Mixail Lermontov. She’rlar

00615 октябрь — улуғ рус шоири Михаил Лермонтов таваллуд топган кун

    Лермонтовда шоирликнинг асл моҳияти мужассам. Ҳар бир шоир учун муштарак мезон бўлгулик руҳий қиёфа, маҳорат ва санъат, шоирнинг бурчи, вазифаси ва мақсади мужассам. Лермонтов шеърияти ҳақиқий ҳақпарварлик, ҳақиқий ватанпарварлик, ҳақиқий қаҳрамонлик туйғулари акс этган шеъриятдир (Сулаймон Раҳмоннинг мақоласидан).

Михаил ЛЕРМОНТОВ
ШЕЪРЛАР
Саъдулла Ҳаким таржималари
003

 09  Михаил Юрьевич Лермонтов [1814.3(15).10, Москва — 1841.15(27).7, Пятигорск] — рус шоири. Болалик чоғлари Пенза губернясидаги Тархан (ҳозирги Лермонтов) қишлоғида кечган. 1827 йилда бувиси Е.А.Арсеньева билан бирга Москвага кўчиб борган ва 1828 йилда Москва университети қошидаги пансионнинг 4-курсига ўқишга кирган. Дастлабки шеърлари, «Черкеслар» (1828) ва «Кавказ асири» (1929) достонлари шу ерда ёзилган. Лермонтов пансиондаги 2 йиллик таҳсилидан сўнг 1830 йилда университетнинг маънавий-сиёсий бўлимига ўқишга киради. Лермонтов талабалик йилларида қатор лирик шеърлар, достон ва драмалар ёзган («Одамлар ва эҳтирослар», 1930 ва б.). 1832 йилда университетни тарк этади ва Петербургга бориб, гвардия подпрапоршчиклари ва кавалерия юнкерлари мактабига ўқишга киради. Мазкур мактабни тугатгач, Лермонтов Царское Селода жойлашган гусарлар полкига юборилади (1834). Навқирон гусар кўп вақтини аслзодаларнинг кўнгилочар давраларида ўтказиб, шу давралардан олган таассуротлари асосида «Маскарад» драмаси, «Ҳожи Абрек» романтик достони (1835) ва бошқа асарларини ёзади. Лермонтов 1837 йилда А.С.Пушкиннинг фожиали ўлимига бағишлаб «Шоирнинг ўлимига» шеърини ёзади. Лермонтов бу шеърда шоирнинг ўлимида айбдор саналган ҳукмрон кучларни кескин қоралагани учун Кавказга сургун қилинган. Лермонтовнинг Кавказда бўлиши унинг шоир ва рассом сифатидаги ижодига самарали таъсир кўрсатди. Кавказ табиати ва элатлар фольклорига меҳр қўйган шоир шу ерда «Ошиқ Ғариб» (1837) шарқ эртаги, «Замонамиз қаҳрамони» (1840) романи ва кўплаб рангтасвир асарларини яратди.
Е.А.Арсеньева ва шоир В.А.Жуковскийнинг саъй-ҳаракатлари билан афв этилган Лермонтов 1838 йил январда Петербургга ва апрель ойида эса Царское Селода жойлашган гусар полкига кайтиб келади. Петурбургдаги қизғин адабий ҳаёт 30-йиллар охирида Лермонтов ижодида эрксеварлик йўналишининг кенг қанот ёзишига имконият туғдиради. «Ўйлар», «Шоир», «Ўзингга ишонма…», «Пайғамбар», «Алвидо, Русия, эй нопок макон» каби шеърлари, «Мцири», «Демон» («Иблис») каби достонлари, «Бэла» қиссаси (ҳаммаси 1839) Лермонтов ижодининг камолот босқичига кўтарилганидан шаҳодат беради. Шу кезларда Франция элчисининг ўғли Э.Барант билан бўлиб ўтган дуэль Лермонтовнинг иккинчи марта Кавказга сургун қилинишига сабабчи бўлади. У Кавказдаги пиёдалар полки таркибида бир неча ҳарбий юришларда иштирок этади. Унинг шу вақтда (1840, окт.) «Отечественные записки» журналида эълон қилган шеър ва достонлари Петербургда катта акс-садо беради. Бундан фойдаланган Е.А.Арсеньева набирасининг Петербургга таътилга келишига эришади (1841, февраль). Аммо расмий доиралардаги ўзига бўлган совуқ муносабатни кўрган Лермонтов 1841 йил 13 майда Пятигорскка қайтиб келади. Шу вақтда бу ерларда истироҳат қилаётган бир гуруҳ ёшлар Лермонтов билан зобит Н.С.Мартинов ўртасида жанжал чиқишига эришадилар. 13 июль куни Лермонтов билан зобит Н.С.Мартинов ўртасида чиққан жанжал туфайли рўй берган дуэлда шоир оғир яраланади ва вафот этади. Лермонтовнинг хоки Тархан қишлоғига олиб келиниб, Арсеньевлар хилхонасида дафн этилган (1842 йил 23 апрель). Лермонтов шоир, носир ва рассом сифатида рус маданияти тарихида фахрий ўринлардан бирини эгаллайди.

003

КУЗ

Далаларда заъфарон хазон
Гир айланар, учар пирпираб.
Фақат қора қарағай ҳамон
Яшнаб турар кўм-кўк, гуркираб.

Қўшчи гоҳо пешинда ҳорғин,
Қоя ости — гуллар ичра ғарқ –
Бир пас ором олмоқ одатин
Энди буткул айламишдир тарк.

Ҳайвонлар ҳам гоҳ гала-гала
Шошиб ўтар макон ахтариб.
Кечаси ой туссиз. Кенг дала
Кумушланар туманда ғариб.

1828

ЎГИТ

Ғусса чўкса, дўстим, дилингга,
Табассум қил, қув ғамни нари.
Уйма қовоқ, чекма азият,
Унут бўлар пайт етиб бари.

Ёш қизларнинг алдоқларию
Топталган шаън туйғулари ҳам,
Дилгирликнинг маҳзун дамлари
Арзимайди чекмоғингга ғам.

Ғаниматдир бебаҳо умр,
Балолардан ўзингни асра:
Севинч болин ютоқиб симир,
Ўзи кириб келади ҳасрат.

Одамлардан ўгирмагил юз,
Ўзгаларга ўргатма ақл.
Ахтармасанг йўқ фазилатин,
Бир кун севиб қолмоғинг ҳақдир.

Не кўйларга солса ҳам юрак,
Яша юрак амрига қараб.
Ҳислар мавжин, бўлганда керак,
Тийиб қўйиш нима деган гап…

Бахтсиздир, ким тақдирида бор
Орзуларин кечириб бир-бир,
Бахт туйғусин йўқотиб, охир
Бўлар экан бахтга сазовор.

1830

ВАСИЯТ

Бир пас ўтир бошимда, оға,
Оёқларим тўниб бормоқда.
Айтдиларки, аҳволим оғир,
Умрим шами сўниб бормоқда.

Тез кунларда борурсан уйга:
Қўй, мен учун қайғурма ортиқ.
Надир ўлим? Учқур ҳаётда
Бандасига бу ҳам бир тортиқ.

Кимдир йўқлаб қолса мабодо…
Ким бўлса ҳам, сўрагани пайт,
Ватан учун муҳорабада
Кўкрагидан ўқ еди, деб айт.

Ўлим топди чин-ҳалолидан –
Жангга кирди шоҳ учун дадил,
Ҳар дақиқа ўй-хаёлида
Юрт хаёли эди, деб айтгил.

Отам-онам, сен борганинг чоғ,
Ўтган бўлар балки оламдан…
Очиғини айтсам, уларни
Огоҳ этгим келмас бу ғамдан.

Биронтасин омон топсанг гар,
Айтгил, хатга йўқроқ деб тоби.
Яна айтгил, у кетди жангга,
Қайтмас уруш тугамай токи.

Қўшни яшар уларга бир қиз…
Ёдга тушса, ўртанар бағир.
Аллақачон… ажраб кетганмиз,
У сўрамас мени… барибир.

Сен унга бор ҳақиқатни айт,
Дардга тўлсин юраги, майли.
Майли, ўксиб-ўксиб йиғласин…
Ҳалок бўлди, де, сен туфайли!

1840

ПОРТРЕТГА

Бола каби у қўнғироқ соч,
Меҳр ёғиб турар юзидан.
Тингламоқлик бағишлар қувонч,
Бол томади ҳар бир сўзидан.

Одат этмоқ ётдир руҳига,
Гоҳ севару гоҳ тез унутар.
Илон янглиғ сирғалар кўздан,
Қуш мисоли учар-да кетар.

Ёш, ярқироқ пешонасига
Ҳасрат битмиш, бахт битмиш дариғ.
Қалби уммон тубидек сирли,
Кундуз каби кўзлари ёруғ.

Бир қарасанг — тиниқ ёз куни,
Бир қарасанг — қорли қиш фасли.
Тушунмаслик мумкиндир уни,
Мумкин эмас, аммо, севмаслик.

1840

* * *

А.О. Смирновага

Йўғингизда юрагим тошар,
Борингизда тутқич бермас сўз.
Сизга жиддий боқмоқ ярашар,
Менга ҳайрат тўла бир жуфт кўз.

Начора, сиз сўздан юксакроқ,
Қисматимдир сабру тамкинлик.
Кулгили ҳол бўлмасди бундоқ,
Бўлмаганда бундай ғамгинлик.

1840

АҲДНОМА

Майли, бизнинг бу ғаройиб аҳд
Оломонда қўзғасин нафрат.
Майли, улар ўйлаганча бад:
Сен мен учун маъшуқа фақат.

Тиз чўкмасман, ҳатто бу дунё
Санамлари олдида зинҳор.
Муҳаббату нафратдан авло,
Мукаррамроқ яна нима бор?

Шўх даврада сендек чарх уриб
Айланаман. Яхшию ёмон —
Барча ила тенг суҳбат қуриб,
Юрак амри билан яшайман.

Дунёвий бахт чикора бизга,
Муҳими, биз учун диёнат.
Биз содиқмиз ўз-ўзимизга,
Қилолмаслар бизга хиёнат.

Тил топишдик шундай дафъатан,
Кетмоқдамиз ажралиб энди.
Бу қувончсиз муҳаббат эди,
Ғусса бўлмас айрилиқда ҳам.

1841

098

Mixail LERMONTOV
SHE’RLAR
Sa’dulla Hakim tarjimalari
003

  Mixail Yur`evich Lermontov [1814.3(15).10, Moskva — 1841.15(27).7, Pyatigorsk] — rus shoiri. Bolalik chog’lari Penza gubernyasidagi Tarxan (hozirgi Lermontov) qishlog’ida kechgan. 1827 yilda buvisi YE.A.Arsen`eva bilan birga Moskvaga ko’chib borgan va 1828 yilda Moskva universiteti qoshidagi pansionning 4-kursiga o’qishga kirgan. Dastlabki she’rlari, «Cherkeslar» (1828) va «Kavkaz asiri» (1929) dostonlari shu yerda yozilgan. Lermontov pansiondagi 2 yillik tahsilidan so’ng 1830 yilda universitetning ma’naviy-siyosiy bo’limiga o’qishga kiradi. Lermontov talabalik yillarida qator lirik she’rlar, doston va dramalar yozgan («Odamlar va ehtiroslar», 1930 va b.). 1832 yilda universitetni tark etadi va Peterburgga borib, gvardiya podpraporshchiklari va kavaleriya yunkerlari maktabiga o’qishga kiradi. Mazkur maktabni tugatgach, Lermontov Sarskoe Seloda joylashgan gusarlar polkiga yuboriladi (1834). Navqiron gusar ko’p vaqtini aslzodalarning ko’ngilochar davralarida o’tkazib, shu davralardan olgan taassurotlari asosida «Maskarad» dramasi, «Hoji Abrek» romantik dostoni (1835) va boshqa asarlarini yozadi. Lermontov 1837 yilda A.S.Pushkinning fojiali o’limiga bag’ishlab «Shoirning o’limiga» she’rini yozadi. Lermontov bu she’rda shoirning o’limida aybdor sanalgan hukmron kuchlarni keskin qoralagani uchun Kavkazga surgun qilingan. Lermontovning Kavkazda bo’lishi uning shoir va rassom sifatidagi ijodiga samarali ta’sir ko’rsatdi. Kavkaz tabiati va elatlar fol`kloriga mehr qo’ygan shoir shu yerda «Oshiq G’arib» (1837) sharq ertagi, «Zamonamiz qahramoni» (1840) romani va ko’plab rangtasvir asarlarini yaratdi.
YE.A.Arsen`eva va shoir V.A.Jukovskiyning sa’y-harakatlari bilan afv etilgan Lermontov 1838 yil yanvarda Peterburgga va aprel` oyida esa Sarskoe Seloda joylashgan gusar polkiga kaytib keladi. Peturburgdagi qizg’in adabiy hayot 30-yillar oxirida Lermontov ijodida erksevarlik yo’nalishining keng qanot yozishiga imkoniyat tug’diradi. «O’ylar», «Shoir», «O’zingga ishonma…», «Payg’ambar», «Alvido, Rusiya, ey nopok makon» kabi she’rlari, «Mtsiri», «Demon» («Iblis») kabi dostonlari, «Bela» qissasi (hammasi 1839) Lermontov ijodining kamolot bosqichiga ko’tarilganidan shahodat beradi. Shu kezlarda Frantsiya elchisining o’g’li E.Barant bilan bo’lib o’tgan duel` Lermontovning ikkinchi marta Kavkazga surgun qilinishiga sababchi bo’ladi. U Kavkazdagi piyodalar polki tarkibida bir necha harbiy yurishlarda ishtirok etadi. Uning shu vaqtda (1840, okt.) «Otechestvennie zapiski» jurnalida e’lon qilgan she’r va dostonlari Peterburgda katta aks-sado beradi. Bundan foydalangan YE.A.Arsen`eva nabirasining Peterburgga ta’tilga kelishiga erishadi (1841, fevral`). Ammo rasmiy doiralardagi o’ziga bo’lgan sovuq munosabatni ko’rgan Lermontov 1841 yil 13 mayda Pyatigorskka qaytib keladi. Shu vaqtda bu yerlarda istirohat qilayotgan bir guruh yoshlar Lermontov bilan zobit N.S.Martinov o’rtasida janjal chiqishiga erishadilar. 13 iyul` kuni Lermontov bilan zobit N.S.Martinov o’rtasida chiqqan janjal tufayli ro’y bergan duelda shoir og’ir yaralanadi va vafot etadi. Lermontovning xoki Tarxan qishlog’iga olib kelinib, Arsen`evlar xilxonasida dafn etilgan (1842 yil 23 aprel`). Lermontov shoir, nosir va rassom sifatida rus madaniyati tarixida faxriy o’rinlardan birini egallaydi.

003

KUZ

Dalalarda za’faron xazon
Gir aylanar, uchar pirpirab.
Faqat qora qarag’ay hamon
Yashnab turar ko’m-ko’k, gurkirab.

Qo’shchi goho peshinda horg’in,
Qoya osti — gullar ichra g’arq –
Bir pas orom olmoq odatin
Endi butkul aylamishdir tark.

Hayvonlar ham goh gala-gala
Shoshib o’tar makon axtarib.
Kechasi oy tussiz. Keng dala
Kumushlanar tumanda g’arib.

1828

O’GIT

045

G’ussa cho’ksa, do’stim, dilingga,
Tabassum qil, quv g’amni nari.
Uyma qovoq, chekma aziyat,
Unut bo’lar payt yetib bari.

Yosh qizlarning aldoqlariyu
Toptalgan sha’n tuyg’ulari ham,
Dilgirlikning mahzun damlari
Arzimaydi chekmog’ingga g’am.

G’animatdir bebaho umr,
Balolardan o’zingni asra:
Sevinch bolin yutoqib simir,
O’zi kirib keladi hasrat.

Odamlardan o’girmagil yuz,
O’zgalarga o’rgatma aql.
Axtarmasang yo’q fazilatin,
Bir kun sevib qolmog’ing haqdir.

Ne ko’ylarga solsa ham yurak,
Yasha yurak amriga qarab.
Hislar mavjin, bo’lganda kerak,
Tiyib qo’yish nima degan gap…

Baxtsizdir, kim taqdirida bor
Orzularin kechirib bir-bir,
Baxt tuyg’usin yo’qotib, oxir
Bo’lar ekan baxtga sazovor.

1830

VASIYAT

Bir pas o’tir boshimda, og’a,
Oyoqlarim to’nib bormoqda.
Aytdilarki, ahvolim og’ir,
Umrim shami so’nib bormoqda.

Tez kunlarda borursan uyga:
Qo’y, men uchun qayg’urma ortiq.
Nadir o’lim? Uchqur hayotda
Bandasiga bu ham bir tortiq.

Kimdir yo’qlab qolsa mabodo…
Kim bo’lsa ham, so’ragani payt,
Vatan uchun muhorabada
Ko’kragidan o’q yedi, deb ayt.

O’lim topdi chin-halolidan –
Jangga kirdi shoh uchun dadil,
Har daqiqa o’y-xayolida
Yurt xayoli edi, deb aytgil.

Otam-onam, sen borganing chog’,
O’tgan bo’lar balki olamdan…
Ochig’ini aytsam, ularni
Ogoh etgim kelmas bu g’amdan.

Birontasin omon topsang gar,
Aytgil, xatga yo’qroq deb tobi.
Yana aytgil, u ketdi jangga,
Qaytmas urush tugamay toki.

Qo’shni yashar ularga bir qiz…
Yodga tushsa, o’rtanar bag’ir.
Allaqachon… ajrab ketganmiz,
U so’ramas meni… baribir.

Sen unga bor haqiqatni ayt,
Dardga to’lsin yuragi, mayli.
Mayli, o’ksib-o’ksib yig’lasin…
Halok bo’ldi, de, sen tufayli!

1840

PORTRETGA

Bola kabi u qo’ng’iroq soch,
Mehr yog’ib turar yuzidan.
Tinglamoqlik bag’ishlar quvonch,
Bol tomadi har bir so’zidan.

Odat etmoq yotdir ruhiga,
Goh sevaru goh tez unutar.
Ilon yanglig’ sirg’alar ko’zdan,
Qush misoli uchar-da ketar.

Yosh, yarqiroq peshonasiga
Hasrat bitmish, baxt bitmish darig’.
Qalbi ummon tubidek sirli,
Kunduz kabi ko’zlari yorug’.

Bir qarasang — tiniq yoz kuni,
Bir qarasang — qorli qish fasli.
Tushunmaslik mumkindir uni,
Mumkin emas, ammo, sevmaslik.

1840

* * *

A.O. Smirnovaga

Yo’g’ingizda yuragim toshar,
Boringizda tutqich bermas so’z.
Sizga jiddiy boqmoq yarashar,
Menga hayrat to’la bir juft ko’z.

Nachora, siz so’zdan yuksakroq,
Qismatimdir sabru tamkinlik.
Kulgili hol bo’lmasdi bundoq,
Bo’lmaganda bunday g’amginlik.

1840

AHDNOMA

Mayli, bizning bu g’aroyib ahd
Olomonda qo’zg’asin nafrat.
Mayli, ular o’ylagancha bad:
Sen men uchun ma’shuqa faqat.

Tiz cho’kmasman, hatto bu dunyo
Sanamlari oldida zinhor.
Muhabbatu nafratdan avlo,
Mukarramroq yana nima bor?

Sho’x davrada sendek charx urib
Aylanaman. Yaxshiyu yomon —
Barcha ila teng suhbat qurib,
Yurak amri bilan yashayman.

Dunyoviy baxt chikora bizga,
Muhimi, biz uchun diyonat.
Biz sodiqmiz o’z-o’zimizga,
Qilolmaslar bizga xiyonat.

Til topishdik shunday daf’atan,
Ketmoqdamiz ajralib endi.
Bu quvonchsiz muhabbat edi,
G’ussa bo’lmas ayriliqda ham.

1841

098

(Tashriflar: umumiy 19 304, bugungi 1)

2 izoh

  1. Михаил Лермонтов ўзининг энг яхши шеърларини, достонларидан баъзиларини ўспиринлик йилларида ёзган. Аммо ўсмир ёшидаги, бўлажак ижодкор учун Лермонтов ижодини ўқиш бироз хатарли, деб ўйлайман. Чунки Лермонтов шеърлари, айниқса, унинг «Замонамиз қаҳрамони» ва «Вадим» романи инсонни чуқур ғуссага чулғайди, ҳатто яшашга бўлган муҳаббатингни бир қадар сўндиради. Бу асарларни йигирма ёшдан кейинроқ ўқиган маъқул.Лермонтов ўзининг қисқа ҳаёти давомида ҳаётдан зерикиб, фақат ажал ортидан қувган ва алалоқибат бунга эришган ижодкор, мураккаб қисмат соҳиби.Шоирнинг «Маскарад» драмаси, «Бэла» ҳамда «Тамань» қиссалари унинг энг гўзал асарларидир.(Гулноз)

  2. Гап булиши мумкин эмас таржимонлар чарчаманглар

Izoh qoldiring