Sanjar Tursunov. Qulay & Isajon Sulton, Abdulla Ulug’ov, Abdulla Chinmirzayev hikoya haqida

005     У ҳозир тирик бўлса-ю, лекин кўзлари кўрмай қолган, кимдир ўқиб бераётган ёки қулоғи эшитмаётган-у, бошқа бир кимдир ҳаракатлар билан тушунтираётган ё ҳаммасидан бенасиб – бу дунёдан ўтиб кетган, тириклик дарёси қуриб, ҳаёт боғи вайрон бўлган эса-да – барибир ич-ичимдан, у мендан хафа эмасдай, ҳа, ёздингми, михладингми ишқилиб, таги тешикмасми, дегандай бўлаверади ва шунинг учун ҳам уни сизга таништиришни истадим.

Санжар Турсунов
ҚУЛАЙ
08

05    Санжар Турсунов 1986 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Давлат саньат ва маданият институтининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида хизмат қилмоқда.Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” рукнида “Музаффар тонг” ҳикоялар тўплами чоп этилган.

08

09У ҳозир тирик бўлса-ю, лекин кўзлари кўрмай қолган, кимдир ўқиб бераётган ёки қулоғи эшитмаётган-у, бошқа бир кимдир ҳаракатлар билан тушунтираётган ё ҳаммасидан бенасиб – бу дунёдан ўтиб кетган, тириклик дарёси қуриб, ҳаёт боғи вайрон бўлган эса-да – барибир ич-ичимдан, у мендан хафа эмасдай, ҳа, ёздингми, михладингми ишқилиб, таги тешикмасми, дегандай бўлаверади ва шунинг учун ҳам уни сизга таништиришни истадим.

У ўзининг исмини бу шафқатсиз дунёю ва унда яшаётган танбалларга, ишёқмасларга, текинхўру пасткашларга, борингки, бори одамзодга Қулай деб таништирди. Қутлимурод, Қулмурод, Қулфиддин, ҳатто Қултой ҳам демади. Кейинчалик унга: “Нега Қулай? Бошқа исм айтсанг, сендан биров ҳужжат сўрармиди?!” деганимда, индамаган, хиёл қисилган кўзларида шўх табассум ўйнаб, сўнг қандайдир маъюслик, йўқ, маъсумлик аксланган ва мен, начора, унга шу исм ёқса керак, деган хулосага келганман.

Қулай деганда дастлаб кўз ўнгимизда қоп-қора йигит гавдаланарди. Бўйи Раҳим калтанинг қулочи билан ўлчанса, бир ярим, Шоди дарознинг эса бир қулочига ҳам етмас эди. Ҳар ҳолда, ёши катталарнинг Қулай калта деганини эсласам – у пакана эди. Ўлгудай чайир, билаклари заранг дарахтидай қаттиқ, ҳамиша бир хил уст-бошда юрар эди: қора, нўхотдай сочмалари ўзига ярашган кўйлак, икки тиззасию сони оқарган жинси шим, анча уриниб қолган катта патинка. Унинг бор бойлиги, Зулпин кампирнинг дейишича, дунёси – устида эди. Дарвоқе, чиройли тумор ва уни бўйнида тутиб турган занжири ҳам бор эди.

Момонинг айтишича, унинг ёши мендан катта, менга қараганда беш-олти тут пишиғини кўп кўрган экан.

Қиш кўрпа-ёстиғини орқалаб, олис-олисларга кетишга чоғланаётган, ер тўлғоқ тутган хотиндай лопиллаётган, осмон ёш боланинг кўз ёшидай ёқимли ёмғирини заминга сочаётган бир пайтда Сувқайнарда пайдо бўлди у.

– Одам ҳам шунча туссиз бўладими, – деган Нозим бобо кейинчалик кўп афсус қилиб, – Ўзи қора бўлсаям, ичи оқ экан уни, – дея тўй-маъракаларда гапириб юрганини ҳамма эшитган.

– Қоп-қора эканми? Кечаси йўлингдан чиқиб қолса, бирор қорақўнғиз деб босиб ўтасан, ё юрагинг тарс ёрилиб ўласан, – деган экан Амрилло такси ҳиринглаб. Таксичида намак бўладими, дебди кимдир болага раҳми келиб.

– Қорами, хунукми, алвасти ё ажинами, у энди шу ерда – менинг уйимда яшайди. Ўтинимни олиб келади, бедамни ўради, олмамни теради, – дебди Карим катта худди ҳозир кимдир илиб кетадигандай, бирор нима ваъда қилиб айнитадигандай жаҳлланиб.

Карим каттанинг нонини биров яримта қилмади, боғига кириб келаётган сувни уриб қолмади, билъакс, ярим нонни бутунга, бир ариқ сувни тўлиб-тошишига ҳисса қўшди – Қулай умумий мардикорга айланди. Кимнинг уйида, боғида, даласида иши бўлса – ўтоқми, ўтинми, ер ағдаришми, чакана қўй боқишми – саратонни иссиқ демай, қаҳратонни совуқ демай, берилган ҳақни Карим катта қанчалик оғринмай ишлатса, Қулай ҳеч хафа бўлмай, жилла қурсин, бўйин товламай одамларнинг ишини қилиб юраверди. Ора-сира тўй-ҳашам, байрам, ҳайит бўлиб қолса, унга худо беради – тўйиб овқатланади, ўйнайди, ичади ва “Ҳеч кимга маълум эмас, ҳоли паришоним менинг”, деб қўшиқ бошлаб юборади. “И-е, бу қип-қизил артист экан-ку! Қани, бир қўшиқ айтсин!” дея баъзи ҳангоматалаблар ўртакашга уч-тўрт сўм қистириб, навбат олиб беришса, тап тортмай микрофонни олади-да, ўша бир мисра қўшиқни такрор-такрор айтади. У ёғидан ўтсангиз ҳам, бу ёғидан ўтсангиз қўшиғини куйлайверади, битта сўз қўшмайдиям, тушириб ҳам қолдирмайди. Тебраниб тураверади. Курашларда ўн бор йиқилса ҳам яна олишади. Кўпкарига эса… бирор марта бўлсин борган эмас. Ўша тун, нега кўпкарига бир мартаям бормайсан, деганимда, отлар туёғи остидаги улоқни кўрсам, титраб кетаман, деган эди.

Энди, яшириб нима қилдим, авваллари у билан саломлашишдан ор қилганман – ижарғанишми, менсимасликми ёки ҳа, уни ўзимга тенг кўриш у ёқда турсин, гапимга ҳам раво кўрмаганман. Ота-онасининг бағрида қорни тўқ, усти бут, учқур орзулар оғушида улғаяётган биздек ўсмирлар қаёқда-ю, у қаёқда?! Лекин…

Лекин ўзинг истаган чизиқдан эмас, аввалдан белгилаб қўйилган йўлдан юришингни ким билибди, дейсиз?

Қишнинг чилласи эди.

Онамнинг тоби қочиб, кулчадай бўлиб олган, оҳ ўламан, дейди тўлғониб. Отам нима қиларини билмай, нуқул пешонасининг терини артар, сингилларим чирқиллаб йиғларди. Мен бўлсам, худди бўғзига пичоқ тортилаётган қўзичоқдай чорасиз – кимга, кимгадир нажот нигоҳи билан боқаман-у, аммо ўша нигоҳнинг айни дамда йўқлиги вужудимни музлатиб юборганди. Шу чоғ отам тараддудланиб:
– Бўлди, бўлди! Йиғламанглар, мен ҳозир дўхтирни опкеламан, – деди.

Гўё ҳозир отам кетса, онам ўлиб қоладигандек, фақат отамгина уни сақлаб тураётгандек эшикка отилдим:
– Сиз ўтира туринг, мен… ўзим олиб келаман…

Отам, чамамда: қўрқмайсанми, йўл-йўлакай Нодир ўртоғингни олиб кет, деди. Аммо мен ёлғиз ўзим, катта кўчадан югуриб борардим.

Касалхона қишлоқнинг қуйруқ томонида бўлиб, унинг кенг ҳовлиси даштга туташиб кетган эди. Тун зим-зиё. Майдалаб қор ёғиб турар эди. Икки қадам нарини кўриб бўлмас – кўп ўтганим, ёдимда ўрнашиб қолгани учунгина йўлдан қоқилмай одимлардим. Шифохона билан бизнинг маҳалла ўртасини дарё ажратиб турарди. Кўприкка етганимда, билмадим, негадир оёқларим ўзимга бўйсунмай қолди, сочларимни тикка – худди жайранинг сихидай бўлаётганини ҳам сездим-у, беихтиёр юрагим “шиғ” этди ва бир муддат бутун баданим музлаб кетганини ҳис қилдим.

Мендан икки қадам нарида – бир жуфт кўз яшил чироқдай ёниб турар эди. Бўри! Хаёлимга келган биринчи сўз шу бўлди ва энди мени тилка-пора қилишини ўйладимми, ё кўзимга кўриниб кетдими, ҳар ҳолда, адо бўлган эдим. Гўё оёқ-қўлим қотиб қолган-у, фақат кўз олдимдан тасвирларгина лип-лип ўтиб турарди. Эсимни таниганимдан то шу кунгача нима қилганим, ҳатто, неларни ўйлаганим ҳам менга кафтдагидай кўринар ва эшитганларим: бўри чиллада маст бўлиши одамни ҳеч иккиланмай олишию бундай пайтда кишининг тили танглайида қотиб қолиши, бежизга жондорда Азроилнинг бир туки бўлмайди, дейишларини кимдир қулоғим остида шивирлаб гапирарди гўё.
Ўн олти йиллик ҳаётим бор бўй-басти билан қаршимда турар: кимни ранжитганим, кимдан хафа бўлганим ва энди шундай осонгина – зим-зиё тунда йўқ бўлиб кетишим, уйимизни, ота-онам, сингилларимни ҳеч қачон кўролмаслигим-у, мана шу тоғ, дарё, дарахтлар, йўллар, борингки, барча жисмларни ушлолмаслигим… Бир гап билан айтганда, ўлим қаршимда, мендан икки қадам нарида турар – ҳаётни жудаям яхши кўриб кетгандим. Тамом, ўлдим, шўрлик онам – онам кўз олдимда гавдаланди, мана, мени кутиб отам ташқарига чиқиб, кўчага бир-икки қаради, нега бу кечикди экан, дея хавотирга тушиб бир хаёли ортимдан келмоқчиям бўлди, кеп қолар, ора яқин-ку, дедими, яна уйга – онамнинг ёнига бориб, “Келаётган бўлса керак, итлар ҳураяпти”, дегандай бўлди. Онам эса ҳозир доктор келса, жони ором топиб, оғриқ босилаётгандай бошини бироз кўтариб, сингилларимга қараб жилмайгани ва уларнинг энди онам ўлмайди, тузалиб кетади, деган хаёлга боргани-ю, чеҳралари ёришиб, докторга жой тайёрлагани – икки қават кўрпача солиб, печкага олов ёққани-ю, нариги уйдан мева-чева олиб келганигача кўриб турардим. Яна онам мени кутади, кутаверади, орадан бир соат, икки соат, уч соат вақт ўтар, кейин… мени излаб, отам чиқар ҳеч жойдан тополмай, уйга боришга юраги бетламай – кўчани айланиб юрар, бир-икки қўни-қўшнини уйғотар, барибир тонггача топишолмай, саҳар эса кўприкнинг устидаги қон изларини кўриб, кийимимнинг йиртиғидан таниб, ана ундан кейин қиёмат қойим бўлишини – онам дод деб ўзини ҳар ёнга уриши, отам боши эгик нуқул юрагини чангаллаши, сингилларимнинг чирқиллаб йиғлашлари, қишлоқдошларимдан ким эшитса, маҳзун бўлиб қолиши-ю, кўзларида ёш ғилтиллаши, ўн олти ёш-а, ҳали бола эди-ку, дейишлари – ҳамма-ҳаммасини кўриб, эшитиб турар эдимки, энди гапнинг рости, ўлимдан қўрқмаётган эдим. Мен сабаб онам тузалганими, билмадим, нимадир менга хотиржамлик бераётганди. Нима бўпти, туғилиш бу – ўлиш дегани, бугунми, эртами, қачон бўлмасин, барибир ўлар эканман, майли, ўша кун ҳозир экан, кела қолсин, дегандирман-да. Ўзимни чалғитишми ёки алаҳсирашми, эҳтимол, қаттиқ қўрққанимдан сезгиларим заифлашиб, айни ўша лаҳзаларда қайси бир аъзоларим фаолиятдан тўхтаган ё, умуман, ўлим қўрқувдан устун келган бўлса керак… Энди ўйлаб кўрсам, ўшанда барча ўйларим миямга шунчалик тез келиб кетган эканки, қанийди, бир умр шундай тез фикрласам, дейман ўзимга-ўзим.

Бироқ ўшанда ҳамма нарсага – ахир қаршимда бўри ва у орқали мени бўғзимдан оладиган ўлим бор эди, холос – тайёр эдим.

Бўрига мағрур қарадим. У бўлса мендан кўзини узмай, бир қадам босди-ю, илкис ортга ўгирилди ва одамнинг, ҳа, айнан одамзоднинг “Ўлдираман сени”, деган овози эшитилди. Бўри ўзини дарёга отди. Қаршимда кўзлари ёниб Қулай турар эди. Иккимиз ҳам бир-биримизга тикилиб қолдик. Сўнг ўзимга келдим-у, онам эсимга тушди, касалхона томон югуриб кетдим. У бўлса кўприкнинг ўртасида қолаверди…

Яна баҳор келди.

Осмонни тўлдириб, қалдирғочу турналар, булутларга елкадош бўлиб бургутлар учди.

Ерни ёриб бойчечаклар чиқди. Қир-адирларда алвон-алвон қизғалдоқлар очилди. Капалаклар момоқаймоқларга қўниб-қўниб, тол шохида қушлар ғужурлашди, сирлашди. Тилла қўнғизлар ялпизлардан тириклик тотини тотди.
Шамоллар тоғдан боққа, боғдан адирларга, дарахтларни тебратиб, уйларга гулларни сочиб эсаверади. Терак барглари бўса берган ўн етти ёшли қиздай титрай бошлади.

Чўққидаги қорлар жилғага айланиб, ариқларни, ирмоқларни тўлдириб оқди. Дарахтлар энди тили чиққан бола сингари барг ёзди, куртак очди, мева тугди… Дарахтларнинг деворлардан ошиб ўтган шохларидаги мевалар йўлларга тўкилди.

Боғлардан қушлар кетмай қолди. Гала-гала бўлиб гоҳ жанубга, гоҳи шарққа парвоз қилиб, боғлардан боғларга салом етказди улар.

Бу баҳор уч марта худди мана шундай келиб кетди.

Ўша тўртинчи баҳорда ҳам диллар яшилланди, табиат меҳмон кутаётгандай тараддудланди.

Табиатда неки бор гиёҳдан тортиб дарахтгача, қумурсқадан тортиб йўлбаргача баҳор кайфияти юракка кўчаётган бир пайтда, ҳамма ўзгарувчанликни бошидан ўтказаётган лаҳзаларда фақат Қулай ўзгармади, у ўзича – ўша уст-бошу хизматкорлигича қолаверди. Аксинча, иши кўпайгандан кўпайиб тиним билмас, бир кун унинг боғига борса, бошқа сафар тоққа отланар, адирда, томорқада ишлаб юрарди. Сувқайнарда устадан кўпи йўқ. Лекин Қулай барини доғда қолдирди: қуёш ботадиган пайт, ҳамма далаю даштидан ҳориб-чарчаб келадиган маҳал у пахса урарди. Иссиқда урса ёрилиб кетармиш. Кейин, лой камида ўн икки соат пишмаса, у уйнинг эртаси йўқ эмиш. Шу, шу – булар Қулайнинг гаплари…

Лалми ерларда боғлар барпо қилди у. Бир кунлик йўлдан ариқлар қазиб, сув бойлаб келди. Кўчаларнинг ўнқир-чўнқирини кичик тошлар билан тўлдирди. Ит тинди, эшак тинди, қурбақаларнинг сайрашиям тинди – фақат Қулай тинай демасди.

Карим каттанинг қорни чиқиб, тўлишиб қолди, болалари кунора кийим олади, машинасини бабаплатиб кўчаларни чангитади, Қулай бўлса ҳамон ўша – ҳаммага “машҳур” уст-бошида юрар эди. Бироқ бўйнидаги тумори худди чакана навбатидай гоҳ кимнингдир оти, гоҳ эшаги, қўзисию итининг бўйнида бўларди.

Ўша тунги воқеадан кейин унга нима д嬬йишни билмас эдим. Гоҳ ғурурим баланд келиб қишлоқдан ҳайдатиб юборсамми десам, гоҳ ҳаётимни сақлаб қолгани учун дўстлашсамми, дея ўйлар эдим. Бироқ иккисини-да қила олмас, билмадим, нималардир бунга йўл қўймас, лекин хавотирим ҳам бор эдики, масалан, кимгадир менга ёрдам берганини айтиб қўйса-ю, кейин одамлар мазах қилишса, нима бўлади? Бироқ у ўша тунни унутди, бировга-да оғиз очмади. Кўча-кўйда дуч келиб қолганимизда, худди аввалигидай кўришади-ю, индамай йўлида кетаверади. Кейинчалик ўйладимки, ҳа, у мени танимаган, билмаган, агар таниса борми, ҳаммага достон қиларди – енгил тортдим.
Кунлар эса ўтиб борарди…

Бир тун. Апрель ойи эди.

Кун бўйи тинмаган ёмғир кечаси янада шиддат билан ёғар, тоғлардаги қорлар эриб, сойлик¬лардан сел келар – оқшом кўрганимизда дарё жудаям айқириб оқарди, Кенжа бобо – олтмиш олтинчи йил шунақа катта сел келганди, ўша йили кўп тўполонлар бўлувди, деганини эшитгандик.

Тун ярмидан ўтганда кимдир дарвозамизни қаттиқ тақиллата бошлади. Уйимизда ҳеч ким ухламаган, отам: ётиб қолманглар, бир фалокатнинг иси келаяпти, деган, биз тайёрланиб, агар сел келгудай бўлса, катта тоғамнинг уйига қочмоқчи бўлиб турувдик. Уларнинг уйи бизникидан анча баландликда, дарёдан узоқроқда эди.

Дарвоза яна аввалгидан қаттиқроқ тақиллагач, отам чиқдилар. Бироз муддат ўтиб қайтди-да, менга қараб:
– Сени чақиряпти – деди.

– Ким экан? – деган онамнинг саволига отамнинг жавобини эшитмай, кўчага қараб югурдим. Билар эдим, тахмин қилиб борардим, бугун кўчада мен билан кўрашаётганида, қўлимни қисган эди, ўша бўлса керак, деб кўчага чиққанимда адашмаган эканман.

Ёмғир тинимсиз ёғарди. Уни дарвоза ёнидаги бостирмага бошладим.

– Жамол бобонинг уйи дарё лабида-я, – деди бостирмага киргач бироз сукутдан сўнг ва мендан тасдиқ маъносини олгач: – бугун ўшанинг уйида ишлагандим. Ёмғирда беда экса яхши бўларкан – тез унади, худди сув ичгандай бўлади, деб қўярда-қўймай ёмғир остида кун бўйи ишлатди. Лекин қизиқ бобо экан: гоҳ хотинини нариги қишлоқдан опқочиб келганини айтса, гоҳ бирга тушган расмини мақтаб қолади. Ўша эски расмни ўн марта кўрсатди, ўзиям. Уйга қайтаётганимда қўзичоғига кўзим тушди.

Бирам чиройлики, маҳкам қучоқлаб ҳеч қўйворгинг келмайди. Меҳрим ийиб туморимни ўшанга тақиб қўйгандим… – у бироз ўйланиб турди-да, – ҳозир оғилига кирсам, мабодо ухламаган бўлса, мени тутиб олса, ўғри деб қаматиб юборадими, – деди.

Билмасам, дегандай минғирлаган бўлдим. Кейин… ҳа, кейин миямга бир фикр келди: қани, сўрай-чи, ўша кеча мени таниганми-йўқми, агар таниган бўлса, бор, киравер дейман, у одам уйқучи, қотиб ухлайди, деб алдаб-сулдаб киргизаман-да, уни тутиб, шарманда қилиб, қишлоқдан ҳайдаб юборишини томоша қиламан, деган хаёлга бордим. Рост-да, қўрққанимни ҳаммага айтса, шарманда бўламан-ку…

У ўша кеча мени таниганмидинг, деганимни эшитиб, кўзимга тикилиб турди-да:
– Сен қаҳрамон экансан. Мен Деновнинг Вахшивориданман. Биз томонлардаям бўрилар бор. Чиллада бемалол қишлоқ оралайди. Отам овчи эди. Унинг айтишича, ҳар қандай ҳайвон аввал ҳамла қилмайди. Бақирсанг ёки бирор ҳаракат қилсанг, сўнг ташланади. Сен ўша тун, унга тикилиб тургандинг, у сендан ҳайиқаётган эди…

Мен жимиб қолдим. У эса секин-секин кета бошлади.

– Тўхта, – дедим елкасидан тортиб. – Нега исминг Қулай? Нега кўпкарини ёмон кўрасан? Нега мени қўрққанимни ҳеч кимга айтмадинг? – ва менинг негаларим шунчалик кўп эдики, у бир муддат довдиради ҳатто. Эҳтимол, ота-онасини, қишлоғини эслагандир.

– Кўпкарида онам от остида қолиб кетган. Тўғрироғи, мени қутқараман деб. Сени нима дейман? Қаҳрамонлигингни айтайми? Биласанми, бунақа гаплар айтилавермайди… Мен Жамол бобонинг уйига кетдим. Бўпти, яхши қол…
У дарвозадан чиқди. Ортидан югурдим.

– Қулай, у ёққа борма. Кампири ўлганидан кейин чол уйқусиз бўлиб қолган. Айниқса, бунақа ёмғирли кечаларда ўлсаям ухламайди. Борма, у ёққа.

Унга етиб олганимда нафасим томоғимга тиқилиб, тинмай ҳансирардим. У… У мени қучоқлаб олди…

– Мен… Мен Сувқайнардан бугун кетишим керак эди… Эрта онамнинг ўлганига йигирма йил бўлади… Шунга бир-икки сўм Карим акага бермай йиғиб қўювдим… У анча вақт жимиб турди сўнг: – Онам… ўлаётганда бўйнидаги туморни ечаркан: “Бирорта дўст топсанг, шуни совға қил. Сен ёлғизсан… Якка – ёлғизсан. Отанг энди қайтмайди. Мен кеча туш кўрдим, отанг бир чуқурликка тушиб кетди. Мен унга кўп айтдим, ташла шу овчиликни, деб – ташламади, менга қулоқ осмади, мана оқибати. У ўлган… Ҳа, ўғлим энди сен етимсан. Лекин сен бундан ўксима, мана шу тумор сенга йўлдош. Агар бу бешафқат дунёда битта дўст топсанг, шуни тақиб қўй… – дея бир неча бор такрорлаб ўлган эди. Ўша туморни… сенга бермоқчийдим…

“Одамлар, қочинглар, сел келаяпти!..” деган шовқин бутун қишлоқ бўйлаб тарқалиб, акссадо бера бошлаганда, мен бир зум ўзимни йўқотиб қўйдим, ҳушимга келганимда эса.. ёнимда Қулай йўқ эди.

– Қаёқдасан, бўлсанг-чи? Ўғлинг қани? Қара, топ тез! – деган отамнинг овозини эшитдим-у, тезда бу ердан қочишга – Қулайнинг ортидан боришга ошиқдим. У Жамол бобонинг уйига кетганини ич-ичимдан сезардим. Югуриб кетдим. Ёмғир аёвсиз, шиддат билан ёғарди. Дарё бўйига борганимда Жамол бобо оппоқ кийиниб олган, уни одамлар маҳкам қучар, у бўлса ўзини дарёга отмоқчи бўларди.

– Хонавайрон бўлдим, уйим куйди, мусулмонлар… ана, қаранглар сел уйимни олиб кетди. Энди нима қиламан, қаерда яшайман, ҳе, яшаб нима қилдим, энди менинг ўлим-м қаердан чиқади?!

Қутирган дарё бобонинг уйини олиб кетганди…

Чақмоқ чақиб, атроф бир ёришди-ю, яна қоронғилик комида қолди. Шу лаҳзалик нур ичида мен дарёда кимнингдир бошини кўриб қолдим. У оқимга қараб сузишга интилар, кучли тўлқин уни ортга силтар ва у кўринмай кетарди.
– Қулай… Қулай… чўкаяпти…

Дарё томон юрмоқчи бўлгандим, кимдир билагимдан маҳкам тутди.
– Эсингни йиғ, эй бола…

Бу Карим катта эди…

Яна чақмоқ чақди. Мен яна уни кўрдим – қирғоққа яқин келиб қолган эди.

– Арқон, арқон керак, уни тортиб оламиз… – дея бақирардим. Бироқ Карим каттанинг қўлидан чиқиб кетолмасдим.
– Ма, ўғлингни ушла, сал бўлмаса ўзини дарёга отар эди. Қаёқдаги Қулайни қутқараман дейди бунинг…

Отам юзимга бир тарсаки туширди. Кўз олдим янада қоронғилашиб кетди.
– Ахмоқ…

Чақмоқ кетма-кет чақар, борлиқ ёришар, дарё баттар пишқирар, энди гурс-гурс тошларнинг ҳам овози эшитиларди.

– И-е, бу нима… – деб Карим катта ерга эгилди ва бир нарсани кўтарди. – Қулайнинг туморими?

Отамнинг қўлидан юлқиниб чиқдим-да, туморга ташландим. Яна чақмоқ чаққанида Қулайнинг боши кўринди: унинг кўзидаги шўх табассумни ҳам илғагандай бўлдим.
– Битта арқон топсанглар-чи?… – дея бақирдим. Қулоғим тагига келиб тушган тарсакидан гурсиллаб ерга йиқилдим…

Орадан ўн тўрт қишу шунча баҳор ўтди. Тоққа яна қор қалин тушди. Дарё яна қутурди.

Биродарлар, коинотда одам яшайдиган нечта сайёра бор?
Дунёда мамлакатлар кўп, бироқ ватанимиз битта-я?
Юртимизда туман, шаҳар ҳам талайгина, шундай эмасми?
Қишлоқлар-чи?
Боғлар-чи?
Йўллар-чи?

Ҳали одам яшайдиган бошқа сайёра кашф этилиб, кишилар ўша ёқларга кўчиб кетганича йўқ – ҳамма Ерда яшаяпти! Тўғримасми?
Ҳамон ватанимиз битта, буям рост.
Туманларимиз, шаҳарларимиз ҳам жойида-ку.
Қишлоқлар ҳам.
Боғлар кўпайгани тўғри.
Лекин…

Лекин… Бу дунёда энди Қулай йўқ.

У барпо қилган боғлардан одамлар тонналаб олмалар олади. У урган деворлардан ўғрилар ошиб тушолмайди. У қазган ариқларда ҳамон сувлар тўлиб-тошиб оқади. У текислаган йўлларда машиналар серқатнов. Карим каттанинг ўғлиям машинада ўтади. Катта қанча тўйлар қилди. Таниш, нотаниш ошини еди, тузини ичди, лекин Қулай йўқ эди бу тўйларда.

Сувқайнарда бирор нарса йўқки, уни эслатмаса. Боққа қаранг, деворларга, кўчаларга, дарёга, далаларгаю қўй-қўзиларга, отларга, итларга қаранг, у шундай кўз ўнгингизда пайдо бўлади. Ўша шўх табассуму бироз маъсумлик билан жонланади у.

Қулай жўра, қаерлардасан? Ўша воқеадан бироз ўтиб кимдир гап топиб келди. Сени Шерободнинг қирларида кўрган эмиш. Кўзларинг кўр экан, ўша қўшиғингни айтиб мол боқиб юрган эмишсан…
Яна кимдир Тўполондарёнинг бўйида кўрган эмиш. Қулоқларинг кар, шунча гапирсаям эшитмабсан? Шулар ростми, Қулай жўра?

Биламан, улар сени кўрмаган, ўзи аслида ҳеч қачон кўрган эмас улар. Ўша – Сувқайнарда келган вақтингдаёқ сени кўрмаган эди. Шунчаки қоп-қора бола, хизматчи, мардикорни кўришган, холос.
Дарёдаям сени кўришгани йўқ. Яна шунчаки, ичиб маст бўлиб йиқилиб тушган ахмоқ деб ўйлашган-да.

Мен биламан – сен дарёга тумор учун тушгансан. Ҳа, қўзичоқни қутқараман деб тушгансан. Жамол бобонинг хотини билан тушган суратини олиб чиқаман деб дарёга сакрагансан. Мени кўриб одамлар ҳам тушар, бобонинг бирор бисотини сақлаб қолармиз, деб дарёга ўзингни отгансан, жўра. Улар эса – сени кўришмади, кўришолмади. Уларнинг кўзлари бор эди-ку, мени кўриб туришганди-ку, дейсанми? Ҳех, ҳех, ҳех…
Қулай жўра, сен мени кечир… Шунинг учун кечирки, ўзим ҳам билмайман, лекин сендан кечирим сўрайман, жўра… Сендан ижарғанганим учун, менсимаганим учун, баридан ёмони – туморингни сақлаб юрмаганим учун сен кечир, жўра… Гарчанд ўзимни ўзим кечирмасам-да, сен мени кечиргин, жўражон…

Кўп жўра орттирдим, дўстлашдим кўплар билан. Лекин ҳеч ким исмини сенчалик самимий айтгани йўқ. Фамилиясини, отасининг исмини ҳам қўшиб айтганлар бўлди, жўра. Сендек тоза дўст топмадим, жўра…
Сувқайнарга борсам, сени излайман: ҳамма нарсадан…

Сен ким эдинг? Одаммидинг ёки фаришта…

Ана эшитяпсанми, “жўра” демай, бир оғизгина дўст десам, ўларманми, жўра…

Яна…

Нимадир, нималардир йўл қўймаса, тилим худди ўша тундагидек қотиб қолса, нима қилай, Қулай жўра…

Ўзинг айт, мен нима қилай, жўражон?!..

САНЖАР ТУРСУНОВНИНГ
“ҚУЛАЙ” ҲИКОЯСИНИ ЎҚИБ…

08

07Исажон Султон,ёзувчи:

– Санжар ўзи туғилиб ўсган юрт табиатини, ҳодисаларини, кишилар характерини теран кузатади. Тоғу тошлар бағридаги кишилар ҳаётини қаламга олар экан, халқига қўлидан келганича хизмат қилиб кетган хокисор бола образини тасвирлайди. Мусибат, етимлик, меҳрдан жудолик қисмати пировардида уни эл хизматкорига айлантиради. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкинми? Ҳа, бунга Санжарнинг истеъдоди туфайли ишонамиз. Табиатга, жонзотларга ўзбекона мунис муносабат ўз ичимизда ҳам борлиги учун ўша софлик қалбимизга бемалол кириб келади, Қулай деган болакайни анчадан бери танийдигандай бўламиз. Ҳикоянинг яна бир жиҳатини айтиб ўтмоқчиман. Қулай “ўзимизнинг бола” бўлгани, бизлар билган-таниган одамлар орасида умр кечиргани учун ҳам одатий ўсмир каби таассурот қолдиради. Аммо тасаввурга эрк берайлик-да, воқеани бошқа ҳуду䬬га, бошқа кишилар орасига, айтайлик, Европага “кўчириб” кўрайлик. Ҳақиқатан, ғалати ҳодиса юз беради. Ўз муҳитида Қулай оддийгина ўксик бола эди, ўзга кишилар орасида эса деярли қаҳрамонга, дунё тобора унутиб бораётган эзгулик фариштасига айланади. Адабиётшуносларимиз бу ҳодисани умуммиллий руҳият илмидан келиб чиқиб изоҳлашса ажабмас. Балки дунё илғор адабиётида ўтган асрларда урф бўлган “билинмаган одам” ҳодисаси ўзбек адабиётида “яшай олмагани”нинг сабабларини кўрсатиб беришар? Чунки, гап “ўзбек феномени” ҳақида кетмоқда. Халқимизда “билинмаган”, яъни қалбига назар ташланмаган, шахсияти, жавҳари номаълум одам йўқ ҳисоб. Ҳамма ҳамманинг кўз ўнгида, эл кимнинг қандай яшаши, феъл-атвори, тутумию одатидан яхши хабардор. Эътирозга келсак, воқеалар оқимида тўсатдан пайдо бўлган бўри эпизоди тугалланмагандек, назаримда. Асар қонуниятига кўра, ҳикоя давомида бўрига дуч келдикми, демак, кейинроқ яна учратишимиз керак. Санжар мана шу ўринда “тимсол” унсури зарурлигини сезиб, бўри воқеасини киритган. Аммо мантиқий давом этмагани учун оддий эпизодлигича қолаверган, ваҳоланки, айнан мана шу ўринда тимсолга айланиб кетиши керак эди. Ҳаёт уни турли кўринишларда одамларга рўпара қилиши, гоҳ қисматга айланиб Қулайни тортқилаши, гоҳ таҳдидга айланиб ҳикоя қаҳрамонига яна дуч келиши, зиддиятни кучайтириши, гоҳ ёвузлик, гоҳ хатар, гоҳ ҳаётнинг ўзи каби, кимларнидир, қайлардадир… ўлжага айлантириши каби, ҳикояни қувватлантирадиган анча-мунча имкониятлар кўриниб тургани ҳолда, адиб уни четлаб ўтиб кетган. Илк таассурот шундай. Қолганини мутахассислар айтишар.

006Абдулла Улуғов, адабиётшунос:

– Эътиборни тортадиган ушбу ҳикоя ёш ижодкорларга хос эҳтирос ва ҳаяжон билан битилгани сезилади. Санжар Турсунов оҳорли сюжет ва қаҳрамонига ўзига хос ном топа олганидан завқланиб, қалам тебратгани аниқ билинади. Жўшқин эҳтирос ҳисси ҳикоянинг илк жумласидан бошланиб, сўнгги гапгача авжи пасаймасдан давом этади. Муаллиф ҳикояда яхлит оҳанг ҳосил қилишга интилганидан адабий тил меъёрига ҳам амал қилмайди. Чунки ҳар қандай қолип эҳтиросли кечинмалар, жўшқин ҳис-туйғуларга торлик қилади. Шунинг учун “Қулай”даги ифода услуби анъанавий асарларникига унча ўхшамайди. Унда жумлалар кўп ўринда узундан-узун чўзилиб, қават-қават бўлиб келади. Фикр эргашган қўшма гапнинг мураккаб шаклларида ифодаланади. Гап ичига бир нечта майда гап тиқиштирилади. Эга, кесим ва иккинчи даражали бўлакларнинг жойлашуви кўпчилик кўниккан гап қурилишидан бирмунча фарқ қилади. Ноанъанавий қурилган айни гапларда ижодда ўз йўли, услубини топишга интилаётган ёш қаламкашнинг ички кечинмалари, ҳис-ҳаяжони ва эҳтирослари жўш уриб мавжланади. Санжар қаҳрамонига меҳрини тўлиб-тошиб изҳор этиш орқали ўқувчида ҳам Қулайга нисбатан илиқ муносабат – ачиниш ҳиссини уйғотмоқчи бўлади. Таъкидлаш жоиз, у бу ниятига муайян даражада эришади.

Ёзувчиликда малакаси ошиб, кўзи очилиб келаётган изланувчан ижодкорнинг ушбу ҳикоясида талай кемтик жиҳатлар ҳам кўринади. Биринчидан, унда айрим ўринларда гап “… пайдо бўлди у”, “… раҳми келиб”, “… айнитадигандай жаҳлланиб” тарзида тугалланади. Бу эса услубми, изланишми, нималигидан қатъи назар, ғалати туюлади. Иккинчидан, “ер тўлғоқ тутган хотиндай лопиллаётган”, “бир ариқ сувни тўлиб-тошишига ҳисса қўшди”, “гапимга ҳам раво кўрмаганман”, “Онам¬нинг тоби қочиб, кулчадай бўлиб олган, оҳ ўламан, дейди тўлғониб”, “Боғлар кўпайгани тўғри” каби ўринлар ўқувчини ғашлантиради.

Ҳикоядаги ўспириннинг бирдан-бир бойлиги – бўйнидаги тумори экани, уни онаси оламдан ўтаётганида васият қилиб қолдиргани, отаси овга кетиб қайтмагани маълум қилинади. Умрида қишлоғидан четга чиқиб кўрмаган онанинг ўғлига васияти эса сиёсий раҳбар ходимнинг нутқига ўхшаб кетади. Ҳикояда муаллиф нутқи билан қаҳрамон нутқи бир хил бўлиб қолгани аниқ сезилади. Айниқса, дунёдан кўз юмаётган онанинг боласига: “Агар бу бешафқат дунёда битта дўст топсанг, шуни тақиб қўй” дейиши жуда чучмал. Онаси бўйнига тақиб юрган ва унга қолдирган туморни қайси ўғил кимнингдир оти, эшаги, қўзисию итининг бўйнига тақади? Бу онанинг руҳига ҳурматсизлик эмасми?..

“Қулай” яна анча мулоҳаза билдиришга имкон беради. Бу Санжар Турсуновнинг машаққатли йўлда ҳеч нарсадан чўчимасдан, иккиланмасдан дадиллик билан изланаётганини билдиради.

04Абдулла Чимирзаев, ёш ёзувчи:

– Тенгдошларимиздан Санжар Турсунов адабий жамоатчиликка самимий ҳикоя¬лари билан яхши таниш. Унинг ёзганларини баҳоли қудрат кузатиб келаман. Хусусан, “Оқ овулнинг озодаси”, “Сени яхши кўраман” ҳикояларида ўсмирлар ҳаётидаги муҳаббат куртаклари рангдор, жонли ва характерли тарзда ўз ифодасини топган. Унинг “Қулай” ҳикоясини ўқиганимда Худо юқтирган истеъдод билан бирга қалами ҳам вақт сайин чархланиб бораётгандай туюлди. “Қулай” дидактик ҳикоя бўлса-да, бир мунча ўзига хос топилдиқлар билан кўзга ташланади. Қаҳрамонлар характери ишонарли тарзда чизилган. Муҳими, ҳикояни ўқиган ўқувчи бегоналар қайғу-ҳасратига озми-кўпми ҳамдардлик қилиш билан қалбида тозариш ҳиссини туяди. Бу, албатта, тенгдошимнинг ютуғи.

Бироқ дағалроқ бўлса-да, бир-икки мулоҳазалар ҳам бор. Ёзуви, шоир бўладими, умуман, ижодкорни таом тайёрлаётган ошпазга қиёслаш мумкин: ошпаз маҳоратли бўлиб, тузу зираворларни жой-жойида қўлласа, қандай ҳароратда, қанча вақт ушлаб туришни билса, у таом чиндан хуштаъм ва мазали бўлади. Агар акси бўлса-чи? Фаҳмимча, “Қулай” ҳикоясида ташбеҳлар ва изоҳлар бироз меъёридан ошгандек. Бу Санжарнинг айни сўз қўллаши, гап қуришида кўринади. Жузъий камчиликлар вақт ўтиши билан ўз ўрнига тушиб кетади. Албатта, изланса, услубим шу, деб ёзаётган йўлини кўрсата олса. Назаримда, тенгқур ижодкорларнинг аксар асарлари тили, образлар ва этник тасаввурга кўра бир қишлоқнинг одамларига ўхшайди. Ростини айтганда, барчамиз бир қобиққа ўралиб қолгандекмиз.

Энг асосийси, Санжарни яхши ҳикоя билан табрикласа бўлади.

Манба: «Ёшлик» журнали веб-саҳифаси

09

Sanjar Tursunov
QULAY
08

 Sanjar Tursunov 1986 yilda Surxondaryo viloyatining Sariosiyo tumani Sangardak qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Davlat san`at va madaniyat institutining jurnalistika bo’limini bitirgan. Ayni paytda «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasida xizmat qilmoqda.O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan “Birinchi kitobim” ruknida “Muzaffar tong” hikoyalar to’plami chop etilgan.

08

08U hozir tirik bo’lsa-yu, lekin ko’zlari ko’rmay qolgan, kimdir o’qib berayotgan yoki qulog’i eshitmayotgan-u, boshqa bir kimdir harakatlar bilan tushuntirayotgan yo hammasidan benasib – bu dunyodan o’tib ketgan, tiriklik daryosi qurib, hayot bog’i vayron bo’lgan esa-da – baribir ich-ichimdan, u mendan xafa emasday, ha, yozdingmi, mixladingmi ishqilib, tagi teshikmasmi, deganday bo’laveradi va shuning uchun ham uni sizga tanishtirishni istadim.

U o’zining ismini bu shafqatsiz dunyoyu va unda yashayotgan tanballarga, ishyoqmaslarga, tekinxo’ru pastkashlarga, boringki, bori odamzodga Qulay deb tanishtirdi. Qutlimurod, Qulmurod, Qulfiddin, hatto Qultoy ham demadi. Keyinchalik unga: “Nega Qulay? Boshqa ism aytsang, sendan birov hujjat so’rarmidi?!” deganimda, indamagan, xiyol qisilgan ko’zlarida sho’x tabassum o’ynab, so’ng qandaydir ma’yuslik, yo’q, ma’sumlik akslangan va men, nachora, unga shu ism yoqsa kerak, degan xulosaga kelganman.

Qulay deganda dastlab ko’z o’ngimizda qop-qora yigit gavdalanardi. Bo’yi Rahim kaltaning qulochi bilan o’lchansa, bir yarim, Shodi darozning esa bir qulochiga ham yetmas edi. Har holda, yoshi kattalarning Qulay kalta deganini eslasam – u pakana edi. O’lguday chayir, bilaklari zarang daraxtiday qattiq, hamisha bir xil ust-boshda yurar edi: qora, no’xotday sochmalari o’ziga yarashgan ko’ylak, ikki tizzasiyu soni oqargan jinsi shim, ancha urinib qolgan katta patinka. Uning bor boyligi, Zulpin kampirning deyishicha, dunyosi – ustida edi. Darvoqe, chiroyli tumor va uni bo’ynida tutib turgan zanjiri ham bor edi.

Momoning aytishicha, uning yoshi mendan katta, menga qaraganda besh-olti tut pishig’ini ko’p ko’rgan ekan.

Qish ko’rpa-yostig’ini orqalab, olis-olislarga ketishga chog’lanayotgan, yer to’lg’oq tutgan xotinday lopillayotgan, osmon yosh bolaning ko’z yoshiday yoqimli yomg’irini zaminga sochayotgan bir paytda Suvqaynarda paydo bo’ldi u.

– Odam ham shuncha tussiz bo’ladimi, – degan Nozim bobo keyinchalik ko’p afsus qilib, – O’zi qora bo’lsayam, ichi oq ekan uni, – deya to’y-ma’rakalarda gapirib yurganini hamma eshitgan.

– Qop-qora ekanmi? Kechasi yo’lingdan chiqib qolsa, biror qoraqo’ng’iz deb bosib o’tasan, yo yuraging tars yorilib o’lasan, – degan ekan Amrillo taksi hiringlab. Taksichida namak bo’ladimi, debdi kimdir bolaga rahmi kelib.

– Qorami, xunukmi, alvasti yo ajinami, u endi shu yerda – mening uyimda yashaydi. O’tinimni olib keladi, bedamni o’radi, olmamni teradi, – debdi Karim katta xuddi hozir kimdir ilib ketadiganday, biror nima va’da qilib aynitadiganday jahllanib.

Karim kattaning nonini birov yarimta qilmadi, bog’iga kirib kelayotgan suvni urib qolmadi, bil’aks, yarim nonni butunga, bir ariq suvni to’lib-toshishiga hissa qo’shdi – Qulay umumiy mardikorga aylandi. Kimning uyida, bog’ida, dalasida ishi bo’lsa – o’toqmi, o’tinmi, yer ag’darishmi, chakana qo’y boqishmi – saratonni issiq demay, qahratonni sovuq demay, berilgan haqni Karim katta qanchalik og’rinmay ishlatsa, Qulay hech xafa bo’lmay, jilla qursin, bo’yin tovlamay odamlarning ishini qilib yuraverdi. Ora-sira to’y-hasham, bayram, hayit bo’lib qolsa, unga xudo beradi – to’yib ovqatlanadi, o’ynaydi, ichadi va “Hech kimga ma’lum emas, holi parishonim mening”, deb qo’shiq boshlab yuboradi. “I-ye, bu qip-qizil artist ekan-ku! Qani, bir qo’shiq aytsin!” deya ba’zi hangomatalablar o’rtakashga uch-to’rt so’m qistirib, navbat olib berishsa, tap tortmay mikrofonni oladi-da, o’sha bir misra qo’shiqni takror-takror aytadi. U yog’idan o’tsangiz ham, bu yog’idan o’tsangiz qo’shig’ini kuylayveradi, bitta so’z qo’shmaydiyam, tushirib ham qoldirmaydi. Tebranib turaveradi. Kurashlarda o’n bor yiqilsa ham yana olishadi. Ko’pkariga esa… biror marta bo’lsin borgan emas. O’sha tun, nega ko’pkariga bir martayam bormaysan, deganimda, otlar tuyog’i ostidagi uloqni ko’rsam, titrab ketaman, degan edi.

Endi, yashirib nima qildim, avvallari u bilan salomlashishdan or qilganman – ijarg’anishmi, mensimaslikmi yoki ha, uni o’zimga teng ko’rish u yoqda tursin, gapimga ham ravo ko’rmaganman. Ota-onasining bag’rida qorni to’q, usti but, uchqur orzular og’ushida ulg’ayayotgan bizdek o’smirlar qayoqda-yu, u qayoqda?! Lekin…

Lekin o’zing istagan chiziqdan emas, avvaldan belgilab qo’yilgan yo’ldan yurishingni kim bilibdi, deysiz?

Qishning chillasi edi.

Onamning tobi qochib, kulchaday bo’lib olgan, oh o’laman, deydi to’lg’onib. Otam nima qilarini bilmay, nuqul peshonasining terini artar, singillarim chirqillab yig’lardi. Men bo’lsam, xuddi bo’g’ziga pichoq tortilayotgan qo’zichoqday chorasiz – kimga, kimgadir najot nigohi bilan boqaman-u, ammo o’sha nigohning ayni damda yo’qligi vujudimni muzlatib yuborgandi. Shu chog’ otam taraddudlanib:
– Bo’ldi, bo’ldi! Yig’lamanglar, men hozir do’xtirni opkelaman, – dedi.

Go’yo hozir otam ketsa, onam o’lib qoladigandek, faqat otamgina uni saqlab turayotgandek eshikka otildim:
– Siz o’tira turing, men… o’zim olib kelaman…

Otam, chamamda: qo’rqmaysanmi, yo’l-yo’lakay Nodir o’rtog’ingni olib ket, dedi. Ammo men yolg’iz o’zim, katta ko’chadan yugurib borardim.

Kasalxona qishloqning quyruq tomonida bo’lib, uning keng hovlisi dashtga tutashib ketgan edi. Tun zim-ziyo. Maydalab qor yog’ib turar edi. Ikki qadam narini ko’rib bo’lmas – ko’p o’tganim, yodimda o’rnashib qolgani uchungina yo’ldan qoqilmay odimlardim. Shifoxona bilan bizning mahalla o’rtasini daryo ajratib turardi. Ko’prikka yetganimda, bilmadim, negadir oyoqlarim o’zimga bo’ysunmay qoldi, sochlarimni tikka – xuddi jayraning sixiday bo’layotganini ham sezdim-u, beixtiyor yuragim “shig’” etdi va bir muddat butun badanim muzlab ketganini his qildim.

Mendan ikki qadam narida – bir juft ko’z yashil chiroqday yonib turar edi. Bo’ri! Xayolimga kelgan birinchi so’z shu bo’ldi va endi meni tilka-pora qilishini o’yladimmi, yo ko’zimga ko’rinib ketdimi, har holda, ado bo’lgan edim. Go’yo oyoq-qo’lim qotib qolgan-u, faqat ko’z oldimdan tasvirlargina lip-lip o’tib turardi. Esimni taniganimdan to shu kungacha nima qilganim, hatto, nelarni o’ylaganim ham menga kaftdagiday ko’rinar va eshitganlarim: bo’ri chillada mast bo’lishi odamni hech ikkilanmay olishiyu bunday paytda kishining tili tanglayida qotib qolishi, bejizga jondorda Azroilning bir tuki bo’lmaydi, deyishlarini kimdir qulog’im ostida shivirlab gapirardi go’yo.
O’n olti yillik hayotim bor bo’y-basti bilan qarshimda turar: kimni ranjitganim, kimdan xafa bo’lganim va endi shunday osongina – zim-ziyo tunda yo’q bo’lib ketishim, uyimizni, ota-onam, singillarimni hech qachon ko’rolmasligim-u, mana shu tog’, daryo, daraxtlar, yo’llar, boringki, barcha jismlarni ushlolmasligim… Bir gap bilan aytganda, o’lim qarshimda, mendan ikki qadam narida turar – hayotni judayam yaxshi ko’rib ketgandim. Tamom, o’ldim, sho’rlik onam – onam ko’z oldimda gavdalandi, mana, meni kutib otam tashqariga chiqib, ko’chaga bir-ikki qaradi, nega bu kechikdi ekan, deya xavotirga tushib bir xayoli ortimdan kelmoqchiyam bo’ldi, kep qolar, ora yaqin-ku, dedimi, yana uyga – onamning yoniga borib, “Kelayotgan bo’lsa kerak, itlar hurayapti”, deganday bo’ldi. Onam esa hozir doktor kelsa, joni orom topib, og’riq bosilayotganday boshini biroz ko’tarib, singillarimga qarab jilmaygani va ularning endi onam o’lmaydi, tuzalib ketadi, degan xayolga borgani-yu, chehralari yorishib, doktorga joy tayyorlagani – ikki qavat ko’rpacha solib, pechkaga olov yoqqani-yu, narigi uydan meva-cheva olib kelganigacha ko’rib turardim. Yana onam meni kutadi, kutaveradi, oradan bir soat, ikki soat, uch soat vaqt o’tar, keyin… meni izlab, otam chiqar hech joydan topolmay, uyga borishga yuragi betlamay – ko’chani aylanib yurar, bir-ikki qo’ni-qo’shnini uyg’otar, baribir tonggacha topisholmay, sahar esa ko’prikning ustidagi qon izlarini ko’rib, kiyimimning yirtig’idan tanib, ana undan keyin qiyomat qoyim bo’lishini – onam dod deb o’zini har yonga urishi, otam boshi egik nuqul yuragini changallashi, singillarimning chirqillab yig’lashlari, qishloqdoshlarimdan kim eshitsa, mahzun bo’lib qolishi-yu, ko’zlarida yosh g’iltillashi, o’n olti yosh-a, hali bola edi-ku, deyishlari – hamma-hammasini ko’rib, eshitib turar edimki, endi gapning rosti, o’limdan qo’rqmayotgan edim. Men sabab onam tuzalganimi, bilmadim, nimadir menga xotirjamlik berayotgandi. Nima bo’pti, tug’ilish bu – o’lish degani, bugunmi, ertami, qachon bo’lmasin, baribir o’lar ekanman, mayli, o’sha kun hozir ekan, kela qolsin, degandirman-da. O’zimni chalg’itishmi yoki alahsirashmi, ehtimol, qattiq qo’rqqanimdan sezgilarim zaiflashib, ayni o’sha lahzalarda qaysi bir a’zolarim faoliyatdan to’xtagan yo, umuman, o’lim qo’rquvdan ustun kelgan bo’lsa kerak… Endi o’ylab ko’rsam, o’shanda barcha o’ylarim miyamga shunchalik tez kelib ketgan ekanki, qaniydi, bir umr shunday tez fikrlasam, deyman o’zimga-o’zim.

Biroq o’shanda hamma narsaga – axir qarshimda bo’ri va u orqali meni bo’g’zimdan oladigan o’lim bor edi, xolos – tayyor edim.

Bo’riga mag’rur qaradim. U bo’lsa mendan ko’zini uzmay, bir qadam bosdi-yu, ilkis ortga o’girildi va odamning, ha, aynan odamzodning “O’ldiraman seni”, degan ovozi eshitildi. Bo’ri o’zini daryoga otdi. Qarshimda ko’zlari yonib Qulay turar edi. Ikkimiz ham bir-birimizga tikilib qoldik. So’ng o’zimga keldim-u, onam esimga tushdi, kasalxona tomon yugurib ketdim. U bo’lsa ko’prikning o’rtasida qolaverdi…

Yana bahor keldi.

Osmonni to’ldirib, qaldirg’ochu turnalar, bulutlarga yelkadosh bo’lib burgutlar uchdi.

Yerni yorib boychechaklar chiqdi. Qir-adirlarda alvon-alvon qizg’aldoqlar ochildi. Kapalaklar momoqaymoqlarga qo’nib-qo’nib, tol shoxida qushlar g’ujurlashdi, sirlashdi. Tilla qo’ng’izlar yalpizlardan tiriklik totini totdi.
Shamollar tog’dan boqqa, bog’dan adirlarga, daraxtlarni tebratib, uylarga gullarni sochib esaveradi. Terak barglari bo’sa bergan o’n yetti yoshli qizday titray boshladi.

Cho’qqidagi qorlar jilg’aga aylanib, ariqlarni, irmoqlarni to’ldirib oqdi. Daraxtlar endi tili chiqqan bola singari barg yozdi, kurtak ochdi, meva tugdi… Daraxtlarning devorlardan oshib o’tgan shoxlaridagi mevalar yo’llarga to’kildi.

Bog’lardan qushlar ketmay qoldi. Gala-gala bo’lib goh janubga, gohi sharqqa parvoz qilib, bog’lardan bog’larga salom yetkazdi ular.

Bu bahor uch marta xuddi mana shunday kelib ketdi.

O’sha to’rtinchi bahorda ham dillar yashillandi, tabiat mehmon kutayotganday taraddudlandi.

Tabiatda neki bor giyohdan tortib daraxtgacha, qumursqadan tortib yo’lbargacha bahor kayfiyati yurakka ko’chayotgan bir paytda, hamma o’zgaruvchanlikni boshidan o’tkazayotgan lahzalarda faqat Qulay o’zgarmadi, u o’zicha – o’sha ust-boshu xizmatkorligicha qolaverdi. Aksincha, ishi ko’paygandan ko’payib tinim bilmas, bir kun uning bog’iga borsa, boshqa safar toqqa otlanar, adirda, tomorqada ishlab yurardi. Suvqaynarda ustadan ko’pi yo’q. Lekin Qulay barini dog’da qoldirdi: quyosh botadigan payt, hamma dalayu dashtidan horib-charchab keladigan mahal u paxsa urardi. Issiqda ursa yorilib ketarmish. Keyin, loy kamida o’n ikki soat pishmasa, u uyning ertasi yo’q emish. Shu, shu – bular Qulayning gaplari…

Lalmi yerlarda bog’lar barpo qildi u. Bir kunlik yo’ldan ariqlar qazib, suv boylab keldi. Ko’chalarning o’nqir-cho’nqirini kichik toshlar bilan to’ldirdi. It tindi, eshak tindi, qurbaqalarning sayrashiyam tindi – faqat Qulay tinay demasdi.

Karim kattaning qorni chiqib, to’lishib qoldi, bolalari kunora kiyim oladi, mashinasini babaplatib ko’chalarni changitadi, Qulay bo’lsa hamon o’sha – hammaga “mashhur” ust-boshida yurar edi. Biroq bo’ynidagi tumori xuddi chakana navbatiday goh kimningdir oti, goh eshagi, qo’zisiyu itining bo’ynida bo’lardi.

O’sha tungi voqeadan keyin unga nima de¬¬yishni bilmas edim. Goh g’ururim baland kelib qishloqdan haydatib yuborsammi desam, goh hayotimni saqlab qolgani uchun do’stlashsammi, deya o’ylar edim. Biroq ikkisini-da qila olmas, bilmadim, nimalardir bunga yo’l qo’ymas, lekin xavotirim ham bor ediki, masalan, kimgadir menga yordam berganini aytib qo’ysa-yu, keyin odamlar mazax qilishsa, nima bo’ladi? Biroq u o’sha tunni unutdi, birovga-da og’iz ochmadi. Ko’cha-ko’yda duch kelib qolganimizda, xuddi avvaligiday ko’rishadi-yu, indamay yo’lida ketaveradi. Keyinchalik o’yladimki, ha, u meni tanimagan, bilmagan, agar tanisa bormi, hammaga doston qilardi – yengil tortdim.
Kunlar esa o’tib borardi…

Bir tun. Aprel oyi edi.

Kun bo’yi tinmagan yomg’ir kechasi yanada shiddat bilan yog’ar, tog’lardagi qorlar erib, soylik¬lardan sel kelar – oqshom ko’rganimizda daryo judayam ayqirib oqardi, Kenja bobo – oltmish oltinchi yil shunaqa katta sel kelgandi, o’sha yili ko’p to’polonlar bo’luvdi, deganini eshitgandik.

Tun yarmidan o’tganda kimdir darvozamizni qattiq taqillata boshladi. Uyimizda hech kim uxlamagan, otam: yotib qolmanglar, bir falokatning isi kelayapti, degan, biz tayyorlanib, agar sel kelguday bo’lsa, katta tog’amning uyiga qochmoqchi bo’lib turuvdik. Ularning uyi biznikidan ancha balandlikda, daryodan uzoqroqda edi.

Darvoza yana avvalgidan qattiqroq taqillagach, otam chiqdilar. Biroz muddat o’tib qaytdi-da, menga qarab:
– Seni chaqiryapti – dedi.

– Kim ekan? – degan onamning savoliga otamning javobini eshitmay, ko’chaga qarab yugurdim. Bilar edim, taxmin qilib borardim, bugun ko’chada men bilan ko’rashayotganida, qo’limni qisgan edi, o’sha bo’lsa kerak, deb ko’chaga chiqqanimda adashmagan ekanman.

Yomg’ir tinimsiz yog’ardi. Uni darvoza yonidagi bostirmaga boshladim.

– Jamol boboning uyi daryo labida-ya, – dedi bostirmaga kirgach biroz sukutdan so’ng va mendan tasdiq ma’nosini olgach: – bugun o’shaning uyida ishlagandim. Yomg’irda beda eksa yaxshi bo’larkan – tez unadi, xuddi suv ichganday bo’ladi, deb qo’yarda-qo’ymay yomg’ir ostida kun bo’yi ishlatdi. Lekin qiziq bobo ekan: goh xotinini narigi qishloqdan opqochib kelganini aytsa, goh birga tushgan rasmini maqtab qoladi. O’sha eski rasmni o’n marta ko’rsatdi, o’ziyam. Uyga qaytayotganimda qo’zichog’iga ko’zim tushdi.

Biram chiroyliki, mahkam quchoqlab hech qo’yvorging kelmaydi. Mehrim iyib tumorimni o’shanga taqib qo’ygandim… – u biroz o’ylanib turdi-da, – hozir og’iliga kirsam, mabodo uxlamagan bo’lsa, meni tutib olsa, o’g’ri deb qamatib yuboradimi, – dedi.

Bilmasam, deganday ming’irlagan bo’ldim. Keyin… ha, keyin miyamga bir fikr keldi: qani, so’ray-chi, o’sha kecha meni taniganmi-yo’qmi, agar tanigan bo’lsa, bor, kiraver deyman, u odam uyquchi, qotib uxlaydi, deb aldab-suldab kirgizaman-da, uni tutib, sharmanda qilib, qishloqdan haydab yuborishini tomosha qilaman, degan xayolga bordim. Rost-da, qo’rqqanimni hammaga aytsa, sharmanda bo’laman-ku…

U o’sha kecha meni taniganmiding, deganimni eshitib, ko’zimga tikilib turdi-da:
– Sen qahramon ekansan. Men Denovning Vaxshivoridanman. Biz tomonlardayam bo’rilar bor. Chillada bemalol qishloq oralaydi. Otam ovchi edi. Uning aytishicha, har qanday hayvon avval hamla qilmaydi. Baqirsang yoki biror harakat qilsang, so’ng tashlanadi. Sen o’sha tun, unga tikilib turganding, u sendan hayiqayotgan edi…

Men jimib qoldim. U esa sekin-sekin keta boshladi.

– To’xta, – dedim yelkasidan tortib. – Nega isming Qulay? Nega ko’pkarini yomon ko’rasan? Nega meni qo’rqqanimni hech kimga aytmading? – va mening negalarim shunchalik ko’p ediki, u bir muddat dovdiradi hatto. Ehtimol, ota-onasini, qishlog’ini eslagandir.

– Ko’pkarida onam ot ostida qolib ketgan. To’g’rirog’i, meni qutqaraman deb. Seni nima deyman? Qahramonligingni aytaymi? Bilasanmi, bunaqa gaplar aytilavermaydi… Men Jamol boboning uyiga ketdim. Bo’pti, yaxshi qol…
U darvozadan chiqdi. Ortidan yugurdim.

– Qulay, u yoqqa borma. Kampiri o’lganidan keyin chol uyqusiz bo’lib qolgan. Ayniqsa, bunaqa yomg’irli kechalarda o’lsayam uxlamaydi. Borma, u yoqqa.

Unga yetib olganimda nafasim tomog’imga tiqilib, tinmay hansirardim. U… U meni quchoqlab oldi…

– Men… Men Suvqaynardan bugun ketishim kerak edi… Erta onamning o’lganiga yigirma yil bo’ladi… Shunga bir-ikki so’m Karim akaga bermay yig’ib qo’yuvdim… U ancha vaqt jimib turdi so’ng: – Onam… o’layotganda bo’ynidagi tumorni yecharkan: “Birorta do’st topsang, shuni sovg’a qil. Sen yolg’izsan… Yakka – yolg’izsan. Otang endi qaytmaydi. Men kecha tush ko’rdim, otang bir chuqurlikka tushib ketdi. Men unga ko’p aytdim, tashla shu ovchilikni, deb – tashlamadi, menga quloq osmadi, mana oqibati. U o’lgan… Ha, o’g’lim endi sen yetimsan. Lekin sen bundan o’ksima, mana shu tumor senga yo’ldosh. Agar bu beshafqat dunyoda bitta do’st topsang, shuni taqib qo’y… – deya bir necha bor takrorlab o’lgan edi. O’sha tumorni… senga bermoqchiydim…

“Odamlar, qochinglar, sel kelayapti!..” degan shovqin butun qishloq bo’ylab tarqalib, akssado bera boshlaganda, men bir zum o’zimni yo’qotib qo’ydim, hushimga kelganimda esa.. yonimda Qulay yo’q edi.

– Qayoqdasan, bo’lsang-chi? O’g’ling qani? Qara, top tez! – degan otamning ovozini eshitdim-u, tezda bu yerdan qochishga – Qulayning ortidan borishga oshiqdim. U Jamol boboning uyiga ketganini ich-ichimdan sezardim. Yugurib ketdim. Yomg’ir ayovsiz, shiddat bilan yog’ardi. Daryo bo’yiga borganimda Jamol bobo oppoq kiyinib olgan, uni odamlar mahkam quchar, u bo’lsa o’zini daryoga otmoqchi bo’lardi.

– Xonavayron bo’ldim, uyim kuydi, musulmonlar… ana, qaranglar sel uyimni olib ketdi. Endi nima qilaman, qaerda yashayman, he, yashab nima qildim, endi mening o’lim-m qaerdan chiqadi?!

Qutirgan daryo boboning uyini olib ketgandi…

Chaqmoq chaqib, atrof bir yorishdi-yu, yana qorong’ilik komida qoldi. Shu lahzalik nur ichida men daryoda kimningdir boshini ko’rib qoldim. U oqimga qarab suzishga intilar, kuchli to’lqin uni ortga siltar va u ko’rinmay ketardi.
– Qulay… Qulay… cho’kayapti…

Daryo tomon yurmoqchi bo’lgandim, kimdir bilagimdan mahkam tutdi.
– Esingni yig’, ey bola…

Bu Karim katta edi…

Yana chaqmoq chaqdi. Men yana uni ko’rdim – qirg’oqqa yaqin kelib qolgan edi.

– Arqon, arqon kerak, uni tortib olamiz… – deya baqirardim. Biroq Karim kattaning qo’lidan chiqib ketolmasdim.
– Ma, o’g’lingni ushla, sal bo’lmasa o’zini daryoga otar edi. Qayoqdagi Qulayni qutqaraman deydi buning…

Otam yuzimga bir tarsaki tushirdi. Ko’z oldim yanada qorong’ilashib ketdi.
– Axmoq…

Chaqmoq ketma-ket chaqar, borliq yorishar, daryo battar pishqirar, endi gurs-gurs toshlarning ham ovozi eshitilardi.

– I-ye, bu nima… – deb Karim katta yerga egildi va bir narsani ko’tardi. – Qulayning tumorimi?

Otamning qo’lidan yulqinib chiqdim-da, tumorga tashlandim. Yana chaqmoq chaqqanida Qulayning boshi ko’rindi: uning ko’zidagi sho’x tabassumni ham ilg’aganday bo’ldim.
– Bitta arqon topsanglar-chi?… – deya baqirdim. Qulog’im tagiga kelib tushgan tarsakidan gursillab yerga yiqildim…

Oradan o’n to’rt qishu shuncha bahor o’tdi. Toqqa yana qor qalin tushdi. Daryo yana quturdi.

Birodarlar, koinotda odam yashaydigan nechta sayyora bor?
Dunyoda mamlakatlar ko’p, biroq vatanimiz bitta-ya?
Yurtimizda tuman, shahar ham talaygina, shunday emasmi?
Qishloqlar-chi?
Bog’lar-chi?
Yo’llar-chi?

Hali odam yashaydigan boshqa sayyora kashf etilib, kishilar o’sha yoqlarga ko’chib ketganicha yo’q – hamma Yerda yashayapti! To’g’rimasmi?
Hamon vatanimiz bitta, buyam rost.
Tumanlarimiz, shaharlarimiz ham joyida-ku.
Qishloqlar ham.
Bog’lar ko’paygani to’g’ri.
Lekin…

Lekin… Bu dunyoda endi Qulay yo’q.

U barpo qilgan bog’lardan odamlar tonnalab olmalar oladi. U urgan devorlardan o’g’rilar oshib tusholmaydi. U qazgan ariqlarda hamon suvlar to’lib-toshib oqadi. U tekislagan yo’llarda mashinalar serqatnov. Karim kattaning o’g’liyam mashinada o’tadi. Katta qancha to’ylar qildi. Tanish, notanish oshini yedi, tuzini ichdi, lekin Qulay yo’q edi bu to’ylarda.

Suvqaynarda biror narsa yo’qki, uni eslatmasa. Boqqa qarang, devorlarga, ko’chalarga, daryoga, dalalargayu qo’y-qo’zilarga, otlarga, itlarga qarang, u shunday ko’z o’ngingizda paydo bo’ladi. O’sha sho’x tabassumu biroz ma’sumlik bilan jonlanadi u.

Qulay jo’ra, qaerlardasan? O’sha voqeadan biroz o’tib kimdir gap topib keldi. Seni Sherobodning qirlarida ko’rgan emish. Ko’zlaring ko’r ekan, o’sha qo’shig’ingni aytib mol boqib yurgan emishsan…
Yana kimdir To’polondaryoning bo’yida ko’rgan emish. Quloqlaring kar, shuncha gapirsayam eshitmabsan? Shular rostmi, Qulay jo’ra?

Bilaman, ular seni ko’rmagan, o’zi aslida hech qachon ko’rgan emas ular. O’sha – Suvqaynarda kelgan vaqtingdayoq seni ko’rmagan edi. Shunchaki qop-qora bola, xizmatchi, mardikorni ko’rishgan, xolos.
Daryodayam seni ko’rishgani yo’q. Yana shunchaki, ichib mast bo’lib yiqilib tushgan axmoq deb o’ylashgan-da.

Men bilaman – sen daryoga tumor uchun tushgansan. Ha, qo’zichoqni qutqaraman deb tushgansan. Jamol boboning xotini bilan tushgan suratini olib chiqaman deb daryoga sakragansan. Meni ko’rib odamlar ham tushar, boboning biror bisotini saqlab qolarmiz, deb daryoga o’zingni otgansan, jo’ra. Ular esa – seni ko’rishmadi, ko’risholmadi. Ularning ko’zlari bor edi-ku, meni ko’rib turishgandi-ku, deysanmi? Hex, hex, hex…
Qulay jo’ra, sen meni kechir… Shuning uchun kechirki, o’zim ham bilmayman, lekin sendan kechirim so’rayman, jo’ra… Sendan ijarg’anganim uchun, mensimaganim uchun, baridan yomoni – tumoringni saqlab yurmaganim uchun sen kechir, jo’ra… Garchand o’zimni o’zim kechirmasam-da, sen meni kechirgin, jo’rajon…

Ko’p jo’ra orttirdim, do’stlashdim ko’plar bilan. Lekin hech kim ismini senchalik samimiy aytgani yo’q. Familiyasini, otasining ismini ham qo’shib aytganlar bo’ldi, jo’ra. Sendek toza do’st topmadim, jo’ra…
Suvqaynarga borsam, seni izlayman: hamma narsadan…

Sen kim eding? Odammiding yoki farishta…

Ana eshityapsanmi, “jo’ra” demay, bir og’izgina do’st desam, o’larmanmi, jo’ra…

Yana…

Nimadir, nimalardir yo’l qo’ymasa, tilim xuddi o’sha tundagidek qotib qolsa, nima qilay, Qulay jo’ra…

O’zing ayt, men nima qilay, jo’rajon?!..

SANJAR TURSUNOVNING
“QULAY” HIKOYASINI O’QIB…

08

Isajon
Sulton,yozuvchi:

– Sanjar o’zi tug’ilib o’sgan yurt tabiatini, hodisalarini, kishilar xarakterini teran kuzatadi. Tog’u toshlar bag’ridagi kishilar hayotini qalamga olar ekan, xalqiga qo’lidan kelganicha xizmat qilib ketgan xokisor bola obrazini tasvirlaydi. Musibat, yetimlik, mehrdan judolik qismati pirovardida uni el xizmatkoriga aylantiradi. Haqiqatan ham shunday bo’lishi mumkinmi? Ha, bunga Sanjarning iste’dodi tufayli ishonamiz. Tabiatga, jonzotlarga o’zbekona munis munosabat o’z ichimizda ham borligi uchun o’sha soflik qalbimizga bemalol kirib keladi, Qulay degan bolakayni anchadan beri taniydiganday bo’lamiz. Hikoyaning yana bir jihatini aytib o’tmoqchiman. Qulay “o’zimizning bola” bo’lgani, bizlar bilgan-tanigan odamlar orasida umr kechirgani uchun ham odatiy o’smir kabi taassurot qoldiradi. Ammo tasavvurga erk beraylik-da, voqeani boshqa hudud¬¬ga, boshqa kishilar orasiga, aytaylik, Yevropaga “ko’chirib” ko’raylik. Haqiqatan, g’alati hodisa yuz beradi. O’z muhitida Qulay oddiygina o’ksik bola edi, o’zga kishilar orasida esa deyarli qahramonga, dunyo tobora unutib borayotgan ezgulik farishtasiga aylanadi. Adabiyotshunoslarimiz bu hodisani umummilliy ruhiyat ilmidan kelib chiqib izohlashsa ajabmas. Balki dunyo ilg’or adabiyotida o’tgan asrlarda urf bo’lgan “bilinmagan odam” hodisasi o’zbek adabiyotida “yashay olmagani”ning sabablarini ko’rsatib berishar? Chunki, gap “o’zbek fenomeni” haqida ketmoqda. Xalqimizda “bilinmagan”, ya’ni qalbiga nazar tashlanmagan, shaxsiyati, javhari noma’lum odam yo’q hisob. Hamma hammaning ko’z o’ngida, el kimning qanday yashashi, fe’l-atvori, tutumiyu odatidan yaxshi xabardor. E’tirozga kelsak, voqealar oqimida to’satdan paydo bo’lgan bo’ri epizodi tugallanmagandek, nazarimda. Asar qonuniyatiga ko’ra, hikoya davomida bo’riga duch keldikmi, demak, keyinroq yana uchratishimiz kerak. Sanjar mana shu o’rinda “timsol” unsuri zarurligini sezib, bo’ri voqeasini kiritgan. Ammo mantiqiy davom etmagani uchun oddiy epizodligicha qolavergan, vaholanki, aynan mana shu o’rinda timsolga aylanib ketishi kerak edi. Hayot uni turli ko’rinishlarda odamlarga ro’para qilishi, goh qismatga aylanib Qulayni tortqilashi, goh tahdidga aylanib hikoya qahramoniga yana duch kelishi, ziddiyatni kuchaytirishi, goh yovuzlik, goh xatar, goh hayotning o’zi kabi, kimlarnidir, qaylardadir… o’ljaga aylantirishi kabi, hikoyani quvvatlantiradigan ancha-muncha imkoniyatlar ko’rinib turgani holda, adib uni chetlab o’tib ketgan. Ilk taassurot shunday. Qolganini mutaxassislar aytishar.

Abdulla
Ulug’ov, adabiyotshunos:

– E’tiborni tortadigan ushbu hikoya yosh ijodkorlarga xos ehtiros va hayajon bilan bitilgani seziladi. Sanjar Tursunov ohorli syujet va qahramoniga o’ziga xos nom topa olganidan zavqlanib, qalam tebratgani aniq bilinadi. Jo’shqin ehtiros hissi hikoyaning ilk jumlasidan boshlanib, so’nggi gapgacha avji pasaymasdan davom etadi. Muallif hikoyada yaxlit ohang hosil qilishga intilganidan adabiy til me’yoriga ham amal qilmaydi. Chunki har qanday qolip ehtirosli kechinmalar, jo’shqin his-tuyg’ularga torlik qiladi. Shuning uchun “Qulay”dagi ifoda uslubi an’anaviy asarlarnikiga uncha o’xshamaydi. Unda jumlalar ko’p o’rinda uzundan-uzun cho’zilib, qavat-qavat bo’lib keladi. Fikr ergashgan qo’shma gapning murakkab shakllarida ifodalanadi. Gap ichiga bir nechta mayda gap tiqishtiriladi. Ega, kesim va ikkinchi darajali bo’laklarning joylashuvi ko’pchilik ko’nikkan gap qurilishidan birmuncha farq qiladi. Noan’anaviy qurilgan ayni gaplarda ijodda o’z yo’li, uslubini topishga intilayotgan yosh qalamkashning ichki kechinmalari, his-hayajoni va ehtiroslari jo’sh urib mavjlanadi. Sanjar qahramoniga mehrini to’lib-toshib izhor etish orqali o’quvchida ham Qulayga nisbatan iliq munosabat – achinish hissini uyg’otmoqchi bo’ladi. Ta’kidlash joiz, u bu niyatiga muayyan darajada erishadi.

Yozuvchilikda malakasi oshib, ko’zi ochilib kelayotgan izlanuvchan ijodkorning ushbu hikoyasida talay kemtik jihatlar ham ko’rinadi. Birinchidan, unda ayrim o’rinlarda gap “… paydo bo’ldi u”, “… rahmi kelib”, “… aynitadiganday jahllanib” tarzida tugallanadi. Bu esa uslubmi, izlanishmi, nimaligidan qat’i nazar, g’alati tuyuladi. Ikkinchidan, “er to’lg’oq tutgan xotinday lopillayotgan”, “bir ariq suvni to’lib-toshishiga hissa qo’shdi”, “gapimga ham ravo ko’rmaganman”, “Onam¬ning tobi qochib, kulchaday bo’lib olgan, oh o’laman, deydi to’lg’onib”, “Bog’lar ko’paygani to’g’ri” kabi o’rinlar o’quvchini g’ashlantiradi.

Hikoyadagi o’spirinning birdan-bir boyligi – bo’ynidagi tumori ekani, uni onasi olamdan o’tayotganida vasiyat qilib qoldirgani, otasi ovga ketib qaytmagani ma’lum qilinadi. Umrida qishlog’idan chetga chiqib ko’rmagan onaning o’g’liga vasiyati esa siyosiy rahbar xodimning nutqiga o’xshab ketadi. Hikoyada muallif nutqi bilan qahramon nutqi bir xil bo’lib qolgani aniq seziladi. Ayniqsa, dunyodan ko’z yumayotgan onaning bolasiga: “Agar bu beshafqat dunyoda bitta do’st topsang, shuni taqib qo’y” deyishi juda chuchmal. Onasi bo’yniga taqib yurgan va unga qoldirgan tumorni qaysi o’g’il kimningdir oti, eshagi, qo’zisiyu itining bo’yniga taqadi? Bu onaning ruhiga hurmatsizlik emasmi?..

“Qulay” yana ancha mulohaza bildirishga imkon beradi. Bu Sanjar Tursunovning mashaqqatli yo’lda hech narsadan cho’chimasdan, ikkilanmasdan dadillik bilan izlanayotganini bildiradi.

Abdulla Chimirzaev, yosh yozuvchi:

– Tengdoshlarimizdan Sanjar Tursunov adabiy jamoatchilikka samimiy hikoya¬lari bilan yaxshi tanish. Uning yozganlarini baholi qudrat kuzatib kelaman. Xususan, “Oq ovulning ozodasi”,
“Seni yaxshi ko’raman” hikoyalarida o’smirlar hayotidagi muhabbat kurtaklari rangdor, jonli va xarakterli tarzda o’z ifodasini topgan. Uning “Qulay” hikoyasini o’qiganimda Xudo yuqtirgan iste’dod bilan birga qalami ham vaqt sayin charxlanib borayotganday tuyuldi. “Qulay” didaktik hikoya bo’lsa-da, bir muncha o’ziga xos topildiqlar bilan ko’zga tashlanadi. Qahramonlar xarakteri ishonarli tarzda chizilgan. Muhimi, hikoyani o’qigan o’quvchi begonalar qayg’u-hasratiga ozmi-ko’pmi hamdardlik qilish bilan qalbida tozarish hissini tuyadi. Bu, albatta, tengdoshimning yutug’i.

Biroq dag’alroq bo’lsa-da, bir-ikki mulohazalar ham bor. Yozuvi, shoir bo’ladimi, umuman, ijodkorni taom tayyorlayotgan oshpazga qiyoslash mumkin: oshpaz mahoratli bo’lib, tuzu ziravorlarni joy-joyida qo’llasa, qanday haroratda, qancha vaqt ushlab turishni bilsa, u taom chindan xushta’m va mazali bo’ladi. Agar aksi bo’lsa-chi? Fahmimcha, “Qulay” hikoyasida tashbehlar va izohlar biroz me’yoridan oshgandek. Bu Sanjarning ayni so’z qo’llashi, gap qurishida ko’rinadi. Juz’iy kamchiliklar vaqt o’tishi bilan o’z o’rniga tushib ketadi. Albatta, izlansa, uslubim shu, deb yozayotgan yo’lini ko’rsata olsa. Nazarimda, tengqur ijodkorlarning aksar asarlari tili, obrazlar va etnik tasavvurga ko’ra bir qishloqning odamlariga o’xshaydi. Rostini aytganda, barchamiz bir qobiqqa o’ralib qolgandekmiz.

Eng asosiysi, Sanjarni yaxshi hikoya bilan tabriklasa bo’ladi.

Manba: «Yoshlik» jurnali veb-sahifasi

09

(Tashriflar: umumiy 469, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring