Sa’dulla Siyoyev. Qalamdosh.

1112
«Қайриладиган» куним келганда кутилмаган воқеа юз берди. Миртемир аканинг тоби қочиб, касалхонага тушиб қолди. Кўргани бордим. У хонада бир ўзи ётар, дераза ёнига қўйилган баланд каравотнинг бош томонида қалам, дафтар, журнал ва китоблар, катта-кичик шишаларда дори-дармонлар сафлаб қўйилган. Миртемир ака «болам»лаб, «бўтам»лаб меҳмон қила бошлади.

09

Саъдулла Сиёев
ҚАЛАМДОШ»

   Миртемир — шеър заргари. У сўзнинг қимматини мисқоллаб ўлчар, ёзадиган жумласини етти эмас, етмиш марта ўйлаб, кейин битарди.
Оддий сўзларга ўзгача сеҳр, жозиба бағишлай оладиган номи юртга таниқли шоирнинг иш услуби, албатта, ҳамма ижодкорларни қизиқтирарди. Гоҳо шу ўйлар тинчлик бермасди. Мавриди келса, унинг шеър ёзишини, бирор асарга сайқал беришини зимдан кузатсам, деб орзу қилардим.
Ниҳоят, шундай кунлар насиб қилди. «Гулистон» журналида Миртемир акага бағишланган махсус саҳифа бериладиган бўлди. Ундан шеър «ундириш» менга топширилди. Хонамдан барвақтроқ чиқиб, Ишчилар шаҳарчасига йўл олдим.
Биз — ёшлар, ўз уйимиздай эмин-эркин кириб борадиган шинамгина файзли ҳовли. Баҳордан кузаккача бирин-сирин потраб очиладиган ифори гуллари ҳали уйқуда. Ёзда оқ, қирмизи, пушти тусда кўз қамаштирувчи бу гуллар худди хонадон соҳибининг байтларига ўхшарди. Уларга тикилса, одамнинг ёшлиги, ёшликдаги тотли, ҳануз дилни жизиллатадиган ёниқ туйғулар эсига тушади, юрак ҳапқиради…
Ичкари кирдим. Миртемир ака кўринмайди. Газета-журнал варақлаб ўтиравердим. Анчадан кейин сокин қадамлар ташлаб кириб келди. Эгнида иссиқ жун кўйлак, кулранг берет.
— Э, мулло Саъдулло! — деди жилмайиб, сўнг одати бўйича қайта-қайта ҳол-аҳвол сўради. Хонадаги буюмларга бир-бир тегиниб чиқди: «Минск» русумли каттакон эски приёмнигини қўйди, уни ўчириб, «ВЕФ» транзисторини буради, қозоқча контсерт берилаётган экан, бирпас қулоқ солиб турди-да, «Ширинларғўй» деди. Чеҳрасига табассум югурди.

Ниятимни айтдим.
— Тайёр шеър бўлса, олиб кетмоқчи эдим…
— Тайёр шеър… йўқ эди, — деди аста. Назаримда, жиндай хижолат чеккандай бўлди. Гўё анчадан бери янги нарса ёзолмай юрибди-ю, буни мен эслатиб қўйгандек эдим.
— Унда ёзиб берасиз.
Миртемир ака сал энгашди, ўнг кафтини қулоғига тутди. Илтимосимни қайтардим. У қаддини ростлади, бошини силкиб, «хўп» ишорасини билдирди.
— Кўп бўлди «Гулистон»да чиқмадим. Ёзиб бераман. Беш-олти кундан кейин бир қайриласан-да…

«Қайриладиган» куним келганда кутилмаган воқеа юз берди. Миртемир аканинг тоби қочиб, касалхонага тушиб қолди. Кўргани бордим. У хонада бир ўзи ётар, дераза ёнига қўйилган баланд каравотнинг бош томонида қалам, дафтар, журнал ва китоблар, катта-кичик шишаларда дори-дармонлар сафлаб қўйилган. Миртемир ака «болам»лаб, «бўтам»лаб меҳмон қила бошлади. Унинг вақти хуш эди, дам-бадам кириб турган ҳамширалару шифокорларни бирор қизиқ гап айтиб кулдирар, ўзи ҳам ҳузур қиларди. Шундай суюнчли дақиқаларга соя солгим келмади, «шеър дардида» турган бўлсам-да, тилимни тийдим. Миртемир аканинг ўзи гап очди:
— Мен журналларинг олдида уятлиман… Шу десанг, туппа-тузук юргандим, бирданига бундоқ бўлиб қолди… Ҳозир хийла яхшиман. Шеърни ёзиб бераман, қоралаб қўйганман. Тунда, соат ўн бирдан кейин дўхтирлар хона-хонасига кириб кетади. Шунда яширинча оз-оздан ишлаяпман. Бир куни дўхтирим кириб қолиб, роса уришди. «Ахир, мен бу ишдан роҳат қиламан, ишласам енгил тортаман», десам ҳам қўймайди… Худди атайлаб қилгандек, дўхтирлар навбатчилик қиладиган хонанинг рўпарасида ётган эканман. Алдаб бўлмаяпти. Уларнинг кўзидан узоқроқ хонага кўчмоқчи бўлиб турибман…
Уч-тўрт кун ўтиб, шифохонага яна келдим. Остона ҳатлаб, ҳол-аҳвол сўрамасимданоқ Миртемир ака ёзилажак шеърдан гапирди.
— Мана, уч вариантда ёзиб қўйдим, — деди қалин кўкиш дафтарни қўлига олиб. — Бир нусхасини яхшилаб ишлаб бераман. Ҳали жиндек хомроқ… Ол, бўтам, анави олмалардан арчиб, еб ўтир…
Ўша куни мен Миртемир аканинг бир ижодий сиридан воқиф бўлдим: у шеърларини аввал поетик сочма ҳолида қоралаб чиқар, сўзларнинг оҳори тўкилмаганларини қўллар, ёқмаса, алмаштирар экан. Сочмалар етук санъаткорнинг «чиғириғи»дан юз бор, минг бор ўтиб, асл шеър билан бўйлашадиган даражага етгач, шоир уларни қофияга, вазнга солар, улар учун ҳозирлаб қўйилган либосга буркаб, оққа кўчирар эди. Сўнг яна меҳнат, яна сайқал бериш давом этарди: «бачки новдалар» қирқилади, ярим томчи ҳам «сув» қолдирилмайди, жаранг тордай чертиб кўрилади, сўзларнинг бўй-басти чамаланади — ҳар қайсиси ўз ўрнидалиги текширилади, шираси синалади — тахир ёки чучмал эмасми?.. Ана шундан кейингина шоирнинг ўзи эркалаб, ҳазиллашиб айтадиган бу «шиғир» эл хизматига сафарбар этилади. Миртемир аканинг шеърларидан ажиб тароват уфуриб туришининг, нафосатининг сири шунда бўлса керак…
Хуллас, ваъда қилинган шеър унадиган бўлди. Миртемир ака шифохонадан чиққан эди.
— Эрталаб уйга кел, биргалашиб ёзамиз, — деди у бир куни.

«Биргалашиб ёзиш»ни эшитиб, рости, бироз чўчидим. «Ҳазил қиляпти, шекилли. Мен шоир бўлмасам… Шеърият бобидаги илмим ҳаминқадар. Буёғи қандоқ бўлди?»
Йигит иши — таваккал. Пешинда етиб бордим. Миртемир ака ташриф буюражак «қаламдоши»ни кутиб, безовталаниб турган экан. Каттакон столга юзма-юз ўтирдик. Шоир ранго-ранг қаламда, турли хил ручкада чизавериб, бўялиб кетган қоғозларни олдига ёйиб қўйди. Гажакдор араб алифбосидаги ёзувларга боқиб этим увишди: шоир битта шеърга шунча ишлов берадими?!
Миртемир ака шеърининг хомлигидан яна шикоят қилди. «Агар қистамаганингда яна беш-олти кун устидан кўриш керак эди», деди. Сўнг диққатини жамлади-да, билинар-билинмас нохушлик билан деди:
— Қани, ёздик.
Шеъримиз соатнинг милидай ўта секинлик билан туғилаяпти. Миртемир ака хатимни лаҳза сайин таъқиб этади, нуқта, вергулларигача кузатади, унутиб қолдирсам, дарҳол эслатади, ўзи эса сатрларга оро беради.
Шу алфозда шеърнинг икки бандини ёзиб битирдик. Учинчи банд етилиб турган эканми, ҳартугул қуйилиб келди:

Қўшоғиздай талай
отдилар ёҳу,
Олис Шарқда
куйдим ўтхоналарда…
Ёвғон ошимга ҳам
қатдилар оғу,
Юз ўлдим Сурхонда,
Фарғоналарда.

— Сурхонда дейсизми ёки Хоразмда тузукмикан? — сўради Миртемир ака.

— Сурхон яхшироқ, шекилли, — дедим эҳтиёткорлик билан. — Ҳар ҳолда Фарғонага оҳангдош таъкид ҳам бор…
— Тўғри, — деди у, — мен ҳам шуни ўйлаган эдим.
Миртемир ака қўлёзмасига бироз тикилиб қолди. Кейин яна қироат билан ўқишда давом этди:

Бир дунё яратдик —
янги, бетимсол,
Менинг елкамдайди
не оғир тошлар.
Кун сайин армонлар
барҳақ, баркамол,
Йўлда қолиб кетди
не эзгу бошлар.

Шу ерда қизиқ бўлди. Мен шеърнинг ички ритмикасига, мусиқийлигига берилиб кетиб, «эзгу бошлар»ни «азиз бошлар» деб ёзиб юборибман. Миртемир ака буни сезиб қолиб, эскартирди. Мен хатоимни тузата бошладим. Бироқ Миртемир ака нималарнидир пичирлаб турди-да, «Тўхта-чи, «азиз бошлар» ҳам ёмонга ўхшамайди», деди. Унинг илтимоси билан охирги сатрни қайта ўқидим.
— «Йўлда қолиб кетди» деймизми ёки «Йўлимизда қолди» яхшими? — у менга синчков тикилди.
— Менимча, «Йўлда қолиб кетди» маъқул…
— Бўлмаса, ўқувчига маъқули кетаверсин…
Шеърнинг сўнгги бандига ўтдик. Миртемир ака хомаки нусхаларни шилдиратиб, варақларни ағдариб, анча ўтирди. Сал овозини чиқариб, бир-икки сатр ўқиб кўрди.
— Бу ҳамма биладиган гаплар. Поетик ифода керак, — деди ранжиб.
Шеърнинг хулосасидан кўнгли тўлмаётгани шундоққина кўриниб турарди. У бир четида шапалоқдай жой қолган варақни олдига суриброқ қўйди-да, шитоб билан ёза кетди. Анча ўтирдим. Кейин худди маъшуқасига севги изҳор қилаётган йигит ҳолатини кузатаётгандай хижолат бўлдим. Аста туриб, ташқарига чиқиб кетдим.
Қайтиб кирганимда шоир ҳамон ёзарди. Бирпасдан кейин бошини кўтарди, енгил руҳ билан:
— Мана, энди эшит-чи, — деди-ю, ўқий бошлади.
— Яхши чиқибди, — дедим ёзишга ҳозирланиб.
— Маъқулми? Ундай бўлса, ёзамиз.
Миртемир ака ўқиди, мен оққа кўчириб чиқдим. Сўнг шеърни бошидан охиригача баландроқ овозда, Миртемир аканинг қироатига тақлид қилиб ўқий бошладим. У баркамол санъаткорга хос тийраклик, таъбир жоиз бўлса, ижодий рашк билан қулоқ солди шеърига.
Шеър битди, уни тўрт буклаб чўнтакка урдим. Таҳририятнинг топшириғини бажарганимдан шод эдим. Миртемир ака мени кузатиб кўчага чиқди. Қоронғи тушиб қолган. Осмонда қорамтир-бинафша ранг булутлар кезади. Салқинроқ шабада эсади. Миртемир ака кўкка тикилди.
— Баҳорий булутлар… Кўклам яқинлаб қолди.
Бекатда у яна шеърдан шикоят қилди:
— Қиёмига етмайроқ қолди. Асқадга айт, яхшилаб тузатсин, албатта, тузатсин…
Бу гап менга нашъа қилди. Каминангиз ҳам баъзан у-бу нарса машқ қилиб юрардим. Яширишнинг ҳожати йўқ, кўпинча қўлёзмаларимизнинг сиёҳи қуримасдан уни тезроқ чоп эттиришга, шов-шув кўтаришга уринардик. Балки бизда ҳам Миртемир акадаги бардош ва инсофнинг юздан бири, борингки, ўндан бири бўлган-да, эҳтимол, асарларимизнинг умри бойчечак умри янглиғ қисқа бўлмасмиди?..

09

Sa’dulla Siyoyev
QALAMDOSH»

Mirtemir — she’r zargari. U so‘zning qimmatini misqollab o‘lchar, yozadigan jumlasini yetti emas, yetmish marta o‘ylab, keyin bitardi.
Oddiy so‘zlarga o‘zgacha sehr, joziba bag‘ishlay oladigan nomi yurtga taniqli shoirning ish uslubi, albatta, hamma ijodkorlarni qiziqtirardi. Goho shu o‘ylar tinchlik bermasdi. Mavridi kelsa, uning she’r yozishini, biror asarga sayqal berishini zimdan kuzatsam, deb orzu qilardim.
Nihoyat, shunday kunlar nasib qildi. «Guliston» jurnalida Mirtemir akaga bag‘ishlangan maxsus sahifa beriladigan bo‘ldi. Undan she’r «undirish» menga topshirildi. Xonamdan barvaqtroq chiqib, Ishchilar shaharchasiga yo‘l oldim.

Biz — yoshlar, o‘z uyimizday emin-erkin kirib boradigan shinamgina fayzli hovli. Bahordan kuzakkacha birin-sirin potrab ochiladigan ifori gullari hali uyquda. Yozda oq, qirmizi, pushti tusda ko‘z qamashtiruvchi bu gullar xuddi xonadon sohibining baytlariga o‘xshardi. Ularga tikilsa, odamning yoshligi, yoshlikdagi totli, hanuz dilni jizillatadigan yoniq tuyg‘ular esiga tushadi, yurak hapqiradi…
Ichkari kirdim. Mirtemir aka ko‘rinmaydi. Gazeta-jurnal varaqlab o‘tiraverdim. Anchadan keyin sokin qadamlar tashlab kirib keldi. Egnida issiq jun ko‘ylak, kulrang beret.
— E, mullo Sa’dullo! — dedi jilmayib, so‘ng odati bo‘yicha qayta-qayta hol-ahvol so‘radi. Xonadagi buyumlarga bir-bir teginib chiqdi: «Minsk» rusumli kattakon eski priyomnigini qo‘ydi, uni o‘chirib, «VEF» tranzistorini buradi, qozoqcha kontsert berilayotgan ekan, birpas quloq solib turdi-da, «Shirinlarg‘o‘y» dedi. Chehrasiga tabassum yugurdi.

Niyatimni aytdim.
— Tayyor she’r bo‘lsa, olib ketmoqchi edim…
— Tayyor she’r… yo‘q edi, — dedi asta. Nazarimda, jinday xijolat chekkanday bo‘ldi. Go‘yo anchadan beri yangi narsa yozolmay yuribdi-yu, buni men eslatib qo‘ygandek edim.
— Unda yozib berasiz.
Mirtemir aka sal engashdi, o‘ng kaftini qulog‘iga tutdi. Iltimosimni qaytardim. U qaddini rostladi, boshini silkib, «xo‘p» ishorasini bildirdi.
— Ko‘p bo‘ldi «Guliston»da chiqmadim. Yozib beraman. Besh-olti kundan keyin bir qayrilasan-da…
«Qayriladigan» kunim kelganda kutilmagan voqea yuz berdi. Mirtemir akaning tobi qochib, kasalxonaga tushib qoldi. Ko‘rgani bordim. U xonada bir o‘zi yotar, deraza yoniga qo‘yilgan baland karavotning bosh tomonida qalam, daftar, jurnal va kitoblar, katta-kichik shishalarda dori-darmonlar saflab qo‘yilgan. Mirtemir aka «bolam»lab, «bo‘tam»lab mehmon qila boshladi. Uning vaqti xush edi, dam-badam kirib turgan hamshiralaru shifokorlarni biror qiziq gap aytib kuldirar, o‘zi ham huzur qilardi. Shunday suyunchli daqiqalarga soya solgim kelmadi, «she’r dardida» turgan bo‘lsam-da, tilimni tiydim. Mirtemir akaning o‘zi gap ochdi:
— Men jurnallaring oldida uyatliman… Shu desang, tuppa-tuzuk yurgandim, birdaniga bundoq bo‘lib qoldi… Hozir xiyla yaxshiman. She’rni yozib beraman, qoralab qo‘yganman. Tunda, soat o‘n birdan keyin do‘xtirlar xona-xonasiga kirib ketadi. Shunda yashirincha oz-ozdan ishlayapman. Bir kuni do‘xtirim kirib qolib, rosa urishdi. «Axir, men bu ishdan rohat qilaman, ishlasam yengil tortaman», desam ham qo‘ymaydi… Xuddi ataylab qilgandek, do‘xtirlar navbatchilik qiladigan xonaning ro‘parasida yotgan ekanman. Aldab bo‘lmayapti. Ularning ko‘zidan uzoqroq xonaga ko‘chmoqchi bo‘lib turibman…
Uch-to‘rt kun o‘tib, shifoxonaga yana keldim. Ostona hatlab, hol-ahvol so‘ramasimdanoq Mirtemir aka yozilajak she’rdan gapirdi.
— Mana, uch variantda yozib qo‘ydim, — dedi qalin ko‘kish daftarni qo‘liga olib. — Bir nusxasini yaxshilab ishlab beraman. Hali jindek xomroq… Ol, bo‘tam, anavi olmalardan archib, yeb o‘tir…
O‘sha kuni men Mirtemir akaning bir ijodiy siridan voqif bo‘ldim: u she’rlarini avval poetik sochma holida qoralab chiqar, so‘zlarning ohori to‘kilmaganlarini qo‘llar, yoqmasa, almashtirar ekan. Sochmalar yetuk san’atkorning «chig‘irig‘i»dan yuz bor, ming bor o‘tib, asl she’r bilan bo‘ylashadigan darajaga yetgach, shoir ularni qofiyaga, vaznga solar, ular uchun hozirlab qo‘yilgan libosga burkab, oqqa ko‘chirar edi. So‘ng yana mehnat, yana sayqal berish davom etardi: «bachki novdalar» qirqiladi, yarim tomchi ham «suv» qoldirilmaydi, jarang torday chertib ko‘riladi, so‘zlarning bo‘y-basti chamalanadi — har qaysisi o‘z o‘rnidaligi tekshiriladi, shirasi sinaladi — taxir yoki chuchmal emasmi?.. Ana shundan keyingina shoirning o‘zi erkalab, hazillashib aytadigan bu «shig‘ir» el xizmatiga safarbar etiladi. Mirtemir akaning she’rlaridan ajib tarovat ufurib turishining, nafosatining siri shunda bo‘lsa kerak…
Xullas, va’da qilingan she’r unadigan bo‘ldi. Mirtemir aka shifoxonadan chiqqan edi.
— Ertalab uyga kel, birgalashib yozamiz, — dedi u bir kuni.

«Birgalashib yozish»ni eshitib, rosti, biroz cho‘chidim. «Hazil qilyapti, shekilli. Men shoir bo‘lmasam… She’riyat bobidagi ilmim haminqadar. Buyog‘i qandoq bo‘ldi?»
Yigit ishi — tavakkal. Peshinda yetib bordim. Mirtemir aka tashrif buyurajak «qalamdoshi»ni kutib, bezovtalanib turgan ekan. Kattakon stolga yuzma-yuz o‘tirdik. Shoir rango-rang qalamda, turli xil ruchkada chizaverib, bo‘yalib ketgan qog‘ozlarni oldiga yoyib qo‘ydi. Gajakdor arab alifbosidagi yozuvlarga boqib etim uvishdi: shoir bitta she’rga shuncha ishlov beradimi?!
Mirtemir aka she’rining xomligidan yana shikoyat qildi. «Agar qistamaganingda yana besh-olti kun ustidan ko‘rish kerak edi», dedi. So‘ng diqqatini jamladi-da, bilinar-bilinmas noxushlik bilan dedi:
— Qani, yozdik.
She’rimiz soatning miliday o‘ta sekinlik bilan tug‘ilayapti. Mirtemir aka xatimni lahza sayin ta’qib etadi, nuqta, vergullarigacha kuzatadi, unutib qoldirsam, darhol eslatadi, o‘zi esa satrlarga oro beradi.
Shu alfozda she’rning ikki bandini yozib bitirdik. Uchinchi band yetilib turgan ekanmi, hartugul quyilib keldi:

Qo‘shog‘izday talay
otdilar yohu,
Olis Sharqda
kuydim o‘txonalarda…
Yovg‘on oshimga ham
qatdilar og‘u,
Yuz o‘ldim Surxonda,
Farg‘onalarda.

— Surxonda deysizmi yoki Xorazmda tuzukmikan? — so‘radi Mirtemir aka.
— Surxon yaxshiroq, shekilli, — dedim ehtiyotkorlik bilan. — Har holda Farg‘onaga ohangdosh ta’kid ham bor…
— To‘g‘ri, — dedi u, — men ham shuni o‘ylagan edim.
Mirtemir aka qo‘lyozmasiga biroz tikilib qoldi. Keyin yana qiroat bilan o‘qishda davom etdi:

Bir dunyo yaratdik —
yangi, betimsol,
Mening yelkamdaydi
ne og‘ir toshlar.
Kun sayin armonlar
barhaq, barkamol,
Yo‘lda qolib ketdi
ne ezgu boshlar.

Shu yerda qiziq bo‘ldi. Men she’rning ichki ritmikasiga, musiqiyligiga berilib ketib, «ezgu boshlar»ni «aziz boshlar» deb yozib yuboribman. Mirtemir aka buni sezib qolib, eskartirdi. Men xatoimni tuzata boshladim. Biroq Mirtemir aka nimalarnidir pichirlab turdi-da, «To‘xta-chi, «aziz boshlar» ham yomonga o‘xshamaydi», dedi. Uning iltimosi bilan oxirgi satrni qayta o‘qidim.
— «Yo‘lda qolib ketdi» deymizmi yoki «Yo‘limizda qoldi» yaxshimi? — u menga sinchkov tikildi.
— Menimcha, «Yo‘lda qolib ketdi» ma’qul…
— Bo‘lmasa, o‘quvchiga ma’quli ketaversin…
She’rning so‘nggi bandiga o‘tdik. Mirtemir aka xomaki nusxalarni shildiratib, varaqlarni ag‘darib, ancha o‘tirdi. Sal ovozini chiqarib, bir-ikki satr o‘qib ko‘rdi.
— Bu hamma biladigan gaplar. Poetik ifoda kerak, — dedi ranjib.
She’rning xulosasidan ko‘ngli to‘lmayotgani shundoqqina ko‘rinib turardi. U bir chetida shapaloqday joy qolgan varaqni oldiga suribroq qo‘ydi-da, shitob bilan yoza ketdi. Ancha o‘tirdim. Keyin xuddi ma’shuqasiga sevgi izhor qilayotgan yigit holatini kuzatayotganday xijolat bo‘ldim. Asta turib, tashqariga chiqib ketdim.
Qaytib kirganimda shoir hamon yozardi. Birpasdan keyin boshini ko‘tardi, yengil ruh bilan:
— Mana, endi eshit-chi, — dedi-yu, o‘qiy boshladi.
— Yaxshi chiqibdi, — dedim yozishga hozirlanib.
— Ma’qulmi? Unday bo‘lsa, yozamiz.
Mirtemir aka o‘qidi, men oqqa ko‘chirib chiqdim. So‘ng she’rni boshidan oxirigacha balandroq ovozda, Mirtemir akaning qiroatiga taqlid qilib o‘qiy boshladim. U barkamol san’atkorga xos tiyraklik, ta’bir joiz bo‘lsa, ijodiy rashk bilan quloq soldi she’riga.
She’r bitdi, uni to‘rt buklab cho‘ntakka urdim. Tahririyatning topshirig‘ini bajarganimdan shod edim. Mirtemir aka meni kuzatib ko‘chaga chiqdi. Qorong‘i tushib qolgan. Osmonda qoramtir-binafsha rang bulutlar kezadi. Salqinroq shabada esadi. Mirtemir aka ko‘kka tikildi.
— Bahoriy bulutlar… Ko‘klam yaqinlab qoldi.
Bekatda u yana she’rdan shikoyat qildi:
— Qiyomiga yetmayroq qoldi. Asqadga ayt, yaxshilab tuzatsin, albatta, tuzatsin…
Bu gap menga nash’a qildi. Kaminangiz ham ba’zan u-bu narsa mashq qilib yurardim. Yashirishning hojati yo‘q, ko‘pincha qo‘lyozmalarimizning siyohi qurimasdan uni tezroq chop ettirishga, shov-shuv ko‘tarishga urinardik. Balki bizda ham Mirtemir akadagi bardosh va insofning yuzdan biri, boringki, o‘ndan biri bo‘lgan-da, ehtimol, asarlarimizning umri boychechak umri yanglig‘ qisqa bo‘lmasmidi?..

Manba

(Tashriflar: umumiy 75, bugungi 1)

Izoh qoldiring