Gulnoza Odilova. Farida Afro’zning «Tasbeh» kitobi haqida.

09

Етти шодага тизилган икки юз ўттиз бир тасбеҳ ҳамда тўқсон тўққиз фиқрани ўз ичига олган мазкур тўпламдаги таржималарни кузатар эканмиз рус ва инглиз таржимонлари асосан шоиранинг ботиний мазмунга эга учликларини таржима қилишда бироз оқсаётганликларининг гувоҳи бўламиз.

098

Гулноза Одилова
ФАРИДА АФРЎЗНИНГ «ТАСБЕҲ -ЧЕТКИ — ROSARY» КИТОБИ ҲАҚИДА

Таржима орқали маълум ҳалқ адабиёти, фалсафаси дунёқараши танилади, кенг жаҳон оммаси томонидан ўрганилади. Адабиётлар янгидан-янги жанрлар билан бойийди, тилларнинг мавқеи мустаҳкамланиб боради. Ўзбек адабиётига япон тилидан таржималар орқали кириб келган япон хойкуси (учлик) ўзининг жанр талаблари, маънодорлиги ва кишини мушоҳадага чорлаши билан бошқа поэтик жанрлардан ажралиб туради.Умуман бу жанрда ижод қиладиган шоир минглаб адабиётларни ўқиганда ҳосил бўлган билими ва теран дунёқарашидан келиб чиқиб хойку ёзади. Ҳар бир миллат ўз менталитети ва тилидан келиб чиқиб хойкуларда ўз фалсафасини ақлу закосини жаҳон китобхонига тақдим этади. Ўзбек шоир ва таржимонлари Рауф Парфи ва Ҳуршид Даврон рус тили орқали япон хойкуларини ўзбек тилига таржима қилганлар. Таржималардан илҳомланиб учликлар (шоирларимиз уларни учлик деб номлаганлар) битганлар.
Бугунги кун кишилари орасида энг кўп тарқалган салбий иллат бу – бефарқликдир. Ана шу сурункали авж олаётган касаллик жамият тараққиётига тўсиқ бўлувчи кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Бу ҳақда соҳа мутаҳассислари тинмай бонг уришмоқда. Назаримда ўзбек адабиётига хойку жанри ниҳоятда керак. Ўзларининг қобиғига ўралашиб қолган бефарқ кишиларни сергаклантирадиган хойкуларни ёзиш, тарғиб этиш зарур.
Деярли бир хил (севги, муҳаббат, ҳиёнат, дўстлик ва ҳкз) мавзудаги шеърлардан зерикиб қолган ўзбек, рус ва инглиз шеърияти муҳлисларига чинакам туҳфа бўлган китоб – 2007 йилда Шарқ нашриётида чоп этилган “Тасбеҳ” (“Четки” “Rosary”) китобидир. Сабаби тўпламда Фарида Афрўз ўзбек тилидаги учликлари, инглиз ва рус тилларидаги таржималари билан келтирилган. Фарида Афрўз туфайли ўзбек шеъриятига кириб келган “тасбеҳ”(учлик)ларга китоб муқаддимасида таниқли олим Қозоқбой Йўлдошев қуйидагича таъриф беради: “Маълумки, “тасбеҳ” жанри мумтоз миллий шеъриятимиз тажрибасида ҳам, халқ оғзаки ижодида ҳам учрамайди. Тўғри, ўзбек поэзиясида учлик бандлардан ташкил топган шеърлар бор эди. Шунингдек япон хойкуларидан таъсирланиб ёзилган учликлар ҳам бўлган. Лекин мустақил учликлик тасбеҳлардан иборат бутун бир китоб тартиб берилиши ва ўттиз уч тасбеҳ бир шодага тизилиб, етти шеърий маржон ҳосил қилиниши миллий поэтик тажрибамизда бўлмаган эди.”- дейди. Шунингдек олим, “тасбеҳ” илгари поэтик атама сифатида қўлланилмагани, шоира Фарида Афрўз ўз учликларини тасбеҳ шодасидек тизиб, тасбеҳни шеърий жанрга айлантириб бадиийлаштирганлигини таъкидлаб ўтади. Япон хойкуси бир шодага тизилмайди шу жиҳатдан эҳтимол “тасбеҳ” янги мустақил жанр сифатида адабиётимизга кириб келар. Албатта, ўзбек шеъриятида янги шеърий жанрга асос солиниши, унинг “тасбеҳ” деб номланиши китобхонлар томонидан ижобий қарши олинади. Аммо бу жанр шакли ва шамойили нечоғлиқ адабиётшунослик қонуниятларига мослиги соҳа мутаҳасисларининг ҳукмига ҳаволадир. Бинобарин айтиш жоизки, Фарида Афрўз учликлари шеър маъноли чиқиши учун салкам достондек ҳажмга эга бўлиши шарт эмаслигини исботлаб берди. Фарида опа билан қилган бир суҳбатимда опа япон хойкуларини русчадан таржима қилганликларини ва улардан илҳомланиб ўзбек тилида ҳам учликлар ёзмоқчи эканликларини айтган эдилар.
Нима учун шоира тўпламни айнан тасбеҳ деб номлади экан? Нега етти шодага тизилган икки юз ўттиз бир тасбеҳ, ҳамда тўқсон тўққиз фиқрани тўплади экан деб кўп ўйладим. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида “Тасбеҳ”(арабча – мақташ, васф этиш, мақтаб кўкка кўтариш) Худонинг номини зикр этиб саналадиган мунчоқ шодаси маъносини англатиши баён этилган. Ҳар бир тасбеҳ донасини ташлаганда тангри номини зикр этамиз. 33-донада биринчи шода ниҳоясига етади. 33 маротаба бир каломни такрорласакда қалбимиз тубидан 33 хил оҳанг, 33 хил кечинма, 33 хил ҳаёл билан ҳосил бўлади яратганнинг ояти. Афрўз учликларида ҳам шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Ҳар бир учликнинг ботинига кира олган инсон тангрининг қудратига тасанно айтади. Ҳар бир воқеликда маълум бир ишора борлигини англаб етади. Техникавий тилда айтганда тилсим “код”ига ўхшайди улар. Фиқраларнинг 99 талиги ҳам тасодифий ҳол эмас назаримда. Оллоҳнинг 99 номи борлиги гапимизга исботдир. Аммо тўплам номи ҳисобланган “Тасбеҳ” сўзига инглиз тили таржимони Валентина Ли томонидан “Rosary” сўзининг анолог қилиб танланиши бироз маъқул эмас. Сабаби тасбеҳ соф исломий реалия бўлиб, функционал жиҳатдан ҳам шакл жиҳатдан ҳам католикларнинг “Rosary”сидан бир мунча фарқланади.

89
(Розарий тасвири)

“Wikipedia” интернет энциклопедик тармоғида “Rosary – лотинча “розарий” сўзидан олинган бўлиб “атргул боғи”, “атргулдан гулчамбар” маъноларини англатади ва католик динига тегишли термин ҳисобланади” дейилган. Розарий католик динида ибодат чоғида ўн марта Биби Марямга ва бир марта муқаддас Отага ҳаққига баъзида Фотима ҳаққига дуо ўқишда қўлланади. Ҳар ўн дуо – ўн йиллик деганидир. Ҳар ўн дуодан кейин бир розарий синоати очилади худди Исо Масиҳ ҳаётидаги каби. Кейинчалик бу дуолар дин пешволари томонидан 15тага ва 2002 йилда 20тага етказилган. Шу сабабдан розарий тошлари(тасбеҳ каби) бир хил саноққа эга эмас яъни турли даврда турлича қилиб ясалган. Розарийларда хож белгиси туширилганлигининг ўзиёқ таржимада уни тасбеҳ сўзига анолог қилиб танлаб бўлмаслигини кўрсатади. Исломий тасбеҳда розарийдан фарқли ўлароқ 33-донадан сўнг бир шода ниҳояга етади. Кичкина чўнтак тасбеҳларида эса ҳар 11-донадан кейин бир шода ниҳояланади ва доналарнинг умумий сони барибир 33тани ташкил этади. Шоира Фарида Афрўз тўпламни “Тасбеҳ” деб аташида рамзий маъно борлиги хусусида юқорида мулоҳаза юритдик. Тўпламда муаллиф учликларни тасбеҳ доналари янглиғ 33тадан жамлаб еттида шодага тизади. Классик тасбеҳ каби 3 эмас етти шоданинг ҳосил бўлиши ҳам исломдаги муқаддас саналувчи 7 рақами билан боғлиқ бўлса не ажаб. Буни истаганча талқин қилиш мумкин масалан “учликларнинг ҳаммасини ўқиб маъносини уқий олган киши Тангрининг қудрати ва Аллоҳнинг етти мўжизаси синоатидан воқиф бўлади” каби! Аммо тасбеҳни “розарий” деб таржима қилиш муаллиф ғояси ва рамзий мушоҳадасини йўққа чиқаради. Бунинг учун инглиз тилида ҳам рус тилида ҳам тасбеҳ сўзини транслитерция қилиб “Tasbih” (Тасбих) тарзида келтиришнинг ўзи кифоя қиларди. Зеро юқорида тилга олганимиз “Wikipedia” энциклопедик тармоғида ҳамда замонавий инглиз тили луғатларида – Тасбеҳ -“Tasbih” кўринишида берилган бўлиб, исломий реалия ҳисобланган тасбеҳнинг батафсил баёни, ҳар бир донани ташлаганда ўқиладиган оятлар :

(Subhan’Allah (سبحان الله) (Glory be to Allah) – repeated 33 times.
Alhamdulillah (الحمد لله) (Praise be to Allah) – repeated 33 times.
Allahuakbar (الله أكبر) (Allah is the Greatest) – repeated 34 times. http://en.wikipedia.org/wiki/Tasbih) инглиз тилида батафсил келтирилган.

Бугунги кун ўзбек адабиёти кўплаб истеъдодли қалам соҳибаларига сероб аммо, Афрўз шеърлари силлиқ ўқилиши эсда қолиши ва маънодорлиги билан ажралиб туради. Унинг учликлари замирида шундай руҳ, ботиний нозик маъно товланишлари мавжуд-ки, бу ижод намуналари хорижлик хойкусеварларни ҳам бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз. Бугунги кунда газета ва журналларда босилаётган баъзи 15-20 бандлик шеърларни ўқиб тайинли маъно чиқара олмайсиз-у, мазкур учликларни ўқиганда сутнинг қаймоғини егандек бўласиз. Ҳар бир учликда маълум маъно ва поэтик таъсирчанлик зуҳурланган:

Сендан гўзал гул йўқдир дунёда
Сендай хушбўй, сендайин майин
Отамнинг қабрини яшнатган янтоқ. (1-тасбеҳ. 24-бет)

Шоира ҳар ердан ўсиб чиқаверадиган халқ тасаввурида юзсиз ўсимлик ҳисобланадиган янтоқни дунё гулларидан аъло кўрмоқда. Чунки шугина янтоқ ота қабри устида парвона, отанинг ёнида, қабрни кўкартириб турибди. Алоҳида парваришни талаб этадиган чиройли ва хушбўй хонаки гуллар бунга қодир эмас. Мени ўстириб катта қилган момом қабри тепасига борсам, мен йўғимда момомнинг бошида парвонадек турган майсаларни ўпгим келарди. Шоиранинг ҳар бир учлиги кўнгилга яқин. Шугина учликдаги поэтик маъно атрофида уч-тўрт банд шеър битиш мумкин. Аммо, бундай ҳолатда учликдаги ўта таъсирчан эстетик жило йўқоларди назаримда.
Китобда учликларнинг ўзбекча матни билан бир қаторда русча ва инглизча таржималари ёнма-ён берилиши ҳам ўринли. Ниҳоят замонавий ўзбек шоирасининг ижод маҳсуллари ғарб тилларига бевосита таржима қилинадиган кунларга етиб келдик. Кўриб қўйсин энди инглизу русийлар Шарқ аёлининг оқилалигию фалсафасини – деган ғурур туғилади беихтиёр. Аммо зум ўтмай савол ҳам пайдо бўлади – биз аслиятда ўқиётган учликлар ва биз уқиётган маъно таржимада ҳам мавжудми? Яъни таржима аслиятга адекватми? Рус таржимашуноси Г.Д.Воскобойникнинг фикрича адекват таржима “тирик организм” кабидир. Адекватлик бу аслиятга тўла мослик, айнан яқинликдир. Аммо бу нисбий тушунча яъни шеър таржимаси аслиятга бутунлай адекват бўлмасада, шеърий таржимада адекватлик критерийларидан поэтик маъно адекватлиги, оҳанг ва руҳ адекватлиги учраши лозим. Тўғри, таржимада эквивалентлик тушунчаси ҳам мавжуд. Бу тушунча тарафдорлари бўлган тилшунос олимлар таржимада ҳарфий муқобилликни сақлаб қолишни маъқул кўрадилар. Аммо шеърий асарлар таржимасида ҳарфий муқобилликнинг ўзи камлик қилади. Бу ўринда маъновий ёндошув, рецептор(ўқувчи) дунёқарашини ҳам ҳисобга олиш зарур. Кўпгина ўзбек таржимашунос олимлари тадқиқотларида воситачи тилнинг таржима савиясига жиддий таъсири кўрсатиб берилади. Дарҳақиқат воситачи тил орқали қилинган таржималарда аслият матнидан узоқлашув ҳолатлари кўплаб кузатилади. Аммо бу дегани “аслият тилидан қилинган таржима аслиятга юз фоиз адекватдир” дегани эмас сабаби тил билишдан ташқари фон билимларига эга бўлмай туриб аслиятга адекват таржима вариантини яратиш мушкул масала. Фон билимлари деганда тилшунослар “экстралингвистик фактор” деб юритувчи назарий билимлар мажмуи тушунилади. Бу билимлар сирасига:
а) асари таржима қилинаётган муаллифнинг шахсий ҳаёти ва таржимаи ҳолидан тўлиқ хабардор бўлиш;б) асар ёзилган даврдаги ижтимоий-сиёсий аҳвол, муаллифнинг ижодига таъсир этиши мумкин бўлган ички ва ташқи омилларни билиш;в) асар муаллифи мансуб халқ менталитети ва қадриятларига оид билимларга эгалик;г) муаллифнинг ижодкор сифатидаги индивидуал услуби қирраларидан хабардорлик; д) икки тил АТ(аслият тили) ва ТТ(таржима тили)рецепторининг прагматикасидан хабардорлик кабилар киради. Аммо биз тилга олган тўплам таржимонлари бу маълумотларнинг баъзилари билан қуролланмаганлар шекилли аслиятдан бевосита қилинган таржима бироз аслиятдан узоқ чиққан:

Тариқ экдим чумчуқдан қўрқмай,
Қўрқувларим тариқдай сочдим,
Тўйинг энди нокаслар. (9-тасбеҳ, 66-бет)

Уч мисра шеърни ҳар хил талқин қилиш мумкин. Учликдаги ботиний маъно товланиши шу фикрни исботлайди. Сўнгги мисрада муаллиф қўллаган “нокаслар” сўзи ҳосилни етиштиришга йўл бермай териб кетаётган чумчуққа ва кўчма маънода бировнинг орттирган давлатига шерик бўлишдан ор қилмайдиган кимсаларга қаратилган. Рус таржимони Равиля Аблюк бу учликни қуйидагича таржима қилади:

Сеяла, воробьев не боясь.
Страхи рассеяла пшеном.
Ешьте.

Рус таржимонининг Ешьте – енглар билан кифояланиши таржимада аслиятдаги маъно товланишининг тушиб қолишига сабабчи бўлган. Ваҳолангки ўзбек тилида асосий урғу ана шу “нокаслар”га қаратилган бўлиб, бу сўзни тушириб қолдириш учликдаги кўчма маъно ва мантиқни йўққа чиқаради. Бу ўринда инглиз таржимони Валентина Ли таржимаси аслиятга анча яқин чиққан:

I sowed the millet not scaring of sparrows,
I scattered the millet like my fears,
Now eat, the mean.

(Сўзма сўз таржимаси: чумчуқдан қўрқмай тариқ экдим,
Қўрқувларимни тариқдай сочдим,
Энди енглар пасткашлар)

Инглизча mean – сўзи пасткаш, хеч нарсадан тап тортмайдиган каби маъноларни англатади.
Қуйидаги тасбеҳни қиёсласак:

Тупроқ ютар экан чувалчанг,
Ўйлар: менман тупроқнинг жони,
Қандай ширин она тупроғим! (6-тасбеҳ, 29-бет)

Мана шу учликнинг ўзи ватан мадҳи куйланган достончалик тош босиши мумкин. Шоира Турсуной Содиқова “Ватан нелигингни билмай севаман”деган эдилар. Ватанни ҳар ким ҳар хил тушунади. Ким учундир ватан жон бўлса, ким учундир нон. Ёмғир ёққандан кейинги табиат ходисасига гувоҳ бўлган шоира Ватан ҳақида ўй сурган бўлса не ажаб. Чувалчангга озуқа бўлаётган “тупроқ” сўзига “она” сўзининг қўшилиши, гап ер юзидаги тупроқ ҳақида эмас балки, Фарида Афрўзнинг киндик қони тўкилган Ватан тупроғи ҳақида сўз бораётганлигидан далолатдир. Шундай экан бир мисрага жо бўлган Ватан туйғусини таржимага кўчира олиш таржимон маҳоратидан дарак беради. Рус таржимони – О, как прекрасен вкус Родной! Деб муаллиф ғоясини таржимада аниқ акс эттира олган бўлса, инглизча таржимада ватан туйғусига йўғрилган маъно оддий шарҳга айланиб сийқалашиб қолган:

A worm while eating the soil
Thinks: I’m the soul of the soil,
What a wonderful taste is has!

(Сўзма-сўз таржима:

Чувалчанг тупроқни ер экан
Ўйлайди: Мен тупроқнинг қалбиман,
Унинг қандай ширин таъми бор!)

Инглизча таржимада нафақат маъно сийқалашуви балки, грамматик хатоликни ҳам кузатиш мумкин. It – “у, бу” олмошининг ўрнига is – to be ёрдамчи феълининг учинчи шахс бирлик шаклига алмашиб кетиши бироз қўпол хатолик ҳисобланади. Агар шу ўринда таржимон – What a wounderful motherland’s taste ( қандай ажойиб она тупроқнинг таъми) тарзида таржима қилса, муаллифнинг ғояси адекватлиги сари қадам қўйилган бўларди.
Қуйидаги учлик таржимасида ҳам худди шундай маъно бузилишини кузатиш мумкин:

Сичқонку, инига сиғмайди, аниқ,
Қизиқ, унга ғалвир не керак!?
Наҳот, элаб ейди ҳаром донини. (23-тасбеҳ, 80-бет)

This mouse will not fit into the burrow,
Interesting, why does it have a sieve?
Probably it sieves and eats something stolen. (Валентина Ли таржимаси)

(Сўзма-сўз таржимаси:

Бу сичқон инига сиғмайди
Қизиқарли, нега унда ғалвир бор?
Балким у элайди ва ўғирланган ниманидир ейди)

Учлик маъносини англаш учун инглиз китобхони “сичқон сиғмас инига ғалвир боғлар думига” мақолининг мазмуни билан таниш бўлиши лозим. Ўзбекларда бу мақол ҳолига яраша иш қилмайдиган очкўз ва калтафаҳм кишиларга нисбатан қўлланади. Инглизларда бу фразеологизмнинг анологи йўқ. Таржимада бу ҳолат бутунлай номувофиқлик деб аталади. Бундай ҳолатда фразеологизм сўзма-сўз таржима қилинади. Бинобарин инглиз сичқони думига ғалвир боғламас экан, бу мақол эскизидан бадиий асарда фойдаланилган бўлса уни таржима қилиш бироз қийинчилик туғдиради. Бунинг биргина йўли сичқон сўзига иқтибосда мақол шарҳини илова қилишдир. Аммо инглиз ва рус тили таржимонлари “ўзинг топ” қабилида бу изоҳни китобхонларидан дариғ тутганлар. Учликда ўзбек тилидаги «ҳаром» сўзи икки маънони англатмоқда. Яъни сичқон учун ғалвир “ҳаром бўлган” – кирланган донни элаб тозалаш учун керакми? Шундай бўлган тақдирда ҳам унинг дони тоза бўлармикан ахир у ҳаром яъни ўғирланган-ку!? Агар таржимон бу сўзни инглиз тилида “dirty”(кир) тарзида берса, бунда ҳаром сўзининг асосий маъноси йўқотилар эди. Шунинг учун таржимон “stolen”– ўғирланган сўзини танлайди. Аммо бу компенсация ҳам аслиятдаги сўз ўйинини тўла очиб бера олмаган. Шунингдек мазкур таржимада “Қизиқ” сўзи “Interesting”деб берилган бўлиб, бу ўринда Interesting сўзи унча тўғри келмайди. Чунки “Interesting” – қизиқарли деб таржима қилинади. Шоира эса – “қизиқ” деб айнан қизиқарлиликни назарда тутмаяпти аксинча ўз-ўзига савол ташлаяпти. Гўёки сичқоннинг ўзини тутишидан ҳайратланаяпти. “Қизиқ” сўзининг замирида “қизиқ нега шундай экан?” деган савол яширинган. Шу ўринда инглизчада “I wonder”(қизиқаяпман) сўзи орқали таржима қилинса, аслият услуби ва руҳияти таржимада қайта яратилар эди. Гарчи учликлар таржимасида бу каби маъновий бузилишлар учрасада, таржимоннинг ютуқларини ҳам эътироф этмай иложимиз йўқ. Масалан қуйидаги учликни таржимага қиёслаймиз:

Ўрик гулларини кўзимга суртдим,
Лабларимга қўнди капалак,
Димоғимда ҳаётнинг иси. (3-тасбеҳ 60-бет)

I touched the flowers of an apricot,
Butterflies landed on my lips,
I can smell the fragrance of life.

(Сўзма-сўз таржима:
Ўрик гулларини ушладим,
Капалак лабимга қўнди,
Ҳаёт исини сездим.)

Шу ўринда таржимон таржима трансформацияларидан бири ҳисобланган алмаштириш методидан шу даражада усталик билан фойдаланадики (димоқ-отни, can smell-феъл билан алмаштиради), натижада инглизча таржимада аслиятга нисбатан маъно адекватлиги тўла сақлаб қолинган ва ўқишли чиққан.
Етти шодага тизилган икки юз ўттиз бир тасбеҳ ҳамда тўқсон тўққиз фиқрани ўз ичига олган мазкур тўпламдаги таржималарни кузатар эканмиз рус ва инглиз таржимонлари асосан шоиранинг ботиний мазмунга эга учликларини таржима қилишда бироз оқсаётганликларининг гувоҳи бўламиз. Таниқли таржимашунос олим Иброҳим Ғафуров “Қанчадан-қанча жаҳон адабиётининг жуда қимматли намуналари ўзбек тилига ағдарилди. Лекин уларнинг таҳлили йўқ*”, деган эдилар. Ўйлаймизки таржимонлар қилинган таҳлиллардан тегишли хулосаларга келадилар ва кейинги фаолиятларида келтирилган таклифлардан унумли фойдаланадилар. Бинобарин таржималарни таҳлил қилиш, ютуқ ва нуқсонларини аниқлаш ўлмас таржима асарларнинг дунёга келишига ҳизмат қилгани таржима тарихидан яхши маълум. Нима бўлганда ҳам ўзбек таржимачилиги янги бир босқичга кўтарилаётганлиги яъни бевосита таржима мактаби шаклланаётганлиги шу соҳа вакиласи сифатида мени беҳад қувонтиради. Ушбу тўплам шу мактабнинг дастлабки илму толибларининг ижод маҳсулларидан биридир десак янглишмаган бўламиз. Бу ўзбек таржимачилиги келажагига умиддан даракдир.
Пабло Неруданинг ҳикматли сатрлари билан сўзимга якун ясайман:

Hoy es hoy, y ayer se fue. No hay duda.
Today is today, and yesterday is gone. There is no doubt.
Бугунги кун бу бугунги кун, кеча ўтди. Бунга шубҳа йўқ.
(инглиз тилидан Г.Одилова таржимаси)

* Ғофуров И. Таржимада аниқлик керак эмасми? // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – Тошкент, 2010. №8. –Б.3.

389

Мақола муаллифи ҳақида:  Гулноза Одилова — Қарши Давлат университети роман-герман филологияси факультети инглиз тили ва адабиёти кафедраси доценти, филология фанлари номзоди.
Мақола хусусидаги фикр-мулоҳазаларингизни саҳифамизда изоҳ қолдириш ёки муаллифнинг facebook саҳифасига ёзув қолдиришингиз мумкин.

(Tashriflar: umumiy 403, bugungi 1)

Izoh qoldiring