Эркак тўнғиллаб дераза остидаги уч қулочдан ортиқ жойни кетмон билан чопар, аҳён-аҳён пешонасини артар ва бемаҳал, бир оғиз касалман, деб айтмаган, икки кунда оёқдан, сўнг тилдан қолган хотини билан хаёлан гаплашарди: сенам эшитдингми, Нисо, қизимизнинг дардига даво йўқ эмиш.
Санжар ТУРСУНОВ
ИККИ ҲИКОЯ
Санжар Турсунов 1986 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Давлат саньат ва маданият институтининг журналистика бўлимини битирган. Айни пайтда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида хизмат қилмоқда.
БИР ПОЙ КАВУШ
Пайшанба куни эди – буни ошхонада янгасига ёрдам бераётган тўққиз ёшли набира – Мардона айтди ва қайнона Рисолат момо бугун кечга синглиси Ҳикоятнинг келиши эсига тушиб, гилос остида супурги боғлаётган Муродбой бобо томон одимлади. Ҳа, бугун пайшанба-я, деб хаёлга толди у, унга ҳозир пайшанбанинг сира аҳамияти йўқ, пайшанба муҳим кун эмас, аксинча, эрта жума эканлигини эслаб қолди ва Фурқат дўкончи билан учрашиш керак, дея ўрнидан туриб, дарвоза томонга йўналди.
Дўконда одам кўп экан. Бугун пайшанба, эрта жума, бу икки кун ҳамманинг уйида тансиқ таом бўлади, меҳмон келади, эски дўст, жўралар йиғилади. Муродбой бобо шуларни ўйлар экан, кутиш кераклигини тушунди ва дўкон олдидаги тошни йўниб қилинган ўриндиққа ўтирди.Фурқат дўкончи отани кўриб каловланди: ¬Жин урсин, эсимдан чиқибди-ку, энди нима дейман, э, яхши иш бўлмади-да, каллам қурсин менинг…
Отанинг олдига бориб кўришди. Бошини эгиб пулни узатди:
– Кечиринг ота, эсимдан чиқибди. Жуда-жуда афсусдаман, хаёлимда бор эди, кейин чалғиб кетибман, ҳатто ўлчамиям эсимда эди-я…
– Биламан, ўғлим, бозор – ўз оти билан бозор. У ғала-ғовурда хаёлдан кўтарилади-да…
– Эрта олиб келаман, ота…
– Хўп, хўп, сиз бемалол савдонгизни қилаверинг, мен шу ерда пича ўтирай…
Муродбой бобо дўкончи кетгач кавушига қаради: олмoсдай йиртилган, нега бундай бўлди, у қандай йиртилди, ҳеч ақли етмади. Эрта жума – намозга бориш керак. Буёқда кавуши йиртилган…
Нишабликдан тўнининг узун барини қатлаб олган Хидир калтанинг боши кўринди у илдамлаб Муродбой бобо томонга ошиқди. Қўшқуллаб кўришаркан, лабини бир-икки қимирлатиб гап бошлади:
– Бугун районга тушувдим денг, кичкинанинг шартнома пулини озроқ қисми қолувди, телпон қилиб, дада эртадан қолмасин, мени дарсга киритмаяпти, курсдошларимдан уяляпман, деди. Ола буқани еткалаб Турди даллолнинг уйига бордим-да, ма, буни бозорга обориб сот, лекин, ҳозир менга шунча пул керак, деб, ўғлим айтган суммани айтдим. Ўзини кўп тарозига солди, ҳе, дедим, ўлсанг сени ўзим кўмаман, қанақа тобуткашсан, бўл тез, дегандим, дарров чиқариб берди. Унинг феълини биламан-да, ялинсангиз кетини тилла лаълига солади. Шу денг, пулни қандай тўлайман, деб район марказида турувдим ўғлингиз келиб қолди. Ассалому алайкум, тинчликми, нима қилиб турибсиз, дейди. Дардимни эшитиб, қани машинага ўтиринг-чи, деди. Ўтирдим. Банкка олиб борди. Ишимни битириб чойхонага ўтирғизиб, қорнимни тўйдириб, таксига миндириб юборди. Зап, азамат ўғлингиз бор-да.
Илойим умридан барака топсин, яхши тарбия бергансиз-да, отахон. Илойим умрингиз узоқ бўлсин, деб яна бир бор Муродбой бобонинг қўлини икки қўллаб ушлаб нариги маҳаллага ўтиб кетди.
Ҳа, Хидирнинг гапи рост, ўғлим азамат йигит, дея ўйладаи бобо. Болалигидан меҳрибон, камсуқум, танти бўлиб улғайди. Бир гал қаноти шикастланган мусичани тузатаман, деб бир неча кун дўхтирнинг ёнига қатнаганди. Қушчанинг тузалалганида қанчалик шодланганди-я. Йигитлик даврида бир икки ўртоғи билан тоққа бориб ўтин олиб келгани, боболар нега совуқ ҳужрада ўтирибсизлар, деб печка ўрнатиб ўтини ёқиб хонани қизитиб бергани эсига тушди. Ўшанда Асомиддин муллонинг кўзи ёшланиб, илоё умрингдан барака топ болам, чин ота ўғил экансан, деб узундан-узун дуо қилганди. Шундан кейин бўз йигитларнинг ҳар бири масжидга ўтин олиб келишганди. Муродбой бобо шуларни ўйларкан, ўғлининг чин фарзанд бўлиб етишишига ўзининг астойдил машаққати, узун кечалар эртаклар, достонлар ўқиб бергани, араб тилини мукаммал ўргатгани ва ҳикматлардан ёд олдирганини ҳозир тушиниб етди ва бу унга завқ бағишлади. Илоҳим, саломат бўлишсин, деб пичирлаб қўйди.
– Ассалому алайкум ҳожи ота, – деган овоздан хаёли бўлинган Муродбой бобо қаршисида болалигидан кўзойнак тақиб юрадиган, шоир бўламан, деб, Тошкентнинг тупроғини кўп ялаган, ҳатто бир-икки шеъри газетадаям чиққан, кейин ёлғиз ўғиллигидан ўкиниб, ота-онасини кўзи қиймай қишлоққа қайтган – ҳозир мактаб директори лавозимида ишлайдиган Собировни кўрди.
– Ассалому алайкум, устоз, – деди ота. Бобо ҳеч кимнинг саломига алик олмас, аксинча ўзи аввал салом берар, буни билган қишлоқдошлар отани кўрди деганча салом беришга ошиқар, кўпинча олдин ота салом бериб қоларди.
Ота Собировнинг яхши кўрарди, бунингсабаби у бирор сўзни ярим-ёрти айтмас, тўғри талаффуз қилар, ўзининг таъбирича, сўзга жон ато этарди.
– Сизга ҳавас қиламан-да, ота, – деди муаллим оғзини тулдириб, – бойсиз, Ҳожисиз, ўқимишли, зиёли фарзандларингиз бор. Одамга яна нима керак? Фарзанд камоли – энг катта бойлик, шундай эмасми? Сизга бир гап айтсам ота, бу йил иккинчи ўғлингиз бор-ку, тадбиркор Нодир ака, ўша фарзандингиз мактабимизга мингта китоб ҳадя қилди. Улар орасида халқ оғзаки ижодиям бор, бадиий, илмий, фалсафий, жаҳон дабиёти, луғатларнисанаб адоғига етолмайсан киши. Ғиж-ғиж хазина. Эрта катта йиғилиш қилмоқчиман: ота-оналар, бобо-момолар, борингки, бутун қишлоқни йиғиб кўз-кўз қилмоқчиман, мана, кўринглар, орамизда шундай инсонлар бор, деб айтмоқчиман. Зарур, жуда зарур-да, деди, отанинг шу зарурмикан, деган эътирозига қарата, ўғлингиз шу мактабда таълим олган, мана шу ўқитувчилардан билим олган, у бизга бегонаманс, мен сизга айтсам ота, китоб – энг зўр совға, ҳа бунда қиммат совғани топиб бўпсиз. Бунинг яна бир яхши томониям бор: болалар билимли бўлади, жаҳон адабиёти, санъати, борингки, барча соҳалардан хабардор бўлади, энг муҳими уларда шу тупроққа муҳаббат уйғонади,эрта улар ҳам улғайиб, мактабига кўп ҳадялар қилишади, эшитяпсизми,ҳамма гап мана шунда. Яхшилик юқумли бўлади, ҳа, ота, жуда юқумли бўладаи яхшилик деганлари. Энди менга рухсат, кечқурун ўқитувчиларни чақирганман, янгиликдан хабардор бўлишсин-да…
Собиров кетгач отани яна хаёл олиб қочди. Ўғлининг қиқирлаб кулиши, ота кўрасиз, эҳ-ҳе, мен ҳали шунақанги катта аграном бўламанки, ўшанда сизни ўзим барпо қилган пахтазорларни, баргидан ҳосили кўп оламларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз, ана ўшанда, сизга ота, сизга катта раҳмат, менинг барча ютуғимнинг бош сабабчиси сизсиз, дейман. Тенгдошларимдан кам қилмадингиз, акамнинг эскисини кийсам нима бўпти, куткам бўлмаса бунинг нимаси ёмон, қишда туфлимдан сув кирса хафа бўлмайман, чунки сиз энг яхши отасиз. Фақат сизгина қаноат, сабр, меҳнат, билим, иймон асл бойлик эканлигини уқтирадингиз. Мен шу эътиқод билан улғаяяпман, насиб этса шундай яшайман, деганлари эсига тушиб отанинг юраги фахрга тўлди, ўғлини кўргиси келди…
– Мурод, бу ерда нима қилиб ўтирибсан, – деб кимдир ёнига ўтирди. Қараса дўсти Жумабой экан…
– Шу ўзим…
– Эрта жумага бирга борамизми?
Муродбой бобо енгилгина қизарди.
– Албатта, насиб этса…
– Буни қара, – дея Жумабой қора пакетдан кавуш чиқарди, — ўғлим олиб кепти, курашдан. Ҳа, айтганча ўғлинг билан бизнинг Шокир- иккови бирга экан, мен қайтаман, хотиним туғиб қўйган бўлса керак, деб ўғлим қайтибди. Айтишича улар Деҳқонободга кетган, ҳа, ўшақдаям катта кураш бор экан.
– Ҳа, декабр тўй мавсуми-да, – деди Муродбой бобо.
– Шу-шу… ҳа мана бу кавуш, оёғимга катта. Махси билан ҳам кийиб кўрдим, катта экан. Шуни дўконга бериб кетай, эрта ўғлимга дуо олмоқчиман. Пулим бор, барибир ўзининг пули ўзига бўлса яхши-да…, —деди андак сирли оҳангда ва бобонинг оёғига билдирмай кўз қирини ташлаб қўйди.
Муродбой бобожумавойнинг қўлида ялтираб турган кавушга тикилди: менга мос келса керак…лекин қандай қилиб… йўқ олмайман…
Жумабой дўконга киргач Муродбой бобо ўрнидан туриб уйига йўл олди.
Кенжаси полвон. Болалигидан шу касбга меҳр қўйди. Ўқимади. Мен полвон бўламан, деди. Мана, полвон ҳам бўлди. Сувқайнарликлар уни фахримиз дейишади, Қодир полвон бор экан, бошимиз баланд, қаддимиз тик дейишади. Бироқ эрта жума… Ота жумага бориши керак… Эсини танибдики, беш маҳал номозни канда қилмади: бетоблигидаям, сафардаям, хатардаям ўқиди. Худо йўқ, деб айюҳаннос солган дамлардаям ўқиди, айниқса, у жума номозга ҳар доим ўз масжидларига боради. Меҳмонда, олис шаҳарда бўлсаям етиб келди, фақат муборак Ҳаж зиёратида етиб келолмади. Кўзининг ёши оқиб Маккада ўқиди. У жумани жуда яхши кўради: шу кун обдон покланади, бир тун олдин ухламайди, тонггача китоб ўқийди, бу кун дейди, одамнинг кўнглидаям, киймидаям нинача тешик бўлмаслиги керак, дейди ўзига ўзи. У ҳамма кунни яхши кўради, бироқ жумани… ахир эрта жума. У жума номозига бориши керак. Олтмиш йилдан ошибдики, шу куни болаларига, халқига, Ватанига, жамики одамларга дуо олади. Қишлоқдошлар эса буни билади. У эртага жумага бориши керак, бироқ кавуш йўқ – йиртилган. Кўнгилдаям, кийимдаям нинадек тешик бўлмаслик керак, бу унинг эътиқоди ахир… Буёда болалари катта одамлар – қишлоқнинг қоялари… Лекин отада кавуш йиртилган. Агар, дерди ота хаёлан, эрта шу кавушни кийиб борсам… йўқ дерди хаёлига фикрдан қўрқиб, лекин жуманиям қолдиролмайди-да…
Эрта жума, дея такрорлашдан олдин менга қолса-ку ялангоёқ ҳам кетаверардим, лекин болаларим катта одамлар-да, деди ҳовлига кираркан.
***
Декабрнинг туни бениҳоя узун бўлади. Осмон кимдандир қаттиқ хафа бўлгандай тунд, биттаям юлдуз кўринмайди, қора совуқ шамол деразага урилар, ғув-ғув этган шовоз кўнгилла ваҳм солар, бундай кечаларда уйқуям қочиб кетади, деди бобо пичирлаб.
Бобонинг уйқуси келмади: уёнга ағдарилди бўлмади, буёнга ағдарилди яна бўлмади. Хаёлида бундан бир неча йил, отам кимга ўхшарди, деб онасига берган саволи ёдига тушди. Ўшанда шўрлик она: ота ўғилга ўхшайди, худди сени ўзгинанг эди, деб ўғлини бағрига босиб йиғлаганди. Мана, ўша воқеага ҳам эллик йилдан ўтибди-я. Эллик йил, ярим аср.
У отасини кўрмаган. Онасининг айтишича у олти ойлик чақолоқ патида отасини урушга чақиради. Сени отга миндириб, ҳовлини уч марта айлантирганда, сўнг ўғлим мен қайтаман, ўшанда яна отга минамиз, дея жўнаб кетган. Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб “Қора хат” келган. Ўша хатни ўзиям, кейинчалик мактабга бориб, саводи чиққан ўқиган, эсида қолгани: қаҳрамонларча ҳалок бўлди… ўшанда ўзининг қаҳрамон бўлгиси келган, эх-хе, хаёлида нима ишларни қилмаган эди-я. Шукрки, унинг замони тинч бўлди: оч қолди, бир парча нон учун тонгдан шомгача ишлади, лекин, уруш бюўлмади, урушга бориб ўлмади. Барибир шунисигшшаям шукр қилиши керак… Шукр қилади. Отанинг бир номи қиблагоҳ, дерди онаси, узун тунлари эртаклар, достонлар айтаркан. Ота рози — Худо рози, Ота ўтирган уйнинг томига чиқиб бўлмайди, деб ғамгин бўлиб қоларди. Орадан йиллар ўтиб тушндики, у отасини ҳеч қачон кўрмайди, бир дастурхон атрофида ўтиролмайди, хизматини қилиб розилигини ололмайди, энг ёмони отаси уйини тўлдириб, ёстиқларга ёнбошлолмайди ва у ҳиссиз, шуурсиз қалин қор ёққанда томни бемалол кураб тушади. Энг ёмони шу… У шуни англддадики, фақат қиблагоҳим, деб хизматини қилиш, иёмонли инсон бўлиб, тоат-ибодатни бажариши мумкин экан. Ва йигирма ёшлигида, ўша олатисар замондан бошлаб номоз ўқиди. Ҳар сафар жайномозга бош эгар экан, қиблагоҳим, деб кўзидан оқаётган ёшларни тўхтатолмайди. У то шу кунгача қиблага қараб, қиблагоҳини эслаб яшади…
Бугун эса… кавуши йиртилибди…
Битта кавуш-а…
Ўғиллари истаса қишлоқда кавуш заводи қуради…
Лекин ҳозир отага бир жуфт кавуш керак, бир жуфтгина…
Нима бу, деди ота ўйчан оҳангда, умрим шоми яқинлашаётган он Яратганнинг синовими?..
Обрў мисқоллаб йиғилади, ботмонлаб тўкилади.
Фарзандлари катта, жудда катта одамлар…
Ота товба қилдим, товба қилдим, дея йиғлаб юборди. Баридан Сен буюксан, Сен улуғсан, о, Яратган тангрим, мени кечир…Кечир мени…
***
Эртаси жумадан бир соат олдин Жумабой эшик қоқди. Муродбой бобонинг қораси кўрингач, томоқ қираркан:
– Кетдикми? – деди.
– Ҳозир, таҳорат олайин, – деб ихтиёрсиз мустаҳабхонага бурилди.
Жумабой мийиғида кулиб, кайвони қаердасан, дея хонадон томон юрди.
… Улар жума номозидан чиқишганда, кўчада кўприк олдидаги машинадан бир йигит:
– Кавуш кетди, махси кавуш кетди, кеп қолинг, оп қолинг, – деб овозини борича бақириб харидор чақирарди.
Шу томонга илдамлаётган Муродбой бобога етиб олган Жумабой:
– Ахир ҳазиллашдим, деяпман-ку, ўшанда кавушингни йиртиғини кўриб, бир қитиғингга тегай, дея ўғлинг бериб юборганини айтмовдим, гапим рост, аслида, сени уйингга бораётгандим, — деганига қарамай қадамини тезлатди, ва сотувчидан бир жуфт кавушни олиб, махсисини ечиб, дарёга улоқтирди-да, оппоқ латтадан ҳафсала билан ўралган оёғига тўғрилади…
ОТМАГАН ТОНГ
Шифокорнинг гапи самимий ва бениҳоя қатъий эди:
— Хорижга олиб бориш керак. Эҳтимол, у ерда ҳам давоси йўқдир,ҳарҳолда маълум муддат умрини узайтириши мумкин. Мен сизни кўнглингизни кўтаришим, яхши бўлади, дейишим ва умид бор, деб айтишим ҳам мумкин эди, бироқ, ўзингиз ростини сўрадингиз…
У каридорга чиқиб деразадан ташқарига қаради. Қизи ўриндиқда оёғини осилтириб турар, сал нарида бир аёл боласига ниманидир берилиб тушинтиряпти, бола гоҳ дарахтларга, гоҳ қизчага қараб қўяди. Ҳали кўрмагандай бўлиб кетасан, мана кўрасан, бу дўхтирларингни гапи чикора, мени сени дунёдаги энг бахтли қизга айтлантираман, деб эркак ташқарига йўналди. Қизини бағрига босиб дарвоза томон юрди.
***
Балониям билмайсан, нега ўқидинг, виждонинг борми ўзи, хориж эмиш… Нима ўзимизда даволаш қўлингдан келмайдими? Нега ахир? Шунча одам яшаб юрган дунёда нега энди бу дард келиб-келиб жажжи қизимга учраркан, нималигини айтолмадинг-ку, яна дўхтир эмиш…
Эркак тўнғиллаб дераза остидаги уч қулочдан ортиқ жойни кетмон билан чопар, аҳён-аҳён пешонасини артар ва бемаҳал, бир оғиз касалман, деб айтмаган, икки кунда оёқдан, сўнг тилдан қолган хотини билан хаёлан гаплашарди: сенам эшитдингми, Нисо, қизимизнинг дардига даво йўқ эмиш. Бу касалликнинг номи ҳали тиббиётда аниқланмаган, миллиёндан биттагаям катта эҳтимол билан учрармиш, топган гапини қара, миллиёнтадан битта. Шу, дейди ўзига ярашмаган мўйловқўйган, буям камдай кўзойнак тақиб олган дўхтир, бемор индамай юраверади, балки ўн йил, йигирма йил, балки уч кун, уч соат ҳам бўлиши мумкин, бироқ кутилмаганда, йиқилади-да, аввал оёқдан, сўнг тилдан қолармиш… Шуям гап бўлдию, хотиним ҳам балодай юрувди, кейин… деб сенинг бу дунёда йўқлигингни айтсам, генитикаям бўлиши мумкин, бу сингари касалликлар суяк суриши, авлоддан авлодга ўтади, худди қанд касаллигининг бир тури-да, лекин қандга даво бор, дейди, Нисо. Бўладиганини гапир десам, хориж дейди, агар сен айтган ўша хорижингга олиб борсам, ҳеч бало кўрмагандай бўлиб кетишига кафолат берасанми, десам, мен бир воситачиман, Худо билади уёғини, дея сигарета чекди, тутуниниям ўхшовсиз чиқараркан, дод деб юборасан. Пул… Ўша нарса йўқ-да. Тўйнинг дастурхони –бир кун, азаники– қирқ кун дерканлар. Бор йиғиб қўйганим кетди-да. Нусрат бова дўхтирлар оғзига келганини валдирайверади, сан яхшиси гулзор барпо эт, ана, шу гулзорни яхшилаб парвариш қилсанг – қизинг ундан завқ олса, кўрмагандай бўлиб кетади, дейди. Билмадим, Нисо, билмадим, одамнинг бошига ташвиш тушса хаёли ўзида бўлмас экан: ким нима деса қилаяпман. Сен ҳам йўқсан-да, бўлмаса-ку, эҳ, бағри қаттиқ дунё… Пул… Хабаринг бор эди, Маданият уйининг директори иш ваъда қилган: хабар бераман, деганигаям ҳафталар бўлиб кетди. Ё ҳовли-жойни, мол-ҳолни сотиб, хорижга об кетсаммикин, нима дейсан, Нисо? Ахир, ўзинг биласан-ку, шу ёлғиз тирноқ учун йигирма йилдан ортиқ сабр қилмадикми… шу тирноқ учун сен бечора қанақа дашномларга чидадинг, камситишларга, хўрлашларга жимгина дош бердинг, ҳатто туғмас байтал дейишгандаям ғинг демадинг-а, жонинг ҳам тошдан экан, сен шўрликни. Мен-чи? Мени шохи синган ҳўкиз дейишдилар-а? Э, одамлар, одамлар…
Эркак жаҳд билан ерга кетмон урар, кичкина кесаклар деразага отилиб чирс-чирс овоз чиқарар, бунга сари унинг ғазаби тошарди. Талош вақтигача ерни ағдариб, омбордан сарғиш қопга солинган уруғни олиб чиқди-да, менмас устоз гулчиларнинг қўли дея, қорайиб турган ерга сепди. Бу ерни шундай гулзор қилайки, қизим, худди шу ерда дардига даво топади. Дўхтирлар оғзига келганини валдирайди-да, ҳали кўрсатиб қўяман…
Эртаси тушликка яқин қизалоқ дераза раҳигача кўтарилган осма кароватда ётиб, отаси барпо этган, сал кунда гулзорга айланадиган, айни дамда маллатоб тусдаги ағдарилган ерни томоша қилиб ётарди. Шундай гулзор қиламанки, унинг муаттар ҳиди етти иқлимга таралади, деган отасини кутиб аҳён-аҳён дарвоза томонга қараб қўяди қизалоқ. Отаси бозорга кетган: қўғирчоқ олиб келади. Тугмачасини босса юрармиш. Ҳозир ўша урф бўлган экан. Қизалоқ ақлли, қўрқмайди – ботир, майли, кеч қолсаям, қўғирчоқ олиб келади-ку. Қизалоқ кутади, ишқилиб қоронғу тушгунча келсин-да, у-ку, қўрқмайди, лекин ухлаб қолиши мумкин-да… Кейин отаси хафа бўлади: ҳай, эси йўқ қиз, мен сенга қўғирчоқ олиб келсаму сен ухладингми, деб кўзи ёшланади. Ана, қизалоқ отасининг кўзида ёш келишидан қўрқади. Шунинг учун у ақлли қиз – йиғламайди.
Хайрият, отаси қоронғу тушмасидан келди. Вой, бунча чиройли бўлмаса бу қўғирчоқ. Бу сенга дугона, ҳамма гапингни шунга айтавер, мана, қара, бу ерида диктафони бор, лекин битта чатоғи бор экан-да, бу фақат битта гапни ёзиб қоларкан. Иложи йўқ-да, дейди сотувчи амакинг, яна беш олтита гапни ёзадиган топиб бер десам. Ҳозирги модел дейди. Майли-да, ўзингга ёққан бирор гапни айтсанг, маза қилиб эшитиб юрасан.
Орадан қирқ кундан ортиқ вақт ўтди. Отанинг боши осмонда, қизнинг кайфияти чоғ: қорайиб ётган ерда гуллар тизза бўйи кўтариб қолди.
—Она, қизим – дейди ота, – кўраяпсанми, қандай чиройли гулзоримиз бор. Сен деразадан қараб тур, мен сен учун дунёни гулзорга айлантираман.
Қизалоқ отасининг айтганини қилади: термулади, термулаверади. Гуллар бирин-кетин ғунча чиқарди: оқ, қизил, сарғиш яна бир қанча ранглар.Қизалоқ уларни бирам яхши кўрадики, хаёлида ўрнидан туриб ҳамма-ҳамасини бағрига босади, эркалайди, ҳатто ўпиб олади. Кейин отасининг дағал қўлини юзига босади: раҳмат отажон, дейди. Кундан-кун, ҳафтадан-ҳафта ўтиб гуллар қизалоқнинг бўйидан ҳам узун бўлиб қолди. Деразага бош ураётганда қизалоқ, бунча тез катта бўлишди, дея ҳайратланди.
Отаси яхши одам. Тонг саҳардан то кечгача гулзорда: ягана қилади, бегона ўтларни юлади, сув қуяди. Қизига қараб, қара, жон қизим, дугонамизга айтинг келсин, ўйнаймиз деяпти, дейди. Қизалоқ ич-ичида хурсанд бўлади, қиқирлаб кулади.
Бир куни кастюм-шим кийган, галустик таққан бир одам келди. Пўлатбой, гулзорга айлантирибсиз-ку, деб, битта гулни узиб кўзини юмганча ҳидлади. Ота қўлини кўксига қўйиб, бошини эгиб турди. Қизалоқнинг жаҳли чиқди.
— Иш битди, эртадан бошлаб сиз энди ишли одамсиз, –деди гулни ҳидлашда давом этиб. Кейин отасига бир нималарни тушунтирди. Унинг оғзи қимирлаганда отаси жим турар сўнг негадир кўзлари қувнаб қизи томонга мамнун қараб қўярди.
— Ана, жон қизим, мен ишли бўлдим, –деди ота бир даста гулни олиб кетган одамни кузатиб қайтиб, гулзорнинг четидаги тош ўриндиқда ўтираркан. Қизалоқ борманг, гулзор нима бўлади, демоқчи бўлдию, лекин ақлли қизлиги эсига тушиб, жилмайиб қўйди. – Мен энди менежерман. Бунинг маъносини биласанми? Йўқми? Ҳай, аттанг, ҳозир тушунтираман: иш бошқарувчи, яъни қўшиқчиларнинг концертларини ташкиллаштираман. Директорнинг айтишича, туманимизда бойлар кўп, агар қўшиқчилар билан яхши танишиб олсанг, ўша бойларнинг тўйига олиб келасан. Ҳам сенга, ҳам менга пул, кейин қўшиқчиям хурсанд, бой ҳам сендан миннатдор, дейди. Хўп, дедим, менга кўп пул керак, қизимни даволатаман, хорижга олиб кетишим керак, дедим. Худонинг бергани шу-да, қизим, энди янада тезроқ тузалиб кетасан…
Эртаси қизалоқ жуда зерикди. Гулларга қараб ётаверди. Отаси тушликка келиб овқатлантирди-да, яна чиқиб кетди. Бу ҳол уйларига Зулпин момо келгунча давом этди.
— Сенга энагалик қилади, мен энди кеч келаман, олис қишлоқларгаям концерт беришга тўғри келаяпти, –деди отаси. Кейин шу кетганича икки ҳафта келмади.
Момо гулларни ёмон кўраркан.
Ҳар кун уч маҳал овқатини беради-да, ухлайди.
Қизалоқ беҳад зерикарди.
Аста-секин гуллар қурий бошлади.
Аввалига битта…
Иккита…
Ўнта…
Орадан саккиз ойу икки ҳафта ўтгач барча гул қуриб… хазон бўлди.
Бир тун отаси келди:
— Бўлди қизим, энди кетамиз, эрта тонг отса йўлга тушамиз. Мана, Америкага билет олдим. Мана буларни кўраяпсанми, — деб қора сумкани кўрсатди, — ичи тўла пул. Ҳаммаси доллор…
Эртаси эрталаб ота қизининг ёнига кирганда қизалоқ ухлаб ётарди. Унинг қошига эгилган отанинг кўзи беихтиёр гулзорга тушди ва қотиб қолди: наҳотки… Сўнг қизи қучиб ётган қўғирчоқни ҳиссиз ушлади ва ундан: — Дадажон, сизни яхши кўраман, деган овоз чиқди…
Яна эртаси…
Йўқ иккисидаям энди сира эртанинг кераги йўқ эди…
Sanjar TURSUNOV
IKKI HIKOYA
Sanjar Tursunov 1986 yilda Surxondaryo viloyatining Sariosiyo tumani Sangardak qishlog’ida tug’ilgan. O’zbekiston Davlat san`at va madaniyat institutining jurnalistika bo’limini bitirgan. Ayni paytda «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasida xizmat qilmoqda.
BIR POY KAVUSH
Payshanba kuni edi – buni oshxonada yangasiga yordam berayotgan to’qqiz yoshli nabira – Mardona aytdi va qaynona Risolat momo bugun kechga singlisi Hikoyatning kelishi esiga tushib, gilos ostida supurgi bog’layotgan Murodboy bobo tomon odimladi. Ha, bugun payshanba-ya, deb xayolga toldi u, unga hozir payshanbaning sira ahamiyati yo’q, payshanba muhim kun emas, aksincha, erta juma ekanligini eslab qoldi va Furqat do’konchi bilan uchrashish kerak, deya o’rnidan turib, darvoza tomonga yo’naldi.
Do’konda odam ko’p ekan. Bugun payshanba, erta juma, bu ikki kun hammaning uyida tansiq taom bo’ladi, mehmon keladi, eski do’st, jo’ralar yig’iladi. Murodboy bobo shularni o’ylar ekan, kutish kerakligini tushundi va do’kon oldidagi toshni yo’nib qilingan o’rindiqqa o’tirdi.Furqat do’konchi otani ko’rib kalovlandi: ¬Jin ursin, esimdan chiqibdi-ku, endi nima deyman, e, yaxshi ish bo’lmadi-da, kallam qursin mening…
Otaning oldiga borib ko’rishdi. Boshini egib pulni uzatdi:
– Kechiring ota, esimdan chiqibdi. Juda-juda afsusdaman, xayolimda bor edi, keyin chalg’ib ketibman, hatto o’lchamiyam esimda edi-ya…
– Bilaman, o’g’lim, bozor – o’z oti bilan bozor. U g’ala-g’ovurda xayoldan ko’tariladi-da…
– Erta olib kelaman, ota…
– Xo’p, xo’p, siz bemalol savdongizni qilavering, men shu yerda picha o’tiray…
Murodboy bobo do’konchi ketgach kavushiga qaradi: olmosday yirtilgan, nega bunday bo’ldi, u qanday yirtildi, hech aqli yetmadi. Erta juma – namozga borish kerak. Buyoqda kavushi yirtilgan…
Nishablikdan to’nining uzun barini qatlab olgan Xidir kaltaning boshi ko’rindi u ildamlab Murodboy bobo tomonga oshiqdi. Qo’shqullab ko’risharkan, labini bir-ikki qimirlatib gap boshladi:
– Bugun rayonga tushuvdim deng, kichkinaning shartnoma pulini ozroq qismi qoluvdi, telpon qilib, dada ertadan qolmasin, meni darsga kiritmayapti, kursdoshlarimdan uyalyapman, dedi. Ola buqani yetkalab Turdi dallolning uyiga bordim-da, ma, buni bozorga oborib sot, lekin, hozir menga shuncha pul kerak, deb, o’g’lim aytgan summani aytdim. O’zini ko’p taroziga soldi, he, dedim, o’lsang seni o’zim ko’maman, qanaqa tobutkashsan, bo’l tez, degandim, darrov chiqarib berdi. Uning fe’lini bilaman-da, yalinsangiz ketini tilla la’liga soladi. Shu deng, pulni qanday to’layman, deb rayon markazida turuvdim o’g’lingiz kelib qoldi. Assalomu alaykum, tinchlikmi, nima qilib turibsiz, deydi. Dardimni eshitib, qani mashinaga o’tiring-chi, dedi. O’tirdim. Bankka olib bordi. Ishimni bitirib choyxonaga o’tirg’izib, qornimni to’ydirib, taksiga mindirib yubordi. Zap, azamat o’g’lingiz bor-da.
Iloyim umridan baraka topsin, yaxshi tarbiya bergansiz-da, otaxon. Iloyim umringiz uzoq bo’lsin, deb yana bir bor Murodboy boboning qo’lini ikki qo’llab ushlab narigi mahallaga o’tib ketdi.
Ha, Xidirning gapi rost, o’g’lim azamat yigit, deya o’yladai bobo. Bolaligidan mehribon, kamsuqum, tanti bo’lib ulg’aydi. Bir gal qanoti shikastlangan musichani tuzataman, deb bir necha kun do’xtirning yoniga qatnagandi. Qushchaning tuzalalganida qanchalik shodlangandi-ya. Yigitlik davrida bir ikki o’rtog’i bilan toqqa borib o’tin olib kelgani, bobolar nega sovuq hujrada o’tiribsizlar, deb pechka o’rnatib o’tini yoqib xonani qizitib bergani esiga tushdi. O’shanda Asomiddin mulloning ko’zi yoshlanib, iloyo umringdan baraka top bolam, chin ota o’g’il ekansan, deb uzundan-uzun duo qilgandi. Shundan keyin bo’z yigitlarning har biri masjidga o’tin olib kelishgandi. Murodboy bobo shularni o’ylarkan, o’g’lining chin farzand bo’lib yetishishiga o’zining astoydil mashaqqati, uzun kechalar ertaklar, dostonlar o’qib bergani, arab tilini mukammal o’rgatgani va hikmatlardan yod oldirganini hozir tushinib yetdi va bu unga zavq bag’ishladi. Ilohim, salomat bo’lishsin, deb pichirlab qo’ydi.
– Assalomu alaykum hoji ota, – degan ovozdan xayoli bo’lingan Murodboy bobo qarshisida bolaligidan ko’zoynak taqib yuradigan, shoir bo’laman, deb, Toshkentning tuprog’ini ko’p yalagan,
hatto bir-ikki she’ri gazetadayam chiqqan, keyin yolg’iz o’g’illigidan o’kinib, ota-onasini ko’zi qiymay qishloqqa qaytgan – hozir maktab direktori lavozimida ishlaydigan Sobirovni ko’rdi.
– Assalomu alaykum, ustoz, – dedi ota. Bobo hech kimning salomiga alik olmas, aksincha o’zi avval salom berar, buni bilgan qishloqdoshlar otani ko’rdi degancha salom berishga oshiqar, ko’pincha oldin ota salom berib qolardi.
Ota Sobirovning yaxshi ko’rardi, buningsababi u biror so’zni yarim-yorti aytmas, to’g’ri talaffuz qilar, o’zining ta’biricha, so’zga jon ato etardi.
– Sizga havas qilaman-da, ota, – dedi muallim og’zini tuldirib, – boysiz, Hojisiz, o’qimishli, ziyoli farzandlaringiz bor. Odamga yana nima kerak? Farzand kamoli – eng katta boylik, shunday emasmi? Sizga bir gap aytsam ota, bu yil ikkinchi o’g’lingiz bor-ku, tadbirkor Nodir aka, o’sha farzandingiz maktabimizga mingta kitob hadya qildi. Ular orasida xalq og’zaki ijodiyam bor, badiiy, ilmiy, falsafiy, jahon dabiyoti, lug’atlarnisanab adog’iga yetolmaysan kishi. G’ij-g’ij xazina. Erta katta yig’ilish qilmoqchiman: ota-onalar, bobo-momolar, boringki, butun qishloqni yig’ib ko’z-ko’z qilmoqchiman, mana, ko’ringlar, oramizda shunday insonlar bor, deb aytmoqchiman. Zarur, juda zarur-da, dedi, otaning shu zarurmikan, degan e’tiroziga qarata, o’g’lingiz shu maktabda ta’lim olgan, mana shu o’qituvchilardan bilim olgan, u bizga begonamans, men sizga aytsam ota, kitob – eng zo’r sovg’a, ha bunda qimmat sovg’ani topib bo’psiz. Buning yana bir yaxshi tomoniyam bor: bolalar bilimli bo’ladi, jahon adabiyoti, san’ati, boringki, barcha sohalardan xabardor bo’ladi, eng muhimi ularda shu tuproqqa muhabbat uyg’onadi,erta ular ham ulg’ayib, maktabiga ko’p hadyalar qilishadi, eshityapsizmi,hamma gap mana shunda. Yaxshilik yuqumli bo’ladi, ha, ota, juda yuqumli bo’ladai yaxshilik deganlari. Endi menga ruxsat, kechqurun o’qituvchilarni chaqirganman, yangilikdan xabardor bo’lishsin-da…
Sobirov ketgach otani yana xayol olib qochdi. O’g’lining qiqirlab kulishi, ota ko’rasiz, eh-he, men hali shunaqangi katta agranom bo’lamanki, o’shanda sizni o’zim barpo qilgan paxtazorlarni, bargidan hosili ko’p olamlarni ko’rib hayratdan yoqa ushlaysiz, ana o’shanda, sizga ota, sizga katta rahmat, mening barcha yutug’imning bosh sababchisi sizsiz, deyman. Tengdoshlarimdan kam qilmadingiz, akamning eskisini kiysam nima bo’pti, kutkam bo’lmasa buning nimasi yomon, qishda tuflimdan suv kirsa xafa bo’lmayman, chunki siz eng yaxshi otasiz. Faqat sizgina qanoat, sabr, mehnat, bilim, iymon asl boylik ekanligini uqtiradingiz. Men shu e’tiqod bilan ulg’ayayapman, nasib etsa shunday yashayman, deganlari esiga tushib otaning yuragi faxrga to’ldi, o’g’lini ko’rgisi keldi…
– Murod, bu yerda nima qilib o’tiribsan, – deb kimdir yoniga o’tirdi. Qarasa do’sti Jumaboy ekan…
– Shu o’zim…
– Erta jumaga birga boramizmi?
Murodboy bobo yengilgina qizardi.
– Albatta, nasib etsa…
– Buni qara, – deya Jumaboy qora paketdan kavush chiqardi, — o’g’lim olib kepti, kurashdan. Ha, aytgancha o’g’ling bilan bizning Shokir- ikkovi birga ekan, men qaytaman, xotinim tug’ib qo’ygan bo’lsa kerak, deb o’g’lim qaytibdi. Aytishicha ular Dehqonobodga ketgan, ha, o’shaqdayam katta kurash bor ekan.
– Ha, dekabr to’y mavsumi-da, – dedi Murodboy bobo.
– Shu-shu… ha mana bu kavush, oyog’imga katta. Maxsi bilan ham kiyib ko’rdim, katta ekan. Shuni do’konga berib ketay, erta o’g’limga duo olmoqchiman. Pulim bor, baribir o’zining puli o’ziga bo’lsa yaxshi-da…, —dedi andak sirli ohangda va boboning oyog’iga bildirmay ko’z qirini tashlab qo’ydi.
Murodboy bobojumavoyning qo’lida yaltirab turgan kavushga tikildi: menga mos kelsa kerak…lekin qanday qilib… yo’q olmayman…
Jumaboy do’konga kirgach Murodboy bobo o’rnidan turib uyiga yo’l oldi.
Kenjasi polvon. Bolaligidan shu kasbga mehr qo’ydi. O’qimadi. Men polvon bo’laman, dedi. Mana, polvon ham bo’ldi. Suvqaynarliklar uni faxrimiz deyishadi, Qodir polvon bor ekan, boshimiz baland, qaddimiz tik deyishadi. Biroq erta juma… Ota jumaga borishi kerak… Esini tanibdiki, besh mahal nomozni kanda qilmadi: betobligidayam, safardayam, xatardayam o’qidi. Xudo yo’q, deb ayyuhannos solgan damlardayam o’qidi, ayniqsa, u juma nomozga har doim o’z masjidlariga boradi. Mehmonda, olis shaharda bo’lsayam yetib keldi, faqat muborak Haj ziyoratida yetib kelolmadi. Ko’zining yoshi oqib Makkada o’qidi. U jumani juda yaxshi ko’radi: shu kun obdon poklanadi, bir tun oldin uxlamaydi, tonggacha kitob o’qiydi, bu kun deydi, odamning ko’nglidayam, kiymidayam ninacha teshik bo’lmasligi kerak, deydi o’ziga o’zi. U hamma kunni yaxshi ko’radi, biroq jumani… axir erta juma. U juma nomoziga borishi kerak. Oltmish yildan oshibdiki, shu kuni bolalariga, xalqiga, Vataniga, jamiki odamlarga duo oladi. Qishloqdoshlar esa buni biladi. U ertaga jumaga borishi kerak, biroq kavush yo’q – yirtilgan. Ko’ngildayam, kiyimdayam ninadek teshik bo’lmaslik kerak, bu uning e’tiqodi axir… Buyoda bolalari katta odamlar – qishloqning qoyalari… Lekin otada kavush yirtilgan. Agar, derdi ota xayolan, erta shu kavushni kiyib borsam… yo’q derdi xayoliga fikrdan qo’rqib, lekin jumaniyam qoldirolmaydi-da…
Erta juma, deya takrorlashdan oldin menga qolsa-ku yalangoyoq ham ketaverardim, lekin bolalarim katta odamlar-da, dedi hovliga kirarkan.
***
Dekabrning tuni benihoya uzun bo’ladi. Osmon kimdandir qattiq xafa bo’lganday tund, bittayam yulduz ko’rinmaydi, qora sovuq shamol derazaga urilar, g’uv-g’uv etgan shovoz ko’ngilla vahm solar, bunday kechalarda uyquyam qochib ketadi, dedi bobo pichirlab.
Boboning uyqusi kelmadi: uyonga ag’darildi bo’lmadi, buyonga ag’darildi yana bo’lmadi. Xayolida bundan bir necha yil, otam kimga o’xshardi, deb onasiga bergan savoli yodiga tushdi. O’shanda sho’rlik ona: ota o’g’ilga o’xshaydi, xuddi seni o’zginang edi, deb o’g’lini bag’riga bosib yig’lagandi. Mana, o’sha voqeaga ham ellik yildan o’tibdi-ya. Ellik yil, yarim asr.
U otasini ko’rmagan. Onasining aytishicha u olti oylik chaqoloq patida otasini urushga chaqiradi. Seni otga mindirib, hovlini uch marta aylantirganda, so’ng o’g’lim men qaytaman, o’shanda yana otga minamiz, deya jo’nab ketgan. Oradan bir yildan ortiq vaqt o’tib “Qora xat” kelgan. O’sha xatni o’ziyam, keyinchalik maktabga borib, savodi chiqqan o’qigan, esida qolgani: qahramonlarcha halok bo’ldi… o’shanda o’zining qahramon bo’lgisi kelgan, ex-xe, xayolida nima ishlarni qilmagan edi-ya. Shukrki, uning zamoni tinch bo’ldi: och qoldi, bir parcha non uchun tongdan shomgacha ishladi, lekin, urush byuo’lmadi, urushga borib o’lmadi. Baribir shunisigshshayam shukr qilishi kerak… Shukr qiladi. Otaning bir nomi qiblagoh, derdi onasi, uzun tunlari ertaklar, dostonlar aytarkan. Ota rozi — Xudo rozi, Ota o’tirgan uyning tomiga chiqib bo’lmaydi, deb g’amgin bo’lib qolardi. Oradan yillar o’tib tushndiki, u otasini hech qachon ko’rmaydi, bir dasturxon atrofida o’tirolmaydi, xizmatini qilib roziligini ololmaydi, eng yomoni otasi uyini to’ldirib, yostiqlarga yonboshlolmaydi va u hissiz, shuursiz qalin qor yoqqanda tomni bemalol kurab tushadi. Eng yomoni shu… U shuni anglddadiki, faqat qiblagohim, deb xizmatini qilish, iyomonli inson bo’lib, toat-ibodatni bajarishi mumkin ekan. Va yigirma yoshligida, o’sha olatisar zamondan boshlab nomoz o’qidi. Har safar jaynomozga bosh egar ekan, qiblagohim, deb ko’zidan oqayotgan yoshlarni to’xtatolmaydi. U to shu kungacha qiblaga qarab, qiblagohini eslab yashadi…
Bugun esa… kavushi yirtilibdi…
Bitta kavush-a…
O’g’illari istasa qishloqda kavush zavodi quradi…
Lekin hozir otaga bir juft kavush kerak, bir juftgina…
Nima bu, dedi ota o’ychan ohangda, umrim shomi yaqinlashayotgan on Yaratganning sinovimi?..
Obro’ misqollab yig’iladi, botmonlab to’kiladi.
Farzandlari katta, judda katta odamlar…
Ota tovba qildim, tovba qildim, deya yig’lab yubordi. Baridan Sen buyuksan, Sen ulug’san, o, Yaratgan tangrim, meni kechir…Kechir meni…
***
Ertasi jumadan bir soat oldin Jumaboy eshik qoqdi. Murodboy boboning qorasi ko’ringach, tomoq qirarkan:
– Ketdikmi? – dedi.
– Hozir, tahorat olayin, – deb ixtiyorsiz mustahabxonaga burildi.
Jumaboy miyig’ida kulib, kayvoni qaerdasan, deya xonadon tomon yurdi.
… Ular juma nomozidan chiqishganda, ko’chada ko’prik oldidagi mashinadan bir yigit:
– Kavush ketdi, maxsi kavush ketdi, kep qoling, op qoling, – deb ovozini boricha baqirib xaridor chaqirardi.
Shu tomonga ildamlayotgan Murodboy boboga yetib olgan Jumaboy:
– Axir hazillashdim, deyapman-ku, o’shanda kavushingni yirtig’ini ko’rib, bir qitig’ingga tegay, deya o’g’ling berib yuborganini aytmovdim, gapim rost, aslida, seni uyingga borayotgandim, — deganiga qaramay qadamini tezlatdi, va sotuvchidan bir juft kavushni olib, maxsisini yechib, daryoga uloqtirdi-da, oppoq lattadan hafsala bilan o’ralgan oyog’iga to’g’riladi…
OTMAGAN TONG
Shifokorning gapi samimiy va benihoya qat’iy edi:
— Xorijga olib borish kerak. Ehtimol, u yerda ham davosi yo’qdir,harholda ma’lum muddat umrini uzaytirishi mumkin. Men sizni ko’nglingizni ko’tarishim, yaxshi bo’ladi, deyishim va umid bor, deb aytishim ham mumkin edi, biroq, o’zingiz rostini so’radingiz…
U karidorga chiqib derazadan tashqariga qaradi. Qizi o’rindiqda oyog’ini osiltirib turar, sal narida bir ayol bolasiga nimanidir berilib tushintiryapti, bola goh daraxtlarga, goh qizchaga qarab qo’yadi. Hali ko’rmaganday bo’lib ketasan, mana ko’rasan, bu do’xtirlaringni gapi chikora, meni seni dunyodagi eng baxtli qizga aytlantiraman, deb erkak tashqariga yo’naldi. Qizini bag’riga bosib darvoza tomon yurdi.
***
Baloniyam bilmaysan, nega o’qiding, vijdoning bormi o’zi, xorij emish… Nima o’zimizda davolash qo’lingdan kelmaydimi? Nega axir? Shuncha odam yashab yurgan dunyoda nega endi bu dard kelib-kelib jajji qizimga uchrarkan, nimaligini aytolmading-ku, yana do’xtir emish…
Erkak to’ng’illab deraza ostidagi uch qulochdan ortiq joyni ketmon bilan chopar, ahyon-ahyon peshonasini artar va bemahal, bir og’iz kasalman, deb aytmagan, ikki kunda oyoqdan, so’ng tildan qolgan xotini bilan xayolan gaplashardi: senam eshitdingmi, Niso, qizimizning dardiga davo yo’q emish. Bu kasallikning nomi hali tibbiyotda aniqlanmagan, milliyondan bittagayam katta ehtimol bilan uchrarmish, topgan gapini qara, milliyontadan bitta. Shu, deydi o’ziga yarashmagan mo’ylovqo’ygan, buyam kamday ko’zoynak taqib olgan do’xtir, bemor indamay yuraveradi, balki o’n yil, yigirma yil, balki uch kun, uch soat ham bo’lishi mumkin, biroq kutilmaganda, yiqiladi-da, avval oyoqdan, so’ng tildan qolarmish… Shuyam gap bo’ldiyu, xotinim ham baloday yuruvdi, keyin… deb sening bu dunyoda yo’qligingni aytsam, genitikayam bo’lishi mumkin, bu singari kasalliklar suyak surishi, avloddan avlodga o’tadi, xuddi qand kasalligining bir turi-da, lekin qandga davo bor, deydi, Niso. Bo’ladiganini gapir desam, xorij deydi, agar sen aytgan o’sha xorijingga olib borsam, hech balo ko’rmaganday bo’lib ketishiga kafolat berasanmi, desam, men bir vositachiman, Xudo biladi uyog’ini, deya sigareta chekdi, tutuniniyam o’xshovsiz chiqararkan, dod deb yuborasan. Pul… O’sha narsa yo’q-da. To’yning dasturxoni –bir kun, azaniki– qirq kun derkanlar. Bor yig’ib qo’yganim ketdi-da. Nusrat bova do’xtirlar og’ziga kelganini valdirayveradi, san yaxshisi gulzor barpo et, ana, shu gulzorni yaxshilab parvarish qilsang – qizing undan zavq olsa, ko’rmaganday bo’lib ketadi, deydi. Bilmadim, Niso, bilmadim, odamning boshiga tashvish tushsa xayoli o’zida bo’lmas ekan: kim nima desa qilayapman. Sen ham yo’qsan-da, bo’lmasa-ku, eh, bag’ri qattiq dunyo… Pul… Xabaring bor edi, Madaniyat uyining direktori ish va’da qilgan: xabar beraman, deganigayam haftalar bo’lib ketdi. YO hovli-joyni, mol-holni sotib, xorijga ob ketsammikin, nima deysan, Niso? Axir, o’zing bilasan-ku, shu yolg’iz tirnoq uchun yigirma yildan ortiq sabr qilmadikmi… shu tirnoq uchun sen bechora qanaqa dashnomlarga chidading, kamsitishlarga, xo’rlashlarga jimgina dosh berding, hatto tug’mas baytal deyishgandayam g’ing demading-a, joning ham toshdan ekan, sen sho’rlikni. Men-chi? Meni shoxi singan ho’kiz deyishdilar-a? E, odamlar, odamlar…
Erkak jahd bilan yerga ketmon urar, kichkina kesaklar derazaga otilib chirs-chirs ovoz chiqarar, bunga sari uning g’azabi toshardi. Talosh vaqtigacha yerni ag’darib, ombordan sarg’ish qopga solingan urug’ni olib chiqdi-da, menmas ustoz gulchilarning qo’li deya, qorayib turgan yerga sepdi. Bu yerni shunday gulzor qilayki, qizim, xuddi shu yerda dardiga davo topadi. Do’xtirlar og’ziga kelganini valdiraydi-da, hali ko’rsatib qo’yaman…
Ertasi tushlikka yaqin qizaloq deraza rahigacha ko’tarilgan osma karovatda yotib, otasi barpo etgan, sal kunda gulzorga aylanadigan, ayni damda mallatob tusdagi ag’darilgan yerni tomosha qilib yotardi. Shunday gulzor qilamanki, uning muattar hidi yetti iqlimga taraladi, degan otasini kutib ahyon-ahyon darvoza tomonga qarab qo’yadi qizaloq. Otasi bozorga ketgan: qo’g’irchoq olib keladi. Tugmachasini bossa yurarmish. Hozir o’sha urf bo’lgan ekan. Qizaloq aqlli, qo’rqmaydi – botir, mayli, kech qolsayam, qo’g’irchoq olib keladi-ku. Qizaloq kutadi, ishqilib qorong’u tushguncha kelsin-da, u-ku, qo’rqmaydi, lekin uxlab qolishi mumkin-da… Keyin otasi xafa bo’ladi: hay, esi yo’q qiz, men senga qo’g’irchoq olib kelsamu sen uxladingmi, deb ko’zi yoshlanadi. Ana, qizaloq otasining ko’zida yosh kelishidan qo’rqadi. Shuning uchun u aqlli qiz – yig’lamaydi.
Xayriyat, otasi qorong’u tushmasidan keldi. Voy, buncha chiroyli bo’lmasa bu qo’g’irchoq. Bu senga dugona, hamma gapingni shunga aytaver, mana, qara, bu yerida diktafoni bor, lekin bitta chatog’i bor ekan-da, bu faqat bitta gapni yozib qolarkan. Iloji yo’q-da, deydi sotuvchi amaking, yana besh oltita gapni yozadigan topib ber desam. Hozirgi model deydi. Mayli-da, o’zingga yoqqan biror gapni aytsang, maza qilib eshitib yurasan.
Oradan qirq kundan ortiq vaqt o’tdi. Otaning boshi osmonda, qizning kayfiyati chog’: qorayib yotgan yerda gullar tizza bo’yi ko’tarib qoldi.
—Ona, qizim – deydi ota, – ko’rayapsanmi, qanday chiroyli gulzorimiz bor. Sen derazadan qarab tur, men sen uchun dunyoni gulzorga aylantiraman.
Qizaloq otasining aytganini qiladi: termuladi, termulaveradi. Gullar birin-ketin g’uncha chiqardi: oq, qizil, sarg’ish yana bir qancha ranglar.Qizaloq ularni biram yaxshi ko’radiki, xayolida o’rnidan turib hamma-hamasini bag’riga bosadi, erkalaydi, hatto o’pib oladi. Keyin otasining dag’al qo’lini yuziga bosadi: rahmat otajon, deydi. Kundan-kun, haftadan-hafta o’tib gullar qizaloqning bo’yidan ham uzun bo’lib qoldi. Derazaga bosh urayotganda qizaloq, buncha tez katta bo’lishdi, deya hayratlandi.
Otasi yaxshi odam. Tong sahardan to kechgacha gulzorda: yagana qiladi, begona o’tlarni yuladi, suv quyadi. Qiziga qarab, qara, jon qizim, dugonamizga ayting kelsin, o’ynaymiz deyapti, deydi. Qizaloq ich-ichida xursand bo’ladi, qiqirlab kuladi.
Bir kuni kastyum-shim kiygan, galustik taqqan bir odam keldi. Po’latboy, gulzorga aylantiribsiz-ku, deb, bitta gulni uzib ko’zini yumgancha hidladi. Ota qo’lini ko’ksiga qo’yib, boshini egib turdi. Qizaloqning jahli chiqdi.
— Ish bitdi, ertadan boshlab siz endi ishli odamsiz, –dedi gulni hidlashda davom etib. Keyin otasiga bir nimalarni tushuntirdi. Uning og’zi qimirlaganda otasi jim turar so’ng negadir ko’zlari quvnab qizi tomonga mamnun qarab qo’yardi.
— Ana, jon qizim, men ishli bo’ldim, –dedi ota bir dasta gulni olib ketgan odamni kuzatib qaytib, gulzorning chetidagi tosh o’rindiqda o’tirarkan. Qizaloq bormang, gulzor nima bo’ladi, demoqchi bo’ldiyu, lekin aqlli qizligi esiga tushib, jilmayib qo’ydi. – Men endi menejerman. Buning ma’nosini bilasanmi? Yo’qmi? Hay, attang, hozir tushuntiraman: ish boshqaruvchi, ya’ni qo’shiqchilarning kontsertlarini tashkillashtiraman. Direktorning aytishicha, tumanimizda boylar ko’p, agar qo’shiqchilar bilan yaxshi tanishib olsang, o’sha boylarning to’yiga olib kelasan. Ham senga, ham menga pul, keyin qo’shiqchiyam xursand, boy ham sendan minnatdor, deydi. Xo’p, dedim, menga ko’p pul kerak, qizimni davolataman, xorijga olib ketishim kerak, dedim. Xudoning bergani shu-da, qizim, endi yanada tezroq tuzalib ketasan…
Ertasi qizaloq juda zerikdi. Gullarga qarab yotaverdi. Otasi tushlikka kelib ovqatlantirdi-da, yana chiqib ketdi. Bu hol uylariga Zulpin momo kelguncha davom etdi.
— Senga enagalik qiladi, men endi kech kelaman, olis qishloqlargayam kontsert berishga to’g’ri kelayapti, –dedi otasi. Keyin shu ketganicha ikki hafta kelmadi.
Momo gullarni yomon ko’rarkan.
Har kun uch mahal ovqatini beradi-da, uxlaydi.
Qizaloq behad zerikardi.
Asta-sekin gullar quriy boshladi.
Avvaliga bitta…
Ikkita…
O’nta…
Oradan sakkiz oyu ikki hafta o’tgach barcha gul qurib… xazon bo’ldi.
Bir tun otasi keldi:
— Bo’ldi qizim, endi ketamiz, erta tong otsa yo’lga tushamiz. Mana, Amerikaga bilet oldim. Mana bularni ko’rayapsanmi, — deb qora sumkani ko’rsatdi, — ichi to’la pul. Hammasi dollor…
Ertasi ertalab ota qizining yoniga kirganda qizaloq uxlab yotardi. Uning qoshiga egilgan otaning ko’zi beixtiyor gulzorga tushdi va qotib qoldi: nahotki… So’ng qizi quchib yotgan qo’g’irchoqni hissiz ushladi va undan: —
Dadajon, sizni yaxshi ko’raman, degan ovoz chiqdi…
Yana ertasi…
Yo’q ikkisidayam endi sira ertaning keragi yo’q edi…
Iste’dodli yozuvchilarimiz ko’payaversin. Hikoyalar juda samimiy. Yozishdan to’xtamang.
Hikoyalari juda ta’sirli ekan. Qalbga yetib boradi. Bu yozuvchining qalbi tozaligidan va yorqin este’dodidan nishon bo’lsa kerak.