Nazar Eshonqul bilan Odam, jamiyat, adabiyot va fikr haqida suhbat

002      Менга «Одам ўз умрининг рассоми, ҳар ким қандай яшаса, шундай сурат чизади, кунларни, умрни, умрнинг фаслларини чизади» деган фикр келиб қолган. Кейин атрофимда қарашларнинг дувиллаб тўкилишини, таназзулга юз тутган ғоялар ва тушунчаларни кўрдим. Улар бирма-бир Қадимги Бобил қўрғонларига ўхшаб кўз олдимизда қулай бошлади. Ҳа, 80-йилларда биз буларнинг ҳаммасини кўрдик. Ўша қулаган қарашлар, ғоялар, интилишлар миллионлаб умрларни ўзи билан бирга олиб кетди.

04
ОДАМ, ЖАМИЯТ, АДАБИЁТ ВА ФИКР
«Fikrat» журнали учун суҳбат

045

     Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота кишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ» ўпламлари, «Гўрўғли» романи ва бошқа асарлари нашр этилган. Хуан Карлос Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини, Альбер Камюнинг фалсафий эсселарини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

09

– Назар ака, фикр нима? Унинг фалсафий моҳиятини тушунтириб берсангиз. Тилимизда «фикр», «мулоҳаза», «ақл», «хаёл», «тасаввур», «тафаккур» каби қатор сўзлар бор, буларнинг ўзаро муносабати тўғрисида нималар дея оласиз?

045– Фикр ботиний қиёфа ёки шу қиёфани кўрсатиб турувчи мезон, менимча. Фикри йўқ одамнинг қиёфаси ҳам бўлмайди. Фикр одамнинг ўзлигини, ўзига хослигини билдириб, мавжудлигини кўрсатиб, талаб қилиб туради. Фикр йўқ жойда оломончилик ва жоҳиллик қўпчийди. Менинг фикрим менинг қиёфам. У бошқаникига ўхшамаслиги мумкин, бировга ёқмаслиги мукмкин, аммо у менинг қиёфам. Агар у фикр дейишга арзиса, албатта.

Фикр одамнинг бармоқ излари каби ўта хусусий, ўта шахсий бўлади. Биз фақат мазкур фикрни ўз муҳитимиз ва яшаш тарзимизга мослаб ифода этамиз, шу муҳитни фикримиз билан янгилашни, ўзгартиришни, мослаштиришни, оммалаштиришни истаймиз.

Фикрнинг оммалашиши алоҳида мавзу, алоҳида жавоб. Аммо йўқ фикрни оммалаштириб бўлмайди. Оммалашиши ва жамиятнинг маълум эътирофига эришиш учун олдин шу фикрнинг ўзи бўлиши керак. Келинг, бир латифани эслайлик. Ўтган тузумнинг латифаси. Жамият кетаётган, аслида, тўхтаб қолган поездни шундай лиқиллатиб турингларки, гўё жамият фикрлаётгандай, тараққиёт бўлаётгандай ва поезд олдинга кетаётгандай туюлсин деган латифа эсингиздами?! Демак, фикр тараққиёт мезони ҳам экан. У тўхтаган ва ҳамма бир хил фикрлаб қолган жойда тараққиёт ҳам тўхтайди, фақат «тараққий этяпмиз» деган алдамчи тасаввур бўлади.

Фикрнинг тараққиёт учун асос эканлиги, фикр ранг-баранглиги – жамият ранг-баранглиги, тараққиёт ва ақл-идрок ранг-баранглиги эканини бугун салгина ўқимишли одам ҳам билади. Дунё фикр қилиб бугунги тараққиётга эришди. Дунё фикр қилса, эртага тараққиётга эришади. Фикр тўхтаган жамиятда ботиний таназзул бошланади. Узоққа бормай, ХVII асрдан ХХ асргача бўлган Туркистоннинг аҳволини бир эсланг! (Дарвоқе, журналларингиздаги иқтибосларда ҳам бу ҳақда баъзи бир ишоралар бор).

Фикр ва қалб яратганнинг ичимизга солган руҳининг ўзини намоён қилишидир. Қалб ҳис этиш ва муҳаббат орқали намоён бўлади, фикр билим ва билишга интилиш орқали. Фикрнинг боши ҳам Яратган эди, охири ҳам Яратган бўлади. Биз фақат ана шу оралиқда даражамизга мос идрок жилваларини яратамиз. Бизга ана шу оралиқда ўзимизни таниш ва ўзликка эришиш имконияти берилган, холос. Қалб ва фикр мувозанатига эришиш комилликнинг ўзидир. Шу пайтгача ўтган фалсафий ва фикрий оқимлар ана шу комилликка эришишнинг турли йўлларини тарғиб қилиб келди. Ҳар қандай жамият фуқароларининг ана шу бирлиги – мувозанати ҳақида қайғурсагина маърифий жамиятдир.

– Сиз фикрлаётган одамни қандай тасаввур қиласиз? Агар рассом бўлганингизда, ўзбекона фикрлаётган киши образини қандай тасвирлаган бўлардингиз?

– Фикрлаётган одам мен учун ўзининг мавжудлигини исботлашга уринаётган одам. Мавжудликка интилиш фалсафий ва мураккаб ҳиссий жараён. Жамиятда мавжуд бўлиб яшашдан, мавжудлигини исботлаб яшашдан мавжудликка интилмай яшаш осон. Мавжудликка интилиш ўзликни англаш ва уни ҳимоя қилиш, унга интилиш, муҳитни, қотиб қолган тушунчаларни, қарашларни, ақидаларни янгилаш, тараққиётга ва янгиликка, ўзгариш ва ўсишга йўл очиш, умуман, тирикларга хос яшаш дегани. Фикрсизлик маънавий ўлимдир. Фикр тўхтаган жойда инсон бўлиб яшашга хос ҳамма нарса тўхтайди. Эҳтимол, биологик одам ҳаёти давом этар, лекин юксак инсон тушунчаси ўлади. Биологик ҳаётни инстинктлар бошқаради. Фақат инстинкт билан яшаган одамнинг ҳайвондан деярли фарқи йўқ. Фикр эса маънавиятга ва маданиятга тааллуқли тушунча.

Ўз даврининг бошқа алломаларини санамасдан ҳам биргина Навоий етишган фикрнинг ва тасаввурнинг кўламини кўз олдимизга келтирсак, миллий ўзлигимиз ва салоҳиятимиз қанчалик юксалганига гувоҳ бўламиз. Навоий ўз идроки билан нимага эришган бўлса, миллатимиз ҳам Навоий қиёфасида ўша даражага эришди. Аммо кейинчалик эришилган чўққилар унутилди, ташлаб кетилди. Бунинг ўз объектив ва субъектив сабаблари бор. Лекин бизнинг умуммиллий қалбимиз ва фикримиз ўша пайти Навоий даражасида айнан унинг қиёфаси орқали юксалгани бор гап. Бугун агар ўша чўққига қайта чиқилса ҳам, биздан қудратли ва маърифатли, идрокли ва фикрли миллат бўлмасди.

– Фикр одамларни, жамиятни ўзгартириши мумкинми? Шу маънода фикрнинг турли қирраларидан келиб чиққан ҳолда классификация қилиш мумкинми?

– Мумкин эмас, ўзгартиради. Жамиятда фикр бўлсагина у янгиланади. Қотиб қолган ёки бир хил қолипдаги қараш ва фикр билан яшаш бир куни жамиятни ҳам иқтисодий, ҳам маънавий таназзулга олиб келади. Олов ёқишни дастлаб ўрганган аждодимиз ўша давр фикрида инқилоб қилганди, унинг атрофидагилардан бошқачароқ фикрлагани, чақмоқтошдан хас-хашакни ёқишни англаганининг ўзиёқ буюк ҳодиса эди. У фикрнинг дастлабки даҳоси эди. Агар у ҳаммага ўхшаб фикрлаганда, эҳтимол, бугунги тараққиёт ҳам бўлмасди. Фикрнинг қудрати шундай. Европа тараққий этишдан олдин унинг фикри ва санъати, фалсафаси тараққий этди, у ижтимоий фикрга туртки ва қувват берди, хилма-хил «ўзликлар» орқали хилма-хил ғояларга йўл очилди. Бу ғоялар ичида, албатта, иқтисодий, техникавий, илмий ғоялар ҳам бор эди. Европа ана шу фикрларга ва ғояларга йўл берди ва уни амалга оширишга имконият яратди. Бугунги маънавий таназзулини ҳисобга олмаса, Европанинг энг улкан ютуғи фикр ва ғоялар эркинлигидадир деб айтиш мумкин бўлади.

– Асарларингиздаги қаҳрамонлар фикр одамлари, айримлари донишманд, муаллим, рассом, зиёли. Уларнинг доно гаплари кўп. Бу қаҳрамонлар билан муаллиф орасига тенглик аломати қўйса бўладими?

– Бўлади. Бошқаларни билмадим, мен ёзаётганда ўзимни турли тоифаларга, қаҳрамонларга, образларга, тушунча ва қарашларга бўлиб юбориб ёзаман. Аслида, ҳаммаси бир одам. Ўйлаётган, ўйлашга уринаётган ёки суҳбат мавзусидан келиб чиқсак, фикрлашга интилаётган, фикрлашга ҳаракат қилаётган, ўзини излаётган одамлар. Улар ўзини қайси даражада оқлайди, буни адабий муҳит ва вақт ҳал қилади.

– Бадиий асар, умуман, санъат асарлари бир неча ғоялар қатламига, яъни полифоник характерга эга бўлса, адабиётшунослар кўпроқ қадрлайдилар. М.Бахтин Ф.Достоевский асарларига нисбатан ана шу «полифоник» атамасини қўллаган. Буни яхши биласиз. Саволим шуки, ўзбек адабиётининг қайси намуналарини полифоник характерли деб ўйлайсиз?

– Навоий, Бобир, Машраб асарларини. ХХ асрда Чўлпонни. У бошлаган экспериментларини якунлай ва охирига етказолмай кетди. Лекин бошлаган йўналишиёқ полифоник эди. Бугун сал бошқача ёзганларни «модернист» деб аташ русум бўлганини инобатга олсак, эҳтимол, ўзбекларнинг биринчи модернисти Чўлпондир? «Кеча ва кундуз»да Чўлпон ХХ аср Европа анъаналарини онг ости кечинмаларини ҳамда ички монологни очиқчасига олиб киришни бошлаган. Поэзияда бунга арзийдиганлар кўп, назм анча илгарилаган, насрда Шукур Холмирзаев, Мурод Муҳаммад Дўст асарлари. Аммо шуниси борки, ижтимоий фикрни фақат наср билан ўзгартириш мумкин. Назм билан эса қалбни. Умуман, санъат асари ўзида фақат бир қатламли фикрни ва бир маънони ифода этса, унинг умри шу фикр билан тенг, яъни қисқа. Даврга оид фикр ўлимга маҳкум, эртага эскиради, аммо инсон ва инсон изтироби ҳақидаги фикр абадийдир. Кўпқатламлик инсондаги изтироб, инсони ҳақида қайғуриш қатламнинг кўплиги ва беададлиги билан боғлиқ.

– Аксарият қаҳрамонларингиз исмсиз. Айрим адиблар исмларга ҳам маъно юклайдилар. Исмсизлик сабабини қандай изоҳлайсиз?

– Мавриди келгани учун юқоридаги гапларим асарларимга бевосита боғлиқ эканини айтишим керак. Фикри йўқ одам мен учун қиёфаси йўқ ва исмсиз одам. Аарлардаги образлар ўз исмини топишга интилаётган кишилар. Улар ҳали исмини топганлари йўқ, лекин топиш учун интиляпти. Ўзларининг кимликларини муҳокама қилишяпти. Муҳит деган салобатли ва залворли оқим йўқотиб юборган ўзларининг қалблари ва фикрларини излаб юрган кишилар. Тўғри, исми образлар ҳам бор. Лекин улар ўзлиги ва ўзларининг мустаҳкам қарашларига эга. Уларни мазкур қарашлардан қайтариб бўлмайди. Шунинг учун исм қўйилган.

– «Маймун етаклаган одам» ажойиб ҳикоя. Фикрга чорлайди. Шу ҳикоянинг туғилиш жараёни хусусида икки оғиз гапириб берсангиз.

– Менга «Одам ўз умрининг рассоми, ҳар ким қандай яшаса, шундай сурат чизади, кунларни, умрни, умрнинг фаслларини чизади» деган фикр келиб қолган. Кейин атрофимда қарашларнинг дувиллаб тўкилишини, таназзулга юз тутган ғоялар ва тушунчаларни кўрдим. Улар бирма-бир Қадимги Бобил қўрғонларига ўхшаб кўз олдимизда қулай бошлади. Ҳа, 80-йилларда биз буларнинг ҳаммасини кўрдик. Ўша қулаган қарашлар, ғоялар, интилишлар миллионлаб умрларни ўзи билан бирга олиб кетди. Шунда мен ўз умрини ўтаб бўлган зиёли одамнинг образи орқали ҳаётнинг ана шу силсиласини акс эттиришни истадим. Ҳикоя ўша кайфиятда яратилган. Ҳикояда рассом ҳақида умуман ўйламаганман. Мен учун суратлар шунчаки метофора – ташбеҳ вазифасини ўтаган. Зиёли одамнинг ички дунёсини ифодалашни истаганман, халос.

– Қачон фикр ўсади? Қачон фикр уйғонади? Фикр уйғониши, фикр ўсиши мумкинми?

– Одам ўзининг кимлигини англаса, фикр ўсади. Ўзини англаш учун, боболаримиз айтганидек, маърифатга бир марта бўлса-да чўмилиб кўриш керак. Фикрни маърифат уйғотади. Маърифат ўстиради. Маърифат янгилайди, кераксиз бўлиб қолганда алмаштиради. Фақат маърифатгина, билимгина, китобгина, китобга бўлган муҳаббатгина бизни қуюндай бостириб келаётган, онгимиз ва дидимизни саёзлаштираётган санъат, гўзаллик, дид ҳақидаги тушунчаларимизни, шу пайтгача аждодларимиз шакллантириб берган ва ўзимиз шакллантирган тушунчаларни емиришга киришган оломон маданияти ва дидидан, бошқача айтганда, фикрсизлик ва дидсизликдан, яъни оломончиликдан асрай олади. ХХI асрда биз катта тараққиётга эришиш баробарида оломон маданияти чоҳига бутунлай қулаб тушиши хатари билан юзма-юз турамиз. Бизни мазкур хатардан маърифат, дид ва фикр қутқара олади.

– Янги нашр – «FIKRAT» учун таклиф, танқид, мулоҳазангиз бўлса айтинг.

– Мен бир туркумимни «Фикратлар ва фитратлар» деб атаганман. Уларнинг баъзи бир намуналари «Момоқўшиқ» тўпламида чиққан. Бу туркумдан бош мақсадим фикр образини яратиш эди. Одамлар ҳам, бошқа жами бадиий воситалар фикр образига – фикр ташбеҳига хизмат қилса дегандим. Шу сабабли жами интилишларингиз янги фикр уйғонишига ва фикрнинг қудратига хизмат қилишини тилайман.

05

ODAM, JAMIYAT, ADABIYOT VA FIKR
«Fikrat» jurnali uchun suhbat

045

     Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota kishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — «Urush odamlari» 1988 yilida nashr etilgan. Shundan so’ng yozuvchining «Momo ko’shiq», «Maymun yetaklagan odam», «Shamolni tutib bo’lmaydi», «Momo qo’shiq» o’plamlari, «Go’ro’g’li» romani va boshqa asarlari nashr etilgan. Xuan Karlos Onettining «Hikoyalar va qissalar»ini, Alber Kamyuning «Esselar»ini, Chexovning «Boloxonali uy» hikoyasini, Al`ber Kamyuning falsafiy esselarini va boshqa ko’plab dunyo adabiyoti namunalarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

09

– Nazar aka, fikr nima? Uning falsafiy mohiyatini tushuntirib bersangiz. Tilimizda «fikr», «mulohaza», «aql», «xayol», «tasavvur», «tafakkur» kabi qator so’zlar bor, bularning o’zaro munosabati to’g’risida nimalar deya olasiz?

004– Fikr botiniy qiyofa yoki shu qiyofani ko’rsatib turuvchi mezon, menimcha. Fikri yo’q odamning qiyofasi ham bo’lmaydi. Fikr odamning o’zligini, o’ziga xosligini bildirib, mavjudligini ko’rsatib, talab qilib turadi. Fikr yo’q joyda olomonchilik va johillik qo’pchiydi. Mening fikrim mening qiyofam. U boshqanikiga o’xshamasligi mumkin, birovga yoqmasligi mukmkin, ammo u mening qiyofam. Agar u fikr deyishga arzisa, albatta.

Fikr odamning barmoq izlari kabi o’ta xususiy, o’ta shaxsiy bo’ladi. Biz faqat mazkur fikrni o’z muhitimiz va yashash tarzimizga moslab ifoda etamiz, shu muhitni fikrimiz bilan yangilashni, o’zgartirishni, moslashtirishni, ommalashtirishni istaymiz.

Fikrning ommalashishi alohida mavzu, alohida javob. Ammo yo’q fikrni ommalashtirib bo’lmaydi. Ommalashishi va jamiyatning ma’lum e’tirofiga erishish uchun oldin shu fikrning o’zi bo’lishi kerak. Keling, bir latifani eslaylik. O’tgan tuzumning latifasi. Jamiyat ketayotgan, aslida, to’xtab qolgan poezdni shunday liqillatib turinglarki, go’yo jamiyat fikrlayotganday, taraqqiyot bo’layotganday va poezd oldinga ketayotganday tuyulsin degan latifa esingizdami?! Demak, fikr taraqqiyot mezoni ham ekan. U to’xtagan va hamma bir xil fikrlab qolgan joyda taraqqiyot ham to’xtaydi, faqat «taraqqiy etyapmiz» degan aldamchi tasavvur bo’ladi.

Fikrning taraqqiyot uchun asos ekanligi, fikr rang-barangligi – jamiyat rang-barangligi, taraqqiyot va aql-idrok rang-barangligi ekanini bugun salgina o’qimishli odam ham biladi. Dunyo fikr qilib bugungi taraqqiyotga erishdi. Dunyo fikr qilsa, ertaga taraqqiyotga erishadi. Fikr to’xtagan jamiyatda botiniy tanazzul boshlanadi. Uzoqqa bormay, XVII asrdan XX asrgacha bo’lgan Turkistonning ahvolini bir eslang! (Darvoqe, jurnallaringizdagi iqtiboslarda ham bu haqda ba’zi bir ishoralar bor).

Fikr va qalb yaratganning ichimizga solgan ruhining o’zini namoyon qilishidir. Qalb his etish va muhabbat orqali namoyon bo’ladi, fikr bilim va bilishga intilish orqali. Fikrning boshi ham Yaratgan edi, oxiri ham Yaratgan bo’ladi. Biz faqat ana shu oraliqda darajamizga mos idrok jilvalarini yaratamiz. Bizga ana shu oraliqda o’zimizni tanish va o’zlikka erishish imkoniyati berilgan, xolos. Qalb va fikr muvozanatiga erishish komillikning o’zidir. Shu paytgacha o’tgan falsafiy va fikriy oqimlar ana shu komillikka erishishning turli yo’llarini targ’ib qilib keldi. Har qanday jamiyat fuqarolarining ana shu birligi – muvozanati haqida qayg’ursagina ma’rifiy jamiyatdir.

– Siz fikrlayotgan odamni qanday tasavvur qilasiz? Agar rassom bo’lganingizda, o’zbekona fikrlayotgan kishi obrazini qanday tasvirlagan bo’lardingiz?

– Fikrlayotgan odam men uchun o’zining mavjudligini isbotlashga urinayotgan odam. Mavjudlikka intilish falsafiy va murakkab hissiy jarayon. Jamiyatda mavjud bo’lib yashashdan, mavjudligini isbotlab yashashdan mavjudlikka intilmay yashash oson. Mavjudlikka intilish o’zlikni anglash va uni himoya qilish, unga intilish, muhitni, qotib qolgan tushunchalarni, qarashlarni, aqidalarni yangilash, taraqqiyotga va yangilikka, o’zgarish va o’sishga yo’l ochish, umuman,nntiriklarga xos yashash degani. Fikrsizlik ma’naviy o’limdir. Fikr to’xtagan joyda inson bo’lib yashashga xos hamma narsa to’xtaydi. Ehtimol, biologik odam hayoti davom etar, lekin yuksak inson tushunchasi o’ladi. Biologik hayotni instinktlar boshqaradi. Faqat instinkt bilan yashagan odamning hayvondan deyarli farqi yo’q. Fikr esa ma’naviyatga va madaniyatga taalluqli tushuncha.

O’z davrining boshqa allomalarini sanamasdan ham birgina Navoiy yetishgan  fikrning va tasavvurning ko’lamini ko’z oldimizga keltirsak, milliy o’zligimiz va salohiyatimiz qanchalik yuksalganiga guvoh bo’lamiz. Navoiy o’z idroki bilan nimaga erishgan bo’lsa, millatimiz ham Navoiy qiyofasida o’sha darajaga erishdi. Ammo keyinchalik erishilgan cho’qqilar unutildi, tashlab ketildi. Buning o’z ob’ektiv va sub’ektiv sabablari bor. Lekin bizning umummilliy qalbimiz va fikrimiz o’sha payti Navoiy darajasida aynan uning qiyofasi orqali yuksalgani bor gap. Bugun agar o’sha cho’qqiga qayta chiqilsa ham, bizdan qudratli va ma’rifatli, idrokli va fikrli millat bo’lmasdi.

– Fikr odamlarni, jamiyatni o’zgartirishi mumkinmi? Shu ma’noda fikrning turli qirralaridan kelib chiqqan holda klassifikatsiya qilish mumkinmi?

– Mumkin emas, o’zgartiradi. Jamiyatda fikr bo’lsagina u yangilanadi. Qotib qolgan yoki bir xil qolipdagi qarash va fikr bilan yashash bir kuni jamiyatni ham iqtisodiy, ham ma’naviy tanazzulga olib keladi. Olov yoqishni dastlab o’rgangan ajdodimiz o’sha davr fikrida inqilob qilgandi, uning atrofidagilardan boshqacharoq fikrlagani, chaqmoqtoshdan xas-xashakni yoqishni anglaganining o’ziyoq buyuk hodisa edi. U fikrning dastlabki dahosi edi. Agar u hammaga o’xshab fikrlaganda, ehtimol, bugungi taraqqiyot ham bo’lmasdi. Fikrning qudrati shunday. Yevropa taraqqiy etishdan oldin uning fikri va san’ati, falsafasi taraqqiy etdi, u ijtimoiy fikrga turtki va quvvat berdi, xilma-xil «o’zliklar» orqali xilma-xil g’oyalarga yo’l ochildi. Bu g’oyalar ichida, albatta, iqtisodiy, texnikaviy, ilmiy g’oyalar ham bor edi. Yevropa ana shu fikrlarga va g’oyalarga yo’l berdi va uni amalga oshirishga imkoniyat yaratdi. Bugungi ma’naviy tanazzulini hisobga olmasa, Yevropaning eng ulkan yutug’i fikr va g’oyalar erkinligidadir deb aytish mumkin bo’ladi.

– Asarlaringizdagi qahramonlar fikr odamlari, ayrimlari donishmand, muallim, rassom, ziyoli. Ularning dono gaplari ko’p. Bu qahramonlar bilan muallif orasiga tenglik alomati qo’ysa bo’ladimi?

– Bo’ladi. Boshqalarni bilmadim, men yozayotganda o’zimni turli toifalarga, qahramonlarga, obrazlarga, tushuncha va qarashlarga bo’lib yuborib yozaman. Aslida, hammasi bir odam. O’ylayotgan, o’ylashga urinayotgan yoki suhbat mavzusidan kelib chiqsak, fikrlashga intilayotgan, fikrlashga harakat qilayotgan, o’zini izlayotgan odamlar. Ular o’zini qaysi darajada oqlaydi, buni adabiy muhit va vaqt hal qiladi.

– Badiiy asar, umuman, san’at asarlari bir necha g’oyalar qatlamiga, ya’ni polifonik xarakterga ega bo’lsa, adabiyotshunoslar ko’proq qadrlaydilar. M.Baxtin F.Dostoevskiy asarlariga nisbatan ana shu «polifonik» atamasini qo’llagan. Buni yaxshi bilasiz. Savolim shuki, o’zbek adabiyotining qaysi namunalarini polifonik xarakterli deb o’ylaysiz?

– Navoiy, Bobir, Mashrab asarlarini. XX asrda Cho’lponni. U boshlagan eksperimentlarini yakunlay va oxiriga yetkazolmay ketdi. Lekin boshlagan yo’nalishiyoq polifonik edi. Bugun sal boshqacha yozganlarni «modernist» deb atash rusum bo’lganini inobatga olsak, ehtimol, o’zbeklarning birinchi modernisti Cho’lpondir? «Kecha va kunduz»da Cho’lpon XX asr Yevropa an’analarini ong osti kechinmalarini hamda ichki monologni ochiqchasiga olib kirishni boshlagan. Poeziyada bunga arziydiganlar ko’p, nazm ancha ilgarilagan, nasrda Shukur Xolmirzaev, M. M. Do’st asarlari. Ammo shunisi borki, ijtimoiy fikrni faqat nasr bilan o’zgartirish mumkin. Nazm bilan esa qalbni. Umuman, san’at asari o’zida faqat bir qatlamli fikrni va bir ma’noni ifoda etsa, uning umri shu fikr bilan teng, ya’ni qisqa. Davrga oid fikr o’limga mahkum, ertaga eskiradi, ammo inson va inson iztirobi haqidagi fikr abadiydir. Ko’pqatlamlik insondagi iztirob, insoni haqida qayg’urish qatlamning ko’pligi va beadadligi bilan bog’liq.

– Aksariyat qahramonlaringiz ismsiz. Ayrim adiblar ismlarga ham ma’no yuklaydilar. Ismsizlik sababini qanday izohlaysiz?

– Mavridi kelgani uchun yuqoridagi gaplarim asarlarimga bevosita bog’liq ekanini aytishim kerak. Fikri yo’q odam men uchun qiyofasi yo’q va ismsiz odam. Aarlardagi obrazlar o’z ismini topishga intilayotgan kishilar. Ular hali ismini topganlari yo’q, lekin topish uchun intilyapti. O’zlarining kimliklarini muhokama qilishyapti. Muhit degan salobatli va zalvorli oqim yo’qotib yuborgan o’zlarining qalblari va fikrlarini izlab yurgan kishilar. To’g’ri, ismi obrazlar ham bor. Lekin ular o’zligi va o’zlarining mustahkam qarashlariga ega. Ularni mazkur qarashlardan qaytarib bo’lmaydi. Shuning uchun ism qo’yilgan.

– «Maymun yetaklagan odam» ajoyib hikoya. Fikrga chorlaydi. Shu hikoyaning tug’ilish jarayoni xususida ikki og’iz gapirib bersangiz.

– Menga «Odam o’z umrining rassomi, har kim qanday yashasa, shunday surat chizadi, kunlarni, umrni, umrning fasllarini chizadi» degan fikr kelib qolgan. Keyin atrofimda qarashlarning duvillab to’kilishini, tanazzulga yuz tutgan g’oyalar va tushunchalarni ko’rdim. Ular birma-bir Qadimgi Bobil qo’rg’onlariga o’xshab ko’z oldimizda qulay boshladi. Ha, 80-yillarda biz bularning hammasini ko’rdik. O’sha qulagan qarashlar, g’oyalar, intilishlar millionlab umrlarni o’zi bilan birga olib ketdi. Shunda men o’z umrini o’tab bo’lgan ziyoli odamning obrazi orqali hayotning ana shu silsilasini aks ettirishni istadim. Hikoya o’sha kayfiyatda yaratilgan. Hikoyada rassom haqida umuman o’ylamaganman. Men uchun suratlar shunchaki metofora – tashbeh vazifasini o’tagan. Ziyoli odamning ichki dunyosini ifodalashni istaganman, xalos.

– Qachon fikr o’sadi? Qachon fikr uyg’onadi? Fikr uyg’onishi, fikr o’sishi mumkinmi?

– Odam o’zining kimligini anglasa, fikr o’sadi. O’zini anglash uchun, bobolarimiz aytganidek, ma’rifatga bir marta bo’lsa-da cho’milib ko’rish kerak. Fikrni ma’rifat uyg’otadi. Ma’rifat o’stiradi. Ma’rifat yangilaydi, keraksiz bo’lib qolganda almashtiradi. Faqat ma’rifatgina, bilimgina, kitobgina, kitobga bo’lgan muhabbatgina bizni quyunday bostirib kelayotgan, ongimiz va didimizni sayozlashtirayotgan san’at, go’zallik, did haqidagi tushunchalarimizni, shu paytgacha ajdodlarimiz shakllantirib bergan va o’zimiz shakllantirgan tushunchalarni yemirishga kirishgan olomon madaniyati va dididan, boshqacha aytganda, fikrsizlik va didsizlikdan, ya’ni olomonchilikdan asray oladi. XXI asrda biz katta taraqqiyotga erishish barobarida olomon madaniyati chohiga butunlay qulab tushishi xatari bilan yuzma-yuz turamiz. Bizni mazkur xatardan ma’rifat, did va fikr qutqara oladi.

– Yangi nashr – «FIKRAT» uchun taklif, tanqid, mulohazangiz bo’lsa ayting.

– Men bir turkumimni «Fikratlar va fitratlar» deb ataganman. Ularning ba’zi bir namunalari «Momoqo’shiq» to’plamida chiqqan. Bu turkumdan bosh maqsadim fikr obrazini yaratish edi. Odamlar ham, boshqa jami badiiy vositalar fikr obraziga – fikr tashbehiga xizmat qilsa degandim. Shu sababli jami intilishlaringiz yangi fikr uyg’onishiga va fikrning qudratiga xizmat qilishini tilayman.

034

(Tashriflar: umumiy 211, bugungi 1)

Izoh qoldiring