Hamza. Boy ila xizmatchi. Radiospektakl (1953) & Hamza Hakimzoda Niyoziy kim edi: dahriymi yo dindor? Yozuvchi Nabijon Boqiy bilan suhbat

021    Яқин ўтмишимизнинг энг ёрқин ва зиддиятли зиёлиларидан бири Ҳамзадир. У ким эди: диндорми ё даҳрий? У паранжи ташлаш компаниясига бош қош бўлганми? У ростдан ҳам хотинбоз, маиший бузуқ бўлганми? Биз у ҳақда нимларни биламиз?

ҲАМЗА ҲАКИМЗОДА НИЁЗИЙ КИМ ЭДИ:
ДАҲРИЙМИ Ё ДИНДОР?
Ёзувчи Набижон Боқий билан суҳбат
02

   Бугунги ёшлар Набижон Боқийнинг Ўзб.ССР КГБси архивини обдон ўрганиб, Қодирийнинг фожиавий ўлими ҳақида “Қатлнома”, Тожикистон компартияси архивини йиллаб титкилаб, “босмачи”лик ҳаракати ва турк генерали Анвар пошо ҳақида “Чингиз афандига мактублар” каби ҳужжатли қиссалар ёзганидан кўп ҳам хабардор бўлмаса керак. Мазкур асарлари хорижий давлатларда жуда машҳур ва қайта-қайта нашр этилаётир. Ажабмаски, яқин йиллар ичида ўзбек ўқувчилари ҳам адибнинг ажойиб ва нодир асарларидан баҳраманд бўлиб қолса…
   Яқинда Набижон Боқий тарихий далиллар асосида “Қизил тошбўрон” ҳужжатли роман ёзиб тугатди. Бугун миллатпарвар ёзувчи билан Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий шахсияти ва ҳали “сиёҳи қуримаган” янги асари ҳақида суҳбатлашдик.

– Набижон ака! Аввало янги романингизни ёзишга ундаган омиллар ва асарнинг яратилиш жараёни ҳақида гапириб берсангиз.

– Биласизми, буни ёзиш учун ҳозирликни тахминан 25 йиллар аввал бошлагандим. Ўзбекистон давлат архивига борсангиз, Ҳамзага тегишли ҳужжатларни олганлар рўйхатида албатта менинг исми шарифимни топасиз. Ҳатто улардан нусха кўчириб, Қўқондаги музейига ҳам олиб бориб берганман. Расмий ҳужжатлардан ташқари, Ҳамза ҳақида ёзилган хотираларни ўқидим, маълумотларни ўша пайтдаги маҳаллий матбуот нашрларидаги хабарлар билан солиштирдим. Ижтимоий тармоқда менинг саҳифамни кузатганлар ҳали Қўқон, ҳали Хива, ҳали Шоҳимардонга борганимни кўриб, бекорчиликдан айланиб юрибди, деб ўйласа керак. Мен бекорчихўжамасман. Қолаверса, хонада ўтириб ҳиссиз ва тузсиз “эъжод” қиладиган ғўр ёзувчи ҳам эмасман. Ҳамза ҳақидаги асарни икки йил давомида суткасига ўн соатлаб ўтириб ишладим. Ишонсангиз, романни етти марта қайта ёздим. Бирорта асарим устида бунчалик кўп ўтирмаганман. Буюк ўрус ёзувчиси Толстой ҳам “Уруш ва тинчлик” устида шундай ишлаган.

Шу давр ичида битта хулосага келдим: БИЗ ҲАМЗАНИ ЯХШИ БИЛМАС ЭКАНМИЗ!

– Набижон ака, бизга ҳам шу қизиқ: Ҳамза ким? У ҳақда бугунги одамларнинг, айниқса, диндор кишиларнинг билгани шу: у дин душмани, паранжи ташлаш компаниясининг яловбардори, муқаддас динимизни ҳажв қилиб шеърлар ёзган шаккок шоир, совет давлатининг мафкуравий тарғиботчиси… Яна хотинбоз бўлгани учун тошбўрон қилинган баттол шахс деб билса керак.

055– Эээээ… Нималар деяпсиз?! Ҳамзахон 1911 йилда, яъни 23 ёшида исломнинг асосий арконларидан бири бўлмиш ҳаж амалини адо этиб қайтган асл мусулмон эди. Чўнтагида олтмиш сўм билан Яратганга таваккал қилиб муқаддас тупроқларни зиёрат қилиш учун отланган ҳожи эди. У бугунги айрим кишилардай гуноҳни қила-қила, бировларнинг ҳақини еб-еб, энди гуноҳимни ювиб келай деган чучмал тушунча билан борган ғофиллардан эмасди.

Ҳамза Шоҳимардонда хурофот аҳлининг думини туккани айни ҳақиқат ва унинг бу иши советлар даврида динга қарши курашчи сифатида талқин қилинган. Ифлос коммунистлар бу билан ҳам Ҳамзанинг, ҳам диндорларнинг шарафини булғайди, номига доғ туширишга эришади. Халқимиз жудаям содда, айниқса, диний тушунчаларда ўта ҳассос. Бундан ўша камномуслар унумли фойдаланган. Хотинбоз дейилганига келсак, унинг никоҳида хотини бўлган, аммо ҳозирги арбобча ва шоирчаларга ўхшаб ўйнаши бўлмаган. Динни ҳажв қилган бирор асарини кўрсатиб бера оласизми? Хурофот аҳлига қарши курашгани бор гап, аммо динга, асл диндорларга қарши эмас. У беш вақт намозини канда қилмаган, исломий рукнларга қатъий риоя этадиган покдомон киши бўлган. Араб тилини, форс тилини мукаммал билган, энг қизиғи, отасига арабча, форсча мактублар ёзган. Бу отасининг ҳам саводли киши бўлганини тасдиқлайди.

– Ҳамза Шоҳимардонга қандай бориб қолган? Аслида у ерда нималар содир бўлганди? Уни тошбўрон қилингани ростми?

– Ўтган асрнинг 17 йили чор россияда ҳукумат ағдариб, Ленин ва унинг ҳамтовоқлари иқтидорга келган бир пайтда Қўқонда мухторият тузилади, яъни мустақиллик эълон қилинади. Аммо қонхўр болшевиклар шаҳарни тўпга тутиб, халқни қонига ботириб, зиёлиларнинг умидини сўндиради. Ўша даврнинг энг машҳур шоири ким эди, биласизми? Чўлпон эмас! Фитрат ҳам, Усмон Носир ҳам эмасди. Сўфизода эди. Наманганлик шоир ўша даврнинг энг кучли ва жудаям иқтидорли ижодкори эди. Жадидларнинг отаси десак ҳам бўлади. (Унинг ижодига ҳам ҳали етарли эътибор ва баҳо берилган йўқ). Хива хонлигининг Хўжайли шаҳри Мовароунннаҳрнинг маънавий дарвозаси эди. Жадидчилик насимлари Боғчасарой томонлар эсиб, энг аввало шу шаҳарга етади. У чоррраҳада жойлашган ажойиб шаҳар бўлган. Сўфизода ўша ерда мактаб очган эди. У Ҳамзанинг устози бўлган. Ҳамза устозининг ёнига бориб, мактабда дарс беради. У ўта камбағал, ночор аҳволда бўлган. Мактабдорлик орқасидан қўл учида кун кечирган. Кейинчалик Қўқон, Марғилон шаҳарларидаям янгича усулдаги мактаблар очиб, миллатни илмли қилиш ва шу йўл билан нажотга эришиш ҳаракатига тушади. Унинг ўқувчилари қисқа муддатларда савод чиқариб, илмда илгарилаб кетарди, яъни педогогик услуби зўр бўлган.

Ўша даврдаги ўрис амалдорларга унинг бу сайи ҳаракатлари ёқмаган. Таъқиблардан зада бўлган шоир ота юрти Аввалга келиб қолади. Аввал Фарғона шаҳрининг ғарбида, Қувасой томонида жойлашган қишлоқ. Бу ерда у халқ хизматда бўлади. Лекин унинг машҳурлиги, ҳаракатчанлиги айрим маҳаллий корчалонларга ёқмайди. Шу боис унинг устидан Йўлдош Охунбобоевга қайта-қайта шикоят қилаверадилар. Йўлдош ота Аввалга келганида Ҳамза бир гуруҳ кишилар билан кўприк қурилишида жавлон уриб турган бўлади. “Сизларга керакмасми Ҳамзахон? Унда у ўзимизга тан”, дейди-да, уни фойтунига ўтқизиб, Шоҳимардонга жўнайди.

Шоҳимардонда янги артел (колхоз) тузилган, аммо халқ ишлашни хоҳламаётган эди. Чунки ер мулкдорлардан тортиб олиниб, гўё умумхалқ мулки деб эълон қилинган эди. Халқ тузини тотиб, тузлиғига тупурадиган нонкўр эмасди, шунинг учун артелда ишлашдан бош тортади. Бу ер эгаларининг ҳақига хиёнат эканини биларди. Ҳукумат Ҳамзанинг машҳурлигидан фойдаланиб бу ердаги ишларни ўнгламоқчи бўлади.

Шоҳимардонда машҳур зиёратгоҳ бор, мақбара. Ундаги қабр ҳазрати Али жанобларига нисбат берилади. Менимча, бу рамзий қабр бўлиши керак, чунки у зоти шарифнинг араб тупроғига дафн этилганлари ҳаммамизга маълум. Шу мақбарага қўтоснинг думини осиб қўйган хурофотчилар зиёратга келган оми халқни алдаб, бойлик орттириб юрган бўлади. Қандай қилиб дейсизми? Қорни оғригангаям, песгаям, моховгаям, туғмаётган жувонгаям, тутқаноққаям шу думнинг толасини “банияти шифо” деб пуллайверади. У ерда ҳар куни қанчадан қанча қўйлар, товуқлар сўйилиб, қабр эгасидан мурод ҳосил бўлишини тилайдилар.

Шу ишлар ислом динига тўғри келадими? Ширк эмасми қабрларга сиғиниш? Бу хурофотми ё бидъатми, нима бўлсаям, севимли Пайғамбаримиз олиб келган динга алоқаси борми? У зот каъбатуллоҳдаги бут-cанамларни йўқ қилиш учун келмаганларми? Ҳа, балли!

Ҳамза диний олим эди. У саводини Намангандаги мадрасада чиқарган эди. Шунинг учун у Шоҳимардондаги найрангбозларнинг думини тугишга киришди. Ўша машъум думни олиб ташлашни буюриб, касалларга табибларга учрашни тавсия қилади. Олтиариққа бориб келса, дум ҳалиям турган бўлади. Тўртта миршабнинг тепасида ўзи туриб, уларга думни олдираётган пайти…ўз тижоратидан айрилаётганини англаган хурофотчи, салласи катта, ақли ноқис “шайх”лар оломонни уларга қарши қайрайди. Оломон ким эди, биласизми? Ўша атрофдаги бўзахонада бўза ичиб ўтирган авбошлар эди. Бўза дегани ароқ эканини билсангиз керак? Маст-аласт безорилар миршабларни ура бошлайди. Натижа нима бўлиши Ҳамзага маълум эди. Миршабларнинг сочидан бир тола соч тўкилса, қўшимча кучлар ташланиб, ҳаммасини қириб ташлар эди. Шунинг учун у оломонни қайтаришга уринади. Бундан фойдаланган бир кимса кўзи қонга тўлган йигитларга “Асл айбдор аслида шу!” деб қора кучни унга йўналтириб юборади. Хуллас, Болта деган йигит Ҳамзанинг қорнига шартта пичоқ тортиб ташлайди. У гурсиллаб ерга йиқилади. Қотиллар шунда ҳам тўхтамай, девордан катта бир тошни кўчириб олиб, ўлган тананинг устидан тош билан уриб ўтаверадилар, ўтаверадилар… Кейин мажақланган танани тоғдан улоқтириб юборишади. (Бу ҳақда Ўзб.Давлат архивида Ф.р. -. 1714, оп № 5, дело № 327, дело № 328 рақамлари остида «махфий» сақланаётган – «Убийство Хамзы Хакимзаде» – жилдтахламларини кўздан кечириб кўришингиз мумкин)

Энди айтингчи, исломда ароқ ичиш жоизми?! Бидъат-хурофотга қарши курашган одамни сўйиб ўлдирган қотиллар қаҳрамон саналадими?! Агар одам айбдор бўлган тақдирдаям, уни қозининг ҳукмисиз ўлдириб юбориш мумкинми?! Менимча, уни шаҳиди аъло бўлмасаям, мазлум ва ноҳақлик қурбони десак, адашмаймиз.

– Уни хотинбоз, паранжини ташлашга бош қош бўлган, дейдиганларга нима дейсиз?

– Нимаям дердим, бир мўмин-мусулмонга туҳмат қилган одамларнинг жазосини мен бермайман, Ўзи беради. Паранжини аллақачон ташлаб бўлган эди аёллар… Молотовнинг бу ҳақдаги қарори чиққан эди. Бунақа чучмал ва ёлғон хабарнинг шаклланишига ўша машҳур “Оловли йиллар” киноси сабаб бўлса керак. Ўша кинонинг сенарийсида ҳам бунақа жойи бўлмаган, аммо ўрис режиссёри “престижний бўлади” деб тасвирга олиш пайтида шунақа саҳнани тиқиштириб юборган экан. Кейин совет даврида унинг асарларини бузиб чоп этишди. Масалан, яша, Турон, деган сатрини “Яша, шўро”, деб ўзгартирган олимлар катта-катта унвонларни олиб, кайфу сафода кун кечириб ўтди. Бундайин хиёнатларда Ҳамзанинг нима айби бор?!

“Келди очилур чоғинг…” деб бошланадиган шеърини ҳам паранжига нисбат бериб тушунилади. Бу хато! Ушбу шеърни аёлларни маърифатга чорлаш учун ёзган, рўмолингни еч, кўкрагингни, сонингни очиб юр деб ёзмаган. Агар совет мафкураси шундай талқин қилган бўлсаю кимдир шунга ишонса, нимаям дердим, билганини қилсин. Аммо Қуръони каримда ҳам “…фосиқ келтирган хабарни текширинг…” деган мазмунда оят бор, тўғрими?

– Тўғри, “Ҳужурот” сураси, 6-оятда шундай амр бор. Набижон ака, айрим муштарийлар кўнглидан: “Мана шу гапларга далил борми?” деган фикр ўтса, ажабмас.

–  Ана архивга борсин, текшириб кўрсин истаса… Каллангиз ишласа, дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрингчи, агар ростданам Ҳамза ёмон бўлса, уни оқлашдан менга нима наф? У менинг бобомми ё хотинимнинг тоғасими? Ё “тепа”дан кимдир менга шундай ёзгин деб буюртма берибдими? Мен кимларгадир ёқиш учун лаганбардорлик қиладиган пасткаш эмасман. Ё унвон ё уй учун тилёғламачилик қиладиганларданам қаттиқ хазар қиламан… Асарларимни халқ учун, келажак авлод учун ёзаман. Миллат асл қаҳрамонларини билсин, танисин, ўзлигини англасин, қаддини кўтарсин, деган ниятда қалам тебратаман. Толстойни гапирдик, унинг катта даромад келтирадиган ерлари бўлган, мен эса ўз меҳнатим билан кун кечириб, асарлар ёзиб юрибман.

Афсуски, минг афсуски, ҳали Ҳамзанинг, шу жумладан, Сўфизоданинг асарлари халқимизга тўла етиб боргани йўқ. Ёш олимларимиздан умидим ва рижойим шуки, бу икки миллатпарвар ижодкорларнинг чанг босиб ётган асарларини тезроқ табдил қилиб, халқимиз эътиборига ҳавола этсинлар.

Қодирийнинг тили қанчалар гўзал, а? “Ўтган кунлар”ни ўқиб яйрайсиз. Чўлпон асарларининг ифодаси ҳам ўзига хос. Аммо Ҳамзанинг асарларни ўқисангиз, бу икки адибнинг қаламидан ҳам ўткирроқ, халқчилроқ эканига амин бўласиз. Бу муболаға эмас. Интернетдан “Ҳамза монологи” номли мақоламни топиб, ўқишларингизни ҳам тавсия қиламан. Ўша мақолада ҳам кўнглимдаги анча мунча фикрларни баён қилганман.

Яна бир гап: миллатимиз ойдинларини, зиёлиларини, буюк фарзандларини ерга уриб, уларни қоралашдан нима фойда бор?! Беайб парвардигор, ҳеч ким нуқсонлардан холи эмас, албатта. Аммо қайси бир халқ ўз қаҳрамонларини яхши таниса, ҳурмат бажо келтирса, ўша миллатнинг келажаги порлоқ бўлади. Нега деганда, ёш авлод ўз миллий қаҳрамонларидан илҳом ва ибрат олиб улғаяди. Бу ҳақда ортиқча гапга ҳожат йўқ менимча. Шунинг учун мен Хиванинг сўнгги хони Исфандиёрхон ҳақида ҳам роман ёздим. Бу дилбар шахснинг мунаввар ҳаёт йўлини имкон қадар тасвирлаб бердим. Албатта, мавриди келса бу каби асарларим азиз китобхонларимиз қўлига етиб боради, деган қаноатдаман.

– Набижон ака, мазмунли суҳбат учун сизга мухлислар ва таҳририятимиз номидан ташаккур билдирамиз. Сиздай миллат фидойилари доим бор бўлсин. Хайрли ишлардан чарчаманг, илоҳим…

P.S.: Ҳ.Ҳ.Ниёзийнинг «Ҳуррият» журнали 1917 йил №1 сонида босилган Туркистон мухториятига бағишланган «Букунги қадрлик кун» мақоласидан иқтибос:

«Ҳой, аҳли ватан, букун хизмат куни экан. Ким миллатни суюр, ким динга хизмат қилмоқ истар? Ким Тангрисин ризолиғин, ким руҳи пайғамбарин шод бўлурини истар, ким маҳшарда «Ислом миллатига на хизмат қилдинг?» деган хитобга сарнигун бўлмовни, сукутда қолмовни истар экан, уламоми, бойми, гадоми, ёшми, қарими – келсун, бу хизматга отилсун. Масъулиятни ўзидан кўтарсун. Букун – тижорат куни эмас, букун – саёҳат куни эмас, букун – иш эмас, букун – ўқув ва ўқитув куни эмас, букун – мен катта, сен кичик, сен бой, мен бечора, биз уламою сиз авом дейдурган кун эмас. Букун – иттифоқ ўрнига нифоқ, садоқат ўрнига адоват қиладурган кун эмас.

Яна қичқуриб айтурмиз, ҳой, биродарлар, букун – хизмат куни, букун – иззат, ҳурмат, даража ва мартаба талаб этув куни эмасдур. Онгласи куни!

Фидокор ёшлар! 700 минг халқимиз тарафиндан 20 минг халқ шаҳодати билан ҳануз жасади вужуд оламига кўчмаган миллион-миллион авлоди исломни келажакдаги ҳуқуқини тайин этувни ўз устингизга олдингизми? Бошқалар ҳам олди. Лекин сиз қараб турманг, ҳамон ўз вазифангизни адо этмоққа киришинг, ўз манфаатидан кечувчи сиз бўлуб кўрунмакдасиз, ҳамон давом этинг, эртаги товуққа олдануб, бу кунги тухумдан ҳам ўзингизни ва ҳам мустақбил авлодингизни маҳрум қилманг. «Хизмат – ўлмас мол» каби муқаддас боболаримизнинг гавҳардек қадрли ҳикматли сўзлари ёдингизда бўлсин!
Яшасун ёшлар! «

Суҳбатдош Абдулазиз Муборак
M: Azon.uz

Yaqin o’tmishimizning eng yorqin va ziddiyatli ziyolilaridan biri Hamzadir. U kim edi: dindormi yo dahriy? U paranji tashlash kompaniyasiga bosh qosh bo’lganmi? U rostdan ham xotinboz, maishiy buzuq bo’lganmi? Biz u haqda nimlarni bilamiz?

HAMZA HAKIMZODA NIYOZIY KIM EDI:
DAHRIYMI Yo DINDOR?
Yozuvchi Nabijon Boqiy bilan suhbat
02

   Bugungi yoshlar Nabijon Boqiyning O’zb.SSR KGBsi arxivini obdon o’rganib, Qodiriyning fojiaviy o’limi haqida “Qatlnoma”, Tojikiston kompartiyasi arxivini yillab titkilab, “bosmachi”lik harakati va turk generali Anvar posho haqida “Chingiz afandiga maktublar” kabi hujjatli qissalar yozganidan ko’p ham xabardor bo’lmasa kerak. Mazkur asarlari xorijiy davlatlarda juda mashhur va qayta-qayta nashr etilayotir. Ajabmaski, yaqin yillar ichida o’zbek o’quvchilari ham adibning ajoyib va nodir asarlaridan bahramand bo’lib qolsa…
   Yaqinda Nabijon Boqiy tarixiy dalillar asosida “Qizil toshbo’ron” hujjatli roman yozib tugatdi. Bugun millatparvar yozuvchi bilan Hamza Hakimzoda Niyoziy shaxsiyati va hali “siyohi qurimagan” yangi asari haqida suhbatlashdik.

– Nabijon aka! Avvalo yangi romaningizni yozishga undagan omillar va asarning yaratilish jarayoni haqida gapirib bersangiz.

– Bilasizmi, buni yozish uchun hozirlikni taxminan 25 yillar avval boshlagandim. O’zbekiston davlat arxiviga borsangiz, Hamzaga tegishli hujjatlarni olganlar ro’yxatida albatta mening ismi sharifimni topasiz. Hatto ulardan nusxa ko’chirib, Qo’qondagi muzeyiga ham olib borib berganman. Rasmiy hujjatlardan tashqari, Hamza haqida yozilgan xotiralarni o’qidim, ma’lumotlarni o’sha paytdagi mahalliy matbuot nashrlaridagi xabarlar bilan solishtirdim. Ijtimoiy tarmoqda mening sahifamni kuzatganlar hali Qo’qon, hali Xiva, hali Shohimardonga borganimni ko’rib, bekorchilikdan aylanib yuribdi, deb o’ylasa kerak. Men bekorchixo’jamasman. Qolaversa, xonada o’tirib hissiz va tuzsiz “e’jod” qiladigan g’o’r yozuvchi ham emasman. Hamza haqidagi asarni ikki yil davomida sutkasiga o’n soatlab o’tirib ishladim. Ishonsangiz, romanni yetti marta qayta yozdim. Birorta asarim ustida bunchalik ko’p o’tirmaganman. Buyuk o’rus yozuvchisi Tolstoy ham “Urush va tinchlik” ustida shunday ishlagan.

Shu davr ichida bitta xulosaga keldim: BIZ HAMZANI YaXShI BILMAS EKANMIZ!

– Nabijon aka, bizga ham shu qiziq: Hamza kim? U haqda bugungi odamlarning, ayniqsa, dindor kishilarning bilgani shu: u din dushmani, paranji tashlash kompaniyasining yalovbardori, muqaddas dinimizni hajv qilib she’rlar yozgan shakkok shoir, sovet davlatining mafkuraviy targ’ibotchisi… Yana xotinboz bo’lgani uchun toshbo’ron qilingan battol shaxs deb bilsa kerak.

– Eeeee… Nimalar deyapsiz?! Hamzaxon 1911 yilda, ya’ni 23 yoshida islomning asosiy arkonlaridan biri bo’lmish haj amalini ado etib qaytgan asl musulmon edi. Cho’ntagida oltmish so’m bilan Yaratganga tavakkal qilib muqaddas tuproqlarni ziyorat qilish uchun otlangan hoji edi. U bugungi ayrim kishilarday gunohni qila-qila, birovlarning haqini yeb-eb, endi gunohimni yuvib kelay degan chuchmal tushuncha bilan borgan g’ofillardan emasdi.

088Hamza Shohimardonda xurofot ahlining dumini tukkani ayni haqiqat va uning bu ishi sovetlar davrida dinga qarshi kurashchi sifatida talqin qilingan. Iflos kommunistlar bu bilan ham Hamzaning, ham dindorlarning sharafini bulg’aydi, nomiga dog’ tushirishga erishadi. Xalqimiz judayam sodda, ayniqsa, diniy tushunchalarda o’ta hassos. Bundan o’sha kamnomuslar unumli foydalangan. Xotinboz deyilganiga kelsak, uning nikohida xotini bo’lgan, ammo hozirgi arbobcha va shoirchalarga o’xshab o’ynashi bo’lmagan. Dinni hajv qilgan biror asarini ko’rsatib bera olasizmi? Xurofot ahliga qarshi kurashgani bor gap, ammo dinga, asl dindorlarga qarshi emas. U besh vaqt namozini kanda qilmagan, islomiy ruknlarga qat’iy rioya etadigan pokdomon kishi bo’lgan. Arab tilini, fors tilini mukammal bilgan, eng qizig’i, otasiga arabcha, forscha maktublar yozgan. Bu otasining ham savodli kishi bo’lganini tasdiqlaydi.

– Hamza Shohimardonga qanday borib qolgan? Aslida u yerda nimalar sodir bo’lgandi? Uni toshbo’ron qilingani rostmi?

– O’tgan asrning 17 yili chor rossiyada hukumat ag’darib, Lenin va uning hamtovoqlari iqtidorga kelgan bir paytda Qo’qonda muxtoriyat tuziladi, ya’ni mustaqillik e’lon qilinadi. Ammo qonxo’r bolsheviklar shaharni to’pga tutib, xalqni qoniga botirib, ziyolilarning umidini so’ndiradi. O’sha davrning eng mashhur shoiri kim edi, bilasizmi? Cho’lpon emas! Fitrat ham, Usmon Nosir ham emasdi. So’fizoda edi. Namanganlik shoir o’sha davrning eng kuchli va judayam iqtidorli ijodkori edi. Jadidlarning otasi desak ham bo’ladi. (Uning ijodiga ham hali yetarli e’tibor va baho berilgan yo’q). Xiva xonligining Xo’jayli shahri Movarounnnahrning ma’naviy darvozasi edi. Jadidchilik nasimlari Bog’chasaroy tomonlar esib, eng avvalo shu shaharga yetadi. U chorrrahada joylashgan ajoyib shahar bo’lgan. So’fizoda o’sha yerda maktab ochgan edi. U Hamzaning ustozi bo’lgan. Hamza ustozining yoniga borib, maktabda dars beradi. U o’ta kambag’al, nochor ahvolda bo’lgan. Maktabdorlik orqasidan qo’l uchida kun kechirgan. Keyinchalik Qo’qon, Marg’ilon shaharlaridayam yangicha usuldagi maktablar ochib, millatni ilmli qilish va shu yo’l bilan najotga erishish harakatiga tushadi. Uning o’quvchilari qisqa muddatlarda savod chiqarib, ilmda ilgarilab ketardi, ya’ni pedogogik uslubi zo’r bo’lgan.

O’sha davrdagi o’ris amaldorlarga uning bu sayi harakatlari yoqmagan. Ta’qiblardan zada bo’lgan shoir ota yurti Avvalga kelib qoladi. Avval Farg’ona shahrining g’arbida, Quvasoy tomonida joylashgan qishloq. Bu yerda u xalq xizmatda bo’ladi. Lekin uning mashhurligi, harakatchanligi ayrim mahalliy korchalonlarga yoqmaydi. Shu bois uning ustidan Yo’ldosh Oxunboboyevga qayta-qayta shikoyat qilaveradilar. Yo’ldosh ota Avvalga kelganida Hamza bir guruh kishilar bilan ko’prik qurilishida javlon urib turgan bo’ladi. “Sizlarga kerakmasmi Hamzaxon? Unda u o’zimizga tan”, deydi-da, uni foytuniga o’tqizib, Shohimardonga jo’naydi.

Shohimardonda yangi artel (kolxoz) tuzilgan, ammo xalq ishlashni xohlamayotgan edi. Chunki yer mulkdorlardan tortib olinib, go’yo umumxalq mulki deb e’lon qilingan edi. Xalq tuzini totib, tuzlig’iga tupuradigan nonko’r emasdi, shuning uchun artelda ishlashdan bosh tortadi. Bu yer egalarining haqiga xiyonat ekanini bilardi. Hukumat Hamzaning mashhurligidan foydalanib bu yerdagi ishlarni o’nglamoqchi bo’ladi.

Shohimardonda mashhur ziyoratgoh bor, maqbara. Undagi qabr hazrati Ali janoblariga nisbat beriladi. Menimcha, bu ramziy qabr bo’lishi kerak, chunki u zoti sharifning arab tuprog’iga dafn etilganlari hammamizga ma’lum. Shu maqbaraga qo’tosning dumini osib qo’ygan xurofotchilar ziyoratga kelgan omi xalqni aldab, boylik orttirib yurgan bo’ladi. Qanday qilib deysizmi? Qorni og’rigangayam, pesgayam, moxovgayam, tug’mayotgan juvongayam, tutqanoqqayam shu dumning tolasini “baniyati shifo” deb pullayveradi. U yerda har kuni qanchadan qancha qo’ylar, tovuqlar so’yilib, qabr egasidan murod hosil bo’lishini tilaydilar.

Shu ishlar islom diniga to’g’ri keladimi? Shirk emasmi qabrlarga sig’inish? Bu xurofotmi yo bid’atmi, nima bo’lsayam, sevimli Payg’ambarimiz olib kelgan dinga aloqasi bormi? U zot ka’batullohdagi but-canamlarni yo’q qilish uchun kelmaganlarmi? Ha, balli!

Hamza diniy olim edi. U savodini Namangandagi madrasada chiqargan edi. Shuning uchun u Shohimardondagi nayrangbozlarning dumini tugishga kirishdi. O’sha mash’um dumni olib tashlashni buyurib, kasallarga tabiblarga uchrashni tavsiya qiladi. Oltiariqqa borib kelsa, dum haliyam turgan bo’ladi. To’rtta mirshabning tepasida o’zi turib, ularga dumni oldirayotgan payti…o’z tijoratidan ayrilayotganini anglagan xurofotchi, sallasi katta, aqli noqis “shayx”lar olomonni ularga qarshi qayraydi. Olomon kim edi, bilasizmi? O’sha atrofdagi bo’zaxonada bo’za ichib o’tirgan avboshlar edi. Bo’za degani aroq ekanini bilsangiz kerak? Mast-alast bezorilar mirshablarni ura boshlaydi. Natija nima bo’lishi Hamzaga ma’lum edi. Mirshablarning sochidan bir tola soch to’kilsa, qo’shimcha kuchlar tashlanib, hammasini qirib tashlar edi. Shuning uchun u olomonni qaytarishga urinadi. Bundan foydalangan bir kimsa ko’zi qonga to’lgan yigitlarga “Asl aybdor aslida shu!” deb qora kuchni unga yo’naltirib yuboradi. Xullas, Bolta degan yigit Hamzaning qorniga shartta pichoq tortib tashlaydi. U gursillab yerga yiqiladi. Qotillar shunda ham to’xtamay, devordan katta bir toshni ko’chirib olib, o’lgan tananing ustidan tosh bilan urib o’taveradilar, o’taveradilar… Keyin majaqlangan tanani tog’dan uloqtirib yuborishadi. (Bu haqda O’zb.Davlat arxivida F.r. -. 1714, op № 5, delo № 327, delo № 328 raqamlari ostida «maxfiy» saqlanayotgan – «Ubiystvo Xamzы Xakimzade» – jildtaxlamlarini ko’zdan kechirib ko’rishingiz mumkin)

Endi aytingchi, islomda aroq ichish joizmi?! Bid’at-xurofotga qarshi kurashgan odamni so’yib o’ldirgan qotillar qahramon sanaladimi?! Agar odam aybdor bo’lgan taqdirdayam, uni qozining hukmisiz o’ldirib yuborish mumkinmi?! Menimcha, uni shahidi a’lo bo’lmasayam, mazlum va nohaqlik qurboni desak, adashmaymiz.

– Uni xotinboz, paranjini tashlashga bosh qosh bo’lgan, deydiganlarga nima deysiz?

– Nimayam derdim, bir mo’min-musulmonga tuhmat qilgan odamlarning jazosini men bermayman, O’zi beradi. Paranjini allaqachon tashlab bo’lgan edi ayollar… Molotovning bu haqdagi qarori chiqqan edi. Bunaqa chuchmal va yolg’on xabarning shakllanishiga o’sha mashhur “Olovli yillar” kinosi sabab bo’lsa kerak. O’sha kinoning senariysida ham bunaqa joyi bo’lmagan, ammo o’ris rejissyori “prestijniy bo’ladi” deb tasvirga olish paytida shunaqa sahnani tiqishtirib yuborgan ekan. Keyin sovet davrida uning asarlarini buzib chop etishdi. Masalan, yasha, Turon, degan satrini “Yasha, sho’ro”, deb o’zgartirgan olimlar katta-katta unvonlarni olib, kayfu safoda kun kechirib o’tdi. Bundayin xiyonatlarda Hamzaning nima aybi bor?!

“Keldi ochilur chog’ing…” deb boshlanadigan she’rini ham paranjiga nisbat berib tushuniladi. Bu xato! Ushbu she’rni ayollarni ma’rifatga chorlash uchun yozgan, ro’molingni yech, ko’kragingni, soningni ochib yur deb yozmagan. Agar sovet mafkurasi shunday talqin qilgan bo’lsayu kimdir shunga ishonsa, nimayam derdim, bilganini qilsin. Ammo Qur’oni karimda ham “…fosiq keltirgan xabarni tekshiring…” degan mazmunda oyat bor, to’g’rimi?

– To’g’ri, “Hujurot” surasi, 6-oyatda shunday amr bor. Nabijon aka, ayrim mushtariylar ko’nglidan: “Mana shu gaplarga dalil bormi?” degan fikr o’tsa, ajabmas.

–  Ana arxivga borsin, tekshirib ko’rsin istasa… Kallangiz ishlasa, do’ppini boshdan olib o’ylab ko’ringchi, agar rostdanam Hamza yomon bo’lsa, uni oqlashdan menga nima naf? U mening bobommi yo xotinimning tog’asimi? Yo “tepa”dan kimdir menga shunday yozgin deb buyurtma beribdimi? Men kimlargadir yoqish uchun laganbardorlik qiladigan pastkash emasman. Yo unvon yo uy uchun tilyog’lamachilik qiladiganlardanam qattiq xazar qilaman… Asarlarimni xalq uchun, kelajak avlod uchun yozaman. Millat asl qahramonlarini bilsin, tanisin, o’zligini anglasin, qaddini ko’tarsin, degan niyatda qalam tebrataman. Tolstoyni gapirdik, uning katta daromad keltiradigan yerlari bo’lgan, men esa o’z mehnatim bilan kun kechirib, asarlar yozib yuribman.

Afsuski, ming afsuski, hali Hamzaning, shu jumladan, So’fizodaning asarlari xalqimizga to’la yetib borgani yo’q. Yosh olimlarimizdan umidim va rijoyim shuki, bu ikki millatparvar ijodkorlarning chang bosib yotgan asarlarini tezroq tabdil qilib, xalqimiz e’tiboriga havola etsinlar.

Qodiriyning tili qanchalar go’zal, a? “O’tgan kunlar”ni o’qib yayraysiz. Cho’lpon asarlarining ifodasi ham o’ziga xos. Ammo Hamzaning asarlarni o’qisangiz, bu ikki adibning qalamidan ham o’tkirroq, xalqchilroq ekaniga amin bo’lasiz. Bu mubolag’a emas. Internetdan “Hamza monologi” nomli maqolamni topib, o’qishlaringizni ham tavsiya qilaman. O’sha maqolada ham ko’nglimdagi ancha muncha fikrlarni bayon qilganman.

Yana bir gap: millatimiz oydinlarini, ziyolilarini, buyuk farzandlarini yerga urib, ularni qoralashdan nima foyda bor?! Beayb parvardigor, hech kim nuqsonlardan xoli emas, albatta. Ammo qaysi bir xalq o’z qahramonlarini yaxshi tanisa, hurmat bajo keltirsa, o’sha millatning kelajagi porloq bo’ladi. Nega deganda, yosh avlod o’z milliy qahramonlaridan ilhom va ibrat olib ulg’ayadi. Bu haqda ortiqcha gapga hojat yo’q menimcha. Shuning uchun men Xivaning so’nggi xoni Isfandiyorxon haqida ham roman yozdim. Bu dilbar shaxsning munavvar hayot yo’lini imkon qadar tasvirlab berdim. Albatta, mavridi kelsa bu kabi asarlarim aziz kitobxonlarimiz qo’liga yetib boradi, degan qanoatdaman.

– Nabijon aka, mazmunli suhbat uchun sizga muxlislar va tahririyatimiz nomidan tashakkur bildiramiz. Sizday millat fidoyilari doim bor bo’lsin. Xayrli ishlardan charchamang, ilohim…

P.S.: H.H.Niyoziyning «Hurriyat» jurnali 1917 yil №1 sonida bosilgan Turkiston muxtoriyatiga bag’ishlangan «Bukungi qadrlik kun» maqolasidan iqtibos:

«Hoy, ahli vatan, bukun xizmat kuni ekan. Kim millatni suyur, kim dinga xizmat qilmoq istar? Kim Tangrisin rizolig’in, kim ruhi payg’ambarin shod bo’lurini istar, kim mahsharda «Islom millatiga na xizmat qilding?» degan xitobga sarnigun bo’lmovni, sukutda qolmovni istar ekan, ulamomi, boymi, gadomi, yoshmi, qarimi – kelsun, bu xizmatga otilsun. Mas’uliyatni o’zidan ko’tarsun. Bukun – tijorat kuni emas, bukun – sayohat kuni emas, bukun – ish emas, bukun – o’quv va o’qituv kuni emas, bukun – men katta, sen kichik, sen boy, men bechora, biz ulamoyu siz avom deydurgan kun emas. Bukun – ittifoq o’rniga nifoq, sadoqat o’rniga adovat qiladurgan kun emas.

Yana qichqurib ayturmiz, hoy, birodarlar, bukun – xizmat kuni, bukun – izzat, hurmat, daraja va martaba talab etuv kuni emasdur. Onglasi kuni!

Fidokor yoshlar! 700 ming xalqimiz tarafindan 20 ming xalq shahodati bilan hanuz jasadi vujud olamiga ko’chmagan million-million avlodi islomni kelajakdagi huquqini tayin etuvni o’z ustingizga oldingizmi? Boshqalar ham oldi. Lekin siz qarab turmang, hamon o’z vazifangizni ado etmoqqa kirishing, o’z manfaatidan kechuvchi siz bo’lub ko’runmakdasiz, hamon davom eting, ertagi tovuqqa oldanub, bu kungi tuxumdan ham o’zingizni va ham mustaqbil avlodingizni mahrum qilmang. «Xizmat – o’lmas mol» kabi muqaddas bobolarimizning gavhardek qadrli hikmatli so’zlari yodingizda bo’lsin!
Yashasun yoshlar! «

Suhbatdosh Abdulaziz Muborak
M: Azon.uz

03

(Tashriflar: umumiy 1 294, bugungi 1)

1 izoh

  1. Hamza Hakimzoda xalq yozuvchisi.Nima uchun Hakimzoda deyishadi.CHunki uning otasi shifokor bo`lgan.O`sha davrlarda shifokorlarni »HAKIMZODA» deyishgan.Hakimzoda 10 yoshidan o`zbekcha forschani bilgan.SHuning uchun ham Hakimzoda menga yoqadi.

Izoh qoldiring