Sanjar Tursunov. Nuqtasiz gap

12   Мен болалигимдан синиқиб улғайдим. Укам менинг аксим: чўрткесар, қайсар, юзинг кўзинг демай гапиради. Айби бўлса менга ўхшаб бўйнини эгиб турмайди, ҳа мени айбим ўзим биламан, деб юзингга тикилиб тураверади.

Санжар ТУРСУНОВ
НУҚТАСИЗ ГАП
003

timthumb.php.jpgСанжар Турсунов 1986 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Давлат саньат ва маданият институтининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида хизмат қилмоқда. «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифасида унинг бир неча ҳикоялари тақдим этилган.

003

Кечагина тоғамнинг шошилинч чақируви сабаб қишлоққа отландим. Умримнинг энг қоронғу томонлари аксланган гўшага етганимда юрагим увишди.

Мен етим эдим…

Йўқолган отини излаб қишнинг чилласида тоққа борган отамни ёввойи тўнғизлар қорнини ёриб ташлаган. Эс-эс биламан одамлар уни тополмай бурдаланган чопонини олиб келишганди. Шунда онам тўннинг парчаларини юзига босиб йиғлаган, сочини юлган, қуймичига шапатилаган, бошини устунга уриб ёриб олгани ҳали ҳамон эсимда. Кейин орадан кўп ўтмай ўзиям ўлиб кетди. Эси кирди-чиқди, пойинтор-сойинтор гапирадиган бўлиб қолган эди. Онаниям йиғлаб-сиқтаб кўмиб келдик. Аввал отани йўқотиб гул етим, сўнг онадан айрилиб шўр – чин етимга айландик. Ўшанда тоғамиз бизни бағрига олди. Янгамизнинг қовоғидан ёққан қорларга термилиб улғайдик. Тоғнинг этагидаги, ўзимизча дунёнинг энг баҳаво жойида яшар эдик. Биз томонларда олти ой қиш, олти ой баҳор бўлар эди. Қиш кунлари, айниқса, болалар тиним билмасдик: хўжаликда йигирмага яқин қорамол бўлиб, шу гўрсўхталарнинг тезагини тозалаш, сув, ем-хашак бериш зиммамда эди. Тоғамнинг мен тенги ўғлиям бор – юрист деймиз, онаси ҳар биримизга шунақа дейишни ўргатган, мободо адашибми, шошибми, исмини айтиб қолсак, ўша кеча пиёланинг учи, лаганнинг гирди учган, энг ёмони овқатга тўймай қолардик. Эсимда, қаҳратоннинг бурун кўкартирар совуғида оғил тозалардим: оёғимга ҳеч қачон бутун (янгиси туш эди) поябзал кийган эмасман. Совуқ аввал оёқдан ўтади, ажалнинг чораси йўқ сингари – совуқдан қочиб қутилолмасдим. Шунда жонимга молларнинг сийдиги оро кирар эди. Оғилимиз бетон қилинган эсада, ҳар жойи ҳар жойи чуқур бўлиб ўша ўша ерда сийдик йиғилар мен оёғимни шу кўлмакчага тиқиб ўтирар эдим. Начора, совуқ жондан ўтгач исниям унутар экан киши. Бурним кўкариб, қўлим қизариб бир амаллаб қишдан қутилардиму баҳор менга мислсиз машаққату уйқусизлик ваъда қилиб остонада пайдо бўларди.

Тоғамизнинг учта оти бор эди. Тўғриси, уларни от деб бўлмасди, лекин тоғам зўр меҳр билан “Тулпорларим – менинг қанотларим”, дея гапиришни яхши кўрарди. Биттаси байтал, иккиси унинг қулини. Тоғанинг иқрорича, иккинчи қулин чироқчилик бир чавандознинг зотдор отидан экан, шундан умидим бор, бир кунмас бир кун мени дунёга машҳур қилади, дерди кўзлари севинчдан порлаб. Болалари ва бизлар оч қолсак қолайлигу лекин оти уч маҳал емишини вақтида, керак бўлса, саркардаларнинг отидай емиш ейишарди. Баҳорни ёмон кўриб қолганимга сабаб ҳам шу йилқилар бўлса керак, қиш ҳарҳолда совуқ бўлсаям кечаси узун уйқудан тўйиб оласан, баҳорда кун йилдай чўзилади. Қуёш Амрилло бобонинг терагидан (энг баланд терак бобоники эди) беш баробар баландда келсаям соат энди олти ярим етти бўлади…

Боғча қўрғонимизнинг тепасида улкан яланглик бор эди. Бу бизларга ота мерос. Тоғам шу ялангликни гирд-атрофини тиканли сим билан ўраб олди-да, бир икки йил зиғир, нохот эктириб юрди. Рўзғор катта, ўзидан беш нонхўр бўлса биз укам иккимиз ҳам текинтомоқ бўлиб ораларига қўшилиб олганмиз… Буёқда йилқилар сал койигандай бўлишганини кимдир қулоғига шипшиганми, ўша йили баҳорнинг биринчи кунидақ: ялангликнинг ҳаммасига арпа экамиз, деб қолди. Экилди. Қўридим. Ўриб қопларга жойланди. Ва яна… бу ҳолат токи мен ўқишга кетгунимча яъни ўн икки йил давом этди…

Мен болалигимдан синиқиб улғайдим. Укам менинг аксим: чўрткесар, қайсар, юзинг кўзинг демай гапиради. Айби бўлса менга ўхшаб бўйнини эгиб турмайди, ҳа мени айбим ўзим биламан, деб юзингга тикилиб тураверади.

Бир сафар янгамиз, ҳовлига офтобда кўрпаларни чиқариб ёйинглар сасиб кетибди деганида, мен хўп деб уйга кираётганимда, укам: нега биз? Сийган юристку, ўзи қилсин, деб мени йўлимни тўсган эди… Ўшанда янга укамни арқон билан дарахтга боғлаб (ўзим боғлаб берганман) кўйлагини кўкрагигача кўтариб газанда деган ўсимлик ўт билан ўлгудай қилиб савалаганди. Укамнинг кўзидан бир томчи ёш чиқмаган, ахир ўн бир ёшли бола бунақа пайтларда дод деб йиғламайдими? Ўлдим, янгажон бошқа қилмайман деса, уям одам, раҳм қилмасмиди? Ҳамма айб укамда, қайсарлиги дастидан доим орқасидан беш панжанинг, калтакнинг, ёки хивчиннинг изини кўрса бўларди. Ахир, янгамиз она ўрнида – онамиз, тоғамиз – ота эмасмиди? Агар шулар бўлмагандида нима қилар эдик: очимиздан ўлиб кетмасмидик. Бошимизни силаган, майли, текинга ким томоқ беради, ишлаймиз-да, керак бўлса, буни укам ҳам билмас эди, у мактабга кетган маҳал мен кирларни ҳаммасини ўзим ювардим. Қиз бола нозик бўлади, мендан олти ёш катта, ойнани яхши кўрувчи янгамизнинг дейишича, қишлоғимиз ягонаси Раъно опамизга ёрдам бўлсин деб хамирниям ўзим қорардим… Қиз бола ёшлигидан оғир ишлар қилса, эгилса, кейинчалик букри бўлиб қолармиш… Мен Раъно опамнинг қоматини эгилиб қолишини сира-сира истамасдим, шунинг учун ҳовлиниям ўзим супирардим.

Ўша кеча укам алаҳсираб чиқди, она дейдими, ота дейдими, юрист жўрамиз бир-икки уён буёнга ағдарилди. Чўчиб укамнинг қошига бордим, оғзини беркитмоқчи бўлгандимки, ака, сандан хафамасман, тўғри қилдинг, агар мани боғлаб бермаганингда сани урар эди, дейди тентак… Кейин… ухлаб қолганман… Бунақанги воқеалар кўп, у ўзи болалигидан безори эди, мана энди мениям шу иш учун китоб байрамидан мосуво қилиб қишлоққа чақириб олишди. Ана, қишлоғимизнинг ҳам энг баланд тоғи кўринди, буёғи ўн беш дақиқалик йўл…

***

– Ё товба, бир палакда икки хил қовун битар экан-да, а – дея гап бошлади тоғам кўришатуриб… – Одамни шарманда қилди-ку бунинг. Биласан, гавдамиздан номимиз баланд, бу зумраша тупроққа қориб ташлади-я…

– Ўзи болалигидан кўзи ёмон тушган эди – деб янгамиз лабларини буриш билан кифояланмай, чойнакни хонтахтага дўқ этиб қўйди. Беихтиёр ўша болаликдаги қўрқув бостириб келди ва оғил томонга қараб олдим.

Чойнакдаги чой совумасдан туриб қўни-қўшни, таниш билиш ва қариндошлар йиғилишди. Гап уқмас, болалигидан тортиб шу кунга довур халоват бермаган етимча, (янгамнинг гапи) ишламасдан тишлайдиган текинтамоқ, катталарни ҳурмат қилмайдиган тарбиясиз бола, кун бўйи дарё бўйида ўтириб хаёл сурадиган телбахаёл укамизнинг севиб қолгани маълум бўлди.

– Бизам севганмиз, ҳа, шунақанги кўп севганмизки… лекин одам деган сал ёшигаям қараш керакда… Бунинг ҳали тирмизак бола, она сутинг ҳали оғзингдан кетмаган-ку десам, мен онамни эммаганман, олти ойлигимда ўлиб кетган дейди, – деб гапини тамомлади авваллари шаҳарларда яшаб эндиликда девормиён қўшнимиз бўлган Нусрат ака.

– Мисқолаб топган обрўйимни ботмонлаб тўкди, – деди тоғам дона-дона қилиб. Унинг жаҳлидан ҳамон қўрқишимни шу ерда яна бир бор тушиниб етдим.

Одамларнинг айтишича, укамиз жуда ҳаддидан ошибди, биров билан гаплашмасмиш, гапирса жим турармиш-да, кейин нега фил сичқондан қўрқади, дея кулар эмишу сўнг бехосдан, бургут нечи йил яшайди деб савол ҳам бераркан, э бор-ей, дея қўл силтаб кетмоқчи бўлса, тўхта, эшитиб кет деб ёқасидан ушлаб гапириб берар эмиш. Эртаги қуйидагича:

Кўп эшитганмиз: бургут ўлимини сезса ўзини қояга урармиш… Бу у учун ягона йўл эмиш. Бўлмаган гап. Жамики яратиқларда – инсондан тортиб қумурсқагача ҳамиша иккита йўл бўлган. Яратиқлар орасида фақат бургутгина инсон умрига яқинроқ ҳаёт кечиришади. Қирқ йилда бир йигит вояга етади деган гап бор. Бургут ҳам айнан шу ёшда КАТТА имтиҳон топширади. Бургут 40 ёшга тўлганида қарийди. Худди 70 ёшли одам сингари куч-қувватдан қолади, кўзи хиралашади, тирноғию тумшуғи ўсиб кетади. Тумшуғи буралиб бўйнига тегиш даражасига келади. Шунда… ягона йўл – ўзини қояга уради, лекин унга иккинчи йўл ҳам бор. Иккинчи йўл: энг баланд чўққига чиқиб 150 кун (беш ой) тумшуғию тирноғини тошга уради. Ураверади. Буни машқ дейдими, қайта туғилиш дейдими, майли, нима деса-да, айнан шу беш ой давомида бургут аслига – куч қувватга қайтади. Унинг ёғи, танасининг қуввати, очлиги 150 кунга етади холос. Сўнг яна осмонни тўлдириб, осмон шоҳи бўлиб учиб юраверади. Биринчи йўлини танлаганлар эса… парча-парча бўлиб кетади. Қизиғи, ҳамма бургут ҳам иккинчи йўлга юраги дов бермас экан. Бунда хулоса йўқ, фақат нимадир бор…

– Бу-ку майли, – деб гап жиловини – кейинчалик билишимча физика ўқитувчиси экан, у ҳам шаҳардан ўша ёққа иш излаб борганмиш. Зўр малим бўлса шу ёқларда келармиди, деди эртаси куни қўшни амаки – қўлига олди, – Сан тенгилар дунё кўраяпти, тил ўрган, мактабимизнинг барча хонасида компютерлар бор десам, сиз кўнгил тилини биласизми, муҳаббат тилини-чи, ҳа сиз физиксиз-а, сизлар фақат бомба яратасизларми ё шунақа маслаҳат берасизларми, деб одамнинг устидан аския қилади, – деб атрофга бир қараб совиб қолган чойдан ҳўплади-да, жойига ўтирди нотиқ.

– Энди буям бир омади гапмас, ўзларинг кўриб юрибсанлар, ҳозир киши нимани истаса, орзу қилса бўлди, узоғи билан бир йилда амалга ошади. Мани ўғлим коллежни битириб ишга кирди, бизнес режа қилиб банкдан киридит олди, дўкон очди, мана, энди кузга етиб машинага тўлов қилмоқчи, омадини берсин, замонамиз шундай имкониятлар яратаётган бир пайтда, сани уканг, нима дейди де: кийим, машина бу – ўзгаради, лекин инсоннинг қалби ўзгармаслиги керак, кимнидир севмаган юрак тишлаб балчиққа ташлаб кетилган олма дейди, ширин олма эмас Қурбон бобонинг эшак олмаси бор-ку, кўриниши чиройли, мазза-матараси йўқ, худди ўшанақа олма дейди. Ҳозирги кунда замондан орқага қолиб бўладими? Отам деҳқон эди, кўз очиб кўрганиям, кўз юмганиям дала-дашт бўлди. Шуни бир гапи бор эди: агар уруғ бир кун кеч ерга сепилса бир ой кечикади. Табиат шунақа ҳисоб китобни яхши кўради. Шундай, бир кун кечиксанг, ғафлатда қолсанг, вақтида малим айтганидай тил, кампитир ўрганмсанг, дунёвий билимларни эгалламасанг бир оймас бутун умр ғафлатда қоласан. Мана, ўзингдан қиёс, Шаҳри азимда ўқидинг, ўшаёқда ишга қолдинг, омадингни берсин, яхшими-ёмонми уйландинг, уй ҳам олдинг-а, яна омадингни берсин, халққа зиё тарқатаяпсан, бу-чи, қани ўзи?..

Шунча гап-сўз, фикр ва мулоҳаза, дашному танбеҳлар кимга айтилаётганини билиш мумкин, лекин укамизнинг айни пайтда қаердалигини биров билмас экан. Қаерда бўлиши мумкин у… Болалик хотиралари хаёлимга бостириб келди.

– Ака нега ҳамма катта бўлай, дейди, улғайгач болаликка қайтсам деб оҳ уришади, нега шунда-я, – деганди укам саратоннинг кунида Ялангликда қушлардан арпани қўриб ётганимизда. Унинг бу беъмани саволига тушинмаган бўлсам-да, ҳарҳолда акалигим, ундан кўра кўп нарсани билишимни эслатиб қўйиш мақсадида жавоб берган эдим:

– Одам катта бўлиши, яқинларига ёрдам бериши керак. Ерга уруғ қадаган одам эрта кўп ҳосил олишни орзу қилади. Мана, тоғам арпа экди, нега? Чунки, ем сотиб олишга ортиқча пули йўқ. Шунинг учун экади. Бизлар шу арпани қўриб, хирмон кўтаришига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Қурбон бобоям боғ қилди-я. Нима учун? Эрта кўп ҳосил олса янада тўқ яшайди. Болаликка қайтишга келсак, бу энди шоирларнинг гапи…

– Лекин бизлар дарахт эмас-ку, кейин бизларни тоғам эккани йўқ…
– Жим… Қара, қуш келди сотилни тақиллат…

Тақ-тақ овози бутун далани босиб кетар, укам арпа майдони атрофидан айланар, қандайдир мунгли қўшиқниям айтар эди.

Бир куни, адашмасам ўшанда қиш эди. Укам сўраб қолди:

– Ака сиз ҳайвонлардан тулкини яхши кўрасиз-а?..
– Нега ундай дейсан… Улар ҳайвон бўлса, ҳайвонниям одам яхши кўрадими?

– Менга эса йўлбарс ёқади – деди гапимни эшитмай.
– Нега?
– Билмайман.

– Билмасданам яхши кўриш… бу қанақа гап…
– Нима учунлигини билсам, ўшанда айтаман…

Укам юзимга бироз тикилиб турди-да, моллар ахлатини курашда давом этди. Мен эса унинг гапини ўша кундан буён унутган эканман, мана, ҳозир негадир эсимга тушди. Қизиқ, ҳозир у қаерда экан-а?.. Эсла, эсла… Қаерда кўпроқ борардинглар… Қизиқ, бизлар бирор жойга – Ялангликни айтмаганда – бирга бормаган эканмиз. У ҳозир қаерларда экан?..

– Тошбой мани ёқамдан олди, биров йўлимни тўсмас эди, бу ёқамга қўл чўзди, янги дўппим ерга тушиб кетди, эгилиб олишга ор қилдим… – дея тоғам мени хаёл дунёсидан ҳовлимиз супасига олиб келтирди. – Хотинлардан авлиё чиқмайди, лекин шу янганг авлиё, айтган эди, кичиги ҳали бошимизни ёриб, бурнимизни қора қонга тўлдиради. Мана, қилди, номимизни қора қилди бу…

– Э, қўшни манга бир кун нима дейди денг: ҳа Ўлжабой ака, нималарни ўлжа қилаяпсиз, уялмийсизми, Шамсия момонинг боғига яшаб олиб битта кўчат экмай, бор дарахтнини кесиб ўтин қилаяпсиз, уяте, уят. Исм ярим тақдир, бир кун сизам кимгадир ўлжа бўлиб кетасиз, қалбингизни қурт кемирган, дейди. Боплаб таъзирини бермоқчийдиму дарахт шохида эдим-да… Бўлмаса-ку…

– Дарахт шохида нима бор экан? – деди кимдир, афтида укамга хайрихох бўлса керак…
– Шу.. Ўзим…

– Чиранманг, яна ўв бир замонлардагидек нок шохидагидек учиб тушманг, сиздан қувват кетган ҳозир, қўйинг қушларнинг ризқини қийманг, – деган йигитни энди танидим, қишлоқ этагида яшайдиган Шодмон кампирнинг набираси экан. Бир икки марта биз билан ялангликка бориб арпа қўриқлаган эди. Ҳа, укам шу билан апоқ-чапоқ гаплашарди.

– Ана, – деди яқинда маҳалла оқсоқоли бўлган, – тоғам телефон қилиб айтганди, – Турғун устунни раис қилдик деб, – ҳамманинг миясини заҳарлаган бу. Атрофида тўрт-бешта болани тўплаб олиб, нималарнидир гапириб юради. Мангу руҳлар, яшил руҳлар, озор ва озурда руҳлар бўлади деб гапираётганини устидан чиқиб қолдим. Э, беиймон бу қанақа гап бўлди, ундан кўра, қара, ҳамма Нуриддинбойнинг боғига беда ўришга – ҳашарга кетди, борсанг бўлмадими десам, Кўксоқол бобо, у ерга озурда руҳлар боради, мени руҳим муҳаббат дардига мубтало бўлган ям-яшил руҳдир, қизиқ сизнинг руҳингиз қанақа экан-а, манимча сарғиш бўлса керак, деб бир тўп ёш-яланг ичида мани шарманда қилди. Урардиму лекин уриш билан тарбия қилиб бўлармиди, буни ҳозироқ қишлоқдан олиб кетиш керак. Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас эрмиш, дейди доноларимиз. Гапга келса қоп-қоп, иш бўлса Боғи тентакдан топ…
Эҳ… Бўлди. Боғи тентак. Ҳа, у ўша ерда кўп кетиб қолар эди. Боғи тентак… Нега эсимга келмади-я… аниқ-тиниқ хотиримда-ку, янгам билан уришиб қолса, ўша ёққа қочиб кетарди. Деярли ҳар оқшом боғдан топиб келардим. Бир марта кеч бўлиб қолди. Борсам, ҳулулнинг тиканигаям парво қилмай остига кириб олибди. Кеч бўлди юр кетамиз, нега тиканлар ичига кириб олдинг, баданингга киради ахир, десам, эх, акабой, бир ҳафтада бу тиканлар кирган жойнинг изиям қолмайди, лекин янганинг ҳар гапи юрагимга тикандай қадалаяпти, мана сизга савол, нега тиш яратилган? Билмайсиз, билмайсиз, чунки ўша гап: билмайсиз. Тоғамгаям қойилмасман, нега янгани вақтида урган экан-а… нега тишини қоқиб олган экан-а… Агар билсангиз тиш – тилни ушлаб туради. Янгани тиши йўқ, олд тиши қоқиб олинган, бир муштга тоб берилмай тутдай тўкилган. Шунинг учун илонни пўст ташлатадиган гаплар сирғалиб худди мордай сирпаниб чиқаверади, акабой… Юринг кетдик, бошқа борадиган жойимиз бўлмагандан кейин нима қиламиз, Худонинг дунёсида бизларда шу уйдан бошқа макон йўқ…

Ўшанда укам 12 ёшда эди…

Йўлда Боғи тентак ҳақида гапириб қолди, кимдан қачон эшитганини билмайман, балки ўзи тўқиб чиқаргандир, бунга ўша пайт ҳам ҳозир ҳам ишонмасман, шундай экан эслаб ўтиришга ҳожат йўқ.

– Ҳозир Боғи тентакдами, – дедим тоғамнинг қорайиб кетган юзига тик қаролмай. Афтидан тоғам юзини терс бурди, янга жавоб берди:

– Қанжиқчаси билан ўша ерда ўтиргандир-да… Бошқа қаердаям бўларди…

– Ким у, – дедиму бу сўров оғзимдан чиққанидан сўнг бошимга ёнғоқ чақилишини тушундим, аммо айтиб бўлинган эди.

– Ана, нима бало булар оилавий меровми, шунча гапни кимга айтдик, ўв шаҳарлик акаси, укангиз Дониёр пайнетни қизини севиб қолган. Тушиндингизми, севиб қолган деяпман. Иккиси ҳар куни ўша боғда гул териб, капалак қувиб юрар эмиш, буям ўша укачангизни гапи… – деб янга устимгача энгашиб келди. Ундан тернинг ёқимсиз ҳида димоғимга урилди… Битта атир олса ўлиб қоладими, деган ўй биринчи бор миямга келди ва янгага шунча йилдан бери қандай тоқат қилганимни, у билан қандай гаплашганимни ва бу ҳид аввалам бор эдими, ёки ёши ўтгач кишидан шунақа ҳид келадими, билмадим, билолмадим. Ёки неча йиллардан бери ухлаб ётган, эҳтимол умуман шаклланмаган туйғуларим уйғониб, ўзини борлигини эслатиб қўймоқчи бўлишдими ё бу шунчаки лаҳзалик ҳолатми… Янга гапини бу жумлалар билан тугатди:

– Етим қўзи боқсайдим, агар у урғочи бўлса, ҳозир қўтоним тўла қўй бўлар эди… Мен етим бола боқдим, яна у эркак, оғзи бурним қон бўлди-ку… Ахир, менинг ҳам уйда бўй етган қизларим бор, девонага ақл бўладими, бир бало қилиб қўйсачи…

Тоғам илкис бир қимирлаб қўйди, чакка томирлари бўртиб чиқди. Тушиндимки, бу ерларда укам учун ҳеч қанақа жой йўқ, уни олиб кетишим керак, ҳа олиб кетиш керак уни. Лекин қандай қилиб ўзим бир хонали уйда турсам, бунинг устига фақат ойлик билан кун кўриб келаётган одамман, эх, эх нима қилиш керак? Укамни ташлаб кетишни имкони йўқ бўлсада, олиб кетишнинг ҳам ёруғ томонларини кўролмаётгандим. Хотиним… У сиғдирмаслиги аниқ, бирор дўстим келса қовоқ тумшуқ қиладию укам борса, тамом. Ота-она йўқ. Суянганимиз битта тоға бўлса униям мана ҳозир кўз ўнгимизда янга вайрон қилди. Етим қўзи, етим… Бу калом бир умр тамғадай пешонамизга ёпиштирилган, бу ёзувни на кетказиб, на йўқотиб бўлади. Эҳтимол маълум муддат, худди чанг остида қолгандай кўринмаслиги мумкин, аммо ғубор артиб ташланса ярқ этиб пайдо бўлаверади бу тамға.

Бахтиқаро болалагим ўтган ҳовлига қарар эканман, негадир ўзимни ниҳоятда ғариб сезардим. Ҳа, мен ғариб эдим. Гарчи шу ҳовлида қишин-ёзин ишласамда, қорним тўймасада, бирор ширин гап эшитмаган эсамда, барибир бу ерда менинг болалигим, кам, ожиз, заиф бўлсада орзуларим бор эди. Бугун нимага эришган бўлсам (ҳархолда республикага машҳур ташкилотда ишлаяпман) шу хонадоннинг ҳиссаси борлигини унутолмайман-ку. Демак, мен бу ерлардан жисман узоқлашсам-да, руҳан мудом талпинавераман…

Боғи тентакка борганимда қуёшнинг нурлари тоғнинг баланд чўққиларида урилаётган, кеч тушаётган эди.

Боғда ҳеч ким йўқ экан. Қушларнинг чийиллашию ва дарёнинг шовуллаб оқаётган овози эшитилиб турарди холос. Қаердандир, кимнингдир қурейт, қурейт деб қўй боқаётгани, ғажирнингми, калхатнингми чур-чури ҳам эшитилиб турарди. Бироз муддат боғни айландим, ўзи ҳозирги ҳолатимда юракка қил сиғмасада, ўтларга, дарахтларга боқиб ва ерга сочилиб ётган меваларни анча вақтгача босиб, бемақсад уёқдан буёққа ўтиб турдим. Кекса тут дарахтининг шохида бир қуш – тумшуғининг сариқлигидан майнага ўхшайди – инидан бошини чиқариб атрофга аланглар ва чийиллаб қўярди. Ҳув наридаги олма дарахтининг остида бир кучуквачча ғингшияпти. Ўша томон юрдим. Тўпиқдан сал баланд келадиган майса устида икки кишининг узоқ вақт ўтиргани билиниб турибди, демак, укам шу ерда, мени кўрган, айтайин беркиниб турибди…

– Қўлга тушдингми, аждар, – деган овоздан қўрқиб илкис ортга ўгирилдим. Бир қиз… Айнан қиз бола, чўпон арғамчисидай илонни бўйнидан буғиб, бояги майна турган дарахтнинг танасига тортиб-тортиб ураяпти. Демак, укам шу қизни севар экан-да… Ҳа, янга айтгандай қанчиқ эмас, бинойидай чиройли экан-ку… Қиз томон яқинлашдим. Воажаб, қиз бениҳоя гўзал эди. Қизғиш лаби, қора кўзлари, узун сочию, сал қизаринқираган юзи ярашиқли турган эди… Қиз мендан заррача бўлсин ҳайиқмай ўрнидан жилмай турар эди. Яқинлашиб салом беришини кутиб турдим, аммо қиздан садо чиқмагач:
– Салом, – дедим.

Қиз ҳамон ўша ҳолатда, лекин кўзлари мени кўзларимга шунақанги қаттиқ қадалгандики, беихтиёр нигоҳимни боя илонни урган дарахтга қададим. Афтидан қиз кўнглимдаги барча гапларни билиб олди, чунки унинг тийрак нигоҳини алдаш уёқда турсин, чап бериб ҳам бўлмас эди. Хўш, нима қилдим, мен акасиман, у энди севаётган бўлса, мен уни туғилганидан бери танийман, демак, укамга ундан кўра менинг ҳаққим кўп. Ҳа, менинг ҳаққим кўпроқ экан.

– Қани у? – дедим қизга тикилиб.

Қиз жавоб бермай ҳамон ўша ҳолатда тикилиб турар эди. Ундан жўяли жавоб олишимга кўзим етмай атрофга аланглаб укамни чақирдим:

– Ботир, ҳой Ботир, қаердасан, сенга айтаяпман, қаердасан Ботир…

Укамдан садо чиқмади. Овозим дарахтларга урилиб, кейин тоғларга акасланди: Боо-тии-иир-р-р. Йўқ укадан ҳеч қандай хабар бўлмади. Нима қилмоқ керак? Ҳали-ҳамон шу савол бошимда айланиб турар эди. Олиб кетайми ёки ўз ҳаётини ўз истаганча қураверсинми? Ҳозир ёз, кун ва тун бир-биридан иссиқ, боғдами, тоғдами ётаверади, куз, қиш келса-чи, унда нима қилади? Бу қиз-чи… Бунинг отаси бор эди-ку, нега қизига индамаяпти, нега бир оғиз гапирмайди, қўл-оёғидан боғлаб омборда қамаб қўймайди… Тўхта… Маҳалла оқсоқоли нима деган эди: ҳа, ҳа, демак, қизни уйдагилар оқ қилган, ҳайдаб юборган, шунга… Эх, ука, нималар қилиб қўйдинг-а, ахир отаси қарғаган қиз билан оила қуриб бўладими? Бунақа қизлар бахтсизлик олиб келади. Ҳаётни ўйин билаяпсанми, ука. Агар билсанг, ҳаёт бешафқат, даҳшатли ҳаёт. Шу талотўпда тўрт мучанг соғ, бировдан тўрт сўм қарз бўлмай, бошинг омон юрганини ўзи қанча катта бахт эканлигини қачон биласан-а, ука. Улғайсанг-чи, улғаяқол ука… Мен сени деб ишни ташлаб келдим, ҳозир уёқларда мени тоза сўкишаётган бўлса керак, ахир катта байрамни ташлаб келдим. Китоб байрамини ташлаб келдим-а…

Рости энди ғазабим қўзиётганди. Негадир қизга янгамни таърифи кўпроқ мос келаётганди. Ҳа, укамни шу бошини айлантириб олган. Мен биламан, ўзимдан қиёс: шу ёшгача бунақа беъманигарчилик қилган эмасман, севгига яқин ҳам йўламаганман, бошидан охиригача азобни кимга кераги бор, ўзи ҳаёт, яшаш изтиробдан иборат бўлиб турган бир пайтда… Қизга бақирдим:

– Наҳотки, тоғлар орасида яшаб шунчалик енгилтак бўласанми? Укамни нима қилдинг, қани у, топ…

Воажаб!!! Нима бало, карми бу? Ё ўзини меровликка олаяптими?

– Нима, гунг, ё кармисан? Сендан сўраяпман, жавоб бер… Жавоб бермайсанми, гапирмайсанми, унда эшитиб ол, эшит: укамга, севгилингга айт, мен уни кўришни истамайман, истамайман, ўлиб кетсин, йўқ бўлиб кетсин!!! Эй, она, ўлар экансан, нега туғдинг бизларни, нега мени шу ярамас итбаччага ака қилдинг, нега?!

Жаҳд билан ортга ўгирилиб кета бошладим. Оёғим остида топталиб қолаётган ўт-ўланлар ҳам ғашимни келтирар эди. Боғдан чиқаётганимда, қизнинг тўхтанг, деган овозини эшитдим. У ҳаллослаб югуриб келди ва йўлимни тўсди:

– Тўхтанг… Мен… Мен… Биз сизни кутаётгандик, укангиз: акам келади, мана кўрасан, бизга бутун дунё қарши турсаям, акам мени ҳимоя қилади, ахир у зиёли, шаҳар кўрган, одам танийди, бизни қаноти остига олади, ишон менга, шундай бўлади, дегани учун ҳам сизни – одамни – акани кутаётган эдик.

Шодмон кампиринг набираси айтганида укангиз ишонмади, йўқ, деди, акам унақа эмас, мени – бизни ҳимоя қилади, деди. Лекин сиз шалвираб боққа кириб келганингизда, укангиз сиз яхши кўрадиган ўрикни ёнғоқ дарахти остига тўкиб қўйганди, акам келади, аввал ўрикни ҳаммасини ейди, тўймайди, айтишича сиз жуда кўп ўрик ер экансиз, кейин дарахтни силкитаман деб тепага қарайди, қараса ёнғоқ… Кейин қаҳ-қаҳа отиб кулади, сўнг мен чиқиб акамни қучоғига отиламан деганди. Сиз… Ўрикларни топтаб, босиб, дарахт шохига бир мартаям қарамадингиз… Шунда укангиз, эх акам ўлиб кетган экан-да, деб сизга кўриниш бермади, лекин мен сизга гапириб олишим керак. Мени отам оқ қилмаган!!! Отам мени сиздан ҳаммадан кўра кўпроқ тушинади. Қизим, шу етимни пайтавасини ювиб, хизматини қил, мен бутун дунёнинг миннатини кўтаришга розиман деди.

Мен айтганингиздай тоғ орасидан ташқарига чиқмаганман. Дунёни тоғ, дарё, қушлар, китоблар ва укангиз деб тасаввур қиламан. Ўша қорасоқол, кўксоқол амакиларингиз айтгандай давр ўзгаргандир, тил билиш, кампютер ўрганиш урф бўлгандир, бунга қаршилигим йўқ, майли сиз айтаётгандай тараққиёт ҳам бўлсин, лекин ўша ривожланиш аввало кўнгилда бўй кўрсатади, рўй беради. Кўнгил – барча кашфиётларнинг онаси. Ҳайрон қолаётгандирсиз, қиз бу гапларни қаёқдан олди деб, гар билсангиз укангиз иккимиз ҳозир дунёни бошқаряпмиз… Ҳай шундай қилаяпмиз.

Укангизни айтишича, болалигингизда сиз тулки ниқобини яхши кўрган экансиз. Ҳозир бошқа бўлса керак деди, мана болаликдаги қизиқиш ҳамон сизни тарк этмаган экан. Опамнинг учта ўғли бор. Бири фақат тулки ниқобини яхши кўради, иккинчисига фарқи йўқ: айиқми, қуёнми, аммо учинчиси эса укангиз сингари йўлбарсни ёқтиради. Сизда бошқа гапим йўқ.

Қиз йўлимдан қочди. Марҳамат шу йўл сизники дегандай бироз эгилди ва боғ томон одимларкан:

– Ҳа укангиз бир гапни омонат деган эди, эшитиб кетинг: йўлбарслар ўз жуфтини ҳеч қачон ташлаб кетмас эканлар.

Қиз лип этиб боғ ичкарисига кириб кетди.

Мен эса…
…етим эдим…

08   Men bolaligimdan siniqib ulg‘aydim. Ukam mening aksim: cho‘rtkesar, qaysar, yuzing ko‘zing demay gapiradi. Aybi bo‘lsa menga o‘xshab bo‘ynini egib turmaydi, ha meni aybim o‘zim bilaman, deb yuzingga tikilib turaveradi.

Sanjar TURSUNOV
NUQTASIZ GAP
003

Sanjar Tursunov 1986 yilda Surxondaryo viloyatining Sariosiyo tumani Sangardak qishlog‘ida tug‘ilgan. O‘zbekiston Davlat sanat va madaniyat institutining jurnalistika bo‘limini bitirgan. Ayni paytda “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida xizmat qilmoqda. “Xurshid Davron kutubxonasi” sahifasida uning bir necha hikoyalari taqdim etilgan.

003

02Kechagina tog‘amning shoshilinch chaqiruvi sabab qishloqqa otlandim. Umrimning eng qorong‘u tomonlari akslangan go‘shaga yetganimda yuragim uvishdi.

Men yetim edim…

Yo‘qolgan otini izlab qishning chillasida toqqa borgan otamni yovvoyi to‘ng‘izlar qornini yorib tashlagan. Es-es bilaman odamlar uni topolmay burdalangan choponini olib kelishgandi. Shunda onam to‘nning parchalarini yuziga bosib yig‘lagan, sochini yulgan, quymichiga shapatilagan, boshini ustunga urib yorib olgani hali hamon esimda. Keyin oradan ko‘p o‘tmay o‘ziyam o‘lib ketdi. Esi kirdi-chiqdi, poyintor-soyintor gapiradigan bo‘lib qolgan edi. Onaniyam yig‘lab-siqtab ko‘mib keldik. Avval otani yo‘qotib gul yetim, so‘ng onadan ayrilib sho‘r – chin yetimga aylandik. O‘shanda tog‘amiz bizni bag‘riga oldi. Yangamizning qovog‘idan yoqqan qorlarga termilib ulg‘aydik. Tog‘ning etagidagi, o‘zimizcha dunyoning eng bahavo joyida yashar edik. Biz tomonlarda olti oy qish, olti oy bahor bo‘lar edi. Qish kunlari, ayniqsa, bolalar tinim bilmasdik: xo‘jalikda yigirmaga yaqin qoramol bo‘lib, shu go‘rso‘xtalarning tezagini tozalash, suv, yem-xashak berish zimmamda edi. Tog‘amning men tengi o‘g‘liyam bor – yurist deymiz, onasi har birimizga shunaqa deyishni o‘rgatgan, mobodo adashibmi, shoshibmi, ismini aytib qolsak, o‘sha kecha piyolaning uchi, laganning girdi uchgan, eng yomoni ovqatga to‘ymay qolardik. Esimda, qahratonning burun ko‘kartirar sovug‘ida og‘il tozalardim: oyog‘imga hech qachon butun (yangisi tush edi) poyabzal kiygan emasman. Sovuq avval oyoqdan o‘tadi, ajalning chorasi yo‘q singari – sovuqdan qochib qutilolmasdim. Shunda jonimga mollarning siydigi oro kirar edi. Og‘ilimiz beton qilingan esada, har joyi har joyi chuqur bo‘lib o‘sha o‘sha yerda siydik yig‘ilar men oyog‘imni shu ko‘lmakchaga tiqib o‘tirar edim. Nachora, sovuq jondan o‘tgach isniyam unutar ekan kishi. Burnim ko‘karib, qo‘lim qizarib bir amallab qishdan qutilardimu bahor menga mislsiz mashaqqatu uyqusizlik va’da qilib ostonada paydo bo‘lardi.

Tog‘amizning uchta oti bor edi. To‘g‘risi, ularni ot deb bo‘lmasdi, lekin tog‘am zo‘r mehr bilan “Tulporlarim – mening qanotlarim”, deya gapirishni yaxshi ko‘rardi. Bittasi baytal, ikkisi uning qulini. Tog‘aning iqroricha, ikkinchi qulin chiroqchilik bir chavandozning zotdor otidan ekan, shundan umidim bor, bir kunmas bir kun meni dunyoga mashhur qiladi, derdi ko‘zlari sevinchdan porlab. Bolalari va bizlar och qolsak qolayligu lekin oti uch mahal yemishini vaqtida, kerak bo‘lsa, sarkardalarning otiday yemish yeyishardi. Bahorni yomon ko‘rib qolganimga sabab ham shu yilqilar bo‘lsa kerak, qish harholda sovuq bo‘lsayam kechasi uzun uyqudan to‘yib olasan, bahorda kun yilday cho‘ziladi. Quyosh Amrillo boboning teragidan (eng baland terak boboniki edi) besh barobar balandda kelsayam soat endi olti yarim yetti bo‘ladi…

Bog‘cha qo‘rg‘onimizning tepasida ulkan yalanglik bor edi. Bu bizlarga ota meros. Tog‘am shu yalanglikni gird-atrofini tikanli sim bilan o‘rab oldi-da, bir ikki yil zig‘ir, noxot ektirib yurdi. Ro‘zg‘or katta, o‘zidan besh nonxo‘r bo‘lsa biz ukam ikkimiz ham tekintomoq bo‘lib oralariga qo‘shilib olganmiz… Buyoqda yilqilar sal koyiganday bo‘lishganini kimdir qulog‘iga shipshiganmi, o‘sha yili bahorning birinchi kunidaq: yalanglikning hammasiga arpa ekamiz, deb qoldi. Ekildi. Qo‘ridim. O‘rib qoplarga joylandi. Va yana… bu holat toki men o‘qishga ketgunimcha ya’ni o‘n ikki yil davom etdi…

Men bolaligimdan siniqib ulg‘aydim. Ukam mening aksim: cho‘rtkesar, qaysar, yuzing ko‘zing demay gapiradi. Aybi bo‘lsa menga o‘xshab bo‘ynini egib turmaydi, ha meni aybim o‘zim bilaman, deb yuzingga tikilib turaveradi.

Bir safar yangamiz, hovliga oftobda ko‘rpalarni chiqarib yoyinglar sasib ketibdi deganida, men xo‘p deb uyga kirayotganimda, ukam: nega biz? Siygan yuristku, o‘zi qilsin, deb meni yo‘limni to‘sgan edi… O‘shanda yanga ukamni arqon bilan daraxtga bog‘lab (o‘zim bog‘lab berganman) ko‘ylagini ko‘kragigacha ko‘tarib gazanda degan o‘simlik o‘t bilan o‘lguday qilib savalagandi. Ukamning ko‘zidan bir tomchi yosh chiqmagan, axir o‘n bir yoshli bola bunaqa paytlarda dod deb yig‘lamaydimi? O‘ldim, yangajon boshqa qilmayman desa, uyam odam, rahm qilmasmidi? Hamma ayb ukamda, qaysarligi dastidan doim orqasidan besh panjaning, kaltakning, yoki xivchinning izini ko‘rsa bo‘lardi. Axir, yangamiz ona o‘rnida – onamiz, tog‘amiz – ota emasmidi? Agar shular bo‘lmagandida nima qilar edik: ochimizdan o‘lib ketmasmidik. Boshimizni silagan, mayli, tekinga kim tomoq beradi, ishlaymiz-da, kerak bo‘lsa, buni ukam ham bilmas edi, u maktabga ketgan mahal men kirlarni hammasini o‘zim yuvardim. Qiz bola nozik bo‘ladi, mendan olti yosh katta, oynani yaxshi ko‘ruvchi yangamizning deyishicha, qishlog‘imiz yagonasi Ra’no opamizga yordam bo‘lsin deb xamirniyam o‘zim qorardim… Qiz bola yoshligidan og‘ir ishlar qilsa, egilsa, keyinchalik bukri bo‘lib qolarmish… Men Ra’no opamning qomatini egilib qolishini sira-sira istamasdim, shuning uchun hovliniyam o‘zim supirardim.

O‘sha kecha ukam alahsirab chiqdi, ona deydimi, ota deydimi, yurist jo‘ramiz bir-ikki uyon buyonga ag‘darildi. Cho‘chib ukamning qoshiga bordim, og‘zini berkitmoqchi bo‘lgandimki, aka, sandan xafamasman, to‘g‘ri qilding, agar mani bog‘lab bermaganingda sani urar edi, deydi tentak… Keyin… uxlab qolganman… Bunaqangi voqealar ko‘p, u o‘zi bolaligidan bezori edi, mana endi meniyam shu ish uchun kitob bayramidan mosuvo qilib qishloqqa chaqirib olishdi. Ana, qishlog‘imizning ham eng baland tog‘i ko‘rindi, buyog‘i o‘n besh daqiqalik yo‘l…

***

– Yo tovba, bir palakda ikki xil qovun bitar ekan-da, a – deya gap boshladi tog‘am ko‘rishaturib… – Odamni sharmanda qildi-ku buning. Bilasan, gavdamizdan nomimiz baland, bu zumrasha tuproqqa qorib tashladi-ya…

– O‘zi bolaligidan ko‘zi yomon tushgan edi – deb yangamiz lablarini burish bilan kifoyalanmay, choynakni xontaxtaga do‘q etib qo‘ydi. Beixtiyor o‘sha bolalikdagi qo‘rquv bostirib keldi va og‘il tomonga qarab oldim.

Choynakdagi choy sovumasdan turib qo‘ni-qo‘shni, tanish bilish va qarindoshlar yig‘ilishdi. Gap uqmas, bolaligidan tortib shu kunga dovur xalovat bermagan yetimcha, (yangamning gapi) ishlamasdan tishlaydigan tekintamoq, kattalarni hurmat qilmaydigan tarbiyasiz bola, kun bo‘yi daryo bo‘yida o‘tirib xayol suradigan telbaxayol ukamizning sevib qolgani ma’lum bo‘ldi.

– Bizam sevganmiz, ha, shunaqangi ko‘p sevganmizki… lekin odam degan sal yoshigayam qarash kerakda… Buning hali tirmizak bola, ona suting hali og‘zingdan ketmagan-ku desam, men onamni emmaganman, olti oyligimda o‘lib ketgan deydi, – deb gapini tamomladi avvallari shaharlarda yashab endilikda devormiyon qo‘shnimiz bo‘lgan Nusrat aka.

– Misqolab topgan obro‘yimni botmonlab to‘kdi, – dedi tog‘am dona-dona qilib. Uning jahlidan hamon qo‘rqishimni shu yerda yana bir bor tushinib yetdim.

Odamlarning aytishicha, ukamiz juda haddidan oshibdi, birov bilan gaplashmasmish, gapirsa jim turarmish-da, keyin nega fil sichqondan qo‘rqadi, deya kular emishu so‘ng bexosdan, burgut nechi yil yashaydi deb savol ham berarkan, e bor-yey, deya qo‘l siltab ketmoqchi bo‘lsa, to‘xta, eshitib ket deb yoqasidan ushlab gapirib berar emish. Ertagi quyidagicha:

Ko‘p eshitganmiz: burgut o‘limini sezsa o‘zini qoyaga urarmish… Bu u uchun yagona yo‘l emish. Bo‘lmagan gap. Jamiki yaratiqlarda – insondan tortib qumursqagacha hamisha ikkita yo‘l bo‘lgan. Yaratiqlar orasida faqat burgutgina inson umriga yaqinroq hayot kechirishadi. Qirq yilda bir yigit voyaga yetadi degan gap bor. Burgut ham aynan shu yoshda KATTA imtihon topshiradi. Burgut 40 yoshga to‘lganida qariydi. Xuddi 70 yoshli odam singari kuch-quvvatdan qoladi, ko‘zi xiralashadi, tirnog‘iyu tumshug‘i o‘sib ketadi. Tumshug‘i buralib bo‘yniga tegish darajasiga keladi. Shunda… yagona yo‘l – o‘zini qoyaga uradi, lekin unga ikkinchi yo‘l ham bor. Ikkinchi yo‘l: eng baland cho‘qqiga chiqib 150 kun (besh oy) tumshug‘iyu tirnog‘ini toshga uradi. Uraveradi. Buni mashq deydimi, qayta tug‘ilish deydimi, mayli, nima desa-da, aynan shu besh oy davomida burgut asliga – kuch quvvatga qaytadi. Uning yog‘i, tanasining quvvati, ochligi 150 kunga yetadi xolos. So‘ng yana osmonni to‘ldirib, osmon shohi bo‘lib uchib yuraveradi. Birinchi yo‘lini tanlaganlar esa… parcha-parcha bo‘lib ketadi. Qizig‘i, hamma burgut ham ikkinchi yo‘lga yuragi dov bermas ekan. Bunda xulosa yo‘q, faqat nimadir bor…

– Bu-ku mayli, – deb gap jilovini – keyinchalik bilishimcha fizika o‘qituvchisi ekan, u ham shahardan o‘sha yoqqa ish izlab borganmish. Zo‘r malim bo‘lsa shu yoqlarda kelarmidi, dedi ertasi kuni qo‘shni amaki – qo‘liga oldi, – San tengilar dunyo ko‘rayapti, til o‘rgan, maktabimizning barcha xonasida kompyuterlar bor desam, siz ko‘ngil tilini bilasizmi, muhabbat tilini-chi, ha siz fiziksiz-a, sizlar faqat bomba yaratasizlarmi yo shunaqa maslahat berasizlarmi, deb odamning ustidan askiya qiladi, – deb atrofga bir qarab sovib qolgan choydan ho‘pladi-da, joyiga o‘tirdi notiq.

– Endi buyam bir omadi gapmas, o‘zlaring ko‘rib yuribsanlar, hozir kishi nimani istasa, orzu qilsa bo‘ldi, uzog‘i bilan bir yilda amalga oshadi. Mani o‘g‘lim kollejni bitirib ishga kirdi, biznes reja qilib bankdan kiridit oldi, do‘kon ochdi, mana, endi kuzga yetib mashinaga to‘lov qilmoqchi, omadini bersin, zamonamiz shunday imkoniyatlar yaratayotgan bir paytda, sani ukang, nima deydi de: kiyim, mashina bu – o‘zgaradi, lekin insonning qalbi o‘zgarmasligi kerak, kimnidir sevmagan yurak tishlab balchiqqa tashlab ketilgan olma deydi, shirin olma emas Qurbon boboning eshak olmasi bor-ku, ko‘rinishi chiroyli, mazza-matarasi yo‘q, xuddi o‘shanaqa olma deydi. Hozirgi kunda zamondan orqaga qolib bo‘ladimi? Otam dehqon edi, ko‘z ochib ko‘rganiyam, ko‘z yumganiyam dala-dasht bo‘ldi. Shuni bir gapi bor edi: agar urug‘ bir kun kech yerga sepilsa bir oy kechikadi. Tabiat shunaqa hisob kitobni yaxshi ko‘radi. Shunday, bir kun kechiksang, g‘aflatda qolsang, vaqtida malim aytganiday til, kampitir o‘rganmsang, dunyoviy bilimlarni egallamasang bir oymas butun umr g‘aflatda qolasan. Mana, o‘zingdan qiyos, Shahri azimda o‘qiding, o‘shayoqda ishga qolding, omadingni bersin, yaxshimi-yomonmi uylanding, uy ham olding-a, yana omadingni bersin, xalqqa ziyo tarqatayapsan, bu-chi, qani o‘zi?..

Shuncha gap-so‘z, fikr va mulohaza, dashnomu tanbehlar kimga aytilayotganini bilish mumkin, lekin ukamizning ayni paytda qayerdaligini birov bilmas ekan. Qayerda bo‘lishi mumkin u… Bolalik xotiralari xayolimga bostirib keldi.

– Aka nega hamma katta bo‘lay, deydi, ulg‘aygach bolalikka qaytsam deb oh urishadi, nega shunda-ya, – degandi ukam saratonning kunida Yalanglikda qushlardan arpani qo‘rib yotganimizda. Uning bu be’mani savoliga tushinmagan bo‘lsam-da, harholda akaligim, undan ko‘ra ko‘p narsani bilishimni eslatib qo‘yish maqsadida javob bergan edim:

– Odam katta bo‘lishi, yaqinlariga yordam berishi kerak. Yerga urug‘ qadagan odam erta ko‘p hosil olishni orzu qiladi. Mana, tog‘am arpa ekdi, nega? Chunki, yem sotib olishga ortiqcha puli yo‘q. Shuning uchun ekadi. Bizlar shu arpani qo‘rib, xirmon ko‘tarishiga o‘z hissamizni qo‘shishimiz kerak. Qurbon boboyam bog‘ qildi-ya. Nima uchun? Erta ko‘p hosil olsa yanada to‘q yashaydi. Bolalikka qaytishga kelsak, bu endi shoirlarning gapi…

– Lekin bizlar daraxt emas-ku, keyin bizlarni tog‘am ekkani yo‘q…
– Jim… Qara, qush keldi sotilni taqillat…

Taq-taq ovozi butun dalani bosib ketar, ukam arpa maydoni atrofidan aylanar, qandaydir mungli qo‘shiqniyam aytar edi.

Bir kuni, adashmasam o‘shanda qish edi. Ukam so‘rab qoldi:

– Aka siz hayvonlardan tulkini yaxshi ko‘rasiz-a?..
– Nega unday deysan… Ular hayvon bo‘lsa, hayvonniyam odam yaxshi ko‘radimi?

– Menga esa yo‘lbars yoqadi – dedi gapimni eshitmay.
– Nega?
– Bilmayman.

– Bilmasdanam yaxshi ko‘rish… bu qanaqa gap…
– Nima uchunligini bilsam, o‘shanda aytaman…

Ukam yuzimga biroz tikilib turdi-da, mollar axlatini kurashda davom etdi. Men esa uning gapini o‘sha kundan buyon unutgan ekanman, mana, hozir negadir esimga tushdi. Qiziq, hozir u qayerda ekan-a?.. Esla, esla… Qayerda ko‘proq borardinglar… Qiziq, bizlar biror joyga – Yalanglikni aytmaganda – birga bormagan ekanmiz. U hozir qayerlarda ekan?..

– Toshboy mani yoqamdan oldi, birov yo‘limni to‘smas edi, bu yoqamga qo‘l cho‘zdi, yangi do‘ppim yerga tushib ketdi, egilib olishga or qildim… – deya tog‘am meni xayol dunyosidan hovlimiz supasiga olib keltirdi. – Xotinlardan avliyo chiqmaydi, lekin shu yangang avliyo, aytgan edi, kichigi hali boshimizni yorib, burnimizni qora qonga to‘ldiradi. Mana, qildi, nomimizni qora qildi bu…

– E, qo‘shni manga bir kun nima deydi deng: ha O‘ljaboy aka, nimalarni o‘lja qilayapsiz, uyalmiysizmi, Shamsiya momoning bog‘iga yashab olib bitta ko‘chat ekmay, bor daraxtnini kesib o‘tin qilayapsiz, uyate, uyat. Ism yarim taqdir, bir kun sizam kimgadir o‘lja bo‘lib ketasiz, qalbingizni qurt kemirgan, deydi. Boplab ta’zirini bermoqchiydimu daraxt shoxida edim-da… Bo‘lmasa-ku…

– Daraxt shoxida nima bor ekan? – dedi kimdir, aftida ukamga xayrixox bo‘lsa kerak…
– Shu.. O‘zim…

– Chiranmang, yana o‘v bir zamonlardagidek nok shoxidagidek uchib tushmang, sizdan quvvat ketgan hozir, qo‘ying qushlarning rizqini qiymang, – degan yigitni endi tanidim, qishloq etagida yashaydigan Shodmon kampirning nabirasi ekan. Bir ikki marta biz bilan yalanglikka borib arpa qo‘riqlagan edi. Ha, ukam shu bilan apoq-chapoq gaplashardi.

– Ana, – dedi yaqinda mahalla oqsoqoli bo‘lgan, – tog‘am telefon qilib aytgandi, – Turg‘un ustunni rais qildik deb, – hammaning miyasini zaharlagan bu. Atrofida to‘rt-beshta bolani to‘plab olib, nimalarnidir gapirib yuradi. Mangu ruhlar, yashil ruhlar, ozor va ozurda ruhlar bo‘ladi deb gapirayotganini ustidan chiqib qoldim. E, beiymon bu qanaqa gap bo‘ldi, undan ko‘ra, qara, hamma Nuriddinboyning bog‘iga beda o‘rishga – hasharga ketdi, borsang bo‘lmadimi desam, Ko‘ksoqol bobo, u yerga ozurda ruhlar boradi, meni ruhim muhabbat dardiga mubtalo bo‘lgan yam-yashil ruhdir, qiziq sizning ruhingiz qanaqa ekan-a, manimcha sarg‘ish bo‘lsa kerak, deb bir to‘p yosh-yalang ichida mani sharmanda qildi. Urardimu lekin urish bilan tarbiya qilib bo‘larmidi, buni hoziroq qishloqdan olib ketish kerak. Musofir bo‘lmaguncha musulmon bo‘lmas ermish, deydi donolarimiz. Gapga kelsa qop-qop, ish bo‘lsa Bog‘i tentakdan top…
Eh… Bo‘ldi. Bog‘i tentak. Ha, u o‘sha yerda ko‘p ketib qolar edi. Bog‘i tentak… Nega esimga kelmadi-ya… aniq-tiniq xotirimda-ku, yangam bilan urishib qolsa, o‘sha yoqqa qochib ketardi. Deyarli har oqshom bog‘dan topib kelardim. Bir marta kech bo‘lib qoldi. Borsam, hululning tikanigayam parvo qilmay ostiga kirib olibdi. Kech bo‘ldi yur ketamiz, nega tikanlar ichiga kirib olding, badaningga kiradi axir, desam, ex, akaboy, bir haftada bu tikanlar kirgan joyning iziyam qolmaydi, lekin yanganing har gapi yuragimga tikanday qadalayapti, mana sizga savol, nega tish yaratilgan? Bilmaysiz, bilmaysiz, chunki o‘sha gap: bilmaysiz. Tog‘amgayam qoyilmasman, nega yangani vaqtida urgan ekan-a… nega tishini qoqib olgan ekan-a… Agar bilsangiz tish – tilni ushlab turadi. Yangani tishi yo‘q, old tishi qoqib olingan, bir mushtga tob berilmay tutday to‘kilgan. Shuning uchun ilonni po‘st tashlatadigan gaplar sirg‘alib xuddi morday sirpanib chiqaveradi, akaboy… Yuring ketdik, boshqa boradigan joyimiz bo‘lmagandan keyin nima qilamiz, Xudoning dunyosida bizlarda shu uydan boshqa makon yo‘q…

O‘shanda ukam 12 yoshda edi…

Yo‘lda Bog‘i tentak haqida gapirib qoldi, kimdan qachon eshitganini bilmayman, balki o‘zi to‘qib chiqargandir, bunga o‘sha payt ham hozir ham ishonmasman, shunday ekan eslab o‘tirishga hojat yo‘q.

– Hozir Bog‘i tentakdami, – dedim tog‘amning qorayib ketgan yuziga tik qarolmay. Aftidan tog‘am yuzini ters burdi, yanga javob berdi:

– Qanjiqchasi bilan o‘sha yerda o‘tirgandir-da… Boshqa qayerdayam bo‘lardi…

– Kim u, – dedimu bu so‘rov og‘zimdan chiqqanidan so‘ng boshimga yong‘oq chaqilishini tushundim, ammo aytib bo‘lingan edi.

– Ana, nima balo bular oilaviy merovmi, shuncha gapni kimga aytdik, o‘v shaharlik akasi, ukangiz Doniyor paynetni qizini sevib qolgan. Tushindingizmi, sevib qolgan deyapman. Ikkisi har kuni o‘sha bog‘da gul terib, kapalak quvib yurar emish, buyam o‘sha ukachangizni gapi… – deb yanga ustimgacha engashib keldi. Undan terning yoqimsiz hida dimog‘imga urildi… Bitta atir olsa o‘lib qoladimi, degan o‘y birinchi bor miyamga keldi va yangaga shuncha yildan beri qanday toqat qilganimni, u bilan qanday gaplashganimni va bu hid avvalam bor edimi, yoki yoshi o‘tgach kishidan shunaqa hid keladimi, bilmadim, bilolmadim. Yoki necha yillardan beri uxlab yotgan, ehtimol umuman shakllanmagan tuyg‘ularim uyg‘onib, o‘zini borligini eslatib qo‘ymoqchi bo‘lishdimi yo bu shunchaki lahzalik holatmi… Yanga gapini bu jumlalar bilan tugatdi:

– Yetim qo‘zi boqsaydim, agar u urg‘ochi bo‘lsa, hozir qo‘tonim to‘la qo‘y bo‘lar edi… Men yetim bola boqdim, yana u erkak, og‘zi burnim qon bo‘ldi-ku… Axir, mening ham uyda bo‘y yetgan qizlarim bor, devonaga aql bo‘ladimi, bir balo qilib qo‘ysachi…

Tog‘am ilkis bir qimirlab qo‘ydi, chakka tomirlari bo‘rtib chiqdi. Tushindimki, bu yerlarda ukam uchun hech qanaqa joy yo‘q, uni olib ketishim kerak, ha olib ketish kerak uni. Lekin qanday qilib o‘zim bir xonali uyda tursam, buning ustiga faqat oylik bilan kun ko‘rib kelayotgan odamman, ex, ex nima qilish kerak? Ukamni tashlab ketishni imkoni yo‘q bo‘lsada, olib ketishning ham yorug‘ tomonlarini ko‘rolmayotgandim. Xotinim… U sig‘dirmasligi aniq, biror do‘stim kelsa qovoq tumshuq qiladiyu ukam borsa, tamom. Ota-ona yo‘q. Suyanganimiz bitta tog‘a bo‘lsa uniyam mana hozir ko‘z o‘ngimizda yanga vayron qildi. Yetim qo‘zi, yetim… Bu kalom bir umr tamg‘aday peshonamizga yopishtirilgan, bu yozuvni na ketkazib, na yo‘qotib bo‘ladi. Ehtimol ma’lum muddat, xuddi chang ostida qolganday ko‘rinmasligi mumkin, ammo g‘ubor artib tashlansa yarq etib paydo bo‘laveradi bu tamg‘a.

Baxtiqaro bolalagim o‘tgan hovliga qarar ekanman, negadir o‘zimni nihoyatda g‘arib sezardim. Ha, men g‘arib edim. Garchi shu hovlida qishin-yozin ishlasamda, qornim to‘ymasada, biror shirin gap eshitmagan esamda, baribir bu yerda mening bolaligim, kam, ojiz, zaif bo‘lsada orzularim bor edi. Bugun nimaga erishgan bo‘lsam (harxolda respublikaga mashhur tashkilotda ishlayapman) shu xonadonning hissasi borligini unutolmayman-ku. Demak, men bu yerlardan jisman uzoqlashsam-da, ruhan mudom talpinaveraman…

Bog‘i tentakka borganimda quyoshning nurlari tog‘ning baland cho‘qqilarida urilayotgan, kech tushayotgan edi.

Bog‘da hech kim yo‘q ekan. Qushlarning chiyillashiyu va daryoning shovullab oqayotgan ovozi eshitilib turardi xolos. Qayerdandir, kimningdir qureyt, qureyt deb qo‘y boqayotgani, g‘ajirningmi, kalxatningmi chur-churi ham eshitilib turardi. Biroz muddat bog‘ni aylandim, o‘zi hozirgi holatimda yurakka qil sig‘masada, o‘tlarga, daraxtlarga boqib va yerga sochilib yotgan mevalarni ancha vaqtgacha bosib, bemaqsad uyoqdan buyoqqa o‘tib turdim. Keksa tut daraxtining shoxida bir qush – tumshug‘ining sariqligidan maynaga o‘xshaydi – inidan boshini chiqarib atrofga alanglar va chiyillab qo‘yardi. Huv naridagi olma daraxtining ostida bir kuchukvachcha g‘ingshiyapti. O‘sha tomon yurdim. To‘piqdan sal baland keladigan maysa ustida ikki kishining uzoq vaqt o‘tirgani bilinib turibdi, demak, ukam shu yerda, meni ko‘rgan, aytayin berkinib turibdi…

– Qo‘lga tushdingmi, ajdar, – degan ovozdan qo‘rqib ilkis ortga o‘girildim. Bir qiz… Aynan qiz bola, cho‘pon arg‘amchisiday ilonni bo‘ynidan bug‘ib, boyagi mayna turgan daraxtning tanasiga tortib-tortib urayapti. Demak, ukam shu qizni sevar ekan-da… Ha, yanga aytganday qanchiq emas, binoyiday chiroyli ekan-ku… Qiz tomon yaqinlashdim. Voajab, qiz benihoya go‘zal edi. Qizg‘ish labi, qora ko‘zlari, uzun sochiyu, sal qizarinqiragan yuzi yarashiqli turgan edi… Qiz mendan zarracha bo‘lsin hayiqmay o‘rnidan jilmay turar edi. Yaqinlashib salom berishini kutib turdim, ammo qizdan sado chiqmagach:
– Salom, – dedim.

Qiz hamon o‘sha holatda, lekin ko‘zlari meni ko‘zlarimga shunaqangi qattiq qadalgandiki, beixtiyor nigohimni boya ilonni urgan daraxtga qadadim. Aftidan qiz ko‘nglimdagi barcha gaplarni bilib oldi, chunki uning tiyrak nigohini aldash uyoqda tursin, chap berib ham bo‘lmas edi. Xo‘sh, nima qildim, men akasiman, u endi sevayotgan bo‘lsa, men uni tug‘ilganidan beri taniyman, demak, ukamga undan ko‘ra mening haqqim ko‘p. Ha, mening haqqim ko‘proq ekan.

– Qani u? – dedim qizga tikilib.

Qiz javob bermay hamon o‘sha holatda tikilib turar edi. Undan jo‘yali javob olishimga ko‘zim yetmay atrofga alanglab ukamni chaqirdim:

– Botir, hoy Botir, qayerdasan, senga aytayapman, qayerdasan Botir…

Ukamdan sado chiqmadi. Ovozim daraxtlarga urilib, keyin tog‘larga akaslandi: Boo-tii-iir-r-r. Yo‘q ukadan hech qanday xabar bo‘lmadi. Nima qilmoq kerak? Hali-hamon shu savol boshimda aylanib turar edi. Olib ketaymi yoki o‘z hayotini o‘z istagancha quraversinmi? Hozir yoz, kun va tun bir-biridan issiq, bog‘dami, tog‘dami yotaveradi, kuz, qish kelsa-chi, unda nima qiladi? Bu qiz-chi… Buning otasi bor edi-ku, nega qiziga indamayapti, nega bir og‘iz gapirmaydi, qo‘l-oyog‘idan bog‘lab omborda qamab qo‘ymaydi… To‘xta… Mahalla oqsoqoli nima degan edi: ha, ha, demak, qizni uydagilar oq qilgan, haydab yuborgan, shunga… Ex, uka, nimalar qilib qo‘yding-a, axir otasi qarg‘agan qiz bilan oila qurib bo‘ladimi? Bunaqa qizlar baxtsizlik olib keladi. Hayotni o‘yin bilayapsanmi, uka. Agar bilsang, hayot beshafqat, dahshatli hayot. Shu taloto‘pda to‘rt muchang sog‘, birovdan to‘rt so‘m qarz bo‘lmay, boshing omon yurganini o‘zi qancha katta baxt ekanligini qachon bilasan-a, uka. Ulg‘aysang-chi, ulg‘ayaqol uka… Men seni deb ishni tashlab keldim, hozir uyoqlarda meni toza so‘kishayotgan bo‘lsa kerak, axir katta bayramni tashlab keldim. Kitob bayramini tashlab keldim-a…

Rosti endi g‘azabim qo‘ziyotgandi. Negadir qizga yangamni ta’rifi ko‘proq mos kelayotgandi. Ha, ukamni shu boshini aylantirib olgan. Men bilaman, o‘zimdan qiyos: shu yoshgacha bunaqa be’manigarchilik qilgan emasman, sevgiga yaqin ham yo‘lamaganman, boshidan oxirigacha azobni kimga keragi bor, o‘zi hayot, yashash iztirobdan iborat bo‘lib turgan bir paytda… Qizga baqirdim:

– Nahotki, tog‘lar orasida yashab shunchalik yengiltak bo‘lasanmi? Ukamni nima qilding, qani u, top…

Voajab!!! Nima balo, karmi bu? Yo o‘zini merovlikka olayaptimi?

– Nima, gung, yo karmisan? Sendan so‘rayapman, javob ber… Javob bermaysanmi, gapirmaysanmi, unda eshitib ol, eshit: ukamga, sevgilingga ayt, men uni ko‘rishni istamayman, istamayman, o‘lib ketsin, yo‘q bo‘lib ketsin!!! Ey, ona, o‘lar ekansan, nega tug‘ding bizlarni, nega meni shu yaramas itbachchaga aka qilding, nega?!

Jahd bilan ortga o‘girilib keta boshladim. Oyog‘im ostida toptalib qolayotgan o‘t-o‘lanlar ham g‘ashimni keltirar edi. Bog‘dan chiqayotganimda, qizning to‘xtang, degan ovozini eshitdim. U halloslab yugurib keldi va yo‘limni to‘sdi:

– To‘xtang… Men… Men… Biz sizni kutayotgandik, ukangiz: akam keladi, mana ko‘rasan, bizga butun dunyo qarshi tursayam, akam meni himoya qiladi, axir u ziyoli, shahar ko‘rgan, odam taniydi, bizni qanoti ostiga oladi, ishon menga, shunday bo‘ladi, degani uchun ham sizni – odamni – akani kutayotgan edik.

Shodmon kampiring nabirasi aytganida ukangiz ishonmadi, yo‘q, dedi, akam unaqa emas, meni – bizni himoya qiladi, dedi. Lekin siz shalvirab boqqa kirib kelganingizda, ukangiz siz yaxshi ko‘radigan o‘rikni yong‘oq daraxti ostiga to‘kib qo‘ygandi, akam keladi, avval o‘rikni hammasini yeydi, to‘ymaydi, aytishicha siz juda ko‘p o‘rik yer ekansiz, keyin daraxtni silkitaman deb tepaga qaraydi, qarasa yong‘oq… Keyin qah-qaha otib kuladi, so‘ng men chiqib akamni quchog‘iga otilaman degandi. Siz… O‘riklarni toptab, bosib, daraxt shoxiga bir martayam qaramadingiz… Shunda ukangiz, ex akam o‘lib ketgan ekan-da, deb sizga ko‘rinish bermadi, lekin men sizga gapirib olishim kerak. Meni otam oq qilmagan!!! Otam meni sizdan hammadan ko‘ra ko‘proq tushinadi. Qizim, shu yetimni paytavasini yuvib, xizmatini qil, men butun dunyoning minnatini ko‘tarishga roziman dedi.

Men aytganingizday tog‘ orasidan tashqariga chiqmaganman. Dunyoni tog‘, daryo, qushlar, kitoblar va ukangiz deb tasavvur qilaman. O‘sha qorasoqol, ko‘ksoqol amakilaringiz aytganday davr o‘zgargandir, til bilish, kampyuter o‘rganish urf bo‘lgandir, bunga qarshiligim yo‘q, mayli siz aytayotganday taraqqiyot ham bo‘lsin, lekin o‘sha rivojlanish avvalo ko‘ngilda bo‘y ko‘rsatadi, ro‘y beradi. Ko‘ngil – barcha kashfiyotlarning onasi. Hayron qolayotgandirsiz, qiz bu gaplarni qayoqdan oldi deb, gar bilsangiz ukangiz ikkimiz hozir dunyoni boshqaryapmiz… Hay shunday qilayapmiz.

Ukangizni aytishicha, bolaligingizda siz tulki niqobini yaxshi ko‘rgan ekansiz. Hozir boshqa bo‘lsa kerak dedi, mana bolalikdagi qiziqish hamon sizni tark etmagan ekan. Opamning uchta o‘g‘li bor. Biri faqat tulki niqobini yaxshi ko‘radi, ikkinchisiga farqi yo‘q: ayiqmi, quyonmi, ammo uchinchisi esa ukangiz singari yo‘lbarsni yoqtiradi. Sizda boshqa gapim yo‘q.

Qiz yo‘limdan qochdi. Marhamat shu yo‘l sizniki deganday biroz egildi va bog‘ tomon odimlarkan:

– Ha ukangiz bir gapni omonat degan edi, eshitib keting: yo‘lbarslar o‘z juftini hech qachon tashlab ketmas ekanlar.

Qiz lip etib bog‘ ichkarisiga kirib ketdi.

Men esa…
…yetim edim…

77

(Tashriflar: umumiy 286, bugungi 1)

Izoh qoldiring