Hamza Hakimzoda Niyoziy. She’rlar & Nurulloh Muhammad Raufxon. Ko‘ngildagi gaplar

05    Бугун у ўзини ҳимоя қилолмайди. Шунинг учун унга (умуман, ўтган барча истеъдодли ижодкорларга) муносабатимизни белгилашда асло енгилтакликка йўл қўйиб бўлмайди. Менда негадир аниқ бир ишонч бор: биз бугунгача номига зўрлаб ёпиштириб келган жуда кўп сифатлашларнинг («асосчи», «биринчи» ва б.) Ҳамзага кераги йўқ, у ўз шеърлари, томоша асарларини, аслида, булар учун ёзмаган ёки шу сифатлашларни олайин деб сира интилмаган. Аксинча, у ўзига ҳаловатсиз турмушни танлади, романлардагидек ё киноепопеялардагидек эмас, оддий, лекин буюк мақсадлар ташвишига кўмилиб юрди, ўша ташвишлар ичидан ҳаловат қидирди, аксари ҳолларда топди ҳам.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
КЎНГИЛДАГИ ГАПЛАР
Ёзувчи архивидан
05

06Ҳамзанинг номини илк бор қачон эшитганимни билмайман, лекин унинг номи билан турли ёшда турлича ғурурланиб юрганларим эсимда. Дастлаб Ҳамзадай инсонга ватандошлик туйғусининг ўзиёқ кўксимни фахрларга чулғар эди. Ўша пайтлари тўртта тенгқур даврасида ундан гап очилса, орага туғилган юртини албатта қўшиб турардим. Кейинроқ бу туйғу устига янги бир туйғу — бир ўзи шунча юмушни (шоир, драманавис, бастакор, ўз қўшиқларининг ижрочиси, ўқитувчи, дарсликлар муаллифи ва ҳ.) эплаганидан чексиз ҳавасланиш қўшилди. Яна кейинроқ, унинг маданиятимиз тарихида тутган ўрни (ўзбек совет адабиётининг асосчиси, ўзбек театрининг отаси, биринчи драманавис, биринчи бастакор, биринчи шарқия (марш) муаллифи, биринчи… биринчи… биринчи…) билан ғурурланадиган бўлдим. Лекин 1910—1930 йиллар ижтимоий ҳаётини, ўша давр адабиёти тарихини ўқиб, ўрганиб, устозлардан эшитганим сари кўнгилда ғалати шубҳалар уйғона бошлади. «Нега?, «Нега?», «Нега?» деган саволлар пайдо бўлди. Ўзимиз ўлиб-тирилиб изчил реалист деб атаган шоирни идеал даражага кўтариб юборганимизни ҳис қилдим. Саноқсиз «Нега?»ларга жўяли жавоб тополмагач, шубҳалар аста-секин норозиликка, норозилик эса гоҳо кўр ғалаёнга айланиб борди. Вақтлар бўлдики, қўлни ювиб қўлтиққа уриб ҳам қўйдим…

Хайрият, тезгина Ҳамзани шахс ва ижодкор сифатида тушунишимда янги бир палла бошланди. Кексаларнинг, айниқса, аям билан дадамнинг Ҳамза тўғрисидаги ҳикоялари (тақдир тақозосига кўра, аямнинг ота уйлари шоир яшаган уйга қўшни бўлган), унинг бошқаларга, бошқаларнинг унга ёзган хатлари, айниқса, Ҳамзанинг бир неча кунга етарли нон сўраб Ўзбекистон президенти Йўлдош Охунбобоевга ёзган ўтинч хатию Президентнинг унга «ҳали уч-тўрт ойлик маошимни ололганим йўқ, ўзим ҳам ночорман, узр, Ҳамзахон», дегандек мазмундаги жавоб хатлари… менинг аввалги ялтироқ тасаввурларимни парчалаб юборди. Нафақат Ҳамза шахсиятию ижодига, балки инқилоб арафалари Туркистон миллий ўлкасида бошланган катта Уйғонишга, миллий озодлик, жадидлик, маърифатчилик ҳаракатларига, турли оқим ва йўналишларга, адабиётчи ва матбуотчиларнинг фаолиятларига, хуллас, бутун ўша даврга қарашларим тубдан ўзгаришга юз бурди. Балки бугунги кунда рўй бераётган Уйғониш жараёнида 10—20-йиллар уйғонишига ўхшаш жиҳатлар борлиги учун ҳам у даврга қизиқиш кучайгандир, ҳарҳолда, кўнглимда Ҳамзага (ва бошқа замондошларига) хайрхоҳлик, ўзгача ғурур уйғонаётганини сезаман. Ва бирдан англайманки, анча йиллар мени қийнаган шубҳалар, норозиликлар ва кўр ижирғанишлар ҳақиқий «эга»сига қаратилмаган экан. Шунда Ҳамзага астойдил… ачиниб кетаман. Ахир, у шўрликда нима гуноҳ?! Халқим деб жонини жабборга берган бўлса, юртимнинг камолини кўрай деб елиб-югурган бўлса, тинимсиз йўл ахтарган, бунинг учун ўзини ҳар соҳага уриб кўрган бўлса!.. Аксари адабиётчиларда Ҳамзанинг номи (яшириб нима қиламиз) қарши кайфият уйғотадиган даражага етган бўлсак, ишончим комилки, бунда Ҳамзанинг айби йўқ. У ўша давр фарзанди, шоири, илғор зиёлиси сифатида афсус чекмайдиган тарзда яшади, ижод қилди, давр зиммасига юклаган вазифаларни кўплар қатори сидқидилдан адо этишга интилди; ўзи ўша даврга сиғмади, шекилли, тошбўрон қилинди…

Бугун у ўзини ҳимоя қилолмайди. Шунинг учун унга (умуман, ўтган барча истеъдодли ижодкорларга) муносабатимизни белгилашда асло енгилтакликка йўл қўйиб бўлмайди. Менда негадир аниқ бир ишонч бор: биз бугунгача номига зўрлаб ёпиштириб келган жуда кўп сифатлашларнинг («асосчи», «биринчи» ва б.) Ҳамзага кераги йўқ, у ўз шеърлари, томоша асарларини, аслида, булар учун ёзмаган ёки шу сифатлашларни олайин деб сира интилмаган. Аксинча, у ўзига ҳаловатсиз турмушни танлади, романлардагидек ё киноепопеялардагидек эмас, оддий, лекин буюк мақсадлар ташвишига кўмилиб юрди, ўша ташвишлар ичидан ҳаловат қидирди, аксари ҳолларда топди ҳам. У ўзига ҳеч қандай имтиёз, сохта шон-шуҳрат ёки иззат тиламади, орзу қилган ягона имтиёзи — халқининг камолотини кўриш эди. У ҳақда эллик-олтмиш йилдан бери ёзилаётган («ҳамзашунослик») асарларнинг жуда кўп саҳифаларидан унинг руҳи хижолат чекиб юрганига шак-шубҳам йўқ.

Кейинги икки-уч йилдан буён адабий давраларда 20-йиллар адабиёти кескин мунозаралар қўзғамоқда. Сохта баҳоналар билан халқдан яширилиб келган номлар қийинчилик билан бўлса ҳам қайта тикланмоқда. Айни чоқда, Ҳамза номи теварагида яна баҳслар кучая бошлади. Ора-орада: «Нега у асосчи бўларкан, ана, фалончи ундан зўр, ўша бўлсин-да» ёки «У ким бўпти, шеърлари бир тийинга қиммат» ёки «Фалон асарини ўзи ёзмаган, писмадончи ёзган» дегандек гаплар қулоққа чалиниб турибди. Ростини айтганда, бу норозиликларда ҳар қанча ҳақиқат бўлмасин, адабиётчиларимиз орасидаги бунақа кайфият одамда нохуш таассурот қолдиради. Албатта, адолатни тиклаш, адабиёт қасрида ҳар бир ижодкорни ўз ўрнига қўйиш керак, аммо бу дегани кимни шоҳ, кимни вазир, кимларни девонбегию эшикоға қилиб қўйиш керак дегани эмас. Зеро, тахт мавжуд экан, унинг учун кураш бўлаверади. Менимча, адабиёт қасридан тахт ва тахтчаларни (расмий мавқеларни) олиб ташлашга эришиш лозим. Ахир, чуқурроқ ўйлаб кўрайлик, «асосчи» деган мартаба ўзи қаёқдан пайдо бўлди? У адабиётга шу қадар керакми? Аслида, Чўлпон бир йўналишнинг, Қодирий бир йўналишнинг, Ҳамза бир йўналишнинг, Фитрат бошқа бир йўналишнинг (ва ҳ.) асосчилари бўлиши, ҳар бирининг йўлдошлари ва издошлари бўлиши табиий ва маъқул эмасми? Нега биз ижодий мартабалар учун эмас, расмий мартабалар учун курашамиз доим? Яна, «сотсиалистик реализм» расмий тушунчасини олиб кўрайлик (бунинг ҳам ҳар бир миллий адабиётда биттадан «асосчи»си бор). Бу атама топилганидан кейин унга муносиб темир қонунлар бичила бошлади, ўзига хос «устав»лари, «программа»лари яратилди ва у бора-бора… ёвуз мезонга айланиб, адабиётимизнинг жуда кўп истеъдодли вакилларининг бошига етди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Сўфизода (ва бошқалар) ниманинг орқасида азобланишди? Нима уларни ҳаётдан олиб кетди? Шахсга сиғиниш… чақув… душманлари… дерсиз. Албатта, булар ҳам. Лекин асосийси булар эмас. Аслида, улар шахсан ва ижодан «сотсиалистик реализм» қолипига сиғмади, улар адабий жоҳилликнинг қурбонлари бўлиб кетишди. (Шу маънода, чақимчиларнинг ўзлари ҳам қурбондирлар.) Рост, Ҳамза 1929 йили ҳалок бўлди, лекин адабий давраларда бир гап юрадики, агар 37-йилларгача яшаганида, шубҳасиз, у ҳам отилиб кетарди… Начора, бу тахмин ҳар ҳолда Ҳамзанинг обрўйини бир қадар кўтаради!

Демак, ҳамма гап «ҳамзашунослик»да. Келгуси вазифа шу пайтгача боши билан турган бу соҳани оёққа қўйиш, тўғри йўлга солишдан иборат. Бу вазифани адо этиш учун ҳамзашунос бўлиш шарт эмас, адабиётнинг жонкуяри, муҳиби бўлиш кифоя. Ҳамзани ортиқча мақтовлардан ҳам, ерга уришлардан ҳам ҳимоя қиладиган пайт келди.

Яна бир гап. Кейинги пайтларда профессор Норбой Худойберганов Ҳамза баҳонасида бир-икки ҳамзашуносга муносабат билдириш учунми ёки ўша бир-икки ҳамзашунос баҳонасида Ҳамзанинг ўзига муносабат билдириш учунми, ишқилиб, бир қатор мақолаларида (жамоатчиликка маълум улар) норозиликларини ошкор айтиб турибди. Лекин, афсуски, бу танқидчимиз ҳам қандайдир расмий мартабаларни ундан тортиб олиб бошқага бериш учунгина курашаётгандай таассурот уйғотади. Фикрлар очиқ айтилмаса ҳам, гап пайнови айланма-чийрилма йўллар билан «бировнинг чорбоғи»га тўғрилаб қўйилаётганини сезиб турасиз. Бу йўл самарасиз. Ҳамза асарларининг қайси жиҳати зўр, унинг улуғлиги нимада эканини ҳамзашунослардан «конкрет мисоллар билан» исботлаб беришни талаб қилган яхши, лекин уларда бу исботни топмадикми, модомики бу мавзу бизни қизиқтираётган экан, ўзимиз ўша ишни бажаришга уриниб кўрайлик. Ахир, ИЛМ рад қилиш билангина шуғулланмайди. Илм ўрганади. Ўрганиб тасдиқлайди, ўрганиб рад қилади. Мартабалар улашиш, тахт учун курашиш илмнинг йўли эмас. Мақсади ҳам эмас. Бу билан расмий идоралар шуғулланаверсин. Биз эса кетма-кет мақолаларимизда бир нарсани талаб қилавермасдан, битта мақоламизда ниманидир тадқиқ қилганимиз яхши. Шундай қилсак, ҳар қанақа шубҳа-гумонларга ҳам ўрин қолмайди, ўрганилаётган ҳар бир ижодкор ўз ўрнини топиб кетаверади. Маданиятимизни яхлит севишни ўрганайлик.

Шахсан мен «Кўнглини бир олай деб, эй ёр, хуш келибсиз» цингари ниҳоятда ўзбекона, гўзал сатрларни кўрсам, кўнглим яйрайди, Ҳамзанинг барибир яхши шоир эканига иқрор бўламан; «Оловли йўллар» кинотарихини кўрганимда эса ичим ачийди, шўрлик ватандошим учун хижолат чекаман; маҳалланинг икки-учта қизалоғини қанд-қурс билан алдаб-сулдаб уйига олиб кириб, Кароматхон хотинига овунчоқ қилиб қолдириб, ўзи уй эшигини ҳам, кўча эшигини ҳам устидан қулфлаб, эрта кетиб-кеч қайтишлари, Кароматхон кеннойи эса қизалоқларга эртаклар айтиб, хамирдан шакллар ясаб, зериктирмай ўтирганлари тўғрисидаги ҳикояларни эшитганимда шоир сиймосини янада тўлароқ тасаввур эта бошлайман; «аксари асарлари аслида бошқача бўлган, кейинчалик атай бузиб таҳрир қилинган» дегандай гап-сўзлар чиққанида, адабий жоҳилиятдан куйинаман; ҳозир ҳатто қишлоқ боғчаларида тарбиячилар зўр бериб ўргатаётган «Қўғирчоғим Наташа,Еб қўйибди кўп каша» цингари жўн, гўзалликдан маҳрум тизмаларнинг ўрнига Ҳамзанинг «Тўғрисўз бола» (ва б.) шеърлари ёдлатилишини жуда-жуда орзу қиламан…

Ҳамзанинг туғилганига юз йил, ҳалок бўлганига олтмиш йил тўлди. Келинглар, 100 рақамли довон Ҳамза ижодини ўрганишда туб бурилиш довони бўлсин. Шу пайтгача қанчалик ундан узоқлашган бўлсак, бундан бу ёғига Ҳамзага пешвоз юрайлик. Йўлимиз кесишса зора. Ҳамза асримиз бошларидаги Уйғониш даврининг фарзанди, асримиз қариётганда яна ўшандай, ҳатто анча салобатли Уйғониш жараёни бошланяпти. Биз — саксонинчи йиллар қаламкашлари қаторимизда чўлпонлар, қодирийлар, ҳамзалар, фитратлар, усмон носирлар, ойбеклар, қаҳҳорлар… туришини истаймиз. Уларнинг ҳаётидан, ижодий тақдирларидан, ўзаро муносабатларидан ўзимизга сабоқлар чиқаргимиз келади. Улар йўл қўйган хатоларни такрорламай, руҳларини шод қилишни, тарихимизнинг бойлигидан, ранг-баранглигидан ғурурланиб юришни хоҳлаймиз.

097
Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий
ШЕЪРЛАР
01

ЙИҒЛА, ТУРКИСТОН

Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.
Тургил, дарддан жисмингни соғла, Туркистон,
Дониш ўтига бағринг доғла, Туркистон.
Белга ҳиммат камарин боғла, Туркистон,
Маърифатга етмоқни чоғла, Туркистон
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Боғли қолди қўлимиз ваҳшат домида,
Бошлар чайналмасунму ғафлат комида?
Кўкрак қони кўрунди ғурбат жомида,
Маҳв ўлди шаръ нури бидъат шомида.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Кўзлар уйқудан тўймас, доим ғафлатда,
Не саодат кўрмишбиз, билмам, ваҳшатда,
Бўлдик бугун саргардон дашти зиллатда,
Ўтар ўхшар ҳолимиз бўйла зулматда.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Мактаб очинг, боёнлар, бўлинг ҳимматли,
Бўлсун ўқур сибёнлар олий ғайратли.
Шояд бўлсун миллатга содиқ хизматли,
Бу кўнгуллар қувонсун қолмай ҳасратли.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Дариғ тутманг илм учун кетса мол-у жон,
Ўқув фарзлиги минг йўл қуръонда фармон.
Маърифатсиз тонулмас аҳкоми иймон,
Илмсизга айтулмас комил мусулмон.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон.
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

Маҳзун Ниҳон кўп оғлар миллат боғига,
Мавсум ўтуб ғафлатдан тушган доғига.
Боғбонлар боқмаюр сўл-у соғига,
Қиш келгач сўнг нетармиз гулшан зоғига.
Йиғла, йиғла, Туркистон, йиғла, Туркистон,
Руҳсиз танлар тебрансун, йиғла, Туркистон.

————————
Ваҳшат доми — ваҳший (ёввойи)лик тузоғи.
Ғафлат коми — уйқу қучоғи, қўйни.
Ғурбат жоми — ғариблик, бечоралик қадаҳи.
Маҳв ўлди — йўқолди, йўқ бўлди.
Шаръ нури — шариат нури.
Бидъат — дин талабларига хилоф янги ақида.
Бидъат шоми — бидъат туфайли тушган қоронғилик.
Дашти зиллат — хорлик, тубанлик дашти.
Сибёнлар — ёшлар.
Аҳкоми иймон — иймон ҳукмлари.
Оғлар — йиғлар.

ТУРКИСТОН

Яхши ҳолин йўқотган, оқибатсиз Туркистон,
Истиқболин ушотган, офиятсиз Туркистон,
Ўз жисмига ўқ отган, ҳамиятсиз Туркистон,
Зиллат лойига ботган, эй ғайратсиз Туркистон!
Зулмат тоши ёғилса-да, кўзи очулмаз,
Руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сочулмаз.

Ўзгалар миллати-чун мол-у жон ила қурбон,
Фикру дониш йўлида бағр-у жигари бирён,
Бор-у йўқни қилурлар илм йўлига эҳсон,
Ажаб, бизни Туркистон доим ер бирла яксон.
Зулмат тоши ёғилса-да, кўзи очулмаз,
Руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сочулмаз.

Ҳиммат чашмаси қуруб, ғайрат боғчаси сўлган,
Синуб эҳсонли қўли, ибрат кўзи кўр бўлган,
Исломнинг исми қолуб, жисми ерга кўмулган,
Эсиз, шундоғ Туркистон нобакорларга тўлган.
Зулмат тоши ёғилса-да, кўзи очулмаз,
Руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сочулмаз.

Бўғзи сори тўлгунча ғафлат шаробин ичган,
Ўлмасидан илгари жисмига кафан бичган,
Умид риштасин кесуб, ор-номусидан кечган,
Боғлу қўлинг, Туркистон, нобакорларму чечган?
Зулмат тоши ёғилса-да кўзи очулмаз,
Руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сочулмаз.

Эсиз, эсиз Туркистон, қани аввалги ҳоли?
Оламга зиё берган ул хуршиди иқболи?
Абри ғафлат қуршади, тун бўлди истиқболи,
Хўр бўлса миллатимиз, тутмасмукин уволи?
Зулмат тоши ёғилса-да, кўзи очулмаз.
Руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сочулмаз.

Оғла, оғла, Ниҳоний, кеча бўлди кундузлар,
Фалакда кўринмаюр моҳтоб ила юлдузлар.
Ватанга молик бўлди нобакор-у тўнғизлар,
Оёғ остида қолди неча сандек дилсўзлар.
Зулмат тоши ёғилса-да, кўзи очулмаз,
Руҳсиз тандур, ханжар урса, қони сочулмаз.

——————————

Ушотган — майдалаган, бой берган.
Офиятсиз — тинчлик, соғлик.
Ҳамиятсиз — ғурурсиз.
Бирён — қовурилган.
Нобакорлар — ишга яроқсизлар, нокаслар.
Абри ғафлат – ғафлат булути.
Молик бўлди – эга бўлди.

ДАРДИГА ДАРМОН ИСТАМАС

Бизни Туркистон эли дардига дармон истамас,
Зулмат ичра кечса умри, моҳи тобон истамас,
Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида.

Кўнглидур ошуфтайи лавҳи тараб, нафс-у ҳаво,
Тилса зиллат ханжари бағрини Луқмон истамас,
Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида.

Қўлидадир доми тама, кўзидадур кайфи хумор,
Соч оқаруб қадди хам бўлса пушаймон истамас,
Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида.

Илмсизликда ҳама келган балони англаюр,
Иттифоқу ғайрат айлаб лек ирфон истамас,
Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида.

Ўзга миллат учсалар ҳикмат топиб суйи само,
Бизни эллар лоақал ер узра даврон истамас,
Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида.

Ўзгалар этмоқда ҳар кун бинг санойи ихтиро,
Биз ақалли топмоққа беранж бир нон истамас,
Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида.

Бу на ваҳшат, на жаҳолат эр-қизу, пир-у жувон,
Доми ғафлатдин халос ўлмакка имкон истамас,
Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида.

Эй Ниҳон, бинг ҳайф, эй инсоният, исломият,
Миллати хор ўлмағин ҳеч номусулмон истамас
Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида.

—————————-
Ошуфта — шайдо, ошиқ.
Лавҳи тараб — маишат, шодлик ёзуви.
Нафсу ҳаво – нафс истаги.
Доми тамаъ- тамаъ тузоғи.
Хам — эгилган, букилган.
Суйи само — осмон таратлари, осмон томонлари.
Бинг санойи ихтиро — минг хил кашфиётлар яратиш.

ЖОНЛАРНИ ЖОНОНИ ВАТАН

Ватан, ватан дер эдилар, на дер эдим билмай они,
Энди билсам Ватан эркон бу танларнинг ширин жони.
Бир жон эмас, эй суйгули, томирларнинг қони
Ватан, Сенсан, бале, билганлара жонларни жонони Ватан!

Сенсан бизлара чин туғмиш бир мунглиқ ано,
Боқғунг тирик бўлсак, агар ўлсок қучоғинда яно,
Бир жон эмас, эй суйгули, томирларнинг қони Ватан,
Сенсан, бале, билганлара жонларни жонони Ватан!

Эсиз, эсиз, туғғонларинг кўз юмиб ўқ отуб сани,
Боғлаб қўлинг ёвузларга не олдилар сотуб сани?
Бир жон эмас, эй суйгули, томирларнинг қони Ватан,
Сенсан, бале, билганлара жонларни жонони Ватан!

Билувчилар қўл тутмади, бизга сани тонутмади,
Билмам, неларга алдануб тангри буйруғин тутмади.
Бир жон эмас, эй суйгули, томирларнинг қони Ватан,
Сенсан, бале, билганлара жонларни жонони Ватан!

Билимсизлар англашмади, оҳ-у войинг тинглашмади,
Билгувчилар бурчи экан ўнғайламоқ, ўнглашмади.
Бир жон эмас, эй суйгули, томирларнинг қони Ватан,
Сенсан, бале, билганлара жонларни жонони Ватан!

Ниҳон йиғлаб қон ютунур, кечмоғлиғингни ўтунур
Мундин буён ўғлонларинг чандон тонурга тутунур.
Бир жон эмас, эй суйгули, томирларнинг қони Ватан,
Сенсан, бале, билганлара жонларни жонони Ватан!

21

Nurulloh Muhammad Raufxon
KO’NGILDAGI GAPLAR
Yozuvchi arxividan
05

045Hamzaning nomini ilk bor qachon eshitganimni bilmayman, lekin uning nomi bilan turli yoshda turlicha g‘ururlanib yurganlarim esimda. Dastlab Hamzaday insonga vatandoshlik tuyg‘usining o‘ziyoq ko‘ksimni faxrlarga chulg‘ar edi. O‘sha paytlari to‘rtta tengqur davrasida undan gap ochilsa, oraga tug‘ilgan yurtini albatta qo‘shib turardim. Keyinroq bu tuyg‘u ustiga yangi bir tuyg‘u — bir o‘zi shuncha yumushni (shoir, dramanavis, bastakor, o‘z qo‘shiqlarining ijrochisi, o‘qituvchi, darsliklar muallifi va h.) eplaganidan cheksiz havaslanish qo‘shildi. Yana keyinroq, uning madaniyatimiz tarixida tutgan o‘rni (o‘zbek sovet adabiyotining asoschisi, o‘zbek teatrining otasi, birinchi dramanavis, birinchi bastakor, birinchi sharqiya (marsh) muallifi, birinchi… birinchi… birinchi…) bilan g‘ururlanadigan bo‘ldim. Lekin 1910—1930 yillar ijtimoiy hayotini, o‘sha davr adabiyoti tarixini o‘qib, o‘rganib, ustozlardan eshitganim sari ko‘ngilda g‘alati shubhalar uyg‘ona boshladi. «Nega?, «Nega?», «Nega?» degan savollar paydo bo‘ldi. O‘zimiz o‘lib-tirilib izchil realist deb atagan shoirni ideal darajaga ko‘tarib yuborganimizni his qildim. Sanoqsiz «Nega?»larga jo‘yali javob topolmagach, shubhalar asta-sekin norozilikka, norozilik esa goho ko‘r g‘alayonga aylanib bordi. Vaqtlar bo‘ldiki, qo‘lni yuvib qo‘ltiqqa urib ham qo‘ydim…

Xayriyat, tezgina Hamzani shaxs va ijodkor sifatida tushunishimda yangi bir palla boshlandi. Keksalarning, ayniqsa, ayam bilan dadamning Hamza to‘g‘risidagi hikoyalari (taqdir taqozosiga ko‘ra, ayamning ota uylari shoir yashagan uyga qo‘shni bo‘lgan), uning boshqalarga, boshqalarning unga yozgan xatlari, ayniqsa, Hamzaning bir necha kunga yetarli non so‘rab O‘zbekiston prezidenti Yo‘ldosh Oxunboboevga yozgan o‘tinch xatiyu Prezidentning unga «hali uch-to‘rt oylik maoshimni ololganim yo‘q, o‘zim ham nochorman, uzr, Hamzaxon», degandek mazmundagi javob xatlari… mening avvalgi yaltiroq tasavvurlarimni parchalab yubordi. Nafaqat Hamza shaxsiyatiyu ijodiga, balki inqilob arafalari Turkiston milliy o‘lkasida boshlangan katta Uyg‘onishga, milliy ozodlik, jadidlik, ma’rifatchilik harakatlariga, turli oqim va yo‘nalishlarga, adabiyotchi va matbuotchilarning faoliyatlariga, xullas, butun o‘sha davrga qarashlarim tubdan o‘zgarishga yuz burdi. Balki bugungi kunda ro‘y berayotgan Uyg‘onish jarayonida 10—20-yillar uyg‘onishiga o‘xshash jihatlar borligi uchun ham u davrga qiziqish kuchaygandir, harholda, ko‘nglimda Hamzaga (va boshqa zamondoshlariga) xayrxohlik, o‘zgacha g‘urur uyg‘onayotganini sezaman. Va birdan anglaymanki, ancha yillar meni qiynagan shubhalar, noroziliklar va ko‘r ijirg‘anishlar haqiqiy «ega»siga qaratilmagan ekan. Shunda Hamzaga astoydil… achinib ketaman. Axir, u sho‘rlikda nima gunoh?! Xalqim deb jonini jabborga bergan bo‘lsa, yurtimning kamolini ko‘ray deb yelib-yugurgan bo‘lsa, tinimsiz yo‘l axtargan, buning uchun o‘zini har sohaga urib ko‘rgan bo‘lsa!.. Aksari adabiyotchilarda Hamzaning nomi (yashirib nima qilamiz) qarshi kayfiyat uyg‘otadigan darajaga yetgan bo‘lsak, ishonchim komilki, bunda Hamzaning aybi yo‘q. U o‘sha davr farzandi, shoiri, ilg‘or ziyolisi sifatida afsus chekmaydigan tarzda yashadi, ijod qildi, davr zimmasiga yuklagan vazifalarni ko‘plar qatori sidqidildan ado etishga intildi; o‘zi o‘sha davrga sig‘madi, shekilli, toshbo‘ron qilindi…

Bugun u o‘zini himoya qilolmaydi. Shuning uchun unga (umuman, o‘tgan barcha iste’dodli ijodkorlarga) munosabatimizni belgilashda aslo yengiltaklikka yo‘l qo‘yib bo‘lmaydi. Menda negadir aniq bir ishonch bor: biz bugungacha nomiga zo‘rlab yopishtirib kelgan juda ko‘p sifatlashlarning («asoschi», «birinchi» va b.) Hamzaga keragi yo‘q, u o‘z she’rlari, tomosha asarlarini, aslida, bular uchun yozmagan yoki shu sifatlashlarni olayin deb sira intilmagan. Aksincha, u o‘ziga halovatsiz turmushni tanladi, romanlardagidek yo kinoepopeyalardagidek emas, oddiy, lekin buyuk maqsadlar tashvishiga ko‘milib yurdi, o‘sha tashvishlar ichidan halovat qidirdi, aksari hollarda topdi ham. U o‘ziga hech qanday imtiyoz, soxta shon-shuhrat yoki izzat tilamadi, orzu qilgan yagona imtiyozi — xalqining kamolotini ko‘rish edi. U haqda ellik-oltmish yildan beri yozilayotgan («hamzashunoslik») asarlarning juda ko‘p sahifalaridan uning ruhi xijolat chekib yurganiga shak-shubham yo‘q.

Keyingi ikki-uch yildan buyon adabiy davralarda 20-yillar adabiyoti keskin munozaralar qo‘zg‘amoqda. Soxta bahonalar bilan xalqdan yashirilib kelgan nomlar qiyinchilik bilan bo‘lsa ham qayta tiklanmoqda. Ayni choqda, Hamza nomi tevaragida yana bahslar kuchaya boshladi. Ora-orada: «Nega u asoschi bo‘larkan, ana, falonchi undan zo‘r, o‘sha bo‘lsin-da» yoki «U kim bo‘pti, she’rlari bir tiyinga qimmat» yoki «Falon asarini o‘zi yozmagan, pismadonchi yozgan» degandek gaplar quloqqa chalinib turibdi. Rostini aytganda, bu noroziliklarda har qancha haqiqat bo‘lmasin, adabiyotchilarimiz orasidagi bunaqa kayfiyat odamda noxush taassurot qoldiradi. Albatta, adolatni tiklash, adabiyot qasrida har bir ijodkorni o‘z o‘rniga qo‘yish kerak, ammo bu degani kimni shoh, kimni vazir, kimlarni devonbegiyu eshikog‘a qilib qo‘yish kerak degani emas. Zero, taxt mavjud ekan, uning uchun kurash bo‘laveradi. Menimcha, adabiyot qasridan taxt va taxtchalarni (rasmiy mavqelarni) olib tashlashga erishish lozim. Axir, chuqurroq o‘ylab ko‘raylik, «asoschi» degan martaba o‘zi qayoqdan paydo bo‘ldi? U adabiyotga shu qadar kerakmi? Aslida, Cho‘lpon bir yo‘nalishning, Qodiriy bir yo‘nalishning, Hamza bir yo‘nalishning, Fitrat boshqa bir yo‘nalishning (va h.) asoschilari bo‘lishi, har birining yo‘ldoshlari va izdoshlari bo‘lishi tabiiy va ma’qul emasmi? Nega biz ijodiy martabalar uchun emas, rasmiy martabalar uchun kurashamiz doim? Yana, «sotsialistik realizm» rasmiy tushunchasini olib ko‘raylik (buning ham har bir milliy adabiyotda bittadan «asoschi»si bor). Bu atama topilganidan keyin unga munosib temir qonunlar bichila boshladi, o‘ziga xos «ustav»lari, «programma»lari yaratildi va u bora-bora… yovuz mezonga aylanib, adabiyotimizning juda ko‘p iste’dodli vakillarining boshiga yetdi. Abdulla Qodiriy, Cho‘lpon, Fitrat, Usmon Nosir, So‘fizoda (va boshqalar) nimaning orqasida azoblanishdi? Nima ularni hayotdan olib ketdi? Shaxsga sig‘inish… chaquv… dushmanlari… dersiz. Albatta, bular ham. Lekin asosiysi bular emas. Aslida, ular shaxsan va ijodan «sotsialistik realizm» qolipiga sig‘madi, ular adabiy johillikning qurbonlari bo‘lib ketishdi. (Shu ma’noda, chaqimchilarning o‘zlari ham qurbondirlar.) Rost, Hamza 1929 yili halok bo‘ldi, lekin adabiy davralarda bir gap yuradiki, agar 37-yillargacha yashaganida, shubhasiz, u ham otilib ketardi… Nachora, bu taxmin harholda Hamzaning obro‘yini bir qadar ko‘taradi!

Demak, hamma gap «hamzashunoslik»da. Kelgusi vazifa shu paytgacha boshi bilan turgan bu sohani oyoqqa qo‘yish, to‘g‘ri yo‘lga solishdan iborat. Bu vazifani ado etish uchun hamzashunos bo‘lish shart emas, adabiyotning jonkuyari, muhibi bo‘lish kifoya. Hamzani ortiqcha maqtovlardan ham, yerga urishlardan ham himoya qiladigan payt keldi.

Yana bir gap. Keyingi paytlarda professor Norboy Xudoyberganov Hamza bahonasida bir-ikki hamzashunosga munosabat bildirish uchunmi yoki o‘sha bir-ikki hamzashunos bahonasida Hamzaning o‘ziga munosabat bildirish uchunmi, ishqilib, bir qator maqolalarida (jamoatchilikka ma’lum ular) noroziliklarini oshkor aytib turibdi. Lekin, afsuski, bu tanqidchimiz ham qandaydir rasmiy martabalarni undan tortib olib boshqaga berish uchungina kurashayotganday taassurot uyg‘otadi. Fikrlar ochiq aytilmasa ham, gap paynovi aylanma-chiyrilma yo‘llar bilan «birovning chorbog‘i»ga to‘g‘rilab qo‘yilayotganini sezib turasiz. Bu yo‘l samarasiz. Hamza asarlarining qaysi jihati zo‘r, uning ulug‘ligi nimada ekanini hamzashunoslardan «konkret misollar bilan» isbotlab berishni talab qilgan yaxshi, lekin ularda bu isbotni topmadikmi, modomiki bu mavzu bizni qiziqtirayotgan ekan, o‘zimiz o‘sha ishni bajarishga urinib ko‘raylik. Axir, ILM rad qilish bilangina shug‘ullanmaydi. Ilm o‘rganadi. O‘rganib tasdiqlaydi, o‘rganib rad qiladi. Martabalar ulashish, taxt uchun kurashish ilmning yo‘li emas. Maqsadi ham emas. Bu bilan rasmiy idoralar shug‘ullanaversin. Biz esa ketma-ket maqolalarimizda bir narsani talab qilavermasdan, bitta maqolamizda nimanidir tadqiq qilganimiz yaxshi. Shunday qilsak, har qanaqa shubha-gumonlarga ham o‘rin qolmaydi, o‘rganilayotgan har bir ijodkor o‘z o‘rnini topib ketaveradi. Madaniyatimizni yaxlit sevishni o‘rganaylik.

Shaxsan men «Ko‘nglini bir olay deb, ey yor, xush kelibsiz» singari nihoyatda o‘zbekona, go‘zal satrlarni ko‘rsam, ko‘nglim yayraydi, Hamzaning baribir yaxshi shoir ekaniga iqror bo‘laman; «Olovli yo‘llar» kinotarixini ko‘rganimda esa ichim achiydi, sho‘rlik vatandoshim uchun xijolat chekaman; mahallaning ikki-uchta qizalog‘ini qand-qurs bilan aldab-suldab uyiga olib kirib, Karomatxon xotiniga ovunchoq qilib qoldirib, o‘zi uy eshigini ham, ko‘cha eshigini ham ustidan qulflab, erta ketib-kech qaytishlari, Karomatxon kennoyi esa qizaloqlarga ertaklar aytib, xamirdan shakllar yasab, zeriktirmay o‘tirganlari to‘g‘risidagi hikoyalarni eshitganimda shoir siymosini yanada to‘laroq tasavvur eta boshlayman; «aksari asarlari aslida boshqacha bo‘lgan, keyinchalik atay buzib tahrir qilingan» deganday gap-so‘zlar chiqqanida, adabiy johiliyatdan kuyinaman; hozir hatto qishloq bog‘chalarida tarbiyachilar zo‘r berib o‘rgatayotgan «Qo‘g‘irchog‘im Natasha,Yeb qo‘yibdi ko‘p kasha» singari jo‘n, go‘zallikdan mahrum tizmalarning o‘rniga Hamzaning «To‘g‘riso‘z bola» (va b.) she’rlari yodlatilishini juda-juda orzu qilaman…

Hamzaning tug‘ilganiga yuz yil, halok bo‘lganiga oltmish yil to‘ldi. Kelinglar, 100 raqamli dovon Hamza ijodini o‘rganishda tub burilish dovoni bo‘lsin. Shu paytgacha qanchalik undan uzoqlashgan bo‘lsak, bundan bu yog‘iga Hamzaga peshvoz yuraylik. Yo‘limiz kesishsa zora. Hamza asrimiz boshlaridagi Uyg‘onish davrining farzandi, asrimiz qariyotganda yana o‘shanday, hatto ancha salobatli Uyg‘onish jarayoni boshlanyapti. Biz — saksoninchi yillar qalamkashlari qatorimizda cho‘lponlar, qodiriylar, hamzalar, fitratlar, usmon nosirlar, oybeklar, qahhorlar… turishini istaymiz. Ularning hayotidan, ijodiy taqdirlaridan, o‘zaro munosabatlaridan o‘zimizga saboqlar chiqargimiz keladi. Ular yo‘l qo‘ygan xatolarni takrorlamay, ruhlarini shod qilishni, tariximizning boyligidan, rang-barangligidan g‘ururlanib yurishni xohlaymiz.

097
Hamza Hakimzoda Niyoziy
SHE’RLAR
01

YIG’LA, TURKISTON

Yig’la, yig’la, Turkiston, yig’la, Turkiston,
Ruhsiz tanlar tebransun, yig’la, Turkiston.
Turgil, darddan jismingni sog’la, Turkiston,
Donish o’tiga bag’ring dog’la, Turkiston.
Belga himmat kamarin bog’la, Turkiston,
Ma’rifatga yetmoqni chog’la, Turkiston
Yig’la, yig’la, Turkiston, yig’la, Turkiston,
Ruhsiz tanlar tebransun, yig’la, Turkiston.

Bog’li qoldi qo’limiz vahshat domida,
Boshlar chaynalmasunmu g’aflat komida?
Ko’krak qoni ko’rundi g’urbat jomida,
Mahv o’ldi shar’ nuri bid’at shomida.
Yig’la, yig’la, Turkiston, yig’la, Turkiston,
Ruhsiz tanlar tebransun, yig’la, Turkiston.

Ko’zlar uyqudan to’ymas, doim g’aflatda,
Ne saodat ko’rmishbiz, bilmam, vahshatda,
Bo’ldik bugun sargardon dashti zillatda,
O’tar o’xshar holimiz bo’yla zulmatda.
Yig’la, yig’la, Turkiston, yig’la, Turkiston,
Ruhsiz tanlar tebransun, yig’la, Turkiston.

Maktab oching, boyonlar, bo’ling himmatli,
Bo’lsun o’qur sibyonlar oliy g’ayratli.
Shoyad bo’lsun millatga sodiq xizmatli,
Bu ko’ngullar quvonsun qolmay hasratli.
Yig’la, yig’la, Turkiston, yig’la, Turkiston,
Ruhsiz tanlar tebransun, yig’la, Turkiston.

Darig’ tutmang ilm uchun ketsa mol-u jon,
O’quv farzligi ming yo’l qur’onda farmon.
Ma’rifatsiz tonulmas ahkomi iymon,
Ilmsizga aytulmas komil musulmon.
Yig’la, yig’la, Turkiston, yig’la, Turkiston.
Ruhsiz tanlar tebransun, yig’la, Turkiston.

Mahzun Nihon ko’p og’lar millat bog’iga,
Mavsum o’tub g’aflatdan tushgan dog’iga.
Bog’bonlar boqmayur so’l-u sog’iga,
Qish kelgach so’ng netarmiz gulshan zog’iga.
Yig’la, yig’la, Turkiston, yig’la, Turkiston,
Ruhsiz tanlar tebransun, yig’la, Turkiston.

————————
Vahshat domi — vahshiy (yovvoyi)lik tuzog’i.
G’aflat komi — uyqu quchog’i, qo’yni.
G’urbat jomi — g’ariblik, bechoralik qadahi.
Mahv o’ldi — yo’qoldi, yo’q bo’ldi.
Shar’ nuri — shariat nuri.
Bid’at — din talablariga xilof yangi aqida.
Bid’at shomi — bid’at tufayli tushgan qorong’ilik.
Dashti zillat — xorlik, tubanlik dashti.
Sibyonlar — yoshlar.
Ahkomi iymon — iymon hukmlari.
Og’lar — yig’lar.

TURKISTON

Yaxshi holin yo’qotgan, oqibatsiz Turkiston,
Istiqbolin ushotgan, ofiyatsiz Turkiston,
O’z jismiga o’q otgan, hamiyatsiz Turkiston,
Zillat loyiga botgan, ey g’ayratsiz Turkiston!
Zulmat toshi yog’ilsa-da, ko’zi ochulmaz,
Ruhsiz tandur, xanjar ursa, qoni sochulmaz.

O’zgalar millati-chun mol-u jon ila qurbon,
Fikru donish yo’lida bag’r-u jigari biryon,
Bor-u yo’qni qilurlar ilm yo’liga ehson,
Ajab, bizni Turkiston doim yer birla yakson.
Zulmat toshi yog’ilsa-da, ko’zi ochulmaz,
Ruhsiz tandur, xanjar ursa, qoni sochulmaz.

Himmat chashmasi qurub, g’ayrat bog’chasi so’lgan,
Sinub ehsonli qo’li, ibrat ko’zi ko’r bo’lgan,
Islomning ismi qolub, jismi yerga ko’mulgan,
Esiz, shundog’ Turkiston nobakorlarga to’lgan.
Zulmat toshi yog’ilsa-da, ko’zi ochulmaz,
Ruhsiz tandur, xanjar ursa, qoni sochulmaz.

Bo’g’zi sori to’lguncha g’aflat sharobin ichgan,
O’lmasidan ilgari jismiga kafan bichgan,
Umid rishtasin kesub, or-nomusidan kechgan,
Bog’lu qo’ling, Turkiston, nobakorlarmu chechgan?
Zulmat toshi yog’ilsa-da ko’zi ochulmaz,
Ruhsiz tandur, xanjar ursa, qoni sochulmaz.

Esiz, esiz Turkiston, qani avvalgi holi?
Olamga ziyo bergan ul xurshidi iqboli?
Abri g’aflat qurshadi, tun bo’ldi istiqboli,
Xo’r bo’lsa millatimiz, tutmasmukin uvoli?
Zulmat toshi yog’ilsa-da, ko’zi ochulmaz.
Ruhsiz tandur, xanjar ursa, qoni sochulmaz.

Og’la, og’la, Nihoniy, kecha bo’ldi kunduzlar,
Falakda ko’rinmayur mohtob ila yulduzlar.
Vatanga molik bo’ldi nobakor-u to’ng’izlar,
Oyog’ ostida qoldi necha sandek dilso’zlar.
Zulmat toshi yog’ilsa-da, ko’zi ochulmaz,
Ruhsiz tandur, xanjar ursa, qoni sochulmaz.

——————————

Ushotgan — maydalagan, boy bergan.
Ofiyatsiz — tinchlik, sog’lik.
Hamiyatsiz — g’urursiz.
Biryon — qovurilgan.
Nobakorlar — ishga yaroqsizlar, nokaslar.
Abri g’aflat – g’aflat buluti.
Molik bo’ldi – ega bo’ldi.

DARDIGA DARMON ISTAMAS

Bizni Turkiston eli dardiga darmon istamas,
Zulmat ichra kechsa umri, mohi tobon istamas,
Uxlama ko’p, o’zbek eli, asri taraqqiy vaqtida.

Ko’nglidur oshuftayi lavhi tarab, nafs-u havo,
Tilsa zillat xanjari bag’rini Luqmon istamas,
Uxlama ko’p, o’zbek eli, asri taraqqiy vaqtida.

Qo’lidadir domi tama, ko’zidadur kayfi xumor,
Soch oqarub qaddi xam bo’lsa pushaymon istamas,
Uxlama ko’p, o’zbek eli, asri taraqqiy vaqtida.

Ilmsizlikda hama kelgan baloni anglayur,
Ittifoqu g’ayrat aylab lek irfon istamas,
Uxlama ko’p, o’zbek eli, asri taraqqiy vaqtida.

O’zga millat uchsalar hikmat topib suyi samo,
Bizni ellar loaqal yer uzra davron istamas,
Uxlama ko’p, o’zbek eli, asri taraqqiy vaqtida.

O’zgalar etmoqda har kun bing sanoyi ixtiro,
Biz aqalli topmoqqa beranj bir non istamas,
Uxlama ko’p, o’zbek eli, asri taraqqiy vaqtida.

Bu na vahshat, na jaholat er-qizu, pir-u juvon,
Domi g’aflatdin xalos o’lmakka imkon istamas,
Uxlama ko’p, o’zbek eli, asri taraqqiy vaqtida.

Ey Nihon, bing hayf, ey insoniyat, islomiyat,
Millati xor o’lmag’in hech nomusulmon istamas
Uxlama ko’p, o’zbek eli, asri taraqqiy vaqtida.

—————————-
Oshufta — shaydo, oshiq.
Lavhi tarab — maishat, shodlik yozuvi.
Nafsu havo – nafs istagi.
Domi tama’- tama’ tuzog’i.
Xam — egilgan, bukilgan.
Suyi samo — osmon taratlari, osmon tomonlari.
Bing sanoyi ixtiro — ming xil kashfiyotlar yaratish.

JONLARNI JONONI VATAN

Vatan, vatan der edilar, na der edim bilmay oni,
Endi bilsam Vatan erkon bu tanlarning shirin joni.
Bir jon emas, ey suyguli, tomirlarning qoni
Vatan, Sensan, bale, bilganlara jonlarni jononi Vatan!

Sensan bizlara chin tug’mish bir mungliq ano,
Boqg’ung tirik bo’lsak, agar o’lsok quchog’inda yano,
Bir jon emas, ey suyguli, tomirlarning qoni Vatan,
Sensan, bale, bilganlara jonlarni jononi Vatan!

Esiz, esiz, tug’g’onlaring ko’z yumib o’q otub sani,
Bog’lab qo’ling yovuzlarga ne oldilar sotub sani?
Bir jon emas, ey suyguli, tomirlarning qoni Vatan,
Sensan, bale, bilganlara jonlarni jononi Vatan!

Biluvchilar qo’l tutmadi, bizga sani tonutmadi,
Bilmam, nelarga aldanub tangri buyrug’in tutmadi.
Bir jon emas, ey suyguli, tomirlarning qoni Vatan,
Sensan, bale, bilganlara jonlarni jononi Vatan!

Bilimsizlar anglashmadi, oh-u voying tinglashmadi,
Bilguvchilar burchi ekan o’ng’aylamoq, o’nglashmadi.
Bir jon emas, ey suyguli, tomirlarning qoni Vatan,
Sensan, bale, bilganlara jonlarni jononi Vatan!

Nihon yig’lab qon yutunur, kechmog’lig’ingni o’tunur
Mundin buyon o’g’lonlaring chandon tonurga tutunur.
Bir jon emas, ey suyguli, tomirlarning qoni Vatan,
Sensan, bale, bilganlara jonlarni jononi Vatan!

056

(Tashriflar: umumiy 7 011, bugungi 1)

Izoh qoldiring