Naim Karimov. Nekbin ruh,hayotsevar g’oya.

044

Ўзбек мумтоз шеъриятининг энг гўзал намуналари ажойиб поэтик топилмалари, чуқур маъноли образлари, ташбеҳлари, мусиқий наволари билан товланиб туради. ХХ асрнинг 20-йилларида мумтоз аруздан замонавий бармоққа ўтилганда, ана шу рангинлик “феодал давр лирикаси”нинг белгиси сифатида шўро даври шеъриятига йўнатилмади. Чўлпон соф лирик туйғу билан йўғрилган шеърларида шу рангинликни таъминловчи айрим поэтик унсурларидан маҳорат билан фойдаланди. Ойбек бу анъанани давом эттириб, истиорани ўз лирикасининг рангинлигини белгиловчи муҳим воситага айлантирди. Орадан бир қанча йиллар ўтиб, “соф лирика”га қарши кураш алангалари сўнгач, дастлаб Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, сўнгра Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон ва Усмон Азимлар авлоди ўзбек шеъриятидаги фикр ва туйғу ифодасининг нафислашишига ёрдам берувчи тасвир усули ва воситаларига кенг мурожаат этди.

gul
Наим Каримов
НЕКБИН РУҲ,ҲАЁТСЕВАР ҒОЯ
011

Усмон Азимни узоқ йиллардан бери биламан. Ёш шоирнинг адабиёт оламидаги илк қадамларини эслаганимда, аввало, унинг гуржи диёридан Маяковский номидаги мукофот совриндори бўлиб қайтган сурурли кунлари ёдимга келади. Ўшанда у турли минбарлардан шавқ-завқ билан шеър ўқир экан, овози ҳам, ўқиш усули ҳам, ҳатто шеърларидаги ловуллаб турган чўғ ҳам ўша оташин шоирни эслатар эди.
Шу воқеадан кейин ўтган қарийб ўттиз йил ичида Усмоннинг шеъри ўзгарди: ёшликнинг жўшқин сойлари бора-бора икки ёни баланд тераклар билан қуршалган анҳорга келиб қўшилганидек, унинг шеърларидаги курашчанлик руҳи секин-аста ўйчанлик ва фалсафийлик касб эта бошлади. Агар унинг илк шеърларидан замоннинг, тарихий даврнинг янгроқ садолари жаранглаб турган бўлса, энди шоир қалбининг турфа таманнолари устуворлик қиладиган бўлди.

Усмон Азимнинг 1979 йили чоп этилган илк шеърлар тўплами “Инсонни тушуниш”, деб номланган. У шу вақтдан бошлаб ҳар бир шеърида инсонни тушуниш, унинг мураккаб руҳий оламини кашф этиш йўлида изланиб келади. Шеъриятнинг бош қаҳрамони гарчанд инсон деб аталган бўлса-да, бу инсон аслида шоирнинг ўзи эканлиги маълум. Бинобарин, шоир ўзидаги инсонни, унинг руҳий оламини, изтироблари, аламлари, туғёнлари, шунингдек, эркаликлари, севинчлари, қувончлари, фароғатли ва бахтли дақиқаларини тушунишга ва, албатта, оҳори тўкилмаган бўёқлар ёрдамида акс эттиришга интилади. Биз Усмон Азимнинг “Инсонни тушуниш”дан бошлаб куни кеча чоп этилган “Юрак” ва “Фонус” тўпламларигача бўлган ижоди саҳифаларини варақлаб, улардаги поэтик мазмунни илғашга интилар эканмиз, шоирнинг шу давр мобайнида ҳозирги ўзбек шеъриятининг пешқадам намояндаларидан бирига айланганига ишонч ҳосил қиламиз.

Усмон Азимнинг ўқтин-ўқтин турли газета ва журнал саҳифаларида эълон қилинган шеърларини ўқиган китобхон уларнинг аксари бугунги ўзбек шеъриятининг намунаси эканлигига амин бўлади. Усмон Азим шеърларининг, хусусан, каминага, ўйлайманки, шеърият мухлисларига ҳам манзур бўладиган жиҳатлари оз эмас. Шулардан бири улардаги поэтик фикр, туйғу ва кечинманинг нафис ифодаланганидир.

Мен Усмоннинг шундай шеърларини ўқир эканман, бундан бир қанча йиллар илгари рўй берган воқеа хотирамга келади. Кунларнинг бирида биз Миртемир домлани зиёрат қилиш учун унинг хонадонига борган эдик. Ҳовлидаги ишком тагига қўйилган стол атрофида ўтириб суҳбат қурар эканмиз, почтальон бир талай газеталарни олиб келиб қолди. Миртемир домла қайсидир газетани олиб варақлай бошлади. Шу пайт кўзи оқсоқол шоирлардан бирининг шеърига тушиб қолди. У шеърни ўқиб бўлгач: “Фалончи ака жуда идеал шеърлар ёзадиган бўлиб кетдими!”, деди-да, қотиб-қотиб кулди. Чунки бу туркум шеърлар: “Баҳор келса, гул очилади, қиш келса, қор ёғади” , деганга ўхшаш сийқа гапларнинг сийқа ифодасидан бўлак нарса эмасди. Миртемир домланинг кинояси шу шеърга берилган одилона баҳо эди.

Тахминан ўша йилларда ўзбек шеъриятига кириб келган Усмон Азим ва унинг тенгдошлари шоирнинг вазифаси ўтмишдошларни такрорлаш эмас, балки поэтик мазмунни ифодалашнинг янги усул ва воситаларини топиш, янги поэтик образ ва бўёқлар ёрдамида воқеликни, шу воқеликнинг руҳий ва маънавий маркази – Инсон қалбида рўй бераётган ўзгаришларни тасвирлаш эканлигини англадилар. Айниқса, Усмон Азим бояги оқсоқол шоир даражасига тушиб қолмаслик учун доим ижодий изланиш муҳитида яшади ва ҳозир ҳам яшаб келмоқда.

Шубҳасиз, ҳар қандай шоир ҳам муайян ижодий маррага чиқиб олганидан кейин шу марра атрофида айланиб қолиши, ижодий топилмаларининг ранг-рўйини кетказиб юбориши ҳеч гап эмас. Агар шоир ўз истеъдодининг янги имкониятларини, янги қирраларини кашф қилишда давом этмаса, у янги ижодий довонга кўтарила олмайди. Усмон Азимнинг ижодий янгиланиб туришининг сабабларидан бири шундаки, у бир адабий турдан иккинчисига, бир жанрдан бошқасиги ўтиб туради. Шоирнинг кетма-кет ҳикоялар, пьесалар ва киносценарийлар ёзиши, турли жанрлар, мавзулар ва қаҳрамонлар муҳитидан нафас олиши унинг мунтазам янгиланиб туришига имкон яратмоқда. У шундай янгиланиш паллаларида аввал топган поэтик образ ва бўёқларни янада ўйнатиб-яшнатиб юборади. Энг муҳими, у ҳис ва туйғулар оламига нур тезлиги билан кириб, лирик қаҳрамоннинг ёниқ руҳий ҳолатини бир-икки чизма билан яққол гавдалантириб беради.

Усмон муҳаббат ҳақида кўп ва хўп ёзган. Агар унинг аввалги шеърларида лирик қаҳрамоннинг севги туйғулари ифодасида равшанлик ва ҳатто порлоқлик устуворлик қилган бўлса, сўнгги шеърларида порлаб ёнган мушакларнинг ёрқин излари тасвирга тортилгандек туюлади. Аммо бу сўнган севги излари эмас. Лирик қаҳрамон севгиси (бинобарин, шоир севгиси) оловланган бўлса оловланганки, асло сўнмаган. Фақат шоир энди севги ҳақида минбар олдида турган оломонга эмас, балки энг яқин кишисининг, сирдошининг қулоғига шивирлаб айтади.
Қуйидаги шеърда шоир лирик қаҳрамонининг ана шундай ўзгача, аммо ёниқ руҳий ҳолати ўз тасвирини топган:

Сен ҳақда шеър ёзсам,
Қайта яралар.
Ҳар бир сўз. Ҳар сўзнинг
Ноласи янги.
Дунёга янги бир
Дунё таралар —
Мендан — овозию
Сендан — шаън ранги.

Усмон Азимнинг муҳаббат лирикаси сўнгги йилларда шундай қиёфа олган: у сўзга хасис, лирик қаҳрамон қалбини ўртовчи изтироб ёлқинини бир-икки образ, бир-икки чизма билан ифолайди, холос. У шундай усул билан сўзнинг шеърий матндаги вазнини, салмоғини оширади ва айни пайтда шеърхонни шеърни чуқур ҳис этишга, ҳар бир сўз ва ҳар бир поэтик образнинг мағзини чақишга даъват қилгандек бўлади.
Шоир бир шеърида ёзади:

Мен сени деб азобларга урдим бош,
Мен сени деб хатоларга қайрилдим.
Мен сени деб гуноҳ бўлдим, бағри тош,
Мен сени деб бу дунёмдан айрилдим.

Шоирнинг талқин этишича, лирик қаҳрамон айрилиқларга қарамай бир нарсага эришганки, бу нарса икки оламга тенг бебаҳо бойликдир. Шоир шу фикрни лирик қаҳрамоннинг кайфиятидан келиб чиққан ҳолда қуйидагича ифодалайди:

Оҳ, лаҳзада йўқлар этдинг, бор этдинг,
Боримга ҳам, йўғимга ҳам сен ёрсан.
Мени қандайин гуноҳларга ёр этдинг,
Икки дунём йўқдир, фақат сен борсан.

Айтиш мумкинки, Усмон шу шеърда поэтик образга янги фалсафий маъно бағишлашга, лирик қаҳрамоннинг ёрга бўлган муҳаббатини янада улуғлашга эришган. Шоир бу шеър орқали чин севги инсон руҳини пок ва бокира туйғулар билан бойитувчи, уни илоҳий юксаклик сари етакловчи омил, деган ғояни олға суради.
Ўзбек мумтоз шеъриятининг энг гўзал намуналари ажойиб поэтик топилмалари, чуқур маъноли образлари, ташбеҳлари, мусиқий наволари билан товланиб туради. ХХ асрнинг 20-йилларида мумтоз аруздан замонавий бармоққа ўтилганда, ана шу рангинлик “феодал давр лирикаси”нинг белгиси сифатида шўро даври шеъриятига йўнатилмади. Чўлпон соф лирик туйғу билан йўғрилган шеърларида шу рангинликни таъминловчи айрим поэтик унсурларидан маҳорат билан фойдаланди. Ойбек бу анъанани давом эттириб, истиорани ўз лирикасининг рангинлигини белгиловчи муҳим воситага айлантирди. Орадан бир қанча йиллар ўтиб, “соф лирика”га қарши кураш алангалари сўнгач, дастлаб Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, сўнгра Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон ва Усмон Азимлар авлоди ўзбек шеъриятидаги фикр ва туйғу ифодасининг нафислашишига ёрдам берувчи тасвир усули ва воситаларига кенг мурожаат этди. Хусусан, Усмон истиора ва бошқа тасвир воситалари ёрдамида туйғунинг онг орти ҳаракатларини ҳам тасвирлаш маҳоратини пухта эгаллади.
Шоирнинг шундай шеърларида ифодаланган поэтик мазмунни баён қилиш, уни таҳлилга тортиш ҳам қарийб иложсиз. Шу ўринда Усмоннинг “Ёмғирли кечада…” деб бошланган шеъридаги лирик қаҳрамон кўнглида туғён урган туйғулар ҳаракатига эътибор қаратсак:

Ёмғирли кечада фалакка учдим,
Шамоллар юзимга ёпишди – ивиб.
Юлдузлар армонли шивирга тушди:
— Ёмғирнинг ҳиди-ку…
— Ёмғирнинг ҳиди!..

Бир юлдуз илтижо этди тангрига
Истиғфор сўзида нур бўйи анқиб.
— Қандай соз — ётмоқлик ернинг тагида –
— Ёмғирни эшитиб ухламоқ бахти!..

Шу шеърни ўқир эканман, Дилором Омонуллаеванинг латиф мусиқаси ва Кумуш Раззоқованинг дилнавоз овози билан эл-юртга манзур бҳлган шоирнинг “Ёмғир ёғди майда-майдалаб” қўшиғи ёдимга келади. Ёмғир — Усмоннинг севимли образларидан, ёмғирли кун ёки тун эса унинг қалбини жунбишга келтирувчи табиат мўъжизаларидан бири. Агар ёмғир ёш йигит ва қизларнинг муҳаббат туйғуларига жўровозлик қилса, умр баҳорини ортда қолдирган кишиларда дафъатан армон туйғусини уйғотиб юборади, ўтаётган умрнинг учқурлигини ёдларига солиб, уларни ҳазин ва мунгли кайфият оғушига олади. Биз мазкур шеърда айнан шу руҳий ҳолатнинг тасвирини кўрамиз. Лирик қаҳрамон ўзи севган ёмғирли кечада қанот боғлаб учгандек бўлади. Ёмғирдан ивиган шабада (!) унинг юзига урилиб ёпишади. Бу Қаройиб манзарани кўрган юлдузлар наздида ёмғир навосини эшитиб ухлаш нашъали. Улар ана шу бахтдан баҳраманд бўлиши мумкин бўлган лирик қаҳрамонга ҳавас билан боқиб, уни кумуш нурлар чангига кўмиб юборадилар. Бу улар томонидан лирик қаҳрамонга кўрсатилган меҳр-муҳаббатнинг белгиси. Аммо лирик қаҳрамон ҳатто кумуш нурлар чангида кўмилишни ҳам хоҳламай, тангрига: “Заминга бермагин измим”, деб ёлворади…

Шеър якунида лирик қаҳрамоннинг тангрига муножотидан бошқа муаттар бўй эсиб-таралиб туради: бу бўй ҳаётсеварлик бўйидир!

Усмон сўнгги йиллардаги шеърларида армоннинг ранглари ва оҳангларини қанчалик турфа шаклларда ифодалаётган бўлмасин, бу тасвир заминида некбин руҳ, ҳаётсеварлик ғояси ётади. Усмон Азим шеърий камалагининг асосий ранги ҳам ана шу руҳ ва ана шу ҳояда.

012

(Tashriflar: umumiy 159, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring