Maqsuda Ergasheva. She’rlar & Shoira bilan so’nggi suhbat

067    Шоира таваллудининг 65 йиллигига бағишлов

Мақсуда Эргашева… Бу ном шеoрият мухлисларига бирдай таниш ва суюкли эди. Шоиранинг бутун ижоди адабиётга хизмат қилди, ижодкорлик қисматига айланди. У туғма ва истеoдодли шоира эди. Бешафқат ўлим уни орамиздан олиб кетди.Лекин дилларда қўшиқдай жаранглаб, дарёдай оқиб шеърлари қолди.

Мақсуда Эргашева
ШЕЪРЛАР
001

   Мақсуда Эргашева (Эргашева Мақсуда Муҳаммадсиддиқ қизи) 1951 йилнинг 17 февралида Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Оқбўйра қишлоғида туғилган. 1983 йилда Фарғона Давлат Педагогика институтининг филология факултетини тугатган. 1970 йилдан Олтиариқ туманидаги 19-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлай бошлаган. 1983 йилдан бошлаб она тили ва адабиёт фанидан дарс бера бошлаган. Бир қатор китоблар муаллифи ( «Баҳорни ахтариб», «Эзгу сўз», «Диёримга кўзинг тегмасин», «Кўнгил кишилари» ва бошқ.).  Шоира 2014 йили вафот этди. Сўнгги “Тақдир ҳикоятлари” хотира-роман китоби вафотидан сўнг (2015)  чоп этилди.

001

Эй дилим

Эй дилим, юргил, сени бир ёқлара олиб кетай,
Кўз ёшу ғам бўлмаган қишлоқлара олиб кетай.

Боғлар ичинда шохалар, силкиб турар япроқларин,
Шул шохалар бандидаги титроқлара олиб кетай.

Даҳрнинг чанги юқмаган, болари ҳам бош суқмаган
Гулкосалар ичинданам ичроқлара олиб кетай.

Мен сени хор қилмагайман нафси балолар қошида,
Ичмоқ- емоқнинг ғами йўқ пучмоқлара олиб кетай.

Атрофимизда ҳур насим айтиб юродир бир исм,
Шул исм мағзидаги учмоҳлара олиб кетай.

Сусамбил ҳақида эртак

Олдимизда бир уюм кўсак,066
Чирс-чирс ёнар ғўзапўчоқлар —
Онам айтар тунларда эртак,
Қора қумғон қайнар ўчоқда.

…Сусамбилнинг ўтлари барра,
Сусамбилнинг гуллари алвон.
Сусамбилнинг ҳавоси- асал,
Сусамбилнинг сувлари равон.

Сусамбилнинг узумларидан
Чаккка-чакка томиб турар бол.
Сусамбилнинг олмаларини
Бир ёғи оқ, бир томони ол.

Сусамбилда юлдузлар катта,
Сусамбилда ой ҳам чароғон.
Сусамбилда ҳеч ким кўрмас кам,
Сусамбилда бўлмайди армон.

Ташқарида эса изғирин,
Босиб ётар боғларни туман.
Мен кечалар ухламас эдим,
Сусамбилнинг хаёли билан.

Энди билсам, ўша Сусамбил
Диёримнинг эртаси экан.
Ўша ўзим туғилган қишлоқ
Сусамбилнинг ўртаси экан.

2013

Яхшиям бу кунлар

Яхшиям, бу кунлар ўткинчи,
Бу кунлар ўтмаса нетардик.
Бир ёмон кун келса, кетгунча,
Эҳтимол минг аср кутардик.

Яхшиям бу кунлар ўткинчи,
Қуёшга қараймиз умидвор.
Келгувчи кунларнинг бағрида,
Орзу бор , нажот бор , умид бор.

Бу кунлар ўтмаса, майсалар
Баҳорни минг йиллар кутарди.
Тупроқнинг остида данаклар
Уйғонмай миллион йил ётарди.

Яхшиям, ўткинчи бу кунлар,
Ўтади ёмғирлар ёғдириб.
Силкиниб чиқади гиёхлар
Ҳаммани эсидан оғдириб.

Олмалар гуллайди, олмалар,
Гул оқар жилғани тўлдириб
Келади бўронлар карвони
Еру осмон билан бир бўлиб.

Яхшиям, бу кунлар ўткинчи,
Ой чиқар юлдузга ёндошиб.
Дунёнинг бошидан нур ёғар,
Кечалар кундузга алмашиб.

Бир гўзал ёғдулар ёприлиб
Тўлдирар самою саҳрони.
Ўткинчи кунларнинг наридан
Кўряпман ёғдули дунёни.

Яхшиям, бу кунлар ўткинчи,
Бу кунлар ўтса не ишим бор.
Келгуси кунларнинг бағрида
Ўзинг бор ва дил хоҳишим бор.

Тўртликлар

Сизга бу дунёнинг тўртта томони,
Сизга яхшилигу  омон-омони.
Қалбим қалқиб турур тўртта сатрда,
Сизга буғдой бўлсин, бизга сомони.

***

Ёзсангиз агарда менинг ўрнимни,
Дунёнинг энг кичик сонида ёзинг.
Хасдан ҳам пастману “пошшо” кўнглимни
Аҳли муҳаббатнинг ёнида ёзинг.

***
Осмон жуда олис, осмон каттадир,
Маконинг қай макон, қай қаватдадир,
Ёмғирдай ёғдирар юлдузларини,
Унинг ҳам тақдири лавҳу  хатдадир.

***

Гоҳо мағиз бўлдик, гоҳо пўст бўлдик,
Гоҳо мағиз қолиб пўстга дўст бўлдик.
Дунё ечиб олди пўстинимизни,
Кейин пасайдик биз, ерга дўст бўлдик.

***

Илоҳий садолар келар қулоққа,
Муаттар ҳаволар келар димоққа,
Сени жаннатларга бошлайди кўнгил,
Ҳафсаланг қолмайди ичмоқ-емоққа.

***

Дунёнинг биздан ҳеч қарзи қолмади,
Ҳеч кимнинг айтгудек арзи қолмади,
Яшадик, яшнадик, елдик, югурдик,
Энди нолийдиган тарзи қолмади.

****

Дунё айвонига қурдим иморат,
Гоҳи тош, гоҳи лой, қумдан иборат.
Тошни-тош, лойни-лой ургунимча то,
Жисмим иморати бўлмиш харобот.

2011

Сўнгги япроқ

Майсаларга эрта қиров инибди,
Сунбула сувлари эрта тинибди,
Юзин япроғига босиб йиғлар гул,
Унинг ҳам мен каби кўнгли синибди.

Хаёлим шу гуллар орасидадир,
Ғунчалар қалбимнинг порасидадир.
Қиличингни қайраб келмагин, аёз,
Ҳали бу чечаклар норасидадир.

Шу гуллар ичрадир гуллаган чоғим,
Ғунчалар ичрадир кўксимда доғим.
Шукрона битилган хатдек тўкилсин
Шул боғ тупроғига сўнгги япроғим.

2011

Xайробод

Келинг,эй ёрижоним. Сиз,
Бизам озод бўлайлик бир.
Икки мисра шеър мисоли
Ҳаммага ёд бўлайлик бир.

Чароғи ғунчалар ёнса
Қизилгуллар бутоғида,
Икки парвонадек чаппар
Уриб, барбод бўлайлик бир.

Ва ё биллур узумлардек
Қолиб япроқ аро пинҳон,
Жаҳон савдосига тушмай
Дили обод бўлайлик бир.

Бу дунё меҳнати қўймас
Гулу япроқни суймакка,
Кечиб барча маошидан
Бизам бедод бўлайлик бир.

Сотиб дунёни бир пулга
Қилиб девонага эҳсон,
Ўзимиз уй тутиб бурчакда
Хайробод бўлайлик бир.

Кўзинг тегмасин

Кўзи қаттиқ ботгувчи эй зот,
Диёримга кўзинг тегмасин,
Гуллар менинг учун очилган
Баҳоримга кўзинг тегмасин.

Мен ишқ билан оввора бўлдим,
Ташна бўлдим, бечора бўлдим,
Куз гуллари сингари маюс
Дийдоримга кўзинг тегмасин.

Бир дўст бордир боғу баҳорни,
Куй-ғазални севар, ва лекин
Фақат мени севмас, севолмас,
Ночоримга кўзинг тегмасин.

Тирикликнинг бозори дунё,
Муҳаббатнинг озори дунё,
Менга озор берди муҳаббат,
Озоримга кўзинг тегмасин.

Ҳаёт

Менга жуда ёқади ҳаёт,
Катта-кичик тошлари билан,
Шохлардаги титроқлари-ю,
Майсаларда ёшлари билан.

Севимлидир кўзимга шундоқ
Пушти рангга бўялган уфқ,
Қалдираган момақалдироқ,
Чақмоқ каби чирмашгувчи ишқ.

Дарахтларнинг қадду бўйига
Ҳарир либос бўлса ҳовурлар.
Кўчаларни миннатдор қилиб
Ўтса челак кўтарган ҳурлар.

Пайкалларнинг ичига меҳнат
Тикса яшил байроқларини.
Ариқларнинг бўйига ялпиз
Бошлаб чиқса ўртоқларини.

Менга жуда-жуда ёқади,
Беш ҳарфдан иборат – ҳаёт.
Барча униб – ўсгувчиларга
Ярашади бу чиройли от.

Довондаги лолалар

Лолалар тоққа қочаркан,
Баргларини тутдилар,
Сирғаниб тошлар ичиндан
Зўрға-зўрға ўтдилар.

Ям-яшил япроқларин
Зумрад ипакли тўн каби
Тошлар ёнинда ўлтириб,
Тизларига тортдилар.

Бу гуногун гул ичинда
Қора ғамнинг сояси,
Шунчалик нозик чечакка
Мунча қайғу қотдилар?

Бесабаб эрмас экан-да,
Лолаларнинг қайғуси,
Ушлашиб, зумрад тўнин
Белига боғлаб сотдилар.

Қирқ йил

Қирқ йилдирки остонангизда
Райҳон экиб ўлтирадирман.
Қирқ йилдирки атрофингизни
Гуллар билан тўлдирадирман.

Юзларимнинг қизиллигини
Хиноларга бердим атайлаб.
Тушиб қолса кўзингиз, сизга
Қарасинлар табассум айлаб.

Сўлмасин, деб, нигоҳларингиз
Яшил япроқларимни бердим.
Устун қилиб қошонангизга
Тилло бармоқларимни бердим.

Боғингизда кўзларим булоқ,
Киприкларим гиёҳ бўлдилар.
Толмачадек эди қоматим,
Энди қуриб, қиёқ бўлдилар.

Ишқ илашди ишқ осмонидан –
Ишқ тоқидан тушдим атайлаб.
Қайтгин, деди, ишққа ёр олам,
Борган еринг муборак айлаб.

Райҳон

Райҳонни сиз бекор яхши кўрмайсиз,
Райҳоннинг бир ажиб туришлари бор.
Шамоллар бошидан айланиб ўтса,
Хуш ҳидлар таратиб, кулишлари бор.

Райҳонни сиз бекор яхши кўрмайсиз,
Барглари сиёҳранг, гуллари майда.
Барча чечакларнинг келади рашки.
Уларга сиз каби ишқибоз, қайда?

Райҳонни сиз бекор яхши кўрмайсиз,
Келгандир жаннатнинг томонларидан.
У Момо Ҳавонинг кўзёшин ичиб,
Униб чиққан асли товонларидан.

Шу катта водийнинг чекка боғида
Райҳонлар ўсади, гуллари майда.
Барча чечакларнинг келади рашки,
Уларга сиз каби ишқибоз, қайда?

Дунёйи давворни айландик

Дунёйи давворни айландик,
Кўникдик эртаю кечига.
Аё, дўст, юр, энди, кетайлик,
Кетайлик кўнгилнинг ичига.

Қаҳратон қишларда диғдираб,
Кўникдик аёзнинг кучига.
Бир илиқ илинжни ахтариб,
Кетайлик кўнгилнинг ичига.

Кўнгил ҳам чечаклар нафармон
Очилган илоҳий чамандир.
Менинг кўксимдаги шу чаман
Армон қушларига ватандир…

Эҳтимол, ҳаммадан фараҳли
Кунимиз шу кундир очунда.
Аё, дўст, не бўлсак бўлдик биз,
Шу қурғур кўнгилнинг ичида.

АХИР, БИЗ КЎНГИЛНИНГ КИШИЛАРИМИЗ”
Шоира билан сўнгги суҳбат
Ойдин Темирова cуҳбатлашди
001

033 Мақсуда Эргашева номини юртимиздаги барча адабиёт, шеърият мухлислари, таниқли устозлар, адабиётшунос олимлар ҳурмат билан тилга оладилар. Уни билмаган, унинг қўшиққа айланган мисраларини ёд олмаган ёхуд унинг номини эшитмаган киши бўлмаса керак.

Унинг ҳаётдан бевақт кўз юмгани  юракларимизни титраб кетди. Чунки ўзбек адабиётига ўтган асрнинг 70-йилларида гуркираб кириб келган, ўзининг бетакрор, маъсум ва некбин шеърлари билан қалбларни ҳайратга солган соддагина, ҳалимгина бу шоира аллақачоноқ мухлислар, шогирдлар қалб тўридан жой олишга улгурган эди. Унинг нафақат ижодидан баҳраманд бўлиш, балки у билан тўйиб суҳбатлашиш, маънавий дунёсининг гўзаллигидан баҳра олиш ва ана шу суҳбатдан кўнгил кишиларини-да баҳраманд этиш иштиёқида яқинда опа билан суҳбатлашган, лекин, афсуски, уни ҳали газета саҳифаларида эълон қилишга улгурмаган эдим. Аммо шоиранинг сўнгги, бетакрор ва дилбар, эндиликда биз учун янада қадрли саналган мазкур суҳбатини газетхонлар ҳукмига ҳавола этишга қарор қилдик.

001

— Фарзанд келажаги кўп жиҳатдан оилавий муҳитга, боланинг ота-онаси маънавиятига ҳам боғлиқ. Сизнинг адабиётга, шеъриятга ошно бўлишингизда уларнинг ўрни қай даражада, деб ўйлайсиз?

— Онам Ситорабонуни, юраги ўтли аёл, дейишарди. Чунки у бирор ишга киришса, бутун вужуди билан киришар, бир нарсани яхши кўрса ҳам куйиб-ёниб, меҳри мажоли билан яхши кўрарди. Оддий гапларни ҳам жуда ажойиб қилиб айтарди. Онамнинг кичкиналигимда айтган қўшиқлари хануз қулоғимда жаранглайди:

Сен чаманлар булбули бўлсанг,
Мен чаманларнинг гулидурман.
Сен чиройингга ишонсанг,
Мен Худойимнинг қулидурман.

Шундай маҳзун қўшиқлар, унда куйланган боғлар, гуллар менинг руҳиятимга қаттиқ таъсир қилган. Улар менинг хаёлотимда ҳам бор эди. Энди уларни ифодалаш учун китоб ёзиш керак, деб ўйлардим. Ҳали ўқиш-ёзишни билмай туриб, китоб ёзаман, дердим.

Уйимизда бир туп олма бор эди. Эрталаб синглим иккимиз унинг тагига чопардик. “Ким кўп териш” ўйнардик. Ўша олманинг ранги ҳам мени ўзига тортган: нега бунақа, ким бундай қилган? Нега у тарам-тарам, деб ўйлардим. Кейин сўзларни рангли деб ҳисоблардим. Чиройли сўзлар назаримда чиройли, ёмон сўзлар чағир тошлар эди гўё.

Дадам бўлса, ниҳоятда, таваккалчи одам эди. Ҳар бир нарсани Оллоҳдан деб биларди. Бировдан заррача ҳурмат-эҳтибор талаб қилмасди. Ариққа бориб, дўпписини тўлдириб сув ичиб, Худога шукур, деб кетарди. Қаерга борса, бизни етаклаб юрарди. Бирор ишни қилмаган бўлсам, масалан, қўйга сув бермаган бўлсам, Худонинг яратган маҳлуқига раҳминг келмадими, сен қандай бағритошсан?!-дер эди.

Бувим доим гулнинг тагига кўрпача солиб, ўсма қўйдирарди. Нега? Бу ҳам гўзалликка интилиш бўлса керак. Бу ҳам некбинлик эди. Қаттиқ ғамли кунларимда ҳам ана шу некбинлик мени асраган. Бу нарсалар ҳаммаси ижодимга ижобий таъсир қилган. Чунки ота-онам менга ғам-ташвишдан ҳам эзгулик излашга ўргатган. Ҳеч қачон ношукурлик ҳиссиётини уйғотишмаган.  Дилимда фақат эзгулик ундиришган:

Биз севдик энг ҳазин қўшиқларни ҳам,
Умримизга келди қатор-қатор ғам.
Наволарга белаб ўшаларни ҳам
Кузатдик, куй бўлди нолишларимиз.
Ахир, биз кўнгилнинг кишиларимиз.

— Аксар шеърларингиз муҳаббат мавзусида. Бу кўҳна туйғуга, шунингдек, муҳаббат муҳаббатни чорлайди, деган фикрга муносабатингиз?

— Ҳа, шундай, муҳаббат муҳаббатни, албатта, чорлайди. Ҳатто жавобсиз ишқда ҳам маъно бор. Сиз севгансизки, демак, унда нимадир бор. Нимасидир Сизни тортган. Демак, арзийди. Ҳеч кимнинг қалбини муҳаббатдан айирмасин. Ҳазрат Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”асарига эътибор беринг. Унда ҳамманинг касби кори бор. Лекин Мажнуннинг касби кори йўқ. Унинг касби фақат ишқ.  Бу ишқ ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бу ишқ бошқаларга раво кўрилмаган. Ишқ берганига, шундай қалб берганига шукур! Ишқ сўзининг луғавий маъноси “чирмашмоқ” демакдир. Чирмашмоқ учун эса Оллоҳнинг нури илоҳийси керак. Оллоҳ қалбга ишқи илоҳийдан бир заррасини ташлаши керак. Бу ҳам шоирлик истеъдодидай гап. Кам одамга насиб этади.

— Баъзи ижодкорлар ёш ўтгани сари муҳаббат ҳақидаги шеърларни ёзиш атрофдагиларга, ўзига ҳам эриш туюлиши ҳақида гапирадилар. Бу фикрга қўшиласизми?

— Мен, аксинча, ёшим ўтган сари муҳаббат ҳақидаги шеърларни кўпроқ ёзяпман. Чунки олдинги шеърларим кўпроқ баён бўлиб, шахс ҳақида эди. Ҳозирги шеърларим бошқача:

Севгининг кўйлаклари қизғалдоққа ўхшайди,
Лекин унинг юраги зарғалдоққа ўхшайди.
Зарғалдоқ ҳам севгисин йўқотганга ўхшайди.

— Киши улғайгани сари унинг қалбидаги муҳаббат ҳам ўсиб, бошқа туйғулар сингари камолотга етади. Камолга етиши учун киши 40-50 ёшга етмоғи керак. Шунинг учн қариганимдан ҳам ҳурсандман. Балки қаримаганимда ҳозир ҳис қилган нарсаларимни ҳис қилмаган, кўнглим ҳам камолотга етмаган бўлар эди. Чунки киши қаригани сари кўнгли ҳам гўё чаманзорнинг ичига кетиб бораётгандек.

— Мақтаган эмасу   лекин жуда камтарсиз. Агар пойтахтда яшаган бўлганингизда, эҳтимол, бу истеъдодингиз билан аллақачон халқ шоири бўлган бўлар эдингиз.

— Бу гапларни менга кўпчилик айтади. Фарғонани ташлаб кетиб бўлармиди? Камтарлик десангиз, агар озгина кибрга берилсам ҳам мен банда бўлмай қоламан-да! Бандалик — бу бандлик. Шайтон Аллоҳга бандалик қилмаган. У Аллоҳга “Мен!” дегани учун даргоҳидан қувилади. Киши фақир бўлишга интилиши керак. Фақир ҳеч кимдан хафа ҳам бўлмайди, ҳеч кимдан иззат талаб қилмайди ҳам. Лекин, қанийди, бу мартаба ҳаммамизга насиб қилса.

— Бугунги кунда тез-тез такрорланаётган шоир кўпу шеър йўқ, деган иборага қандай қарайсиз?

— Ҳозирда кўплар ҳамма айтиладиган оддий гапларни ҳам шеър деб ўйлашади. Лекин шеър ёзиш учун туйғу бўлиши керак. Туйғусиз фикрлар оддий дарак гаплар ҳисобланади. Ўша туйғуларнинг либоси эса ташбеҳлар. Бироқ бу ташбеҳларда ҳам ҳақиқат бўлиши керак. Фикрни зўрма-зўраки , мавҳум ташбеҳларга кўмиб ташлаш ҳам ўқувчини тасаввурдан чалғитади.

Масалан, бир шоирнинг шеҳрида:

Шамолларга айтдим розимни,
Нечун бунча кунларим тахир

— деган жумлаларни ўқидим.

Бунда кунларга нисбатан тахир сўзи ёпишмайди. Чунки аниқловчи билан аниқланмиш ҳам мос келиши керак.

Бугунги шеъриятдаги топишмоқсифат шеҳрлар эса гўё замон ривожланиб, кишини фикрлашга ундаётгандай, кишининг фикрини ўстириш учун ёзилаётгандай туюлади. Лекин шеъриятнинг вазифаси фикрни ўстириш эмас, балки туйғуларни тарбиялаш, камолга етказиш, қалб оламини безаш, гўзалликдан баҳра олдириш, уни гўзалликка ошно этишдан иборатдир.

Болалигимда кечалари кўсак чувиб ўтирганимизда, ҳамма ухлаб қоларди. Бувим ухлаб қолмаслигимиз учун бизга эртак айтиб берарди, қўшиқлари билан:

Сув келар гулдур-гулдур,
Севганим қизил гулдур.
Сендан ўзгани десам,
Ўлганим ўшал кундир…

Сув келар ахта-ахта,
Сандиғинг темир тахта,
Сендан ўзгани десам,
Қон ютай лахта-лахта.

Бу халқ оғзаки ижодининг гўзал намуналари, халқ дарди-туйғулари билан йўғрилган, кишини ҳаяжонга соладиган қўшиқлар эди. Кейин “Ёр-ёр”ни эшитсам, ғалати ҳаяжонга тушардим. Ҳозирги болалар ҳам шуларни эшитса, биз болаликда ҳис қилган туйғуларни улар ҳам ҳис қилармикан, деб ўйлайман.

— Кишидан сабр, ирода талаб қилинадиган кунларни бошингиздан кўп кечирдингиз. Эҳтимол, дардли шоира бўлганингизнинг сабаби ҳам шундадир?

— Эҳтимол. Етти ёшимда онамдан етим қолганман. Шунгача ўтган кунларим ҳаётимнинг энг бахтли лаҳзалари эди. Шундан кейин мендан катта одамлардан талаб қилинадиган юмушлар талаб қилинган. Жуда оғир кунларни бошимдан кечирдим. Ана шу оғир дамларни ота-онамнинг некбинликларидан олган сабоқларим сабаб сабр ва шукр билан ўтказганман. Аввал айтганимдек, қаттиқ ғамли кунларимда ана шу некбинлик мени асраган. Аллоҳ ниманики раво кўрса, шукур қиламан.

— Биздай мухлисларни ҳайратлантирган яхши шеърларингиз, сермазмун суҳбатингиз учун раҳмат!

ШОИРА  ХОТИРАСИГА БАҒИШЛОВЛАР
001

Энахон Сиддиқова
БИР БУЛБУЛ ШОИРА КЕТДИ

Эсидан оғгандай тентирар йўллар,
Юракка санчилди бу кун айрилиқ.
Ҳувиллатиб адабиётни
Бир булбул шоиранг кетди, Олтиариқ.

Сайраса Олтиариқда бу қақнус,
Тошкентдан булбуллар келарди кўчиб.
Куйлагиси келар ошиқ дарахтни,
Кетгиси келарди кўкларга учиб.

Ердамас сўзларда яшади, ёраб,
Миллатнинг дардини гулга ўради.
Қадр сўрамади у шунча яшаб,
Сўраса биргина меҳр сўради.

Ахир сен бир чўпинг йўқотмадинг-ку,
Силкиниб-силкиниб йиғла,водариғ.
Силкинсанг гардларинг тўкилар дунё,
Силкингин дардларинг тўкиб Олтиариқ.

Ҳаётни дўстидай асрар эди-ку,
Нечун асролмадинг сен уни ҳаёт?!
Сен уни топширдинг қора тупроққа,
Ёки ғуссалардан қилдингми озод.

Кўзида аччиқ ёш майсалар излар,
Юрагимни ўртар шеoрлари, найлай.
Жондўстсиз қолган бу етим сўзларни,
Азадор кунларни қандоқ юпатай.

Елкамга осилиб йиғлар узумзор,
Сочларини ёйиб югурар боғлар.
Қандоқ юпатайин,айтинг, кўнглимни,
Ғуссалар жонимни ҳасратда доғлар.

Балки Моҳларойим чорлади уни,
Балки Жаҳонотин ёди қўймади.
Бир ўлим истади гўзал бир ўлим.
Лекин у ҳаётга тўймади.

Кўп ичикди элнинг дарди, деб пурғам,
Ё қаттиқ ичикди унга шу тупроқ.
Ер устида унинг дўстлари, билмам,
Ёраб, балки ернинг остида кўпроқ.

Бир булбул шоиранг кетди, Оқбўйра,
Руҳи учиб борар сўз қанотида.
Шу ватан бағрига нурдай сингиди,
Не бахт, шеъри қолди халқин ёдида.

Бир булбул шоиранг кетди, Оқбўйра!

***

Олтариқнинг гул ариғида
Оқ қайиқдай оқиб кетяпсиз.
Сўзлар олиб борар елкада,
Сўнгги йўлда қалқиб кетяпсиз.

Елканимиз шеoрдир кетма-кет,
Сузаётган оқ кемалармиз.
Соғинади гардимиз беҳишт,
Дил булбули, ҳур турналармиз.

Хайр,энди шеoр баётида
Жаннатларга учаётган қуш.
Сўнг сафаринг бўлсин бехатар,
Энди ўнгга айланмас ҳур туш.

 

Ойдин Темирова
ЙЎҚЛОВ

Гуллар хазин, хазин япроқлар гўё,
Хазон иси келиб борар боғлардан.
Бир азиз кишисин йўқотди дунё,
У кетди бизларни қолдириб доғда.

Бунча ғамгин қўшиқ куйлайди бундай,
Бунча йиғларверар юракни эзиб.
Қайтиб туғиларми бир шоир шундай,
Топиб бўлармикан дунёни кезиб.

Унинг шеoрларида яшарди осмон,
Куйлар эди ёмғир, гуллар эди ер.
Ҳамма севар эди ҳаётни, аммо,
Ҳеч ким Мақсудадай ёзолмасди шеoр.

Гул иси келарди ашoорларидан,
Айланайин ўшал гул -у, моҳлардан.
Эҳтимол қушлардай учгандир чиндан,
Кўпдан чорлаётган у учмоҳларга.

Фақат имон сўрар эди худодан,
Йироқ эди барча ёлғон, риёдан,
Бир дўст эди ҳамма дўстдан зиёда,
Ёлғиз ўзим қолгандайман дунёда.

Дунё кузги япроғ янглиғ сарғариб,
Кўнглим о, кўнглимга ёғаётир қор,
Шоирсиз бу дунё шунчалар ғариб,
Гўё қайтмас бўлиб кетгандай баҳор.

Фарғонам, бир азиз дўстни йўқотдинг,
Майлига бир тўйиб йиғлаб ол бугун,
Эрта Мақсудадай шоирларингнинг
Қадрига олдинроқ етмоғинг учун.

«Хуршид Даврон кутубхонаси»дан: Ушбу саҳифада қўйилган матнларни ва олдин Абдулла Содиқ шеърларини бизга юборган Гулнигорга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

067 Shoira tavalludining 65  yilligiga bag’ishlov

Maqsuda Ergasheva… Bu nom sheoriyat muxlislariga birday tanish va suyukli edi. Shoiraning butun ijodi adabiyotga xizmat qildi, ijodkorlik qismatiga aylandi. U tug’ma va isteododli shoira edi. Beshafqat o’lim uni oramizdan olib ketdi.Lekin dillarda qo’shiqday jaranglab, daryoday oqib she’rlari qoldi.

Maqsuda Ergasheva
SHE’RLAR
001

   Maqsuda Ergasheva (Ergasheva Maqsuda Muhammadsiddiq qizi) 1951 yilning 17 fevralida Farg’ona viloyati Oltiariq tumani Oqbo’yra qishlog’ida tug’ilgan. 1983 yilda Farg’ona Davlat Pedagogika institutining filologiya fakultetini tugatgan. 1970 yildan Oltiariq tumanidagi 19-maktabda boshlang’ich sinf o’qituvchisi bo’lib ishlay boshlagan. 1983 yildan boshlab ona tili va adabiyot fanidan dars bera boshlagan. Bir qator kitoblar muallifi ( «Bahorni axtarib», «Ezgu so’z», «Diyorimga ko’zing tegmasin», «Ko’ngil kishilari» va boshq. ).  Shoira 2014 yili vafot etdi. So’nggi “Taqdir hikoyatlari” xotira-roman kitobi vafotidan so’ng (2015) chop etildi.

001

Ey dilim

Ey dilim, yurgil, seni bir yoqlara olib ketay,
Ko’z yoshu g’am bo’lmagan qishloqlara olib ketay.

Bog’lar ichinda shoxalar, silkib turar yaproqlarin,
Shul shoxalar bandidagi titroqlara olib ketay.

Dahrning changi yuqmagan, bolari ham bosh suqmagan
Gulkosalar ichindanam ichroqlara olib ketay.

Men seni xor qilmagayman nafsi balolar qoshida,
Ichmoq- yemoqning g’ami yo’q puchmoqlara olib ketay.

Atrofimizda hur nasim aytib yurodir bir ism,
Shul ism mag’zidagi uchmohlara olib ketay.

Susambil haqida ertak

Oldimizda bir uyum ko’sak,
Chirs-chirs yonar g’o’zapo’choqlar —
Onam aytar tunlarda ertak,
Qora qumg’on qaynar o’choqda.

…Susambilning o’tlari barra,
Susambilning gullari alvon.
Susambilning havosi- asal,
Susambilning suvlari ravon.

Susambilning uzumlaridan
Chakkka-chakka tomib turar bol.
Susambilning olmalarini
Bir yog’i oq, bir tomoni ol.

Susambilda yulduzlar katta,
Susambilda oy ham charog’on.
Susambilda hech kim ko’rmas kam,
Susambilda bo’lmaydi armon.

Tashqarida esa izg’irin,
Bosib yotar bog’larni tuman.
Men kechalar uxlamas edim,
Susambilning xayoli bilan.

Endi bilsam, o’sha Susambil
Diyorimning ertasi ekan.
O’sha o’zim tug’ilgan qishloq
Susambilning o’rtasi ekan.

2013

Yaxshiyam bu kunlar

Yaxshiyam, bu kunlar o’tkinchi,
Bu kunlar o’tmasa netardik.
Bir yomon kun kelsa, ketguncha,
Ehtimol ming asr kutardik.

Yaxshiyam bu kunlar o’tkinchi,
Quyoshga qaraymiz umidvor.
Kelguvchi kunlarning bag’rida,
Orzu bor , najot bor , umid bor.

Bu kunlar o’tmasa, maysalar
Bahorni ming yillar kutardi.
Tuproqning ostida danaklar
Uyg’onmay million yil yotardi.

Yaxshiyam, o’tkinchi bu kunlar,
O’tadi yomg’irlar yog’dirib.
Silkinib chiqadi giyoxlar
Hammani esidan og’dirib.

Olmalar gullaydi, olmalar,
Gul oqar jilg’ani to’ldirib
Keladi bo’ronlar karvoni
Yeru osmon bilan bir bo’lib.

Yaxshiyam, bu kunlar o’tkinchi,
Oy chiqar yulduzga yondoshib.
Dunyoning boshidan nur yog’ar,
Kechalar kunduzga almashib.

Bir go’zal yog’dular yoprilib
To’ldirar samoyu sahroni.
O’tkinchi kunlarning naridan
Ko’ryapman yog’duli dunyoni.

Yaxshiyam, bu kunlar o’tkinchi,
Bu kunlar o’tsa ne ishim bor.
Kelgusi kunlarning bag’rida
O’zing bor va dil xohishim bor.

To’rtliklar

Sizga bu dunyoning to’rtta tomoni,
Sizga yaxshiligu omon-omoni.
Qalbim qalqib turur to’rtta satrda,
Sizga bug’doy bo’lsin, bizga somoni.

***

Yozsangiz agarda mening o’rnimni,
Dunyoning eng kichik sonida yozing.
Xasdan ham pastmanu “poshsho” ko’nglimni
Ahli muhabbatning yonida yozing.

***
Osmon juda olis, osmon kattadir,
Makoning qay makon, qay qavatdadir,
Yomg’irday yog’dirar yulduzlarini,
Uning ham taqdiri lavhu xatdadir.

***

Goho mag’iz bo’ldik, goho po’st bo’ldik,
Goho mag’iz qolib po’stga do’st bo’ldik.
Dunyo yechib oldi po’stinimizni,
Keyin pasaydik biz, yerga do’st bo’ldik.

***

Ilohiy sadolar kelar quloqqa,
Muattar havolar kelar dimoqqa,
Seni jannatlarga boshlaydi ko’ngil,
Hafsalang qolmaydi ichmoq-yemoqqa.

***

Dunyoning bizdan hech qarzi qolmadi,
Hech kimning aytgudek arzi qolmadi,
Yashadik, yashnadik, yeldik, yugurdik,
Endi noliydigan tarzi qolmadi.

****

Dunyo ayvoniga qurdim imorat,
Gohi tosh, gohi loy, qumdan iborat.
Toshni-tosh, loyni-loy urgunimcha to,
Jismim imorati bo’lmish xarobot.

2011

So’nggi yaproq

Maysalarga erta qirov inibdi,
Sunbula suvlari erta tinibdi,
Yuzin yaprog’iga bosib yig’lar gul,
Uning ham men kabi ko’ngli sinibdi.

Xayolim shu gullar orasidadir,
G’unchalar qalbimning porasidadir.
Qilichingni qayrab kelmagin, ayoz,
Hali bu chechaklar norasidadir.

Shu gullar ichradir gullagan chog’im,
G’unchalar ichradir ko’ksimda dog’im.
Shukrona bitilgan xatdek to’kilsin
Shul bog’ tuprog’iga so’nggi yaprog’im.

2011

Xayrobod

Keling,ey yorijonim. Siz,
Bizam ozod bo’laylik bir.
Ikki misra she’r misoli
Hammaga yod bo’laylik bir.

Charog’i g’unchalar yonsa
Qizilgullar butog’ida,
Ikki parvonadek chappar
Urib, barbod bo’laylik bir.

Va yo billur uzumlardek
Qolib yaproq aro pinhon,
Jahon savdosiga tushmay
Dili obod bo’laylik bir.

Bu dunyo mehnati qo’ymas
Gulu yaproqni suymakka,
Kechib barcha maoshidan
Bizam bedod bo’laylik bir.

Sotib dunyoni bir pulga
Qilib devonaga ehson,
O’zimiz uy tutib burchakda
Xayrobod bo’laylik bir.

Ko’zing tegmasin

Ko’zi qattiq botguvchi ey zot,
Diyorimga ko’zing tegmasin,
Gullar mening uchun ochilgan
Bahorimga ko’zing tegmasin.

Men ishq bilan ovvora bo’ldim,
Tashna bo’ldim, bechora bo’ldim,
Kuz gullari singari mayus
Diydorimga ko’zing tegmasin.

Bir do’st bordir bog’u bahorni,
Kuy-g’azalni sevar, va lekin
Faqat meni sevmas, sevolmas,
Nochorimga ko’zing tegmasin.

Tiriklikning bozori dunyo,
Muhabbatning ozori dunyo,
Menga ozor berdi muhabbat,
Ozorimga ko’zing tegmasin.

Hayot

Menga juda yoqadi hayot,
Katta-kichik toshlari bilan,
Shoxlardagi titroqlari-yu,
Maysalarda yoshlari bilan.

Sevimlidir ko’zimga shundoq
Pushti rangga bo’yalgan ufq,
Qaldiragan momaqaldiroq,
Chaqmoq kabi chirmashguvchi ishq.

Daraxtlarning qaddu bo’yiga
Harir libos bo’lsa hovurlar.
Ko’chalarni minnatdor qilib
O’tsa chelak ko’targan hurlar.

Paykallarning ichiga mehnat
Tiksa yashil bayroqlarini.
Ariqlarning bo’yiga yalpiz
Boshlab chiqsa o’rtoqlarini.

Menga juda-juda yoqadi,
Besh harfdan iborat – hayot.
Barcha unib – o’sguvchilarga
Yarashadi bu chiroyli ot.

Dovondagi lolalar

Lolalar toqqa qocharkan,
Barglarini tutdilar,
Sirg’anib toshlar ichindan
Zo’rg’a-zo’rg’a o’tdilar.

Yam-yashil yaproqlarin
Zumrad ipakli to’n kabi
Toshlar yoninda o’ltirib,
Tizlariga tortdilar.

Bu gunogun gul ichinda
Qora g’amning soyasi,
Shunchalik nozik chechakka
Muncha qayg’u qotdilar?

Besabab ermas ekan-da,
Lolalarning qayg’usi,
Ushlashib, zumrad to’nin
Beliga bog’lab sotdilar.

Qirq yil

Qirq yildirki ostonangizda
Rayhon ekib o’ltiradirman.
Qirq yildirki atrofingizni
Gullar bilan to’ldiradirman.

Yuzlarimning qizilligini
Xinolarga berdim ataylab.
Tushib qolsa ko’zingiz, sizga
Qarasinlar tabassum aylab.

So’lmasin, deb, nigohlaringiz
Yashil yaproqlarimni berdim.
Ustun qilib qoshonangizga
Tillo barmoqlarimni berdim.

Bog’ingizda ko’zlarim buloq,
Kipriklarim giyoh bo’ldilar.
Tolmachadek edi qomatim,
Endi qurib, qiyoq bo’ldilar.

Ishq ilashdi ishq osmonidan –
Ishq toqidan tushdim ataylab.
Qaytgin, dedi, ishqqa yor olam,
Borgan yering muborak aylab.

Rayhon

Rayhonni siz bekor yaxshi ko’rmaysiz,
Rayhonning bir ajib turishlari bor.
Shamollar boshidan aylanib o’tsa,
Xush hidlar taratib, kulishlari bor.

Rayhonni siz bekor yaxshi ko’rmaysiz,
Barglari siyohrang, gullari mayda.
Barcha chechaklarning keladi rashki.
Ularga siz kabi ishqiboz, qayda?

Rayhonni siz bekor yaxshi ko’rmaysiz,
Kelgandir jannatning tomonlaridan.
U Momo Havoning ko’zyoshin ichib,
Unib chiqqan asli tovonlaridan.

Shu katta vodiyning chekka bog’ida
Rayhonlar o’sadi, gullari mayda.
Barcha chechaklarning keladi rashki,
Ularga siz kabi ishqiboz, qayda?

Dunyoyi davvorni aylandik

Dunyoyi davvorni aylandik,
Ko’nikdik ertayu kechiga.
Ayo, do’st, yur, endi, ketaylik,
Ketaylik ko’ngilning ichiga.

Qahraton qishlarda dig’dirab,
Ko’nikdik ayozning kuchiga.
Bir iliq ilinjni axtarib,
Ketaylik ko’ngilning ichiga.

Ko’ngil ham chechaklar nafarmon
Ochilgan ilohiy chamandir.
Mening ko’ksimdagi shu chaman
Armon qushlariga vatandir…

Ehtimol, hammadan farahli
Kunimiz shu kundir ochunda.
Ayo, do’st, ne bo’lsak bo’ldik biz,
Shu qurg’ur ko’ngilning ichida.

AXIR, BIZ KO’NGILNING KISHILARIMIZ”
Shoira bilan so’nggi suhbat
Oydin Temirova cuhbatlashdi
001

066 Maqsuda Ergasheva nomini yurtimizdagi barcha adabiyot, she’riyat muxlislari, taniqli ustozlar, adabiyotshunos olimlar hurmat bilan tilga oladilar. Uni bilmagan, uning qo’shiqqa aylangan misralarini yod olmagan yoxud uning nomini eshitmagan kishi bo’lmasa kerak.

Uning hayotdan bevaqt ko’z yumgani yuraklarimizni titrab ketdi. Chunki o’zbek adabiyotiga o’tgan asrning 70-yillarida gurkirab kirib kelgan, o’zining betakror, ma’sum va nekbin she’rlari bilan qalblarni hayratga solgan soddagina, halimgina bu shoira allaqachonoq muxlislar, shogirdlar qalb to’ridan joy olishga ulgurgan edi. Uning nafaqat ijodidan bahramand bo’lish, balki u bilan to’yib suhbatlashish, ma’naviy dunyosining go’zalligidan bahra olish va ana shu suhbatdan ko’ngil kishilarini-da bahramand etish ishtiyoqida yaqinda opa bilan suhbatlashgan, lekin, afsuski, uni hali gazeta sahifalarida e’lon qilishga ulgurmagan edim. Ammo shoiraning so’nggi, betakror va dilbar, endilikda biz uchun yanada qadrli sanalgan mazkur suhbatini gazetxonlar hukmiga havola etishga qaror qildik.

001

— Farzand kelajagi ko’p jihatdan oilaviy muhitga, bolaning ota-onasi ma’naviyatiga ham bog’liq. Sizning adabiyotga, she’riyatga oshno bo’lishingizda ularning o’rni qay darajada, deb o’ylaysiz?

— Onam Sitorabonuni, yuragi o’tli ayol, deyishardi. Chunki u biror ishga kirishsa, butun vujudi bilan kirishar, bir narsani yaxshi ko’rsa ham kuyib-yonib, mehri majoli bilan yaxshi ko’rardi. Oddiy gaplarni ham juda ajoyib qilib aytardi. Onamning kichkinaligimda aytgan qo’shiqlari xanuz qulog’imda jaranglaydi:

Sen chamanlar bulbuli bo’lsang,
Men chamanlarning gulidurman.
Sen chiroyingga ishonsang,
Men Xudoyimning qulidurman.

Shunday mahzun qo’shiqlar, unda kuylangan bog’lar, gullar mening ruhiyatimga qattiq ta’sir qilgan. Ular mening xayolotimda ham bor edi. Endi ularni ifodalash uchun kitob yozish kerak, deb o’ylardim. Hali o’qish-yozishni bilmay turib, kitob yozaman, derdim.

Uyimizda bir tup olma bor edi. Ertalab singlim ikkimiz uning tagiga chopardik. “Kim ko’p terish” o’ynardik. O’sha olmaning rangi ham meni o’ziga tortgan: nega bunaqa, kim bunday qilgan? Nega u taram-taram, deb o’ylardim. Keyin so’zlarni rangli deb hisoblardim. Chiroyli so’zlar nazarimda chiroyli, yomon so’zlar chag’ir toshlar edi go’yo.

Dadam bo’lsa, nihoyatda, tavakkalchi odam edi. Har bir narsani Ollohdan deb bilardi. Birovdan zarracha hurmat-ehtibor talab qilmasdi. Ariqqa borib, do’ppisini to’ldirib suv ichib, Xudoga shukur, deb ketardi. Qaerga borsa, bizni yetaklab yurardi. Biror ishni qilmagan bo’lsam, masalan, qo’yga suv bermagan bo’lsam, Xudoning yaratgan mahluqiga rahming kelmadimi, sen qanday bag’ritoshsan?!-der edi.

Buvim doim gulning tagiga ko’rpacha solib, o’sma qo’ydirardi. Nega? Bu ham go’zallikka intilish bo’lsa kerak. Bu ham nekbinlik edi. Qattiq g’amli kunlarimda ham ana shu nekbinlik meni asragan. Bu narsalar hammasi ijodimga ijobiy ta’sir qilgan. Chunki ota-onam menga g’am-tashvishdan ham ezgulik izlashga o’rgatgan. Hech qachon noshukurlik hissiyotini uyg’otishmagan. Dilimda faqat ezgulik undirishgan:

Biz sevdik eng hazin qo’shiqlarni ham,
Umrimizga keldi qator-qator g’am.
Navolarga belab o’shalarni ham
Kuzatdik, kuy bo’ldi nolishlarimiz.
Axir, biz ko’ngilning kishilarimiz.

— Aksar she’rlaringiz muhabbat mavzusida. Bu ko’hna tuyg’uga, shuningdek, muhabbat muhabbatni chorlaydi, degan fikrga munosabatingiz?

— Ha, shunday, muhabbat muhabbatni, albatta, chorlaydi. Hatto javobsiz ishqda ham ma’no bor. Siz sevgansizki, demak, unda nimadir bor. Nimasidir Sizni tortgan. Demak, arziydi. Hech kimning qalbini muhabbatdan ayirmasin. Hazrat Navoiyning “Layli va Majnun”asariga e’tibor bering. Unda hammaning kasbi kori bor. Lekin Majnunning kasbi kori yo’q. Uning kasbi faqat ishq. Bu ishq hammaga ham nasib qilavermaydi. Bu ishq boshqalarga ravo ko’rilmagan. Ishq berganiga, shunday qalb berganiga shukur! Ishq so’zining lug’aviy ma’nosi “chirmashmoq” demakdir. Chirmashmoq uchun esa Ollohning nuri ilohiysi kerak. Olloh qalbga ishqi ilohiydan bir zarrasini tashlashi kerak. Bu ham shoirlik iste’dodiday gap. Kam odamga nasib etadi.

— Ba’zi ijodkorlar yosh o’tgani sari muhabbat haqidagi she’rlarni yozish atrofdagilarga, o’ziga ham erish tuyulishi haqida gapiradilar. Bu fikrga qo’shilasizmi?

— Men, aksincha, yoshim o’tgan sari muhabbat haqidagi she’rlarni ko’proq yozyapman. Chunki oldingi she’rlarim ko’proq bayon bo’lib, shaxs haqida edi. Hozirgi she’rlarim boshqacha:

Sevgining ko’ylaklari qizg’aldoqqa o’xshaydi,
Lekin uning yuragi zarg’aldoqqa o’xshaydi.
Zarg’aldoq ham sevgisin yo’qotganga o’xshaydi.

— Kishi ulg’aygani sari uning qalbidagi muhabbat ham o’sib, boshqa tuyg’ular singari kamolotga yetadi. Kamolga yetishi uchun kishi 40-50 yoshga yetmog’i kerak. Shuning uchn qariganimdan ham hursandman. Balki qarimaganimda hozir his qilgan narsalarimni his qilmagan, ko’nglim ham kamolotga yetmagan bo’lar edi. Chunki kishi qarigani sari ko’ngli ham go’yo chamanzorning ichiga ketib borayotgandek.

— Maqtagan emasu lekin juda kamtarsiz. Agar poytaxtda yashagan bo’lganingizda, ehtimol, bu iste’dodingiz bilan allaqachon xalq shoiri bo’lgan bo’lar edingiz.

— Bu gaplarni menga ko’pchilik aytadi. Farg’onani tashlab ketib bo’larmidi? Kamtarlik desangiz, agar ozgina kibrga berilsam ham men banda bo’lmay qolaman-da! Bandalik — bu bandlik. Shayton Allohga bandalik qilmagan. U Allohga “Men!” degani uchun dargohidan quviladi. Kishi faqir bo’lishga intilishi kerak. Faqir hech kimdan xafa ham bo’lmaydi, hech kimdan izzat talab qilmaydi ham. Lekin, qaniydi, bu martaba hammamizga nasib qilsa.

— Bugungi kunda tez-tez takrorlanayotgan shoir ko’pu she’r yo’q, degan iboraga qanday qaraysiz?

— Hozirda ko’plar hamma aytiladigan oddiy gaplarni ham she’r deb o’ylashadi. Lekin she’r yozish uchun tuyg’u bo’lishi kerak. Tuyg’usiz fikrlar oddiy darak gaplar hisoblanadi. O’sha tuyg’ularning libosi esa tashbehlar. Biroq bu tashbehlarda ham haqiqat bo’lishi kerak. Fikrni zo’rma-zo’raki , mavhum tashbehlarga ko’mib tashlash ham o’quvchini tasavvurdan chalg’itadi.

Masalan, bir shoirning shehrida:

Shamollarga aytdim rozimni,
Nechun buncha kunlarim taxir

— degan jumlalarni o’qidim.

Bunda kunlarga nisbatan taxir so’zi yopishmaydi. Chunki aniqlovchi bilan aniqlanmish ham mos kelishi kerak.

Bugungi she’riyatdagi topishmoqsifat shehrlar esa go’yo zamon rivojlanib, kishini fikrlashga undayotganday, kishining fikrini o’stirish uchun yozilayotganday tuyuladi. Lekin she’riyatning vazifasi fikrni o’stirish emas, balki tuyg’ularni tarbiyalash, kamolga yetkazish, qalb olamini bezash, go’zallikdan bahra oldirish, uni go’zallikka oshno etishdan iboratdir.

Bolaligimda kechalari ko’sak chuvib o’tirganimizda, hamma uxlab qolardi. Buvim uxlab qolmasligimiz uchun bizga ertak aytib berardi, qo’shiqlari bilan:

Suv kelar guldur-guldur,
Sevganim qizil guldur.
Sendan o’zgani desam,
O’lganim o’shal kundir…

Suv kelar axta-axta,
Sandig’ing temir taxta,
Sendan o’zgani desam,
Qon yutay laxta-laxta.

Bu xalq og’zaki ijodining go’zal namunalari, xalq dardi-tuyg’ulari bilan yo’g’rilgan, kishini hayajonga soladigan qo’shiqlar edi. Keyin “Yor-yor”ni eshitsam, g’alati hayajonga tushardim. Hozirgi bolalar ham shularni eshitsa, biz bolalikda his qilgan tuyg’ularni ular ham his qilarmikan, deb o’ylayman.

— Kishidan sabr, iroda talab qilinadigan kunlarni boshingizdan ko’p kechirdingiz. Ehtimol, dardli shoira bo’lganingizning sababi ham shundadir?

— Ehtimol. Yetti yoshimda onamdan yetim qolganman. Shungacha o’tgan kunlarim hayotimning eng baxtli lahzalari edi. Shundan keyin mendan katta odamlardan talab qilinadigan yumushlar talab qilingan. Juda og’ir kunlarni boshimdan kechirdim. Ana shu og’ir damlarni ota-onamning nekbinliklaridan olgan saboqlarim sabab sabr va shukr bilan o’tkazganman. Avval aytganimdek, qattiq g’amli kunlarimda ana shu nekbinlik meni asragan. Alloh nimaniki ravo ko’rsa, shukur qilaman.

— Bizday muxlislarni hayratlantirgan yaxshi she’rlaringiz, sermazmun suhbatingiz uchun rahmat!

035SHOIRA XOTIRASIGA
BAG’ISHLOVLAR

001

Enaxon Siddiqova
BIR BULBUL SHOIRA KETDI

Esidan og’ganday tentirar yo’llar,
Yurakka sanchildi bu kun ayriliq.
Huvillatib adabiyotni
Bir bulbul shoirang ketdi, Oltiariq.

Sayrasa Oltiariqda bu qaqnus,
Toshkentdan bulbullar kelardi ko’chib.
Kuylagisi kelar oshiq daraxtni,
Ketgisi kelardi ko’klarga uchib.

Yerdamas so’zlarda yashadi, yorab,
Millatning dardini gulga o’radi.
Qadr so’ramadi u shuncha yashab,
So’rasa birgina mehr so’radi.

Axir sen bir cho’ping yo’qotmading-ku,
Silkinib-silkinib yig’la,vodarig’.
Silkinsang gardlaring to’kilar dunyo,
Silkingin dardlaring to’kib Oltiariq.

Hayotni do’stiday asrar edi-ku,
Nechun asrolmading sen uni hayot?!
Sen uni topshirding qora tuproqqa,
Yoki g’ussalardan qildingmi ozod.

Ko’zida achchiq yosh maysalar izlar,
Yuragimni o’rtar sheorlari, naylay.
Jondo’stsiz qolgan bu yetim so’zlarni,
Azador kunlarni qandoq yupatay.

Yelkamga osilib yig’lar uzumzor,
Sochlarini yoyib yugurar bog’lar.
Qandoq yupatayin,ayting, ko’nglimni,
G’ussalar jonimni hasratda dog’lar.

Balki Mohlaroyim chorladi uni,
Balki Jahonotin yodi qo’ymadi.
Bir o’lim istadi go’zal bir o’lim.
Lekin u hayotga to’ymadi.

Ko’p ichikdi elning dardi, deb purg’am,
YO qattiq ichikdi unga shu tuproq.
Yer ustida uning do’stlari, bilmam,
Yorab, balki yerning ostida ko’proq.

Bir bulbul shoirang ketdi, Oqbo’yra,
Ruhi uchib borar so’z qanotida.
Shu vatan bag’riga nurday singidi,
Ne baxt, she’ri qoldi xalqin yodida.

Bir bulbul shoirang ketdi, Oqbo’yra!

***

Oltariqning gul arig’ida
Oq qayiqday oqib ketyapsiz.
So’zlar olib borar yelkada,
So’nggi yo’lda qalqib ketyapsiz.

Yelkanimiz sheordir ketma-ket,
Suzayotgan oq kemalarmiz.
Sog’inadi gardimiz behisht,
Dil bulbuli, hur turnalarmiz.

Xayr,endi sheor bayotida
Jannatlarga uchayotgan qush.
So’ng safaring bo’lsin bexatar,
Endi o’ngga aylanmas hur tush.

Oydin Temirova
YO’QLOV

Gullar xazin, xazin yaproqlar go’yo,
Xazon isi kelib borar bog’lardan.
Bir aziz kishisin yo’qotdi dunyo,
U ketdi bizlarni qoldirib dog’da.

Buncha g’amgin qo’shiq kuylaydi bunday,
Buncha yig’larverar yurakni ezib.
Qaytib tug’ilarmi bir shoir shunday,
Topib bo’larmikan dunyoni kezib.

Uning sheorlarida yashardi osmon,
Kuylar edi yomg’ir, gullar edi yer.
Hamma sevar edi hayotni, ammo,
Hech kim Maqsudaday yozolmasdi sheor.

Gul isi kelardi ashoorlaridan,
Aylanayin o’shal gul -u, mohlardan.
Ehtimol qushlarday uchgandir chindan,
Ko’pdan chorlayotgan u uchmohlarga.

Faqat imon so’rar edi xudodan,
Yiroq edi barcha yolg’on, riyodan,
Bir do’st edi hamma do’stdan ziyoda,
Yolg’iz o’zim qolgandayman dunyoda.

Dunyo kuzgi yaprog’ yanglig’ sarg’arib,
Ko’nglim o, ko’nglimga yog’ayotir qor,
Shoirsiz bu dunyo shunchalar g’arib,
Go’yo qaytmas bo’lib ketganday bahor.

Farg’onam, bir aziz do’stni yo’qotding,
Mayliga bir to’yib yig’lab ol bugun,
Erta Maqsudaday shoirlaringning
Qadriga oldinroq yetmog’ing uchun.

«Xurshid Davron kutubxonasi»dan: Ushbu sahifada qo’yilgan matnlarni va oldin Abdulla Sodiq she’rlarini bizga yuborgan Gulnigorga o’z minnatdorchiligimizni bildiramiz.

045

(Tashriflar: umumiy 952, bugungi 1)

Izoh qoldiring