O’roz Haydar. She’rlar

067   Ўроз Ҳайдар нафақат  жўраавлоди, шу билан бирга бугунги ўзбек шеъриятида ҳам  ўз ўрни бор ижодкор. Бугун шоирнинг «Бухоронма» газетасида эълон қилинган бир туркум шеърлари эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Ўроз ҲАЙДАР
ШЕЪРЛАР
034

Ўроз Ҳайдар ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)ни битирган. Таниқли ижодкорнинг «Қуёш ўтови», «Руҳафзо», «Кечиккан фасл» (сайланма), «Фалак фаввораси», «101 сонет», «Вақт изтироби» сингари ўндан ортиқ шеърий ва насрий асарлари чоп этилган. Шеърлари инглиз, немис, рус, ассам, тожик, қозоқ, турк тилларига таржима қилинган. Ҳиндистонда нашрдан чиққан «Ўзбек шеърияти антологияси»да бир туркум шеърлари ўрин олган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари вазифасида ишламоқда.

034

Она тилим
065
Одам Ато балки сенда сўйлаган,
Миххат ёзувида бўй кўрсатдинг гоҳ.
Балки Зардўшт сенда алқов куйлаган,
Таваллоси ичра офтоб урар оҳ.

Сукут минорининг ёвуз қузғунин
Қонли тумшуғидан томган қонимсан.
Тошларга ўйилиб битилган уним –
Ўрхун битигида уйғоқ шонимсан.

Ҳикмат дурин терган Қошғарий бобом
Ғурури ҳар ҳарфда тутади виқор.
Қутайба тиғидан қон туфладинг гоҳ,
Гоҳо тош чайнаб-да, тиғландинг минг бор.

Сенда ашъор битиб Навоий бобом,
Якқалам айлади туркий дунёни.
Уйғоқ сўзларингда йўқолди ором,
Чумоли кўзига тутиб зиёни.

Сен Чўлпон оҳисан, Қодирий оҳи,
Ойбек забонида тошдек осилдинг.
Фитратнинг шонидан қўр тутдинг гоҳи,
Усмон кўзларига қордек босилдинг.

Топинмоғим учун Аллоҳим ўзинг,
Ирфон оламида ёлғиз пиримсан.
Сен онамнинг тили – офтобнинг юзи,
Борлиқни қучгувчи кўзим нурисан.

Ахир сенинг билан баланд парвозим,
Товлангай нур тараб сўзлар ранго-ранг.
Мен сенда сўйлаган чоғда, овозим—
Кўкдаги юлдузда бергайдир жаранг.

Қибланамо

Магар қибланамонг қўлингда бўлса,
Қоронғи ўрмонда адашмайсан, бас.
Қуюн гирдобига тортганда эса
Ер учсаям, сени учираолмас.

Дўстлар, менинг қиблам–таянч нуқтам бор,
Унга қалбим боғлиқ, муҳри иймондир.
Борар йўли йўқ деб ўйламанг зинҳор,
Менинг қибланамом Ўзбекистондир.

Васият

Отам айтган экан қазо олдидан,
Ўрозга етказиб қўйинглар у дам.

Қишлоқдан узилиб кетмасин, албат,
Занжирин узгайдир сайёқ ит фақат.

Майли, қишлоққа чўп келтирмаса ҳам,
Кўприк ҳам қурмасин метин, мустаҳкам.

Тўй-азада бўлсин элга елкадош,
Элин бири кўздир, бириси-чи қош.

Жигарбандлик тўнин ечдими қай кас,
Ундан азизроқдир ҳатто чирик хас.

Беморнинг ҳолини сўрмоғи даркор,
Эшигидан сўраб турганда ағёр.

Оқсоқол койинса, гап суқмасин бот,
Фақат от тепкисин кўтаргайдир от.

Элдан кетган элга қайтмоғи қийин,
Умрин боғларини совурар қуюн.

Туманда англагай қуёш кўрлигин,
Дарё ҳам денгизда сезгай шўрлигин.

Ўзга юрт филидан авло ўз итинг,
Тоғнинг ортидан ҳам сезади ҳидинг.

Капалак завқини тутгайми сиртлон,
Ҳатто, боласин ер оч қолган замон.

Ўз юртинг ариси чақса, яйрайсан,
Оғриғин яшириб, қушдай сайрайсан.

Ўз илдизин қучиб қурийди толлар,
Кеча йигит эди манови чоллар.

Майли, мозоримга қўймасин қадам,
Тош ҳам йўндирмасин, бериб-да ҳашам.

Ўтга алишгайман, шаксиз сабримни,
Элдан чиққан куни бузгум қабримни.

Бегона

У шундоқ бу уйга кириб чиқади,
Эрта ишга бориб, ишдан кеч қайтар.
Кимдир кўкрагидан итарган каби
Гоҳ тунда у ўзин кўчага ҳайдар.

Ахир хотини бор, болалари бор,
Ҳеч кимдан кам эмас, ортиқ ҳам эмас.
Нега у ўзидан бунчалар безор,
Ўзин етаклашга зарра уринмас.

Ўлган шер танасин еган каби шер,
Қувиб солар ўзин қалбидан бутун…
Хун тўкмоқ шарт эмас, қотил саналур,
Одамзот ўзидан нафратланган кун.

Юрт

Тупроғимиз лой ё тошданми,
Саркашмизми, ё мўминқобил.
Чиройимиз сочу қошданми,
Қарар бизга бир кўзда одил.

О, кўксини титратар бир дам,
Қувонч ёки нолаларимиз.
Чунки бизлар унинг-чун мудом
Бир онанинг болаларимиз.

Қушлар

Жўр бўлолмай қолса бир куйга
Бир-бирининг устидан кулмас.
Марҳум этай дея парвоздан
Ҳамроҳининг патини юлмас.

Валдирамас май ичиб сархуш,
Ҳақоратлаб тепмас қутини.
Терса терар ўзиникин, лек
Ўзгаларнинг термас битини.

Одам қўрққан каби одамдан
Ёстиғининг остида тиғ йўқ.
Бир-бирини қонга бўяш-чун
Саҳар туриб ўқталмас милтиқ.

Қушлар шундай беозор, лекин
Ошён этар ҳамманинг боғин.
Сўзи текин, хониши текин,
Алдов нима билмайди тағин.

Дўст келганда эшикдан ҳеч он
Эргаштириб чиқмас итини.
Минг чақирим наридан билар
Парвоз пайти Ватан ҳидини.

* * *

Бехос соянгизни босиб олибман,
Ернинг киндигига қўйгандек товон.
Қўр тўла ўчоққа тушиб қолибман,
Менинг ёноғимга ким тўлар товон?

Сизнинг соянгизни одамлар токим
Ўзимни соям деб айтмас экан, бас.
Заминнинг устида отмайди одим,
Ҳақи йўқ ҳаводан олмоққа нафас.

Ҳар ким соябонин кўтараркан бот,
Аввал соянгизни кафтига олсин.
Ўзидан-да, ортиқ қилсин эҳтиёт,
Рағбатига, майли, созини чалсин.

Сизга меҳр эмас, сеҳр берган Ҳақ,
Бир пулга арзимас пучмоқ ғоянгиз.
Яна кўз-кўз қилар Сизни оламга
Минг карра Сиздан-да, улуғ соянгиз.

Қўмсаш

—Соч қиров боғлади, тағин тўкилди,
Умр чок-чокидан, ука, сўкилди.
Қишлоғим тушимга киради ҳар он,—
Чаккасин қашлаб дер Дониёр полвон.—

Иссиқ нон тафтини тутармиш энди,
Ҳайиткўл даштининг гиёҳин ҳиди.
Бегона уюрнинг орасида жим,
Мени излаб кишнар эмиш айғирим.

Йўлимга йўл қараб, яна йил қувиб,
Қанча қудуқларим қуриди суви.
Биздан аразлабми, юз буриб бу дам,
Ўзанин ўзгартди Аёқчисой ҳам.

Бобом Мавлон полвон қавмимиз зўри,
Менга тикилиб-да, мисоли бўри,
Елкамга чакмонин ёпиб девди сўнг,
Мард бўлсанг, набирам, ишинг келур ўнг.

Полвонлик белбоғин боғламасанг бўш,
Рақибинг тўшингга уролмайди тўш.
Бобом белбоғини белдан ечмадим,
Ғаюрликни билмай, ўздан кечмадим.

Бир ҳатлаб, олтмишга елка урибман,
Мўйсафидлик тўнин кийиб турибман.
Қарши-ку гўзал кент, азиздир, бироқ
Ҳайиткўл даштим-да ундан азизроқ.

Набирам от қилиб минган паллада,
Улоқ чопгим келур бийдай далада.
Қишлоғим тупроғин чангин суяман,
Ундан иссиқ ноннинг таъмин туяман.

Қишлоғим ёдимга тушгани заҳот,
Айғирим кишнашин эшитаман бот.

Ҳисобот

Супада ёнбошлаб икки мўйсафид,
Бир-бирига пайров суқарди бехуд.

—Саксонни қиялаб тўқсонга етдик,
Бу олғир дунёга этак силкитдик.

Сен-ку улови йўқ аравакаш эдинг,
Араванг торттириб кампиринг единг.

Итни қўшга қўшган майнабозсан боз,
Гал келса, қиблангдан кечадирсан воз.

Бир дона дон учун жайрани ютган,
Ҳар кимнинг эшигин тепкилаб ўтган.

Минг чўпни синдирай, савоб ишинг йўқ,
Мурувват элига ҳеч ройишинг йўқ.

Соқолини силаб деганда бири,
Иккинчисин қочди кўзидан нури.

—Дарахт қайга соя ташласа кундуз,
Пўстагингни судраб ўтдинг ўша кез.

Умрингни ўтказдинг дарахт айланиб,
Қўтир эчкидайин ипсиз бойланиб.

Оғзингдан сачраган тупугинг билан
Эл оғзини боғлаб, лоф урдинг ҳарчанд.

Оғизда нос билан туғилган эдинг,
Пўстагинг қоқилди тўкилмай битинг.

Ернинг қай бетида бўтана бордир,
Носингнинг юқидан қолган доғ эрур.

–Етар! – деди бири, – шайтонга боқма,
Элга элак тутиб, ноғора қоқма.

Беҳуда ачитма айронимизни,
Липангга уриб қўй шайтонимизни.

Бизни осса бўлар одатга кўра,
Яшамай яшабмиз ҳаётда, жўра.

055

O’roz HAYDAR
SHE’RLAR
034

O’roz Haydar ToshDU (hozirgi O’zMU)ni bitirgan. Taniqli ijodkorning «Quyosh o’tovi», «Ruhafzo», «Kechikkan fasl» (saylanma), «Falak favvorasi», «101 sonet», «Vaqt iztirobi» singari o’ndan ortiq she’riy va nasriy asarlari chop etilgan. She’rlari ingliz, nemis, rus, assam, tojik, qozoq, turk tillariga tarjima qilingan. Hindistonda nashrdan chiqqan «O’zbek she’riyati antologiyasi»da bir turkum she’rlari o’rin olgan.
O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Qashqadaryo viloyati bo’limi rahbari vazifasida ishlamoqda.

034

Ona tilim

08
Odam Ato balki senda so’ylagan,
Mixxat yozuvida bo’y ko’rsatding goh.
Balki Zardo’sht senda alqov kuylagan,
Tavallosi ichra oftob urar oh.

Sukut minorining yovuz quzg’unin
Qonli tumshug’idan tomgan qonimsan.
Toshlarga o’yilib bitilgan unim –
O’rxun bitigida uyg’oq shonimsan.

Hikmat durin tergan Qoshg’ariy bobom
G’ururi har harfda tutadi viqor.
Qutayba tig’idan qon tuflading goh,
Goho tosh chaynab-da, tig’landing ming bor.

Senda ash’or bitib Navoiy bobom,
Yakqalam ayladi turkiy dunyoni.
Uyg’oq so’zlaringda yo’qoldi orom,
Chumoli ko’ziga tutib ziyoni.

Sen Cho’lpon ohisan, Qodiriy ohi,
Oybek zabonida toshdek osilding.
Fitratning shonidan qo’r tutding gohi,
Usmon ko’zlariga qordek bosilding.

Topinmog’im uchun Allohim o’zing,
Irfon olamida yolg’iz pirimsan.
Sen onamning tili – oftobning yuzi,
Borliqni quchguvchi ko’zim nurisan.

Axir sening bilan baland parvozim,
Tovlangay nur tarab so’zlar rango-rang.
Men senda so’ylagan chog’da, ovozim—
Ko’kdagi yulduzda bergaydir jarang.

Qiblanamo

Magar qiblanamong qo’lingda bo’lsa,
Qorong’i o’rmonda adashmaysan, bas.
Quyun girdobiga tortganda esa
Yer uchsayam, seni uchiraolmas.

Do’stlar, mening qiblam–tayanch nuqtam bor,
Unga qalbim bog’liq, muhri iymondir.
Borar yo’li yo’q deb o’ylamang zinhor,
Mening qiblanamom O’zbekistondir.

Vasiyat

Otam aytgan ekan qazo oldidan,
O’rozga yetkazib qo’yinglar u dam.

Qishloqdan uzilib ketmasin, albat,
Zanjirin uzgaydir sayyoq it faqat.

Mayli, qishloqqa cho’p keltirmasa ham,
Ko’prik ham qurmasin metin, mustahkam.

To’y-azada bo’lsin elga yelkadosh,
Elin biri ko’zdir, birisi-chi qosh.

Jigarbandlik to’nin yechdimi qay kas,
Undan azizroqdir hatto chirik xas.

Bemorning holini so’rmog’i darkor,
Eshigidan so’rab turganda ag’yor.

Oqsoqol koyinsa, gap suqmasin bot,
Faqat ot tepkisin ko’targaydir ot.

Eldan ketgan elga qaytmog’i qiyin,
Umrin bog’larini sovurar quyun.

Tumanda anglagay quyosh ko’rligin,
Daryo ham dengizda sezgay sho’rligin.

O’zga yurt filidan avlo o’z iting,
Tog’ning ortidan ham sezadi hiding.

Kapalak zavqini tutgaymi sirtlon,
Hatto, bolasin yer och qolgan zamon.

O’z yurting arisi chaqsa, yayraysan,
Og’rig’in yashirib, qushday sayraysan.

O’z ildizin quchib quriydi tollar,
Kecha yigit edi manovi chollar.

Mayli, mozorimga qo’ymasin qadam,
Tosh ham yo’ndirmasin, berib-da hasham.

O’tga alishgayman, shaksiz sabrimni,
Eldan chiqqan kuni buzgum qabrimni.

Begona

U shundoq bu uyga kirib chiqadi,
Erta ishga borib, ishdan kech qaytar.
Kimdir ko’kragidan itargan kabi
Goh tunda u o’zin ko’chaga haydar.

Axir xotini bor, bolalari bor,
Hech kimdan kam emas, ortiq ham emas.
Nega u o’zidan bunchalar bezor,
O’zin yetaklashga zarra urinmas.

O’lgan sher tanasin yegan kabi sher,
Quvib solar o’zin qalbidan butun…
Xun to’kmoq shart emas, qotil sanalur,
Odamzot o’zidan nafratlangan kun.

Yurt

Tuprog’imiz loy yo toshdanmi,
Sarkashmizmi, yo mo’minqobil.
Chiroyimiz sochu qoshdanmi,
Qarar bizga bir ko’zda odil.

O, ko’ksini titratar bir dam,
Quvonch yoki nolalarimiz.
Chunki bizlar uning-chun mudom
Bir onaning bolalarimiz.

Qushlar

Jo’r bo’lolmay qolsa bir kuyga
Bir-birining ustidan kulmas.
Marhum etay deya parvozdan
Hamrohining patini yulmas.

Valdiramas may ichib sarxush,
Haqoratlab tepmas qutini.
Tersa terar o’zinikin, lek
O’zgalarning termas bitini.

Odam qo’rqqan kabi odamdan
Yostig’ining ostida tig’ yo’q.
Bir-birini qonga bo’yash-chun
Sahar turib o’qtalmas miltiq.

Qushlar shunday beozor, lekin
Oshyon etar hammaning bog’in.
So’zi tekin, xonishi tekin,
Aldov nima bilmaydi tag’in.

Do’st kelganda eshikdan hech on
Ergashtirib chiqmas itini.
Ming chaqirim naridan bilar
Parvoz payti Vatan hidini.

* * *

Bexos soyangizni bosib olibman,
Yerning kindigiga qo’ygandek tovon.
Qo’r to’la o’choqqa tushib qolibman,
Mening yonog’imga kim to’lar tovon?

Sizning soyangizni odamlar tokim
O’zimni soyam deb aytmas ekan, bas.
Zaminning ustida otmaydi odim,
Haqi yo’q havodan olmoqqa nafas.

Har kim soyabonin ko’tararkan bot,
Avval soyangizni kaftiga olsin.
O’zidan-da, ortiq qilsin ehtiyot,
Rag’batiga, mayli, sozini chalsin.

Sizga mehr emas, sehr bergan Haq,
Bir pulga arzimas puchmoq g’oyangiz.
Yana ko’z-ko’z qilar Sizni olamga
Ming karra Sizdan-da, ulug’ soyangiz.

Qo’msash

—Soch qirov bog’ladi, tag’in to’kildi,
Umr chok-chokidan, uka, so’kildi.
Qishlog’im tushimga kiradi har on,—
Chakkasin qashlab der Doniyor polvon.—

Issiq non taftini tutarmish endi,
Hayitko’l dashtining giyohin hidi.
Begona uyurning orasida jim,
Meni izlab kishnar emish ayg’irim.

Yo’limga yo’l qarab, yana yil quvib,
Qancha quduqlarim quridi suvi.
Bizdan arazlabmi, yuz burib bu dam,
O’zanin o’zgartdi Ayoqchisoy ham.

Bobom Mavlon polvon qavmimiz zo’ri,
Menga tikilib-da, misoli bo’ri,
Yelkamga chakmonin yopib devdi so’ng,
Mard bo’lsang, nabiram, ishing kelur o’ng.

Polvonlik belbog’in bog’lamasang bo’sh,
Raqibing to’shingga urolmaydi to’sh.
Bobom belbog’ini beldan yechmadim,
G’ayurlikni bilmay, o’zdan kechmadim.

Bir hatlab, oltmishga yelka uribman,
Mo’ysafidlik to’nin kiyib turibman.
Qarshi-ku go’zal kent, azizdir, biroq
Hayitko’l dashtim-da undan azizroq.

Nabiram ot qilib mingan pallada,
Uloq chopgim kelur biyday dalada.
Qishlog’im tuprog’in changin suyaman,
Undan issiq nonning ta’min tuyaman.

Qishlog’im yodimga tushgani zahot,
Ayg’irim kishnashin eshitaman bot.

Hisobot

Supada yonboshlab ikki mo’ysafid,
Bir-biriga payrov suqardi bexud.

—Saksonni qiyalab to’qsonga yetdik,
Bu olg’ir dunyoga etak silkitdik.

Sen-ku ulovi yo’q aravakash eding,
Aravang torttirib kampiring yeding.

Itni qo’shga qo’shgan maynabozsan boz,
Gal kelsa, qiblangdan kechadirsan voz.

Bir dona don uchun jayrani yutgan,
Har kimning eshigin tepkilab o’tgan.

Ming cho’pni sindiray, savob ishing yo’q,
Muruvvat eliga hech royishing yo’q.

Soqolini silab deganda biri,
Ikkinchisin qochdi ko’zidan nuri.

—Daraxt qayga soya tashlasa kunduz,
Po’stagingni sudrab o’tding o’sha kez.

Umringni o’tkazding daraxt aylanib,
Qo’tir echkidayin ipsiz boylanib.

Og’zingdan sachragan tupuging bilan
El og’zini bog’lab, lof urding harchand.

Og’izda nos bilan tug’ilgan eding,
Po’staging qoqildi to’kilmay biting.

Yerning qay betida bo’tana bordir,
Nosingning yuqidan qolgan dog’ erur.

–Etar! – dedi biri, – shaytonga boqma,
Elga elak tutib, nog’ora qoqma.

Behuda achitma ayronimizni,
Lipangga urib qo’y shaytonimizni.

Bizni ossa bo’lar odatga ko’ra,
Yashamay yashabmiz hayotda, jo’ra.

055

(Tashriflar: umumiy 1 106, bugungi 1)

Izoh qoldiring