Miraziz A’zam. Haqiqatning ko’zlari & Orzu A’zamova. Otam Miraziz A’zam & Miraziz A’zam tug‘ilgan kunga bag‘ishlangan «O‘zbekiston-24» radiokanalining «Bugun» dasturi (30. 03.2024)

Ashampoo_Snap_2017.03.30_02h18m51s_001_.png   Устоз шоир ва таржимон Миразиз Аъзамни веб-саҳифамиз номидан муборак 81 ёши (мақола ёзилган 2016 йили ёзилган) билан чин юракдан қутлаймиз ва сиҳат-саломатлик, янги асарлар, оилавий бахт, фарзанду набиралар камолини кўриб юришларини тилаймиз. Орзуга ҳам Яратгандан отасига ўхшаб етук ижодкор бўлиш бахтини сўраймиз.

Орзу АЪЗАМОВА
ОТАМ МИРАЗИЗ АЪАМ
005

Орзу Аъзамова: …Аниқ эслолмайман, аммо тўрт-беш ёшлигимда қўшни қиз билан уришиб қолганман. Шунда онаси уйимизга келиб:“Қизингиз боламни роса калтаклабди”, деб жанжал кўтарган. Уни бир амаллаб жўнатгач, онам мендан: “Нимага урдинг?” деб сўраса, “Ўзи адамни чол деди, адам чолмас!” деган эканман.

Хуллас, отам эллик беш ёшдалик пайтида туғилганман. Аслида, отам мендан олдин ҳам қиз фарзанд кўрган (исми – Гулноз), бироқ у ёшига тўлмай ўтиб қолган. Эҳтимол, шу сабабми ёки уч ўғилдан сўнг туғилганимгами, мени жуда яхши кўради. Бироқ мен отамни энди-энди чуқурроқ таниётганга ўхшайман.

Миразиз Аъзам: “Отам кўз ўнгимда қолган охирги хотира – мана шу сурат. Янаям аниқроғи, суратга тушишдан олдин: “Смирно тур!” дегани. Ўшанда укам Мирвали тўполон қилиб йиғлайвергач, суратчи амаки: “Ҳозир қушча учиб чиқади” деганида чоптириб юборганди…

Биз туғилган пайт қама-қамалар авж олган даврга тўғри келган. Отам Мирғани мактабда бўлим мудири, онам Хатира боғчада тарбиячи, рўзғор тебратишга икковининг ҳам ойлик маоши етарли эди, яхши яшардик. У даврда тарғибот-ташвиқот ниҳоятда кучли бўлган. Шунинг таъсирида отам советларга қаттиқ ишонган, содиқ фуқаро эди. 1941 йили муаллимлар урушга жалб қилинмаслиги ҳақида кўрсатма бўлса-да, отам ўз “ватан”и деб ҳисоблаган “СССРга… фашистлар бостириб келаётганда биз соппа-соғ эркаклар уйда ўтирамизми?!” деб, ҳарбий комиссариатга ўзини илмсиз кўрсатиб, кўнгиллилар сафида урушга кетган. Ёдим ва қулоғимга элас-элас ўрнашиб қолгани – ҳарбийга чақирилган фарзандларини кузатиб бораётган одамлар, тап-тап оёқ товушлари, ҳаводаги чанг-тўзон… Мен терлаб-пишиб, уриниб-туртиниб, онамнинг қўлидан тутганча зўрға-зўрға судралиб борардим. Кейинчалик билсам, отам урушга кетаркан, онамга: “Хатира, китобларимни авайлаб сақла, болаларимга бус-бутун етказ. Ўқув қуроллари ҳамма вақт шай турсин. Театр-киноларга албатта боришсин”, деб тайинлаган экан.

17621933_140770.jpg…Онам йигирма тўрт ёшида учта бола билан ёлғиз қолган. Опам Наима – 7 ёш, мен – 5 ёш ва укам Мирвали – 1 ёш. Аёз бошланиб кетгач, оиламиз танг аҳволда бобомизнинг уйига кўчиб ўтишга мажбур бўлдик. Ота уйимизни эса икки болали рус аёлга ижарага бергандик. Ўша йилги совуқлар ҳаётимда бошқа такрорланмагандек. Янги йил олдидан онам ижарачилардан хабар олгани уйга бориб, бир аҳволда қайтиб келди, сўнг эрталабгача ҳиқиллаб йиғлаб чиқди. Кейин билсак, ижрачи аёл қишда болаларини совуқдан сақлаш учун отамнинг бир уй китобини печкада ёқиб битказибди. Токчада ўн-ўн бешта китоб қолган, онам шуларнигина уйга олиб қайтган экан. “Отангнинг васиятини бажаролмадим”, деб кўп айтар ва бундан қаттиқ ўксинарди.

…“Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Кунтуғмиш” каби ўзбек халқ достонларини ғира-шира лампа ёруғида Наима опам иккимиз ўқиб берар, қолганлар эса бизни жонқулоғи билан тингларди. Онам мактабга деб берган чақаларни ҳам йиғиб китоб сотиб олардик.

…Онам нонга зўрға қорин тўядиган ўша оғир йилларда Ёш томошабинлар театрининг (ТЮЗ) репертуаридаги барча спектаклларга, қишки-ёзги таътилларда болалар кинофильмларига ўн кунлик чипталар олиб берарди.

О.А.: Бобом васият қилган китоблар ёниб кетгани ҳақида гапирганда отамнинг кўзлари ёшланди. Нега? Ўзининг ҳам умри давомида йиққан бойлиги – бир уй китоби эгасиз қолишидан эзиляптими? Ота ҳовлисидаги (бир хонасини махсус кутубхона қилдирганди) китоблардан бир нечтасини келинойим пул зарурати билан сотиб юборганини билгач ёки печкага тутантириқ учун ишлатилинган китоб варақларини кўриб қолганида қалби қўшилиб ёнгандир. Ўша воқеалардан кейин бир қанча китобларни «дом»имизга олиб келган. Энди эса таъмир сабабли ертўлага туширилган ва қайтиб олиб чиқиш қийин бўлаётган, тобора зах босиб бораётган китобларини ўйлаб юраги куймоқда…

Отам асли китоблари билан тирик. Мен бу китобларни албатта қутқараман! Фарзандларимни китоб ўқийдиган қилиб тарбиялайман. Сўз!

М.А.:  1942 йили, отам урушга кетганларига бир йил ҳам тўлмай, қорахат келди. Бироқ онам отамнинг ўлганига ишонмади. Ҳатто аза очишни ҳам истамади.

Ўша йиллари қандайдир фолбин чиқди-ю, болалар сувга танга ташласа, урушга кетган оталарини кўрар экан, деган гап тарқади. Онам бояқиш ҳар қандай яхши хабарга интиқ эди, мени фолбинга олиб боргани ёдимда. Фолбиннинг устамонлигини-чи, “Оталар ҳамма болагаям кўринавермайди, ёлғончи ва нопок болаларга кўринмайди”, деб менга таъсир ўтказди. Кейин ичида пичирлаб қандайдир дуо ўқиркан, вақти-вақти билан: “Кўриндими?” дерди. Қизиғ-а, “Кўринди” десам ҳам, “Кўринмади” десам ҳам ўзим ёлғончи… Онамнинг астойдил хурсанд қилгим келганиданми ёки ёлғончи бўлиб кўринишдан уялибми, хуллас, “Кўринди!” дедим. Онамнинг кўзлари қувончдан порлаб кетди. Қилган ишим нотўғри эди, бироқ бунинг ёлғон эканини онамга ҳеч қачон айтмаганман.

Мен отамнинг ўлими қандай юз бергани тўғрисида доим ўйлаб юрдим. Бир дафъа, 1980-йиллари отам ҳақида маълумот топиш, ҳеч қурса қабрини аниқлаш, уни таниган одамлардан бирови билан учрашиш умидида атайин бордим ҳам. Аммо ҳарбий комиссариат менга ҳеч қандай маълумот бера олмади.

1996 йили Миронов деган, унча-мунча шеър қоралаб юрадиган майор билан танишиб қолдим. Гапдан-гап чиқиб, Москва вилоятида (Калинин фронтида) жанг қилганини айтди. Мен отам ҳам уруш йиллари ўша ерда бўлган, дедим. Айтишича, уруш энди бошланган пайтлари армия ҳали қурол билан яхши таъминланмаган, ҳатто оддийгина милтиқ ҳам етишмас экан, шундай вазиятда рус шовинистлари бошқа миллат вакилларини биринчи навбатда жангга киритаркан. Зобитлар қуруқ калтаклар билан «қуролланган» аскарларни тиш-тирноғигача қуролланган фашистларга қарши урушга йўллар, улар немис пулемётларига учраб тутдек тўкилар экан. Ортга қочишнинг эса иложи йўқ, қайтганларни русларнинг ўзи отиб ташлашаркан…

Бу суҳбатимиздан кейин кўплаб туркистонлик ҳарбийлар, улар сафида отам Мирғани Аъзамов ҳам шовинистлар учун зиғирча аҳамиятсиз ҳаётини қурбон берган экан-да, деб ўйлай бошладим.

М.А.: 6-синфга ўтганимда қаттиқ шамоллаб, йўталим тинмаган. Дўхтирлар ўпка туберкулёзининг бошланғич босқичи деб ташхис қўйишган. Март ойида мен каби касалланган ўқувчиларни махсус санаторий-ўрмон мактабига ўтказишди. Ўша ерда биринчи марта дўстликнинг аслида нелигини, бу туйғунинг йигит киши ҳаётидаги ўрнини англаганман. Кузаккача бирга даволаниб, билим олган болалар билан жуда қадрдон бўлиб кетгандик. Тарқалар чоғи ҳеч ажралгимиз келмай, юм-юм йиғлаганмиз. Ахир ҳаммангиз Тошкентдасизлар-ку, бир шаҳар, бемалол кўришаверасизлар, деб ҳарчанд овутишмасин, кап-катта ўсмир йигитлар ҳеч ўзимизни босолмаганмиз. Кейинчалик бу ҳақда кўп ўйладим. Шуни англадимки, дўстлик ҳаётнинг бир парчаси экан. Худди, муҳаббат каби. Унинг абадий давом этиши номаълум экан. Ўшанда йиғлаганимиз, аслида, у дамлар энди ҳеч қачон қайтмаслигини қалбан англаганимиздан экан.

Кейин ҳаётим давомида кўп дўстлар орттирдим ва кўп бора дўстни йўқотиш изтиробини бошдан кечирдим. Бирлари бошқа ёққа кўчиб кетди, бирларини кўнгилдан ўчириб юборишга мажбур бўлдим, кўпчилиги бу оламга кўз юмди. Ҳозир дўстларим бармоқ билан санарли.

М.А.: 7-синфдалигимизда бизни биринчи марта пахта теримига олиб боришди. Боришимиз билан ёмғир ёға бошлади, эртасига теримга чиқолмайдиган аҳвол. Айланиб келамиз, дедик. Темирйўл бекатигача бордик. Бирдан шундоқ қаршимизга узун юк поезди келиб тўхтади. Мен тамбурга чиқиб олдим. Поезд юриб кетди. Синфдошларим “Туш!” деб изимдан бақиришарди. Тушгим келмади, тушмадим. Тамбурда ёлғиз бир ўзим… Юзимга ёмғир томчилари урилар, тарақ-туруқлаб бораётган поездда бутун теварак атрофни кўз илғаганча томоша қилиб кетардим. Табиатнинг нақадар мафтункорлиги, ёмғир урилаётган дарахтларнинг шамолда силкиниши, ёмғирда қолган одамларнинг югуриб боришлари, ариқларга ёмғир суви қўшилиб янада айқириб оқаётгани… – буларнинг бари юрагимни гўзал туйғулар билан тўлатар, руҳимда бир юксаклик ҳис қилардим. Қанийди, йўл ва ёмғир тугамаса! Саёҳатларимнинг сўнги бўлмаса…

…Поезд жуда тез Тошкент вокзалига кириб келди. Тамбурдан перронга сакраб тушдим. Троллейбусга чиқиб, уйга келдим. Онамнинг ҳайрон кўзларини эсласам, ҳалигача кулгим келади. Чой-пой ичиб, ул-бул еб олдим-да, яна пахтага қайтдим. Болалар: “Қаердайдинг, йўқолиб қолсанг нима бўларди?” деб ўртага олишди. “Географияни биласизларми, ўзи? Поезд барибир вокзалдан ўтарди…” дедим. Бир оғайнимнинг: “Менам чиқсам бўларкан”, деб ҳаваси ҳам келганди.

О.А.
“Мен Африкага боришни орзу қиламан. Бир-икки йил фотографлар жамоаси билан ишлаб ҳайвонот оламини ўргансам, дейман, – дедим отамга. – Лекин бу реал орзу эмас!”

Отам ҳайрон бўлди: “Бирор нарсани орзу қилдингми, уни мақсадга айлантир ва унга эришиш учун ҳаракатни ҳозирдан бошла!” деди.

Ўйлаб қолдим, балки ўша поездда хаёлидан кечган саёҳат орзулари сабаб отам кўп юрт кезгандир. Ўнларча мамлакатларга борди. Чет тиллардан кўплаб асарларни ўзбек тилига ўгирди. Демак, отам ўз мақсади сари аниқ ҳаракатда бўлиб, ўйлаган ниятига эришган.

О.А.
Отамнинг қўлёзмалари орасидан қайсидир материални излаб ўтириб, тасодифан қайдлар ёзилган дафтарча топиб олдим – ўзи кичкинагина. Ўқисам, отамнинг кимнидир севгани, умуман, қалб қайдлари экан. Ғалати… отам ҳам қачонлардир ёш бўлган, кимнидир севган… буни ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Ярим саҳифача ўқий олдим, холос. Тўғриси, ўзимни ўғридай ҳис қила бошладим. Шунинг учун дафтарчани ёпиб қўя қолдим. Аммо узоқ қизиқиб юрдим:“Ким экан у, отамнинг хаёлини ўғирлаган?”.

М.А.: Мактабни олтин медалга тугатдим. Бу хоҳлаган институтда ўқиш имконини берарди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетига ҳужжат топширдим. Иккинчи курсда ўқиётганимда бир қизни севиб қолгандим – Заима! Исми шундай. Қош-кўзи тим қора, назар солса юрагим узилиб тушгудек бўларди. Ўқишда илғор, ўзи хуштабиат эди. Баъзан дарс пайтлари менга қуш қилиб қоғозча учирар, олиб қарасам, “Азизим Миразизга”, “Жоним Миразизга” каби сўзлар ёзилган бўларди. Ҳали қиз бола меҳрини кўрмаган-билмаган 18 яшар мендек йигитча учун бу фавқулодда таъсирли эди. Учраша бошладик. Бир куни дугонаси менга: “Миразиз, шу Заимани яхшилаб сўкиб берсанг-чи, ёки ур”, деб қолди. “Нега энди?” дедим ҳайратимни яширолмай. Шу десанг, Заима: “Миразизни яхши кўраман-у, лекин турмушга чиқмайман”, деди. Сабабини сўрасам, “Ўзи ёмон боламас – меҳрибон, лекин ҳеч бир сўкмайди. Эр киши ёнингда қаттиқ-қаттиқ гапирса-да”, дейди. Шунда ўйланиб қолдим. Мен ҳаётим мобайнида: “Аёл кишига меҳрибон бўлиш керак, муҳаббатга ўзингни бахшида этиш даражасида севиш керак”, деган принципда яшадим. Аммо… буям тўғри эмас экан.

Бир гал орада жанжал чиққанида тарсаки тортиб юбордим. Шунда нима дебди дегин: «Бир тарсаки туширганди, шундай яхши кўриб кетдим… шундай яхши кўриб кетдим…». Бироқ Заима билан тақдиримиз қўшилмаган экан, бўлай деб турган тўй ночор ҳаётимиз сабаб тўхтатилди. Совчиликка боргач, катталарнинг рози-ризочилигидан сўнг уй кўрарга келган онаси айниди-қолди: “Бир уйу бир айвондан бўлак ҳеч вақоси йўқ экан”, дебди. Заима ҳам ортиқча курашиб ўтирмади. Ўша йилиёқ уни менга билдирмай турмушга бериб юборишди. Эшитиб чидолмадим. Икки жомадон узум олдим-у, Ленинградга кетдим. Биласан, бизнинг мевалар тилёрар. Дарров тала-тала бўлди. Ҳамённи тўлдиргач, Ленинград давлат университетига йўл олдим. Нева дарёси бўйида экан. Ўқишга топшираман деган ниятда ҳамма ҳужжатимни ўзим билан оволгандим. Университет мен тасаввур этгандек баланд ва чиройли эмас, икки қаватли кўримсизгина иморат экан. Дарс жадваллари ҳам ўзимизники билан бир хил. Нимаси ортиқ бунинг, деб ўйладим. Ёқмади. Хуллас, бир ойча сандироқлаб юриб, уйга қайтдим.

О.А.
Тасаввуримда отам ҳамиша уйда ўтиргандек, ўз ижодхонасидаги компьютерда нималарнидир чиқиллатиб ёзаётгандек туюлади. Саҳарлаб қаҳва дамлаб олади, кечгача қаҳва ичиб ижодга шўнғийди. Хуллас, бекор ётганини кўрмаганман. Ҳатто энг қийин операциялардан сўнг – оёғидан суяк олиб, қовурғасига улашганида отамнинг жарроҳлик хонасидан омон чиқиши номаълум бўлганини, болалигимизга борибми, англамаганмиз ҳам – қимирлашга имкон йўқ, лекин китоб ўқирди. Бироз дам олсангиз бўлмайдими, десам, “Улгурмаяпман, қизим, улгурмайман”, дерди.

М.А.: Ўқишни тамомлаб, 1958 йил июль ойида телевидениега ишга кирдим. Югур-югур, ташкилий масалалардан ортолмасдим. Камига, кутубхонага қарашни ҳам зиммамга юклаб қўйишганди. Ярим маош берган ҳолда икки ишни бажаришни талаб қилишарди. Ярим йилда чўпдек озиб кетдим. Шундай кунларнинг бирида (1959 йил) “Гулхан” журналида ишлайдиган дўстим Раззоқ Абдурашидни учратиб қолдим. У ҳолимни кўриб ачинди, шекилли, “Ғунча” журналида иш бор, агар истасанг, тавсия қилиб кўраман”, деди. Рози бўлдим. Учрашгани бордик. Бош муҳаррир Абдусодиқ Ирисов узоқ гаплашиб ўтирмай, икки папка хатни олдимга чиқариб қўйди: “Бу журналга келган хатлар. Ўқиб чиқиб, ҳар бирига жавоб ёзинг, иш масаласини кейин гаплашамиз”, деди. Икки кунда эпладим. Абдусодиқ ака саксонтача жавобимдан уч-тўрттасини ўқиб кўриб, бошқаларига қараб ҳам ўтирмади. Хатлар бўлими ходимини чақириб, “Буларни шу бугуноқ хат эгаларига юборинг”, деб топшириқ берди-да, ўрнидан туриб, мени таҳририят хоналаридан бирига бошлаб кирди. “Мана шу сизнинг иш жойингиз, бугундан ишдасиз”, деди. Ўша вақтлари молиявий жиҳатдан анча қийналиб яшардик. Онам тузалмас дардда чалинган, укам талаба, менинг қарамоғимда эди.
Вьетнамдан келтирилган, ранги кўкиш, икки кўкрак ва икки ён чўнтаги бор кўйлак урф бўлганди. Шимнинг устидан тушириб юриларди. Бундай кийинганларни одамлар “стиляга” дейишарди. Менинг отамдан қолган бир жужун шимим бор эди. Тепа қисми жуда титилиб кетганди, кўйлакнинг шим устидан туширилиши эса айбини беркитиб юриш учун айни муддао эди. Бошлиғимиз Абдусодиқ аканинг бунга ғаши келди, чоғи: “Миразиз, кўйлагингизни ҳаммага ўхшаб шимингизнинг ичига тиқиб юрсангиз бўлмайдими?” деди. Мен: “Бу шимнинг ичига тиқиладиган кўйлак эмас!” дедим. “Нима қиласиз, ўзингизга “стиляга” деган ном орттириб. Тиқинг кўйлакни шимга!” деди. Кўйлакни кўтариб кўрсатдим. Шим титилиб ётибди. “Отамдан қолган. Бундан бошқаси йўқ. Шуни ёпсам, усти беркилади, бу ёғи бутун”, дедим. Абдусодиқ ака шундай қараб қолди, йиғисини аранг қайтариб, мени қучоқлаб бағрига босди ва гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди: “Бу чўнтакларни пулга тўлдириш осон эмас-да”, деди. Кейин ҳазили ўзига ёқмади, шекилли: “Кечиринг, Миразиз…” деб қўшиб қўйди. Шундан сўнг кўп қўллаб-қувватлайдиган, ҳар ой бир мақола ёки очерк, шеър, ҳикоя таржимаси буюрадиган бўлди. Қалам ҳақи ҳам баландроқ чиқиб турди. Шароитимиз ўнгланиб кетди. Раҳматли Абдусодиқ Ирисовдан умрбод миннатдорман.

О.А.
Отамнинг онам билан қандай танишгани, бир-бирига кўнгил берган ёки бермагани мен учун доим мавҳум бўлиб қолган. Эҳтимол, улар одоб юзасидан бу ҳақда сўзламасмиди.

17635539_1407709662584714_8358186000879434784_a.jpgМ.А.: Ғафур Ғулом нашриётида ишлардим. Онанг кичик муҳаррир бўлиб ишга келди. Тўғриси, бу кичкинагина, кўримсиз қизнинг ўрнига чиройли қизлардан ишга олса бўлмасмиди, деб ўйлаганим ёдимда. Онамдан айрилган, биринчи оилам бузилган, руҳий зарбаларга учраган вақтим эди. Онанг ҳеч ким билан кулиб гаплашмас, ўзига яраша қўрс эди. Бироқ вақт ўтиши билан дўстлашиб, ҳазил-ҳузул қила бошладик. Муносабатларимиз ўзгарди. У руҳан кучли эди. Шунга қарамай, ҳар бир аёл каби ҳимоякор елка, суянчиққа муҳтожлигини сезардим. Уни ҳимоя қилишим керак деб ўйладим ва кун келиб уйландим.

О.А.
Орадан йиллар ўтиб, онам отамга бағишлаб шундай шеър ёзган эди:

Тўғри, унинг сочлари оппоқ,17621933_140771.jpg
Лекин сочин оқартган қайғу –
Бир миллатнинг қора қайғуси.

Тўғри, унинг кўзлари хира,
Лекин кўзим равшан бўлсин деб
Жигарининг қонин ичмайди.

Тўғри, унинг қўллари кучсиз,
Лекин қувват, мадор тиланиб
Душманига очмайди кафтин.

Тўғри, бели, оёғи майиб,
Лекин ёлғиз Оллоҳ олдида
Букилади, тушади чўкка.

Ўзгаларга узалса агар,
Ундан ошиб кетиб қаричим,
бармоқларим… чопиб ташларман.

Отам саксонни қаршилабди. Шунча вақт давомида ҳаёт ҳақида умумий хулоса ясай олармикин одам? Бир қанча китоблари чоп этилди. Режалаган ишларига улгуряптимикин?

М.А.: Мудом ҳақиқатни айтолган одамгина мазмунли яшадим, деса бўлади. Тўғри яшаган одам ҳеч нарсадан қўрқмайди. Ўлимдан ҳам. Ибн Сино: “Ўлим бу – бахтлилик, неъмат. Бир модданинг иккинчи бир моддага айланиши, холос”, дейди. Ёзадиган шеърларимни ёзиб бўлдим. Ҳозир хотиралар ёзаяпман. Саксон йиллик хотиралар! Дўстларим, яқинларим, сафарлар, муҳим воқеалар ҳақидаги хотиралар. Шуларни якунлашим керак.

О.А: Отам билан суҳбатлашиб ўтирган хона деразасидан ташқарига мўралайман. Бу пайт қизим одатий хархашасини бошлаган:“Уйга кетдик”. Отам эса менинг ўйга чўмиб қолганимдан фойдаланиб аллақачон ноутбукка мук тушганча нималарнидир қоралашга тутинибди…

Манба: «Yosh kuch» журнали. 06/2016.

   Ustoz shoir va tarjimon Miraziz A’zamni vebsahifamiz nomidan muborak 81 yoshi bilan (maqola yozilgan 2016 yili yozilgan) chin yurakdan qutlaymiz va sihatsalomatlik, yangi asarlar, oilaviy baxt, farzandu nabiralar kamolini ko‘rib yurishlarini tilaymiz. Orzuga ham Yaratgandan otasiga o‘xshab yetuk ijodkor bo‘lish baxtini so‘raymiz.

Orzu A’ZAMOVA
OTAM MIRAZIZ A’AM
005

Orzu A’zamova: …Aniq eslolmayman, ammo to‘rt-besh yoshligimda qo‘shni qiz bilan urishib qolganman. Shunda onasi uyimizga kelib:“Qizingiz bolamni rosa kaltaklabdi”, deb janjal ko‘targan. Uni bir amallab jo‘natgach, onam mendan: “Nimaga urding?” deb so‘rasa, “O‘zi adamni chol dedi, adam cholmas!” degan ekanman.

Xullas, otam ellik besh yoshdalik paytida tug‘ilganman. Aslida, otam mendan oldin ham qiz farzand ko‘rgan (ismi – Gulnoz), biroq u yoshiga to‘lmay o‘tib qolgan. Ehtimol, shu sababmi yoki uch o‘g‘ildan so‘ng tug‘ilganimgami, meni juda yaxshi ko‘radi. Biroq men otamni endi-endi chuqurroq taniyotganga o‘xshayman.

Miraziz A’zam: “Otam ko‘z o‘ngimda qolgan oxirgi xotira – mana shu surat. Yanayam aniqrog‘i, suratga tushishdan oldin: “Smirno tur!” degani. O‘shanda ukam Mirvali to‘polon qilib yig‘layvergach, suratchi amaki: “Hozir qushcha uchib chiqadi” deganida choptirib yuborgandi…

Biz tug‘ilgan payt qama-qamalar avj olgan davrga to‘g‘ri kelgan. Otam Mirg‘ani maktabda bo‘lim mudiri, onam Xatira bog‘chada tarbiyachi, ro‘zg‘or tebratishga ikkovining ham oylik maoshi yetarli edi, yaxshi yashardik. U davrda targ‘ibot-tashviqot nihoyatda kuchli bo‘lgan. Shuning ta’sirida otam sovetlarga qattiq ishongan, sodiq fuqaro edi. 1941 yili muallimlar urushga jalb qilinmasligi haqida ko‘rsatma bo‘lsa-da, otam o‘z “vatan”i deb hisoblagan “SSSRga… fashistlar bostirib kelayotganda biz soppa-sog‘ erkaklar uyda o‘tiramizmi?!” deb, harbiy komissariatga o‘zini ilmsiz ko‘rsatib, ko‘ngillilar safida urushga ketgan. Yodim va qulog‘imga elas-elas o‘rnashib qolgani – harbiyga chaqirilgan farzandlarini kuzatib borayotgan odamlar, tap-tap oyoq tovushlari, havodagi chang-to‘zon… Men terlab-pishib, urinib-turtinib, onamning qo‘lidan tutgancha zo‘rg‘a-zo‘rg‘a sudralib borardim. Keyinchalik bilsam, otam urushga ketarkan, onamga: “Xatira, kitoblarimni avaylab saqla, bolalarimga bus-butun yetkaz. O‘quv qurollari hamma vaqt shay tursin. Teatr-kinolarga albatta borishsin”, deb tayinlagan ekan.

…Onam yigirma to‘rt yoshida uchta bola bilan yolg‘iz qolgan. Opam Naima – 7 yosh, men – 5 yosh va ukam Mirvali – 1 yosh. Ayoz boshlanib ketgach, oilamiz tang ahvolda bobomizning uyiga ko‘chib o‘tishga majbur bo‘ldik. Ota uyimizni esa ikki bolali rus ayolga ijaraga bergandik. O‘sha yilgi sovuqlar hayotimda boshqa takrorlanmagandek. Yangi yil oldidan onam ijarachilardan xabar olgani uyga borib, bir ahvolda qaytib keldi, so‘ng ertalabgacha hiqillab yig‘lab chiqdi. Keyin bilsak, ijrachi ayol qishda bolalarini sovuqdan saqlash uchun otamning bir uy kitobini pechkada yoqib bitkazibdi. Tokchada o‘n-o‘n beshta kitob qolgan, onam shularnigina uyga olib qaytgan ekan. “Otangning vasiyatini bajarolmadim”, deb ko‘p aytar va bundan qattiq o‘ksinardi.

…“Go‘ro‘g‘li”, “Alpomish”, “Kuntug‘mish” kabi o‘zbek xalq dostonlarini g‘ira-shira lampa yorug‘ida Naima opam ikkimiz o‘qib berar, qolganlar esa bizni jonqulog‘i bilan tinglardi. Onam maktabga deb bergan chaqalarni ham yig‘ib kitob sotib olardik.

…Onam nonga zo‘rg‘a qorin to‘yadigan o‘sha og‘ir yillarda Yosh tomoshabinlar teatrining (TYUZ) repertuaridagi barcha spektakllarga, qishki-yozgi ta’tillarda bolalar kinofilmlariga o‘n kunlik chiptalar olib berardi.

O.A.: Bobom vasiyat qilgan kitoblar yonib ketgani haqida gapirganda otamning ko‘zlari yoshlandi. Nega? O‘zining ham umri davomida yiqqan boyligi – bir uy kitobi egasiz qolishidan ezilyaptimi? Ota hovlisidagi (bir xonasini maxsus kutubxona qildirgandi) kitoblardan bir nechtasini kelinoyim pul zarurati bilan sotib yuborganini bilgach yoki pechkaga tutantiriq uchun ishlatilingan kitob varaqlarini ko‘rib qolganida qalbi qo‘shilib yongandir. O‘sha voqealardan keyin bir qancha kitoblarni “dom”imizga olib kelgan. Endi esa ta’mir sababli yerto‘laga tushirilgan va qaytib olib chiqish qiyin bo‘layotgan, tobora zax bosib borayotgan kitoblarini o‘ylab yuragi kuymoqda…

Otam asli kitoblari bilan tirik. Men bu kitoblarni albatta qutqaraman! Farzandlarimni kitob o‘qiydigan qilib tarbiyalayman. So‘z!

M.A.: 1942 yili, otam urushga ketganlariga bir yil ham to‘lmay, qoraxat keldi. Biroq onam otamning o‘lganiga ishonmadi. Hatto aza ochishni ham istamadi.

O‘sha yillari qandaydir folbin chiqdi-yu, bolalar suvga tanga tashlasa, urushga ketgan otalarini ko‘rar ekan, degan gap tarqadi. Onam boyaqish har qanday yaxshi xabarga intiq edi, meni folbinga olib borgani yodimda. Folbinning ustamonligini-chi, “Otalar hamma bolagayam ko‘rinavermaydi, yolg‘onchi va nopok bolalarga ko‘rinmaydi”, deb menga ta’sir o‘tkazdi. Keyin ichida pichirlab qandaydir duo o‘qirkan, vaqti-vaqti bilan: “Ko‘rindimi?” derdi. Qizig‘-a, “Ko‘rindi” desam ham, “Ko‘rinmadi” desam ham o‘zim yolg‘onchi… Onamning astoydil xursand qilgim kelganidanmi yoki yolg‘onchi bo‘lib ko‘rinishdan uyalibmi, xullas, “Ko‘rindi!” dedim. Onamning ko‘zlari quvonchdan porlab ketdi. Qilgan ishim noto‘g‘ri edi, biroq buning yolg‘on ekanini onamga hech qachon aytmaganman.

Men otamning o‘limi qanday yuz bergani to‘g‘risida doim o‘ylab yurdim. Bir daf’a, 1980-yillari otam haqida ma’lumot topish, hech qursa qabrini aniqlash, uni tanigan odamlardan birovi bilan uchrashish umidida atayin bordim ham. Ammo harbiy komissariat menga hech qanday ma’lumot bera olmadi.

1996 yili Mironov degan, uncha-muncha she’r qoralab yuradigan mayor bilan tanishib qoldim. Gapdan-gap chiqib, Moskva viloyatida (Kalinin frontida) jang qilganini aytdi. Men otam ham urush yillari o‘sha yerda bo‘lgan, dedim. Aytishicha, urush endi boshlangan paytlari armiya hali qurol bilan yaxshi ta’minlanmagan, hatto oddiygina miltiq ham yetishmas ekan, shunday vaziyatda rus shovinistlari boshqa millat vakillarini birinchi navbatda jangga kiritarkan. Zobitlar quruq kaltaklar bilan “qurollangan” askarlarni tish-tirnog‘igacha qurollangan fashistlarga qarshi urushga yo‘llar, ular nemis pulemyotlariga uchrab tutdek to‘kilar ekan. Ortga qochishning esa iloji yo‘q, qaytganlarni ruslarning o‘zi otib tashlasharkan…

Bu suhbatimizdan keyin ko‘plab turkistonlik harbiylar, ular safida otam Mirg‘ani A’zamov ham shovinistlar uchun zig‘ircha ahamiyatsiz hayotini qurbon bergan ekan-da, deb o‘ylay boshladim.

M.A.: 6-sinfga o‘tganimda qattiq shamollab, yo‘talim tinmagan. Do‘xtirlar o‘pka tuberkulyozining boshlang‘ich bosqichi deb tashxis qo‘yishgan. Mart oyida men kabi kasallangan o‘quvchilarni maxsus sanatoriy-o‘rmon maktabiga o‘tkazishdi. O‘sha yerda birinchi marta do‘stlikning aslida neligini, bu tuyg‘uning yigit kishi hayotidagi o‘rnini anglaganman. Kuzakkacha birga davolanib, bilim olgan bolalar bilan juda qadrdon bo‘lib ketgandik. Tarqalar chog‘i hech ajralgimiz kelmay, yum-yum yig‘laganmiz. Axir hammangiz Toshkentdasizlar-ku, bir shahar, bemalol ko‘rishaverasizlar, deb harchand ovutishmasin, kap-katta o‘smir yigitlar hech o‘zimizni bosolmaganmiz. Keyinchalik bu haqda ko‘p o‘yladim. Shuni angladimki, do‘stlik hayotning bir parchasi ekan. Xuddi, muhabbat kabi. Uning abadiy davom etishi noma’lum ekan. O‘shanda yig‘laganimiz, aslida, u damlar endi hech qachon qaytmasligini qalban anglaganimizdan ekan.

Keyin hayotim davomida ko‘p do‘stlar orttirdim va ko‘p bora do‘stni yo‘qotish iztirobini boshdan kechirdim. Birlari boshqa yoqqa ko‘chib ketdi, birlarini ko‘ngildan o‘chirib yuborishga majbur bo‘ldim, ko‘pchiligi bu olamga ko‘z yumdi. Hozir do‘stlarim barmoq bilan sanarli.

M.A.: 7-sinfdaligimizda bizni birinchi marta paxta terimiga olib borishdi. Borishimiz bilan yomg‘ir yog‘a boshladi, ertasiga terimga chiqolmaydigan ahvol. Aylanib kelamiz, dedik. Temiryo‘l bekatigacha bordik. Birdan shundoq qarshimizga uzun yuk poyezdi kelib to‘xtadi. Men tamburga chiqib oldim. Poyezd yurib ketdi. Sinfdoshlarim “Tush!” deb izimdan baqirishardi. Tushgim kelmadi, tushmadim. Tamburda yolg‘iz bir o‘zim… Yuzimga yomg‘ir tomchilari urilar, taraq-turuqlab borayotgan poyezdda butun tevarak atrofni ko‘z ilg‘agancha tomosha qilib ketardim. Tabiatning naqadar maftunkorligi, yomg‘ir urilayotgan daraxtlarning shamolda silkinishi, yomg‘irda qolgan odamlarning yugurib borishlari, ariqlarga yomg‘ir suvi qo‘shilib yanada ayqirib oqayotgani… – bularning bari yuragimni go‘zal tuyg‘ular bilan to‘latar, ruhimda bir yuksaklik his qilardim. Qaniydi, yo‘l va yomg‘ir tugamasa! Sayohatlarimning so‘ngi bo‘lmasa…

…Poyezd juda tez Toshkent vokzaliga kirib keldi. Tamburdan perronga sakrab tushdim. Trolleybusga chiqib, uyga keldim. Onamning hayron ko‘zlarini eslasam, haligacha kulgim keladi. Choy-poy ichib, ul-bul yeb oldim-da, yana paxtaga qaytdim. Bolalar: “Qayerdayding, yo‘qolib qolsang nima bo‘lardi?” deb o‘rtaga olishdi. “Geografiyani bilasizlarmi, o‘zi? Poyezd baribir vokzaldan o‘tardi…” dedim. Bir og‘aynimning: “Menam chiqsam bo‘larkan”, deb havasi ham kelgandi.

O.A.
“Men Afrikaga borishni orzu qilaman. Bir-ikki yil fotograflar jamoasi bilan ishlab hayvonot olamini o‘rgansam, deyman, – dedim otamga. – Lekin bu real orzu emas!”

Otam hayron bo‘ldi: “Biror narsani orzu qildingmi, uni maqsadga aylantir va unga erishish uchun harakatni hozirdan boshla!” dedi.

O‘ylab qoldim, balki o‘sha poyezdda xayolidan kechgan sayohat orzulari sabab otam ko‘p yurt kezgandir. O‘nlarcha mamlakatlarga bordi. Chet tillardan ko‘plab asarlarni o‘zbek tiliga o‘girdi. Demak, otam o‘z maqsadi sari aniq harakatda bo‘lib, o‘ylagan niyatiga erishgan.

O.A.
Otamning qo‘lyozmalari orasidan qaysidir materialni izlab o‘tirib, tasodifan qaydlar yozilgan daftarcha topib oldim – o‘zi kichkinagina. O‘qisam, otamning kimnidir sevgani, umuman, qalb qaydlari ekan. G‘alati… otam ham qachonlardir yosh bo‘lgan, kimnidir sevgan… buni o‘ylab ham ko‘rmagan ekanman. Yarim sahifacha o‘qiy oldim, xolos. To‘g‘risi, o‘zimni o‘g‘riday his qila boshladim. Shuning uchun daftarchani yopib qo‘ya qoldim. Ammo uzoq qiziqib yurdim:“Kim ekan u, otamning xayolini o‘g‘irlagan?”.

M.A.: Maktabni oltin medalga tugatdim. Bu xohlagan institutda o‘qish imkonini berardi. Toshkent davlat universiteti (hozirgi O‘zMU)ning filologiya fakultetiga hujjat topshirdim. Ikkinchi kursda o‘qiyotganimda bir qizni sevib qolgandim – Zaima! Ismi shunday. Qosh-ko‘zi tim qora, nazar solsa yuragim uzilib tushgudek bo‘lardi. O‘qishda ilg‘or, o‘zi xushtabiat edi. Ba’zan dars paytlari menga qush qilib qog‘ozcha uchirar, olib qarasam, “Azizim Mirazizga”, “Jonim Mirazizga” kabi so‘zlar yozilgan bo‘lardi. Hali qiz bola mehrini ko‘rmagan-bilmagan 18 yashar mendek yigitcha uchun bu favqulodda ta’sirli edi. Uchrasha boshladik. Bir kuni dugonasi menga: “Miraziz, shu Zaimani yaxshilab so‘kib bersang-chi, yoki ur”, deb qoldi. “Nega endi?” dedim hayratimni yashirolmay. Shu desang, Zaima: “Mirazizni yaxshi ko‘raman-u, lekin turmushga chiqmayman”, dedi. Sababini so‘rasam, “O‘zi yomon bolamas – mehribon, lekin hech bir so‘kmaydi. Er kishi yoningda qattiq-qattiq gapirsa-da”, deydi. Shunda o‘ylanib qoldim. Men hayotim mobaynida: “Ayol kishiga mehribon bo‘lish kerak, muhabbatga o‘zingni baxshida etish darajasida sevish kerak”, degan prinsipda yashadim. Ammo… buyam to‘g‘ri emas ekan.

Bir gal orada janjal chiqqanida tarsaki tortib yubordim. Shunda nima debdi degin: “Bir tarsaki tushirgandi, shunday yaxshi ko‘rib ketdim… shunday yaxshi ko‘rib ketdim…”. Biroq Zaima bilan taqdirimiz qo‘shilmagan ekan, bo‘lay deb turgan to‘y nochor hayotimiz sabab to‘xtatildi. Sovchilikka borgach, kattalarning rozi-rizochiligidan so‘ng uy ko‘rarga kelgan onasi aynidi-qoldi: “Bir uyu bir ayvondan bo‘lak hech vaqosi yo‘q ekan”, debdi. Zaima ham ortiqcha kurashib o‘tirmadi. O‘sha yiliyoq uni menga bildirmay turmushga berib yuborishdi. Eshitib chidolmadim. Ikki jomadon uzum oldim-u, Leningradga ketdim. Bilasan, bizning mevalar tilyorar. Darrov tala-tala bo‘ldi. Hamyonni to‘ldirgach, Leningrad davlat universitetiga yo‘l oldim. Neva daryosi bo‘yida ekan. O‘qishga topshiraman degan niyatda hamma hujjatimni o‘zim bilan ovolgandim. Universitet men tasavvur etgandek baland va chiroyli emas, ikki qavatli ko‘rimsizgina imorat ekan. Dars jadvallari ham o‘zimizniki bilan bir xil. Nimasi ortiq buning, deb o‘yladim. Yoqmadi. Xullas, bir oycha sandiroqlab yurib, uyga qaytdim.

O.A.
Tasavvurimda otam hamisha uyda o‘tirgandek, o‘z ijodxonasidagi kompyuterda nimalarnidir chiqillatib yozayotgandek tuyuladi. Saharlab qahva damlab oladi, kechgacha qahva ichib ijodga sho‘ng‘iydi. Xullas, bekor yotganini ko‘rmaganman. Hatto eng qiyin operatsiyalardan so‘ng – oyog‘idan suyak olib, qovurg‘asiga ulashganida otamning jarrohlik xonasidan omon chiqishi noma’lum bo‘lganini, bolaligimizga boribmi, anglamaganmiz ham – qimirlashga imkon yo‘q, lekin kitob o‘qirdi. Biroz dam olsangiz bo‘lmaydimi, desam, “Ulgurmayapman, qizim, ulgurmayman”, derdi.

M.A.: O‘qishni tamomlab, 1958 yil iyul oyida televideniyega ishga kirdim. Yugur-yugur, tashkiliy masalalardan ortolmasdim. Kamiga, kutubxonaga qarashni ham zimmamga yuklab qo‘yishgandi. Yarim maosh bergan holda ikki ishni bajarishni talab qilishardi. Yarim yilda cho‘pdek ozib ketdim. Shunday kunlarning birida (1959 yil) “Gulxan” jurnalida ishlaydigan do‘stim Razzoq Abdurashidni uchratib qoldim. U holimni ko‘rib achindi, shekilli, “G‘uncha” jurnalida ish bor, agar istasang, tavsiya qilib ko‘raman”, dedi. Rozi bo‘ldim. Uchrashgani bordik. Bosh muharrir Abdusodiq Irisov uzoq gaplashib o‘tirmay, ikki papka xatni oldimga chiqarib qo‘ydi: “Bu jurnalga kelgan xatlar. O‘qib chiqib, har biriga javob yozing, ish masalasini keyin gaplashamiz”, dedi. Ikki kunda epladim. Abdusodiq aka saksontacha javobimdan uch-to‘rttasini o‘qib ko‘rib, boshqalariga qarab ham o‘tirmadi. Xatlar bo‘limi xodimini chaqirib, “Bularni shu bugunoq xat egalariga yuboring”, deb topshiriq berdi-da, o‘rnidan turib, meni tahririyat xonalaridan biriga boshlab kirdi. “Mana shu sizning ish joyingiz, bugundan ishdasiz”, dedi. O‘sha vaqtlari moliyaviy jihatdan ancha qiynalib yashardik. Onam tuzalmas dardda chalingan, ukam talaba, mening qaramog‘imda edi.
Vyetnamdan keltirilgan, rangi ko‘kish, ikki ko‘krak va ikki yon cho‘ntagi bor ko‘ylak urf bo‘lgandi. Shimning ustidan tushirib yurilardi. Bunday kiyinganlarni odamlar “stilyaga” deyishardi. Mening otamdan qolgan bir jujun shimim bor edi. Tepa qismi juda titilib ketgandi, ko‘ylakning shim ustidan tushirilishi esa aybini berkitib yurish uchun ayni muddao edi. Boshlig‘imiz Abdusodiq akaning bunga g‘ashi keldi, chog‘i: “Miraziz, ko‘ylagingizni hammaga o‘xshab shimingizning ichiga tiqib yursangiz bo‘lmaydimi?” dedi. Men: “Bu shimning ichiga tiqiladigan ko‘ylak emas!” dedim. “Nima qilasiz, o‘zingizga “stilyaga” degan nom orttirib. Tiqing ko‘ylakni shimga!” dedi. Ko‘ylakni ko‘tarib ko‘rsatdim. Shim titilib yotibdi. “Otamdan qolgan. Bundan boshqasi yo‘q. Shuni yopsam, usti berkiladi, bu yog‘i butun”, dedim. Abdusodiq aka shunday qarab qoldi, yig‘isini arang qaytarib, meni quchoqlab bag‘riga bosdi va gapni boshqa yoqqa burmoqchi bo‘ldi: “Bu cho‘ntaklarni pulga to‘ldirish oson emas-da”, dedi. Keyin hazili o‘ziga yoqmadi, shekilli: “Kechiring, Miraziz…” deb qo‘shib qo‘ydi. Shundan so‘ng ko‘p qo‘llab-quvvatlaydigan, har oy bir maqola yoki ocherk, she’r, hikoya tarjimasi buyuradigan bo‘ldi. Qalam haqi ham balandroq chiqib turdi. Sharoitimiz o‘nglanib ketdi. Rahmatli Abdusodiq Irisovdan umrbod minnatdorman.

17632087_1407709645918049_8047595460305220423_o.jpg

O.A.
Otamning onam bilan qanday tanishgani, bir-biriga ko‘ngil bergan yoki bermagani men uchun doim mavhum bo‘lib qolgan. Ehtimol, ular odob yuzasidan bu haqda so‘zlamasmidi.

M.A.: G‘afur G‘ulom nashriyotida ishlardim. Onang kichik muharrir bo‘lib ishga keldi. To‘g‘risi, bu kichkinagina, ko‘rimsiz qizning o‘rniga chiroyli qizlardan ishga olsa bo‘lmasmidi, deb o‘ylaganim yodimda. Onamdan ayrilgan, birinchi oilam buzilgan, ruhiy zarbalarga uchragan vaqtim edi. Onang hech kim bilan kulib gaplashmas, o‘ziga yarasha qo‘rs edi. Biroq vaqt o‘tishi bilan do‘stlashib, hazil-huzul qila boshladik. Munosabatlarimiz o‘zgardi. U ruhan kuchli edi. Shunga qaramay, har bir ayol kabi himoyakor yelka, suyanchiqqa muhtojligini sezardim. Uni himoya qilishim kerak deb o‘yladim va kun kelib uylandim.

O.A.
Oradan yillar o‘tib, onam otamga bag‘ishlab shunday she’r yozgan edi:

17635539_1407709662584714_8358186000879434784_b.jpg

To‘g‘ri, uning sochlari oppoq,
Lekin sochin oqartgan qayg‘u –
Bir millatning qora qayg‘usi.

To‘g‘ri, uning ko‘zlari xira,
Lekin ko‘zim ravshan bo‘lsin deb
Jigarining qonin ichmaydi.

To‘g‘ri, uning qo‘llari kuchsiz,
Lekin quvvat, mador tilanib
Dushmaniga ochmaydi kaftin.

To‘g‘ri, beli, oyog‘i mayib,
Lekin yolg‘iz Olloh oldida
Bukiladi, tushadi cho‘kka.

O‘zgalarga uzalsa agar,
Undan oshib ketib qarichim,
barmoqlarim… chopib tashlarman.

Otam saksonni qarshilabdi. Shuncha vaqt davomida hayot haqida umumiy xulosa yasay olarmikin odam? Bir qancha kitoblari chop etildi. Rejalagan ishlariga ulguryaptimikin?

M.A.: Mudom haqiqatni aytolgan odamgina mazmunli yashadim, desa bo‘ladi. To‘g‘ri yashagan odam hech narsadan qo‘rqmaydi. O‘limdan ham. Ibn Sino: “O‘lim bu – baxtlilik, ne’mat. Bir moddaning ikkinchi bir moddaga aylanishi, xolos”, deydi. Yozadigan she’rlarimni yozib bo‘ldim. Hozir xotiralar yozayapman. Sakson yillik xotiralar! Do‘stlarim, yaqinlarim, safarlar, muhim voqealar haqidagi xotiralar. Shularni yakunlashim kerak.

O.A: Otam bilan suhbatlashib o‘tirgan xona derazasidan tashqariga mo‘ralayman. Bu payt qizim odatiy xarxashasini boshlagan:“Uyga ketdik”. Otam esa mening o‘yga cho‘mib qolganimdan foydalanib allaqachon noutbukka muk tushgancha nimalarnidir qoralashga tutinibdi…

Manba: “Yosh kuch” jurnali. 06/2016.


09

(Tashriflar: umumiy 975, bugungi 1)

1 izoh

  1. Миразиз Аъзамнинг укаси Мирвали Аъзам ҳақида маълумот беришнинг имкони борми? Мирвали Аъзам Рашод Нури Гунтекиннинг «Яшил кеча» романини тарима қилган экан.

Izoh qoldiring