Sa’dulla Hakim. She’rlar & Ibrohim G’afurov. Zaminga tutash antenna

05     Тошкентга илк бора келганида бу йигитчанинг кўзлари порлаб, ҳамиша шеър завқи билан жўшиб турар эди. Қанча шамоллар эсиб ўтди, қанча булутлар босиб ўтди, қанча айқирган сойларни кечиб ўтди, қанчадан-қанча ўтли шеърий сатрлар дунёга келди, Саъдулла ҳамон ўша-ўша виждон амри билан яшайди, илҳом амри билан шеър бўстонларига киради.

Иброҳим ҒАФУРОВ
ЗАМИНГА ТУТАШ АНТЕННА
04

09   Саъдулла Ҳакимнинг биринчи шеърлари матбуотда кўрина бошлаганига ўттиз йил, унинг илк китоби “Ҳамал тонглари” нашр этилганига йигирма йил бўлиб қолибди. Умри узун ва сермева бўлсин, ёши ҳам мана элликни (мақола 2001 йилда ёзилган. ХДК изоҳи) қоралабди. Тошкентга илк бора келганида бу йигитчанинг кўзлари порлаб, ҳамиша шеър завқи билан жўшиб турар эди. Қанча шамоллар эсиб ўтди, қанча булутлар босиб ўтди, қанча айқирган сойларни кечиб ўтди, қанчадан-қанча ўтли шеърий сатрлар дунёга келди, Саъдулла ҳамон ўша-ўша виждон амри билан яшайди, илҳом амри билан шеър бўстонларига киради.

Саъдулла Ҳаким боғбоннинг ўғли. Ҳаким Раҳмат боғбоннинг ўғли. Отасига ҳаёт йўлларида бўталоқдек эргашиб катта бўлган. Не ажабки, унинг шеъридан боғ иси, боғ таровати келади. Умуман боғларнинг эмас, балки баайни Гараша боғлари, Гараша узумзорлари, тоғларидаги анвойи ўт- ўланларнинг ҳиди, таровати гуркираб келади.

Унинг шеърлари, ёзганларини ўқиганда, Гарашанинг тоғлар, тоғ этакларига хос, тоғ руҳи, фасонаси акс этиб турадиган, содда бўлса ҳам, лойсувоқ бўлса ҳам, кўркам уйли хонадонларига кириб боргандек бўласиз.

Балки сиз билан биз кўпчилигимиз Гарашада бўлмагандирмиз. Балки сиз билан биз сал берироқдан, айтайлик, Азим Суюннинг тоғ этагидаги сўлим қишлоғидан қайтгандирмиз. Лекин Азим Суюн куйлаган Кўлтўсину Накрутдан ҳам, дунёнинг бениҳоя олис чеккасида қолиб кетгандай туюладиган Қораабдолдан ҳам Гараша кўриниб туради. Мабодо сиз сўрамасангиз ҳам, дўстларимиз: “Ҳў-ўв нарида Гараша қишлоғи бор, у ерда Саъдулла Ҳаким туғилган” дейдилар. Накрут Азим Суюн номи билан танилган бўлса, Гараша Саъдулла Ҳаким номи ва шеърлари билан танилди. Ҳолбуки, илгари не-не тарихлар ўтиб, Гарашанинг Гарашалигини ва Накрутнинг Накрутлигини жуда камдан-кам одамларгина биларди. Икки шоирнинг номи билан бу тоғ қишлоқлари шеъриятимиз тушунчалари, жўғрофиясига кириб келди.

Яхши шеър жойни, маконни абадиятга муҳрлаганидек, яхши шоир элининг шуҳратига шуҳрат қўшади. Элини шеърий забонга ошно қилади. Шеърий забон билан халқ маданиятли халқлар сафига киради. Учинчи синфда ўқиётган набирам ўзининг ширин тили билан “Ўзбегим”ни ёдлаяпти, яъни шеърий тили чиқяпти. Мурғак дилига миллат руҳи, тарихи ва тарихининг қатламлари ўрнашяпти.

Шеърий сўз ҳамиша халқ маданиятининг биринчи белгисидир. У халқда фикр ва туйғулар маданияти равнақ олганлигидан далолат беради. Некўз, Олтиариқ, Бойсун, Спасск-Луговиново, Ясная Поляна, Тархани, Қоратош, Ғазни, Руставели, Мўлиён ва инсониятнинг бошқа юзлаб қасабалари шундай шеърий, бадиий сўз билан обод бўлган, оламга донг таратган.

Худди шунингдек Накрут ва Гараша ҳам бу шоирлар билан бирга номдор бўлди. Қишлоқлар уларнинг номларига уйғун тушди.

Бир куни Азимбой Сувайрилиш деган жойга борганимизда “Иброҳим ака, бу ёғига кирсангиз, кириб кетаверасиз. Бири-биридан ёввойи гўзал жойлар, ҳали ўз шоирини топмаган…” деди. Олдимизда Нуротанинг сирли тизмаларига кириб кетадиган ажиб тоғ оралиқлари худди ўқилмаган китоблардай бўлиб ваҳший жозибаси билан кўзларни ром этиб ётарди.

Саъдулла Ҳакимнинг шеърлари ҳам шунақа — ичига бир кирсангиз кириб кетаверасиз, тоғма-тоғ, боғма-боғ, юракма-юрак ўтиб бораверасиз, ўқиб бораверасиз, меҳр ўртада камаймайди. Баъзи шеърлари бамисоли Гарашанинг оппоқ патири — умрлар яшаб ҳеч таъмини унутмайсиз.

Нурота тоғлари томонларда, тоғлар ичида, тоғлар этакларида, тоғ қишлоқларида одамлар дўлвор, танти, содда, худди қоялардай мустаҳкам, тоғ сойлари каби жўшган ва ўта самимий бўладилар. Шунинг учун бўлса керак, бу юртнинг валийлари кўп, бахшилари сероб.

Саъдулла Ҳакимнинг шеърлари танти самимияти билан одамни ўзига қаратади. Мабодо, бир қояга ҳар томондан қарасангиз, у ҳар турли қиёфада кўринади. Тоғ чўққиларига турли нуқталардан қарасангиз ҳам шундай: турли томондан турли кутилмаган манзаралар кўзга ташланади.

Шоир шеърларида, унинг “Олис юлдуз” деб аталган тарихий достонида, насрий сочмаларида ҳам шундай кутилмаган гўзал манзаралар, тасвирлар, ажиб шеърий ифодаларга дуч келасиз. Назарингиз улардан оддий бир нарса каби сирғалиб ўтмайди, тўхтайди, нигоҳингизни ўзига жалб этади бу шеърлар. Улар Саъдулла Ҳаким оригинал бир шоир эканлигига далолат беради. Уларда шоир уйғоқ виждон, одамгарчилик идеалларига амал қилаётганлиги, инсон ахлоқининг гўзаллигини шуларда кўраётганлиги равшан кўзга ташланиб туради.

Наҳот менинг исёним
Дилимда қотиб қолган,
Шеърлар битганим ёниб
Наҳотки бари ёлғон?

Ўқувчи бу безовта сатрларни виждоннинг тирик овози каби қабул қилади. Саъдулла Ҳаким миллатнинг уйғониши ва унда ҳар биримизнинг тутган ўрнимиз ҳақида ўйлар экан, “сафоли, вафоли боғланишлар бор” дейди-да, сўнг:

Бизни боғлаб турсин одамгарчилик! —

деган сўзлар билан шеърга якун ясайди. Баъзан ёлғизликлар, Яратган олдидаги “минглар ичра ёлғизлик”, инсон истаклари учун ўта ноқулай қурилган дунё одамдан ғолиб келишга интилади, лекин шунда ҳам киши одамгарчилик билан, ботиний салоҳият, идрок қудрати билан улардан устун чиқишга муяссар бўлади. Бу хақда Саъдулла Ҳакимнинг гўзал сатрлари бор:

Осмон гувлар,
Оқар нидолар,
Бу қай садо, бу қизалок, ким?
«Мен опаман ўзим-ўзимга,
Мен сингилман ўзимга ўзим».

Нотинч бу сас келмиш қай ердан,
Бўзтўрғайдек бўзлаган у ким?
«Мен акаман ўзим ўзимга,
Мен укаман ўзимга ўзим»…

Саъдулла Ҳаким шеърларидаги мана шундай гўзалликларнинг манбаларини ўйлайсиз. Хаёлингизга донишманд Жуманбулбул оҳанрабоси келади. Хаёлингиздан Нурота тоғларининг қадим тилсимотли шукуҳи ўчмайди. Саъдулла Ҳакимнинг Нурота тизмаларини фусункор қилган чўққилардан қўшиқ айтиб тушиб келаётган ҳолда тасаввур қиласиз.

Бу гаплар билан Саъдулла Ҳакимни илҳомёр шоир демоқчиман, холос. У дил қўшиқлари билан одамлар қалбидан ўрин олди. Унга шоирликни табиатнинг ўзи ато этган. У бундан ҳеч қаерга қочиб қутулолмайди. Табиат ато этмаган нарсани эса ҳеч қачон ҳеч ким қувиб ета олмайди.

Бу шоирнинг шеърларини ўқиганда эртаклардаги Эромон ботир тоғлар, адирлар оша кўҳна ўзбекона содда қўшиқларимизни дилдан овозини баланд қўйиб айтиб келаётгандек бўлади. Бу куйларда яшаш ва севиш завқлари баралла янграб туради. Бу қўшиқларни куйлаётган одам ҳамиша, ҳар қандай шароитда матонатли сўзларни айта биладигандек кўринади.

Саъдулланинг отаси марҳаматли Ҳаким Раҳмат ўғли, шу ўзбек боғбони Гарашага биринчи маротаба радио олиб келган экан. Шоир отасининг маърифатга шундай талабгор ва ошно бўлганлиги билан фахрланади. Ўша онгда ўрнашган болалик хотираларининг таъсиридамикин, у катта бўлганда, шеър илҳоми қуйилиб келганда ўз шеърларининг заминга туташ антенна бўлишини орзу қилади. Овозимни шояд дунё эшитса, ўзбекнинг саси олам билан робита боғласа, дегандай бўлади.

Эзгу орзу. Ва ғоятда яхши сўз: шеър — заминга туташ антенна!

024Саъдулла Ҳаким
ШЕЪРЛАР
04

ХОТИРАЛАР
Асқад Мухторга

Хотиралар тирик одамлар,-
Меҳру нафрат баҳсига қодир.
Шундай такрор яшар оламда
Марҳумларнинг тирик муроди.

Кечмиши ёд этмоққа сабаб, —
Ўтса ҳамки қанча замонлар, —
Яхшиларга ёғилар шараф,
Маломатдан чиқмас ёмонлар.

Баъзан руҳда тутилар такрор
Олисларнинг жўшқин нафаси.
Юлдузларга термулиб бедор
Улуғбекнинг ортар ҳаваси…

Гоҳ уйғотиб қалбда пўртана
Мир Алишер ташлагай назар.
Ва яшагинг келар ўртаниб,
Ғазал бўлиб яшагинг келар!

Ёзаверсанг бир бошдан барин
Тун сиёҳдон бўлса ҳам етмас.
Ҳаётингда йўқотганларинг
Хотирангдан йўқолиб кетмас.

Бир кун эса сўнгги дам етар,
Отланурмиз сўнгсиз сафарга.
Ҳаётимиз айланиб кетар
Яхши-ёмон хотираларга.

Кел, замондош, ичайлик қасам,
Гард кўрмасин кўнгил гавҳари,
Ёд этганда бизни авлодлар
Тиниқ бўлсин хотиралари!

* * *

Наҳот ҳатто бирон қалбда у
Қўзғатолмас ғазаб ва алам?!
Демак, унинг ҳаёти — уйқу,
Ухлаб ётар қалбида олам.

Тўлқин урмас дарёлар унда,
Сукунатдир шамоллар номи.
Кундузлари ўхшайди тунга,
Юлдузларга зордир оқшоми.

Боғда дарахт новдаларидан
Титраб-титраб узилганда куз,-
Куюнчак бир сас чиқмас ундан,
Тўнғиб ётар бағридаги муз.

Ё баднафс биронта бадкор
Юрт ҳақига солар бўлса чанг,
Ғазабини айлаб у чўқмор
Қалқа олмас оёққа дилтанг…

Нега керак бу тахлит яшаш, —
Ҳаяжонни, имонни сотиб:
На дўстларда уйғотиб ҳавас,
На душманда ҳасад уйғотиб…

* * *

Менга доим шундай туюлар:
Юрагимнинг гулбоғларига
Умр ёмғир каби қуйилар.

Томирларим — тезоб шаршара,
Ҳаёт суви оқар шарқираб
Ва қўшиқлар куйлайди сара.

Қўшиқ учар кўксимга сиғмай,
Лабларимда жаранглаб кетар
Марваридлар сочилганидай,

Биллур ёмғир қуйилар муқим.
Фикрим гуллар олча мисоли,
Борган сари ёришар руҳим.

Аммо уйқум йўқдир тунлари
Оҳ, бир куни тинар-ку ёмғир,
Сўлмасмикан фикрим гуллари

* * *

Қуёш ўчар уфқ ортида,
Лола каби қизарар ғуруб.
Бинафшазор қирдан гуруллаб,
Дарё бўлиб қуйилар сурув.

Ва дарёдан узилган тўлқин
Пастқамларга оққани мисол
Қўраларга кирар бостириб…
Осмон гуллар,
Сайр этар ҳилол.

Тун оғади. Машриқ уфқида
Бўй кўрсатар қуёш кўкариб.
Қўралардан чиқар жувонлар
Бирин-кетин… челак кўтариб…

ТАЖНИС
(Туркум)

1.
Қанча сўз ёқди дилим бир сўз учун,
Менми бағри минг тилим бир, сўз учун.
Ким сени сўзга кўнгил қўйгил, деди,
Хўб жазо бу сен каби бирсўз учун.

Ки зуғум қилган билан ё минг талаб,
Чин ошиқ сўзин демас муз мингта лаб.
Бир асл тиллони топмоқлик учун
Тошу қумни ўтказурлар мингталаб!

2.
Боқса гар субҳи қуёшдек боқади,
Қалб қушин ёғду сутида боқади.
Ям-яшил майса-гиёҳ бўстонида
Лахча гулхан лоладек зебо қади.

Бундайи оламга гоҳ-гоҳ, бир келар,
Ҳам сулув, ҳам собиту собир келар.
Юз жоним бўлса кечардим жойи деб
Мен сари аҳдида бўлса бир келар…

Далалар ва боғлар оралаб кеча
Минг бир чироғини ёққанда кеча,
Тўқсон томиримда оқди ой нури
Нега пайқамаган эканман кеча?

Бошим осмонларга етди муҳташам,
Ой — қўлимда гавҳар, юлдузлар — ҳашам.
Менга туюлдики, тафаккур — зиё,
Ҳар инсон — ичига нур қуйилган шам!

4.
Умр пешрав — сочни асролмас тароқ —
Бир-бир ҳар толасин қордек этар оқ.
Киювдим тор келди саодат тожи,
Болалигимда у эди каттароқ.

Ваҳ, не синоатлар кечмади бошдан,
Энди ошиб ётар заҳматим бошдан.
Бошдан заҳмат тожин киярдим бошга,
Бошлай олсам эдим умримни бошдан…

ЯССАВИЙ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС

Ҳақ таоло ҳар дилга шуълаи пок қотар-о,
Калимаи шаҳодат забонига битар-о,
Кечар булоқдек тонглар, дарёи шом етар-о,
Бешак билинг, бу дунё барча элдан ўтар-о,
Инонмағил молингга бир кун қўлдан кетар-о.

Аввал Одам Отадан баён кетти, фикр қил,
Аён келган очунга аён кетти, фикр қил,
Мард кетса ҳам мардларча шоён кетти,фикр қил,
Ота-она, қариндош қаён кетти, фикр қил,
Тўрт аёғлиғ чўбин от бир кун сенга етар-о.

Роҳат изтиробдадир, фароғат қани дема,
Ўзни буғдой, ўзгани сариқ сомони дема,
Рост боқиб сўз айтса ким дўст тушун, ғаним дема,
Дунё учун ғам ема, ҳақдин ўзгани дема,
Киши молини ема, сирот узра тутар-о.

Бу оламда азалдан шон талон, даврон талош,
Беимонлар дам уриб бир-бирин айлаюр фош,
Омадинг кетиб, илло текканда бошингга тош,
Аҳли аёл қариндош, ҳеч ким бўлмайдир йўлдош,
Мардона бўл ғариб бош, умр елдек ўтар-о.

Инсон зоти ҳам асли борлиқдан олар тамсил,
Фалак шафоатидан тоза ҳар дил, ҳар кўнгил,
Саъди олло одат қил, покликни таҳорат бил,
Қул хожа Аҳмад тоат қил, умринг билмам неча йил,
Аслинг билсанг оби гил яна гилга кетар-о.

КЎНГЛИ ТЎҒРИ ОДАМ

Даврада бир киши маза-бемаза
Сўз айтиб, авомни қиларди изза.

Бирига дер эди: “Рангингиз сариқ,
Мендан кичиксизу қолибсиз қариб”.

Бировин тутал деб, бошқасин манқа,
Ҳар кимга осарди хунук бир ланқа.

Ноқис табиатин этса-да аён,
“Тўгри сўз одамман!” дер эди чандон.

Давра бир четида чойдан узатиб,
Мен ҳам ўтирардим уни кузатиб.

Ёшлар ғаши келиб бу ғайри ҳолга,
Қараб қўйишарди нуроний чолга.

“Болам, — дея вазмин сўз бошлади чол,
Гапларим кўнглингга келмасин малол.

Тўғри сўз бу ҳали донишлик эмас,
Букрини ҳеч ким сен букрисан демас.

Ток ёнида тўғри кўринган сада
Минг қилса, эгридир шамшод олдида.

Ўқ тўғри ва лекин эгридур камон,
Шу боис жароҳат етказур ёмон.

Ўйламай сўз айтмоқ нодоннинг иши,
Кўнгли тўғри одам — пгу ростгўй киши

ВАТАНГА МАНСУБЛИК

Баногоҳ чўққидан қуласа бир тош
Тоғ пойига тушар, тогни тарк этмас.
Эт билан тирнокдек бир жону бир тан
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

Қуёшга интилган ҳавойи буғлар
Баланд парвозларни қилса ҳам ҳавас
Бир кун қайтиб келар ўкириб-йиғлаб,
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

Шашмақом — минг йиллик наво муаттар,
Очсам кўкайимни янграр қадим сас.
Авлодлар туғилар, аждодлар ўтар,
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

Улуғлар юксалар ер остида ҳам,
Ҳайкал бўлиб ўсар, эли унутмас.
Шаҳидлар боғидан куйлаб ўтаман:
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

Тошдан учган учқун ялт этиб ўчар,
Ўчган чўғ қайта ўз ҳолига келмас.
Чопонинг силкисанг ғубори кўчар,
Ватандан тўқилган Ватандан эмас!

ЭЙ, КЎНГИЛ

Нописанд босма хазон япроғини,
Бошинг узра эсла соя чоғини.

Танфи ҳукмига азал бир чора йўқ,
Бандаси билмас келиб-кетмоғини.

Истаса бергай шифо беморига,
Дард бериб солғай синовга соғини.

Умр ўтар дарё каби қалқиб-оқиб,
Айлагил тақдир насиб қирғоғини.

Раббано қодир ўзи, ғофир ўзи,
Ҳар нафас тортиб турар қармоғини.

Боқ, қуёшни қон этиб ҳар рўзи шом
На учун кўз-кўз этар ўроғини?

Билмаса меъёрини офтоб ҳам
Қувратар боғи чаман ҳар ёғини.

Эй кўнгал, бу ҳодисот ибрат сенга,
Эл аро фасона эт келмоғини.

Олмоқ эрсанг, бир ғариб кўнглини ол,
Айро этсанг, айро эт дил доғини.

Саъди оллога етар қирмочи ҳам,
Ёри жонга туҳфа қил қаймоғини.

Шон деса, йўл олди деб Тошканни айт,
Шаън деса, кўрсат Нурота тоғини!

ИЗЛАР

Икки чети ораста,
Ёлғизоёқ чамбил йўл.
Кетиб бораман аста,
Ҳар ёнда гиёҳлар мўл.

Қуриб қорайган янтоқ,
Чўкир шувоқ. Кўк барра.
Узокда кунгура тоғ,
Осмонга тортар арра.

Шу биргина сўқмоқда
От изи, қулон изи.
Эшак изи, ит изи,
Куш изи, илон изи.

Шу биргина сўқмоқда
Дон изи, буғдой изи.
Юзиб ўтар оҳиста
Қуёш изи, ой изи.

Балки бунда бир чоғлар
Озод қўйиб чавкарин,
Елиб ўтган қуюндай
Амир Темур навкари.

Балки… Машраб сўзона
Наволар қилиб ўтган.
Тушганча йўл узала
Оёқларини ўпган.
Шу йўлда бобом изи,
Отам излари пойдор.
Қор ўтган, ёмғир ўтган,
Шамол ўтган неча бор.

Шу сўқмоқда менинг ҳам
Изим қолар экилиб.
Буғдой донаси каби
Сўзим қолар тўкилиб.

…Қай бир замон, бегона
Йўловчи қўйса қадам,
Маъюс бир соғинч ила
Эслармикан мени ҳам?

ЧОШТЕПАДА ЁЗ

Йўлим тушиб, ёз чоғи
Чоштепада тўхтадим.
Осмон сариқ, ер сариқ,
Сап-сариқ қиру адир.

Салқин жой қидириб сув
Қочмиш қудуқ тубига.
Ҳар ерда тўп-тўп сурув,
Чашма кирар тушига.

Эсади илиқ-илиқ
Ялқов шаббода овуш.
Тумшуғин чўмич қилиб
Ҳансираб нур ичар қуш.

Лойсувоқ иморатлар
Боғ ичига бош суқиб
Сокин соялаб ётар,
Сукутга чўмган сукут.

Кўланка қуюқ, қалин,
Бахмал кўрпача монанд.
Соясининг сояси
Каби рангсиз дов-дарахт.

Зардоли танасида
Мудраб ётган ўт-оташ
Шохларда ёнар сачраб,
Бамисли каҳрабо тош.

Ишком ости супада
Кўзга чалинар хиёл.
Кўкрак тутиб, бешикка
Суянган сўлим аёл.

Бари юракка яқин,
Келмас одам кеткиси.
Нур қанотида оқиб,
Маст қилар шувоқ иси.

…Бўлиқ тупроқ — этигим,
Қуёш қалпоғим менинг, —
Ўтиб кетар ёнимдан
Болалик чоғим менинг!

НАЙ

— Оҳангларинг мунглар наҳрими,
Най, бунчалар маъюссан нега?
— Айтолмаган ҳасратларини
Сўзлашади одамлар менга!

ЎРМОНЧИЛАР

Ўрмончилар ҳақида ҳангомага бу бир гап,
Кўрган-эшитган ҳайрон: ўрмончилар нетдилар?
Эгри-бугри қайрағоч соясида соялаб,
Тўғри ўсган теракни шартта кесиб кетдилар…

АЛДАРКЎСА

— Алдаркўса, нега алдайсан?
— Алдамасам яшай олмайман.
— Алдаркўса, нега ўлмайсан?
— Яшамасам алдай олмайман…

БЕДИЛОНА
Баҳодиржонга

Ҳавойи сўз эмас сукут, андиша,
Тойса тилдан тояр одам ҳамиша.
Бўшатиб бир четга отмас эдилар
Оғзини очмаса май тўла шиша.

25 mart — taniqli shoir Sa’dulla Hakimni 65 yoshi bilan chin dildan qutlaymiz!

Ibrohim G’AFUROV
ZAMINGA TUTASH ANTENNA
04

09 Sa’dulla Hakimning birinchi she’rlari matbuotda ko’rina boshlaganiga o’ttiz yil, uning ilk kitobi “Hamal tonglari” nashr etilganiga yigirma yil bo’lib qolibdi. Umri uzun va sermeva bo’lsin, yoshi ham mana ellikni (maqola 2001 yilda yozilgan. XDK izohi) qoralabdi. Toshkentga ilk bora kelganida bu yigitchaning ko’zlari porlab, hamisha she’r zavqi bilan jo’shib turar edi. Qancha shamollar esib o’tdi, qancha bulutlar bosib o’tdi, qancha ayqirgan soylarni kechib o’tdi, qanchadan-qancha o’tli she’riy satrlar dunyoga keldi, Sa’dulla hamon o’sha-o’sha vijdon amri bilan yashaydi, ilhom amri bilan she’r bo’stonlariga kiradi.

Sa’dulla Hakim bog’bonning o’g’li. Hakim Rahmat bog’bonning o’g’li. Otasiga hayot yo’llarida bo’taloqdek ergashib katta bo’lgan. Ne ajabki, uning she’ridan bog’ isi, bog’ tarovati keladi. Umuman bog’larning emas, balki baayni Garasha bog’lari, Garasha uzumzorlari, tog’laridagi anvoyi o’t- o’lanlarning hidi, tarovati gurkirab keladi.

Uning she’rlari, yozganlarini o’qiganda, Garashaning tog’lar, tog’ etaklariga xos, tog’ ruhi, fasonasi aks etib turadigan, sodda bo’lsa ham, loysuvoq bo’lsa ham, ko’rkam uyli xonadonlariga kirib borgandek bo’lasiz.

Balki siz bilan biz ko’pchiligimiz Garashada bo’lmagandirmiz. Balki siz bilan biz sal beriroqdan, aytaylik, Azim Suyunning tog’ etagidagi so’lim qishlog’idan qaytgandirmiz. Lekin Azim Suyun kuylagan Ko’lto’sinu Nakrutdan ham, dunyoning benihoya olis chekkasida qolib ketganday tuyuladigan Qoraabdoldan ham Garasha ko’rinib turadi. Mabodo siz so’ramasangiz ham, do’stlarimiz: “Ho’-o’v narida Garasha qishlog’i bor, u yerda Sa’dulla Hakim tug’ilgan” deydilar. Nakrut Azim Suyun nomi bilan tanilgan bo’lsa, Garasha Sa’dulla Hakim nomi va she’rlari bilan tanildi. Holbuki, ilgari ne-ne tarixlar o’tib, Garashaning Garashaligini va Nakrutning Nakrutligini juda kamdan-kam odamlargina bilardi. Ikki shoirning nomi bilan bu tog’ qishloqlari she’riyatimiz tushunchalari, jo’g’rofiyasiga kirib keldi.

Yaxshi she’r joyni, makonni abadiyatga muhrlaganidek, yaxshi shoir elining shuhratiga shuhrat qo’shadi. Elini she’riy zabonga oshno qiladi. She’riy zabon bilan xalq madaniyatli xalqlar safiga kiradi. Uchinchi sinfda o’qiyotgan nabiram o’zining shirin tili bilan “O’zbegim”ni yodlayapti, ya’ni she’riy tili chiqyapti. Murg’ak diliga millat ruhi, tarixi va tarixining qatlamlari o’rnashyapti.

She’riy so’z hamisha xalq madaniyatining birinchi belgisidir. U xalqda fikr va tuyg’ular madaniyati ravnaq olganligidan dalolat beradi. Neko’z, Oltiariq, Boysun, Spassk-Lugovinovo, Yasnaya Polyana, Tarxani, Qoratosh, G’azni, Rustaveli, Mo’liyon va insoniyatning boshqa yuzlab qasabalari shunday she’riy, badiiy so’z bilan obod bo’lgan, olamga dong taratgan.

Xuddi shuningdek Nakrut va Garasha ham bu shoirlar bilan birga nomdor bo’ldi. Qishloqlar ularning nomlariga uyg’un tushdi.

Bir kuni Azimboy Suvayrilish degan joyga borganimizda “Ibrohim aka, bu yog’iga kirsangiz, kirib ketaverasiz. Biri-biridan yovvoyi go’zal joylar, hali o’z shoirini topmagan…” dedi. Oldimizda Nurotaning sirli tizmalariga kirib ketadigan ajib tog’ oraliqlari xuddi o’qilmagan kitoblarday bo’lib vahshiy jozibasi bilan ko’zlarni rom etib yotardi.

Sa’dulla Hakimning she’rlari ham shunaqa — ichiga bir kirsangiz kirib ketaverasiz, tog’ma-tog’, bog’ma-bog’, yurakma-yurak o’tib boraverasiz, o’qib boraverasiz, mehr o’rtada kamaymaydi. Ba’zi she’rlari bamisoli Garashaning oppoq patiri — umrlar yashab hech ta’mini unutmaysiz.

Nurota tog’lari tomonlarda, tog’lar ichida, tog’lar etaklarida, tog’ qishloqlarida odamlar do’lvor, tanti, sodda, xuddi qoyalarday mustahkam, tog’ soylari kabi jo’shgan va o’ta samimiy bo’ladilar. Shuning uchun bo’lsa kerak, bu yurtning valiylari ko’p, baxshilari serob.

Sa’dulla Hakimning she’rlari tanti samimiyati bilan odamni o’ziga qaratadi. Mabodo, bir qoyaga har tomondan qarasangiz, u har turli qiyofada ko’rinadi. Tog’ cho’qqilariga turli nuqtalardan qarasangiz ham shunday: turli tomondan turli kutilmagan manzaralar ko’zga tashlanadi.

Shoir she’rlarida, uning “Olis yulduz” deb atalgan tarixiy dostonida, nasriy sochmalarida ham shunday kutilmagan go’zal manzaralar, tasvirlar, ajib she’riy ifodalarga duch kelasiz. Nazaringiz ulardan oddiy bir narsa kabi sirg’alib o’tmaydi, to’xtaydi, nigohingizni o’ziga jalb etadi bu she’rlar. Ular Sa’dulla Hakim original bir shoir ekanligiga dalolat beradi. Ularda shoir uyg’oq vijdon, odamgarchilik ideallariga amal qilayotganligi, inson axloqining go’zalligini shularda ko’rayotganligi ravshan ko’zga tashlanib turadi.

Nahot mening isyonim
Dilimda qotib qolgan,
She’rlar bitganim yonib
Nahotki bari yolg’on?

O’quvchi bu bezovta satrlarni vijdonning tirik ovozi kabi qabul qiladi. Sa’dulla Hakim millatning uyg’onishi va unda har birimizning tutgan o’rnimiz haqida o’ylar ekan, “safoli, vafoli bog’lanishlar bor” deydi-da, so’ng:

Bizni bog’lab tursin odamgarchilik! —

degan so’zlar bilan she’rga yakun yasaydi. Ba’zan yolg’izliklar, Yaratgan oldidagi “minglar ichra yolg’izlik”, inson istaklari uchun o’ta noqulay qurilgan dunyo odamdan g’olib kelishga intiladi, lekin shunda ham kishi odamgarchilik bilan, botiniy salohiyat, idrok qudrati bilan ulardan ustun chiqishga muyassar bo’ladi. Bu xaqda Sa’dulla Hakimning go’zal satrlari bor:

Osmon guvlar,
Oqar nidolar,
Bu qay sado, bu qizalok, kim?
«Men opaman o’zim-o’zimga,
Men singilman o’zimga o’zim».

Notinch bu sas kelmish qay yerdan,
Bo’zto’rg’aydek bo’zlagan u kim?
«Men akaman o’zim o’zimga,
Men ukaman o’zimga o’zim»…

Sa’dulla Hakim she’rlaridagi mana shunday go’zalliklarning manbalarini o’ylaysiz. Xayolingizga donishmand Jumanbulbul ohanrabosi keladi. Xayolingizdan Nurota tog’larining qadim tilsimotli shukuhi o’chmaydi. Sa’dulla Hakimning Nurota tizmalarini fusunkor qilgan cho’qqilardan qo’shiq aytib tushib kelayotgan holda tasavvur qilasiz.

Bu gaplar bilan Sa’dulla Hakimni ilhomyor shoir demoqchiman, xolos. U dil qo’shiqlari bilan odamlar qalbidan o’rin oldi. Unga shoirlikni tabiatning o’zi ato etgan. U bundan hech qaerga qochib qutulolmaydi. Tabiat ato etmagan narsani esa hech qachon hech kim quvib yeta olmaydi.

Bu shoirning she’rlarini o’qiganda ertaklardagi Eromon botir tog’lar, adirlar osha ko’hna o’zbekona sodda qo’shiqlarimizni dildan ovozini baland qo’yib aytib kelayotgandek bo’ladi. Bu kuylarda yashash va sevish zavqlari baralla yangrab turadi. Bu qo’shiqlarni kuylayotgan odam hamisha, har qanday sharoitda matonatli so’zlarni ayta biladigandek ko’rinadi.

Sa’dullaning otasi marhamatli Hakim Rahmat o’g’li, shu o’zbek bog’boni Garashaga birinchi marotaba radio olib kelgan ekan. Shoir otasining ma’rifatga shunday talabgor va oshno bo’lganligi bilan faxrlanadi. O’sha ongda o’rnashgan bolalik xotiralarining ta’siridamikin, u katta bo’lganda, she’r ilhomi quyilib kelganda o’z she’rlarining zaminga tutash antenna bo’lishini orzu qiladi. Ovozimni shoyad dunyo eshitsa, o’zbekning sasi olam bilan robita bog’lasa, deganday bo’ladi.

Ezgu orzu. Va g’oyatda yaxshi so’z: she’r — zaminga tutash antenna!

Sa’dulla Hakim
SHE’RLAR
04

XOTIRALAR
Asqad Muxtorga

Xotiralar tirik odamlar,-
Mehru nafrat bahsiga qodir.
Shunday takror yashar olamda
Marhumlarning tirik murodi.

Kechmishi yod etmoqqa sabab, —
O’tsa hamki qancha zamonlar, —
Yaxshilarga yog’ilar sharaf,
Malomatdan chiqmas yomonlar.

Ba’zan ruhda tutilar takror
Olislarning jo’shqin nafasi.
Yulduzlarga termulib bedor
Ulug’bekning ortar havasi…

Goh uyg’otib qalbda po’rtana
Mir Alisher tashlagay nazar.
Va yashaging kelar o’rtanib,
G’azal bo’lib yashaging kelar!

Yozaversang bir boshdan barin
Tun siyohdon bo’lsa ham yetmas.
Hayotingda yo’qotganlaring
Xotirangdan yo’qolib ketmas.

Bir kun esa so’nggi dam yetar,
Otlanurmiz so’ngsiz safarga.
Hayotimiz aylanib ketar
Yaxshi-yomon xotiralarga.

Kel, zamondosh, ichaylik qasam,
Gard ko’rmasin ko’ngil gavhari,
Yod etganda bizni avlodlar
Tiniq bo’lsin xotiralari!

* * *

Nahot hatto biron qalbda u
Qo’zg’atolmas g’azab va alam?!
Demak, uning hayoti — uyqu,
Uxlab yotar qalbida olam.

To’lqin urmas daryolar unda,
Sukunatdir shamollar nomi.
Kunduzlari o’xshaydi tunga,
Yulduzlarga zordir oqshomi.

Bog’da daraxt novdalaridan
Titrab-titrab uzilganda kuz,-
Kuyunchak bir sas chiqmas undan,
To’ng’ib yotar bag’ridagi muz.

YO badnafs bironta badkor
Yurt haqiga solar bo’lsa chang,
G’azabini aylab u cho’qmor
Qalqa olmas oyoqqa diltang…

Nega kerak bu taxlit yashash, —
Hayajonni, imonni sotib:
Na do’stlarda uyg’otib havas,
Na dushmanda hasad uyg’otib…

* * *

Menga doim shunday tuyular:
Yuragimning gulbog’lariga
Umr yomg’ir kabi quyilar.

Tomirlarim — tezob sharshara,
Hayot suvi oqar sharqirab
Va qo’shiqlar kuylaydi sara.

Qo’shiq uchar ko’ksimga sig’may,
Lablarimda jaranglab ketar
Marvaridlar sochilganiday,

Billur yomg’ir quyilar muqim.
Fikrim gullar olcha misoli,
Borgan sari yorishar ruhim.

Ammo uyqum yo’qdir tunlari
Oh, bir kuni tinar-ku yomg’ir,
So’lmasmikan fikrim gullari

* * *

Quyosh o’char ufq ortida,
Lola kabi qizarar g’urub.
Binafshazor qirdan gurullab,
Daryo bo’lib quyilar suruv.

Va daryodan uzilgan to’lqin
Pastqamlarga oqqani misol
Qo’ralarga kirar bostirib…
Osmon gullar,
Sayr etar hilol.

Tun og’adi. Mashriq ufqida
Bo’y ko’rsatar quyosh ko’karib.
Qo’ralardan chiqar juvonlar
Birin-ketin… chelak ko’tarib…

TAJNIS
(Turkum)

1.
Qancha so’z yoqdi dilim bir so’z uchun,
Menmi bag’ri ming tilim bir, so’z uchun.
Kim seni so’zga ko’ngil qo’ygil, dedi,
Xo’b jazo bu sen kabi birso’z uchun.

Ki zug’um qilgan bilan yo ming talab,
Chin oshiq so’zin demas muz mingta lab.
Bir asl tilloni topmoqlik uchun
Toshu qumni o’tkazurlar mingtalab!

2.
Boqsa gar subhi quyoshdek boqadi,
Qalb qushin yog’du sutida boqadi.
Yam-yashil maysa-giyoh bo’stonida
Laxcha gulxan loladek zebo qadi.

Bundayi olamga goh-goh, bir kelar,
Ham suluv, ham sobitu sobir kelar.
Yuz jonim bo’lsa kechardim joyi deb
Men sari ahdida bo’lsa bir kelar…

Dalalar va bog’lar oralab kecha
Ming bir chirog’ini yoqqanda kecha,
To’qson tomirimda oqdi oy nuri
Nega payqamagan ekanman kecha?

Boshim osmonlarga yetdi muhtasham,
Oy — qo’limda gavhar, yulduzlar — hasham.
Menga tuyuldiki, tafakkur — ziyo,
Har inson — ichiga nur quyilgan sham!

4.
Umr peshrav — sochni asrolmas taroq —
Bir-bir har tolasin qordek etar oq.
Kiyuvdim tor keldi saodat toji,
Bolaligimda u edi kattaroq.

Vah, ne sinoatlar kechmadi boshdan,
Endi oshib yotar zahmatim boshdan.
Boshdan zahmat tojin kiyardim boshga,
Boshlay olsam edim umrimni boshdan…

YASSAVIY G’AZALIGA MUXAMMAS

Haq taolo har dilga shu’lai pok qotar-o,
Kalimai shahodat zaboniga bitar-o,
Kechar buloqdek tonglar, daryoi shom yetar-o,
Beshak biling, bu dunyo barcha eldan o’tar-o,
Inonmag’il molingga bir kun qo’ldan ketar-o.

Avval Odam Otadan bayon ketti, fikr qil,
Ayon kelgan ochunga ayon ketti, fikr qil,
Mard ketsa ham mardlarcha shoyon ketti,fikr qil,
Ota-ona, qarindosh qayon ketti, fikr qil,
To’rt ayog’lig’ cho’bin ot bir kun senga yetar-o.

Rohat iztirobdadir, farog’at qani dema,
O’zni bug’doy, o’zgani sariq somoni dema,
Rost boqib so’z aytsa kim do’st tushun, g’anim dema,
Dunyo uchun g’am yema, haqdin o’zgani dema,
Kishi molini yema, sirot uzra tutar-o.

Bu olamda azaldan shon talon, davron talosh,
Beimonlar dam urib bir-birin aylayur fosh,
Omading ketib, illo tekkanda boshingga tosh,
Ahli ayol qarindosh, hech kim bo’lmaydir yo’ldosh,
Mardona bo’l g’arib bosh, umr yeldek o’tar-o.

Inson zoti ham asli borliqdan olar tamsil,
Falak shafoatidan toza har dil, har ko’ngil,
Sa’di ollo odat qil, poklikni tahorat bil,
Qul xoja Ahmad toat qil, umring bilmam necha yil,
Asling bilsang obi gil yana gilga ketar-o.

KO’NGLI TO’G’RI ODAM

Davrada bir kishi maza-bemaza
So’z aytib, avomni qilardi izza.

Biriga der edi: “Rangingiz sariq,
Mendan kichiksizu qolibsiz qarib”.

Birovin tutal deb, boshqasin manqa,
Har kimga osardi xunuk bir lanqa.

Noqis tabiatin etsa-da ayon,
“To’gri so’z odamman!” der edi chandon.

Davra bir chetida choydan uzatib,
Men ham o’tirardim uni kuzatib.

Yoshlar g’ashi kelib bu g’ayri holga,
Qarab qo’yishardi nuroniy cholga.

“Bolam, — deya vazmin so’z boshladi chol,
Gaplarim ko’nglingga kelmasin malol.

To’g’ri so’z bu hali donishlik emas,
Bukrini hech kim sen bukrisan demas.

Tok yonida to’g’ri ko’ringan sada
Ming qilsa, egridir shamshod oldida.

O’q to’g’ri va lekin egridur kamon,
Shu bois jarohat yetkazur yomon.

O’ylamay so’z aytmoq nodonning ishi,
Ko’ngli to’g’ri odam — pgu rostgo’y kishi

VATANGA MANSUBLIK

Banogoh cho’qqidan qulasa bir tosh
Tog’ poyiga tushar, togni tark etmas.
Et bilan tirnokdek bir jonu bir tan
Vatandan yaralgan Vatandan ketmas.

Quyoshga intilgan havoyi bug’lar
Baland parvozlarni qilsa ham havas
Bir kun qaytib kelar o’kirib-yig’lab,
Vatandan yaralgan Vatandan ketmas.

Shashmaqom — ming yillik navo muattar,
Ochsam ko’kayimni yangrar qadim sas.
Avlodlar tug’ilar, ajdodlar o’tar,
Vatandan yaralgan Vatandan ketmas.

Ulug’lar yuksalar yer ostida ham,
Haykal bo’lib o’sar, eli unutmas.
Shahidlar bog’idan kuylab o’taman:
Vatandan yaralgan Vatandan ketmas.

Toshdan uchgan uchqun yalt etib o’char,
O’chgan cho’g’ qayta o’z holiga kelmas.
Choponing silkisang g’ubori ko’char,
Vatandan to’qilgan Vatandan emas!

EY, KO’NGIL

Nopisand bosma xazon yaprog’ini,
Boshing uzra esla soya chog’ini.

Tanfi hukmiga azal bir chora yo’q,
Bandasi bilmas kelib-ketmog’ini.

Istasa bergay shifo bemoriga,
Dard berib solg’ay sinovga sog’ini.

Umr o’tar daryo kabi qalqib-oqib,
Aylagil taqdir nasib qirg’og’ini.

Rabbano qodir o’zi, g’ofir o’zi,
Har nafas tortib turar qarmog’ini.

Boq, quyoshni qon etib har ro’zi shom
Na uchun ko’z-ko’z etar o’rog’ini?

Bilmasa me’yorini oftob ham
Quvratar bog’i chaman har yog’ini.

Ey ko’ngal, bu hodisot ibrat senga,
El aro fasona et kelmog’ini.

Olmoq ersang, bir g’arib ko’nglini ol,
Ayro etsang, ayro et dil dog’ini.

Sa’di olloga yetar qirmochi ham,
Yori jonga tuhfa qil qaymog’ini.

Shon desa, yo’l oldi deb Toshkanni ayt,
Sha’n desa, ko’rsat Nurota tog’ini!

IZLAR

Ikki cheti orasta,
Yolg’izoyoq chambil yo’l.
Ketib boraman asta,
Har yonda giyohlar mo’l.

Qurib qoraygan yantoq,
Cho’kir shuvoq. Ko’k barra.
Uzokda kungura tog’,
Osmonga tortar arra.

Shu birgina so’qmoqda
Ot izi, qulon izi.
Eshak izi, it izi,
Kush izi, ilon izi.

Shu birgina so’qmoqda
Don izi, bug’doy izi.
Yuzib o’tar ohista
Quyosh izi, oy izi.

Balki bunda bir chog’lar
Ozod qo’yib chavkarin,
Yelib o’tgan quyunday
Amir Temur navkari.

Balki… Mashrab so’zona
Navolar qilib o’tgan.
Tushgancha yo’l uzala
Oyoqlarini o’pgan.
Shu yo’lda bobom izi,
Otam izlari poydor.
Qor o’tgan, yomg’ir o’tgan,
Shamol o’tgan necha bor.

Shu so’qmoqda mening ham
Izim qolar ekilib.
Bug’doy donasi kabi
So’zim qolar to’kilib.

…Qay bir zamon, begona
Yo’lovchi qo’ysa qadam,
Ma’yus bir sog’inch ila
Eslarmikan meni ham?

CHOSHTEPADA YOZ

Yo’lim tushib, yoz chog’i
Choshtepada to’xtadim.
Osmon sariq, yer sariq,
Sap-sariq qiru adir.

Salqin joy qidirib suv
Qochmish quduq tubiga.
Har yerda to’p-to’p suruv,
Chashma kirar tushiga.

Esadi iliq-iliq
Yalqov shabboda ovush.
Tumshug’in cho’mich qilib
Hansirab nur ichar qush.

Loysuvoq imoratlar
Bog’ ichiga bosh suqib
Sokin soyalab yotar,
Sukutga cho’mgan sukut.

Ko’lanka quyuq, qalin,
Baxmal ko’rpacha monand.
Soyasining soyasi
Kabi rangsiz dov-daraxt.

Zardoli tanasida
Mudrab yotgan o’t-otash
Shoxlarda yonar sachrab,
Bamisli kahrabo tosh.

Ishkom osti supada
Ko’zga chalinar xiyol.
Ko’krak tutib, beshikka
Suyangan so’lim ayol.

Bari yurakka yaqin,
Kelmas odam ketkisi.
Nur qanotida oqib,
Mast qilar shuvoq isi.

…Bo’liq tuproq — etigim,
Quyosh qalpog’im mening, —
O’tib ketar yonimdan
Bolalik chog’im mening!

NAY

— Ohanglaring munglar nahrimi,
Nay, bunchalar ma’yussan nega?
— Aytolmagan hasratlarini
So’zlashadi odamlar menga!

O’RMONCHILAR

O’rmonchilar haqida hangomaga bu bir gap,
Ko’rgan-eshitgan hayron: o’rmonchilar netdilar?
Egri-bugri qayrag’och soyasida soyalab,
To’g’ri o’sgan terakni shartta kesib ketdilar…

ALDARKO’SA

— Aldarko’sa, nega aldaysan?
— Aldamasam yashay olmayman.
— Aldarko’sa, nega o’lmaysan?
— Yashamasam alday olmayman…

BEDILONA
Bahodirjonga

Havoyi so’z emas sukut, andisha,
Toysa tildan toyar odam hamisha.
Bo’shatib bir chetga otmas edilar
Og’zini ochmasa may to’la shisha.

09

(Tashriflar: umumiy 3 131, bugungi 1)

Izoh qoldiring