Baxtiyor Nuriddin. Boshpana

Ashampoo_Snap_2017.12.16_15h57m04s_003_.png    Диққатини ҳув боғ четидаги сарғиш курси ёнида тинимсиз айланаётган аёл кишининг шарпаси тортди. Соябон тагидан унинг ярим гавдасига мос ҳолдаги бежирим оёқларигина кўзга ташланарди. Эслаб кўрса у охирги уч-тўрт кун ичида худди шу вақтда ана шу ерга келишни ҳеч канда қилмасди. Аслида бу уйни яқиндагина сотиб олганди. Ҳатто кўчиб ўтишга ҳам улгурганича йўқ…

Бахтиёр Нуриддин
БОШПАНА
07

 e27f1fcb0a08db48249df3e07d423f34.jpg  Бахтиёр Нуриддин (Нуриддинов) 1972 йил 15 ноябрда Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Ойим қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади. Унинг бир қатор ҳикоялари матбуотда эълон қилинган ва сценарийлари асосида телевизион бадиий фильмлар суратга олинган.

09

Ташқарида шаррос ёмғир ёғарди.

Дераза ортидан доимгидек Хонтоқнинг сўниқ, аммо жудаям фусункор манзараси кўзга ташланиб турибди. Аҳён-аҳён дарё бўйидаги теракзорнинг шамолда чайқалиб, шовуллаши қулоққа чалинади. Айвон шипидан шошқалоқлик билан чаккиллаб тушаётган томчиларнинг товуши гоҳ-гоҳ одамнинг хаёлларини бузиб, чалкаштириб ташлайди. Унга хос тарзда ора-орада ёмғирдан қочиб, уйнинг мўриси тагига беркинган бир жуфт мусичанинг беозоргина ғув-ғувлаши эшитилади. Томчиларнинг шитирлашини айтмаса уй ичидаги сукунат мана шу онларнинг устидан буткул ҳукмронлик қилишга шай турарди. Аммо на ёмғир, на қушлар, на табиат бунга имкон беришни хоҳлашмасди.

Ҳаммаси бундан ҳам бошқача бўлиши мумкин эди. Бироқ диққатини ҳув боғ четидаги сарғиш курси ёнида тинимсиз айланаётган аёл кишининг шарпаси тортди. Соябон тагидан унинг ярим гавдасига мос ҳолдаги бежирим оёқларигина кўзга ташланарди. Эслаб кўрса у охирги уч-тўрт кун ичида худди шу вақтда ана шу ерга келишни ҳеч канда қилмасди. Аслида бу уйни яқиндагина сотиб олганди. Ҳатто кўчиб ўтишга ҳам улгурганича йўқ. Базўр, амал-тақал таъмирдан чиқариб, эндигина жиҳозларни жойлаштирмоқчийди. Сотиб олган уйи унчалик ҳашамдор ҳам эмас. Бунинг устига шаҳарнинг энг чеккасида жойлашганди. Фақат тоза ҳаво, ойнадан кўриниб турадиган табиат манзараларини айтмаса, кичкина шаҳарчадаги икки қаватли бу уйнинг иноқ яшайдиган ўн-ўн беш чоғли қўшниларидан бошқа деярли мақтангулик ҳеч вақоси йўқ эди.

Ashampoo_Snap_2017.12.16_15h50m37s_002_.pngУ ўша нотаниш кимсага анчагача тикилиб турди. Сўнг уни кузатишдан чарчади. Чунки аёл айнан бир хил ҳаракатларни такрорларди. Бироз у-бу юмушлар билан овуниб, чалғигандек бўлди. Ўзини ҳеч нарсага эътибор бермасликка ундаб кўрди. Аммо барибир уддалай олмади. Кўчадаги аёл сурати борган сари фикрини бўлиб, тобора ўзига жалб қилиб борарди. Ноилож унга яна термилди. Бу сафар аёлнинг хатти-ҳаракатини узоқ томоша қилиб турди. Худди болалар ўйинчоғига ўхшарди — кимдир мурувватини бураб кетгану, тўхтатиш ёдидан кўтарилиб қолгандек гўё. Ҳақиқатан ҳам бирон хатосиз бир жойда айланарди. Ўша ёмғир сувларига бўкиб, ўтириб бўлмас аҳволга келиб қолган сарғиш курси атрофида тинимсиз у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Шу топда унинг олдига югуриб чиқиб, ҳол-аҳвол сўрамоқчи бўлди. Хаёлидан ўтган бу фикрдан бир сесканиб тушди. Ахир бориб нима ҳам дерди. Уни танимаса, қандайлигини билмаса. Бир пасда шаштидан қайтди. Лекин унинг олдига чиқиш истаги бошини чирмовиқдек ўраб ташлаганди. Қани эди бу ўйлардан қутулолса. Яна бир неча бор ташқарига ошиқди. Бу сафар уни ёмғир тўхтатиб қолди. Чунки унда соябон йўқ эди. Энди ҳар бир нарсадан баҳона излашга тушди. Эшик тирқишидан кираётган изғирин этларини жимирлатворди. Шундагина аёлга астойдил ачинди. У кун бўйи ёмғир остида-ку ахир, деб ўйлади. Шу онда ўзининг бераҳм ва инсофсизлигидан нафратланиб кетди. Ич-ичидан ўзини койий бошлади: садқаи одам кет!.. Бу танбеҳ фикрларини бироз тийраклаштиргандек бўлди. Шашт билан ёмғирпўшини елкасига ташлади-ю, ташқарига отилди. Бироқ кеч эди. Бу пайт унинг ўзи ичкарига кириб келганди. Ҳа-ҳа, шундай бўлди. У қаршисида совуқдан дилдираб турарди.

— Киринг, — деди довдираб зўрға.

Беихтиёр унинг қўлидаги соябонидан ушлаб ичкарига тортди. У шошиб қолганди. Талмовсираб нима қилаётганини билмасди ҳам.

– Нимага қараб турибсиз?!.. – сўради яна худди эски қадрдонлардек.

Аёл индамади.

— Кун бўйи ёмғирда қолиб кетдингиз чоғи. Бировни кутяпсизми?.. – деди айбдор оҳангда.

У ийманибгина бошини сарак-сарак қилди. Бу унинг “Йўқ” дегани эди.

— Нима қилиб жалада юрибсиз унда? — сўради таажжубланиб.

Аёлнинг индамаслиги уни янада тетиклаштирарди.

— Биз бу уйда яшагандик, — деди дабдурустдан аёл ниҳоят чеҳраси ёришиб.

У ичкарига кирганидан хурсанд кўринарди.

Ташқарида нимадир қаттиқ гумбурлагандек бўлди. Хона бир ёришиб сўнди. Ҳойнаҳой Хонтоқ тарафда момақалдироқ чақмоқ чалиб, чақин чақнатди-ёв!..

Унинг назарида эса, осмон узилиб ерга тушганди гўё.

Аёлнинг оғзи ёпилмасди. Бояги торитинишдан асар ҳам қолмаганди. Худди уйидагидек эркин ҳис қиларди ўзини. У тинмай гапирар, шу аснода аста-секинлик билан ичкарига қараб, юриб борарди. Хаёллар гирдобида:

— …Оилам билан шу кичкина хоналарда ҳаётимнинг қанчадан қанча яхши кунлари ўтган, – деганини илғай олганди, холос.

Шу дамда болалиги ёдига тушди. Ота-онаси билан бирга яшаган йилларини эслади. Ака-ука ҳар тонгда айвонда ёзиладиган дастурхон атрофида тўпланишарди. Онаси нонушта тайёрлаб, дастурхонга тортгунига қадар хархаша қилишиб, дунёни бошига кўтаришарди. Еб, ичиб тўйганларидан кейин ҳаммалари ўз юмушлари билан кетишарди: бири ишга, бири ўқишга. Кичкина укасини бўлса боғчага ташлашарди. Кеч тушганда яна уйларида йиғилишарди. У кунлар энди ўтмиш, фақат таассуротларгина қолган.

Бир пайт аёлнинг овози бутунлай тинди. Айвонда тақа-тақ тўхтади-да, ўйчан туриб қолди. Ўзи атрофида айланиб юрган сарғиш курси томонга ғамгин тикилди. Ўшандаги совуқдан жунжикиб, кўчада қолган пайтлари эсига тушдими, беихтиёр кўзларига ёш қалқди. Уни юпатмоқчи бўлганди, шошқалоқлик билан:

— Болаларимни олиб кирсам майлими? – деб ялиниб сўради.

У нима қиларини билмай қолганди. Бир унга, бир кўчага қараб жовдирарди. Аёл яна ўша сувга бўкиб, шалаббо бўлган сарғиш курси томон боқди. У нигоҳлари билан аёлнинг болаларини қидира бошлади. Кўзлари ёмғир остида қолган дарахтлар-у, ўша дардисар курсидан бошқа нарсани илғамасди. Аммо аёл илтижо билан унинг розилигини кутиб турарди. У баттар довдиради. Чунки аёлнинг ёлвориб қарашлари эсанкиратиб қўйганди. Беихтиёр “майли” дегандек бошини қимирлатди. Аёл шу ондаёқ ташқарига ўқдек отилиб чиқиб кетди. У ҳаммасини айвондан кузатиб турди. Аёл катта дарахт танаси панасига яшириниб, шумшайиб олган болакайларни тортқилаб чиқарди. Уларнинг бири уч, иккинчиси беш ёшларда эди чамаси. Уст-бошлари ивиб чинор пўстлоғи рангига қоришиб кетгани сабаб, кўзга ташланмасди ҳам. Ҳаш-паш дегунча уччалови ичкарида пайдо бўлишди. Ҳатто қачон кирганларини-да пайқамай қолди. Катта ўғли кира солиб уйни гир айланиб ниманидир қидира кетди. Ниҳоят ётоқхонанинг бир бурчагида кароват оёқлари тагида қисилиб ётган айиқчасини топиб, беғуборларча бағрига босди. Кичкина ўғли эса, пилдираб тўғри ошхонага борди. У ердаги курсига чираниб юриб чиқди. Амаллаб ўрнашиб олгандан сўнг:

— Нон, — деди дастурхондаги ноз-неъматларга ишора қилиб.

Уни кўрган акаси чопқиллаб келиб укасига дакки берди.

— Булар сенгамас, — деди у босиқлик билан. Акаси ўзини катталардек тутарди. Укаси унинг гапларига парво ҳам қилмади.

— Қорним очди, — деди чинқириб йиғлаб. У шундагина ўзига келди. Хотини “Тамадди қиларсиз”, деб қўлига тутқизган егуликларни аллақачон унутиб юборганди. Шошиб бориб нондан ушатиб, болакайга узатди. Яна пишлоқ, қайнатилган гўштдан кесиб, ёнига қўйди. У тортинмай ҳаммасидан бирма бир олиб ея бошлади. Акаси бурчакда тамшаниб, ютиниб турарди. Совуқда очқаганини шундоқ кўзларидан билса бўларди. Укасининг ёнидаги курсига уни ҳам ўтқизиб, дастурхонга таклиф қилди. Олдига у-бу егуликларни қўйиб ейишга ундади. Бола ийманибгина ҳусайни узумдан бир шингил олди-да, бирин-кетин доналарини узиб, секингина оғзига солди. Аёл бир четда диққат билан уларни кузатарди.

— Нимага қараб турибсиз?! – деди унга ҳам. Аёл қимтиниб аста уларга қўшилди. Аммо ҳеч нимага қўл урмади.

— Олинг! – деди у яна қистаб. – Очиғи ёлғиз томоғимдан ҳеч нарса ўтмаётганди. Яхши бўлди.

У бироз вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди. Аёл ҳам кичкина ўғлига танбеҳ берган киши бўлиб, ора-орада у-бу егуликлардан чимчилаб-чимчилаб еярди. Аммо болакай тўйганди. Ўзини курсига борича ташлаб, ялпайиб суянчиққа суянволди.

— Нимага бизни уйга кириб олдингиз? –дабдурустдан сўроққа тутди болакай жиддий. Унинг оғзидаги луқмаси томоғига тиқилди. Чайналиб нима деярини билмай, илтижо билан аёлга боқди. Онаси:

— Унақа беъмани гапларни гапирма. Амакинг уста. Уйимизни таъмирлаб берди, — деди ўғлига.

— Шунақа, — деб қўйди у ҳам болага мўлтиллаб.

Она-болаларни тиланчи деб ҳам ўйлади. Сўнг бўлаётган бари ишларга ўша ёмғирда ивиб, шалаббо бўлиб кетган сариқ курси айбдордек айвондан ташқарига кўз ташлаб қўйди. Унинг қарашларида яна бирон кимса бормикин, деган хавотир ҳам мужассам эди.

— Бошқа ҳеч ким йўқ, — деди аёл унинг хавотиромуз юзларига термулиб, хаёлидаги фикрларни ўқигандек. – Тиланчи ҳам эмасмиз.

Хижолат бўлиб оғиз жуфтлаган эди, гапиришга қўймади.

— Ҳозир кетамиз. Болаларим “Уйимизга борайлик”, деб иззиллашганди. Уларни кўрсатгани олиб келгандим, холос. Сизга раҳмат, — деди ва шошиб ўғилларини етаклаб, кетишга чоғланди.

Аёлнинг гапларидан ўзларининг қисматини уқди. Онасининг тақдири кимлардадир қайтарилаётгандек туюлди. Отасининг узоқ сафарга кузатишгани кўз олдига келди. (Бу онасининг юпанч сўзлари эканини катта бўлибгина тушунишганди.) Ўшанда ака-ука аюҳаннос солиб роса йиғлашганди. Шундан сўнг отасини бошқа кўришмади. Онаси билан яшаш учун қилмаган ишлари қолмади. Отасининг яқинлари деярли улардан юз ўгиришганди. Кейинчалик ўзлари яшаган уйдан ҳам қувиб солишди. Бир муддат кўчада қолишди. Аввалига у қариндошиникида, яна бир кун бошқасиникида яшаб юришди. Дарбадар ҳаёт жонларига теккач, ижарага кичкинагина хона олишди. Аҳён-аҳён онаси болаларини етаклаб бир вақтлар ўзлари бахтли ҳаёт кечирган қадрдон уйларининг ёнига бошлаб келиб, тунда деразадан таралаётган шуълаларга термулиб ўтиришарди. Ўша пайтларда онасининг кўнглидан ўтказган изтиробларни эндигина тушуниб турибди.

Бориб пойгакда уларни йўлини тўсди. Аллақачон қоронғи тушган эди. Айни шу дамда бошқалар сингари икки норасидасига қўшиб муштипар аёлни совуқда кўчага ҳайдаш учун виждони йўл бермади. Ҳаётнинг мураккаб сўқмоқларида якка ўзи қолган бу ожизанинг нима айби бор! Эндигина дунёнинг шафқатсиз ўйинлари-ю, раҳмсиз ҳукмига дуч келиб, умрнинг аччиқ таъмини тотаётган, худди ўзлари сингари онасининг ёлғиз умиди, суянчи бўлган манави икки болакайни-чи?..

У шоша-пиша кийимларини кийди.

— Сизлар қолинглар, — деди ўтинганнамо ва уй калитини эшикнинг оғзида қолдириб, чиқиб кетди.

Ўша лаънати сарғиш курси ёнига етиб борганда ортидан оёқ товуши эшитилди. Қайрилиб қарамоқчи бўлганда:
— Шошманг! — деган ҳитобдан вужуди титраб кетди. Бу гоҳ онасининг, гоҳ ўша аёлнинг овозига ўхшарди. Қулоқларига ишонмади. Аста у томонга ўгирилди. Аёл соябонини узатган кўйи рўпарасида турарди. Унинг нигоҳлари онаси каби меҳрибон ва мағрур эди. Шу алфозда соябонни қандай олганини ҳам билмади. Аёл уйга кириб борарди.

Кетмоқчи бўлганда соябон тутқичидан бир уюм қоғоз шитирлаб, ерга сочилди. Бу уйнинг ҳужжатлари эди. Ёмғирда ивиб, лойга ботиб борарди. Уларни қайтариб бермоқчи бўлди-ю, аммо орқасидан боришни истамади. Агар инсон қисмати мана шу қоғозларга битилган айқаш-уйқаш ёзувлар-у, сиёҳи қотган муҳрга боғланган бўлса, тупроққа қоришиб йўқ бўлиб кетсин бу матоҳлар, деб ўйлади.

У ҳушига келганда аёл шарпаси йўқлик сари сочилиб борарди. Уйнинг ёлғиз йўлаги билан остона пойида бераҳм дунёнинг қақшатқич зарбаларидан ўлакса ҳолга келган яланғоч хаёлларнинг жасади ётарди гўё. Унинг ортидан ичкарига киришга ошиқарди-ю, аммо юраги бунга дов бермасди. Қандайдир ваҳм худди ўргимчак тўри мисол оёқларини чирмаб ташлагандек эди. Қанчалик ҳаракат қилмасин қимирлашга ўзида куч тополмади. Фақат нигоҳларигина унинг изидан истаксиз судралди, холос. Бутун вужудида мажол йўқ эди. Шуурида эса хаёлларини таг-туги билан қўпориб ташлаган бу уй ҳақидаги хотиралар ўрнашиб олганди. Яна ўша соябон тутган, ёмғир остида уззукун қолиб кетган муштипар онанинг суврати айланиб юрарди. Унинг бўлса, ўзи яқиндагина неча йиллар давомида йиғиб-териб не кўйларда яшаш учун сотиб олган кулбадеккина бошпанаси ва болалари билан у ерда кечирган бахтиёр ҳаёти ҳақидаги эзғин сўзлари ҳеч тинчлик бермасди.

Рўпарасида ўша қарашларини бузиб, чилпарчин қилиб ташлаган, беғубор болаликнинг қувончларига шерик уйнинг ўзи виқор тўкиб турарди. Ичкарида эса, икки норасида боласини бағрига босиб, эркалатиб, шоду ҳуррамлик гаштини сураётган бахтли она; ёмғирдан қочиб, уйнинг мўриси тагига беркиниб – пинжларига суқилишиб – бахтиёрлик сурурини тотаётган беозоргина бир жуфт мусича… Буларнинг бари чинмиди ёки тасаввури маҳсулими, билмайди. Билгани энди унинг ўзи ўша сарғиш курси атрофида умидвор айланаётгани эди, холос. Бироқ бир неча кун аввал мана шу уйдан бошпана сотиб олгани бор гап.

2017 йил, 6 октябр

dozhd-steklo-kapli-siluet.jpg    Diqqatini huv bog‘ chetidagi sarg‘ish kursi yonida tinimsiz aylanayotgan ayol kishining sharpasi tortdi. Soyabon tagidan uning yarim gavdasiga mos holdagi bejirim oyoqlarigina ko‘zga tashlanardi. Eslab ko‘rsa u oxirgi uch-to‘rt kun ichida xuddi shu vaqtda ana shu yerga kelishni hech kanda qilmasdi. Aslida bu uyni yaqindagina sotib olgandi. Hatto ko‘chib o‘tishga ham ulgurganicha yo‘q…

Baxtiyor Nuriddin
BOSHPANA
07

  Baxtiyor Nuriddin (Nuriddinov) 1972 yil 15 noyabrda Andijon viloyati Jalaquduq tumani Oyim qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston Milliy Universitetining filologiya fakultetida tahsil olgan. Uzoq yillardan buyon O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida faoliyat yuritadi. Uning bir qator hikoyalari matbuotda e’lon qilingan va ssenariylari asosida televizion badiiy filmlar suratga olingan.

09

Ashampoo_Snap_2017.12.16_15h46m04s_001_.pngTashqarida sharros yomg‘ir yog‘ardi.

Deraza ortidan doimgidek Xontoqning so‘niq, ammo judayam fusunkor manzarasi ko‘zga tashlanib turibdi. Ahyon-ahyon daryo bo‘yidagi terakzorning shamolda chayqalib, shovullashi quloqqa chalinadi. Ayvon shipidan shoshqaloqlik bilan chakkillab tushayotgan tomchilarning tovushi goh-goh odamning xayollarini buzib, chalkashtirib tashlaydi. Unga xos tarzda ora-orada yomg‘irdan qochib, uyning mo‘risi tagiga berkingan bir juft musichaning beozorgina g‘uv-g‘uvlashi eshitiladi. Tomchilarning shitirlashini aytmasa uy ichidagi sukunat mana shu onlarning ustidan butkul hukmronlik qilishga shay turardi. Ammo na yomg‘ir, na qushlar, na tabiat bunga imkon berishni xohlashmasdi.

Hammasi bundan ham boshqacha bo‘lishi mumkin edi. Biroq diqqatini huv bog‘ chetidagi sarg‘ish kursi yonida tinimsiz aylanayotgan ayol kishining sharpasi tortdi. Soyabon tagidan uning yarim gavdasiga mos holdagi bejirim oyoqlarigina ko‘zga tashlanardi. Eslab ko‘rsa u oxirgi uch-to‘rt kun ichida xuddi shu vaqtda ana shu yerga kelishni hech kanda qilmasdi. Aslida bu uyni yaqindagina sotib olgandi. Hatto ko‘chib o‘tishga ham ulgurganicha yo‘q. Bazo‘r, amal-taqal ta’mirdan chiqarib, endigina jihozlarni joylashtirmoqchiydi. Sotib olgan uyi unchalik hashamdor ham emas. Buning ustiga shaharning eng chekkasida joylashgandi. Faqat toza havo, oynadan ko‘rinib turadigan tabiat manzaralarini aytmasa, kichkina shaharchadagi ikki qavatli bu uyning inoq yashaydigan o‘n-o‘n besh chog‘li qo‘shnilaridan boshqa deyarli maqtangulik hech vaqosi yo‘q edi.

U o‘sha notanish kimsaga anchagacha tikilib turdi. So‘ng uni kuzatishdan charchadi. Chunki ayol aynan bir xil harakatlarni takrorlardi. Biroz u-bu yumushlar bilan ovunib, chalg‘igandek bo‘ldi. O‘zini hech narsaga e’tibor bermaslikka undab ko‘rdi. Ammo baribir uddalay olmadi. Ko‘chadagi ayol surati borgan sari fikrini bo‘lib, tobora o‘ziga jalb qilib borardi. Noiloj unga yana termildi. Bu safar ayolning xatti-harakatini uzoq tomosha qilib turdi. Xuddi bolalar o‘yinchog‘iga o‘xshardi — kimdir muruvvatini burab ketganu, to‘xtatish yodidan ko‘tarilib qolgandek go‘yo. Haqiqatan ham biron xatosiz bir joyda aylanardi. O‘sha yomg‘ir suvlariga bo‘kib, o‘tirib bo‘lmas ahvolga kelib qolgan sarg‘ish kursi atrofida tinimsiz u yoqdan-bu yoqqa borib kelardi. Shu topda uning oldiga yugurib chiqib, hol-ahvol so‘ramoqchi bo‘ldi. Xayolidan o‘tgan bu fikrdan bir seskanib tushdi. Axir borib nima ham derdi. Uni tanimasa, qandayligini bilmasa. Bir pasda shashtidan qaytdi. Lekin uning oldiga chiqish istagi boshini chirmoviqdek o‘rab tashlagandi. Qani edi bu o‘ylardan qutulolsa. Yana bir necha bor tashqariga oshiqdi. Bu safar uni yomg‘ir to‘xtatib qoldi. Chunki unda soyabon yo‘q edi. Endi har bir narsadan bahona izlashga tushdi. Eshik tirqishidan kirayotgan izg‘irin etlarini jimirlatvordi. Shundagina ayolga astoydil achindi. U kun bo‘yi yomg‘ir ostida-ku axir, deb o‘yladi. Shu onda o‘zining berahm va insofsizligidan nafratlanib ketdi. Ich-ichidan o‘zini koyiy boshladi: sadqai odam ket!.. Bu tanbeh fikrlarini biroz tiyraklashtirgandek bo‘ldi. Shasht bilan yomg‘irpo‘shini yelkasiga tashladi-yu, tashqariga otildi. Biroq kech edi. Bu payt uning o‘zi ichkariga kirib kelgandi. Ha-ha, shunday bo‘ldi. U qarshisida sovuqdan dildirab turardi.

— Kiring, — dedi dovdirab zo‘rg‘a.

Beixtiyor uning qo‘lidagi soyabonidan ushlab ichkariga tortdi. U shoshib qolgandi. Talmovsirab nima qilayotganini bilmasdi ham.

– Nimaga qarab turibsiz?!.. – so‘radi yana xuddi eski qadrdonlardek.

Ayol indamadi.

— Kun bo‘yi yomg‘irda qolib ketdingiz chog‘i. Birovni kutyapsizmi?.. – dedi aybdor ohangda.

U iymanibgina boshini sarak-sarak qildi. Bu uning “Yo‘q” degani edi.

— Nima qilib jalada yuribsiz unda? — so‘radi taajjublanib.

Ayolning indamasligi uni yanada tetiklashtirardi.

— Biz bu uyda yashagandik, — dedi dabdurustdan ayol nihoyat chehrasi yorishib.

U ichkariga kirganidan xursand ko‘rinardi.

Tashqarida nimadir qattiq gumburlagandek bo‘ldi. Xona bir yorishib so‘ndi. Hoynahoy Xontoq tarafda momaqaldiroq chaqmoq chalib, chaqin chaqnatdi-yov!..

Uning nazarida esa, osmon uzilib yerga tushgandi go‘yo.

Ayolning og‘zi yopilmasdi. Boyagi toritinishdan asar ham qolmagandi. Xuddi uyidagidek erkin his qilardi o‘zini. U tinmay gapirar, shu asnoda asta-sekinlik bilan ichkariga qarab, yurib borardi. Xayollar girdobida:

— …Oilam bilan shu kichkina xonalarda hayotimning qanchadan qancha yaxshi kunlari o‘tgan, – deganini ilg‘ay olgandi, xolos.

Shu damda bolaligi yodiga tushdi. Ota-onasi bilan birga yashagan yillarini esladi. Aka-uka har tongda ayvonda yoziladigan dasturxon atrofida to‘planishardi. Onasi nonushta tayyorlab, dasturxonga tortguniga qadar xarxasha qilishib, dunyoni boshiga ko‘tarishardi. Yeb, ichib to‘yganlaridan keyin hammalari o‘z yumushlari bilan ketishardi: biri ishga, biri o‘qishga. Kichkina ukasini bo‘lsa bog‘chaga tashlashardi. Kech tushganda yana uylarida yig‘ilishardi. U kunlar endi o‘tmish, faqat taassurotlargina qolgan.

Bir payt ayolning ovozi butunlay tindi. Ayvonda taqa-taq to‘xtadi-da, o‘ychan turib qoldi. O‘zi atrofida aylanib yurgan sarg‘ish kursi tomonga g‘amgin tikildi. O‘shandagi sovuqdan junjikib, ko‘chada qolgan paytlari esiga tushdimi, beixtiyor ko‘zlariga yosh qalqdi. Uni yupatmoqchi bo‘lgandi, shoshqaloqlik bilan:

— Bolalarimni olib kirsam maylimi? – deb yalinib so‘radi.

U nima qilarini bilmay qolgandi. Bir unga, bir ko‘chaga qarab jovdirardi. Ayol yana o‘sha suvga bo‘kib, shalabbo bo‘lgan sarg‘ish kursi tomon boqdi. U nigohlari bilan ayolning bolalarini qidira boshladi. Ko‘zlari yomg‘ir ostida qolgan daraxtlar-u, o‘sha dardisar kursidan boshqa narsani ilg‘amasdi. Ammo ayol iltijo bilan uning roziligini kutib turardi. U battar dovdiradi. Chunki ayolning yolvorib qarashlari esankiratib qo‘ygandi. Beixtiyor “mayli” degandek boshini qimirlatdi. Ayol shu ondayoq tashqariga o‘qdek otilib chiqib ketdi. U hammasini ayvondan kuzatib turdi. Ayol katta daraxt tanasi panasiga yashirinib, shumshayib olgan bolakaylarni tortqilab chiqardi. Ularning biri uch, ikkinchisi besh yoshlarda edi chamasi. Ust-boshlari ivib chinor po‘stlog‘i rangiga qorishib ketgani sabab, ko‘zga tashlanmasdi ham. Hash-pash deguncha uchchalovi ichkarida paydo bo‘lishdi. Hatto qachon kirganlarini-da payqamay qoldi. Katta o‘g‘li kira solib uyni gir aylanib nimanidir qidira ketdi. Nihoyat yotoqxonaning bir burchagida karovat oyoqlari tagida qisilib yotgan ayiqchasini topib, beg‘uborlarcha bag‘riga bosdi. Kichkina o‘g‘li esa, pildirab to‘g‘ri oshxonaga bordi. U yerdagi kursiga chiranib yurib chiqdi. Amallab o‘rnashib olgandan so‘ng:

— Non, — dedi dasturxondagi noz-ne’matlarga ishora qilib.

Uni ko‘rgan akasi chopqillab kelib ukasiga dakki berdi.

— Bular sengamas, — dedi u bosiqlik bilan. Akasi o‘zini kattalardek tutardi. Ukasi uning gaplariga parvo ham qilmadi.

— Qornim ochdi, — dedi chinqirib yig‘lab. U shundagina o‘ziga keldi. Xotini “Tamaddi qilarsiz”, deb qo‘liga tutqizgan yeguliklarni allaqachon unutib yuborgandi. Shoshib borib nondan ushatib, bolakayga uzatdi. Yana pishloq, qaynatilgan go‘shtdan kesib, yoniga qo‘ydi. U tortinmay hammasidan birma bir olib yeya boshladi. Akasi burchakda tamshanib, yutinib turardi. Sovuqda ochqaganini shundoq ko‘zlaridan bilsa bo‘lardi. Ukasining yonidagi kursiga uni ham o‘tqizib, dasturxonga taklif qildi. Oldiga u-bu yeguliklarni qo‘yib yeyishga undadi. Bola iymanibgina husayni uzumdan bir shingil oldi-da, birin-ketin donalarini uzib, sekingina og‘ziga soldi. Ayol bir chetda diqqat bilan ularni kuzatardi.

— Nimaga qarab turibsiz?! – dedi unga ham. Ayol qimtinib asta ularga qo‘shildi. Ammo hech nimaga qo‘l urmadi.

— Oling! – dedi u yana qistab. – Ochig‘i yolg‘iz tomog‘imdan hech narsa o‘tmayotgandi. Yaxshi bo‘ldi.

U biroz vaziyatni yumshatishga harakat qildi. Ayol ham kichkina o‘g‘liga tanbeh bergan kishi bo‘lib, ora-orada u-bu yeguliklardan chimchilab-chimchilab yeyardi. Ammo bolakay to‘ygandi. O‘zini kursiga boricha tashlab, yalpayib suyanchiqqa suyanvoldi.

— Nimaga bizni uyga kirib oldingiz? –dabdurustdan so‘roqqa tutdi bolakay jiddiy. Uning og‘zidagi luqmasi tomog‘iga tiqildi. Chaynalib nima deyarini bilmay, iltijo bilan ayolga boqdi. Onasi:

— Unaqa be’mani gaplarni gapirma. Amaking usta. Uyimizni ta’mirlab berdi, — dedi o‘g‘liga.

— Shunaqa, — deb qo‘ydi u ham bolaga mo‘ltillab.

Ona-bolalarni tilanchi deb ham o‘yladi. So‘ng bo‘layotgan bari ishlarga o‘sha yomg‘irda ivib, shalabbo bo‘lib ketgan sariq kursi aybdordek ayvondan tashqariga ko‘z tashlab qo‘ydi. Uning qarashlarida yana biron kimsa bormikin, degan xavotir ham mujassam edi.

— Boshqa hech kim yo‘q, — dedi ayol uning xavotiromuz yuzlariga termulib, xayolidagi fikrlarni o‘qigandek. – Tilanchi ham emasmiz.

Xijolat bo‘lib og‘iz juftlagan edi, gapirishga qo‘ymadi.

— Hozir ketamiz. Bolalarim “Uyimizga boraylik”, deb izzillashgandi. Ularni ko‘rsatgani olib kelgandim, xolos. Sizga rahmat, — dedi va shoshib o‘g‘illarini yetaklab, ketishga chog‘landi.

Ayolning gaplaridan o‘zlarining qismatini uqdi. Onasining taqdiri kimlardadir qaytarilayotgandek tuyuldi. Otasining uzoq safarga kuzatishgani ko‘z oldiga keldi. (Bu onasining yupanch so‘zlari ekanini katta bo‘libgina tushunishgandi.) O‘shanda aka-uka ayuhannos solib rosa yig‘lashgandi. Shundan so‘ng otasini boshqa ko‘rishmadi. Onasi bilan yashash uchun qilmagan ishlari qolmadi. Otasining yaqinlari deyarli ulardan yuz o‘girishgandi. Keyinchalik o‘zlari yashagan uydan ham quvib solishdi. Bir muddat ko‘chada qolishdi. Avvaliga u qarindoshinikida, yana bir kun boshqasinikida yashab yurishdi. Darbadar hayot jonlariga tekkach, ijaraga kichkinagina xona olishdi. Ahyon-ahyon onasi bolalarini yetaklab bir vaqtlar o‘zlari baxtli hayot kechirgan qadrdon uylarining yoniga boshlab kelib, tunda derazadan taralayotgan shu’lalarga termulib o‘tirishardi. O‘sha paytlarda onasining ko‘nglidan o‘tkazgan iztiroblarni endigina tushunib turibdi.

Borib poygakda ularni yo‘lini to‘sdi. Allaqachon qorong‘i tushgan edi. Ayni shu damda boshqalar singari ikki norasidasiga qo‘shib mushtipar ayolni sovuqda ko‘chaga haydash uchun vijdoni yo‘l bermadi. Hayotning murakkab so‘qmoqlarida yakka o‘zi qolgan bu ojizaning nima aybi bor! Endigina dunyoning shafqatsiz o‘yinlari-yu, rahmsiz hukmiga duch kelib, umrning achchiq ta’mini totayotgan, xuddi o‘zlari singari onasining yolg‘iz umidi, suyanchi bo‘lgan manavi ikki bolakayni-chi?..

U shosha-pisha kiyimlarini kiydi.

— Sizlar qolinglar, — dedi o‘tingannamo va uy kalitini eshikning og‘zida qoldirib, chiqib ketdi.

O‘sha la’nati sarg‘ish kursi yoniga yetib borganda ortidan oyoq tovushi eshitildi. Qayrilib qaramoqchi bo‘lganda:
— Shoshmang! — degan hitobdan vujudi titrab ketdi. Bu goh onasining, goh o‘sha ayolning ovoziga o‘xshardi. Quloqlariga ishonmadi. Asta u tomonga o‘girildi. Ayol soyabonini uzatgan ko‘yi ro‘parasida turardi. Uning nigohlari onasi kabi mehribon va mag‘rur edi. Shu alfozda soyabonni qanday olganini ham bilmadi. Ayol uyga kirib borardi.

Ketmoqchi bo‘lganda soyabon tutqichidan bir uyum qog‘oz shitirlab, yerga sochildi. Bu uyning hujjatlari edi. Yomg‘irda ivib, loyga botib borardi. Ularni qaytarib bermoqchi bo‘ldi-yu, ammo orqasidan borishni istamadi. Agar inson qismati mana shu qog‘ozlarga bitilgan ayqash-uyqash yozuvlar-u, siyohi qotgan muhrga bog‘langan bo‘lsa, tuproqqa qorishib yo‘q bo‘lib ketsin bu matohlar, deb o‘yladi.

U hushiga kelganda ayol sharpasi yo‘qlik sari sochilib borardi. Uyning yolg‘iz yo‘lagi bilan ostona poyida berahm dunyoning qaqshatqich zarbalaridan o‘laksa holga kelgan yalang‘och xayollarning jasadi yotardi go‘yo. Uning ortidan ichkariga kirishga oshiqardi-yu, ammo yuragi bunga dov bermasdi. Qandaydir vahm xuddi o‘rgimchak to‘ri misol oyoqlarini chirmab tashlagandek edi. Qanchalik harakat qilmasin qimirlashga o‘zida kuch topolmadi. Faqat nigohlarigina uning izidan istaksiz sudraldi, xolos. Butun vujudida majol yo‘q edi. Shuurida esa xayollarini tag-tugi bilan qo‘porib tashlagan bu uy haqidagi xotiralar o‘rnashib olgandi. Yana o‘sha soyabon tutgan, yomg‘ir ostida uzzukun qolib ketgan mushtipar onaning suvrati aylanib yurardi. Uning bo‘lsa, o‘zi yaqindagina necha yillar davomida yig‘ib-terib ne ko‘ylarda yashash uchun sotib olgan kulbadekkina boshpanasi va bolalari bilan u yerda kechirgan baxtiyor hayoti haqidagi ezg‘in so‘zlari hech tinchlik bermasdi.

Ro‘parasida o‘sha qarashlarini buzib, chilparchin qilib tashlagan, beg‘ubor bolalikning quvonchlariga sherik uyning o‘zi viqor to‘kib turardi. Ichkarida esa, ikki norasida bolasini bag‘riga bosib, erkalatib, shodu hurramlik gashtini surayotgan baxtli ona; yomg‘irdan qochib, uyning mo‘risi tagiga berkinib – pinjlariga suqilishib – baxtiyorlik sururini totayotgan beozorgina bir juft musicha… Bularning bari chinmidi yoki tasavvuri mahsulimi, bilmaydi. Bilgani endi uning o‘zi o‘sha sarg‘ish kursi atrofida umidvor aylanayotgani edi, xolos. Biroq bir necha kun avval mana shu uydan boshpana sotib olgani bor gap.

2017 yil, 6 oktyabr

09

(Tashriflar: umumiy 229, bugungi 1)

Izoh qoldiring