Уят ҳисси… Бу ғоятда ноёб туйғу. Агар у бу қадар камёб бўлмаганида нима бўларди? Олам гулистон бўларди!..
Алишер НАЗАР
ЎЗИНГИЗДАН УЯЛАСИЗМИ?
Уят ҳисси… Бу ғоятда ноёб туйғу. Агар у бу қадар камёб бўлмаганида нима бўларди? Олам гулистон бўларди! Мисол учун, Ватан ҳақида шеър ясаб ўтирган шоир қоғоздаги тизмаларига қараб қизариб кетарди. Сохта сатрлари қошида хижолат бўларди. Ватан ҳақида шунчаки ёзиб бўлмаслигини, бу сўзнинг залворини ҳар қандай елка ҳам кўтаролмаслигини ҳис қиларди. Бу муборак калом қаршисидаги масъулиятдан қўрқиб, ёзув столидаги нимарсаларини ғижимларди-да, бурчакка улоқтирарди. Эртаси куни эса “Танланма” тўпламингизда Ватан ҳақида шеър йўқ экан, ёзиб келинг”, деган ноширдан қўлёзмасини қайтариб оларди.
Анча йиллар бурун бир ижодкор аканинг номи унвон олувчилар рўйхатига тиркалди. Шўрликнинг илинжи умидга, умиди ишончга айланиб, унвон шарпасини бедор бўлиб кутди. Не ҳасратки, рўйхат катта идоралар эшигидан қайтиб чиққач, инфаркт бўлди-қолди. Чунки унинг номи “олувчилар” рўйхатидан тушиб қолган экан. Бир оз кўнгилчан ҳамкасблари бечорага ачинишди. Аммо бу соддалар билмасдики, унга унвон берсалар ҳам шу дардга гирифтор бўларди. Чунки бу дард ўлгур ҳаддан ташқари қувончда ҳам зоҳир бўлади-да.
Аслида у жуда яхши одам эди. Эшитяпсизми, бор-йўғи яхши одам эди, холос. Лекин ҳар бир яхши одамга мукофот бериб бўлмайди-ку! У буни тушунмасди. Чунки у кишида ҳам ўзидан, ўз ижодидан уялиш ҳисси андак камёб эди. У ўзини салкам даҳо ижодкорлар қаторига қўярди. Тўғрироғи, унда шундай оламшумул даъволар пайдо бўлишига баъзи бир уятсиз …шунослар сабабчи эди. Қуюққина зиёфат устида ёзилган “тақриз”лар, “сўзбоши”лар уни шу куйга солиб қўйганди.
Ўзидан уялиш ҳисси шунинг учун ҳам лозимки, инсонда бирор нарсани “меники” дейишдан аввал бунга маънавий ҳаққим борми, деган андиша юзага чиқади. Уялиш туйғуси инсонни бедор қилиб қўяди. Бу кечинманинг қудрати шундаки, агар у зоҳир бўлса, юмшоққина курсида “йўқ”ни “бор” қилиб имзо чекаётган амалдорнинг ҳам қўллари қалтираб кетади. “Ўл-е, – дейди унга ички бир овоз, – қачонгача халқнинг нонини “туя” қиласан? Бир куни ҳамма нарсанинг жавоби борлигини билмайсанми?” Аввалига у буни эшитмасликка олади. Қўлига қоғоз-қаламни олиб нималарнингдир режасини тузгиси келади. Даҳолар мисол бир нуқтага тикилиб, чуқур-чуқур ўйга ботмоқчи бўлади. Аммо начора, юксалмаган одам теранлашолмайди. У энди ўзини чалғитмоқ илинжида атайин трубкани олиб кимларгадир дағдаға қилади. Кимларнидир топшириқни бажармагани учун койиб беради. Шу билан виждонига сув сепмоқчи бўлади. Лекин кошки бу “сув” ичкаридаги “ўт”ни ўчирса. Вақт ўтган сари ички овоз баланд пардаларда жаранглай бошлайди. Натижада бу амалдор нима қилади, биласизми? “Менинг бу лавозимда ўтиришга маънавий ҳаққим йўқ” дейди. Қўлига кишан солиб, олиб чиқиб кетмасдан бурун тинчгина ўзи чиқиб кетади.
Ўзидан уялиш ҳисси инсонни ўз-ўзига ҳисобот беришга мажбур қилади. Кечқурун кўк чойни ичиб, мия бир оз ором олгач, чеккароққа ўтиб колхознинг бухгалтеридай ўзингизни ҳисоб-китоб қилишга тушасиз. “Қирқ йиллик қадрдон эди-я”, “Билиб қолса нима бўлади?”, “Бу ҳам майли, манави арзимас пул учун шунча ёлғон ишлатиш шартмиди? Буниси-чи?” Кўрпани жаҳл билан ғижимлаб, бошингизга буркаб оласиз. Қани энди бу бош кўрпанинг ичида тинчий қолса. Қийналасиз. Эрталабгача «бурга» талаб чиқади. Бироқ начора, бошни ташлаб кетиб бўлмаса!
Лекин сиз англадингизми-йўқми, барибир бахтлисиз. Сизга бу изтироблар муборак бўлсин! Ахир қийналмай ўтиб кетсангиз нима бўларди?
Бир нотаниш йигит билан узоқ сафарга чиққандик. Қайсидир манзилда у-бу олиш учун муҳташам бир магазинга кирдик. Қайтиб чиққач, ҳамроҳим қўлидаги қимматбаҳо конфетни кўрсатиб: “Қанча туришини биласизми?” деди. “Биламан, бу жуда қиммат” дедим. “Кассирнинг ёнига борсам, пул олиш ўрнига қайтимини олинг деб яна шунча пул бериб юборди. Ўзиям Худо берди-да, ака”, деди оғзи қулоғида.
Ўзини ўзи ҳисоб-китоб қилаётган одам, сиз менинг ўша нотаниш ҳамроҳим ўрнида бўлиб қолсангизу, сизга ҳам шунақа қилиб Худо “бериб” турса нима бўларди? Шунисига шукур қилмайсизми? Шукур қиласиз, чунки ўзидан уялиш ҳисси инсонга шукр қилиш неъматини беради.
Ўзидан уялиш ҳисси, инсоннинг сўзи билан амалини уйғунлаштиради. Ўзидан уяладиган одам, сўзидан ҳам уялади. Ўзи амал қилмаган сўзларни айтишдан қўрқади. Чунки бундай сўзлар унинг юзига бир неча марта тарсаки тортиб юборган. У шундан қўрқади.
Бир пайтлар Пайғамбар алайҳиссалом ҳам умматларига шундай панд этган эканлар: “Одамлар орасида аввалги пайғамбарлардан сақланиб қолган бир гап шуки: агар уялмасанг, хоҳлаган ишингни қил!” Аслида Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган пайғамбарларнинг деярли барча кўрсатмалари маънодан узилган эди. Лекин инсондаги уят, ҳаё мангу ўчириб бўлмайдиган мерослар ичида қолди.
Бизнинг миллий фожиаларимиз ҳам айнан СЎЗ билан АМАЛ икки қутбга ажралиб қолган замонлардан бошланган. Агар тарихга диққат қилинса, бугунги илм-фан тараққиётининг пойдевори ер юзига Ислом таълимоти келганидан кейин беш аср ичида барқарор бўлди. Не саодатки, бу тараққиётнинг илк ғиштларини қўйганлар бизнинг буюк боболаримиз эди. Шу заминдан чиққан улуғ зотлар дунё аҳлига муаллим бўлдилар. Аммо вақт ўтган сари жамиятда сўз билан амал ўртасида тафовут пайдо бўла бошлади. Одамлар дину диёнатдан узоқлашиб, эзгулик ҳақидаги даъватлар уларнинг бўғизларидан нарига ўтмай қолди. Амал йўқолди, ҳалоллик сўзда қолди, холос. Ҳазрат Бобур “Бобурнома”да 1393-1394 йиллар кечмиши ҳақида ёзар экан, Самарқанддек мўътабар шаҳарнинг маънавий аҳволини тасвирлайди ва лаънатлар айтади. Бу даврга келиб одамлар ўспирин болаларини ҳатто кўчага чиқаришга ҳам қўрқиб қоладилар. Чунки беклар ва бекзодалар иймонли инсон тилга олишга ҳам ҳазар қиладиган ахлоқсизликларга шўнғиб кетган эдилар. Эл-юрт, дин ва мамлакат тақдири ҳеч кимни қизиқтирмай қўйганди. Сабаби, жамиятда сўз билан амал бирлиги йўқолиб қолган эди. Натижада жаҳолат бошланди.
Ўзидан уялиш ҳисси инсон кўнглида қарор топса, у аста-секин ижтимоийлашиб боради. У бир куни шундай улканлашадики, энди бу одам ўзини Миллат ва Ватан олдида ҳам масъулиятлиман деб билади. Мана шу масъулият – миллатнинг саодати, Ватаннинг шаъни-шавкатидир. Қайсики миллат хор бўлган бўлса, мана шу масъулият эсдан чиққан замонларда бўлган.
Бизнинг ўтган асрлардаги фожиаларимиздан яна бири мана шу масъулиятсизлик эди. Қўқон хони Худоёрхон Хўжанд орқали Тошкентга қочиб кетаётганда олтин, кумуш, лаъл, жавоҳирлар тўла сандиқлари бир карвон бўлди. Хон ўзи билан халқнинг ор-номуси, эрки ва эртанги кунини ҳам сандиққа жойлаб кетаётганди. Бухоро амири тахтдан кетаётганда хазинасида 34 номдаги минглаб қимматбаҳо буюмлар рўйхатга олинган. Уларнинг умумий қиймати миллион-миллонларни ташкил этарди. Рўйхатга олинмаган бойликлар ҳам сонсиз-саноқсиз эди. Афсуски, улар вақтида чор тарафда бўридек пайт пойлаётган душманни кўролмадилар. Халқнинг пешона терини сандиққа жойлаб, хазинанинг устида илондек кулча бўлиб ётиб олдилар. Натижада жафокаш халқ бу масъулиятсизлик аламини асрлар бўйи чекиб яшади.
Бугун дунёнинг мана ман деган муҳташам музейларини бизнинг маданий бойликларимиз безаб турибди. Агар биз уларнинг бари талаб кетилган деб хулоса қилсак, адашамиз. Бу бебаҳо бойликларнинг кўпчилиги XIX асрнинг иккинчи ярми, XX аср бошларида Бухоро амирзодалари, беклари томонидан қиморга тикиб юборилган. Ажнабий савдогарлар уларни алдаб қиморда ютиб олишган. Юзлаб нодир қўлёзмалар, қимматбаҳо китоблар ва бошқа осори-атиқалар ким ошди савдосига чиқарилган. Миллатнинг қалби ҳисобланган бу бойликлар олдида бирор кимса зиғирча масъулият туймаган.
Бу тарздаги маънавий тушкунликдан қайғуга тушган Фитрат ёзади: «Эй улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Нечук кунларга қолдинг? Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларин ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун…» Аммо Фитрат ҳазратлари бу саволларнинг жавобини ўзлари жуда яхши биларди. Фитрат билан ҳаммаслак бўлган Вадуд Маҳмуд «Туркистон» газетасининг 1923 йил 24 декабр сонида юртнинг маънавий-маърифий қиёфасига назар ташлар экан: “Бўза, май ва умуман кайф берадурғон ичкиликларининг зарарли бўлиши тўғрисида сўзлаб ўлтириш ортиқчадир… Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқлариға ёйилғон. Ҳатто баъзи бир зиёлилар ва хотинлариға ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам «расман» ичишмакка бошлағонлар”, деб ёзади.
Дарвоқе, тарих бизга ибратлари билан қадрли. Шунинг учун ҳам мулоҳазаларимизда кечмиш кунларимизга бирров назар ташладик. Бу билан бировга маломат қилмоқчи эмасмиз. Зеро, ҳазратим айтганларидек: “Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидир”. Қозилик қилмоқ бизга тан эмас. Бизнинг таъмаимиз ХУЛОСА чиқармоқдир.
Ва ниҳоят, ўз-ўзидан уялиш шунинг учун ҳам лозимки, киши бу ҳиссиёт қаршисида ўз аксини кўриб туради. Бу “кўзгу” шафқатсиздир…
Манба: www. uza.uz
Uyat hissi… Bu g‘oyatda noyob tuyg‘u. Agar u bu qadar kamyob bo‘lmaganida nima bo‘lardi? Olam guliston bo‘lardi!..
Alisher NAZAR
O‘ZINGIZDAN UYALASIZMI?
Uyat hissi… Bu g‘oyatda noyob tuyg‘u. Agar u bu qadar kamyob bo‘lmaganida nima bo‘lardi? Olam guliston bo‘lardi! Misol uchun, Vatan haqida she’r yasab o‘tirgan shoir qog‘ozdagi tizmalariga qarab qizarib ketardi. Soxta satrlari qoshida xijolat bo‘lardi. Vatan haqida shunchaki yozib bo‘lmasligini, bu so‘zning zalvorini har qanday yelka ham ko‘tarolmasligini his qilardi. Bu muborak kalom qarshisidagi mas’uliyatdan qo‘rqib, yozuv stolidagi nimarsalarini g‘ijimlardi-da, burchakka uloqtirardi. Ertasi kuni esa “Tanlanma” to‘plamingizda Vatan haqida she’r yo‘q ekan, yozib keling”, degan noshirdan qo‘lyozmasini qaytarib olardi.
Ancha yillar burun bir ijodkor akaning nomi unvon oluvchilar ro‘yxatiga tirkaldi. Sho‘rlikning ilinji umidga, umidi ishonchga aylanib, unvon sharpasini bedor bo‘lib kutdi. Ne hasratki, ro‘yxat katta idoralar eshigidan qaytib chiqqach, infarkt bo‘ldi-qoldi. Chunki uning nomi “oluvchilar” ro‘yxatidan tushib qolgan ekan. Bir oz ko‘ngilchan hamkasblari bechoraga achinishdi. Ammo bu soddalar bilmasdiki, unga unvon bersalar ham shu dardga giriftor bo‘lardi. Chunki bu dard o‘lgur haddan tashqari quvonchda ham zohir bo‘ladi-da.
Aslida u juda yaxshi odam edi. Eshityapsizmi, bor-yo‘g‘i yaxshi odam edi, xolos. Lekin har bir yaxshi odamga mukofot berib bo‘lmaydi-ku! U buni tushunmasdi. Chunki u kishida ham o‘zidan, o‘z ijodidan uyalish hissi andak kamyob edi. U o‘zini salkam daho ijodkorlar qatoriga qo‘yardi. To‘g‘rirog‘i, unda shunday olamshumul da’volar paydo bo‘lishiga ba’zi bir uyatsiz …shunoslar sababchi edi. Quyuqqina ziyofat ustida yozilgan “taqriz”lar, “so‘zboshi”lar uni shu kuyga solib qo‘ygandi.
O‘zidan uyalish hissi shuning uchun ham lozimki, insonda biror narsani “meniki” deyishdan avval bunga ma’naviy haqqim bormi, degan andisha yuzaga chiqadi. Uyalish tuyg‘usi insonni bedor qilib qo‘yadi. Bu kechinmaning qudrati shundaki, agar u zohir bo‘lsa, yumshoqqina kursida “yo‘q”ni “bor” qilib imzo chekayotgan amaldorning ham qo‘llari qaltirab ketadi. “O‘l-ye, – deydi unga ichki bir ovoz, – qachongacha xalqning nonini “tuya” qilasan? Bir kuni hamma narsaning javobi borligini bilmaysanmi?” Avvaliga u buni eshitmaslikka oladi. Qo‘liga qog‘oz-qalamni olib nimalarningdir rejasini tuzgisi keladi. Daholar misol bir nuqtaga tikilib, chuqur-chuqur o‘yga botmoqchi bo‘ladi. Ammo nachora, yuksalmagan odam teranlasholmaydi. U endi o‘zini chalg‘itmoq ilinjida atayin trubkani olib kimlargadir dag‘dag‘a qiladi. Kimlarnidir topshiriqni bajarmagani uchun koyib beradi. Shu bilan vijdoniga suv sepmoqchi bo‘ladi. Lekin koshki bu “suv” ichkaridagi “o‘t”ni o‘chirsa. Vaqt o‘tgan sari ichki ovoz baland pardalarda jaranglay boshlaydi. Natijada bu amaldor nima qiladi, bilasizmi? “Mening bu lavozimda o‘tirishga ma’naviy haqqim yo‘q” deydi. Qo‘liga kishan solib, olib chiqib ketmasdan burun tinchgina o‘zi chiqib ketadi.
O‘zidan uyalish hissi insonni o‘z-o‘ziga hisobot berishga majbur qiladi. Kechqurun ko‘k choyni ichib, miya bir oz orom olgach, chekkaroqqa o‘tib kolxozning buxgalteriday o‘zingizni hisob-kitob qilishga tushasiz. “Qirq yillik qadrdon edi-ya”, “Bilib qolsa nima bo‘ladi?”, “Bu ham mayli, manavi arzimas pul uchun shuncha yolg‘on ishlatish shartmidi? Bunisi-chi?” Ko‘rpani jahl bilan g‘ijimlab, boshingizga burkab olasiz. Qani endi bu bosh ko‘rpaning ichida tinchiy qolsa. Qiynalasiz. Ertalabgacha “burga” talab chiqadi. Biroq nachora, boshni tashlab ketib bo‘lmasa!
Lekin siz angladingizmi-yo‘qmi, baribir baxtlisiz. Sizga bu iztiroblar muborak bo‘lsin! Axir qiynalmay o‘tib ketsangiz nima bo‘lardi?
Bir notanish yigit bilan uzoq safarga chiqqandik. Qaysidir manzilda u-bu olish uchun muhtasham bir magazinga kirdik. Qaytib chiqqach, hamrohim qo‘lidagi qimmatbaho konfetni ko‘rsatib: “Qancha turishini bilasizmi?” dedi. “Bilaman, bu juda qimmat” dedim. “Kassirning yoniga borsam, pul olish o‘rniga qaytimini oling deb yana shuncha pul berib yubordi. O‘ziyam Xudo berdi-da, aka”, dedi og‘zi qulog‘ida.
O‘zini o‘zi hisob-kitob qilayotgan odam, siz mening o‘sha notanish hamrohim o‘rnida bo‘lib qolsangizu, sizga ham shunaqa qilib Xudo “berib” tursa nima bo‘lardi? Shunisiga shukur qilmaysizmi? Shukur qilasiz, chunki o‘zidan uyalish hissi insonga shukr qilish ne’matini beradi.
O‘zidan uyalish hissi, insonning so‘zi bilan amalini uyg‘unlashtiradi. O‘zidan uyaladigan odam, so‘zidan ham uyaladi. O‘zi amal qilmagan so‘zlarni aytishdan qo‘rqadi. Chunki bunday so‘zlar uning yuziga bir necha marta tarsaki tortib yuborgan. U shundan qo‘rqadi.
Bir paytlar Payg‘ambar alayhissalom ham ummatlariga shunday pand etgan ekanlar: “Odamlar orasida avvalgi payg‘ambarlardan saqlanib qolgan bir gap shuki: agar uyalmasang, xohlagan ishingni qil!” Aslida Muhammad alayhissalomgacha o‘tgan payg‘ambarlarning deyarli barcha ko‘rsatmalari ma’nodan uzilgan edi. Lekin insondagi uyat, hayo mangu o‘chirib bo‘lmaydigan meroslar ichida qoldi.
Bizning milliy fojialarimiz ham aynan SO‘Z bilan AMAL ikki qutbga ajralib qolgan zamonlardan boshlangan. Agar tarixga diqqat qilinsa, bugungi ilm-fan taraqqiyotining poydevori yer yuziga Islom ta’limoti kelganidan keyin besh asr ichida barqaror bo‘ldi. Ne saodatki, bu taraqqiyotning ilk g‘ishtlarini qo‘yganlar bizning buyuk bobolarimiz edi. Shu zamindan chiqqan ulug‘ zotlar dunyo ahliga muallim bo‘ldilar. Ammo vaqt o‘tgan sari jamiyatda so‘z bilan amal o‘rtasida tafovut paydo bo‘la boshladi. Odamlar dinu diyonatdan uzoqlashib, ezgulik haqidagi da’vatlar ularning bo‘g‘izlaridan nariga o‘tmay qoldi. Amal yo‘qoldi, halollik so‘zda qoldi, xolos. Hazrat Bobur “Boburnoma”da 1393-1394 yillar kechmishi haqida yozar ekan, Samarqanddek mo‘tabar shaharning ma’naviy ahvolini tasvirlaydi va la’natlar aytadi. Bu davrga kelib odamlar o‘spirin bolalarini hatto ko‘chaga chiqarishga ham qo‘rqib qoladilar. Chunki beklar va bekzodalar iymonli inson tilga olishga ham hazar qiladigan axloqsizliklarga sho‘ng‘ib ketgan edilar. El-yurt, din va mamlakat taqdiri hech kimni qiziqtirmay qo‘ygandi. Sababi, jamiyatda so‘z bilan amal birligi yo‘qolib qolgan edi. Natijada jaholat boshlandi.
O‘zidan uyalish hissi inson ko‘nglida qaror topsa, u asta-sekin ijtimoiylashib boradi. U bir kuni shunday ulkanlashadiki, endi bu odam o‘zini Millat va Vatan oldida ham mas’uliyatliman deb biladi. Mana shu mas’uliyat – millatning saodati, Vatanning sha’ni-shavkatidir. Qaysiki millat xor bo‘lgan bo‘lsa, mana shu mas’uliyat esdan chiqqan zamonlarda bo‘lgan.
Bizning o‘tgan asrlardagi fojialarimizdan yana biri mana shu mas’uliyatsizlik edi. Qo‘qon xoni Xudoyorxon Xo‘jand orqali Toshkentga qochib ketayotganda oltin, kumush, la’l, javohirlar to‘la sandiqlari bir karvon bo‘ldi. Xon o‘zi bilan xalqning or-nomusi, erki va ertangi kunini ham sandiqqa joylab ketayotgandi. Buxoro amiri taxtdan ketayotganda xazinasida 34 nomdagi minglab qimmatbaho buyumlar ro‘yxatga olingan. Ularning umumiy qiymati million-millonlarni tashkil etardi. Ro‘yxatga olinmagan boyliklar ham sonsiz-sanoqsiz edi. Afsuski, ular vaqtida chor tarafda bo‘ridek payt poylayotgan dushmanni ko‘rolmadilar. Xalqning peshona terini sandiqqa joylab, xazinaning ustida ilondek kulcha bo‘lib yotib oldilar. Natijada jafokash xalq bu mas’uliyatsizlik alamini asrlar bo‘yi chekib yashadi.
Bugun dunyoning mana man degan muhtasham muzeylarini bizning madaniy boyliklarimiz bezab turibdi. Agar biz ularning bari talab ketilgan deb xulosa qilsak, adashamiz. Bu bebaho boyliklarning ko‘pchiligi XIX asrning ikkinchi yarmi, XX asr boshlarida Buxoro amirzodalari, beklari tomonidan qimorga tikib yuborilgan. Ajnabiy savdogarlar ularni aldab qimorda yutib olishgan. Yuzlab nodir qo‘lyozmalar, qimmatbaho kitoblar va boshqa osori-atiqalar kim oshdi savdosiga chiqarilgan. Millatning qalbi hisoblangan bu boyliklar oldida biror kimsa zig‘ircha mas’uliyat tuymagan.
Bu tarzdagi ma’naviy tushkunlikdan qayg‘uga tushgan Fitrat yozadi: “Ey ulug‘ Turon, arslonlar o‘lkasi! Senga ne bo‘ldi? Nechuk kunlarga qolding? Yer yuzining bir necha polvonlari bo‘lgan botir turklaring qani? Nechun chekindilar? Nechun ketdilar? Kurash maydonlarin o‘zgalarga nechun qo‘ydilar? Nechun…” Ammo Fitrat hazratlari bu savollarning javobini o‘zlari juda yaxshi bilardi. Fitrat bilan hammaslak bo‘lgan Vadud Mahmud “Turkiston” gazetasining 1923 yil 24 dekabr sonida yurtning ma’naviy-ma’rifiy qiyofasiga nazar tashlar ekan: “Bo‘za, may va umuman kayf beradurg‘on ichkiliklarining zararli bo‘lishi to‘g‘risida so‘zlab o‘ltirish ortiqchadir… Bu narsa Turkistonning butun shahar va qishloqlarig‘a yoyilg‘on. Hatto ba’zi bir ziyolilar va xotinlarig‘a hurriyat tarafdori bo‘lg‘on kimsalar o‘z oilalari bilan ham «rasman” ichishmakka boshlag‘onlar», deb yozadi.
Darvoqe, tarix bizga ibratlari bilan qadrli. Shuning uchun ham mulohazalarimizda kechmish kunlarimizga birrov nazar tashladik. Bu bilan birovga malomat qilmoqchi emasmiz. Zero, hazratim aytganlaridek: “Har kimki jafo qilsa, jazo topqusidir”. Qozilik qilmoq bizga tan emas. Bizning ta’maimiz XULOSA chiqarmoqdir.
Va nihoyat, o‘z-o‘zidan uyalish shuning uchun ham lozimki, kishi bu hissiyot qarshisida o‘z aksini ko‘rib turadi. Bu “ko‘zgu” shafqatsizdir…
Manba: www. uza.uz