17 феврал — Мақсуда Эргашева таваллуд топган кун
Мақсуда Эргашева истеъдодли ва, том маънода, миллат дарди билан яшаган асл ижодкор эди. Адиба таваллуд куни муносабати билан сизга тақдим этилаётган ҳикоялар, кимнингдир назарида, ҳикоя жанрининг юксак мезонларига жавоб бермас. Аммо, уларда тоталитар тузум шароитида яшаб, бугун арзимасдай туюлган, яъни оддий одамнинг кундалик ҳаётини ўз ижодида акс эттиришга уринган бу фидойи инсоннинг юксак ҳаётий матлаблари мужассам бўлганини ҳеч ким рад этолмайди.
Мақсуда Эргашева
ҲИКОЯЛАР
АРМОНЛАР
Нодира бўз этакни қўлтиғига қистириб, эринибгина далага йўл олди. Пахтага дори сепилганига анча бўлган. Ғўза барглари ҳам, уватдаги ажириқлар ҳам сарғайиб хазонга айланган. У дала уватидан бир оз ўт юлди. Бирдан… шу ерда дард тутиб қолди. Бўз этак ҳам, юлинган ўт ҳам далада қолиб кетди, зўрға уйига етиб олди.
Мана, туғруқхона… Эскилар икки туққан аёлни бир-бирига кўрсатмайдилар, “чиллали” дейишиб. Бу ердагиларнинг ҳаммаси янги кўз ёрган аёллар. Шунинг учун айримлар туғруқхонани чиллахона деб ҳам атайдилар. Кириб келганингизда барча касалхоналардаги турфа дориларнинг аралаш ҳидидан ташқари яна аллақандай бўй бошни айлантириб, кўнгилни орзиқтиради. Бу чақалоқ ва она сутининг ҳиди.
Нодира додламаслик учун пастки лабини тишлайверганидан кўкариб, шишиб кетди… Ниҳоят, қутулди!
Чап томондаги столга йўргаклаб ётқизилган чақалоқ дунёнинг барчаа кори-борини кўриб ҳафсаласи пир бўлгандек, кўзларини чирт юмиб, сокин ётарди. ”Миттигина даҳо!” хаёлидан ўтказди табиатан нуктадон бўлган Нодира.
У олиб кирилган хона тўрт кишилик бўлиб, бешта аёл жойлаштирилганди. Тўрттасининг кўзи ёриган, бешинчиси эса олти ойдан буён касахонада ётиб, олтинчи фарзандини кутаётган эди. Унга юриш мумкин эмас, лекин ҳаммадан тетик ва қувноқ.
— Ўғил кўрсам ҳам, қиз кўрсам ҳам исмини ИНТИЗОР қўяман,- дейди у, — шуни деб олти ойдан бери уйимга, болаларимга интизорман.
Дераза томонда ётган Башорат эгизак туғди. Ҳасан-Зуҳра. Уни бошқа хонага кўчиришди. Палатага фақат Нурхон билан Ҳалима опанинг чақалақларинигина эмизгани беришади. Лекин улар негадир олазарак бўлишиб, боласини хонадигилардан қизғанишади.
Нодиранинг боласини ҳали қўлига беришгани йўқ, “болангиз оғир” дейишади (“оғир” деган сўз бу ерда даҳшатли атамага айланган). Туғилганида яхши эди-ку. Нодира бу гапларга унча парво қилмай, “миттигина даҳо”сига исм излайди: гоҳ Фаридун, гоҳ Бобур…
Хонадагиларнинг энг кичиги ва гўзали Малика. У хона ўртасига қўйилган йиғма каравотда ётади. Туғиш вақтида ички аъзоларидан “етти игна” тикилгани учун ўрнидан туролмайди. Дурра остидан чиқиб турган бир тутам сочи чинни каби оппоқ ва тиниқ юзларини янада оқ, оппоқ юзлари эса қоп-қора сочларини яна ҳам қора кўрсатади. Ёноғида нимранг қизиллик, лаблари беҳолликдан шафтоли гулидек оч пушти.Бу кичкина жувоннинг фақат чароч кўзларигина болаларча маъсумлик билан чарақлайди. Унинг қизалоғи ой-куни етмай туғилгани учун даволаш бўлимига ўтказилган. Маликанинг хўжайини бўлган йигирма ёшлардаги новдадек йигитча ҳар куни уч маҳал дераза ёнига келади. Малика кичкина пиёлачага сутини соғади-да эридан чақалоғига киритади.
Бугун Маликанинг қайнонаси деразадан узоқроқ туриб товуш берди. Нодира шошиб дераза ёнига борди. Қайнонаси юзига фотиҳа тортиб, бола тамом бўлганини, олиб кетишаётганини имо-ишоралар билан тушунтирди ва бармоғини лабига босиб, Маликага билдирмасликка ишора қилиб кетди.
Малика бундан бехабар: эри одатдагидек уч маҳал дераза ёнига келади, у пиёлачага сут соғиб узатади… Бу ҳол уч кун давом этди. Малика ўрнидан туриб юра бошлади. Иссиқ халатини кийиб, боласини кўргани отланди. Ҳамма лол! Ҳеч ким “борманг, болангиз йўқ”, деб айтолмайди. Лекин болалар бўлимидагилар чақалоғини олиб кетишганига уч кун бўлганини айтишибди. Маликани беҳуш ҳолда замбилга солиб олиб келишди.
Энди Нодира ҳам безовталаниб қолди. Боласини ҳалигача эмизгани беришгани йўқ. Ялинавергач, икки мартагина кўрсатишди. Икки сафар ҳам кўзлари юмуқ эди. Бугун учинчи кун. Агар болани уч кунгача онасига беришмаса, кейин даволаш бўлимига ўтказишади, дейдилар. Нодира бундан жуда қўрқиб қолди.Ҳамширалар чақалоқларни иккита-иккитадан кўтариб онасига тарқатишаётганда Нодиранинг юраклари эзилиб, кўкраклари зирқиллайди. Қни энди унинг ҳам боласини бера қолишса! Бугун бир неча марта боласини кўрсатишларини илтимос қилди. Ҳар сафар ҳамшира қиз негадир кўзларини олиб қочиб, “шошилманг” дейди. Ниҳоят, кечқурун ҳамма чақалоқларни тарқатиб бўлгач, Нодирани чақириб кўрсатди. Чақалоқнинг қовоқлари шишган, кўзларининг таги ва лабларининг атрофи кўкариб кетган, мислсиз азоб чекаётганодамдек инграниб нафас оларди. Нодира секин врачнинг хонасига бош суқди, ҳеч ким йўқ. Даров телефонга ёпишди; “Умар ака, сизмисиз, тезроқ келинг, чақалоғимиз оғирлашиб қолибди, тезроқ…” Телефондан “ўзинг-чи, ўзинг тузукмисан?” деган товушни эшитди-ю кўз олди қоронғулашиб, бутун борлиқ шу қоронғулик чоҳига тушиб кетгандай бўлди. Уни каравотга келтириб ётқизишди.
Қоп-қора тун бағрига шовиллаб ёмғир урмоқда. Дераза ойналаридан ярақ-ярақ этиб тўкилмоқда. Икки хонагина нарида дилбанди жон чекиб, жафо тортмоқда…
Нодира эшикка қарашга ҳам, ҳамшираларнинг шапиллаган қадам товушларидан ҳам қўрқади, худди даҳшатли хабар олиб келишаётгандек… Икки кўзи деразада. Ниҳоят, ёмғирли ойна ортидан Умарнинг қундуз телпаги, оқарган юзи, тахлика ва илтижоли кўзлари кўринди.
-Кетманг, кетманг! Эрталабгача кетманг! Эри ҳўп дегандек ишора қилди. Ҳамшира келиб укол берди ва “тинчланинг болангиз яхши” деб кетди. Нодира ухлаб қолди.
Уйғонганда тунда ёмғир ювган дераза ойналарида қуёшнинг олтин нурлари ярақлар, олам ажиб бир мунавварлик билан фаровон эди.НОдиранинг чақалоғини эса бир метр оқ сурупга ўраб, аллақачон Умарнинг қўлига тутқазишганди.
Нодирага жавоб беришди. Бўм-бўш икки қўлини ёнига осилтириб туғруқхона эшигидан чиқди. Бу эшикдан шундай алпозда чиқиш даҳшатини ҳеч кимга солмасиин. Катак матодан тикилган халта кўтариб олган Умар Нодиранинг қоғоздек оқариб кетган юзларига қарай олмас, бошини эгиб борарди. Ахир, у ҳам гулдасталар олиб келиб, чақалоқ кўтариб кетишни орзу қилмаганмиди!
Машинанинг орқа эшиги очилиши билан Нодира ўзини ўриндиққа ташлади. Машина туманли йўлдан оҳиста юриб кетди. Бу чексиз туманликнинг адоғи йўқки, машина ҳам олдига эмас, орқада кетаётганга ўхшар эди. Рулда ўтирган Умар орқасига ўгирилиб қараб-қараб қўярди.
Чақалоққа исм қўйиб кўмдиларингизми? – сўради Нодира. Агар чақалоқ йиғлаб туриб туғилса, бир дақиқа яшаган бўлса ҳам исм қўйиб жаноза ўқилишини қайнонасидан эшитган эди.
— Ҳа, исм қўйдик. Орқангдаги китобни олгин, ичида бир варақ қоғоз бор…
Нодира орқасига ўгирилиб зангори муқовали китобни кўрди: “ЙИЛЛАР АРМОНИ”. Худди шу лаҳза Нодира шоирнинг дардли сатрларини эслади:
Билмадим, сен қандай йўлчи қуш эдинг,
Бир зум қўниб ўтдинг ошиёнимга.
Билмадим, сен қандай сирли туш эдинг,
Кўз очсам, ҳасратлар солдинг жонимга.
Нодира китобни варақлаган эди, букданган қоғоз чиқди.. Худди ўша қоғоз қўйилган бетда ҳозиргина эслаган шеъри ҳам бор эди, давомини ўқиди:
Менга-ку ариқда оққан сувни ҳам,
Гоҳо миннат билан узатди дунё,
Нетай, полапоним, бу зиқна олам
Сенга ўшани ҳам кўрмабди раво.
Қоғозга Умарнинг дастхати билан шундай сўзлар битилганди:”Кимки бу дунёга келибди, ундан бирор хотира қолади. Сендан нима қолди, дилбандим? Сенинг на йиғлаганингни, на кулганингни кўролдим…Миттию муздек жасадингнигина тутдим, холос. Ахир дунёга келган ҳар бир чақалоқ минг яшашга қобил туғилади, дейишади-ку. Сенинг минг йиллик ҳаётингни ким уч кунликка учратди?! Сен кимларга гуноҳ қилган эдингки, бу ёруғ дунёда уч кунгина яшаб, уч кун азоб чекдинг ва яшамоқдан юз ўгирдинг. Нега? Сендан менга йиллар давомида қалбимда асраганим – исминггина ёдгор бўлиб қолди, ўғлим, Элмуроджон!”
Машина туманли дунё ичида оҳиста сузади. Нодиранинг юзи бўздек. Киприклар орасидан захаролуд томчилар сизиб, қонсиз лабларига тўкилмоқда.
Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газ., 1989 йил 21 март.
МУНИСАНИНГ АЯСИ
Қатра
Мунисанинг аяси даладан қайтди.Бошидаги катта бир боғлам ўтни тап эткизиб ташлади. Турли гиёҳларнинг ўткир ҳидлари ҳовлини тутди.Муниса ҳар галгидек аясининг оёғи остида ўралашаверади. Ғалати. Аясидан бир ажойиб ҳид таралади. Муниса ана шу ҳидни тўйиб-тўйиб ҳидлагиси келади, келаверади. Аяси юмушларини бажаргунча Муниса ухлаб қолади. Уйғонганда эса аллақачон далага кетган бўлади. У кечгача аясининг бўйини қўмсайди. Қани, у ҳам укаси каби аясининг қучоғида ухласа! Аяжонисидан таралган муаттар бўйни тўйиб-тўйиб ҳидласа. Бунинг укаси каби кичкина бўлиши керак. Муниса эса катта.Нега одамлар кичикдан катта бўладилар-а? Агар каттадан кичик бўлса қандай яхшийди.
Муниса ҳам кичрайиб-кичрайиб худди укасидек бўлиб қолар эди. Аясининг қучоғида ухларди.
Аяси даладан қолган кунлари ҳам бир зум тинмайди. Бувиси “Бу ишни қилмабсиз.. Манови иш қолиб кетибди…” деб бақираверади. “Иш ҳам ўлсин!” – дея йиғлайди онаси.
Бир кун аяси кўрпачада ўтириб сабзи тўғраётганди. Муниса секин борди-да, қўлтиғи орасидан қучоғига бош суқди. Ўша муаттар бўйни бир лаҳза туйди. Лекин аяси қаттиқ силтаб, итариб юборди. Йиғлаётган экан. Ўзиям қизиқ-да, дадаси бақирмай гапирса ҳам йиғлайверади. Йиғлоқ! Лекин йиғлаганини бировга кўрсатмайди.
Бугун Муниса ғалати бўляпти. Оғзидан иссиқ чиқяпти, кўзлари ачишиб, ёшланяпти. У қўғирчоғини бағрига босиб сўрига чиқиб ётди. Оёқлари, қўллари совқотяпти. Кўзини очган эди, хира пушти ранг туманлик ичидан катта-катта тошлар устига туша бошлади. Бир катта тош Мунисанинг нақ кўксига тушди. Қаттиқ эмас, лекин жуда оғир. У тош бутун вужудини эза бошлади. Нафаси тиқилди. “Ая, аяжон!” Овози чиқмади. Бирдан ўша қадрдон муаттар бўй димоғига урилди. Аяси!
— Ўргулай сендан, нима бўлди?! Ўзим ўргилай, касал бўлиб қолибсан-ку!
Аясининг кўзидан оққан ёшлар Мунисанинг юзларига, лабларига тўкила бошлади. У лабларида кўз ёшларининг шўртак таъмини ва димоғида аяжонисининг муаттар бўйини туйди.
О, касал бўлиш қандай яхши экан! Энди аясининг қучоғида ухлайди…
Манба:“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газ., 1988 йил 4 ноябрь
ТИРИКЛИК БАНДАЛАРИ
Хайринисо хола сепараторни ғириллатиб утнинг ёғини олмоқда. Олтмиш ёшлардаги бу қорача аёлнинг ўртаси доим тугун турадиган қошлари хийла баджаҳллигидан далолат беради.
— Алишер, чиқсанг-чи, жувонмарг! Молга ўт юлиб келмайсанми?
— Ҳозир, бувижон, мултьфильм бўляпти.
— Ҳе, ўша мультфильм қўйганларни уйи куйсин! Мултпилмни шаҳарлик бекорчиларга чиқарган. Ўша мултпилим сенга нон берадими, чиқ бу ёққа!
Уйдан тўққиз-ўн ёшлардаги, оқ сариқдан келган шумгина болакай чиқди. Бувисининг қаймоқ олаётганини кўриб, қайтиб кириб кетди-да бир бурда нон олиб чиқди.
— Қаймоққа нонимни бир ботирай, жон бувижон!
— Ҳа, қаймоқ емай захарни егур! Ўт юлиб кел, деса мултпилим кўрасан, — бола бувисининг орқасидан бир зум турди-да, ярим бўлаёзган косага нонни ботириб, молхона томонга қочди.
У ердан этак-ўроқни олгач, чавра-тўсиқдан бир сакраб ўтиб, дала томонга кетди.
Уйдан етти-саккиз ёшлардаги рангпар, қора кўзлари катта-катта қизча бўйинлари иплиғдек ингичка озғин болачани кўтариб чиқди. Болача ҳам бувисининг қаймоқ лолаётганини кўриб, “лал-ла, лал-ла” дея талпина бошлади.
— Зулфия, бор, уйдан нон олиб чиқ.
Зулфия укасини бувисининг ёнига ўтқизиб, бир бурда нон олиб чиқди.
Сепараторнинг бир томонидан пуштитоб қаймоқ, бир томонидан эса кўпикланиб кўкимтир сут тушмоқда. Буви нонни иккига бўлиб, кичикроқ бурдасига Жаҳонгирга, каттароқ бурдасига Зулфияга қаймоқ ботириб берди. Зулфия нонни бувисининг қўлидан олиб улгурмай, жаҳонгир қаймоқни юз-кўзлари аралаш суртиб, оғзига тиқиб, яна бувиси томон қўл чўзиб турарди.
— Бўлди, бас, кўтар укангни. Ўзи уч кундан буён бир коса қаймоқ йиғолмайман.
Зулфия қўлидаги қаймоққа ботирилган нонни укасига тутқизди. Бу қизча ўз ёшига номуносиб равишда ўйчан ва меҳрибон эди. Овқатига тушган бир тишлам гўштни ёки чойга соладиган бир дона қандни ҳам укаси ё ойисига илинади. Алишер эса, аксинча, олғир, укасининг оғзидагини ҳам узиб еб кетаверади. Айниқса, Зулфия ўзидан кичик синглиси Зулфизар сариқ бўлиб ўлгандан буён маъюс бўлиб қолган.
— Болангиз жуда камқон экан, шунинг учун касал оғир кечяпти. Унга тухум, мева, сут-қатиқ каби оқсилга бой овқатлардан кўпроқ бериб туриш керак, ҳадемай тузалиб кетади, — дейишди врачлар. Зулфизар тузалиб кетмади…
Хайринисо хола оиланинг ҳукмдори. Гургутдан тортиб тузгача унинг ихтиёрида. Ҳукмфармонлик ҳисси унинг қонида бор. Отаси қишлоқнинг катта бойларидан бўлиб, кейинчалик барча мол-мулки колхозга ўтказилиб, ўзи қулоқ қилинган экан. Катта ўғли чўлга кўчиб кетган. Қизини қўшни қишлоққа узатган. Ҳозир кичик ўғли Ислом билан бирга туради.
Ёшлигида отасиз ўсган исломнинг омади юришмади. Унинг ажойиб сеҳрли овози бор эди. Бир маҳаллар театр ва рассомлик институтига ҳам ҳужжат топширган. Онасининг йиққан-терган 200 сўм пули биринчи имтиҳонни топширгунча зўрға етди. У биринчи имтиҳондан “4” баҳо олган бўлса ҳам кейинги имтиҳонларга бормади. Бу ёғига тошкентдек шаҳри азимда ўқиб, яшаб кетишга кўзи етмади. Сўнг ўзи ўқиган мактабнинг гўзали Моҳпорага уйланди. Кетма-кет фарзандлар туғилди. Шеърлар ёзиб юрадиган Моҳпорадан ҳозир “М” ҳарфи ҳам қолмаган. Юзларини доғ босган, ранги захил, новдадек нозик бир жувонга айланган.
Сепаратор ҳамон ғириллаб, Хайринисо холанинг елкаси тинмай силкинар эди. Шу пайт дарвозадан қўлига бир литрли банка ушлаган хушрўйгина қиз кириб келди. Хайринисо билан сўрашгач:
— Ойим манови пулга қаймоқ олиб чиққин, дедилар, — дея 5 сўмлик пулни узатди. Хола қизнинг қўлидаги шиша банкани чаққон олди ва уйдан худди шундай банкада тўла қаймоқ олиб чиқди.
— Ҳай, пулни қўявермайсанми, болам. Тирикчилик-тирикчилик деб шуни айтарканлар-да. Болаларнинг оғзидан узиб шу қаймоқни бир ҳафта йиғдим.
— Йўқ, холажон, олинг, мол боқиб сиигир соғиш осон эканми.
— Хайринисо қизни энди кузатиб турган эди, велосипедни етаклаб, кир-чанг ва қорамойга беланган Ислом келиб қолди
— Хорма, ўғлим. Яхши келиб қолдинг. Чойингни ичгин, манови 5 сўм пулга бир кило гўшт олиб келасан.
— Пулни қаердан олдингиз? – Уйда бир тийин ҳам пул қолмаганини у яхши биларди. Яқинда Моҳпоранинг боласига чиққан 35 сўм нафақа пулига бир қоп ун ва алишерга мактабга спорт форма олган дилар.
— Анови муаллим рухсоранинг қизи қаймоққа чиққан экан.
— Эҳ, онажон, нега қаймоқ сотасиз-а? Ўша қаймоқни маош чиққунча пиёва-сиёва қилиб турсангиз бўларди-ку.
— Нима қилай, болам, бу колхоз ўша 30-40 сўм маошни ҳам ўз вақтида бера қолса экан. Мени-ку қўявер, манови гўдакларингнинг ҳам бир тишлам гўштга юраги эзилади.
Кечга томон қўлида гўшт, оғзида кулги билан Ислом ишдан келди. Моҳпора эрининг қўлидан гўштни олиб, қон сели юққан қоғоздан ажрата бошлади. Гўштнинг бюир қисми пайдан иборат тизза суягидан, бир қисми без аралаш ёғ, қолган бир парчасигина талиғ мол гўшти эди.
— Бугун муборак қўлингиз билан бир палов дамлангиз-да, пари! – Моҳпора эрига ён қараб, доғ остида қолиб кетган кулгичларини кўрсатиб кулиб қўйди.
Нариги уйдан Хайринисо хола чиқди.
— Гўштдан озгина олиб қўйинг, келин. Эртага манти тугиб берсангиз, Меҳринисо холангиз анчадан буён баннисада, бир ров кўриб келаман. Суяк-салағини ажратиб қўйсангиз, бир-икки кун шўрва пишириб берасиз, ҳарна мазаси чиқади.
Моҳпора гаранг бўлиб қолди: бир шапалоқ гўштдан палов бўладими, мантими ёки шўрва..
Дастурхон устида кичкина гўшт билан палов келди. Дастурхон атрофида ўтирган кичкиналарнинг икки кўзи лаган ўртасидаги гўштда эди. Ҳатто дадасининг орқасида той-той турган Жаҳонгир ҳам икки дона гурунч тишини кўрсатиб илжаяр ва “жиш-ша, жиш-ша!” дея чапак чалар эди.
Ислом гўштни олиб майда-майда бўлакчаларга бўлди. Ва палов устига босди.
— Бисмилоҳу раҳмону раҳим, қани болалар паловга қаранглар, — дея биринчи бўлиб буви қўл чўзди.
Алишернинг қўли тез-тез лаган ўртасидаги гўштга югурар эди.
— Беодоб бўлма, Алишер! – тартибга чақирди Моҳпора.
Лаганга икки-уч марта қўллар бориб-келгач, палов устида қорайиб турган нарсанинг чанги чиқди. Ислом билан Моҳпора бир тишлам гўшт емадилар ҳисоб. Ислом қўлига тушган гўштни Хайритнисо холанинг олдига ташлар, Моҳпора эса кичкина Жаҳонгирга берар эди.
Эртасига тушликда Ислом тракторчилар билан чой ичмай, уйга йўл олди. Мохпора Меҳринисо холага атаб манти тугаётган эди. Ислом қўлини ювди. Моҳпора бир дона атиргул нусхаси тикилган плопукли сочиқ олиб чиқди. Шу пайт алланарсалар дея шанғиллаб қўшнилари Саломат янга чиқиб қолди. Янга бир қўлида калласи узилиб, патининг ярми юлинган чипор товуқнинг оёғидан ушлаб олган. Бир қўли билан эса алишернинг қўлидан маҳкам ушлаб сургалаб келарди.
— Кўрдингизми, бу зумрашанни?! Товуғимни сўйиб, жўхорипоянинг ичида патини юлаётган экан, ушлаб олдим. Ҳар куни тухум қиладиган зотдор товуқ эди. Шунинг тўртта тухуми етимчаларимга бир маҳал овқат бўларди…
Саломат янганинг эри Сайдамат гўл жуда ювош одам эди. Бир мавсумда бригадир уни дефолиация қилаётган самолётларга йўл кўрсатибпайкал четида туришга қўйган экан.
— Биз ҳам байроқдор бўлиб кетдик, ҳукуматнинг қизил байроғини кўтариб турибмиз, — дея мақтаниб юрди. Лекин қишга бориб лахта-лахта қон ташлаб ўлди. Айтишларича, жигари ириб кетган эмиш. Саломат янга тўртта майда бола билан қолган.
Ислом қўлида сочиқ билан тахта бўлиб қолди. Ўзи умрида чумчуқ ҳам сўймаган. Тўққиз ёшдан энди ўтган алишернинг товуқ қанотларини босиб туриб бўйнига пичоқ тортишини тасаввур қилиб, сесканиб кетди. Аста-аста бориб, боланинг иягидан ушлади.
— Нима қилдинг, даюс?!
Бола кўзларидан қоп-қора учқунлар сачратиб дадасига қараб турар, ҳатто киприк ҳам қоқмасди.
— Нима қилдинг деяпман, сенга? Сени ўғри бўлсин, жаллод бўлсин деб исмингни Алишер қўйибмидим!!!
Шундай дея боланинг оғзи-бурни аралаш шапалоқ тортиб юборди. Алишернинг бурнидан шариллаб қон оқа кетди. У бир қалқиб кетди, лекин йиғламади. Қонни кўриб Моҳпора ҳушига ёнди:
— Урманг, дадаси, энди қилмайди
— Оғзингни юм, қанжиқ!
“Қанжиқ” деган сўз Моҳпоранинг кўксига ғарч этиб санчилди. Исломнинг болани яна урмоққа кўтарилган қўллари осилди.
— Урманг, деяпман сизга! Балки егиси келгандир, бир тишлам гўштга юраклари эзилгандир. Ёки сиз уйга кило-кило гўшт кўтариб келяпсизми? Оч баччағардан қоч баччағар деганлар. Эй худо, шу болаларни увол қилмай, тирноққа зорларга берсанг бўлмасмиди-и-и.
Моҳпора охирги “и-и” товушини тишини босиб туриб қақшиб айтди ва доғ босган юзларига шашқатор ёшлар оқиб туша бошлади. Ислом унинг юзига қаттиқ қаради. Ҳозиргинга қулоғи остида жаранглаган сўзлар моҳиятини англай бошлади. Англади-ю ҳали “қанжиқ” деган сўз юбилан Моҳпоранинг қалбига санчилган ўтмас пичоқ энди унинг юрагига санчилди. Сочилди-ю кқксини сангиллаб оғрита бошлади. У алланарсани олмоқчи бўлгандек чап кўкрагини сийпалади ва ўтириб қолди…
МЕНИНГ ҲАЁТ ДЎСТИМ
У жуда мағрур ва чапанироқ. Мактабда биров менга “ғиринг” деса, кўйлаги узилиб тушугунча муштлашар эди. Агар уришиб қолсак, у сира биринчи бўлиб гапирмайди, шунинг учун ҳам асло уришмаймиз. У сира менга кўйлаклик учун мато олиб келмаган, тўғрироғи қанақа мато кўйлак бўлишини билмайди. Яхшиси пулини ўзимга беради, мен ўзимга ёққан нарсани сотиб оламан.
Унга айни қишчоғи қулупнай егим келди, десам, Тошкентдан бўлса ҳам топиб келади. Мен қўзиқоринларни яхши кўраман. У менга ҳар доим теракзордан қўзиқорин териб келади. У ҳеч қандай овқатни пиширишни билмайди. Ҳатто мен йўғимда чой қайнатса ҳам эсидан чиқиб, чойнакдаги сув қуриб қолади. Ҳеч қачон сигарие қолдиқларини токчага ёки хонтахтага қўймайди. Кулдонни ҳам кўздан йироқроқ жойга қўяди.
У ҳеч қачон менга байрамларда гул совға қилмаган, туғруқхонага ҳам гул олиб бормаган. Лекин бир куни… Ҳайдовчи бўлгани учун узоқ сафарга кетди. Қиш чиққан бўлса ҳам анча совуқ эди. Саҳар пайти юзимга бахмалдек майин нарсанинг шарпаси тегди. Кўзимни очиб даставвал аллақандай қирмизи рангларни илғадим. У тоғдан бир қучоқ лола олиб келиб, ёстиғим устини тўлдириб қўйган экан.
Эртасига лолаларни мактабга – иш жойимга олиб бордим. Бир зумда бутун мактаб “лолазор”га айланди. Синфхоналар пештоқида лола… қизалоқларнинг сочида, йигитларнинг бамоғи орасида лола… кекса домлаларнинг кўкрак чўнтагида лола.. фарроош холанинг қулоғида лола…
У мен нима айтсам ҳаммаасини бажараверадиган эркак эмас. Агар бирор гап айтсам, унга маъқул бўлсагина қилади. У ёлғонни ва сохталикни ёқтирмайди. Қисқасси у инсофли ва диёнатли инсон. Менга шунинг ўзи етади.
Манба: “Қалб садоси” газетаси, 2003 йил 21 май № 9-10
Maqsuda Ergasheva
HIKOYALAR
ARMONLAR
Nodira bo‘z etakni qo‘ltig‘iga qistirib, erinibgina dalaga yo‘l oldi. Paxtaga dori sepilganiga ancha bo‘lgan. G‘o‘za barglari ham, uvatdagi ajiriqlar ham sarg‘ayib xazonga aylangan. U dala uvatidan bir oz o‘t yuldi. Birdan… shu yerda dard tutib qoldi. Bo‘z etak ham, yulingan o‘t ham dalada qolib ketdi, zo‘rg‘a uyiga yetib oldi.
Mana, tug‘ruqxona… Eskilar ikki tuqqan ayolni bir-biriga ko‘rsatmaydilar, “chillali” deyishib. Bu yerdagilarning hammasi yangi ko‘z yorgan ayollar. Shuning uchun ayrimlar tug‘ruqxonani chillaxona deb ham ataydilar. Kirib kelganingizda barcha kasalxonalardagi turfa dorilarning aralash hididan tashqari yana allaqanday bo‘y boshni aylantirib, ko‘ngilni orziqtiradi. Bu chaqaloq va ona sutining hidi.
Nodira dodlamaslik uchun pastki labini tishlayverganidan ko‘karib, shishib ketdi… Nihoyat, qutuldi!
Chap tomondagi stolga yo‘rgaklab yotqizilgan chaqaloq dunyoning barchaa kori-borini ko‘rib hafsalasi pir bo‘lgandek, ko‘zlarini chirt yumib, sokin yotardi. ”Mittigina daho!” xayolidan o‘tkazdi tabiatan nuktadon bo‘lgan Nodira.
U olib kirilgan xona to‘rt kishilik bo‘lib, beshta ayol joylashtirilgandi. To‘rttasining ko‘zi yorigan, beshinchisi esa olti oydan buyon kasaxonada yotib, oltinchi farzandini kutayotgan edi. Unga yurish mumkin emas, lekin hammadan tetik va quvnoq.
— O‘g‘il ko‘rsam ham, qiz ko‘rsam ham ismini INTIZOR qo‘yaman,- deydi u, — shuni deb olti oydan beri uyimga, bolalarimga intizorman.
Deraza tomonda yotgan Bashorat egizak tug‘di. Hasan-Zuhra. Uni boshqa xonaga ko‘chirishdi. Palataga faqat Nurxon bilan Halima opaning chaqalaqlarinigina emizgani berishadi. Lekin ular negadir olazarak bo‘lishib, bolasini xonadigilardan qizg‘anishadi.
Nodiraning bolasini hali qo‘liga berishgani yo‘q, “bolangiz og‘ir” deyishadi (“og‘ir” degan so‘z bu yerda dahshatli atamaga aylangan). Tug‘ilganida yaxshi edi-ku. Nodira bu gaplarga uncha parvo qilmay, “mittigina daho”siga ism izlaydi: goh Faridun, goh Bobur…
Xonadagilarning eng kichigi va go‘zali Malika. U xona o‘rtasiga qo‘yilgan yig‘ma karavotda yotadi. Tug‘ish vaqtida ichki a’zolaridan “yetti igna” tikilgani uchun o‘rnidan turolmaydi. Durra ostidan chiqib turgan bir tutam sochi chinni kabi oppoq va tiniq yuzlarini yanada oq, oppoq yuzlari esa qop-qora sochlarini yana ham qora ko‘rsatadi. Yonog‘ida nimrang qizillik, lablari behollikdan shaftoli gulidek och pushti.Bu kichkina juvonning faqat charoch ko‘zlarigina bolalarcha ma’sumlik bilan charaqlaydi. Uning qizalog‘i oy-kuni yetmay tug‘ilgani uchun davolash bo‘limiga o‘tkazilgan. Malikaning xo‘jayini bo‘lgan yigirma yoshlardagi novdadek yigitcha har kuni uch mahal deraza yoniga keladi. Malika kichkina piyolachaga sutini sog‘adi-da eridan chaqalog‘iga kiritadi.
Bugun Malikaning qaynonasi derazadan uzoqroq turib tovush berdi. Nodira shoshib deraza yoniga bordi. Qaynonasi yuziga fotiha tortib, bola tamom bo‘lganini, olib ketishayotganini imo-ishoralar bilan tushuntirdi va barmog‘ini labiga bosib, Malikaga bildirmaslikka ishora qilib ketdi.
Malika bundan bexabar: eri odatdagidek uch mahal deraza yoniga keladi, u piyolachaga sut sog‘ib uzatadi… Bu hol uch kun davom etdi. Malika o‘rnidan turib yura boshladi. Issiq xalatini kiyib, bolasini ko‘rgani otlandi. Hamma lol! Hech kim “bormang, bolangiz yo‘q”, deb aytolmaydi. Lekin bolalar bo‘limidagilar chaqalog‘ini olib ketishganiga uch kun bo‘lganini aytishibdi. Malikani behush holda zambilga solib olib kelishdi.
Endi Nodira ham bezovtalanib qoldi. Bolasini haligacha emizgani berishgani yo‘q. Yalinavergach, ikki martagina ko‘rsatishdi. Ikki safar ham ko‘zlari yumuq edi. Bugun uchinchi kun. Agar bolani uch kungacha onasiga berishmasa, keyin davolash bo‘limiga o‘tkazishadi, deydilar. Nodira bundan juda qo‘rqib qoldi.Hamshiralar chaqaloqlarni ikkita-ikkitadan ko‘tarib onasiga tarqatishayotganda Nodiraning yuraklari ezilib, ko‘kraklari zirqillaydi. Qni endi uning ham bolasini bera qolishsa! Bugun bir necha marta bolasini ko‘rsatishlarini iltimos qildi. Har safar hamshira qiz negadir ko‘zlarini olib qochib, “shoshilmang” deydi. Nihoyat, kechqurun hamma chaqaloqlarni tarqatib bo‘lgach, Nodirani chaqirib ko‘rsatdi. Chaqaloqning qovoqlari shishgan, ko‘zlarining tagi va lablarining atrofi ko‘karib ketgan, mislsiz azob chekayotganodamdek ingranib nafas olardi. Nodira sekin vrachning xonasiga bosh suqdi, hech kim yo‘q. Darov telefonga yopishdi; “Umar aka, sizmisiz, tezroq keling, chaqalog‘imiz og‘irlashib qolibdi, tezroq…” Telefondan “o‘zing-chi, o‘zing tuzukmisan?” degan tovushni eshitdi-yu ko‘z oldi qorong‘ulashib, butun borliq shu qorong‘ulik chohiga tushib ketganday bo‘ldi. Uni karavotga keltirib yotqizishdi.
Qop-qora tun bag‘riga shovillab yomg‘ir urmoqda. Deraza oynalaridan yaraq-yaraq etib to‘kilmoqda. Ikki xonagina narida dilbandi jon chekib, jafo tortmoqda…
Nodira eshikka qarashga ham, hamshiralarning shapillagan qadam tovushlaridan ham qo‘rqadi, xuddi dahshatli xabar olib kelishayotgandek… Ikki ko‘zi derazada. Nihoyat, yomg‘irli oyna ortidan Umarning qunduz telpagi, oqargan yuzi, taxlika va iltijoli ko‘zlari ko‘rindi.
-Ketmang, ketmang! Ertalabgacha ketmang! Eri ho‘p degandek ishora qildi. Hamshira kelib ukol berdi va “tinchlaning bolangiz yaxshi” deb ketdi. Nodira uxlab qoldi.
Uyg‘onganda tunda yomg‘ir yuvgan deraza oynalarida quyoshning oltin nurlari yaraqlar, olam ajib bir munavvarlik bilan farovon edi.NOdiraning chaqalog‘ini esa bir metr oq surupga o‘rab, allaqachon Umarning qo‘liga tutqazishgandi.
Nodiraga javob berishdi. Bo‘m-bo‘sh ikki qo‘lini yoniga osiltirib tug‘ruqxona eshigidan chiqdi. Bu eshikdan shunday alpozda chiqish dahshatini hech kimga solmasiin. Katak matodan tikilgan xalta ko‘tarib olgan Umar Nodiraning qog‘ozdek oqarib ketgan yuzlariga qaray olmas, boshini egib borardi. Axir, u ham guldastalar olib kelib, chaqaloq ko‘tarib ketishni orzu qilmaganmidi!
Mashinaning orqa eshigi ochilishi bilan Nodira o‘zini o‘rindiqqa tashladi. Mashina tumanli yo‘ldan ohista yurib ketdi. Bu cheksiz tumanlikning adog‘i yo‘qki, mashina ham oldiga emas, orqada ketayotganga o‘xshar edi. Rulda o‘tirgan Umar orqasiga o‘girilib qarab-qarab qo‘yardi.
Chaqaloqqa ism qo‘yib ko‘mdilaringizmi? – so‘radi Nodira. Agar chaqaloq yig‘lab turib tug‘ilsa, bir daqiqa yashagan bo‘lsa ham ism qo‘yib janoza o‘qilishini qaynonasidan eshitgan edi.
— Ha, ism qo‘ydik. Orqangdagi kitobni olgin, ichida bir varaq qog‘oz bor…
Nodira orqasiga o‘girilib zangori muqovali kitobni ko‘rdi: “YILLAR ARMONI”. Xuddi shu lahza Nodira shoirning dardli satrlarini esladi:
Bilmadim, sen qanday yo‘lchi qush eding,
Bir zum qo‘nib o‘tding oshiyonimga.
Bilmadim, sen qanday sirli tush eding,
Ko‘z ochsam, hasratlar solding jonimga.
Nodira kitobni varaqlagan edi, bukdangan qog‘oz chiqdi.. Xuddi o‘sha qog‘oz qo‘yilgan betda hozirgina eslagan she’ri ham bor edi, davomini o‘qidi:
Menga-ku ariqda oqqan suvni ham,
Goho minnat bilan uzatdi dunyo,
Netay, polaponim, bu ziqna olam
Senga o‘shani ham ko‘rmabdi ravo.
Qog‘ozga Umarning dastxati bilan shunday so‘zlar bitilgandi:”Kimki bu dunyoga kelibdi, undan biror xotira qoladi. Sendan nima qoldi, dilbandim? Sening na yig‘laganingni, na kulganingni ko‘roldim…Mittiyu muzdek jasadingnigina tutdim, xolos. Axir dunyoga kelgan har bir chaqaloq ming yashashga qobil tug‘iladi, deyishadi-ku. Sening ming yillik hayotingni kim uch kunlikka uchratdi?! Sen kimlarga gunoh qilgan edingki, bu yorug‘ dunyoda uch kungina yashab, uch kun azob chekding va yashamoqdan yuz o‘girding. Nega? Sendan menga yillar davomida qalbimda asraganim – isminggina yodgor bo‘lib qoldi, o‘g‘lim, Elmurodjon!”
Mashina tumanli dunyo ichida ohista suzadi. Nodiraning yuzi bo‘zdek. Kipriklar orasidan zaxarolud tomchilar sizib, qonsiz lablariga to‘kilmoqda.
Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gaz., 1989 yil 21 mart.
MUNISANING AYASI
Qatra
Munisaning ayasi daladan qaytdi.Boshidagi katta bir bog‘lam o‘tni tap etkizib tashladi. Turli giyohlarning o‘tkir hidlari hovlini tutdi.Munisa har galgidek ayasining oyog‘i ostida o‘ralashaveradi. G‘alati. Ayasidan bir ajoyib hid taraladi. Munisa ana shu hidni to‘yib-to‘yib hidlagisi keladi, kelaveradi. Ayasi yumushlarini bajarguncha Munisa uxlab qoladi. Uyg‘onganda esa allaqachon dalaga ketgan bo‘ladi. U kechgacha ayasining bo‘yini qo‘msaydi. Qani, u ham ukasi kabi ayasining quchog‘ida uxlasa! Ayajonisidan taralgan muattar bo‘yni to‘yib-to‘yib hidlasa. Buning ukasi kabi kichkina bo‘lishi kerak. Munisa esa katta.Nega odamlar kichikdan katta bo‘ladilar-a? Agar kattadan kichik bo‘lsa qanday yaxshiydi.
Munisa ham kichrayib-kichrayib xuddi ukasidek bo‘lib qolar edi. Ayasining quchog‘ida uxlardi.
Ayasi daladan qolgan kunlari ham bir zum tinmaydi. Buvisi “Bu ishni qilmabsiz.. Manovi ish qolib ketibdi…” deb baqiraveradi. “Ish ham o‘lsin!” – deya yig‘laydi onasi.
Bir kun ayasi ko‘rpachada o‘tirib sabzi to‘g‘rayotgandi. Munisa sekin bordi-da, qo‘ltig‘i orasidan quchog‘iga bosh suqdi. O‘sha muattar bo‘yni bir lahza tuydi. Lekin ayasi qattiq siltab, itarib yubordi. Yig‘layotgan ekan. O‘ziyam qiziq-da, dadasi baqirmay gapirsa ham yig‘layveradi. Yig‘loq! Lekin yig‘laganini birovga ko‘rsatmaydi.
Bugun Munisa g‘alati bo‘lyapti. Og‘zidan issiq chiqyapti, ko‘zlari achishib, yoshlanyapti. U qo‘g‘irchog‘ini bag‘riga bosib so‘riga chiqib yotdi. Oyoqlari, qo‘llari sovqotyapti. Ko‘zini ochgan edi, xira pushti rang tumanlik ichidan katta-katta toshlar ustiga tusha boshladi. Bir katta tosh Munisaning naq ko‘ksiga tushdi. Qattiq emas, lekin juda og‘ir. U tosh butun vujudini eza boshladi. Nafasi tiqildi. “Aya, ayajon!” Ovozi chiqmadi. Birdan o‘sha qadrdon muattar bo‘y dimog‘iga urildi. Ayasi!
— O‘rgulay sendan, nima bo‘ldi?! O‘zim o‘rgilay, kasal bo‘lib qolibsan-ku!
Ayasining ko‘zidan oqqan yoshlar Munisaning yuzlariga, lablariga to‘kila boshladi. U lablarida ko‘z yoshlarining sho‘rtak ta’mini va dimog‘ida ayajonisining muattar bo‘yini tuydi.
O, kasal bo‘lish qanday yaxshi ekan! Endi ayasining quchog‘ida uxlaydi…
Manba:“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gaz., 1988 yil 4 noyabr
TIRIKLIK BANDALARI
Xayriniso xola separatorni g‘irillatib utning yog‘ini olmoqda. Oltmish yoshlardagi bu qoracha ayolning o‘rtasi doim tugun turadigan qoshlari xiyla badjahlligidan dalolat beradi.
— Alisher, chiqsang-chi, juvonmarg! Molga o‘t yulib kelmaysanmi?
— Hozir, buvijon, multfilm bo‘lyapti.
— He, o‘sha multfilm qo‘yganlarni uyi kuysin! Multpilmni shaharlik bekorchilarga chiqargan. O‘sha multpilim senga non beradimi, chiq bu yoqqa!
Uydan to‘qqiz-o‘n yoshlardagi, oq sariqdan kelgan shumgina bolakay chiqdi. Buvisining qaymoq olayotganini ko‘rib, qaytib kirib ketdi-da bir burda non olib chiqdi.
— Qaymoqqa nonimni bir botiray, jon buvijon!
— Ha, qaymoq yemay zaxarni yegur! O‘t yulib kel, desa multpilim ko‘rasan, — bola buvisining orqasidan bir zum turdi-da, yarim bo‘layozgan kosaga nonni botirib, molxona tomonga qochdi.
U yerdan etak-o‘roqni olgach, chavra-to‘siqdan bir sakrab o‘tib, dala tomonga ketdi.
Uydan yetti-sakkiz yoshlardagi rangpar, qora ko‘zlari katta-katta qizcha bo‘yinlari iplig‘dek ingichka ozg‘in bolachani ko‘tarib chiqdi. Bolacha ham buvisining qaymoq lolayotganini ko‘rib, “lal-la, lal-la” deya talpina boshladi.
— Zulfiya, bor, uydan non olib chiq.
Zulfiya ukasini buvisining yoniga o‘tqizib, bir burda non olib chiqdi.
Separatorning bir tomonidan pushtitob qaymoq, bir tomonidan esa ko‘piklanib ko‘kimtir sut tushmoqda. Buvi nonni ikkiga bo‘lib, kichikroq burdasiga Jahongirga, kattaroq burdasiga Zulfiyaga qaymoq botirib berdi. Zulfiya nonni buvisining qo‘lidan olib ulgurmay, jahongir qaymoqni yuz-ko‘zlari aralash surtib, og‘ziga tiqib, yana buvisi tomon qo‘l cho‘zib turardi.
— Bo‘ldi, bas, ko‘tar ukangni. O‘zi uch kundan buyon bir kosa qaymoq yig‘olmayman.
Zulfiya qo‘lidagi qaymoqqa botirilgan nonni ukasiga tutqizdi. Bu qizcha o‘z yoshiga nomunosib ravishda o‘ychan va mehribon edi. Ovqatiga tushgan bir tishlam go‘shtni yoki choyga soladigan bir dona qandni ham ukasi yo oyisiga ilinadi. Alisher esa, aksincha, olg‘ir, ukasining og‘zidagini ham uzib yeb ketaveradi. Ayniqsa, Zulfiya o‘zidan kichik singlisi Zulfizar sariq bo‘lib o‘lgandan buyon ma’yus bo‘lib qolgan.
— Bolangiz juda kamqon ekan, shuning uchun kasal og‘ir kechyapti. Unga tuxum, meva, sut-qatiq kabi oqsilga boy ovqatlardan ko‘proq berib turish kerak, hademay tuzalib ketadi, — deyishdi vrachlar. Zulfizar tuzalib ketmadi…
Xayriniso xola oilaning hukmdori. Gurgutdan tortib tuzgacha uning ixtiyorida. Hukmfarmonlik hissi uning qonida bor. Otasi qishloqning katta boylaridan bo‘lib, keyinchalik barcha mol-mulki kolxozga o‘tkazilib, o‘zi quloq qilingan ekan. Katta o‘g‘li cho‘lga ko‘chib ketgan. Qizini qo‘shni qishloqqa uzatgan. Hozir kichik o‘g‘li Islom bilan birga turadi.
Yoshligida otasiz o‘sgan islomning omadi yurishmadi. Uning ajoyib sehrli ovozi bor edi. Bir mahallar teatr va rassomlik institutiga ham hujjat topshirgan. Onasining yiqqan-tergan 200 so‘m puli birinchi imtihonni topshirguncha zo‘rg‘a yetdi. U birinchi imtihondan “4” baho olgan bo‘lsa ham keyingi imtihonlarga bormadi. Bu yog‘iga toshkentdek shahri azimda o‘qib, yashab ketishga ko‘zi yetmadi. So‘ng o‘zi o‘qigan maktabning go‘zali Mohporaga uylandi. Ketma-ket farzandlar tug‘ildi. She’rlar yozib yuradigan Mohporadan hozir “M” harfi ham qolmagan. Yuzlarini dog‘ bosgan, rangi zaxil, novdadek nozik bir juvonga aylangan.
Separator hamon g‘irillab, Xayriniso xolaning yelkasi tinmay silkinar edi. Shu payt darvozadan qo‘liga bir litrli banka ushlagan xushro‘ygina qiz kirib keldi. Xayriniso bilan so‘rashgach:
— Oyim manovi pulga qaymoq olib chiqqin, dedilar, — deya 5 so‘mlik pulni uzatdi. Xola qizning qo‘lidagi shisha bankani chaqqon oldi va uydan xuddi shunday bankada to‘la qaymoq olib chiqdi.
— Hay, pulni qo‘yavermaysanmi, bolam. Tirikchilik-tirikchilik deb shuni aytarkanlar-da. Bolalarning og‘zidan uzib shu qaymoqni bir hafta yig‘dim.
— Yo‘q, xolajon, oling, mol boqib siigir sog‘ish oson ekanmi.
— Xayriniso qizni endi kuzatib turgan edi, velosipedni yetaklab, kir-chang va qoramoyga belangan Islom kelib qoldi
— Xorma, o‘g‘lim. Yaxshi kelib qolding. Choyingni ichgin, manovi 5 so‘m pulga bir kilo go‘sht olib kelasan.
— Pulni qayerdan oldingiz? – Uyda bir tiyin ham pul qolmaganini u yaxshi bilardi. Yaqinda Mohporaning bolasiga chiqqan 35 so‘m nafaqa puliga bir qop un va alisherga maktabga sport forma olgan dilar.
— Anovi muallim ruxsoraning qizi qaymoqqa chiqqan ekan.
— Eh, onajon, nega qaymoq sotasiz-a? O‘sha qaymoqni maosh chiqquncha piyova-siyova qilib tursangiz bo‘lardi-ku.
— Nima qilay, bolam, bu kolxoz o‘sha 30-40 so‘m maoshni ham o‘z vaqtida bera qolsa ekan. Meni-ku qo‘yaver, manovi go‘daklaringning ham bir tishlam go‘shtga yuragi eziladi.
Kechga tomon qo‘lida go‘sht, og‘zida kulgi bilan Islom ishdan keldi. Mohpora erining qo‘lidan go‘shtni olib, qon seli yuqqan qog‘ozdan ajrata boshladi. Go‘shtning byuir qismi paydan iborat tizza suyagidan, bir qismi bez aralash yog‘, qolgan bir parchasigina talig‘ mol go‘shti edi.
— Bugun muborak qo‘lingiz bilan bir palov damlangiz-da, pari! – Mohpora eriga yon qarab, dog‘ ostida qolib ketgan kulgichlarini ko‘rsatib kulib qo‘ydi.
Narigi uydan Xayriniso xola chiqdi.
— Go‘shtdan ozgina olib qo‘ying, kelin. Ertaga manti tugib bersangiz, Mehriniso xolangiz anchadan buyon bannisada, bir rov ko‘rib kelaman. Suyak-salag‘ini ajratib qo‘ysangiz, bir-ikki kun sho‘rva pishirib berasiz, harna mazasi chiqadi.
Mohpora garang bo‘lib qoldi: bir shapaloq go‘shtdan palov bo‘ladimi, mantimi yoki sho‘rva..
Dasturxon ustida kichkina go‘sht bilan palov keldi. Dasturxon atrofida o‘tirgan kichkinalarning ikki ko‘zi lagan o‘rtasidagi go‘shtda edi. Hatto dadasining orqasida toy-toy turgan Jahongir ham ikki dona gurunch tishini ko‘rsatib iljayar va “jish-sha, jish-sha!” deya chapak chalar edi.
Islom go‘shtni olib mayda-mayda bo‘lakchalarga bo‘ldi. Va palov ustiga bosdi.
— Bismilohu rahmonu rahim, qani bolalar palovga qaranglar, — deya birinchi bo‘lib buvi qo‘l cho‘zdi.
Alisherning qo‘li tez-tez lagan o‘rtasidagi go‘shtga yugurar edi.
— Beodob bo‘lma, Alisher! – tartibga chaqirdi Mohpora.
Laganga ikki-uch marta qo‘llar borib-kelgach, palov ustida qorayib turgan narsaning changi chiqdi. Islom bilan Mohpora bir tishlam go‘sht yemadilar hisob. Islom qo‘liga tushgan go‘shtni Xayritniso xolaning oldiga tashlar, Mohpora esa kichkina Jahongirga berar edi.
Ertasiga tushlikda Islom traktorchilar bilan choy ichmay, uyga yo‘l oldi. Moxpora Mehriniso xolaga atab manti tugayotgan edi. Islom qo‘lini yuvdi. Mohpora bir dona atirgul nusxasi tikilgan plopukli sochiq olib chiqdi. Shu payt allanarsalar deya shang‘illab qo‘shnilari Salomat yanga chiqib qoldi. Yanga bir qo‘lida kallasi uzilib, patining yarmi yulingan chipor tovuqning oyog‘idan ushlab olgan. Bir qo‘li bilan esa alisherning qo‘lidan mahkam ushlab surgalab kelardi.
— Ko‘rdingizmi, bu zumrashanni?! Tovug‘imni so‘yib, jo‘xoripoyaning ichida patini yulayotgan ekan, ushlab oldim. Har kuni tuxum qiladigan zotdor tovuq edi. Shuning to‘rtta tuxumi yetimchalarimga bir mahal ovqat bo‘lardi…
Salomat yanganing eri Saydamat go‘l juda yuvosh odam edi. Bir mavsumda brigadir uni defoliatsiya qilayotgan samolyotlarga yo‘l ko‘rsatibpaykal chetida turishga qo‘ygan ekan.
— Biz ham bayroqdor bo‘lib ketdik, hukumatning qizil bayrog‘ini ko‘tarib turibmiz, — deya maqtanib yurdi. Lekin qishga borib laxta-laxta qon tashlab o‘ldi. Aytishlaricha, jigari irib ketgan emish. Salomat yanga to‘rtta mayda bola bilan qolgan.
Islom qo‘lida sochiq bilan taxta bo‘lib qoldi. O‘zi umrida chumchuq ham so‘ymagan. To‘qqiz yoshdan endi o‘tgan alisherning tovuq qanotlarini bosib turib bo‘yniga pichoq tortishini tasavvur qilib, seskanib ketdi. Asta-asta borib, bolaning iyagidan ushladi.
— Nima qilding, dayus?!
Bola ko‘zlaridan qop-qora uchqunlar sachratib dadasiga qarab turar, hatto kiprik ham qoqmasdi.
— Nima qilding deyapman, senga? Seni o‘g‘ri bo‘lsin, jallod bo‘lsin deb ismingni Alisher qo‘yibmidim!!!
Shunday deya bolaning og‘zi-burni aralash shapaloq tortib yubordi. Alisherning burnidan sharillab qon oqa ketdi. U bir qalqib ketdi, lekin yig‘lamadi. Qonni ko‘rib Mohpora hushiga yondi:
— Urmang, dadasi, endi qilmaydi
— Og‘zingni yum, qanjiq!
“Qanjiq” degan so‘z Mohporaning ko‘ksiga g‘arch etib sanchildi. Islomning bolani yana urmoqqa ko‘tarilgan qo‘llari osildi.
— Urmang, deyapman sizga! Balki yegisi kelgandir, bir tishlam go‘shtga yuraklari ezilgandir. Yoki siz uyga kilo-kilo go‘sht ko‘tarib kelyapsizmi? Och bachchag‘ardan qoch bachchag‘ar deganlar. Ey xudo, shu bolalarni uvol qilmay, tirnoqqa zorlarga bersang bo‘lmasmidi-i-i.
Mohpora oxirgi “i-i” tovushini tishini bosib turib qaqshib aytdi va dog‘ bosgan yuzlariga shashqator yoshlar oqib tusha boshladi. Islom uning yuziga qattiq qaradi. Hozirginga qulog‘i ostida jaranglagan so‘zlar mohiyatini anglay boshladi. Angladi-yu hali “qanjiq” degan so‘z yubilan Mohporaning qalbiga sanchilgan o‘tmas pichoq endi uning yuragiga sanchildi. Sochildi-yu kqksini sangillab og‘rita boshladi. U allanarsani olmoqchi bo‘lgandek chap ko‘kragini siypaladi va o‘tirib qoldi…
MЕNING HAYOT DO‘STIM
U juda mag‘rur va chapaniroq. Maktabda birov menga “g‘iring” desa, ko‘ylagi uzilib tushuguncha mushtlashar edi. Agar urishib qolsak, u sira birinchi bo‘lib gapirmaydi, shuning uchun ham aslo urishmaymiz. U sira menga ko‘ylaklik uchun mato olib kelmagan, to‘g‘rirog‘i qanaqa mato ko‘ylak bo‘lishini bilmaydi. Yaxshisi pulini o‘zimga beradi, men o‘zimga yoqqan narsani sotib olaman.
Unga ayni qishchog‘i qulupnay yegim keldi, desam, Toshkentdan bo‘lsa ham topib keladi. Men qo‘ziqorinlarni yaxshi ko‘raman. U menga har doim terakzordan qo‘ziqorin terib keladi. U hech qanday ovqatni pishirishni bilmaydi. Hatto men yo‘g‘imda choy qaynatsa ham esidan chiqib, choynakdagi suv qurib qoladi. Hech qachon sigariye qoldiqlarini tokchaga yoki xontaxtaga qo‘ymaydi. Kuldonni ham ko‘zdan yiroqroq joyga qo‘yadi.
U hech qachon menga bayramlarda gul sovg‘a qilmagan, tug‘ruqxonaga ham gul olib bormagan. Lekin bir kuni… Haydovchi bo‘lgani uchun uzoq safarga ketdi. Qish chiqqan bo‘lsa ham ancha sovuq edi. Sahar payti yuzimga baxmaldek mayin narsaning sharpasi tegdi. Ko‘zimni ochib dastavval allaqanday qirmizi ranglarni ilg‘adim. U tog‘dan bir quchoq lola olib kelib, yostig‘im ustini to‘ldirib qo‘ygan ekan.
Ertasiga lolalarni maktabga – ish joyimga olib bordim. Bir zumda butun maktab “lolazor”ga aylandi. Sinfxonalar peshtoqida lola… qizaloqlarning sochida, yigitlarning bamog‘i orasida lola… keksa domlalarning ko‘krak cho‘ntagida lola.. farroosh xolaning qulog‘ida lola…
U men nima aytsam hammaasini bajaraveradigan erkak emas. Agar biror gap aytsam, unga ma’qul bo‘lsagina qiladi. U yolg‘onni va soxtalikni yoqtirmaydi. Qisqassi u insofli va diyonatli inson. Menga shuning o‘zi yetadi.
Manba: “Qalb sadosi” gazetasi, 2003 yil 21 may № 9-10