Fathulla Namozov. Abdulla Qahhorning ikki oilasi

087

Шоир ва ёзувчиларнинг шахсий ҳаётини улар ижодидан ажратиб, алоҳида тасаввур этиш мумкин эмас. Шахсий ҳаётнинг ёзувчи, шоир ижодида қанчалик муҳим ўрин тутишини машҳур адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов ўринли тарзда шундай таърифлаган эди: “Ёзувчи ҳар куни мунтазам равишда иш столига ўтириб, қоғоз қоралаши керак. Бунинг учун биринчи навбатда хаёли жойида бўлиши, турмушнинг бирор икир-чикир ташвишини ўйламаслиги керак. Фақат хотиржам бўлгандагина бирон маънили нарса чиқади”.
Шу жиҳатдан қараганда, ижодкорларнинг рафиқалари уларнинг асарлари юзага келишида, уларнинг машаққат тўла ҳаётида қанчалик ижобий роль ўйнаганини Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, шу жумладан, Чўлпон, Боту таржимаи ҳоли билан танишганда, тўлиқ амин бўламиз. Жаҳонга донғи кетган адиб Лев Толстой ҳам бир умр хотинидан ҳаддан зиёд азият чеккани ҳам маълум.

07
АБДУЛЛА ҚАҲҲОРНИНГ ИККИ ОИЛАСИ
Фатҳулла Намозов
03

Севимли адибимиз Абдулла Қаҳҳор оиласидан ялчиган, бу жиҳатдан унинг олдига тушадиган ёзувчи жуда кам бўлган. Шунинг учун адибнинг шахсий ҳаётига бир назар ташлаш фойдадан холи эмас, албатта.

Абдулла Қаҳҳорнинг биринчи оилавий турмуши 22 ёшида, яъни 1929 йилда рўй берган эди. Маълумки, бу даврда у турмушнинг мураккаб икир-чикирларидан тўла бохабар бўлмай, қолаверса, оила қуришга тайёр эмас эди. Биринчи хотинининг исми Зайнабхон Мирсаловна Нажабова бўлиб, у онаси билан бирга яшар, уйлари Абдулла Қаҳҳор яшаётган манзилга яқин, бўлажак адибнинг икки хонали уйи Мейфондга қарашли бўлиб, Ўқчи кўчасида жойлашганди. Зайнабхонимнинг онаси куюнчак аёл бўлиб, адибнинг кир-чирини ювиб берган уйларини йиғиштиришга ёрдам берган.

Аммо, бўлажак адиб Зайнабхоним билан қандай танишган, уларнинг турмуши қай тарзда кечган, нега уларнинг оилавий ҳаёти тезда завол топган, бу ҳақда адибнинг ўзи ҳам, у ҳақда хотира битганлар ҳам бирор оғиз гап айтишмайди. Оилавий ҳаёт ҳақида ота-боболар, қолаверса, қадимий анъанага қатъий амал қилган Абдулла Қаҳҳор ўз таржима ҳолида ҳам, бошқа ёзув-чизувларида ҳам бу тўғрида бирор ўринда, ҳатто ишора қилмаган, улар орасида икки фарзанд дунёга келганини кейинчалик атоқли адабиётшунос олим Озод Шарофиддинов ошкор қилган. холос.

Беихтиёр ўйга толасан, киши. Улуғ кишиларнинг у ёки бу масалада индамай ўтиши ҳам жуда кўп маъноларни билдирган, албатта. Шуларга тахмин қилиб, айтиш мумкинки, улар ўртасидаги оила — турмуш ширин кечмаган бўлса керак. Назаримизда, адиб ўтмишда қилиб кетган дилгир кечмишини эсга олгиси келмаган кўринади. Шунинг учун суҳбатларда ҳам бир оғиз гап йўқ.

Абдулла Қаҳҳор билан Зайнабхон ўртасидаги турмуш 12 йил давом этди. Улардан икки ўғил дунёга келди. Бирининг исми Пўлат бўлиб, 1932 йилда туғилганди. Иккинчиси эса Суяр — 1937 йилда дунёга келди. Кейинчалик Пўлат улғайиб, ўқиди, техника фанлари номзоди бўлди ва Тошкент политехника институти талабаларига дарс берди. Суяр эса республика олий милиция мактабини тугатиб, Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасида хизмат қилди. Аммо уларнинг умри қисқа экан. Адиб вафотидан сўнг тўнғич ўғли Пўлат юрак хасталиги туфайли 1969 йилда ҳаётдан кўз юмди. Орадан бир йил ўтгач, Суяр бахтсиз тасодиф туфайли оламдан ўтди.

Абдулла Қаҳҳор билан Зайнабхон ўртасидаги муроса бир-бирига тўғри келмай қолган бўлса керак, уларнинг никоҳи 1941 йилнинг апрелида ажралиш билан ниҳоясига етди, деб ёзганди Озод Шарафиддинов. Шу тариқа адибнинг бўйдоқлик ҳаёти бошланди. Бу ҳаёт қанчалик оғир, ташвишу бахтсизликка тўла эканини бошидан ўтказган кишилар биладилар. Бунинг устига Абдулла Қаҳҳордек таъби нозик, ижодга нисбатан ўта талабчан киши учун ёлғиз яшаш кони зарар эди. Қолаверса, адиб рўзғор юритишга ҳамиша диққат қилавермайдиган, «бу ишга вақт сарфламаса ҳам бўлаверади», деб ҳисоблаган. Гарчи отаси уста Абдуқаҳҳор каби темир-терсак ишларига ўта чапдаст бўлса-да, бўйдоқлик даврида на кийим-боши, на еб-ичишга дуруст қараган.

Адибнинг ҳайҳотдай баланд икки хонали уйида бир темир каравоту, китоб жавони бўлган, холос. Адиб темир каравотда ухлаб, электр плитада бирор егуликни хом-хатала пишириб еган-у, ёзув столига ўтириб, фақат ишлаш билан банд бўлган. Абдулла Қаҳҳор уруш йилларида эл қатори бир азоб тортган бўлса, ёлғиз яшаш туфайли янада кўпроқ қийналган. “Шу бўйдоқлик туфайли қанча ҳикоя ва қиссалар ёзилмай қолиб кетган экан?” деб афсус-надомат билдиради адиб ҳақида китоб яратган Озод Шарафиддинов.

Шу орада уч йил ўтиб кетди. 1944 йилнинг июл ойида Ҳамза номли театрда Уйғуннинг “Қалтис ҳазил” номли спектаклини томоша қилишга берган Кибриёхонимни шоир Ўткир Рашид Абдулла Қаҳҳорга таништиради. Адиб шунда бу жувоннинг жуда саводли, мумтоз адабиётни чуқур билиши, унча-мунча одам яхши тушунмайдиган ғазалларни бемалол таҳлил қила олишини кўриб ҳайратга тушган. Шу тариқа улар 9 ой учрашиб юриб, бир-бирининг мижоз ва феъл-атворидан хабардор бўлган. Биринчи оила қурганидан анча кўнгил олдириб қўйган адиб бу жувонни узоқ синаб, унда ўзи ахтарган барча ижобий сифатларни топган. Шу тариқа улар 1945 йил 12 апрелда никоҳдан ўтишади.

032Кибриёхоним асли самарқандлик бўлиб, фамилияси Лутфуллаева эди. У 1914 йилда Лутфулла махдум Файзуллаев хонадонида таваллуд топган. Кибриёхоним туғилганида, отаси 56 ёшда экан. Шунинг учун бўлса керак, махдум барча фарзандларидан кўра унга алоҳида меҳр қўяди, даставвал ўзи ўқитиб, бор билимини унга сингдиришга ҳаракат қилади. Ўн ёшга кирган Кибриёхоним Саъдий, Ҳофиз, Бедил, Жомий асарларини бемалол ўқий олган. Кейинчалик араб, форс тилларини мукаммал ўрганган. Кибриёхоним билан адиб ўртасидаги турмуш ўзаро ҳурмат ва чуқур эҳтиромдан иборат бўлган, бу ҳозирги ёшларга ҳам сабоқ бўлиши табиийдир. Кибриёхоним адиб ҳақида “Чорак аср ҳамнафас” номли хотира китобида ёзган. Унда айтилишича, рўзғорни асосан Кибриё опа юритган, адибга ижод қилиши учун барча шарт-шароитни яратган.

Кўпчилик опанинг ажойиб пазандалигини тилга олади. Аммо мижози жуда нозик адиб учун яна бошқа сифатлар ҳам зарур эди. Абдулла Қаҳҳор бу аёлни фақат уй бекаси эмас, балки ўзига яқин дўст, ҳамроз, ҳамдард инсон деб биларди. Адиб шеъриятни жуда севган. Бу жиҳатдан Кибриёхоним Абдулла Қаҳҳорнинг жонига оро кирган, улар тез-тез шеърхонлик қилишган. Шунингдек, Кибриёхоним адибга машинистка, ҳайдовчи, енгил таҳрир ишларида ёрдамчи бўлган. Улар биргаликда Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” экопеясининг иккинчи ва учинчи китобларини ўзбек тилига ўгиришган. Асарнинг тўртинчи китобини адиб вафотидан кейин Кибриё Қаҳҳорованинг ёлғиз ўзи таржима қилди. Кибриёхоним Абдулла Қаҳҳорнинг барча асарларини тожик тилига ўгирган эди.

Адиб вафотидан кейин Кибриё опа А.Қаҳҳор уй-музейини очиш ишлари билан банд бўлди. У умрининг охиригача ана шу уй музей директори вазифасини адо этди.
Тошкентда Форобий хилхонасида буюк адиб Абдулла Қаҳҳор қабри жойлашган. Адибнинг ёнида унга бир умр садоқат билан хизмат қилган Кибриёхоним дафн этилган.  Опа ҳаёт бўлганларида айни шу кунларда 100 ёшга кирган бўларди.

Бойсун

023

Shoir va yozuvchilarning shaxsiy hayotini ular ijodidan ajratib, alohida tasavvur etish mumkin emas. Shaxsiy hayotning yozuvchi, shoir ijodida qanchalik muhim o’rin tutishini mashhur adabiyotshunos olim Ozod Sharofiddinov o’rinli tarzda shunday ta’riflagan edi: “Yozuvchi har kuni muntazam ravishda ish stoliga o’tirib, qog’oz qoralashi kerak. Buning uchun birinchi navbatda xayoli joyida bo’lishi, turmushning biror ikir-chikir tashvishini o’ylamasligi kerak. Faqat xotirjam bo’lgandagina biron ma’nili narsa chiqadi”.
Shu jihatdan qaraganda, ijodkorlarning rafiqalari ularning asarlari yuzaga kelishida, ularning mashaqqat to’la hayotida qanchalik ijobiy rol` o’ynaganini Oybek, Abdulla Qahhor, Said Ahmad, shu jumladan, Cho’lpon, Botu tarjimai holi bilan tanishganda, to’liq amin bo’lamiz. Jahonga dong’i ketgan adib Lev Tolstoy ham bir umr xotinidan haddan ziyod aziyat chekkani ham ma’lum.

07
ABDULLA QAHHORNING IKKI OILASI
Fathulla Namozov
03

Sevimli adibimiz Abdulla Qahhor oilasidan yalchigan, bu jihatdan uning oldiga tushadigan yozuvchi juda kam bo’lgan. Shuning uchun adibning shaxsiy hayotiga bir nazar tashlash foydadan xoli emas, albatta.

Abdulla Qahhorning birinchi oilaviy turmushi 22 yoshida, ya’ni 1929 yilda ro’y bergan edi. Ma’lumki, bu davrda u turmushning murakkab ikir-chikirlaridan to’la boxabar bo’lmay, qolaversa, oila qurishga tayyor emas edi. Birinchi xotinining ismi Zaynabxon Mirsalovna Najabova bo’lib, u onasi bilan birga yashar, uylari Abdulla Qahhor yashayotgan manzilga yaqin, bo’lajak adibning ikki xonali uyi Meyfondga qarashli bo’lib, O’qchi ko’chasida joylashgandi. Zaynabxonimning onasi kuyunchak ayol bo’lib, adibning kir-chirini yuvib bergan uylarini yig’ishtirishga yordam bergan.

Ammo, bo’lajak adib Zaynabxonim bilan qanday tanishgan, ularning turmushi qay tarzda kechgan, nega ularning oilaviy hayoti tezda zavol topgan, bu haqda adibning o’zi ham, u haqda xotira bitganlar ham biror og’iz gap aytishmaydi. Oilaviy hayot haqida ota-bobolar, qolaversa, qadimiy an’anaga qat’iy amal qilgan Abdulla Qahhor o’z tarjima holida ham, boshqa yozuv-chizuvlarida ham bu to’g’rida biror o’rinda, hatto ishora qilmagan, ular orasida ikki farzand dunyoga kelganini keyinchalik atoqli adabiyotshunos olim Ozod Sharofiddinov oshkor qilgan. xolos.

Beixtiyor o’yga tolasan, kishi. Ulug’ kishilarning u yoki bu masalada indamay o’tishi ham juda ko’p ma’nolarni bildirgan, albatta. Shularga taxmin qilib, aytish mumkinki, ular o’rtasidagi oila — turmush shirin kechmagan bo’lsa kerak. Nazarimizda, adib o’tmishda qilib ketgan dilgir kechmishini esga olgisi kelmagan ko’rinadi. Shuning uchun suhbatlarda ham bir og’iz gap yo’q.

Abdulla Qahhor bilan Zaynabxon o’rtasidagi turmush 12 yil davom etdi. Ulardan ikki o’g’il dunyoga keldi. Birining ismi Po’lat bo’lib, 1932 yilda tug’ilgandi. Ikkinchisi esa Suyar — 1937 yilda dunyoga keldi. Keyinchalik Po’lat ulg’ayib, o’qidi, texnika fanlari nomzodi bo’ldi va Toshkent politexnika instituti talabalariga dars berdi. Suyar esa respublika oliy militsiya maktabini tugatib, Toshkent viloyat ichki ishlar boshqarmasida xizmat qildi. Ammo ularning umri qisqa ekan. Adib vafotidan so’ng to’ng’ich o’g’li Po’lat yurak xastaligi tufayli 1969 yilda hayotdan ko’z yumdi. Oradan bir yil o’tgach, Suyar baxtsiz tasodif tufayli olamdan o’tdi.

Abdulla Qahhor bilan Zaynabxon o’rtasidagi murosa bir-biriga to’g’ri kelmay qolgan bo’lsa kerak, ularning nikohi 1941 yilning aprelida ajralish bilan nihoyasiga yetdi, deb yozgandi Ozod Sharafiddinov. Shu tariqa adibning bo’ydoqlik hayoti boshlandi. Bu hayot qanchalik og’ir, tashvishu baxtsizlikka to’la ekanini boshidan o’tkazgan kishilar biladilar. Buning ustiga Abdulla Qahhordek ta’bi nozik, ijodga nisbatan o’ta talabchan kishi uchun yolg’iz yashash koni zarar edi. Qolaversa, adib ro’zg’or yuritishga hamisha diqqat qilavermaydigan, «bu ishga vaqt sarflamasa ham bo’laveradi», deb hisoblagan. Garchi otasi usta Abduqahhor kabi temir-tersak ishlariga o’ta chapdast bo’lsa-da, bo’ydoqlik davrida na kiyim-boshi, na yeb-ichishga durust qaragan.

Adibning hayhotday baland ikki xonali uyida bir temir karavotu, kitob javoni bo’lgan, xolos. Adib temir karavotda uxlab, elektr plitada biror yegulikni xom-xatala pishirib yegan-u, yozuv stoliga o’tirib, faqat ishlash bilan band bo’lgan. Abdulla Qahhor urush yillarida el qatori bir azob tortgan bo’lsa, yolg’iz yashash tufayli yanada ko’proq qiynalgan. “Shu bo’ydoqlik tufayli qancha hikoya va qissalar yozilmay qolib ketgan ekan?” deb afsus-nadomat bildiradi adib haqida kitob yaratgan Ozod Sharafiddinov.

Shu orada uch yil o’tib ketdi. 1944 yilning iyul oyida Hamza nomli teatrda Uyg’unning “Qaltis hazil” nomli spektaklini tomosha qilishga bergan Kibriyoxonimni shoir O’tkir Rashid Abdulla Qahhorga tanishtiradi. Adib shunda bu juvonning juda savodli, mumtoz adabiyotni chuqur bilishi, uncha-muncha odam yaxshi tushunmaydigan g’azallarni bemalol tahlil qila olishini ko’rib hayratga tushgan. Shu tariqa ular 9 oy uchrashib yurib, bir-birining mijoz va fe’l-atvoridan xabardor bo’lgan. Birinchi oila qurganidan ancha ko’ngil oldirib qo’ygan adib bu juvonni uzoq sinab, unda o’zi axtargan barcha ijobiy sifatlarni topgan. Shu tariqa ular 1945 yil 12 aprelda nikohdan o’tishadi.

Kibriyoxonim asli samarqandlik bo’lib, familiyasi Lutfullaeva edi. U 1914 yilda Lutfulla maxdum Fayzullaev xonadonida tavallud topgan. Kibriyoxonim tug’ilganida, otasi 56 yoshda ekan. Shuning uchun bo’lsa kerak, maxdum barcha farzandlaridan ko’ra unga alohida mehr qo’yadi, dastavval o’zi o’qitib, bor bilimini unga singdirishga harakat qiladi. O’n yoshga kirgan Kibriyoxonim Sa’diy, Hofiz, Bedil, Jomiy asarlarini bemalol o’qiy olgan. Keyinchalik arab, fors tillarini mukammal o’rgangan. Kibriyoxonim bilan adib o’rtasidagi turmush o’zaro hurmat va chuqur ehtiromdan iborat bo’lgan, bu hozirgi yoshlarga ham saboq bo’lishi tabiiydir. Kibriyoxonim adib haqida “Chorak asr hamnafas” nomli xotira kitobida yozgan. Unda aytilishicha, ro’zg’orni asosan Kibriyo opa yuritgan, adibga ijod qilishi uchun barcha shart-sharoitni yaratgan.

Ko’pchilik opaning ajoyib pazandaligini tilga oladi. Ammo mijozi juda nozik adib uchun yana boshqa sifatlar ham zarur edi. Abdulla Qahhor bu ayolni faqat uy bekasi emas, balki o’ziga yaqin do’st, hamroz, hamdard inson deb bilardi. Adib she’riyatni juda sevgan. Bu jihatdan Kibriyoxonim Abdulla Qahhorning joniga oro kirgan, ular tez-tez she’rxonlik qilishgan. Shuningdek, Kibriyoxonim adibga mashinistka, haydovchi, yengil tahrir ishlarida yordamchi bo’lgan. Ular birgalikda Lev Tolstoyning “Urush va tinchlik” ekopeyasining ikkinchi va uchinchi kitoblarini o’zbek tiliga o’girishgan. Asarning to’rtinchi kitobini adib vafotidan keyin Kibriyo Qahhorovaning yolg’iz o’zi tarjima qildi. Kibriyoxonim Abdulla Qahhorning barcha asarlarini tojik tiliga o’girgan edi.

Adib vafotidan keyin Kibriyo opa A.Qahhor uy-muzeyini ochish ishlari bilan band bo’ldi. U umrining oxirigacha ana shu uy muzey direktori vazifasini ado etdi.
Toshkentda Forobiy xilxonasida buyuk adib Abdulla Qahhor qabri joylashgan. Adibning yonida unga bir umr sadoqat bilan xizmat qilgan Kibriyoxonim dafn etilgan. Opa hayot bo’lganlarida ayni shu kunlarda 100 yoshga kirgan bo’lardi.

Boysun

012

(Tashriflar: umumiy 782, bugungi 1)

Izoh qoldiring