Umid Bekmuhammad: Vaqt tez o’tyapti & Kundalik daftardan

045Тарихчи ва публицист Умид Бекмуҳаммадни 40 ёшга тўлиши  билан табриклаймиз.

Вақт нақадар тез ўтишини ва ундан катта бойлик йўқ эканлигини фақат кексаларгина яхши англайдилар.Бироқ, энди кеч.Ёшлар эса ҳали ҳаммаси олдинда дея ўзларини овутиб юришади.Ўзингни ўзинг овутиш ҳам орзу ва умидлар сўнмаганини билдиради.Бироқ ўзингни овутаётган пайтда ҳам ВАҚТ ўтаётганини унутмаслик керак.

“ВАҚТ ТЕЗ ЎТАЯПДИ…”
Умид Бекмуҳаммад билан суҳбат
Суҳбатдош: Дилфуза Бегим
034

    Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов Умиджон Тожимуротович) 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан тумани Сахтиён қишлоғида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.”Олтин Мерос” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, “Орол-Каспий” илмий ишлаб чиқариш корхонаси, бир қатор матбуот нашрларида, Гурлан тумани ҳокимлигида, Урганч Давлат Университетида ишлаган. Ўзбекистон ва хориждаги 63 та газета-журналларда 700га яқин мақолалари, 30 та тарихий-публицистик китоби , “Пушкиннинг армонлари” роман-эссеси нашр қилинган.

034

-Аввало сизни таваллуд айёмингиз билан табриклаймиз. Гарчи 40 ёшга табаррук сана сифатида қаралмасада, босиб ўтган йиллар сабаб сиздаям ортга бир назар солиш имкони бўлса керак бу вақт.Шундай эмасми?

-Ташаккур.Мен фақат кексалик томон илдамлаб бораётган фақат бу санада эмас, ҳар бир тунда ўтган кунимда нима қилганимни ҳисоб қилиб бораман.Афсуски, нафақат мен, шунингдек бошқа тенгдошларим, балки кўпчилик меним назаримда вақтнинг қадрига етмаяпти. Вақт нақадар тез ўтишини ва ундан катта бойлик йўқ эканлигини фақат кексаларгина яхши англайдилар.Бироқ, энди кеч.Ёшлар эса ҳали ҳаммаси олдинда дея ўзларини овутиб юришади.Ўзингни ўзинг овутиш ҳам орзу ва умидлар сўнмаганини билдиради.Бироқ ўзингни овутаётган пайтда ҳам ВАҚТ ўтаётганини унутмаслик керак.

-Сиз билан жамиятда кечаётган маънавий ислоҳотлар, илм ва ижод, китобхонлик мавзусида суҳбатлашишни ният қилгандик. Китобхонлигингизни билганим учун аввало китобга қачондан бошлаб меҳр қўйгансиз дея сўрамоқчи эдим.

-Гарчи дадам ҳайдовчи, ойим тикувчи, қишлоқ аёли бўлсаларда, мен мактабга бормасимдан олдиноқ уйимизда китоблар, газета-журналлар кўп бўлганини биламан.Мактабга бориб ҳарф танигач эса мактаб-у, қишлоқ кутубхонасига бормаган куним йўқ эди десам бўлади.Бу ҳолатни мен нафақат бизнинг оилада, балки қўшнилару, синфдошларим, тенгдошларим орасидаям кузатганман.7-12 ёшларимизда маҳалламиз болалари туғилган кунларимизда зиёфат ташкил қилиб, бир-биримизга китоб совға қилардик.Дадам, ойим ҳам туман марказига боришса албатта янги чиққан китоблар олиб келишарди.Мактаб пайтимда кўпинча пешиндан кейин ўқир, шу боис эрталабдан қишлоқ кутубхонасига бориб китоб олардиму, уйга келганимдан ўқишга тутинардим.Баъзида шу куннинг ўзида китобни ўқиб бўлиб, дарсдан чиққач китобни топшириб, янгисини олиб кетган пайтларим бўлган.Мактаб дарсликларидан адабиёт, тарих фани китобларини олган кунимдан ўқишга тутинардим.Хуллас, китоб менга болалигимдан ҳамроҳ.Уйдаги кутубхонамда болалик пайтимда жўраларим совға қилган, дадам-ойим олиб келган китоблар ҳанузгача бор.

-Китобга бу ошналик сизни мактабда аъло баҳоларга ўқишингизга сабабчи бўлгандир?

-Кўпчилик ўқувчилар сингари бошланғич синфдан то 8-9 синфларгача аъло ва яхши баҳоларга ўқиганман.Ҳаттоки 4-5-синфларда синф сардори ҳам бўлганман.Аммо балоғат ёшида ўқишга қизиқиш камайгани йўғу, китоб,дарсларни танлаш, саралаш ва айрим ўқитувчиларнинг касб маҳорати, ўзини тутиши, феъл-атворига қараб баъзи дарсларга иштиёқ сўнган.Қолаверса мен учун дарс пайтида олинган баҳо эмас, мавзуни қанчалик билишим асосий даражага чиқди.Шу боисдан ҳаттоки тарих фанларидан ҳам “3”баҳога ўқиган вақтларим бўлган.

-Тарихчи бўлишни қачон ўз олдингизга мақсад қилиб қўйгансиз?

-Боя айтганимдек, уйимизда китоблар, газета-журналлар кўп эди.Меним балоғатга етган пайтим қайта қуришнинг сўнгги йиллари, истиқлол арафаси ва мустақилликнинг қўлга киритилиш пайтига тўғри келади.Ўспирин бўлсамда жамиятда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни асосан матбуот орқали кузатардим.”Ёш ленинчи”, “Фан ва турмуш”, “Ёшлик”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Саодат” журналларига обуна бўлганимиздан, уларни почтачи олиб келганданоқ ўқишга тушардим.Баъзида почтачи ҳар кунги вақтдан кечикса, кўчага чиқиб йўлини пойлардим. Обуна бўлолмай қолган йилимиз матбуот дўкончасига бориб, сотувчи опага “Фан ва турмуш” келмадими? дея сўрайвериб безор қилганим эсимда.Ана шу нашрлардаги мақолаларни ўқиб мендаям дастлаб журналист бўлиш истаги уйғонганди. Бироқ мактабни битириш арафасида-1992 йил баҳорида китоб дўконидан Хуршид Давроннинг “Самарқанд хаёли” китобини олиб ўқидиму истагим ўзгарди-тарихчи бўлишга аҳд қилдим.Шу ниятда Урганч Давлат Университетига ҳужжатларимни тобширганман.Бу пайтга келиб юртимизда истиқлол нафаси уфурар, илгариги Хоразм пединститути университетга айлантирилган, дастлабки давлат тест имтиҳонлари бўлиши кўзда тутилганди. Эътиборлиси, университетга ҳужжат топшираётганимда, битирувчилардан бири мени чақириб қўлимдаги аттестат ва ҳужжатларни кўздан кечирди ва сўради:
-Қайси факультетга кирмоқчисан?
-Тарихга-дедим.
-Тарихдан аттестатингда “уч” баҳо бор экан.Қандай кирасан? Ҳойнаҳой “танка”нг бўлса керак?

Қишлоқдан борган 17 ёшли йигит ўша кунгача “танка” сўзини эшитмаганим учун “танка” нима деб сўрашга ботинаолмаганимдан, “йўқ” деб қўяқолдим.Ўшанда битирувчи талаба “ унда ўқишга киролмайсан”, деганди баралла. Мен қалбга оғир ботувчи бу сўзни ўша йил ёзида маҳалламизда ҳам кўп эшитдим.Ўша кунлари қайсидир қўшнимизникида ва колхоз пахта хирмонидаги пахса девор кўмаги (ҳашар)да ишлаётганимда , маҳалладагилар ўқишга ҳужжат топширганимни эшитиб, “пулсиз, таниш-билишсиз ўқишга кириш қийин”, дея гапирганларини эшитиб кўнглим чўкиб кетганди.Қолаверса қўшниларимизнинг бири, ҳатто яқин қариндошимизнинг қизи ҳам университетга ҳужжат билан бирга, “танка” орқали пора беришганини эшитиб, “ўқишга кирмайдиган бўлибманда” энди деб қўяқолгандим.Бу пайтлари уйдаги молу дала ишларидан бўшамай, ўқишга тайёрланиш ҳам, иштиёқ ҳам йўқ бўлиб кетганди.Шундай тушкун кайфиятда 1992 йил 1 август куни тест имтиҳонига борганман.Яна ким билан денг-ўша пора бериб, гўё ўқишга кириши тайин кўринган қўшним ва қариндошим билан бир машинада-“Москвич-412”да Гурландан Урганчга борганмиз.Хуллас, тестни топшириб яна молга ўт ўришу, дала ишлари билан овора бўлиб юравердим. Адашмасам ўша йили илк бора тест имтиҳон натижалари Туркияда аниқланганди.Орадан вақт ўтиб натижалар чиқди-153,5 бал олиб талаба бўлиш шарафига муяссар бўлдим.Пора берганлар эса ўқишга киришолмади.Ўқишга порасиз кирганим ўшанда қишлоқда катта шов-шувга сабаб бўлганди.Меним ўқишга кириб тарихчи мутахассис бўлишим ҳам мустақиллик шарофатидан деб биламан.Агарки, шўро давридагидек қабул жараёни бўлганида ўша қўшни ва қариндошим ўқишга кирган бўлишар, мен эса билмадим, қайси касбни танлаган бўлардим, бу яратганга аён.Шу боисдан ҳам истиқлолга, у яратган имкониятларга шукур айтаман ҳамиша.

-Талабалик даврида-3 босқичда эканлигингизда илк китобингизни чоп этдирган, УрДУни битирган 1997 йил ёзигача вилоят, республика матбуотида 60 га яқин мақола чоп этдирган экансиз.Шу тўғридаям тўхталиб ўтсангиз.

-Менда доимо, айниқса матбуотга қизиқиш бошлангандан ўзимда туғилган фикр-мулоҳаза, ташаббус, таклифларни ён-атрофимдагиларгагина эмас, кўпчиликка билдириш фикри пайдо бўлган.Шу боисдан биринчи курсдан бошлаб вилоят, кейинчалик республика матбуотига мақолалар юборар, уларнинг кўпчилиги публицистик руҳда эди.Шунингдек матбуотдаги мақолаларга ҳам ўз фикримни билдиришни бурчим деб билганман.Шу сабабли ўша вақтда нафақат воҳада, балки республикага таниқли журналист фикрларига муносабатим билдирилган мақола- “Рўзимбой Ҳасанга эътирозларим” ( 1995 йил май), шунингдек ўлкашунос “ Салим Гареевга эътирозларим” (1996 йил март) номли мақолаларим чоп этилиб вилоятда анча шов-шув бўлганди.Бундан ташқари ижтимоий-маънавий жараёнга оид таклиф мулоҳазалар битилган, танқид қилинган яна кўплаб мақолалар чоп қилдиргандим. Хуллас ўқишни битирган 1997 йил ёзигача вилоятда мени асосан ижодкорлар таниб улгуришганди.
1994 йилда эса ўлкашунос Комил Нуржонов билан танишувим, у билан ҳамкорликда 1995 йилда ёзган “Гурлан” номли рисоламиз нашр этилгач , ўзим туғилиб ўсган тумандаги катта-кичик амалдорлар, зиёлилар орасидаям таниш билиш ортирдим.”Ҳуррият” мустақил газетаси нашр этила бошлагач эса ундаям матбуот тарихи, тарихий мавзудаги мақолаларим чиқа бошлаган.

-“Хоразм ёшлари” газетасининг 2002 йил октябр сонида сизнинг фаолиятингиз тўғрисида “Очиқ хатлар муаллифи” номли мақола чоп этилган экан.Энди шулар хусусида ..

-Ёшлик ҳавасими, матбуотга ихлос қўйганимданми, ёки ўша вақтларда журъатли бўлганманми, хуллас қайсидир нашрдаги мақолага нисбатан фикр пайдо бўлса, дарҳол таклиф, танқидий қарашларимни қоғозга тушираверардим.Шу тарзда боя айтганим- Рўзимбой Ҳасан, Салим Гареевга эътирозлардан ташқари, 1998 йил май ойида Пирмат Шермуҳаммедов ва Озод Ҳусайиновларга “Яна ва яна Орол ҳақида”, 1998 йил июнда “Ошиқ Эркинга очиқ хат”, 1999 йил январида филология фанлари номзоди, шоира Сайёра Самандаровага “Боқиманда эркаклар ва юрткезар аёллар хусусида”, ўша йилнинг май ойида шоир ва таржимон Матназар Абдулҳакимга “Адабиёт адабиётни бездирмоқда”, ўша йил 12 -ноябрида ЎзТВнинг Хоразм вилояти бўйича мухбири Шуҳрат Маткаримовга “Тўхтаган дарё” , 2000 йил 25 январда Ўзбекистон халқ артисти Олмахон Ҳайитовага “Умрбоқий қўшиқлар яралсин” сарлавҳали очиқ хатларим вилоят матбуотида чоп қилиниб, катта шов-шувларга сабабчи бўлганди. Бундан ташқари Ўзбекистон халқ артисти, балетмейстр Гавҳар Матёқубовага, шоир, журналист, таржимон Абдулкарим Баҳриддинга ёзилган очиқ хатларим, афсуски чоп этилмай қолиб кетганди.Ушбу очиқ хатларда, юқоридаги ижодкорларнинг матбуотдаги фикрларига эътироз тариқасидаги муносабатим, шунингдек уларнинг касб соҳалари билан боғлиқ турли муаммолар ечимига оид таклифларим билдирилганди.Ҳозирда ўша очиқ хат ва эътирозларни ўқиб, ўша пайтлари журъатли бўлган эканман, деб қўяман.Уларнинг матбуот тарихида қолишига ишонаман.
Бундан ташқари “Нажот қаъласи”, “Жамғармалар нима билан шуғулланмоқдалар?” ва бошқа яна кўплаб мақолаларим кўпчиликда қизиқиш уйғотганди. Танқид қилинган жамғармаларнинг вилоятдаги айрим раҳбарлари эса дағдаға қилиб пўписа қилишгача боришганди.Шунингдек, “Ҳуррият” газетасининг 1998 йил 29 июл сонидаги “Тарих иқтидорли тадқиқотчиларга муштоқ” номли мақоламдан сўнг мени вилоят ҳокимининг ўринбосари чақиртирганди. Ўшанда мени “Олтин Мерос” жамғармасининг вилоят бўлими раиси Комил Нуржонов ҳимоя қилиб чиққанди.

-Бир қанча матбуот нашрларида ишлагансиз, тез-тез республика нашрларида мақолалар чоп қилдириб борардингиз. Негадир сўнгги вақтларда матбуотда мақолаларингиз кўринмай қолди…

-Талабалик давримда “Манзара”, кейин эса “Ҳуррият”, “Моҳият”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Даракчи” газеталарида кўплаб, умуман ҳозиргача 63 та республика, хориж матбуотида 700га яқин тарихий, публицистик мақолаларим чоп этилган. Уларнинг биронтаси шунчаки хабар, лавҳалар эмас.Мақтаниш эмас-у, ўйлайманки, орадан яна йиллар ўтиб ҳам уларни ўқиш, мулоҳаза юритиш мумкин.Ҳозирда тарихимизга оид кўплаб олдин нашр этилган, ҳозирда кутубхоналардан ҳам топиш қийин бўлиб қолган китобларни нашрга тайёрлаш, баъзиларини таржима қилдириш, таҳрир қилиш билан бандлигимдан, қолаверса турмуш ташвишлари сабаб мақола ёзишга қўл бормайди.Агарки, матбуот тарихига назар солсангиз, ҳар бир нашрнинг, журналистнинг ўз довруқ таратган даври бўлар экан.Масалан,Жаббор Раззоқов бош муҳаррирлик пайтидаги “Туркистон”, Комилжон Зуфаров давридаги “Фан ва турмуш”, Омон Матжон бошчилигидаги “Ёшлик”, Худойберди Тўхтабоев,Хуршид Дўстмуҳаммад,Эркин Абдураҳмонов бош муҳаррирлик пайтларидаги “Ёш куч”,Аҳмаджон Мелибоев , Мурод Абдуллаевлар бош муҳаррирлик давридаги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ,Ҳалима Худойбердиева раҳбарлигидаги “Саодат”,Ўткир Раҳматов давридаги “Қишлоқ ҳаёти”, Анвар Намозов раҳбарлик қилган “Даракчи” нашрлари ўз даврининг энг довруқли нашрлари бўлган деб биламан.Шунингдек, Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Ватан” , Қулман Очил, Абдуҳошим Ирисбойларнинг “Оила ва жамият” газеталарига бош муҳаррирлик қилган йилларидаги тахламларни варақлаб, уларнинг нусхасини, мақолалар савиясини кўриб, ўзбек матбуотчилиги нақадар шижоатли бўлганини англаш мумкин.
Бугун эса “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Китоб дунёси” газета-журналларини ўзининг чинакам мухлисларига эга нашрлар деб биламан.

-Бугун кўпчилик интернетга ғоят боғланиб қолди. Сиз эса фақат “Хуршид Даврон кутубхонаси” сайтига мақола берасиз. Бошқа сайт ва ижтимоий тармоқларда қатнашмайсиз.Сабаб нимада?

-Бунга ҳазил қилиб, тарих билан доимо шуғулланаверганимдан, каллам ҳам тарих билан овора деб айтишим мумкин.Тўғрисиям меним ҳатто электрон почтам ҳам йўқ.Юқоридаги сайтга ҳам қўшним ўз электрон почтасидан мақолаларимни юбориб беради. Бугун Хуршид аканикидан бошқаям ўзбек сайтлари борлигидан хабардорман.Айнан ушбу сайтга мақола беришим боиси эса, тарихчиликга айнан “Самарқанд хаёли”ни ўқиб ихлос қўйганим ҳурматидан. Бошқа сайтлар Хуршид аканинг сайтидан мақолаларимни кўчириб босишини ҳам эшитганман.
Мен то 2008 йилда компьютер олгунимча ёзган барча мақолаларимни ибтидоий усулда-қоғозга ручкада ёзиб “Даракчи”, “Қишлоқ ҳаёти” , “Ҳуррият” ва бошқа нашрларга почта орқали юборардим. Интернетнинг нақадар тезкорлиги, таъсирчан тармоқ эканлигини биламан.Аммо тарихий асарларни қайта нашр этдириш фикри тинчлик бермаганидан, дурустроқ ўрганишга вақт тополмайман.Асосий вақтимни, тўғриси турмуш ташвишлари-молу, дала ишлари эгаллаб олаяпти.Албатта, бу билан афсусланаман.Бироқ начора…

-Журналист ва ношир Анвар Намозов сизга ҳазиллашиб “40 ёшимгача қирқ китоб чиқараман дегандинг.30 китобда тўхтаб қолдинг.Ҳаракат қилиб ваъдангнинг устидан чиқмасанг интернетда танқид қиламан” , деяркан.

-Анвар ака билан 13 йилки ҳамкорлик қилиб келамиз.У кишининг “Ҳуррият”, “Моҳият” даги суҳбат-мақолалари, умуман “Даракчи”ни ўз даврида қизиқарли қилиб чоп этишга бош бўлгани, умуман чинакам зиёли, етук ношир сифатида ҳурмат қиламан.Албатта гап китобнинг сонида эмаслигини Анвар акаям, мен ҳам яхши биламиз. У киши меним чоп этишга тайёрлаб қўйган кўплаб китобларимдан хабардорлиги учун шундай дейдилар.Насиб қилса китобларим сони ҳам аста кўпаяверар.Албатта ҳомий топилса..

-Бугунги кунда мулкдорлар, фермерлар муваффақиятга эришиб,уларнинг даромади ошиб бораётгани аниқ. Наҳотки улар орасидан ўз қишлоғи, тумани, қадимий Хоразм тарихига оид яратилган китобларингизга ҳомийлик қиладигани топилмаса?

-Мулкдорлар, фермерларнинг ишлари юришиб катта натижаларга эришаётгани қувончли албатта.Аммо мен кўплаб мулкдор-тижоратчи, тадбиркорлар, фермерларнинг фаолияти, ҳатти-ҳаракати , феъл-атворини кузатиб, улар орасидан ўз эли тарихига қизиқадиганини учратмаганман, десам ҳам бўлади.Албатта, қайсидир нашрдаги мақолани, ўзи қизиққан китобни мутоалла қилаётганларни кўрганман. Бироқ, мен аниқ биламанки, уларга ўзидан каттароқ кимдир ( ҳоким ё бошқа) буйруқ бермаса, ўзи истак билдириб эл- юрт тарихига оид китобларга ҳомийлик қилмайди! Бироқ буйруқни ҳам чин дилдан, амалга ошириладиган қилиб, қаътий бериш керак ва унинг натижасини суриштириб туриш керак. Бунга мисол сифатида 2013 йил қишидаги бир воқеани мисол келтирсам. Туманлардан бирининг машҳур қишлоғи тарихини ёзиб, ўша ерда бўлган фаоллар, фермерлар иштирокидаги йиғилишга боргандик.Ўшанда ҳоким бува : “мана Комилжон ака ва Умиджонлар қишлоғингиз тарихини ёзишибди.Ўқиб чиқдим яхши китоб бўлади.Энди уни чиқаришга фермерлар, қишлоқ мулкдорлари хайрия қилса, китоб нашрдан чиқади.Шунга ёрдам беринглар”, деди ва кундалик мавзулардаги масалаларга ўтиб кетди.Мана орадан йиллар ўтдики натижа йўқ.Китоб ҳам чиқмай қолиб кетди. Шундан хулоса чиқадики, буйруқни бериб ҳам билиш керак, натижасини суриштириб туриш керак. Агарки ўшанда ҳоким бува икки учта фермерни ўрнидан турғазиб қўйиб, “сизларнинг даромадинг яхши, китобга ҳомийлик қилишларинг керак!”, дея қаътий, маълум бир шахсларга топширганда китоб аллақачон чиқиб кетарди.

Бундан бошқа яна, ҳозирда нашрга тайёр ўз туманим қишлоқларига оид-“Хизрэли”, “Кўҳна ва Янги Вазир”, “Сахтиён”, “Қангли”, “ Эшимжирон” каби рисолаларим чоп этилмай келинаётганиниям яна мисол келтиришим мумкин. Афсуски, марҳум қизиқчи, катта сатира ва юмор устаси Ҳожибой Тожибоев айтганидек, “пулнинг кучидан кекириб юборадиган” фермерлар кўп бўлсада, уларда сахийлик хислатлари йўқ.Ҳожибой Тожибоев айтган тоифалар орасида саломингга алик олмайдиган, чанг кўчада турган ёшу-қари ёнидан машинасини катта тезликда ҳайдаб ўтадиган , ўз кўчасига тош , асфальт ётқизишни истамайдиган, одамларга манмансираб муомила қиладиганлар…афсуски учраб туради. Шунга ўхшаш тижоратчи, фермер олдига велосипедда бориб “қишлоқ тарихи китобига пул ўтказиб берсангиз”, дейишнинг ўзи уятли. Устоз Комил Нуржонов билан бир қишлоқ тарихини ёзиб, анча сарсон бўлгач (бу ҳақда қуйида батафсил тўхталаман), вафот этиб кетган раис-фермер буванинг аёли олдига боргандик.Ўшанда шу қишлоқда яшовчи, фарзандларининг барчасида фермер хўжалиги бор, колхоз давридаги иншоаатларни хусусийлаштириб олган, китоб ичида 15 саҳифа шу оилага бағишланган ( китобга ҳомийлик қилар деган ниятда суратлари билан бергандик) хомаки нусхани қўлига ушлаган аёл, “меним қишлоқ тарихига нима алоқам бор, китобга пул ўтказиб беролмайман”, деганди баралла.Энди ўзингиз шундан хулоса чиқараверинг.

Ҳожибой Тожибоев айтган “уйнинг ҳам , тўйнинг ҳам тўрини тракторчи эгаллаган “ паллада, “мактабда ўқитувчисидан зўрға “1”, “2” баҳо олиб, олдинлари соляркага ботиб юрган касб эгаларининг кўпчилигига-ку, китоб ўқишни тавсия этишнинг ўзи ачинарли.Тракторчиларнинг топганларига баракасини берсин, бугун қишлоқларда иззати жойида.Машҳур режиссёр Баҳодир Йўлдошев бир ҳамкасбига “паспортиниям охиригача ўқимаган”, дея таъриф берган экан. Мен Ҳожибой қизиқ айтган тракторчиларнинг кўпиниям “паспортини охиригача ўқимаган”, дея атардим. Шукрки, бугунга келиб азалдан ҳурмат қилиниб келинган ўқитувчилар ҳам олдинги эъзозу иззатига сазовор бўлиб, 15-20 йил олдин “тракторчига жойини бўшатиб” берган бўлсалар, бугун ойлик маошлари ошиб ,қадр-қимматини топишаяпти.Аммо тракторчи-ю, фермер каби ишлари гуриллаб юриб турган касб соҳибларидан китобларга ҳомийлик қилишмайди, китоб мутоаала қилмайди, деб нолисак бўлар.Бироқ ўзларининг мутахассислигига доир, дарсликдан ташқари китоб олиб ўқимайдиган муаллимлар пайдо бўлган.
Хуллас, китоб ўқишу, китобга ҳомийлик қилиш борасида яна кўплаб аччиқ мулоҳазалар айтиш, мавзуни давом этдириш мумкин.
Ўрни келгани боис, 13 асрда Хоразмда яшаб ижод этган шоир Қосим Хоразмийнинг иккита шеъри мазмунини эътиборингизга ҳавола қилишни истардим.Яъни, Қосим Хоразмий айтадики, ” Эй шоирлар! Сизларга мен бир насиҳатгўй сифатида айтаманки, сахий бўлиб кўринганлардан саховатни умид қилмай қўя қолинг! Чунки,ҳамма сахийлар саховат эшигини қулфлаб қўйиб, калитини йўқотганлар”.

Мен ҳозирги тижоратчи, тадбиркор, фермерлар орасидан Навоий ҳазратлари каби элу-юртга наф келтирадиган ишлар қиладиган саховатпешалар чиқишини истардим.Маълумки, Алишербек ҳазратлари масжид ва мадрасалар бунёд этиш, уларни таъминлаш ( Навоий бунёд этдирган ҳар бир мадраса талабалари учун ҳар йили 100 пўстин, 100 тўн, 100 чакмон, 100 кўйлак, 100 тўнбон ( чалвар) 100 кавуш улашарди.Шу каби уларнинг уй рўзғор анжомлари—кигиз, полос, бўйра, ёритқич шамлар учун 400 олтин пул сарфлаган.
Саховат ва мурувватлиликда ҳотамтой бўлган Навоий ҳазратлари 450 ботмон буғдой, 270 ботмон нон, 30 ботмон чалпак, 110 ботмон ҳолва, 900 товоқ узум шинниси ёки мавизоб, 5 та қорамол, 10 та қўй, 20 ботмону 3 тонналик гўштни мадрасадагилар учун инъом қиларди.Бундан ташқари қиш фаслида яна саховат кўрсатиб, ҳар куни 20 ботмон ( 400 кг) нон, 3 тангалик гўшт, агарки гўшт топилмаса гўжа оши пиширтириб турган ) билангина кифояланиб қолмай, ҳаёти давомида кўплаб ариқлар, тўғонлар, 9 та ҳаммом, 20 ҳовуз , 3та бозор , 24 та дўконлар ва умуман 300га яқин бошқа иншоаатлар, кўплаб анҳор, ариқ, кўприклар бунёд қилдирганки, бу ҳар бир даврдаги бойваччалар қўлидан келавермайдиган серсаховатлилик рамзидир.

-30 та китоб, 700 га яқин мақоланинг ўзи ҳам бундай қарасангиз оз эмасдек.Бироқ шунча ишингиз бўла туриб пойтахтга келиб яшаб ишламайсиз.Қолаверса, диссертация ҳам ёқламагансиз.Буларнинг сабаби нимада?

-Пойтахтга бориб яшаш истаги ҳамма вақт ҳам, ҳозирги кундаям бор.Албатта истак билан иш битмайди. Матназар Абдулҳакимгаям шундай саволлар беришганида, “қариганимда бораман” деярди.Нафақага чиққач эса “энди келинг ахир” дейишса, “ҳали қаримадим” ,дея ҳазил қиларди раҳматлик. Насиб қилса борармиз ҳам, ишлармиз ҳам.Очиғи бугун катта имкониятлар яратилган, архив-у кутубхоналарда ишлашга шароит бор, навқирон давримизда чекка қишлоқда юриш, баъзиларнинг эса “шунча китоб ёзиб нимаям бўлдинг”, деганларини эшитганингда пойтахтга ёки мигрантликка кетиб қолгим келади-ю, начора…
Илмий ишга келсак, менда олдин ҳам, ҳозирдаям илмий даражани ёқланган диссертация деган тушунча бўлмаган.Илмга, фан тараққиётига ҳисса қўшадиган, амалиётга жорий қилса бўладиган, ҳаётда одамларга нафи тегадиган мавзугина илм деб ўйлайман.Агарки, 30 китобим, 700га яқин мақолаларимдан қайсики бири кимгадир маъқул бўлиб, озми-кўпми фикрини шакллантиришга, мулоҳаза юритишга ундаган , билмаган нарсасини ўрганган бўлса ўшани мен илмий иш деб биламан. Абдулла Қаҳҳор киноя қилганидек, “Бўри тишига кислотанинг таъсири”га ўхшаш, ёқлаш осон, фақат диплом учунгина қилинган ишни илм деб ҳисобламайман. Қолаверса илм кенг оммага етиб борсагина илмдир.Фақат маълум бир соҳага мўлжаллаб чиқариладиган, ундаям ОАКга ўтадиган, оз нусхадаги нашрда мақола чоп этдириб, “мана мақолам чиқди”, дея мақтаниб юрганларни кўрсам…

Шукрки, “Даракчи”даги юзлаб мақолаларимга ёзилган хатлар, мени диссертация ёқламаган бўлсамда қувонтиради.Хатларни эса оддий ўқувчи ёки талабалар эмас, етук зиёлилар ёзишган.Шунингдек, шу пайтгача меним фаолиятим тўғрисида, озми-кўпми илмга , тарихни ўрганишга қўшган ҳиссам тўғрисида 20дан зиёд мақолалар, китобларимга тақризлар чоп этилган.Уларнинг муаллифлари эса академик, профессор, фан номзодлари.Шундай экан, диссертацияни ёқламаганимдан қайғурмасам ҳам бўлади.
2007 йилда Гурлан тумани ҳокимининг ёрдамчиси вазифасида ишларканман, ҳоким бувага “диссертация ёқлашим керак, шу боис рухсат берсангиз университетга ишга ўтмоқчиман”, деганимда “шу ерда ишлаб ҳам диссертация ёқласанг бўлади, ёрдам бераман”, деганди.Хуллас, мен тинмай илтимос қилавергач ҳоким буваям кўнди.Бироқ эрталабдан 40 км автобусда университетга бориб, Урганчда талабаларга дарс бериб, кейин яна 40 км йўл босиб Гурланга-ҳокимиятга келардим-у ҳокимнинг янги ёрдамчисига кўмаклашардим. Шу тахлит илм иштиёқида -4ойча маошсиз ҳокимиятда ҳам ишлаганман. Чунки, ҳоким бува китобларимга пул ўтказиб ёрдам берган, шу сабаб янги ходим ишга ўргангунча ёрдамлашишим керак эди.Бироқ илмий иш қиламан дея туман миқёсидаги ўзига яраша катта вазифадан воз кечиб…хуллас диссертация ёқланмай қолиб кетди.
Ёқланмаган диссертацияга келсак, 2007 йилда Урганч Давлат Университетига ишга ўтгач,2008 йилнинг 5 февралида Андижон Давлат Университетининг профессори Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигида “Советларнинг Хоразмда зўрлик билан амалга оширилган коллективлаштириш, қулоқлаштириш сиёсати ва унинг фожиали оқибатли “ ( 1929-1938 йиллар) мавзусидаги илмий ишни АнДУ илмий кенгашида тасдиқлатгандим.Илмий ишни ёзиб бўлган, шу юзадан 2010 йилда “Хоразм қишлоқлари” монографиясини нашрга тайёрлаб, белгиланган пулни “Хоразм” нашриётига ўтказгандим ҳам. Аммо Россияга кетиб ишлай бошлаганимдан сўнг, ҳаммаси қолиб кетди.

-Университетдан нимага бўшагандингиз?

-Бу пайтга келиб марҳум профессор С.П.Толстовнинг иккита китобини, Яҳё Ғуломовнинг ”Хоразмнинг суғорилиш тарихи”, Б.Греков, А.Якубовскийларнинг “Олтин Ўрда ва унинг қулаши” монографияларини нашрга тайёрлаб қўйган, аммо ҳомий топилмагани сабаб, Россияда ишлаб ўзим пул топиб китобларни чиқараман, деган ниятда университетдан ўзим ариза ёзиб бўшаганман.Қолаверса дунё кўриш, бир муҳит доирасидагина қолиб кетмаслик мақсади ҳам бўлган. Бундан ташқари “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеимни, В.Бартольд, С.Толстов ва бошқа рус олимлари, ижодкорлари тўғрисидаги очеркларимниям русчага таржима қилдириб Россияда чоп этдириш мақсади ҳам бўлган. Қолаверса, Россия нашриётларида энг янги маълумотлар, турли архив ҳужжатлари асосидаги тарихга оид китоблар чоп этилаяпди.Уларни ўқиш, ўрганиш, манба сифатида бошқа адабиётларга таққослаш фикри ҳам бўлган. Шунингдек, Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шчедрин номли кутубхонасида сақланаётган Хива хонлиги архив ҳужжатлари билан танишиш истагиям мени сафарга ундарди. Ушбу ҳужжатларни П.Иванов ва М.Йўлдошевдан кейин бирон тадқиқотчи ўрганмаган. Вақт топиб эса халқимиз тарихини тадқиқ қилган В.Бартольд, С.П.Толстов, А. Якубовский, Б. Греков қабрларини зиёрат қилишниям бурчим деб билганман.Албатта буларнинг барига улгура олмадим. Насиб қилса эндиги сафарларимда уларни амалга оширишга интиламан.

-Китобга ҳомий топиш бўйича анча сарсон бўлганингиздан хабардорман.

-Жавоб сифатида тўғри мисолларга ўтсам. 2002 йилда воҳадаги бир қишлоқ тарихини Комил Нуржонов билан ҳаммуаллифликда ёзгандик.Ўшанда раис бува қўлёзма билан танишиб чиқиб, “Қишлоққа доир Бартольд, Толстов, Яҳё Ғуломов, Бунёдовларнинг китобларидаги фактлардан ҳам фойдаланинг ахир“,деди билағонлик қилиб.Раисга “айтган олимларингиз Хоразмнинг маълум бир даврини, ёки сулолаларни, қаълаларни ўрганган, уларнинг китобларини неча бор ўқийвериб ёд бўлиб кетган.Қишлоғингиз ҳақида улар асарида ҳеч нима ёзилмаган”, десак “мен русча ва немисчасини ўқиганман, уларда бор эди, яхшилаб қидиринг”, деди гўё немисча биладигандек , мутахассислиги тиш дўхтири бўлган раис.Хуллас, бу орада жамоа хўжаликлари ҳам тугаб, фермер хўжаликлари ташкил этилди.Қишлоқ фермаси, гаражини хусусийлаштириб олган, оғасию, тоғаси, укалари номига фермер бўлган раис яна борганимизда, “қишлоқдан водий институтига ректор бўлган олим бор деб эшитганман, қишлоққа Толстов келган деб эшитганман, шуларни китобингизга киритинг”, деди охири.Хуллас, унга энди нафақат водий, бутун республикадаги институт, университетларнинг шу пайтгача ректор бўлганлари рўйхатини топиб бердик, Толстов Гурланда умуман бўлмаганини айтдик.Шундаям раис яна алламбалоларни баҳона қилиб китоб нашрини орқага сураверди.Бу орада, адашмасам 2012 йилда раис вафот ҳам этиб кетди.Кишлоқ тарихи эса чоп этилмай қолиб кетди.
Шунингдек вилоятдаги бир соҳанинг қадимдан то шу кунгача бўлган тарихини 2003 йилда ёзиб, шу соҳага масъул раҳбарига кўрсатсам, “ҳамммуаллифликка мениям қўш ” , деганди.Ниҳоят китобим чиқса бўлди дея унинг айтганини қилдим.Китобга пул ҳам ўтказилди.Аммо раҳбар “муқовани яхшилаб ишлат, кўрган одам ҳайрон қолсин”, деди.Мен унга “асосийси китоб мазмунида, ундаги тарихга оид ноёб маълумотларда”, десам кўнмади.Охири, ишонсангиз 4 та дизайнерга 12 турли қилиб муқова тайёрлатдим.Мижғов раҳбарга бирисиям ёқмайди денг.Ўзича доно, айтадики ” муқовада энг қадимги карвонлардан тортиб замонавий бинолар, Хоразм тарихи, поезд, самолётлар акс этсин, ҳаммаси жамулжам бўлсин”, дейди.Унинг айтганларини кўчадаги баннерларгаям жойлаштириш мушкул эди. Бироқ, айтгандек қилиб тайёрлатсам, “булар кичикроқ планда акс этибди, каттайтириш керак”, деди. “Ахир бир муқовага ҳаммаси сиғмайди”, десам, “яхши дизайнер топ”, деди.Хуллас, бу китоб ҳам ҳозиргача пули ўтказилган ҳолда бир муқова сабаб тўхтаб ётибди.
Ёки бўлмаса, Омон Матжон, Камол Матёқубовдек шоир ва журналистлар, Тоҳир Саидовдек санъаткорлар туғилган машҳур Боғолон қишлоғи тарихини ёзганимниям мисол келтирсам.1997 йил ноябридан Боғолон бўйлаб велосипедда юриб, ( Боғолон бизнинг Сахтиёнга қўшни қишлоқ-уйдан Боғолонгача 10 кмча) ёз иссиғию, қиш совуғида қишлоқ зиёлилари, фаоллари билан, бирин-кетин алмашган иккита раис, Омон аканинг синфдошлари билан учрашиб материал тўпладим.Вилоят, туман архивида ўтириб , Хива хонлиги архив ҳужжатлари билан танишиб, хуллас Боғолонга доир неки ёзилган бўлса, уларни умумлаштириб 1998 йил баҳорида китобни тайёрладим. Аммо мана орадан неча йил ўтдики…
Ёки бўлмасам, 2003 йилда Қорақалпоғистондаги бир туман тарихига оид ҳаммуаллифликда китоб ёздик. Китоб нашриётда пайти иш билан Тошкентга бориб қолдим.Ибн Сино нашриёти директори билан учрашсам, Феруза исмли мусаҳҳиҳ қизга айтиб саҳифаланган китобни олдирди.Қарасам…китобда меним исм-шарифим йўқ.Айтсам “туман ҳокимлиги пулни ўтказганда қўлёзма шу ҳолича келди”, деди.Китобнинг аксарият қисмини мен ёзганимни тушунтирсам, “энди билмадим, балки қаеригадир исмингни қўшарман”, дейди-да. Навоий кўчаси 30-бинодаги нашриётнинг бошқа қаватига чиқиб “Ўзбекистон матбуоти” журнали бош муҳаррири Хуршид Дўстмуҳаммад билан учрашдим ва унга ҳасратимни айтдим…Китоб чиқди..117-бетда эса “ушбу китобга материаллар тўплашда ёрдам бергани учун журналист У.Бекмуҳаммадга миннатдорчилик билдирамиз”, деган ёзув бор эди. Меним ғалваларимдан туман ҳокими ( эндиликда собиқ) хабар топиб, бошқа ҳаммуаллифлар билан мениям китоб тақдимотидан сўнгги зиёфатга таклиф этди.( Аслида тақдимот бўладиган вақтни улар менга айтмаган, мен бошқалардан эшитиб Қорақалпоғистонга аччиқ устида боргандим).Зиёфатдан сўнг ёшулли айтдики , “китобнинг иккинчи нашрида албатта сенинг исминг бўлади”.Албатта бу мени овунтириш учун айтилган гаплигини ҳоким буваям, мен ҳам билардик. Орадан 6-7 йилча ўтиб, китобнинг иккинчи нашриям чиқди.Бу сафар ҳамммуаллифликдаги номим қаёқда…117 бетдаги миннатдорчилик ҳам йўқ эди.
Ёхуд, 2009 йил баҳоридаги бир китоб машмашасини ҳам айтай.Андижонда-устоз Рустамбек Шамсутдинов хонадонидаги қулай шароитдан фойдаланиб “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти” монографиясини ёздик. Икки ойда китоб тайёр бўлгач домла вилоят раҳбариятига хат ёзиб берди.Хатни олиб Хоразмга келдим ва тегишли ўртоқларга топширдим.Мақсадимиз-31 август қатағон қурбонларини ёд этиш кунигача китобни нашр қилдириш эди. Хат тақдирини сўраб вилоят ҳокими ёрдамчисига (эндиликда собиқ) учрашсам, “хатингга ўринбосар номига виза қўйилган, хат ҳозирда котибият бошлиғида бўлса керак”, деди.Котибият бошлиғи (эндиликда марҳум) олдига беш-олти борсам ҳам натижа чиқмади.У айтдики “ҳозирда ҳомийлик ёрдами кўрсатишга пул йўқ.Балки репрессия бўлганларнинг авлодларини изласанг, улар орасида пулдорлари чиқиб, ёрдам берар”. Бу аҳволда иш битмаслигини англаб, Тошкентга-дардимни айтгани Хуршид Дўстмуҳаммад ёнига бордим.У киши мени қабул қилиб, вилоят раҳбариятига бошқатдан, чиройли қилиб хат ёзишни таклиф қилди.Хат ҳам тайёрлаб бердим.Орадан бир ойча вақт ўтмай, қўл телефонимга нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди.Нотаниш киши ҳозир аэропортдан тушгани, ўзини Хуршид ака юборганини айтиб, “вилоят раҳбарияти билан учрашаман, ёки ректорингни кўраман, иложи топилар”, деди. Гапи охирида мени юпатган бўлиб, “баъзи китоблар фалон йиллардан кейин ҳам чиққанини эшитганман”, деб қўйди.Хуллас, Тошкентдан келган акахондан ҳам натижа чиқмади.Шундан кейин 2010 йилда китобни қисқартириб, ўзимнинг пулимга, атиги 140 нусхада чиқартирдим.Шундан кейин китобларимга ҳомий излашдек умидимни узиб, ишдан бўшаганча мигрантликка кетгандим.

-Эшитишимча, Россияда катта миқдорда пул топиб олган ва уни …кўпчиликни ҳайратга солиб топшириб келган эмишсиз…

-Ҳаётимдаги синовми, сийловми бўлган бу воқеани унутмасам керак. 2013 йилнинг 27 сентябри.Жума куни .Соат 16ю, 50.Санкт-Петербургнинг “Мега” гипермаркети.Тамадди қилиш, қолаверса, ижарадош, миллатдош дўстларимни кўрай дея гипермаркетнинг “Оби” магазинига чиқиш учун лифт ёнига келдим.Бир қарасам юк аравачасида қора сумка осиғлик турибди.Қизиқиш сабаб ушлаб кўрсам, оғир.Атрофга қарасам, бирон кимса йўқ.Сумкани олдиму ҳайрон бўлганча лифтга чиқиладиган хонага кирдим.”Оби”қурилиш магазини бўлиб, лифт 5 тонналик юкларга мўлжалланган, лифтга кириш хонасиям 4 га 5 метрча эди.Шу хонада яна қизиқиш сабаб, лифтга чиқиш олдидан сумкани очиб кўрдим.Қарасам..планшет…унинг ёнида оқ рангли “айфун” қўл телефони.Унинг ортида эса бир қанча беш минглик рубллар…яна қанчадир сон-саноқсиз АҚШ доллари қалашиб ётарди.Шунингдек кимнингдир исм-шарифи ёзилган визитка бор эди.Нима қиларимни билмай, сумкага тикилиб қолдим.Ўзимни тутиб олгач сумкани ёпишга шу уринаман, сира “замоги” ёпилмайди.Зўрға сумкани ёпгач, лифтга чиқдиму магазинга чиқиб, “Цервис центр”га олиб бордим.Қўлимдаги сумкани кўрган қўриқчи (Самарқандлик тожик йигити Усмон) , “Цервис центр”даги Мерзиля исмли татар қиз ва бошқалар ҳам ҳайрон қолишди.Улар сумкани топганлигимни эшитгач, ичидаги визитканигина олиб, сумкани қайтадан сквочлашди ва меним телефон номеримни ёзиб олишди.Мен “Мега” нинг ошхонасига бориб тамадди қилишга кетдим.Афсуски, телефоним “без звук” қолган экан.”Цервис центр”дагилар визиткадаги сумка эгасига телефон қилишса, у киши хотини билан “Оби”дан олган юклар ила машинада бемалол кетаётган, ҳали Питернинг иккинчи метро бекати-Большевиков олдидаги сфетофор ёнида- тиқилинчда туришган экан.Хуллас улар қувониб ортга қайтишибди.Келиб “Цервис центр”дан сумкани олиб ичидаги пулларни санашса-17 минг доллар, 180 минг рубл , планшет, “айфун” телефони турган экан. Қувониб сумкани топган мени суриштиришибди, қўл телефонимга қўнғироқ қилишибди.Бу пайтда мен ошхонада бемалол ўтирар, миллатдошларим билан гурунг қилардик.Хуллас, улар раҳмат айтиб суюнчисига 5 минг рубл ташлаб кетишибди.Орадан бир соатлар ўтгач гипермаркетни айланиб сумканинг аҳволини суриштириб келсам, суюнчини тутқазишди.”Раҳмат”, дедиму пулни олиб кетарканман, пул топиб олганимни эшитган кўплаб рус, ўзбек, тожик ишчиларининг дашномини эшитдим.Улар “шунча пулни топган экансану юртингга жўнаб қолмайсанми”, дейишарди.Бу гаплар мен ижара хонамга келмасимдан олдин “Оби”даги ижарадошларим орқали элдошларимга, улардан яна бошқа ларга ўтиб, қарийиб бир ойча шов-шув бўлиб юрди.Эртаси куни кечқурун яна “Оби”га борсам, магазин омбори мудири Дима, қўриқчи Вадим мени чақириб раҳмат айтишаркан, “сенинг ўрнингда бўлганимда пулни бермаган бўлардим”, дея ҳазиллашишди.Менежер Ирина эса “раҳмат сен каби ўзбекларга” деб ташаккур изҳор қилди. Катта миқдордаги бунча пулни топганимни , “Цервис центер”га келиб эгаси олиб кетганини кўрган магазин ишчиларидан Жиззахлик Ҳасан, Тошкентлик Бекзод, Хоразмлик Озод, Зокир,Қодирберган, Муқаддас, Насиба,Қундуз,Зоҳид ( у ўзини сумка эгасига мен-Умид бўлиб таништирмоқчи , суюнчини кўпроқ ундирмоқчи ҳам бўлган, бироқ “Цервис центер”дагилар бунга йўл қўйишмаган), ва яна кўплаб миллатдошларим, бу воқеани ҳозиргача эслаб юришади.
Хуллас, синовми, сийловми бўлган бу воқеадан сўнг, эртасига эрталаб “Елизаровский” метро бекатига бордим ва ўша ердаги…китоб ярмаркасидан суюнчи пулига Л.Гумилёвнинг 10 та китоби,”Загадки истории”, “Тайна хх века” нашрларининг бир йиллик сонларини сотиб олдим.Бу воқеа ҳозирда гўё тушдек, аммо уйимдаги Л. Гумилёв китоблари ва юқоридаги нашрлар, маҳалладошим Қодирберган, Зокир акаларни ҳар кўрганимда воқеани эслатиб туриши боис, 27 сентябр ёдимга тушаверади.

-Россиядан 12 та пойабзал, жудаям кўплаб китоблар олиб келганингиз тўғрисида дўстларингиз гапириб юришади.

-Билсангиз, пиёда юришга одатланганман.Шу боис пойабзаллар менга энг керакли буюм.Рафиқам ҳам ҳазиллашиб “энди нафақагача туфли олмасангиз бўлади”, деб қўяди. Аммо ҳар кунги пиёда юришим
бўлса, туфлиларим нафақага мендан эртароқ чиқиб кетса керак.
Китобларга келсак, мен ҳар куни ишдан қайтишда Санкт-Петрбург шаҳридаги кўчаларни айланиб, ҳавас қилса арзигулик ва тадбиқ қилса арзийдиган, ҳар бир метро бекати олдидаги “Газел” машинаси олдига борардим. Чунки “Газел” у ерда кўчма китоб дўкони вазифасини бажарарди. Ушбу дўконлардан мен Марк Слонимнинг “Тры любви Достоевского”, П.К. Губернинг “Дон-жуанский список Пушкина” Л.Васильеванинг “Кремлевскые жени”, М.Кубеевнинг “Тайны Берлина”, Г.Филлипснинг “Алескандр Македонский.Убийство в Вавилоне”, Ф.Коппенснинг “Новая эра пирамида”, Г.Чайлднинг “Арийцы” сингари кўплаб китобларини сотиб олгандим. Бундан ташқари, Санкт Петрбург шаҳрида қадимий ва машҳур, тарихнинг кўплаб воқеаларига гувоҳ бўлган Александр Невский шоҳкўчаси мавжуд.Мен ана шу кўчадаги немисларнинг “Зингер” компаниясига тегишли бўлган 3 қаватлик, қарийиб 90 йилки китоб дўкони вазифасини ўтаётган бинодан кўплаб китоблар сотиб олдим. Бир вақтлари Есенин,Маяковскийларнинг китоблари тақдимоти ўтказилган муҳташам кошонада ҳозир ҳам Россиялик ижодкорлар, олимларнинг асарлари тақдимоти ўтказилади.Шундай тақдимотларда қатнашиш бахтигаям мушарраф бўлганман. Ушбу дўкондан энг янги чоп этилган асарларни топишингиз, буюртма беришингиз, нашриётлар қандай китоблар чоп этишни режалаштирилаётганини билишингиз мумкин.Танлаган китобингизни юмшоқ диван креслоларда ўтириб варақлашингиз, танишиб олишингиз, чарчасангиз 3 қаватдаги ойна олдидаги Невский кўчасига қараган қаҳвахонасида ўтириб, дўстингиз билан суҳбатлашган ҳолда Петрбургнинг тарихий меъморчилик бинолари,сершовқин кўчани кезаётган ажнабий сайёҳларни томоша қилиш мумкин.Чарчоқни ёзгач эса то кечки 20 гача ишлайдиган дўконда яна китоб танлашни бошлаб юбораверасиз. Мен ана шу маскандан “Анна Герман.Мы долгое эхо”,В.Смирновнинг “Кримское ханство.13-15вв”, Е.Галкинанинг “Русские каганат.Без хазар и норманнов” ҳамда машҳур тарихчи Лев Гумилёвнинг “От Руси до России”, “Откритые Хазарии”, “Древняя Русь и Великая степь”, “Этногенез и биосфера Земли”, “Конец и внов начало”, “Тысячелетие вокруг Каспия”, “Древние тюрки”, “Поиски вымишленного царства”, “Черная легенда”, “Чтоби свеча не погасла”, “Хунну.Хунни в Китае”, “Судьба и идеи”, Струна истории” каби машҳур асарларини сотиб олдим.Шунингдек шаҳардаги яна кўплаб китоб дўконлари, ярмаркаларида бўлиб, китоб сотиб олар, ижарадошларим эса бундай “китоб жинниси”ни кўриб ҳайрон қолишарди.Қулайлик томони ҳамюртларимизнинг “Газел” ва бошқа машиналарда Урганчга почта-такси хизматини йўлга қўйганидир.Ҳар қандай қонунга хилоф бўлмаган юкни, килосига 100-150 рублдан пул тўлаб юборсангиз, ҳафта ўтиб буюмингиз уйингиз остонасига бораверади.Кимдир кийим, кимдир қандайдир буюм юборса, мен уйга китоб юборардим.

— Китобга шу даражада қизиқишингиздан келиб чиқиб, агарки, ўзингиз ношир бўлганингизда қандай китоблар чоп қилар эдингиз деб сўрамоқчи эдим.

-Агарки, мен нашриёт очиб уни иқтисодий жиҳатдан ривожлантира олсам, ҳозирда кутубхоналардан ҳам топиш қийин бўлиб қолган, тарихимиз теран тадқиқ этилган кўплаб асарларни қайтадан нашр этдирардим. Шу билан бирга бугунги кундаги миллат маънавиятини юксалишига катта ҳисса қўшадиган дунё фалсафаси, адабиётининг энг илғор намуналарини таржима қилдириб чоп қилдирардим.Шу билан бирга биз вақтида , тириклигида қадр қимматини жойига қўя олмаган ( албатта бу меним ўз фикрим ) бир қатор олимларнинг хотирасига бағишлаб ёдномалар чиқаришни йўлга қўярдим. Масалан, етук адабиётшунос Шерали Турдиев, таржимон ва публицист Холида Аҳророва, таниқли меъмор, тарихимизга оид таҳлилий мақолалари билан танилган Пўлат Зоҳидов, тиббиёт академиги , “Фан ва турмуш” журналини ўз даврида машҳур қилган Комилжон Зуфаров , марҳум ижодкорлардан Шукур Холмирзаев, Садриддин Салим Бухорий, Омон Мухтор,Ўлмас Алихўжаев, Обид Юнусов каби миллатимизнинг буюк инсонлари хотирасига бағишлаб, замондошларининг у ҳақдаги фикрларини жамлаган тўпламларни ҳам чоп этдирардим.Бундан ташқари бугунги кунда барҳаёт, эъзозлашимиз лозим бўлган чинакам зиёлилар Наим Каримов, Иброҳим Ҳаққул, Зокиржон Машрабов, Шариф Юсупов,Ҳайдарбек Бобобеков, Эркин Аъзам, Ашраф Аҳмедов, Хуршид Даврон, Ҳамид Зиёев, Рустамбек Шамсутдинов,Поён Равшанов, Амриддин Бердимуродов, Шомирза Турдимов, Жуманазар Бекназаров, Акмал Саидов, Шуҳрат Сирожиддинов, Бойбўта Дўстқораев, Мирсодиқ Исҳоқов, режиссёр Баҳодир Йўлдошев ва яна кўплаб бошқа соҳа вакиллари тўғрисидаги замондошларимизнинг фикрлари, қаҳрамонларимизнинг фаолияти акс этган китоблар чиқаришни йўлга қўярдим.
Шунингдек, “Ҳожибой Тожибоев ва ўзбек сатираси ҳамда юмори”, “Ҳожибой Тожибоев ижодида ўзбек халқи феъл-атвори” мавзусида , умуман олганда шу қизиқчининг касбдошлари, уни яқиндан билганлар хотирасини ёзиб олиб, анъанага кўра “Ҳожибой Тожибоев замондошлари хотираси” номли китоб яратишни ҳам ўйлаб кўрмоқ лозим менимча.Марҳум профессор Бегали Қосимовнинг сайланмаларини ҳам чоп этиш лозим деб билардим.
Мен номларини мамнуният билан қайд этган бу илму фан, адабиёт, санъат намоёндалари миллатимиз маънавиятини юксалишига катта ҳисса қўшаётган ижод, илм аҳли деб биламан.Уларни ҳаётлик пайтида эъзозлаб, хизматларини чинакам маънода қадрлашимиз лозим. Масалан, меним кутубхонамда Наим Каримовнинг 1991 йилдан бери матбуотда чоп этдирган 93 та мақоласи мавжуд.Уларнинг ўзи бир неча жилд сайланма бўладиган ноёб мақолалардир.Хуллас, ватанимиз илму фанига ўзининг ҳиссаларини қўшаётган олимларни, адабиётимиз равнақида хизматлари бисёр адибларнинг ҳурматини жойига қўйишимиз, улар тириклигида замондошларининг эътироф этилган фикрларини жамлаб китоб чоп қилдиришимиз, асарларини хориж тилларига таржима этдиришимиз лозим.ЎзТВ да улар ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаб, ёшларга уларни ибрат намунаси сифатида кўрсатишимиз, ҳужжатли фильмлар тайёрлаб нафақат ТВда, мактаб, коллеж, университетларда намойиш этишни ҳам йўлга қўймоқ керак.Ўтказиладиган байрам тадбирларига уларни таклиф этиш,юксак унвонларга тавсия қилиш, хориж академияларига аъзо бўлиш масаласини ҳам ўйламоқ лозим.
Булар албатта меним шахсий фикрларим.

— 2012 йилда нашрдан чиққан “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеингиз ҳақида бир қанча профессор, фан номзоди, ижодкорлар ижобий тақриз, мақолалар чоп қилдиришди. Бошқа роман-эсселарни бошлаб қўйганингиздан хабардорлигим учун сўрамоқчи эдимки, кейингиларини якунлаш имконияти бўлмадими?

— Россияга кетишимдан олдин Закий Валидийнинг 1920 йил сентябридан декабригача Хоразмда яширинча, жадид дўстлари қуршовида яшаганига оид , ҳужжатлар асосидаги “Тўфон давридаги Тўғон” номли роман-эссени, машҳур поляк эстрада хонандаси, Урганчда туғилган Анна Герман ва унинг 1938 йил октябрида қатағонга учраган отаси, “Урганч нон комбинати” бош ҳисобчиси Евгений Фридирихович Герман (1909-1938) ҳамда ана шу Хоразмга сургун қилинган полякларга бағишланган “Анна Германнинг армонлари” роман-эссеси, корейсларнинг ҳам 1936 йилдаги сургуни , ўзбек ва корейс халқлари ўртасидаги дўстлик, севгиси тасвирланган “ Тақдир зарбалари” роман-эссеси, 1883-1937 йилларда Хоразмда яшаган немислар ҳаётига оид “ Пешонадаги тамға” роман-эсселарининг ҳам маълум бир қисмларини ёзиб қўйгандим. Афсуски, вақтим турмуш ташвишлари билан бандлигидан уларнинг барини якунлай олмадим.Фақатгина “Тўфон давридаги Тўғон”ни яқинда, ёз фаслида тугатдим десам бўлади. Агарки, сўнгги таҳрир ишларини яқин орада тугатсам, сайт мухлисларига тақдим қиламан.Бундан ташқари С.П.Толстов ва Хоразм мавзусида “Археологнинг армони”, Зиё Бунёдовнинг Хоразмга қилган сафари, марҳум эколог Озод Ҳусайинов билан дўстлигига оид “Дард мавсуми ёхуд Зиё Бунёдовнинг дўсти” номли, шу каби академик Худоёр Оллаёров ва машҳур сухандон Левитан, комик актёр Никулинлар дўстлигига доир, Россия Давлат Думаси депутати бўлган, кейинчалик турли айблар билан Тулага сургун қилиниб у ерда Лев Толстов билан учрашган, бадарғаликдан қайтгач, ўлкамиздаги турли ташкилотларда ишлаган, 1920-21 йилда эса Хоразмда истиқомат қилиб ХХРда хизмат қилган Абдувоҳидқори Абдурауфқориев ҳаёти, оиласи, фожиали тақдири тўғрисидаги роман-эсселар бўйичаям маълумотлар тўплаб, бошланиш қисмини ёзиб қўйганман. Абдувоҳидқорининг Хоразмдалик пайтига оид кўплаб суратлар, ҳужжатлар тўпладим. Хуллас, роман-эсселарга мавзу — Хоразм, халқлар ўртасидаги дўстлик, туташ тақдирлардир.

-Насиб қилса уларни яқин орада ўқиймиз деган умиддамиз.Энди яна сўрайдиганим, сиз доимо кўпчилик инсонлардаги лоқайдлик ,эътиборсизликдан куюниб юрганингизни биламан.Шунингдек лаганбардор инсонларни ҳам ёқтирмаслигингизниям сезганман…

-1993 йилда “Лоқайдлик хасталиги” дея мақола ёзиб “Хоразм ҳақиқати” газетасига олиб борганимда, негадир чиқаришмаганди.Мени ҳайратга соладигани, оддий одамларнинг оқиб турган анҳорга чиқинди, ахлат ташлашгани, водопровод жўмрагидан куну-тунлаб сувнинг оқиб исроф бўлаётгани эмас, зиёлиларда, ўзини олим сановчи диплом эгаларининг ҳаттоки ўз ихтисослигидаги янгиликларга, бўлаётган жараёнга бефарқлиги, умуман куним ўтса бўлди, маошимни олсам бўлганида дея лоқайдликка берилишидир.Битта доцентга “Девонов сулоласига мансуб Абдулла Юсуповда сизнинг отангизнинг магнит тасмасига ёзилган икки соатлик суҳбати бор.Суҳбат фан, таълим, тарих ҳақида.Абдулла ота уларни сизга сотмоқчи эмас, шундоқ бориб нусха кўчириб олсангиз бўлди”, дея айтганимга уч йил бўлади.Иши ҳам, уйи ҳам Абдулла ота хонадонига яқин жойда.Тағин, отаси унинг 10 ёшлигида қилинган суҳбат тасмага муҳрланган. Яна доцент кўрмаган, бола пайтидаги отасининг расмлари бор. Қарангки, уч йилдан бери олим акамизнинг нусха кўчириб олишга қўли тегмаётган экан.
Ўзим кўплаб матбуот нашрларини кузатиб юрганимдан, кўплаб фан номзодларига, “ёқланган мавзуинг бўйича, дарсда ўтиладиган сабоғинг бўйича фалон нашрда янги маълумотлар асосидаги мақола чиқибди, ундан фойдалансанг, талабаларга фойдаланадиган адабиёт сифатида тавсия этсанг бўлади”, деб юраман.Уларни янаги кўрганимда бу ҳақда эслатсам, “кутубхонага бориб кўришга, нусха олишга вақти топаолмадим”, дея баҳона қилишади. Ёки яна бир воқеавий мисол.Марҳум мунаққид,шоир Баҳодир Содиқовнинг жуда яқин қариндошини, куёвини топиб, “қайноғангиз вафот этганда 12 ёшда бўлган экансиз.Эслайдиган, биладиганингизни хотира қилиб ёзиб берсангиз”, дея икки йилдан бери айтаман, натижа йўқ.Мен агарки ўша киши биронта фермер,тадбиркор бўлсаям хафа бўлмасдим, бироқ у инсон университет, мадрасада дарс берадиган исломшунос, дин тарихи, маънавият асосларидан талабаларга сабоқ берадиган ўқитувчи.
Ёки яна бир ҳаётий мисол.Зиё Бунёдов Хоразмга келганида уйига олиб борган, Урганчдаги тўйларни томоша қилдирган бир зиёлигаям неча йилки учрашув тафсилотларини ёздириб ололмайман.Ёхуд Яҳё Ғуломов билан Хивага келганда учрашган, буюк археологдан сабоқ олган шогирдларигаям , Матназар ака билан дўстона суҳбатлар қилиб юрган олимлардан ҳам неча йилки ўтиниб сўрайман, хотира ёзиб беришолмайди.Сабаби-вақт йўқлигида эмиш.
Хуллас, лоқайдлик, эътиборсизлик каби зиёлилар орасида тарқалган “хасталик” тўғрисида яна кўплаб мисол келтиришим мумкин.Энди лаганбардорлик каби инсон феълидаги салбий иллат тўғрисида гапирадиган бўлсам.Бу иллат зиёлилар орасидаям, оддий инсонлар орасидаям кўп учрайди. Агарки дипломли мутахассис ўзидан каттароқ мансабдаги бандага лаганбардорлик қилиб юқорироққа интилишни кўзда тутган бўлса, оддий инсонлар кичикроқ мансабдаги кишига лаганбардорлик қилиб, уларни талтайтириб қўяётибди.Тумандаги энг кичик мансаб- айрим маҳаллақўм раислари ҳам шу даражада талтайишадики, оддийгина тўйни очиб беришда қўлига микрофон ушлаган заҳоти ўзининг асл башарасини намоён қилади қўяди: гўёки минбарга чиқиб олган шўро давридаги райқўмлардек тутади ўзини.Кимгадир дўқ уради, тўйхона ташқарисидаги-ю, ичкарисидаги инсонларга ҳам бўлар-бўлмас насиҳат қилиб ( кўпчилиги айтиб турган насиҳатига ўзи умуман амал қилмайдиган инсонлар) микрофонни сухандонга ярим соатларда зўрға тутқазади.Даврадаги инсонларнинг кўпчилигига-ку бу насиҳатлар кор қилмайди-аллақачон ароқни совутмай-ю, иситмай уриб олган, кўзлар отарчи ёнидаги раққосада.Маҳаллақўмнинг насиҳати фақат ичмаган одамларнинг асабига тегади, холос.Бироқ ачинарлиси, ана шу асаби ўйнаган инсон ҳам тўйдан сўнг маҳаллақўмнинг ёнига бориб ялтоқланади.Шундай вақтларда кунгабоқармисол бу фақирларнинг феълини кўриб, уларга тўзим берсин деб қўясан, холос.

-Вилоятда илмий тадқиқот маркази очишга ҳаракат қилиб юрганингиздан хабарим бор…

-Истиқлолдан сўнг давлатимизда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш билан бирга, жамиятда маънавият ва маърифатни юксалтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.Бу борада халққа маънавий куч-қувват бағишловчи тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганишга етарлича аҳамият берилмоқда. Тарихчи ва тадқиқотчилар учун мозий сирларини ўрганиш бўйича кўплаб шароит, имкониятлар яратилган.Республикамиздаги архивлар, кутубхоналар тадқиқотчиларга ҳамиша муштоқ.Аммо ана шу имкониятлардан кўпчилигимиз етарлича фойдалана олмаяпмиз.
Истиқлол даври яратган имкониятлардан етарлича фойдаланаётганларнинг олд сафига мен Андижондаги Бобур номли халқаро фонд,унинг қошидаги Бобур ўтган йўллар бўйлаб илмий экспедициясини қўярдим.Фонд раҳбари Зокиржон Машрабовнинг қаътиятлилиги, шижоати туфайли , бугун 20дан ортиқ хорижий давлатларда Бобур ўтган йўллар бўйлаб, чунончи темурийлар,бобурийлар даври мероси,умуман олганда ватанимизда туғилиб дунё илму фанига катта ҳисса қўшган , афсуски, хорижда дафн этилган алломаларимиз ҳаётини ўрганиб, улар қабрини зиёрат қилиб, шулар асосида кўплаб китоблар, ҳужжатли фильмлар ишланди. Энг асосийси сафарлар, изланишлар натижасида “Бобур ва жаҳон цивилизацияси” музейи барпо этилди. Шунингдек профессор Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигидаги “Мерос” халқаро илмий-амалий экспедицияси Қозоғистон,Россия, Украина ва Европа давлатларида бўлиб коллективлаштириш, қулоқлаштириш, қатағон даврига оид кўплаб архив манбаларига эга бўлди ва шулар асосида кўплаб китоблар чоп этдирди. Ёки профессор Ҳайдарбек Бобоеков бошчилигида Тошкентда Турон Фанлар академияси, Ўрта Осиё халқлари тарихи институти, унинг муассислигида “Турон тарихи “ журнали фаолият кўрсатмоқда.Ёхуд Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида “Беруний авлодлари” фонди , Элликқаъла туманида Отажон Худойшукуров номидаги халқаро фонд турли йўналишдаги танловларни ташкил этиб, ватанимиз маданияти ва санъати ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.Шунингдек , Урганчдаги Огаҳий номли вилоят фонди ҳам 20 дан кўп ёш ижодкорларнинг, адабиёт тарихига оид тўпламларнинг нашр этилишига эришди. Мен ҳали фақат тарих йўналишида фаолият кўрсатаётган, истиқлол имкониятларидан фойдаланаётган ташкилотларнигина айтиб ўтдим.
Ана шулардан келиб чиқиб, мендаям вилоятимизда Хоразм тарихий-этнографик экспедицияси илмий тадқиқот марказини таъсис этишга, марказ муассислигида “Ретро”, “Коллекция”, “Экспедиция” журналлари, “Антиквар” газетасини чоп этишга зарурат бор деган фикр уйғонганди. . Агарки, унинг муассислигида юқоридаги каби нашрлар чоп этилиб, обуна яхши йўлга қўйилса, бир қанча иш ўринлари очилар, марказ ҳам ,журнал ҳам фаолият кўрсатишига имконият туғиларди.
Қолаверса, ҳозирча республика ичида илмий экспедиция ўтказишга имконият яратиларди.Масалан, вилоятимизнинг Хива,Хонқа туманларида Сахтиён овуллари, Гурлан туманида шу номли қишлоқ бор. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг Элликқаъла туманидаям Сахтиён қишлоғи бор.Бундан ташқари Андижондаги учта туманда учта қишлоқ, Бухоро вилоятида битта, Фарғонада икки қишлоқ, Наманганда битта қишлоқ Урганжий номи билан аталади. Шунингдек Шовот туманидаям Кат, Қорақалпоғистондаги Беруний туманидаям Кат номли қаъла бор. Бундан ташқари Хоразм ва Қорақалпоғистонда тўртта Тупроққаъла номли ҳудуд бор. Аммо уларнинг ўзаро боғлиқлиги, аҳолисининг ўхшашлик жиҳатларини шу пайтгача бирон тадқиқотчи ўрганиб чиқмаган. Шу каби тарихий-этнографик тадқиқотлар ўтказадиган мавзулар кўп.Бундан ташқари, собиқ иттифоқ пайтида, шунингдек яқин орада Россияда, Қозоғистонда, хорижда Хоразм тарихи, адабиёти, санъатига бағишлаб кўплаб китоблар чоп этилмоқда, диссертациялар ёқланмоқда.Уларни агарки юқоридаги марказ тузилса, журнал чоп этилса, таржима қилиш имконияти ҳам туғиларди.
Хуллас, имконият яратилган, шароитлар етарли бўлган ҳолда, навқирон ёшда ишлаш, изланиш, интилиш керак.Мен бу ҳақдаги фикрларимни ёзма равишда ифодалаб, вилоят ҳокимлиги матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи, журналист Шуҳрат Маткаримовга берган ва у билан маслаҳатлашгандим. Албатта бундай тарзда фаолият юритиш учун маблағ керак.Агарки мен ўзимда маблағ бўлганида аллақачонлар фаолиятни бошлаб юборган бўлардим.Маблағни эса марказ муассислигидаги нашрларга обуна қилиш тарзида топиш мумкин, деган фикрдаман.

-Сизга шу ва бошқа илмий, ижодий ишларингизда омадлар, муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Умид БЕКМУҲАММАД
ҲАЁТНИ АНГЛАШ
Кундалик дафтардан қайдлар
008

. . .
Ўзинг ҳақингда ўзгалардан эшитиш нақадар мароқли.Нафақат мадҳиябозликни, балки танқидни ҳам.
. . .
Бу дунёда ҳамма нарсанинг чегараси бор. Шу жумладан эркинликнинг ҳам.Негаки, баъзиларнинг эркин бўлиши бошқаларнинг эркинлигини тўсиб қўяди.Албатта бу ҳаммага тегишли эмас.Бироқ ҳаётда ҳаммма вақт ўзини эркин санаб, бошқаларнинг эркинлигини тўсувчилар кўп бўлган.Шунинг учун ҳам, ҳар бир инсоннинг эркинлиги чегараси, бошқа бир инсоннинг эркинлиги чегарасигача давом қилади.Чегаранинг бузилиши эса, иккаласидан бирининг эркинлигини тўсиб қўяди.
. . .
Мақтанчоқни ҳеч ким ёқтирмайди, бироқ ҳамманинг ҳам ким ва нима биландир мақтангиси келади.
. . .
Пулни тежаш қитмирлик бўлмаганидек, пулни кўп сарфлаш ҳам сахийлик эмас.
. . .
Инсонлар орасидаги муносабатда йўл қўйиладиган энг катта хато бир-бировни тушунмаслик ва тушунишга ҳаракат ҳам қилмасликдир.
. . .
Умид-инсонни тобора тақдир сўқмоқлари сари олға етакловчи кучдир.
. . .
Инсоннинг ҳаётдан ўзи тўплаган тажрибаси бошқалар берган маслаҳатдан афзалдир.Бироқ бу маслаҳат ва насиҳатни тингламаслик , унга амал ҳам қилмаслик керак дегани эмас.
. . .
Англаб етган хатоингни ҳадеб кавлаштириб, тинмай дашном бераверишса, сен яна хатоингни такрорлайверасан.
. . .
Хаёл ва афсусларгина инсоннинг оғир кунларидаги ягона тасаллидир.
. . .
Пули йўқ, баъзида пули кўпга маслаҳат ҳам бериши мумкин.Аммо бу маслаҳат пулдорга табиийки ёқмайди.
.. .
Ёлғон гапириш гарчи энг катта гуноҳ бўлсада, у инсоннинг эзгулик йўлидаги уринишларини рўёбга чиқаришга ҳам хизмат қилади.
. . .
Ўзи тушунмаган ёки тушунишни истамаган нарсани қоралаш ва воқеага бир томонлама ёндошиш инсоннинг ким бўлишидан қаътий назар ақллигидан эмас, нодонлиги ва тобора жаҳолат ботқоғига ботаётганлигидан дарак беради.
. . .
У ўзининг гап-сўзлари билан гўёки атрофдагиларга ақлли бўлиб кўринмоқчи бўларди.Афсуски, ҳатти-ҳаракатлари унинг нодонлигини кўрсатиб турарди.
. . .
У кун сайин ўз аҳмоқлигининг янги-янги қирраларини атрофидагиларга ўзи билмаган ҳолда намойиш қиларди.
. . .
Инсон умри охирлаётганда ўтган кунларига назар соларкан, ўз-ўзига саволлар беради.Бу саволлар афсус ва надомат билан боғланган бўлади.Бу ҳолат донога ҳам, нодонга ҳам тегишлидир.
. . .
Ҳақиқатни айтишдан қўрқиб ёлғон атрофида ўралашиш, савобдан воз кечиб гуноҳдан паноҳ сўраб бориш билан тенг.
. . .
“Мен ҳаммадан ақлли бўлсам керак”.Инсоннинг фожиаси ана шу сўз мақсадга айланган кундан бошланади.
. . .
Тарихда ўтган бирор бир шахсни қўрқоқ ёки ботир қилиб тасвирлаган билан ҳеч нарсага эриша олмаймиз.Бизнинг тарих ўқиб эришадиган нарсамиз ибрат ва сабоқдир.
. . .
Ҳақиқатни айтиш ва тан олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.Аслида бу дунёда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчи.
. . .
У нафақат ёлғон гапиради, балки ёлғон устига яна озгинагина қўшиб ҳам гапиради.
. . .
ТВдаги бир кўрсатувда машҳур шахсдан сиз ҳам алданганмисиз дея сўрашди.Аслида ул зотдан сиз ҳам алдаганмисиз деб сўраш керак эди.
. . .
Биз ҳавони кўрмаймиз, аммо унинг борлигини сезги органларимиз орқали ҳис қиламиз.Ачинарлиси шундаки, баъзи кишилар кўриниб турган нарсани-ҲАҚИҚАТни тан олгиси келмайдилар.Мен уларнинг бу ишини ҳаводан нафас олиб уни кўринмаяпди, демакки ҳаво йўқ деган ҳолга ўхшатаман.Улар ҳаво сингари ҲАҚИҚАТни ҳам тан олгилари келмайдилар.ҲАҚИҚАТ эса инсонга ҳаводек зарур.
. . .
Қалбингиздаги оғир “юк”ни (дардни) бировга айтиб енгиллаштиришдек қийин иш бўлмаса керак.Ҳар ҳолда ҳаммаям сендаги “юк”ни (дардни) кўтаролмайди.
. . .
Нафақат ўзганинг хатосидан, балки ўзинг йўл қўйган хатолардан ҳам хулоса чиқармоқ керак.
. . .
Кимгадир ёки нимагадир эмас, балки ҲАҚИҚАТга суянмоқ керак.Бироқ ҲАҚИҚАТ ўзига хиёнат қилганларга тиргак бўлаолмайди.
. . .
Журналист воқеа-ҳодисалар изидан эмас, воқеа-ҳодисалар орасида юрмоғи керак.
. . .
Ҳақиқат гоҳида айнан юзингга айтилса, худди ҳақоратдай туюлади.
. . .
Гужумнинг савлати теракда бўлмаса ҳам гар, у гужум каби бўйин эгмай, қаддин тик тутар.
. . .
Ўзи билмаган, моҳиятини англамаган нарсаларни бировга ўргатиш шу одамнинг оддийгина ахмоқлигидан далолат беради.Бу тарбиясиз ўқитувчининг тарбияли ўқувчига ахлоқ тўғриида маъруза ўқишидек гап.
. . .
Сенинг сўзларинг худди кузнинг сўнгги кунларига ўхшайди.Баъзан илиқлик, баъзан совуқлик олиб киради кўнглимга.Унинг сўзлари эса қишда баҳорни эслатади.
. . .
Ҳайкалтарош этнографияни яхши билмоғи керак. Агарки, унинг ясаган яхши санъат асарини мутасаддилар ўзига мос жойга ўрнатишни уддалай олишмаса, бадиий баркамол асар тош уюмига ўхшаб қолади.
. . .
Бир халқ манфаатини ўйлаб, бошқа халқни камситиш шовинизмдан дарак беради.Дунёда ҳамма халқлар тенгдирлар.Бу барча инсонлар англаши керак ва шарт бўлган оддийгина қонуниятдир.
. . .
Ҳаёт уммондир. Уммоннинг эса табиийки қирғоқлари мавжуд.Менимча, бу қирғоқлар савоб ва гуноҳ қирғоқларидир.Инсон умри давомида ана шу икки қирғоқ оралиғида ҳаёт кечиради.Энг даҳшатлиси шундаки, билатуриб гуноҳ қирғоғи томон интилишдир.
. . .
Аёл зоти эркакларни ҳаёт уммонининг гуноҳ ва савоб қирғоқларига элтувчи кемадир.
. . .
Аёлнинг гўзаллиги унинг донлогини ифодалай олмаслигини кўпчилик билади.Аммо негадир ана шу гўзалликка дуч келганда буни унитиб юборади.
. . .
Эркакларни ғоятда қийин вазиятдан чиқара биладиган нарса иккитадир.Бири АҚЛ, иккинчиси АЁЛ. Афсуски, ҳамма аёллардаям эркакларни қийин вазиятдан чиқариш тугул, ўзларини ҳам қийин вазиятдан чиқаришга чидам ва матонат етмайди.Баъзилар эса эркакларни ўзига қўшиб чиқиб бўлмайдиган вазиятларга тушириб қўяди.
. . .
Нимадан, кимдан бўлсин хавсираш-силжиб турган ишни орқага суради.
. . .

Лаҳзалар, соатлар, кунлар ойларга айланиб йилни ташкил қилганидек, эътиборсизлик натижасидагина салгина хато ҳам бир кун келиб ечиб бўлмас тугунга-фожиага айланади.Шу боис тугунни чираниб ечишга урингандан кўра, ён атрофимизга эътиборли бўлиш керак.
. . .
Агар аҳмоқ сени ҳақоратласа, сен ҳам уни ҳақоратлаб ўтирма, балки индамай қўяқол.Негаки, у сени аҳмоқлигига бориб, ўз ақл даражасидан келиб чиқиб ҳақоратлайди.
. . .
У ўзининг бошига тушадиган барча фожиаларнинг илдизини ўзидан эмас, ўзгалардан ахтарарди, аслида барчасига сабабчи ўзи эди.
. . .
Уятчанлик ва соддадиллик гарчи инсоннинг энг ажойиб фазилатларидан саналсада, баъзида у ҳаёт сўқмоқларида кўп қоқилишга ҳам сабабчи бўлади.
. . .
“Ўзгалар устидан кулгувчилар, ўзгалар кулгусидан қўрқади”.Булар япон файласуф адиби Акутагава айтган майнавозлардир.
. . .
Мулкдорликгина инсоннинг ўз меҳнатидан манфаат кўришига сабаб бўлади.
. . .
“Такаббурлик билан ҳам меҳр-муҳаббат қозониш мумкин”.Португалиялик ҳажвчи шоир Жил Висенти (1740-1536) нинг бу сўзлари нақадар тўғрилигини ҳар бир инсон ён атрофидаги кишиларнинг ҳатти-ҳаракатини кузатиб маъқуллаши мумкин.
. . .
У кўп гапирарди, кам тингларди.Унинг бошига тушадиган ташвишларнинг сабаби ҳам шунда эди.У ўз ҳатти-ҳаракати билан “ҳар на келса бошингга суяксиз тилингдан келар” деган нақлнинг нақадар тўғрилигини ён атрофдагиларга ўзи билмаган ҳолда исботларди.
. . .
Ҳар қандай фикр, ғоя эзгулик томон йўғрилгандагина инсоният тараққиётга эришади.Лекин эзгулик сари йўналган ғоя фақат назарий асосланиб амалиётга айланмаса, бундай ғоя мисоли ўликдир.
. . .
Оллоҳнинг бебаҳо мўъжизавий бандаси бўлмиш одамлар, бундан ташқари ҳайвонлар ўртасидаги фарқ уларнинг ички тузилишида эмас, балки нима учун яшаётганлигида ҳамдир.
. . .
Инсондаги жисмоний куч-қудрат танада меҳмондир.У бир куни келиб “мезбон”ни тарк қилади.”Меҳмон” билан “мезбон”нинг мақтаниши эса аҳмоқликдир.
. . .
Вақт нақадар тез ўтишини ва ундан катта бойлик йўқ эканлигини фақат кексаларгина яхши англайдилар.Бироқ, энди кеч.Ёшлар эса ҳали ҳаммаси олдинда дея ўзларини овутиб юришади.Ўзингни ўзинг овутиш ҳам орзу ва умидлар сўнмаганини билдиради.Бироқ ўзингни овутаётган пайтда ҳам ВАҚТ ўтаётганини унутмаслик керак.

. . .
Ҳаёт эртак эмас. Унинг интиҳоси шунинг учун ҳам яхшилик билан тугавермайди.Бироқ ҳаётда мўъжизаларнинг учраб туриши баъзан эртакни эслатади.
….
Таниқли шоирлардан бири, “Қарилик сочга биринчи оқ тушган куни ёки ёшинг элликка тўлган куни ёхуд набира кўрган кунинг бошланмайди.Қарилик назаримда, ёшларнинг ҳатти-ҳаракатига ғашинг кела бошлаган вақтда бошланади” дея ёзганди.Ҳурматли шоирмизнинг шу фикрларини ўқиб, савол туғилди: На фақат ёшларнинг, балки ўзидан анча ёш катта инсонларнинг ҳатти-ҳаракатига ғаши келган инсон ким?

045

(Tashriflar: umumiy 352, bugungi 1)

Izoh qoldiring