Sa’dulla Hakim. Quduqdan to’kilgan nur. Yurak zarbalari & Bola botir. Doston.

04510 октябрь — таниқли шоир Саъдулла Ҳаким хотираси куни

Саъдулла Ҳаким (1951-2020) шеърларида, унинг “Олис юлдуз” деб аталган тарихий достонида, насрий сочмаларида  кутилмаган гўзал манзаралар, тасвирлар, ажиб шеърий ифодаларга дуч келасиз. Назарингиз улардан оддий бир нарса каби сирғалиб ўтмайди, тўхтайди, нигоҳингизни ўзига жалб этади (Иброҳим Ғафуровнинг «Заминга туташ антенна» мақоласидан).

Саъдулла Ҳаким
БАДИА ВА СОЧМАЛАР
06

ҚУДУҚДАН ТЎКИЛГАН НУР

Олам тўрт унсурдан иборат: тупроқ, сув, ҳаво, олов. Одам тўрт устундан барҳаёт: ота, она, Ватан, эл. Жўмардлик отадан, ғамгузорлик онадан, бойлик Ватандан, инсонийлик элдан. Маънавий камолот иморати шу тўрт устун устида. Улардан биронтаси номукаммал бўлса — қалб шикаста, шуур хаста.

Отам Ҳаким Раҳмат ўғли (Оллоҳ раҳмат қилган бўлсин!), онам Салоят Раҳмат қизи, Нурота тизма тоғлари орасида жойлашган зумуррад қишлогим Гараша, унинг содда ва самимий, жангари ва иймонли улуси ҳаётимнинг тўрт устунидир. Шеъримнинг тўрт сатридир. Ҳаётимнинг тўрт фаслидир.

Мен 1951 йил 25 мартда ҳамалнинг тўртинчи кунида туғилганман. Тўрт ёшимда отам тўриққа ўтқазиб, ғира-шира шом қоронғусида етаклаб кетаётганида от негадир йўл ёқасидаги харсангдан ҳуркиб сакраб юборгани, ҳаволаб учиб кетганим, харсангга бошим билан нақ урилай деганимда отам бақувват қўллари билан илиб олгани элас-элас эсимда.

Отам туман тайёрлов идорасида ходим бўлиб ишларди. Одамлардан жун, тери сотиб олиб давлатга топширарди. Қишлоқма-қишлоқ, тоғу тош, қиру адир, ёнғоқзору дўланазорлар оралаб оқшому кундуз, қору ёмғирда, саратону салқинда у киши отда, мен эшакда кезар эдик.

Юлдузлар ишкомлардаги марварид узум доналаридек осилиб турган тиниқ ёз кечалари.

Тизза буйи қорли қир-адирда қора пўстин ёпинган соқчилардай паҳлавон қоялар.

Гўё яшил майсазордан нур таралаётгандек таассурот уйғотувчи майин кўклам ёмғирлари.

Қирмиз гулхан чирмашган куз боғлари.

Мен буларни ҳамон унута олмайман, ҳануз соғиниб яшайман.

Отам қишлоғимизга биринчи бўлиб керосин-патефон, радио олиб келган. Навоий, Яссавий, Машрабни кўп ўқир, ҳар турли китобларни уйга тез-тез олиб келиб турарди. Онам узун қиш кечалари ҳаммамизни сандал атрофига йиғиб, “Орзигул”, “Равшан», “Интизор” каби ялтироқ муқовали достонларни ўқитишни яхши кўрарди. Асосан мен ўқирдим, халқона қўшиқ йўлида.

Достон ўқиш таъсириданми, ашула айтишни ёқтирардим. Одамларнинг муносабатига қараганда, дуруст айтардим. Маъмуржон Узоқовнинг “Фиғонким”, “Суратинг” каби ашулаларини. Давраларда, кўпкариларда…

Бир гал чортоқда қўшиқ айттиришди. Чавандозлар қўшиқ тинглаб бир пас от совутишди. Солим деб бўйнимга тулки терисини ташлашди. Шу асно тулки тумоқ кийган бир чавандоз кўндалангига от ўйнатиб ўтди. Юзи қорачадан келган, нигоҳи, адашмасам, аллақандай яшил, тиғдек ўткир эди. Кўзларимни кесиб  юборди. Қулоқларим чиппа битди. Туш кўраётганга ўхшардим.

Уйга қайтгач, қаттиқ иситмалаб ётиб қолдим. Кечалари тубсиз қудуққа шўнғиб кетардим. У жуда чуқур эди. Додлаб кўз очар эдим. “Чилёсин” қилишди. Бир куни уй тўла меҳмон келди. Дармонсиз ётардим. Қўймай меҳмонхонага чақиришди. Остона ҳатлаб “Ассалому алайкум!” демоқчи бўлдим. Лекин қўлларимни кўксимга қўйиб салом оҳангида “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!” деганимни биламан. Шундоққина пойгоҳда тиз чўкдим. Лекин узоқ ўтира олмадим. Узр сўраб жойимга чиқдим. Қаттиқ ва узоқ ухладим. Тушимда қудуқ тўнкарилиб қолди. У жуда баланд эди. Тубидан хира-майин сарғиш нур тўкилиб турарди. Ўшанда 12 ёшда эдим шекилли…

Мен ўшанда илк бор шеър ёзганман. У шундай эди:

Тўнкарилган қудуқ,
Тўнтарилган осмон.
Нажот — ёруғлик,
Зиндонбанд — инсон!

Буни адабиёт ўқитувчимиз қуйидагича таҳрир қилган эди:

Суви тиниқ қудуқ,
Мовий-мовий осмон.
Нажот — ёруғлик,
Зиёбон инсон!

Мен шундан кейин кўп йиллар (эҳ-ҳ, аттанг!) тиниқ, мовий, ёруғ, силлиқ шеърлар машқ қилиб юрдим.

Назаримда, инсон 14-16 ёшида асл камолот чўққисига кўтарилади. Шу ёшгача у яралади… кейин эса яшай бошлайди. Рост сўзини ёлғон ўғирлайди. Поклик таом еган қозонга нопоклик қўл чўзади. Диёнат курсисига хиёнат ҳам эгалик қилади. Ҳавас кийган тўнда ҳасад эл оралаб қолади. Муҳаббатдан турмуш ташвиши зўр келади…

Покланиш учун улуғлар руҳига сиғинамиз, қабрларини зиёрат қиламиз. Икки йил муқаддам ҳазрат Аҳмад Яссавий маконларини зиёрат қилиб қайтдим. Аввал ўнгимда, кейин тушимда ҳам.

Мақбаранинг орқа биқинида нақшинкор эшик бор эди. Талотўм одам. Муридлар кузатувида ҳазрат чиқиб келдилар. Юзлари ёруғ, хиёл эгилганлар. Кулимсираб чиқдилар. Кўришиб ўтдилар. Мен билан ҳам. Қувончимдан ўзимга сиғмай кетдим. Кўкаламзор хилватга чиқиб шеър ўқидим. Саккиз қатор. Ўқий туриб уйқониб кетдим. Ҳарчанд уринмай, фақат тўрт сатрини эслай олдим:

Ёқут шуурингиз бор этар йўқни,
Илкингизда пахта совутар чўғни,
Тариқат отаси, Оллоҳнинг қули,
Аё ҳазрат Султон — Аҳмад Яссавий!

…Шеър қалб ва руҳ қанотидан тўкилган парлар. Шеърларим ҳаётга, одамларга, оламга муносабатим инъикоси. Шундай, гоҳ-гоҳ тушимда ҳам, аксар ҳолларда хаёлимда ёзаман. Қоғоз қоралаб ижод қилмайман.

Булар тўнкарилган қудуқдан кўрганларим. Ҳали кўрмаганларим нималар экан, қанча экан?

1995

07 Суратда (чапдан ўнгга): Саъдулла Ҳаким, Азим Суюн, Эркин Воҳидов, Хуршид Даврон

ЮРАК ЗАРБЛАРИ
06

Одамни сир йиқитади.

* * *

Ҳар одам шоир бўлавермайди, ҳар шоир одам бўлавермайди.

* * *

Хомсан-да. Шунинг учун тепада турибсан. Тош отиб хомлай тушириб нима қиламан? Пишасан, ўзинг ёнимга тушасан.

* * *
Сувни ташна боққа бер,
Сўзни кайфи чоққа бер.

* * *

Дарахтдан ниҳол, баҳордан чечак.

* * *

Отангни ҳурмат қилсанг ўтмишинг ёруқ,
Болангни изззат қилсанг йўлинг очиқ.

* * *
Қизил — қонга, кўк — кўкайга.

* * *

Ақл билан яшалган умр — кечирилган умр,
Қалб билан яшалган умр — қоладиган умр.

* * *

От нимани ўйлаяпти экан-а?

* * *

Қирда, очиқ далада болалар куларди. Бу кулгу ҳаводек тоза, осмондек тиниқ, булоқ сувидек сержаранг эди.

* * *

Бурнинг борида бир шинғир!

* * *

Товони қизиган экан, қумғондай қайнаб алжиради.

* * *

Кўпдан кўрмаган эдим, қумурсқадай озиб кетибди.

* * *
От минганнинг   қўли қичийди, минбарга чиққаннинг – тили.

* * *

Гулнинг гўзаллиги очилганида, сўз таровати эса ишлатилганида билинади.

* * *

Илгарилаб кетганни тушуниш қийин, орқада қолиб кетганга тушунтириш қийин.

* * *

Булоқлар шиддатли ёмғирлар ва тошқин селлардан кейин кўз очади. Буюк шахслар ҳам шиддатли, мураккаб ва тошқин замонлар ўтиб ҳаёт саҳнасига чиқади.

* * *

Бўтакўзни булут танийди.

* * *

Шеърда инсонга абадий ҳамроҳ бўладиган туйғулар куйланиши керак.

* * *

Миллат орияти шахсни улғайтиради. Ориятли шахс миллатни улғайтиради.

* * *

Кимки ўзлигини англаб етмаган бўлса, озод эмас, кимки озод бўлмаса, ўзлигини англаб етган эмас.

* * *

Бугунги куннинг қаҳрамони ким?
Бугунги куннинг қаҳрамони табақага кўра аниқланмайди.
Унинг синфи йўқ. У ишчи бўлиб, ўзини колхозчидан баланд тутмайди. У колхозчи бўлиб, зиёлини “бизга келиб ҳаётни ўрганинг” демайди.
У тижоратчи ҳам эмас. Унинг синфи йўқ, лекин қиёфаси аниқ — покланаётган инсон.
У умрини бюрократга қарши курашиб ўтказмайди. Аслида, балки бу ҳам зарурдир.
У умрини порахўрга қарши курашиб ўтказмайди. Эҳтимол бу ҳам зарурдир.
У ўзига ўзи қарши курашади. Донишмандлик —  бу ўзини ўзи енгишдир, деган эди Яссавий.
Биз бошқаларга қарши курашда устаси фаранг бўлиб кетганмиз.
Бутунги қаҳрамон ўзини ўзи енгишни одат қилаётган қаҳрамон бўлиши керак.

* * *

Қаноатсиз одам ҳақида гап кетса, чироқнинг ёруғига қаноат қилмай, куйиб кетишини хаёлига ҳам келтирмай, уни титкилашга уринаётган одам кўз ўнгимдан ўтади.

* * *
Аёллар… аё, жаннат фаришталари! Умримда бир хунук аёл кўрмадим. Бирларининг қуёшдек кўзлари, бирларининг нозик ва сулув қомати, бирларининг кабутар янглиғ сийнаси кўркам.
Бирларининг асал табассуми, кулганида кулгичларининг порлаши гўзал!
Бирларининг ўтли назари, бирларининг сўзлагандаги ишвалари, бирларининг нозланиб туришлари, бирларининг хиром айлаб юришлари, бирларининг гина қилиб лаб буришлари… нақадар жозиб!
Умримда бир хунук аёл кўрмадим. Аёллар… аё, жаннат фаришталари!

* * *

Она кўкрагидан бол беради, аёл эса этагидан. Шунинг учун ҳар иккиси ҳам бирдек азиз ва муқаддасдир.

* * *

Ватанпарварликни биз фавқулодда ҳолатларда қилинган ҳаракат, жасорат каби қабул қилишга ўрганиб қолганмиз. Аслида ватанпарварлик ҳар куни, ҳар лаҳза, ҳар бир қадамда рўй беради. Мен Ватанни севаман, дея хўжакўрсинга кўкрагига урувчидан кўра йўлда кўндаланг ётган тошни олиб қўйган одам ватанпарварроқ эмасми?

* * *

Ҳар қандай тараққиёт асосида табиат қонунияти ётади. Дарахт гуркираб гуллаши учун қиш қаҳратонини кечиради, хазон бўлишидан аввал чаппар уриб гуллайди. Сокин оқаётган дарёни тезлапггиришга уриниш қанчалик бесамар бўлса, тезоқар оқимни секинлаштириш ёки тўсишга уриниш шунчалик бемаъниликдир.

* * *

Ватан чегарали, лекин Ватанга муҳаббат чегара билмайди. Ватанини севган киши, аввало, унинг мана шу ҳудудий сарҳадда бут ва тўкис бўлишини истайди. Ватанини севган киши унинг номи, шаъни, шавкати Ватан сарҳадидан ташқарида улуғланишига ҳам ҳисса қўшади.

* * *

Мактаб — мамлакатнинг уриб турган юраги.

* * *

Тил бойлиги, тил жозибадорлигини қаранг! Саидхон тоға Зуҳро янгага нима дейди денг: Сени Иннияминга олиб бергунча отимни тўрт марта тақалатганман! У кишининг яна бир гапи эсимда қолган: Ёмон хотиннинг қилиқлари қўтирга ўхшайди. Баданингдагини беркитганинг билан юзингдагини яширолмайсан.

* * *

Тил бойлиги ифода ранг-баранглигида, синоним сўзларнинг кўплигида яққол намоён бўлади. Қаранг, биргина “кулмоқ” сўзининг қанчадан-қанча ифодаси бор экан:

1. Кулди. 2. Мийиғида кулди. 3. Кулимсиради. 4.Табассум қилди. 5. Жилмайди. 6. Ханда қилди. 7. Хохолади. 8. Қаҳ-қаҳ урди. 9. Илжайди. 10. Ишшайди. 11.
Иршайди. 12.Иржайди. 13. Тиржайди. 14. Ҳиринглади. 15. Оғзи қулоғига етди. 16. Тишининг оқини кўрсатди.

“Марта” сўзининг ифодалари ҳам ҳайратга солади:
1. Марта. 2. Карра. 3. Бор. 4. Гал. 5. Навбат. 6. Дафъа. 7. Қайта. 8. Топқир. 9. Қур. 10. Йўл. П.Қатла. 12. Қат. 13. Сафар.

Ўзбек тили нақадар бой ва гўзал!

* * *

Ўзбек халқи, ўзбек миллатининг табиатида ҳеч бир халқда учрамайдиган буюк камтарлик бор. Яъни, ўз “мен”ини иккинчи даражада кўриш алоҳида шахсларнинг эмас, бутун миллатнинг қонига сингиб кетган. “Бораме(а)н”, “Келаме(а)н”, дейди. Ўзбекнинг шахси улуг, лекин “мен”и кичик.

* *

Яхши журналист билан ёмон журналист ўртасида битта асосий фарқ бор: бири ростини ёзади, бири ёлғон ёзади.

* * *

Янгидан эскини қидиргунча эскидан янгини қидир. Эски нарсалар янги фикрлар уйғотади. Янги эскидан эски янги афзалроқ.

* * *

Ашуладан кексалар маъно, ёшлар шўх оҳанг, менга ўхшаган қирчиллама йигитлар жозиба қидиради.

* * *

Инсон бир умр ҳаётий саволларга жавоб қидириб яшайди. Ҳеч бир саволга мутлоқ жавоб йўқ. Бирон нарса моҳиятини англамоқ — бу аввало саволни тўғри қўя билишда зоҳир бўлади. Билган, англаган одамга саволнинг ўзи жавоб.

Яшашдан мақсад — ҳаётга ошиқлик. Ҳаётга ошиқлик нима? Минг одамга шундай савол берсангиз, минг бир хил жавоб оласиз. Демак бу саволга аниқ бир жавоб йўқ. Аслида унинг жавоби оддий: ҳаётга ошиқлик. Бу  бир оз ғалати. Лекин ўзи шундай. Жавоб — қолип. Дунё эса қолипга сиғмайди. Нимаики қолипга сиғмаса — ўша асл. Асл шеър қолипга сиғмайди.

* * *

Таълим — отамиз, тарбия — онамиз. Бизнинг исмимиз Одоб.

* * *

Ота-онангга елкангни тут, қайлиғингга кўнглингни бер, болаларингга қўлингни узат.

* * *

Кўнгил — пайғамбар.

* * *

Баъзан амалга яқинда ўтирганлар ҳақида «ўзгариб кетди, бурни кўтарилиб қолди», деган мазмундаги гапларни эшитишга тўғри келади. Гап шундаки, одамнинг асл қиёфаси сенга иши тушганида эмас, унга сенинг ишинг тушганида маълум бўлади.

* * *

Тасаввуф ҳақида ўқиганларимдан шундай хулосага келдим: тасаввуф инсонийликни илоҳийлаштиради, илоҳийликни инсонийлаштиради.

* * *

Оғзи бузуқ одам этаги очиқ аёлга ўхшайди.

* * *

“Улуғбек хазинаси” қаҳрамонларини номма-ном санай олган, аммо буюк мунажжим қатлидан эти сесканмаган ўқувчидан қаҳрамонлар номини тўлиқ билмаса-да, машъум фожиа тасвирини ўқиб кўзи жиққа ёшга тўлган бола афзал эмасми? Бола наботот олами ҳақида бийрон сўзласа-ю, бир дона мева учун гилос шохини қайириб ташлашга ҳад қилса — бу унинг имтиҳондан ўтганини билдирадими? Имтиҳон нафақат билим, балки одамийлик синови ҳамдир.

* * *

Ҳар бир одам ўз ҳақиқатини ўзи яратиши керак. Бу дегани, ҳақиқат минг бир қуроқ, дегани эмас. Ҳар бир одам ҳаёт ҳақиқатини ўзи англаши ва яратиши зарур. Бўлмаса бошқаларнинг қуроқ ҳақиқатига эргашиб, ўзини ҳақиқатпарвар дея ҳисоблаб юраверади ва табиатга номувофиқ  ҳолатга тушиб қолади. Бу эса ҳаёт ҳақиқатини тушунган одамлар назарида уни икки қиёфали, тўғрироги,  қиёфасиз қилиб кўрсатади.

* * *

Жаҳон хотирасида шонли тарихимизни тиклаш у қадар қийин эмас. Лекин жаҳон хотирасида бугунги Ўзбекистон қиёфасини яратиш ўта муҳим, ўта мураккаб ва бағоят масъулиятли жараён. Ўзбекистон қиёфаси — миллат қиёфаси, ҳар бир фуқаро қиёфасидир.

* * *

Дастурхон бошни қовуштиради, суҳбат — кўнгилни.

* * *

Болалик — қўриқли, йигитлик — шерикли, кексалик йўриқли давр.

* * *

Қўрқоқ одамнинг қочиб борадиган жойи — сотқинлик.

* * *

Севгандан севилган яхши.

* * *

Ғамнинг ўзи келади, шодликнинг изидан чопиш керак.

* * *

Олашақшаққа ўхшаб ўзи яширгани ўзининг эсидан чиқиб кетадиган одамлар ҳам бор.

* * *

Шоир ижодига муносабатда кўпроқ шоирнинг эмас, балки ўша муносабат билдираётган одамнинг қиёфаси намоён бўлади.

* * *

Бирон нарсага ғаразли муносабат унга нисбатан қизиқиш пайдо бўлганини билдиради.

***

Буни ким айтгани, тўғриси, эсимда йўқ. Ўзига хос фикр бўлгани учун ёзиб қўйган эканман: Нархни билган бой бўлади. Фарқини билган олим бўлади. Нархини ва фарқини билган пошшо бўлади.

* * *

Иноят қудуқчидан сўрашибди:
— Сиз шўро ҳукуматини сўккан эмишсиз…
— Ёлғон!, — дебди қудуқчи — Бу падарлаънат ҳукуматнинг  нимасини сўкаман?

* * *

Қуёшга терс турганнинг юзи соя, халқдан юз ўтирганнинг юзи қора.

* * *

Бўрини оёғи боқади, журналистни — қулоғи.

* * *

Ўқнинг учи ўткир бўлганидек мақоланинг ҳам боши қизиқ бўлиши лозим. Шундагина кучли таъсир қилади.

* * *

Тоза сувга лойқа қўшилса, маълум бир муддат сув рангига таъсир қилади, лекин охир-оқибат сув яна тозариб  оқаверади. Аммо лойқа сувга қўшилган тоза сув ҳар қанча уринмасин уни тозартира олмайди.

Одамнинг асли, яъни палаги тоза бўлса тозалигича қолаверади. Асли лойқа, халқ ибораси билан айтганда, асли зоти паст одамдан Худонинг ўзи асрасин!

10 oktyabr — taniqli shoir Sa’dulla Hakim (1951-2020) xotirasi kuni

Sa’dulla Hakim (1951-2020) she’rlarida, uning “Olis yulduz” deb atalgan tarixiy dostonida, nasriy sochmalarida kutilmagan go’zal manzaralar, tasvirlar, ajib she’riy ifodalarga duch kelasiz. Nazaringiz ulardan oddiy bir narsa kabi sirg’alib o’tmaydi, to’xtaydi, nigohingizni o’ziga jalb etadi (Ibrohim G’afurovning «Zaminga tutash antenna» maqolasidan).

Sa’dulla Hakim
BADIA VA SOCHMALAR
06

QUDUQDAN TO’KILGAN NUR

044Olam to’rt unsurdan iborat: tuproq, suv, havo, olov. Odam to’rt ustundan barhayot: ota, ona, Vatan, el. Jo’mardlik otadan, g’amguzorlik onadan, boylik Vatandan, insoniylik eldan. Ma’naviy kamolot imorati shu to’rt ustun ustida. Ulardan birontasi nomukammal bo’lsa — qalb shikasta, shuur xasta.

Otam Hakim Rahmat o’g’li (Olloh rahmat qilgan bo’lsin!), onam Saloyat Rahmat qizi, Nurota tizma tog’lari orasida joylashgan zumurrad qishlogim Garasha, uning sodda va samimiy, jangari va iymonli ulusi hayotimning to’rt ustunidir. She’rimning to’rt satridir. Hayotimning to’rt faslidir.

Men 1951 yil 25 martda hamalning to’rtinchi kunida tug’ilganman. To’rt yoshimda otam to’riqqa o’tqazib, g’ira-shira shom qorong’usida yetaklab ketayotganida ot negadir yo’l yoqasidagi xarsangdan hurkib sakrab yuborgani, havolab uchib ketganim, xarsangga boshim bilan naq urilay deganimda otam baquvvat qo’llari bilan ilib olgani elas-elas esimda.

Otam tuman tayyorlov idorasida xodim bo’lib ishlardi. Odamlardan jun, teri sotib olib davlatga topshirardi. Qishloqma-qishloq, tog’u tosh, qiru adir, yong’oqzoru do’lanazorlar oralab oqshomu kunduz, qoru yomg’irda, saratonu salqinda u kishi otda, men eshakda kezar edik.

Yulduzlar ishkomlardagi marvarid uzum donalaridek osilib turgan tiniq yoz kechalari.

Tizza buyi qorli qir-adirda qora po’stin yopingan soqchilarday pahlavon qoyalar.

Go’yo yashil maysazordan nur taralayotgandek taassurot uyg’otuvchi mayin ko’klam yomg’irlari.

Qirmiz gulxan chirmashgan kuz bog’lari.

Men bularni hamon unuta olmayman, hanuz sog’inib yashayman.

Otam qishlog’imizga birinchi bo’lib kerosin-patefon, radio olib kelgan. Navoiy, Yassaviy, Mashrabni ko’p o’qir, har turli kitoblarni uyga tez-tez olib kelib turardi. Onam uzun qish kechalari hammamizni sandal atrofiga yig’ib, “Orzigul”, “Ravshan», “Intizor” kabi yaltiroq muqovali dostonlarni o’qitishni yaxshi ko’rardi. Asosan men o’qirdim, xalqona qo’shiq yo’lida.

Doston o’qish ta’siridanmi, ashula aytishni yoqtirardim. Odamlarning munosabatiga qaraganda, durust aytardim. Ma’murjon Uzoqovning “Fig’onkim”, “Surating” kabi ashulalarini. Davralarda, ko’pkarilarda…

Bir gal chortoqda qo’shiq ayttirishdi. Chavandozlar qo’shiq tinglab bir pas ot sovutishdi. Solim deb bo’ynimga tulki terisini tashlashdi. Shu asno tulki tumoq kiygan bir chavandoz ko’ndalangiga ot o’ynatib o’tdi. Yuzi qorachadan kelgan, nigohi, adashmasam, allaqanday yashil, tig’dek o’tkir edi. Ko’zlarimni kesib yubordi. Quloqlarim chippa bitdi. Tush ko’rayotganga o’xshardim.

Uyga qaytgach, qattiq isitmalab yotib qoldim. Kechalari tubsiz quduqqa sho’ng’ib ketardim. U juda chuqur edi. Dodlab ko’z ochar edim. “Chilyosin” qilishdi. Bir kuni uy to’la mehmon keldi. Darmonsiz yotardim. Qo’ymay mehmonxonaga chaqirishdi. Ostona hatlab “Assalomu alaykum!” demoqchi bo’ldim. Lekin qo’llarimni ko’ksimga qo’yib salom ohangida “Bismillohir rahmonir rahim!” deganimni bilaman. Shundoqqina poygohda tiz cho’kdim. Lekin uzoq o’tira olmadim. Uzr so’rab joyimga chiqdim. Qattiq va uzoq uxladim. Tushimda quduq to’nkarilib qoldi. U juda baland edi. Tubidan xira-mayin sarg’ish nur to’kilib turardi. O’shanda 12 yoshda edim shekilli…

Men o’shanda ilk bor she’r yozganman. U shunday edi:

To’nkarilgan quduq,
To’ntarilgan osmon.
Najot — yorug’lik,
Zindonband — inson!

Buni adabiyot o’qituvchimiz quyidagicha tahrir qilgan edi:

Suvi tiniq quduq,
Moviy-moviy osmon.
Najot — yorug’lik,
Ziyobon inson!

Men shundan keyin ko’p yillar (eh-h, attang!) tiniq, moviy, yorug’, silliq she’rlar mashq qilib yurdim.

Nazarimda, inson 14-16 yoshida asl kamolot cho’qqisiga ko’tariladi. Shu yoshgacha u yaraladi… keyin esa yashay boshlaydi. Rost so’zini yolg’on o’g’irlaydi. Poklik taom yegan qozonga nopoklik qo’l cho’zadi. Diyonat kursisiga xiyonat ham egalik qiladi. Havas kiygan to’nda hasad el oralab qoladi. Muhabbatdan turmush tashvishi zo’r keladi…

Poklanish uchun ulug’lar ruhiga sig’inamiz, qabrlarini ziyorat qilamiz. Ikki yil muqaddam hazrat Ahmad Yassaviy makonlarini ziyorat qilib qaytdim. Avval o’ngimda, keyin tushimda ham.

Maqbaraning orqa biqinida naqshinkor eshik bor edi. Taloto’m odam. Muridlar kuzatuvida hazrat chiqib keldilar. Yuzlari yorug’, xiyol egilganlar. Kulimsirab chiqdilar. Ko’rishib o’tdilar. Men bilan ham. Quvonchimdan o’zimga sig’may ketdim. Ko’kalamzor xilvatga chiqib she’r o’qidim. Sakkiz qator. O’qiy turib uyqonib ketdim. Harchand urinmay, faqat to’rt satrini eslay oldim:

Yoqut shuuringiz bor etar yo’qni,
Ilkingizda paxta sovutar cho’g’ni,
Tariqat otasi, Ollohning quli,
Ayo hazrat Sulton — Ahmad Yassaviy!

…She’r qalb va ruh qanotidan to’kilgan parlar. She’rlarim hayotga, odamlarga, olamga munosabatim in’ikosi. Shunday, goh-goh tushimda ham, aksar hollarda xayolimda yozaman. Qog’oz qoralab ijod qilmayman.

Bular to’nkarilgan quduqdan ko’rganlarim. Hali ko’rmaganlarim nimalar ekan, qancha ekan?

1995

04YURAK ZARBLARI
06

Odamni sir yiqitadi.

* * *

Har odam shoir bo’lavermaydi, har shoir odam bo’lavermaydi.

* * *

Xomsan-da. Shuning uchun tepada turibsan. Tosh otib xomlay tushirib nima qilaman? Pishasan, o’zing yonimga tushasan.

* * *
Suvni tashna boqqa ber,
So’zni kayfi choqqa ber.

* * *

Daraxtdan nihol, bahordan chechak.

* * *

Otangni hurmat qilsang o’tmishing yoruq,
Bolangni izzzat qilsang yo’ling ochiq.

* * *
Qizil — qonga, ko’k — ko’kayga.

* * *

Aql bilan yashalgan umr — kechirilgan umr,
Qalb bilan yashalgan umr — qoladigan umr.

* * *

Ot nimani o’ylayapti ekan-a?

* * *

Qirda, ochiq dalada bolalar kulardi. Bu kulgu havodek toza, osmondek tiniq, buloq suvidek serjarang edi.

* * *

Burning borida bir shing’ir!

* * *

Tovoni qizigan ekan, qumg’onday qaynab aljiradi.

* * *

Ko’pdan ko’rmagan edim, qumursqaday ozib ketibdi.

* * *
Ot minganning qo’li qichiydi, minbarga chiqqanning – tili.

* * *

Gulning go’zalligi ochilganida, so’z tarovati esa ishlatilganida bilinadi.

* * *

Ilgarilab ketganni tushunish qiyin, orqada qolib ketganga tushuntirish qiyin.

* * *

Buloqlar shiddatli yomg’irlar va toshqin sellardan keyin ko’z ochadi. Buyuk shaxslar ham shiddatli, murakkab va toshqin zamonlar o’tib hayot sahnasiga chiqadi.

* * *

Bo’tako’zni bulut taniydi.

* * *

She’rda insonga abadiy hamroh bo’ladigan tuyg’ular kuylanishi kerak.

* * *

Millat oriyati shaxsni ulg’aytiradi. Oriyatli shaxs millatni ulg’aytiradi.

* * *

Kimki o’zligini anglab yetmagan bo’lsa, ozod emas, kimki ozod bo’lmasa, o’zligini anglab yetgan emas.

* * *

Bugungi kunning qahramoni kim?
Bugungi kunning qahramoni tabaqaga ko’ra aniqlanmaydi.
Uning sinfi yo’q. U ishchi bo’lib, o’zini kolxozchidan baland tutmaydi. U kolxozchi bo’lib, ziyolini “bizga kelib hayotni o’rganing” demaydi.
U tijoratchi ham emas. Uning sinfi yo’q, lekin qiyofasi aniq — poklanayotgan inson.
U umrini byurokratga qarshi kurashib o’tkazmaydi. Aslida, balki bu ham zarurdir.
U umrini poraxo’rga qarshi kurashib o’tkazmaydi. Ehtimol bu ham zarurdir.
U o’ziga o’zi qarshi kurashadi. Donishmandlik — bu o’zini o’zi yengishdir, degan edi Yassaviy.
Biz boshqalarga qarshi kurashda ustasi farang bo’lib ketganmiz.
Butungi qahramon o’zini o’zi yengishni odat qilayotgan qahramon bo’lishi kerak.

* * *

Qanoatsiz odam haqida gap ketsa, chiroqning yorug’iga qanoat qilmay, kuyib ketishini xayoliga ham keltirmay, uni titkilashga urinayotgan odam ko’z o’ngimdan o’tadi.

* * *
Ayollar… ayo, jannat farishtalari! Umrimda bir xunuk ayol ko’rmadim. Birlarining quyoshdek ko’zlari, birlarining nozik va suluv qomati, birlarining kabutar yanglig’ siynasi ko’rkam.
Birlarining asal tabassumi, kulganida kulgichlarining porlashi go’zal!
Birlarining o’tli nazari, birlarining so’zlagandagi ishvalari, birlarining nozlanib turishlari, birlarining xirom aylab yurishlari, birlarining gina qilib lab burishlari… naqadar jozib!
Umrimda bir xunuk ayol ko’rmadim. Ayollar… ayo, jannat farishtalari!

* * *

Ona ko’kragidan bol beradi, ayol esa etagidan. Shuning uchun har ikkisi ham birdek aziz va muqaddasdir.

* * *

Vatanparvarlikni biz favqulodda holatlarda qilingan harakat, jasorat kabi qabul qilishga o’rganib qolganmiz. Aslida vatanparvarlik har kuni, har lahza, har bir qadamda ro’y beradi. Men Vatanni sevaman, deya xo’jako’rsinga ko’kragiga uruvchidan ko’ra yo’lda ko’ndalang yotgan toshni olib qo’ygan odam vatanparvarroq emasmi?

* * *

Har qanday taraqqiyot asosida tabiat qonuniyati yotadi. Daraxt gurkirab gullashi uchun qish qahratonini kechiradi, xazon bo’lishidan avval chappar urib gullaydi. Sokin oqayotgan daryoni tezlapggirishga urinish qanchalik besamar bo’lsa, tezoqar oqimni sekinlashtirish yoki to’sishga urinish shunchalik bema’nilikdir.

* * *

Vatan chegarali, lekin Vatanga muhabbat chegara bilmaydi. Vatanini sevgan kishi, avvalo, uning mana shu hududiy sarhadda but va to’kis bo’lishini istaydi. Vatanini sevgan kishi uning nomi, sha’ni, shavkati Vatan sarhadidan tashqarida ulug’lanishiga ham hissa qo’shadi.

* * *

Maktab — mamlakatning urib turgan yuragi.

* * *

Til boyligi, til jozibadorligini qarang! Saidxon tog’a Zuhro yangaga nima deydi deng: Seni Inniyaminga olib berguncha otimni to’rt marta taqalatganman! U kishining yana bir gapi esimda qolgan: Yomon xotinning qiliqlari qo’tirga o’xshaydi. Badaningdagini berkitganing bilan yuzingdagini yashirolmaysan.

* * *

Til boyligi ifoda rang-barangligida, sinonim so’zlarning ko’pligida yaqqol namoyon bo’ladi. Qarang, birgina “kulmoq” so’zining qanchadan-qancha ifodasi bor ekan:

1. Kuldi. 2. Miyig’ida kuldi. 3. Kulimsiradi. 4.Tabassum qildi. 5. Jilmaydi. 6. Xanda qildi. 7. Xoxoladi. 8. Qah-qah urdi. 9. Iljaydi. 10. Ishshaydi. 11.
Irshaydi. 12.Irjaydi. 13. Tirjaydi. 14. Hiringladi. 15. Og’zi qulog’iga yetdi. 16. Tishining oqini ko’rsatdi.

“Marta” so’zining ifodalari ham hayratga soladi:
1. Marta. 2. Karra. 3. Bor. 4. Gal. 5. Navbat. 6. Daf’a. 7. Qayta. 8. Topqir. 9. Qur. 10. Yo’l. P.Qatla. 12. Qat. 13. Safar.

O’zbek tili naqadar boy va go’zal!

* * *

O’zbek xalqi, o’zbek millatining tabiatida hech bir xalqda uchramaydigan buyuk kamtarlik bor. Ya’ni, o’z “men”ini ikkinchi darajada ko’rish alohida shaxslarning emas, butun millatning qoniga singib ketgan. “Borame(a)n”, “Kelame(a)n”, deydi. O’zbekning shaxsi ulug, lekin “men”i kichik.

* *

Yaxshi jurnalist bilan yomon jurnalist o’rtasida bitta asosiy farq bor: biri rostini yozadi, biri yolg’on yozadi.

* * *

Yangidan eskini qidirguncha eskidan yangini qidir. Eski narsalar yangi fikrlar uyg’otadi. Yangi eskidan eski yangi afzalroq.

* * *

Ashuladan keksalar ma’no, yoshlar sho’x ohang, menga o’xshagan qirchillama yigitlar joziba qidiradi.

* * *

Inson bir umr hayotiy savollarga javob qidirib yashaydi. Hech bir savolga mutloq javob yo’q. Biron narsa mohiyatini anglamoq — bu avvalo savolni to’g’ri qo’ya bilishda zohir bo’ladi. Bilgan, anglagan odamga savolning o’zi javob.

Yashashdan maqsad — hayotga oshiqlik. Hayotga oshiqlik nima? Ming odamga shunday savol bersangiz, ming bir xil javob olasiz. Demak bu savolga aniq bir javob yo’q. Aslida uning javobi oddiy: hayotga oshiqlik. Bu bir oz g’alati. Lekin o’zi shunday. Javob — qolip. Dunyo esa qolipga sig’maydi. Nimaiki qolipga sig’masa — o’sha asl. Asl she’r qolipga sig’maydi.

* * *

Ta’lim — otamiz, tarbiya — onamiz. Bizning ismimiz Odob.

* * *

Ota-onangga yelkangni tut, qaylig’ingga ko’nglingni ber, bolalaringga qo’lingni uzat.

* * *

Ko’ngil — payg’ambar.

* * *

Ba’zan amalga yaqinda o’tirganlar haqida «o’zgarib ketdi, burni ko’tarilib qoldi», degan mazmundagi gaplarni eshitishga to’g’ri keladi. Gap shundaki, odamning asl qiyofasi senga ishi tushganida emas, unga sening ishing tushganida ma’lum bo’ladi.

* * *

Tasavvuf haqida o’qiganlarimdan shunday xulosaga keldim: tasavvuf insoniylikni ilohiylashtiradi, ilohiylikni insoniylashtiradi.

* * *

Og’zi buzuq odam etagi ochiq ayolga o’xshaydi.

* * *

“Ulug’bek xazinasi” qahramonlarini nomma-nom sanay olgan, ammo buyuk munajjim qatlidan eti seskanmagan o’quvchidan qahramonlar nomini to’liq bilmasa-da, mash’um fojia tasvirini o’qib ko’zi jiqqa yoshga to’lgan bola afzal emasmi? Bola nabotot olami haqida biyron so’zlasa-yu, bir dona meva uchun gilos shoxini qayirib tashlashga had qilsa — bu uning imtihondan o’tganini bildiradimi? Imtihon nafaqat bilim, balki odamiylik sinovi hamdir.

* * *

Har bir odam o’z haqiqatini o’zi yaratishi kerak. Bu degani, haqiqat ming bir quroq, degani emas. Har bir odam hayot haqiqatini o’zi anglashi va yaratishi zarur. Bo’lmasa boshqalarning quroq haqiqatiga ergashib, o’zini haqiqatparvar deya hisoblab yuraveradi va tabiatga nomuvofiq holatga tushib qoladi. Bu esa hayot haqiqatini tushungan odamlar nazarida uni ikki qiyofali, to’g’rirogi, qiyofasiz qilib ko’rsatadi.

* * *

Jahon xotirasida shonli tariximizni tiklash u qadar qiyin emas. Lekin jahon xotirasida bugungi O’zbekiston qiyofasini yaratish o’ta muhim, o’ta murakkab va bag’oyat mas’uliyatli jarayon. O’zbekiston qiyofasi — millat qiyofasi, har bir fuqaro qiyofasidir.

* * *

Dasturxon boshni qovushtiradi, suhbat — ko’ngilni.

* * *

Bolalik — qo’riqli, yigitlik — sherikli, keksalik yo’riqli davr.

* * *

Qo’rqoq odamning qochib boradigan joyi — sotqinlik.

* * *

Sevgandan sevilgan yaxshi.

* * *

G’amning o’zi keladi, shodlikning izidan chopish kerak.

* * *

Olashaqshaqqa o’xshab o’zi yashirgani o’zining esidan chiqib ketadigan odamlar ham bor.

* * *

Shoir ijodiga munosabatda ko’proq shoirning emas, balki o’sha munosabat bildirayotgan odamning qiyofasi namoyon bo’ladi.

* * *

Biron narsaga g’arazli munosabat unga nisbatan qiziqish paydo bo’lganini bildiradi.

***

Buni kim aytgani, to’g’risi, esimda yo’q. O’ziga xos fikr bo’lgani uchun yozib qo’ygan ekanman: Narxni bilgan boy bo’ladi. Farqini bilgan olim bo’ladi. Narxini va farqini bilgan poshsho bo’ladi.

* * *

Inoyat quduqchidan so’rashibdi:
— Siz sho’ro hukumatini so’kkan emishsiz…
— Yolg’on!, — debdi quduqchi — Bu padarla’nat hukumatning nimasini so’kaman?

* * *

Quyoshga ters turganning yuzi soya, xalqdan yuz o’tirganning yuzi qora.

* * *

Bo’rini oyog’i boqadi, jurnalistni — qulog’i.

* * *

O’qning uchi o’tkir bo’lganidek maqolaning ham boshi qiziq bo’lishi lozim. Shundagina kuchli ta’sir qiladi.

* * *

Toza suvga loyqa qo’shilsa, ma’lum bir muddat suv rangiga ta’sir qiladi, lekin oxir-oqibat suv yana tozarib oqaveradi. Ammo loyqa suvga qo’shilgan toza suv har qancha urinmasin uni tozartira olmaydi.

Odamning asli, ya’ni palagi toza bo’lsa tozaligicha qolaveradi. Asli loyqa, xalq iborasi bilan aytganda, asli zoti past odamdan Xudoning o’zi asrasin!

САЪДУЛЛА ҲАКИМНИНГ «БОЛА БОТИР» ДОСТОНИ ВА АБДУЛЛА ОРИПОВНИНГ АСАРГА ЁЗГАН СЎЗБОШИСИНИ CALAMEO  ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ

011

(Tashriflar: umumiy 729, bugungi 1)

Izoh qoldiring