O’zbekiston xalq yozuvchisi Xudoyberdi To’xtaboyev vafot etdi

09   Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев 90 ёшида вафот этди. Инна лиллаҳи ва инна илаҳи рожиъун

Худойберди Тўхтабоев 1932 йилда Фарғона вилоятининг Катта Тағоб туманида (ҳозирги Ўзбекистон тумани) туғилган. 1949 йил Қўқон педагогика институтини, 1955 йил Тошкент Давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини) тамомлаган.

Худойберди Тўхтабоев фаолиятини Фарғона вилоятидаги мактабда дарс беришдан бошлаган, кейинроқ ўқув ишлари мудири ва мактаб директори лавозимларида ишлаган. 1958 йилдан бошлаб кейинги 14 йил мобайнида «Тошкент оқшоми», «Совет Ўзбекистони», «Тошкент ҳақиқати», «Қизил Ўзбекистон» газеталарида, «Гулистон», «Гулхан», «Шарқ юлдузи», «Ёш куч» журналларида 300дан ортиқ фельетонларини чоп этади.

Адиб ижодининг дастлабки давриданоқ ҳажвга, кулгига мойил ҳикоя тўпламларини, қисса ва романларини яратди. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами «Шошқалоқ» 1961 йилда эълон қилинган.

Худойберди Тўхтабоев Ҳамза номидаги Давлат мукофоти, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» (1982) унвони совриндори, Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991) ҳисобланади.

Асарлари: «Сеҳрли қалпоқча» (Бу асарда воқеалар қаҳрамон тилидан баён этилган), «Сариқ девни миниб» (1968, жами 24 тилга таржима қилинган), «Сариқ девнинг ўлими» (1973), «Беш болали йигитча» (1976), «Қасоскорнинг олтин боши» (1981), «Йиллар ва йўллар» (1983), «Сеҳргарлар жанги ёки ширин қовунлар мамлакатида» (1986), «Мунгли кўзлар», «Сир очилди» (1964), «Омонбой ва Давронбой саргузашти», «Жаннати одамлар» (1996), «Шошқалоқ», «Сўқмоқлар» ва бошқалар.

ХУДОЙБЕРДИ ТЎХТАБОЕВ БИЛАН
ИККИ СУҲБАТ
045

КУЛИБ ТУРИБ ЙИҒЛАЙМАН…
Суҳбатдош: Умид Али

— Худойберди ака, ёзувчилик, том маънода, катта бир саньат. Аввало, Аллоҳ берган истеъдод, сўнг мана шу истеьдодни камолга етказувчи меунатсеварлик ижодкорда зуҳр бўлиши керак. Бироқ инсонийлик — энг муҳимидир. Одамни шахс ва комиллик поғонасига кўтаргувчи шу фазилат эмасми?

018— Инсонийлик кенг маънодаги тушунча. Аввало, маънавиятнинг бутунлиги ва шу маънавиятнинг таркибига кирувчи бир қанча фазилатлар, шунингдек, имон ва эътиқод жамланиб, инсонийликни ташкил қилади.

Инсонни улуғлайдиган фазилатларни Аллоқ бировга кўпроқ берар экан, бировга камроқ. Бироқ камроқ берилгани ўзидаги шу фазилатларни яна ривожлантириб, ўстириб, ҳам ўзига, хам атрофидаги одамларга хизмат қилиши керак.
Комиллик ва маънавий бойликка интилаётган одам, Яратган қалбига индираётган гўзал туйғулар учун шукр қилмоғи керак.

— Асарга айнан ҳаётнинг ўзи кўчиб кирмайди. Адабиёт — ҳаётнинг иньикоси, дейишади. Асардаги қаҳрамонларнинг ҳаётда прототиплари бўлиши мумкиндир, бироқ шунда ҳам умумлашмалик, типиклик каби назарий қонуниятларга ижодкор бўйсунади. Шундай эмасми?

— Рус адиби Лев Толстой: «Биз, ёзувчилар, ҳаммамиз ёлғончилармиз, лекин шу ёлғонга ишонтира олиш қувватимизга қараб катта-кичик ёзувчиларга бўлинамиз», деганди. Биз ҳаётда бор барча нарсаларни гоҳ кўрамиз, гоҳ кўрмаймиз. Бироқ кўрмаганларимиздан ички туйғу, тафаккур, ҳиссиёт ва кузатишлар орқали образ яратамиз.

Такрор айтаман, биз, ёзувчилар, аввало, кўрган-билганларимизни ёзамиз ва ички кузатув, ҳиссиётлар орқали асарга руҳ киритамиз.

Улуғ рус ёзувчиси Чехов: «Қўлида бир парча тоши бўла туриб, шундан одам сувратини ясай билган кишида иқтидор бўлади», деганди. Аллоҳ баъзи суюкли бандалари қатори ижодкор бандаларига ҳам истеъдод беради. Шу қобилият туфайли улар образ яратадилар. Образ, бу албатта, одам — руҳи, жони бор, фақат уни қалб кўзи орқали кўрасиз, ҳис қиласиз.

— Болалар учун ёзган асарларингиз жуда кўп: «Беш болалик йигитча», «Ширин ковунлар мамлакатида», «Сариқ девни миниб»… Болалар ички дунёси, руҳиятини акс эттиришда педагоглик маҳоратингиз қўл келгани табиий.  Айтинг-чи, ёзувчи болалар учун асар ёзаётганда, дастлаб нимага эътибор қаратади?

— Ёзувчи атрофини ўраб олган болалар билан юрганда, улар билан суҳбатлашганда, кўнглига бир гап айтгиси келади. Шу гапни қандай айтсам экан, деб турли вариантлар излай бошлайди. Мисол учун Пўлат Мўминдаги мана бу иборани олайлик: «Сен новча одамсан, болага бирор гап айтганда энгашиб, қулоғига гапирасан, бўлмаса, гапингни ҳаммаси ҳавога учиб кетади».

Болалар оламига кириш учун улар даражасига пасайиброқ келиш ва болалар ички дунёсидан хабардор бўлиш керак. Бола нимага қизиқадию нимани ҳазм қила олади, нималарни истайди — шуларни ҳисобга олиш даркор.

Мен болалар ҳақида асар ёзишдан олдин асар қаҳрамони қайси ёшда эканлигини аниқлаб оламан. Кейин шу ёшдаги бола билан суҳбатлашаман, унинг ички оламига шўнғиб кираман. Натижада боланинг тилини ўрганаман, унинг руҳиятини ўрганаман. Шундан кейингина ёзилиши керак бўлган асарни ёзишга киришаман. Ёзаётган пайтимда эса худди ўша бола (қаҳрамон) нинг ўзига айланаман. Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, агар мен Ҳошимжон бўлолмасам, «Сариқ девни миниб»ни ёзолардимми…

— Жаҳон китобхонлари томонидан зўр қизиқиш билан ўқилаётган «Сеҳрли қалпоқча» асарингиз ўттизга яқин тилга таржима қилинган. Яқинда таржимон Шавкат Холмуродов бу асарни француз тилига ўгирганини эшитиб, рости, қувондим. Ҳошимжоннинг дунё кезиб, ўзбек ифтихорини кўкка кўтариши оламшумул ходиса. Айтинг-чи, бу асарнинг ёзилишига нима туртки бўлган?

— Аввало, менинг муаллимлигим. Мактабда уч йил ишлаганман.

Турли феъл-атворли болалар бўларди. Уларнинг бир қисми иқтидорли эди. Агар шу болалар астойдил ўқишса, илм олишса, ўзлари учун, қолаверса, жамият учун нафи тегадиган инсонлар бўлиб улғайиши мумкин эди. Лекин булар нима қилишарди, денг? Улар қимматли вақтини бекорчи нарсаларга сарф қилишарди- ю, зарур бўлган ахлоқий тарбия, илмни олишолмасди. Мен буларнинг кўпини улар катта бўлишганда кузатдим. Афсуски, жамиятга зиён етказадиган кимсалар бўлиб етишди. Улар ҳақида 15 йил давомида фельетон ёздим. Бироқ бундан қониқмадим. Мактабда кўрганларим, кузатганларим асосида каттароқ асар ёзишни мақсад қилиб олдим. Қаҳрамон сифатида мен билган болалардан иккитаси кўз олдимдан ҳеч кетмасди. Шуларни назарда тутиб, умумлашма бир образ яратдим: Ҳошимжон.

Асарнинг мақсади ўз-ўзидан маълум — «ўқимасанг, одам бўлмайсан». Энди билсам, бу гап бутун дунёга керак экан.

— Ҳажвий асарларда жамиятни тубанликка бошлаган нопок, кўнгли сўқир одамларнинг иллатлари аччиқ кулги остида фош қилинади. Китобхонни бу сингари салбий кимсаларнинг устидан кулишга, доим покликка даъват этувчи куч — эзгу руҳдир. Сизнинг ҳажвда ҳам тажрибангиз бор. Айтинг-чи, ҳажв замирида туғилган асар иллатларни фош қилишдан бошқа яна нимани тарғиб қилади?

— Халқимизда шундай мақол бор: «Йиғлаб туриб куламан, кулиб туриб йиғлайман». Ҳажвчи асар ёзаётган пайт кулмайди, балки йиғлайди. Жамиятдаги тубанликлар, иллатлар, умуман, фожиани кўриб, қалбида армон уйғонади, кўзларида ёш қалқийди. Кулги билан айтилган гапнинг таъсири кучлироқ бўлишини, йиғи билан айтилгани эса китобхонни ўз дунёси — дарду армонларига етаклаб кетишини у аввалдан англайди. Шунинг учун у йиғи билан эмас, кулги билан ёзсам қандай бўлади, деган фикрга келади. Шу маънода ҳажвчиларнинг кўпини йиғлаб ёзган ижодкорлар деб биламан.

— Ёзувчининг китобхон олдидаги масъулияти хақкда фикр билдирсангиз…

— Истеъдод — Аллоҳ томонидан берилган неъмат. Демакки, ижодкор, аввало, Аллоҳ олдида масъулиятлидир. Яратган шу истеъдодни халқингга, юртингга хизмат қил, деб берган экан, демак, шу миллат, халқ олдидаги иккинчи масъулиятдир. Агар ёзувчи шу икки масъулиятни сезмаса, асар ўз мўлжалига бориб тегмайди. Оқибат асар ўз ўқувчисини тополмайди, китобхон қалбига сингмайди. Қалбдан айтилган сўзгина қалбга кириб боради. Ёзувчи йиғлаб ёзса, йиғлаб ўқилади, кулиб ёзса, кулиб ўқилади. Демак, ёзувчннинг буюк масъулияти бу кўз олдида ўқувчиси турганини ҳамма вақт ҳис қилиши кераклигидадир.

— Китобхонларга тилакларингиз…

— Китоб мутолааси бу — инсониятни камолга етказиш омилларвдан бири. Французларда бир нақл бор: китоб ўқиш тўхтаса, тафаккур қилиш хам тўхтайди.
Тафаккур инсонни буюкликка, орифликка, комилликка олиб борадиган усуллардан биттаси.
Кўнглимда бир чуқур армон уйғонган. Бу китобхонликнинг кескин қисқариб кетиши, китобларнинг кам ададларда нашр қилинишидан.
Китобга меҳр-муҳаббат уйғонса, дейман. Китобхонлик ривожлансин, дейман!

Манба: «Бекажон», 2006 йил, 43-сон

БОЛАЛАР – МЕНИНГ ОҒАЙНИЛАРИМ…
Суҳбатдош: Ориф Толиб

-Болаларга атаб ёзадиган ижодкорлар кам. Балки бу йўналишда катта гапларни, катта дардларни ифодалаб бўлмас. Сиз нима учун айнан болалар адабиётини танлагансиз?

002-Болаларга мослаб ёзиш қийин, шу сабабли бу йўналишни танлайдиганлар кам дейиш унча тўғри эмас. Болаларга ёзиш, унинг руҳига тенглашиб олиш, бола қалбига монанд бирор нарса айтиш албатта қийин. Қаршингизга бир болани ўтирғизиб қўйгандай, у билан суҳбатлашгандай ёзиш ҳақиқатан ҳам мураккаброқ. Бугун болаларга бағишланган асарлар жуда кам, деярли йўқ ҳисоби.

1-2 апрел кунлари болалар китобхонлигини ҳимоя қилиш куни бўлди. Шу санада “Шарқ зиёкори” китоблар дўконида тадбир бўлиб ўтди. Атрофдагиларнинг эътиборини болалар адабиётига оид китоблар териб қўйилган токчага қаратдим. Чет эл адабиётидан Жонатан Свифт, Жанни Родари, ўзимиздан Анвар Обиджон, Фарҳод Мусажонларнинг китоблари бор. Аксарияти қайта нашр. Янгиларини изладим, нари борса уч-тўрт бет келадиган асарларни топдим, холос.

Мендан олдин Эркин Малик сўзга чиқиб, бир қанча расмли китобларни кўрсатди. Боғдорчиликка оид – русчадан таржима, ҳайвонот оламига оид – русчадан таржима. Хайрият, Тошкент ҳақидаги китоб оригинал экан.

Бундоқ қараганда, янги китоблар нашр этилаётганга ўхшайди. “Гулхан” журнали ёки “Тонг юлдузи” газетасида унча-мунча ҳикоя, қиссалар босиляпти. Лекин бу тўққиз миллион нафар ўқувчи бола учун жуда оз, жуда-жуда оз.

Салкам ўн минг ўрта таълим мактаби бор. Айрим мактабларнинг кутубхонасига кириб қолсангиз, лотин алифбосида босилган китоблар кам эканига гувоҳ бўласиз. Шу мактабга қатнаётган болалар билан суҳбатлашиб кўраман. “Қани, ўғлим, бу йил қанақа китоб ўқидинг?” деб сўрайман. Ўйлаб-ўйлаб, битта-яримта эртакни айтади, бўлмаса – йўқ. Дарсликдаги нарсаларни ўқишади, лекин яхлит китоблар уларга етиб бормаяпти.

Китоблар икки минг, уч минг, беш минг нусхада чиқяпти. Бу олдингига солиштирганда битта маҳалланинг китоби, холос. Шу маънода, болаларбоп асарлар тақчил.

Лекин болаларга ёзиш қийин деган гапга қўшилмайман. Лев Толстойдай буюк ёзувчи болалар учун ёзган-ку! Ғафур Ғулом, Зулфия каби шоирларимиз болаларга бағишлаб шеърлар ёзган. Қийинлигини улар ҳам билган, лекин ички хоҳиш-истак уларга туртки берган. Битта аччиқ гапни айтиш жоиз: бугунги ёзувчилар болалар олдидаги масъулиятни унча ҳис қилмаяпти. Шу ўсаётган болалар эртага катта ёшдаги китобхонга айланади-ку! Ўқимасдан улғайган бола катта бўлгандан кейин ҳам ўқимай қўя қолади.

Яхши китобхонни болалигидан тайёрлаш керак. Агар газета, журналлар ўз саҳифаларидан болалар учун жой ажратса, уларнинг онгини, тафаккурини шакллантирадиган асарларни чоп этиб борса, жуда хурсанд бўлардим.

Ҳеч бир киши болалар олдидаги масъулиятини унутмаслиги керак.

-Билишимча, ўқитувчи бўлиб ҳам ишлагансиз. Фаолиятингиз давомида иложсиз вазиятларга ҳам тушиб қолганмисиз? Қаҳрамонингиз Ҳошимжонга ўхшаган болалар билан қандай шуғуллангансиз?

-Икки марта ўқитувчилик қилганман. Дастлаб, Қўқон педагогика билим юртини битириб бориб, 1949-50 ўқув йилида Қайқубод деган қишлоқда 1-4-синфларга дарс берганман. Бу биринчи муаллимлик даврим эди. Бир қанча қийинчиликларга дуч келдим. Менга 1-синфни бериб қўйишди. Аслида, бу ишни тажрибали ўқитувчилар олиб бориши керак.

Бир-иккита мисол айтиб бераман. Болаларга қаттиқ гапириб бўлмас экан. Ўша пайтларда педагогикада қаттиқ гап ҳали бор эди. Ғуломжон деган бир ўқувчим бўлган. Бир куни ручкаси яхши ёзмаётганди, “ҳе, онангни…” деб сўкиб қолди. “Ҳой, ўғлим, онангни деб сўкмайди”, деб танбеҳ берсам, бир оздан кейин “ҳе, бувингни…” деб сўкяпти. “Ҳой, ўғлим, нега яна сўкиняпсан?” десам, “онангни демаяпман-ку” деб жавоб берди. Сўкиниш одобдан эмаслигини бафуржа тушунтиришимга тўғри келган.

Бир кун бир ўқувчим йўқолиб қолди. У Қайқубод қишлоғининг “Қўрғонча” маҳалласидан келарди. Тушдан кейин онаси келиб, ўғли уйга бормаганини айтди. Мен ҳамма қатори уйга кетганини айтдим. Болалар билан чўмилиб юргандир, деб онаси қайтиб кетди. Кечга яқин ота-она биргаликда келди. Топишолмабди. Эртасига эрта келиб хонани очсам, қидирувдаги бола орқадаги партада сумкасини бошига болиш қилиб ухлаб ётибди. Хурсанд бўлишимниям, хафа бўлишимниям билмайман. Бола топилди. Ёмон томони, кеча синфни қулфлаётганда қарамаган эканман. Уйқудаги паҳлавонни уйғотдим, уйига хабар жўнатдим. “Э ўғлим, нимага бундай қилдинг?” десам, “Эртага тағин келарканман деб ухлайвердим”, дейди. “Қўрғонча” маҳалласи сал узоқроқ эди-да.

У пайтларда довот-қалам ишлатиларди. Болаларнинг битта одати бор эди: агар бугун кимдир қалам кўтармай келса, эртага ҳаммаси қаламсиз келарди. Бир куни битта ўқувчим қаламини уйда қолдириб келибди. Бошини силаб, яхши гапириб қалам топиб бердим. Эртасига бутун синф қаламсиз келди. Ҳа десам, бизгаям қалам олиб беринг, деб жавоб беришди.

Шунақанги қизиқ-қизиқ воқеалар мени болалар дунёсига яқинлаштирди.

Тўртинчи синфларни ҳам ўқитганман. Бу ҳам болалар дунёсини яхши ўрганишим учун катта ёрдам берган. Бир бола бир қизни яхши кўриб қолибди. Дарсдан кейин қолиб гаплашишади. Кет энди десанг, кетмайди. Бир куни Ҳусниддинова деган рус тили ўқитувчиси менга хат олиб чиқиб берди. Ҳалиги болалар гаплашаверибди, ёнига борса бир-бирига хат ўқиб бераётган экан. Мен нима қилишим керак? Ота-онасига ошкор этайми-йўқми? Улар анчагина “ёзишмалар олиб борган” экан. Муаллим чўнтакларидан олиб қўйибди. Хатни ошкор қилмадим, болаларни чақириб ўзларига қайтариб бердим. Энди бунақа иш қилманглар, еттинчи синфдан кейин ҳаммасига рухсат, дедим. Унда еттинчи синфгача ўқитиларди, ундан кейин қизлар эрга тегиши мумкин эди.

1955 йили университетни битириб келдим-да, яна мактабга ишга кирдим. Уч йил ишладим. Ўсмирлик ёшидаги болаларга дарс бердим. Бу пайт боланинг шаклланиш даври ҳисобланади. Бу мураккаб ўтиш палласининг сир-синоати, ўзига хосликларининг поёнига етолмадим. Ҳар бир ўсмир ўғил, ҳар бир ўсмир қиз ўзи бир дунё-да. Уларнинг ҳаётини кузатиб, жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлдим.

-Садриддин Айний ўз хотиралирада ёзишича, Аҳмад Дониш ўз танишларини уйига тўплаб, зиёфат бериб, уларнинг шовқин-суронида ишлаган экан. Сиз қандай шароитда ижод қиласиз?

-Тўғри, ҳар ким ҳар хил шароитда ижод қилади. Баъзи бирлар сувнинг шилдирашини эшитиб шеърий оҳанг топар экан. Мен болаларнинг ичида ижод қиламан. Агар шу бугун тўртта болани кўрмасам, бағримга босмасам, улар билан суҳбатлашмасам, кўнглим тўлмайди.

Анча йиллар олдин Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига дала-ҳовли тарқатди. Ўша пайтларда партия ташкилотининг котиби эдим, ҳовли олсам бўларди. Лекин болаларни кўзим қиймади. Дала-ҳовлига йигирмата бола ўлиб қолса бормайди-ку. Ҳафтада учта болани ё кўраман, ё кўрмайман.

Яқинда, “13-студия” кўрсатувида қатнашганимда бир гапни айтдим: “Мен болаларга ош бераман, чунки улар менинг ўртоқларим, оғайнимларим”. Чунки мен шу болалар билан бирга завқланаман, улардан сюжет топаман, шу улфатларимнинг оҳангини, сўзини “ўғирлайман”.

-Тошкентга келиб ўрнашиб, ватан қилиш осон эмас. Қанақа қийинчиликларга дуч келгансиз, уларни қандай ҳал этгансиз? Уй-рўзғорни бошқаришда нималарга эътибор берасиз?

-Ҳаётда иқтисодий қийинчиликларга кўп учраганман. Ўзим уй-жой қилганман, уйланганман. Тошкентга келгандан кейин мусофирчиликда яшадим. Меҳнатим, ҳаракатим билан бу ерда ҳам уй-жой қилдим, ўғилларимни уйлантирдим, уй-жой, машина олиб бердим. Буларнинг ҳеч бири осонликча бўлгани йўқ.

Тошкентда иш бошлаган дастлабки йилларимда қайнотам меҳмон бўлиб келди. У киши савдо ходими бўлиб ишларди, бозорни яхши биларди. Бир ўринда менга рўзғор тебратиш тўғрисида насиҳат қилдилар. Айтган насиҳатлари ҳали-ҳануз ёдимда. Биринчиси – сув қаттиқ ерда тўхтайди, агар қаттиқ бўлмасанг пулни ушлай олмайсан. Иккинчиси – беш сўм пул топсанг, ҳар қандай шароитда ҳам икки сўмини асраб қўй. Учинчиси – сўмнинг онаси тийин, тийинни эҳтиёт қилсанг туғади, кўпаяди.

-Агар бола яхши тарбия кўрса, ҳалоллик, тўғриликни ўрганса, ўз ҳақини ҳимоя қила олса, кейинчалик бемалол мустақил яшай олади. Болаларда бундай хусусиятларни шакллантириш учун нималар қилиш лозим деб ўйлайсиз?

-Аввало ота-онанинг ҳалоллик йўли билан топаётган пулининг қадрига етиш керак. Бола келаётган пулларнинг ҳалоллигини билсин. Ота-она мабодо нопок йўл билан пул топган бўлса, болаларни ундан ҳимоялаш зарур. Халқимизда луқмаи ҳалол деган ибора бор. Ҳалол луқма еб ўсган бола ҳалол меҳнатни хуш кўрадиган, бироқнинг ҳақидан, ҳаромдан ҳазар қиладиган киши бўлиб етишади.

Халқ орасида “экканга, тикканга раҳмат” деган гап юради. Одам бошқаларнинг туз-намагидан тотганда, кимдир яратган боғ-роғнинг мевасидан баҳраманд бўлганда, уларнинг ҳаққига дуо қилишни ҳам билиши керак. Қадимда бир бой ўтган экан. Шу одам бозорга борганда одамлар мева-чева олгач, “экканга раҳмат, тикканга раҳмат” деб кетаётганини эшитиб қолибди. Келаси йили чоракорларига буюриб боғ-роғ барпо этибди. Вақти келиб шу боғнинг мевасидан одамлар баҳраманд бўлибди. Келганлар “экканга, тикканга раҳмат” дермиш-у, “эгасига раҳмат” деб айтмасмиш. Шунда бой ҳалол меҳнатнинг савоби улуғлигини англаб етиб келаси йили ўз қўли билан боғ яратибди.

Болани уйдаги буюмларни, кийим-бошни, умуман, ҳар қандай товарни асраб-авайлашга ўргатиш лозим. Сотиб олаётган маҳсулотининг сифатини, қадр-қимматини аниқлашда нималарга эътибор бериш кераклигини ўргатиш лозим.

Болтиқбўйи республикаларида болалар адабиёти кунлари бўлганди. Шу тадбирларда қатнашган пайтим бир ажойиб нарсага гувоҳ бўлганман. Бошланғич синфларда “Рўзғор арифметикаси” деган фан ўтилар экан. Ўқувчи алоҳида дафтар тутиб, ота-онаси, бобо-бувиси қанча маош ёки нафақа олишини ёзиб қўяркан. Кейин ҳар кунлик харажатларни қоғозга тушириб ҳисоблар экан. Масалан, ўзи мактабга қанча йўл кира билан келди, қанақа ўқув қуроли сотиб олди – буларни ҳар дарсда ўқиб бераркан. Нархлар, олинган нарсалар солиштирилади. Натижада бола юқори синфга ўтганда қилаётган харажатларига эътибор берадиган тайёр иқтисодчига айланади.

Қадимги бойларда бир одат бор экан. Ўғилларини эргаштириб бозорга олиб бораркан-да, савдо қилишга киришар экан. Биринчисидан, иккинчисидан, учинчисидан, ҳатто тўртинчи савдодан ҳам нарса сотиб олмас экан. Болалар бетоқат бўлиб кетар, бўлди энди, олақолайлик деб тихирлик қиларкан. Йўқ, ҳали кўришимиз керак деб, меъёри келгунча савдолашиб юраверар экан. Танга-тийинларни асрашни ўрганган бола ўз-ўзидан отанинг топган мол-дунёсини кўкка совурмайди. Шу тариқа болада истеъмолчилик маданияти шаклланади.

-Иқтисодиёт қанчалик муҳим бўлса, маънавият шу қадар аҳамиятга эга. Бола маънавиятини шакллантиришда адабиётнинг қай даражада ўрни бор деб ҳисоблайсиз?

-Болани нимага ўргатишимиздан қатъи назар, хоҳ иқтисодга, хоҳ касб-ҳунарга бўлсин, маънавиятни ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз зарур. Энг аввало маънавият масалага қайғуриш керак. Қадимда бир киши ўғлини тарбиячига олиб борса, бўлажак устоз : “Ўғлингиз неча ёшга тўлди?” деб сўрабди. “Уч ёшга”, деб жавоб берибди ота. Шунда мураббий: “Э-э, аттанг, уч йил кечикибсиз-ку”, деган экан. Қиссадан ҳисса шуки, бола маънавиятини туғилганидан бошлабоқ шакллантириш керак. Бу нарса онасининг сути юзига томганда чақалоқнинг ўзига арттиришдан бошланади.

Маънавиятни шакллантирмай туриб иқтисодни шакллантирсангиз ё чайқовчи, ё олғир, ё бировнинг ҳисобига боювчилар пайдо бўлади.

-Ҳозир енгил-елпи, маиший асарларга ишқибоз ўқувчилар кўп. Адиб китобхон эҳтиёжидан келиб чиқиб асар ёзиши керакми ёки адабий меъёрлар билан ҳисоблашиши зарурми?

-Онги-тафаккури баланд ўқувчи ҳамиша гўзалликни, ўзига хосликни истаб туради. Ўқиётган китоби бошқа китобдан баланд, эшитган концерти бошқаникидан савиялироқ бўлиши хоҳлайди. Навоийнинг буюк бўлишига ўша даврда туркий дунёда етилган буюк талаблар сабаб бўлган. Абдулла Қодирийнинг роман жанрига қўл уришиша ўша даврда бизнинг миллатимизда ҳам катта жанрларга эҳтиёж туғилгани туртки берган. Ғафур Ғуломнинг буюк фалсафий шеърлари яралиши ҳам эҳтиёжга бориб тақалади. Баъзан паст савияли талабгорлар ҳам учрайди. Улар китоб кўрмай, шаклланмай улғайган. Ҳозир шуларга монанд ёзаётганлар кўпайиб кетди.

Президентимизнинг “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” китобида шундай фикрлар бор: “Таъбир жоиз бўлса, одам ёзувчилик касбини танламайди, аксинча, бу касб ёзувчини танлайди. Истеъдод, истеъдод ва яна бир бор истеъдод соҳибларини топиш, тарбиялаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш ҳам энг асосий вазифамизга айланиши зарур”.

Ҳозир ёзувчилик касбини танлаётганлар кўпайиб кетган. Қараса китоб билан ҳам бизнес қилиш мумкин. Бир ойда китоб ёзади, иккинчи ойда бостиради, кейин йўлини топиб сотади. Чунки чўнтагида пули бор, имконияти бор. Яқинда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида истеъдодсиз ёзувчилар, уларнинг чалажон асарлари тўғрисида мақола босилди. Унда қачонлардир берилган асарининг у ер-бу ерига ўзгартириш киритиб, янги асар деб босаётганлар, ўқувчининг олдида зиғирча масъулият ҳис қилмайдиган, енгил-елпи сюжет орқасидан қувувчи ёзувчилар ҳақида сўз юритилган. Мана шундай зўраки ёзувчилар катта адабиётнинг қадрини туширишга, маънавий даражани пасайтиришга ҳаракат қиляпти.

2010

Манба http://oriftolib.uz/

045Oʼzbekiston Respublikasida xizmat koʼrsatgan madaniyat xodimi, Oʼzbekiston xalq yozuvchisi Xudoyberdi Toʼxtaboev 89 yoshida vafot etdi. Inna lillahi va inna ilahi rojiʼun

Xudoyberdi Toʼxtaboev 1932 yilda Fargʼona viloyatining Katta Tagʼob tumanida (hozirgi Oʼzbekiston tumani) tugʼilgan. 1949 yil Qoʼqon pedagogika institutini, 1955 yil Toshkent Davlat universitetini (hozirgi Oʼzbekiston Milliy universitetini) tamomlagan.

Xudoyberdi Toʼxtaboev faoliyatini Fargʼona viloyatidagi maktabda dars berishdan boshlagan, keyinroq oʼquv ishlari mudiri va maktab direktori lavozimlarida ishlagan. 1958 yildan boshlab keyingi 14 yil mobaynida «Toshkent oqshomi», «Sovet Oʼzbekistoni», «Toshkent haqiqati», «Qizil Oʼzbekiston» gazetalarida, «Guliston», «Gulxan», «Sharq yulduzi», «Yosh kuch» jurnallarida 300dan ortiq felьetonlarini chop etadi.

Аdib ijodining dastlabki davridanoq hajvga, kulgiga moyil hikoya toʼplamlarini, qissa va romanlarini yaratdi. Uning birinchi hikoyalar toʼplami «Shoshqaloq» 1961 yilda eʼlon qilingan.

Xudoyberdi Toʼxtaboev Hamza nomidagi Davlat mukofoti, «Oʼzbekistonda xizmat koʼrsatgan madaniyat xodimi» (1982) unvoni sovrindori, Oʼzbekiston xalq yozuvchisi (1991) hisoblanadi.

Аsarlari: «Sehrli qalpoqcha» (Bu asarda voqealar qahramon tilidan bayon etilgan), «Sariq devni minib» (1968, jami 24 tilga tarjima qilingan), «Sariq devning oʼlimi» (1973), «Besh bolali yigitcha» (1976), «Qasoskorning oltin boshi» (1981), «Yillar va yoʼllar» (1983), «Sehrgarlar jangi yoki shirin qovunlar mamlakatida» (1986), «Mungli koʼzlar», «Sir ochildi» (1964), «Omonboy va Davronboy sarguzashti», «Jannati odamlar» (1996), «Shoshqaloq», «Soʼqmoqlar» va boshqalar.

XUDOYBERDI TO’XTABOEV BILAN
IKKI SUHBAT
045

KULIB TURIB YIG’LAYMAN…
Suhbatdosh: Umid Ali

— Xudoyberdi aka, yozuvchilik, tom ma’noda, katta bir san`at. Avvalo, Alloh bergan iste’dod, so’ng mana shu iste`dodni kamolga yetkazuvchi meunatsevarlik ijodkorda zuhr bo’lishi kerak. Biroq insoniylik — eng muhimidir. Odamni shaxs va komillik pog’onasiga ko’targuvchi shu fazilat emasmi?

— Insoniylik keng ma’nodagi tushuncha. Avvalo, ma’naviyatning butunligi va shu ma’naviyatning tarkibiga kiruvchi bir qancha fazilatlar, shuningdek, imon va e’tiqod jamlanib, insoniylikni tashkil qiladi.

Insonni ulug’laydigan fazilatlarni Alloq birovga ko’proq berar ekan, birovga kamroq. Biroq kamroq berilgani o’zidagi shu fazilatlarni yana rivojlantirib, o’stirib, ham o’ziga, xam atrofidagi odamlarga xizmat qilishi kerak.
Komillik va ma’naviy boylikka intilayotgan odam, Yaratgan qalbiga indirayotgan go’zal tuyg’ular uchun shukr qilmog’i kerak.

— Asarga aynan hayotning o’zi ko’chib kirmaydi. Adabiyot — hayotning in`ikosi, deyishadi. Asardagi qahramonlarning hayotda prototiplari bo’lishi mumkindir, biroq shunda ham umumlashmalik, tipiklik kabi nazariy qonuniyatlarga ijodkor bo’ysunadi. Shunday emasmi?

— Rus adibi Lev Tolstoy: «Biz, yozuvchilar, hammamiz yolg’onchilarmiz, lekin shu yolg’onga ishontira olish quvvatimizga qarab katta-kichik yozuvchilarga bo’linamiz», degandi. Biz hayotda bor barcha narsalarni goh ko’ramiz, goh ko’rmaymiz. Biroq ko’rmaganlarimizdan ichki tuyg’u, tafakkur, hissiyot va kuzatishlar orqali obraz yaratamiz.

Takror aytaman, biz, yozuvchilar, avvalo, ko’rgan-bilganlarimizni yozamiz va ichki kuzatuv, hissiyotlar orqali asarga ruh kiritamiz.

Ulug’ rus yozuvchisi Chexov: «Qo’lida bir parcha toshi bo’la turib, shundan odam suvratini yasay bilgan kishida iqtidor bo’ladi», degandi. Alloh ba’zi suyukli bandalari qatori ijodkor bandalariga ham iste’dod beradi. Shu qobiliyat tufayli ular obraz yaratadilar. Obraz, bu albatta, odam — ruhi, joni bor, faqat uni qalb ko’zi orqali ko’rasiz, his qilasiz.

— Bolalar uchun yozgan asarlaringiz juda ko’p: «Besh bolalik yigitcha», «Shirin kovunlar mamlakatida», «Sariq devni minib»… Bolalar ichki dunyosi, ruhiyatini aks ettirishda pedagoglik mahoratingiz qo’l kelgani tabiiy. Ayting-chi, yozuvchi bolalar uchun asar yozayotganda, dastlab nimaga e’tibor qaratadi?

— Yozuvchi atrofini o’rab olgan bolalar bilan yurganda, ular bilan suhbatlashganda, ko’ngliga bir gap aytgisi keladi. Shu gapni qanday aytsam ekan, deb turli variantlar izlay boshlaydi. Misol uchun Po’lat Mo’mindagi mana bu iborani olaylik: «Sen novcha odamsan, bolaga biror gap aytganda engashib, qulog’iga gapirasan, bo’lmasa, gapingni hammasi havoga uchib ketadi».

Bolalar olamiga kirish uchun ular darajasiga pasayibroq kelish va bolalar ichki dunyosidan xabardor bo’lish kerak. Bola nimaga qiziqadiyu nimani hazm qila oladi, nimalarni istaydi — shularni hisobga olish darkor.

Men bolalar haqida asar yozishdan oldin asar qahramoni qaysi yoshda ekanligini aniqlab olaman. Keyin shu yoshdagi bola bilan suhbatlashaman, uning ichki olamiga sho’ng’ib kiraman. Natijada bolaning tilini o’rganaman, uning ruhiyatini o’rganaman. Shundan keyingina yozilishi kerak bo’lgan asarni yozishga kirishaman. Yozayotgan paytimda esa xuddi o’sha bola (qahramon) ning o’ziga aylanaman. O’zingiz bir o’ylab ko’ring, agar men Hoshimjon bo’lolmasam, «Sariq devni minib»ni yozolardimmi…

— Jahon kitobxonlari tomonidan zo’r qiziqish bilan o’qilayotgan «Sehrli qalpoqcha» asaringiz o’ttizga yaqin tilga tarjima qilingan. Yaqinda tarjimon Shavkat Xolmurodov bu asarni frantsuz tiliga o’girganini eshitib, rosti, quvondim. Hoshimjonning dunyo kezib, o’zbek iftixorini ko’kka ko’tarishi olamshumul xodisa. Ayting-chi, bu asarning yozilishiga nima turtki bo’lgan?

— Avvalo, mening muallimligim. Maktabda uch yil ishlaganman.

Turli fe’l-atvorli bolalar bo’lardi. Ularning bir qismi iqtidorli edi. Agar shu bolalar astoydil o’qishsa, ilm olishsa, o’zlari uchun, qolaversa, jamiyat uchun nafi tegadigan insonlar bo’lib ulg’ayishi mumkin edi. Lekin bular nima qilishardi, deng? Ular qimmatli vaqtini bekorchi narsalarga sarf qilishardi- yu, zarur bo’lgan axloqiy tarbiya, ilmni olisholmasdi. Men bularning ko’pini ular katta bo’lishganda kuzatdim. Afsuski, jamiyatga ziyon yetkazadigan kimsalar bo’lib yetishdi. Ular haqida 15 yil davomida fel`eton yozdim. Biroq bundan qoniqmadim. Maktabda ko’rganlarim, kuzatganlarim asosida kattaroq asar yozishni maqsad qilib oldim. Qahramon sifatida men bilgan bolalardan ikkitasi ko’z oldimdan hech ketmasdi. Shularni nazarda tutib, umumlashma bir obraz yaratdim: Hoshimjon.

Asarning maqsadi o’z-o’zidan ma’lum — «o’qimasang, odam bo’lmaysan». Endi bilsam, bu gap butun dunyoga kerak ekan.

— Hajviy asarlarda jamiyatni tubanlikka boshlagan nopok, ko’ngli so’qir odamlarning illatlari achchiq kulgi ostida fosh qilinadi. Kitobxonni bu singari salbiy kimsalarning ustidan kulishga, doim poklikka da’vat etuvchi kuch — ezgu ruhdir. Sizning hajvda ham tajribangiz bor. Ayting-chi, hajv zamirida tug’ilgan asar illatlarni fosh qilishdan boshqa yana nimani targ’ib qiladi?

— Xalqimizda shunday maqol bor: «Yig’lab turib kulaman, kulib turib yig’layman». Hajvchi asar yozayotgan payt kulmaydi, balki yig’laydi. Jamiyatdagi tubanliklar, illatlar, umuman, fojiani ko’rib, qalbida armon uyg’onadi, ko’zlarida yosh qalqiydi. Kulgi bilan aytilgan gapning ta’siri kuchliroq bo’lishini, yig’i bilan aytilgani esa kitobxonni o’z dunyosi — dardu armonlariga yetaklab ketishini u avvaldan anglaydi. Shuning uchun u yig’i bilan emas, kulgi bilan yozsam qanday bo’ladi, degan fikrga keladi. Shu ma’noda hajvchilarning ko’pini yig’lab yozgan ijodkorlar deb bilaman.

— Yozuvchining kitobxon oldidagi mas’uliyati xaqkda fikr bildirsangiz…

— Iste’dod — Alloh tomonidan berilgan ne’mat. Demakki, ijodkor, avvalo, Alloh oldida mas’uliyatlidir. Yaratgan shu iste’dodni xalqingga, yurtingga xizmat qil, deb bergan ekan, demak, shu millat, xalq oldidagi ikkinchi mas’uliyatdir. Agar yozuvchi shu ikki mas’uliyatni sezmasa, asar o’z mo’ljaliga borib tegmaydi. Oqibat asar o’z o’quvchisini topolmaydi, kitobxon qalbiga singmaydi. Qalbdan aytilgan so’zgina qalbga kirib boradi. Yozuvchi yig’lab yozsa, yig’lab o’qiladi, kulib yozsa, kulib o’qiladi. Demak, yozuvchnning buyuk mas’uliyati bu ko’z oldida o’quvchisi turganini hamma vaqt his qilishi kerakligidadir.

— Kitobxonlarga tilaklaringiz…

— Kitob mutolaasi bu — insoniyatni kamolga yetkazish omillarvdan biri. Frantsuzlarda bir naql bor: kitob o’qish to’xtasa, tafakkur qilish xam to’xtaydi.
Tafakkur insonni buyuklikka, oriflikka, komillikka olib boradigan usullardan bittasi.
Ko’nglimda bir chuqur armon uyg’ongan. Bu kitobxonlikning keskin qisqarib ketishi, kitoblarning kam adadlarda nashr qilinishidan.
Kitobga mehr-muhabbat uyg’onsa, deyman. Kitobxonlik rivojlansin, deyman!

Manba: «Bekajon», 2006 yil, 43-son

BOLALAR – MENING OG’AYNILARIM…
Suhbatdosh: Orif Tolib

091-Bolalarga atab yozadigan ijodkorlar kam. Balki bu yo’nalishda katta gaplarni, katta dardlarni ifodalab bo’lmas. Siz nima uchun aynan bolalar adabiyotini tanlagansiz?

-Bolalarga moslab yozish qiyin, shu sababli bu yo’nalishni tanlaydiganlar kam deyish uncha to’g’ri emas. Bolalarga yozish, uning ruhiga tenglashib olish, bola qalbiga monand biror narsa aytish albatta qiyin. Qarshingizga bir bolani o’tirg’izib qo’yganday, u bilan suhbatlashganday yozish haqiqatan ham murakkabroq. Bugun bolalarga bag’ishlangan asarlar juda kam, deyarli yo’q hisobi.

1-2 aprel kunlari bolalar kitobxonligini himoya qilish kuni bo’ldi. Shu sanada “Sharq ziyokori” kitoblar do’konida tadbir bo’lib o’tdi. Atrofdagilarning e’tiborini bolalar adabiyotiga oid kitoblar terib qo’yilgan tokchaga qaratdim. Chet el adabiyotidan Jonatan Svift, Janni Rodari, o’zimizdan Anvar Obidjon, Farhod Musajonlarning kitoblari bor. Aksariyati qayta nashr. Yangilarini izladim, nari borsa uch-to’rt bet keladigan asarlarni topdim, xolos.

Mendan oldin Erkin Malik so’zga chiqib, bir qancha rasmli kitoblarni ko’rsatdi. Bog’dorchilikka oid – ruschadan tarjima, hayvonot olamiga oid – ruschadan tarjima. Xayriyat, Toshkent haqidagi kitob original ekan.

Bundoq qaraganda, yangi kitoblar nashr etilayotganga o’xshaydi. “Gulxan” jurnali yoki “Tong yulduzi” gazetasida uncha-muncha hikoya, qissalar bosilyapti. Lekin bu to’qqiz million nafar o’quvchi bola uchun juda oz, juda-juda oz.

Salkam o’n ming o’rta ta’lim maktabi bor. Ayrim maktablarning kutubxonasiga kirib qolsangiz, lotin alifbosida bosilgan kitoblar kam ekaniga guvoh bo’lasiz. Shu maktabga qatnayotgan bolalar bilan suhbatlashib ko’raman. “Qani, o’g’lim, bu yil qanaqa kitob o’qiding?” deb so’rayman. O’ylab-o’ylab, bitta-yarimta ertakni aytadi, bo’lmasa – yo’q. Darslikdagi narsalarni o’qishadi, lekin yaxlit kitoblar ularga yetib bormayapti.

Kitoblar ikki ming, uch ming, besh ming nusxada chiqyapti. Bu oldingiga solishtirganda bitta mahallaning kitobi, xolos. Shu ma’noda, bolalarbop asarlar taqchil.

Lekin bolalarga yozish qiyin degan gapga qo’shilmayman. Lev Tolstoyday buyuk yozuvchi bolalar uchun yozgan-ku! G’afur G’ulom, Zulfiya kabi shoirlarimiz bolalarga bag’ishlab she’rlar yozgan. Qiyinligini ular ham bilgan, lekin ichki xohish-istak ularga turtki bergan. Bitta achchiq gapni aytish joiz: bugungi yozuvchilar bolalar oldidagi mas’uliyatni uncha his qilmayapti. Shu o’sayotgan bolalar ertaga katta yoshdagi kitobxonga aylanadi-ku! O’qimasdan ulg’aygan bola katta bo’lgandan keyin ham o’qimay qo’ya qoladi.

Yaxshi kitobxonni bolaligidan tayyorlash kerak. Agar gazeta, jurnallar o’z sahifalaridan bolalar uchun joy ajratsa, ularning ongini, tafakkurini shakllantiradigan asarlarni chop etib borsa, juda xursand bo’lardim.

Hech bir kishi bolalar oldidagi mas’uliyatini unutmasligi kerak.

-Bilishimcha, o’qituvchi bo’lib ham ishlagansiz. Faoliyatingiz davomida ilojsiz vaziyatlarga ham tushib qolganmisiz? Qahramoningiz Hoshimjonga o’xshagan bolalar bilan qanday shug’ullangansiz?

-Ikki marta o’qituvchilik qilganman. Dastlab, Qo’qon pedagogika bilim yurtini bitirib borib, 1949-50 o’quv yilida Qayqubod degan qishloqda 1-4-sinflarga dars berganman. Bu birinchi muallimlik davrim edi. Bir qancha qiyinchiliklarga duch keldim. Menga 1-sinfni berib qo’yishdi. Aslida, bu ishni tajribali o’qituvchilar olib borishi kerak.

Bir-ikkita misol aytib beraman. Bolalarga qattiq gapirib bo’lmas ekan. O’sha paytlarda pedagogikada qattiq gap hali bor edi. G’ulomjon degan bir o’quvchim bo’lgan. Bir kuni ruchkasi yaxshi yozmayotgandi, “he, onangni…” deb so’kib qoldi. “Hoy, o’g’lim, onangni deb so’kmaydi”, deb tanbeh bersam, bir ozdan keyin “he, buvingni…” deb so’kyapti. “Hoy, o’g’lim, nega yana so’kinyapsan?” desam, “onangni demayapman-ku” deb javob berdi. So’kinish odobdan emasligini bafurja tushuntirishimga to’g’ri kelgan.

Bir kun bir o’quvchim yo’qolib qoldi. U Qayqubod qishlog’ining “Qo’rg’oncha” mahallasidan kelardi. Tushdan keyin onasi kelib, o’g’li uyga bormaganini aytdi. Men hamma qatori uyga ketganini aytdim. Bolalar bilan cho’milib yurgandir, deb onasi qaytib ketdi. Kechga yaqin ota-ona birgalikda keldi. Topisholmabdi. Ertasiga erta kelib xonani ochsam, qidiruvdagi bola orqadagi partada sumkasini boshiga bolish qilib uxlab yotibdi. Xursand bo’lishimniyam, xafa bo’lishimniyam bilmayman. Bola topildi. Yomon tomoni, kecha sinfni qulflayotganda qaramagan ekanman. Uyqudagi pahlavonni uyg’otdim, uyiga xabar jo’natdim. “E o’g’lim, nimaga bunday qilding?” desam, “Ertaga tag’in kelarkanman deb uxlayverdim”, deydi. “Qo’rg’oncha” mahallasi sal uzoqroq edi-da.

U paytlarda dovot-qalam ishlatilardi. Bolalarning bitta odati bor edi: agar bugun kimdir qalam ko’tarmay kelsa, ertaga hammasi qalamsiz kelardi. Bir kuni bitta o’quvchim qalamini uyda qoldirib kelibdi. Boshini silab, yaxshi gapirib qalam topib berdim. Ertasiga butun sinf qalamsiz keldi. Ha desam, bizgayam qalam olib bering, deb javob berishdi.

Shunaqangi qiziq-qiziq voqealar meni bolalar dunyosiga yaqinlashtirdi.

To’rtinchi sinflarni ham o’qitganman. Bu ham bolalar dunyosini yaxshi o’rganishim uchun katta yordam bergan. Bir bola bir qizni yaxshi ko’rib qolibdi. Darsdan keyin qolib gaplashishadi. Ket endi desang, ketmaydi. Bir kuni Husniddinova degan rus tili o’qituvchisi menga xat olib chiqib berdi. Haligi bolalar gaplashaveribdi, yoniga borsa bir-biriga xat o’qib berayotgan ekan. Men nima qilishim kerak? Ota-onasiga oshkor etaymi-yo’qmi? Ular anchagina “yozishmalar olib borgan” ekan. Muallim cho’ntaklaridan olib qo’yibdi. Xatni oshkor qilmadim, bolalarni chaqirib o’zlariga qaytarib berdim. Endi bunaqa ish qilmanglar, yettinchi sinfdan keyin hammasiga ruxsat, dedim. Unda yettinchi sinfgacha o’qitilardi, undan keyin qizlar erga tegishi mumkin edi.

1955 yili universitetni bitirib keldim-da, yana maktabga ishga kirdim. Uch yil ishladim. O’smirlik yoshidagi bolalarga dars berdim. Bu payt bolaning shakllanish davri hisoblanadi. Bu murakkab o’tish pallasining sir-sinoati, o’ziga xosliklarining poyoniga yetolmadim. Har bir o’smir o’g’il, har bir o’smir qiz o’zi bir dunyo-da. Ularning hayotini kuzatib, juda ko’p voqealarning guvohi bo’ldim.

-Sadriddin Ayniy o’z xotiralirada yozishicha, Ahmad Donish o’z tanishlarini uyiga to’plab, ziyofat berib, ularning shovqin-suronida ishlagan ekan. Siz qanday sharoitda ijod qilasiz?

-To’g’ri, har kim har xil sharoitda ijod qiladi. Ba’zi birlar suvning shildirashini eshitib she’riy ohang topar ekan. Men bolalarning ichida ijod qilaman. Agar shu bugun to’rtta bolani ko’rmasam, bag’rimga bosmasam, ular bilan suhbatlashmasam, ko’nglim to’lmaydi.

Ancha yillar oldin Yozuvchilar uyushmasi a’zolariga dala-hovli tarqatdi. O’sha paytlarda partiya tashkilotining kotibi edim, hovli olsam bo’lardi. Lekin bolalarni ko’zim qiymadi. Dala-hovliga yigirmata bola o’lib qolsa bormaydi-ku. Haftada uchta bolani yo ko’raman, yo ko’rmayman.

Yaqinda, “13-studiya” ko’rsatuvida qatnashganimda bir gapni aytdim: “Men bolalarga osh beraman, chunki ular mening o’rtoqlarim, og’aynimlarim”. Chunki men shu bolalar bilan birga zavqlanaman, ulardan syujet topaman, shu ulfatlarimning ohangini, so’zini “o’g’irlayman”.

-Toshkentga kelib o’rnashib, vatan qilish oson emas. Qanaqa qiyinchiliklarga duch kelgansiz, ularni qanday hal etgansiz? Uy-ro’zg’orni boshqarishda nimalarga e’tibor berasiz?

-Hayotda iqtisodiy qiyinchiliklarga ko’p uchraganman. O’zim uy-joy qilganman, uylanganman. Toshkentga kelgandan keyin musofirchilikda yashadim. Mehnatim, harakatim bilan bu yerda ham uy-joy qildim, o’g’illarimni uylantirdim, uy-joy, mashina olib berdim. Bularning hech biri osonlikcha bo’lgani yo’q.

Toshkentda ish boshlagan dastlabki yillarimda qaynotam mehmon bo’lib keldi. U kishi savdo xodimi bo’lib ishlardi, bozorni yaxshi bilardi. Bir o’rinda menga ro’zg’or tebratish to’g’risida nasihat qildilar. Aytgan nasihatlari hali-hanuz yodimda. Birinchisi – suv qattiq yerda to’xtaydi, agar qattiq bo’lmasang pulni ushlay olmaysan. Ikkinchisi – besh so’m pul topsang, har qanday sharoitda ham ikki so’mini asrab qo’y. Uchinchisi – so’mning onasi tiyin, tiyinni ehtiyot qilsang tug’adi, ko’payadi.

-Agar bola yaxshi tarbiya ko’rsa, halollik, to’g’rilikni o’rgansa, o’z haqini himoya qila olsa, keyinchalik bemalol mustaqil yashay oladi. Bolalarda bunday xususiyatlarni shakllantirish uchun nimalar qilish lozim deb o’ylaysiz?

-Avvalo ota-onaning halollik yo’li bilan topayotgan pulining qadriga yetish kerak. Bola kelayotgan pullarning halolligini bilsin. Ota-ona mabodo nopok yo’l bilan pul topgan bo’lsa, bolalarni undan himoyalash zarur. Xalqimizda luqmai halol degan ibora bor. Halol luqma yeb o’sgan bola halol mehnatni xush ko’radigan, biroqning haqidan, haromdan hazar qiladigan kishi bo’lib yetishadi.

Xalq orasida “ekkanga, tikkanga rahmat” degan gap yuradi. Odam boshqalarning tuz-namagidan totganda, kimdir yaratgan bog’-rog’ning mevasidan bahramand bo’lganda, ularning haqqiga duo qilishni ham bilishi kerak. Qadimda bir boy o’tgan ekan. Shu odam bozorga borganda odamlar meva-cheva olgach, “ekkanga rahmat, tikkanga rahmat” deb ketayotganini eshitib qolibdi. Kelasi yili chorakorlariga buyurib bog’-rog’ barpo etibdi. Vaqti kelib shu bog’ning mevasidan odamlar bahramand bo’libdi. Kelganlar “ekkanga, tikkanga rahmat” dermish-u, “egasiga rahmat” deb aytmasmish. Shunda boy halol mehnatning savobi ulug’ligini anglab yetib kelasi yili o’z qo’li bilan bog’ yaratibdi.

Bolani uydagi buyumlarni, kiyim-boshni, umuman, har qanday tovarni asrab-avaylashga o’rgatish lozim. Sotib olayotgan mahsulotining sifatini, qadr-qimmatini aniqlashda nimalarga e’tibor berish kerakligini o’rgatish lozim.

Boltiqbo’yi respublikalarida bolalar adabiyoti kunlari bo’lgandi. Shu tadbirlarda qatnashgan paytim bir ajoyib narsaga guvoh bo’lganman. Boshlang’ich sinflarda “Ro’zg’or arifmetikasi” degan fan o’tilar ekan. O’quvchi alohida daftar tutib, ota-onasi, bobo-buvisi qancha maosh yoki nafaqa olishini yozib qo’yarkan. Keyin har kunlik xarajatlarni qog’ozga tushirib hisoblar ekan. Masalan, o’zi maktabga qancha yo’l kira bilan keldi, qanaqa o’quv quroli sotib oldi – bularni har darsda o’qib berarkan. Narxlar, olingan narsalar solishtiriladi. Natijada bola yuqori sinfga o’tganda qilayotgan xarajatlariga e’tibor beradigan tayyor iqtisodchiga aylanadi.

Qadimgi boylarda bir odat bor ekan. O’g’illarini ergashtirib bozorga olib borarkan-da, savdo qilishga kirishar ekan. Birinchisidan, ikkinchisidan, uchinchisidan, hatto to’rtinchi savdodan ham narsa sotib olmas ekan. Bolalar betoqat bo’lib ketar, bo’ldi endi, olaqolaylik deb tixirlik qilarkan. Yo’q, hali ko’rishimiz kerak deb, me’yori kelguncha savdolashib yuraverar ekan. Tanga-tiyinlarni asrashni o’rgangan bola o’z-o’zidan otaning topgan mol-dunyosini ko’kka sovurmaydi. Shu tariqa bolada iste’molchilik madaniyati shakllanadi.

-Iqtisodiyot qanchalik muhim bo’lsa, ma’naviyat shu qadar ahamiyatga ega. Bola ma’naviyatini shakllantirishda adabiyotning qay darajada o’rni bor deb hisoblaysiz?

-Bolani nimaga o’rgatishimizdan qat’i nazar, xoh iqtisodga, xoh kasb-hunarga bo’lsin, ma’naviyatni hech qachon yodimizdan chiqarmasligimiz zarur. Eng avvalo ma’naviyat masalaga qayg’urish kerak. Qadimda bir kishi o’g’lini tarbiyachiga olib borsa, bo’lajak ustoz : “O’g’lingiz necha yoshga to’ldi?” deb so’rabdi. “Uch yoshga”, deb javob beribdi ota. Shunda murabbiy: “E-e, attang, uch yil kechikibsiz-ku”, degan ekan. Qissadan hissa shuki, bola ma’naviyatini tug’ilganidan boshlaboq shakllantirish kerak. Bu narsa onasining suti yuziga tomganda chaqaloqning o’ziga arttirishdan boshlanadi.

Ma’naviyatni shakllantirmay turib iqtisodni shakllantirsangiz yo chayqovchi, yo olg’ir, yo birovning hisobiga boyuvchilar paydo bo’ladi.

-Hozir yengil-yelpi, maishiy asarlarga ishqiboz o’quvchilar ko’p. Adib kitobxon ehtiyojidan kelib chiqib asar yozishi kerakmi yoki adabiy me’yorlar bilan hisoblashishi zarurmi?

-Ongi-tafakkuri baland o’quvchi hamisha go’zallikni, o’ziga xoslikni istab turadi. O’qiyotgan kitobi boshqa kitobdan baland, eshitgan kontserti boshqanikidan saviyaliroq bo’lishi xohlaydi. Navoiyning buyuk bo’lishiga o’sha davrda turkiy dunyoda yetilgan buyuk talablar sabab bo’lgan. Abdulla Qodiriyning roman janriga qo’l urishisha o’sha davrda bizning millatimizda ham katta janrlarga ehtiyoj tug’ilgani turtki bergan. G’afur G’ulomning buyuk falsafiy she’rlari yaralishi ham ehtiyojga borib taqaladi. Ba’zan past saviyali talabgorlar ham uchraydi. Ular kitob ko’rmay, shakllanmay ulg’aygan. Hozir shularga monand yozayotganlar ko’payib ketdi.

Prezidentimizning “Adabiyotga e’tibor – ma’naviyatga, kelajakka e’tibor” kitobida shunday fikrlar bor: “Ta’bir joiz bo’lsa, odam yozuvchilik kasbini tanlamaydi, aksincha, bu kasb yozuvchini tanlaydi. Iste’dod, iste’dod va yana bir bor iste’dod sohiblarini topish, tarbiyalash va ularning mehnatini munosib qadrlash ham eng asosiy vazifamizga aylanishi zarur”.

Hozir yozuvchilik kasbini tanlayotganlar ko’payib ketgan. Qarasa kitob bilan ham biznes qilish mumkin. Bir oyda kitob yozadi, ikkinchi oyda bostiradi, keyin yo’lini topib sotadi. Chunki cho’ntagida puli bor, imkoniyati bor. Yaqinda “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida iste’dodsiz yozuvchilar, ularning chalajon asarlari to’g’risida maqola bosildi. Unda qachonlardir berilgan asarining u yer-bu yeriga o’zgartirish kiritib, yangi asar deb bosayotganlar, o’quvchining oldida zig’ircha mas’uliyat his qilmaydigan, yengil-yelpi syujet orqasidan quvuvchi yozuvchilar haqida so’z yuritilgan. Mana shunday zo’raki yozuvchilar katta adabiyotning qadrini tushirishga, ma’naviy darajani pasaytirishga harakat qilyapti.

2010

Manba http://oriftolib.uz/

045

(Tashriflar: umumiy 5 800, bugungi 1)

1 izoh

  1. Худайберди Тўхтабаев суҳбатингизни ўқиб чиқдим. Минг раҳмат Оллоҳим танингизни соғ, умрингизни зиёда қилсин. Иморат пойдевордан бошлангани ва у мустаҳкам бўлсагина иморат мустаҳкам бўлади. бола бошидан дейишади. Сизнинг ташвишингизга шерикман. Китоб ўқимай ўсган бола каттабўлганда ҳам ўқимайди.Сиз яратган асарлар болани ўзгаришга, илмли бўлишга чақиради ва …. Мен 2014 йил Тошкендаги Байналминал маданият уйида Қозоғистон ижодкордари билан учрашувда ёнгинангизда суратга тушган Озода қизингизман.

Izoh qoldiring