Miraziz A’zam. Yomg’ir yog’ar edi shig’alab…

03319 декабрь — мусаввир Шуҳрат Абдурашидов хотираси  куни

    Бўлажак рассом 1950 йил  7 августда қўшни Қирғизистонда — Ўш вилоятининг Аравон туманидаги Тепақўрғон қишлоғида туғилди. Тепақўрғон тоғёнбағридаги хушманзара қишлоқ бўлиб, одамлари чорвадорлик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Шуҳратлар оиласи серфарзанд хонадон эди. Унинг Шавкат деган укаси, Январхон, Зиёдахон, Замирахон, Зарифахон исмли тўрт синглиси бор. Шуҳратнинг болалиги боғ кўчаларда ёнғоқ ўйнаб, қўй-қўзи, сигир- бузоқ боқиб ўтди. У пичан йиғар — ёз кунлари баъзан баланд ғарам устида ухлаб қоларди. Осмондан гўё юлдузлар ёғилаётганга ўхшар, шунда юлдузларни ушлаб кўргиси келарди. Кейинчалик у Москвадаги Суриков номли Тасвирий санъат институтида ўқиб юрган кезлари ана шу даврларни қўмсаб, эслаб қўярди.

ШУҲРАТ АБДУРАШИДГА БАҒИШЛАНГАН ШЕЪРЛАРДАН

 

Рауф ПАРФИ
ШУҲРАТ АБДУРАШИД МОЗОРИДА

Ўлган ўлди. Кетди.
Дўстларингга хиёнат қилганмидинг,дўстим!
Билмадим.

Сен хотинингга хиёнат қилганмидинг?
Билмадим.

Ўлган ўлди. Кетди.
Ватанингга хиёнат қилганмидинг сен,ахир?!

Ҳаммасини қилмоққа қодир
Ўлмаганлар.
Ўлган ўлди.Кетди.

Шавкат РАҲМОН
ЎШ ТОҒЛАРИ

Рассом Шуҳрат Абдурашидов хотирасига

Қуладими, чўкдими бу тоғ,
тоғ ўрнида қолди бир қабр?!.
Тоғларини йўқотиб, сарсон –
кўзёш тўкар бир тўда абр.

Қуладими, чўкдими бу тоғ,
юрагимда ортди доғларим?
Билолмайман, ўн йилдан кейин
кўрарманми сизни, тоғларим.

Юрт кезаман: йиғлар юрагим –
бу қандайин разолат, офат-
буюк тоғлар ўрнида ҳар гал
қабрларни кўраман фақат.

Кўрмайин деб кетарман бадар,
кетган сайин юракда доғлар:
хаёлимдан кетмайди бироқ
ерга қараб ўсётган тоғлар!..

 

Муҳаммад СОЛИҲ
ДЕКАБР

Рассом Шуҳрат Абдурашид хотирасига

 

Оёғимда декабрнинг муз занжирлари
Эриб-эриб тушар яшил арча ёнида…
Тиз чўкаркан мен январнинг оппоқ пойига,
Тилагинг не, деб сўрайди мендан Янги йил.

 

Тилагим шу: январингга айтгин аввало,
Қимирламай турсин бир зум, унинг пойига
Ёзиб олай, токи, шуни: февралингга айт,
Пуч ёнғоққа тўлдирмасин баҳор қўйнини.

 

Мартга буюр: бойчечакни қилмасин хазон,
Ёмон одам эмасмиз биз -тушунтир майга,
Декабрга хозироқ айт, вақт борида айт —
Дўстларимни ўзи билан олиб кетмасин!

 

1979

Хуршид Даврон
ДЎСТИМ МУСАВВИР ШУҲРАТ АБДУРАШИДОВГА
БАҒИШЛАНГАН ШЕЪРЛАР

* * *

Рассом Шуҳрат Абдурашидовга

Биз шундай яшаймиз!
Севиб май,чоғир,
Қонуну расмга телба-тескари.
Биз минг йил кутишга розимиз,ахир,
Дарахт шохларида баргдек ўсгани…

Сапчиб туради у
Кеч куз ярим тун,
Соғинчми,армонми юрагин қийнар.
Кўзини очганча ётади маҳзун,
Сўнг шошиб турар-у шошмай кийинар.

«Сизни тушунмайман?» — дейди хотини.
Ташқарида маҳзун ёмғир шитирлар.
Елкасига илар ёмғрпўшини,
Остонада тўхтаб ғамгин шивирлар:

«Кечиргин,ўртанар юрак неча кун,
Неча кун-ки,ахир,мен қийналаман.
Албатта,боришим керак. Мен бугун
Хайрлашмоғим шарт турналар билан».

1978

МУСАВВИР ДЎСТИМНИ ЁДЛАБ

Тупроққа топширдик биз жўрамизни,
Оқарган юзини кўзларда асраб.
Аммо,кўмолмадик дил ярамизни,
Уни қўйдик маъюс сўзларга ўраб.

Тош каби қотибди бизнинг дийдамиз,
Ёмғир ювган тунлар ориқ юзини
Қўрқмасдан эсладик сархуш пайтимиз –
Фақат эсламоқдан қўрқдик кўзини.

Бир куни…
Шом эди…
айвонда туриб –
Кимдир деразани очди. Биз турдик.
Ҳовлида гуллаган олчани кўриб
Уни эсладигу йиғлаб юбордик.

1980

ШУҲРАТ АБДУРАШИДОВ ХОТИРАСИГА

Тўққиз йил орадан ўтди шамолдек,
Тўққиз йил сен дилда маҳзун хаёлдек.

Баҳорлар келдилар,кузлар келдилар,
Сени сўроқлаган сўзлар келдилар.

Ўтлар уйғондилар,сен уйғонмадинг,
Наҳотки уйқуга,дўстим, қонмадинг.

Ўтлар чиқиб келди,чиқиб келмадинг,
Бирга йиғламадинг,бирга кулмадинг.

Яна ўттиз йил,ё қирқ йил ўтади,
Сен-ла дўст бўлганлар мангу кетади.

Уларга изма-из мен ҳам кетарман,
Югурмай,қошингга мен ҳам етарман.

Баҳорлар келарлар,кузлар келарлар,
Бизни сўроқлаган сўзлар келарлар.

Ўтлар уйғонарлар,биз уйғонмаймиз,
Мангулик уйқуга сира қонмаймиз.

Ўтлар чиқиб келар,бизлар келмаймиз,
Чевара исмини бизлар билмаймиз.

Аммо бўёқ бўлиб бир кун қайтамиз,
Шеър бўлиб мангулик сўзин айтамиз.

1979

Миразиз АЪЗАМ
ЁМҒИР ЁҒАР ЭДИ ШИҒАЛАБ…
04

Умринг ўтган сари, айниқса, ёшинг бир жойга борганда, кўпинча кечалари ўтган-кетганларни — қариндош-уруглар, устоз-шогирдлар, дўст-биродарлар, хуллас, узоқ-яқин кишиларинг кўз ўнгингда гавдаланиб, хотиралар жойланаверар, уйқунг қочаверар экан. Ахийри хотираларни ёзишим кераклигини, ёзмасам бўлмаслигини тушуниб етдим. Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Миркарим Осим, Миртемир сингари улуғ сиймоларимиз, олдинма-кетин яшаб ўтган Ўлмас Умарбеков, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев, Машраб Бобоев каби авлодни уйғотишга ҳисса қўшган адибларимиз, адабиёт, илм, санъатнинг бошқа аҳллари ҳақида аралаш-қуралаш битиклар ёза бошладим. Аста-секин уларни бир тизимга солдим. Энди хотираларимни ўқувчилар билан ўртоқлашиш мумкиндай туюлди ва улардан бирини ҳукмингизга ҳавола этаётирман.

045Ажаб, қачон, қаерда, ким таништирди мени рассом Шуҳрат Абдурашидов билан — ҳеч эслолмайман. Бунга ҳар қанча уринмай, бари беҳуда. Ёшларнинг “Илҳом” клубида илк кўргазмаси бўлган эди, дастлаб ўша ерда кўришдикмикан десам, хаёлимда уни бундан олдинроқ ҳам билгандек бўлавераман.

Сўнгра ўз-ўзимга савол бердим: бунинг нима аҳамияти бор? Нега эслашга тиришаман? Нега? Сабаби — у менинг ҳаётимга бир умрлик воқеа бўлиб кириб қолган эди. Энди усиз менга оламнинг энг азиз бир нарсаси етишмаётгандек туюлаверади. У шунчалар бевақт кетган-у, мен ҳамон яшаб юрганга ўхшайман. У бор-йўғи йигирма тўққиз йил умр кўрди-да. Мендан ўн тўрт ёш кичик эди, нега шум ажал уни бенавбат, бемаврид олиб кетди? Ҳар гал уни ёдга олганимда, кўзларимдан нам юлдузлар тўкилиб-тўкилиб кетади.

Ҳолбуки, янги танишган кезларимиз бир-биримизни хушламаганга ўхшардик. Бир-икки ўтиришда у мени калака қилаётгандек туюлар эди, нима десам, нукул эътироз билдирарди.
Эмишки, у бешинчи-олтинчи синфларда ўқиган чоғлари шеър ёзаркан. Мен “Ғунча” журналида ишларканман. У таҳририятга кўп қатнабди. Мен ҳар гал “Машқларингизда шеърга хос нимадир етишмайди”, дер эканман. Охири шеърдан кўнгли совибди, шоирлик ҳавасидан кечиб, рассомлик ўқишига кириб кетибди.

Шуҳрат бу гапни бир эмас, икки-уч марта такрорлади. Аввал гапига ишонгим келмади. Аммо кейин ўйлай-ўйлай тасаввуримда таҳририятга келиб-кетиб юргувчи тўлагина, индамас бола сиймосини тикладим. Эсладим, тўғри! У келарди “Ғунча”га! Мен адабий ходим — шеърият саҳифаларига масъул эдим. Машқларини ҳам тахминан хотирладим. Чиндан ҳам шеър техникаси жиҳатидан бенуқсон эди. Лекин айтадиган гапи йўқ эди ҳали. Балки бўлгандир, деб гумонсирайман гоҳида. Йўқ, агар биронта янги гапи бўлса, албатта ёдимда қоларди,дейман. Ўшанда у ўзигача айтилган фикр, топилган шаклларни такрорлар, ўзбек болалар шеъриятидаги қолиплардан қутулолмас, сатрларида биронта ёрқин тасвир ёки ташбеҳ учрамас эди. У ўзини ҳам, шеърини ҳам ҳимоя қилмас, гапларимга эътироз билдирмас, индамай чиқиб кетаверарди. Мен эса ўз муносабатини билдирмай, “Сукут — розилик аломати” қабилида иш тутувчи ижодкорларни хушламас эдим. Балки Шуҳрат борасида адашгандирман? Орадан кўп йиллар ўтиб, у бир куни ҳарқалай, чин дилданми ёки кўнгил учунми, “Миразиз ака, сиз ҳақ эдингиз. Мен ўз йўлим, ўз жанримни топмаган эдим у маҳаллар”, деб қолди. Ва болаликдаги эски машқларини кўрсатди. Уларни ўқиб чиққач, ўн йиллар бурунги фикримдан уялмадим. Бироқ “Илҳом” клубида Шуҳратнинг расмлар кўргазмасини томоша қилиб, унинг қалбини алангалатган, ижодга ундаган эҳтиросни сувратларидан топдим. У болалар кўзида қолган оламни, ёшликнинг энг гўзал, бокира лаҳзаларини, шунингдек, ҳаётнинг ўйдим-чуқури, керик- кемтигини тасвирлар ва буни бутун инсониятга кўрсатгиси келар эди.

“Болаликдан кейинги биринчи кун” картинасида ҳаёт тақозоси билан тўсатдан улғайиб қолган бола сиймосини шоирона тўлқин билан, ўртаниб ифодалаган эди. Бола нечук бирдан улғайиб қолганининг аҳамияти йўқ. Улғайган, вассалом. Болалик тугаган. Асарни томоша қилаётган киши хийла вақг унинг олдидан кетолмайди. Унинг ўзгача сеҳри бор эди. Ҳаяжон, фикр уйғотадиган асар. Кишида бефарқликни ўлдирувчи, болага алоҳида меҳр ва диққат билан, жуда эҳтиёткор ёндашишни ўргатувчи, унга бу ёшда (12-13 ёш) дағал муомала қилиб бўлмаслигидан сабоқ берувчи расм эди.

Кўргазмадаги болалар ва ўсмирлар ҳаётига оид картиналар, болалар адабиётига дахлдор одам бўлганимданми, менга қаттиқ таъсир килди, мўйқалам устасига эҳтиромим ошди.
“ Мактабга” асари марказида портфель орқалаган ўспирин бола билан ўсмир қиз тасвирини кўрасиз. Уларнинг 10-синф ўкувчилари эканини пайқаш қийин эмас. Табиат манзарасидан найсон пайтлари экани англашилади. Бола билан қиз ўртасида дўстлик, эҳтимол, илк севги туғилгани ва бу яқинлик тақдири ҳали номаълумлиги, вақт эса шиддат билан илгарилаётгани ёшлар қалбига безовталик солаётганини уқиш мумкин. Улар кўнглидаги ана шу ҳиссиётлар кўзларидаги паришон ўй тасвири орқали берилган. Балки бу ўй номаълум ва мавҳум келажак қаршисидаги ҳадикдандир: ўқишлар тугаб, мактаб тамомланса, бу ёғи нима бўлади? Тарқалиб кетишадими? Ўқишга бирга-бирга киришармикан? Шу она қишлоқ, шу қадрдон йўл, шу азиз мактаб, гоҳ қувлашмачоқ ўйини, гоҳ аразу ярашишларга ўз бағридан ўрин берган, уларни улғайтирган шу мўътабар маскан ва, энг муҳими, ҳали ҳеч ким пайқамаган ардоқли туйғу — буларнинг ҳаммаси нима бўлади? Эҳ, кунлар нега мунча тез ўтмаса?! Бола олдинга боққан. Аммо қаршисидаги уфқни кўрмаётир — чунки хаёл оғушида. Қиз ёнга қараган. У ҳам хаёлчан. Хуллас, қишлоқ мактабидан учирма бўлаётган ёшлар олами сизни ўзига ошно этади. Мактаб, оила, дўстлик, ҳаёт, ватан туйғуларини қитиқлайди.

Умуман олганда, Шуҳрат Абдурашидов ижодида болалар мавзуси тор миқёсда эмас, кичиклар ва катталар муносабати тарзида — кенг кўламда қаламга олинади. Мана, жумладан, “Субҳидам” картинасини мушоҳада қилиб, “ўқиб” кўрайлик. Унда мактабга кетаётган бола ортидан остонада жим қараб қолган ота-она тасвирланган. Келажакдан умидвор ота-она. Уларнинг умиди — сизнинг, бизнинг умидимиз. Бу — халқнинг, миллатнинг ҳам умиди. Шу ота-онага қўшилиб, бола саломат-омон улғайишини тилайсиз беихтиёр.

Шуҳрат Абдурашидов халқ турмушини оддий, камтар воситалар билан акс эттирар эди. Хусусан, унинг “Уйқу” картинасидаги реалистик-ҳаётий деталлар ҳофизамда қаттиқ ўрнашиб қолган. Ёзги тахта сўри узра беланчакда ухлаётган чақалоқ. Сўрининг фақат бир бурчаги: устундаги қозиққа ота кўйлаги ва сочиқ осилган; пастга палос билан кўрпача тўшалган; палоснинг миллий нақшларию кўрпачадаги ўйинчоқлар — сопол хўтик ва копток; сўридан ташқарида остидан ариқ ўтган сўриток, ҳув нарирокда супа ва унга ёндош тандир — буларнинг бар- часи юракка аллақандай яқин ва қадрдон.

Шунга ўхшаш халқ турмуши манзарасини “Руҳимдаги доимий байрам” картинасида ҳам кўрамиз. Аммо муаллиф туйғулари бу асарда янада кучлироқ жўш уриб туради. Энди қаршимизда ўша сўри бус-бутунича намоён бўлади. Сўри тўрида оила бошлиғи — ота, унинг ёнида она, куйида эса ёнбошида бешиги билан келин ўтирибди. Сўрининг тўрт томонига палак осилган. Кўҳна ўзбек палаги. Ён томонда бир текисда кўрпа-тўшаклар тахлоғлиқ. Сўри остида донлаб юрган товуқлар. Ҳовлидаги ашёлар, жумладан, деворга суяб кўйилган замбил, юқоридаги уй билан унинг томидаги бостирма, қалин пичан устида, бошини қўлларига қўйиб, осмонга термилиб ётган бола, ундан ҳам нарида олди айвонли уй. Айвондаги дорга ювилган кийимлар осиғлиқ — қисқаси, меҳнаткаш бир хонадон, ўз нонини ҳалол топиб ейдиган, ҳаётини ҳарқалай чиройли ўтказишга тиришувчи оила турмуши кўз ўнгимизда гавдаланади. Чордана қуриб ўтирган, пайдор билакларини чалиштирган ўктам ота бошлиқ оила томошабинда нафақат ҳурмат, меҳр ҳам уйғотади. Сиз ҳам шу меҳнаткаш халк вакилисиз. Демак, мусаввир руҳиятидаги байрам сизга ҳам юқади.

Рассомнинг “Мангулик афсонаси” картинасида фикр сал кўтаринки оҳангда ифодаланган. Унда қадрдон кишисини сўнгги манзилга элтиш маросими акс этган. Елкаларда бораётган тобут атрофида тўн кийиб, бел боғлаган чуст дўппили мотамсаро жигарлар, орқада эса ўз инсонлик бурчини адо этаётган тобуткашлар дувури. Шу воқеанинг ўзиёқ киши туйғуларини ғуборлардан поклайди. Бундай мавзуда кўпчилик ижодкорлар сентименталликка йўл қўяди. Шуҳратда эса аксинча. Ортиқча йиғи-сиғига ўрин берилмаган. Картина томошабинда эркак кишига хос улуғвор бир мотам ҳамда кўп ишлар қилиши мумкин бўлган-у, аммо улгурмаган инсон амалларини давом эттириш кайфиятини уйғотади. Узоқдан кўриниб турган тоғ бағридаги кимсасиз қабристон эса ҳаёт ва ўлим хусусида фикрлашга ундайди. Мен Шуҳратнинг ҳаётида чиндан-да эсдан чиқмайдиган ва ёш қалбини доғда қолдирган бирор воқеа бўлгандир, деб ўйлаб, ундан “Бу асар бирор ҳаётий воқеа муносабати билан яралганми?” деб сўраган эдим, “Ҳа, бу асарда Абдулҳамид исмли акамнинг вафотидан кейин юрагимда қолган йўқотиш алами бор”, дея жавоб қилди у. Мен яна асар нима учун “Мангулик афсонаси” деб номланганига қизикканимда, “Олдин “Мангулик йўли” деб атаган эдим. Аммо кейин “йўл”ни “афсона”га алмаштирдим. “Мангулик йўли” деганда, ҳамма ҳам ўлади, шунинг ўзи — мангулик, деган маъно кўринди. “Мангулик афсонаси” деганда эса, ўлим — бу мангулик эмас, ўлим — йўқотиш! Киши шу ўткинчи ҳаётда чиндан мангуликка эришмоғи керак, мангулик афсона бўлиб қолмаслиги лозим, деган фикр хаёлимга келди”, деди.

Умуман, Шуҳрат ижодида ҳаётийлик, ҳакконийлик жуда муҳим ўрин тутади.

“Чойхонада” расми қаршисига етганимизда эса, ҳазин бир кайфиятда чой ичиб ўтирган, мусичадай беозор чол қиёфасига дуч келамиз. Қариянинг яхши-ёмон одамлар орасида баҳолиқудрат покиза умр кечирганини англаймиз. Буни унинг манглайидаги қават-қават тиришлари, ўтириш тарзидаги мулойимлик, мўлтиллаган маънодор кўзлари айтиб турибди. У ўтган умрию кундан- кун яқинлашиб келаётган сўнгги манзил ҳақида таъсирчан бир хотиржамлик билан ўй сураётганини кўриб, қалбимизда унга раҳм-шафқат, мурувват, меҳр туямиз.

Бу картиналардан Шуҳрат Абдурашидов ижоди ҳақида тугал тасаввур ҳосил қилдик, деб бўлмайди, албатта.

Шуҳратнинг бир қатор полотноларида ҳаёт ҳақида фалсафий мушоҳадани, халқ кечинмалари манзарасини, даврнинг бетакрор онларини, эл фарзандларининг тўлақонли, баъзан гўзал, баъзан оғир, лекин ростакам ҳаёти тасвирини кўрамиз. Шуҳрат Абдурашидов ижодини англаш учун рассом дунёқараши қаерда ва не йўсинда шаклланганини билиш керак, деб ўйлайман.

* * *

Бўлажак рассом 1950 йили (август ойида) қўшни Қирғизистонда — Ўш вилоятининг Аравон туманидаги Тепақўрғон қишлоғида туғилди. Тепақўрғон тоғёнбағридаги хушманзара қишлоқ бўлиб, одамлари чорвадорлик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Шуҳратлар оиласи серфарзанд хонадон эди. Унинг Шавкат деган укаси, Январхон, Зиёдахон, Замирахон, Зарифахон исмли тўрт синглиси бор. Шуҳратнинг болалиги боғ кўчаларда ёнғоқ ўйнаб, қўй-қўзи, сигир- бузоқ боқиб ўтди. У пичан йиғар — ёз кунлари баъзан баланд ғарам устида ухлаб қоларди. Осмондан гўё юлдузлар ёғилаётганга ўхшар, шунда юлдузларни ушлаб кўргиси келарди. Кейинчалик у Москвадаги Суриков номли Тасвирий санъат институтида ўқиб юрган кезлари ана шу даврларни қўмсаб, эслаб қўярди. “Болалик хотиралари” (1976) картинаси ўша соғинчлар маҳсули бўлди. Шуҳратнинг отаси Абдурашид ака Саломов (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи) мактабда тил-адабиётдан дарс берар, ўғлининг ҳаётни, борлиқни ўрганишини диққат билан кузатар, дарахтлар, гуллар, ариқлар, китоблар ҳақида соатлаб гапирар эди. Шуҳрат доим гоҳ у-гоҳ бу муносабат билан отаси ҳақида ҳикоя қилишни яхши кўрар эди.

Отаси дастлаб китобдаги расмларни кўчиришни ўргатган экан. Бу борада бироз қўли келиши билан табиатга қараб (натурадан) расм ишлашни маслаҳат берибди. Қайсидир дафъа ўнларча расмидан бир нечтасини мақтабди ва кўпроқ машқ қил, дебди. Шуҳрат шундай машқ қилиб юрган кезлари ўша вақтдаги болалар газеталари — “Ленин учқуни” ва “Пионер Востока”да расмлар танлови эълон қилинибди. Ота-бола бир нечта расмни танлаб, таҳририятга жўнатган экан, биттаси босилиб чиқибди…

Бир куни Шуҳрат отаси билан ариқ ёқалаб меҳмонга кетаётган эди. Атроф жим-жит. Фақат сувнинг шўлп-шўлп этиб оқиши, жонсарак чивин тўдасининг визиллашигина эшитилар эди. Қуёшда яйраб кетган чигирткаларнинг чириллаши Шуҳратнинг эътиборини тортади. Отаси бир чигирткани тутиб, Шуҳратга кўрсатади-да:
— Кўзларини қара, кўзларини! Худди кўзойнак тақиб олгандек, а? Мана бу сакронғич оёқлари тиконли ўтларнинг чўпидай, — дейди.
Бироздан кейин эса Шуҳратнинг эътиборини дарахтларга қаратади:
— Анави япроқларнинг аста-аста силкинишини кўр, қуёш нурида йилтирашини қара!
— Анави қоратол роса азамат эканми? Сояси ҳов баланд шийпондан ҳам ўтиб кетипти!
— Манави мажнунтол худди сочларини ариқда юваётганга ўхшайди.
Хуллас, бора-боргунча неки учраса, ўғлига таърифлаб, тавсифлаб борибди.
Шуҳратда табиатни поэтик идрок этиш туйғусини отаси атайлаб, қунт-ҳафсала билан шундай улғайтирган бўлса не ажаб?!

Ўша куни меҳмонга борган жойларида амакиваччаларидан бири ҳарбий хизматга кетаётган экан. Йигитлар машинага чиққанда, остонада тўпланган хотин-халаж, амма-холалар маъюс тортган, баъзилари рўмолча силкиб, баъзилари кўзёш тўкиб чувиллар эди. Йигитлар эса юк машинаси устида бири кузов бортини тутганча қийқирар, бири қизларга қараб ҳадеб қўл силкир, ўзида йўқ хурсанд кетиб борарди. Шуҳратнинг ҳам улар билан кетгиси келарди. Аммо аёлларнинг хомушлиги, ҳазинлиги уни ўйлантирарди.

— Дада, хотинлар нега йиғлаяпти? Ботир акам қайтиб келади-ку… хизматини ўтаб?!
— Она кўнгли — болада, бола кўнгли — далада! Ботир аканг кўрмаган жойларини кўражагидан хурсанд. Буларнинг эса уруш давридаги жудоликлар юрагини олиб қўйган. Ботир акангга ўхшаган қанча-қанча йигитлар урушга кетиб қайтиб келмаган. Ёшликда одам айрилиқ нималигини дуруст англамайди. Катталарга қийин: бола ўстириб, катта қилиб, бир кун тўсатдан йўқотиб қўйиш, яна қайтиб келиб қолармикан, дея илҳақ кутиб ўтириш оғир. Тандирдан нон узилганда ҳам, дастурхонга таом тортилганда ҳам ҳар куни ёнма-ён ўтирадиган одаминг бу ерда йўқлиги ота-она, айниқса, она кўнглини чўктираверади. Ўзинг ота бўлган-да биласан буни, ўғлим.

Йигитларни кузатиш манзараси унинг хотирасига муҳрланиб қолди…

Кейинчалик Москвада ўқиб юрганида отасининг гапларини эслаб, хотирасида муҳрланиб қолган ўша манзараларни жонлантириб, 1941 йил йигитларни урушга жўнатиш мавзуидаги “Кузатув” картинасини яратди. Устозлари ҳам, курсдошлари ҳам, ётоқхонада бирга турадиган дўстлари ҳам унинг бу асарини юксак баҳолади. Йигитлик бурчини адо этгани кетаётган ёшлар юк машинасига чиқиб олиб, тақдири нима кечишини хаёлига ҳам келтирмай, қаҳ-қаҳ уриб бир-бирига суянганича, қўл кўтариб хайрлашар, уларнинг қай бири қайтишию қай бири қайтмаслигини ич-ичдан, ғира-шира ҳис қилаётган кузатувчилар ҳолати юксак маҳорат билан тасвирланган эди. Машина орқасидан қараб қолаётган оналар, холалар, оталар, боболар, бир қизнинг (севимли қўшни қиз, албатта!) рўмолчасини маъюс-маъюс силкиётгани — буларнинг ҳаммаси томошабинда ажиб сеҳрли ҳузун уйғотади. Шуҳратнинг дўстлари, унинг ҳаётни яхши билишини кўрсатувчи бадиий деталлари ва асар руҳидаги “юқумли”, айни чоқда, улуғвор бир хавотирли ҳиссиёт ҳақида кўп гапиришган эди.

Шуҳрат Москванинг кўп қаватли уйлари қуршовидаги ётоқхонада яшаркан, ўз уйи,қишлоғи, тоғ ёнбағридаги қинғир-қийшиқ, аммо файзли кўчаларни, ариқлар, кўприкларни соғинаётганини ўзи ҳам англамасди. Шу англашилмаган соғинч ва қишлоқ хотиралари “Ишдан кайтиш” картинаси яратилиши билан якунланди. 1973 йили мойбўёқда ишланган бу расм ҳам факультетда қувонч ва мақтов билан қарши олинди ва “Художник” журналида босилиб чикди. Кичкина бир полотнода бутун қишлоқ ҳақида дилкаш таассурот уйғота олиш, томошабинда ўша ерларни бир кўриш истагини туғдира билиш, у гўшаларнинг меҳнаткаш қизлари сиймосию жайдари иморатлари шакл-шамойилини матога аниқ-тиниқ кўчириш ҳамма рассомнинг қўлидан келавермайди. Шуҳрат учун эса бу интилиш ҳаёт мазмуни эди. Халққа ва юртга муҳаббат туйғусини ҳам, отаси каби устозлари унга қайта-қайта уқтириб, вояга етказган эди.

Шуҳрат тасвирий санъат билим юртидаги устози — Александр Петрович Перовни майин табассум билан ёдга оларди.
— Бизга халқ ҳаётининг куйчилари керак, халқ туйғуларини ифодаловчи рассомларга муҳтожмиз, — дер экан у ҳар бир машғулотида.

Шуҳрат институтда сабоқ олиб юрган кезлари Корней Чуковскийнинг “Левитан” сарлавҳали эссе-портретини ўқийди, ундаги бир эпизод қаттиқ таъсир қилади… Рус рассоми Саврасовнинг бувиси унга ўлими олдидан Сергей Родонежский ишлаган бутни ҳадя этиб, “Болам, мана шундай расм солишни ўргангин, осмон ва ер гўзаллигидан одам руҳи тўлқинланади, беихтиёр йиғлаб юборади”, деган экан. Саврасовнинг ўзи эса Исаак Левитанга таълим бериб, “Мен Петергоф ва Ориенбаум манзараларини шунчалик кўп ишлаганманки, санаб адоғига етиб бўлмайди. Биз, ожиз-нотавонлар қаср ва гулбоғлар қаршисида ҳурмат ила бош эгибмиз-у, аммо шудрингли далаларимиз, қийшайган кулбаларимиз, ўрмон оралиқларида бошимизга тегай деб турган осмонимизни кўрмабмиз. Мана, француз рассоми Коро кузги тумандан, кулранг осмондан, овлоқ сувлардан гўзаллик топибди-ку! Биз эса товуқ каби шабкўр эканмиз”, дер экан.

Шуҳрат эссе мутолаасидан сўнг Комил Коро (1796-1815) альбомларини қидириб топади, уларни диққат билан ўрганади. Чиндан ҳам Коронинг мукаммал композицияли тарихий пейзажлари, кўтаринки руҳдаги лирик манзаралари деталларга бойлиги, кумушсимон-кулранг жилолари ғоят нозиклиги, ашёлар устини қамраган туман пардаси майинлиги билан ҳайратга солган эди. Шунда Шуҳрат илк домласининг фикри нақадар тўғри бўлганини яна бир бор хаёлидан ўтказади. Талабалик йилларида у Левитанни, унга маслакдош бошқа рассомлар ижодини ҳам синчиклаб ўрганади. Виктор Попков, Николай Еришов, Нико  Пиросмани (Пиросманишвили) асарларидан қаттиқ таъсирланади. Дарвоқе, кейинги уч рассомни қисқача таништириб кетсак, ортиқча бўлмас.

Виктор Попков (1932-74) рус рассоми ва графиги. Картиналари кучли эмоционал ва ниҳоятда жиддий бўлиб, инсонларнинг маънавий идеалларини акс эттирар эди. Айниқса, унинг “Ҳаёт ҳақида ўйлар” туркумидаги асарлари халқ ва олий идоралар эътирофига сазовор бўлган.

Николай Еришовнинг (1936-2004) болалиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. Кейинчалик кўп асарларида уруш давридаги болалик манзараларини акс эттирган. 1962 йили Москва Санъат институтини тугатиб, хотини ва ўғли билан Оренбургга кўчади. У ернинг тарихи, бугунги ҳаётини ажойиб асарларида жонлантирди. Оддий қишлоқ кишиларининг ҳаётини тасвирлаш унинг севимли мавзуси эди.

Нико  Пиросмани (Пиросманишвили; 1862-1918) — гуржи мусаввири бўлиб, ибтидоий, қадимий услубларда ишлаган, махсус таҳсил кўрмаган, рассомликни ўз-ўзича ўрганган ижодкор эди. Асарлари самимияти, дунёни ибтидоий-шоирона назар билан кўриши-ла ажралиб турар, тантанали-улуғвор руҳга эгалиги, пухта композицияси, бой миллий колорити билан катта шуҳрат қозонган эди (Масалан, “Қиттай-қиттай тортиб ўтириш”, “Маҳалла қоровули” картиналари). Пиросмани қаҳрамонларининг миллий энгил- бош, юриш-туришидаги ўзига хосликлари, миллий ашёларнинг нозик тафсилотлари Шуҳратнинг завқини келтирарди.

Шуҳратнинг биринчи кўргазмасидан кейин бўлиб ўтган бир суҳбат ёдимда қолган:
— Баъзи асарларингизда Флоренцияни кўргандай бўлдим, Флоренция рассомларидан таъсирланганмисиз? — деб сўради санъатшунос олимлардан бири.

— Йўқ, йўқ… Албатта, Флоренция рассомлари ижодини ўрганганман, лекин улардан таъсирланган эмасман. Мен асарларимда фақат Ўзбекистонни, айниқса, ўзим туғилиб  ўсган ерларни тасвирлайман. Мен таъсирланган бўлсам, фақат Пиросманидан таъсирланганман, — деган эди мусаввир.

Мендан “Миразиз ака, сиз кўргазмам ҳақида бирон нарса демайсизми?” деб сўради. Шунда мен “Ҳозиргача ўзим кўрган ўзбек рассомлари кўргазмалари ичида энг яхшиси сизники бўлди”, дедим.

—  Камчиликларим ҳам бордир? — деди у яна.

—  Камчиликми ё бошқа нарсами, билмадим. Лекин менга “Шоир ва рассом” деган картинангизда патетика меъёрдан ортиқроқдек, туйғу бўртиб кетиб, рассом билан шоир ички олами кўринмай қолгандек туюлди. Ижодингизнинг дастлабки босқичидаги баъзи портретлар ҳам шундай. “Биринчи қор” картинангиз жуда ажойиб, лекин ундаги одамнинг юз ифодаси статик, яъни турғундек кўринди.

—  Бизга монументал тасвирий санъатдан сабоқ берган устозимиз Клавдия Тутеволь “Монументал, патетик асарлар ҳам керак, бу — томошабин руҳини бир поғона бўлса- да кўтаради, ғурурини оширади”, дер эди. Шу фикрлар таъсирида чизганман бу картиналаримни.

—  Менга бошқа асарларингиз кўпроқ маъқул, — дедим.

—   Ўзимга ҳам… — деди у. — Лекин улардан ҳам воз кечолмайман.

—  Мен ҳам, воз кечинг, демайман. Уларнинг таъсири камроқ, шу холос.

—  Тўғри… тўғри…

*   *   *

Шуҳрат билан дўстлигимизнинг бошланиши шундай бўлган эди. Сўнгра ўтиришлар… Ҳеч қандай низомсиз, ҳеч қандай дастурсиз тўгарак ҳолига келган ўтиришларимиз. Рауф Парфи билан Дилором (шоирлар), Азиз билан Матлуба (рассомликка ўқиётган талабалар), Исфандиёр билан Дилбар (рассомлар), Омон Азиз (кандакор), Азиза Маматова (рассом), Мамасоли (шоир), Аҳмад (носир), Камол Комилов (шоир ва матбуот қўмитаси ходими),  Хуршид Даврон (шоир) ва аҳён-аҳёнда Илҳом Жаббор (ҳайкалтарош) йиғинларимиз иштирокчилари эди. Бирда Шуҳратникида, бирда бизникида, бирда Азиза Маматованикида ўтирардик. Ундан ҳам кўпроқ Шота Руставели кўчаси 20-уй ертўласидаги рассом ва ҳайкалтарошлар устахонасида, баъзан “Светлана” магазини ортидаги Исфандиёрнинг устахонасида йиғилардик. Албатта янги асарлар ҳақида фикрлашардик. Ичкиликни ҳам канда килмасдик. Рауф билан Дилором, Исфандиёр билан Дилбар, Азиз билан Матлуба ҳали оила қурмаган-у, севишиб юрган жуфтлар эди. Мамасоли, мен, Омон Азиз оилали эдик, аёлларимиз дўстларимиз меҳмонга келса, яхши кутиб оларди, аммо ўзлари ўтиришларга бормасди. Шуҳратнинг хотини Азизахон, ҳар доим бўлмаса-да, ҳарқалай ўтиришларга борарди. Орамизда аёллар бўлгани учун йиғинларда ҳеч қачон чегарадан чиқилмас, суҳбатлар иззат-икром доирасида кечарди.

Гурунгларнинг бирида Исфандиёрнинг “Самарқанд. 1920. Етимлар” асаридан гап очилиб, Шуҳрат “Агар асар турмуш, кундалик ҳаёт тафсиллари билан бойитилса, яна- да зўр бўларди” деганда, Исфандиёр “Томошабин бошқа нарсаларга алаҳсишини истамадим”, деди. “Миллий озодлик жангига кетган эранларнинг жигаргўшалари — етим болалар халқ закосининг ўлмас намунаси бўлган буюк обида этагида очликдан сулайиб тупроққа беланиб ётаркан, бунинг жавобини кимлардир бериши керак!”, “Бу миллатни асло енгиб бўлмайди!” деган ғоялар бор бу асар мағзида”, дедим мен ҳам. Шуҳрат хафа бўлди, “Мени тушунмаяпсизлар”, деди.

Қайси гал Шота Руставели кўчасидаги ўша ертўлада, Шуҳрат менга бир бюстни кўрсатди. Бу Илҳом Жабборнинг “Рауф Парфи” асари эди. Қадимги юнон ҳайкалтарошлик намуналари билан беллаша оладиган, чунончи, Эсхил, Софокл, Эврипид бюстлари қадар кучли бир асар эди. “Буни эҳтиёт қилиш керак, сиз айтинг, сиз айтинг…” деди Шуҳрат менга. Бусиз ҳам шу ҳақда ўйлаётган эдим. “Дўстлар, Илҳом Жабборни бу асари билан табриклаймиз. Аммо устахона анча тартибсиз. Бюстни бу ердан олиб, бирор бехавотир жойга яшириб қўйиш, ҳеч бўлмаганда, уни тўрт тарафидан фотосуратга тушириб олиш керак”, дедим. Бошқалар ҳам фикримга қўшилди. Аммо эртасига яна шу ерга йиғилиб, асарнинг кимдир уриб синдириб ташлаганини кўрдик. Жуда қаттиқ ўкиндик. Шуҳрат кўзларимга қараб мўлтирар эди. Илҳом Жаббор “Хафа бўлманглар! Мен бундан ҳам зўрроқ қилиб ишлайман”, деди. “Исмингиз Илҳом бўлса ҳам, ўшандоқ илҳом билан уни қайта яратолмайсиз”, деди Шуҳрат. Илҳом яна Рауфнинг бюстини яратди, аммо чиндан ҳам бу галгиси унисидек эмасди.

Бир куни даврада бахт ҳақида баҳс очилди. Биров бахтни муҳаббатда, биров мўл-кўлчиликда, биров тинчлик-хотиржамликда кўрарди. Ўшанда Шуҳрат “Менимча, бахт — нисбий тушунча. Бу — халқнинг, миллатнинг баркамоллиги билан боғлиқ”, деди.

Шуҳрат негадир доим шошарди. “Миразиз ака, менга вақт ажратинг, портретингизни ишлашим керак. Биласизми, нима? Қўлингизни қандай тасвирлашни ўйлаб қўйганман!” дер эди. “Ҳали бутун келажак олдинда… Шошманг, улгурамиз ҳаммасига”, дер эдим мен. Баъзан ярим кечаси уйимизга келиб, кўчага қараган деразамизни тақиллатар, “Мен… Мен… Шуҳратман”, дер эди. Олдига чиқиб, уйга судрасам кўнмас, ошхонага кириб, шу ерда ўтирайлик, дер эди. Қўйнидан “яримта”ни чиқариб, “Газаги сиздан”, дея музлаткични очар, боримизни ўртага кўйиб, ўчоқбоши суҳбатимизни бошлаб юборардик. Бу “жинни ўтиришлар”имиз у пайтларда ўзимизга жуда бетакрор ва гўзал бўлиб кўринарди.

Яна бир кун бизникига келганида, оилавий альбомимизни варақлай бошлади. Отамнинг 1930-йиллардаги фотосуратларини кайта-қайта кўздан кечириб, “Дадангиз жуда ажойиб йигит бўлган эканлар. Мен портретларини ишлайман”, деб колди ва бир неча суратини олиб кетди. Икки-уч кунда “иш”ни битказиб келиб, онамга кўрсатди.

—  Туришлари, энгил-бошлари, юз ифодалари — ҳаммаси жойида. Фақат кўзлари бошқачароқ, сал ғилайга ўхшаш-у, аммо ғилай эмас, қуралай кўз эдилар раҳматли дадаси, — деди онам. Эртасига кўзларини ишлаб, яна олиб келди.
—  Кам бўлманг, худlи ўзлари-я, — деди онам бу сафар. Шундан кейин портретнинг орsасига дастхат битиб, эсдалик деб ташлаб кетди. Портрет қизил фонда ишланган, “30-йиллар ўқитувчиси” деб номланган эди. Бунинг сабабини у шундай изоҳлади: ўша замоннинг жуда кўп тарбиячилари совет тузумига ишонган, уни қўллаб-қувватлаган ва чин кўнгилдан хизмат қилган самимий инсонлар эди. Олий Бош қўмондоннинг ўқитувчиларни урушга жалб қилмаслик тўғрисида фармони бўлганига қарамай, дадангизнинг урушга кўнгилли бўлиб кетгани ҳам фикримни тасдиқлайди…

* * *

Рауф Дилором билан, Исфан Дилбар билан, Азиз Матлуба билан бир оила бўлиб кетишди. Йиғинларимиз бироз сийраклашса-да, аммо узилмай давом этарди. Баҳсу мунозараларга бой учрашувлар ўта-ўта машъум 1979 йилга ҳам етиб келдик. Шуҳрат ҳалиям негадир яшашга шошарди. Асарлари тезроқ халққа етиб боришини истар, “Келаси йил ўттизга кираман, ахир…” дер эди. Мен у ҳақда ёзишга ваъда берган, ёндафтаримга қайдлар ҳам килиб юрардим.

15 декабрь куни эрталаб кимдир дарвозамизни тақиллатди. Шоир Камол Комилов экан. Ранги ўчган, овози бўғиқ.

—  Кеча кечқурун Шуҳратни такси уриб кетибди. Мияси захаланган. Ҳозир “неотложка”да. Тез ТошМИга борайлик, у ерда жуда зўр, бутун Ўзбекистонга машҳур нейрохирург бор. Танишим… — деди.

Нейрохирургни олиб “неотложка”га бордик. Шуҳрат махсус бўлимда ҳушсиз ётарди. Врач юраги соғлом ва бақувват эканини айтди. Амалиётдан яхши чиқса, тез тузалиб кетаркан. Амалиётга ҳозирлик бошланди, биз ҳаммамиз — 40 чоғли киши — шоирлар, рассомлар, қариндошлар, дўст-орқадошлар — кимимиз келиб, кимимиз кетиб, ҳовлида ҳаяжонда турар, юрар эдик.

Азизахон кичкиналари билан уйда қолган эди. Ундан хабар олиш керак, деган ўй билан машинамда уйига бордик. Азизахон йиғлаб ўтирар, энди-энди юра бошлаган бир ўғли дераза рахини тишлаб-тишлаб еб, чақа қилиб ташлаган эди (афтидан, унга кальций етишмасди). Болани бир-икки эркалаб, Азизахонни юпатиб, касалхонага қайтдик.

Йўлда воқеанинг бутун тафсилотини айтиб беришди. Кечқурун дўстлар Шуҳратникида қизғин баҳс-мунозаралар асносида пивохўрлик ҳам қилиб ўтиришипти. Пиво тугагач, тарқалишипти, Шуҳрат уларни кузатгани катта кўчагача чиқипти. Ёмғир шиғалаб ёғарди… Шу орада кимдир “Озгина етмай қолди-да” депти. Кўчанинг нариги бетида пиво сотадиган дўкон бор эди. Шуҳрат “Мен ҳозир…”, дея ўша дўкон сари кўчани кўндаланг кесиб югурипти. Шу пайт катта тезликда келаётган бир такси уни уриб юборганча тўхтамай ўтиб кетибди. Шуҳрат машина урган жойдан олти метр нарига боши билан асфальтга урилиб тушган…

Мен Рауфга қарадим. “Озгина етмай қолди-да” деб фақат у айтиши мумкин эди, назаримда. “Мен айбдор эмасман. Тақдирнинг иши бу”, деди у. Даврада мен ҳам бўлганимда, бундай кор-ҳол рўй бермас эди, деб ўйладим ва дарҳол ўзимга ортиқча баҳо бераётганимни хаёлдан ўтказдим.

Касалхонага қайтдик. Беш соатлик амалиётдан сўнг профессор хонадан чиқди. “Қўлимиздан ҳеч иш келмайди. Мия қатиққа айланиб кетган. Фақат уни қийнаганимиз қолди. Юраги бақувват экан, шунинг ҳисобига яшаяпти…” Кимдир “Юраги кучли бўлса, мўъжиза юз бериши мумкин эмасми?” деб сўради. Жарроҳ “Оллоҳ билади”, деб жавоб берди-да, биз билан хайрлашди. Камол уни кузатгани кетди. Биз кеч бўлгунча бу ердан ҳеч қаёққа жилолмадик. Ўзи ҳушсиз-у, юраги уриб турарди. 16 декабрда ҳам эртадан кечгача у ердан кетолмадик. Ҳамон юраги тепар эди. Биз мўъжиза тилардик. Оқшом тушганда эрталаб йиғиладиган бўлиб тарқалдик.

17 декабрда саҳар соат тўртга яқин эшигимизни аллаким қаттиқ-қаттиқ тақиллатди. “Ўтибди!” деган хавотир билан эшикка югуриб чикдим. Икки милиционер… “Тез кийиниб чиқинг, биз билан 150-мактабга борасиз. Ҳарбий ўқув йиғини бўлади. Сиз ҳам қатнашишингиз шарт”, дейишди. Хуллас, мен Афғонистонга хизматга чақирилган эканман.

19 декабрда Ҳайратон кўприги якинида бир саҳрода тўхтадик. Мен усти ёпиқ юк машинаси кузовида сандиққа ўхшаган металл дастгоҳ устига ўрин солиб ётдим. Икки кунлик узоқ йўлдан кейин толғин-толғин уйқуга чўмибман. Бир маҳал Уни олиб чиқаётганларини кўрдим. Юрагим қинидан чиккудай “Шуҳраааат!” дея бақириб, олиб кетаётганлар ортидан отилдим. Дастгоҳ устидан учиб тушибман. Машина ортида дупур-дупур қадам товушлари эшитилди. Уч-тўрт одам билан турган батальон командирининг “Агзамов! Агзамов! Что с вами?” деган овозидан ҳушимга келдим.

Кўзёшлардан юзларим жиққа ҳўл эди. “Агзамов! Что с вами?” деб сўради командир яна. “Сейчас, в эту минуту умер мой друг…” дедим. “Да во сне всякое бывает…” “Это не сон, это правда: когда я уезжал он лежал при смерти”. “Да успокойтесь вы. Мы все смертны..” деди у.

Афғонистонда ҳарбий хизматни ўтаб Тошкентга қайтганимда билдимки, Шуҳрат чиндан ҳам ўша 19 декабрда вафот этган экан…

19 dekabr  musavvir Shuhrat Abdurashidov xotirasi  kuni

Bo‘lajak rassom 1950 yil 7 avgustda qo‘shni Qirg‘izistonda — O‘sh viloyatining Aravon tumanidagi Tepaqo‘rg‘on qishlog‘ida tug‘ildi. Tepaqo‘rg‘on tog‘yonbag‘ridagi xushmanzara qishloq bo‘lib, odamlari chorvadorlik va bog‘dorchilik bilan shug‘ullanadi. Shuhratlar oilasi serfarzand xonadon edi. Uning Shavkat degan ukasi, Yanvarxon, Ziyodaxon, Zamiraxon, Zarifaxon ismli to‘rt singlisi bor. Shuhratning bolaligi bog‘ ko‘chalarda yong‘oq o‘ynab, qo‘y-qo‘zi, sigir- buzoq boqib o‘tdi. U pichan yig‘ar — yoz kunlari ba’zan baland g‘aram ustida uxlab qolardi. Osmondan go‘yo yulduzlar yog‘ilayotganga o‘xshar, shunda yulduzlarni ushlab ko‘rgisi kelardi. Keyinchalik u Moskvadagi Surikov nomli Tasviriy san’at institutida o‘qib yurgan kezlari ana shu davrlarni qo‘msab, eslab qo‘yardi.

SHUHRAT ABDURASHIDGA BAG‘ISHLANGAN ShЕ’RLARDAN

Rauf PARFI
SHUHRAT ABDURASHID MOZORIDA

O‘lgan o‘ldi. Ketdi.
Do‘stlaringga xiyonat qilganmiding,do‘stim!
Bilmadim.

Sen xotiningga xiyonat qilganmiding?
Bilmadim.

O‘lgan o‘ldi. Ketdi.
Vataningga xiyonat qilganmiding sen,axir?!

Hammasini qilmoqqa qodir
O‘lmaganlar.
O‘lgan o‘ldi.Ketdi.

Shavkat RAHMON
O‘Sh TOG‘LARI

Rassom Shuhrat Abdurashidov xotirasiga

Quladimi, cho‘kdimi bu tog‘,
tog‘ o‘rnida qoldi bir qabr?!.
Tog‘larini yo‘qotib, sarson –
ko‘zyosh to‘kar bir to‘da abr.

Quladimi, cho‘kdimi bu tog‘,
yuragimda ortdi dog‘larim?
Bilolmayman, o‘n yildan keyin
ko‘rarmanmi sizni, tog‘larim.

Yurt kezaman: yig‘lar yuragim –
bu qandayin razolat, ofat-
buyuk tog‘lar o‘rnida har gal
qabrlarni ko‘raman faqat.

Ko‘rmayin deb ketarman badar,
ketgan sayin yurakda dog‘lar:
xayolimdan ketmaydi biroq
yerga qarab o‘syotgan tog‘lar!..

Muhammad SOLIH
DЕKABR
Rassom Shuhrat Abdurashid xotirasiga

Oyog‘imda dekabrning muz zanjirlari
Erib-erib tushar yashil archa yonida…
Tiz cho‘karkan men yanvarning oppoq poyiga,
Tilaging ne, deb so‘raydi mendan Yangi yil.

Tilagim shu: yanvaringga aytgin avvalo,
Qimirlamay tursin bir zum, uning poyiga
Yozib olay, toki, shuni: fevralingga ayt,
Puch yong‘oqqa to‘ldirmasin bahor qo‘ynini.

Martga buyur: boychechakni qilmasin xazon,
Yomon odam emasmiz biz -tushuntir mayga,
Dekabrga xoziroq ayt, vaqt borida ayt —
Do‘stlarimni o‘zi bilan olib ketmasin!

1979

Xurshid Davron
DO‘STIM MUSAVVIR SHUHRAT ABDURASHIDOVGA
BAG‘ISHLANGAN ShЕ’RLAR

* * *

Rassom Shuhrat Abdurashidovga

Biz shunday yashaymiz!
Sevib may,chog‘ir,
Qonunu rasmga telba-teskari.
Biz ming yil kutishga rozimiz,axir,
Daraxt shoxlarida bargdek o‘sgani…

Sapchib turadi u
Kech kuz yarim tun,
Sog‘inchmi,armonmi yuragin qiynar.
Ko‘zini ochgancha yotadi mahzun,
So‘ng shoshib turar-u shoshmay kiyinar.

«Sizni tushunmayman?» — deydi xotini.
Tashqarida mahzun yomg‘ir shitirlar.
Yelkasiga ilar yomg‘rpo‘shini,
Ostonada to‘xtab g‘amgin shivirlar:

«Kechirgin,o‘rtanar yurak necha kun,
Necha kun-ki,axir,men qiynalaman.
Albatta,borishim kerak. Men bugun
Xayrlashmog‘im shart turnalar bilan».

1978

MUSAVVIR DO‘STIMNI YODLAB

Tuproqqa topshirdik biz jo‘ramizni,
Oqargan yuzini ko‘zlarda asrab.
Ammo,ko‘molmadik dil yaramizni,
Uni qo‘ydik ma’yus so‘zlarga o‘rab.

Tosh kabi qotibdi bizning diydamiz,
Yomg‘ir yuvgan tunlar oriq yuzini
Qo‘rqmasdan esladik sarxush paytimiz –
Faqat eslamoqdan qo‘rqdik ko‘zini.

Bir kuni…
Shom edi…
ayvonda turib –
Kimdir derazani ochdi. Biz turdik.
Hovlida gullagan olchani ko‘rib
Uni esladigu yig‘lab yubordik.

1980

SHUHRAT ABDURASHIDOV XOTIRASIGA

To‘qqiz yil oradan o‘tdi shamoldek,
To‘qqiz yil sen dilda mahzun xayoldek.

Bahorlar keldilar,kuzlar keldilar,
Seni so‘roqlagan so‘zlar keldilar.

O‘tlar uyg‘ondilar,sen uyg‘onmading,
Nahotki uyquga,do‘stim, qonmading.

O‘tlar chiqib keldi,chiqib kelmading,
Birga yig‘lamading,birga kulmading.

Yana o‘ttiz yil,yo qirq yil o‘tadi,
Sen-la do‘st bo‘lganlar mangu ketadi.

Ularga izma-iz men ham ketarman,
Yugurmay,qoshingga men ham yetarman.

Bahorlar kelarlar,kuzlar kelarlar,
Bizni so‘roqlagan so‘zlar kelarlar.

O‘tlar uyg‘onarlar,biz uyg‘onmaymiz,
Mangulik uyquga sira qonmaymiz.

O‘tlar chiqib kelar,bizlar kelmaymiz,
Chevara ismini bizlar bilmaymiz.

Ammo bo‘yoq bo‘lib bir kun qaytamiz,
She’r bo‘lib mangulik so‘zin aytamiz.

1987

Miraziz A’ZAM
YOMG’IR YOG’AR EDI SHIG’ALAB…
04

Umring o’tgan sari, ayniqsa, yoshing bir joyga borganda, ko’pincha kechalari o’tgan-ketganlarni — qarindosh-uruglar, ustoz-shogirdlar, do’st-birodarlar, xullas, uzoq-yaqin kishilaring ko’z o’ngingda gavdalanib, xotiralar joylanaverar, uyqung qochaverar ekan. Axiyri xotiralarni yozishim kerakligini, yozmasam bo’lmasligini tushunib yetdim. Oybek, G’afur G’ulom, Maqsud Shayxzoda, Mirkarim Osim, Mirtemir singari ulug’ siymolarimiz, oldinma-ketin yashab o’tgan O’lmas Umarbekov, Rauf Parfi, Shukur Xolmirzaev, Mashrab Boboev kabi avlodni uyg’otishga hissa qo’shgan adiblarimiz, adabiyot, ilm, san’atning boshqa ahllari haqida aralash-quralash bitiklar yoza boshladim. Asta-sekin ularni bir tizimga soldim. Endi xotiralarimni o’quvchilar bilan o’rtoqlashish mumkinday tuyuldi va ulardan birini hukmingizga havola etayotirman.

045Ajab, qachon, qaerda, kim tanishtirdi meni rassom Shuhrat Abdurashidov bilan — hech eslolmayman. Bunga har qancha urinmay, bari behuda. Yoshlarning “Ilhom” klubida ilk ko’rgazmasi bo’lgan edi, dastlab o’sha yerda ko’rishdikmikan desam, xayolimda uni bundan oldinroq ham bilgandek bo’laveraman.

So’ngra o’z-o’zimga savol berdim: buning nima ahamiyati bor? Nega eslashga tirishaman? Nega? Sababi — u mening hayotimga bir umrlik voqea bo’lib kirib qolgan edi. Endi usiz menga olamning eng aziz bir narsasi yetishmayotgandek tuyulaveradi. U shunchalar bevaqt ketgan-u, men hamon yashab yurganga o’xshayman. U bor-yo’g’i yigirma to’qqiz yil umr ko’rdi-da. Mendan o’n to’rt yosh kichik edi, nega shum ajal uni benavbat, bemavrid olib ketdi? Har gal uni yodga olganimda, ko’zlarimdan nam yulduzlar to’kilib-to’kilib ketadi.

Holbuki, yangi tanishgan kezlarimiz bir-birimizni xushlamaganga o’xshardik. Bir-ikki o’tirishda u meni kalaka qilayotgandek tuyular edi, nima desam, nukul e’tiroz bildirardi. Emishki, u beshinchi-oltinchi sinflarda o’qigan chog’lari she’r yozarkan. Men “G’uncha” jurnalida ishlarkanman. U tahririyatga ko’p qatnabdi. Men har gal “Mashqlaringizda she’rga xos nimadir yetishmaydi”, der ekanman. Oxiri she’rdan ko’ngli sovibdi, shoirlik havasidan kechib, rassomlik o’qishiga kirib ketibdi.

Shuhrat bu gapni bir emas, ikki-uch marta takrorladi. Avval gapiga ishongim kelmadi. Ammo keyin o’ylay-o’ylay tasavvurimda tahririyatga kelib-ketib yurguvchi to’lagina, indamas bola siymosini tikladim. Esladim, to’g’ri! U kelardi “G’uncha”ga! Men adabiy xodim — she’riyat sahifalariga mas’ul edim. Mashqlarini ham taxminan xotirladim. Chindan ham she’r texnikasi jihatidan benuqson edi. Lekin aytadigan gapi yo’q edi hali. Balki bo’lgandir, deb gumonsirayman gohida. Yo’q, agar bironta yangi gapi bo’lsa, albatta yodimda qolardi,deyman. O’shanda u o’zigacha aytilgan fikr, topilgan shakllarni takrorlar, o’zbek bolalar she’riyatidagi qoliplardan qutulolmas, satrlarida bironta yorqin tasvir yoki tashbeh uchramas edi. U o’zini ham, she’rini ham himoya qilmas, gaplarimga e’tiroz bildirmas, indamay chiqib ketaverardi. Men esa o’z munosabatini bildirmay, “Sukut — rozilik alomati” qabilida ish tutuvchi ijodkorlarni xushlamas edim. Balki Shuhrat borasida adashgandirman? Oradan ko’p yillar o’tib, u bir kuni harqalay, chin dildanmi yoki ko’ngil uchunmi, “Miraziz aka, siz haq edingiz. Men o’z yo’lim, o’z janrimni topmagan edim u mahallar”, deb qoldi. Va bolalikdagi eski mashqlarini ko’rsatdi. Ularni o’qib chiqqach, o’n yillar burungi fikrimdan uyalmadim. Biroq “Ilhom” klubida Shuhratning rasmlar ko’rgazmasini tomosha qilib, uning qalbini alangalatgan, ijodga undagan ehtirosni suvratlaridan topdim. U bolalar ko’zida qolgan olamni, yoshlikning eng go’zal, bokira lahzalarini, shuningdek, hayotning o’ydim-chuquri, kerik- kemtigini tasvirlar va buni butun insoniyatga ko’rsatgisi kelar edi.

“Bolalikdan keyingi birinchi kun” kartinasida hayot taqozosi bilan to’satdan ulg’ayib qolgan bola siymosini shoirona to’lqin bilan, o’rtanib ifodalagan edi. Bola nechuk birdan ulg’ayib qolganining ahamiyati yo’q. Ulg’aygan, vassalom. Bolalik tugagan. Asarni tomosha qilayotgan kishi xiyla vaqg uning oldidan ketolmaydi. Uning o’zgacha sehri bor edi. Hayajon, fikr uyg’otadigan asar. Kishida befarqlikni o’ldiruvchi, bolaga alohida mehr va diqqat bilan, juda ehtiyotkor yondashishni o’rgatuvchi, unga bu yoshda (12-13 yosh) dag’al muomala qilib bo’lmasligidan saboq beruvchi rasm edi.

Ko’rgazmadagi bolalar va o’smirlar hayotiga oid kartinalar, bolalar adabiyotiga daxldor odam bo’lganimdanmi, menga qattiq ta’sir kildi, mo’yqalam ustasiga ehtiromim oshdi.

“ Maktabga” asari markazida portfel` orqalagan o’spirin bola bilan o’smir qiz tasvirini ko’rasiz. Ularning 10-sinf o’kuvchilari ekanini payqash qiyin emas. Tabiat manzarasidan nayson paytlari ekani anglashiladi. Bola bilan qiz o’rtasida do’stlik, ehtimol, ilk sevgi tug’ilgani va bu yaqinlik taqdiri hali noma’lumligi, vaqt esa shiddat bilan ilgarilayotgani yoshlar qalbiga bezovtalik solayotganini uqish mumkin. Ular ko’nglidagi ana shu hissiyotlar ko’zlaridagi parishon o’y tasviri orqali berilgan. Balki bu o’y noma’lum va mavhum kelajak qarshisidagi hadikdandir: o’qishlar tugab, maktab tamomlansa, bu yog’i nima bo’ladi? Tarqalib ketishadimi? O’qishga birga-birga kirisharmikan? Shu ona qishloq, shu qadrdon yo’l, shu aziz maktab, goh quvlashmachoq o’yini, goh arazu yarashishlarga o’z bag’ridan o’rin bergan, ularni ulg’aytirgan shu mo»tabar maskan va, eng muhimi, hali hech kim payqamagan ardoqli tuyg’u — bularning hammasi nima bo’ladi? Eh, kunlar nega muncha tez o’tmasa?! Bola oldinga boqqan. Ammo qarshisidagi ufqni ko’rmayotir — chunki xayol og’ushida. Qiz yonga qaragan. U ham xayolchan. Xullas, qishloq maktabidan uchirma bo’layotgan yoshlar olami sizni o’ziga oshno etadi. Maktab, oila, do’stlik, hayot, vatan tuyg’ularini qitiqlaydi.

Umuman olganda, Shuhrat Abdurashidov ijodida bolalar mavzusi tor miqyosda emas, kichiklar va kattalar munosabati tarzida — keng ko’lamda qalamga olinadi. Mana, jumladan, “Subhidam” kartinasini mushohada qilib, “o’qib” ko’raylik. Unda maktabga ketayotgan bola ortidan ostonada jim qarab qolgan ota-ona tasvirlangan. Kelajakdan umidvor ota-ona. Ularning umidi — sizning, bizning umidimiz. Bu — xalqning, millatning ham umidi. Shu ota-onaga qo’shilib, bola salomat-omon ulg’ayishini tilaysiz beixtiyor.

Shuhrat Abdurashidov xalq turmushini oddiy, kamtar vositalar bilan aks ettirar edi. Xususan, uning “Uyqu” kartinasidagi realistik-hayotiy detallar hofizamda qattiq o’rnashib qolgan. Yozgi taxta so’ri uzra belanchakda uxlayotgan chaqaloq. So’rining faqat bir burchagi: ustundagi qoziqqa ota ko’ylagi va sochiq osilgan; pastga palos bilan ko’rpacha to’shalgan; palosning milliy naqshlariyu ko’rpachadagi o’yinchoqlar — sopol xo’tik va koptok; so’ridan tashqarida ostidan ariq o’tgan so’ritok, huv narirokda supa va unga yondosh tandir — bularning bar- chasi yurakka allaqanday yaqin va qadrdon.

Shunga o’xshash xalq turmushi manzarasini “Ruhimdagi doimiy bayram” kartinasida ham ko’ramiz. Ammo muallif tuyg’ulari bu asarda yanada kuchliroq jo’sh urib turadi. Endi qarshimizda o’sha so’ri bus-butunicha namoyon bo’ladi. So’ri to’rida oila boshlig’i — ota, uning yonida ona, kuyida esa yonboshida beshigi bilan kelin o’tiribdi. So’rining to’rt tomoniga palak osilgan. Ko’hna o’zbek palagi. Yon tomonda bir tekisda ko’rpa-to’shaklar taxlog’liq. So’ri ostida donlab yurgan tovuqlar. Hovlidagi ashyolar, jumladan, devorga suyab ko’yilgan zambil, yuqoridagi uy bilan uning tomidagi bostirma, qalin pichan ustida, boshini qo’llariga qo’yib, osmonga termilib yotgan bola, undan ham narida oldi ayvonli uy. Ayvondagi dorga yuvilgankiyimlar osig’liq — qisqasi, mehnatkash bir xonadon, o’z nonini halol topib yeydigan, hayotini harqalay chiroyli o’tkazishga tirishuvchi oila turmushi ko’z o’ngimizda gavdalanadi. Chordana qurib o’tirgan, paydor bilaklarini chalishtirgan o’ktam ota boshliq oila tomoshabinda nafaqat hurmat, mehr ham uyg’otadi. Siz ham shu mehnatkash xalk vakilisiz. Demak, musavvir ruhiyatidagi bayram sizga ham yuqadi.

Rassomning “Mangulik afsonasi” kartinasida fikr sal ko’tarinki ohangda ifodalangan. Unda qadrdon kishisini so’nggi manzilga eltish marosimi aks etgan. Yelkalarda borayotgan tobut atrofida to’n kiyib, bel bog’lagan chust do’ppili motamsaro jigarlar, orqada esa o’z insonlik burchini ado etayotgan tobutkashlar duvuri. Shu voqeaning o’ziyoq kishi tuyg’ularini g’uborlardan poklaydi. Bunday mavzuda ko’pchilik ijodkorlar sentimentallikka yo’l qo’yadi. Shuhratda esa aksincha. Ortiqcha yig’i-sig’iga o’rin berilmagan. Kartina tomoshabinda erkak kishiga xos ulug’vor bir motam hamda ko’p ishlar qilishi mumkin bo’lgan-u, ammo ulgurmagan inson amallarini davom ettirish kayfiyatini uyg’otadi. Uzoqdan ko’rinib turgan tog’ bag’ridagi kimsasiz qabriston esa hayot va o’lim xususida fikrlashga undaydi. Men Shuhratning hayotida chindan-da esdan chiqmaydigan va yosh qalbini dog’da qoldirgan biror voqea bo’lgandir, deb o’ylab, undan “Bu asar biror hayotiy voqea munosabati bilan yaralganmi?” deb so’ragan edim, “Ha, bu asarda Abdulhamid ismli akamning vafotidan keyin yuragimda qolgan yo’qotish alami bor”, deya javob qildi u. Men yana asar nima uchun “Mangulik afsonasi” deb nomlanganiga qizikkanimda, “Oldin “Mangulik yo’li” deb atagan edim. Ammo keyin “yo’l”ni “afsona”ga almashtirdim. “Mangulik yo’li” deganda, hamma ham o’ladi, shuning o’zi — mangulik, degan ma’no ko’rindi. “Mangulik afsonasi” deganda esa, o’lim — bu mangulik emas, o’lim — yo’qotish! Kishi shu o’tkinchi hayotda chindan mangulikka erishmog’i kerak, mangulik afsona bo’lib qolmasligi lozim, degan fikr xayolimga keldi”, dedi.

Umuman, Shuhrat ijodida hayotiylik, hakkoniylik juda muhim o’rin tutadi.

“Choyxonada” rasmi qarshisiga yetganimizda esa, hazin bir kayfiyatda choy ichib o’tirgan, musichaday beozor chol qiyofasiga duch kelamiz. Qariyaning yaxshi-yomon odamlar orasida baholiqudrat pokiza umr kechirganini anglaymiz. Buni uning manglayidagi qavat-qavat tirishlari, o’tirish tarzidagi muloyimlik, mo’ltillagan ma’nodor ko’zlari aytib turibdi. U o’tgan umriyu kundan- kun yaqinlashib kelayotgan so’nggi manzil haqida ta’sirchan bir xotirjamlik bilan o’y surayotganini ko’rib, qalbimizda unga rahm-shafqat, muruvvat, mehr tuyamiz.

Bu kartinalardan Shuhrat Abdurashidov ijodi haqida tugal tasavvur hosil qildik, deb bo’lmaydi, albatta.

Shuhratning bir qator polotnolarida hayot haqida falsafiy mushohadani, xalq kechinmalari manzarasini, davrning betakror onlarini, el farzandlarining to’laqonli, ba’zan go’zal, ba’zan og’ir, lekin rostakam hayoti tasvirini ko’ramiz. Shuhrat Abdurashidov ijodini anglash uchun rassom dunyoqarashi qaerda va ne yo’sinda shakllanganini bilish kerak, deb o’ylayman.

* * *

Bo’lajak rassom 1950 yili (avgust oyida) qo’shni Qirg’izistonda — O’sh viloyatining Aravon tumanidagi Tepaqo’rg’on qishlog’ida tug’ildi. Tepaqo’rg’on tog’yonbag’ridagi xushmanzara qishloq bo’lib, odamlari chorvadorlik va bog’dorchilik bilan shug’ullanadi. Shuhratlar oilasi serfarzand xonadon edi. Uning Shavkat degan ukasi, Yanvarxon, Ziyodaxon, Zamiraxon, Zarifaxon ismli to’rt singlisi bor. Shuhratning bolaligi bog’ ko’chalarda yong’oq o’ynab, qo’y-qo’zi, sigir- buzoq boqib o’tdi. U pichan yig’ar — yoz kunlari ba’zan baland g’aram ustida uxlab qolardi. Osmondan go’yo yulduzlar yog’ilayotganga o’xshar, shunda yulduzlarni ushlab ko’rgisi kelardi. Keyinchalik u Moskvadagi Surikov nomli Tasviriy san’at institutida o’qib yurgan kezlari ana shu davrlarni qo’msab, eslab qo’yardi. “Bolalik xotiralari” (1976) kartinasi o’sha sog’inchlar mahsuli bo’ldi. Shuhratning otasi Abdurashid aka Salomov (O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan o’qituvchi) maktabda til-adabiyotdan dars berar, o’g’lining hayotni, borliqni o’rganishini diqqat bilan kuzatar, daraxtlar, gullar, ariqlar, kitoblar haqida soatlab gapirar edi. Shuhrat doim goh u-goh bu munosabat bilan otasi haqida hikoya qilishni yaxshi ko’rar edi.

Otasi dastlab kitobdagi rasmlarni ko’chirishni o’rgatgan ekan. Bu borada biroz qo’li kelishi bilan tabiatga qarab (naturadan) rasm ishlashni maslahat beribdi. Qaysidir daf’a o’nlarcha rasmidan bir nechtasini maqtabdi va ko’proq mashq qil, debdi. Shuhrat shunday mashq qilib yurgan kezlari o’sha vaqtdagi bolalar gazetalari — “Lenin uchquni” va “Pioner Vostoka”da rasmlar tanlovi e’lon qilinibdi. Ota-bola bir nechta rasmni tanlab, tahririyatga jo’natgan ekan, bittasi bosilib chiqibdi…

Bir kuni Shuhrat otasi bilan ariq yoqalab mehmonga ketayotgan edi. Atrof jim-jit. Faqat suvning sho’lp-sho’lp etib oqishi, jonsarak chivin to’dasining vizillashigina eshitilar edi. Quyoshda yayrab ketgan chigirtkalarning chirillashi Shuhratning e’tiborini tortadi. Otasi bir chigirtkani tutib, Shuhratga ko’rsatadi-da:
— Ko’zlarini qara, ko’zlarini! Xuddi ko’zoynak taqib olgandek, a? Mana bu sakrong’ich oyoqlari tikonli o’tlarning cho’piday, — deydi.
Birozdan keyin esa Shuhratning e’tiborini daraxtlarga qaratadi:
— Anavi yaproqlarning asta-asta silkinishini ko’r, quyosh nurida yiltirashini qara!
— Anavi qoratol rosa azamat ekanmi? Soyasi hov baland shiypondan ham o’tib ketipti!
— Manavi majnuntol xuddi sochlarini ariqda yuvayotganga o’xshaydi.
Xullas, bora-borguncha neki uchrasa, o’g’liga ta’riflab, tavsiflab boribdi.
Shuhratda tabiatni poetik idrok etish tuyg’usini otasi ataylab, qunt-hafsala bilan shunday ulg’aytirgan bo’lsa ne ajab?!

O’sha kuni mehmonga borgan joylarida amakivachchalaridan biri harbiy xizmatga ketayotgan ekan. Yigitlar mashinaga chiqqanda, ostonada to’plangan xotin-xalaj, amma-xolalar ma’yus tortgan, ba’zilari ro’molcha silkib, ba’zilari ko’zyosh to’kib chuvillar edi. Yigitlar esa yuk mashinasi ustida biri kuzov bortini tutgancha qiyqirar, biri qizlarga qarab hadeb qo’l silkir, o’zida yo’q xursand ketib borardi. Shuhratning ham ular bilan ketgisi kelardi. Ammo ayollarning xomushligi, hazinligi uni o’ylantirardi.

— Dada, xotinlar nega yig’layapti? Botir akam qaytib keladi-ku… xizmatini o’tab?!
— Ona ko’ngli — bolada, bola ko’ngli — dalada! Botir akang ko’rmagan joylarini ko’rajagidan xursand. Bularning esa urush davridagi judoliklar yuragini olib qo’ygan. Botir akangga o’xshagan qancha-qancha yigitlar urushga ketib qaytib kelmagan. Yoshlikda odam ayriliq nimaligini durust anglamaydi. Kattalarga qiyin: bola o’stirib, katta qilib, bir kun to’satdan yo’qotib qo’yish, yana qaytib kelib qolarmikan, deya ilhaq kutib o’tirish og’ir. Tandirdan non uzilganda ham, dasturxonga taom tortilganda ham har kuni yonma-yon o’tiradigan odaming bu yerda yo’qligi ota-ona, ayniqsa, ona ko’nglini cho’ktiraveradi. O’zing ota bo’lgan-da bilasan buni, o’g’lim.

Yigitlarni kuzatish manzarasi uning xotirasiga muhrlanib qoldi…

Keyinchalik Moskvada o’qib yurganida otasining gaplarini eslab, xotirasida muhrlanib qolgan o’sha manzaralarni jonlantirib, 1941 yil yigitlarni urushga jo’natish mavzuidagi “Kuzatuv” kartinasini yaratdi. Ustozlari ham, kursdoshlari ham, yotoqxonada birga turadigan do’stlari ham uning bu asarini yuksak baholadi. Yigitlik burchini ado etgani ketayotgan yoshlar yuk mashinasiga chiqib olib, taqdiri nima kechishini xayoliga ham keltirmay, qah-qah urib bir-biriga suyanganicha, qo’l ko’tarib xayrlashar, ularning qay biri qaytishiyu qay biri qaytmasligini ich-ichdan, g’ira-shira his qilayotgan kuzatuvchilar holati yuksak mahorat bilan tasvirlangan edi. Mashina orqasidan qarab qolayotgan onalar, xolalar, otalar, bobolar, bir qizning (sevimli qo’shni qiz, albatta!) ro’molchasini ma’yus-ma’yus silkiyotgani — bularning hammasi tomoshabinda ajib sehrli huzun uyg’otadi. Shuhratning do’stlari, uning hayotni yaxshi bilishini ko’rsatuvchi badiiy detallari va asar ruhidagi “yuqumli”, ayni choqda, ulug’vor bir xavotirli hissiyot haqida ko’p gapirishgan edi.

Shuhrat Moskvaning ko’p qavatli uylari qurshovidagi yotoqxonada yasharkan, o’z uyi,qishlog’i, tog’ yonbag’ridagi qing’ir-qiyshiq, ammo fayzli ko’chalarni, ariqlar, ko’priklarni sog’inayotganini o’zi ham anglamasdi. Shu anglashilmagan sog’inch va qishloq xotiralari “Ishdan kaytish” kartinasi yaratilishi bilan yakunlandi. 1973 yili moybo’yoqda ishlangan bu rasm ham fakul`tetda quvonch va maqtov bilan qarshi olindi va “Xudojnik” jurnalida bosilib chikdi. Kichkina bir polotnoda butun qishloq haqida dilkash taassurot uyg’ota olish, tomoshabinda o’sha yerlarni bir ko’rish istagini tug’dira bilish, u go’shalarning mehnatkash qizlari siymosiyu jaydari imoratlari shakl-shamoyilini matoga aniq-tiniq ko’chirish hamma rassomning qo’lidan kelavermaydi. Shuhrat uchun esa bu intilish hayot mazmuni edi. Xalqqa va yurtga muhabbat tuyg’usini ham, otasi kabi ustozlari unga qayta-qayta uqtirib, voyaga yetkazgan edi.

Shuhrat tasviriy san’at bilim yurtidagi ustozi — Aleksandr Petrovich Perovni mayin tabassum bilan yodga olardi.
— Bizga xalq hayotining kuychilari kerak, xalq tuyg’ularini ifodalovchi rassomlarga muhtojmiz, — der ekan u har bir mashg’ulotida.

Shuhrat institutda saboq olib yurgan kezlari Korney Chukovskiyning “Levitan” sarlavhali esse-portretini o’qiydi, undagi bir epizod qattiq ta’sir qiladi… Rus rassomi Savrasovning buvisi unga o’limi oldidan Sergey Rodonejskiy ishlagan butni hadya etib, “Bolam, mana shunday rasm solishni o’rgangin, osmon va yer go’zalligidan odam ruhi to’lqinlanadi, beixtiyor yig’lab yuboradi”, degan ekan. Savrasovning o’zi esa Isaak Levitanga ta’lim berib, “Men Petergof va Orienbaum manzaralarini shunchalik ko’p ishlaganmanki, sanab adog’iga yetib bo’lmaydi. Biz, ojiz-notavonlar qasr va gulbog’lar qarshisida hurmat ila bosh egibmiz-u, ammo shudringli dalalarimiz, qiyshaygan kulbalarimiz, o’rmon oraliqlarida boshimizga tegay deb turgan osmonimizni ko’rmabmiz. Mana, frantsuz rassomi Koro kuzgi tumandan, kulrang osmondan, ovloq suvlardan go’zallik topibdi-ku! Biz esa tovuq kabi shabko’r ekanmiz”, der ekan.

Shuhrat esse mutolaasidan so’ng Komil Koro (1796-1815) al`bomlarini qidirib topadi, ularni diqqat bilan o’rganadi. Chindan ham Koroning mukammal kompozitsiyali tarixiy peyzajlari, ko’tarinki ruhdagi lirik manzaralari detallarga boyligi, kumushsimon-kulrang jilolari g’oyat nozikligi, ashyolar ustini qamragan tuman pardasi mayinligi bilan hayratga solgan edi. Shunda Shuhrat ilk domlasining fikri naqadar to’g’ri bo’lganini yana bir bor xayolidan o’tkazadi. Talabalik yillarida u Levitanni, unga maslakdosh boshqa rassomlar ijodini ham sinchiklab o’rganadi. Viktor Popkov, Nikolay Yerishov, Niko Pirosmani (Pirosmanishvili) asarlaridan qattiq ta’sirlanadi. Darvoqe, keyingi uch rassomni qisqacha tanishtirib ketsak, ortiqcha bo’lmas.

Viktor Popkov (1932-74) rus rassomi va grafigi. Kartinalari kuchli emotsional va nihoyatda jiddiy bo’lib, insonlarning ma’naviy ideallarini aks ettirar edi. Ayniqsa, uning “Hayot haqida o’ylar” turkumidagi asarlari xalq va oliy idoralar e’tirofiga sazovor bo’lgan.

Nikolay Yerishovning (1936-2004) bolaligi Ikkinchi jahon urushi yillariga to’g’ri kelgan. Keyinchalik ko’p asarlarida urush davridagi bolalik manzaralarini aks ettirgan. 1962 yili Moskva San’at institutini tugatib, xotini va o’g’li bilan Orenburgga ko’chadi. U yerning tarixi, bugungi hayotini ajoyib asarlarida jonlantirdi. Oddiy qishloq kishilarining hayotini tasvirlash uning sevimli mavzusi edi.

Niko Pirosmani (Pirosmanishvili; 1862-1918) — gurji musavviri bo’lib, ibtidoiy, qadimiy uslublarda ishlagan, maxsus tahsil ko’rmagan, rassomlikni o’z-o’zicha o’rgangan ijodkor edi. Asarlari samimiyati, dunyoni ibtidoiy-shoirona nazar bilan ko’rishi-la ajralib turar, tantanali-ulug’vor ruhga egaligi, puxta kompozitsiyasi, boy milliy koloriti bilan katta shuhrat qozongan edi (Masalan, “Qittay-qittay tortib o’tirish”, “Mahalla qorovuli” kartinalari). Pirosmani qahramonlarining milliy engil- bosh, yurish-turishidagi o’ziga xosliklari, milliy ashyolarning nozik tafsilotlari Shuhratning zavqini keltirardi.

Shuhratning birinchi ko’rgazmasidan keyin bo’lib o’tgan bir suhbat yodimda qolgan:
— Ba’zi asarlaringizda Florentsiyani ko’rganday bo’ldim, Florentsiya rassomlaridan ta’sirlanganmisiz? — deb so’radi san’atshunos olimlardan biri.

— Yo’q, yo’q… Albatta, Florentsiya rassomlari ijodini o’rganganman, lekin ulardan ta’sirlangan emasman. Men asarlarimda faqat O’zbekistonni, ayniqsa, o’zim tug’ilib o’sgan yerlarni tasvirlayman. Men ta’sirlangan bo’lsam, faqat Pirosmanidan ta’sirlanganman, — degan edi musavvir.

Mendan “Miraziz aka, siz ko’rgazmam haqida biron narsa demaysizmi?” deb so’radi. Shunda men “Hozirgacha o’zim ko’rgan o’zbek rassomlari ko’rgazmalari ichida eng yaxshisi sizniki bo’ldi”, dedim.

— Kamchiliklarim ham bordir? — dedi u yana.

— Kamchilikmi yo boshqa narsami, bilmadim. Lekin menga “Shoir va rassom” degan kartinangizda patetika me’yordan ortiqroqdek, tuyg’u bo’rtib ketib, rassom bilan shoir ichki olami ko’rinmay qolgandek tuyuldi. Ijodingizning dastlabki bosqichidagi ba’zi portretlar ham shunday. “Birinchi qor” kartinangiz juda ajoyib, lekin undagi odamning yuz ifodasi statik, ya’ni turg’undek ko’rindi.

— Bizga monumental tasviriy san’atdan saboq bergan ustozimiz Klavdiya Tutevol` “Monumental, patetik asarlar ham kerak, bu — tomoshabin ruhini bir pog’ona bo’lsa- da ko’taradi, g’ururini oshiradi”, der edi. Shu fikrlar ta’sirida chizganman bu kartinalarimni.

— Menga boshqa asarlaringiz ko’proq ma’qul, — dedim.

— O’zimga ham… — dedi u. — Lekin ulardan ham voz kecholmayman.

— Men ham, voz keching, demayman. Ularning ta’siri kamroq, shu xolos.

— To’g’ri… to’g’ri…

* * *

Shuhrat bilan do’stligimizning boshlanishi shunday bo’lgan edi. So’ngra o’tirishlar… Hech qanday nizomsiz, hech qanday dastursiz to’garak holiga kelgan o’tirishlarimiz. Rauf Parfi bilan
Dilorom (shoirlar), Aziz bilan Matluba (rassomlikka o’qiyotgan talabalar), Isfandiyor bilan Dilbar (rassomlar), Omon Aziz (kandakor), AzizaMamatova (rassom), Mamasoli (shoir), Ahmad (nosir), Kamol Komilov (shoir va matbuot qo’mitasi xodimi), Xurshid Davron (shoir) va ahyon-ahyonda Ilhom Jabbor (haykaltarosh) yig’inlarimiz ishtirokchilari edi. Birda Shuhratnikida, birda biznikida, birda Aziza Mamatovanikida o’tirardik. Undan ham ko’proq Shota Rustaveli ko’chasi 20-uy yerto’lasidagi rassom va haykaltaroshlar ustaxonasida, ba’zan “Svetlana” magazini ortidagi Isfandiyorning ustaxonasida yig’ilardik. Albatta yangi asarlar haqida fikrlashardik. Ichkilikni ham kanda kilmasdik. Rauf bilan Dilorom, Isfandiyor bilan Dilbar, Aziz bilan Matluba hali oila qurmagan-u, sevishib yurgan juftlar edi. Mamasoli, men, Omon Aziz oilali edik, ayollarimiz do’stlarimiz mehmonga kelsa, yaxshi kutib olardi, ammo o’zlari o’tirishlarga bormasdi. Shuhratning xotini Azizaxon, har doim bo’lmasa-da, harqalay o’tirishlarga borardi. Oramizda ayollar bo’lgani uchun yig’inlarda hech qachon chegaradan chiqilmas, suhbatlar izzat-ikrom doirasida kechardi.

Gurunglarning birida Isfandiyorning “Samarqand. 1920. Yetimlar” asaridan gap ochilib, Shuhrat “Agar asar turmush, kundalik hayot tafsillari bilan boyitilsa, yana- da zo’r bo’lardi” deganda, Isfandiyor “Tomoshabin boshqa narsalarga alahsishini istamadim”, dedi. “Milliy ozodlik jangiga ketgan eranlarning jigargo’shalari — yetim bolalar xalq zakosining o’lmas namunasi bo’lgan buyuk obida etagida ochlikdan sulayib tuproqqa belanib yotarkan, buning javobini kimlardir berishi kerak!”, “Bu millatni aslo yengib bo’lmaydi!” degan g’oyalar bor bu asar mag’zida”, dedim men ham. Shuhrat xafa bo’ldi, “Meni tushunmayapsizlar”, dedi.

Qaysi gal Shota Rustaveli ko’chasidagi o’sha yerto’lada, Shuhrat menga bir byustni ko’rsatdi. Bu Ilhom Jabborning “Rauf Parfi” asari edi. Qadimgi yunon haykaltaroshlik namunalari bilan bellasha oladigan, chunonchi, Esxil, Sofokl, Evripid byustlari qadar kuchli bir asar edi. “Buni ehtiyot qilish kerak, siz ayting, siz ayting…” dedi Shuhrat menga. Busiz ham shu haqda o’ylayotgan edim. “Do’stlar, Ilhom Jabborni bu asari bilan tabriklaymiz. Ammo ustaxona ancha tartibsiz. Byustni bu yerdan olib, biror bexavotir joyga yashirib qo’yish, hech bo’lmaganda, uni to’rt tarafidan fotosuratga tushirib olish kerak”, dedim. Boshqalar ham fikrimga qo’shildi. Ammo ertasiga yana shu yerga yig’ilib, asarning kimdir urib sindirib tashlaganini ko’rdik. Juda qattiq o’kindik. Shuhrat ko’zlarimga qarab mo’ltirar edi. Ilhom Jabbor “Xafa bo’lmanglar! Men bundan ham zo’rroq qilib ishlayman”, dedi. “Ismingiz Ilhom bo’lsa ham, o’shandoq ilhom bilan uni qayta yaratolmaysiz”, dedi Shuhrat. Ilhom yana Raufning byustini yaratdi, ammo chindan ham bu galgisi unisidek emasdi.

Bir kuni davrada baxt haqida bahs ochildi. Birov baxtni muhabbatda, birov mo’l-ko’lchilikda, birov tinchlik-xotirjamlikda ko’rardi. O’shanda Shuhrat “Menimcha, baxt — nisbiy tushuncha. Bu — xalqning, millatning barkamolligi bilan bog’liq”, dedi.

Shuhrat negadir doim shoshardi. “Miraziz aka, menga vaqt ajrating, portretingizni ishlashim kerak. Bilasizmi, nima? Qo’lingizni qanday tasvirlashni o’ylab qo’yganman!” der edi. “Hali butun kelajak oldinda… Shoshmang, ulguramiz hammasiga”, der edim men. Ba’zan yarim kechasi uyimizga kelib, ko’chaga qaragan derazamizni taqillatar, “Men… Men… Shuhratman”, der edi. Oldiga chiqib, uyga sudrasam ko’nmas, oshxonaga kirib, shu yerda o’tiraylik, der edi. Qo’ynidan “yarimta”ni chiqarib, “Gazagi sizdan”, deya muzlatkichni ochar, borimizni o’rtaga ko’yib, o’choqboshi suhbatimizni boshlab yuborardik. Bu “jinni o’tirishlar”imiz u paytlarda o’zimizga juda betakror va go’zal bo’lib ko’rinardi.

Yana bir kun biznikiga kelganida, oilaviy al`bomimizni varaqlay boshladi. Otamning 1930-yillardagi fotosuratlarini kayta-qayta ko’zdan kechirib, “Dadangiz juda ajoyib yigit bo’lgan ekanlar. Men portretlarini ishlayman”, deb koldi va bir necha suratini olib ketdi. Ikki-uch kunda “ish”ni bitkazib kelib, onamga ko’rsatdi.

— Turishlari, engil-boshlari, yuz ifodalari — hammasi joyida. Faqat ko’zlari boshqacharoq, sal g’ilayga o’xshash-u, ammo g’ilay emas, quralay ko’z edilar rahmatli dadasi, — dedi onam. Ertasiga ko’zlarini ishlab, yana olib keldi.
— Kam bo’lmang, xudli o’zlari-ya, — dedi onam bu safar. Shundan keyin portretning orsasiga dastxat bitib, esdalik deb tashlab ketdi. Portret qizil fonda ishlangan, “30-yillar o’qituvchisi” deb nomlangan edi. Buning sababini u shunday izohladi: o’sha zamonning juda ko’p tarbiyachilari sovet tuzumiga ishongan, uni qo’llab-quvvatlagan va chin ko’ngildan xizmat qilgan samimiy insonlar edi. Oliy Bosh qo’mondonning o’qituvchilarni urushga jalb qilmaslik to’g’risida farmoni bo’lganiga qaramay, dadangizning urushga ko’ngilli bo’lib ketgani ham fikrimni tasdiqlaydi…

* * *

Rauf Dilorom bilan, Isfan Dilbar bilan, Aziz Matluba bilan bir oila bo’lib ketishdi. Yig’inlarimiz biroz siyraklashsa-da, ammo uzilmay davom etardi. Bahsu munozaralarga boy uchrashuvlar o’ta-o’ta mash’um 1979 yilga ham yetib keldik. Shuhrat haliyam negadir yashashga shoshardi. Asarlari tezroq xalqqa yetib borishini istar, “Kelasi yil o’ttizga kiraman, axir…” der edi. Men u haqda yozishga va’da bergan, yondaftarimga qaydlar ham kilib yurardim.

15 dekabr` kuni ertalab kimdir darvozamizni taqillatdi. Shoir Kamol Komilov ekan. Rangi o’chgan, ovozi bo’g’iq.

— Kecha kechqurun Shuhratni taksi urib ketibdi. Miyasi zaxalangan. Hozir “neotlojka”da. Tez ToshMIga boraylik, u yerda juda zo’r, butun O’zbekistonga mashhur neyroxirurg bor. Tanishim… — dedi.

Neyroxirurgni olib “neotlojka”ga bordik. Shuhrat maxsus bo’limda hushsiz yotardi. Vrach yuragi sog’lom va baquvvat ekanini aytdi. Amaliyotdan yaxshi chiqsa, tez tuzalib ketarkan. Amaliyotga hozirlik boshlandi, biz hammamiz — 40 chog’li kishi — shoirlar, rassomlar, qarindoshlar, do’st-orqadoshlar — kimimiz kelib, kimimiz ketib, hovlida hayajonda turar, yurar edik.

Azizaxon kichkinalari bilan uyda qolgan edi. Undan xabar olish kerak, degan o’y bilan mashinamda uyiga bordik. Azizaxon yig’lab o’tirar, endi-endi yura boshlagan bir o’g’li deraza raxini tishlab-tishlab yeb, chaqa qilib tashlagan edi (aftidan, unga kal`tsiy yetishmasdi). Bolani bir-ikki erkalab, Azizaxonni yupatib, kasalxonaga qaytdik.

Yo’lda voqeaning butun tafsilotini aytib berishdi. Kechqurun do’stlar Shuhratnikida qizg’in bahs-munozaralar asnosida pivoxo’rlik ham qilib o’tirishipti. Pivo tugagach, tarqalishipti, Shuhrat ularni kuzatgani katta ko’chagacha chiqipti. Yomg’ir shig’alab yog’ardi… Shu orada kimdir “Ozgina yetmay qoldi-da” depti. Ko’chaning narigi betida pivo sotadigan do’kon bor edi. Shuhrat “Men hozir…”, deya o’sha do’kon sari ko’chani ko’ndalang kesib yuguripti. Shu payt katta tezlikda kelayotgan bir taksi uni urib yuborgancha to’xtamay o’tib ketibdi. Shuhrat mashina urgan joydan olti metr nariga boshi bilan asfal`tga urilib tushgan…

Men Raufga qaradim. “Ozgina yetmay qoldi-da” deb faqat u aytishi mumkin edi, nazarimda. “Men aybdor emasman. Taqdirning ishi bu”, dedi u. Davrada men ham bo’lganimda, bunday kor-hol ro’y bermas edi, deb o’yladim va darhol o’zimga ortiqcha baho berayotganimni xayoldan o’tkazdim.

Kasalxonaga qaytdik. Besh soatlik amaliyotdan so’ng professor xonadan chiqdi. “Qo’limizdan hech ish kelmaydi. Miya qatiqqa aylanib ketgan. Faqat uni qiynaganimiz qoldi. Yuragi baquvvat ekan, shuning hisobiga yashayapti…” Kimdir “Yuragi kuchli bo’lsa, mo»jiza yuz berishi mumkin emasmi?” deb so’radi. Jarroh “Olloh biladi”, deb javob berdi-da, biz bilan xayrlashdi. Kamol uni kuzatgani ketdi. Biz kech bo’lguncha bu yerdan hech qayoqqa jilolmadik. O’zi hushsiz-u, yuragi urib turardi. 16 dekabrda ham ertadan kechgacha u yerdan ketolmadik. Hamon yuragi tepar edi. Biz mo»jiza tilardik. Oqshom tushganda ertalab yig’iladigan bo’lib tarqaldik.

17 dekabrda sahar soat to’rtga yaqin eshigimizni allakim qattiq-qattiq taqillatdi. “O’tibdi!” degan xavotir bilan eshikka yugurib chikdim. Ikki militsioner… “Tez kiyinib chiqing, biz bilan 150-maktabga borasiz. Harbiy o’quv yig’ini bo’ladi. Siz ham qatnashishingiz shart”, deyishdi. Xullas, men Afg’onistonga xizmatga chaqirilgan ekanman.

19 dekabrda Hayraton ko’prigi yakinida bir sahroda to’xtadik. Men usti yopiq yuk mashinasi kuzovida sandiqqa o’xshagan metall dastgoh ustiga o’rin solib yotdim. Ikki kunlik uzoq yo’ldan keyin tolg’in-tolg’in uyquga cho’mibman. Bir mahal Uni olib chiqayotganlarini ko’rdim. Yuragim qinidan chikkuday “Shuhraaaat!” deya baqirib, olib ketayotganlar ortidan otildim. Dastgoh ustidan uchib tushibman. Mashina ortida dupur-dupur qadam tovushlari eshitildi. Uch-to’rt odam bilan turgan batal`on komandirining “Agzamov! Agzamov! Chto s vami?” degan ovozidan hushimga keldim.

Ko’zyoshlardan yuzlarim jiqqa ho’l edi. “Agzamov! Chto s vami?” deb so’radi komandir yana. “Seychas, v etu minutu umer moy drug…” dedim. “Da vo sne vsyakoe bivaet…” “Eto ne son, eto pravda: kogda ya uezjal on lejal prismerti”. “Da uspokoytes vi. Mi vse smertni..” dedi u.

Afg’onistonda harbiy xizmatni o’tab Toshkentga qaytganimda bildimki, Shuhrat chindan ham o’sha 19 dekabrda vafot etgan ekan…

ШУҲРАТ АБДУРАШИДОВ АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
066

82.jpgБўсағада (Рассом бу асарда ўзи билан умр йўлдошини тасвирлаган)

67c282ff0f55bda63921c5d6d4734bf0_pv.jpgБуви билан набира

Абдурашидов-Ш.-Моё-детство.-1971-ДХВ.jpgБолалик. Хотира

1 Абдурашидов-Ш.-Осенний-Бахмал.-1978-ДХВ.jpgБахмалда куз

09

Шоир Рауф Парфи ва Дилором портрети

07Рассом Бахтиёр Бобоев ва шоир Абдулла Орипов портрети

063Бахмал тонги

Ш.Абдурашидов-2.pngЁш ўзбек шоирлари ва мусаввирлари

Суратда: Ўтирганлар чапдан ўнгга:  Хуршид Даврон, Алишер Мирзо,Баҳодир Жалолов, Рауф Парпи ва Шуҳрат Абдурашидов. Турганлар: Усмон Азим, Нодир Норматов, Жавлон Умарбеков, Эркин Аъзам.

045

(Tashriflar: umumiy 8 097, bugungi 1)

Izoh qoldiring