Gulchehra Asronova. Hikoyalar, badialar

001    Унинг исми ғалати – Ростгўй. Эндигина беш ёшга тўлди-ю, шунинг орқасидан унча-мунча ташвиш кўриб қўйди. Лекин бола-да, мазах қилишганида бир тўмтайиб, яна эсидан чиқариб кетаверади. «Рос» деб чақиришларига ҳам кўниб кетган…

Гулчеҳра Асронова
ҲИКОЯЛАР, БАДИАЛАР
09

Гулчеҳра Асронова 1968 йилда туғилган. Тошкент Аграр университетини тамомлаган. “Ота уйим оқшомлари”, “Осмонини топган қуш” номли ҳикоялар тўпламлари нашрдан чиққан. Фарғона вилоятидаги “Водий оқшоми” газетаси бош муҳаррири.

09

МАСОФА

Муҳташам хонага қалбинг тўлқинланиб кириб келдинг. Энди у – сеники. Барча жиҳозлари, дабдабали қиёфаси, бор жозибаси билан сенгагина тегишли. Лабингдаги ним табассумни ёйилиб кетишдан тийганча, барра майсадек юмшоқ гиламни ҳузур билан босиб тўрга ўтдинг. Бир пайтлар кўзингга кўк тоқидаги юлдуздек олисдан жилвалар қилган оромкурсига жойлашиб ўтирдинг. Ниҳоят, ниҳоят!!! Ортингдан эргашиб кирган ходимлар жўровоз бўлиб табриклашарди. Самимият ила миннатдор бўлдинг. Рўйингда ажиб хушнудлик, фақат инсон зотига хос бахтиёрлик ифодаси жилваланар, хонангни ёритиб турган жилокор нур дарпардалар орасидан эмас, сенинг юзингдан таралаётгандек эди. Ўша куни сени қутлаб жуда кўп одамлар келишди. Уларнинг ҳар бири таниш, кўнглингга яқин ва қадрдон эди. Улар билан сенинг ўртангда аллақандай масофа пайдо бўлган, аммо у қисқа ва ёруғ эди. Шундан, кўпларини ўрнингдан туриб, қўлингни кўксингга қўйиб кутиб олдинг. Эшик олдигача кузатиб бординг. Улар сенга шундайлигингча меҳр қўйиб, шундайлигингча эслаб қолдилар.

Бир муддатга кирувчилар тўхтаганда, кўксингдаги ширин туйғу учмоққа шай қуш мисол потирлаб, ўрнингдан туришга даoват этди. Дераза олдига бординг. Кўз олдингда бежирим боғча намоён бўлди. Дарахтларнинг шохи-ю гулларнинг боши сен томон бурилиб, хиёл таoзимда турарди гўё… Мўйсафид тутнинг қалин шохлари орасидан учиб чиққан бир жуфт мусича тўғри келиб ойна ортидаги токчага қўнди. Қуқулашиб, нафис бошчаларини дамбадам чайқаб, ўзаро тиллашган бўлишди-ю, бирдан жимиб қолишди. Шунда, тим қора кўзлари худди сенга қадалгандай туюлди ва борлиғингни ажиб ҳузурбахш ҳис чулғаб олди.Силаб қўйгинг келди уларни. Патлари жуда майин бўлса керак… Бугун дунё ғоятда гўзал ва унинг ҳар бир зарраси сенга хайрихоҳ эди.

Кейин, кўп сувлар оқиб ўтди. Ва бу сувлар сендаги кўп яхши хислатларни оқизиб кетди.

…Муҳташам хонага виқор билан кириб келдинг. Қалбингни тўлқинлар тарк этганига анча бўлган… Юзингда ҳозиргина ўзинг босиб ўтган мармар зиналарнинг силлиқ, ўзгармас ва тунд қиёфасига ўхшаш совуқ бир ифода қотиб қолган. Мансаб поғонасидан кўтарилганларнинг ҳаммасида ҳам бундай бўлавермайди, лекин сенда шундай бўлди: сен ўзгардинг. Ошёнинг ҳамон жозибадор, бироқ буни илғамай қўйгансан. Бу шунчаки сеники. Сенинг салтанатинг. Тўрдаги оромкурсининг оҳанрабоси ҳам сўнган, оҳори кетган. Унга жисминггина ўтиради, ўзинг эса жуда юксакдасан. Ортингдан кирган ходимнинг овози узоқлардан эшитилади. Анчадан бери шунақасан – баланддасан. Ҳалиги масофа ўз-ўзидан чўзилиб, хиралашиб кетган. Пастга қараб ўйлайсан: мунча майда бу одамлар? Эшигингдан кирувчиларнинг кети узилмайди. Уларнинг кўпларини танимайсан… Эҳтимол, бир пайтлар танигандирсан? Энди бунинг аҳамияти йўқ. Энди танишинг шарт эмас. Уларнинг айримларигагина қўл учини узатасан. Уларнинг ҳам кўпчилиги сени таниёлмайди, сендан сени тополмайдилар…

Уқувсиз ходимингни бўралаб сўкиб қувиб солгач, асов ғазабни жиловлаш учун у ёқдан-бу ёққа юрдинг. Нодонлар, ношудлар! Шунча иш, шунча вазифа, буларнинг сулайиб юришини-чи! Беихтиёр дераза ёнига бординг. Боғ кўзингга файзсиз кўринди. Токчада ҳозиру нозир бир жуфт мусичанинг қуқулаши асабинг торларини баттар таранглаштирди. Намунча дунёга ғавғо солмаса булар! Шу пайт зангор шохлар бағридан яна бир кичикроғи пириллаб учиб чиқиб, уларнинг ўртасига келиб қўнди. Мусичаларнинг бири эгилиб, тумшуғидаги ниманидир токчага ташлади. Ҳалиги полапон емакни дўқиллатиб чўқий бошлади. “Дўқ,дўқ… Қу-қу… Дўқ-дўқ…” Кўпайиб кетишганини-чи! Тек қўйсанг, ҳаммаёқни булғаб ташлашади. Столингга яқинлашиб, қизил тугмачани босдинг-да, анави букчайиб қолган қари тутни таг-тугидан кесиб ташлашни буюрдинг…

Шу тариқа баландлайвердинг, баландлайвердинг… Пастдагилар эса майдалашаверди. Назарингда, ҳаммаси тўғри. Назарингда, шундай бўлиши керак. Шундай бўлиши табиий.

…Қанчалик, баландлама, банда экансан. Қазоинг етди… Дунёнинг барча хою-хавасларига кўз юмдинг. Эл қатори ювиб-тараб, оқ матога ўрадилар. Лекин яратган сенга шундай бир буюк синовни юбордики, одамларнинг наинки гапини, балки ички товушлариниям эшитиб ётдинг. Бу товушларнинг мазмуни… даҳшатли эди.

– Яхши одам эди, раҳматли (Дилозор эди, дилозор!)
– Кўпларга яхшилик қилганди (Одам ажратарди, бадфеoл!)

– Арзимаган касал олиб кетди-я (Кибри бошшини еди!)
Сен:“Ҳаммасини ишни деб қилдим! Куну тун ишладим, шуми раҳматларинг?!” дея ҳайқиргинг келди. Лекин забонинг карахт эди. Сен фақат эшитардинг. Кўп вақтлардан бери биринчи марта “майда”ларни жимгина эшитардинг…
— У дунёсини берсин (Бу гумроҳни Ўзи кечирсин).

Во дариғ, бу не синоат?! Улар нима дейишяпти ўзи? Демак, нотўғри яшабди-да? Энди нима бўлади, дўзаҳ оловига отиладими? Йўқ-йўқ, истамайди, йўқ!!! Нимадир қилиш керак. Қанийди қайтолса, бир кунгина бўлсаям яшаса эди, бутунлай бошқача одам бўларди. Кибр отлиғ бу машoум либосни ечиб, бурда-бурда қилиб ташларди!..

Ҳамон ўшандай гаплар:
– У дунёда ҳам мартабали бўлсин (Худо жазосини берсин!)
Чидолмадинг. Жонсиз танангга исёнкор бир куч инди. “Бас!” дея қичиқириб юбординг ва… уйғониб кетдинг. Туш экан.

“Ахир бу туш экан!” — таoкидладинг ўзингга ўзинг. Бироқ, заррача енгил тортмадинг…

Барибир баландлайвердинг. Нега? Назарингда, пастга тушадиган нарвон олиб ташланган, энди йўлинг фақат баландликка йўналган эди. Бироқ, фоний дунёда ҳамма нарсанинг охири бор. Бир куни… Туйқус қулаб тушдинг. Шунча масофадан-а! Бир лаҳзада рўй берди бу. Ажаб, заррача шикастланмай, бус-бутун тушдинг ерга. Фақат, ич-ичинг вайрон, ботинингда нимадир симиллар эди. Атрофга аланглаб ҳайратландинг – ҳалиги майда одамлар… сен билан бап-баравар экан. Улар каттариб кетдими ё сен кичрайдинг? Шу ҳақда ўйлашинг билан, бояги симиллаган оғриқ чидаб бўлмас даражада зўрайиб кетди. Қаердан бошланди у? Чап кўксингни пайпаслаб, ўйга толдинг: НИМА ЭДИ БУ?..

РОСТГЎЙНИНГ ОРЗУСИ

Унинг исми ғалати – Ростгўй. Эндигина беш ёшга тўлди-ю, шунинг орқасидан унча-мунча ташвиш кўриб қўйди. Лекин бола-да, мазах қилишганида бир тўмтайиб, яна эсидан чиқариб кетаверади. «Рос» деб чақиришларига ҳам кўниб кетган.

Исмининг тарихини сал-пал билади. Отаси мастлигида қўйган экан… Гап шундаки, уларнинг фамилияси – Алдаров. Оилада бешинчи ўғилнинг туғилганини «ювиб» ўтиришганида улфатларидан кимдир: «Мунча гердайдинг, нари борса дунёда яна битта алдамчи кўпайибди-да!», деб аския қилганмиш. Ота жазава отига миниб, ҳужжатга шу исмни ёздириб келибди. Ҳуллас, у Алдаров Ростгўй. Ғалати, а?..
Боланинг билгани шу. Онаси ҳар замон куюниб қолади: «Бунақа исм билан мактабга бориб бўладими, нақ кулгига қоласану, болам. Шошмай тур, бир кун отанг билан соғлигида гаплашиб, тўғрилаттираман». Лекин ўша отанинг «соғ куни» ҳали келгани йўқ…

Умуман олганда, отасининг доим маст келишига ҳам кўникиб кетган. Тўполон кўтармай ухлаб қолган кунлари, айниқса, бундан заррача ташвиш чекмайди. Лекин жанжал қилган кунлари ёмон қўрқади. Важоҳати қўзиганда онасига отилган муштларнинг бири болаларга ҳам тегиши ҳеч гапмас… Бўлган шунақасиям. Бундай пайтларда учовлон, худди ўргатилган кучукчалардек, онанинг бир ишораси билан томга чиқиб беркинишади. Бу уларнинг эсини таниганидан бери панд бермаган ёлғиз паноҳлари. Уйнинг орқа томонига қўйилган узун нарвон тўғри чордоқдаги сомонхонага олиб боради. Муштипар аёл нарвоннинг доим ўз жойида бўлиши ва чордоққа сомон тўшалиб туришини назардан қочирмайди.

Жонидан ўтиб кетган кунлари оналари ҳам бирга томга чиқиб олади. Қишлоқ кўчалари қоронғу. Ота гандираклаганча излаб чиқади-ю, ҳеч кимни тополмай, муштини тугиб уйқуга кетади. Баoзан, ёз пайти тун бўйи томда қолиб кетадилар (қишда ҳам бу ер мўрининг ҳисобига ҳаминқадар илиқ). Ростгўйга бу ёқади. Чунки томдаги сомонхона – дунёдаги энг хавфсиз жой.

Отасини ёмон кўрмайди. Ахир бу – гуноҳ. Онаси шундай дейди. Отасининг нега ичишини ҳам билади.
— Сен айбламагин, — деган онаси, – отанг сиқилганидан ичади.
— Нимага сиқилади?

— …
— Нимага?
— Ҳа энди, одам дегани сиқилади-да. Бир кун унга, бир кун бунга.

— Сиз ҳам сиқиласизми?
— Ҳа. Лекин мен йиғлаб-йиғлаб оламан. Отанг эса йиғлашни билмайди.

Тўғри, эркаклар йиғлашмайди, деб ўйлади Ростгўй. Ва ўша он юрагида пинҳона, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган бир орзу пайдо бўлди…

Ўша куни акасига эргашиб далага бекор борган экан. Чарчаб келиб, шомдаёқ ухлаб қолди. Алоғ-чалоғ тушлар кўрди. Отаси орқаларидан томга чиқиб, уларни топиб олганмиш… Кейин шундай шовқин, тўс-тўполон бошланди-ки! Нимадир чил-чил синди, кимдир йиғлади, кимдир бақирди. Бирдан уйғониб кетди ва кўз олдида бошқа манзара намоён бўлди. Уйда экан. Ғирт маст отаси хонтахтани муштлаб ўшқирар, акалари деворга урилган чинни синиқларини теришар, онаси дераза олдида чўк тушиб ўтирганча йиғлар эди. Ростгўйнинг миясига яшин тезлигида бир фикр келди – қочиш керак!

Уйдан ўқдек отилиб чиқди. Нарвонга ёпишган пайти биров чақиргандек бўлди. Қарамади. Ҳозир, бир пасда чиқиб олади. Мана, охиргиси. Шунда, нимагадир оёғи сўнгги пиллапояга илинмади. Бир мункиди-ю, пастга қулади…
… — Яхшиям ер ағдарилган экан. Лекин тик тушгани ёмон бўпти. Суякларни битталаб териб чиқдик. Юриб кетса, бахтингиз. Буёғи Худодан.

Ростгўй эшикнинг нариёғида айтиган бу сўзларни узуқ-юлуқ эшитди, тушунмади. Касалхонага олиб келишганидан бери унинг барча диққати фақат битта истакка жамланган – ҳеч қаери оғримаса.

Ухлаб қолди. Оғригандан кўра, ухлагани яхши-да. Доим уйғониб бошида онажонисини кўрарди. Бу сафар… Отаси оёқ томонида, полда тиззалаб ўтирар, нимагадир елкалари дир-дир титрарди. Ростгўй қимирламоқчи бўлди, бироқ оғриқдан инграб юборди. Отаси бошини илкис кўтариб, ҳамон тиззалаганча яқинига келди. Бола унга ҳайрат ва қўрқинч билан аралаш қараб қолди.

— Ота? Йиғлаяпсизми?
— Ҳмм…

— Ие… Унда… Энди ароқ ичмас экансиз-да?

Отанинг елкалари баттар силкинди.
— Ичмайман, болам, ичмайман! Бир томчи ичсам, Худо урсин!!!

ҲАСРАТ

Бугун би-ир суҳбатлашсак нима дейсан, ошна? Бошқа ким билан ҳам гаплашардим! Қани, бу атрофда сендан бўлак ким бор, ким? Ҳеҳ! Ана шунақа! Мен бу кошонанинг ҳоқониман! Тўғрироғи, ҳеч ким йўғида гўёки подшоман, вў! Фақат, бу мамлакатнинг ёлғиз фуқароси ҳам ўзимман… Ийи, узр, ошна, сени қўшмабман. Кайфим бор-да! Бунинг учун ҳам узр сўрайман, ахир ичмайсан-ку, сенга ёқмаса керак? Ҳа майли. Тўхта, ўтириб олай. Қўявер, энди бизга ер ҳам бўлаверади. Ўп-па, ана бўлди.

Хў-ўп, шунақа гаплар, ошна. Тўйдим ҳаммасидан! Шуям ҳаётми? Одам зотини ҳафтада бир ё кўраман, ё кўрмайман. Мунда-ай ҳасратлашадиган ҳамдаминг бўлмаса. Уйдагиларга эса… очиқ айтолмайман. Айниқса, болаларимнинг назарида мен… ўҳ-ҳўў!

Вей, ошнажон, сен билан гаплашаётганимнинг яна бир сабаби бор. Сен менинг тилимни тушунасан! Буни кўзларинг айтиб турибди. Ажойиб-а, менинг тилим? Узоқ вақт гаплашмасанг, тилни ҳам соғинар экансан одам. Бекорга “она тили” демас эканлар, вў! Ҳозир маза қиляпман, билсанг…

Ҳуллас, зерикдим ҳаммасидан! Шундай ҳашаматда яшаб туриб ҳаётдан тўйиш мумкин экан, қарагин! Тўғри-да. Дача деган бу жаннатмаконга хўжайин билан хотини фақат дам олиш кунлари келишади, ўшанда ҳам ўзларидан ортиб икки оғиз гаплашишмайди мен билан! Ҳалигисини, нимайди… карп…парасция очганларидан кейин янаям камнамо бўлиб қолишди. Мен-чи, ота-онасининг ишдан қайтишини кутган тирмизак боладек йўл пойлаганим-пойлаган.
Олий маoлумотлиман ахир! Институтни бешга битирганман! Ишонмасанг, дипломимни кўрсатаман. Қишлоқда турибди, сандиқда… Минг лаoнат! Нимага ўқидим шунча қийналиб? Ахир бу ерда ҳеч қанақа билмининг кераги йўқ экан-ку? Сенинг хизматингга ярасам, яхши парваришласам кифоя. Мана бу ерда нима борлиги билан бировнинг иши йўқ. Уҳ, боши-им…

Бирон нарса десанг-чи? Ҳа, майли. Ундан кўра эшит. Боғбон чолдан ҳам ҳафаман! Боғ ишларига уқувим борлигини билиб қолиб, қорасини кўрсатмай қўйди. Иши-ку майли, суягим экин-тикинда қотган, фақат, одам овозини эшитгинг келар экан-да.

Музлатгич тўла овқат. Катта маош оляпман, уйга ойма-ой юбораман. Лекин ҳаётимда маза йўқ. Тузсиз… Мана сен айтчи, ўша пулларим болаларимга ота ўрнини боса оладими? Йўқ! Уйда отанинг салобати керак. Менинг умрим эса манави кимсасиз ўрмон четидаги баҳайбат уйда ўтиб кетяпти. Ғирт беoманилик! Тушуняпсанми? Тушуняпсан. Лекин индамайсан. Чунки ҳамма гапим тўғри!

Айтиб қўяй, қишлоқда дўстларим кўп. Бири ундай, бири бундай яшаяпти. Энг муҳими – болаларининг бағрида улар. Менда ҳам учтаси бор – икки ўғилу бир қиз. Жуда ширинтой, айниқса кичкинамиз. Лекин қайтсам танирмикин, деб ўйлайман гоҳида. Қаёқдан танисин! Бола-ку, кўриб турмаса меҳри қочади-да. Ўғилларим бўй чўзиб қолган, уларга қаттиқ туриш керак бу ёшда. Шулар ҳақида ўйлаб, кечалари уйқум қочиб кетади. Кейин туриб, анави зормондадан жиндай татиб оламан. Хилини териб қўйишган булар – оқи, қизили, узунию калтаси, аломатлари бор. Ўзи ичмасдим… Бугун ҳам, мана, отволдим. Лекин, сенга айтсам, бу сафар енгил тортмадим. Нимага экан-а? Паймонам тўлди-ёв, ошна…

Қанақа орзуларим бор эди! Ўз соҳамда янгиликлар яратмоқчийдим! Сенга бир сирни очаман. Кел, қулоғингга айта қолай: янги нав устида иш бошлаб қўйганман. Институтдалигимдаёқ! Нима жин урди-ю, буёққа кепқолдим. Энди ўша ғоялар ҳам… олдингидекмас. Хира. Тажрибаларни қайтадан бошлашни ўйласам юрагим орқага тортиб кетади.

Бас, етар! Уйга кетаман! Ҳали вақт бор, ҳаммасини бошқатдан бошлайман! Сен унақа қарама, қарорим қатoий. Мен-чи, битта гапирадиганларданман. Юртимда менинг айтганим айтган, деганим деган! Шундай бўлиб қоладиям. Кетаман. Эртага келишса, шартта хал қиламан. Биз томонлар ҳозир гуллаб-яшнаб кетган, қишлоқларимиз ҳам шаҳардан зиёда. Шундай жойларни ташлаб, дарбадар бўлиб юрибман-да, мен тентак…
Бўлди, кетдим, сен ҳам ухла. Йўғ-ей, сен ҳушёр ёт. Бизнинг қишлоқдаги Олапарлар тонггача уй қўриқлаб чиқишади. Ухлама, сенинг ишинг ҳам гарданимда қолмасин.

Ана шунақа гаплар, ошна…

СЕНИ КУТЯПМАН..
.
Неча кунки, сендан дарак йўқ. Қара, бутун борлиғим ва олам мурватларини сенинг келишингга созлаб қўйибман. Кўнгил уйимни чиннидек поклаб, деразаю эшикларини ланг очиб қўйиб, жимгина кутяпман. Биламан, сен шуни ёқтирасан – софлик ва сукунатни. Лекин айтай: софлик шу даражага етдики, дил деворларим шишага айланиб, оламга дардимни ошкор этмоқчи… Сукунат шу қадар теранлашдики, ҳатто ўйларим эшитиляпти…

Туйғуларимни тартибга солиб, йиғиштирдим. Сал қарамай қолсам сочилиб кетади улар. Токчаларга тахлаб чиқдим, энг чўнги дардларим бўлди… Кулгуларимни умиднинг яшил қутисига яшириб, орзу гулдонининг ёнига қўйдим. Дарвоқе, келганингда унга разм сол, орзигулларни алмаштирдим. Соғинч водийсидан оқ, пушти дала чечакларини териб келдим. Энди менинг кўнглимга уларчалик яқин ниҳол йўқ.

Бу уйнинг тўри сеники, ана, кўрпачангни ҳам янгилаб қўйдим. Янги сўзлардан нақш солдим. Йўқ, ялтироқ эмас. Энг оддий, энг содда, дала гулларидек жайдари сўзлардан тикдим. Мен уларни кўпдан бери излаб юрардим.
Ёдингдами, илк дафoа келганингда деразада армонларнинг тим қора дарпардалари осиғлиқ эди. Бир қатим нур киролмасди ҳужрамга. Уларнинг ранглари йил сайин тиниқиб, тозариб, ҳарирлашиб бораяпти. Сен туфайли. Улар ҳозир мовий, ложувард.

Биламан, ғалатиман. Биров давлат, биров обрў, биров дийдор илинжида яшаётган бу серташвиш дунёда сенигина кутиб девонаваш умргузаронлик қилиш… қисмат бўлса керак. Бутун олам ҳаракати тезлашди, ҳатто замин ўз ўқи атрофидаги сурoатни оширди. Бир сенгина ўша-ўшасан – шошмай келасан. Бир менгина ўша-ўшаман – сенсиз куним ўтмайди.

Қалбимга Сен кириб келган лаҳзаларнинг илоҳийлигига заррача шубҳам йўқ! Мен – бир тараф, олам – бир тараф у пайт. Сен билан кучлиман, қоқ иккига бўлинган дунёнинг нариги қирғоғида муштини дўлайтирган ташвишларга парво қилмайман. Ҳаммаси туриб туради. Ахир Сени қанча кутганман! Сен кўнгил уйимнинг энг кутилган меҳмонисан.

Сени олиб келмоққа ожизман, кутишгагина қодирман. Бироқ бу ҳолатим кутишларнинг энг тотлиси, ҳаётбахшлисидир. Ҳайратларимдан гулдор гилам тўқиб, йўлингга поёндоз солдим. Илҳом, сени кутяпман…

045

Gulchehra Asronova
HIKOYALAR, BADIALAR
09

077Gulchehra Asronova 1968 yilda tug’ilgan. Toshkent Agrar universitetini tamomlagan. “Ota uyim oqshomlari”, “Osmonini topgan qush” nomli hikoyalar to’plamlari nashrdan chiqqan. Farg’ona viloyatidagi “Vodiy oqshomi” gazetasi bosh muharriri.

09

MASOFA

Muhtasham xonaga qalbing to’lqinlanib kirib kelding. Endi u – seniki. Barcha jihozlari, dabdabali qiyofasi, bor jozibasi bilan sengagina tegishli. Labingdagi nim tabassumni yoyilib ketishdan tiygancha, barra maysadek yumshoq gilamni huzur bilan bosib to’rga o’tding. Bir paytlar ko’zingga ko’k toqidagi yulduzdek olisdan jilvalar qilgan oromkursiga joylashib o’tirding. Nihoyat, nihoyat!!! Ortingdan ergashib kirgan xodimlar jo’rovoz bo’lib tabriklashardi. Samimiyat ila minnatdor bo’lding. Ro’yingda ajib xushnudlik, faqat inson zotiga xos baxtiyorlik ifodasi jilvalanar, xonangni yoritib turgan jilokor nur darpardalar orasidan emas, sening yuzingdan taralayotgandek edi. O’sha kuni seni qutlab juda ko’p odamlar kelishdi. Ularning har biri tanish, ko’nglingga yaqin va qadrdon edi. Ular bilan sening o’rtangda allaqanday masofa paydo bo’lgan, ammo u qisqa va yorug’ edi. Shundan, ko’plarini o’rningdan turib, qo’lingni ko’ksingga qo’yib kutib olding. Eshik oldigacha kuzatib bording. Ular senga shundayligingcha mehr qo’yib, shundayligingcha eslab qoldilar.

Bir muddatga kiruvchilar to’xtaganda, ko’ksingdagi shirin tuyg’u uchmoqqa shay qush misol potirlab, o’rningdan turishga daovat etdi. Deraza oldiga bording. Ko’z oldingda bejirim bog’cha namoyon bo’ldi. Daraxtlarning shoxi-yu gullarning boshi sen tomon burilib, xiyol taozimda turardi go’yo… Mo’ysafid tutning qalin shoxlari orasidan uchib chiqqan bir juft musicha to’g’ri kelib oyna ortidagi tokchaga qo’ndi. Ququlashib, nafis boshchalarini dambadam chayqab, o’zaro tillashgan bo’lishdi-yu, birdan jimib qolishdi. Shunda, tim qora ko’zlari xuddi senga qadalganday tuyuldi va borlig’ingni ajib huzurbaxsh his chulg’ab oldi.Silab qo’yging keldi ularni. Patlari juda mayin bo’lsa kerak… Bugun dunyo g’oyatda go’zal va uning har bir zarrasi senga xayrixoh edi.

Keyin, ko’p suvlar oqib o’tdi. Va bu suvlar sendagi ko’p yaxshi xislatlarni oqizib ketdi.

…Muhtasham xonaga viqor bilan kirib kelding. Qalbingni to’lqinlar tark etganiga ancha bo’lgan… Yuzingda hozirgina o’zing bosib o’tgan marmar zinalarning silliq, o’zgarmas va tund qiyofasiga o’xshash sovuq bir ifoda qotib qolgan. Mansab pog’onasidan ko’tarilganlarning hammasida ham bunday bo’lavermaydi, lekin senda shunday bo’ldi: sen o’zgarding. Oshyoning hamon jozibador, biroq buni ilg’amay qo’ygansan. Bu shunchaki seniki. Sening saltanating. To’rdagi oromkursining ohanrabosi ham so’ngan, ohori ketgan. Unga jisminggina o’tiradi, o’zing esa juda yuksakdasan. Ortingdan kirgan xodimning ovozi uzoqlardan eshitiladi. Anchadan beri shunaqasan – balanddasan. Haligi masofa o’z-o’zidan cho’zilib, xiralashib ketgan. Pastga qarab o’ylaysan: muncha mayda bu odamlar? Eshigingdan kiruvchilarning keti uzilmaydi. Ularning ko’plarini tanimaysan… Ehtimol, bir paytlar tanigandirsan? Endi buning ahamiyati yo’q. Endi tanishing shart emas. Ularning ayrimlarigagina qo’l uchini uzatasan. Ularning ham ko’pchiligi seni taniyolmaydi, sendan seni topolmaydilar…

Uquvsiz xodimingni bo’ralab so’kib quvib solgach, asov g’azabni jilovlash uchun u yoqdan-bu yoqqa yurding. Nodonlar, noshudlar! Shuncha ish, shuncha vazifa, bularning sulayib yurishini-chi! Beixtiyor deraza yoniga bording. Bog’ ko’zingga fayzsiz ko’rindi. Tokchada hoziru nozir bir juft musichaning ququlashi asabing torlarini battar taranglashtirdi. Namuncha dunyoga g’avg’o solmasa bular! Shu payt zangor shoxlar bag’ridan yana bir kichikrog’i pirillab uchib chiqib, ularning o’rtasiga kelib qo’ndi. Musichalarning biri egilib, tumshug’idagi nimanidir tokchaga tashladi. Haligi polapon yemakni do’qillatib cho’qiy boshladi. “Do’q,do’q… Qu-qu… Do’q-do’q…” Ko’payib ketishganini-chi! Tek qo’ysang, hammayoqni bulg’ab tashlashadi. Stolingga yaqinlashib, qizil tugmachani bosding-da, anavi bukchayib qolgan qari tutni tag-tugidan kesib tashlashni buyurding…

Shu tariqa balandlayverding, balandlayverding… Pastdagilar esa maydalashaverdi. Nazaringda, hammasi to’g’ri. Nazaringda, shunday bo’lishi kerak. Shunday bo’lishi tabiiy.

…Qanchalik, balandlama, banda ekansan. Qazoing yetdi… Dunyoning barcha xoyu-xavaslariga ko’z yumding. El qatori yuvib-tarab, oq matoga o’radilar. Lekin yaratgan senga shunday bir buyuk sinovni yubordiki, odamlarning nainki gapini, balki ichki tovushlariniyam eshitib yotding. Bu tovushlarning mazmuni… dahshatli edi.

– Yaxshi odam edi, rahmatli (Dilozor edi, dilozor!)
– Ko’plarga yaxshilik qilgandi (Odam ajratardi, badfeol!)

– Arzimagan kasal olib ketdi-ya (Kibri boshshini yedi!)
Sen:“Hammasini ishni deb qildim! Kunu tun ishladim, shumi rahmatlaring?!” deya hayqirging keldi. Lekin zaboning karaxt edi. Sen faqat eshitarding. Ko’p vaqtlardan beri birinchi marta “mayda”larni jimgina eshitarding…
— U dunyosini bersin (Bu gumrohni O’zi kechirsin).

Vo darig’, bu ne sinoat?! Ular nima deyishyapti o’zi? Demak, noto’g’ri yashabdi-da? Endi nima bo’ladi, do’zah oloviga otiladimi? Yo’q-yo’q, istamaydi, yo’q!!! Nimadir qilish kerak. Qaniydi qaytolsa, bir kungina bo’lsayam yashasa edi, butunlay boshqacha odam bo’lardi. Kibr otlig’ bu mashoum libosni yechib, burda-burda qilib tashlardi!..

Hamon o’shanday gaplar:
– U dunyoda ham martabali bo’lsin (Xudo jazosini bersin!)
Chidolmading. Jonsiz tanangga isyonkor bir kuch indi. “Bas!” deya qichiqirib yubording va… uyg’onib ketding. Tush ekan.

“Axir bu tush ekan!” — taokidlading o’zingga o’zing. Biroq, zarracha yengil tortmading…

Baribir balandlayverding. Nega? Nazaringda, pastga tushadigan narvon olib tashlangan, endi yo’ling faqat balandlikka yo’nalgan edi. Biroq, foniy dunyoda hamma narsaning oxiri bor. Bir kuni… Tuyqus qulab tushding. Shuncha masofadan-a! Bir lahzada ro’y berdi bu. Ajab, zarracha shikastlanmay, bus-butun tushding yerga. Faqat, ich-iching vayron, botiningda nimadir simillar edi. Atrofga alanglab hayratlanding – haligi mayda odamlar… sen bilan bap-baravar ekan. Ular kattarib ketdimi yo sen kichrayding? Shu haqda o’ylashing bilan, boyagi simillagan og’riq chidab bo’lmas darajada zo’rayib ketdi. Qaerdan boshlandi u? Chap ko’ksingni paypaslab, o’yga tolding: NIMA EDI BU?..

ROSTGO’YNING ORZUSI

Uning ismi g’alati – Rostgo’y. Endigina besh yoshga to’ldi-yu, shuning orqasidan uncha-muncha tashvish ko’rib qo’ydi. Lekin bola-da, mazax qilishganida bir to’mtayib, yana esidan chiqarib ketaveradi. «Ros» deb chaqirishlariga ham ko’nib ketgan.

Ismining tarixini sal-pal biladi. Otasi mastligida qo’ygan ekan… Gap shundaki, ularning familiyasi – Aldarov. Oilada beshinchi o’g’ilning tug’ilganini «yuvib» o’tirishganida ulfatlaridan kimdir: «Muncha gerdayding, nari borsa dunyoda yana bitta aldamchi ko’payibdi-da!», deb askiya qilganmish. Ota jazava otiga minib, hujjatga shu ismni yozdirib kelibdi. Hullas, u Aldarov Rostgo’y. G’alati, a?..
Bolaning bilgani shu. Onasi har zamon kuyunib qoladi: «Bunaqa ism bilan maktabga borib bo’ladimi, naq kulgiga qolasanu, bolam. Shoshmay tur, bir kun otang bilan sog’ligida gaplashib, to’g’rilattiraman». Lekin o’sha otaning «sog’ kuni» hali kelgani yo’q…

Umuman olganda, otasining doim mast kelishiga ham ko’nikib ketgan. To’polon ko’tarmay uxlab qolgan kunlari, ayniqsa, bundan zarracha tashvish chekmaydi. Lekin janjal qilgan kunlari yomon qo’rqadi. Vajohati qo’ziganda onasiga otilgan mushtlarning biri bolalarga ham tegishi hech gapmas… Bo’lgan shunaqasiyam. Bunday paytlarda uchovlon, xuddi o’rgatilgan kuchukchalardek, onaning bir ishorasi bilan tomga chiqib berkinishadi. Bu ularning esini taniganidan beri pand bermagan yolg’iz panohlari. Uyning orqa tomoniga qo’yilgan uzun narvon to’g’ri chordoqdagi somonxonaga olib boradi. Mushtipar ayol narvonning doim o’z joyida bo’lishi va chordoqqa somon to’shalib turishini nazardan qochirmaydi.

Jonidan o’tib ketgan kunlari onalari ham birga tomga chiqib oladi. Qishloq ko’chalari qorong’u. Ota gandiraklagancha izlab chiqadi-yu, hech kimni topolmay, mushtini tugib uyquga ketadi. Baozan, yoz payti tun bo’yi tomda qolib ketadilar (qishda ham bu yer mo’rining hisobiga haminqadar iliq). Rostgo’yga bu yoqadi. Chunki tomdagi somonxona – dunyodagi eng xavfsiz joy.

Otasini yomon ko’rmaydi. Axir bu – gunoh. Onasi shunday deydi. Otasining nega ichishini ham biladi.
— Sen ayblamagin, — degan onasi, – otang siqilganidan ichadi.
— Nimaga siqiladi?

— …
— Nimaga?
— Ha endi, odam degani siqiladi-da. Bir kun unga, bir kun bunga.

— Siz ham siqilasizmi?
— Ha. Lekin men yig’lab-yig’lab olaman. Otang esa yig’lashni bilmaydi.

To’g’ri, erkaklar yig’lashmaydi, deb o’yladi Rostgo’y. Va o’sha on yuragida pinhona, hech kimga aytib bo’lmaydigan bir orzu paydo bo’ldi…

O’sha kuni akasiga ergashib dalaga bekor borgan ekan. Charchab kelib, shomdayoq uxlab qoldi. Alog’-chalog’ tushlar ko’rdi. Otasi orqalaridan tomga chiqib, ularni topib olganmish… Keyin shunday shovqin, to’s-to’polon boshlandi-ki! Nimadir chil-chil sindi, kimdir yig’ladi, kimdir baqirdi. Birdan uyg’onib ketdi va ko’z oldida boshqa manzara namoyon bo’ldi. Uyda ekan. G’irt mast otasi xontaxtani mushtlab o’shqirar, akalari devorga urilgan chinni siniqlarini terishar, onasi deraza oldida cho’k tushib o’tirgancha yig’lar edi. Rostgo’yning miyasiga yashin tezligida bir fikr keldi – qochish kerak!

Uydan o’qdek otilib chiqdi. Narvonga yopishgan payti birov chaqirgandek bo’ldi. Qaramadi. Hozir, bir pasda chiqib oladi. Mana, oxirgisi. Shunda, nimagadir oyog’i so’nggi pillapoyaga ilinmadi. Bir munkidi-yu, pastga quladi…
… — Yaxshiyam yer ag’darilgan ekan. Lekin tik tushgani yomon bo’pti. Suyaklarni bittalab terib chiqdik. Yurib ketsa, baxtingiz. Buyog’i Xudodan.

Rostgo’y eshikning nariyog’ida aytigan bu so’zlarni uzuq-yuluq eshitdi, tushunmadi. Kasalxonaga olib kelishganidan beri uning barcha diqqati faqat bitta istakka jamlangan – hech qaeri og’rimasa.

Uxlab qoldi. Og’rigandan ko’ra, uxlagani yaxshi-da. Doim uyg’onib boshida onajonisini ko’rardi. Bu safar… Otasi oyoq tomonida, polda tizzalab o’tirar, nimagadir yelkalari dir-dir titrardi. Rostgo’y qimirlamoqchi bo’ldi, biroq og’riqdan ingrab yubordi. Otasi boshini ilkis ko’tarib, hamon tizzalagancha yaqiniga keldi. Bola unga hayrat va qo’rqinch bilan aralash qarab qoldi.

— Ota? Yig’layapsizmi?
— Hmm…

— Ie… Unda… Endi aroq ichmas ekansiz-da?

Otaning yelkalari battar silkindi.
— Ichmayman, bolam, ichmayman! Bir tomchi ichsam, Xudo ursin!!!

HASRAT

Bugun bi-ir suhbatlashsak nima deysan, oshna? Boshqa kim bilan ham gaplashardim! Qani, bu atrofda sendan bo’lak kim bor, kim? Heh! Ana shunaqa! Men bu koshonaning hoqoniman! To’g’rirog’i, hech kim yo’g’ida go’yoki podshoman, vo’! Faqat, bu mamlakatning yolg’iz fuqarosi ham o’zimman… Iyi, uzr, oshna, seni qo’shmabman. Kayfim bor-da! Buning uchun ham uzr so’rayman, axir ichmaysan-ku, senga yoqmasa kerak? Ha mayli. To’xta, o’tirib olay. Qo’yaver, endi bizga yer ham bo’laveradi. O’p-pa, ana bo’ldi.

Xo’-o’p, shunaqa gaplar, oshna. To’ydim hammasidan! Shuyam hayotmi? Odam zotini haftada bir yo ko’raman, yo ko’rmayman. Munda-ay hasratlashadigan hamdaming bo’lmasa. Uydagilarga esa… ochiq aytolmayman. Ayniqsa, bolalarimning nazarida men… o’h-ho’o’!

Vey, oshnajon, sen bilan gaplashayotganimning yana bir sababi bor. Sen mening tilimni tushunasan! Buni ko’zlaring aytib turibdi. Ajoyib-a, mening tilim? Uzoq vaqt gaplashmasang, tilni ham sog’inar ekansan odam. Bekorga “ona tili” demas ekanlar, vo’! Hozir maza qilyapman, bilsang…

Hullas, zerikdim hammasidan! Shunday hashamatda yashab turib hayotdan to’yish mumkin ekan, qaragin! To’g’ri-da. Dacha degan bu jannatmakonga xo’jayin bilan xotini faqat dam olish kunlari kelishadi, o’shanda ham o’zlaridan ortib ikki og’iz gaplashishmaydi men bilan! Haligisini, nimaydi… karp…parastsiya ochganlaridan keyin yanayam kamnamo bo’lib qolishdi. Men-chi, ota-onasining ishdan qaytishini kutgan tirmizak boladek yo’l poylaganim-poylagan.
Oliy maolumotliman axir! Institutni beshga bitirganman! Ishonmasang, diplomimni ko’rsataman. Qishloqda turibdi, sandiqda… Ming laonat! Nimaga o’qidim shuncha qiynalib? Axir bu yerda hech qanaqa bilmining keragi yo’q ekan-ku? Sening xizmatingga yarasam, yaxshi parvarishlasam kifoya. Mana bu yerda nima borligi bilan birovning ishi yo’q. Uh, boshi-im…

Biron narsa desang-chi? Ha, mayli. Undan ko’ra eshit. Bog’bon choldan ham hafaman! Bog’ ishlariga uquvim borligini bilib qolib, qorasini ko’rsatmay qo’ydi. Ishi-ku mayli, suyagim ekin-tikinda qotgan, faqat, odam ovozini eshitging kelar ekan-da.

Muzlatgich to’la ovqat. Katta maosh olyapman, uyga oyma-oy yuboraman. Lekin hayotimda maza yo’q. Tuzsiz… Mana sen aytchi, o’sha pullarim bolalarimga ota o’rnini bosa oladimi? Yo’q! Uyda otaning salobati kerak. Mening umrim esa manavi kimsasiz o’rmon chetidagi bahaybat uyda o’tib ketyapti. G’irt beomanilik! Tushunyapsanmi? Tushunyapsan. Lekin indamaysan. Chunki hamma gapim to’g’ri!

Aytib qo’yay, qishloqda do’stlarim ko’p. Biri unday, biri bunday yashayapti. Eng muhimi – bolalarining bag’rida ular. Menda ham uchtasi bor – ikki o’g’ilu bir qiz. Juda shirintoy, ayniqsa kichkinamiz. Lekin qaytsam tanirmikin, deb o’ylayman gohida. Qayoqdan tanisin! Bola-ku, ko’rib turmasa mehri qochadi-da. O’g’illarim bo’y cho’zib qolgan, ularga qattiq turish kerak bu yoshda. Shular haqida o’ylab, kechalari uyqum qochib ketadi. Keyin turib, anavi zormondadan jinday tatib olaman. Xilini terib qo’yishgan bular – oqi, qizili, uzuniyu kaltasi, alomatlari bor. O’zi ichmasdim… Bugun ham, mana, otvoldim. Lekin, senga aytsam, bu safar yengil tortmadim. Nimaga ekan-a? Paymonam to’ldi-yov, oshna…

Qanaqa orzularim bor edi! O’z sohamda yangiliklar yaratmoqchiydim! Senga bir sirni ochaman. Kel, qulog’ingga ayta qolay: yangi nav ustida ish boshlab qo’yganman. Institutdaligimdayoq! Nima jin urdi-yu, buyoqqa kepqoldim. Endi o’sha g’oyalar ham… oldingidekmas. Xira. Tajribalarni qaytadan boshlashni o’ylasam yuragim orqaga tortib ketadi.

Bas, yetar! Uyga ketaman! Hali vaqt bor, hammasini boshqatdan boshlayman! Sen unaqa qarama, qarorim qatoiy. Men-chi, bitta gapiradiganlardanman. Yurtimda mening aytganim aytgan, deganim degan! Shunday bo’lib qoladiyam. Ketaman. Ertaga kelishsa, shartta xal qilaman. Biz tomonlar hozir gullab-yashnab ketgan, qishloqlarimiz ham shahardan ziyoda. Shunday joylarni tashlab, darbadar bo’lib yuribman-da, men tentak…
Bo’ldi, ketdim, sen ham uxla. Yo’g’-yey, sen hushyor yot. Bizning qishloqdagi Olaparlar tonggacha uy qo’riqlab chiqishadi. Uxlama, sening ishing ham gardanimda qolmasin.

Ana shunaqa gaplar, oshna…

SENI KUTYAPMAN..
.
Necha kunki, sendan darak yo’q. Qara, butun borlig’im va olam murvatlarini sening kelishingga sozlab qo’yibman. Ko’ngil uyimni chinnidek poklab, derazayu eshiklarini lang ochib qo’yib, jimgina kutyapman. Bilaman, sen shuni yoqtirasan – soflik va sukunatni. Lekin aytay: soflik shu darajaga yetdiki, dil devorlarim shishaga aylanib, olamga dardimni oshkor etmoqchi… Sukunat shu qadar teranlashdiki, hatto o’ylarim eshitilyapti…

Tuyg’ularimni tartibga solib, yig’ishtirdim. Sal qaramay qolsam sochilib ketadi ular. Tokchalarga taxlab chiqdim, eng cho’ngi dardlarim bo’ldi… Kulgularimni umidning yashil qutisiga yashirib, orzu guldonining yoniga qo’ydim. Darvoqe, kelganingda unga razm sol, orzigullarni almashtirdim. Sog’inch vodiysidan oq, pushti dala chechaklarini terib keldim. Endi mening ko’nglimga ularchalik yaqin nihol yo’q.

Bu uyning to’ri seniki, ana, ko’rpachangni ham yangilab qo’ydim. Yangi so’zlardan naqsh soldim. Yo’q, yaltiroq emas. Eng oddiy, eng sodda, dala gullaridek jaydari so’zlardan tikdim. Men ularni ko’pdan beri izlab yurardim.
Yodingdami, ilk dafoa kelganingda derazada armonlarning tim qora darpardalari osig’liq edi. Bir qatim nur kirolmasdi hujramga. Ularning ranglari yil sayin tiniqib, tozarib, harirlashib borayapti. Sen tufayli. Ular hozir moviy, lojuvard.

Bilaman, g’alatiman. Birov davlat, birov obro’, birov diydor ilinjida yashayotgan bu sertashvish dunyoda senigina kutib devonavash umrguzaronlik qilish… qismat bo’lsa kerak. Butun olam harakati tezlashdi, hatto zamin o’z o’qi atrofidagi suroatni oshirdi. Bir sengina o’sha-o’shasan – shoshmay kelasan. Bir mengina o’sha-o’shaman – sensiz kunim o’tmaydi.

Qalbimga Sen kirib kelgan lahzalarning ilohiyligiga zarracha shubham yo’q! Men – bir taraf, olam – bir taraf u payt. Sen bilan kuchliman, qoq ikkiga bo’lingan dunyoning narigi qirg’og’ida mushtini do’laytirgan tashvishlarga parvo qilmayman. Hammasi turib turadi. Axir Seni qancha kutganman! Sen ko’ngil uyimning eng kutilgan mehmonisan.

Seni olib kelmoqqa ojizman, kutishgagina qodirman. Biroq bu holatim kutishlarning eng totlisi, hayotbaxshlisidir. Hayratlarimdan guldor gilam to’qib, yo’lingga poyondoz soldim. Ilhom, seni kutyapman…

045

(Tashriflar: umumiy 308, bugungi 1)

2 izoh

  1. Gulchehra Arslonova zamonaviy o`zbek hikoyachiligida o`ziga xos ovoz bilan ijod qilayotgan adiba. Uning «Ustun» hikoyasida novellaga xos detallashtirish va qisqa makonda ulkan fojeani ayta olish xususiyati ochilgan. Tabriklayman.

  2. Гулчеҳра опанинг ҳикояларини ўқиб хурсанд бўлдим.
    Бошқача услуб. Нимагадир Розия Тужжорни эслатди менга.

Izoh qoldiring