Bolalarga beraylik dunyoni

021
1 июнь — халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

   Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан жаҳон шеъриятининг энг ёрқин вакилларининг болаларга бағишланган шеърларини тақдим этамиз. Бугун, ҳеч бўлмаса, фарзандингизни ўпиб қўйишни унутманг.

05Габриела МИСТРАЛЬ
09

А Л Л А

Тун доронғу, тун ғариб
Тун ичра колди денгиз.
Мен бешигинг тебратиб,
Ўзни сезмайман ёлғиз.

Осмон оламда ғариб,
Ойни ҳам қучди денгиз.
Сени қўлда кўтариб.
Ўзни сезмайман ёлғиз.

Инсон ер узра ғариб,
Топилмас бирон ғамсиз.
Сен билан тўлиқ бағрим,—
Эмасман якка-ёлғиз…

ЭЗГУЛИК

Сенга атаб мен айтсам қўшик,
Бутун замин унутар ғамни.
Кулгинг мисол мулойим, илиқ
Тоғу тошлар, қирлар тикани.

Сенга атаб айтаман қўшиқ,
Дилдан қувиб оғир ўйларни.
Нафасингдан меҳрга тўлиқ
Ҳатто илон, қоплон уйлари.

Зулфия таржималари

02Нозим ҲИКМАТ
011

СЕНИНГ БАЙРАМИНГ

Сенинг байрамингга лойиқ
сўзларни топайин қандай?
Гулласин олча гуллагандай
сенда тириклик, соғлик.

Кап-катта қиз бўлдинг, орлик,
энг севинчли чоғингдасан.
Ҳеч сўнмасдан порилласин
кўзларингда бахтиёрлик.

Кунлар қуёшли, тансиқ,
отанг қирғоққа келажак.
Сенга келтириб беражак
тангалари олтин балиқ.

Мен эса озгина чўғлик
шеъримни этаман армуғон.
Нақ гулсан бу уйда, болажон,
сендан таралар ёруғлик.

* * *

Дунёни топширайлик болаларга, ҳеч бўлмаса бир кунга,
Ол алвон бир шар каби берайлик ўйнасинлар.
Ўйнасинлар қўшиқлар куйлаб юлдузлар орасида.
Дунёни болаларга топширайлик.
Улкан бир олма каби, топширайлик иссиқ бир нон каби,
Ҳеч бўлмаса бир кун тўйсинлар.
Дунёни болаларга топширайлик.
Бир кун бўлса ҳам ўргансин дунё йўлдошликни.
Болалар дунёни олажак қўлларимиздан,
Ўлимсиз дарахтлар экажаклар.

ҚИЗБОЛА

Очинг, эшикларни қоққан менман,
эшикларни бир-бир қоқяпман қарс-қарс.
Мен сизнинг кўзингизга кўринолмам,
ўликларни кўриш мумкинмас.

Мен ўлганман Хиросимада,
йиллар ўтди, ўтди саналар.
Етти ёшли қиздирман ҳамон,
улғаймайди ўлган болалар.

Сочларим тутади оловларда,
икки кўзим ёнди, доврулди.
Бир ҳовуч кукунга айландим,
кукуним ҳавога соврулди.

Мен сизлардан ёлғиз ўзим учун
ҳеч бир нарса сўрамайман, йўқ.
Бир қошиқ шакар ҳам еёлмайди
қоғоздай ёниб кетган жужуқ.

Эшикларни қоққан менман, очинг,
қўл қўйсин ҳар инсон — ҳар қишлоқ,шаҳар.
Бундан буён болалар ўлдирилмасин,
бундан буён еелсин шакар.

1956

«Ё АЙНИ, Ё ҲАБИБИ!»

Порт-Саидлик* Мансурим ўн уч, ўн тўрт ёшида
оёқяланг, бошяланг туфли мойлаб ўтирар
ойнали, жинғироқли қутичасин бошида.

Шиппаклар, кавушлар, туфлилар, ботинкалар —
чанг босгани, лой теккани, доғ бўлгани —
ҳаммаси қўйилади ойнали қутичага.

Чўткалар қанотланар, порлар қизил духоба.
Шиппаклар, кавушлар, туфлилар, ботинкалар
хурсанд: яп-янги бўлиб,
йилтир-йилтир қилиб
тушади ойнали қутичадан.

Мансурим қора-қура хурмо туршаги каби.
Мансурим ширин бола.
Доим бир қўшид айтар:
«Ё айни, ё ҳабиби!»**

Порт-Саидни ёқдилар***, ўлдирдилар Мансурни.
Тонгги газеталарда кўрдим фотосуратни:
ўликларнинг орасида бир кичик ўлик.
Ё айни, ё ҳабиби!
Хурмо туршаги каби…

* П о р т-С а и д — Мисрга қарашли порт шаҳар.
** «Ё айни, ё ҳ а б и би»—«Эй ёлғизим, эй суюклим!» дегани, араб халқ қўшиғидан.
*** 1956 йилда империалистлар мисрликларнинг мустақил сиёсатидан аччиқланиб, Порт-Саидга ўт қўйгандилар.

Миразиз Аъзам таржималари

03Пабло НЕРУДА

«САВОЛЛАР КИТОБИ»ДАН
011

Нима учун самолётлар
ўйнатгани олиб чиқмас болаларини?

Лимонларни туғармикин
катта-катта зарғалдоқ қушлар?

Нега ўргатишмас вертолётларга
бол йиғишни офтоб нуридан?

Тўлин ой қаерда асраб юраркин
ун солинган тунги тўрвасин?

* * *

Агар ўлганимни пайқамаган бўлсам
унда вақтни кимдан биламан?

Кўр одам қаерга қочиши мумкин
талаганда асаларилар?

Сариқ ранглар тамом бўлганда
биз нимадан ёпамиз нонни?

* * *

Айтинг-чи, атиргул яланғочми,
ва ё бу уларнинг либосими?

Нима учун дарахт яширар
илдизининг ялтироқлигин?

Қотил автомобил товба қилганин
эшитган ё кўрганлар борми?

Ёмғирда совқотган поезддан ҳам
ҳасратлироқ кимса борми оламда?

* * *

Тутун булут билан гаплашармикин?

Умидларни шабнам қилиб сочиш керак — тўғрими шу?

* * *

Учаётган тун рўмолида
қайдан пайдо бўлган шунча тешик?

Ҳаво тинмай йиғлаган сари
нега қувнаб гулдурар булут?

Қуёш ҳовончаси кун тутилганда
кимлар учун ловуллаб турар?

* * *

Каптарлар олами фақат тинчликми?
Йўлбарслар олами фақат урушми?

Мактабга кеч қолган қалдирғочларга
нима бўлди экан?

Шеърларим ҳақида нима дейишаркин
қоним қандайлигин билмаганлар?

* * *

Кимга қараб жилмаяр гуруч
шунча оқ тишини йилтиратиб?

Оғир замонларда нима учун
кўринмас сиёҳ билан китоб ёзарлар?

Апельсинлар қуёшнинг нурини
ўзаро қандай тақсим қилишаркин?

* * *

Анор шарбатин не деб
Ғийбат қилар ёқутлар?

Нима учун пайшанба
жумадан кейин юрмас?

Осмон кўм-кўк бўлганда
ким қувониб қичқирди?

Нечун маъюс тортар ер
гунафша очилганда?

* * *

Нега ҳар доим баҳор
кўм-кўк бўлиб келади?

Ранги ўчиб йиғласа осмон,
нима учун кулар экинзор?

Қандай қилиб озод бўлдийкин
ташландиқ велосипед?

* * *

Қаҳрабо — сув париларининг
кўзёшидан бўлгани ростми?

Қушдаи қушга париллаб учган
Гулнинг оти нима, ким билар?

Кеч бўлгандан бўлмаган яхши —
нима дейсан, шундай эмасми?

* * *

Илк бор дунё пайдо бўлганда
Бу Венесуэла эдими?

Уммоннинг ўртаси қаерда?
Нега ўша ерга оқмас тўлқинлар?

Ерга тушган учар юлдуз
олмос каптар эмасмиди?

* * *
Ишқи сўнганларнинг ишқи қаерда
яшар экан энди уларсиз?

Кўзларимдан сўрадим:
Энди қачон кўришамиз?

Миразиз Аъзам таржималари

04Федерико ГАРСИА ЛОРКА
011

МАНЗАРА

Оқшом кийди адашиб
аёзнинг кўйлагини.
Болалар дарчалардан
сарғайган ёлғиз дарахт
қушларга қўнаётган
далага қарар карахт.
Оқшом олис дарёнинг
қиргогида чўзилди.
Бирдан сопол томларда
яшнаб кетди қизиллик.

БЕМАЪНИ ҚЎШИҚ

— Ойи,
Кумуш бўлгим келади.

—  Совқотасан,
Қўй, ўғлим.
— Ойи,
Ирмоқ бўлгим келади.

— Совқотасан,
Қўй, ўғлим.

— Ойи,
Тикиб қўйгин болишга.
— Хўп бўлади,
Ҳозироқ.

ОЙ ЧИҚҚАНДА

Ой чиққанда борлиқда
тин олар қўнғироқлар.
Қалин ўрмон, чангалда
ярақлайди сўқмоқлар.

Ой чиққанда чайқалар
замин уммонга ўхшаб.
Чексизликда йўқолган
бир оролга ўхшар қалб.

Ой тўлишган кечада
сарғайган боғлар ора
пўртаҳолмас, музлаган
ғўралар ейди одам.

Ой тўлишган кечада
бир қиёфа, бир онда
сонсиз кумуш тангалар
фарёд қилар ҳамёнда.

СОҚОВ БОЛА

Шаҳзода чигиртка яширган
овозин излайди болакай
Шудрингли гултожлар
оралаб овозин излайди болакай.

— Овозим топсайдим, ғаройиб
узукча ясардим ўзимга.
Яшириб қўярдим жимликни
узукнинг мунчоқдек кўзига.

Шудрингли гултожлар оралаб
овозин излайди болакай.
Яшил чигиртканинг ичидан
овози янграрди олисдан.

Шавкат Раҳмон таржималари

091Ишикава ТАКУБОКУ
011

ТАНКАЛАР

Қизчам ишонади,
Мен нима ёзсам,
Барчаси,
Албатта,
Босилиб чиқар.

* * *

«Энди мен
Қалбингни англадим,болам!»
Деди менга онам.
У тушимга кириб келди-ю,
Йиғлаб-йиғлаб кейин тарк этди.

* * *

Нималар келди ўйига?!
Қўғирчоғин
Бир четга қўйиб,
Қизчам ўтириб
Олди  ёнимга.

* * *

* * *

Отангга ўхшама!
Отангнинг отасига ҳам!
Эшитяпсанми,
Нимани илтимос қиляпман
Сендан, қизгинам.

* * *

Бечора отам!
Ўқишга ҳам мажоли қолмай,
Газетани четга қўйди-да,
Тор ҳовлида ўйнай бошлади
Чумоли билан.

* * *

Қизчамни уришдим.
Ухлаб қолди
Кўзёшлари қуримасдан,
Оғзини ним очганча.
Унинг яноқларин секин силадим.

Хуршид Даврон таржималари

08Жун ТАКАМИ
011

БУНДАЙ КУЛГУ ЮРАГИМГА СОЛАР ИЗТИРОБ

Бундай кулгу юрагимга солар изтироб.
Одам тўла симпоездда,
нотаниш аёлнинг

елкаси оша
кулиб боқди менга болакай.

Мен ҳам жилмаяман,
аслида тўлиб-тўлиб йиғлагим келар.

Бу дунёда жуда оздир бундай табассум.
Жуда ҳам кам инъом қиларлар
Менга бундай табассумларни.
Бу табассум қўлларимни шол қилиб қўяр,
Бу табассум фаришталар табассумидир.
Бундайин табассум жуда қувончли,
Бундайин табассум уйғотар оғриқ.

Ҳеч кимдан уялмай шу ернинг ўзида
ўкириб-ўкириб йиғлагим келар.
Бироқ, мен йиғласам — йиғлаб юборар гўдак.
Яхшиси, чидайман, яхшиси, тоқат…
Йиғлаш мумкин бўлмаганидан
жилмайганча азоб чекаман.

Бундай кулгу юрагимга солар изтироб…

МЕН ТУШИМДА КЕМАНИ КЎРДИМ

Мен тушимда кемани кўрдим,
Оқ елканли митти кемани.
Қандай гўзал кема эди у!
Кўзларимдан қалқиди ёшим.

Шамол елди, гурлади тўлқин,
Кўрдим — чўкар у митти кема,
Чўкар эди денгиз тубига —
Ушлаб қола олмади тушим,
О, мен энди не қилай?

Хуршид Даврон таржималари

022Ғафур ҒУЛОМ
011

ЎЙЛАШНИ ЎРГАНАМИЗ

Мухторжон олти ёшлик
Синглисидан сўради:
— Мунисхон,
Ростингни айт,
Ўйлашни биласанми?

Мунисхон акасига
Ажабланиб қаради:
— Ака-а, ўзинг айта қол,
Ўйлаш дегак нимади?

Мухторжол жиддий туриб,-
Қошини бирга йиғиб,
Синглисига кўрсатди:
— Мана, мен ўйлаяпман…
— Нимани ўйлаяпсан?…

— Жуда кўп ўйлаяпман:
Морожнийдан тоғ бўлса,
Нуқул гилос боғ бўлса,
Бир қозон қаймоқ бўлса,
Туядай пишлоқ бўлса..

Оғзининг суви келиб,
— Вий-й,— деворди
Мунисхон,
— Тўхтаб тургин, акажон,
Менам ўйлаб боқаман.
— Тез ўйла,— деди Мухтор.
— Тура тур, ўйлаб олай:
Ҳи-й… битта қўғирчоқ бўлса.
Калити бузилмаса.
Кўзини юмганида
Мени ҳам кўриб турса…

— Шу ҳам ўйлаш бўлдими?
Ўйлашни ўрганиб ол!
Сен ойи бўласанми?
Кўзин пир-пир учириб:
— Сен-чи?— Деди
Мунисхон.

Мухторнинг жаҳли чиқди:
— Мен қиз бола эмасман,
Қизлар ойи бўлади.
Мен катта бўлганимда,
Беш юзга кирганимда,
Катта дада бўламан.
— Қизинг ҳам бўладими,
Оти нима бўлади?
— Юзта қизим бўлади,
Оти Пуиис бўлади.
— Вой—й,— деворди
Мунисхон,—
Мен-чи, ойи бўламан…
Мингта ўғлим бўлади.
Оти Пухтор бўлади.
Ҳи-и,— тилин ликиллатиб
Гижгижлатти акасин.

Шундай қилнб, дўстларим,
Сўлим, шинам боғдаги
Сув крани тагида
Ўйнаб юрган  икки ёш
Ўйлашга бошладилар.

02

1 iyun — xalqaro bolalarni g’imoya qilish kuni

Xalqaro bolalarni himoya qilish kuni munosabati bilan jahon she’riyatining eng yorqin vakillarining bolalarga bag’ishlangan she’rlarini taqdim etamiz. Bugun, hech bo’lmasa, farzandingizni o’pib qo’yishni unutmang.

05Gabriela MISTRAL
09

A L L A

Tun dorong’u, tun g’arib
Tun ichra koldi dengiz.
Men beshiging tebratib,
O’zni sezmayman yolg’iz.

Osmon olamda g’arib,
Oyni ham quchdi dengiz.
Seni qo’lda ko’tarib.
O’zni sezmayman yolg’iz.

Inson yer uzra g’arib,
Topilmas biron g’amsiz.
Sen bilan to’liq bag’rim,—
Emasman yakka-yolg’iz…

EZGULIK

Senga atab men aytsam qo’shik,
Butun zamin unutar g’amni.
Kulging misol muloyim, iliq
Tog’u toshlar, qirlar tikani.

Senga atab aytaman qo’shiq,
Dildan quvib og’ir o’ylarni.
Nafasingdan mehrga to’liq
Hatto ilon, qoplon uylari.

Zulfiya tarjimalari

02Nozim HIKMAT
011

SENING BAYRAMING

Sening bayramingga loyiq
so’zlarni topayin qanday?
Gullasin olcha gullaganday
senda tiriklik, sog’lik.

Kap-katta qiz bo’lding, orlik,
eng sevinchli chog’ingdasan.
Hech so’nmasdan porillasin
ko’zlaringda baxtiyorlik.

Kunlar quyoshli, tansiq,
otang qirg’oqqa kelajak.
Senga keltirib berajak
tangalari oltin baliq.

Men esa ozgina cho’g’lik
she’rimni etaman armug’on.
Naq gulsan bu uyda, bolajon,
sendan taralar yorug’lik.

* * *

Dunyoni topshiraylik bolalarga, hech bo’lmasa bir kunga,
Ol alvon bir shar kabi beraylik o’ynasinlar.
O’ynasinlar qo’shiqlar kuylab yulduzlar orasida.
Dunyoni bolalarga topshiraylik.
Ulkan bir olma kabi, topshiraylik issiq bir non kabi,
Hech bo’lmasa bir kun to’ysinlar.
Dunyoni bolalarga topshiraylik.
Bir kun bo’lsa ham o’rgansin dunyo yo’ldoshlikni.
Bolalar dunyoni olajak qo’llarimizdan,
O’limsiz daraxtlar ekajaklar.

QIZBOLA

Oching, eshiklarni qoqqan menman,
eshiklarni bir-bir qoqyapman qars-qars.
Men sizning ko’zingizga ko’rinolmam,
o’liklarni ko’rish mumkinmas.

Men o’lganman Xirosimada,
yillar o’tdi, o’tdi sanalar.
Yetti yoshli qizdirman hamon,
ulg’aymaydi o’lgan bolalar.

Sochlarim tutadi olovlarda,
ikki ko’zim yondi, dovruldi.
Bir hovuch kukunga aylandim,
kukunim havoga sovruldi.

Men sizlardan yolg’iz o’zim uchun
hech bir narsa so’ramayman, yo’q.
Bir qoshiq shakar ham yeyolmaydi
qog’ozday yonib ketgan jujuq.

Eshiklarni qoqqan menman, oching,
qo’l qo’ysin har inson — har qishloq,shahar.
Bundan buyon bolalar o’ldirilmasin,
bundan buyon yeelsin shakar.

1956

«YO AYNI, YO HABIBI!»

Port-Saidlik* Mansurim o’n uch, o’n to’rt yoshida
oyoqyalang, boshyalang tufli moylab o’tirar
oynali, jing’iroqli qutichasin boshida.

Shippaklar, kavushlar, tuflilar, botinkalar —
chang bosgani, loy tekkani, dog’ bo’lgani —
hammasi qo’yiladi oynali qutichaga.

Cho’tkalar qanotlanar, porlar qizil duxoba.
Shippaklar, kavushlar, tuflilar, botinkalar
xursand: yap-yangi bo’lib,
yiltir-yiltir qilib
tushadi oynali qutichadan.

Mansurim qora-qura xurmo turshagi kabi.
Mansurim shirin bola.
Doim bir qo’shid aytar:
«YO ayni, yo habibi!»**

Port-Saidni yoqdilar***, o’ldirdilar Mansurni.
Tonggi gazetalarda ko’rdim fotosuratni:
o’liklarning orasida bir kichik o’lik.
YO ayni, yo habibi!
Xurmo turshagi kabi…

* P o r t-S a i d — Misrga qarashli port shahar.
** «YO ayni, yo h a b i bi»—«Ey yolg’izim, ey suyuklim!» degani, arab xalq qo’shig’idan.
*** 1956 yilda imperialistlar misrliklarning mustaqil siyosatidan achchiqlanib, Port-Saidga o’t
qo’ygandilar.

Miraziz A’zam tarjimalari

03Pablo NERUDA

«SAVOLLAR KITOBI»DAN
011

Nima uchun samolyotlar
o’ynatgani olib chiqmas bolalarini?

Limonlarni tug’armikin
katta-katta zarg’aldoq qushlar?

Nega o’rgatishmas vertolyotlarga
bol yig’ishni oftob nuridan?

To’lin oy qaerda asrab yurarkin
un solingan tungi to’rvasin?

* * *

Agar o’lganimni payqamagan bo’lsam
unda vaqtni kimdan bilaman?

Ko’r odam qaerga qochishi mumkin
talaganda asalarilar?

Sariq ranglar tamom bo’lganda
biz nimadan yopamiz nonni?

* * *

Ayting-chi, atirgul yalang’ochmi,
va yo bu ularning libosimi?

Nima uchun daraxt yashirar
ildizining yaltiroqligin?

Qotil avtomobil tovba qilganin
eshitgan yo ko’rganlar bormi?

Yomg’irda sovqotgan poezddan ham
hasratliroq kimsa bormi olamda?

* * *

Tutun bulut bilan gaplasharmikin?

Umidlarni shabnam qilib sochish kerak — to’g’rimi shu?

* * *

Uchayotgan tun ro’molida
qaydan paydo bo’lgan shuncha teshik?

Havo tinmay yig’lagan sari
nega quvnab guldurar bulut?

Quyosh hovonchasi kun tutilganda
kimlar uchun lovullab turar?

* * *

Kaptarlar olami faqat tinchlikmi?
Yo’lbarslar olami faqat urushmi?

Maktabga kech qolgan qaldirg’ochlarga
nima bo’ldi ekan?

She’rlarim haqida nima deyisharkin
qonim qandayligin bilmaganlar?

* * *

Kimga qarab jilmayar guruch
shuncha oq tishini yiltiratib?

Og’ir zamonlarda nima uchun
ko’rinmas siyoh bilan kitob yozarlar?

Apel`sinlar quyoshning nurini
o’zaro qanday taqsim qilisharkin?

* * *

Anor sharbatin ne deb
G’iybat qilar yoqutlar?

Nima uchun payshanba
jumadan keyin yurmas?

Osmon ko’m-ko’k bo’lganda
kim quvonib qichqirdi?

Nechun ma’yus tortar yer
gunafsha ochilganda?

* * *

Nega har doim bahor
ko’m-ko’k bo’lib keladi?

Rangi o’chib yig’lasa osmon,
nima uchun kular ekinzor?

Qanday qilib ozod bo’ldiykin
tashlandiq velosiped?

* * *

Qahrabo — suv parilarining
ko’zyoshidan bo’lgani rostmi?

Qushdai qushga parillab uchgan
Gulning oti nima, kim bilar?

Kech bo’lgandan bo’lmagan yaxshi —
nima deysan, shunday emasmi?

* * *

Ilk bor dunyo paydo bo’lganda
Bu Venesuela edimi?

Ummonning o’rtasi qaerda?
Nega o’sha yerga oqmas to’lqinlar?

Yerga tushgan uchar yulduz
olmos kaptar emasmidi?

* * *
Ishqi so’nganlarning ishqi qaerda
yashar ekan endi ularsiz?

Ko’zlarimdan so’radim:
Endi qachon ko’rishamiz?

Miraziz A’zam tarjimalari

04Federiko GARSIA LORKA
011

MANZARA

Oqshom kiydi adashib
ayozning ko’ylagini.
Bolalar darchalardan
sarg’aygan yolg’iz daraxt
qushlarga qo’nayotgan
dalaga qarar karaxt.
Oqshom olis daryoning
qirgogida cho’zildi.
Birdan sopol tomlarda
yashnab ketdi qizillik.

BEMA’NI QO’SHIQ

— Oyi,
Kumush bo’lgim keladi.

— Sovqotasan,
Qo’y, o’g’lim.
— Oyi,
Irmoq bo’lgim keladi.

— Sovqotasan,
Qo’y, o’g’lim.

— Oyi,
Tikib qo’ygin bolishga.
— Xo’p bo’ladi,
Hoziroq.

OY CHIQQANDA

Oy chiqqanda borliqda
tin olar qo’ng’iroqlar.
Qalin o’rmon, changalda
yaraqlaydi so’qmoqlar.

Oy chiqqanda chayqalar
zamin ummonga o’xshab.
Cheksizlikda yo’qolgan
bir orolga o’xshar qalb.

Oy to’lishgan kechada
sarg’aygan bog’lar ora
po’rtaholmas, muzlagan
g’o’ralar yeydi odam.

Oy to’lishgan kechada
bir qiyofa, bir onda
sonsiz kumush tangalar
faryod qilar hamyonda.

SOQOV BOLA

Shahzoda chigirtka yashirgan
ovozin izlaydi bolakay
Shudringli gultojlar
oralab ovozin izlaydi bolakay.

— Ovozim topsaydim, g’aroyib
uzukcha yasardim o’zimga.
Yashirib qo’yardim jimlikni
uzukning munchoqdek ko’ziga.

Shudringli gultojlar oralab
ovozin izlaydi bolakay.
Yashil chigirtkaning ichidan
ovozi yangrardi olisdan.

Shavkat Rahmon tarjimalari

091Ishikava TAKUBOKU
011

TANKALAR

Qizcham ishonadi,
Men nima yozsam,
Barchasi,
Albatta,
Bosilib chiqar.

* * *

«Endi men
Qalbingni angladim,bolam!»
Dedi menga onam.
U tushimga kirib keldi-yu,
Yig’lab-yig’lab keyin tark etdi.

* * *

Nimalar keldi o’yiga?!
Qo’g’irchog’in
Bir chetga qo’yib,
Qizcham o’tirib
Oldi yonimga.

* * *

* * *

Otangga o’xshama!
Otangning otasiga ham!
Eshityapsanmi,
Nimani iltimos qilyapman
Sendan, qizginam.

* * *

Bechora otam!
O’qishga ham majoli qolmay,
Gazetani chetga qo’ydi-da,
Tor hovlida o’ynay boshladi
Chumoli bilan.

* * *

Qizchamni urishdim.
Uxlab qoldi
Ko’zyoshlari qurimasdan,
Og’zini nim ochgancha.
Uning yanoqlarin sekin siladim.

Xurshid Davron tarjimalari

08Jun TAKAMI
011

BUNDAY KULGU YURAGIMGA SOLAR IZTIROB

Bunday kulgu yuragimga solar iztirob.
Odam to’la simpoezdda,
notanish ayolning

yelkasi osha
kulib boqdi menga bolakay.

Men ham jilmayaman,
aslida to’lib-to’lib yig’lagim kelar.

Bu dunyoda juda ozdir bunday tabassum.
Juda ham kam in’om qilarlar
Menga bunday tabassumlarni.
Bu tabassum qo’llarimni shol qilib qo’yar,
Bu tabassum farishtalar tabassumidir.
Bundayin tabassum juda quvonchli,
Bundayin tabassum uyg’otar og’riq.

Hech kimdan uyalmay shu yerning o’zida
o’kirib-o’kirib yig’lagim kelar.
Biroq, men yig’lasam — yig’lab yuborar go’dak.
Yaxshisi, chidayman, yaxshisi, toqat…
Yig’lash mumkin bo’lmaganidan
jilmaygancha azob chekaman.

Bunday kulgu yuragimga solar iztirob…

MEN TUSHIMDA KEMANI KO’RDIM

Men tushimda kemani ko’rdim,
Oq yelkanli mitti kemani.
Qanday go’zal kema edi u!
Ko’zlarimdan qalqidi yoshim.

Shamol yeldi, gurladi to’lqin,
Ko’rdim — cho’kar u mitti kema,
Cho’kar edi dengiz tubiga —
Ushlab qola olmadi tushim,
O, men endi ne qilay?

Xurshid Davron tarjimalari

022G’afur G’ULOM
011

O’YLASHNI O’RGANAMIZ

Muxtorjon olti yoshlik
Singlisidan so’radi:
— Munisxon,
Rostingni ayt,
O’ylashni bilasanmi?

Munisxon akasiga
Ajablanib qaradi:
— Aka-a, o’zing ayta qol,
O’ylash degak nimadi?

Muxtorjol jiddiy turib,-
Qoshini birga yig’ib,
Singlisiga ko’rsatdi:
— Mana, men o’ylayapman…
— Nimani o’ylayapsan?…

— Juda ko’p o’ylayapman:
Morojniydan tog’ bo’lsa,
Nuqul gilos bog’ bo’lsa,
Bir qozon qaymoq bo’lsa,
Tuyaday pishloq bo’lsa..

Og’zining suvi kelib,
— Viy-y,— devordi
Munisxon,
— To’xtab turgin, akajon,
Menam o’ylab boqaman.
— Tez o’yla,— dedi Muxtor.
— Tura tur, o’ylab olay:
Hi-y… bitta qo’g’irchoq bo’lsa.
Kaliti buzilmasa.
Ko’zini yumganida
Meni ham ko’rib tursa…

— Shu ham o’ylash bo’ldimi?
O’ylashni o’rganib ol!
Sen oyi bo’lasanmi?
Ko’zin pir-pir uchirib:
— Sen-chi?— Dedi
Munisxon.

Muxtorning jahli chiqdi:
— Men qiz bola emasman,
Qizlar oyi bo’ladi.
Men katta bo’lganimda,
Besh yuzga kirganimda,
Katta dada bo’laman.
— Qizing ham bo’ladimi,
Oti nima bo’ladi?
— Yuzta qizim bo’ladi,
Oti Puiis bo’ladi.
— Voy—y,— devordi
Munisxon,—
Men-chi, oyi bo’laman…
Mingta o’g’lim bo’ladi.
Oti Puxtor bo’ladi.
Hi-i,— tilin likillatib
Gijgijlatti akasin.

Shunday qilnb, do’stlarim,
So’lim, shinam bog’dagi
Suv krani tagida
O’ynab yurgan ikki yosh
O’ylashga boshladilar.

02

(Tashriflar: umumiy 32 534, bugungi 2)

3 izoh

Izoh qoldiring