Sa’dulla Hakim. Bola botir. Doston va uning talqini.

07    Яхшиям, бу дунёда кўнгил қатидаги мудроқ ҳисларни қайтадан уйғотадиган,эзгу хотираларни ёдга соладиган китоблар бор. Чингиз Айтматов асарларини эслайман. Буюк муаллифнинг талқинича, одамларнинг бир қавми қачонлардир Шохдор Она Бўғудан ўриган, беозор болакай денгиздан паноҳ излаб, балиққа айлангиси келади, мангу айрилиқ қа маҳкум бахтиқаро келинчакнинг руҳи эса тоғу тошлар аро дарбадар кезиб юради. Булар — аччиқ тақдирлар, булар юксак ва сирли поэзиядир. Одам боласи китоб ўқиётганда, уни ёзувчи ёзганини унутса дейман. Асарнинг ичида китобхоннинг ўзи ҳам яшаса дейман.
Шоир Саъдулла Ҳакимнинг «Бола ботир» достонини ўқий туриб, мен шундоқ хаёлларга бордим. Дарҳақиқат, Бедил ҳазратлари айтганидек, асл шеърият ўзига хос бир оламдир. у учинчи дунёдир. Шоиримиз ажиб бир ҳикоят битибди. Асарнинг шаклу шамойили унинг умумий руҳига ғоятда мос, халқона…( Абдулла Ориповнинг достонга ёзган сўзбошисидан. «Шарқ юлдузи» журнали, 2013 йил, 2-сон).

Саъдулла Ҳаким
БОЛА БОТИР
055

* * *

Шеър қандай ёзилади? Бу саволга аниқ бир жавоб бериш қийин. Фақат шуни аниқ айтиш мумкин: шеър кайфият таъсирида дунёга келади. У хурсандчилик бўлиши мумкин, изтироб бўлиши мумкин. Шеър – кўнгил безовталиги маҳсули. Шоирлик – бу кўнгли сезгирлик. Шеърни шеър қилувчи омиллар эса талайгина. Мен айтмасам ҳам улар шеър аҳлига яхши маълум. Шу билан бирга унда маълум маънода сир, ғайритабиийлик бўлиши керак. Ҳар бир шеърга, албатта, нимадир туртки беради. Шуниси қизиқки, баъзан турли даврларда бўлган воқеалар, кузатувлар, ҳиссиётлар, ҳеч кутилмаганда, ажиб бир тарзда қовушиб, яхлит бир манзара, композиция ҳосил қилиши ҳам мумкин. «Бола ботир» мен учун шундай шеърлардан.

* * *

Баҳор ўрталарида Гарашанинг тоққа туташ, катта-кичик харсанглар чўнқайган қум-тошли томонлари ҳам, унинг этагидаги бўз тупроқли қир-адирлар ҳам минг хил гиёҳлар ял-ял очилиб яшнаб кетади. Хушбўй ҳавони симириб тўймайсан. Ҳар қадамда турли жониворларга дуч келасан. Тошбақалар ғимирлаб қолади. Юмронқозиқлар чопқиллаб юради. Паррандаю даррандалар, ҳашаротлар тиним билмайди.
Ўн бир яшар ўспирин эшак миниб қир оралаб ёлғизоёқ йўлдан илгарилаб бораяпти. Кутилмаганда ундан ўн-ўн беш қадам наридаги майсалар шитирлаб, чиройли тулки бош кўтаради. Бола аввал чўчиб тушади. Лекин тулки катта одамлар билан рўбарў келгандагидек урра қочиб қолмайди. Боладан чамаси йигирма метрлар узоқликда чиройли, узун думларини ўйнатиб, гоҳ олдинга, гоҳ орқага қараб ўмбалоқ ошади. Бола яқинлашиб келганида яна узоқроққа югуриб кетиб, бояги қилиқларини такрорлайди.

Боланинг қизиқиши ошиб эшагини тезлатади. Буни сезган тулки ўтлар орасида думалаб бир зумда кўздан ғойиб бўлади. У болалар билан ана шундай ўйнашишни хуш кўради. Тулки ёш болага дуч келса қитиқлаб ўйнашишни ёқтиради, деган гаплар ҳам юради одамлар орасида. Одамга тегинмайди. Ҳашаротлар, зараркунандалар – сичқон, юмронқозиқ овлайди. Товуқларни айниқса ёқтиради.

* * *

Болалигимда эшитганман. Бир йигит ёзнинг иссиғида, қоқ туш пайти хилват қир оралаб кетиб бораётса, жар ёқасидаги қоратош ёнида қип-яланғоч аёлни кўриб қолади. У ниҳоятда келишган бўлиб, тилларанг сочлари ёйилиб, деярли бутун қоматини ёпиб турарди. У сочларини силаб, ишва қилади. Йигит қулоғига «Ҳой йигит, бери кел!» деган овоз чалингандай бўлади. Йигит қўрқиб, олазарак бўлиб, бор овозича бақириб юборади. Кўзларига ишонмай яна қарайди. Аммо бояги жойда ҳеч ким кўринмайди. У дир-дир титраб уйига келганда оғзи қийшайиб қолади. Парига дуч келиб қўрқиб кетганидан шундай бўлиб қолган, дейишарди одамлар.

* * *

Ой тўлишган пайтларда қиру адирлар кечалари ҳам кундуздек чароғон бўлиб кетади. Ойбетгай томонлар ярқираб, терскай жойлар ғира-шира қоронғулик ичида ажиб бир сирли, афсонавий, хийла хавотирли тус олади. Чигирткалар чирилдоғи оламни тутади. Аллақандай қушлар дапқир-дапқир сайраб қолади. Қаердадир бўлиқ ўтлар шитирлайди, нимадир «гурс» этиб йиқилиб тушгандай бўлади. Қуйилиб ёмғир ёққандек ой нури оқади. Ерда оппоқ булутдек ёйилиб ётган шувоқзордан таралган тахир ва ёқимли ис димоқларни қитиқлайди. Чинданам сирли-синоатли кеча.
Отлиқ йўловчи ўт босган тупроқ йўлдан дупур-дупур жадал интилади. Ойбеткай қирдаги қуврайзорга кўзи тушгач, сесканиб кетади. Ёпирай, бу не мўъжиза?! Қуврайзор ичида қадди-қомати келишган сулув бир жувон солланиб турибди. Ой нуридай ёғилган, тўпиғига тушган сочларини силаб-сийпалайди. Бу қандай жувон? Ярим кечада бу ерларда ярим-яланғоч нима қилиб юрибди? Йўловчи ўз кўзларига ишонмайди. Кўзлари адашади. Тикилиб қарайди. Жувоннинг қиёфаси ўзгаради. Яқинроқ келган йўловчининг ҳайрати янаям ошади: сарғиш-қўнғир думларини чиройли ўйнатиб турган тулкини кўради…

Шундай кечада ўша йўллардан мен ҳам от миниб ўтганман. Юқоридаги воқеани эшитганим боис қирдан нигоҳимни узмай отни қичаб ўтганман. Лекин у парини кўрмаганман.

* * *

Қиш охирлаб қолган кунлар. Қор эриб ерлар юмшаган. Кечқурунлари ер яхлаб, қатқалоқ бўлиб қолган пайтлар. У замонларда қишлоғимизда тўкчироқ (электр) бўлмаган. Шу боис ҳамма уйда ҳам чироқ ёқилавермас, уйқуга ётгунча бутун оила бир уйда битта чироқ остида, сандал атрофида гурунглашиб ўтириларди. Биз ёшлар туннинг бир маҳали оғилхонадаги мол-ҳолдан хабар олиб, ем-хашак солиб келардик. Ўшанда мен оғилхонада эдим. Ташқарига чиққанимда аввалига майин ёғиб бошлаган ёмғир бироз кучайиб, шитир-шитир авжига чиққан эди. Уй томон юриб, чироқ нуридан ёришиб турган пастак дераза ёруғида кимдир деразага қулоқ тутиб турганини кўриб қолдим. Аввалига ажабландим. Ўғрими деган хаёлга бордим. Сездирмай яқинлашиб ҳайратга тушдим. Чиройли бир тулки деразага қулоқ тутиб, ичкаридан эшитилаётган ғўнғир-ғўнғир овозларни худди гап пойлаган одамдек тинглар эди. Яқин боришга ҳаддим сиғмади-ю «Ҳайт!!!» дея қарсак чалдим. Тулки шу заҳоти шартта қайрилди-ю, ўқдай отилиб одамбўйи девордан осонгина сакраб кўздан ғойиб бўлди.

Воқеани уйдагиларга гапириб берувдим, «Қурғур тулкилар худди тил биладигандай гап пойлайди. Буни сири нимада билмадигу, лекин тулкиларнинг шундай ғалати одати бор», дейишди.

* * *

Бу воқеаларнинг бари олис болаликда бўлиб ўтган. Дала-даштга ўзгача чирой бахш этувчи ойдин кечаларни яхши кўрганим учун уларни аҳён-аҳён эслаб юрардим. Шу воқеалар сабаб бўлибми, «Бола ботир» кўнглимда етилди. Парига айланган тулки. Парига ошиқ бола. Ошиқлик туфайли тулкига айланган бола. Қурбақага айланган маликадай. Йигитга айланган шердай. Бу бўлиши мумкинми? Бу бизнинг то шу пайтгача англаган эътиқодларимизга қанчалик тўғри келади? Одам қиёфасидаги мана бу зот балки ростдан ҳам тулкидир. Тулки қиёфасидаги мана бу жонивор мўъжиза рўй бериб ростданам маликага айланиб қолса-чи?

Ёки бу ҳол ҳақиқатан чин ошиқлар қисматига хос сиру синоатми? Биз ўзи асли чин ошиқ деганда нимани тушунамиз? Ўзимиздан кеча оламизми? Ишқ учун қурбон бўла оламизми? Бу чиндан-да сирли. Эҳтимол ишқ ўзи ҳеч қачон ечилмайдиган буюк бир сирдир. Балки шунинг учун ҳам ҳамма бирдек унга интилади. Лекин етолмайди. Етганлар бормикан? Мажнун етганмиди? Фарҳод-чи? Феълимиздаги барча қусурлар бу улуғ мартабага етиша олмаётганимиз туфайли мавжуд эмасмикан?

* * *

Олам-олам бўлиб тирик
Неча аср, неча йил
Кўрмаганди бундай тиниқ,
Нур ёғилган кечани.

Майин еллар қанотида
Тўлқин-тўлқин оқар нур.
Чигирткалар чирилдоғи
Жаранглайди мисли дур.

Маст қилгувчи шувоқ иси
Димоқларни ёради.
Бола Ботир дала йўлда
От ўйнатиб боради.

Ногоҳ кўзи тушар, шундоқ
Йўл бўйида бир пари
Имо қилар, тақимини
Ўпиб тилло сочлари.

Каптар сийна, чумоли бел,
Кўза қуймич, оқбадан.
Кўрсатса шу Лайли дея
Мажнун кечар саҳродан.

Чўмич-чўмич мой симирган
Бойбичанинг бой қизи.
Бу дунёдан эмас, чиндан
Асли ойнинг ой қизи.

Пишқирар от юрари-ю
Юрмасини билмайин.
Ҳайратидан хониш қилар
Ойга қараб жилмайиб.

Отдан тушар Бола Ботир
Ой нурига осилиб.
Ойпарининг сийнасига
Аста қўяр бошини.

Эҳтиросдан ихтиёри
Кетар тамом илкидан.
Тангачалик эҳсон тилар
Нозаниннинг мулкидан.

“– Бўлди, энди ўзингни тий,
Қўлингни торт, шўх йигит.
Мен тулкиман, бу ишни қўй,
Унут мени, бас, унут”.

Ойпарининг нолишлари
Қулоғига кирмайди.
Қаҳ-қаҳ урар Бола Ботир,
Аҳдидан юз бурмайди:

“– Ҳийла қилиб аврама, бас,
Мендай йигит мардини.
Ишқ тимсоли бўлиб, ўзинг
Билмасмисан шартини.

Майли, агар тулки бўлсанг,
Мен ҳам тулки бўлайин.
Гул юзингдан фақат яна
Битта муччи олайин”.

“– Бола Ботир, ўзингдан кўр,
Ёш жонингга қасд қилдинг.
Мен тулкиман, ахир, мени
Нега мунча маст қилдинг?”.

Битта бўлар еру осмон
Жону тан бир, руҳу қалб.
Ой булоғи тошар ногоҳ
Шаршарадек шарқираб.

Сапчиб тушар эгасиз от
Билмай бу ҳол сирини.
Теграсида икки тулки
Қувлашар бир-бирини.

…Олам олам бўлиб тирик
Неча аср, неча йил
Кўрмаганди бундай тиниқ
Нур ёғилган кечани!

Лайло Шарипова
СЎЗ ҲАҚИДА ДОСТОН
02

У жуда кўп ёзган. Қуёшни патқалам,
осмонни қоғоз қилиб ёзсанг ҳам
унинг ёзганлари сиғмайди.
Ойнинг ҳошиялари ҳам шеърга тўлиб кетар,
доғ бўлмаган жойи қолмайди ойнинг.
Булутларга айтсанг ёзганларини
ер бағирлаб эмаклайди бели майишиб.
Шамолларга айтсанг увлаб юборар,
дунёни кўчирар.
Шамоллар шоир бўлиб кетар.

Осмон – қоғоз, ойнинг доғлари – сатрлар. Булутларга шеърлар ортилгани сабаб бели майишиб, ер бағирлаб қолган. Ўта табиий манзарадан фалсафий хулоса чиқариш мумкин. Аммо қуёш патқалам бўла оладими, у осмонга ёза оладими?! Шу ҳолатни тафаккурим ва тасаввурим қабул қила олмади. Бу ўринда қуёш сиёҳдону унинг нурлари патқаламга қиёс қилинса ўринли бўлур эди. Барибир манзара ва унинг ортидаги фикр гўзал.

Бола Ботир тилидан айтилган биринчи шеър термага ўхшайди. Ҳар бир банди алоҳида мавзуга дахлдордай. “Тил – лиқ тўла хазина” эканини айтар экан, шоир аёл хусусида фикр юритади:

Қанча меҳр берсанг кўп,
Шунча чирой очар ер.
Бола эмас, аёлни
Қаритар лаллайган эр.

Саъдулла Ҳаким фикрича, уйдаги аёл – тувакдаги гул. Унинг “томирига етса бол”, “Кўрсатур ғунча жамол”. Аёлнинг қандайлиги унга бўлган муносабатга боғлиқ. Шоир буни халқона тафаккур кўмагида ифодалайди:

Сутни солиб кувига
Ҳожати барор кези,
Қанча пишисанг, шунча
Қаймоқли бўлар юзи.

Шоир достоннинг насрий қисми ёрдамида шеърий парчаларни, аксинча, шеърлар кўмагида насрий қисмларни боғлайди. Ҳикматли фикрлар оҳанглар либосига ўранади:

Йўл гардига айланган – мусофир,
Эл дардига айланган – шоир,
Гул рангига айланган – мусаввир.

Достондаги биринчи насрий парчада шоирга таъриф берилса, биринчи шеърда тилга ва аёлга муносабат билдирилади. Шоирнинг шоирлигини таъминлайдиган воситалар айнан шулар-ку! Иккинчи насрий қисм ва иккинчи шеър эса сўз ҳақида. Мумтоз достончилигимиздаги анъанани замонавий шаклда давом эттиришга ўхшайди гўё:

Неки яралмиш, бари
Сўзнинг жисму танидир.
Сўз – чиғаноқ гавҳари,
Кўнгил кўз ватанидир.

Бола Ботир каби, донишманд сингари ҳар бир чин шоир сўз жамолини кўришни орзу қилиб яшайди. Саъдулла Ҳаким тасвирича, Бола Ботир қўшиқ куйлаганда тулки тумоқ кийган чавандоз унга нигоҳ солиб ўтади. Асли чавандозни чорлаган ҳам ана шу қудратли овоз ва ундаги сеҳрли сўз эди.

Чавандоз қораширғай, кўзлари кўк бўлиб кўк эмас,
Мовий бўлиб мовий эмас, яшил бўлар.
Боққанда бола ботир кўзларини гўё тиғдек кесиб ўтар,
Қулоқлари чиппа битар.

Китобхон тулки тумоқ кийган чавандоз инсон эмас, инс-жинслар оламидан келган деб тасаввур қилади. Бола Ботирнинг дарди шундай белгиларга эга эди: у қаттиқ иситмалар, кечалари тубсиз қудуққа тушиб кетар ва “додлаб кўз очар” эди. Чавандоз Бола Ботирга ўз таъсирини ўтказиб, унинг руҳини қувватсизлантириб кетган эди. Охири илоҳий дуолар таъсирида бола ўзига келади.

Бола Ботирдаги иймон, руҳият бошқа олам мавжудотини қувватсизлантирди. Туғилаётган шоирни ўзга оламдан келган хилқат мавҳ этолмади. Буларни англаш баробарида асарнинг сўзга, бахши-шоирликка бағишланган такрорланмас достон эканини эътироф этиш мумкин.

Шоирлик – ошиқлик. Ана шу ҳақиқат достон таркибидаги афсона ёрдамида очиб берилган. Саъдулла Ҳаким синтезлашган фольклоризм кўмагида ўз мақсадини очиб бера олган, яъни халқ афсонаси сюжетини достон сюжетига вобаста қилиш орқали сўз, шоирлик нималарга қодирлигини ифодалай олган. “Лисон ут-тайр”да Шайх Санъон тарсо қизга ошиқлиги сабаб ўз эътиқодига қарши борди. Аслида эътиқоди шу қадар қудратли эдики, бандасини шундай улуғ муҳаббат билан севди. Оллоҳга бўлган севгисини тарсо қизга бўлган муҳаббати оловида пиширди, қиёмига етказди. Саъдулла Ҳаким наздида:

Сўзни анбиё айтса ярашар,
Сўзни Муҳаммад пайғамбар киройи айтган.
У ҳам, асли, бир сўзни айтган.
Бошқа айтилганлар бари ўша битта сўзга шарҳ.
Ҳазрат Навоий айтганлари ҳам
ўша битта сўзга битилган гўзал шарҳлар.
Сўз ўзи битта!

Ўша соҳир сўзни ҳуда-беҳуда айтишдан қўрққан Бола Ботир ошиқлик боис масту беқарор эди. Бир оймоманинг, бир баҳорнинг, бир ёзнинг, бир қишнинг, бир кузнинг қизига харидор бўлади. Шоир маҳорат билан воқеликни ривожлантиради. Тулки қиёфасидаги парига ошиқ Бола Ботир ҳақидаги афсонани ҳикоя қилади. Бу гўзал ҳикоя ҳаётда бўлган-бўлмаган ғаройиб воқеалар билан чирмашиб кетади. Яъники, Тулки-пари болаларни эрмак қилишни яхши кўрарди. Гоҳо тулкини кўрган йигитлар дардга чалиниб қоларди.

У ниҳоят келишган бўлиб,
тилларанг сочлари ёйилиб,
бутун қоматини ёмғирдай ёпиб турар.
У сочларини силаб, ишва қилар.
Йигит қулоғига: “Ҳой йигит, бери кел!”
Деган овоз чалингандай бўлар.
Йигит олазарак, бор овозича бақириб юборар.
Кўзларига ишонмай яна қарар.
Аммо бояги жойда ҳеч ким кўринмас.
У дағ-дағ титраб уйига келса, оғзи қийшайиб қолар…
Парига дуч келиб қўрқиб кетган, дейишар одамлар.

Достондаги лирик “мен” ҳам тулкини кўради. Хайриятки, аёл қиёфасида кўриб қолмайди. Бўлмаса Бола Ботир ҳолига тушарди. Хўш, Бола Ботирни дардга дучор қилган, дуо-ю тиловат кўмагида руҳий қувватини йиға олган Бола Ботирни кўриб қувватсизланган тулки тумоқ кийган яшил кўз одам асли ким?! “Қисас ул-анбиё”даги Билқис ҳикоятида пари ўғлини парилар юртига қайтариб юборади. Негаки, унда парилик хусусиятлари устун эди. Тулки тумоқ кийган париларнинг эркагими?! У пари қизларни қудратли руҳият, улуғ муҳаббат соҳибидан ҳимоя қилишни истадими?!

Саъдулла Ҳаким ўзбек фольклорида мавжуд – аслида бизга сир бўлиб қолаётган оламга дахлдор – халқ оғзаки ижодида юрадиган хулосаларни йиғиб, сўз ва шоирлик улуғлигини акс эттиришга сарфлаган. Бу достоннинг қизиқарли, жонли чиқишига хизмат қилган.

Шундай қилиб, шоир Бола Ботирни яна париларга рўпара қилади. Бу сафар у пари қизга юзма-юз бўлади ва инсон севгиси улуғлигини исботлайди. Достон сўзнинг улуғлигини, шоирлик ошиқлик эканини, ошиқ шоир руҳияти авлиё руҳиятига тенг бўлишини, ўша ҳолда у истаган эврилишни амалга ошира олишини намойиш қила олган:

Сўздан сўз туғилар чақалоқ каби,
сўз яшар, сўз қарир, сўз оламдан ўтар.
Сўз – бу Афандининг чопони, яъни
сўз – либос, моҳият унда яширин.
Муҳими сўз эмас, моҳият!
Шоирдан сўз эмас,
ривоят қолиши керак.
Бола Ботирдан ривоят қолди.
Моҳият шу!

Эртакларда, афсоналарда пари қиз алп йигит оламига ўтиб яшарди. Достонда йигит пари қизнинг оламига эргашиб кетади. Моҳият битта: ошиқлар бир жойда. Чин муҳаббат на миллат, на тил, на олам танлайди. Қитъалар тугул, оламларни ҳам оша олади. Унинг ифодаси сўзда қолади:

Тақдир шамоллари бу тоза боғни
Заъфар хазонлардан айлагай фориғ.
Сориғ яшил бўлур ҳидоят чоғи,
Неки зумурраддир оқибат сориғ.
Фақат тафаккурнинг ўчмас излари,
Теран туйғулардан кўнгил музайян.
Бизни азиз қилар изҳор сўзлари
Ва айтилмай қолган калималар ҳам.

Достонда назм билан наср, бармоқ билан аруз ўзаро жуфтлашган. Ҳазажи мусаддаси маҳзуфда битилган сатрлар оҳанги ундаги фалсафани сайқаллаб турибди:

Бамисли жавҳару зар тоғ ичинда,
Моҳият нарсанинг андоқ ичинда.

Муҳими, достонда сатрлар қуйилиб келган. Унда тўқилган сатрлар йўқ. Достон фольклор ва ёзма адабиёт қоришмаси сифатида шоир Саъдулла Ҳаким шууридан тўкилган. Уни роҳат қилиб ўқиш мумкинлигини Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг эътирофлари ҳам далиллаб турибди.

Манба: “Китоб дунёси” газетаси

 

САЪДУЛЛА ҲАКИМНИНГ «БОЛА БОТИР» ДОСТОНИ ВА АБДУЛЛА ОРИПОВНИНГ АСАРГА ЁЗГАН СЎЗБОШИСИНИ CALAMEO  ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,ПРИНТЕРДАН ЧИҚАРИНГ ЁКИ ЮКЛАБ ОЛИНГ

 

(Tashriflar: umumiy 508, bugungi 1)

Izoh qoldiring