Abdunabi Boyqo’ziyev. Ay, akam daryo ekan…(2)

045    Қамчибек Кенжа… Феъли-хўйи, таъб-тутуми, ҳис-туйғулари, муҳаббати, ҳаётга муносабати бир-бирига мутлақо ўхшамайдиган, турфа тақдирли ажойиб қаҳрамонлари билан бизни ҳаяжонлантириб қалам тебратаётган бу ёзувчининг ўзи ким, қандай одам, не ўй-хаёллар билан яшайди, ижод қилади? Ана шу саволларга ушбу рисолачадан озми-кўпми жавоблар топсангиз ажаб эмас (Муаллифдан).

Абдунаби Бойқўзиев
АЙ, АКАМ, ДАРЁ ЭКАН…
Ёзувчи Қамчибек Кенжа ҳақида битикларнинг давоми
08

ОДАМГА ОДАМ САБАБ

Республика матбуотида гугуртнинг қутисидай бўлса ҳам хабар-пабарим босилармикин, деб редакциялар атрофида парвона бўлиб юрган кезларимиз. Бир куни, бундоқ қарасам, “Ўзбекистон маданияти” газетасидаги кичкинагина “информация” остида ўзимнинг фамилиямга кўзим тушиб қолди. Кўп ўтмай иккинчиси… Бу гал, “мақолам” чиққани ҳақида ўртоқларим айтиб қелишди. Газетани излаб топиб кўраманки, “мақола” (хабар десам, ўзимни кичкина ижодкорга айлантиб қўядигандай гўё) остидаги имзо каминаники, лекин сўз юритилган воқеадан мутлақо бехабар эдим. Қизиқ, Бойқўзиев деганидан яна бормикин-а? Назарида, ўзини дунё танийдиган одамга айлантириб олган, ерга ҳам, осмонга ҳам сиғмай юрган “машҳур мухбир А. Бойқўзиев” учун бу кутилмаган ҳол эди. Аста суриштирсам, бу Қамчибек акамнинг менга қилган марҳамати экан. У пайтларда уч қаторлик хабарга бир, бир ярим кило гўштга етгулик қалам ҳақи юборишарди-да. Ҳарна, ёрдам бўлсин, деган экан Акам.

Бундан мазаҳўрак бўлган камина энди бирон нарса қораласам, дарров “Ўзбекистон маданияти”га йўрғалайман. Ана шундай ховлиқиб боришларимнинг бир галгиси мен учун кутилмаганда омадли бўлди. Икки-уч хабари чоп этилиб, катак дафтар варағига ёзилган навбатдаги “асар”ини таҳририятда қолдириб чиқиб кетаётган “жамоатчи мухбир”ни ёзувчи Қамчибек Кенжанинг ўзи шахсан йўлаккача узатиб чиқди. Хайрлашиш асносида қишлоқдан отаси келганини, имкон топса, кечга томон Эгарчи кўчасидаги ижара уйига ўтишини, оқсоқол билан у ёқ, бу ёқдан суҳбатлашиб, бироз ўтириб кетиши мумкинлигини айтиб қолди…

***

“Таниқли мухбир” қувончдан энтикиб қолган: кўрингандан соат сўрайди. Қани энди, шу баркашдай қуёш имилламай, ботақолса…

Акам иланг-биланг Эгарчи кўчасининг энг ичкарисидаги “тупик”да – эски Тошкентга хос чолдувор ҳовлилардан бирида тураркан. Айвонга саҳн қилиб токлар экилган. Новдалари одам бўйидан сал баландроқ, толхода, темир, сим-арматура, қўйингки, ховлида нима топилса, шулардан кўтарилган сўкичакка ўртачароқ деҳқоннинг қўли билан тараб қўйилибди. Эҳтимол бу “боғбон” Акамнинг ўзидир. Болалар кўп ўйнаганиданми ёки анча йиллардан буён кетмон кўрмагани сабаблими саҳн тупроғи оқиш тақир тортиб ялтираб кетган. Олачалпоқ қилиб сув сепилибди. Бир табақали, пастаккина дарвозадан хатламасимданоқ, кесакка сув сепилганда тараладиган, одамга ниҳоятда ҳуш ёқувчи тупроқи ифор димоғимга гуп этиб урилди. Бундай ҳузурбахш ҳавони онамиз кўчамиздан оқиб ўтадиган ариқ сувидан олиб кириб айвонга шолоплатиб сепиб ташлаганда туярдик.

– Вой, киринг, кировринг! – дея қарши олди ўрта бўй, кулча юз, оқ буғдоймағиздан келган ёшгина жувон, Андижон шевасининг Чувамача лахжасида. Ҳар ернинг ўз сўзлаш оҳанги бўлганидек, Андижон шевасининг ҳам минг бир товланишлари бор. Она томондан чувамалик эмасманми, қаршимда турган жувоннинг укаси тенги боладан ҳам ийманибгина мулозамат кўрсатишидан, онамнинг сингиллари – холаларимга ўхшаб кетаркан, деган фикр кечди ичимда. Демак бу, Қамчибек акамнинг турмуш ўртоғи. Келажакда менга, менинг оиламга ҳам суюкли “Ая” бўлиб қоладиган Турсуной келинойимиз. – Акангиз эндигина айтиб турувди, бир укамиз келади, деб, – дея сўзида давом этди Ая, – ўша пайтларда ўзбек қиз-жувонлари орасида урф бўлган майда гулли япон рўмолининг учи билан оғзининг бир четини ҳиёл беркитиб.

Аям менга йўл бўшатиб бироз четланаркан, илтифот кўратди:
– Кироринг!

Аёл югуриб келиб кўйлагининг этагидан тортқилай бошлаган, ўзига жуда ҳам ўхшаб кетадиган ўғил болачанинг бошини силаркан, буюрди:
— Чопинг, Жаҳонгир, дадангизни чақиринг. Меҳмон ака келди денг!

Шарпамни сезди шекилли, ҳовлининг этак томонидаги тутундан тўсинлари қорайган бостирмасифат, ошхоналиги билиниб турган жойдан кўйлагининг енглари шимарилган ҳолда Қамчибек акамнинг ўзи ҳам кўринди. Афтидан, Акам Андижонча палов тадоригида куймаланаётгани кўриниб турарди.
– Адашиб қолмадингизми, кўчаларимизда? – деди у саломимга алик оларкан.

Етаклашиб, ичкариладик. Даҳлиздан ўнг қўлдаги эшик орқали катта уйга кириларкан. Кенггина хона. Деворлари, хотирам панд бермаса, оҳакли қум билан сувалган. Шифтнинг пастроғига рассом – денгиз тўлқинлари мавзусининг қироли Айвазовскийнинг “Тўққизинчи пўртана” (“Девятий валь”) туркумидан бир нечта фотосуратлар илиб қўйилган. Демак акам Айвазовскийнинг суратларини ёқтирар экан, деб қўяман ичимда. Акамнинг бу мўйқалам соҳибининг ишларига айрича меҳри бежиз эмаслигини «Соғинч» номли дастлабки китобидан жой олган “Пўртана” деган шеъриданоқ англаган эдим. Яна биласизми-йўқми, адиб туғилган Гуркуров қишлоғи қишин-ёзин айқириб оқиб ётувчи катта сувли Қорадарё ва Тентасой оралиғида жойлашган. Уни орол қишлоқ деса ҳам бўлади.
Икки сув ўртасида жойлашган заминни одамзод “жаннат макон”, “яшил ўлка” дея сифатлашга одатланган. Худди Ўрта Осиёга араблар “Мовароуннаҳр” дея армон билан талпинганларидай. Бироқ қумлик, саҳролару чўлу биёбонларнинг тирикликка қарши ўзига хос бешумор кўргуликлари бўлганидай, сувга сероб “жаннат макон”ларнинг ҳам роҳату фароғатидан ташқари одамзод учун ўта ҳавфли офату кулфатлари ҳам бўладики, бундай кўргуликлардан икки сув орасида макон топган Гуркуров ҳам бегона эмас. Дейлик тошқин. Ҳа, дарвоқе, Акамнинг “Тошқин…” деган қиссаси бор, эсласангиз.

Шу ўринда пича лирик чекиниш: таъбир жоиз бўлса, ўқувчи ҳар бир жумласини юрагини ҳовучлаб мутолаа қиладиган “Тошқин”и жорий асримизнинг ўнинчи йиллари маҳсули. Лекин бу асарни ёзиш ғояси, назаримизда, ёзувчининг кўҳна армонлардан бири эди, дейиш мумкин. Демак, Акам Тошқин балоси ҳақидаги асарини бинога келтириш учун салкам эллик йил эмранган, ҳикоянинг ғояси, сюжетлари шунча йил давомида пишиб етилган ва ўзбек насрининг сув балоси билан боғлиқ битиклари ичида энг бақувват намуналаридан бири сифатида дунё юзини кўрган бўлиб чиқади. Акамнинг ижара кулбасига қайтайлик.

Демак, уйнинг тўрида ўша замонларда камчиқимгина оилаларда урф бўлган, баландлиги одам бўйи, ойналари икки томонга суриб очиладиган, ичига пахта гулли чинни, чойнак, пиёлалар териб қўйиладиган, пастки икки эшикли қисмига одам кўзига ташланиши лозим бўлмаган китобми, кийим-кечакми жойлаш мумкин бўлган сервант, унинг ёнидаги сандиқ устига кўрпа ва ёстиқлар таҳланган. Дераза томондаги чорси шаклида тўшалган якандозлар ўртасида тўрт бучак хон. Бор мебел-ҳашам шу. Тўрда иккита ёстиқни қўлтиғига босиб, ёши олтмишларни қоралаб, соч-соқолига оқ оралай бошлаган мўйсафид ёнбошлаб ётарди. Оқсоқол мени кўриб тараддудланди. Саломимга алик оларкан, ўрнидан қўзғалиб сўрашиш учун қўлларини чўзди.

– Ота, бу йигит Набижон. Ўзимизи Анжандан. Журналистликка ўқимоқчи, – дея таништирди Акам мени.
– Шундайми? Қишлағдан ўқийман деб кеган бўса, яхши ниятда юрган экан, яхши-да, – дея алқаган бўлди оқсоқол ҳам.

Акам мени отаси билан таништиргач, ўчоққа қозон осиб, ўт ёқиб қўйганлигини эслатиб, ҳовли томонга, ошхонага ошиқди…

ДОВ ЙИГИТ ЭДИ-ДА!

Ростини айтсам, Кенжабой бува билан суҳбатимиз аввалига унча қовушавермади. Оқсоқолбоп мавзуни мен тополмасдим, ёшликка мос ҳавойи гапларни Кенжабой бува. Назаримда, қаршимда тўшакда ярим ёнбошлаб ётган бу инсон мен кўча-кўйларда ҳар куни кўриб юрадиган мўйсафидлардан нимаси биландир ажралиб турарди. Ўша сирли “нимаси биландир”ни эса мен шу бугун, мана, саккиз-тўққизта китоб чиқариб, озми-кўпми элга танилган ижодкорга айлангач ҳам тасвирлаб беролмаслигимни тан олиб қўяқолганим маъқулга ўхшайди. Тўғри, одамни сир босди, деган гап ҳам бор. Эҳтимол бу, Қамчибек акамнинг ўша куни таҳририят йўлагида мени кузата туриб, отаси жуда камгап, сермулоҳаза, ўзига яраша зардали одамлигини беихтиёр эслаб ўтгани туфайлидир…
Одатда, юракларга йўл излаш асносида ҳозиргидай ҳолат юзага келишини ҳамма билади. Ҳайрият, ўртамиздаги сукут узоқ чўзилмади: оний жимликни оқсоқолнинг ўзи бузди:
– Қаерлардансиз, йигит? Ота-буваларингиз ким?

Қишлоғимиз Тешикмозор деб аталишини, Куйганёр билан Пойтуқ оралиғида жойлашганлигини, отамизнинг оти Тўйчибой, онамизнинг исми Тожихон эканлигини айтдим.

Отамизнинг отасини Бойқўзи бува, она томондан катта отамизни (бизда бобони “катта” дейишади) Абдума– Ҳа, шунақами? Танимас эканман. Катта оталарингизчи? – қўшимча қилди яна оқсоқол лик ака деб чақиришларини айтдим.

Чуваланган суҳбат арқоғи узилиб қолмасин деб ёдимга келган маълумотларни қалаштиришга ҳаракат қиламан:
– Ота томонимиздан аждодларимиз Қўқонга, она авлод эса Чувама томонларга тортаркан.
– Шунақами? Чувамалик буваларингизни биларсиз?
– Қариндошлар йиғилишса, Болтабой мингбошини кўп эслашади.

Шу гапни айтганимда Оқсоқолнинг авзойи ўзгарди. “Шундай денг” дея қаддини ростлаб ўтириб олди ва очиқ деразадан ҳовлига қараб, деярли бақирган алпозда овоз қилди:
– Қамчибек! Ҳо, Қамчибек!!
– Отасининг кутилмаган чақирувидан ажабланган Акам илдамгина келиб пойгакдаги тўшакка чўккалади.
– Мана бу болани эҳтиёт қиласан!.. – деди ота.

Акам гап нимадалигини англаёлмай, бир менга, бир отасига қарайди. Худди Акамдай, кутилмаган бу муносабатдан мен ҳам ҳайрон эдим. Ҳолатимизни пайқаган оқсоқол икковимиз ҳам уқиб олишимиз шартлигини таъкидловчи бир оҳангда давом этди.
– Азиз одамларнинг зурёдийкан. Қоловурса, она томондан оз-моз туташган жойларингиз ҳам бор…

Кенжабой бува Акам билан бизнинг она томондан узоқроқ қариндошчилигимиз борлигини, оқсоқолнинг ўзи эса Абдумалик бобомиз билан болаликда қалин дўст бўлишгани, колхозлаштириш, “қулоқ”ларга қарши алғов-далғов, қама-қама, қоч-қочлар кучайган йилларда ҳамма ҳар томонга тирқираб, бир-бирларини йўқотиб қўйишганлигини аста, нафасини ростлаб-ростлаб сўзлаб берди.

Ўша куни Қамчибек акам пиширган паловни уч андижонлик андижончасига енг шимариб паққос тушурдик. Тўғри, Кенжабой оқсоқол бизчалик бўлмаса-да, икки навқирон йигитнинг палов ейишидан завқланиб меҳр билан “Ҳа, баракалла, олинглар!” деб тургани ҳануз ёдимда.

Ўша кеча мен Кенжабой оқсоқолнинг болалик қадрдони Абдумалик каттамга йўллаган саломларини кўнглимга жойлаб хуфтон пайтида ижарахонамга қайтдим. Қамчибек акамникида эшитганларим ва Кенжабой оқсоқолнинг ҳолатини кейинчалик қишлоққа борганимда Абдумалик каттамга сўзлаб бердим. У кишининг ҳаяжонланишларини кўрсангиз эди.

Каттамиз:
– Ҳо, шундай денг! О, шунақа денг! – дерди нуқул, мен томонга интилиб-интилиб, худди менинг тимсолимда Кенжавой дўстини кўргандай.
– Кенжавой дўсимиз тирик, соғ-омон эканда-а?! Бақувватми? Зуваласи
пишиқ, зардали, дов йигит эди ўзиям. Ҳалиям шунақами? Айтсангиз, бир келармикин-а?..

Ҳа, одам ғанимат экан. Бу икки дўст бор-йўғи ўн беш чақирим оралиқдаги деярли ёнма-ён қишлоқларда яшашди. Кенжабой бува икки кам саксон, Абдумалик каттамиз эса икки кам юз ёшида вафот этишди. Икки биродарга умрнинг узоғидан берган Худо дийдорнинг қисқасидан битган экан. Улар бошқа кўришишолмай ўтиб кетишди.

Бу борада ҳам ғўрлик биздан, асосан, мендан ўтди. Ҳафсала қилиб, Шўронинг қирғинбарот йилларида тақдир суронлари айириб ташлаган дўстларни дийдораштириш зиммамдаги алоҳида бурчим эканлигини англаб етмабман ўшанда. Ҳай, эссиз!..

Ўшанда, Акам билан бизнинг она томондан туташлик жойимиз қаерларга бориб тақалишини ҳам сўраб олмаган эканман. Афтидан, Акам ҳам бу борада падари бузруквори билан бошқа суҳбатлашмаган. Йўқса, айтган бўларди. Афсус, энди кеч!..

ДИЙДОР

Акам Тошкетга келса, одатда кўнгил яқинларни йўқлашга эринмайди. Айниқса, ёши улуғ устозларни бориб кўришимиз керак, деб доим жони порт бўлиб туради.

Улкан адиблар “Миртемир, Назир Сафаров, Сарвар Азимов, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Носир Фозилов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев каби устоз ва устоз мақомидаги улуғлар меҳри-эътиборидан баҳраманд бўлдим”, деб ёзади унинг ўзи “Андижондан Даккагача” номли китобида. Атоқли олимлардан Наим Каримов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров ва яна бир қатор мунаввар инсонлар номини эҳтиром билан тилга олади, ўзига устоз деб билади. Бошкентга келиб улар билан дийдорлашолмай қайтса, “Йўқлаб қўёлмадик-да!” деб афсус чекади.

Эҳ-ҳе, Акамга эргашиб не-не қутлуғ остоналарни хатламадим. Не улуғ инсонлар қўлини олишга муяссар бўлмадим…

Бир гал Акам Андижондан келибоқ мендан ёзувчи Носир Фозиловнинг саломатлигини суриштириб қолди. Жўялироқ жавоб беролмаганимдан xижолат тортдим. Акам ранжини сездирмасликнинг ҳам шунақанги ҳадисини олганки, бунинг уддасидан қандай чиқишига лол бўлиб қоласан. Ўшанда ҳам оҳиста: “Оқсоқолни бу сафар ҳам кўрмай кетсак уят бўлар. Остонасидан бўлсаям, ров дийдорлашиб қайтайлик”, дея садоқатли ёрдамчиси, менинг ҳамқишлоғим Дилшодбекка машинани Чилонзорга ҳайдашни буюргани ёдимда.

Адабиётшунослардан Иброҳим Ғафуровга ҳам ихлоси бўлакча акамнинг. Адашмасам, ичида бир умр асраб юрган, тил келиб айтолмаган қандайдир узрхоҳлигу эҳтиромлари ҳам борлигини кўп бора сезганман.

Биз Акам билан бу инсонни жуда кўп “ғийбат” ҳам (яхши маънода) қилганмиз. Ўзининг айтишича, ёшгина Қамчибекнинг илк ижодий машқлари ҳақида биринчи бўлиб илиқ фикрлар айтган, Қамчибек Кенжа деган тахаллусни матбуотда биринчи бўлиб қўллаган ҳам Иброҳим ака экан. Умуман, Акам бу улкан маърифатпарвар адибни доим бениҳоя миннатдорлик билан эслайди ва ана шу меҳр-муҳаббатга муносиб шогирд бўла олмаганидан ўкиниб гапирганларига бир неча бор гувоҳ бўлганман.

Бундан йигирма, ўттиз йиллар олдин Акам қадрлаб йўқлайдиган одамлар анча-мунча эди. Йиллар ўтаверса, қуюқ ўрмонлар сийраклашаркан. Сенинг хаёлингда маҳобат касб этиб, ҳеч қачон қаримайдигандай шовуллаб, элу оламга соя-салқин ташлаб турган улкан чинорлар бирин-кетин қуларкан.

Бугун Акам Андижондан соғиниб келадиган у азамат сиймоларнинг қанчаси оламдан ўтди. Лекин бу ҳол у киши учун дийдорнинг бироз кемтикланиб қолиши, яхши тасаввурлар, қизғин, дилкаш суҳбатлар ўрнини яхши хотираларнинг эгаллаши, холос. Ўша азиз инсонларнинг хонадони, фарзандлари, аҳли аёлларига муносабатидаги сидқидил самимият зинҳор ўзгармайди. Одатга кирган йўқлов, иззат-икром, эҳтиром туйғулари илгаригидай қолаверади.

КЎНГИЛ КЎЗГУЛАРИ

Суҳбатимизнинг шу жойига, хаёлимга келган яна бир мулоҳазани туртиб ўтай. Китобхон Абдунаби фақат Акасини яхши томондан кўрсатиш пайида, демасликлари учун ҳам керакка ўхшайди бу гап.
Қаҳрамонимизнинг Халқаро Бобур жамғармаси томонидан уюштириладиган экспедиция таркибида Шарқу Ғарб, Шимол, Жануб қилиб дунё кезишини ҳам яхши биласиз. Сафарлар натижасида ёзилган том-том сафарномаларда тасвирланган ажойиб-ғаройиб воқеа ва ҳодисалар тафсилотини ўқиб сиз ҳам завқланган чиқарсиз, албатта. Хуллас, ана шу сафарларнинг аксарияти, асосан, Тошкентдан “старт” олади. Араб мамлакатларига режалаштирилган бир галги азимат олди оқшомида (бу гал Ҳаж ибодати ҳам кўзда тутилган эди) пойтахтнинг оқшомги манзараларини томоша қилиб кўча кездик. Беихтиёр, йўлимиз бир пайтлар матбуотда “Қамчибек Кенжани ўзимиз кўтариб катта қилганмиз”, деганга ўхшаш жумлалар ҳам битган таниқли адибнинг кўчалари томон тушди. Қани, ўша одамнинг номини эсга олармикин, Акам, деб боряпман, ичимда. Йўқ, Акам, ўша таниш муюлиш, таниш ҳовлилар олдидан икки бор ўтдик ҳамки, хаёлимдаги исмни атамади. Демак, у зот Қамчибек Кенжа деган шогирди бир кун келиб уйи ёнидан ўтганда ҳам номини ёдга олмаслиги учун “арзирли” муносабатлар қилгани аниқ. Бўлмаса, Акам анча-мунчага гинахонлик
қиладиган одаммиди?!

Ҳа, кўнгил кўзгулари нозик бўларкан. Бир ғубор қўнса, бир хира тортса. Бу кўзгуда кўчаларимиз номи тугул, ўз номимиз ҳам акс этмай қолиши мумкин экан, деган ўй ўтди ичимдан.

ДАРД

Дардга чидамлилик, оғриқ азобига бардошлилик бобида Қамчибек аканинг олдига тушадигани бўлмаса керак. Бундай дейишимнинг боиси бор. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари эди. Акам бир радикулит (қуёнчиқ) деган дардга чалинди.

Адибни тамом йиқитиб, кўрпага қапиштириб қўйган бу баттол хасталикка етти ой мобайнида на Избоскан, на Андижон шифокорлари даво топишди. Саккизинчи ойда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўша маҳалдаги раиси, ижод аҳлини бошига кўтарадиган Сарвар Азимов марҳамати ва аралашуви билан пойтахтдаги Семашко номли даволаш масканида бел-оёғига жон кириб, рангига қизиллик югуриб, чеҳрасига табассум иниб, қўл хассада юриб чиқди. Ҳай, майли, бу бошқа масала.

Аммо бешумор азоблар оғушида кечган ўша кунлар ҳақида у ҳеч қаерда ёзмади, ёзғирмади.

Ҳа, айтганча, ёзғириқ, нолиш Акам табиатига мутлақо ёт хислат-ку! Ғийбатнику, асти қўйинг, баъзи-баъзида “шу Қамчибек ака ҳам бирон нарсадан нолирмикин”, деб қоласан, киши. Шу ўринда кулгисевар инсонларнинг бир гапи ёдга тушади. Бу кемтик дунёнинг баланд-пастликлари, таниш-билишларнинг ажабтовур феъл-атворлари ҳақида яйраб, яшнаб ғийбатлашилмайдиган давра давра бўптими, деб қўйишади, айрим ҳазилкаш ижодкор дўстларимиз…
Эҳтимол, акам учун нолиш бу ношукурчилик ҳисобланар…

Жиддийликка кўчсак, бошдан кечирган азобу уқубатларини адиб қатор қаҳрамонлари тақдирига кўчириб тасвирга тортади-ки, ана энди у сатрларни шунчаки ўқиб қўяқолмайсиз. Келинг, яхшиси бунинг исботига кўчайлик.

Қаҳрамонимизнинг “Қизил гуллар” номли ҳикоясини ўқигансиз, албатта. Ҳа, ўша, Фузулийнинг “Шифои васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр” деган ажойиб мисраси эпиграф қилиб олинган, навқирон ёшида тўшакка михланиб “кафтларини тиззаларига тираб, инқиллаб-синқиллаб, узоғи билан қирқ-эллик қадамга бориб келгунча қора терга тушиб кетадиган, шунда ҳам бир неча марта тўхтаб, нафас ростлайдиган, ўнг биқини кемалак бўлиб, бўйни ҳам табиий ҳолатидан чиққан, ўнг қулоғи кифтига тегай-тегай деб қолган” йигитнинг дардли аммо қизиқиш билан ўқиладиган беғубор ишқ ривояси.

Асар бош қаҳрамони (исми айтилмайди) тилидан ҳикоя қилинишича, анча йиллардан бери унинг ўнг болдири, тўғрироғи, ошиқдан сал юқори қисми оғриб юрган. Дўхтирма-дўхтир, касалхонама-касалхона юриб, ётавериб зада бўлган. Оғриқ унча кучли бўлмаса ҳам доим зинқиб, юракни ғаш қилади. Соғ бўлиб соғ, касал бўлиб касал бўлмаган бу “йигит” февралнинг бошлари, ҳали ердан қор кетмаган бир кунда, ҳовли этагидаги …қурий бошлаган қари ўрикни акаси билан арралайдилар. Айрига қисилган йўғон шох ҳадеганда чиқавермайди. Йигит уни икки қўллаб силтаб торганида бели “қирс” этгандай бўлади. Шу пайтнинг ўзида эгилиши қийинлашади ва ётиб қолади.

Дарвоқе, йигитнинг касалхонага тушгунга қадар тортган азобларини тинглашнинг ўзи бир азоб: “Ўша, белим “қирс” этиб, эгилиш қийин бўлиб қолган куни “билармонлар” маслаҳатига кўра ҳаммомга тушдим-да, бир чорси туз солиб ванна қилдим.Уйга келиб, ўрик ўтин чўғидан солинган сандалга кириб ётдиму, туролмай қолдим…”, – дея ҳикоя қилади йигит.

“… икки марта қон ҳам олдирдим. Биринчиси, айниқса, аянчли ва азобли бўлди.Учкўприкдан икки юзи қассобларникидай тирсиллаб, ялтираб кетган, басавлат табибни топиб келишди. У мени тик турғизди-да (икки қўлтиғимдан суяб, маҳкам ушлаб туришди), ўнг оёғимнинг ошиғи пастроғидан… бошмалдоққа қараб кетган йўғон томирни …бармоқлари, дағал кафти билан хўп эзғилаб уқалади. …томирим манаман, деб бўртиб чиқиб қолди.Шундан кейин бир учи… қиррадор… шапалоқдай узунчоқ қайроқ тош билан томиримга… шундай зарб билан , шафқатсизларча урдики, дод деб юбордим.

…Бу ҳам анча маҳорат талаб қиладиган ҳунар бўлиб, вена қон томиридан тешик очилиши лозим экан. …зарб ва оғриқнинг кучлилигидан томирим бутунлай узилиб кетди-ёв, деб ўйладим. …бир неча томчи қон сизиб, полосга тушди. Табиб ёнимдагиларга “маҳкам ушланглар”, деб тайинлади-да, тош билан яна икки жойга ҳалигидай зарб билан урди. Кўзларимни чирт юмиб, тишимни тишимга босиб турувдим, қисирлаб кетди. Ҳар галги зарбда бақирмасликнинг иложини қилолмасдим. Табиб ўз ишидан, тўғрироғи, менинг қонимдан қаноат ҳосил қилмади.”
“– Қони қуюқ экан, шовуллаб оқиб кетиши керак эди, – деди у ёнидагиларга қараб. – Энди уч-тўрт кун кутасизлар, фойдаси сезилса, иккинчи оёғидан ҳам қон оқизамиз, сезилмаса… йўқ.”
“Фойдаси сезилмади. Лекин шу орада қон оладиган яна бошқа табиб ҳақида миш-миш чиқиб қолди.”
“– Жуда уста экан. Ҳўкизнинг шохи билан сўраркан, чивин чаққанчалик ҳам оғритмайдийкан, – дейишди.”

“Бу табибнинг қон олиш усули ростдан ҳам бутунлай бўлакча экан: йўғон сопли, учи найзасимон пичоқ билан тиззаларимнинг ички тарафидан чизиқ тортгандай ёнма-ён тилди-да, сизиб чиққан қип-қизил …қонимни мугузда шиддат билан сўра бошлади”.

“Шундан кейин аҳволим яна баттарлашди. Алам қиладиган жойи – лоақал ўтиролмаганим эди.Фақат ётар, ётгандаям фақат бир ён – ўнг ёнбош билан…, бирпас… чалқанча тушардиму, яна ёнбошлардим.”

“Одамлар қандай қилиб узоқ-узоқ тикка туриша оларкин, оёқлари, бели толиб кетмасмикин, деб ўйлардим. Кейин: авваллари мен ҳам шунақа тик тураверармидим, дея ўзимга ўзим савол берардим.”

“Кечалари тишимни тишимга босиб, мумкин қадар инграмасликка, ўзгаларнинг уйқусига халал бермасликка ҳаракат қилардим.”
“…аҳволим яна баттарлашди.

Қўчқорота адирлари орасидан ўтган қувурнинг уланган жойидан сизиб чиқаётган илиқ, шўр сувга, Тожикистоннинг Ашт деган жойидаги тузли балчиққа қандай борганиму у ёқлардан қай алпозда қайтганаларим ҳам бир дардли достон…”

Одатда биз бадиий асарга ёзувчи хаёлида туғилган тўқима воқеалар тафсилоти, деб қарашга ўрганиб қолганмиз. Тўғри, биз ёзувчиларнинг ёлғонини ёлғон, деб инкор қилмаймиз. Чунки ёзувчининг ёлғонисиз тузи рост асарнинг ўзи бинога келмайди.. Ёлғонини рост воқеликка айлантириб тасвирлаш, ўз уйдирмасини уйитмага айлантирмай ўқувчига тортиқ қилиш ёзувчининг вазифаси. Бунга қандай, қай даражада эришади, бу энди унинг маҳоратига боғлиқ.

Аммо, баъзида, ёзувчининг воқелик асосига қурган жумлалари ҳам уйиб қолган сутдай, ўқувчи кўнглини беҳузур қилиши мумкин. Демак, уйдирмасини уйитмага айлантирмай китобхонга тортиқ қилиш ҳам ижодкор маҳоратининг муҳим жиҳатларидан бири десак бўлади.

Юқоридаги иқтибосларнинг зиғирча ёлғони йўқ. Асар бош қаҳрамони тилидан айтилаётган гаплар – у тортган азобларнинг бари юқорида таъкидлаб ўтганимиздай, муаллифнинг ўз бошидан ўтган кўргиликларидир. Шунинг учун бўлса керак, қаҳрамоннинг ўз касаллиги ҳақидаги биронта гапига нисбатан кўнглингизда “Ие!”, “Нега?”, “Қандай қилиб?”, деган иштибоҳ туғилмайди. Чунки муаллиф бемор йигит тилидан шахсан ўзи тортган азобларини ҳикоя қилаяпти-да.

Аммо!..
Шифохонанинг “… махсус“шохона” калавот”ида, кун-тунларини минг азобда ўтказаётган бу йигит ҳаётига тўсатдан Маъсума кириб келади.

Тўсатдан дейишимизнинг боиси, Маъсума ким? Бемор йигитга нима алоқаси бор? Нима сабабдан бу қиз келиши “етти ухлаб тушига ҳам кирмаган” йигитнинг палатасига “қадам ранжида қилди?”. Ё у шу шифохонада бирон вазифани бажарадиган ходимамиди? Ёки у ҳам даволанаётган беморми? Даволанаётган бўлса, йигит нега “Маъсума келиб кетгач”, дейди? Маъсума бемор бўлса, мантини қандай қилиб уйидан пишириб келади? Нима учун у гоҳида шифохона “халатида” пайдо бўлиб қолади?..

Қўйингки, Маъсума билан боғлиқ тафсилотларда мана шунга ўхшаш саволларга сабаб бўладиган ҳолатлар талайгина.

Дарвоқе, фиология фанлари номзоди, таниқли адабиётшунос олим Тўлқин Йўлдошев ҳам “Камолотнинг олис йўли” номли китобида шунга ўхшаш фикрни айтган эди: “Ҳикояни ўқиб бўлган китобхонда бир қонуний иштибоҳ туғилади – нажот фариштаси тўсатдан келади-ю, беморни оёққа турғазгач, тўсатдан йўқ бўлиб қолади. Қаҳрамонлар ўртасидаги илиқ, сирли муносабатлар қачон бошланган, бу ҳақда асарда бирор ишора йўқ. Бамисоли буюк адиб А.П. Чехов айтганидек, ҳикоянавис ҳикояни ёзгану икки буклаб, бош-охирини йиртиб ташлагандек…”

Назаримизда, бунга, ҳикоянинг айнан мана шу жойида ижодкорнинг асл ёлғони бошланганида. Демак, Маъсума асарнинг туз-намагини ростлаш учун ёзувчи томонидан ўйлаб топилган ёлғон образ. Бироқ шу ёлғонсиз ҳикоя ниҳоятда зерикарли, нурсиз, баёндан иборат нарсага айланиб қоларди. Таъбир жоиз бўлса, ҳикоя, айнан, мана шу ёлғон образ – Маъсума туфайлигина ўқишли, оҳанрабо касб этганлигини инкор этолмаймиз. Ҳикоядаги бу ёлғонлар Маъсуманинг гўзаллиги, “истараси” таъриф-тафсифи соясида билинмай кетади. Адабиётшунос Тўлқин Йўлдошев таъбири билан айтганда, китобхон “асал қўшиб тасвирланган аёл образи”га маҳлиё бўлиб барча “нега?”ларни унутади.

АГАР, ТАҚДИР СИЙЛАСА…

Акамнинг дўстлардан ранжиб, нолинган ҳолатини жуда кам кўрганман. Кўрсам ҳам, сал ўтмай, худди, ҳеч нарса бўлмагандай, ўша кимсанинг бирон яхши фазилатини эслаб, одамни ҳайрон қолдириб қўядиган одати бор. Илгарилари Акам бировдан хафа бўлишни билмайди, деб ўйлардим.

Кейинчалик ишонч ҳосил қилдимки, Акам ҳам таниш-билиш, қариндош-уруғ, дўст-ёрондан худди ўзимиздай хафа бўлар, дили оғриб, кўнгли қолар экан-у, аммо фақат буни ошкор этиб, одамлар дилини хира қилиб юрмаслигини (бунга қандай эришаркин?) сезиб ҳайрон қоладиган бўлдим.

Адабиётшунос Тўлқин Йўлдошевнинг ёзишича, Акам вилоят обкомида ўтадиган, ўзининг ҳаёти ва тақдири билан боғлиқ муҳокама (Бюро)га тайёргарлик кўрар ва шу куни ёнида (ҳа, айнан ёнида) турадиган, зарур бўлса ҳимоя қилиб сўзга ҳам чиқиши мумкин бўлган бир неча ишончли, кишиларнинг номларини келтиради.

Бюро бошланади. Аммо ишонган тоғда кийик ётмас экан. Ишонган дўстларнинг ичидан ҳам энг ишонган биттаси уни доғда қолдиради.

Акам менга бу ҳақда ўлса ёрилмасу, ўша “дўст”нинг кимлигини тахминан тусмоллайман. Туйғум алдамаса, у ҳам шоир эди. Бўлгандаям, анча-мунча ижодкорни элайвермайдиган, димоғдар шоир эди. Анча-мунча олимларни ҳуркитадиган олимлигиям бор эди. Баъзан-баъзан Акам билан Тошкентга келиб қолса кибр тўла димоғини қандай чоғ этишни билмай талай одамларнинг ранги сарғайган дамлар ёдимга тушади. Ўшандай дамларда зада шууримда: Акам шу одам билан бирга юрмаса нима қиларкин, деган савол айланаверарди. Баъзан ички бир туйғу “шу одам ҳеч кимни яхши кўрмаса керак. Унда ўзидан ўзгани менсиш туйғуси ўлган”, деб туриб оларди.

Афсус, бу дунёга ҳамма омонат экан. Қазо димоғнинг боландлигига қараб ўтирмаскан…

Дўрмондаги бир галги суҳбатимизда у ўтиб кетган дўстларини бир-бир эслаб, изтироб билан деди:
– Дўстларимдан Бахром… Ҳасанбой… Жуда эрта кетишди. Шу иккови ўтганидан кейин мен энди ўзимга келолмасам керак, деб ўйловдим… – Акам томоғига тиқилиб келган хўрликни ичига ғулт этиб ютаркан, кўнгли бузилганлигини билдирмаслик учун кўзларини ерга тикади.

– Қаттиқ суяниб қолган эканман уларга. Қадри ёмон ўтди. Дўстларни эҳтиёт қилиш, кечиримли бўлиш, тез-тез истаб-сўраб туриш керак экан. Исмоилнинг сўнгги кунларида (шоир Исмоил Тўлак назарда тутиляпти) олдига камроқ борганим учун энди ўзимни ўзим кечиролмаяпман.

Дўстлик сўзи Акам учун луғатлардаги мазмун-моҳиятидан ҳам кенгроқ залвор ташишига ўша куни яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.. Бу калом қадрини у ўзигагина аён мезонларда ўлчаши ва тафту ҳароратини биздан бошқачароқ таъм-татимларда ҳис этишига амин бўлдим.

“Тақдир саховат кўрсатиб, буюк бахт тортиқ қилмоқчи бўлса, сени садоқатли дўстлар билан сийлайди”, деган эди олмон файласуфи Эрнст Тельман.

Акамни тақдир бу борада чин маънода сийлагани рост. Ўзи ҳам “Андижондан Даккагача” деб номланган китобида “Дўстларим менинг омадим” деб ёзади. Унинг бу эътирофида заррача муболаға йўқ. Ҳа, дўстлари омади бўлмаганида!..

ЖИГАРЛАРДАЙ БАҒИРЛАШУВДИК

Қамчибек акам вилоят қалам ахлига кўп йил раҳбарлик қилди.

Бу фактни Акамнинг бу курсини “узоқ йиллар” эгаллаб ўтиришига боис бўлган хизматларини бир-бир санаб, ушбу вазифани ундан ортиқроқ қойиллатадиган одам бўлмаган, деган гапни исботлаш учун айтаётганим йўқ. Дунёда нуфуси икки милёнга ҳам етмайдиган давлатлар бор. Бас, шундай экан, икки милёндан ортиқ аҳоли яшайдиган вилоятда шугина амалга лойиқ кимса топилмаслигини исботлашга тиришишнинг ўзи ноўрин. Қолаверса, бошқа вилоятларда билмадигу, Андижон халқи, айниқса, “анжан ижодий муҳити” талантли раҳбар кадрлар масаласида ҳеч қачон қашшоқлик сезмаган. Буни Қамчибек акамнинг ўзи ҳам биларди. Шунинг учун ҳам у ташкилий ишлар, идоравий юмушлар, меҳмон-измон кутиш ташвишлари билан бўлиб ижоддан қолиб кетаяпман, бу вазифадан мени озод қилинглар, деб тегишли идора ва раҳбарларга неча топқир мурожаат этганига ҳам гувоҳлигимиз бор.

Бунча гапни ёзиб қоғозни исроф қилишга хожат бормикин, деб ўзим ҳам ўйлаб қоляпман. Аммо ўрисларнинг “святое место пусто не бывает”, деган маталиям, анжанча айтганда, жа топиб айтилган ибора экан. Қалам ахли ичида “Қ. К. бу “амал”га муносиб эмас. Узоқ ўтириб қолди. Ишламайди. Адиблар учун қайишмайди. Ўринни бўшатсин. Муносиб одамлар бор!”, қабилидаги фикрларни турли давраларда висиллаб, вақти-вақти билан юқори идораларга “нома” думалатиб турувчи тоифа ҳам йўқ эмасди. Одатда, бундай гап-сўз, хат-патлар беиз кетмас. Вақт ўтиб сувлар тинса-да, текшир-текшир, “бюро” ва ҳар хил идораларнинг ўринли-ўринсиз билдирувлари, танбеҳнамо писандалари адибнинг юрагида захардай йиғилиб борар, бу эса саломатлигига жиддий таъсир кўрсатишни бошлаган ҳам эди..

Ҳўш, қўштирноқ ичидаги ўша дўстларнинг иддаоларида асос бормиди? Дабдурустдан, бир нарса дейиш ҳам қийин.

Аканг ҳақида шунча оғиз кўпиртирдинг. Элакка қолганда, чайналяпсан, деяпсиз, тушуниб турибман.

Акамга не чоғ яқин бўлмай, айни пайтда, ўзга бир шаҳар фуқаросиман. Вилоят ижодий муҳитидан қайсидир даражада хабрдорлигимиз бор, албатта.
Бироқ у ердаги нозик муносабатларни Анжанга гоҳ-гоҳ бориб турадиган меҳмон даражасида биламан, десам тўғри бўлади.

Бу борада ижод аҳлига яқин қаламкаш акамиз айтиб берган бир воқеа ёдимга тушди.
Мустақилликнинг илк йиллари. Мамлакатимизда ҳам эркин, демократик сайловлар тизими барқ ура бошлаган паллалар. Истаган одам бирон лавозимга ёки депутатликка лойиқманми, йўқми, деб ўтирмайди. Тўғри келган томондан, мени сайланг, мени сайланг, деб от солиб кириб келаверади. Шоир ёзувчиларнинг-ку, тили туяникидан ҳам узайиб кетган. Чунки халқ уларни ўз раҳбарларидан кўра яхшироқ билади. Яхши кўради. Чунки халққа энг яқин тилда гапиришади-да. Лоф бўлмаса, ҳар икки қаламкаш ёки рассомнинг бири халқ депутатлигига номзод. Жумладан, ғазалнавис шоир Қобил Мирзо ҳам. Тағин қаерга, денг? Мамлакатнинг энг олий йиғинига! Рақиби ҳам кичкина одам эмас, шаҳарнинг улуғи. Гарчанд раҳбарнинг амали юқори бўлса-да, ёзувчининг халққа яқинлиги бор….. Юзи иссиқ. Ҳай, деса халқ лаббай, деб ҳайқиради.

Раҳбар, улоқни олдириб қўядигандек туюлдими, ўйланиб қолди, вилоятдагиларга маслаҳатга солди. Йўқ, бу вилоят раҳбарларининг шаънига ҳам яхши гап эмас. Дарвоқе, вилоят ёзувчиларининг каттаси Қамчибек Кенжа-ку! Мулоҳазали, иззатини биладиган, халққа гапи ўтадиган одам. Ўша киши ишончли вакил қилиб олинса қандай бўларкин?

Кўп ўтмай ёзувчиларнинг каттасини вилоят ҳокимининг ўринбосари чорлади.
– Фалончи пистончиевич сизни ўзига ишончли вакил қилиб рўйхатдан ўтказишимизни сўраяпти.
– Қандай бўларкин… Ўзим ижодкор бўлсам, минбарларга чиқиб, фалончи шоиргамас, пистончи раҳбарга овоз беринглар деб турсам. Бу ҳеч мантиққа тўғри келмайдиган иш, йўқ, мен бундай қилолмайман. Эртага вилоят ёзувчиларининг юзига қандай қарайман?
– Ундай бўлса, тўроғанинг ўзига бир учраб қўйинг. Сизга ихлоси баланд эди, – деди ҳоким ўринбосари бўшашиб.
Акам шаҳар каттасига ҳам юқоридагиларни айтиб, узр сўради.

Ишончли вакиллик анча-мунча имкон ва имтиёзларни юзага келтириши мумкин эди. Ахир шаҳар ҳокимлигига ҳамма ташкилот қатори Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг ҳам иши тушиб туради-ку. Лекин андишали, касбига содиқ, фидойи Акам анча-мунча имтиёзни деб ўз ҳамкасби, бўлиб ҳам Қобил Мирзо каби эътиқодли, аммо кўнгли ярим адибнинг юзига оёқ қўя олмас, буни тасаввур ҳам қила билмас эди.

Лекин Қобил ака ҳам тантилик қилди. Сайловчилар билан бўлган дастлабки учрашувда мабодо мен депутат бўлганимда шундай-шундай масалалар ечимига, халқ фаровонлигига, маънавий-маърифий муаммоларга эътибор қаратардим, дея, тахминий дастурини эълон қилиб, сўзини шеър билан якунлаб, олқиш, қарсакларни олгач, шаҳарнинг улуғи, яъни ўзининг рақиби тўғрисида, унинг ташкилотчилиги, талабчанлиги, ижтимоий муаммоларни яхшироқ билиши, анча йиллардан буён умумий қозонда халқ билан бирга қайнаши ва бошқа жиҳатлари хусусида тўлқинланиб сўзлади-да, ҳаммани ўша инсоннинг номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди! Бу унинг Акамнинг муносабатига жавоби эди. Залда яна гулдурос қарсаклар янгради…

***

Келинимиз бир куни “сизни бир одам телефонга сўраяпти”, деб қолди. Гўшакни олсам, шоир Қобил Мирзо. Овозидан оғирроқ хасталиги шундоққина сезилиб турарди. Салом-алик қилдик.
– Тошкентга бормасам бўлмайди шекилли, Абдунабижон, – деди у синиққанроқ бир оҳангда.
– Келинг, ака! – дедим мен.

– Биз пақирларга парво қилармикин пойтахт духтирлари? – деди у. Бироз нафасини ростлаб, сўзида давом этди. – Бу ерда укаларимиз сизга Тошкент нима қилиб берарди, Абдунаби аканиям хижолат қилишнинг ҳожати бормикин, дейишяпти. Тошкентга олиб бораверинглар, Абдунабига етиб олсак, у ёғини ўзи бир гап қилар, деяпман.

– Жуда тўғри ўйлабсиз. Вақтни ўтказмай йўлга чиқаверинг. Зора, дарднинг шифосини Тошкентдан берган бўлса, – дейман унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб.

Қобил акани эртасига тонгдаёқ етказиб келишди. Жанубий вокзал атрофида топишдик. Ранглари синиқиб, узоқ дард тортганиданми, илгариги бўлиқ, бақувват жуссасидан ярми ҳам қолмабди. Машинанинг орқа ўриндиғига тўшалган якандозда беҳолгина, бир тутам бўлиб ётарди. Овозимни эшитиб: – Э, ҳайрият, э, ҳайрияте! – дея қучоғини очади.

Худди жигарлардай бағирлашдик… Вақтни ўтказмаслик пайида, укасига машинамнинг орқасидан ҳайдайверасизлар, дея, Ёзувчилар поликлиникаси томон йўл бошладим.
Поликлиникамизнинг бош шифокори Анваржон Ражабов ажойиб инсон.
Бош шифокорлигини пеша қилиб, ғўдайиб, кибрланиб туришни билмайди.

Арзи ҳол қилиб борсанг, ўзи қўлингдан ушлаб хонама-хона етаклаб юришдан ҳам ор қилмайдиган, жуда камтар йигит. Қобилжон аканинг аҳволини тушунтиришим билан, ўринбосари Ҳамидулла акани ва яна икки врачни чақиртирди. Биргалашиб пастга, Қобил Мирзонинг олдига тушдик. Бемор бирданига шунча шифокорнинг атрофида парвона бўлиб қолишини кутмаган эди. Шахсан бош врачнинг ўзи олдига тушиб келганидан тўлқинланган Қобилжон ака бир муддат гапиролмай, тиниб қолди. Назаримда у, йиғларди. Тошкент сизга нима қилиб берарди, деган укаси менга секингина деди:
– Анжанда духтирлар касалга бунақа парвона бўмайди-да. Шунақа одамохун шипокорларам борлигидан тўлиқиб кетди, бечора.

Шифокорларнинг одамохунлиги шу билан тугагани йўқ. Беморни тепага махсус хонага авайлаб олиб чиқишди. Ўнга яқин мутахассис иштирокида маслаҳат-консилиум ўтказилди. Уларнинг фикрларини бир-бир эшитган Бош шифокор сўнгги хулосани айтди.
– Бемор зудлик билан “Главтошкентстрой”га ётқизилиши керак. “Тез ёрдам”ни йўлакка тўғриланглар. Ҳамидуллака, банисага ўзингиз кузатиб борасиз. Жойлаб, менга албатта қўнғироқ қилинг!
– Хўп!

Бош врач ўринбосари Ҳамидулла ака бемор то палатага жойлашиб, даволовчи шифокор суҳбатни бошламагунча биз билан бўлди.

Муолажалар бошланди. Мен ҳам адибни кунда-кунора йўқлаб, зериктириб қўймасликка ҳаракат қилдим.

Қобилжон ака деярли овқат емай қўйганди. Касали жиддий, аҳволи оғирлигини даволовчи врачларнинг ташқаридаги суҳбатларидан сезиб қолардим. Кучли муолажанинг таъсиридами, уч-тўрт кундан кейин, ҳар тугул, ичи юришиб, сал-пал томоққа кирди. У пойтахт шифокорларининг эътибори, муносабатларидан чин кўнгилдан хурсанд бўлар. Оз-оз бўлсада, томоғидан овқат ўтиб қолганидан димоғи чоғ эди. Сиҳати бир мунча яхшиланиб, кайфияти очилган ана шу дамларда иккимиз турли мавзуларда, узоқ-узоқ суҳбатлар қурдик. Ижодкорлар тили билан айтганда, “ғийбат жанри”ни ҳам четлаб ўматдик. Бир гал, гап айланиб, андижонлик адибларнинг ўзаро оқибатларига тақалди. Бундай тансиқ лаҳзалар бошқа қайтиб келмаслиги аниқ. Албатта, қалам аҳлининг Қамчибек Кенжа шахсига, ижодига бўлган қарашлари, айниқса, у кишининг шахси билан боғлиқ айрим гап-сўзларга ҳам ойдинлик киритиб олиш имконияти туғилган эди. Вазиятдан фойдаланиб, ноқулай бўлса ҳам, айрим фактларни алоҳида сўраб олишдан ҳам ўзимни тиёлмаганим рост…

Ҳаёт бешафқат экан. Мана, Қобилжон ака ҳам ўтиб кетди. У билан бақамти ўтказган ўша ажойиб дамларни, қатор ижодкорлар, уларнинг асарлари ҳақидаги холис ва бетараф, адолатга ҳайрихоҳ мулҳазаларини энди бот-бот эслайман. Раҳматли адибнинг қатор шахслар тўғрисида нималар дегани эса энди алоҳида эсселар, мақолаларга мавзу.

Қамчибек Кенжага сифат бериб таъкидлаган мана бу иборасини эса ҳозироқ айтгимиз келди: “Мулоҳазали, оғир-босиқ, имони бутун одам!”.

АКАМНИНГ “ЧЎЛПОН”И

Одам деганининг ҳис-туйғулари юз-кўзидан балқибгина турса-да!

Гапни ёзғиришдан бошлаганимга ҳайрон бўлманг. Нега? Чунки Акамда, доим ҳам шундай бўлавермайди. Бирон нарсадан таъсирланса ёки ҳаяжонга тушса, бошқа одамларга ўхшаб туси дувва ўзгариб, туйғуларини ўла-топа дастурхонга солиб, олдингизга ёзиб ташламайди. Дейлик, бирон ҳодиса содир бўлди ё кимдандир бирон гап ўтди. Дарров шунинг муҳокамасига киришиб, шу топнинг ўзида хулоса чиқарадиганлар хилидан эмас. Йўқ, Акам бунақа гапларни ўша ернинг ўзида тупроққа кўмиб кетади, десам ҳам тўғри бўлмайди. Ҳар қалай, алай-балай гапни ичига ютиб, керак бўлса уни ўзидан ҳам яшириб қўйиши мумкин. Ҳа, Акамнинг қўлидан келади бу нарса. Ҳатто ўша гап ўзига қарши айтилган бўлса ҳам. Яна бир мулоҳазани баён қилсам: Акам бошқа айрим ижодкор устозларимизга ўхшаб, сендан салгина бежолик ўтса қинғайиб, тумтайиб қонингни ичиб юрмайди.

Аслида бу хислатнинг мақбулу номақбул жиҳатлари ҳам бор. Номақбули, кўпинча у ёки бу ҳодисага муносабати қандайлигини била олмай ичинг ғумиллаб юрасан. Мақбули, бирон воқеага нисбатан ўйлар талошидасан. Чиқарган хулосаларинг, дейлик, салбий. Кейинчалик биласанки, У кишининг торозисида бу ҳолат тош босмайдигангина ўткинчи бир ҳодиса бўлиб чиқади. Бундай ҳолатлардан неча марталар ҳайрон қолганларимни мен ҳам энди дастурхон қилиб ўтирмайман.

Калавани чувалатмай, мақсадга кўчақолай: ўтган асрнинг олтмишинчи, етмишинчи йилларида қўлига қалам тутган ёш ижодкорларнинг аксарияти Шўро тузумидан норозилиги учун йўқ қилинган, бу етмагандай, номи ҳам, ижоди ҳам ҳибсга ташланган миллатчи олимларимиз, шоир ва ёзарларимиз қўлёзмаларини айрича муштоқлик, ҳайрихоҳ бир иштиёқ билан қидириб мутолаа қила бошладилар. Жумладан Акам мансуб бўлган авлод ҳам.

Хўш, Қамчибек Кенжанинг Қизил қатағон қурбонларига муносабати қандай эди? Бу нарса, билсангиз, мени ҳам қизиқтирарди. Бироқ Акамнинг тишлари анча-мунчага ёрилмаслигини сизга сал юқорида айтдим.

Хуллас, қатағон сиёсати қириб ташлаган миллиётчи ойдинларимизнинг битиклари улар оқланганларидан кейин, то саксонинчи йилларинг охирларига қадар ҳам чоп этилавермади. Қўлёзмаларнинг ёнмаслиги рост экан. Чўлпон, Қодирий, Усмон Носир, Беҳбудий, Фитратларни сотиб, отиб ер тагига тиқиб ташлаганлари билан уларнинг мунаввар унларини ўчиролмадилар. Фарёдлари, эзгу ғоялари жо бўлган битиклари халқимиз қалбида яшайверди. Қўлдан қўлга, дилдан дилга кўчди.

Назир Сафаровнинг уйида (яни, ўша, Муҳаммад Юсуф бир муддат истиқомат қилиб кетган хонада) яшай бошлаган кунларим эди. Бир куни Акам мендан:
– Чўлпонни ўқиганмисиз? – деб сўраб қолди.

Нима десам экан. Ҳа, дей десам ёлғон бўлади. Йўқ, дейиш ҳам… Журналист бўламан деб, пойтахтга келволиб, гурунгларда сафсата сотиб юрган аканг қарағайнинг Чўлпонни ўқимаслиги…
– Усмон Носирничи? – қўшимча қилди Акам.

Ёлғон билан қутулиб бўлмасди.
– Ундан-бундан сўрадим, тополмадим…

Акам мени тушунди. Ортиқча қийнагиси келмади шекилли, муддаога кўчиб қўяқолди:
– Уларни билишимиз керак. Сизга Чўлпонни опкелиб бераман…

Кейинги сафар хабар олишга келган Акам қўлимга бир даста сарғайиб кетган, машинкаланган қўлёзма тутқазди. Ўзиям капировканинг бешинчими ё олтинчи нусхаси бўлса керак, жудаям хира, зўрға ўқиларди.

Қанчадан буён орзу қилиб юрган шеърларим. Қувониб кетдим. Бироқ, ичимда алланечук қўрқув, ҳавотирга ўхшаш ўй ҳам ғимирлайди. Бу, албатта, Назир отанинг ҳам зийрак назаридан четда қолмаган шекилли, кечки овқатдан кейин гапни айлантириб шу мавзуга тақади:
– Энди, бу йигит иниверситетга кираман деса, кўп ўқиши керак…

Назир ота Қамчибек ака билан ўртамизда бўлиб ўтган савол-жавобни эшитган, деган ўй ўтди хаёлимдан. Оқсоқол Акамга синчков тикилиб сўзида давом этди:
– Ўқишга бир нарса бердингизам шекилли, назаримда?!

Юрагим шувв этди. Нима дер экан, деган хавотирда зимдан Акамга қарайман. Акам, мен ўйлагандай, саросимага тушмади. Хотиржамгина жавоб қилди:
– Ҳа, буларнинг айни ўқийдиган пайти, домла. Чўлпоннинг шеърларини опкелиб бердим.

Отанинг кўзларида қандайдир бир нохушлик кўланкаланди. Акам буни сезди. Бироқ ўзини сезмаганликка олди. Ниҳоят, Назир отанинг дилидаги гапи тилига тепчиди.
– Бугунги ёшларимиз… Чўлпонни ўқишмайди, – деди зўраки бир беписандлик билан

Бу гап оҳангидан ёшларимиз Чўлпон шеъриятининг ўқилмаслигидан афсус эмас, ёқтиришмайди деганга ўхшашроқ маъно салмоқлироқ эди. Энди Акам ҳам ёрилди:
– Домла, – деди у оқсоқол адибга тикилиб, – аксинча, бугунги ёшлар Чўлпонни бурчак-бурчакларда яшириб ўқишяпти. “Тирик сатрлар”ни йиғиштириб олишганиям яхши бўмади. Бундан айниқса ёшлар хурсанд эмас…

Устоз ва шогирд ўртасида қанақадир жудаям ингичка бир вазият юзага келди. Қайсидир томон озгина тоб ташламаса, икки ўртада таранглашиб чийрай бошлаган ришта узилиб кетиши аниқ эди. Узилгандаям, нохуш овоз чиқариб…

Назаримда, Акам “хурсанд эмас” жумласи ўрнига “норози” сўзини ишлатмоқчи эди. Бундан Назир отанинг дилига ўта озор етишини ўйлади чоғи, ўзини тийди. Ўша пайтдаги ижодкор ёшлар ўртасида яхшигина кўзга ташланиб қолган талантли бир қалам соҳибининг тилидан ўзининг узоқ йиллар тўғри деб ҳисоблаб келаётган маслаги, қарашларига терс фикрнинг чиқиши оқсоқол учун шунчаки, ўткинчи бир ҳодиса ҳам эмасиди. Зукко ўқувчи буни айтмасак ҳам тушуниб тургандир. Акам энди дилидаги қолган фикрларни ҳам тўкиб солишга қарор қилганди. Аммо сал юмшаганроқ оҳангда сўзини давом эттирди:
– Яхшими, ёмонми, ҳар қалай, Чўлпон ўзимизники… Ўзимизи шоир, домла…

Хайрият, икки ўртада муросага яқин ҳолат юзага келди. Домла ҳам бироз ён бермаса бўлмаслини ҳис қилди. Ноиложгина:
– Ҳа, ҳа!.. Гапингиз тўғри бўлишиям мумкин. – деб қўйди.

Акамнинг дадиллигини кўриб, ҳавасим келди. Ичимдаги унга бўлган хурматим янада ошди. Чунки бу олишувда шоир Чўлпон ғалаба қилган эди. Акамнинг, йўқ, бизнинг Чўлпонимиз.

Кейинчалик акамнинг тавсиялари, баъзида қийин қистовлари билан, десак ҳам бўлар, ўзга тиллардан ўгирилган битикларга ҳам бўйлайдиган бўлдим. Ҳофиз Шерозий, Умар Ҳайём, Балзак, Мапассан, Гунтегин, Гюго, Азиз Несин, Есенин, Блок, Маяковский, Нозим Ҳикмат ва бошқа яна ўнлаб буюклар китоблари билан ҳам топишдик.

Озми кўпми ўқиб шуни алоҳида уқдимки, ҳар бир миллат ўзининг фидойи фарзандларини ҳеч қачон унутмас экан. Шаъни-шавкати учун жон тиккан ўғлонлари номини, ижодини, гарчи, уларнинг исмини атоқлаб айтишга таъқиқлар қўйилган бўлса ҳам, юрагининг туб-тубида асраб-авайлайдиган фарзандларни ҳам бераркан. Берганда ҳам, кўп ва хўп бераркан. Чўлпон, Қодирий, Фитрат, Усмон Носирлар ана шундайларнинг қалбида, ор-номусида яшаган, яшайверган экан…

Шеър:

ТЎРҒАЙ
Чўлпонга

Сен
Қуёшни севардинг, Тўрғай,
Ҳаёт лаззатидан ортиқроқ.
Сен
Тонгни севардинг, ҳайиқмай
Парвоз этдинг юксак ва қувноқ.
Нурга ташна эди кўзларинг,
Отилдинг, жаҳд билан, зиёга.
Уфқлардан сўқмоқ изладинг,
Бўзлаб бўзладинг сен кўм-кўк ҳавода.
Парчаланиб кетди орзулар – сароб,
Ногаҳон қуладинг қоялар аро.
Совуқ деворларни сийпалаб ёғду
Дилгир энтикади – мотамсаро.
Тўрғайжон, сен ўлдинг қуёшни ичиб,
Қора қарғаларнинг кўнглини хушлаб.
Энди… Қўшиқларинг борадир учиб,
Бургутларни курашга бошлаб!

Ушбу сатрлар Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон билан танишиб, изтиробли туйғуларини ютоқиб симирган ўша кунларимиз ҳаяжонларидан бир чимдими. Ана шу лаҳзалар, сатрлар учун ҳам Акамга бет келиб айтгану айтолмаган раҳматларимиз ҳам бор.

ЭГРИ ҚОВУРҒА
(Акамнинг ўгитларидан)

Оз ёзяпсиз. Матбуотда кам кўриняпсиз. Шунчаки тирикчилик ўтказиш учун пойтахтда яшаш шарт эмас. Рўзғор тебрагулик иш вилоятда ҳам топилади.

*

Бир шеърни “Мен тушимда ўлган эмишман”, деб бошлабсиз. Сўзни айтганда ҳам, ёзганда ҳам эҳтиёт бўлган дуруст. Ҳар бир гапга фаришталар омин дейди. Пастернак Евтушенкога шунга яқин бир гап айтган экан.

*

Бир гал Андижонга командировкага келиб, отангизни кўрмай кетибсиз. Бу дунёда отани йўқлашдан муҳимроқ иш борми?

*

“Жудолиғ дашти”даги тахаллусингиз менга унча маъқул бўлмади. Ундан кўра Абду Наби тузук.

*

Ҳар қандай ишни олдиндан бу иш бўлармикин, деб эмас, албатта амалга ошади, деб бошлаш керак.

*

Менингча бир хўплам, ярим хўплам хамр ичдим деб намозга бепарво бўлмаслик керак. Ўқимагандан кўра, тавба қилиб, яхшилаб таҳорат олиб, Ўзига астойдил ёлвориб, жойнамозга бош қўяверган маъқул. Кечиргувчиман, деб турибди-ку! Ноумид – шайтон!..

*

Ҳеч қачон заҳри сингмаган сувда таҳорат қилманг. Ҳатто, мендан ҳам иссиқ сув сўранг! Бунинг айби йўқ.

*

Энг садоқатли дўстларим –Ҳасанбой, Баҳром, Исмоил (шоир Исмоил Тўлак) – эрта вафот этиб кетишди. Айниқса, Баҳромнинг ўлими мени анча чўктириб қўйди. Энди қолган дўстларим ҳақида жиддийроқ ўйлашим керакка ўхшайди. Анча-мунча камчиликлари бўлса ҳам, дўстлар бир-бирини кечириб яшаши зарур экан.

*

Бўлган воқеа-ку, деб ҳамма нарсани ёзавермаслик керак. Жигарчиликда ўтадиган муносабатларнинг жигарлар ўртасида қолгани яхши. Бир кун келиб, сўраб-суриштириб, аниқлик киритадиганлар топилади.

*

Аёл кишини Худо Одам Атонинг эгри қовурғасидан яратган. Уни тўғрилайман, деб овора бўлмаслик керак, дейишади. Чиндан ҳам зарур билганда, Яратганнинг ўзи уни тўғри суякдан яратиши мумкин эди. Бунда ҳам бир ҳикмат бўлса керак.

ХОТИМА

Бир қориндан талашиб тушмаган бўлсакда, талашиб тушганлардан аълороғим, таниқли адиб, дарёдил инсон Акам Қамчибек Кенжа ҳақидаги ушбу манзумани нима билан якунласам экан, деб кўп ўйладим. Ва шу ўринда яна бундан роппа-роса ўн йил илгари газетада эълон қилганимиз бир мақола хаёлимга қалқиб чиқаверди. Назаримда, худди шу нарса қайсидир маънода хотима бўладигандай туюлаверди. Ва, шундай қилсам, тўғри бўларкан, деган хулосага келдим. Ва шундай қилсам мен, Акам ҳақидаги шу бир шапалоққина китобчани бундан роппа-роса ўн йил илгари ёза бошлаганим рост бўлиб чиқади. Ва шундай қилсам, ҳикоямиз бошида ўзимни “Ялқовсан, Набивой!” дея айбловдан гап бошлаганим ҳам қайсидир маънода ўзини оқлайдигандай:

ОРЗУ ВА АРМОНЛАР ДЕНГИЗИ
ёхуд ютоққан юракларга томган саёҳатномалар

Буюк миллатларга хос, қалбни ифтихор туйғулари билан тўйинтирув чи, унутилмас лаҳзаларни миллатпарвар фарзандлар ҳаётининг беором, шижоатли дамлари тарих саҳифаларига муҳрлайди. Ана шу ифтихор туйғуси биз тенги авлод қалбида негадир чалкашроқ, нурсизроқ намоён бўлади. Бунинг сабаблари кўп, албатта…

Болалиги йигирманчи асрнинг 50-80 йилларига тўғри келган миллатдошларимиз аллақайси мамлакатнинг мавжуд-номавжуд (яъни, бадиий тўқима) сойирлари нигоҳи билан кўрар, юртимиз тупроғида туғилиб, ер шарининг талай минтақаларига пойқадами етган аждодларимизга дахлдор қадриятлар дан деярли ихоталаб қўйилган эдик.

Марко Поло, Христофор Колумб, Ганзалес де Клавихо, Фритьоф Нансен, Отто Свердруп, Руал Амундсен ва бошқа юзлаб олимлар ва сойирларнинг турли қутб ва минтақаларга махсус сафарлари ҳақида ўқисак, ғарб сайёҳлари ҳақидаги турли бадиий фильмларни томоша қилсак, ичимизда қандайдир ўксиниш ҳисси ғимирлаб қоларди. Нега бизнинг ўшалардай жасур, фидойи аждодларимиз йўқ? Бор бўлса нега билмаймиз, дея армон денгизига ғарқ бўлар эдик.

Одам қадами етмаган қайсидир минтақа ёки ўлкани кашф этиш, ўрганиш жараёнидаги машаққатлардан ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмларни томоша қилганда, шуларга нима зарур экан, ўзларини азоб-уқубатларга гирифтор қилиб, дея ҳайрон бўлардик. Уларнинг асл мақсадларига фаҳмимиз етгач эса, нега бизнинг олимларимиз ана шундай мақсадли сафарлар уюштиришмаган экан, деган ўкинч қалбларимизни кемира бошларди.

Бу армонангиз мулоҳазалар узоқ йиллар, то соҳиб¬қирон Амир Темур ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номлари билан боғлиқ экспедициялар ташкил этилиб, улар фаолияти ҳақидаги материаллар матбуотда ёритила бошлагунча асаб торларимизни чийратиб тураверди. Шукурки, диёримизда истиқлол шабадалари эсиб, ташқи дунё билан алоқалар жонланди. Улуғ аждодларимиз босиб ўтган йўлларни ўрганиш мақсадида илмий-амалий сафарлар уюштирила бошлади. Турган гапки, Ўзбекистонимиз фарзандлари ҳам бу борада буюк миллатларга хос ишлар қилгани ойдинлаша боряпти.

Шу ўринда афсус қиладиган бир мулоҳаза. Соҳибқирон Амир Темур босиб ўтган йўлларни тадқиқ этиш ниятида тузилган дастлабки хайрли гуруҳ — экспедиция тўғрисида истеъдодли адиб Ҳаким Сатторийнинг матбуот саҳифаларида чоп этилган мақолалари орқали хабар топган ва қувонган эдик (дастлабки сафар 1991 йил 1—20 августда уюштирилган эди). Ижодкорнинг сафарлардан таассуротлари ўлароқ чоп этилган бир неча рисолаларига ҳам (жумладан, «Хотира карвони», «Фан» нашриёти, 1994 йил) кўзимиз тушди. Афсуски, ушбу экспедиция фаолияти изчил давом эттирилмай, ора йўлда қолиб кетган, деб эшитамиз…

Бобур халқаро фонди ташкил этилганидан буён дунёнинг йигирмадан ортиқ мамлакатларига ўндан ортиқ илмий экспедициялар уюштирилди. Автобусда 300 минг километрдан ошиқроқ масофа босиб ўтилди, деб ёзди севимли газетамиз «Ўзбекистон адабиёти ва санъати». Фонд жонкуярлари нафақат бобурийлар, балки халқимиз, юртимиз шаъни-шарафини дунё миқёсида туғро қилиб кетган кўплаб буюк ватандошларимиз сиймоси, ҳаёти, ижодини ўрганиш, улар хоки мангу макон топган манзил-мароҳилларни излаб топиш, ободонлаштириш борасида ҳам таҳсинга лойиқ ишлар амалга оширишмоқда. Экспедиция сафарларидан бирида Ҳирот шаҳри яқинида буюк ўзбек шоири Лутфий ҳазратларининг нураб, ғойиб бўлган хобгоҳини топишга муваффақ бўлинганидан хабар топган эдик. Мана яқинда, аниқроғи, 2006 йилнинг май ойида тиниб-тинчимас бобурзода Зокиржон Машрабов бошчилигида изсиз йўқолиб кетиш арафасида турган ушбу қабр устида ўймакорлик услубида яратилган нақшинкор шийпон (андижонлик ёғоч ўймакори Уста Йўлбарс Ўтаганов ўз шогирдлари билан тайёрлашибди) қад ростлабди. Сағана устига Ғозғондан олиб борилган мармартош ўрнатилибди.

Бу саъй-ҳаракатлар наинки халқимиз, балки бутун жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам қизғин маъқулланиб, эътироф этила бошлади. Экспедиция фаолиятининг вақтли матбуотда изчил ва атрофлича ёритилиб бораётгани, ҳар галги сафар юзасидан алоҳида-алоҳида китоб¬лар чоп этилиши ҳам айни муддао…

Шу ўринда биз экспедициянинг фаол иштирокчиси ёзувчи Қамчибек Кенжанинг «Ҳинд сориға» (2000), «Андижондан Даккагача» (2003), «Буюклар изидан» (2006) деб номланувчи сафарномалари (китобларнинг барчаси «Шарқ» НМАКда чоп этилган) ҳақида ҳам бир-икки оғиз сўз айтишга қарор қилдик. Адибнинг сафар таассуротларини ўзида жамлаган ушбу китоблари қайси жиҳатлари билан қадрли?

«Ўнта бўлса ўрни бошқа… Қамчибекнинг ушбу асарлари Бобур Мирзога бағишланган китоблар орасида ўзига хос ўрин олади, сафарнома жанрини кўпгина янгиликлар билан бойитади», — деб ёзади муҳтарам адибимиз Пиримқул Қодиров.

Дарҳақиқат, сафарномалар муаллифи назарига тушган ҳар бир воқелик — бино, шахс, табиат манзараси, ҳайвонот, наботот олами Бобур Мирзо шахси, даври, ижоди ва бугунги Ўзбекистонимиз тимсоллари билан қиёсан тасвирланади, хулосалар чиқарилади. Муаллиф қайси мамлакатда бўлмасин, маҳаллий аҳоли аҳволи, руҳиятига синчиклаб назар солади. Оддий кишилар, деҳқонлар, зиёлилар, айниқса, хотин-қизлар турмуши, ки¬йиниши ва юриш-туришидаги айни миллат ё элатга хос бўлган бетакрор жиҳатларни нозик ил ғайди ва ниҳоятда жонли, равон тилда тасвирлайди. Кишилар характери, хат ти-ҳаракатидаги ёқимсиз ҳолатларни ҳам ўзига хос ажойиб юмор билан шу нақанги беозор ифодалаб берадики, бундай ифода услубига ҳавас қиласан ки ши. «Лохур қассобларининг… гўшт сотиш тартиблари менга унча маъқул бўл мади. Улар дўкон орқасида, ерга ўтириб олишиб, гўштни оёқ панжалари би лан қисиб туриб кесишаркан» («Ҳинд сориға», 114-бет). Бу жумлаларнинг нимаси кулгили, дерсиз? Гап шундаки, китобда экспедиция аъзолари бир кун олдин ана шу қассоблардан гўшт сотиб олиб, шу ерлик Муҳаммад Шафиф исмли киши ёрдамида шўрва пишириб ичишгани ҳам қистириб ўтилган…

Адиб экспедиция ҳаракат қилаётган жой халқи, урф-одатлари, миллий ўзига хосликлари, мавжуд сиёсий тузум билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ҳолатларни мустақил Ўзбекистонимизнинг ғурурли, ориятли бир фарзанди фуқароси сифатида кузатади, баҳолаб боради. Бироқ муаллиф ҳар икки томоннинг ютуқ ва камчиликларини муқояса қилиш, таҳлил этишда иложи борича беғаразлик, холислик мезонларидан айро тушмайди. Воқеликни экспедициянинг оддий иштирокчиси сифатида, шунчаки тасвирлаб кетавермайди. У ҳофизасида илгари муҳрланиб қолган хотираларни маҳоратли ижодкор сифатида юксак бадиий мезонлар талабидан келиб чиқиб тасвирлашга ҳаракат қилади. Шу боис бобурийлар билан боғлиқ ҳар бир воқеа, ҳодиса алоҳида ҳис-ҳаяжон, меҳр-муҳаббат, эҳтиром туйғуларига йўғрилган ҳолда тажалли топади. Ўз таассуротларини хаёлида эъзозлаб юрган ҳис-туйғуларга йўғириб, дунё фани, адабий-бадиий қадриятларидан ўзлаштирган фараз ёки қарашлар силсиласи билан муқояса этган ҳолда хулосалар чиқаради. Масалан, муаллиф бир ўринда Ҳофиз Шерозийнинг дунёга машҳур шоир бўлиб танилишида Эрон аёлларигагина хос бўлган гўзал ҳусн, латофат, тимқора сирли либослару шаҳло кўзларнинг «хизмати» бениҳоя катта бўлган, деган фаразни илгари суради ва асосий муддаога кўчиб ёзади: «… шу ўринда мен яна ҳусну малоҳатда беқиёс, Жаҳонгир ва Шоҳжаҳондай бобурий шаҳзода, шахсларни ўзига ром этган Нуржаҳон бегим, Мумтоз бегимларнинг ҳам асли эронлик эканликларини эсладим».

Бу ўринда Эрон аёллари гўзаллиги, малоҳатига таҳсину офарин баҳонасида муҳим бир тарихий ҳақиқат — маликаларнинг насли-насабда форсий эканлиги, эроний аёллар гўзаллигига бобурий боболаримиз ҳам бефарқ бўлмаганликлари таъкидланмоқда.

Ўзувчи ўз нигоҳида инъикос топган ҳар қандай воқеликдан ижодкор сифатида ҳикмат, гўзаллик, экспедиция аъзоси сифатида илмий ҳақиқат ахтаради. Воқеа ва ҳодисалардан, тарихий шахслар тақдиридан, албатта, Бобур Мирзо сиймоси билан боғлиқ бирор бир янги жиҳат топиш пайидан бўлади. Ва бу некбин изланишлар, умидлар кўп ҳолларда ижобий самарасини берганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Муаллифнинг ҳар гал сафарга отланиш олдидан бобурийларга дахлдор турли ривоятлар, адабий-бадиий асарлар, хорижий олимлар қаламига мансуб илмий манбаларни излаб топиш, ўрганишга жуда катта куч ва вақт сарфлага нини китобхон ҳар бир жумла, ҳар бир саҳифада ҳис қилиб туради.

«Сафарнома машаққатли меҳнатдан ташқари катта муҳаббатнинг ҳам маҳсулидир», — деб ёзади қаҳрамон шоир Абдулла Орипов «Андижондан Даккагача» номли китобга ёзган сўзбошисида. Дарҳақиқат, биз қизиқиб, ютоқиб ўқиётганимиз саҳифалар ташқи оламни асосан автобус ойнасидан куза тиб бораётган ёзувчи Қамчибек Кенжа нигоҳига тўқинган, оддий одам учун унчалик ҳам аҳамиятли бўлмаган, адоғи йўқ, бир хилдаги табиат манзаралари оқимидан иборат, зерикарли ҳодисалар, холос. Бироқ ўша кўзлар кўравериб кўникиб кетган оддий қуш, ўт-ўлан, хас-чўп, дов-дарахт, тош, обу оташ, юл дуз, ой, қуёш – барчаси ёзувчининг Бобурга бўлган катта муҳаббати туфайли ёрқин образларга йўғрилиб, ҳароратли жумлаларга айланади ва сиз билан биз нинг қалбимизга кириб келади.

Экспедиция Лохур (Покистон) йўлида хурмо йиғим-терими устидан чиқиб қолади. Ўзбекистонликлар учун хурмо дарахтининг қандай ўсиши, ҳоси ли қай тарзда йиғиштириб олиниши қизиқарли жараён, албатта. Муаллиф бу имкониятни қўлдан чиқармайди. «Катта, текис майдонга бўйралар солиниб, хурмо тўкиб ташланган экан. Дарахтлар тепасида узум шингилидай ғужум-ғужум қизғиш-сариқ хурмолар олтиндай товланади. Дарахтга чиқиш учун шо тининг ҳам кераги йўқ: порсилдоқсимон танаси оёқ қўйишга ўнғай. Лекин ба рибир белга арқон боғлаб олишаркан».
Демак, биз асосан рўзаи Рамазон кунлари тановул қилишга одатланиб қолганимиз тансиқ, жийдасимон хурмо нави узум шингилидай ғужум-ғужум мева солади. Қиз¬ғиш сариқ – олтиндай товланиб туради. Танаси порсилдоқ бўртиб-бўртиб чиққани боис теримчига шотининг кераги йўқ. Баландлиги-чи? Айтилмайди. Теримчилар белига арқон боғлаб олишларидан дарахт хийла баланд ўсиши кўз олдингизга келади.

Сафарномаларда экспедиция аъзоларининг феъли-атвори, ўзини тутишларига чизгиларда, бир-бирлари билан муносабатларидаги айрим келишмовчиликлардан ҳам муаллифнинг заргарона эҳтиёткорлиги «чийратма» ифода усуллари кўзга ташланади. «Мулоқот ва мунозаралардан гоҳо-гоҳо нохушроқ тутун иси келиб қолади-ю, аммо ҳайтовур тез тарқаб кетади…» дея хайрият изҳор қилади муаллиф. Ёзувчининг бу борадаги маҳорати хорижда экспедицияга биркитиб қўйиладиган йўл кўрсатувчи ниқоби остида ҳамроҳлик қиладиган махсус кузатувчиларнинг хизмат тақозосига доир сирлилик, шахсиятларидаги биқиқлик, дунёқарашларидаги чекланганлик хусусиятларини очиб беришда ҳам жуда қўл келади. Масалан, Покистон йўллари бўйлаб кузатиб борувчи махсус ходим Парвезга табиати, феъли-атворидан келиб чиқиб, лўн дагина қилиб «қўнқавой», дея сифат берилади. Бу ибора бизда қандай кишиларга нисбатан қўлланилишини кўплар билса керак.

Умуман, ёзувчи Қамчибек Кенжа қаламига мансуб сафарномалар ҳақида матбуотда турлича фикрлар билдирилмоқда. Улар орасида академик Азиз Қаюмов мулоҳазалари фавқулодда лўнда ва кутилмаганлиги билан ажралиб туради. У киши шундай ёзган эди: «Бобур халқаро жамғармаси… бугунги ўзбек бадиий адабиётида янги бир ижодий соҳанинг пайдо бўлишига… сабаб бўлмоқда. Бу бадиий сафарнома жанридир».

Одатда, ҳар қандай экспедиция муваффақияти асосан икки муҳим омилга боғлиқ. Бу — зарур маблағ ва ҳар жиҳатдан ўйлаб, тўғри шакллантирилган аҳил жамоа. Мана шу икки жиҳати беқусур йўлга отланган сафар иштирокчилари, албатта, мақсадларига эришиб, шон-шуҳрат қозонганига тарих кўп бор гувоҳ. Бу ўринда Бобур номидаги халқаро экспедициянинг ташкилотчи раҳнамоси, том маънодаги миллат фидойиси Зокиржон Машрабовнинг хизматлари ўзбек халқи маданияти ва маънавияти тарихида алоҳида нурли саҳифа ўлароқ ёзилса ҳам ажаб эмас.

Бир куни Қамчибек акадан Бобур номли экспедиция эришаётган муваффақиятлар боисини сўрадим. У кишининг жавоби қуйидагича бўлди:
– Зокиржон ака Машрабов туфайли, — Қамчибек ака ниманидир мулоҳаза қиларкан, бир оз ўйланиб тургач, фикрига ойдинлик киритди. — Хожи аканинг хусусий фирмаси, асосан, мана шу экспедиция учун ишлайди. Аммо у киши сарф-харажатларини зинҳор пеша қилмайди, билинтирмайди. Бир одамнинг Андижондан Тошкентга келиб кетиши учун қа-анча пул кетади. Энди бутун бошли экспедициянинг автобусда ойлаб хорижий мамлакатларда юришини тасаввур қилинг. У кишининг тутумини Ҳотамитой ҳам қилолмаса керак.

Қамчибек ака Зокиржон Машрабовнинг раҳбарлик, олимлик, тадбир корлик салоҳиятларидан ташқари инсон қалбини ниҳоятда нозик илғовчи руҳшунос, фавқулодда ҳолатларда ўзини йўқотмай, вазиятга совуққонлик билан баҳо бериб, ҳатто хавфли, хатарли лаҳзалардан чиқиш йўлларини топа биладиган, ўта сабр-қаноатли, довюрак инсон сифатидаги қиёфасини ҳам кўз олдимизда гавдалантириб беради. Аслида ҳам Зокиржон Машрабовнинг ана шу фазилатларни ўзида тўла мужассам қила билган шахс эканлигига шубҳамиз йўқ эди. Акс ҳолда экспедиция бугун қўлга киритган муваффақият ларининг ўндан бирига ҳам эришмаган бўлар эди.

Аксарият сармоядорлар топганини сандиққа босиш ёки бирор чет эл банкига оқизиш, ким ошдига маҳобатли саройлар, кошоналар, пултопар маишатгоҳлар барпо қилиш билан андармон бўлиб турган бир пайтда Зокиржон ҳожи аканинг улуғ аждодларимиз изларини излаб, хоки туробларини пайпаслаб ойлаб ҳузур-ҳаловати, соғлиги, бола-чақалари дийдоридан кечиб, бегона юртларда, чўлу биёбонларда ҳаётини хавф остига қўйиб, инсофу диёнатни унутган божгирлар, сарҳад посбонлари, турли амалдорлар қошида ҳафталаб сарғайиб туришлари. Каззоб, йўлтўсар қароқчилар ҳужумларидан экспедицияни омон сақлаб, олиб ўтишлари… бу энди айтмоққа осон, холос.

Ўз қишлоғи номини ариқ ҳатлаб қўшни қишлоққа олиб ўтган йигит ардоққа лойиқ, дейдилар. Ана шу мезонлардан келиб чиқадиган бўлсак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги халқаро илмий экспедиция қўлга киритган ютуқлар жиддий эътироф ва эҳтиромга арзийдиган ҳодисадир.

“Ҳуррият” газетаси. 2006 й.

045 Qamchibek Kenja… Fe’li-xo’yi, ta’b-tutumi, his-tuyg’ulari, muhabbati, hayotga munosabati bir-biriga mutlaqo o’xshamaydigan, turfa taqdirli ajoyib qahramonlari bilan bizni hayajonlantirib qalam tebratayotgan bu yozuvchining o’zi kim, qanday odam, ne o’y-xayollar bilan yashaydi, ijod qiladi? Ana shu savollarga ushbu risolachadan ozmi-ko’pmi javoblar topsangiz ajab emas (Muallifdan).

Abdunabi Boyqo’ziev
AY, AKAM, DARYO EKAN…
Yozuvchi Qamchibek Kenja haqida bitiklarning davomi
08

ODAMGA ODAM SABAB

Respublika matbuotida gugurtning qutisiday bo’lsa ham xabar-pabarim bosilarmikin, deb redaktsiyalar atrofida parvona bo’lib yurgan kezlarimiz. Bir kuni, bundoq qarasam, “O’zbekiston madaniyati” gazetasidagi kichkinagina “informatsiya” ostida o’zimning familiyamga ko’zim tushib qoldi. Ko’p o’tmay ikkinchisi… Bu gal, “maqolam” chiqqani haqida o’rtoqlarim aytib qelishdi. Gazetani izlab topib ko’ramanki, “maqola” (xabar desam, o’zimni kichkina ijodkorga aylantib qo’yadiganday go’yo) ostidagi imzo kaminaniki, lekin so’z yuritilgan voqeadan mutlaqo bexabar edim. Qiziq, Boyqo’ziev deganidan yana bormikin-a? Nazarida, o’zini dunyo taniydigan odamga aylantirib olgan, yerga ham, osmonga ham sig’may yurgan “mashhur muxbir A. Boyqo’ziev” uchun bu kutilmagan hol edi. Asta surishtirsam, bu Qamchibek akamning menga qilgan marhamati ekan. U paytlarda uch qatorlik xabarga bir, bir yarim kilo go’shtga yetgulik qalam haqi yuborishardi-da. Harna, yordam bo’lsin, degan ekan Akam.

Bundan mazaho’rak bo’lgan kamina endi biron narsa qoralasam, darrov “O’zbekiston madaniyati”ga yo’rg’alayman. Ana shunday xovliqib borishlarimning bir galgisi men uchun kutilmaganda omadli bo’ldi. Ikki-uch xabari chop etilib, katak daftar varag’iga yozilgan navbatdagi “asar”ini tahririyatda qoldirib chiqib ketayotgan “jamoatchi muxbir”ni yozuvchi Qamchibek Kenjaning o’zi shaxsan yo’lakkacha uzatib chiqdi. Xayrlashish asnosida qishloqdan otasi kelganini, imkon topsa, kechga tomon Egarchi ko’chasidagi ijara uyiga o’tishini, oqsoqol bilan u yoq, bu yoqdan suhbatlashib, biroz o’tirib ketishi mumkinligini aytib qoldi…

***

“Taniqli muxbir” quvonchdan entikib qolgan: ko’ringandan soat so’raydi. Qani endi, shu barkashday quyosh imillamay, botaqolsa…

Akam ilang-bilang Egarchi ko’chasining eng ichkarisidagi “tupik”da – eski Toshkentga xos cholduvor hovlilardan birida turarkan. Ayvonga sahn
qilib toklar ekilgan. Novdalari odam bo’yidan sal balandroq, tolxoda, temir, sim-armatura, qo’yingki, xovlida nima topilsa, shulardan ko’tarilgan so’kichakka o’rtacharoq dehqonning qo’li bilan tarab qo’yilibdi. Ehtimol bu “bog’bon” Akamning o’zidir. Bolalar ko’p o’ynaganidanmi yoki ancha yillardan buyon ketmon ko’rmagani sabablimi sahn tuprog’i oqish taqir tortib yaltirab ketgan. Olachalpoq qilib suv sepilibdi. Bir tabaqali, pastakkina darvozadan xatlamasimdanoq, kesakka suv sepilganda taraladigan, odamga nihoyatda hush yoquvchi tuproqi ifor dimog’imga gup etib urildi. Bunday huzurbaxsh havoni onamiz ko’chamizdan oqib o’tadigan ariq suvidan olib kirib ayvonga sholoplatib sepib tashlaganda tuyardik.

– Voy, kiring, kirovring! – deya qarshi oldi o’rta bo’y, kulcha yuz, oq bug’doymag’izdan kelgan yoshgina juvon, Andijon shevasining Chuvamacha laxjasida. Har yerning o’z so’zlash ohangi bo’lganidek, Andijon shevasining ham ming bir tovlanishlari bor. Ona tomondan chuvamalik emasmanmi, qarshimda turgan juvonning ukasi tengi boladan ham iymanibgina mulozamat ko’rsatishidan, onamning singillari – xolalarimga o’xshab ketarkan, degan fikr kechdi ichimda. Demak bu, Qamchibek akamning turmush o’rtog’i. Kelajakda menga, mening oilamga ham suyukli “Aya” bo’lib qoladigan Tursunoy kelinoyimiz. – Akangiz endigina aytib turuvdi, bir ukamiz keladi, deb, – deya so’zida davom etdi Aya, – o’sha paytlarda o’zbek qiz-juvonlari orasida urf bo’lgan mayda gulli yapon ro’molining uchi bilan og’zining bir chetini hiyol berkitib.

Ayam menga yo’l bo’shatib biroz chetlanarkan, iltifot ko’ratdi:
– Kiroring!

Ayol yugurib kelib ko’ylagining etagidan tortqilay boshlagan, o’ziga juda ham o’xshab ketadigan o’g’il bolachaning boshini silarkan, buyurdi:
— Choping, Jahongir, dadangizni chaqiring. Mehmon aka keldi deng!

Sharpamni sezdi shekilli, hovlining etak tomonidagi tutundan to’sinlari qoraygan bostirmasifat, oshxonaligi bilinib turgan joydan ko’ylagining yenglari shimarilgan holda Qamchibek akamning o’zi ham ko’rindi. Aftidan, Akam Andijoncha palov tadorigida kuymalanayotgani ko’rinib turardi.
– Adashib qolmadingizmi, ko’chalarimizda? – dedi u salomimga alik olarkan.

Yetaklashib, ichkariladik. Dahlizdan o’ng qo’ldagi eshik orqali katta uyga kirilarkan. Kenggina xona. Devorlari, xotiram pand bermasa, ohakli qum bilan suvalgan. Shiftning pastrog’iga rassom – dengiz to’lqinlari mavzusining qiroli Ayvazovskiyning “To’qqizinchi po’rtana” (“Devyatiy val`”) turkumidan bir nechta fotosuratlar ilib qo’yilgan. Demak akam Ayvazovskiyning suratlarini yoqtirar ekan, deb qo’yaman ichimda. Akamning bu mo’yqalam sohibining ishlariga ayricha mehri bejiz emasligini «Sog’inch» nomli dastlabki kitobidan joy olgan “Po’rtana” degan she’ridanoq anglagan edim. Yana bilasizmi-yo’qmi, adib tug’ilgan Gurkurov qishlog’i qishin-yozin ayqirib oqib yotuvchi katta suvli Qoradaryo va Tentasoy oralig’ida joylashgan. Uni orol qishloq desa ham bo’ladi.
Ikki suv o’rtasida joylashgan zaminni odamzod “jannat makon”, “yashil o’lka” deya sifatlashga odatlangan. Xuddi O’rta Osiyoga arablar “Movarounnahr” deya armon bilan talpinganlariday. Biroq qumlik, sahrolaru cho’lu biyobonlarning tiriklikka qarshi o’ziga xos beshumor ko’rguliklari bo’lganiday, suvga serob “jannat makon”larning ham rohatu farog’atidan tashqari odamzod uchun o’ta havfli ofatu kulfatlari ham bo’ladiki, bunday ko’rguliklardan ikki suv orasida makon topgan Gurkurov ham begona emas. Deylik toshqin. Ha, darvoqe, Akamning “Toshqin…” degan qissasi bor, eslasangiz.

Shu o’rinda picha lirik chekinish: ta’bir joiz bo’lsa, o’quvchi har bir jumlasini yuragini hovuchlab mutolaa qiladigan “Toshqin”i joriy asrimizning o’ninchi yillari mahsuli. Lekin bu asarni yozish g’oyasi, nazarimizda, yozuvchining ko’hna armonlardan biri edi, deyish mumkin. Demak, Akam Toshqin balosi haqidagi asarini binoga keltirish uchun salkam ellik yil emrangan, hikoyaning g’oyasi, syujetlari shuncha yil davomida pishib yetilgan va o’zbek nasrining suv balosi bilan bog’liq bitiklari ichida eng baquvvat namunalaridan biri sifatida dunyo yuzini ko’rgan bo’lib chiqadi. Akamning ijara kulbasiga qaytaylik.

Demak, uyning to’rida o’sha zamonlarda kamchiqimgina oilalarda urf bo’lgan, balandligi odam bo’yi, oynalari ikki tomonga surib ochiladigan, ichiga paxta gulli chinni, choynak, piyolalar terib qo’yiladigan, pastki ikki eshikli qismiga odam ko’ziga tashlanishi lozim bo’lmagan kitobmi, kiyim-kechakmi joylash mumkin bo’lgan servant, uning yonidagi sandiq ustiga ko’rpa va yostiqlar tahlangan. Deraza tomondagi chorsi shaklida to’shalgan yakandozlar o’rtasida to’rt buchak xon. Bor mebel-hasham shu. To’rda ikkita yostiqni qo’ltig’iga bosib, yoshi oltmishlarni qoralab, soch-soqoliga oq oralay boshlagan mo’ysafid yonboshlab yotardi. Oqsoqol meni ko’rib taraddudlandi. Salomimga alik olarkan, o’rnidan qo’zg’alib so’rashish uchun qo’llarini cho’zdi.

– Ota, bu yigit Nabijon. O’zimizi Anjandan. Jurnalistlikka o’qimoqchi, – deya tanishtirdi Akam meni.
– Shundaymi? Qishlag’dan o’qiyman deb kegan bo’sa, yaxshi niyatda yurgan ekan, yaxshi-da, – deya alqagan bo’ldi oqsoqol ham.

Akam meni otasi bilan tanishtirgach, o’choqqa qozon osib, o’t yoqib qo’yganligini eslatib, hovli tomonga, oshxonaga oshiqdi…

DOV YIGIT EDI-DA!

Rostini aytsam, Kenjaboy buva bilan suhbatimiz avvaliga uncha qovushavermadi. Oqsoqolbop mavzuni men topolmasdim, yoshlikka mos havoyi gaplarni Kenjaboy buva. Nazarimda, qarshimda to’shakda yarim yonboshlab yotgan bu inson men ko’cha-ko’ylarda har kuni ko’rib yuradigan mo’ysafidlardan nimasi bilandir ajralib turardi. O’sha sirli “nimasi bilandir”ni esa men shu bugun, mana, sakkiz-to’qqizta kitob chiqarib, ozmi-ko’pmi elga tanilgan ijodkorga aylangach ham tasvirlab berolmasligimni tan olib qo’yaqolganim ma’qulga o’xshaydi. To’g’ri, odamni sir bosdi, degan gap ham bor. Ehtimol bu, Qamchibek akamning o’sha kuni tahririyat yo’lagida meni kuzata turib, otasi juda kamgap, sermulohaza, o’ziga yarasha zardali odamligini beixtiyor eslab o’tgani tufaylidir…
Odatda, yuraklarga yo’l izlash asnosida hozirgiday holat yuzaga kelishini hamma biladi. Hayriyat, o’rtamizdagi sukut uzoq cho’zilmadi: oniy jimlikni oqsoqolning o’zi buzdi:
– Qaerlardansiz, yigit? Ota-buvalaringiz kim?

Qishlog’imiz Teshikmozor deb atalishini, Kuyganyor bilan Poytuq oralig’ida joylashganligini, otamizning oti To’ychiboy, onamizning ismi Tojixon ekanligini aytdim.

Otamizning otasini Boyqo’zi buva, ona tomondan katta otamizni (bizda boboni “katta” deyishadi) Abduma– Ha, shunaqami? Tanimas ekanman. Katta otalaringizchi? – qo’shimcha qildi yana oqsoqol lik aka deb chaqirishlarini aytdim.

Chuvalangan suhbat arqog’i uzilib qolmasin deb yodimga kelgan ma’lumotlarni qalashtirishga harakat qilaman:
– Ota tomonimizdan ajdodlarimiz Qo’qonga, ona avlod esa Chuvama tomonlarga tortarkan.
– Shunaqami? Chuvamalik buvalaringizni bilarsiz?
– Qarindoshlar yig’ilishsa, Boltaboy mingboshini ko’p eslashadi.

Shu gapni aytganimda Oqsoqolning avzoyi o’zgardi. “Shunday deng” deya qaddini rostlab o’tirib oldi va ochiq derazadan hovliga qarab, deyarli baqirgan alpozda ovoz qildi:
– Qamchibek! Ho, Qamchibek!!
– Otasining kutilmagan chaqiruvidan ajablangan Akam ildamgina kelib poygakdagi to’shakka cho’kkaladi.
– Mana bu bolani ehtiyot qilasan!.. – dedi ota.

Akam gap nimadaligini anglayolmay, bir menga, bir otasiga qaraydi. Xuddi Akamday, kutilmagan bu munosabatdan men ham hayron edim. Holatimizni payqagan oqsoqol ikkovimiz ham uqib olishimiz shartligini ta’kidlovchi bir ohangda davom etdi.
– Aziz odamlarning zuryodiykan. Qolovursa, ona tomondan oz-moz tutashgan joylaringiz ham bor…

Kenjaboy buva Akam bilan bizning ona tomondan uzoqroq qarindoshchiligimiz borligini, oqsoqolning o’zi esa Abdumalik bobomiz bilan bolalikda qalin do’st bo’lishgani, kolxozlashtirish, “quloq”larga qarshi alg’ov-dalg’ov, qama-qama, qoch-qochlar kuchaygan yillarda hamma har tomonga tirqirab, bir-birlarini yo’qotib qo’yishganligini asta, nafasini rostlab-rostlab so’zlab berdi.

O’sha kuni Qamchibek akam pishirgan palovni uch andijonlik andijonchasiga yeng shimarib paqqos tushurdik. To’g’ri, Kenjaboy oqsoqol bizchalik bo’lmasa-da, ikki navqiron yigitning palov yeyishidan zavqlanib mehr bilan “Ha, barakalla, olinglar!” deb turgani hanuz yodimda.

O’sha kecha men Kenjaboy oqsoqolning bolalik qadrdoni Abdumalik kattamga yo’llagan salomlarini ko’nglimga joylab xufton paytida ijaraxonamga qaytdim. Qamchibek akamnikida eshitganlarim va Kenjaboy oqsoqolning holatini keyinchalik qishloqqa borganimda Abdumalik kattamga so’zlab berdim. U kishining hayajonlanishlarini ko’rsangiz edi.

Kattamiz:
– Ho, shunday deng! O, shunaqa deng! – derdi nuqul, men tomonga intilib-intilib, xuddi mening timsolimda Kenjavoy do’stini ko’rganday.
– Kenjavoy do’simiz tirik, sog’-omon ekanda-a?! Baquvvatmi? Zuvalasi
pishiq, zardali, dov yigit edi o’ziyam. Haliyam shunaqami? Aytsangiz, bir kelarmikin-a?..

Ha, odam g’animat ekan. Bu ikki do’st bor-yo’g’i o’n besh chaqirim oraliqdagi deyarli yonma-yon qishloqlarda yashashdi. Kenjaboy buva ikki kam sakson, Abdumalik kattamiz esa ikki kam yuz yoshida
vafot etishdi. Ikki birodarga umrning uzog’idan bergan Xudo diydorning qisqasidan bitgan ekan. Ular boshqa ko’rishisholmay o’tib ketishdi.

Bu borada ham g’o’rlik bizdan, asosan, mendan o’tdi. Hafsala qilib, Sho’roning qirg’inbarot yillarida taqdir suronlari ayirib tashlagan do’stlarni diydorashtirish zimmamdagi alohida burchim ekanligini anglab yetmabman o’shanda. Hay, essiz!..

O’shanda, Akam bilan bizning ona tomondan tutashlik joyimiz qaerlarga borib taqalishini ham so’rab olmagan ekanman. Aftidan, Akam ham bu borada padari buzrukvori bilan boshqa suhbatlashmagan. Yo’qsa, aytgan bo’lardi. Afsus, endi kech!..

DIYDOR

Akam Toshketga kelsa, odatda ko’ngil yaqinlarni yo’qlashga erinmaydi. Ayniqsa, yoshi ulug’ ustozlarni borib ko’rishimiz kerak, deb doim joni port bo’lib turadi.

Ulkan adiblar “Mirtemir, Nazir Safarov, Sarvar Azimov, Said Ahmad, Pirimqul Qodirov, Nosir Fozilov, Abdulla Oripov, Shukur Xolmirzaev kabi ustoz va ustoz maqomidagi ulug’lar mehri-e’tiboridan bahramand bo’ldim”, deb yozadi uning o’zi “Andijondan Dakkagacha” nomli kitobida. Atoqli olimlardan Naim Karimov, Umarali Normatov, Ibrohim G’afurov va yana bir qator munavvar insonlar nomini ehtirom bilan tilga oladi, o’ziga ustoz deb biladi. Boshkentga kelib ular bilan diydorlasholmay qaytsa, “Yo’qlab qo’yolmadik-da!” deb afsus chekadi.

Eh-he, Akamga ergashib ne-ne qutlug’ ostonalarni xatlamadim. Ne ulug’ insonlar qo’lini olishga muyassar bo’lmadim…

Bir gal Akam Andijondan keliboq mendan yozuvchi Nosir Fozilovning salomatligini surishtirib qoldi. Jo’yaliroq javob berolmaganimdan
xijolat tortdim. Akam ranjini sezdirmaslikning ham shunaqangi hadisini olganki, buning uddasidan qanday chiqishiga lol bo’lib qolasan. O’shanda ham ohista: “Oqsoqolni bu safar ham ko’rmay ketsak uyat bo’lar.Ostonasidan bo’lsayam, rov diydorlashib qaytaylik”, deya sadoqatli yordamchisi, mening hamqishlog’im Dilshodbekka mashinani Chilonzorga haydashni buyurgani yodimda.

Adabiyotshunoslardan Ibrohim G’afurovga ham ixlosi bo’lakcha akamning. Adashmasam, ichida bir umr asrab yurgan, til kelib aytolmagan qandaydir uzrxohligu ehtiromlari ham borligini ko’p bora sezganman.

Biz Akam bilan bu insonni juda ko’p “g’iybat” ham (yaxshi ma’noda) qilganmiz. O’zining aytishicha, yoshgina Qamchibekning ilk ijodiy mashqlari haqida birinchi bo’lib iliq fikrlar aytgan, Qamchibek Kenja degan taxallusni matbuotda birinchi bo’lib qo’llagan ham Ibrohim aka ekan. Umuman, Akam bu ulkan ma’rifatparvar adibni doim benihoya minnatdorlik bilan eslaydi va ana shu mehr-muhabbatga munosib shogird bo’la olmaganidan o’kinib gapirganlariga bir necha bor guvoh bo’lganman.

Bundan yigirma, o’ttiz yillar oldin Akam qadrlab yo’qlaydigan odamlar ancha-muncha edi. Yillar o’taversa, quyuq o’rmonlar siyraklasharkan. Sening xayolingda mahobat kasb etib, hech qachon qarimaydiganday shovullab, elu olamga soya-salqin tashlab turgan ulkan chinorlar birin-ketin qularkan.

Bugun Akam Andijondan sog’inib keladigan u azamat siymolarning qanchasi olamdan o’tdi. Lekin bu hol u kishi uchun diydorning biroz kemtiklanib qolishi, yaxshi tasavvurlar, qizg’in, dilkash suhbatlar o’rnini yaxshi xotiralarning egallashi, xolos. O’sha aziz insonlarning xonadoni, farzandlari, ahli ayollariga munosabatidagi sidqidil samimiyat zinhor o’zgarmaydi. Odatga kirgan yo’qlov, izzat-ikrom, ehtirom tuyg’ulari ilgarigiday qolaveradi.

KO’NGIL KO’ZGULARI

Suhbatimizning shu joyiga, xayolimga kelgan yana bir mulohazani turtib o’tay. Kitobxon Abdunabi faqat Akasini yaxshi tomondan ko’rsatish payida, demasliklari uchun ham kerakka o’xshaydi bu gap.
Qahramonimizning Xalqaro Bobur jamg’armasi tomonidan uyushtiriladigan ekspeditsiya tarkibida Sharqu G’arb, Shimol, Janub qilib dunyo kezishini ham yaxshi bilasiz. Safarlar natijasida yozilgan tom-tom safarnomalarda tasvirlangan ajoyib-g’aroyib voqea va hodisalar tafsilotini o’qib siz ham zavqlangan chiqarsiz, albatta. Xullas, ana shu safarlarning aksariyati, asosan, Toshkentdan “start” oladi. Arab mamlakatlariga rejalashtirilgan bir galgi azimat oldi oqshomida (bu gal Haj ibodati ham ko’zda tutilgan edi) poytaxtning oqshomgi manzaralarini tomosha qilib ko’cha kezdik. Beixtiyor, yo’limiz bir paytlar matbuotda “Qamchibek Kenjani o’zimiz ko’tarib katta qilganmiz”, deganga o’xshash jumlalar ham bitgan taniqli adibning ko’chalari tomon tushdi. Qani, o’sha odamning nomini esga olarmikin, Akam, deb boryapman, ichimda. Yo’q, Akam, o’sha tanish muyulish, tanish hovlilar oldidan ikki bor o’tdik hamki, xayolimdagi ismni atamadi. Demak, u zot Qamchibek Kenja degan shogirdi bir kun kelib uyi yonidan o’tganda ham nomini yodga olmasligi uchun “arzirli” munosabatlar qilgani aniq. Bo’lmasa, Akam ancha-munchaga ginaxonlik
qiladigan odammidi?!

Ha, ko’ngil ko’zgulari nozik bo’larkan. Bir g’ubor qo’nsa, bir xira tortsa. Bu ko’zguda ko’chalarimiz nomi tugul, o’z nomimiz ham aks etmay qolishi mumkin ekan, degan o’y o’tdi ichimdan.

DARD

Dardga chidamlilik, og’riq azobiga bardoshlilik bobida Qamchibek akaning oldiga tushadigani bo’lmasa kerak. Bunday deyishimning boisi bor. O’tgan asrning saksoninchi yillari edi. Akam bir radikulit (quyonchiq) degan dardga chalindi.

Adibni tamom yiqitib, ko’rpaga qapishtirib qo’ygan bu battol xastalikka yetti oy mobaynida na Izboskan, na Andijon shifokorlari davo topishdi. Sakkizinchi oyda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining o’sha mahaldagi raisi, ijod ahlini boshiga ko’taradigan Sarvar Azimov marhamati va aralashuvi bilan poytaxtdagi Semashko nomli davolash maskanida bel-oyog’iga jon kirib, rangiga qizillik yugurib, chehrasiga tabassum inib, qo’l hassada yurib chiqdi. Hay, mayli, bu boshqa masala.

Ammo beshumor azoblar og’ushida kechgan o’sha kunlar haqida u hech qaerda yozmadi, yozg’irmadi.

Ha, aytgancha, yozg’iriq, nolish Akam tabiatiga mutlaqo yot xislat-ku! G’iybatniku, asti qo’ying, ba’zi-ba’zida “shu Qamchibek aka ham biron narsadan nolirmikin”, deb qolasan, kishi. Shu o’rinda kulgisevar insonlarning bir gapi yodga tushadi. Bu kemtik dunyoning baland-pastliklari, tanish-bilishlarning ajabtovur fe’l-atvorlari haqida yayrab, yashnab g’iybatlashilmaydigan davra davra bo’ptimi, deb qo’yishadi, ayrim hazilkash ijodkor do’stlarimiz…
Ehtimol, akam uchun nolish bu noshukurchilik hisoblanar…

Jiddiylikka ko’chsak, boshdan kechirgan azobu uqubatlarini adib qator qahramonlari taqdiriga ko’chirib tasvirga tortadi-ki, ana endi u satrlarni shunchaki o’qib qo’yaqolmaysiz. Keling, yaxshisi buning isbotiga ko’chaylik.

Qahramonimizning “Qizil gullar” nomli hikoyasini o’qigansiz, albatta. Ha, o’sha, Fuzuliyning “Shifoi vasl qadrin hajr ila bemor o’landan so’r” degan ajoyib misrasi epigraf qilib olingan, navqiron yoshida to’shakka mixlanib “kaftlarini tizzalariga tirab, inqillab-sinqillab, uzog’i bilan qirq-ellik qadamga borib kelguncha qora terga tushib ketadigan, shunda ham bir necha marta to’xtab, nafas rostlaydigan, o’ng biqini kemalak bo’lib, bo’yni ham tabiiy holatidan chiqqan, o’ng qulog’i kiftiga tegay-tegay deb qolgan” yigitning dardli ammo qiziqish bilan o’qiladigan beg’ubor ishq rivoyasi.

Asar bosh qahramoni (ismi aytilmaydi) tilidan hikoya qilinishicha, ancha yillardan beri uning o’ng boldiri, to’g’rirog’i, oshiqdan sal yuqori qismi og’rib yurgan. Do’xtirma-do’xtir, kasalxonama-kasalxona yurib, yotaverib zada bo’lgan. Og’riq uncha kuchli bo’lmasa ham doim zinqib, yurakni g’ash qiladi. Sog’ bo’lib sog’, kasal bo’lib kasal bo’lmagan bu “yigit” fevralning boshlari, hali yerdan qor ketmagan bir kunda, hovli etagidagi …quriy boshlagan qari o’rikni akasi bilan arralaydilar. Ayriga qisilgan yo’g’on shox hadeganda chiqavermaydi. Yigit uni ikki qo’llab siltab torganida beli “qirs” etganday bo’ladi. Shu paytning o’zida egilishi qiyinlashadi va yotib qoladi.

Darvoqe, yigitning kasalxonaga tushgunga qadar tortgan azoblarini tinglashning o’zi bir azob: “O’sha, belim “qirs” etib, egilish qiyin bo’lib qolgan kuni “bilarmonlar” maslahatiga ko’ra hammomga tushdim-da, bir chorsi tuz solib vanna qildim.Uyga kelib, o’rik o’tin cho’g’idan solingan sandalga kirib yotdimu, turolmay qoldim…”, – deya hikoya qiladi yigit.

“… ikki marta qon ham oldirdim. Birinchisi, ayniqsa, ayanchli va azobli bo’ldi.Uchko’prikdan ikki yuzi qassoblarnikiday tirsillab, yaltirab ketgan, basavlat tabibni topib kelishdi. U meni tik turg’izdi-da (ikki qo’ltig’imdan suyab, mahkam ushlab turishdi), o’ng oyog’imning oshig’i pastrog’idan… boshmaldoqqa qarab ketgan yo’g’on tomirni …barmoqlari, dag’al kafti bilan xo’p ezg’ilab uqaladi.
…tomirim manaman, deb bo’rtib chiqib qoldi.Shundan keyin bir uchi… qirrador… shapaloqday uzunchoq qayroq tosh bilan tomirimga… shunday zarb bilan , shafqatsizlarcha urdiki, dod deb yubordim.

…Bu ham ancha mahorat talab qiladigan hunar bo’lib, vena qon tomiridan teshik ochilishi lozim ekan. …zarb va og’riqning kuchliligidan tomirim butunlay uzilib ketdi-yov, deb o’yladim.
…bir necha tomchi qon sizib, polosga tushdi. Tabib yonimdagilarga “mahkam ushlanglar”, deb tayinladi-da, tosh bilan yana ikki joyga haligiday zarb bilan urdi. Ko’zlarimni chirt yumib, tishimni tishimga bosib turuvdim, qisirlab ketdi. Har galgi zarbda baqirmaslikning ilojini qilolmasdim. Tabib o’z ishidan, to’g’rirog’i, mening qonimdan qanoat hosil qilmadi.”

“– Qoni quyuq ekan, shovullab oqib ketishi kerak edi, – dedi u yonidagilarga qarab. – Endi uch-to’rt kun kutasizlar, foydasi sezilsa, ikkinchi oyog’idan ham qon oqizamiz, sezilmasa… yo’q.”
“Foydasi sezilmadi. Lekin shu orada qon oladigan yana boshqa tabib haqida mish-mish chiqib qoldi.”
“– Juda usta ekan. Ho’kizning shoxi bilan so’rarkan, chivin chaqqanchalik ham og’ritmaydiykan, – deyishdi.”

“Bu tabibning qon olish usuli rostdan ham butunlay bo’lakcha ekan: yo’g’on sopli, uchi nayzasimon pichoq bilan tizzalarimning ichki tarafidan chiziq tortganday yonma-yon tildi-da, sizib chiqqan qip-qizil …qonimni muguzda shiddat bilan so’ra boshladi”.

“Shundan keyin ahvolim yana battarlashdi. Alam qiladigan joyi – loaqal o’tirolmaganim edi.Faqat yotar, yotgandayam faqat bir yon – o’ng yonbosh bilan…, birpas… chalqancha tushardimu, yana yonboshlardim.”

“Odamlar qanday qilib uzoq-uzoq tikka turisha olarkin, oyoqlari, beli tolib ketmasmikin, deb o’ylardim. Keyin: avvallari men ham shunaqa tik turaverarmidim, deya o’zimga o’zim savol berardim.”

“Kechalari tishimni tishimga bosib, mumkin qadar ingramaslikka, o’zgalarning uyqusiga xalal bermaslikka harakat qilardim.”
“…ahvolim yana battarlashdi.

Qo’chqorota adirlari orasidan o’tgan quvurning ulangan joyidan sizib chiqayotgan iliq, sho’r suvga, Tojikistonning Asht degan joyidagi tuzli balchiqqa qanday borganimu u yoqlardan qay alpozda qaytganalarim ham bir dardli doston…”

Odatda biz badiiy asarga yozuvchi xayolida tug’ilgan to’qima voqealar tafsiloti, deb qarashga o’rganib qolganmiz. To’g’ri, biz yozuvchilarning yolg’onini yolg’on, deb inkor qilmaymiz. Chunki yozuvchining yolg’onisiz tuzi rost asarning o’zi binoga kelmaydi.. Yolg’onini rost voqelikka aylantirib tasvirlash, o’z uydirmasini uyitmaga aylantirmay o’quvchiga tortiq qilish yozuvchining vazifasi. Bunga qanday, qay darajada erishadi, bu endi uning mahoratiga bog’liq.

Ammo, ba’zida, yozuvchining voqelik asosiga qurgan jumlalari ham uyib qolgan sutday, o’quvchi ko’nglini behuzur qilishi mumkin. Demak,
uydirmasini uyitmaga aylantirmay kitobxonga tortiq qilish ham ijodkor mahoratining muhim jihatlaridan biri desak bo’ladi.

Yuqoridagi iqtiboslarning zig’ircha yolg’oni yo’q. Asar bosh qahramoni tilidan aytilayotgan gaplar – u tortgan azoblarning bari yuqorida ta’kidlab o’tganimizday, muallifning o’z boshidan o’tgan ko’rgiliklaridir. Shuning uchun bo’lsa kerak, qahramonning o’z kasalligi haqidagi bironta gapiga nisbatan ko’nglingizda “Ie!”, “Nega?”, “Qanday qilib?”, degan ishtiboh tug’ilmaydi. Chunki muallif bemor yigit tilidan shaxsan o’zi tortgan azoblarini hikoya qilayapti-da.

Ammo!..
Shifoxonaning “… maxsus“shoxona” kalavot”ida, kun-tunlarini ming azobda o’tkazayotgan bu yigit hayotiga to’satdan Ma’suma kirib keladi.

To’satdan deyishimizning boisi, Ma’suma kim? Bemor yigitga nima aloqasi bor? Nima sababdan bu qiz kelishi “etti uxlab tushiga ham kirmagan” yigitning palatasiga “qadam ranjida qildi?”. YO u shu shifoxonada biron vazifani bajaradigan xodimamidi? Yoki u ham davolanayotgan bemormi? Davolanayotgan bo’lsa, yigit nega “Ma’suma kelib ketgach”, deydi? Ma’suma bemor bo’lsa, mantini qanday qilib uyidan pishirib keladi? Nima uchun u gohida shifoxona “xalatida” paydo bo’lib qoladi?..

Qo’yingki, Ma’suma bilan bog’liq tafsilotlarda mana shunga o’xshash savollarga sabab bo’ladigan holatlar talaygina.

Darvoqe, fiologiya fanlari nomzodi, taniqli adabiyotshunos olim To’lqin Yo’ldoshev ham “Kamolotning olis yo’li” nomli kitobida shunga o’xshash fikrni aytgan edi: “Hikoyani o’qib bo’lgan kitobxonda bir qonuniy ishtiboh tug’iladi – najot farishtasi to’satdan keladi-yu, bemorni oyoqqa turg’azgach, to’satdan yo’q bo’lib qoladi. Qahramonlar o’rtasidagi iliq, sirli munosabatlar qachon boshlangan, bu haqda asarda biror ishora yo’q. Bamisoli buyuk adib A.P. Chexov aytganidek, hikoyanavis hikoyani yozganu ikki buklab, bosh-oxirini yirtib tashlagandek…”

Nazarimizda, bunga, hikoyaning aynan mana shu joyida ijodkorning asl yolg’oni boshlanganida. Demak, Ma’suma asarning tuz-namagini rostlash uchun yozuvchi tomonidan o’ylab topilgan yolg’on obraz. Biroq shu yolg’onsiz hikoya nihoyatda zerikarli, nursiz, bayondan iborat narsaga aylanib qolardi. Ta’bir joiz bo’lsa, hikoya, aynan, mana shu yolg’on obraz – Ma’suma tufayligina o’qishli, ohanrabo kasb etganligini inkor etolmaymiz. Hikoyadagi bu yolg’onlar Ma’sumaning go’zalligi, “istarasi” ta’rif-tafsifi soyasida bilinmay ketadi. Adabiyotshunos To’lqin Yo’ldoshev ta’biri bilan aytganda, kitobxon “asal qo’shib tasvirlangan ayol obrazi”ga mahliyo bo’lib barcha “nega?”larni unutadi.

AGAR, TAQDIR SIYLASA…

Akamning do’stlardan ranjib, nolingan holatini juda kam ko’rganman. Ko’rsam ham, sal o’tmay, xuddi, hech narsa bo’lmaganday, o’sha kimsaning biron yaxshi fazilatini eslab, odamni hayron qoldirib qo’yadigan odati bor. Ilgarilari Akam birovdan xafa bo’lishni bilmaydi, deb o’ylardim.

Keyinchalik ishonch hosil qildimki, Akam ham tanish-bilish, qarindosh-urug’, do’st-yorondan xuddi o’zimizday xafa bo’lar, dili og’rib, ko’ngli qolar ekan-u, ammo faqat buni oshkor etib, odamlar dilini xira qilib yurmasligini (bunga qanday erisharkin?) sezib hayron qoladigan bo’ldim.

Adabiyotshunos To’lqin Yo’ldoshevning yozishicha, Akam viloyat obkomida o’tadigan, o’zining hayoti va taqdiri bilan bog’liq muhokama (Byuro)ga tayyorgarlik ko’rar va shu kuni yonida (ha, aynan
yonida) turadigan, zarur bo’lsa himoya qilib so’zga ham chiqishi mumkin bo’lgan bir necha ishonchli,
kishilarning nomlarini keltiradi.

Byuro boshlanadi. Ammo ishongan tog’da kiyik yotmas ekan. Ishongan do’stlarning ichidan ham eng ishongan bittasi uni dog’da qoldiradi.

Akam menga bu haqda o’lsa yorilmasu, o’sha “do’st”ning kimligini taxminan tusmollayman. Tuyg’um aldamasa, u ham shoir edi. Bo’lgandayam, ancha-muncha ijodkorni elayvermaydigan, dimog’dar
shoir edi. Ancha-muncha olimlarni hurkitadigan olimligiyam bor edi. Ba’zan-ba’zan Akam bilan Toshkentga kelib qolsa kibr to’la dimog’ini qanday chog’ etishni bilmay talay odamlarning rangi sarg’aygan damlar yodimga tushadi. O’shanday damlarda zada shuurimda: Akam shu odam bilan birga yurmasa nima qilarkin, degan savol aylanaverardi. Ba’zan ichki bir tuyg’u “shu odam hech kimni yaxshi ko’rmasa kerak. Unda o’zidan o’zgani mensish tuyg’usi o’lgan”, deb turib olardi.

Afsus, bu dunyoga hamma omonat ekan. Qazo dimog’ning bolandligiga qarab o’tirmaskan…

Do’rmondagi bir galgi suhbatimizda u o’tib ketgan do’stlarini bir-bir eslab, iztirob bilan dedi:
– Do’stlarimdan Baxrom… Hasanboy… Juda erta ketishdi. Shu ikkovi o’tganidan keyin men endi o’zimga kelolmasam kerak, deb o’ylovdim… – Akam tomog’iga tiqilib kelgan xo’rlikni ichiga g’ult etib yutarkan, ko’ngli buzilganligini bildirmaslik uchun ko’zlarini yerga tikadi.

– Qattiq suyanib qolgan ekanman ularga. Qadri yomon o’tdi. Do’stlarni ehtiyot qilish, kechirimli bo’lish, tez-tez istab-so’rab turish kerak ekan. Ismoilning so’nggi kunlarida (shoir Ismoil To’lak nazarda tutilyapti) oldiga kamroq borganim uchun endi o’zimni o’zim kechirolmayapman.

Do’stlik so’zi Akam uchun lug’atlardagi mazmun-mohiyatidan ham kengroq zalvor tashishiga o’sha kuni yana bir bor ishonch hosil qildim.. Bu kalom qadrini u o’zigagina ayon mezonlarda o’lchashi va
taftu haroratini bizdan boshqacharoq ta’m-tatimlarda his etishiga amin bo’ldim.

“Taqdir saxovat ko’rsatib, buyuk baxt tortiq qilmoqchi bo’lsa, seni sadoqatli do’stlar bilan siylaydi”, degan edi olmon faylasufi Ernst Tel`man.

Akamni taqdir bu borada chin ma’noda siylagani rost. O’zi ham “Andijondan Dakkagacha” deb nomlangan kitobida “Do’stlarim mening omadim” deb yozadi. Uning bu e’tirofida zarracha mubolag’a yo’q. Ha, do’stlari omadi bo’lmaganida!..

JIGARLARDAY BAG’IRLASHUVDIK

Qamchibek akam viloyat qalam axliga ko’p yil rahbarlik qildi.

Bu faktni Akamning bu kursini “uzoq yillar” egallab o’tirishiga bois bo’lgan xizmatlarini bir-bir sanab, ushbu vazifani undan ortiqroq qoyillatadigan odam bo’lmagan, degan gapni isbotlash uchun aytayotganim yo’q. Dunyoda nufusi ikki milyonga ham yetmaydigan davlatlar bor. Bas, shunday ekan, ikki milyondan ortiq aholi yashaydigan viloyatda shugina amalga loyiq kimsa topilmasligini isbotlashga tirishishning o’zi noo’rin. Qolaversa, boshqa viloyatlarda bilmadigu, Andijon xalqi, ayniqsa, “anjan ijodiy muhiti” talantli rahbar kadrlar masalasida hech qachon qashshoqlik sezmagan. Buni Qamchibek akamning o’zi ham bilardi. Shuning uchun ham u tashkiliy ishlar, idoraviy yumushlar, mehmon-izmon kutish tashvishlari bilan bo’lib ijoddan qolib ketayapman, bu vazifadan meni ozod qilinglar, deb tegishli idora va rahbarlarga necha topqir murojaat etganiga ham guvohligimiz bor.

Buncha gapni yozib qog’ozni isrof qilishga xojat bormikin, deb o’zim ham o’ylab qolyapman. Ammo o’rislarning “svyatoe mesto pusto ne bivaet”, degan mataliyam, anjancha aytganda, ja topib aytilgan ibora ekan. Qalam axli ichida “Q. K. bu “amal”ga munosib emas. Uzoq o’tirib qoldi. Ishlamaydi. Adiblar uchun qayishmaydi. O’rinni bo’shatsin. Munosib odamlar bor!”, qabilidagi fikrlarni turli davralarda visillab, vaqti-vaqti bilan yuqori idoralarga “noma” dumalatib turuvchi toifa ham yo’q emasdi. Odatda, bunday gap-so’z, xat-patlar beiz ketmas. Vaqt o’tib suvlar tinsa-da, tekshir-tekshir, “byuro” va har xil idoralarning o’rinli-o’rinsiz bildiruvlari, tanbehnamo pisandalari adibning yuragida zaxarday yig’ilib borar, bu esa salomatligiga jiddiy ta’sir ko’rsatishni boshlagan ham edi..

Ho’sh, qo’shtirnoq ichidagi o’sha do’stlarning iddaolarida asos bormidi? Dabdurustdan, bir narsa deyish ham qiyin.

Akang haqida shuncha og’iz ko’pirtirding. Elakka qolganda, chaynalyapsan, deyapsiz, tushunib turibman.

Akamga ne chog’ yaqin bo’lmay, ayni paytda, o’zga bir shahar fuqarosiman. Viloyat ijodiy muhitidan qaysidir darajada xabrdorligimiz bor, albatta.
Biroq u yerdagi nozik munosabatlarni Anjanga goh-goh borib turadigan mehmon darajasida bilaman, desam to’g’ri bo’ladi.

Bu borada ijod ahliga yaqin qalamkash akamiz aytib bergan bir voqea yodimga tushdi.
Mustaqillikning ilk yillari. Mamlakatimizda ham erkin, demokratik saylovlar tizimi barq ura boshlagan pallalar. Istagan odam biron lavozimga yoki deputatlikka loyiqmanmi, yo’qmi, deb o’tirmaydi. To’g’ri kelgan tomondan, meni saylang, meni saylang, deb ot solib kirib kelaveradi. Shoir yozuvchilarning-ku, tili tuyanikidan ham uzayib ketgan. Chunki xalq ularni o’z rahbarlaridan ko’ra yaxshiroq biladi. Yaxshi ko’radi. Chunki xalqqa eng yaqin tilda gapirishadi-da. Lof bo’lmasa, har ikki qalamkash yoki rassomning biri xalq deputatligiga nomzod. Jumladan, g’azalnavis shoir Qobil Mirzo ham. Tag’in qaerga, deng? Mamlakatning eng oliy yig’iniga! Raqibi ham kichkina odam emas, shaharning ulug’i. Garchand rahbarning amali yuqori bo’lsa-da, yozuvchining xalqqa yaqinligi bor….. Yuzi issiq. Hay, desa xalq labbay, deb hayqiradi.

Rahbar, uloqni oldirib qo’yadigandek tuyuldimi, o’ylanib qoldi, viloyatdagilarga maslahatga soldi. Yo’q, bu viloyat rahbarlarining sha’niga ham yaxshi gap emas. Darvoqe, viloyat yozuvchilarining kattasi Qamchibek Kenja-ku! Mulohazali, izzatini biladigan, xalqqa gapi o’tadigan odam. O’sha kishi ishonchli vakil qilib olinsa qanday bo’larkin?

Ko’p o’tmay yozuvchilarning kattasini viloyat hokimining o’rinbosari chorladi.
– Falonchi pistonchievich sizni o’ziga ishonchli vakil qilib ro’yxatdan o’tkazishimizni so’rayapti.
– Qanday bo’larkin… O’zim ijodkor bo’lsam, minbarlarga chiqib, falonchi shoirgamas, pistonchi rahbarga ovoz beringlar deb tursam. Bu hech mantiqqa to’g’ri kelmaydigan ish, yo’q, men bunday qilolmayman. Ertaga viloyat yozuvchilarining yuziga qanday qarayman?
– Unday bo’lsa, to’rog’aning o’ziga bir uchrab qo’ying. Sizga ixlosi baland edi, – dedi hokim o’rinbosari bo’shashib.
Akam shahar kattasiga ham yuqoridagilarni aytib, uzr so’radi.

Ishonchli vakillik ancha-muncha imkon va imtiyozlarni yuzaga keltirishi mumkin edi. Axir shahar hokimligiga hamma tashkilot qatori Yozuvchilar uyushmasi viloyat bo’limining ham ishi tushib turadi-ku. Lekin andishali, kasbiga sodiq, fidoyi Akam ancha-muncha imtiyozni deb o’z hamkasbi, bo’lib ham Qobil Mirzo kabi e’tiqodli, ammo ko’ngli yarim adibning yuziga oyoq qo’ya olmas, buni tasavvur ham qila bilmas edi.

Lekin Qobil aka ham tantilik qildi. Saylovchilar bilan bo’lgan dastlabki uchrashuvda mabodo men deputat bo’lganimda shunday-shunday masalalar yechimiga, xalq farovonligiga, ma’naviy-ma’rifiy muammolarga e’tibor qaratardim, deya, taxminiy dasturini e’lon qilib, so’zini she’r bilan yakunlab, olqish, qarsaklarni olgach, shaharning ulug’i, ya’ni o’zining raqibi to’g’risida, uning tashkilotchiligi, talabchanligi, ijtimoiy muammolarni yaxshiroq bilishi, ancha yillardan buyon umumiy qozonda xalq bilan birga qaynashi va boshqa jihatlari xususida to’lqinlanib so’zladi-da, hammani o’sha insonning nomzodini qo’llab-quvvatlashga chaqirdi! Bu uning Akamning munosabatiga javobi edi. Zalda yana gulduros qarsaklar yangradi…

***

Kelinimiz bir kuni “sizni bir odam telefonga so’rayapti”, deb qoldi. Go’shakni olsam, shoir Qobil Mirzo. Ovozidan og’irroq xastaligi shundoqqina sezilib turardi. Salom-alik qildik.
– Toshkentga bormasam bo’lmaydi shekilli, Abdunabijon, – dedi u siniqqanroq bir ohangda.
– Keling, aka! – dedim men.

– Biz paqirlarga parvo qilarmikin poytaxt duxtirlari? – dedi u. Biroz nafasini rostlab, so’zida davom etdi. – Bu yerda ukalarimiz sizga Toshkent nima qilib berardi, Abdunabi akaniyam xijolat qilishning hojati bormikin, deyishyapti. Toshkentga olib boraveringlar, Abdunabiga yetib olsak, u yog’ini o’zi bir gap qilar, deyapman.

– Juda to’g’ri o’ylabsiz. Vaqtni o’tkazmay yo’lga chiqavering. Zora, dardning shifosini Toshkentdan bergan bo’lsa, – deyman uning ko’nglini ko’tarishga harakat qilib.

Qobil akani ertasiga tongdayoq yetkazib kelishdi. Janubiy vokzal atrofida topishdik. Ranglari siniqib, uzoq dard tortganidanmi, ilgarigi bo’liq, baquvvat jussasidan yarmi ham qolmabdi. Mashinaning orqa o’rindig’iga to’shalgan yakandozda beholgina, bir tutam bo’lib yotardi. Ovozimni eshitib: – E, hayriyat, e, hayriyate! – deya quchog’ini ochadi.

Xuddi jigarlarday bag’irlashdik… Vaqtni o’tkazmaslik payida, ukasiga mashinamning orqasidan haydayverasizlar, deya, Yozuvchilar poliklinikasi tomon yo’l boshladim.
Poliklinikamizning bosh shifokori Anvarjon Rajabov ajoyib inson.
Bosh shifokorligini pesha qilib, g’o’dayib, kibrlanib turishni bilmaydi.

Arzi hol qilib borsang, o’zi qo’lingdan ushlab xonama-xona yetaklab yurishdan ham or qilmaydigan, juda kamtar yigit. Qobiljon akaning ahvolini tushuntirishim bilan, o’rinbosari Hamidulla akani va yana ikki vrachni chaqirtirdi. Birgalashib pastga, Qobil Mirzoning oldiga tushdik. Bemor birdaniga shuncha shifokorning atrofida parvona bo’lib qolishini kutmagan edi. Shaxsan bosh vrachning o’zi oldiga tushib kelganidan to’lqinlangan Qobiljon aka bir muddat gapirolmay, tinib qoldi. Nazarimda u, yig’lardi. Toshkent sizga nima qilib berardi, degan ukasi menga sekingina dedi:
– Anjanda duxtirlar kasalga bunaqa parvona bo’maydi-da. Shunaqa odamoxun shipokorlaram borligidan to’liqib ketdi, bechora.

Shifokorlarning odamoxunligi shu bilan tugagani yo’q. Bemorni tepaga maxsus xonaga avaylab olib chiqishdi. O’nga yaqin mutaxassis ishtirokida maslahat-konsilium o’tkazildi. Ularning fikrlarini bir-bir eshitgan Bosh shifokor so’nggi xulosani aytdi.
– Bemor zudlik bilan “Glavtoshkentstroy”ga yotqizilishi kerak. “Tez yordam”ni yo’lakka to’g’rilanglar. Hamidullaka, banisaga o’zingiz kuzatib borasiz. Joylab, menga albatta qo’ng’iroq qiling!
– Xo’p!

Bosh vrach o’rinbosari Hamidulla aka bemor to palataga joylashib, davolovchi shifokor suhbatni boshlamaguncha biz bilan bo’ldi.

Muolajalar boshlandi. Men ham adibni kunda-kunora yo’qlab, zeriktirib qo’ymaslikka harakat qildim.

Qobiljon aka deyarli ovqat yemay qo’ygandi. Kasali jiddiy, ahvoli og’irligini davolovchi vrachlarning tashqaridagi suhbatlaridan sezib qolardim. Kuchli muolajaning ta’siridami, uch-to’rt kundan keyin, har tugul, ichi yurishib, sal-pal tomoqqa kirdi. U poytaxt shifokorlarining e’tibori, munosabatlaridan chin ko’ngildan xursand bo’lar. Oz-oz bo’lsada, tomog’idan ovqat o’tib qolganidan dimog’i chog’ edi. Sihati bir muncha yaxshilanib, kayfiyati ochilgan ana shu damlarda ikkimiz turli mavzularda, uzoq-uzoq suhbatlar qurdik. Ijodkorlar tili bilan aytganda, “g’iybat janri”ni ham chetlab o’matdik. Bir gal, gap aylanib, andijonlik adiblarning o’zaro oqibatlariga taqaldi. Bunday tansiq lahzalar boshqa qaytib kelmasligi aniq. Albatta, qalam ahlining Qamchibek Kenja shaxsiga, ijodiga bo’lgan qarashlari, ayniqsa, u kishining shaxsi bilan bog’liq ayrim gap-so’zlarga ham oydinlik kiritib olish imkoniyati tug’ilgan edi. Vaziyatdan foydalanib, noqulay bo’lsa ham, ayrim faktlarni alohida so’rab olishdan ham o’zimni tiyolmaganim rost…

Hayot beshafqat ekan. Mana, Qobiljon aka ham o’tib ketdi. U bilan baqamti o’tkazgan o’sha ajoyib damlarni, qator ijodkorlar, ularning asarlari haqidagi xolis va betaraf, adolatga hayrixoh mulhazalarini endi bot-bot eslayman. Rahmatli adibning qator shaxslar to’g’risida nimalar degani esa endi alohida esselar, maqolalarga mavzu.

Qamchibek Kenjaga sifat berib ta’kidlagan mana bu iborasini esa hoziroq aytgimiz keldi: “Mulohazali, og’ir-bosiq, imoni butun odam!”.

AKAMNING “CHO’LPON”I

Odam deganining his-tuyg’ulari yuz-ko’zidan balqibgina tursa-da!

Gapni yozg’irishdan boshlaganimga hayron bo’lmang. Nega? Chunki Akamda, doim ham shunday bo’lavermaydi. Biron narsadan ta’sirlansa yoki hayajonga tushsa, boshqa odamlarga o’xshab tusi duvva
o’zgarib, tuyg’ularini o’la-topa dasturxonga solib, oldingizga yozib tashlamaydi. Deylik, biron hodisa sodir bo’ldi yo kimdandir biron gap o’tdi. Darrov shuning muhokamasiga kirishib, shu topning o’zida xulosa chiqaradiganlar xilidan emas. Yo’q, Akam bunaqa gaplarni o’sha yerning o’zida tuproqqa ko’mib ketadi, desam ham to’g’ri bo’lmaydi. Har qalay, alay-balay gapni ichiga yutib, kerak bo’lsa uni o’zidan ham yashirib qo’yishi mumkin. Ha, Akamning qo’lidan keladi bu narsa. Hatto o’sha gap o’ziga qarshi aytilgan bo’lsa ham. Yana bir mulohazani bayon qilsam: Akam boshqa ayrim ijodkor ustozlarimizga o’xshab, sendan salgina bejolik o’tsa qing’ayib, tumtayib qoningni ichib yurmaydi.

Aslida bu xislatning maqbulu nomaqbul jihatlari ham bor. Nomaqbuli, ko’pincha u yoki bu hodisaga munosabati qandayligini bila olmay iching g’umillab yurasan. Maqbuli, biron voqeaga nisbatan o’ylar taloshidasan. Chiqargan xulosalaring, deylik, salbiy. Keyinchalik bilasanki, U kishining torozisida bu holat tosh bosmaydigangina o’tkinchi bir hodisa bo’lib chiqadi. Bunday holatlardan necha martalar hayron qolganlarimni men ham endi dasturxon qilib o’tirmayman.

Kalavani chuvalatmay, maqsadga ko’chaqolay: o’tgan asrning oltmishinchi, yetmishinchi yillarida qo’liga qalam tutgan yosh ijodkorlarning aksariyati Sho’ro tuzumidan noroziligi uchun yo’q qilingan, bu yetmaganday, nomi ham, ijodi ham hibsga tashlangan millatchi olimlarimiz, shoir va yozarlarimiz qo’lyozmalarini ayricha mushtoqlik, hayrixoh bir ishtiyoq bilan qidirib mutolaa qila boshladilar. Jumladan Akam mansub bo’lgan avlod ham.

Xo’sh, Qamchibek Kenjaning Qizil qatag’on qurbonlariga munosabati qanday edi? Bu narsa, bilsangiz, meni ham qiziqtirardi. Biroq Akamning tishlari ancha-munchaga yorilmasligini sizga
sal yuqorida aytdim.

Xullas, qatag’on siyosati qirib tashlagan milliyotchi oydinlarimizning bitiklari ular oqlanganlaridan keyin, to saksoninchi yillaring oxirlariga qadar ham chop etilavermadi.
Qo’lyozmalarning yonmasligi rost ekan. Cho’lpon, Qodiriy, Usmon Nosir, Behbudiy, Fitratlarni sotib, otib yer tagiga tiqib tashlaganlari bilan ularning munavvar unlarini o’chirolmadilar. Faryodlari, ezgu g’oyalari jo bo’lgan bitiklari xalqimiz qalbida yashayverdi. Qo’ldan qo’lga, dildan dilga ko’chdi.

Nazir Safarovning uyida (yani, o’sha, Muhammad Yusuf bir muddat istiqomat qilib ketgan xonada) yashay boshlagan kunlarim edi. Bir kuni Akam mendan:
– Cho’lponni o’qiganmisiz? – deb so’rab qoldi.

Nima desam ekan. Ha, dey desam yolg’on bo’ladi. Yo’q, deyish ham… Jurnalist bo’laman deb, poytaxtga kelvolib, gurunglarda safsata sotib yurgan akang qarag’ayning Cho’lponni o’qimasligi…
– Usmon Nosirnichi? – qo’shimcha qildi Akam.

Yolg’on bilan qutulib bo’lmasdi.
– Undan-bundan so’radim, topolmadim…

Akam meni tushundi. Ortiqcha qiynagisi kelmadi shekilli, muddaoga ko’chib qo’yaqoldi:
– Ularni bilishimiz kerak. Sizga Cho’lponni opkelib beraman…

Keyingi safar xabar olishga kelgan Akam qo’limga bir dasta sarg’ayib ketgan, mashinkalangan qo’lyozma tutqazdi. O’ziyam kapirovkaning beshinchimi yo oltinchi nusxasi bo’lsa kerak, judayam xira, zo’rg’a o’qilardi.

Qanchadan buyon orzu qilib yurgan she’rlarim. Quvonib ketdim. Biroq, ichimda allanechuk qo’rquv, havotirga o’xshash o’y ham g’imirlaydi. Bu, albatta, Nazir otaning ham ziyrak nazaridan chetda qolmagan shekilli, kechki ovqatdan keyin gapni aylantirib shu mavzuga taqadi:
– Endi, bu yigit iniversitetga kiraman desa, ko’p o’qishi kerak…

Nazir ota Qamchibek aka bilan o’rtamizda bo’lib o’tgan savol-javobni eshitgan, degan o’y o’tdi xayolimdan. Oqsoqol Akamga sinchkov tikilib so’zida davom etdi:
– O’qishga bir narsa berdingizam shekilli, nazarimda?!

Yuragim shuvv etdi. Nima der ekan, degan xavotirda zimdan Akamga qarayman. Akam, men o’ylaganday, sarosimaga tushmadi. Xotirjamgina javob qildi:
– Ha, bularning ayni o’qiydigan payti, domla. Cho’lponning she’rlarini opkelib berdim.

Otaning ko’zlarida qandaydir bir noxushlik ko’lankalandi. Akam buni sezdi. Biroq o’zini sezmaganlikka oldi. Nihoyat, Nazir otaning dilidagi gapi
tiliga tepchidi.

– Bugungi yoshlarimiz… Cho’lponni o’qishmaydi, – dedi zo’raki bir bepisandlik bilan

Bu gap ohangidan yoshlarimiz Cho’lpon she’riyatining o’qilmasligidan afsus emas, yoqtirishmaydi deganga o’xshashroq ma’no salmoqliroq edi. Endi Akam
ham yorildi:

– Domla, – dedi u oqsoqol adibga tikilib, – aksincha, bugungi yoshlar Cho’lponni burchak-burchaklarda yashirib o’qishyapti. “Tirik satrlar”ni yig’ishtirib olishganiyam yaxshi bo’madi. Bundan ayniqsa yoshlar xursand emas…

Ustoz va shogird o’rtasida qanaqadir judayam ingichka bir vaziyat yuzaga keldi. Qaysidir tomon ozgina tob tashlamasa, ikki o’rtada taranglashib chiyray boshlagan rishta uzilib ketishi aniq
edi. Uzilgandayam, noxush ovoz chiqarib…

Nazarimda, Akam “xursand emas” jumlasi o’rniga “norozi” so’zini ishlatmoqchi edi. Bundan Nazir otaning diliga o’ta ozor yetishini o’yladi chog’i, o’zini tiydi. O’sha paytdagi ijodkor yoshlar o’rtasida yaxshigina ko’zga tashlanib qolgan talantli bir qalam sohibining tilidan o’zining uzoq yillar to’g’ri deb hisoblab kelayotgan maslagi, qarashlariga ters fikrning chiqishi oqsoqol uchun shunchaki, o’tkinchi bir hodisa ham emasidi. Zukko o’quvchi buni aytmasak ham tushunib turgandir. Akam endi dilidagi qolgan fikrlarni ham to’kib solishga qaror qilgandi. Ammo sal yumshaganroq ohangda so’zini davom ettirdi:
– Yaxshimi, yomonmi, har qalay, Cho’lpon o’zimizniki… O’zimizi shoir, domla…

Xayriyat, ikki o’rtada murosaga yaqin holat yuzaga keldi. Domla ham biroz yon bermasa bo’lmaslini his qildi. Noilojgina:
– Ha, ha!.. Gapingiz to’g’ri bo’lishiyam mumkin. – deb qo’ydi.

Akamning dadilligini ko’rib, havasim keldi. Ichimdagi unga bo’lgan xurmatim yanada oshdi. Chunki bu olishuvda shoir Cho’lpon g’alaba qilgan edi. Akamning, yo’q, bizning Cho’lponimiz.

Keyinchalik akamning tavsiyalari, ba’zida qiyin qistovlari bilan, desak ham bo’lar, o’zga tillardan o’girilgan bitiklarga ham bo’ylaydigan bo’ldim. Hofiz Sheroziy, Umar Hayyom, Balzak, Mapassan, Guntegin, Gyugo, Aziz Nesin, Yesenin, Blok, Mayakovskiy, Nozim Hikmat va boshqa yana o’nlab buyuklar kitoblari bilan ham topishdik.

Ozmi ko’pmi o’qib shuni alohida uqdimki, har bir millat o’zining fidoyi farzandlarini hech qachon unutmas ekan. Sha’ni-shavkati uchun jon tikkan o’g’lonlari nomini, ijodini, garchi, ularning ismini atoqlab aytishga ta’qiqlar qo’yilgan bo’lsa ham, yuragining tub-tubida asrab-avaylaydigan farzandlarni ham berarkan. Berganda ham, ko’p va xo’p berarkan. Cho’lpon, Qodiriy, Fitrat, Usmon Nosirlar ana shundaylarning qalbida, or-nomusida yashagan, yashayvergan ekan…

She’r:

TO’RG’AY
Cho’lponga

Sen
Quyoshni sevarding, To’rg’ay,
Hayot lazzatidan ortiqroq.
Sen
Tongni sevarding, hayiqmay
Parvoz etding yuksak va quvnoq.
Nurga tashna edi ko’zlaring,
Otilding, jahd bilan, ziyoga.
Ufqlardan so’qmoq izlading,
Bo’zlab bo’zlading sen ko’m-ko’k havoda.
Parchalanib ketdi orzular – sarob,
Nogahon qulading qoyalar aro.
Sovuq devorlarni siypalab yog’du
Dilgir entikadi – motamsaro.
To’rg’ayjon, sen o’lding quyoshni ichib,
Qora qarg’alarning ko’nglini xushlab.
Endi… Qo’shiqlaring boradir uchib,
Burgutlarni kurashga boshlab!

Ushbu satrlar Abdulhamid Sulaymon Cho’lpon bilan tanishib, iztirobli tuyg’ularini yutoqib simirgan o’sha kunlarimiz hayajonlaridan bir chimdimi. Ana shu lahzalar, satrlar uchun ham Akamga bet kelib aytganu aytolmagan rahmatlarimiz ham bor.

EGRI QOVURG’A
(Akamning o’gitlaridan)

Oz yozyapsiz. Matbuotda kam ko’rinyapsiz. Shunchaki tirikchilik o’tkazish uchun poytaxtda yashash shart emas. Ro’zg’or tebragulik ish viloyatda ham topiladi.

*

Bir she’rni “Men tushimda o’lgan emishman”, deb boshlabsiz. So’zni aytganda ham, yozganda ham ehtiyot bo’lgan durust. Har bir gapga farishtalar omin deydi. Pasternak Yevtushenkoga shunga yaqin bir gap aytgan ekan.

*

Bir gal Andijonga komandirovkaga kelib, otangizni ko’rmay ketibsiz. Bu dunyoda otani yo’qlashdan muhimroq ish bormi?

*

“Judolig’ dashti”dagi taxallusingiz menga uncha ma’qul bo’lmadi. Undan ko’ra Abdu Nabi tuzuk.

*

Har qanday ishni oldindan bu ish bo’larmikin, deb emas, albatta amalga oshadi, deb boshlash kerak.

*

Meningcha bir xo’plam, yarim xo’plam xamr ichdim deb namozga beparvo bo’lmaslik kerak. O’qimagandan ko’ra, tavba qilib, yaxshilab tahorat olib, O’ziga astoydil yolvorib, joynamozga bosh qo’yavergan ma’qul. Kechirguvchiman, deb turibdi-ku! Noumid – shayton!..

*

Hech qachon zahri singmagan suvda tahorat qilmang. Hatto, mendan ham issiq suv so’rang! Buning aybi yo’q.

*

Eng sadoqatli do’stlarim –Hasanboy, Bahrom, Ismoil (shoir Ismoil To’lak) – erta vafot etib ketishdi. Ayniqsa, Bahromning o’limi meni ancha cho’ktirib qo’ydi. Endi qolgan do’stlarim haqida jiddiyroq o’ylashim kerakka o’xshaydi. Ancha-muncha kamchiliklari bo’lsa ham, do’stlar bir-birini kechirib yashashi zarur ekan.

*

Bo’lgan voqea-ku, deb hamma narsani yozavermaslik kerak. Jigarchilikda o’tadigan munosabatlarning jigarlar o’rtasida qolgani yaxshi. Bir kun kelib, so’rab-surishtirib, aniqlik kiritadiganlar topiladi.

*

Ayol kishini Xudo Odam Atoning egri qovurg’asidan yaratgan. Uni to’g’rilayman, deb ovora bo’lmaslik kerak, deyishadi. Chindan ham zarur bilganda, Yaratganning o’zi uni to’g’ri suyakdan yaratishi mumkin edi. Bunda ham bir hikmat bo’lsa kerak.

XOTIMA

Bir qorindan talashib tushmagan bo’lsakda, talashib tushganlardan a’lorog’im, taniqli adib, daryodil inson Akam Qamchibek Kenja haqidagi ushbu manzumani nima bilan yakunlasam ekan, deb ko’p o’yladim. Va shu o’rinda yana bundan roppa-rosa o’n yil ilgari gazetada e’lon qilganimiz bir maqola xayolimga qalqib chiqaverdi. Nazarimda, xuddi shu narsa qaysidir ma’noda xotima bo’ladiganday tuyulaverdi. Va, shunday qilsam, to’g’ri bo’larkan, degan xulosaga keldim. Va shunday qilsam men, Akam haqidagi shu bir shapaloqqina kitobchani bundan roppa-rosa o’n yil ilgari yoza boshlaganim rost bo’lib chiqadi. Va shunday qilsam, hikoyamiz boshida o’zimni “Yalqovsan, Nabivoy!” deya ayblovdan gap boshlaganim ham qaysidir ma’noda o’zini oqlaydiganday:

ORZU VA ARMONLAR DENGIZI
yoxud yutoqqan yuraklarga tomgan sayohatnomalar

Buyuk millatlarga xos, qalbni iftixor tuyg’ulari bilan to’yintiruv chi, unutilmas lahzalarni millatparvar farzandlar hayotining beorom, shijoatli damlari tarix sahifalariga muhrlaydi. Ana shu iftixor tuyg’usi biz tengi avlod qalbida negadir chalkashroq, nursizroq namoyon bo’ladi. Buning sabablari ko’p, albatta…

Bolaligi yigirmanchi asrning 50-80 yillariga to’g’ri kelgan millatdoshlarimiz allaqaysi mamlakatning mavjud-nomavjud (ya’ni, badiiy to’qima) soyirlari nigohi bilan ko’rar, yurtimiz tuprog’ida tug’ilib, yer sharining talay mintaqalariga poyqadami yetgan ajdodlarimizga daxldor qadriyatlar dan deyarli ixotalab qo’yilgan edik.

Marko Polo, Xristofor Kolumb, Ganzales de Klavixo, Frit`of Nansen, Otto Sverdrup, Rual Amundsen va boshqa yuzlab olimlar va soyirlarning turli qutb va mintaqalarga maxsus safarlari haqida o’qisak, g’arb sayyohlari haqidagi turli badiiy fil`mlarni tomosha qilsak, ichimizda qandaydir o’ksinish hissi g’imirlab qolardi. Nega bizning o’shalarday jasur, fidoyi ajdodlarimiz yo’q? Bor bo’lsa nega bilmaymiz, deya armon dengiziga g’arq bo’lar edik.

Odam qadami yetmagan qaysidir mintaqa yoki o’lkani kashf etish, o’rganish jarayonidagi mashaqqatlardan hikoya qiluvchi hujjatli fil`mlarni tomosha qilganda, shularga nima zarur ekan, o’zlarini azob-uqubatlarga giriftor qilib, deya hayron bo’lardik. Ularning asl maqsadlariga fahmimiz yetgach esa, nega bizning olimlarimiz ana shunday maqsadli safarlar uyushtirishmagan ekan, degan o’kinch qalblarimizni kemira boshlardi.

Bu armonangiz mulohazalar uzoq yillar, to sohib¬qiron Amir Temur hamda Zahiriddin Muhammad Bobur nomlari bilan bog’liq ekspeditsiyalar tashkil etilib, ular faoliyati haqidagi materiallar matbuotda yoritila boshlaguncha asab torlarimizni chiyratib turaverdi. Shukurki, diyorimizda istiqlol shabadalari esib, tashqi dunyo bilan aloqalar jonlandi. Ulug’ ajdodlarimiz bosib o’tgan yo’llarni o’rganish maqsadida ilmiy-amaliy safarlar uyushtirila boshladi. Turgan gapki, O’zbekistonimiz farzandlari ham bu borada buyuk millatlarga xos ishlar qilgani oydinlasha boryapti.

Shu o’rinda afsus qiladigan bir mulohaza. Sohibqiron Amir Temur bosib o’tgan yo’llarni tadqiq etish niyatida tuzilgan dastlabki xayrli guruh — ekspeditsiya to’g’risida iste’dodli adib Hakim Sattoriyning matbuot sahifalarida chop etilgan maqolalari orqali xabar topgan va quvongan edik (dastlabki safar 1991 yil 1—20 avgustda uyushtirilgan edi). Ijodkorning safarlardan taassurotlari o’laroq chop etilgan bir necha risolalariga ham (jumladan, «Xotira karvoni», «Fan» nashriyoti, 1994 yil) ko’zimiz tushdi. Afsuski, ushbu ekspeditsiya faoliyati izchil davom ettirilmay, ora yo’lda qolib ketgan, deb eshitamiz…

Bobur xalqaro fondi tashkil etilganidan buyon dunyoning yigirmadan ortiq mamlakatlariga o’ndan ortiq ilmiy ekspeditsiyalar uyushtirildi. Avtobusda 300 ming kilometrdan oshiqroq masofa bosib o’tildi, deb yozdi sevimli gazetamiz «O’zbekiston adabiyoti va san’ati». Fond jonkuyarlari nafaqat boburiylar, balki xalqimiz, yurtimiz sha’ni-sharafini dunyo miqyosida tug’ro qilib ketgan ko’plab buyuk vatandoshlarimiz siymosi, hayoti, ijodini o’rganish, ular xoki mangu makon topgan manzil-marohillarni izlab topish, obodonlashtirish borasida ham tahsinga loyiq ishlar amalga oshirishmoqda. Ekspeditsiya safarlaridan birida Hirot shahri yaqinida buyuk o’zbek shoiri Lutfiy hazratlarining nurab, g’oyib bo’lgan xobgohini topishga muvaffaq bo’linganidan xabar topgan edik. Mana yaqinda, aniqrog’i, 2006 yilning may oyida tinib-tinchimas boburzoda Zokirjon Mashrabov boshchiligida izsiz yo’qolib ketish arafasida turgan ushbu qabr ustida o’ymakorlik uslubida yaratilgan naqshinkor shiypon (andijonlik yog’och o’ymakori Usta Yo’lbars O’taganov o’z shogirdlari bilan tayyorlashibdi) qad rostlabdi. Sag’ana ustiga G’ozg’ondan olib borilgan marmartosh o’rnatilibdi.

Bu sa’y-harakatlar nainki xalqimiz, balki butun jahon jamoatchiligi tomonidan ham qizg’in ma’qullanib, e’tirof etila boshladi. Ekspeditsiya faoliyatining vaqtli matbuotda izchil va atroflicha yoritilib borayotgani, har galgi safar yuzasidan alohida-alohida kitob¬lar chop etilishi ham ayni muddao…

Shu o’rinda biz ekspeditsiyaning faol ishtirokchisi yozuvchi Qamchibek Kenjaning «Hind sorig’a» (2000), «Andijondan Dakkagacha» (2003), «Buyuklar izidan» (2006) deb nomlanuvchi safarnomalari (kitoblarning barchasi «Sharq» NMAKda chop etilgan) haqida ham bir-ikki og’iz so’z aytishga qaror qildik. Adibning safar taassurotlarini o’zida jamlagan ushbu kitoblari qaysi jihatlari bilan qadrli?

«O’nta bo’lsa o’rni boshqa… Qamchibekning ushbu asarlari Bobur Mirzoga bag’ishlangan kitoblar orasida o’ziga xos o’rin oladi, safarnoma janrini ko’pgina yangiliklar bilan boyitadi», — deb yozadi muhtaram adibimiz Pirimqul Qodirov.

Darhaqiqat, safarnomalar muallifi nazariga tushgan har bir voqelik — bino, shaxs, tabiat manzarasi, hayvonot, nabotot olami Bobur Mirzo shaxsi, davri, ijodi va bugungi O’zbekistonimiz timsollari bilan qiyosan tasvirlanadi, xulosalar chiqariladi. Muallif qaysi mamlakatda bo’lmasin, mahalliy aholi ahvoli, ruhiyatiga sinchiklab nazar soladi. Oddiy kishilar, dehqonlar, ziyolilar, ayniqsa, xotin-qizlar turmushi, ki¬yinishi va yurish-turishidagi ayni millat yo elatga xos bo’lgan betakror jihatlarni nozik il g’aydi va nihoyatda jonli, ravon tilda tasvirlaydi. Kishilar xarakteri, xat ti-harakatidagi yoqimsiz holatlarni ham o’ziga xos ajoyib yumor bilan shu naqangi beozor ifodalab beradiki, bunday ifoda uslubiga havas qilasan ki shi. «Loxur qassoblarining… go’sht sotish tartiblari menga uncha ma’qul bo’l madi. Ular do’kon orqasida, yerga o’tirib olishib, go’shtni oyoq panjalari bi lan qisib turib kesisharkan» («Hind sorig’a», 114-bet). Bu jumlalarning nimasi kulgili, dersiz? Gap shundaki, kitobda ekspeditsiya a’zolari bir kun oldin ana shu qassoblardan go’sht sotib olib, shu yerlik Muhammad Shafif ismli kishi yordamida sho’rva pishirib ichishgani ham qistirib o’tilgan…

Adib ekspeditsiya harakat qilayotgan joy xalqi, urf-odatlari, milliy o’ziga xosliklari, mavjud siyosiy tuzum bilan bog’liq ijtimoiy-iqtisodiy holatlarni mustaqil O’zbekistonimizning g’ururli, oriyatli bir farzandi fuqarosi sifatida kuzatadi, baholab boradi. Biroq muallif har ikki tomonning yutuq va kamchiliklarini muqoyasa qilish, tahlil etishda iloji boricha beg’arazlik, xolislik mezonlaridan ayro tushmaydi. Voqelikni ekspeditsiyaning oddiy ishtirokchisi sifatida, shunchaki tasvirlab ketavermaydi. U hofizasida ilgari muhrlanib qolgan xotiralarni mahoratli ijodkor sifatida yuksak badiiy mezonlar talabidan kelib chiqib tasvirlashga harakat qiladi. Shu bois boburiylar bilan bog’liq har bir voqea, hodisa alohida his-hayajon, mehr-muhabbat, ehtirom tuyg’ulariga yo’g’rilgan holda tajalli topadi. O’z taassurotlarini xayolida e’zozlab yurgan his-tuyg’ularga yo’g’irib, dunyo fani, adabiy-badiiy qadriyatlaridan o’zlashtirgan faraz yoki qarashlar silsilasi bilan muqoyasa etgan holda xulosalar chiqaradi. Masalan, muallif bir o’rinda Hofiz Sheroziyning dunyoga mashhur shoir bo’lib tanilishida Eron ayollarigagina xos bo’lgan go’zal husn, latofat, timqora sirli liboslaru shahlo ko’zlarning «xizmati» benihoya katta bo’lgan, degan farazni ilgari suradi va asosiy muddaoga ko’chib yozadi: «… shu o’rinda men yana husnu malohatda beqiyos, Jahongir va Shohjahonday boburiy shahzoda, shaxslarni o’ziga rom etgan Nurjahon begim, Mumtoz begimlarning ham asli eronlik ekanliklarini esladim».

Bu o’rinda Eron ayollari go’zalligi, malohatiga tahsinu ofarin bahonasida muhim bir tarixiy haqiqat — malikalarning nasli-nasabda forsiy ekanligi, eroniy ayollar go’zalligiga boburiy bobolarimiz ham befarq bo’lmaganliklari ta’kidlanmoqda.

O’zuvchi o’z nigohida in’ikos topgan har qanday voqelikdan ijodkor sifatida hikmat, go’zallik, ekspeditsiya a’zosi sifatida ilmiy haqiqat axtaradi. Voqea va hodisalardan, tarixiy shaxslar taqdiridan, albatta, Bobur Mirzo siymosi bilan bog’liq biror bir yangi jihat topish payidan bo’ladi. Va bu nekbin izlanishlar, umidlar ko’p hollarda ijobiy samarasini berganligini ham alohida ta’kidlash kerak.

Muallifning har gal safarga otlanish oldidan boburiylarga daxldor turli rivoyatlar, adabiy-badiiy asarlar, xorijiy olimlar qalamiga mansub ilmiy manbalarni izlab topish, o’rganishga juda katta kuch va vaqt sarflaga nini kitobxon har bir jumla, har bir sahifada his qilib turadi.

«Safarnoma mashaqqatli mehnatdan tashqari katta muhabbatning ham mahsulidir», — deb yozadi qahramon shoir Abdulla Oripov «Andijondan Dakkagacha» nomli kitobga yozgan so’zboshisida. Darhaqiqat, biz qiziqib, yutoqib o’qiyotganimiz sahifalar tashqi olamni asosan avtobus oynasidan kuza tib borayotgan yozuvchi Qamchibek Kenja nigohiga to’qingan, oddiy odam uchun unchalik ham ahamiyatli bo’lmagan, adog’i yo’q, bir xildagi tabiat manzaralari oqimidan iborat, zerikarli hodisalar, xolos. Biroq o’sha ko’zlar ko’raverib ko’nikib ketgan oddiy qush, o’t-o’lan, xas-cho’p, dov-daraxt, tosh, obu otash, yul duz, oy, quyosh – barchasi yozuvchining Boburga bo’lgan katta muhabbati tufayli yorqin obrazlarga yo’g’rilib, haroratli jumlalarga aylanadi va siz bilan biz ning qalbimizga kirib keladi.

Ekspeditsiya Loxur (Pokiston) yo’lida xurmo yig’im-terimi ustidan chiqib qoladi. O’zbekistonliklar uchun xurmo daraxtining qanday o’sishi, hosi li qay tarzda yig’ishtirib olinishi
qiziqarli jarayon, albatta. Muallif bu imkoniyatni qo’ldan chiqarmaydi. «Katta, tekis maydonga bo’yralar solinib, xurmo to’kib tashlangan ekan. Daraxtlar tepasida uzum shingiliday g’ujum-g’ujum qizg’ish-sariq xurmolar oltinday tovlanadi. Daraxtga chiqish uchun sho tining ham keragi yo’q: porsildoqsimon tanasi oyoq qo’yishga o’ng’ay. Lekin ba ribir belga arqon bog’lab olisharkan».

Demak, biz asosan ro’zai Ramazon kunlari tanovul qilishga odatlanib qolganimiz tansiq, jiydasimon xurmo navi uzum shingiliday g’ujum-g’ujum meva soladi. Qiz¬g’ish sariq – oltinday tovlanib turadi. Tanasi porsildoq bo’rtib-bo’rtib chiqqani bois terimchiga shotining keragi yo’q. Balandligi-chi? Aytilmaydi. Terimchilar beliga arqon bog’lab olishlaridan daraxt xiyla baland o’sishi ko’z oldingizga keladi.

Safarnomalarda ekspeditsiya a’zolarining fe’li-atvori, o’zini tutishlariga chizgilarda, bir-birlari bilan munosabatlaridagi ayrim kelishmovchiliklardan ham muallifning zargarona ehtiyotkorligi «chiyratma» ifoda usullari ko’zga tashlanadi. «Muloqot va munozaralardan goho-goho noxushroq tutun isi kelib qoladi-yu, ammo haytovur tez tarqab ketadi…» deya xayriyat izhor qiladi muallif. Yozuvchining bu boradagi mahorati xorijda ekspeditsiyaga birkitib qo’yiladigan yo’l ko’rsatuvchi niqobi ostida hamrohlik qiladigan maxsus kuzatuvchilarning xizmat taqozosiga doir sirlilik, shaxsiyatlaridagi biqiqlik, dunyoqarashlaridagi cheklanganlik xususiyatlarini ochib berishda ham juda qo’l keladi. Masalan, Pokiston yo’llari bo’ylab kuzatib boruvchi maxsus xodim Parvezga tabiati, fe’li-atvoridan kelib chiqib, lo’n dagina qilib «qo’nqavoy», deya sifat beriladi. Bu ibora bizda qanday kishilarga nisbatan qo’llanilishini ko’plar bilsa kerak.

Umuman, yozuvchi Qamchibek Kenja qalamiga mansub safarnomalar haqida matbuotda turlicha fikrlar bildirilmoqda. Ular orasida akademik Aziz Qayumov mulohazalari favqulodda lo’nda va kutilmaganligi bilan ajralib turadi. U kishi shunday yozgan edi: «Bobur xalqaro jamg’armasi… bugungi o’zbek badiiy adabiyotida yangi bir ijodiy sohaning paydo bo’lishiga… sabab bo’lmoqda. Bu badiiy safarnoma janridir».

Odatda, har qanday ekspeditsiya muvaffaqiyati asosan ikki muhim omilga bog’liq. Bu — zarur mablag’ va har jihatdan o’ylab, to’g’ri shakllantirilgan ahil jamoa. Mana shu ikki jihati bequsur yo’lga otlangan safar ishtirokchilari, albatta, maqsadlariga erishib, shon-shuhrat qozonganiga tarix ko’p bor guvoh. Bu o’rinda Bobur nomidagi xalqaro ekspeditsiyaning tashkilotchi rahnamosi, tom ma’nodagi millat fidoyisi Zokirjon Mashrabovning xizmatlari o’zbek xalqi madaniyati va ma’naviyati tarixida alohida nurli sahifa o’laroq yozilsa ham ajab emas.

Bir kuni Qamchibek akadan Bobur nomli ekspeditsiya erishayotgan muvaffaqiyatlar boisini so’radim. U kishining javobi quyidagicha bo’ldi:
– Zokirjon aka Mashrabov tufayli, — Qamchibek aka nimanidir mulohaza qilarkan, bir oz o’ylanib turgach, fikriga oydinlik kiritdi. — Xoji akaning xususiy firmasi, asosan, mana shu ekspeditsiya uchun ishlaydi. Ammo u kishi sarf-xarajatlarini zinhor pesha qilmaydi, bilintirmaydi. Bir odamning Andijondan Toshkentga kelib ketishi uchun qa-ancha pul ketadi. Endi butun boshli ekspeditsiyaning avtobusda oylab xorijiy mamlakatlarda yurishini tasavvur qiling. U kishining tutumini Hotamitoy ham qilolmasa kerak.

Qamchibek aka Zokirjon Mashrabovning rahbarlik, olimlik, tadbir korlik salohiyatlaridan tashqari inson qalbini nihoyatda nozik ilg’ovchi ruhshunos, favqulodda holatlarda o’zini yo’qotmay, vaziyatga sovuqqonlik bilan baho berib, hatto xavfli, xatarli lahzalardan chiqish yo’llarini topa biladigan, o’ta sabr-qanoatli, dovyurak inson sifatidagi qiyofasini ham ko’z oldimizda gavdalantirib beradi. Aslida ham Zokirjon Mashrabovning ana shu fazilatlarni o’zida to’la mujassam qila bilgan shaxs ekanligiga shubhamiz yo’q edi. Aks holda ekspeditsiya bugun qo’lga kiritgan muvaffaqiyat larining o’ndan biriga ham erishmagan bo’lar edi.

Aksariyat sarmoyadorlar topganini sandiqqa bosish yoki biror chet el bankiga oqizish, kim oshdiga mahobatli saroylar, koshonalar, pultopar maishatgohlar barpo qilish bilan andarmon bo’lib turgan bir paytda Zokirjon hoji akaning ulug’ ajdodlarimiz izlarini izlab, xoki turoblarini paypaslab oylab huzur-halovati, sog’ligi, bola-chaqalari diydoridan kechib, begona yurtlarda, cho’lu biyobonlarda hayotini xavf ostiga qo’yib, insofu diyonatni unutgan bojgirlar, sarhad posbonlari, turli amaldorlar qoshida haftalab sarg’ayib turishlari. Kazzob, yo’lto’sar qaroqchilar hujumlaridan ekspeditsiyani omon saqlab, olib o’tishlari… bu endi aytmoqqa oson, xolos.

O’z qishlog’i nomini ariq hatlab qo’shni qishloqqa olib o’tgan yigit ardoqqa loyiq, deydilar. Ana shu mezonlardan kelib chiqadigan bo’lsak, Zahiriddin Muhammad Bobur nomidagi xalqaro ilmiy ekspeditsiya qo’lga kiritgan yutuqlar jiddiy e’tirof va ehtiromga arziydigan hodisadir.

“Hurriyat” gazetasi. 2006 y.

09

(Tashriflar: umumiy 674, bugungi 1)

Izoh qoldiring