардик.

СЕНИ СОҒИНДИМ
  “Жўнатилмаган мактублар” туркумидан
034

Сен дунёдаги энг гўзал аёл эдинг.
Менинг ҳамма эртакларим сен ҳақингда эди.
Бўм-бўш отхонанинг охурида ясатилган қўғирчоқлар уйчасида, гулсадбарг, қашқаргул ва чинни райҳонлар барқ уриб ётадиган кенг ҳовлининг этагидаги оппоқ наъматаклар тагида, супаларга шакар олмалар тўкилиб ётган салқин саҳарларда тўқигандим бу эртакларни.

Сен менга қизил олма баргларидан хина ясашни ўргатгансан. Уни сен ўргатганинг учун ҳам яхши кўрар, узун ёз бўйи икки қўлим қип-қизил бўлиб юрарди.

09  Сени ҳаммадан қизғанардим. Сен буни сезмасдинг ҳам. Кўчадан кириб биринчи қиладиган ишим сени излаш эди. Бу уйда сендан бошқа ҳамма сени ахтарарди. Сен деярли ҳеч қаерга чиқмас, аҳён-аҳёнда тўй-маъракаларга борардинг. Сен йўғингда илгакдаги кўйлагингни ҳидлаб, йўлингга чиқиб кутиб ўтирардик.
Сен қилган ҳар қандай иш ораста, чиройли эди. Майда ўрилган тим қора сочларинг тўпиққа тушиб, учлари қўнғироқ-қўнғироқ товланиб солланганда биз қора-қура қизчалар маҳлиё бўлар, кир-чир қўлчаларимиз билан ушлаб кўргимиз келарди. Энг биринчи эртагим ҳам сочларинг ҳақида эди.

Сен қандай қилиб бу қадар бекаму кўст эдинг?!

Сен бизга тегишли эдинг. Мен буни юрак тўла қувонч, фахр ва… ийманиш билан тез-тез кўнглимдан ўтказиб турардим. Ўзимнинг сенга тегишли эканлигимдан чексиз ифтихор қилар, юрагимда бахтиёрлик ҳисси тўлиб-тошиб кетарди. Шундай пайтларда боғда тентираб юриб гуллар билан гаплашар, уларнинг майин барқут баргларини силаб йиғлагим келарди. Шу ерда чалғиб кетар, ҳалигина мени ҳаволантириб турган хаёллар тумандай тарқар ва мен мени ўраб турган дунё билан ёлғиз қолар эдим…

Бизни бахтли кўриш учун жон-жаҳдинг билан яшаганингни, изтироб чекканингни энди тушунаман. Сени кўнгли гулдан-да нафис, меҳру муҳаббатга ташна оддий аёл бўлганлигингни англагунимча бутун бир умрни яшаб ўтдим. Дарахтлар, ўсимликлар, ҳашоратлар, ер, осмон, юлдузлар, булутларни қандай иштиёқ билан кузатсам, опа-сингилларимни, ака-укаларимни ҳам шундай қизиқиб кузатар, уларнинг мен билан боғлиқлиги мен учун ҳа деб тугилиб қолаверадиган жумбоқ эди. Бу чигаллик менга ёқмасди. Мен фақат ўзимнигина бироз тушуна олар, шунда ҳам боши, охири йўқ нега, нимага каби саволлардан лол қолиб, эртадан кечгача боғда, далаларда изғиб юрардим. Ён-атрофимдагиларни тушунишга қийналар, менга тушунарсиз ҳамма нарса бегона эди. Бу азоб берарди. Мен болалигимдан фақат ўзимга тушунарли, фақат ўзимга таниш бир дунё ичида улғайдим.

Фақат менинг сенга боғлиқлигим изоҳ талаб қилмайдиган ҳақиқат эди. Ҳамма тушунарсиз нарсалар ичида энг тушунарли ҳол менинг сенга боғлиқлигим эди. Табиат қўйнидаги ҳар бир нарса таниш, уларни илғаш осон эди. Улар сенга ҳам таниш эди.

Кичкиналигимда шу вақт, шу давр, шу уй ичида шу қиёфада нега айнан мен яшаётганлигимни тушунгим келарди. Шундай катта гавдам билан кичкина кўзларимдан қандай қилиб ташқарига қарай олаяпман, бошқалар ҳам мен кўраётган нарсаларни кўраётганмикин, деб ўйлардим. Бу саволлардан ташвишга тушиб, боққа кириб кетар, бу ерда ҳамма нарсани унутар эдим. Бу боғнинг ўзи бир дунё эди…

Боғимиз катта, олма, анор, нок, беҳи, шафтоли, ўрик, олхўри, олча, гилос, узум, яна мен номини билмайдиган қанчадан-қанча дарахтлар бор эди у ерда. Наъматаклар оппоқ гуллаб ётар, пушти боғ гулларининг ҳиди ҳовлини тутиб кетарди. Ёз ойларида мевалар ғарқ пишар, боғ янаям сўлимлашарди. Гулзору мевазор бу боғдан ҳамиша анвойи бўйлар анқиб турарди. Сен ҳам худди шу боққа ўхшар эдинг.
Бу ердаги кўп дарахтларни сен эккансан. Уларнинг номини сендан ўрганганман. Пакана ёнғоқ ниҳоли ҳосилга кирганда, бодомларнинг илк мевасини, дўлана гуллаганини кўрганингда қаттиқ қувонгансан. Сен хурсанд бўлсанг бутун ҳовли-жой яшнар, кулсанг, кўзларингдан ёш чиқиб кетарди. Сенинг кайфиятинг бу оила муҳитининг мезони бўлганини, ҳамиша кулиб юриш учун қанчалар юрагинг тўкилиб яшаганингни энди тушунаман ва азобланаман. Менинг, бизнинг бу қадар содда, беғам, хаёлпараст ва худбин бўлишимизга нега йўл қўйдинг?! Сен эса ҳамиша мийиқда жилмайиб юрар, бу сенга жуда ярашар эди…

Бу боғдаги ҳар бир ўт мени танийди. Мен ҳам уларни танийман. Оёғим остида эзғиланган қоқисеракнинг ҳиди эгилиб уни қидиришга мажбур қилади. Ёз бошланиб, баҳорги майсалар хасга айланган, ҳидидан билмасанг, энди уларни топиш осон иш эмас. Аммо, бутун ёзу куз яшнаб ётадиган ўт-ўланлар ҳам кам эмас.
Мен сенинг кўз ўнгингда, ўз дунёмда вояга етдим. Ҳатто узоқ йиллик мактаб ҳаёти ҳам менинг бу ғалати феълимни ўзгартиролмади. Боғдаги бир дарахт, бир ўсимлик сингари шаклланиб бўлган, мен билан бирга улғайган бегоналик туйғуси ҳатто тенгқурларимга сингишиб кетишимга ҳам халақит берарди. Бу менинг тақдирим эканлигини, кузатиб яшаш насибам эканлигини мен ҳали билмасдим…

Сен мендан бошқа ҳаммани яхши кўрардинг. Мени яхши кўриш эса осон иш эмасди. Ҳар қалай, менга ҳамиша шундай туюлган. Мен ўзим тушунган, ўзим хоҳлаган ишлар билан машғул бўлар, бошқалар мендан талаб қилаётган юмушларни кўпда тушунавермас, гоҳида энг майда-чуйда нарсалардан туғилган эътироз-у норозиликларни тушунишга ожиз эдим.

Фақат уйда эмас, мактабдаги дарсларда ҳам муаммоларим бор эди. Мактабга жуда узоқ йиллар давомида қатнаш зарурияти мени ташвишга соларди. Машғулотларда доскага тикилиб ўтириб, мактабни тугатишимга неча йил қолганини ҳисоблаб чиқардим. Ўтилаётган турли-туман дарсларнинг менга қанақа алоқаси борлигини тушуниш ҳам қийин эди…Дарсда сўзлар тўсатдан ҳарф шаклидаги қиёфасини ўзгартириб рангли овозларга, тасвирларга айланиб кетар, энди менинг бу сўзларни тегишли ҳарф шаклларига олиб келиб қамашим умуман мумкин эмасди. Шу лаҳза, айтайлик, А ёки Б ҳарфининг бирор-бир шаклда ёзилишини тасаввур ҳам қилолмас, улар менинг миямда рангдор овоз бўлиб ғужғон ўйнарди. Мен синфдаги энг аъло ўқувчилардан бири эдим…

Ёзнинг қисқа тунлари кичик супага жой қилинарди. Сув сепиб супурилган ҳовлида юзингни оқшомнинг муздек шабадасига тутиб, тепангда осилиб турган юлдузларни томоша қилиб ётиш мазза эди. Оёқ-қўлларимиз ювилган, жой иссиққина, чор-атрофдан чирилдоқлар, қурбақаларнинг овози эшитилади. Биз то ухлаб қолгунча сен паст овозда дуо ўқийсан.

Бизни ҳам такрорлашга қизиқтирасан. Бу оҳангдор сўзларни айтишга тилим келишмайди. Ҳар қанча уринмай, улар кўз ўнгимда, қулоқларимда осилиб тураверади. Бип-бинойидек ёдлаб олган опа-укаларимга қараб, ажабланиб, ҳавасим келар, мен учун нимадир тушунарсиз эканлигини элас-элас англагандек бўлардим. Тун симфонияси бирдан юқори пардаларда бостириб келаётгандай, улардан хавотир оҳанглари юрагимга оқиб кираётгандай бўларди. Кўзларимни чирт юмиб, мен ухлайман, дердим ва шу заҳоти қаттиқ… ухлаб қолардим.

Мен кичкина эдим. Бу кичкина қиз узоқ йиллар давомида менинг ичимда яшаб қолди.

Ёзнинг гармсел қўзғалган тунларида ухлаш азоб эди. Туннинг ҳар бир шитири юрагимда акс-садо берарди. Ҳайбат билан қўзғолган шамоллар боғларда мевалари етилиб қолган дарахтларнинг шохидан судрар, уларни жойидан жилдиролмагач, жаҳл билан ҳамма нарсани ағдариб, чанг-ғуборларни тўзғитар, устимизга қум, тупроқ сепиб тинчигандек бўларди. Дим, иссиқ ҳаводан кўрпа остида ҳам ётиб бўлмасди. Кўрпани очиб ташлаб, шу тўполон ичида ҳам пишиллаб ухлаб ётганларга қараб сиқилардим. Ҳаммага бир-бир қараб чиқиб, увиллаб учиб юрган шамол ишкомни синдириб, юлиб олишини, тепадаги омонат турган якка шифернинг устимизга қаттиқ тушиб кетишини тасаввур қилар, атрофдаги шовурдан, шамолнинг ҳеч кимдан сўрамай хоҳлаган ишини қилаётганидан ваҳимага тушар, ҳаммани уйғотгим, ҳаммани хабардор қилгим келарди. Сен эса тирсагинг билан ёстиққа таяниб, бошингни кафтингга қўйиб хотиржам ухлаб ётардинг. Очиқ чеҳрангдаги хотиржамлик шаштимни синдирар, юрагимдаги ваҳимадан қутилиш учун ухлашга ҳаракат қилардим. Шамол қўзғалиши билан яна ҳаммаси бошқатдан бошланар эди. Бу аҳвол тонггача давом этар, шамол босилиб, салқин ҳаво эсиши билан қаттиқ ухлаб кетардим. Кўзларимни очганимда сен шамол қоқиб кетган меваларни териб юрган бўлардинг.

Фақат бугунгина ҳеч қачон хотиржам бўлмаганингни, бу турмуш аравасини шикастсиз, бир маромда тортиш учун қанча сабру матонат, ирода, муҳаббат ва қўр сарфлаганингни, эвазсиз оғир меҳнат ичида бўлганингни тушунаман. Лекин мен кичкина эдим. Ичкаримда ҳам, ташқаримда ҳам сен эдинг. Сен бор эдинг, сенсизлик мен учун тушунарсиз эди.

Ёзнинг иссиқ кунлари тушликдан сўнг ҳамма дам олгани кириб кетарди. Куннинг қизиғидан сарғайиб кетган дунёда бир ўзим қолардим. Япроқларини осилтириб, офтоб тафтида ҳансираб ётган боғ ҳам, кимсасиз кўчалар ҳам, чумак урган узумлар-у сув олган мевалар ҳам, полиз қаторларида ранг солган экинлар ҳам юрагимга сиғмасди. Ҳалигина тўлиб-тошиб, қайнаб ётган дунё бўшаб қолар, кимсасизлик оғир ва қўрқинчли эди. Мен дамо-дам олдингга келиб, юзингга тикилиб қарардим. Нафас олаётганингга ишонч ҳосил қилгач, бироз хотиржам тортар, барибир, сенсиз бу кенг олам билан юзма-юз туриш хавотирли эди.
Мен бошқалардан фарқли ўлароқ тонг оқармай уйғонар, тепамизда тинмай вижир-вижир сайраётган қалдирғочлар сингари қуёшнинг чиқишини томоша қилардим. Пешинда ухлаёлмас, қаерда бўлмай қуёшнинг ботишини албатта кузатар ва буларнинг барчаси кўнглимда ғалати туйғулар уйғотиб, изтиробли, хавотирли ҳислардан ларзага тушардим. Йиллар давомида тонг ва шомни кузатиш одатга айланди. Худди шунингдек, пешинда ухлашни ҳам ўргана олмадим.

Сени хурсанд қилишни, ҳар бир ишимдан кўнглингга хурсандчилик етишини, мени яхши кўришингни истардим. Бунга қандай эришишни билмасдим, холос… Ҳеч ким менинг ичимда кечаётган дунё билан қизиқмаганидек менинг ҳам бошқалар билан ишим йўқ, бунинг қандай бўлишини ҳам билмас, бу эса ўзаро муносабатларни баттар мураккаблаштириб юборганди. Буларнинг ҳаммасини ҳазм қилиш қийин эди.

Сен ер юзидаги энг мулойим аёл эдинг. Ҳамиша ширинсўз ва яхши эдинг. Ҳеч қаттиқ гапирмаганинг учун юмшоқ танбеҳинг ҳам … тарсакидек тегарди. Кўп марта олдингда эмин-эркин ўтиргим, руҳий қийинчиликларимни сенга гапириб бергим келган. Тирсагимни тиззамга қўйиб, юзимни ҳовучимга олиб миннатдор кўзларим билан кўзларингга қарагим, мен сеники эканлигимни билдиргим келган. Гоҳ журъатим етмаган, гоҳ нимадир йўл бермаган.

Олис шаҳарда ўқиб юриб, сени қаттиқ соғинардим. Сенга атаб шеърлар ёзар, уларни сенга ўқиб беришни орзу қилардим. Бу шеърларимни бирор марта ҳам сенга ўқиб бермаганман. Ҳузурингга келгач, бу шеърлардан уялар, улар сенга муносиб эмаслигини ич-ичимдан тан олар эдим. Кейин ҳам кўп шеърлар ёздим. Аммо сенга муносиб бирор сатр ёзиш қўлимдан келмади. Йиллар давомида сенинг ёнингда сенга қайтгим, ёш боладек тиззангга бош қўйиб эркалангим келган. Аммо мен улғайгандим, энди менинг ўз оламим, унинг кўзга кўринмас ҳудудлари бор эди. Бир ҳовлида, турфа ташвишлар-у турфа дунёларда яшаётган одамлар эдик биз…

Йиллар инсонни улғайтирибгина қўймас экан. Ўзингни ҳам ўзгартирар экан. Қўл-у оёқларинг қадоқ бўлгани сингари кўнглинг ҳам қотиши, дағаллашиши мумкин экан. Фақат буни қадоқлар кўчиб, азоб берганида, ситилган ёриқлардан аччиқ қон-зардоб сизганида ҳис қиларкансан…

Ҳаётимда бир марта, ўзим ҳам билмай сенга ёқадиган иш қилдим. Мен сенинг кўнглингга муносиб инсонга турмушга чиқдим. Сен ҳурмат қилганинг, сен яхши кўриб эъзозлаганинг учун қаттиқ қийналган кезларим ҳам жойимдан жилмадим, иссиқ ўрнимни совутмадим. Сени шу биргина хурсандчиликдан маҳрум қилишдан ўзимни тийдим. Сенинг ҳузурингга ўғил-қизларимни етаклаб боролмаганим учун мени кечир…
Сени шу бахтдан бенасиб қилганим учун мени кечир… Сабабчи мен эмасман. Сен энди буни тушунасан ва мени кечирасан деб ўйлайман…

Ҳамма эртаклар яхшилик билан хотима топади. Аммо, менинг эртагимда энди сен йўқсан. Сен ҳақингдаги ҳамма гапларни ўтган замон феълида гапирамиз. Оҳиста, кўнгилга тегмайдиган алфозда, иложи борича бир-биримизга қарамасдан…

Опа-сингиллар, ака-укалар…
Мен сен учун ҳамиша улардан бири бўлганимни энди тушунаман. Бугун уларнинг ҳам эртаклари бўлганини, бу эртаклар ҳам сен ҳақингда эканлигини биламан.

Гарчанд эртагим тугамаган бўлса ҳам, уни қандай давом эттиришни билмайман. Сенсиз бу эртакдаги ҳамма нарса хира, ҳамма нарса нурсиз.
Мен эса эртак қаҳрамони эмасман.

Ҳурмат ва муҳаббат билан, Зебо Раҳимова.

Муаллиф ҳақида
—————————————
02Зебо Раҳимова 1958 йили Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги Ўрис қишлоғида таваллуд топган. 1981 йил ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг журналистика факультетини тугатган. Туман газетасида, китобсеварлар жамиятида, туман радиосида, Қайнарбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғинида, бир муддат республика хотин-қизлар журнали “Саодат”да ишлаган.
Сайтимизда Зебо Раҳимованинг мақоласи ва шеърларини мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин.

 

Манба:  “Китоб дунёси” газетаси 09.04.2014 й. 7-сон

05

SENI SOG’INDIM
( “Jo’natilmagan maktublar” turkumidan )
034

045   Sen dunyodagi eng go’zal ayol eding.
Mening hamma ertaklarim sen haqingda edi.
Bo’m-bo’sh otxonaning oxurida yasatilgan qo’g’irchoqlar uychasida, gulsadbarg, qashqargul va chinni rayhonlar barq urib yotadigan keng hovlining etagidagi oppoq na’mataklar tagida, supalarga shakar olmalar to’kilib yotgan salqin saharlarda to’qigandim bu ertaklarni.

Sen menga qizil olma barglaridan xina yasashni o’rgatgansan. Uni sen o’rgatganing uchun ham yaxshi ko’rar, uzun yoz bo’yi ikki qo’lim qip-qizil bo’lib yurardi.

Seni hammadan qizg’anardim. Sen buni sezmasding ham. Ko’chadan kirib birinchi qiladigan ishim seni izlash edi. Bu uyda sendan boshqa hamma seni axtarardi. Sen deyarli hech qaerga chiqmas, ahyon-ahyonda to’y-ma’rakalarga borarding. Sen yo’g’ingda ilgakdagi ko’ylagingni hidlab, yo’lingga chiqib kutib o’tirardik.Sen qilgan har qanday ish orasta, chiroyli edi. Mayda o’rilgan tim qora sochlaring to’piqqa tushib, uchlari qo’ng’iroq-qo’ng’iroq tovlanib sollanganda biz qora-qura qizchalar mahliyo bo’lar, kir-chir qo’lchalarimiz bilan ushlab ko’rgimiz kelardi. Eng birinchi ertagim ham sochlaring haqida edi.

Sen qanday qilib bu qadar bekamu ko’st eding?!

Sen bizga tegishli eding. Men buni yurak to’la quvonch, faxr va… iymanish bilan tez-tez ko’nglimdan o’tkazib turardim. O’zimning senga tegishli ekanligimdan cheksiz iftixor qilar, yuragimda baxtiyorlik hissi to’lib-toshib ketardi. Shunday paytlarda bog’da tentirab yurib gullar bilan gaplashar, ularning mayin barqut barglarini silab yig’lagim kelardi. Shu yerda chalg’ib ketar, haligina meni havolantirib turgan xayollar tumanday tarqar va men meni o’rab turgan dunyo bilan yolg’iz qolar edim…

Bizni baxtli ko’rish uchun jon-jahding bilan yashaganingni, iztirob chekkaningni endi tushunaman. Seni ko’ngli guldan-da nafis, mehru muhabbatga tashna oddiy ayol  bo’lganligingni anglagunimcha butun bir umrni yashab o’tdim. Daraxtlar, o’simliklar, hashoratlar, yer, osmon, yulduzlar, bulutlarni qanday ishtiyoq bilan kuzatsam, opa-singillarimni, aka-ukalarimni ham shunday qiziqib kuzatar, ularning men bilan bog’liqligi men uchun ha deb tugilib qolaveradigan jumboq edi. Bu chigallik menga yoqmasdi. Men faqat o’zimnigina biroz tushuna olar, shunda ham boshi, oxiri yo’q nega, nimaga kabi savollardan lol qolib, ertadan kechgacha bog’da, dalalarda izg’ib yurardim. Yon-atrofimdagilarni tushunishga qiynalar, menga tushunarsiz hamma narsa begona edi. Bu azob berardi. Men bolaligimdan faqat o’zimga tushunarli, faqat o’zimga tanish bir dunyo ichida ulg’aydim.

Faqat mening senga bog’liqligim izoh talab qilmaydigan haqiqat edi. Hamma tushunarsiz narsalar ichida eng tushunarli hol mening senga bog’liqligim edi. Tabiat qo’ynidagi har bir narsa tanish, ularni ilg’ash oson edi. Ular senga ham tanish edi.

Kichkinaligimda shu vaqt, shu davr, shu uy ichida shu qiyofada nega aynan men yashayotganligimni tushungim kelardi. Shunday katta gavdam bilan kichkina ko’zlarimdan qanday qilib tashqariga qaray olayapman, boshqalar ham men ko’rayotgan narsalarni ko’rayotganmikin, deb o’ylardim. Bu savollardan tashvishga tushib, boqqa kirib ketar, bu yerda hamma narsani unutar edim. Bu bog’ning o’zi bir dunyo edi…

Bog’imiz katta, olma, anor, nok, behi, shaftoli, o’rik, olxo’ri, olcha, gilos, uzum, yana men nomini bilmaydigan qanchadan-qancha daraxtlar bor edi u yerda. Na’mataklar oppoq gullab yotar, pushti bog’ gullarining hidi hovlini tutib ketardi. Yoz oylarida mevalar g’arq pishar, bog’ yanayam so’limlashardi. Gulzoru mevazor bu bog’dan hamisha anvoyi bo’ylar anqib turardi. Sen ham xuddi shu boqqa o’xshar eding.Bu yerdagi ko’p daraxtlarni sen ekkansan. Ularning nomini sendan o’rganganman. Pakana yong’oq niholi hosilga kirganda, bodomlarning ilk mevasini, do’lana gullaganini ko’rganingda qattiq quvongansan. Sen xursand bo’lsang butun hovli-joy yashnar, kulsang, ko’zlaringdan yosh chiqib ketardi. Sening kayfiyating bu oila muhitining mezoni bo’lganini, hamisha kulib yurish uchun qanchalar yuraging to’kilib yashaganingni endi tushunaman va azoblanaman. Mening, bizning bu qadar sodda, beg’am, xayolparast va xudbin bo’lishimizga nega yo’l qo’yding?! Sen esa hamisha miyiqda jilmayib yurar, bu senga juda yarashar edi…

Bu bog’dagi har bir o’t meni taniydi. Men ham ularni taniyman. Oyog’im ostida ezg’ilangan qoqiserakning hidi egilib uni qidirishga majbur qiladi. Yoz boshlanib, bahorgi maysalar xasga aylangan, hididan bilmasang, endi ularni topish oson ish emas. Ammo, butun yozu kuz yashnab yotadigan o’t-o’lanlar ham kam emas.Men sening ko’z o’ngingda, o’z dunyomda voyaga yetdim. Hatto uzoq yillik maktab hayoti ham mening bu g’alati fe’limni o’zgartirolmadi. Bog’dagi bir daraxt, bir o’simlik singari shakllanib bo’lgan, men bilan birga ulg’aygan begonalik tuyg’usi hatto tengqurlarimga singishib ketishimga ham xalaqit berardi. Bu mening taqdirim ekanligini, kuzatib yashash nasibam ekanligini men hali bilmasdim…

Sen mendan boshqa hammani yaxshi ko’rarding. Meni yaxshi ko’rish esa oson ish emasdi. Har qalay, menga hamisha shunday tuyulgan. Men o’zim tushungan, o’zim xohlagan ishlar bilan mashg’ul bo’lar, boshqalar mendan talab qilayotgan yumushlarni ko’pda tushunavermas, gohida eng mayda-chuyda narsalardan tug’ilgan e’tiroz-u noroziliklarni tushunishga ojiz edim.

Faqat uyda emas, maktabdagi darslarda ham muammolarim bor edi. Maktabga juda uzoq yillar davomida qatnash zaruriyati meni tashvishga solardi. Mashg’ulotlarda doskaga tikilib o’tirib, maktabni tugatishimga necha yil qolganini hisoblab chiqardim. O’tilayotgan turli-tuman darslarning menga qanaqa aloqasi borligini tushunish ham qiyin edi…Darsda so’zlar to’satdan harf shaklidagi qiyofasini o’zgartirib rangli ovozlarga, tasvirlarga aylanib ketar, endi mening bu so’zlarni tegishli harf shakllariga olib kelib qamashim umuman mumkin emasdi. Shu lahza, aytaylik, A yoki B harfining biror-bir shaklda yozilishini tasavvur ham qilolmas, ular mening miyamda rangdor ovoz bo’lib g’ujg’on o’ynardi. Men sinfdagi eng a’lo o’quvchilardan biri edim…

Yozning qisqa tunlari kichik supaga joy qilinardi. Suv sepib supurilgan hovlida yuzingni oqshomning muzdek shabadasiga tutib, tepangda osilib turgan yulduzlarni tomosha qilib yotish mazza edi. Oyoq-qo’llarimiz yuvilgan, joy issiqqina, chor-atrofdan chirildoqlar, qurbaqalarning ovozi eshitiladi. Biz to uxlab qolguncha sen past ovozda duo o’qiysan.

Bizni ham takrorlashga qiziqtirasan. Bu ohangdor so’zlarni aytishga tilim kelishmaydi. Har qancha urinmay, ular ko’z o’ngimda, quloqlarimda osilib turaveradi. Bip-binoyidek yodlab olgan opa-ukalarimga qarab, ajablanib, havasim kelar, men uchun nimadir tushunarsiz ekanligini elas-elas anglagandek bo’lardim. Tun simfoniyasi birdan yuqori pardalarda bostirib kelayotganday, ulardan xavotir ohanglari yuragimga oqib kirayotganday bo’lardi. Ko’zlarimni chirt yumib, men uxlayman, derdim va shu zahoti qattiq… uxlab qolardim.

Men kichkina edim. Bu kichkina qiz uzoq yillar davomida mening ichimda yashab qoldi.

Yozning garmsel qo’zg’algan tunlarida uxlash azob edi. Tunning har bir shitiri yuragimda aks-sado berardi. Haybat bilan qo’zg’olgan shamollar bog’larda mevalari yetilib qolgan daraxtlarning shoxidan sudrar, ularni joyidan jildirolmagach, jahl bilan hamma narsani ag’darib, chang-g’uborlarni to’zg’itar, ustimizga qum, tuproq sepib tinchigandek bo’lardi. Dim, issiq havodan ko’rpa ostida ham yotib bo’lmasdi. Ko’rpani ochib tashlab, shu to’polon ichida ham pishillab uxlab yotganlarga qarab siqilardim. Hammaga bir-bir qarab chiqib, uvillab uchib yurgan shamol ishkomni sindirib, yulib olishini, tepadagi omonat turgan yakka shiferning ustimizga qattiq tushib ketishini tasavvur qilar, atrofdagi shovurdan, shamolning hech kimdan so’ramay xohlagan ishini qilayotganidan vahimaga tushar, hammani uyg’otgim, hammani xabardor qilgim kelardi. Sen esa tirsaging bilan yostiqqa tayanib, boshingni kaftingga qo’yib xotirjam uxlab yotarding. Ochiq chehrangdagi xotirjamlik shashtimni sindirar, yuragimdagi vahimadan qutilish uchun uxlashga harakat qilardim. Shamol qo’zg’alishi bilan yana hammasi boshqatdan boshlanar edi. Bu ahvol tonggacha davom etar, shamol bosilib, salqin havo esishi bilan qattiq uxlab ketardim. Ko’zlarimni ochganimda sen shamol qoqib ketgan mevalarni terib yurgan bo’larding.

Faqat bugungina hech qachon xotirjam bo’lmaganingni, bu turmush aravasini shikastsiz, bir maromda tortish uchun qancha sabru matonat, iroda, muhabbat va qo’r  sarflaganingni, evazsiz og’ir mehnat ichida bo’lganingni tushunaman. Lekin men kichkina edim. Ichkarimda ham, tashqarimda ham sen eding. Sen bor eding, sensizlik men uchun tushunarsiz edi.

Yozning issiq kunlari tushlikdan so’ng hamma dam olgani kirib ketardi. Kunning qizig’idan sarg’ayib ketgan dunyoda bir o’zim qolardim. Yaproqlarini osiltirib, oftob taftida hansirab yotgan bog’ ham, kimsasiz ko’chalar ham, chumak urgan uzumlar-u suv olgan mevalar ham, poliz qatorlarida rang solgan ekinlar ham yuragimga sig’masdi. Haligina to’lib-toshib, qaynab yotgan dunyo bo’shab qolar, kimsasizlik og’ir va qo’rqinchli edi. Men damo-dam oldingga kelib, yuzingga tikilib qarardim. Nafas olayotganingga ishonch hosil qilgach, biroz xotirjam tortar, baribir, sensiz bu keng olam bilan yuzma-yuz turish xavotirli edi.Men boshqalardan farqli o’laroq tong oqarmay uyg’onar, tepamizda tinmay vijir-vijir sayrayotgan qaldirg’ochlar singari quyoshning chiqishini tomosha qilardim. Peshinda uxlayolmas, qaerda bo’lmay quyoshning botishini albatta kuzatar va bularning barchasi ko’nglimda g’alati tuyg’ular uyg’otib, iztirobli, xavotirli hislardan larzaga tushardim. Yillar davomida tong va shomni kuzatish odatga aylandi. Xuddi shuningdek, peshinda uxlashni ham o’rgana olmadim.

Seni xursand qilishni, har bir ishimdan ko’nglingga xursandchilik yetishini, meni yaxshi ko’rishingni istardim. Bunga qanday erishishni bilmasdim, xolos… Hech kim mening ichimda kechayotgan dunyo bilan qiziqmaganidek mening ham boshqalar bilan ishim yo’q, buning qanday bo’lishini ham bilmas, bu esa o’zaro munosabatlarni battar murakkablashtirib yuborgandi. Bularning hammasini hazm qilish qiyin edi.

Sen yer yuzidagi eng muloyim ayol eding. Hamisha shirinso’z va yaxshi eding. Hech qattiq gapirmaganing uchun yumshoq tanbehing ham … tarsakidek tegardi. Ko’p marta oldingda emin-erkin o’tirgim, ruhiy qiyinchiliklarimni senga gapirib bergim kelgan. Tirsagimni tizzamga qo’yib, yuzimni hovuchimga olib minnatdor ko’zlarim bilan ko’zlaringga qaragim, men seniki ekanligimni bildirgim kelgan. Goh jur’atim yetmagan, goh nimadir yo’l bermagan.

Olis shaharda o’qib yurib, seni qattiq sog’inardim. Senga atab she’rlar yozar, ularni senga o’qib berishni orzu qilardim. Bu she’rlarimni biror marta ham senga o’qib bermaganman. Huzuringga kelgach, bu she’rlardan uyalar, ular senga munosib emasligini ich-ichimdan tan olar edim. Keyin ham ko’p she’rlar yozdim. Ammo senga munosib biror satr yozish qo’limdan kelmadi. Yillar davomida sening yoningda senga qaytgim, yosh boladek tizzangga bosh qo’yib erkalangim kelgan. Ammo men ulg’aygandim, endi mening o’z olamim, uning ko’zga ko’rinmas hududlari bor edi. Bir hovlida, turfa tashvishlar-u turfa dunyolarda yashayotgan odamlar edik biz…

Yillar insonni ulg’aytiribgina qo’ymas ekan. O’zingni ham o’zgartirar ekan. Qo’l-u oyoqlaring qadoq bo’lgani singari ko’ngling ham qotishi, dag’allashishi mumkin ekan. Faqat buni qadoqlar ko’chib, azob berganida, sitilgan yoriqlardan achchiq qon-zardob sizganida his qilarkansan…

Hayotimda bir marta, o’zim ham bilmay senga yoqadigan ish qildim. Men sening ko’nglingga munosib insonga turmushga chiqdim. Sen hurmat qilganing, sen yaxshi ko’rib e’zozlaganing uchun qattiq qiynalgan kezlarim ham joyimdan jilmadim, issiq o’rnimni sovutmadim. Seni shu birgina xursandchilikdan mahrum qilishdan o’zimni tiydim. Sening huzuringga o’g’il-qizlarimni yetaklab borolmaganim uchun meni kechir…Seni shu baxtdan benasib qilganim uchun meni kechir… Sababchi men emasman. Sen endi buni tushunasan va meni kechirasan deb o’ylayman…

Hamma ertaklar yaxshilik bilan xotima topadi. Ammo, mening ertagimda endi sen yo’qsan. Sen haqingdagi hamma gaplarni o’tgan zamon fe’lida gapiramiz. Ohista, ko’ngilga tegmaydigan alfozda, iloji boricha bir-birimizga qaramasdan…

Opa-singillar, aka-ukalar…
Men sen uchun hamisha ulardan biri bo’lganimni endi tushunaman. Bugun ularning ham ertaklari bo’lganini, bu ertaklar ham sen haqingda ekanligini bilaman.

Garchand ertagim tugamagan bo’lsa ham, uni qanday davom ettirishni bilmayman. Sensiz bu ertakdagi hamma narsa xira, hamma narsa nursiz.
Men esa ertak qahramoni emasman.

Hurmat va muhabbat bilan,  Zebo Rahimova.

Muallif haqida
—————————
01Zebo Rahimova 1958 yili Qashqadaryo viloyatining Kitob tumanidagi O‘ris qishlog‘ida tavallud topgan. 1981 yil ToshDU (hozirgi O‘zMU) ning jurnalistika fakultetini tugatgan. Tuman gazetasida, kitobsevarlar jamiyatida, tuman radiosida, Qaynarbuloq qishloq fuqarolar yig‘inida, bir muddat respublika xotin-qizlar jurnali “Saodat”da ishlagan.
Saytimizda Zebo Rahimovaning maqolasi va she’rlarini mana bu sahifada o’qishingiz mumkin.

Мanba:“Kitob dunyosi” gazetasi 09.04.2014  y. 7-son

02>

(Tashriflar: umumiy 403, bugungi 1)

Izoh qoldiring