Sanjar Tursunov. Jodu

022

   Уни биринчи марта кўрганимда, “Наҳотки, ер юзида шундай гўзал аёллар ҳам бор?”, — деб ўйлагандим. Негаки, у тимқора сочларини елкаси узра ёйиб, оппоқ садафдек тишлари кўриниб шунақанги силкиниб кулгандики, худди эрка шамолда ҳилпираб, турган даста оқ гулни эслатди: озод, қўл етмас ва нозик… Беихтиёр “турмуш ўртоғи қанчалик бахтли бўлса керак”, — деган ўй ўтди хаёлимдан.

026

021
Санжар Турсунов
ЖОДУ
Ҳикоя
023

027Уни биринчи марта кўрганимда, “Наҳотки, ер юзида шундай гўзал аёллар ҳам бор?”, — деб ўйлагандим. Негаки, у тимқора сочларини елкаси узра ёйиб, оппоқ садафдек тишлари кўриниб шунақанги силкиниб кулгандики, худди эрка шамолда ҳилпираб, турган даста оқ гулни эслатди: озод, қўл етмас ва нозик… Беихтиёр “турмуш ўртоғи қанчалик бахтли бўлса керак”, — деган ўй ўтди хаёлимдан.

Ўшанда биз унга қўшни бўл­ган уйга ижарачи бўлиб кўчиб келгандик. Унинг кулганининг сабаби бир ўртоғимнинг қўлида, нечанчи асрда ясалганини билиб бўлмайдиган хуми тушиб кетгани боисидан эди. Уни ўртоғим эски-тусқи нарсалар сотувчи кампирдан не бир хаёл билан харид қилганди. Ўзи ижарама-ижара юрибсану, тарихпарварликка йўл бўлсин, дейдиган одам йўқ. Хуллас, шу арзанда хум биз лаш-лушларимизни йўлакка уловдан тушираётган чоғимизда, ерга тушиб чил-чил синди. Шунда у кулганди. Ўртоғим кулаётган аёлга энсаси қотиб, манглайи тиришиб қаради, бир нима деб ғудранди ҳам, аммо унинг бўғзидан чиқаётган чала калимаси унинг кулгуси остида эшитилмай қолди. Ва дўстим ҳам бошқа ҳеч нима демади. Негадир жимиб қолди. Дунёдаги тенгсиз жаҳлдор одам ҳам уни кўрганда беихтиёр ҳалим бўлиб қолиши шубҳасиздек эди, назаримда.

Аёл бизни хафа қилиб қўйдим, деб ўйлади шекилли:

— Кечирасизлар. Мен сал ғалатироқман-да, шу кулгули нарса бўлса йиғлайман, йиғлаш керак бўлган жойда кулавераман. Узр, — у яна кулди ва оҳиста ўрнидан туриб кета бошлади. Рўпарадаги офтобрў курсида ўтирган эди у.

Орадан бир соатлар вақт ўтди. Бу орада биз юкларимизни уйга жойлаб, худди сомони бўшатилган қанордай тартибсиз ёнбошлаб ётгандик. Эшик қўнғироғи босилди. Учовимиз ҳам бир-биримизга ажабланиб қарадик: Ким бўлдийкин? Кўчиб келганимизни ҳали биров билмаса?

Эшикни ким очади, ўртоқларимнинг бири янги кулбамизни айланиб, ички ҳовлида юрар, иккинчиси — Асад эса ҳалиям хумини эслаб лабини осилтириб ўтирибди. Ноилож ўзим турдим. Эшик орқасида ўша… қўшни аёл жилмайиб турарди.

— Келинг…

— Мумкинми? — у жавобимни ҳам кутмасдан ичкарига кирди. Ўртоқларим ҳам, мен ҳам майкачан эдик. Аёл жилмайиб қўйди.

— Бу уйда бир оила яшарди, — деди уйни диққат билан кўздан кечиргач. — Уларни борлиги ҳам, йўқлиги ҳам билинмасди. Қандайдир бошқача эдилар… — У мен таклиф этган стулга омонат ўтирди. — Уйланганмисизлар? — деди кейин ҳар биримизга тикилиб.

— Йўғ-е, — деди Асад ҳамманинг номидан жавоб бериб.

— Яхши… энди менга рухсат. — у ўрнидан турди. Нимадир эсига тушган каби қўшиб қўйди. — Ҳа, айтганча эрта кечга қўшниларнинг гапи бор?

— Қанақа гап? — деди энди алами тарқаб кетган Асад.

Дарвоқе, Асад дўстим аллақачон ўзини биздан илтифотлироқ кўрсатиб, унинг эътиборини қозонишга ҳаракат бошлаб юборганди.

— Гап? — аёл яна шарақлаб кулди. Биз эса елка қисиш билан кифояландик. Аёл давом этди. — Гап — хотинларнинг гапи тўкиладиган кун. Бахтга қарши эрта кечга менинг уйимда тўпланамиз. Агар истасанглар, ўтинглар…

— Албатта борамиз — деди яна Асад.

Бу сафар аёл кулмади. Аксинча, юзида “Бекор таклиф қилдим, булар боришданам тоймайди”, деган ифода пайдо бўлди.

У кетди. Биз эса, худди кучли момақалдироқдан кейин пайдо бўлган қўзиқориндек анграйиб туравердик. Қандайдир карахт эдик.

— Ҳой, хумкалла одамни шарманда қилдинг-ку. Сен болага қачон ақл битади.

— Кўп гап — эшакка юк. Худди шунга ўхшаб ортиқча ақлнинг ҳам кераги йўқ. Одам салгина ширин тил ва мулозаматли бўлса — омад келгани шу…

Янги ижара уйимизда кулгу янгради. Бу бизни сеҳрлаб кетган кулгу эмас, сеҳрланганларнинг беғубор кулгуси эди.

* * *

Уни иккинчи марта кўрганимда, қош қорайган маҳалда ишдан қайтаётгандим. Кўп қаватли уйнинг орқа томонида, кекса дарахт остида ким биландир гаплашиб турганди. Кулгусидан танидим. Ўша кулгу. Ўша ҳарорат. Ўзим билмаган ҳолда қадамимни секинлатдим. Ва унинг ушбу гаплари қулоғимга кирди:

— Барибир яшашим керак-ку…

Шу маҳал йўловчи машина келиб қолди. Унинг чироғи мени ёритиб ўтди. Аёл мени таниди шекилли, лип этиб дарахт панасига ўтди. Мен эса, кўча ўртасида узоқ вақт туришим ноқулайлини фаҳмлаб, тезлашдим.

Эндигина овқатланиб бўлгандик, шу пайт эшик қўнғироғи босилди. Асад ўрнидан отилиб турди.

Дарвоқе, ўша биринчи учрашувда бўлиб ўтган ҳангома ҳамон уни ҳаяжонлантирарди. Ўша кундан бошлаб ўртоғимиз эшик тиқ этса, йўлкага отиладиган бўлганди. Бу сафар ҳам у югуриб бориб, эшикни очди. Ким биландир аввал кулиб, ке­йин минғирлаб, сўнгра негадир зардали оҳангда гаплашиб, ортига қайтди ва менга қараб:

— Пастда сени кутиб тураркан, — деди.

— Ким?

— Ўзингни думбулликка солма. Кимлигини тушганда кўрасан.

Кийиниб пастга тушдим. Мендан ўттиз қадам нарида, дарахт­лар орасида бир қора шарпа турарди. Ўша томон юрдим. У ҳам нарёққа қараб илгарилай бошлади. Иккимиз олдин-кетин эллик қадамча юрдик. У бир катта дарахт панасида тўхтади.

— Сиз?! — дедим унинг рўпарасида тўхтаб. Қаршимда ўша кулгуси чиройли аёл турарди.

— Мен билан қаёқларгадир қочиб кета оласизми? — деди ҳеч иккиланмасдан.

Мен… Ўзим билмаган ҳолда бир қадам ортга тисландим.

— Нега энди сиз билан қочиб кетишим керак? — Мен ўзимни сал-пал босиб олгандим.

— Мен сиз билан ҳеч қаёққа кетмайман. — деди туйқусдан ва яна шарақлаб кулди. Мудраб ётган қушлар питирлаб учди. У гапида давом этди. — Боя сиз кўрганингиз бор-ку, ҳа, ўша йигит менга шундай деди. Мен унга айтдим: мен сени севмасам ёки шунга ўхшаш гап қилмаган бўлсам, нега энди қочишим керак? Яна шундай дедимки, агар сен мени ростданам севсанг нега қочишимиз керак, ҳозир ҳеч ким бунақа йўл тутмайди, аксинча келишади, шундай эмасми? Унинг ниятини биламан… — У бироз ўйчан қиёфада давом этди. — Шунчаки… Ҳа, шунчаки… Сизга бир воқеани айтиб берайми? — Бу сафар хушчақчақ овозда гапирди. Унинг турланишини ҳеч ақлимга сиғдиролмасдим. Бир лаҳзанинг ўзида ҳам ғамгин, ҳам хурсанд ҳолда сўзлаш ёки яшаш мумкинми? Мен шуни тушунмасдим. У ким ўзи? Одамми ё парими? Ёки умуман унда ҳиссиёт, юракнинг ўзи йўқми? Яна бир ўй менга тинчлик бермасди: Нега мени бу ерга чақириб, телба-тескари гапларни айтяпти? Тушуниш қийин. Одамнинг телба бўлиб қолиши учун бир лаҳза ёки иккита бир-бирига ўхшамаган гапнинг бир пайтда битта одамдан эшитишнинг ўзи кифоямикан?!…

— Ўн саккиз ёшимда, мени турмушга беришган, — дея ҳикоя­сини бошлади аёл. — Ўшанда китоблару киноларда бўладиган муҳаббат таъсирида юрардим. Ўн саккиз ёш. Ростданам яхшими ёки ёмон паллами бу – ҳамон анг­лаб етолмайман. Бу ёшда кимнидир севиб, севилишинг ёки бир умрга етиб ортадиган изтироб олишинг мумкин. Буни айниқса, шоирлар яхши тушунишади, ҳис қилишади. Хуллас, мени узатишди. Ўзимдан ўн ёш катта одамга. Буни тўйдан кейин билганман. Катта энам айтарди, қизнинг севгани тегирмончининг этигига ёпишган ундай гап. Этикка илашган унни тегирмончи барибир қопига солмайди. Аммо, катта энам билмасдики, унни сидириб ташлаган билан у ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Қаердадир, қайси бир ковакдами қолади.

Яна чалғиб кетяпман-а. Тўй ўтди. Мен у билан уч кун яшадим. Чунки, отамнинг бир каттакон жўрасининг таниши эди бу одам ва у аввал хотин қўйган, лекин жуда бадавлат эди. Отам ҳам… эҳтимол, шунинг учун мени унга узатганди. Тўртинчи кун эрталаб қочиб кетдим. — Аёл кулди. — Мен эркакмасман, лекин ўзимча сал тушунаман: хотини қочиб кетса, эркакнинг боши эгилса керак. Эгилганда ҳам ёмон эгилади.

Отамнинг олдига боришибди. Тўпалон, яна дўқ-пўписа… — аёл бир муддат жим бўлиб қолди. — Орадан бир ҳафталар ўтиб, шундай хабар эшитдим: У яна уйланибди. Янги келин мендан ҳам бир ёш кичик экан.

Тошкентга келдим. Биламан, ота-онам мени ҳеч қачон кечирмаганидек ва ҳеч қачон унутиб ҳам юбормайди. Тошкентда бир қаҳвахонада ишлай бошладим. Қаерга ҳам борардим. Ва бир, йигитни учратдим. Сезишимча, бўйдоқ эди. Мен ишлайдиган қаҳвахонага кунда-шунда, кўпинча эрталаблари кирарди. Уйда чой ҳозирлаб берадигани бўлмагач, шундай салт-баёв бўлади-да эркак зоти. Оти Неъмат эди. Син солиб идиш-товоқ, йиғиштираётганимга қарайди, гўё алланимани баҳона қилиб “Мумкинми, яхши қиз”­лаб қолади. Хуллас, танишдик — кўнглимга ўтирди. Асли одам кўнгли куйиб турган пайтларда бир малҳам излайдию, лекин ақлини олиб қўяди экан-да. Кўзимга ўтдай кўринди шу йигит. Ҳа, ҳозирги эримни айтаяпман-да. Бошида жуда меҳрибон эди. Эр-хотин ҳам шунчалар иноқ бўладими, деб ўйлар, қўрқиб ҳам кетар эдим. Кейинчалик, бора-бора… у ҳам айниди. Бир кун ўртамизда шундай суҳбат бўлиб ўтди:

— Сен мендан қарздорсан.

— Қарзим қанча?

— Ўн йил.

— Ўн йил?

— Ҳа, ўн йилдан бери, сени боқиб, едириб, кийдириб келаяпман.

— Мен эса ўн йилдан бери сен учун яшаяпман.

— Аслида, ҳамма ўзи учун яшайди. Бу шунчаки чўпчак.

— Яхши, бугундан бошлаб ўзим учун яшайман.

…Аёл ҳикоясини тугатиб жим бўлиб қолди. Мен эса унинг эри “ўз-ўзидан” айниб қолганини ҳазм қилолмас ва буни ошкор айтолмасдим. Негаки, бу савол ҳам қайтариб бўлмас умр каби беҳуда эди. Аёлнинг бурун катакларидан қандайдир қушнинг ожиз ноласига ўхшаш сас эшитиларди. Бехосдан юрагим шув этиб кетди. “Ахир унинг мазаси йўқ. Тез чарчайди ва нафас олиши қийинлашади.”

— Кетдик, — дедим қўлини маҳкам тутганча.

Аёл ҳеч бир савол-сўроқсиз менга йўлдош бўлди. Катта кўчага чиқдик. Машина тўхтатдим:

— Кинотеатрга, — дедим-да, машинага ўтирдик.

Аёл худди минг йиллик таниши билан муҳим бир жойга борадигандек, хавотирланмай, бемалол ўтирарди. Унда қўрқув ҳам, ҳайрат ҳам йўқ эди. Аксинча, бу туйғулар мени қамраганди. Фақат икки нарсани тушунса бўларди, бири у бегоналар билан кўп марта кинога борган, иккинчиси менга шунчалик ишоняпти…

Ўша куни биз кинодан чиқиб, истироҳат боғига бордик, кафега ҳам кирдик. Уни билмадиму мен ўша куннинг роҳатию завқини ҳеч қачон унутолмасам керак. Негаки, биз умуман ўйламадик, фақат қувнадик, ўйнадик. Ҳа, бундай кунлар бутун умр давомида саноқли бўлади. Ўша куни у менга ҳамма нарса ҳақида гапириб берди. Мен уни айнан ўша куни танидим. Бу бошқа аёл эди. Ҳа, кулиб юрадиган аёл бош­қа. У аёлни бемалол алдаб ёки йиғлатиб кетиш мумкин, аммо мен таниб турган аёлни на алдаб, на йиғлатиб бўлади. У қанчалик меҳрибон бўлса, шунчалик қаҳри қаттиқ эди. Ундан муҳаббат кутса бўлади ва жиноятни ҳам бемалол кутиш мумкин.

Мен аёлни уйига кириб кетгунча ортидан тикилиб турдим. Билмадим, нима учундир чекким келди…

* * *

Сирга талпинганинг сари сендан олислаётгандай бўлиб жонингга ўт кетаверади. Қисмати кафтдаги қордай аён ва аянч бу аёл дилимга қаттиқ ўрнашиб қолганини ҳис этарканман, эсласам, титраб кетардим, — бировга айтиб ўлмайдиган, аммо айтмай ҳам бўлмайдиган бир тўфон бошимни гангитиб борарди тобора. Аммо…

Кейинги уч кунда уни на кўрдим, на бетиним қўнғироқларимга жавоб ололдим. Яшайдиган уйига эса калладай қулф осиқ. Ё ота-онаси келиб олиб кетган, ёки… ишқилиб бир бало бўлган.

Тўртинчи куни тасодифан қаршимдан чиқиб қолди. Фақат бош­қа қиёфада, бошқа алпозда. Тушимми, ўнгимми деб туриб қолдим. Қўлида уч ёшлар чамасидаги ўзига қуйиб қўйгандек ўхшайдиган қизалоқ. Ёнида мен ҳеч қачон афтини кўрмаган бир эркак. Эркакнинг қўлларида иккита катта-кичик бозорхалта. Шод-хуррам, бир гапириб ўн кулиб, елкаси билан эркакка эркаланиб туртиб қўяди. Эркак ҳам маъсум жилмайиб, паст овозда ниманидир гапириб кетаётир. Уни танимаган кишилар бу манзарани кўргач беихтиёр, “Кўз тегмасин, гўзал оила экан”, деб ширин хўрсинса, эҳтимол.

Аёлнинг бағримни тилкалаб юрган жодусини англолмай шу турганимча туравердим. Токи… улар кўздан пана бўлгунича.

020

021
Sanjar Tursunov
JODU
Hikoya
023

027Uni birinchi marta ko’rganimda, “Nahotki, yer yuzida shunday go’zal ayollar ham bor?”, — deb o’ylagandim. Negaki, u timqora sochlarini yelkasi uzra yoyib, oppoq sadafdek tishlari ko’rinib shunaqangi silkinib kulgandiki, xuddi erka shamolda hilpirab, turgan dasta oq gulni eslatdi: ozod, qo’l yetmas va nozik… Beixtiyor “turmush o’rtog’i qanchalik baxtli bo’lsa kerak”, — degan o’y o’tdi xayolimdan.

O’shanda biz unga qo’shni bo’l­gan uyga ijarachi bo’lib ko’chib kelgandik. Uning kulganining sababi bir o’rtog’imning qo’lida, nechanchi asrda yasalganini bilib bo’lmaydigan xumi tushib ketgani boisidan edi. Uni o’rtog’im eski-tusqi narsalar sotuvchi kampirdan ne bir xayol bilan xarid qilgandi. O’zi ijarama-ijara yuribsanu, tarixparvarlikka yo’l bo’lsin, deydigan odam yo’q. Xullas, shu arzanda xum biz lash-lushlarimizni yo’lakka ulovdan tushirayotgan chog’imizda, yerga tushib chil-chil sindi. Shunda u kulgandi. O’rtog’im kulayotgan ayolga ensasi qotib, manglayi tirishib qaradi, bir nima deb g’udrandi ham, ammo uning bo’g’zidan chiqayotgan chala kalimasi uning kulgusi ostida eshitilmay qoldi. Va do’stim ham boshqa hech nima demadi. Negadir jimib qoldi. Dunyodagi tengsiz jahldor odam ham uni ko’rganda beixtiyor halim bo’lib qolishi shubhasizdek edi, nazarimda.

Ayol bizni xafa qilib qo’ydim, deb o’yladi shekilli:

— Kechirasizlar. Men sal g’alatiroqman-da, shu kulguli narsa bo’lsa yig’layman, yig’lash kerak bo’lgan joyda kulaveraman. Uzr, — u yana kuldi va ohista o’rnidan turib keta boshladi. Ro’paradagi oftobro’ kursida o’tirgan edi u.

Oradan bir soatlar vaqt o’tdi. Bu orada biz yuklarimizni uyga joylab, xuddi somoni bo’shatilgan qanorday tartibsiz yonboshlab yotgandik. Eshik qo’ng’irog’i bosildi. Uchovimiz ham bir-birimizga ajablanib qaradik: Kim bo’ldiykin? Ko’chib kelganimizni hali birovbilmasa?

Eshikni kim ochadi, o’rtoqlarimning biri yangi kulbamizni aylanib, ichki hovlida yurar, ikkinchisi — Asad esa haliyam xumini eslab labini osiltirib o’tiribdi. Noiloj o’zim turdim. Eshik orqasida o’sha… qo’shni ayol jilmayib turardi.

— Keling…

— Mumkinmi? — u javobimni ham kutmasdan ichkariga kirdi. O’rtoqlarim ham, men ham maykachan edik. Ayol jilmayib qo’ydi.

— Bu uyda bir oila yashardi, — dedi uyni diqqat bilan ko’zdan kechirgach. — Ularni borligi ham, yo’qligi ham bilinmasdi. Qandaydir boshqacha edilar… — U men taklif etgan stulga omonat o’tirdi. — Uylanganmisizlar? — dedi keyin har birimizga tikilib.

— Yo’g’-ye, — dedi Asad hammaning nomidan javob berib.

— Yaxshi… endi menga ruxsat. — u o’rnidan turdi. Nimadir esiga tushgan kabi qo’shib qo’ydi. — Ha, aytgancha erta kechga qo’shnilarning gapi bor?

— Qanaqa gap? — dedi endi alami tarqab ketgan Asad.

Darvoqe, Asad do’stim allaqachon o’zini bizdan iltifotliroq ko’rsatib, uning e’tiborini qozonishga harakat boshlab yuborgandi.

— Gap? — ayol yana sharaqlab kuldi. Biz esa yelka qisish bilan kifoyalandik. Ayol davom etdi. — Gap — xotinlarning gapi to’kiladigan kun. Baxtga qarshi erta kechga mening uyimda to’planamiz. Agar istasanglar, o’tinglar…

— Albatta boramiz — dedi yana Asad.

Bu safar ayol kulmadi. Aksincha, yuzida “Bekor taklif qildim, bular borishdanam toymaydi”, degan ifoda paydo bo’ldi.

U ketdi. Biz esa, xuddi kuchli momaqaldiroqdan keyin paydo bo’lgan qo’ziqorindek angrayib turaverdik. Qandaydir karaxt edik.

— Hoy, xumkalla odamni sharmanda qilding-ku. Sen bolaga qachon aql bitadi.

— Ko’p gap — eshakka yuk. Xuddi shunga o’xshab ortiqcha aqlning ham keragi yo’q. Odam salgina shirin til va mulozamatli bo’lsa — omad kelgani shu…

Yangi ijara uyimizda kulgu yangradi. Bu bizni sehrlab ketgan kulgu emas, sehrlanganlarning beg’ubor kulgusi edi.

* * *

Uni ikkinchi marta ko’rganimda, qosh qoraygan mahalda ishdan qaytayotgandim. Ko’p qavatli uyning orqa tomonida, keksa daraxt ostida kim bilandir gaplashib turgandi. Kulgusidan tanidim. O’sha kulgu. O’sha harorat. O’zim bilmagan holda qadamimni sekinlatdim. Va uning ushbu gaplari qulog’imga kirdi:

— Baribir yashashim kerak-ku…

Shu mahal yo’lovchi mashina kelib qoldi. Uning chirog’i meni yoritib o’tdi. Ayol meni tanidi shekilli, lip etib daraxt panasiga o’tdi. Men esa, ko’cha o’rtasida uzoq vaqt turishim noqulaylini fahmlab, tezlashdim.

Endigina ovqatlanib bo’lgandik, shu payt eshik qo’ng’irog’i bosildi. Asad o’rnidan otilib turdi.

Darvoqe, o’sha birinchi uchrashuvda bo’lib o’tgan hangoma hamon uni hayajonlantirardi. O’sha kundan boshlab o’rtog’imiz eshik tiq etsa, yo’lkaga otiladigan bo’lgandi. Bu safar ham u yugurib borib, eshikni ochdi. Kim bilandir avval kulib, ke­yin ming’irlab, so’ngra negadir zardali ohangda gaplashib, ortiga qaytdi va menga qarab:

— Pastda seni kutib turarkan, — dedi.

— Kim?

— O’zingni dumbullikka solma. Kimligini tushganda ko’rasan.

Kiyinib pastga tushdim. Mendan o’ttiz qadam narida, daraxt­lar orasida bir qora sharpa turardi. O’sha tomon yurdim. U ham naryoqqa qarab ilgarilay boshladi. Ikkimiz oldin-ketin ellik qadamcha yurdik. U bir katta daraxt panasida to’xtadi.

— Siz?! — dedim uning ro’parasida to’xtab. Qarshimda o’sha kulgusi chiroyli ayol turardi.

— Men bilan qayoqlargadir qochib keta olasizmi? — dedi hech ikkilanmasdan.

Men… O’zim bilmagan holda bir qadam ortga tislandim.

— Nega endi siz bilan qochib ketishim kerak? — Men o’zimni sal-pal bosib olgandim.

— Men siz bilan hech qayoqqa ketmayman. — dedi tuyqusdan va yana sharaqlab kuldi. Mudrab yotganqushlar pitirlab uchdi. U gapida davom etdi. — Boya siz ko’rganingiz bor-ku, ha, o’sha yigit menga shunday dedi. Men unga aytdim: men seni sevmasam yoki shunga o’xshash gap
qilmagan bo’lsam, nega endi qochishim kerak? Yana shunday dedimki, agar sen meni rostdanam sevsang nega qochishimiz kerak, hozir hech kim bunaqa yo’l tutmaydi,
aksincha kelishadi, shunday emasmi? Uning niyatini bilaman… — U biroz o’ychan qiyofada davom etdi. — Shunchaki… Ha, shunchaki… Sizga bir voqeani aytib beraymi?
— Bu safar xushchaqchaq ovozda gapirdi. Uning turlanishini hech aqlimga sig’dirolmasdim. Bir lahzaning o’zida ham g’amgin, ham xursand holda so’zlash yoki yashash
mumkinmi? Men shuni tushunmasdim. U kim o’zi? Odammi yo parimi? Yoki umuman unda hissiyot, yurakning o’zi yo’qmi? Yana bir o’y menga tinchlik bermasdi: Nega meni bu yerga chaqirib, telba-teskari gaplarni aytyapti? Tushunish qiyin. Odamning telba bo’lib qolishi uchun bir lahza yoki ikkita bir-biriga o’xshamagan gapning bir
paytda bitta odamdan eshitishning o’zi kifoyamikan?!…

— O’n sakkiz yoshimda, meni turmushga berishgan, — deya hikoya­sini boshladi ayol. — O’shanda kitoblaru
kinolarda bo’ladigan muhabbat ta’sirida yurardim. O’n sakkiz yosh. Rostdanam yaxshimi yoki yomon pallami bu – hamon ang­lab yetolmayman. Bu yoshda kimnidir sevib, sevilishing yoki bir umrga yetib ortadigan iztirob olishing mumkin. Buni ayniqsa, shoirlar yaxshi tushunishadi, his qilishadi. Xullas, meni uzatishdi. O’zimdan o’n yosh katta odamga. Buni to’ydan keyin bilganman. Katta enam aytardi, qizning sevgani tegirmonchining etigiga yopishgan unday gap. Etikka ilashgan unni tegirmonchi baribir qopiga solmaydi. Ammo, katta enam bilmasdiki, unni sidirib tashlagan bilan u hech qachon yo’q bo’lib ketmaydi. Qaerdadir, qaysi bir kovakdami qoladi.

Yana chalg’ib ketyapman-a. To’y o’tdi. Men u bilan uch kun yashadim. Chunki, otamning bir kattakon jo’rasining tanishi edi bu odam va u avval xotin qo’ygan, lekin juda badavlat edi. Otam ham… ehtimol, shuning uchun meni unga uzatgandi. To’rtinchi kun ertalab qochib ketdim. — Ayol kuldi. — Men erkakmasman, lekin o’zimcha sal tushunaman: xotini qochib ketsa, erkakning boshi egilsa kerak. Egilganda ham yomon egiladi.

Otamning oldiga borishibdi. To’palon, yana do’q-po’pisa… — ayol bir muddat jim bo’lib qoldi. — Oradan bir haftalar o’tib, shunday xabar eshitdim: U yana uylanibdi. Yangi kelin mendan ham bir yosh kichik ekan.

Toshkentga keldim. Bilaman, ota-onam meni hech qachon kechirmaganidek va hech qachon unutib ham yubormaydi. Toshkentda bir qahvaxonada ishlay boshladim. Qaerga ham borardim. Va bir, yigitni uchratdim. Sezishimcha, bo’ydoq edi. Men ishlaydigan qahvaxonaga kunda-shunda, ko’pincha ertalablari kirardi. Uyda choy hozirlab beradigani bo’lmagach, shunday salt-bayov bo’ladi-da erkak zoti. Oti Ne’mat edi. Sin solib idish-tovoq, yig’ishtirayotganimga qaraydi, go’yo allanimani bahona qilib “Mumkinmi, yaxshi qiz”­lab qoladi. Xullas, tanishdik — ko’nglimga o’tirdi. Asli odam ko’ngli kuyib turgan paytlarda bir malham izlaydiyu, lekin aqlini olib qo’yadi ekan-da. Ko’zimga o’tday ko’rindi shu yigit. Ha, hozirgi erimni aytayapman-da. Boshida juda mehribon edi. Er-xotin ham shunchalar inoq bo’ladimi, deb o’ylar, qo’rqib ham ketar edim. Keyinchalik, bora-bora… u ham aynidi. Bir kun o’rtamizda shunday suhbat bo’lib o’tdi:

— Sen mendan qarzdorsan.

— Qarzim qancha?

— O’n yil.

— O’n yil?

— Ha, o’n yildan beri, seni boqib, yedirib, kiydirib kelayapman.

— Men esa o’n yildan beri sen uchun yashayapman.

— Aslida, hamma o’zi uchun yashaydi. Bu shunchaki cho’pchak.

— Yaxshi, bugundan boshlab o’zim uchun yashayman.

…Ayol hikoyasini tugatib jim bo’lib qoldi. Men esa uning eri “o’z-o’zidan” aynib qolganini hazm qilolmas va buni oshkor aytolmasdim. Negaki, bu savol ham qaytarib bo’lmas umr kabi behuda edi. Ayolning burun kataklaridan qandaydir qushning ojiz nolasiga o’xshash sas eshitilardi. Bexosdan yuragim shuv etib ketdi. “Axir uning mazasi yo’q. Tez charchaydi va nafas olishi qiyinlashadi.”

— Ketdik, — dedim qo’lini mahkam tutgancha.

Ayol hech bir savol-so’roqsiz menga yo’ldosh bo’ldi. Katta ko’chaga chiqdik. Mashina to’xtatdim:

— Kinoteatrga, — dedim-da, mashinaga o’tirdik.

Ayol xuddi ming yillik tanishi bilan muhim bir joyga boradigandek, xavotirlanmay, bemalol o’tirardi. Unda qo’rquv ham, hayrat ham yo’q edi. Aksincha, bu tuyg’ular meni qamragandi. Faqat ikki narsani tushunsa bo’lardi, biri u begonalar bilan ko’p marta kinoga borgan, ikkinchisi menga shunchalik ishonyapti…

O’sha kuni biz kinodan chiqib, istirohat bog’iga bordik, kafega ham kirdik. Uni bilmadimu men o’sha kunning rohatiyu zavqini hech qachon unutolmasam kerak. Negaki, biz umuman o’ylamadik, faqat quvnadik, o’ynadik. Ha, bunday kunlar butun umr davomida sanoqli bo’ladi. O’sha kuni u menga hamma narsa haqida gapirib berdi. Men uni aynan o’sha kuni tanidim. Bu boshqa ayol edi. Ha, kulib yuradigan ayol bosh­qa. U ayolni bemalol aldab yoki yig’latib ketish mumkin, ammo men tanib turgan ayolni na aldab, na yig’latib bo’ladi. U qanchalik mehribon bo’lsa, shunchalik qahri qattiq edi. Undan muhabbat kutsa bo’ladi va jinoyatni ham bemalol kutish mumkin.

Men ayolni uyiga kirib ketguncha ortidan tikilib turdim. Bilmadim, nima uchundir chekkim keldi…

* * *

Sirga talpinganing sari sendan olislayotganday bo’lib joningga o’t ketaveradi. Qismati kaftdagi qorday ayon va ayanch bu ayol dilimga qattiq o’rnashib qolganini his etarkanman, eslasam, titrab ketardim, — birovga aytib o’lmaydigan, ammo aytmay ham bo’lmaydigan bir to’fon boshimni gangitib borardi tobora. Ammo…

Keyingi uch kunda uni na ko’rdim, na betinim qo’ng’iroqlarimga javob ololdim. Yashaydigan uyiga esa kalladay qulf osiq. YO ota-onasi kelib olib ketgan, yoki… ishqilib bir balo bo’lgan.

To’rtinchi kuni tasodifan qarshimdan chiqib qoldi. Faqat bosh­qa qiyofada, boshqa alpozda. Tushimmi, o’ngimmi deb turib qoldim. Qo’lida uch yoshlar chamasidagi o’ziga quyib qo’ygandek o’xshaydigan qizaloq. Yonida men hech qachon aftini ko’rmagan bir erkak. Erkakning qo’llarida ikkita katta-kichik bozorxalta. Shod-xurram, bir gapirib o’n kulib, yelkasi bilan erkakka erkalanib turtib qo’yadi. Erkak ham ma’sum jilmayib, past ovozda nimanidir gapirib ketayotir. Uni tanimagan kishilar bu manzarani ko’rgach beixtiyor, “Ko’z tegmasin, go’zal oila ekan”, deb shirin xo’rsinsa, ehtimol.

Ayolning bag’rimni tilkalab yurgan jodusini anglolmay shu turganimcha turaverdim. Toki… ular ko’zdan pana bo’lgunicha.

019

(Tashriflar: umumiy 132, bugungi 1)

Izoh qoldiring